Sabohiddin Ali. Ikki hikoya: Baxtli laycha & Qo’ylar masali

10125 февраль — Турк адабиётининг энг ёрқин вакилларидан Сабаҳиддин Али (1907—1948) туғилган кун

Бир замонлар катта-катта дарахтлар тарвақайлаб ўсган бепоён бир ўрмоннинг ёқасидаги ўтлоқда қўйлар яшар экан. Уларни бир чўпон билан кўппаклар қўриқлар экан.

С А Б О Ҳ И Д Д И Н   А Л И
ИККИ ҲИКОЯ


033Сабоҳаддин Али (Sabahattin Ali) 1907 йил 25 февралда Болгариянинг Карджали шаҳрида туғилган. Бошланғич таълимини Ускударда олгандан сўнг Чаноққалъада ўрта мактабни тамомлаган. Олий таълимини Баликесир муаллимлар мактабида олган.
Сабоҳаддин 1928 йилда Таълим вазирлигининг стипендияси билан Германияга боради. 1930 йили ватанига қайтган адиб Кўнияда адабиёт муаллими сифатида ишлай бошлайди. Илк ҳикояси “Ой” журналида чоп қилинади.
У Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатуркни ҳақорат қилганликда абланиб, ҳибсга олинади (1932). Республиканинг ўн йиллиги муносабати билан қамоқдан озод қилинади (1933 йил 29 октябрь). У ўзининг ватанга ва мамлакат асосчисига содиқлигини исботлаш мақсадида “Борлиқ” журналининг 1934 йил 15-январь сонида “Менинг муҳаббатим” номли Мустафо Камол Отатуркка бағишланган шеърини чоп қилдиради. Шундан кейин у халқ таълими тизимида ишлашга рухсат олади.
Дастлаб, Анқара мусиқа мактабида турк тили ўқитувчиси, кейин давлат консерваториясида таржимон, ўқитувчи ва драматург сифатида ишлайди. 1945 йилдан “Янги дунё” газетасида, 1946 йилдан “Марко Пошо” газеталарида сиёсий-танқидий мақолалар ёза бошлайди. 1948 йилда “Занжирланган Ҳуррият” газетасидаги мақоласи учун жиноий жавобгарликка тортилади.
Сабоҳаддин Али доимий таъқиблардан безиб, чет элга чиқиб кетмоқчи бўлади. Чегарада қўлга олиниб, маҳфий равишда ўлдирилади. Унинг жасади ўлдирилганидан икки ярим ой кейин топилади. Адибнинг “Тегирмон”, “Овоз”, “Янги дунё”, “Ойнаванд кўшк” ҳикоялар китоби; “Куюжаклик Юсуф”, “Ичимиздаги шайтон”, “Мўйнали Мадонна” романлари; “Тоғлар ва шамол” номли шеър китоби нашр қилинган.


БАХТЛИ ЛАЙЧА
Расул Раҳмонов таржимаси

Нега мен доим фақат қайғули ҳодисалар ҳақида ёзаман? Менинг сезгир ўртоқларим бундан доим норозилар. «Наҳотки қайғу ва ёмонликдан бошқа нарсани кўрмасанг? — деб сўрашади улар мендан. — Наҳотки доимо оч-яланғочлар, дардманд ва жафокашлар ҳақида ёзсанг? Наҳотки кечки газета сотувчи, кўчаларда папирос қолдиқларини териб юрувчи уй-жойсиз болалар, бир қарич ер ёки бир қултум сув учун бир-бирларини ўлдиришга тайёр турган қашшоқ деҳқонлар ҳаётидан ёзасан; қамоқхоналарда руҳлари аста-секин кемирила-кемирила эриб бораётган тутқинлар; ҳеч қандай доктор тополмай вақтсиз жон бераётган беморлар ҳамда ҳаққини ололмаганлару адолатсизликдан бошқани кўрмасанг? Наҳотки бошқа ёзадиган бир нарса тополмасанг? Наҳотки дунёда биронта ҳам гўзал ва ёқимли нарса қолмаган бўлса? Нега ҳамма қаҳрамонларингнинг ранглари сомон, қалблари қайғудан пора-пора бўлган? Наҳотки мамлакатимизда биронта ҳам бахтли, юзи кулган киши топилмаса?»

Нега йўқ бўлар экан? Яхшилаб қидирилса топилади. Узоқ қишлоқларга, шаҳар чеккаларига бориб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Ҳамма нарса равшан, ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турибди…

Бизда фақат қувноқ ва бахтли кишиларгина эмас, ҳатто бахтли итлар ҳам бор. Шунлнг учун ҳам бу гал очлик, азоб-уқубат, ғазаб ва нафрат тўғрисида эмас, балки мамнун турмуш, тўқлик ва муҳаббат ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Шаҳарнинг биз яшайдиган қисмидаги кўчалар кенг ва асфальт қилинган; йўлнинг икки четидаги пакана қарағайлар кам соя бўлса ҳам кўчаларни безаб туради. Бундай қарағайнинг ҳар тупини ўстириш бир камбағал боласини мактабда ўқитиб одам қилишдан ҳам қимматга тушади.

Ҳар куни эрталаб йўл четидаги йўлакларда нафис кийимлар кийган ёш оналар қип-қизил юзларида мамнунлик акс этган семиз болаларини безатилган аравачаларга солиб сайр қилиб юрадилар. Аравачалардаги ипак кўрпачалар устида ранг-баранг ўйинчоқлар ётади. Улар шунчалик кўпки, болалар қайси бирини олиб ўйнашни билишмайди: гоҳ шақилдоқни олиб силкитишади, гоҳ карнайчани оғизларига тутишади. Аравачалар ёнида каттароқ болалар ҳам қадам ташлашади. Улар жингалак сочларини силкиб, оналарига нималарнидир ҳикоя қилишади. Ёш оналар бир-бирлари билан ҳузур қилиб гаплашиб қолишса, болаларга озода кийинган мураббиялар қараб туришади.

Кичкинагина боғчадаги қум устида пақирча ва куракчалар кўтарган кичкинагина болалар ивирсиб юришади: улар ариқчалар қазишади, сарой қуришади, сўнг митти муштлари билан бир уриб, бузиб ташлашади. Нарироқда чет тилда ёзилган бир китоб ўқиётган оқ панамали мураббия ўтиради. Кенг рўмол ўраб олган кекса бир хоним йиғлаётган набирасини овутади. Яна бир скамейкада уч-тўрт чиройликкина хотин нимадир тўқиб, таниш-билишларининг ғийбатини қилиб ўтиришади. Ҳамма ёқда нур, ҳамма ёқда хотиржамлик.

Аммо ҳаммасининг юзида қандайдир сиқилиш, зерикиш аломатлари яққол сезилиб турарди. Бу кишиларнинг вужудларини қўл билан тутиб бўлмайдиган жуда нозик, мубҳам сир пардаси маҳкам ўраб олган; уларни сира йиртилмайдиган бир тўр сингари қамраб олган бу парда. Зерикиш шундай нозик эдики, уни дарров пайқаб олишга қийналади киши. Аммо астойдил тикилиб қарасангиз, бу зерикишнинг маъносини, уларнинг бепарво, совуққина боқишларидан, қуруқ ясама кулгиларидан уқиб оласиз. Қўринишда улар бир-бирларининг сўзларини, ҳатто ўзлари гапираётган сўзларни ҳам эшитмаётганга ўхшаб кўринадилар. Фикрлари қаерлардадир кезиб юради. Тўғрироғи, фикр деган нарсанинг ўзи уларга ёт, лекин улар бунинг учун ғам емайдилар. Хурсанд бўлмасалар ҳам кулаверадилар, ҳаётдан мамнун бўлмаганлари ҳолда, унинг заррача ўзгаришини истамайдилар.

