Bobo Ravshan. Temir sandiq. Hikoya

70Ҳар куни бу саҳродан бош олиб кетиш иштиёқида уйғонаман. Аммо қуёш тиккага келгач, тулки, қўшоёқ, илону чаёнлар, чумоли-ю чивинлар каби қум барханларига сингиб кетаман…

Бобо РАВШАН
ТEМИР САНДИҚ


044Бобо Равшан (Ғозиддинов) 1985 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. Унинг ижодий машқлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Ёшлик”, “Маънавий ҳаёт” каби бир қатор нашрларда эълон қилинган.
2019 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт томонидан “Тонг ва шом орасида” номли қисса ва ҳикоялар тўплами нашр этилган.


Ҳар куни бу саҳродан бош олиб кетиш иштиёқида уйғонаман. Аммо қуёш тиккага келгач, тулки, қўшоёқ, илону чаёнлар, чумоли-ю чивинлар каби қум барханларига сингиб кетаман…
Бугун тонгни ирода билан қаршиладим. Сафархалтамни елкамга осиб, эшикка қараб юрдим. Ташқарига чиққанимда тонгнинг ёқимли ҳавоси танга роҳат берар, бутун борлиқ, яккам-дукам ўсган янтоқлар, шамолда изиллаб овоз чиқараётган тўяқорин, катта-кичик қумтепалар ва тубсиз ҳандақлар мўъжизакор бўлиб кўринар эди. Тонг ҳавосидан ўпкамни тўлдириб нафас олдим. Сўнг сафархалта боғичидан маҳкам ушлаб, шаҳд ила ўнг томонга юрдим. Одатда чап тарафдаги сўқмоқдан ишхонамга йўл олардим. Доим катта ёнтоққа етганимда тошбақани кўраман. У ажиндан буришган бўйнини чўзиб, бош силтаб саломимга алик олади-да, мени олдинга ўтказиб юбормаслик учун қадамини тезлатади. Унинг беўхшов уринишидан сўнг оғзимни кафтим билан ёпиб куламан. Буни кўрган тошбақа юз-кўзига қўрқинчли тус бермоқчи бўлади. Тағин кулгим қистайди. Энди у баттар ғазабланмаслиги учун йўрғалаб кетаман. Шу кетганча ишхонамга — қоронғи ўрага қамалиб оламан. Кечгача кўрсичқонлар олиб келган илдизларни минг чиғириқдан ўтказиб, саралайман. Кўрсичқонлар чўлнинг тиним билмас ишчилари, қум остига кириб кетганча ер қаъридан энг ноёб хазина – шифобахш илдизларни топиб чиқади. Биз ишхона деб аталган ўрада ўтириб уларни саралаймиз ва хазинабон илоннинг гумашталарига ҳисоблаб берамиз. Ҳойнаҳой, сиз мени бадавлат экан, деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, биз эртадан кечгача илдизларни саралаймиз холос. Ишдан қайтишда қўлимизда илдиз юқи ҳам қолмаслиги учун уни яхшилаб ювамиз. Буни кузатувчи чаёнлар қатъий назорат қилади.
Уйга йўл олганимда юлдузлар чароғон нур сочаётган бўлади. Айнан шу пайтда чўлнинг ҳақиқий ҳаёти бошланади. Сақар номли бу чўлнинг саҳродан сира фарқи йўқ. Қуёш тиккага келгач, жазирама сабаб ер юзида юриб бўлмай қолади. Шу боис чошгоҳдан бери ўзини панага уриб, тупроқ остида биқиниб ётган жонзотлар юзага чиқади. Қўшоёқлар рақси ҳаммани, айниқса, йиртқичларни ўзига ром этади. Улар ўрадан бош чиқариб атрофга аланглайди. Хавф йўқлигини билгач, сакраб ўйин тушади, тағин ўзини ўрага уради. Тулки уларни овлаш илинжида ёнтоқ ортида пусиб туради. Сақар пайдо бўлибдики, бу манзара ҳеч қачон ўзгармайди. Баъзан атай нигоҳимни ерга қадайман. Шундай қилсам, йўлдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди, дейман. Аммо уларнинг ҳаракати кўз олдимдан сира кетмайди. Шунда бугун бошқача манзарани кўрарман, деган умидда атрофга аланглайман. Афсус, хаёлимда кечаётган ҳодиса ҳеч ўзгаришсиз воқеликка кўчади. Ана битта қўшоёқ сакраб ўрага бош суқди. Бу томонда иккинчиси атрофни кузата бошлади. Унинг чиқишини кутаётган тулки тумшуғини оёқлари баробар олдинга чўзиб ер искади. У ўткир нигоҳини ўлжасига қадаб, пайт пойламоқда. Тулки минг йиллардан бери худди шу тарзда ов қилади. Қўшоёқ ҳам ўша замонлардан буён шу тақлид ўлжага айланган. Шулар ҳақида ўйлашим ҳамон юрагим баттар сиқади ва: «Бу саҳрода минг йилда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди», дея алам билан туфлайман. Ана шундай кунларнинг бирида Сақардан бош олиб кетиш ҳақида ўйлай бошладим…
Сақардан кетиш ҳақидаги ўйнинг ўзиёқ қанчалар завқ беришини билсангиз эди. Ҳар куни, ҳар соатда янги режа тузар, уни миридан сиригача таҳлил этардим. Режани пишиқ қилиб, кетиш тараддусига тушгач, доим битта савол қаршисида мулзам бўламан: Мастон-чи?!
Хотинимни ўзим билан олиб кетишни қанчалик истамай, бу Мастонга ёқмайди. Аввалига у кетиш ҳақидаги гапларимга шунчаки кулар, хаёлпараст эканимни айтиб киноя қиларди. Кейин, чамаси ниятим жиддий эканини фаҳмлай бошлагач, сал нарсага жаҳл қиладиган, шу ҳақида гап очишим ҳамон оғзимга урадиган бўлди. Сўнг Мастонга кетиш ҳақида гапирмай қўйдим. Билиб бўладими, биронтасига гуллаб қўйса… Шундан сўнг бу ердаги ҳаётим чинакам дўзахга айланди. Ахир ҳаётингни бутунлай ўзгартиришга қодир орзуинг бўлса-ю, у ҳақида ҳеч кимга айта олмасанг, бундан кўра азоблироқ туйғу борми?! Бундай қийноқ ичра ортиқ яшай олмайман.
Эрта тонгда ўрадан чиқдиму, умримда биринчи марта ишхонамга терс томонга қараб йўл солдим. Шу кетишда хаёлимдаги сирли ўлка, қуюқ ўрмон билан қопланган тоғ этагидаги дарё соҳилига боришга аҳд қилдим. Манзилга етиб олгач, биринчи нима қиламан? Балки овозимни баралла қўйиб тоғ, ўрмон, дарё, умуман, бутун борлиққа салом берарман. Эҳтимол, дарё соҳилига тўшимни босиб қониб-қониб сув ичарман. Ҳозир бу унчалик аҳамиятли эмас. Муҳими атроф-жавонибни обдон ўрганиш, яшаш учун шароит яратиб олиш. Сўнг мешларимни дарё сувидан тўлдириб Сақарга, Мастонни олиб кетиш учун қайтаман. Биламан, бу унга ёқмайди. Аммо қандай бўлмасин, бизни ўргимчак тўридай домига тортган саҳродан ташқарида гўзал ҳаёт борлигига ишонтираман. Ҳозирча ёлғиз ўзим адоғи кўрнимас қум барханларини ортда қолдиришим керак. Аммо Сақарнинг чегараси қаерда эканини билмайман. Доим уй ва ишхона оралиғида қатнаб умрим ўтган. Фақат мен эмас, барча сақарликлар қисмати шу…
Ҳамма жойларда бўлганидай Сақарнинг ҳам ўз қонунлари бор. Қонунлар ҳеч қаерда ёзилмаган, лекин сақарликлар туғилганидан бошлаб савқи табий ўша қоидалар асосида яшайди. Энг асосий қонун Сақар ҳақида гапирмаслик. Ҳатто бизнинг Сақар мана бундоқ деб мақташ ҳам мумкин эмас. Шунчаки, тулки ов, чумоли дон, қўшоёқ илдизлар ҳақида ўйлаши шарт.
Сақар қонунларини бузганга бирон жазо борми ёки йўқ — буниси энди қаронғу. Ақлимни танибманки биронта жонзот қоидага амал қилмагани учун овоза бўлган эмас.

