Bobo Ravshan. Ikki hikoya

Ashampoo_Snap_2017.09.18_23h07m55s_002_.png«Маърифат» газетасида ҳар мавсум якуни бўйича «Фаслнинг энг яхши ижодкори» ички танлов ўтказилади. Боборавшан Ғозиддиновнинг «Полвон» ҳикояси мазкур куни-кеча якунланган танловнинг «Ўқишли бадиий асар» номинациясида ғолиб бўлди. Доимий муаллифимиз бўлмиш Дилмурод Дўстнинг тавсияси билан ёш ижодкорнинг икки ҳикоясини тақдим этмоқдамиз.

Бобо РАВШАН
ИККИ ҲИКОЯ
06

15192740_121084525043348_1050638343259171580_n.jpgБобо Равшан (Ғозиддинов) 1985 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. 2004 йили шу тумандаги 37-мактабни тамомлаган. 2005 – 2011 йилларда Сурхондарё вилоятининг турли газеталарида жамоатчи мухбир, мухбир вазифаларида ишлаган. 2013 – 2014 йилларда «Карвон қўнғироғи» газетасида ва бир муддат «Зукколар даврасида», «Эко Олам» журналларида ишлаган. 2016 йилнинг март ойидан «Ҳордиқ плюс» газетасида фаолият юритмоқда. Ижодий машқлари бир қатор марказий нашрларда эълон қилинган.

06

ПОЛВОН

square_Кураш.jpgУстма-уст хитобу ҳайқириқлар ила дарёдай тўлғанаётган даврага Бойбўри полвон қадам қўйиши билан майдон сув сепгандай жим бўлди. Полвон бунга парво ҳам қилмай, манманлик нималигини билмай баковул қаршисига келиб ўтирди. Баковул белбоғини тортиб боғлади. Атрофга аланглаб Бойбўри полвонга муносиб рақиб излайди. Кураш тушиб полвон номини олган борки, одамларга паналаб, яратгандан нажот тилайди. Баковул кўзи билан полвонларни дидлаб, ўртага қўйилган совринни такрор эълон қилади. Буни эшитган томошабинлардан бирининг оғзидан сўлаги оқиб, кураш тушишни билмаганидан тутақиб, “Ана олиш энди бошланди”, дейди. Бунга жавобан бошқа бири, “Кураш тугади, денг! Полвоннинг ёқасидан оладиган одам ҳали онасидан туғилмаган”, деб унинг орзусини ўғирлаб, гапини тўғирлаб қўяди.

Неча замондан бери бўстонликлар полвон деганда фақат Бойбўри полвонни билади. Ўз тенги билан кураш тушиб, зот айириб юрганлар ҳам кўп. Лекин уларни номи билан атайди. Бундан қизилқояликларнинг алами келади. Сўнг ўзининг қишлоқдошини ҳам шундай алқаш ниятида кураш сўнгигача умид билан ўтиради. Аммо қизилқоялик полвон қанча даврада қўли баланд кўтарилган бўлмасин, Бойбўри полвонга дуч келса, тиззаси дириллаб, ўзини йўқотиб қўяди. Қишлоқдошлар умидини пуч қилади. Сўнг уларнинг олдида ўзини оқлаш учун кўнглидаги гапни рўй-рост айтади: “Уккағарди улига бекор Бойбўри деб от қўймаган. Кўзида бўриси бор, тикка қараб бўлмайди!”.

Бундан ҳамма ўзича хулоса чиқариб, Қизилқоя номига сабаб бўлган гиёҳ унмас қип-қизил қоятошдай тиллар танглайга тинимсиз ишқаланиб, қишлоққа ғийбат оралайди: “Полвон ўзини жодулаган, бўлмаса ҳеч замонда одамнинг кўзида бўри кўринадими?”. Бундай ўшаклар юриб-юриб аввал Бўстонга, сўнг Бойбўри полвоннинг қулоғигача етиб боради. У бу гапларни эшитиб, тебраниб-тебраниб кулади. Тағин чопонини елкага ташлаб, Қизилқояга йўл олади. У ерда ўзига яқин билган ошналарига: “Кўнглим тусаб бир келиб эдим”, деб даромад гаплардан гаплашиб, ғийбат ҳақида оғиз ҳам очмай уйига қайтади. Шу билан яна кураш мусобақаси бўлмагунча ўшакнинг оёғи кесилади.

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Полвонга тенг келадиган зўр йўқ, деган гап қизилқояликларнинг ҳамиятига тегди. Улардан бири беихтиёр: “Бойбўри полвон ўзини курашда кўрсатмаса, дунёга нимага келди? Бизнинг полвонлардай бор қувватини тўрт-беш улнинг тарбиясига бераётган бўлмаса? Бир этак қизни хотин киши ҳам ийбош қилади”, деб юборди.

Ай, биродар! Дунёйи дун шу жойга келганда бир камлигини кўрсатганди. Неки тўкислик бўлса, полвондан аямай, ўғил тирноққа қолганда оқсаганди бу кўҳна бешик. Беш қадам наридан янграган бу гап полвонга келиб етди… дунёси қорайиб кетди. У ғийбатчига бургут қараш қилди. Унинг кўзига тик қаролмаган шўрлик чордона қуриб ўтирган жойида тиззаси қалтирайверди. Титроқ тобора кучайиб, оёқлари қуш қанотидай пириллаб, учиб тушаверди. Икки ёнида ўтирган ҳамроҳлари унинг бутидан ерга босаверди. Тағин бунинг уддасидан чиқолмай икковиям унга қўшилиб қалтиллайверди. Бошқалар эса ўшакни ким айтганини билолмай анграйиб қолаверди.

Бу гап елкасига симдай ботган полвон даврани беш айланса ҳам ўн айланса ҳам биров юрак ютиб чиқолмади. Қизилқоянинг катта полвони: “Оёғимни қайириб олдим”, дея баҳона қилиб, ўтирган жойини ҳеч кимга бермади. Полвон ўзи билан ёқа олишадиган мард йўқлигидан ўкиниб, тобоқни текин олганидан куйиниб даврадан ташқарига чиқди. У одамлар ортида мунғайибгина турган қизини кўриб:

— Ҳа, — деди. — Сен бу ерда нима қиляпсан?

— Энам… — деди қизнинг овози титраб. — дўхтирга кетди. Момом айтди, хабар оларкансиз.

Еттинчи фарзандига бошқоронғи хотинининг туғруқхонага кетганини эшитиб, полвоннинг кўнгли бироз ёришди. Зум ўтмай шубҳаю гумонлар ин қилган юраги орқага тортиб кетди: “Қиз бўлмасин-да!”.

Бу шифохонадан олти қизни бағрига босиб олиб кетган полвонни яхши танийдиган дўхтирлар бирон марта ундан ёмон гап эшитмаган бўлса ҳам ўзларини айбдор санабми ёки полвоннинг юзига қарашга ойдини чидамайми, ҳартугул янги ишга келган хамширани Бойбўри полвонга рўбарў қилди. Ҳамшира кўрингач полвон ундан:

— Бизди кампирдан қандай дарак бор? — деб сўради.