Ҳар куни эрталаб бир ёш йигит, жигар ранг мовутдан қилинган камзулининг барча тугмаларини қадаб, юришига қараганда бирон бой хонадоннинг малайи ёки хизматкори бўлса керак, ғурур билан, кеккайиб, кичкина бир лайчани сайр қилдириб юрар эди. Сахтиёндан ўрилган бўйинбоғ тақилган, тизимчага боғланган, бўйи бир қарич келадиган дум-думалоқ лайча майда қадам ташлаб, тез-тез юриб боради. Унинг оч жигар ранг шалпанг қулоқлари ергача осилиб тушган.

Малай қадамини лайчанинг қадамига мослаб босади. Агар ит бир оз тўхтаб тургиси келса, у кутиб туради, ит илгари юргиси келгандагина у ҳам юра бошлайди.

Совуқ кундарда, намгарчиликларда лайчага четларига тўқ ҳаво ранг жияк тутилган оч жигар ранг мовут нимча кийгизиб қўйишади. Тоза нимча итнинг устини яхшилаб бекитади, оёкларини ўраб, қорнидан тугмачалаб қўйилади. Нимчани чевар машиначи тиккани кўриниб туради. Лайчанинг юнглари ҳам яхшилаб тозаланган, ялтираб туради.

Лайча ёзилиш учун дарахтнинг тагига борар экан, тоғни талқон қилгудай бақувват малай бекасининг эркаси бўлмиш лайча ҳожатини битказгунча ҳурмат билан кутиб туради. Сўнг улар яна гердайиб, аста-секин олға кетишади.

Нимчали лайча бошқа итларнинг вовиллашига жавоб қайтармасди. Ҳатто эгаси ечиб юборган бирор баҳайбат ит бурда-бурда қилиб ташламоқчи бўлиб, даҳшат билан унга қараб югурган вақтда ҳам, лайча бепарво кета беради: чунки уни малай қўриқлайди. Биладики, бақириб-чақириб депсиниб, бегона итни ҳайдайди. Агар бир нечта бегона ит бирданига ташланиб қолса, малай хўжасининг эркасини қўлига кўтариб олиб, чанг бўлган юнгларини авайлаб артади, шундай пайтларда қарасангиз унинг кўзларидан: «Лайчага ҳеч нарса қилмаганмикин?»— деб ҳаяжонланаётганини кўрасиз. Малай унинг ҳамма ёғини силаб-сийпалаб кўрар экан, ҳеч қандай хавф-хатар йўқлигига ишонган лайча думини ликиллатиб, яланиб, пастга қараб туради.

Бир куни мен бу малайни гўшт дўконида учратиб қолдим. У қанорага осиб қўйилган гўштларга узоқ тикилиб турди-да, охири қўзичоқнинг ичак-чавоқларини тортиб беришни сўради.

— Ҳеч тушунолмайман,— деди малай қайтарилган пулни санар экан,— нега қўйнинг жигарини алоҳида сотмайсизлар? Ахир лайчамиз бунинг на ўпкасини, на юрагини ейди. Жигарни ҳам доим қайнатиб берамиз. Агар жигарга озгина ўпка қўшсакчи, оғзига ҳам олмайди. Қорнига ёқмайди, дейишади. Яқинда мол доктори келиб, шундай деб кетди. Уни қаранг, қизиқ, ҳайвон бўлганда ҳам қандоғ денг, бало-я! Тавба! Ҳай, сенга нима бўлди, эшитяпсанми?— деди малай ичак-чавоқларни қоғозга ўрай деб турган болага қараб. — Жигарини ўрасанг бўлади, қолганини ташлаб юбор!

Кейин малай харид қилган нарсасини олиб чиқиб кетди…

Иккинчи марта мен уни хушбўй гуллар чамандай очилиб ётган катта боғнинг дарвозаси олдида кўрдим. У тивит одеялда бир нарсани кўтарганча ҳашаматли бир машинага чиқаётганди. Одеял ичида нимадир ғивирлаётганини ва аллақандай ғалати овоз чиқаётганини эшитиб, сабрим чидамай сўрадим:

— Нима бўлди? Лайчага бир нарса бўлдими?
— Йўқ,— деди малай менга бошдан-оёқ разм соларкан гердайиб. — Худо сақласин, ҳеч нарса бўлгани йўқ!.. У бугун уч-тўрт марта йўталди. Баъзи-баъзида ўзи шунақа йўталади, лекин бекам хавотир оляптилар. Докторга кўрсатиб келай-чи,— деди.

Ундан кейин, лайчанинг бирон жойи машинага тегиб озор тортмасин, деб эҳтиёт билан машинага миниб тезлик билан жўнаб кетди. Ўтган куни малайни ўша кенг боққа кириб кетаётган жойида учратдим. У, тумшуқлари узунчоқ, ўсиқ оқ юнгли кучукни етаклаб борарди. Унинг ёнида худди ўшанақа жигар ранг мовут костюм кийган яиа бир малай ҳам бор эди.

— Нима бўлди? — деб қизиқиб сўрадим,— лайчани айрибош қилдингизми?

Бир неча кун илгари итнинг соғлигини сўраганим эсида бўлмаса керак, малай менга яна нафрат билан бошдан-оёқ разм солиб чиқди, лекин гапимни жавобсиз қолдирмади:

— Йўқ-э! Лайчамиз боғда ётибди. Эшитмаяпсанми, будкадан товуши келяпти-ку?

Беканинг катта ва ҳашаматли уйидан бир оз нарида катталиги боғбоннинг уйидек келадиган шинамгина, маъдан ранглик будка турарди.

Ундан ора-сира итнинг вовиллаётгани эшитиларди.

Мен ажабланиб сўрадим: — Бу қандай бўлди? Ахир лайчаларингиз сира вовилламасди-ку?

— Э… э… — деди малай, — вовиллашининг жони бор, зерикибди, кўнгли қанжиқ истайди, типирчилаб қолди,— деб жавоб берди.—Бекамиз дарров машина билан докторга одам юборди…

Мен… жониворларни жуда яхши кўраман! Ҳамма жониворларни ҳам яхши кўраман, мен ҳамманинг тиич ва бахтли ҳаёт кечиришини истайман. Шунинг учун бирорта бахтли лайчани кўриб қолгудай бўлсам ҳам қувончим қалбимга сиғмай кетади. Ахир мен нуқул қайғули нарсалар ҳақида ёзиш учун туғилган эмасман-ку. Қалбим ёқимли, қувноқ ва хушчақчақ нарсалар ҳақида ёзиш иштиёқи билан жўш уради. Агар ҳамма одамлар ана шу бахтли лайча кечираётган ҳаётнинг, жуда бўлмаганда, ўндан бирига эга бўлганларида эди, сўз бериб айтаманки, бундан сўнг битта ҳам қайғули ҳикоя ёзмас эдим!