* * *

Кетиш нияти менда қаердан, нега пайдо бўлганини ҳали-ҳамон тушунмайман. Баъзан бу истак қисматимга ёзилган-у, фурсат етиб юрагимнинг туб-тубидан бош кўтарганини ҳис этаман. Гоҳида у менга аталган тавқи лаънат деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам кетиш истаги кун сайин кучайиб борарди. Қаерга боришни билмасдим. Аммо тошбақаю тулкидан, қўшоёқ ва илонлардан узоққа кетсам бўлди. Худога таваккал дея дуч келган томонга йўл солдим. Тонг ҳавоси чекиниб, қуёш Сақарни забтига ола бошлаганида уйдан анча олислаган эдим. Бу вақтда саҳрода ҳаёт сокинлашади. Қум қанчалик жизғанак қилса, ҳаёт мароми шунча сусаяди. Тирик жон борки ўзини ўрага, ўсимликлар илдизи остида қазилган ғовакларга уради. Фақат калтакесаклар иссиқдан роҳат олаётгандай думини судраб елиб-югуради. Чумолилар карвони тинимсиз емак ташийди. Мен эса ишхона деб аталган ҳандақда каловланиб вақт ўтказардим. Энди дарё соҳилини мўлжал қилиб кетиб борарканман сояга кўниккан танам қуёш тиғида ачиша бошлади. Бу ҳам етмагандай, йўлимни калтакесак кесиб ўтди. У иш вақтида санғиб юрганимни кўриб мени кузатувчи, деб ўйлади чоғи, қўрқди. Айтдим-ку, саҳрода ҳамманинг ўз вазифаси, иш жойи бор. Шу боис иш вақтида бемақсад юришим муқаррар хатардан дарак. Аммо калтакесак зум ўтмай уни таъқиб қилмаётганимни фаҳмлаб митти тепалик устида тўхтади. Калласини адл кўтариб бир неча сония менга тик қараб турарди-да, бошқаларни хатардан огоҳ қилмоқчи бўлгандай қум барханлари аро ғойиб бўлди. Тағин у кетган томонда бироз катта, нигоҳи ўткир калтакесак пайдо бўлди. У ўзини бошқа томонга қараб тургандай кўрсатиб мени зимдан кузатарди. Беихтиёр қадамим секинлади, юрагимга ғулу тушди. Наҳот улар Сақардан кетаётганимни билиб қолган бўлса?!
…Калтакесаклардан ҳар нимани кутиш мумкин. Улар жуда сезгир ва сотқин жонзот. Назаримда калтакесакларга сақарликларни кузатиш вазифаси берилган. Ишхона ва уйим атрофида доим биттаси айланиб юради. У кўзингизга қараб ниятингизни айтиб бера олади. Мана бу иккаласи ўшанинг гумаштаси бўлса-чи, деган ўйдан саросимага тушдим. Ахир у Сақарни бошига кўтариб додлаганча қай томонга йўл олганимни айтиб бериши ҳеч гап эмас. Агар шундай бўлса, ўйлаган режаларим чиппакка чиқади. Бундай вақтда сақарликлардан яхшилик кутиб бўлмаслигини доим ич-ичимдан ҳис этаман. Айниқса, бош олиб кетиш ҳақида ўйлай бошлаганимдан бери шу ҳиссиёт сира тинчлик бермайди. Айнан шу қўрқув ҳисси сабаб чўл қиёфаси ўзгариб кетди. Илгари ҳеч эътибор бермаган эканман. Бу ер саҳро, ундаги жонзотлар жаҳлдор, бир-бирини кўрарга кўзи йўқ экан. Ҳатто беозор кўринган чумолилар ҳам. Биттаси дон топса, бошқа чумолилар уни ўраб олади. Сўнг улар донни тишлаб тўрт томонга тортқилай бошлайди. Улар ҳолдан тойгунча талашаверади. Ахири силласи қуригач, бирдан аҳиллиги тутиб, инига йўл олади. Йўли ҳам, дони ҳам битта бўлган чумолилар нимага ҳақ талашади, тушунмасдим. Билсам, уларни чанқоқ, нафси очлик шу куйга солган экан. Масалан, қўшоёқлар сув ичишдан бутунлай маҳрум этилган. Улар ер ковлаб ўсимликлар илдизини кемиради. Шу билан қорни ҳам тўяди, чанқоғи ҳам босилади. Тулки эса уни тутиб еб нафсини қондиради. Тулки ов учун бор қувватини сарфлайди. Қўшоёқ нафси қониқар даражада илдиз кемириши учун муттасил ер ковлайди. Чўл ялқовларни хушламайди. Унда тинимсиз меҳнат сабаб ўлмай яшаш мумкин. Бундай ҳаёт тарзида орзуга ўрин йўқ. Унда фақат очлик ҳисси, нафсоний истак бўлади. Мабодо қўшоёқлар каби кечки базмга чиқиб кўнгилхушлик қилсанг, биронта тулкининг ўлжасига айланишинг ҳеч гап эмас. Гоҳида ўйлаб қоламан: «балки қўшоёқларга ўлжа бўлиш топшириғи берилган-у, улар буни зўр иштиёқ ила бажараётгандир?!»
Ҳозир булар ҳақида сафсата сотиб ўтиришнинг вақти эмас. Сақар ҳақида камроқ ўйлашим, чалғимай йўл юришим керак. Шундай дейману, барибир бу ердан чиқиб кетмагунимча у ҳақида ўйлашга маҳкумман! Мана, азондан бери қанча йўл юриб, уйдан анча олисладим. Аммо ҳамон Сақарнинг чегараси кўринмайди. Билишимча, чўл адоқлай бошлагач, унинг қиёфаси ўзгариб бориши, ёнтоқ ва саксовуллар кўпроқ кўзга ташланиши керак. Ҳа, Сақардан нарида, яшил ўлкаларда ёмғир кўп ёғади. Унинг намлиги Сақарнинг чекка жойларига таъсир қилади, ўтлар, буталар кўпроқ ўсади. Ҳозир чўл марказига қараб кетаётгандайман. Ўсимликлар сийраклашиб, тобора улкан қум барҳанларига дуч келяпман. Боз устига боядан бери кузатаётган калтакесак ҳам ниҳоятда хотиржам, шошмасдан изма-из келяпти. Сақарликларга чекка ҳудудларга бориш тугул у ҳақида гапириш ҳам таъқиқланган. Калтакесак жимгина эргашиб келяптими, демак адашганман. Шу ўй оний лаҳзада чақмоқдай ярқ этдию, юрагим ғуссага тўлди. Жойимда тек қотганча атрофни синчиклаб кузатадим. Бийдай чўлда ҳеч нимани фарқлаб бўлмасди. Сўнг шу яқин орадаги энг баланд тепалик томон юрдим. Унинг тепасига чиқсам, атроф кафтдек кўринади ва қаерда эканимни, қай томон юришимни аниқлаб, йўлда давом