— Қиз, — деди ҳамшира тили сўзга айланиб-айланмай. Полвонинг кўнгли қорайиб, дунёси торайиб кетди.

У бир қизига кейинги фарзандим ўғил бўлсин деган умидда Ўғилой, кейингисига Қизларбас деб исм қўйганди. Бундай исмлар сувга тушган тошдай ғойиб бўлиб қизлар туғилавергач, на умидни ва на исённи ифода этадиган исм қолмади.

Полвон бир муддат ўйга толди. Тақдирга тан берган бўлди. Сўнг: “Ўғилми-қизми бахти бутун бўлсин”, деган хаёлга борди ва каловланиб турган ҳамширага:

— Бахтигулнинг энасига айтинг, деразадан қарасин, — деди.

Ойдин хола ҳамширадан полвоннинг нима деганию, қай ҳолатда гапирганигача майдалаб сўради ва: “Бахтигулнинг энаси”, деган гапни эшитиб, таскин топди. Полвон қизига Бахтигул деб исм бергани боис юрак ютиб деразадан мўралади. Полвон аёлини кўриши билан дўпписини қўлга олди. Уйда баланд токчага қўйиб, эъзозланадиган бош кийимини тош йўлакка тапиллатиб ташлади. Бу Ойдин холанинг юрагини баттар ғашлади. Полвондан кўзини олиб қочиб, ер сингалади. Полвон учадиган қушдай қўлларини кенг ёйди. Шунча даврада манаман деган полвонларнинг ёқасидан олганида ҳам ҳаётнинг не бир синовлари елкасига тушганида ҳам қилт этмаган қўллари қалтиради. У бор дарду ҳасратини тўкиб ташламоқчи бўлгандай, қалтироқ босган қўлларини дуч келган томонга сермаб ўйнайверди. Кўзидан бетизгин ёш шовуллаб оқаверди. Бунга гувоҳ бўлган бандаси борки, селда қолгандай уст-боши шалаббо бўлди. Полвон пойидаги халқоб эса кўпайгандан кўпайиб дўпписи Нуҳ кемасидай сузиб, ариқ четидаги ажриққа тўш уриб тўхтади…

Бахтигул қиз туғуруқхонадан чиққан куни полвон икки яшар ҳўкизчани сўйиб элга улашди. “Еттинчи қизнинг оти — Бахтигул бўлди. Бир дуо берингизлар…”. Полвон гапини шундай мужмал қилиб якунлади давра аҳлига. Шу куни бутун бўстонликлар яратганга ёлвориб, полвонга ўғил тилади. Туғилган қизалоққа ҳам узоқ умр кўрсин деб дуо беришди. Одамлар полвоннинг бўғзидаги ютилмай турган нарсанинг номини билса-да, билмаганга олишди. “Ўзи авваллари ҳам етти қиздан сўнг ўғил туғилган. Бу элда бор нарса… ” дея кўриб келгандай бўлиб полвонга эшиттириб, аммо эшитмадига олиб гап-сўз қилишди. Шунда Бойбўрининг, етти фарзанднинг отаси, ўттиз саккиз яшар жўмарднинг кўкси кенгайди, дилига эзгуликдан шуъла тушди. Элдошларидан миннатдор бўлди. Ҳўкизчанинг ярим гўштини хомлайига, ярмини қозонга солиб пишир-куйдир қилиб элга тарқатди.

…Кўпнинг дуоси кўл, деган гап чин бўлди. Орадан икки йил ўтмай полвон Тиловмурод деган ўғилга ота бўлди. Тиловмурод етти опанинг орасида сояда унган ниҳолдай нозик бўлиб улғайди. У пана-панада тенг-тўшлари билан кураш тушса-да, тўрт одамнинг боши бириккан жойда даврага чиқмайди. Отасидан уялади. Йиқилсам қандай қилиб юзига қарайман, деб ўйлайди. Бу ҳам етмагандай бўз болалар ўртасида бўладиган на бир тўс-тўполонга қўшилади ва на бир чумчуққа тош отади. Бунинг ўрнига опалари билан тўпотар ўйнайди. Улар йўқ пайтлар онаси хамир тайёрлаб бўлгунча тандирга ўт қўйиб, ўчоқ бошида куймаланиб юради.

Тоқати тоқ бўлган полвон бир куни ўн олтидан ошиб, ўн еттига қадам қўйган Тиловмуроднинг қўлидан судраб курашга олиб борди. Ўғлини ёнига ўтирғизиб қўйди. Давранинг ҳавосини сезсин, полвонлар билан бирга нафас олсин, деди. Мана Тиловмурод жавдираб даврага қараяпти. Ўртада қизилқоянинг елкаси ер кўрмаган полвони айланиб, баковулнинг гапига кулиб-кулиб қўяди. Тожи бақироқ лақаби билан донғи кетган баковул овозига зўр беради:

— Ҳо-ой бўстонликлар, зотинг кетди — оринг кетди. Тўй эгаси кулиб қарагандай бўлди, тобоқ бир туя, ёли селкиллаган уч бия яна айтаверсам, Бойчибордай тулпорга етди-и-и…

Тегирмон навбати теккан қизилқояликлар ўтирган жойида сапчиб-сапчиб қўяди. Бўстонликлар ўз қишлоғида ер сингалаб уятдан қизариб, кўзларини бир-биридан олиб қочади. Лекин манман деган полвон ўртага отилиб чиқмайди. Туриб-туриб Бойбўри полвоннинг ори қўзиди. Ёши олтмишга қараб бораётган полвон сапчиб турмоқчи эди ўнгирининг босилганидан қайтиб, ўрнига ўтириб қолди. Полвон ёнидаги ҳамроҳларига қараб улгурмасидан Тиловмурод даст туриб:
— Мен! — деб даврага отилиб чиқди. Буни кўрган баковул нима қилишни билмай Бойбўри полвонга қаради. Қўрқув ва умид қоришган нигоҳ билан ўғлига тикилиб турган полвон нима бўлса бўлар дегандай қўлини дуога очиб:

— Ўртада тобоқ кетди, омин! — деди. Полвонга бутун давра жўр бўлди. Фақат даврада шермард бўлиб турган, замоннинг зўр полвони — қизилқоялик Тўра полвон алам билан баковулга хитоб қилди:

— Тожи бобо, одамнинг устидан кулмангизлар! Умрида давра кўрмаган бўз болани майиб қилиб қўяман-ку! Агар чини билан зотни бергингиз келмаса олаверинглар, лекин мен ёш бола билан олишмайман.

Давра Тўра полвоннинг бу талабини тинглаб тилини тишлади. Ёлғиз Тиловмурод бошини адл тутиб:

— Полвон ака, — деди. — Минг қилса ҳам элнинг дуосини олдик… — Тиловмурод гапини тугатолмади.

— Ундай бўлса ўзингдан ўпкала!