Қ Ў Й Л АР  М А С А Л И
Раҳматулла Обидхўжаев таржимаси

Бир замонлар катта-катта дарахтлар тарвақайлаб ўсган бепоён бир ўрмоннинг ёқасидаги ўтлоқда қўйлар яшар экан. Уларни бир чўпон билан кўппаклар қўриқлар экан.

Ўтлоқда ҳамиша барра ўтлар гуркираб ўсиб ётар, ўрмон ёқасидаги ариқда эса  муздай, тоза сув шилдираб оқиб тураркан. Қўйлар ёзги жазирамада қалин япроқли дарахтлар соясида ётар, совуқларда эса катта бир моғорага кириб изғириндан сақланар экан.

Аммо қўйлар ўз турмушларидан хурсанд эмас эканлар. Уларнинг чўпондан шикоятлари бор экан. Соқолига оқ оралай бошлаган бу одам эртадан кечга қадар бир дўнг ерда ялпайиб ухлаб ётар, хушига келса найини чалиб қўяр, ора-сира уйғониб, кўппакларга бақириб қўяр, сўнг яна уйқуга толар экан. Совлиқларнинг сутини соғиб, қорнига сиққанини ичар, қолганини сотар, кўнглига ёққан қўзини сўйиб кабоб қилар, ёки бирор қўйни бўғизлаб, қишга қовурма ҳозирлар экан. Икки-уч ҳафтада бир келган жаллобга энг семиз қўй-қўзиларни сотар, сўнг яна ётиб ухлашга тушаркан. Бу жаллобнинг қўлига тушган, охири қассобга боражакларини билган қўйлар кўзларига қон тўлган жаллоб ҳар кўринганда қўрқувдан дағ-дағ титрашар, бир-бирларига суқулишар, қаршилик кўрсатишга ақллари ҳам, журъатлари ҳам етмас экан. Нимаям қилсинлар? Бу дунёнинг бўлган-тургани шу бўлса, чидашдан бошқа иложимиз йўқ деб ўйлашаркан улар.

Аммо қўйлар орасида бу ишга бир оз ақл юритиб қарайдиганлар, бир кун эмас бир кун пичоқ тагига ётмоқ қўрқуви билан яшагандан кўра бу ишга тамомила хотима беришни истаганлар ҳам топилибди, кундан-кунга уларнинг сони кўпая борибди…

Кунлардан бир кун бутун сурув ҳар кунгидай ўтлаб юрганда ораларидан довюрак бир қўчқор отилиб чиқибди-да, бора солиб, бутун кучи билан чўпоннинг қорнига калла қилибди. Чўпон унинг кетидан қувиб, кўппаклар ёрдами билан тутиб келибди ва бир дарахтга маҳкам чирмаб қўйибди. Кейин жаллоб келганида бу осий жониворни унга бериб юборибди,  аммо бу ҳол бошқа шерикларининг кўзини очибди. «Барибир қассобнинг қўлига тушадиган бўлгандан кейин, бугун нима-ю, эрта нима!» деб чўпонни калла қиладиган қўйларнинг сони кундан-кун ортиб борибди.

Йўқ, дўстларим, сиз қўйларни қўрқоқ деб ўйламанг. Уларнинг ичида ҳам не-не қўчқорлар, не-не азаматлар бор. Ахир дунё яратилгандан буён қўйлар  фақат чўпону  кўппаклар билан яшаган эмас-ку! Улар ҳам бир замонлар қассобдан, жаллобдан, кўппакдан хабарсиз, ейдиганларини ўзлари топиб еб, душманларини тошдай қаттиқ шохлари билан уриб, тирқиратиб қувган қавмдан  бўлганлар-ку.

Аммо уларнинг ёғлиқ гўштига кўз тикканлар, сутидан мой ва пишлоқ пишириб, терисидан пўстин ва чориқ кийганлар, агар чўпонсиз яшасанглар, бўри ва қузғунларга ем бўласизлар, очликдан ўласизлар, деб уларни ишонтирганлар. Шундай қилиб, замон ўтиши билан қўйлар ҳам ўз шохларига, куч-қувватларига ишонмайдиган бўлиб қолибдилар. Чўпоннинг уринишлари, йиртқичлардан қўриқлаши бизнинг юмшоқ гўштимиз учун эмас, қора кўзларимиз учун деб ишона бошлашибди.

Аммо, ҳали айтганимиздай, охири ювош-ювош қўйларнинг ақли ўзгара бошлабди. Чўпонлар ҳам кундан кунга ялқов бўла берибди. Айниқса, мана шу энг кейингиси ўтакетган иш ёқмас экан. Кайфидан, роҳатидан бошқани билмас, сурувга йиртқич ҳайвонлар ҳужум қилса эски чўпонлардай таёғини қўлига олиб кўппаклари ёрдами билан уларни қувиб юбориш ўрнига, бир неча қўйнинг баҳридан кечиб қўя қолар экан.

Кунлардан бирида  ўрмондаги йиртқич ҳайвонлар бир-бирини ғажий бошлабди. Чунки ўша йили қиш жуда қаттиқ келган экан, бўрилар, айиқлар ейдиган овқат тополмай оч қолган эканлар. Уларнинг улиганлари, ўкирганлари қўйлар яшаган ўтлоққа қадар эшитилибди, шунда қўйлар билан баробар чўпон ҳам дир-дир титрабди. Бу орада ўрмондаги ғавғодан яраланиб қочган ёки очликдан ҳоли забун бўлганидан қонли ғавғога қатнаша олмаган бир гала ориқ бўри ўрмон ёқасига келибди. Улар қўрқувдан таёқдай қотган қўйларни кўриб: «Авжи излаганимиз ана шу эди!» дея олдинга ташланишибди. Аммо йиртқичларнинг катта очилган оғизлари билан қизил тилларини ва ўткир тишларини кўрган қўйлар ўзларини-ўзлари ҳимоя қилмасалар бўлмаслигини англабдилар. Кўппаклар ҳам қўйлардан ажрасалар оч қолажакларини тушуниб, ғайратга келибдилар ва ғаммалари баробар оч бўриларга қараб югурибдилар. Қўчқорлар бошларини қуйи эгиб каттакон шохларини ўқталганча йиртқичлар устига ташланаркан, кўппаклар ҳам вовиллаб, шовқин-сурон кўтаришибди. Дармонсизликдан зўр-базўр оёқда турган оч бўриларнинг баъзилари яна ўрмонга қочиб кетибди, қолганлари эса ўлиб ерга чўзилиб қолибди.

Бу сирада яширинган еридан чиққан чўпон яна таёғини боши устида айлантириб, суру бошига кела бошлаган экан, қўйлар ақлларини бошларига тўплабдилар. Қассобни, жаллобни эслабдилар. Кўппаклар ҳам унинг калтагидан қутулиш ва қўйлар билан яккама-якка қолишга қарор қилибдилар. Ҳаммалари бирликда чўпон устига югурибдилар. Қўрқоқ чўпон қочиб жонини зўрға қутқарибди. Шу-шу қайтиб сира қорасини кўрсатмабди.