этаман, деган қарорга келдим. Бир нафасда забт этиладигандай кўринган қумтепага чиқиш азоб экан. Ҳар қадам босганимда оёғим тўпиққача қумга ботар, уни зўрға кўтариб олдинга интилардим. Гоҳо оёқ қўйган жойимда қум пастга оқиб, сирпаниб кетардим. Шундай вазиятда тутиб қолишга бирон нарса топилмасди. Икки-уч мерт пастга сирпаниб кетгач, бор кучим билан тепага тирмашаман. Тағин шу ҳолат такрорланади. Бу азобларни ортда қолдириб қумтепани забт этганимда кун пешиндан оққан эди. Тепалик кафтдек текис, ҳатто шамолнинг қумдаги излари ҳам деярли билинмасди. Осмонни ғубор қоплаган, олис манзиллар кўринмас, кўз илғаган жойгача паст-баланд тепаликдан иборат бийдай дашт ястаниб ётарди. Қанча уринмай, қай томонга кетаётганимни фаҳмлай олмасдим. Шу тобда мендан дунёдаги энг оғир жазо қайси, деб сўрашса, ҳеч шубҳасиз, йўлсизлик, деб жавоб берардим. Сақарнинг Худо урган минг йиллик йўллари фақат ишхона ва уйга олиб боради. Ундан бошқа йўл йўқ!
Йўловчи ўз йўлини ўзи танлайди, деган фикрга қўшилмайман. Агар шундай бўлганида сақарликлар истаган пайтда хоҳлаган томонига қараб кетаверган бўларди. Аслида йўл бизни танлайди. Балки шу танлов сабаб ёлғиз ўзим кетиш дардига чалингандирман?! Агар шундай бўлса, саҳродан чиқиб кетишим тайин. Мана, айғоқчи калтакесак ҳам ғойиб бўлди. У қумтепага яқин ҳам келмади. У узоқдан жим кузатиб турди-да, чўққини забт этишим ҳамон ғойиб бўлди. Буни табиатнинг ишораси, деб қабул қилдим. Демак, Сақар сахийлик қилиб, мени дарёга тортиқ этади. Ахир мен танланган йўловчман! Ҳа, йўл тулки, қўшоёқ, илон ёки чаённи эмас, айнан мени танлаган! Лекин йўлнинг ўзи қани? Қумтепада ўтириб, шу ҳақида ўйлай кетдим. Баъзан сақарликлар тонгда туриб ўрадан бош чиқарганида тунги довул йўлни қум билан кўмиб ташлаган бўлади. Шунда ҳам ҳеч ким адашмайди, иш жойини топиб боради. Негаки, ўша йўл сақарликларни танлаган, унинг ўзи саҳро фуқароларини ишдан уйга, уйдан ишга бошлаб боради. Мадомики, танланган эканман, йўлга ишонишим керак. Таваккал қилиб оёғим тортган томонга кетавераман. Агар қисматимга Сақардан чиқиб кетиш ёзилмаганида эди, тоғ этагидаги дарё ҳақида билмаган бўлардим…
Қизиқ, ўрмон, тоғ ва дарё ҳақида қаердан биламан? Ахир биз мудом дунёни Сақардан иборат, деб ўйлаймиз. Болалик эртаклари ҳам фақат саҳро, унда яшаш кўникмалари ҳақида. Улар ниҳоятда жўн, масалан, тулки қайси йўллардан юриб нима иш қилиши, чумолиларнинг ҳаёт тарзи баён этилган. Бу эртакларни эшитиб Сақар қонунларини ўзлаштириб олиш мумкин, холос. У ўзга оламлар ҳақида ҳеч қандай тасаввур бермайди. Бутун умрим шундай ўтган экан, дарё ва тоғ ҳақида қаердан биламан?!
Қумтепадан тушиб бошим оққан томонга кетиб борарканман, шулар ҳақида ўйлардим. Эҳтимол, аввалги ҳаётимда, тунлар шовуллаб қўшиқ айтадиган, кундузлар қуёш тафтидан асраб, жонга ҳузур берадиган ўрмон бағрида яшагандирман. Сўнг қайсидир гуноҳим учун ҳозирги ҳаётимда Сақарга бадарға қилинган бўлсам-чи?!
Балки гуноҳ эмас, синов учун бу ерларда юргандирман. Нима бўлганда ҳам бу сирнинг тагига етиб бўлмайди. Ҳақиқатни ёлғондан, мавжудликни саробдан фарқлашим учун жисмонан тетик бўлишим зарур. Ҳозир иссиқдан оёғим куйиб, бошим қайнаяпти. Мешдаги сувнинг ҳам таги кўриниб қолди. Тўрт томоним бийдай чўл. Яқин атрофда ҳаёт аломати сезилмайди. Демак, йўлимда биронта қудуқ борлигига умид қилмасам ҳам бўлади. Сувни тежаш, оғзимни очмай, сўлакни ичга ютиб кетаверишим керак. Мана, нима учун калтакесаклар ҳеч қачон гапирмайди! Оғзингни очсанг, саҳро танглайингни қуритади. Сўлак безлари ишламай қолади. Тамоғинг қақшаб сувсизликдан тинка-мадоринг қурийди. …Нималар деяпман?! Йўл, дарё ва тоғ ҳақида ўйлашим керак. Ахир улар доим ич-ичимда, кўнглимнинг аллақайси кунжагида яшаб келган. Ҳа, айнан шундай! Ичимда ҳайқириб, тошиб оқадиган дарё бор. Саҳро саратон касалига ўхшайди. У ичингга кирдими аста-секин бутун борлиғингни қамраб олади. Аввалига шифобахш гиёҳлар, сўнг минг йиллик дарахтлар қовжирайди. Дарё ўрни тошлоқ сойга айланади. Одамларнинг ичидаги дарёси қуриганини билиб олиш жуда осон. Уларнинг кўзига қараганда ўлик нигоҳида қўрқувни ҳис этасан. Худди калтакесакни кўргандай жунжикасан.
Баъзан ўйлаб қоламан, қачонлардир, эҳтимол минг йиллар аввал калтакесак ҳам мендай одам бўлгандир?! У саратон касалидан қутилиш учун елиб-югурган бўлса, не ажаб! Охир-оқибат Сақар уни илондай авраган. Аммо ҳамон ўша ҳаловатсизлик тарк этмаган. Энди кунинг иссиғида ҳам думини судраб саҳро кезади. У Сақардан бош олиб кетиш иштиёқида тиним билмайди. Анави калтакесак ҳам йўл билади, деб мен билан изма-из келган бўлса-чи?! Қумтепага чиққанимни кўриб ҳафсаласи пир бўлиб, яна думини судраганча дарёни ахтариб юргандир?