Тўра полвон давра айланиб, рақибининг билагидан тутди. Тиловмурод жуссасига яраша енгил ҳаракат билан балиқдай қўлдан чиқиб кетаверди. Тўртинчи айланишда Тўра полвоннинг аччиғи чиқиб, бор кучи билан ташланди. Тиловмурод тағин эпчиллик билан чап бериб, бир тиззасини ерга тираб, “Ё, ота!” деб қўшқўллаб полвонни осмондан олиб ташлади. Тўра полвоннинг оёғи бир парча қора булутга тегиб, уни тумандай тарқатиб юборди. Унга паналаб турган қуёш даврага кулиб қаради. Тўра полвоннинг кураги теккан жой ботқоққа ботган туянинг изидай бўлиб қолди.
Баковул келиб, Тиловмуродга тобоқни тутди. Олмади. Полвоннинг ўғли мардликда отасидан қолишмади.

Тўра полвоннинг ғужури қўзиди. Ўзини элнинг панасига олди. Аввал ютган қўзисини ҳам, бош тобоқни ҳам ташлаб, юрагини ғашлаб, қишлоғига қараб йўл бошлаб жўнайверди. Тиловмурод баковулнинг ёнига чўккалаб бир нималар деди. Отаси ҳам у ерга борди. Тожи бақироқ овоз бериб деди:

— Халойиқ! Сизларга Тиловмурод полвоннинг гардтайгина андишасини айтайин! Полвон совриннинг биронтасини ололмаслигини айтаётир. Совриннинг бариси Тўра полвоннинг обрўси учун, шул сабаб қўли калта элдошларимга тенг бўлиб, дуо берингизлар, деяпти.

…Шу куни қизилқояликлар биринчи бор полвонлар, ким зўр, ким камзўрлиги ҳақида эмас, полвонлик тўғрисида гурунглашиб уйига қайтди…

ЛАФЗ

Ой булутлар орасида хира шуълаланарди. Йўл ёқалаб тарвақайлаб кетган тут дарахтлари ҳар-ҳар замонда шовуллар, эсаётган шамол асфальтдаги хазонларни шитир-шитирлаб у ёқдан-бу ёққа учирарди. Узоқдан – қишлоқ томондан итларнинг хуриши келади. Шундоғам юраги сиқилиб бораётган Эсоннинг тағин диққати ошар, бор аламини сигирдан олмоқчи бўлгандек, қўлига чирмаб олган арқонни силтаб тортганча сўкиниб, жониворга бақирар эди. Шу пайт кимдир орқадан келиб, сигирни кафти билан чарсиллатиб урди-да, “чуҳ жонвор, чуҳ” деди. Оёғини ерга тираб зўрға юриб келаётган сигир деярли югуриб кетди. Иккинчи бир киши ортда қолиб кетаётган бузоқни етаклаб Эсоннинг ёнига келди. Қараса, қишлоқдоши Баҳодир ака.

– Эсонмисан? Бозоргами? – деди.

– Бозорга… – Баҳодир аканинг кейинги кетма-кет саволларига Эсон қисқагина жавоб берди. –  Пул зарил, ака. Йўқса, соғин сигирни кўзинг қиядими?

– Ўзингнинг сигирми?
– Ўзи биргина шу сигир эди. Шу энамди мазаси йўғроқ, ака.

– Э, шундайми? Бир қишлоқда яшаб билмабмиз. Ҳар ким ўз ташвиши билан дегандай. Ҳа-ей, шифосини берсин. Энди… ука, касалчилик одамни чарчатади. Одам сабрли бўлса, Худойимнинг яхши кунлари кўп. Мол-дунё топиладиган нарса, соғлиққа қаранг, соғлиққа. Насиб этса, тузалиб кетса, тўйларингизда ота-эна бош бўлса, ҳаммаси эсдан чиқиб кетади.

Баҳодир ака йўл-йўлакай шу кабилардан гапириб кетаркан, гоҳ деҳқоннинг маҳсулоти арзонлигидан нолир, гоҳо молбозордаги олибсотарларнинг “устамон”лигидан куйинарди. Сўнг сигирни Эсоннинг ўзи сотадими ё йўқми, бу ҳақда ҳам суриштириб, имкони бўлса ўзи сотгани маъқуллиги, бугун одамларда оқибат кўтарилиб бораётганию энг яқин қариндош ҳам алдаши мумкинлиги тўғрисида насиҳат ўқиди. Баҳодир аканинг ўғли Жамшид орқада сигирни ҳайдаб келар, отасининг гапини маъқуллаб қўярди. Бундай вақтларда Эсон ўзини янаям хокисор сезар, таскину тасаллолардан сўнг эгик қаддини бироз ростлагандек бўларди.

Сигирнинг тўхтамасдан тез-тез юришиданми, ё Баҳодир аканинг гаплариданми, ҳарқалай, Эсонга эгнидаги чопони оғирлик қила бошлади. У чопонни ечмоқчи бўлдию, бундай вақтда одам тез шамоллаши мумкинлигини ўйлаб, чопони ўнгирини қайириб, белбоғига қистирганча йўлида давом этди. Баҳодир ака тағин сигир ҳақида суриштира кетди. Гап даромадида:

– Яхши молни танишга сотган маъқул, – деди. – Гилам сотсанг… деган гап бор-ку, ўшани зап топиб айтган эскилар. Бекормас-да бу. Сизам доим шундай юрмайсиз-ку, Эсонбой. Пулли бўларсиз, мол-ҳол қиларсиз. Ана шунда шу сигирнинг бузоғидан бирортасини олиб боқсангиз, ҳам ўзингиз, ҳам қўшнингиз барака топади-да.

Баҳодир ака тағин нималарнидир тинимсиз гапирар, Эсон бунга жавобан “ҳа” ё “йўқ” деб қисқа жавоб қайтариб кетарди.

***

Кеча Расул ака ўғли Эсонга қўнғироқ қилиб, пул кераклигини, бунинг учун сўнгги илинж сигирни сотиш лозимлигини ва яна пулни тезлик билан пойтахтга жўнатишни айтди. Шундан сўнг бу оила аъзоларининг ғам-ташвиши ортгандек бўлди. Тўғри-да, неча йиллардан буён сут-қатиғи билан рўзғорнинг унча-мунча кам-кўстини билдирмай келаётган ола говмиш қадрли бўлиб қолган. Жониворни “эна сигир” деб аташарди. Уни сотиш…

Муяссар сигирни сўнгги бора соғиб олди. У соғаяпти, Эсон емини бериш учун бир чеккада кутиб турибди. Янги соғилаётган сутнинг ҳиди димоққа урилади, бир маромдаги “шиғ-шиғ” овозга монанд Муяссарнинг елкаси учиб тушаётир. Эсон билдики, опаси йиғлаб ўтирибди. У соғиб олаётган сутдан кўра кўпроқ кўзёш тўкаётир. Говмиш эса борини ийиб бераётгандек, елинидаги сути сира тугамайди. Қоп-қора кўзларини милтиратганча, ҳатто қулоғини ҳам қимирлатмай, бошини эгиб жим турибди. Эсон бу ҳолатни кузатиб, бошқа чидаб туролмади. Қўлидаги емчелакни тапиллатиб ерга қўйди-да, уйга – момоси ёнига келиб, ёнбошлаб ётиб олди. Момоси унинг сочини бармоқлари билан тарагандек эркалаб:

– Эй, болам-а, – деди, – муштдай бошинг билан шунча дардни тишингда тишлаб, елкангда кўтариб юрибсан, бугун бўлмаса эртага кўксингга шамол тегар. Худойимнинг яхши куни кўп. Сен бундай ётма, Рустам акангга телпон қилиб айт, эртага, инакни сотиб берсин. Момом айтди, де. Бозорнинг паст-баландини билади. Пулиниям Тошканга ўзи жўнатсин.