Бу ғавғода ҳаммадан кўпроқ кўппаклар ютиб чиқибди. Улар ҳам ўтлоқда чўзилиб қолган бўриларнинг ўлигини, ҳамда улар  билан олишувда ҳалок бўлган беш-ўн қўйни еб, кучга тўлишибди. Думларини ликиллатиб, қипқизил узун тиллари билан тумшуқларини ялаб, ўртада талашмоққа, «Кўрдингларми, сизларни бўрилардан ҳам, чўпондан ҳам қутқардик!» дея қўйларга мақтанмоққа бошлабдилар. Вақт ўтиши билан тобора уларнинг димоғи кўтарила борибди; кўппакларни  кўппак қилган чўпон қўрқувси экан, энди улар жуда ҳаддан оша бошлабдилар. Вовиллаган сари ўз овозларига ўзлари маст бўлармишлар. «Кўппакларни ғайратга келтирган, бўриларни қўрқитиб қочирган мана шу овоз бўлади-да!» дея тобора қаттиқ увлай бошлабдилар. Аста-секин уларнинг миясида, биз жуда асл зотлармиз, деган фикр туғилибди. Ростакам олишувда бир гала йиртқични вовиллаб қувиб юборган эканмиз, демак биз оддий ит эмасмиз, деб ишона бошлашибди. «Кўппак нима деган гап? Биз ҳам асли бўри зотидан эмасмизми?» деб гердайишибди.

Секин-секин бу фикр мияларини чулғаб олибди. Қўйларга тепадан қарай бошлабдилар. Бир марта қўй гўштини татиб кўриб, мазасига тушуниб қолганлари учун панароқ ерларда учраган қўзиларни бўғизлайдиган, ҳатто сурувдан сал ажраган катта-катта қўйларга ҳам ҳужум қиладиган бўлишибди. «Ота-боболари ўрмонларга ҳоким бўлган биздай қаҳрамонларнинг бир гала қўрқоқ қўйни қўриқлаб юриши нима деган гап?» дея ғурурланиб, яна ваҳший ўрмонлардаги салтанатли кунларини қўмсай бошлабдилар.

Шундай қилиб, итлик ғурурлари ортган сари қўйлар кўзларига ғариб кўрина бошлабди. Булар фақат гўштини еб сутини ичиладиган маҳлуқлар-да, дейишибди.

«Биз вовиллаб, ғайратга киргизмаганимизда бу аҳмоқлар шохларини ишга ҳам сололмасдилар,— дейишибди кўппаклар.— Ёнгинамиздаги каттакон ўрмонда бизнинг уруғ-аймоқларимиз бўлган бўрилар, ҳатто арзимаган таги паст қашқирлар ҳукмрои бўлганда бизнинг бу ерларда қўзичоқдай мўмин бўлиб юраверишимиз айб-а, жуда айб…»

Кўппаклардан қутулиш чўпондан қутулгандай осон эмас экан. Буларнинг ҳам сони кўп, ҳам тиши ўткир. Бунинг усгига, агар ўртада сал низо чиқса фурсатдан фойдаланиб, кўппаклар уч-беш қўйни ғажиб ташлар эканлар. Шунинг учун қўйлар ишнинг пироварди нима бўлар экан деб кутар, чўпонни қувиб юборганлари каби бу кўппакларни ҳам даф этишга нечукдир юраклари дов бермас экан. Бироқ  талтайган кўппаклар охири ўзларининг ҳам, қўйларнинг ҳам бошига бало келтирибдилар. Бир куни улар эс-ҳушларини тамом йўқотиб, ўрмонни забт этишга қарор қилибдилар. Бу ишни ёлғиз ўзлари уддалай олмасликларини билганлари учун қўйларни ҳам судрабдилар: «Сизлар шохингиз билан йўл очиб боринглар, қаршингиздан чиққанини сузиб ташланглар, биз ҳам атрофингизда вовиллаб, сизларга  жасорат бериб борамиз!» дебдилар. Бу режа  яхшиликка олиб бормайди деганларни ва бўйсунишни истамаганларни: «Олчоқ, қўрқоқ, муттаҳам, хоин! Сен биз каби томирида асл бўри қони оқиб турган кўппаклар билан бирга яшашга лойиқ эмассан!» дея бурда-бурда қилиб… зўр иштаҳа билан ебдилар.

Бироқ ўрмон ёқасидан чакалакка етмасларидан, тўрт тарафдан бўрилар, айиқлар, қоплонлар, ҳатто сиртлонлару қашқирлар улар устига ёпирилибди. Кўппакларнипг вовиллаши дарахтлар учига етмасдан бўғилибди; қўйларнинг қайноқ қони ердаги япроқлар орасидан дарё бўлиб оқибди.

Хасталиги ёки қарилиги туфайли бу сафарга қатнашолмаган тўрт-беш қўй билан бир гала қўзилар ўтлоқ чеккасидаги моғорада яшириниб, бир-бирларининг пинжига суқилибдилар, ўрмондан келган аччиқ дод-фарёд, юракни пораловчи маърашлар, умидсиз вовиллашларни тинглаб, улар бир-бирларининг юзига боқибдилар, ўрмонни забт этмоққа кетган кўппаклар билан улар зўрлаб қирғинга ҳайдаб борган қўйларнинг бошига нималар тушганини англабдилар.

Ораларидаги икки кекса қўчқор оғир-оғир қадам ташлаб, моғора оғзига қараб юрибди, забт сафарига бормай, қўй-қўзиларни қўриқлаб турган икки ярадор кўппакка яқинлашибди. Бундан қўрқиб, шошқин-шошқин увлаган итларни ҳали қувватини бус-бутун йўқотмаган шохларига илиб кўтариб, дарёга улоқтирибди. Сўнгра улар моғорадаги қўзиларга қараб шундай дебди:

«Бу дунёда чўпонсиз ҳам, кўппакларсиз ҳам яшаш мумкин экан. Аммо буни англамоқ учун ҳар сафар бу қадар қонли қурбонлар бераверадиган бўлсак, оз вақтда бутун наслимиз қурийди. Энди сизлар кўзларингни очинглар, бундан кейин яна бошларингга итлар, ўзларини бўри деб санаган мақтанчоқ итлар қайтиб келгудай бўлса, сурувни йиртқичларга пора-пора қилдиришларини кутиб ўтирмай, уларни даф этмоққа ҳаракат қилинглар!»

25 fevral — Turk adabiyotining eng yorqin vakillaridan Sabahiddin Ali (1907—1948) tug‘ilgan kun

Bir zamonlar katta-katta daraxtlar tarvaqaylab o‘sgan bepoyon bir o‘rmonning yoqasidagi o‘tloqda qo‘ylar yashar ekan. Ularni bir cho‘pon bilan ko‘ppaklar qo‘riqlar ekan.