Бу тахмин рост бўлиб чиқса, йўл мени танлагани ҳақидаги ўйларим сафсатадан бошқа нарса эмас! Мадомики, ҳамон йўлсиз (бу ҳақида ўйлашни ҳам хоҳламайман!) эканман, Сақар мени истаганича сарсон қиляпти. У ўргимчак тўридай тобора домига тортиб боряпти. Демак, кеч бўлмасдан эс-ҳушимни йиғиб, йўл топишим керак. Рўпарамдан чиққан ҳар қандай жонзотдан йўл сўрайман. Йўқ. Йўлсизлик боис шу ерда яшашга маҳкум сақарликлардан йўл сўраш — ғирт аҳмоқлик.
Шу ўй кўнглимдан ўтиши ҳамон сувсизлик ва йўлсизлик бутунлай ҳароб қилганини англадим. Келган жойимда тек қотиб тағин атрофга алангладим. Шу он орқамда нимадир осилиб тургандай, бошим танам ва тумшуғимга қўшилиб чўзинчоқ шаклга киргандай ҳис этдим ўзимни. Наҳотки калтакесакка айланиб қолган бўлсам, деган фикрдан даҳшатга тушдим. Бошимни ўгириб ортимга қарашга ҳам қўрқиб қолдим. Олдинда ўша гиёҳ унмас бийдай чўл, адоқсиз қум уюмлари ястаниб ётарди. Йўл, Сақарнинг чегарасидан ҳеч бир белги кўринмас эди. Энди фикр-ёдимни одамлик қиёфам сақланиб қолган бўлсин, деган бир қарашда ғалати, аммо даҳшатли ўй билан банд эди. Саҳронинг ўзгармас қоидаси, сенинг орзу-умидларингга дахл қилиш ва мана шундай бемаъни ўйлар билан хаёлингни банд этишдан иборат. Айтдим-ку, Сақарда умидга ўрин йўқ. Шу боис баҳорни ёмон кўраман. У чўлга умид беради. Унда-бунда унадиган яшил умид! Бу ерда ҳам ҳаёт бор, дея хитоб этиб майсалар бош кўтаради. Умид сўнгсиз азоб дегани. У доим ўзи ҳақида ўйлашга, бутун дунёни унутишга мажбур этади. Ниҳоят, унга етдим деганингда яна сароб бўлиб чиқади. Саҳронинг баҳори ҳам худди шундай. Ёмғирли кунлар бошланиб, атрофда яшиллик кўрина бошлагач, қувонасан. Сўнг икки ойга етмасдан ёмғир булутлари қорасини ўчиради. Кейин то ёзгача саҳрони дўзах олови қоплайди. Саратон қуёши баҳор офтоби каби беҳол қилмайди. Тағин яна баҳор келишини, ёмғирни умид билан кута бошлайсан. Ҳа, умид сўнгсиз азоб. Аммо сақарликлар буни тан олмайди. Ҳатто Мастон ҳам бу гапларга ишонмайди. Ишга бориб келишда менга рўбарў келадиган қўшоёқ ва тулкилар, чумоли ва тошбақа ҳақидаги гапларим ҳам унга эриш туюлади.
Ишдан қайтганимда Мастонга йўлда кўрганларим, тошбақанинг жаҳл қилгани, тулки ови ва саҳродаги бошқа жонзотлар, биз яшайдиган ўра ҳақида айтиб бераман. Баъзан бир хил воқеани такрорлагим келмай, ўзимча нималарнидир тўқийман. Ҳеч бўлмаса шу йўл билан чўлни ўзим истаган қиёфада кўргим келади. Мастон эса гапларимни эшитиб, қўлларини икки ёнга, бошини орқага ташлаганча мириқиб кулади. Бир сафар у кулгудан ўзини тўхта олмай:
– Ажойиб хаёлпарастсиз, – деди. – Қандай саҳро?! Ҳеч бўлмаса қишлоқ денг. Ўра эмиш, тоғ, адир десангиз ярашади. 13-қаватда яшаймиз-ку! Сиз аслида геолог эмас, шоир бўлишингиз керак эди.
Орага оғир сукут чўкди. Мастон бир муддат ҳомуза тортиб турди-да, бирдан савдодан тушган пулларини эслади. У дўконни ёпишдан аввал санаб, чарм ҳамёнига жойлаган пулларни қайта ҳисоб қилишга тушди. Мастон пул санаётганида уни чалғитмаслик учун нафас ҳам олмай жим тураман. Унинг нозик бармоқлари орасида қоғоз пуллар бир маромда ёғаётган ёмғир каби майин овоз чиқаради. Мусиқадай эшитиладиган бу товуш унга ҳузур бағишлайди. Назаримда, у айнан шу пайтда барча дард-ҳасратини, ҳатто етти йилдан бери тирноққа зор эканмизни ҳам унутади. Сўнг ҳамён тўла пулни боласидай бағрига босиб ётоқхонага кириб кетади. У ерда одам бўйи баробар темир сандиқ бор. Мастон топ­ган-тутганимизни ўша ерда сақлайди. Баъзан ўйлаб қоламан, унинг ёлғиз дарддоши шу темир сандиқ бўлса керак…
Тунчироқ ёруғида темир сандиқнинг калит жойи калтакесакнинг оғзидай хунук кўринади. Икки четидаги митти тешикчалар унинг кўзини эслатади. Шунданми, доим кимдир тепамда қараб тургандай ҳис этаман ўзимни.
– «Сейф»ни бошқа хонага чиқариб қўйсак бўларди.
– Кўринган кўзга ёмон, бу ерга ўзимиздан бошқа ҳеч ким кирмайди, – дейди Мастон ойда бир келмайдиган меҳмонларни назарда тутиб. Унинг жавобидан сўнг бошқа гап қолмайди. Кўп ўтмай харидор чақиравериб тинкаси қуриган Мастон пинакка кетади. У ухлаётганида ҳам саҳро ҳақида эшитишни истамайман, деётганга ўхшайди. Мен эса алламаҳалгача ухлай олмай, ним қаронғу хонада темир сандиққа термулиб ётаман. Бир маҳал унинг калит жойи кенгайиб, кўз қисади. Яна чўл ҳақида ўйлайман. Ҳозир темир сандиқ эшигини очиб, Сақар мени домига тортадигандай туюлади. Сақарни эслашим ҳамон кўз олдимга ишхона ва уйим ўртасидаги йўл, чумолилар карвони, жаҳлдор тошбақа, қўшоёқлар ва уларни пойлаган тулки келади. Кейин буларнинг баридан қутилиш учун чўл оралаб уй ва ишхонамни ортда қолдириб югураман. Шу кетганча тамоғим қақраб, ҳолдан тойгунча йўл юраман. Тағин калтакесак йўлимни кесиб ўтади. Бирдан сергак тортаман. Яна минг бир азоб билан ўша қумтепани забт этаман. Кафтдай текис тепаликда чордона қуриб, гоҳ сақарликларни эргаштириб, баъзан улар ортидан халлослаб ўтган ўттиз уч йиллик умримда илк бор ҳаловат туяман ва олис-олисларга термуламан. Айни чоғ кўз илғамас манзилда шовуллаётган ўрмон товушини эшитаман. Бу вақтда шамол оёқ изларни ўчирган, Сақар кенгликлари аро ястаниб ётган қум барҳанлари дарёдай жилва қиларди…