Эсон кеча Рустам амакиси билан келишганидек, тонг ёришмасданоқ, сигирни етаклаб бозорга жўнади. Опаси катта йўлгача сигирни ҳайдашиб борди. У бозоргача Эсон билан бормоқчи эди, укаси жеркиб берди. “Бор, уйга қайт. Қиз бола нарсага молбозорда нима бор?”. Укасининг сенсираб бақирганидан ранжиган Муяссар кўзёшларини артиб уйга қайтди. Бундан Эсоннинг ўзи ҳам қаттиқ хафа бўлди. Шундай чоғда Баҳодир акадек йўлдошнинг дуч келиши уни бирқадар мамнун қилганди. Баҳодир акани ўзига яқин кишидек ҳис қила бошлади. Улар бозорга анча яқин келиб қолганди. Кун ҳам ёришди. Йигирма қадамча наридаги одамни бемалол таниса бўларди. Йўлдошлар энди она-бола сигирни ўз ихтиёрига қўйганча, шошмасдан кетиб борарди. Баҳодир ака гапни тағин бозордан, савдодан олди. Молни Рустам аканинг сотишини эшитган Баҳодир ака Эсонни тўхтатиб:

– Акангни чақир, шу ерда савдо қилайлик, – деди. Эсон акасига қўнғироқ қилиб, боғлана олмади. “Акам ҳали етиб келмаган. Бўлмаса, ўзи мени излаган бўларди” деб ўйлади. Баҳодир ака эса уни тобора қистовга оларди.

– Ўзинг ҳам кап-катта йигитсан. Нархини айт, савдо қилаверамиз. Уйдагиларинг норози бўлса, ана уйим… Ука, ҳозир бозорга киришинг билан олибсотар ушлайди-да, ўзининг айтган нархига бермагунингча қўйиб юбормайди. Кечгача бўлсаям ушлаб ўтираверади, бошқаларга савдо қилдирмайди. Мана, биз кўриб-билиб юрибмиз. Тўғри, ўзим ҳам мол олиб сотаман. Лекин бу уйга, боқиш учун. Ўзи танишлардан сотиладиган соғин сигир излаб юргандим.

Ота-бола Эсонни кўз очиргани қўймасди. Бири қўйиб иккинчиси гапирар, гоҳ сигирни мақтаса, гоҳ Эсонга насиҳат қиларди. Эсон гарангсиб қолди. Аксига олиб, акаси билан ҳам сира боғланиб бўлмади. Рустам аканинг уйи бозордан анча йироқ, кечикиб келиши табиий. Шу боис Эсон нима бўлганда ҳам акасини кутишни мўлжаллаб, айни гапни айтди:

– Нарх-навони билмайман-да мен.

Баҳодир ака жиддий муаммога дуч келган кишидек сергак тортди. Оғир ўйга чўмиб, тек қотди.

– Сен билан савдолашиб бўлмаскан, – деди салмоқланиб. – Энди Рустамбойнинг ҳам келмаганини… ҳозир ҳаммамиз бозорга кечикяпмиз. Эрталабки савдо яхши-да, ука. Менга ишонсанг экан, ўзим нархлаб олсам. Бир қишлоқнинг одамлари бўлсак. Вазиятингни ҳам айтиб турибсан. Шундай молни бегона қўлга арзимаган пулга бериб юборма, дейман-да.

Эсон ишонди. Баҳодир ака унга икки миллион сўм санаб берди. Рустам эса анча вақтдан сўнг келди. Ака-ука кўришиши билан Рустам “Сигир қани?” деб сўради. Эсон қўлидаги пулга ишора қилиб:

– Сотдим, – деди.

Рустам нархни эшитиши билан бақира кетди:
– Эсинг жойидами сенинг… нимага менсиз сотасан? Бор, бориб қара, ишонганингнинг аҳволини кўр.

Эсон билдики, акаси уни учратгунча бозорни оралаб, унинг молни сотганидан бохабар бўлиб ва бундан норози алфозда келаётир. Шунда Эсон акасига: “Нима бўпти, сизсиз сотган бўлсам. Мана пулини олдим. Текинга бериб юборганим йўқ-ку”, демоқчи бўлдию индамай қўя қолди.

У акасининг қистови билан одамлар гавжум тортган жойга бориб, бўлаётган савдони орқароқдан кузатди. Жамшид сигирни ипидан ушлаб чеккада индамай турар, Баҳодир ака эса аллаким билан савдо қиларди:

– Бой бова, ишонмасангиз ўзингиз биласиз. Уйимда ўз қўлларим билан боққан молим. Барака топмасангиз, кейин келиб айтинг… лекин уч юзлик сигир эмас-да. Тоза икки ярим миллион бўлса олинг.

Рустам ака Эсонни елкасидан ушлаб, чеккага тортди:

– Кўрдингми? – деди имкони борича босиқлик билан. – Бор, кўпнинг ичида пулини бетига от.

– Ака?! – деди Эсон кўзлари жовдираб. – Нима қилган бўлса ўзига. Лекин мен рози бўлиб, қўл ташлашиб, лафз қилдим.

– Лафз қилдим? Сен тирранчанинг ўзинг киму, лафзинг нима бўларди?! Ҳе, лодон!

Эсон акасидан ёш тўла кўзларини олиб қочди. Рустам ака алам билан ерга қаттиқ туфлади-да, пулни олиб бозордан чиқиб кетди. Эсон эса одамлар орасидан уриниб-туртиниб чиқиб олди. Бу дафъа бозорга оломон оқиб келар, у эса уйига кетиб борарди.

medium (1).jpg«Ma’rifat» gazetasida har mavsum yakuni bo‘yicha «Faslning eng yaxshi ijodkori» ichki tanlov o‘tkaziladi. Boboravshan G‘oziddinovning «Polvon» hikoyasi mazkur kuni-kecha yakunlangan tanlovning «O‘qishli badiiy asar» nominatsiyasida g‘olib bo‘ldi. Doimiy muallifimiz bo‘lmish Dilmurod Do‘stning tavsiyasi bilan yosh ijodkorning ikki hikoyasini taqdim etmoqdamiz.