S A B O H I D D I N   A L I
IKKI HIKOYA


Sabohaddin Ali (Sabahattin Ali) 1907 yil 25 fevralda Bolgariyaning Kardjali shahrida tug‘ilgan. Boshlang‘ich ta’limini Uskudarda olgandan so‘ng Chanoqqal’ada o‘rta maktabni tamomlagan. Oliy ta’limini Balikesir muallimlar maktabida olgan.
Sabohaddin 1928 yilda Ta’lim vazirligining stipendiyasi bilan Germaniyaga boradi. 1930 yili vataniga qaytgan adib Ko‘niyada adabiyot muallimi sifatida ishlay boshlaydi. Ilk hikoyasi “Oy” jurnalida chop qilinadi.
U Turkiya Respublikasining asoschisi Mustafo Kamol Otaturkni haqorat qilganlikda ablanib, hibsga olinadi (1932). Respublikaning o‘n yilligi munosabati bilan qamoqdan ozod qilinadi (1933 yil 29 oktyabr). U o‘zining vatanga va mamlakat asoschisiga sodiqligini isbotlash maqsadida “Borliq” jurnalining 1934 yil 15-yanvar sonida “Mening muhabbatim” nomli Mustafo Kamol Otaturkka bag‘ishlangan she’rini chop qildiradi. Shundan keyin u xalq ta’limi tizimida ishlashga ruxsat oladi.
Dastlab, Anqara musiqa maktabida turk tili o‘qituvchisi, keyin davlat konservatoriyasida tarjimon, o‘qituvchi va dramaturg sifatida ishlaydi. 1945 yildan “Yangi dunyo” gazetasida, 1946 yildan “Marko Posho” gazetalarida siyosiy-tanqidiy maqolalar yoza boshlaydi. 1948 yilda “Zanjirlangan Hurriyat” gazetasidagi maqolasi uchun jinoiy javobgarlikka tortiladi.
Sabohaddin Ali doimiy ta’qiblardan bezib, chet elga chiqib ketmoqchi bo‘ladi. Chegarada qo‘lga olinib, mahfiy ravishda o‘ldiriladi. Uning jasadi o‘ldirilganidan ikki yarim oy keyin topiladi. Adibning “Tegirmon”, “Ovoz”, “Yangi dunyo”, “Oynavand ko‘shk” hikoyalar kitobi; “Kuyujaklik Yusuf”, “Ichimizdagi shayton”, “Mo‘ynali Madonna” romanlari; “Tog‘lar va shamol” nomli she’r kitobi nashr qilingan.


BAXTLI LAYCHA
Rasul Rahmonov tarjimasi

Nega men doim faqat qayg‘uli hodisalar haqida yozaman? Mening sezgir o‘rtoqlarim bundan doim norozilar. «Nahotki qayg‘u va yomonlikdan boshqa narsani ko‘rmasang? — deb so‘rashadi ular mendan. — Nahotki doimo och-yalang‘ochlar, dardmand va jafokashlar haqida yozsang? Nahotki kechki gazeta sotuvchi, ko‘chalarda papiros qoldiqlarini terib yuruvchi uy-joysiz bolalar, bir qarich yer yoki bir qultum suv uchun bir-birlarini o‘ldirishga tayyor turgan qashshoq dehqonlar hayotidan yozasan; qamoqxonalarda ruhlari asta-sekin kemirila-kemirila erib borayotgan tutqinlar; hech qanday doktor topolmay vaqtsiz jon berayotgan bemorlar hamda haqqini ololmaganlaru adolatsizlikdan boshqani ko‘rmasang? Nahotki boshqa yozadigan bir narsa topolmasang? Nahotki dunyoda bironta ham go‘zal va yoqimli narsa qolmagan bo‘lsa? Nega hamma qahramonlaringning ranglari somon, qalblari qayg‘udan pora-pora bo‘lgan? Nahotki mamlakatimizda bironta ham baxtli, yuzi kulgan kishi topilmasa?»

Nega yo‘q bo‘lar ekan? Yaxshilab qidirilsa topiladi. Uzoq qishloqlarga, shahar chekkalariga borib o‘tirishning ham hojati yo‘q. Hamma narsa ravshan, hammasi ochiq-oydin ko‘rinib turibdi…

Bizda faqat quvnoq va baxtli kishilargina emas, hatto baxtli itlar ham bor. Shunlng uchun ham bu gal ochlik, azob-uqubat, g‘azab va nafrat to‘g‘risida emas, balki mamnun turmush, to‘qlik va muhabbat haqida yozishga qaror qildim.

Shaharning biz yashaydigan qismidagi ko‘chalar keng va asfalt qilingan; yo‘lning ikki chetidagi pakana qarag‘aylar kam soya bo‘lsa ham ko‘chalarni bezab turadi. Bunday qarag‘ayning har tupini o‘stirish bir kambag‘al bolasini maktabda o‘qitib odam qilishdan ham qimmatga tushadi.

Har kuni ertalab yo‘l chetidagi yo‘laklarda nafis kiyimlar kiygan yosh onalar qip-qizil yuzlarida mamnunlik aks etgan semiz bolalarini bezatilgan aravachalarga solib sayr qilib yuradilar. Aravachalardagi ipak ko‘rpachalar ustida rang-barang o‘yinchoqlar yotadi. Ular shunchalik ko‘pki, bolalar qaysi birini olib o‘ynashni bilishmaydi: goh shaqildoqni olib silkitishadi, goh karnaychani og‘izlariga tutishadi. Aravachalar yonida kattaroq bolalar ham qadam tashlashadi. Ular jingalak sochlarini silkib, onalariga nimalarnidir hikoya qilishadi. Yosh onalar bir-birlari bilan huzur qilib gaplashib qolishsa, bolalarga ozoda kiyingan murabbiyalar qarab turishadi.

Kichkinagina bog‘chadagi qum ustida paqircha va kurakchalar ko‘targan kichkinagina bolalar ivirsib yurishadi: ular ariqchalar qazishadi, saroy qurishadi, so‘ng mitti mushtlari bilan bir urib, buzib tashlashadi. Nariroqda chet tilda yozilgan bir kitob o‘qiyotgan oq panamali murabbiya o‘tiradi. Keng ro‘mol o‘rab olgan keksa bir xonim yig‘layotgan nabirasini ovutadi. Yana bir skameykada uch-to‘rt chiroylikkina xotin nimadir to‘qib, tanish-bilishlarining g‘iybatini qilib o‘tirishadi. Hamma yoqda nur, hamma yoqda xotirjamlik.

Ammo hammasining yuzida qandaydir siqilish, zerikish alomatlari yaqqol sezilib turardi. Bu kishilarning vujudlarini qo‘l bilan tutib bo‘lmaydigan juda nozik, mubham sir pardasi mahkam o‘rab olgan; ularni sira yirtilmaydigan bir to‘r singari qamrab olgan bu parda. Zerikish shunday nozik ediki, uni darrov payqab olishga qiynaladi kishi. Ammo astoydil tikilib qarasangiz, bu zerikishning ma’nosini, ularning beparvo, sovuqqina boqishlaridan, quruq yasama kulgilaridan uqib olasiz. Qo‘rinishda ular bir-birlarining so‘zlarini, hatto o‘zlari gapirayotgan so‘zlarni ham eshitmayotganga o‘xshab ko‘rinadilar. Fikrlari qayerlardadir kezib yuradi. To‘g‘rirog‘i, fikr degan narsaning o‘zi ularga yot, lekin ular buning uchun g‘am yemaydilar. Xursand bo‘lmasalar ham kulaveradilar, hayotdan mamnun bo‘lmaganlari holda, uning zarracha o‘zgarishini istamaydilar.