57Har kuni bu sahrodan bosh olib ketish ishtiyoqida uyg‘onaman. Ammo quyosh tikkaga kelgach, tulki, qo‘shoyoq, ilonu chayonlar, chumoli-yu chivinlar kabi qum barxanlariga singib ketaman…

Bobo RAVSHAN
TEMIR SANDIQ


Bobo Ravshan (Gʻoziddinov) 1985-yil 23-dekabrda Surxondaryo viloyati Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. Uning ijodiy mashqlari “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi2, “Yoshlik”, “Ma’naviy hayot” kabi bir qator nashrlarda e’lon qilingan.
2019-yilda Gʻafur Gʻulom nomidagi nashriyot tomonidan “Tong va shom orasida” nomli qissa va hikoyalar to‘plami nashr etilgan.


Har kuni bu sahrodan bosh olib ketish ishtiyoqida uyg‘onaman. Ammo quyosh tikkaga kelgach, tulki, qo‘shoyoq, ilonu chayonlar, chumoli-yu chivinlar kabi qum barxanlariga singib ketaman…
Bugun tongni iroda bilan qarshiladim. Safarxaltamni yelkamga osib, eshikka qarab yurdim. Tashqariga chiqqanimda tongning yoqimli havosi tanga rohat berar, butun borliq, yakkam-dukam o‘sgan yantoqlar, shamolda izillab ovoz chiqarayotgan to‘yaqorin, katta-kichik qumtepalar va tubsiz handaqlar moʻjizakor bo‘lib ko‘rinar edi. Tong havosidan o‘pkamni to‘ldirib nafas oldim. So‘ng safarxalta bog‘ichidan mahkam ushlab, shahd ila o‘ng tomonga yurdim. Odatda chap tarafdagi so‘qmoqdan ishxonamga yo‘l olardim. Doim katta yontoqqa yetganimda toshbaqani ko‘raman. U ajindan burishgan bo‘ynini cho‘zib, bosh siltab salomimga alik oladi-da, meni oldinga o‘tkazib yubormaslik uchun qadamini tezlatadi. Uning beo‘xshov urinishidan so‘ng og‘zimni kaftim bilan yopib kulaman. Buni ko‘rgan toshbaqa yuz-ko‘ziga qo‘rqinchli tus bermoqchi bo‘ladi. Tag‘in kulgim qistaydi. Endi u battar g‘azablanmasligi uchun yo‘rg‘alab ketaman. Shu ketgancha ishxonamga — qorong‘i o‘raga qamalib olaman. Kechgacha ko‘rsichqonlar olib kelgan ildizlarni ming chig‘iriqdan o‘tkazib, saralayman. Ko‘rsichqonlar cho‘lning tinim bilmas ishchilari, qum ostiga kirib ketgancha yer qa’ridan eng noyob xazina – shifobaxsh ildizlarni topib chiqadi. Biz ishxona deb atalgan o‘rada o‘tirib ularni saralaymiz va xazinabon ilonning gumashtalariga hisoblab beramiz. Hoynahoy, siz meni badavlat ekan, deb o‘ylayotgandirsiz. Yo‘q, biz ertadan kechgacha ildizlarni saralaymiz xolos. Ishdan qaytishda qo‘limizda ildiz yuqi ham qolmasligi uchun uni yaxshilab yuvamiz. Buni kuzatuvchi chayonlar qat’iy nazorat qiladi.
Uyga yo‘l olganimda yulduzlar charog‘on nur sochayotgan bo‘ladi. Aynan shu paytda cho‘lning haqiqiy hayoti boshlanadi. Saqar nomli bu cho‘lning sahrodan sira farqi yo‘q. Quyosh tikkaga kelgach, jazirama sabab yer yuzida yurib bo‘lmay qoladi. Shu bois choshgohdan beri o‘zini panaga urib, tuproq ostida biqinib yotgan jonzotlar yuzaga chiqadi. Qo‘shoyoqlar raqsi hammani, ayniqsa, yirtqichlarni o‘ziga rom etadi. Ular o‘radan bosh chiqarib atrofga alanglaydi. Xavf yo‘qligini bilgach, sakrab o‘yin tushadi, tag‘in o‘zini o‘raga uradi. Tulki ularni ovlash ilinjida yontoq ortida pusib turadi. Saqar paydo bo‘libdiki, bu manzara hech qachon o‘zgarmaydi. Ba’zan atay nigohimni yerga qadayman. Shunday qilsam, yo‘ldan boshqa hech narsa ko‘rinmaydi, deyman. Ammo ularning harakati ko‘z oldimdan sira ketmaydi. Shunda bugun boshqacha manzarani ko‘rarman, degan umidda atrofga alanglayman. Afsus, xayolimda kechayotgan hodisa hech o‘zgarishsiz voqelikka ko‘chadi. Ana bitta qo‘shoyoq sakrab o‘raga bosh suqdi. Bu tomonda ikkinchisi atrofni kuzata boshladi. Uning chiqishini kutayotgan tulki tumshug‘ini oyoqlari barobar oldinga cho‘zib yer iskadi. U o‘tkir nigohini o‘ljasiga qadab, payt poylamoqda. Tulki ming yillardan beri xuddi shu tarzda ov qiladi. Qo‘shoyoq ham o‘sha zamonlardan buyon shu taqlid o‘ljaga aylangan. Shular haqida o‘ylashim hamon yuragim battar siqadi va: «Bu sahroda ming yilda ham hech narsa o‘zgarmaydi», deya alam bilan tuflayman. Ana shunday kunlarning birida Saqardan bosh olib ketish haqida o‘ylay boshladim…
Saqardan ketish haqidagi o‘yning o‘ziyoq qanchalar zavq berishini bilsangiz edi. Har kuni, har soatda yangi reja tuzar, uni miridan sirigacha tahlil etardim. Rejani pishiq qilib, ketish taraddusiga tushgach, doim bitta savol qarshisida mulzam bo‘laman: Maston-chi?!
Xotinimni o‘zim bilan olib ketishni qanchalik istamay, bu Mastonga yoqmaydi. Avvaliga u ketish haqidagi gaplarimga shunchaki kular, xayolparast ekanimni aytib kinoya qilardi. Keyin, chamasi niyatim jiddiy ekanini fahmlay boshlagach, sal narsaga jahl qiladigan, shu haqida gap ochishim hamon og‘zimga uradigan bo‘ldi. So‘ng Mastonga ketish haqida gapirmay qo‘ydim. Bilib bo‘ladimi, birontasiga gullab qo‘ysa… Shundan so‘ng bu yerdagi hayotim chinakam do‘zaxga aylandi. Axir hayotingni butunlay o‘zgartirishga qodir orzuing bo‘lsa-yu, u haqida hech kimga ayta olmasang, bundan ko‘ra azobliroq tuyg‘u bormi?! Bunday qiynoq ichra ortiq yashay olmayman.
Erta tongda o‘radan chiqdimu, umrimda birinchi marta ishxonamga ters tomonga qarab yo‘l soldim. Shu ketishda xayolimdagi sirli o‘lka, quyuq o‘rmon bilan qoplangan tog‘ etagidagi daryo sohiliga borishga ahd qildim. Manzilga yetib olgach, birinchi nima qilaman? Balki ovozimni baralla qo‘yib tog‘, o‘rmon, daryo, umuman, butun borliqqa salom berarman. Ehtimol, daryo sohiliga to‘shimni bosib qonib-qonib suv icharman. Hozir bu unchalik ahamiyatli emas. Muhimi atrof-javonibni obdon o‘rganish, yashash uchun sharoit yaratib olish. So‘ng meshlarimni daryo suvidan to‘ldirib Saqarga, Mastonni olib ketish uchun qaytaman. Bilaman, bu unga yoqmaydi. Ammo qanday bo‘lmasin, bizni o‘rgimchak to‘riday domiga tortgan sahrodan tashqarida go‘zal hayot borligiga ishontiraman. Hozircha yolg‘iz o‘zim adog‘i ko‘rnimas qum barxanlarini ortda qoldirishim kerak. Ammo Saqarning chegarasi qayerda ekanini bilmayman. Doim uy va ishxona oralig‘ida qatnab umrim o‘tgan. Faqat men emas, barcha saqarliklar qismati shu…
Hamma joylarda bo‘lganiday Saqarning ham o‘z qonunlari bor. Qonunlar hech qayerda yozilmagan, lekin saqarliklar tug‘ilganidan boshlab savqi tabiy o‘sha qoidalar asosida yashaydi. Eng asosiy qonun Saqar haqida gapirmaslik. Hatto bizning Saqar mana bundoq deb maqtash ham mumkin emas. Shunchaki, tulki ov, chumoli don, qo‘shoyoq ildizlar haqida o‘ylashi shart.
Saqar qonunlarini buzganga biron jazo bormi yoki yo‘q — bunisi endi qarong‘u. Aqlimni tanibmanki bironta jonzot qoidaga amal qilmagani uchun ovoza bo‘lgan emas.