Bobo RAVSHAN
IKKI HIKOYA
06

16998227_193110377840762_3198674166960483856_n.jpgBobo Ravshan (G’oziddinov) 1985 yil 23 dekabrda Surxondaryo viloyati Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. 2004 yili shu tumandagi 37-maktabni tamomlagan. 2005 – 2011 yillarda Surxondaryo viloyatining turli gazetalarida jamoatchi muxbir, muxbir vazifalarida ishlagan. 2013 – 2014 yillarda «Karvon qo‘ng‘irog‘i» gazetasida va bir muddat «Zukkolar davrasida», «Eko Olam» jurnallarida ishlagan. 2016 yilning mart oyidan «Hordiq plyus» gazetasida faoliyat yuritmoqda. Ijodiy mashqlari bir qator markaziy nashrlarda e’lon qilingan.

06

POLVON

medium.jpgUstma-ust xitobu hayqiriqlar ila daryoday to‘lg‘anayotgan davraga Boybo‘ri polvon qadam qo‘yishi bilan maydon suv sepganday jim bo‘ldi. Polvon bunga parvo ham qilmay, manmanlik nimaligini bilmay bakovul qarshisiga kelib o‘tirdi. Bakovul belbog‘ini tortib bog‘ladi. Atrofga alanglab Boybo‘ri polvonga munosib raqib izlaydi. Kurash tushib polvon nomini olgan borki, odamlarga panalab, yaratgandan najot tilaydi. Bakovul ko‘zi bilan polvonlarni didlab, o‘rtaga qo‘yilgan sovrinni takror e’lon qiladi. Buni eshitgan tomoshabinlardan birining og‘zidan so‘lagi oqib, kurash tushishni bilmaganidan tutaqib, “Ana olish endi boshlandi”, deydi. Bunga javoban boshqa biri, “Kurash tugadi, deng! Polvonning yoqasidan oladigan odam hali onasidan tug‘ilmagan”, deb uning orzusini o‘g‘irlab, gapini to‘g‘irlab qo‘yadi.

Necha zamondan beri bo‘stonliklar polvon deganda faqat Boybo‘ri polvonni biladi. O‘z tengi bilan kurash tushib, zot ayirib yurganlar ham ko‘p. Lekin ularni nomi bilan ataydi. Bundan qizilqoyaliklarning alami keladi. So‘ng o‘zining qishloqdoshini ham shunday alqash niyatida kurash so‘ngigacha umid bilan o‘tiradi. Ammo qizilqoyalik polvon qancha davrada qo‘li baland ko‘tarilgan bo‘lmasin, Boybo‘ri polvonga duch kelsa, tizzasi dirillab, o‘zini yo‘qotib qo‘yadi. Qishloqdoshlar umidini puch qiladi. So‘ng ularning oldida o‘zini oqlash uchun ko‘nglidagi gapni ro‘y-rost aytadi: “Ukkag‘ardi uliga bekor Boybo‘ri deb ot qo‘ymagan. Ko‘zida bo‘risi bor, tikka qarab bo‘lmaydi!”.

Bundan hamma o‘zicha xulosa chiqarib, Qizilqoya nomiga sabab bo‘lgan giyoh unmas qip-qizil qoyatoshday tillar tanglayga tinimsiz ishqalanib, qishloqqa g‘iybat oralaydi: “Polvon o‘zini jodulagan, bo‘lmasa hech zamonda odamning ko‘zida bo‘ri ko‘rinadimi?”. Bunday o‘shaklar yurib-yurib avval Bo‘stonga, so‘ng Boybo‘ri polvonning qulog‘igacha yetib boradi. U bu gaplarni eshitib, tebranib-tebranib kuladi. Tag‘in choponini yelkaga tashlab, Qizilqoyaga yo‘l oladi. U yerda o‘ziga yaqin bilgan oshnalariga: “Ko‘nglim tusab bir kelib edim”, deb daromad gaplardan gaplashib, g‘iybat haqida og‘iz ham ochmay uyiga qaytadi. Shu bilan yana kurash musobaqasi bo‘lmaguncha o‘shakning oyog‘i kesiladi.

Hozir ham shunday bo‘ldi. Polvonga teng keladigan zo‘r yo‘q, degan gap qizilqoyaliklarning hamiyatiga tegdi. Ulardan biri beixtiyor: “Boybo‘ri polvon o‘zini kurashda ko‘rsatmasa, dunyoga nimaga keldi? Bizning polvonlarday bor quvvatini to‘rt-besh ulning tarbiyasiga berayotgan bo‘lmasa? Bir etak qizni xotin kishi ham iybosh qiladi”, deb yubordi.

Ay, birodar! Dunyoyi dun shu joyga kelganda bir kamligini ko‘rsatgandi. Neki to‘kislik bo‘lsa, polvondan ayamay, o‘g‘il tirnoqqa qolganda oqsagandi bu ko‘hna beshik. Besh qadam naridan yangragan bu gap polvonga kelib yetdi… dunyosi qorayib ketdi. U g‘iybatchiga burgut qarash qildi. Uning ko‘ziga tik qarolmagan sho‘rlik chordona qurib o‘tirgan joyida tizzasi qaltirayverdi. Titroq tobora kuchayib, oyoqlari qush qanotiday pirillab, uchib tushaverdi. Ikki yonida o‘tirgan hamrohlari uning butidan yerga bosaverdi. Tag‘in buning uddasidan chiqolmay ikkoviyam unga qo‘shilib qaltillayverdi. Boshqalar esa o‘shakni kim aytganini bilolmay angrayib qolaverdi.

Bu gap yelkasiga simday botgan polvon davrani besh aylansa ham o‘n aylansa ham birov yurak yutib chiqolmadi. Qizilqoyaning katta polvoni: “Oyog‘imni qayirib oldim”, deya bahona qilib, o‘tirgan joyini hech kimga bermadi. Polvon o‘zi bilan yoqa olishadigan mard yo‘qligidan o‘kinib, toboqni tekin olganidan kuyinib davradan tashqariga chiqdi. U odamlar ortida mung‘ayibgina turgan qizini ko‘rib:

— Ha, — dedi. — Sen bu yerda nima qilyapsan?

— Enam… — dedi qizning ovozi titrab. — do‘xtirga ketdi. Momom aytdi, xabar olarkansiz.

Yettinchi farzandiga boshqorong‘i xotinining tug‘ruqxonaga ketganini eshitib, polvonning ko‘ngli biroz yorishdi. Zum o‘tmay shubhayu gumonlar in qilgan yuragi orqaga tortib ketdi: “Qiz bo‘lmasin-da!”.

Bu shifoxonadan olti qizni bag‘riga bosib olib ketgan polvonni yaxshi taniydigan do‘xtirlar biron marta undan yomon gap eshitmagan bo‘lsa ham o‘zlarini aybdor sanabmi yoki polvonning yuziga qarashga oydini chidamaymi, hartugul yangi ishga kelgan xamshirani Boybo‘ri polvonga ro‘baro‘ qildi. Hamshira ko‘ringach polvon undan:

— Bizdi kampirdan qanday darak bor? — deb so‘radi.

— Qiz, — dedi hamshira tili so‘zga aylanib-aylanmay. Polvoning ko‘ngli qorayib, dunyosi torayib ketdi.