Har kuni ertalab bir yosh yigit, jigar rang movutdan qilingan kamzulining barcha tugmalarini qadab, yurishiga qaraganda biron boy xonadonning malayi yoki xizmatkori bo‘lsa kerak, g‘urur bilan, kekkayib, kichkina bir laychani sayr qildirib yurar edi. Saxtiyondan o‘rilgan bo‘yinbog‘ taqilgan, tizimchaga bog‘langan, bo‘yi bir qarich keladigan dum-dumaloq laycha mayda qadam tashlab, tez-tez yurib boradi. Uning och jigar rang shalpang quloqlari yergacha osilib tushgan.

Malay qadamini laychaning qadamiga moslab bosadi. Agar it bir oz to‘xtab turgisi kelsa, u kutib turadi, it ilgari yurgisi kelgandagina u ham yura boshlaydi.

Sovuq kundarda, namgarchiliklarda laychaga chetlariga to‘q havo rang jiyak tutilgan och jigar rang movut nimcha kiygizib qo‘yishadi. Toza nimcha itning ustini yaxshilab bekitadi, oyoklarini o‘rab, qornidan tugmachalab qo‘yiladi. Nimchani chevar mashinachi tikkani ko‘rinib turadi. Laychaning yunglari ham yaxshilab tozalangan, yaltirab turadi.

Laycha yozilish uchun daraxtning tagiga borar ekan, tog‘ni talqon qilguday baquvvat malay bekasining erkasi bo‘lmish laycha hojatini bitkazguncha hurmat bilan kutib turadi. So‘ng ular yana gerdayib, asta-sekin olg‘a ketishadi.

Nimchali laycha boshqa itlarning vovillashiga javob qaytarmasdi. Hatto egasi yechib yuborgan biror bahaybat it burda-burda qilib tashlamoqchi bo‘lib, dahshat bilan unga qarab yugurgan vaqtda ham, laycha beparvo keta beradi: chunki uni malay qo‘riqlaydi. Biladiki, baqirib-chaqirib depsinib, begona itni haydaydi. Agar bir nechta begona it birdaniga tashlanib qolsa, malay xo‘jasining erkasini qo‘liga ko‘tarib olib, chang bo‘lgan yunglarini avaylab artadi, shunday paytlarda qarasangiz uning ko‘zlaridan: «Laychaga hech narsa qilmaganmikin?»— deb hayajonlanayotganini ko‘rasiz. Malay uning hamma yog‘ini silab-siypalab ko‘rar ekan, hech qanday xavf-xatar yo‘qligiga ishongan laycha dumini likillatib, yalanib, pastga qarab turadi.

Bir kuni men bu malayni go‘sht do‘konida uchratib qoldim. U qanoraga osib qo‘yilgan go‘shtlarga uzoq tikilib turdi-da, oxiri qo‘zichoqning ichak-chavoqlarini tortib berishni so‘radi.

— Hech tushunolmayman,— dedi malay qaytarilgan pulni sanar ekan,— nega qo‘yning jigarini alohida sotmaysizlar? Axir laychamiz buning na o‘pkasini, na yuragini yeydi. Jigarni ham doim qaynatib beramiz. Agar jigarga ozgina o‘pka qo‘shsakchi, og‘ziga ham olmaydi. Qorniga yoqmaydi, deyishadi. Yaqinda mol doktori kelib, shunday deb ketdi. Uni qarang, qiziq, hayvon bo‘lganda ham qandog‘ deng, balo-ya! Tavba! Hay, senga nima bo‘ldi, eshityapsanmi?— dedi malay ichak-chavoqlarni qog‘ozga o‘ray deb turgan bolaga qarab. — Jigarini o‘rasang bo‘ladi, qolganini tashlab yubor!

Keyin malay xarid qilgan narsasini olib chiqib ketdi…

Ikkinchi marta men uni xushbo‘y gullar chamanday ochilib yotgan katta bog‘ning darvozasi oldida ko‘rdim. U tivit odeyalda bir narsani ko‘targancha hashamatli bir mashinaga chiqayotgandi. Odeyal ichida nimadir g‘ivirlayotganini va allaqanday g‘alati ovoz chiqayotganini eshitib, sabrim chidamay so‘radim:

— Nima bo‘ldi? Laychaga bir narsa bo‘ldimi?
— Yo‘q,— dedi malay menga boshdan-oyoq razm solarkan gerdayib. — Xudo saqlasin, hech narsa bo‘lgani yo‘q!.. U bugun uch-to‘rt marta yo‘taldi. Ba’zi-ba’zida o‘zi shunaqa yo‘taladi, lekin bekam xavotir olyaptilar. Doktorga ko‘rsatib kelay-chi,— dedi.

Undan keyin, laychaning biron joyi mashinaga tegib ozor tortmasin, deb ehtiyot bilan mashinaga minib tezlik bilan jo‘nab ketdi. O‘tgan kuni malayni o‘sha keng boqqa kirib ketayotgan joyida uchratdim. U, tumshuqlari uzunchoq, o‘siq oq yungli kuchukni yetaklab borardi. Uning yonida xuddi o‘shanaqa jigar rang movut kostyum kiygan yaia bir malay ham bor edi.

— Nima bo‘ldi? — deb qiziqib so‘radim,— laychani ayribosh qildingizmi?

Bir necha kun ilgari itning sog‘ligini so‘raganim esida bo‘lmasa kerak, malay menga yana nafrat bilan boshdan-oyoq razm solib chiqdi, lekin gapimni javobsiz qoldirmadi:

— Yo‘q-e! Laychamiz bog‘da yotibdi. Eshitmayapsanmi, budkadan tovushi kelyapti-ku?

Bekaning katta va hashamatli uyidan bir oz narida kattaligi bog‘bonning uyidek keladigan shinamgina, ma’dan ranglik budka turardi.

Undan ora-sira itning vovillayotgani eshitilardi.

Men ajablanib so‘radim: — Bu qanday bo‘ldi? Axir laychalaringiz sira vovillamasdi-ku?

— E… e… — dedi malay, — vovillashining joni bor, zerikibdi, ko‘ngli qanjiq istaydi, tipirchilab qoldi,— deb javob berdi.—Bekamiz darrov mashina bilan doktorga odam yubordi…

Men… jonivorlarni juda yaxshi ko‘raman! Hamma jonivorlarni ham yaxshi ko‘raman, men hammaning tiich va baxtli hayot kechirishini istayman. Shuning uchun birorta baxtli laychani ko‘rib qolguday bo‘lsam ham quvonchim qalbimga sig‘may ketadi. Axir men nuqul qayg‘uli narsalar haqida yozish uchun tug‘ilgan emasman-ku. Qalbim yoqimli, quvnoq va xushchaqchaq narsalar haqida yozish ishtiyoqi bilan jo‘sh uradi. Agar hamma odamlar ana shu baxtli laycha kechirayotgan hayotning, juda bo‘lmaganda, o‘ndan biriga ega bo‘lganlarida edi, so‘z berib aytamanki, bundan so‘ng bitta ham qayg‘uli hikoya yozmas edim!

Q O‘ Y L AR  M A S A L I
Rahmatulla Obidxo‘jayev tarjimasi

Bir zamonlar katta-katta daraxtlar tarvaqaylab o‘sgan bepoyon bir o‘rmonning yoqasidagi o‘tloqda qo‘ylar yashar ekan. Ularni bir cho‘pon bilan ko‘ppaklar qo‘riqlar ekan.