* * *

Ketish niyati menda qayerdan, nega paydo bo‘lganini hali-hamon tushunmayman. Ba’zan bu istak qismatimga yozilgan-u, fursat yetib yuragimning tub-tubidan bosh ko‘targanini his etaman. Gohida u menga atalgan tavqi la’nat deb o‘ylayman. Nima bo‘lganda ham ketish istagi kun sayin kuchayib borardi. Qayerga borishni bilmasdim. Ammo toshbaqayu tulkidan, qo‘shoyoq va ilonlardan uzoqqa ketsam bo‘ldi. Xudoga tavakkal deya duch kelgan tomonga yo‘l soldim. Tong havosi chekinib, quyosh Saqarni zabtiga ola boshlaganida uydan ancha olislagan edim. Bu vaqtda sahroda hayot sokinlashadi. Qum qanchalik jizg‘anak qilsa, hayot maromi shuncha susayadi. Tirik jon borki o‘zini o‘raga, o‘simliklar ildizi ostida qazilgan g‘ovaklarga uradi. Faqat kaltakesaklar issiqdan rohat olayotganday dumini sudrab yelib-yuguradi. Chumolilar karvoni tinimsiz yemak tashiydi. Men esa ishxona deb atalgan handaqda kalovlanib vaqt o‘tkazardim. Endi daryo sohilini mo‘ljal qilib ketib borarkanman soyaga ko‘nikkan tanam quyosh tig‘ida achisha boshladi. Bu ham yetmaganday, yo‘limni kaltakesak kesib o‘tdi. U ish vaqtida sang‘ib yurganimni ko‘rib meni kuzatuvchi, deb o‘yladi chog‘i, qo‘rqdi. Aytdim-ku, sahroda hammaning o‘z vazifasi, ish joyi bor. Shu bois ish vaqtida bemaqsad yurishim muqarrar xatardan darak. Ammo kaltakesak zum o‘tmay uni ta’qib qilmayotganimni fahmlab mitti tepalik ustida to‘xtadi. Kallasini adl ko‘tarib bir necha soniya menga tik qarab turardi-da, boshqalarni xatardan ogoh qilmoqchi bo‘lganday qum barxanlari aro g‘oyib bo‘ldi. Tag‘in u ketgan tomonda biroz katta, nigohi o‘tkir kaltakesak paydo bo‘ldi. U o‘zini boshqa tomonga qarab turganday ko‘rsatib meni zimdan kuzatardi. Beixtiyor qadamim sekinladi, yuragimga g‘ulu tushdi. Nahot ular Saqardan ketayotganimni bilib qolgan bo‘lsa?!
…Kaltakesaklardan har nimani kutish mumkin. Ular juda sezgir va sotqin jonzot. Nazarimda kaltakesaklarga saqarliklarni kuzatish vazifasi berilgan. Ishxona va uyim atrofida doim bittasi aylanib yuradi. U ko‘zingizga qarab niyatingizni aytib bera oladi. Mana bu ikkalasi o‘shaning gumashtasi bo‘lsa-chi, degan o‘ydan sarosimaga tushdim. Axir u Saqarni boshiga ko‘tarib dodlagancha qay tomonga yo‘l olganimni aytib berishi hech gap emas. Agar shunday bo‘lsa, o‘ylagan rejalarim chippakka chiqadi. Bunday vaqtda saqarliklardan yaxshilik kutib bo‘lmasligini doim ich-ichimdan his etaman. Ayniqsa, bosh olib ketish haqida o‘ylay boshlaganimdan beri shu hissiyot sira tinchlik bermaydi. Aynan shu qo‘rquv hissi sabab cho‘l qiyofasi o‘zgarib ketdi. Ilgari hech e’tibor bermagan ekanman. Bu yer sahro, undagi jonzotlar jahldor, bir-birini ko‘rarga ko‘zi yo‘q ekan. Hatto beozor ko‘ringan chumolilar ham. Bittasi don topsa, boshqa chumolilar uni o‘rab oladi. So‘ng ular donni tishlab to‘rt tomonga tortqilay boshlaydi. Ular holdan toyguncha talashaveradi. Axiri sillasi qurigach, birdan ahilligi tutib, iniga yo‘l oladi. Yo‘li ham, doni ham bitta bo‘lgan chumolilar nimaga haq talashadi, tushunmasdim. Bilsam, ularni chanqoq, nafsi ochlik shu kuyga solgan ekan. Masalan, qo‘shoyoqlar suv ichishdan butunlay mahrum etilgan. Ular yer kovlab o‘simliklar ildizini kemiradi. Shu bilan qorni ham to‘yadi, chanqog‘i ham bosiladi. Tulki esa uni tutib yeb nafsini qondiradi. Tulki ov uchun bor quvvatini sarflaydi. Qo‘shoyoq nafsi qoniqar darajada ildiz kemirishi uchun muttasil yer kovlaydi. Cho‘l yalqovlarni xushlamaydi. Unda tinimsiz mehnat sabab o‘lmay yashash mumkin. Bunday hayot tarzida orzuga o‘rin yo‘q. Unda faqat ochlik hissi, nafsoniy istak bo‘ladi. Mabodo qo‘shoyoqlar kabi kechki bazmga chiqib ko‘ngilxushlik qilsang, bironta tulkining o‘ljasiga aylanishing hech gap emas. Gohida o‘ylab qolaman: «balki qo‘shoyoqlarga o‘lja bo‘lish topshirig‘i berilgan-u, ular buni zo‘r ishtiyoq ila bajarayotgandir?!»
Hozir bular haqida safsata sotib o‘tirishning vaqti emas. Saqar haqida kamroq o‘ylashim, chalg‘imay yo‘l yurishim kerak. Shunday deymanu, baribir bu yerdan chiqib ketmagunimcha u haqida o‘ylashga mahkumman! Mana, azondan beri qancha yo‘l yurib, uydan ancha olisladim. Ammo hamon Saqarning chegarasi ko‘rinmaydi. Bilishimcha, cho‘l adoqlay boshlagach, uning qiyofasi o‘zgarib borishi, yontoq va saksovullar ko‘proq ko‘zga tashlanishi kerak. Ha, Saqardan narida, yashil o‘lkalarda yomg‘ir ko‘p yog‘adi. Uning namligi Saqarning chekka joylariga ta’sir qiladi, o‘tlar, butalar ko‘proq o‘sadi. Hozir cho‘l markaziga qarab ketayotgandayman. O‘simliklar siyraklashib, tobora ulkan qum barhanlariga duch kelyapman. Boz ustiga boyadan beri kuzatayotgan kaltakesak ham nihoyatda xotirjam, shoshmasdan izma-iz kelyapti. Saqarliklarga chekka hududlarga borish tugul u haqida gapirish ham ta’qiqlangan. Kaltakesak jimgina ergashib kelyaptimi, demak adashganman. Shu o‘y oniy lahzada chaqmoqday yarq etdiyu, yuragim g‘ussaga to‘ldi. Joyimda tek qotgancha atrofni sinchiklab kuzatadim. Biyday cho‘lda hech nimani farqlab bo‘lmasdi. So‘ng shu yaqin oradagi eng baland tepalik tomon yurdim. Uning tepasiga chiqsam, atrof kaftdek ko‘rinadi va qayerda ekanimni, qay tomon yurishimni aniqlab, yo‘lda davom etaman, degan qarorga