U bir qiziga keyingi farzandim o‘g‘il bo‘lsin degan umidda O‘g‘iloy, keyingisiga Qizlarbas deb ism qo‘ygandi. Bunday ismlar suvga tushgan toshday g‘oyib bo‘lib qizlar tug‘ilavergach, na umidni va na isyonni ifoda etadigan ism qolmadi.

Polvon bir muddat o‘yga toldi. Taqdirga tan bergan bo‘ldi. So‘ng: “O‘g‘ilmi-qizmi baxti butun bo‘lsin”, degan xayolga bordi va kalovlanib turgan hamshiraga:

— Baxtigulning enasiga ayting, derazadan qarasin, — dedi.

Oydin xola hamshiradan polvonning nima deganiyu, qay holatda gapirganigacha maydalab so‘radi va: “Baxtigulning enasi”, degan gapni eshitib, taskin topdi. Polvon qiziga Baxtigul deb ism bergani bois yurak yutib derazadan mo‘raladi. Polvon ayolini ko‘rishi bilan do‘ppisini qo‘lga oldi. Uyda baland tokchaga qo‘yib, e’zozlanadigan bosh kiyimini tosh yo‘lakka tapillatib tashladi. Bu Oydin xolaning yuragini battar g‘ashladi. Polvondan ko‘zini olib qochib, yer singaladi. Polvon uchadigan qushday qo‘llarini keng yoydi. Shuncha davrada manaman degan polvonlarning yoqasidan olganida ham hayotning ne bir sinovlari yelkasiga tushganida ham qilt etmagan qo‘llari qaltiradi. U bor dardu hasratini to‘kib tashlamoqchi bo‘lganday, qaltiroq bosgan qo‘llarini duch kelgan tomonga sermab o‘ynayverdi. Ko‘zidan betizgin yosh shovullab oqaverdi. Bunga guvoh bo‘lgan bandasi borki, selda qolganday ust-boshi shalabbo bo‘ldi. Polvon poyidagi xalqob esa ko‘paygandan ko‘payib do‘ppisi Nuh kemasiday suzib, ariq chetidagi ajriqqa to‘sh urib to‘xtadi…

Baxtigul qiz tug‘uruqxonadan chiqqan kuni polvon ikki yashar ho‘kizchani so‘yib elga ulashdi. “Yettinchi qizning oti — Baxtigul bo‘ldi. Bir duo beringizlar…”. Polvon gapini shunday mujmal qilib yakunladi davra ahliga. Shu kuni butun bo‘stonliklar yaratganga yolvorib, polvonga o‘g‘il tiladi. Tug‘ilgan qizaloqqa ham uzoq umr ko‘rsin deb duo berishdi. Odamlar polvonning bo‘g‘zidagi yutilmay turgan narsaning nomini bilsa-da, bilmaganga olishdi. “O‘zi avvallari ham yetti qizdan so‘ng o‘g‘il tug‘ilgan. Bu elda bor narsa… ” deya ko‘rib kelganday bo‘lib polvonga eshittirib, ammo eshitmadiga olib gap-so‘z qilishdi. Shunda Boybo‘rining, yetti farzandning otasi, o‘ttiz sakkiz yashar jo‘mardning ko‘ksi kengaydi, diliga ezgulikdan shu’la tushdi. Eldoshlaridan minnatdor bo‘ldi. Ho‘kizchaning yarim go‘shtini xomlayiga, yarmini qozonga solib pishir-kuydir qilib elga tarqatdi.

…Ko‘pning duosi ko‘l, degan gap chin bo‘ldi. Oradan ikki yil o‘tmay polvon Tilovmurod degan o‘g‘ilga ota bo‘ldi. Tilovmurod yetti opaning orasida soyada ungan niholday nozik bo‘lib ulg‘aydi. U pana-panada teng-to‘shlari bilan kurash tushsa-da, to‘rt odamning boshi birikkan joyda davraga chiqmaydi. Otasidan uyaladi. Yiqilsam qanday qilib yuziga qarayman, deb o‘ylaydi. Bu ham yetmaganday bo‘z bolalar o‘rtasida bo‘ladigan na bir to‘s-to‘polonga qo‘shiladi va na bir chumchuqqa tosh otadi. Buning o‘rniga opalari bilan to‘potar o‘ynaydi. Ular yo‘q paytlar onasi xamir tayyorlab bo‘lguncha tandirga o‘t qo‘yib, o‘choq boshida kuymalanib yuradi.

Toqati toq bo‘lgan polvon bir kuni o‘n oltidan oshib, o‘n yettiga qadam qo‘ygan Tilovmurodning qo‘lidan sudrab kurashga olib bordi. O‘g‘lini yoniga o‘tirg‘izib qo‘ydi. Davraning havosini sezsin, polvonlar bilan birga nafas olsin, dedi. Mana Tilovmurod javdirab davraga qarayapti. O‘rtada qizilqoyaning yelkasi yer ko‘rmagan polvoni aylanib, bakovulning gapiga kulib-kulib qo‘yadi. Toji baqiroq laqabi bilan dong‘i ketgan bakovul ovoziga zo‘r beradi:

— Ho-oy bo‘stonliklar, zoting ketdi — oring ketdi. To‘y egasi kulib qaraganday bo‘ldi, toboq bir tuya, yoli selkillagan uch biya yana aytaversam, Boychiborday tulporga yetdi-i-i…

Tegirmon navbati tekkan qizilqoyaliklar o‘tirgan joyida sapchib-sapchib qo‘yadi. Bo‘stonliklar o‘z qishlog‘ida yer singalab uyatdan qizarib, ko‘zlarini bir-biridan olib qochadi. Lekin manman degan polvon o‘rtaga otilib chiqmaydi. Turib-turib Boybo‘ri polvonning ori qo‘zidi. Yoshi oltmishga qarab borayotgan polvon sapchib turmoqchi edi o‘ngirining bosilganidan qaytib, o‘rniga o‘tirib qoldi. Polvon yonidagi hamrohlariga qarab ulgurmasidan Tilovmurod dast turib:
— Men! — deb davraga otilib chiqdi. Buni ko‘rgan bakovul nima qilishni bilmay Boybo‘ri polvonga qaradi. Qo‘rquv va umid qorishgan nigoh bilan o‘g‘liga tikilib turgan polvon nima bo‘lsa bo‘lar deganday qo‘lini duoga ochib:

— O‘rtada toboq ketdi, omin! — dedi. Polvonga butun davra jo‘r bo‘ldi. Faqat davrada shermard bo‘lib turgan, zamonning zo‘r polvoni — qizilqoyalik To‘ra polvon alam bilan bakovulga xitob qildi:

— Toji bobo, odamning ustidan kulmangizlar! Umrida davra ko‘rmagan bo‘z bolani mayib qilib qo‘yaman-ku! Agar chini bilan zotni bergingiz kelmasa olaveringlar, lekin men yosh bola bilan olishmayman.

Davra To‘ra polvonning bu talabini tinglab tilini tishladi. Yolg‘iz Tilovmurod boshini adl tutib:

— Polvon aka, — dedi. — Ming qilsa ham elning duosini oldik… — Tilovmurod gapini tugatolmadi.