O‘tloqda hamisha barra o‘tlar gurkirab o‘sib yotar, o‘rmon yoqasidagi ariqda esa muzday, toza suv shildirab oqib turarkan. Qo‘ylar yozgi jaziramada qalin yaproqli daraxtlar soyasida yotar, sovuqlarda esa katta bir mog‘oraga kirib izg‘irindan saqlanar ekan.

Ammo qo‘ylar o‘z turmushlaridan xursand emas ekanlar. Ularning cho‘pondan shikoyatlari bor ekan. Soqoliga oq oralay boshlagan bu odam ertadan kechga qadar bir do‘ng yerda yalpayib uxlab yotar, xushiga kelsa nayini chalib qo‘yar, ora-sira uyg‘onib, ko‘ppaklarga baqirib qo‘yar, so‘ng yana uyquga tolar ekan. Sovliqlarning sutini sog‘ib, qorniga siqqanini ichar, qolganini sotar, ko‘ngliga yoqqan qo‘zini so‘yib kabob qilar, yoki biror qo‘yni bo‘g‘izlab, qishga qovurma hozirlar ekan. Ikki-uch haftada bir kelgan jallobga eng semiz qo‘y-qo‘zilarni sotar, so‘ng yana yotib uxlashga tusharkan. Bu jallobning qo‘liga tushgan, oxiri qassobga borajaklarini bilgan qo‘ylar ko‘zlariga qon to‘lgan jallob har ko‘ringanda qo‘rquvdan dag‘-dag‘ titrashar, bir-birlariga suqulishar, qarshilik ko‘rsatishga aqllari ham, jur’atlari ham yetmas ekan. Nimayam qilsinlar? Bu dunyoning bo‘lgan-turgani shu bo‘lsa, chidashdan boshqa ilojimiz yo‘q deb o‘ylasharkan ular.

Ammo qo‘ylar orasida bu ishga bir oz aql yuritib qaraydiganlar, bir kun emas bir kun pichoq tagiga yotmoq qo‘rquvi bilan yashagandan ko‘ra bu ishga tamomila xotima berishni istaganlar ham topilibdi, kundan-kunga ularning soni ko‘paya boribdi…

Kunlardan bir kun butun suruv har kungiday o‘tlab yurganda oralaridan dovyurak bir qo‘chqor otilib chiqibdi-da, bora solib, butun kuchi bilan cho‘ponning qorniga kalla qilibdi. Cho‘pon uning ketidan quvib, ko‘ppaklar yordami bilan tutib kelibdi va bir daraxtga mahkam chirmab qo‘yibdi. Keyin jallob kelganida bu osiy jonivorni unga berib yuboribdi, ammo bu hol boshqa sheriklarining ko‘zini ochibdi. «Baribir qassobning qo‘liga tushadigan bo‘lgandan keyin, bugun nima-yu, erta nima!» deb cho‘ponni kalla qiladigan qo‘ylarning soni kundan-kun ortib boribdi.

Yo‘q, do‘stlarim, siz qo‘ylarni qo‘rqoq deb o‘ylamang. Ularning ichida ham ne-ne qo‘chqorlar, ne-ne azamatlar bor. Axir dunyo yaratilgandan buyon qo‘ylar faqat cho‘ponu ko‘ppaklar bilan yashagan emas-ku! Ular ham bir zamonlar qassobdan, jallobdan, ko‘ppakdan xabarsiz, yeydiganlarini o‘zlari topib yeb, dushmanlarini toshday qattiq shoxlari bilan urib, tirqiratib quvgan qavmdan bo‘lganlar-ku.

Ammo ularning yog‘liq go‘shtiga ko‘z tikkanlar, sutidan moy va pishloq pishirib, terisidan po‘stin va choriq kiyganlar, agar cho‘ponsiz yashasanglar, bo‘ri va quzg‘unlarga yem bo‘lasizlar, ochlikdan o‘lasizlar, deb ularni ishontirganlar. Shunday qilib, zamon o‘tishi bilan qo‘ylar ham o‘z shoxlariga, kuch-quvvatlariga ishonmaydigan bo‘lib qolibdilar. Cho‘ponning urinishlari, yirtqichlardan qo‘riqlashi bizning yumshoq go‘shtimiz uchun emas, qora ko‘zlarimiz uchun deb ishona boshlashibdi.

Ammo, hali aytganimizday, oxiri yuvosh-yuvosh qo‘ylarning aqli o‘zgara boshlabdi. Cho‘ponlar ham kundan kunga yalqov bo‘la beribdi. Ayniqsa, mana shu eng keyingisi o‘taketgan ish yoqmas ekan. Kayfidan, rohatidan boshqani bilmas, suruvga yirtqich hayvonlar hujum qilsa eski cho‘ponlarday tayog‘ini qo‘liga olib ko‘ppaklari yordami bilan ularni quvib yuborish o‘rniga, bir necha qo‘yning bahridan kechib qo‘ya qolar ekan.

Kunlardan birida o‘rmondagi yirtqich hayvonlar bir-birini g‘ajiy boshlabdi. Chunki o‘sha yili qish juda qattiq kelgan ekan, bo‘rilar, ayiqlar yeydigan ovqat topolmay och qolgan ekanlar. Ularning uliganlari, o‘kirganlari qo‘ylar yashagan o‘tloqqa qadar eshitilibdi, shunda qo‘ylar bilan barobar cho‘pon ham dir-dir titrabdi. Bu orada o‘rmondagi g‘avg‘odan yaralanib qochgan yoki ochlikdan holi zabun bo‘lganidan qonli g‘avg‘oga qatnasha olmagan bir gala oriq bo‘ri o‘rmon yoqasiga kelibdi. Ular qo‘rquvdan tayoqday qotgan qo‘ylarni ko‘rib: «Avji izlaganimiz ana shu edi!» deya oldinga tashlanishibdi. Ammo yirtqichlarning katta ochilgan og‘izlari bilan qizil tillarini va o‘tkir tishlarini ko‘rgan qo‘ylar o‘zlarini-o‘zlari himoya qilmasalar bo‘lmasligini anglabdilar. Ko‘ppaklar ham qo‘ylardan ajrasalar och qolajaklarini tushunib, g‘ayratga kelibdilar va g‘ammalari barobar och bo‘rilarga qarab yuguribdilar. Qo‘chqorlar boshlarini quyi egib kattakon shoxlarini o‘qtalgancha yirtqichlar ustiga tashlanarkan, ko‘ppaklar ham vovillab, shovqin-suron ko‘tarishibdi. Darmonsizlikdan zo‘r-bazo‘r oyoqda turgan och bo‘rilarning ba’zilari yana o‘rmonga qochib ketibdi, qolganlari esa o‘lib yerga cho‘zilib qolibdi.

Bu sirada yashiringan yeridan chiqqan cho‘pon yana tayog‘ini boshi ustida aylantirib, suru boshiga kela boshlagan ekan, qo‘ylar aqllarini boshlariga to‘plabdilar. Qassobni, jallobni eslabdilar. Ko‘ppaklar ham uning kaltagidan qutulish va qo‘ylar bilan yakkama-yakka qolishga qaror qilibdilar. Hammalari birlikda cho‘pon ustiga yuguribdilar. Qo‘rqoq cho‘pon qochib jonini zo‘rg‘a qutqaribdi. Shu-shu qaytib sira qorasini ko‘rsatmabdi.