keldim. Bir nafasda zabt etiladiganday ko‘ringan qumtepaga chiqish azob ekan. Har qadam bosganimda oyog‘im to‘piqqacha qumga botar, uni zo‘rg‘a ko‘tarib oldinga intilardim. Goho oyoq qo‘ygan joyimda qum pastga oqib, sirpanib ketardim. Shunday vaziyatda tutib qolishga biron narsa topilmasdi. Ikki-uch mert pastga sirpanib ketgach, bor kuchim bilan tepaga tirmashaman. Tag‘in shu holat takrorlanadi. Bu azoblarni ortda qoldirib qumtepani zabt etganimda kun peshindan oqqan edi. Tepalik kaftdek tekis, hatto shamolning qumdagi izlari ham deyarli bilinmasdi. Osmonni g‘ubor qoplagan, olis manzillar ko‘rinmas, ko‘z ilg‘agan joygacha past-baland tepalikdan iborat biyday dasht yastanib yotardi. Qancha urinmay, qay tomonga ketayotganimni fahmlay olmasdim. Shu tobda mendan dunyodagi eng og‘ir jazo qaysi, deb so‘rashsa, hech shubhasiz, yo‘lsizlik, deb javob berardim. Saqarning Xudo urgan ming yillik yo‘llari faqat ishxona va uyga olib boradi. Undan boshqa yo‘l yo‘q!
Yo‘lovchi o‘z yo‘lini o‘zi tanlaydi, degan fikrga qo‘shilmayman. Agar shunday bo‘lganida saqarliklar istagan paytda xohlagan tomoniga qarab ketavergan bo‘lardi. Aslida yo‘l bizni tanlaydi. Balki shu tanlov sabab yolg‘iz o‘zim ketish dardiga chalingandirman?! Agar shunday bo‘lsa, sahrodan chiqib ketishim tayin. Mana, ayg‘oqchi kaltakesak ham g‘oyib bo‘ldi. U qumtepaga yaqin ham kelmadi. U uzoqdan jim kuzatib turdi-da, cho‘qqini zabt etishim hamon g‘oyib bo‘ldi. Buni tabiatning ishorasi, deb qabul qildim. Demak, Saqar saxiylik qilib, meni daryoga tortiq etadi. Axir men tanlangan yo‘lovchman! Ha, yo‘l tulki, qo‘shoyoq, ilon yoki chayonni emas, aynan meni tanlagan! Lekin yo‘lning o‘zi qani? Qumtepada o‘tirib, shu haqida o‘ylay ketdim. Ba’zan saqarliklar tongda turib o‘radan bosh chiqarganida tungi dovul yo‘lni qum bilan ko‘mib tashlagan bo‘ladi. Shunda ham hech kim adashmaydi, ish joyini topib boradi. Negaki, o‘sha yo‘l saqarliklarni tanlagan, uning o‘zi sahro fuqarolarini ishdan uyga, uydan ishga boshlab boradi. Madomiki, tanlangan ekanman, yo‘lga ishonishim kerak. Tavakkal qilib oyog‘im tortgan tomonga ketaveraman. Agar qismatimga Saqardan chiqib ketish yozilmaganida edi, tog‘ etagidagi daryo haqida bilmagan bo‘lardim…
Qiziq, o‘rmon, tog‘ va daryo haqida qayerdan bilaman? Axir biz mudom dunyoni Saqardan iborat, deb o‘ylaymiz. Bolalik ertaklari ham faqat sahro, unda yashash ko‘nikmalari haqida. Ular nihoyatda jo‘n, masalan, tulki qaysi yo‘llardan yurib nima ish qilishi, chumolilarning hayot tarzi bayon etilgan. Bu ertaklarni eshitib Saqar qonunlarini o‘zlashtirib olish mumkin, xolos. U o‘zga olamlar haqida hech qanday tasavvur bermaydi. Butun umrim shunday o‘tgan ekan, daryo va tog‘ haqida qayerdan bilaman?!
Qumtepadan tushib boshim oqqan tomonga ketib borarkanman, shular haqida o‘ylardim. Ehtimol, avvalgi hayotimda, tunlar shovullab qo‘shiq aytadigan, kunduzlar quyosh taftidan asrab, jonga huzur beradigan o‘rmon bag‘rida yashagandirman. So‘ng qaysidir gunohim uchun hozirgi hayotimda Saqarga badarg‘a qilingan bo‘lsam-chi?!
Balki gunoh emas, sinov uchun bu yerlarda yurgandirman. Nima bo‘lganda ham bu sirning tagiga yetib bo‘lmaydi. Haqiqatni yolg‘ondan, mavjudlikni sarobdan farqlashim uchun jismonan tetik bo‘lishim zarur. Hozir issiqdan oyog‘im kuyib, boshim qaynayapti. Meshdagi suvning ham tagi ko‘rinib qoldi. To‘rt tomonim biyday cho‘l. Yaqin atrofda hayot alomati sezilmaydi. Demak, yo‘limda bironta quduq borligiga umid qilmasam ham bo‘ladi. Suvni tejash, og‘zimni ochmay, so‘lakni ichga yutib ketaverishim kerak. Mana, nima uchun kaltakesaklar hech qachon gapirmaydi! Og‘zingni ochsang, sahro tanglayingni quritadi. So‘lak bezlari ishlamay qoladi. Tamog‘ing qaqshab suvsizlikdan tinka-madoring quriydi. …Nimalar deyapman?! Yo‘l, daryo va tog‘ haqida o‘ylashim kerak. Axir ular doim ich-ichimda, ko‘nglimning allaqaysi kunjagida yashab kelgan. Ha, aynan shunday! Ichimda hayqirib, toshib oqadigan daryo bor. Sahro saraton kasaliga o‘xshaydi. U ichingga kirdimi asta-sekin butun borlig‘ingni qamrab oladi. Avvaliga shifobaxsh giyohlar, so‘ng ming yillik daraxtlar qovjiraydi. Daryo o‘rni toshloq soyga aylanadi. Odamlarning ichidagi daryosi quriganini bilib olish juda oson. Ularning ko‘ziga qaraganda o‘lik nigohida qo‘rquvni his etasan. Xuddi kaltakesakni ko‘rganday junjikasan.
Ba’zan o‘ylab qolaman, qachonlardir, ehtimol ming yillar avval kaltakesak ham menday odam bo‘lgandir?! U saraton kasalidan qutilish uchun yelib-yugurgan bo‘lsa, ne ajab! Oxir-oqibat Saqar uni ilonday avragan. Ammo hamon o‘sha halovatsizlik tark etmagan. Endi kuning issig‘ida ham dumini sudrab sahro kezadi. U Saqardan bosh olib ketish ishtiyoqida tinim bilmaydi. Anavi kaltakesak ham yo‘l biladi, deb men bilan izma-iz kelgan bo‘lsa-chi?! Qumtepaga chiqqanimni ko‘rib hafsalasi pir bo‘lib, yana dumini sudragancha daryoni axtarib yurgandir?
Bu taxmin rost bo‘lib chiqsa, yo‘l meni tanlagani haqidagi o‘ylarim safsatadan boshqa narsa emas! Madomiki, hamon yo‘lsiz (bu haqida o‘ylashni ham xohlamayman!) ekanman, Saqar meni istaganicha sarson qilyapti. U o‘rgimchak to‘riday tobora domiga tortib boryapti. Demak, kech bo‘lmasdan es-hushimni yig‘ib, yo‘l topishim kerak. Ro‘paramdan chiqqan har qanday jonzotdan yo‘l so‘rayman. Yo‘q. Yo‘lsizlik bois shu yerda yashashga mahkum saqarliklardan yo‘l so‘rash — g‘irt ahmoqlik.
Shu o‘y ko‘nglimdan o‘tishi hamon suvsizlik va yo‘lsizlik butunlay harob qilganini angladim. Kelgan joyimda tek qotib tag‘in atrofga alangladim. Shu on orqamda nimadir osilib turganday, boshim tanam va tumshug‘imga qo‘shilib cho‘zinchoq shaklga kirganday his etdim o‘zimni. Nahotki kaltakesakka aylanib qolgan bo‘lsam, degan fikrdan dahshatga tushdim. Boshimni o‘girib ortimga qarashga ham qo‘rqib qoldim. Oldinda o‘sha giyoh unmas biyday cho‘l, adoqsiz qum uyumlari yastanib yotardi. Yo‘l, Saqarning chegarasidan hech bir belgi ko‘rinmas edi. Endi fikr-yodimni odamlik qiyofam saqlanib qolgan bo‘lsin, degan bir qarashda g‘alati, ammo dahshatli o‘y bilan band edi. Sahroning o‘zgarmas qoidasi, sening orzu-umidlaringga daxl qilish va mana shunday bema’ni o‘ylar bilan xayolingni band etishdan iborat. Aytdim-ku, Saqarda umidga o‘rin yo‘q. Shu bois bahorni yomon ko‘raman. U cho‘lga umid beradi. Unda-bunda unadigan yashil umid! Bu yerda ham hayot bor, deya xitob etib maysalar bosh ko‘taradi. Umid so‘ngsiz azob degani. U doim o‘zi haqida o‘ylashga, butun dunyoni unutishga majbur etadi. Nihoyat, unga yetdim deganingda yana sarob bo‘lib chiqadi. Sahroning bahori ham xuddi shunday. Yomg‘irli kunlar boshlanib, atrofda yashillik ko‘rina boshlagach, quvonasan. So‘ng ikki oyga yetmasdan yomg‘ir bulutlari qorasini o‘chiradi. Keyin to yozgacha sahroni do‘zax olovi qoplaydi. Saraton quyoshi bahor oftobi kabi behol qilmaydi. Tag‘in yana bahor kelishini, yomg‘irni umid bilan kuta boshlaysan. Ha, umid so‘ngsiz azob. Ammo saqarliklar buni tan olmaydi. Hatto Maston ham bu gaplarga ishonmaydi. Ishga borib kelishda menga ro‘baro‘ keladigan qo‘shoyoq va tulkilar, chumoli va toshbaqa haqidagi gaplarim ham unga erish tuyuladi.
Ishdan qaytganimda Mastonga yo‘lda ko‘rganlarim, toshbaqaning jahl qilgani, tulki ovi va sahrodagi boshqa jonzotlar, biz yashaydigan o‘ra haqida aytib beraman. Ba’zan bir xil voqeani takrorlagim kelmay, o‘zimcha nimalarnidir to‘qiyman. Hech bo‘lmasa shu yo‘l bilan cho‘lni o‘zim istagan qiyofada ko‘rgim keladi. Maston esa gaplarimni eshitib, qo‘llarini ikki yonga, boshini orqaga tashlagancha miriqib kuladi. Bir safar u kulgudan o‘zini to‘xta olmay:
– Ajoyib xayolparastsiz, – dedi. – Qanday sahro?! Hech bo‘lmasa qishloq deng. O‘ra emish, tog‘, adir desangiz yarashadi. 13-qavatda yashaymiz-ku! Siz aslida geolog emas, shoir bo‘lishingiz kerak edi.
Oraga og‘ir sukut cho‘kdi. Maston bir muddat homuza tortib turdi-da, birdan savdodan tushgan pullarini esladi. U do‘konni yopishdan avval sanab, charm hamyoniga joylagan pullarni qayta hisob qilishga tushdi. Maston pul sanayotganida uni chalg‘itmaslik uchun nafas ham olmay jim turaman. Uning nozik barmoqlari orasida qog‘oz pullar bir maromda yog‘ayotgan yomg‘ir kabi mayin ovoz chiqaradi. Musiqaday eshitiladigan bu tovush unga huzur bag‘ishlaydi. Nazarimda, u aynan shu paytda barcha dard-hasratini, hatto yetti yildan beri tirnoqqa zor ekanmizni ham unutadi. So‘ng hamyon to‘la pulni bolasiday bag‘riga bosib yotoqxonaga kirib ketadi. U yerda odam bo‘yi barobar temir sandiq bor. Maston top­gan-tutganimizni o‘sha yerda saqlaydi. Ba’zan o‘ylab qolaman, uning yolg‘iz darddoshi shu temir sandiq bo‘lsa kerak…
Tunchiroq yorug‘ida temir sandiqning kalit joyi kaltakesakning og‘ziday xunuk ko‘rinadi. Ikki chetidagi mitti teshikchalar uning ko‘zini eslatadi. Shundanmi, doim kimdir tepamda qarab turganday his etaman o‘zimni.
– «Seyf»ni boshqa xonaga chiqarib qo‘ysak bo‘lardi.
– Ko‘ringan ko‘zga yomon, bu yerga o‘zimizdan boshqa hech kim kirmaydi, – deydi Maston oyda bir kelmaydigan mehmonlarni nazarda tutib. Uning javobidan so‘ng boshqa gap qolmaydi. Ko‘p o‘tmay xaridor chaqiraverib tinkasi qurigan Maston pinakka ketadi. U uxlayotganida ham sahro haqida eshitishni istamayman, deyotganga o‘xshaydi. Men esa allamahalgacha uxlay olmay, nim qarong‘u xonada temir sandiqqa termulib yotaman. Bir mahal uning kalit joyi kengayib, ko‘z qisadi. Yana cho‘l haqida o‘ylayman. Hozir temir sandiq eshigini ochib, Saqar meni domiga tortadiganday tuyuladi. Saqarni eslashim hamon ko‘z oldimga ishxona va uyim o‘rtasidagi yo‘l, chumolilar karvoni, jahldor toshbaqa, qo‘shoyoqlar va ularni poylagan tulki keladi. Keyin bularning baridan qutilish uchun cho‘l oralab uy va ishxonamni ortda qoldirib yuguraman. Shu ketgancha tamog‘im qaqrab, holdan toyguncha yo‘l yuraman. Tag‘in kaltakesak yo‘limni kesib o‘tadi. Birdan sergak tortaman. Yana ming bir azob bilan o‘sha qumtepani zabt etaman. Kaftday tekis tepalikda chordona qurib, goh saqarliklarni ergashtirib, ba’zan ular ortidan xalloslab o‘tgan o‘ttiz uch yillik umrimda ilk bor halovat tuyaman va olis-olislarga termulaman. Ayni chog‘ ko‘z ilg‘amas manzilda shovullayotgan o‘rmon tovushini eshitaman. Bu vaqtda shamol oyoq izlarni o‘chirgan, Saqar kengliklari aro yastanib yotgan qum barhanlari daryoday jilva qilardi…

044

(Tashriflar: umumiy 133, bugungi 1)

Izoh qoldiring