— Unday bo‘lsa o‘zingdan o‘pkala!

To‘ra polvon davra aylanib, raqibining bilagidan tutdi. Tilovmurod jussasiga yarasha yengil harakat bilan baliqday qo‘ldan chiqib ketaverdi. To‘rtinchi aylanishda To‘ra polvonning achchig‘i chiqib, bor kuchi bilan tashlandi. Tilovmurod tag‘in epchillik bilan chap berib, bir tizzasini yerga tirab, “Yo, ota!” deb qo‘shqo‘llab polvonni osmondan olib tashladi. To‘ra polvonning oyog‘i bir parcha qora bulutga tegib, uni tumanday tarqatib yubordi. Unga panalab turgan quyosh davraga kulib qaradi. To‘ra polvonning kuragi tekkan joy botqoqqa botgan tuyaning iziday bo‘lib qoldi.
Bakovul kelib, Tilovmurodga toboqni tutdi. Olmadi. Polvonning o‘g‘li mardlikda otasidan qolishmadi.

To‘ra polvonning g‘ujuri qo‘zidi. O‘zini elning panasiga oldi. Avval yutgan qo‘zisini ham, bosh toboqni ham tashlab, yuragini g‘ashlab, qishlog‘iga qarab yo‘l boshlab jo‘nayverdi. Tilovmurod bakovulning yoniga cho‘kkalab bir nimalar dedi. Otasi ham u yerga bordi. Toji baqiroq ovoz berib dedi:

— Xaloyiq! Sizlarga Tilovmurod polvonning gardtaygina andishasini aytayin! Polvon sovrinning birontasini ololmasligini aytayotir. Sovrinning barisi To‘ra polvonning obro‘si uchun, shul sabab qo‘li kalta eldoshlarimga teng bo‘lib, duo beringizlar, deyapti.

…Shu kuni qizilqoyaliklar birinchi bor polvonlar, kim zo‘r, kim kamzo‘rligi haqida emas, polvonlik to‘g‘risida gurunglashib uyiga qaytdi…

LAFZ

Oy bulutlar orasida xira shu’lalanardi. Yo‘l yoqalab tarvaqaylab ketgan tut daraxtlari har-har zamonda shovullar, esayotgan shamol asfaltdagi xazonlarni shitir-shitirlab u yoqdan-bu yoqqa uchirardi. Uzoqdan – qishloq tomondan itlarning xurishi keladi. Shundog‘am yuragi siqilib borayotgan Esonning tag‘in diqqati oshar, bor alamini sigirdan olmoqchi bo‘lgandek, qo‘liga chirmab olgan arqonni siltab tortgancha so‘kinib, jonivorga baqirar edi. Shu payt kimdir orqadan kelib, sigirni kafti bilan charsillatib urdi-da, “chuh jonvor, chuh” dedi. Oyog‘ini yerga tirab zo‘rg‘a yurib kelayotgan sigir deyarli yugurib ketdi. Ikkinchi bir kishi ortda qolib ketayotgan buzoqni yetaklab Esonning yoniga keldi. Qarasa, qishloqdoshi Bahodir aka.

– Esonmisan? Bozorgami? – dedi.

– Bozorga… – Bahodir akaning keyingi ketma-ket savollariga Eson qisqagina javob berdi. – Pul zaril, aka. Yo‘qsa, sog‘in sigirni ko‘zing qiyadimi?

– O‘zingning sigirmi?
– O‘zi birgina shu sigir edi. Shu enamdi mazasi yo‘g‘roq, aka.

– E, shundaymi? Bir qishloqda yashab bilmabmiz. Har kim o‘z tashvishi bilan deganday. Ha-yey, shifosini bersin. Endi… uka, kasalchilik odamni charchatadi. Odam sabrli bo‘lsa, Xudoyimning yaxshi kunlari ko‘p. Mol-dunyo topiladigan narsa, sog‘liqqa qarang, sog‘liqqa. Nasib etsa, tuzalib ketsa, to‘ylaringizda ota-ena bosh bo‘lsa, hammasi esdan chiqib ketadi.

Bahodir aka yo‘l-yo‘lakay shu kabilardan gapirib ketarkan, goh dehqonning mahsuloti arzonligidan nolir, goho molbozordagi olibsotarlarning “ustamon”ligidan kuyinardi. So‘ng sigirni Esonning o‘zi sotadimi yo yo‘qmi, bu haqda ham surishtirib, imkoni bo‘lsa o‘zi sotgani ma’qulligi, bugun odamlarda oqibat ko‘tarilib borayotganiyu eng yaqin qarindosh ham aldashi mumkinligi to‘g‘risida nasihat o‘qidi. Bahodir akaning o‘g‘li Jamshid orqada sigirni haydab kelar, otasining gapini ma’qullab qo‘yardi. Bunday vaqtlarda Eson o‘zini yanayam xokisor sezar, taskinu tasallolardan so‘ng egik qaddini biroz rostlagandek bo‘lardi.

Sigirning to‘xtamasdan tez-tez yurishidanmi, yo Bahodir akaning gaplaridanmi, harqalay, Esonga egnidagi choponi og‘irlik qila boshladi. U choponni yechmoqchi bo‘ldiyu, bunday vaqtda odam tez shamollashi mumkinligini o‘ylab, choponi o‘ngirini qayirib, belbog‘iga qistirgancha yo‘lida davom etdi. Bahodir aka tag‘in sigir haqida surishtira ketdi. Gap daromadida:

– Yaxshi molni tanishga sotgan ma’qul, – dedi. – Gilam sotsang… degan gap bor-ku, o‘shani zap topib aytgan eskilar. Bekormas-da bu. Sizam doim shunday yurmaysiz-ku, Esonboy. Pulli bo‘larsiz, mol-hol qilarsiz. Ana shunda shu sigirning buzog‘idan birortasini olib boqsangiz, ham o‘zingiz, ham qo‘shningiz baraka topadi-da.

Bahodir aka tag‘in nimalarnidir tinimsiz gapirar, Eson bunga javoban “ha” yo “yo‘q” deb qisqa javob qaytarib ketardi.

***

Kecha Rasul aka o‘g‘li Esonga qo‘ng‘iroq qilib, pul kerakligini, buning uchun so‘nggi ilinj sigirni sotish lozimligini va yana pulni tezlik bilan poytaxtga jo‘natishni aytdi. Shundan so‘ng bu oila a’zolarining g‘am-tashvishi ortgandek bo‘ldi. To‘g‘ri-da, necha yillardan buyon sut-qatig‘i bilan ro‘zg‘orning uncha-muncha kam-ko‘stini bildirmay kelayotgan ola govmish qadrli bo‘lib qolgan. Jonivorni “ena sigir” deb atashardi. Uni sotish…

Muyassar sigirni so‘nggi bora sog‘ib oldi. U sog‘ayapti, Eson yemini berish uchun bir chekkada kutib turibdi. Yangi sog‘ilayotgan sutning hidi dimoqqa uriladi, bir maromdagi “shig‘-shig‘” ovozga monand Muyassarning yelkasi uchib tushayotir. Eson bildiki, opasi yig‘lab o‘tiribdi. U sog‘ib olayotgan sutdan ko‘ra ko‘proq ko‘zyosh to‘kayotir. Govmish esa borini iyib berayotgandek, yelinidagi suti sira tugamaydi. Qop-qora ko‘zlarini miltiratgancha, hatto qulog‘ini ham qimirlatmay, boshini egib jim turibdi. Eson bu holatni kuzatib, boshqa chidab turolmadi. Qo‘lidagi yemchelakni tapillatib yerga qo‘ydi-da, uyga – momosi yoniga kelib, yonboshlab yotib oldi. Momosi uning sochini barmoqlari bilan taragandek erkalab:

– Ey, bolam-a, – dedi, – mushtday boshing bilan shuncha dardni tishingda tishlab, yelkangda ko‘tarib yuribsan, bugun bo‘lmasa ertaga ko‘ksingga shamol tegar. Xudoyimning yaxshi kuni ko‘p. Sen bunday yotma, Rustam akangga telpon qilib ayt, ertaga, inakni sotib bersin. Momom aytdi, de. Bozorning past-balandini biladi. Puliniyam Toshkanga o‘zi jo‘natsin.

Eson kecha Rustam amakisi bilan kelishganidek, tong yorishmasdanoq, sigirni yetaklab bozorga jo‘nadi. Opasi katta yo‘lgacha sigirni haydashib bordi. U bozorgacha Eson bilan bormoqchi edi, ukasi jerkib berdi. “Bor, uyga qayt. Qiz bola narsaga molbozorda nima bor?”. Ukasining sensirab baqirganidan ranjigan Muyassar ko‘zyoshlarini artib uyga qaytdi. Bundan Esonning o‘zi ham qattiq xafa bo‘ldi. Shunday chog‘da Bahodir akadek yo‘ldoshning duch kelishi uni birqadar mamnun qilgandi. Bahodir akani o‘ziga yaqin kishidek his qila boshladi. Ular bozorga ancha yaqin kelib qolgandi. Kun ham yorishdi. Yigirma qadamcha naridagi odamni bemalol tanisa bo‘lardi. Yo‘ldoshlar endi ona-bola sigirni o‘z ixtiyoriga qo‘ygancha, shoshmasdan ketib borardi. Bahodir aka gapni tag‘in bozordan, savdodan oldi. Molni Rustam akaning sotishini eshitgan Bahodir aka Esonni to‘xtatib:

– Akangni chaqir, shu yerda savdo qilaylik, – dedi. Eson akasiga qo‘ng‘iroq qilib, bog‘lana olmadi. “Akam hali yetib kelmagan. Bo‘lmasa, o‘zi meni izlagan bo‘lardi” deb o‘yladi. Bahodir aka esa uni tobora qistovga olardi.

– O‘zing ham kap-katta yigitsan. Narxini ayt, savdo qilaveramiz. Uydagilaring norozi bo‘lsa, ana uyim… Uka, hozir bozorga kirishing bilan olibsotar ushlaydi-da, o‘zining aytgan narxiga bermaguningcha qo‘yib yubormaydi. Kechgacha bo‘lsayam ushlab o‘tiraveradi, boshqalarga savdo qildirmaydi. Mana, biz ko‘rib-bilib yuribmiz. To‘g‘ri, o‘zim ham mol olib sotaman. Lekin bu uyga, boqish uchun. O‘zi tanishlardan sotiladigan sog‘in sigir izlab yurgandim.

Ota-bola Esonni ko‘z ochirgani qo‘ymasdi. Biri qo‘yib ikkinchisi gapirar, goh sigirni maqtasa, goh Esonga nasihat qilardi. Eson garangsib qoldi. Aksiga olib, akasi bilan ham sira bog‘lanib bo‘lmadi. Rustam akaning uyi bozordan ancha yiroq, kechikib kelishi tabiiy. Shu bois Eson nima bo‘lganda ham akasini kutishni mo‘ljallab, ayni gapni aytdi:

– Narx-navoni bilmayman-da men.

Bahodir aka jiddiy muammoga duch kelgan kishidek sergak tortdi. Og‘ir o‘yga cho‘mib, tek qotdi.

– Sen bilan savdolashib bo‘lmaskan, – dedi salmoqlanib. – Endi Rustamboyning ham kelmaganini… hozir hammamiz bozorga kechikyapmiz. Ertalabki savdo yaxshi-da, uka. Menga ishonsang ekan, o‘zim narxlab olsam. Bir qishloqning odamlari bo‘lsak. Vaziyatingni ham aytib turibsan. Shunday molni begona qo‘lga arzimagan pulga berib yuborma, deyman-da.

Eson ishondi. Bahodir aka unga ikki million so‘m sanab berdi. Rustam esa ancha vaqtdan so‘ng keldi. Aka-uka ko‘rishishi bilan Rustam “Sigir qani?” deb so‘radi. Eson qo‘lidagi pulga ishora qilib:

– Sotdim, – dedi.

Rustam narxni eshitishi bilan baqira ketdi:
– Esing joyidami sening… nimaga mensiz sotasan? Bor, borib qara, ishonganingning ahvolini ko‘r.

Eson bildiki, akasi uni uchratguncha bozorni oralab, uning molni sotganidan boxabar bo‘lib va bundan norozi alfozda kelayotir. Shunda Eson akasiga: “Nima bo‘pti, sizsiz sotgan bo‘lsam. Mana pulini oldim. Tekinga berib yuborganim yo‘q-ku”, demoqchi bo‘ldiyu indamay qo‘ya qoldi.

U akasining qistovi bilan odamlar gavjum tortgan joyga borib, bo‘layotgan savdoni orqaroqdan kuzatdi. Jamshid sigirni ipidan ushlab chekkada indamay turar, Bahodir aka esa allakim bilan savdo qilardi:

– Boy bova, ishonmasangiz o‘zingiz bilasiz. Uyimda o‘z qo‘llarim bilan boqqan molim. Baraka topmasangiz, keyin kelib ayting… lekin uch yuzlik sigir emas-da. Toza ikki yarim million bo‘lsa oling.

Rustam aka Esonni yelkasidan ushlab, chekkaga tortdi:

– Ko‘rdingmi? – dedi imkoni boricha bosiqlik bilan. – Bor, ko‘pning ichida pulini betiga ot.

– Aka?! – dedi Eson ko‘zlari jovdirab. – Nima qilgan bo‘lsa o‘ziga. Lekin men rozi bo‘lib, qo‘l tashlashib, lafz qildim.

– Lafz qildim? Sen tirranchaning o‘zing kimu, lafzing nima bo‘lardi?! He, lodon!

Eson akasidan yosh to‘la ko‘zlarini olib qochdi. Rustam aka alam bilan yerga qattiq tufladi-da, pulni olib bozordan chiqib ketdi. Eson esa odamlar orasidan urinib-turtinib chiqib oldi. Bu daf’a bozorga olomon oqib kelar, u esa uyiga ketib borardi.

055

(Tashriflar: umumiy 84, bugungi 1)

Izoh qoldiring