Bu g‘avg‘oda hammadan ko‘proq ko‘ppaklar yutib chiqibdi. Ular ham o‘tloqda cho‘zilib qolgan bo‘rilarning o‘ligini, hamda ular bilan olishuvda halok bo‘lgan besh-o‘n qo‘yni yeb, kuchga to‘lishibdi. Dumlarini likillatib, qipqizil uzun tillari bilan tumshuqlarini yalab, o‘rtada talashmoqqa, «Ko‘rdinglarmi, sizlarni bo‘rilardan ham, cho‘pondan ham qutqardik!» deya qo‘ylarga maqtanmoqqa boshlabdilar. Vaqt o‘tishi bilan tobora ularning dimog‘i ko‘tarila boribdi; ko‘ppaklarni ko‘ppak qilgan cho‘pon qo‘rquvsi ekan, endi ular juda haddan osha boshlabdilar. Vovillagan sari o‘z ovozlariga o‘zlari mast bo‘larmishlar. «Ko‘ppaklarni g‘ayratga keltirgan, bo‘rilarni qo‘rqitib qochirgan mana shu ovoz bo‘ladi-da!» deya tobora qattiq uvlay boshlabdilar. Asta-sekin ularning miyasida, biz juda asl zotlarmiz, degan fikr tug‘ilibdi. Rostakam olishuvda bir gala yirtqichni vovillab quvib yuborgan ekanmiz, demak biz oddiy it emasmiz, deb ishona boshlashibdi. «Ko‘ppak nima degan gap? Biz ham asli bo‘ri zotidan emasmizmi?» deb gerdayishibdi.

Sekin-sekin bu fikr miyalarini chulg‘ab olibdi. Qo‘ylarga tepadan qaray boshlabdilar. Bir marta qo‘y go‘shtini tatib ko‘rib, mazasiga tushunib qolganlari uchun panaroq yerlarda uchragan qo‘zilarni bo‘g‘izlaydigan, hatto suruvdan sal ajragan katta-katta qo‘ylarga ham hujum qiladigan bo‘lishibdi. «Ota-bobolari o‘rmonlarga hokim bo‘lgan bizday qahramonlarning bir gala qo‘rqoq qo‘yni qo‘riqlab yurishi nima degan gap?» deya g‘ururlanib, yana vahshiy o‘rmonlardagi saltanatli kunlarini qo‘msay boshlabdilar.

Shunday qilib, itlik g‘ururlari ortgan sari qo‘ylar ko‘zlariga g‘arib ko‘rina boshlabdi. Bular faqat go‘shtini yeb sutini ichiladigan mahluqlar-da, deyishibdi.

«Biz vovillab, g‘ayratga kirgizmaganimizda bu ahmoqlar shoxlarini ishga ham sololmasdilar,— deyishibdi ko‘ppaklar.— Yonginamizdagi kattakon o‘rmonda bizning urug‘-aymoqlarimiz bo‘lgan bo‘rilar, hatto arzimagan tagi past qashqirlar hukmroi bo‘lganda bizning bu yerlarda qo‘zichoqday mo‘min bo‘lib yuraverishimiz ayb-a, juda ayb…»

Ko‘ppaklardan qutulish cho‘pondan qutulganday oson emas ekan. Bularning ham soni ko‘p, ham tishi o‘tkir. Buning usgiga, agar o‘rtada sal nizo chiqsa fursatdan foydalanib, ko‘ppaklar uch-besh qo‘yni g‘ajib tashlar ekanlar. Shuning uchun qo‘ylar ishning pirovardi nima bo‘lar ekan deb kutar, cho‘ponni quvib yuborganlari kabi bu ko‘ppaklarni ham daf etishga nechukdir yuraklari dov bermas ekan. Biroq taltaygan ko‘ppaklar oxiri o‘zlarining ham, qo‘ylarning ham boshiga balo keltiribdilar. Bir kuni ular es-hushlarini tamom yo‘qotib, o‘rmonni zabt etishga qaror qilibdilar. Bu ishni yolg‘iz o‘zlari uddalay olmasliklarini bilganlari uchun qo‘ylarni ham sudrabdilar: «Sizlar shoxingiz bilan yo‘l ochib boringlar, qarshingizdan chiqqanini suzib tashlanglar, biz ham atrofingizda vovillab, sizlarga jasorat berib boramiz!» debdilar. Bu reja yaxshilikka olib bormaydi deganlarni va bo‘ysunishni istamaganlarni: «Olchoq, qo‘rqoq, muttaham, xoin! Sen biz kabi tomirida asl bo‘ri qoni oqib turgan ko‘ppaklar bilan birga yashashga loyiq emassan!» deya burda-burda qilib… zo‘r ishtaha bilan yebdilar.

Biroq o‘rmon yoqasidan chakalakka yetmaslaridan, to‘rt tarafdan bo‘rilar, ayiqlar, qoplonlar, hatto sirtlonlaru qashqirlar ular ustiga yopirilibdi. Ko‘ppaklarnipg vovillashi daraxtlar uchiga yetmasdan bo‘g‘ilibdi; qo‘ylarning qaynoq qoni yerdagi yaproqlar orasidan daryo bo‘lib oqibdi.

Xastaligi yoki qariligi tufayli bu safarga qatnasholmagan to‘rt-besh qo‘y bilan bir gala qo‘zilar o‘tloq chekkasidagi mog‘orada yashirinib, bir-birlarining pinjiga suqilibdilar, o‘rmondan kelgan achchiq dod-faryod, yurakni poralovchi ma’rashlar, umidsiz vovillashlarni tinglab, ular bir-birlarining yuziga boqibdilar, o‘rmonni zabt etmoqqa ketgan ko‘ppaklar bilan ular zo‘rlab qirg‘inga haydab borgan qo‘ylarning boshiga nimalar tushganini anglabdilar.

Oralaridagi ikki keksa qo‘chqor og‘ir-og‘ir qadam tashlab, mog‘ora og‘ziga qarab yuribdi, zabt safariga bormay, qo‘y-qo‘zilarni qo‘riqlab turgan ikki yarador ko‘ppakka yaqinlashibdi. Bundan qo‘rqib, shoshqin-shoshqin uvlagan itlarni hali quvvatini bus-butun yo‘qotmagan shoxlariga ilib ko‘tarib, daryoga uloqtiribdi. So‘ngra ular mog‘oradagi qo‘zilarga qarab shunday debdi:

«Bu dunyoda cho‘ponsiz ham, ko‘ppaklarsiz ham yashash mumkin ekan. Ammo buni anglamoq uchun har safar bu qadar qonli qurbonlar beraveradigan bo‘lsak, oz vaqtda butun naslimiz quriydi. Endi sizlar ko‘zlaringni ochinglar, bundan keyin yana boshlaringga itlar, o‘zlarini bo‘ri deb sanagan maqtanchoq itlar qaytib kelguday bo‘lsa, suruvni yirtqichlarga pora-pora qildirishlarini kutib o‘tirmay, ularni daf etmoqqa harakat qilinglar!»

44

(Tashriflar: umumiy 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring