Bobo Ravshan. Shom va tong orasida (1) & Sobir O’nar. Boboravshanga deganlarim

0_164720_c0f0be99_orig.png  Алпомиш Қалмоқда қолиб кетгандан кейин юзбошилар Элбошини соғиниб қўшиқ бошлабди.  Бу Ултонга ёқмабди. Бахшиларди банди қилай яки қўшиқ айттирмай деса, элди кўнгли баттар ундан совийдигандай… Шунда у бир шумликди ўйлаб, ўйлаганидан ўзи роҳатланиб кулибди… .

БОБОРАВШАНГА ДЕГАНЛАРИМ
Собир ЎНАР
09

08 Боборавшаннинг ҳикояларига матбуотда кўзим тушган. Аммо асарларини яхши олиб ўқимаган эдим. Унинг “Шом ва тонг орасида” деб номланган қиссасини ўқидим, ёқди. Қиссада бундан қарийб юз йил бурунги шўро юртимизни ғорат қилган давр воқелиги қаламга олинган. Ёш бахши Менгзиё бир “қўли жуқа” элдошининг тўйида хизмат қилиб тонгга қадар “Алпомиш”ни куйлайди, лекин тугатолмайди. Сабаби, у илҳом билан ўзи тўқиган воқеаларни қўшади. Ултоннинг амрига кўра юрт бахшилари оғизда чўп тишлаб достон айтишга мажбур қилинибди. Чунки бахшилар Қалмоқ юртида қолган Алпомишни соғиниб куйлашган эди. Бу Ултонга ёқмайди. Чўп тишлаб достон куйламоқ эса ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Оқибатда эл бахшиларининг бари ўлдирилади, чўлларга бадарға қилинади.

Менгзиёнинг отаси биринчи бор ажабланиб: “Ҳар замонди ўз қўшиғи бўларкан-да бахшижон”, дейди ҳайратланиб. Не ажабки, ўша бадарға қилинган бахшиларнинг қисмати ўша кундан Менгзиёнинг бошига тушади. Эрталаб Тошқул шўро уни маҳкамага обориб қамайди. Маҳкама деганлари борса келмас жой. Яъниким, достонда айтилгани каби, бахши эли озод, ҳур қўшиқ куйлашни бас қилиб, сақовга, мум тишлашга мажбур қилинган юрт Ултонга ўхшаган золимнинг қўлида қолиб қулга айланади, деган бахшининг нафақат кўкайи кесилади, балки жисмонан ўзи йўқ қилиб юборилади.

Шўро бахшининг отаси Тангриқул бобони, укаси Ўктамни, хотини Ойдинни ҳам тинч қўймайди. Кўчиш, қочиш, саргардонлик бошланади. Бу оилага-ку, элда бошпана топилади. Аммо гулдай кўркам Ойдиннинг “ер ойинлаб” касалга мубтало бўлиши, ўғли Элмуроднинг ҳам айни пайтда иссиғи кўтарилиши, оқибатда тунда Ойдиннинг жони узилиши, Тангриқул бобонинг қишлоқдан бир сиқим тупроқ олиб келмаганига афсус чекиб, яна кўч-кўронини кўтариб, меҳрибончилик кўрсатган тоғ одамлари билан хайр-хўшлашиб юртга қайтиши… ўқувчини шошириб қўяди. Чунки Менгзиё бахши қайтмас бўлиб кетди. Тангриқул бобонинг ўзи, ўғли Ўктам, келини Ойдин ҳам қидирувда эди. Энди булар сиртмоқни бўйинга олишга рози бўлиб кетаётган одамлар. Қизиқ. Одамни ўртаб юборади.

Қиссада одамнинг тақдири, одатлар, иримлар хусусида ғаройиб ҳикматлар, иборалар бор. “Тулки ўз инига қараб улиса, қўтир бўлади”. Тангриқул бобо қамалди – қайтмади. Ўктам уришга чақирилди – қайтмади. Тошқул шўро ҳам урушга боради, лекин соппа-соғ қайтиб, тағин ўз айшини суради, узоқ яшайди. Аммо умри сўнгида “қўтир” бўлади. Халқнинг қарғиши уни эсдан жудо қилади. Фарзандларидан ҳам рўшнолик кўрмай ўлиб кетади. Менгзиёнинг биргина ўғли Элмурод бобо бўлиб мустақиллик кунларида умргузаронлик қилади.

Мен Боборавшаннинг тенгқурлари ичида худди шу мавзуда битилган ҳикоя ва қиссаларни ўқиганман. Қизиқки, улар бир аср бурунги воқеаларни тилга олганларида чалкашиб кетмайдилар, сюжет орқасидан эргашиб улоқмайдилар. Ҳар сафар бош қаҳрамон ё ўз қавми, ўз ҳамқишлоғи бўлган шўро хиёнати ва разиллигига дучор бўлиб қисмати кесилади.

Асарда мўлжал нишонга тўғри олингани шундан иборатки, инсон агар ўз элдоши душманлигидан омон қолса, қишлоқдошлари билан “овзи бир” бўлса, у бахтли ҳаёт кечирар эди.

Ўзбекни шу хиёнат, қўрқоқлик абгор қилган…
Аслида хиёнатни бўйнига олган халқ мўртдир.

Биз буюкларимиз билан мақтанган ҳолда, уларнинг қирчинидан қийилишида айнан ўз одамлари бош сабабчи бўлганини жонимиз оғриб баён қиламиз, ахир бу – ўзбекнинг уят жойи, орияти-ку!..

Боборавшаннинг тенгқурларида гоҳо сўзга сахийлик, баъзан ўзи топган ибора, ҳолатларга маҳлиё бўлиш ёхуд бутунлай сўзга эътиборсизлари бор. Ўзини такрорловчи, билиб-билмай тақлид қилувчилар, услубда қийналаётганлар ҳам учрайди.

Катта мезонлардан оғишмай, ўткинчи таъсирларга берилмай, собитлик билан ижодни давом эттириш – тўғри йўл.

Боборавшанга шу улуғ йўл умрбод муяссар бўлсин!

Бобо РАВШАН
ШОМ ВА ТОНГ ОРАСИДА
09

Бобо Равшан (Ғозиддинов) 1985 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. 2004 йили шу тумандаги 37-мактабни тамомлаган. 2005 – 2011 йилларда Сурхондарё вилоятининг турли газеталарида жамоатчи мухбир, мухбир вазифаларида ишлаган. 2013 – 2014 йилларда «Карвон қўнғироғи» газетасида ва бир муддат «Зукколар даврасида», «Эко Олам» журналларида ишлаган. 2016 йилнинг март ойидан «Ҳордиқ плюс» газетасида фаолият юритмоқда. Ижодий машқлари бир қатор марказий нашрларда эълон қилинган.

09

Қорачироқ ёруғида мук тушиб китоб ўқиб ўтирган Тангриқул бобо лойсувоқ деворга суяниб бир лаҳза шифтга термилди. Байтни мулоҳаза қилиб жилмайди. Кейин китобни очиб, қайта ўқишга тутинди. Мутолаа сўнгида томоқ қириб, сандал атрофида ўтирган яқинларига қаради. Марям момо келини Ойдин ва кенжаси Ўктам билан мўйсафидга халал бермаслик учун пичирлаб суҳбатлашарди. Чол тағин йўталиб олди. Улар бараварига хонадон соҳибига юзланди. Диққатни жамлаган Тангриқул бобо бояги байтни қироат билан баланд овозда қайта ўқиди:

– Ўзларини халқлар аро тутқой улуғ,
Ботирлари ичра йўқтур зарра фуруғ…

Одатда, Тангриқул бобо жимгина китоб хатм қилиб ўтирар, ўзига ёққан мисра ёхуд байтни фарзандларига такрор ўқиб берар, сўнг уларга бунинг маъноси ҳақида сўзларди. Ҳозир ҳам Аҳмад Яссавий ҳикматларини мутолаа қила туриб, шу байтни кўнглига яқин олди. Уни ўқиб бўлгач, маъноси ҳақида сўзламоқчи эди, эшик очилиб, бир қўлига дўмбира, бошқасида тугун кўтариб олган Менгзиё кириб келди. У остона ҳатлаши баробарида салом берди. Бўйнига осилган ўғли Элмуродга дўмбирани тутқазди. Хотини Ойдин эса тугунни олди. Ўктам ҳам ўрнидан туриб, акасини қаршилади. Менгзиё жандадан (1) қавилган чопонини ечиб, эшик ёнидаги илгакка илди. Қуёнтери телпагини дераза рафига қўйди. Сўнг остонага қайтиб бориб ўтирди-да, махсисини еча бошлади ва:

– Райимбой тўй қилиб, хумордан чиғайин деган экан, – деди овозини баралла қўйиб. – Кечгача рухсат бермади. Ўзига ўхшаган беш-олти жўраси кеган экан, шўларди “ҳа-ҳа”лаганига улоғиб томоқдан на овқат ўтди, на сув. Кечгача достон айтдим.

Унинг завқ билан айтаётган сўзларини онаси бўлиб:
– Насибадан гапиринг, – деди синовчан оҳангда.

Онасидан бу гапни кутмаган Менгзиё шошиб қолди. Нима дейишни билмай, отасига умидвор нигоҳ ташлади. Сўнг онасига қараб:

– Тушум-ку, яхши бўлди, – деди чайналиб. – Райимбой деганимиз қўли жуқа (2) одам-да, эна! Бўмаса биргина тўқли сўйиб тўй қилама? Шунга топганимди тўяна қилиб…

– Хўп, бинойи иш қилибсиз, бахшижон, – деди Марям момо ўғлини алқаб.

Менгзиёнинг чеҳраси очилиб, боягидай қувноқлик билан гапида давом этди:
– Чин тингловчи бўса, одам чарчамаскан. Қурда ўтирганлар тўй охирида, “Бахши, бугун бошқача айтдингиз, Райимбой дадилроқ атаганми?” деб ҳазил-хузул ҳам қилишди, – деди.

Сўнг устозининг, бахши умрида бир марта дарёдай тўлиб, шердай наъра тортиб қўшиқ айтмаса, айтар гапи ичида армон бўлиб кетади, деган гапини эслади. Бугун ўзи мана шундай тўлиб, бор дарду ҳасратини тўкиб достон айтганини ва бирдан бўшаган хумдай бўлиб қолганини ҳис этди. Тағин устозининг, агар бу бахшининг охирги қўшиғи бўлса, ичи бўшаб, говараси (3) шовшаб қолади, деган сўзи ёдига тушиб вужуди титраб кетди. Шунда бошига баланд қасаба кийиб урчуқ йигираётган онаси, оппоқ соқоли кўксига тушиб, китоб варақлаётган отаси ва сут тиши энди катилган ўғлидан тортиб уйидаги қорачироққача шу қадар азиз бўлиб кўриндики, беихтиёр буларнинг барчасини бирдан йўқотиб қўядигандай қўрқиб кетди. Ўғлининг маҳзун бўлиб қолганини кўрган она:
– Тинчликма, болам? – деди.

– Билмайман, эна. Кўнглим аллатовур бўлиб кетди… Шу бугун “Алпомиш” ҳеч охирига жетмади. Ҳакимбек чакка тушган жойидан сўнг хийли нарса қўшиб жубардим, – деди.

Боядан буён ўғлининг гапини жимгина эшитиб ўтирган Тангриқул бобо ялт этиб унга қаради ва:
– Нима деб айтдинг?! – деб сўради.

Бу сўроқда қўрқув ва алланечук умидворлик бор эдики, Менгзиёни отасининг вазмин, айни дамда жарангдор овози гуноҳ устида қўлга тушган боладай саросимага солиб қўйди. У ҳадик билан гап бошлади:

– Алпомиш Қалмоқда қолиб кетгандан кейин юзбошилар Элбошини соғиниб қўшиқ бошлабди, – деди Менгзиё отасидан кўзини олиб қочиб. – Бу Ултонга ёқмабди. Бахшиларди банди қилай яки қўшиқ айттирмай деса, элди кўнгли баттар ундан совийдигандай… Шунда у бир шумликди ўйлаб, ўйлаганидан ўзи роҳатланиб кулибди… Ултон дегани чўрининг боласи эмасми, аллақаердан ирғий таёқни топиб келиб, уни бармоқдай-бармоқдай узунликда бўлиб чиғибди. Сўнг таёқчаларди жугурдагига бериб, “Бахшиман деганди барига бундан биттасини берасан, қўшиқ айтса шуни тишида тишлаб, оғзидан қўймай айтсин, бўмаса бошини қўлтиқлаб келиб кундага кўндаланг қўяберсин, мен – Ултон бийнинг амрим шул”, дебди. Буни эшитган бахшилар унинг фармонини аввал ҳазил билибди. Қараса, чинга ўхшайди. Эл олдига тушиб, оқсоқолман деган тўрт-беш одам бориб, Ултонга арз қиган экан, уларди бошини олиб, Бойсунди тўрт томонидан келадиган карвон йўлига осиб қўйибди. Шунда юзбошиларди бир хили қўрқиб, бахшиликди ташлаб, дўмбирани кўрса қочадиган бўлибди. Бошқалари чўпни тишлаб, минғирлаб нима деяётганини ўзиям билмайдиган бўлиб қолибди. Яна бошқа бирлари қўли қонаб, жураги адо бўгунча дўмбирани турли нағмаларда чалиб-чалиб, тилини тишлаб айтар гапи оғзида қолиб, сўзди оғирлигидан урти ёрилиб, дунёйи қўтирга қўл силтаб кетибди. На унисига, на бунисига кўнмаганлар Қалмоқ чўлига сургун қилиниб, адоқсиз саҳрода ўзиларига ўзлари қўшиқ айта-айта изсиз кетибди.

Менгзиёнинг гапини тинглаган отаси боя китоб ўқиётиб бир зум тин олиб, мулоҳазага берилгани каби бир муддат сукутга чўкди. Кейин ҳукм ўқиётган қозидай овозини баралла қўйиб:
– Ҳар замонди ўз қўшиғи бўларкан-да, бахшижон, – деди.

Тангриқул бобо ўғлини биринчи бор “бахши” деб атаган эди. Бу: “Ўз қўшиғингни яратибсан, юзбоши бўлибсан”, дегани эди. Отасининг сўзидан қувонган Менгзиё дарёдай оқиб дўмбира чалгиси, тоғдай тебраниб қўшиқ айтгиси келди. Туни билан ухлай олмади. Юраги ҳаприқиб қўли дўмбирага қараб кетаверди. Аммо бошқаларнинг оромини бузгиси келмай, тонггача пичирлаб достон айтиб чиқди. У бугун айтганларини такрорлар, тағин достонга янги-янги воқеалар қўшар, бундан Ултоннинг ҳунари кўпайиб, Алпомишнинг юртга қайтиши олислаб кетаётган эди. Менгзиёнинг кўнгли хижил бўлди. Ахир, тонг отгунча ҳам “Алпомиш”ни ниҳоясига етказа олмади. Ўрнидан туриши билан дўмбирани қўлига олмоқчи эди, аввал итнинг ҳурган овози, кейин кимнингдир қаттиқ сўкингани ва, ниҳоят, Менгзиёни йўқлаган чақириқ товуши қулоғига чалинди. Истар-истамас эшикка қараб юрди.

У ташқарига чиққанида Тошқул шўро яқин келиб қолган эди. Тошқул шўро новча, оқсариқдан келган ва косасидан бўртиб чиққан кўзи атрофга бесаранжом боқадиган киши эди. Унинг калта ияги бақбақасига қўшилиб кетган ва қаддини ғоз тутиб юришидан ўзига бино қўйгани шундоқ билиниб турарди. Ҳозир ҳам одатига кўра салмоқлаб қадам ташлар, бошини адл тутиб қўлидаги таёқ билан вовуллаётган итни нари ҳайдаб келаркан, ортига қараб-қараб қўярди. Менгзиё уни кўриши билан кўнглидаги ҳадик баттар авж олди. Ахир, Тошқул шўронинг тонгдан бировнинг ҳовлисига бостириб келиши ҳеч қачон яхшилик келтирмаган. Шундай бўлса-да, юзидаги самимиятни йўқотмасликка уриниб, очиқ чеҳра билан салом бериб, меҳмонни уйга таклиф этди. Тошқул шўро унинг муомаласини ўзича тушуниб, ми­­йиғида кулди. Қўлидаги таёқ билан кирза этигига уриб, чангини қоққан бўлди. Кейин шунчаки бир кўриб кетиш учун келгандай ҳовлининг чор тарафига лоқайд кўз ташлади. Аммо шу қарашнинг ўзидаёқ ҳар бир нарсанинг қандай, қаерда турганини ёдлаб қолаётгандай таассурот уйғотарди. Ниҳоят меҳмон тилга кирди:

– Менгзиё бахши сизми? – деди. Бу гапни эшитган бахши пиқ этиб кулиб юборди ва:
– Тошқул ака, нима, мени танимаяпсизми? Ё кеча тўйда анавиндан кўпроқ олиб, а?! – деди Менгзиё бояги дилхиралигини унутиб.

Бу гапдан шўронинг қовоқ-тумшуғи баттар осилиб кетди. Унга еб қўйгудай тикилиб:
– Мен ўйин учун кемадим. Сизди ҳукумат идорасига олиб кетишга жўнатилган одамман, – деди.

– Тинчликма, Тошқул ака? – саросимага тушиб сўради Менгзиё. – Биздан нима гуноҳ ўтибди?

– Биринчидан, сенга ака-пакамасман! Иккинчидан, нима гаплигини борганда биласан. Ҳозир савол беравермай олдимга туш, – деди энди сенсирашга ўтиб.

Менгзиё унинг нияти жиддий эканини кўриб, кўнглига ғулу тушди. Қачон ва қаерда нима айб, қандай гуноҳга қўл урганини эслаш учун зўр бериб ўйлай бошлади. Аммо бирор арзирли сабаб тополмади. Бундан бироз тинчланди. Бир-икки сўроқ-савол қилиб қўйиб юборишади, деб ўйлади. Тошқул шўро ўзига қараб анграйиб турган Менгзиёга:

– Тез-тез бўл, нима, гапди эшитмадингма? – деди пўписа қилиб. Менгзиё сергак тортди. У уст-бошини алиштириш учун хонага қайтиб кирмоқчи эди, шўро йўлини тўсди.
– Шундай юравер. Сени тўйга олиб кетаётганим йўқ, – деди.

Менгзиё унинг гапини тушунмади. Лекин шўро йўлини тўсиб тургани боис:
– Отиб ташласангиз ҳам, чопонимди олиб чиғай. Ё шуям мумкинмасма? – деди аччиқ билан.

Менгзиёнинг важоҳатини кўрган шўро унга ён берди.
– Уйга кириб қараб тураман.
– Қўрқманг, қочиб кетмайман. Гуноҳим бўлсаякан, қўрқиб қочсам… Ишонмасангиз, нимаям дердик. Киринг!

Менгзиё шундай дея эшикни ланг очиб, қўлини кўксига қўйди. “Меҳмон” истеҳзоли кулиб этигини ечмасдан ичкарига бир қадам ташлади. Сўнг хавфсирагандай бўсағада туриб олди-да:

– Шу жойда қараб тураман, тез чиқ, – деди. Менгзиё хонага кириши билан Ойдиннинг титроқ овозда йиғлагани эшитилди. У Менгзиё­дан нима айби борлигини, не сабабдан шўро уни олиб кетиш учун келганини сўрарди. Айни пайтда Ойдин ички бир сезги ила олдинда катта кулфат кутиб турганини ҳис этарди. Менгзиё ҳам шу каби хаёлга борар ва шундай пайтда Ойдиннинг устма-уст савол бериши унинг ғашини келтирган эди. У хотинига илк бора сабабсиз қаттиқ гапирди.

– Мен қаердан биламан? Бирор иши борки, кеган. Буям гарангмас-ку, қуртлаган калласини дуч келган уйга суқиб кетаберадиган.

Остонада туриб бу гапни эшитаётган шўро:
– Тилим бор деб валдирайверма! Тез-тез бўл! Яна бир марта минғиласанг, тилингни суғириб оламан, – деди важоҳат билан.

Шу пайт пайдо бўлган Тангриқул бобо шўронинг ортида туриб:
– Ҳа, Тошқулбой, тинчликма? Каллайи саҳарлаб қип-қизил хўроздай бировди бўсағасида ғўддайиб турибсан, – деди.

Тўсатдан баралла янграган овоздан чўчиб тушган шўро апил-тапил ўзини ўнглаб:
– Ҳукуматди одамини ҳашува қиманг, – деди чираниб. – Қамоққа кетгингиз келаётган бўса, айтинг.

– Бизга ўхшаган мункиллаган чолди ҳукумат нима қилади? Ё кетимизга шапатлаб, яхши бола бўл, деб пўписа қилама? – деди Тангриқул бобо баттар унинг жиғига тегиб.

Шўронинг лаблари пирпираб, кўзи ола-кула бўлиб кетди. Кўрсаткич бармоғини бобога нуқиб:
– Сиз апасний человек, – деди. – Ҳозир бахши билан гаплашиб олай, кейин ўзим биламан!

– Бўлди, томошани бас қи, – деди тоқати тоқ бўлган Тангриқул бобо чўрткесарлигига бориб. – Менгзиё ҳеч қаерга бормайди!

Тошқул шўро не дейишини ҳам, нима қиларини ҳам билмай бир зум тараддудланиб турди-да, шахт билан ўзини ичкарига урди. У уйга кириш баробарида бор овозда кимнидир ёрдамга чақирди. Менгзиёга отасининг гапи далда бўлиб деразадан чиқиб қочмоқчи эди, шўро уни эпчиллик билан тутиб қолди. Шу пайт уйнинг икки томонида паналаб турган қизил аскарлар милтиғини ўқталиб югуриб кела бошлади. Биринчи аскар ўзига қараб ҳуриб бораётган итга ўқ узди. Кўппак ғингшигандай чўзиқ увлади-ю, икки қадам нарига отилиб кетди, қора қонига беланиб қолди. Милтиқнинг гумбирлаган овозидан еру кўк ларзага келди. Ойдин бу товушдан чўчиб, додлаб, бошини чангаллаб, ўтириб қолди. Менг­зиё шўронинг қўлидан отилиб чиқиб, қўрқувдан йиғлаб юборган Элмуродни қучиб олди. Ўктам эса молхона томондан югуриб келди. Қўлини мушт қилиб қизил аскарларга ташланмоқчи эди, отаси уни маҳкам тутиб қолди. Ўктам дам отасига, дам қурол кўтариб олган аскарларга қараб алами бўғзига тиқилди. Бу ғала-ғовурдан энди хабар топган Марям момо кафти билан қулоғини беркитиб: “Бола-а-ам-мм”, деб додлаб юборди. Менг­зиё ўғлини юпатишга уриниб, бағрига қаттиқ босиб турарди. Буларнинг барчаси шу қадар тез содир бўлдики, Менгзиё бутун воқеани идрок этишга ҳам улгурмади. Тошқул шўро эса уларнинг саросимага тушиб қолганини кўриб, ажиб бир мағрурлик ила қўлидаги таёқ билан Менгзиёнинг елкасига гурсиллатиб урди ва:
– Қани, олдимга туш, сотқин! – деди баралла.

Менгзиё беихтиёр қўлини бошининг орқасига қўйиб ўрнидан турди. Кеча барча яқинлари ва уйидаги нарсаларгача кўзига азиз бўлиб кўрингани каби ҳозир ҳам мана шу лаҳзалар унга видолашув онидек туюлди. Ҳозиргидек кеч кузакнинг изғиринли кунларидан то наврўзгача чўғи ўчмайдиган сандал, унинг атрофида яқинлари жам бўлиб ўтириб суҳбатлашиш­лари, отасининг ҳикмат ўқиши, онасининг урчуқ айлантириб бурунғи маталлардан айтиши… буларнинг барча-барчаси жуда олис хотира ва айни дамда етиб бўлмас орзудай кўринарди. Илло, энди укаси Ўктамни, ўғли Элмуродни қайта кўрмаслигини, Ойдиннинг қўлидан бир пиёла чой ичолмаслигини ҳис этарди. У Тошқул шўронинг олдига тушиб кетаркан, дод-фиғон қилиб йиғлаётган онасининг ҳам, аёли Ойдиннинг ҳам айтимларини эшитмагандай ўзини лоқайд тутишга уринар, ичидаги титроқни базўр босиб, зўраки илжаярди. Бу билан шўро ва қизил аскарлар олдида бошини адл тутмоқчи эди. Аммо отаси билан кўзлари тўқнашди-ю, бутун вужудини аллақандай дард аёвсиз эзғилаб ташлади. Шу дамда шўрони ёқавайрон қилиб дўпосламоқчи бўлди. Лекин қулоқлари остида боя итнинг ванғиллаб йиқилгани ва ўқ овозининг акс садоси бонг уриб, тишини тишига босди. У энди укасига қарамаслик учун тез-тез қадам ташлаб ўтиб кетди. Шу пайт ичкаридан югуриб чиққан Элмурод овозининг борича:
– Ота-аа, – деб бақирди.

Қизил аскарлар қуршовида кетаётган Менг­зиё ортига ўгирилиб қарар экан, Танг­риқул бобо Элмуродни қучиб тўхтатиб қолганини кўрди. Ўғли иккала қўлини бобосининг елкаси узра ошириб унга талпинар, мўйсафид эса бошини эгиб ҳиқиллаб йиғлар, бу унинг титраётган жуссасидан шундоқ кўриниб турар эди.

* * *

Менгзиё аскарлар қуршовида мустаҳкам девор билан ўраб олинган истеҳкомга етиб борганида Амударё тўлқинида қуёшнинг заиф нури мавж урар эди. Куни билан туз тотмаган Менг­зиё йўл азобидан чарчаб, очликдан силласи қуриганди. Унинг кўзи косасига чўккан, жуссаси кичрайиб, аввалги Менгзиё билан ҳозиргисининг орасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Бахши шунча азобларга қарамасдан, йўл бўйи тилини еб қўйгандай жим келди. Зеро, шўродан тайинли гап чиқишига ишонмаган ва барча саволларига шу ерда жавоб топмоқчийди.

Менгзиё каби маҳкумлар қамалган бу истеҳком қадим Термизнинг бош-адоғи кўринмас бийдай чўлида қад ростлаган. Иморатга ғарбий дарвозадан кириб борган Менгзиёнинг кўзига дастлаб чор тарафи девор билан ўралган қалъанинг мўл-кўл ҳовлиси ва ўз юмуши ила андармон аскарлар, улар учун зарур буюм ва қурол-яроқлар кўринди. Ундан сўнг ҳимоя деворига қўшилиб кетган хоналарнинг эшик-деразасига қаради. Бу вақтда нарида турган соқчи аскар уларнинг ёнига етиб келди. Менгзиёни олиб келганлар унга ниманидир тушунтирди. Сўнг соқчи Менгзиёни етаклаб кетди. Улар очиқ майдонда девор бўйлаб бориб зинадан пастга тушди. Қоровул уларни кўриши билан темир дарвозани очиб ичкарида осиғлиқ фонусни олиб йўл бошлади. Эшикдан кирган Менгзиё яна икки-уч зина эниб, аскарлар қуршовида бош-адоғи кўринмас, қоронғи ва зах йўлакнинг сўл томонига қараб узоқ юрди. Ёруғдан келиб бирдан зимистонга кириб қолган Менгзиё ўзини лаҳадга тушгандай ҳис этди. Ниҳоят қоровул темир панжарали эшик ёнида тўхтаб, фонусни шеригига тутқазди. Ўзи қулфни очиб, Менгзиёни ичкарига киритди. Бахши остона ҳатлаб, қаёққа юришини билмай бир муддат серрайиб қолди.

Ўшандан буён ҳам уч кун ўтди. Менгзиё хонанинг одам бўйи етмас баландликдаги дар­часидан тушаётган ёруғликка қараб кун билан тунни фарқлар ва, айниқса, кечалари вақт янада имиллаб қолар эди. Боз устига, у тунни деярли уйқусиз ўтказарди. Қоронғи ва зах хонада қамалиб ўтирган Менгзиёни очлик ва уйқусизлик қанчалик ҳоритган бўлса, жавобсиз саволлар ундан-да баттар азобга соларди. Ҳолбуки, у ўтган вақт ичида фақат гуноҳи нима экани ҳақида бош қотирарди. Лекин саволига жавоб топилмас, бундан Менгзиёнинг юраги баттар сиқилар эди. Тағин хаёллари чувалашиб, уни олиб кетишаётганда онасининг додлаб йиғлагани, Элмуроднинг югургани, отасининг кўзидаги дард ва укасининг қўлини мушт қилиб, чорасизликдан титраб тургани кўз ўнгидан ўтиб: “Уйинг куйгур Тошқул”, дерди. Менгзиё намхуш хонада чопонга ўраниб ўтирар, тағин бир зум ўтар-ўтмас ўрнидан туриб, мажолсиз оёғини судраб у ёқдан-бу ёққа бориб-келарди ва совуқдан дир-дир қалтирарди. Тағин кузакнинг изғирини панжарали дарчадан кириб, хонани забтига оларди.

Бу ҳам етмагандай, бугун кеч тушиши билан қўшни хонада аллакимнинг тинимсиз додлашидан қулоғи том битди. У: “Гуноҳим нима?” деб бақирар, ялиниб-ёлвориб болаларининг қаровсиз қолганини айтар, тағин оғзига келган сўкишни қайтармай, қўпол сўзларни қалаштириб ташларди.

Ниҳоят, кимдир темир эшикни ғийқиллатиб очди. Бояги маҳбус эшик очмишга ялина бошлади. Сўнг бирдан ташланиб қолди, шекилли, тўс-тўполон бошланиб кетди. Кўп ўтмай милтиқнинг гумбирлаган овози чиқди-ю, дунё бирдан сукутга чўкди. Кейин кимдир темир эшикни қарсиллатиб тепди. Русчалаб сўкинди ва ёнидаги шеригига:
– Энди буни чиқариб ташлаш керак. Турган-битгани даҳмаза, – деди.

Менгзиё қўшни камерадаги қабоҳатни ҳис этиб бошини чангаллаб мук тушди. Менгзиё қизил аскарнинг гапини тушунмади. Лекин улар шунчаки қоровул эмас, қонхўр қотил эканини билиб буткул саросимада қолди. Унинг юрагида нимадир узилгандай ич-ичидан эзилиб кетди. Бахши ўзини унутар даражада мадорсизланди.

Ҳамон қулоғига ўқ овози эшитилиб тураркан, Менгзиё миясига ўрнашган бу товушдан қутула олмай, анчагача эсини йўқотиб эшик ёнида қолиб кетди. Бахши шу ҳолида Тошқул шўро ҳақида ўйларди. У Тошқулнинг мана шу кимсаларга ҳамтовоқ эканига ишонгиси келмасди. Менгзиё шўродан қанчалик нафратланмасин ва Тошқулни пасткаш ва сотқин эканини билса ҳам, уни бунчаликка боради деб ўйламас эди. Айни пайтда Тошқул қандай қилиб ҳукумат хизматига ўтиб қолгани ҳақида ўйларкан, анча йиллар олдинги воқеа ёдига тушди.

Менгзиё болалик чоғида тенгқурлари билан баҳорнинг серёғин кунлари кунботар томондаги адирда, бошқа вақтлари эса дарё соҳилида мол боқиб кун ўтказарди. Ўшанда Тошқул, Менгзиё ва яна икки йигитча қўрадан молни ҳайдаб чиқиб, кўчада қай томонга кетишни келиша олмай туришарди. Тошқулнинг ўзи бир ёқ бўлиб соҳилга боришни, қолганлар эса тепага чиқишни айтиб баҳслашарди. Шу пайт Турсун полвон келиб қолди. Қишлоқда полвоннинг обрўси баланд эди. Турсун полвоннинг гапини унча-мунча одам икки қилмасди. У йигитчаларни кўриб:

– Кўчада серраймай бир томонга кетсаларинг бўмайдима? Молларинг бор дарахтни камириб чиқди, – деди. Уларнинг қаёққа боришни келиша олмаётганини билган полвон:
– Боҳарда адирга чиғиш керак-да! Ҳаламзамат ўт қайтади. Сўнг дарёга борасилар, – деди.

Полвоннинг гапидан сўнг Тошқул бирдан ўзгарди ва чаққонлик қилиб:
– Шуни буларга тушунтира олмаяппан-да, полвон бова. Ҳаммаси биригиб дарё томон борамиз деяпти, – деди. Унинг гапига бояги икки йигит беозор кулиб қўйди. Лекин Менгзиёнинг ростгўйлиги тутиб:

– Торозининг палласига қараб гапирманг-да, Тошқул ака, – деди. – Ҳозир ўзингиз адирга чиқмаймиз, дедингиз-ку!
Тошқул аччиқланиб Менгзиё билан сен-менга бориб қолди. Полвон уларни ажратиб қўйди.

Тошқулнинг аччиқланишига сабаб бор эди. У шундай вазиятда тош қай томонга босса, ўша ёққа оғиб кетарди. Шу сабаб қишлоқдош­лар Тошқулга “Тарози” деб лақаб қўйишган эди. Тошқул ҳукумат ишига ёллангач, “Тарози” лақаби эсидан чиқиб, “Шўро” деган ном олди.

Менгзиё шулар ҳақида ўйларкан, Тошқул шўро бу бандихонани кўрганмикан, деган хаёлга борди. Дарҳақиқат, шўро истеҳкомга бир неча марта келган эди. Аммо у ертўла борлигини етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган. Зеро, шўро қамоқнинг тепасидаги шифти баланд ҳашамдор хоналарга, пўрим либосли аскарларга, ташқи девордаги туйнукда тумшуғи чиқиб турган замбарак ва яна ўзи учун янгилик бўлган барча нарсага маҳлиё бўлиб ортига қайтганди. Ҳукуматнинг куч-қудрати ёнида ўзини кучлироқ шамолда учиб кетадиган тўяқорин1дай ҳис этарди. Тошқул шўро ўз инон-ихтиёри билан тобе бўларкан, ҳукмфармо бойлар ва “қонхўр босмачилар”ни мавҳ этган ҳукуматнинг адолатпарварлигига заррача шубҳаланмасди. Шўро шулар ҳақида хаёл сурганида командири унга йўл-йўриқ кўрсатиб елкасига қоқиб далда берганини эсларкан, “улуғ оғаси”га тақлид қилиб папирос тутатар ва бундан ҳузурланарди.

Оқшом чўкиб, дарчадан тўлин ойнинг ёғдуси бутун хонага оқиб кирар, фақат панжаранинг шакли тушган ер қорайиб кўринар эди. Менг­зиё дарчадан мўралаб турган ойга чуқур ботган кўзлари билан узоқ вақт термилиб ўтирди. Ой ёруғида ғамнинг қора чизиқлари қабоқлари остида қалин из қолдиргани шундоқ кўриниб турар ва озиб-тўзиб кетган юзида пайдо бўлган бир тарам ажинга урилган ёғду бутун хона бўйлаб тараларди. Ойга боқар экан, унинг юзидаги қора доғни бир вақтлар урчуқ йигираётган момога менгзагани ёдига тушди. Шу пайт ўша момо бирдан жонланиб, кўзига онаси бўлиб кўринди ва беихтиёр: “Эна-аа”, деб юборди. У бу сўзни шу қадар титроқ ва хастаҳол оҳангда айтдики, овози қулоғига ҳам етиб бормай ҳавога сингиб кетди. У яна узоқ вақт сўзсиз кўкка қараб ўтирди. Ой эса нажот кутаётган маҳбусдай панжарага юзини қаттиқ босиб турарди.

Менгзиё шу кўйи узоқ вақт ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка уриниб жим ўтирди. Ниҳоят, тун яримдан оққан маҳал темир эшик шарақлаб очилди ва фонус кўтариб турган аскар Менг­зиёнинг қўлини орқага қайириб хонадан олиб чиқди. Иккинчиси эса милтиқ ўқталиб ортидан юриб зинадан тепага кўтарилди. Улар ҳовлига чиқишгач, ўнг томондаги хоналардан бирига киришди. Шифти баланд ва кенг хонанинг ўртасида стол-стул турар, оппоқ рангга бўялган деворда доҳийнинг суратидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Хона тўрида деворга қўшиб қурилган ғиштин печдан чиқаётган тутун деразанинг очиқ кўзидан ташқарига ўрларди. Менгзиё соқчи кўрсатган бурчакка бориб турди. Кўп ўтмай пўрим либос кийган киши хонага кириб, тутундан бўғилиб қайтиб чиқди. Шу ерда турган аскар шоша-пиша печ тагини кавлади. Эшикни кенг очиб қўйди. Печ гуриллаб ёниб, тутун ғойиб бўлди. Шундан сўнг бояги кимса қайтиб келди, эшик-дераза маҳкамланди. Терговчи стулнинг бирини печ ёнига қўйиб ўтирди. Унинг изидан келган котиб эса ўртадаги стулга жойлашиб, ёзишга тутинди. Терговчи қўлидаги қоғозларни синчиклаб ўқиди-да:
– Сен жуда хавфли босмачи экансан-ку! – деди. Кейин лабидаги папиросни ерга ташлаб, оёғи билан эзғилади. – Кечаги якшанбада қаерда эдинг, нима иш билан шуғулландинг?

Менгзиё қуруқшаб қолган лабларини ялаб томоқ қирди. Хонанинг ҳарорати юзига уриб қизарди. Аммо ичидаги совуқ титроқ баттар кучайиб, мадорсиз оёқлари ўзига бўйсунмай, деворга суяниб қолди. Кейин савол бермишнинг сўзларини тушунишга уриниб диққат билан қулоқ тутди. Бундан терговчининг жаҳли чиқиб саволни такрорлади:
– Тўғри тур! Сендан сўраяпман. Ўша куни қаерда эдинг?!
– Ўрисчани тушунмайман, – деди Менгзиё.

Савол бермиш унинг гап оҳанги ва ўзини тутишидан нима деётганини тушуниб, баралла сўкиниб юборди. Сўнг эшикоғасидан таржимон бор-йўқлигини сўради. Тағин ўзига-ўзи:

– Ҳозир ҳаммаси тўнғиздай қотиб ухлаётгандир, – деди асабий ҳолатда. – Бу аҳволда ишлаб бўладими?.. Майли, давом этамиз. Такрор сўрайман: ўша куни қаерда эдинг?!

Менгзиё унинг бирорта гапига тушунмади. Бундан терговчининг баттар фиғони чиқди. Унинг ишораси билан соқчилардан бири Менг­зиёнинг қўлини қайириб қийноққа солди. Бундан қаноатланмай, қўлига камар олиб Менгзиёнинг елкасига зарб билан урди. Бахшининг кўзидан ўт чақнаб кетди. Гандираклаб йиқилиб тушди. Терговчи жаҳл билан соқчининг қўлидан камарни олди-да:
– Тўнини ечиб, эркакка ўхшаб ур! – деди.

Менгзиё ертўладаги камерага қайтиб келганида ўлар ҳолатга тушиб қолганди. Терговчи нуқул бақириб-чақириб гапирди. Соқчи уни савалашдан, котиб эса ниманидир ёзишдан тўхтамади.
Кейинги бир ҳафтада Менгзиё бундан ҳам баттар азобни бошидан ўтказди. Сўнгги сўроқ кунигача Менгзиё қийноқдан шу даражада зада бўлдики, бу азобдан қутулиш учун жонини беришга ҳам тайёр эди.

Тағин савол бермиш барчасини бошидан бошлаб сўради:
– Ўша куни қаерда эдинг?

Таржимон бахшига саволни такрорлади. Менг­зиё жавоб берди:
– Тўйда.
– У ерда нима қилдинг?
– Достон айтдим.

Терговчи қайси достон, унинг мазмун-моҳия­тини сўради. Бахши “Алпомиш”ни қисқача айтиб берди. Таржимон унинг гапини билганича русчада такрорлади. Савол бермиш ўйланиб хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келди. Сўнг Менг­зиёнинг рўпарасида тўхтаб узоқ гапирди. Таржимон тағин тўтидай такрорлади:

– Алпомиш яккаҳоким бўлган. Подшолик қилиш учун уруш қилиб, оддий одамларни азобга қўйган. Сен шуни мақтаб достон айтгансан…

– Достон айтишим чин. Лекин Алпомиш сиз айтгандай одам эмас. Ана Ултонни ёмон деса бўлади.

– Вей, қандай одамсан ўзи?! Алпомишнинг ёмонлигини билмаган эканман, кечиринглар, десанг бир жойинг камайиб кетадима? – деди таржимоннинг жаҳли чиқиб.

– Бўлар гап шу бўлса, ўтирик (ёлғон) айтайма?
– Алпомиш жон жигарингмиди, бунча тарафини оласан?

Менгзиё ғазаб ва ачиниш қоришган нигоҳи ила таржимонга тик қаради. Нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо рўпарасида турган кимса чаққонлик қилиб терговчига қарата:

– Бу одам бўлмайди, – деди. Шу асно бахши яна калтак остида қолди. Бу азобларга энди чидаб бўлмасди. Менгзиёнинг оёқ-қўли қанчалик шалвираб қолган бўлса, руҳияти унданда баттар аҳволда эди. Уни диққат билан кузатиб турган терговчи:

– Манави қоғозга имзо қўйсанг бўлди, ишинг ёпилади, – деди. Менгзиё унинг нима деганини билгач таржимондан:
– Бармоқ босганимдан сўнг нима бўлади? – деб сўради.

– Ҳаммасидан қутиласан. Икковимизам тинчиймиз. Буларди айтганини қисанг ёмонлик кўрмайсан, – деди. Унинг сўзига ишонган ва ўзга чораси йўқлигини яхши билган Менгзиё ҳужжатни имзолади. Бу айбномада қуйидагича хулоса битилган эди: “Маҳбус Менг­зиё Тангриқулович ақл-ҳуши жойида бўлгани ҳолда ўзини телбадек тутиб, терговнинг оғир кечишига сабаб­­чи бўлди. Ҳолбуки, биз унинг ниҳоятда хавфли нусха эканини, турли маросимларда эскилик сарқити бўлган эпосни айтиб, одамлар орасида яккаҳокимлик ва аксилшўровий ғояларни тарғиб қилаётганини аниқладик. У олиб борилган тергов жараёнида бу айбларга тўла иқрор бўлди.

Тангриқулович Менгзиё хатосини тан олишдан аввал терговни чалғитиш мақсадида рус тилини била туриб, саволларимизга атайлаб ўз тилида жавоб қайтарди. Миллатчилик қилди. Азиз вақтимиз қанчалик исроф бўлишига қарамасдан терговни тўхтатиб, маҳаллий таржимонни чақириб, унинг холис хизматидан фойдаланишга мажбур бўлдик ва ҳоказо…”

* * *

Кўп вақт ўтмай, Менгзиё ва унга ўхшаган яна ўттиз-ўттиз беш чоғли кишининг оёқ-қўлини занжир-кишанлар билан маҳкамлаб, темирйўл вокзалига олиб боришди. Буларнинг барчаси бахши каби арзимас сабаблар билан маҳкамага келтирилган ва энг оғир жиноятчи деб топилган эди. Йигирмадан ортиқ қизил аскарлар уларни бирма-бир саноқдан ўтказиб, ҳаммаси жойида эканига қайта ишонч ҳосил қилгач, вагонга чиқара бошлади. Юк учун мўлжалланган вагон темир панжара билан хоналарга бўлинган ва ҳар бирининг эшигида отнинг калласидай қулф осилиб турарди. Улар маҳбусларни қафасга қамаб, қулф­лаб қў­­йишди. Сўнг қайта саноқ ўтказиб, вагон эшигини орқасидан ёпишди. Поезд чўзиқ сигнал чалиб, қаттиқ тебранди-ю, оҳиста юриб кетди. Борган сари унинг тезлиги ошиб, бир маромдаги тарақ-туруғи кучайиб, қулоқни қоматга келтирар даражага етди. Маҳбусларнинг барчаси ўз дарди билан бўлиб жим ётишар, кўпчилиги мадорсизлик ва сўнгсиз азоблардан деярли ҳушсиз бўлиб қолган эди. Менгзиё ҳам анчагача нималар бўлаётганини билмай ётди. Унинг кўз ўнгидан баҳорги яйлов ва қирда тикланган ўтовда чордона қуриб ўтирган отаси, сал нарида қўй соғаётган онаси ва ҳайровдан энди қайтиб, кунчувоқда тобланиб ётган укаси ўта бошлади. Кейин Ойдин кўриниш берди. Шу пайт ўғли қоқилиб йиқилди ва: “Ота-а!” деб йиғлаб юборди. Чўчиб тушган Менгзиё бу воқеа хаёлидан ўтдими ё туш кўрдими, билолмади. Кўнгли хижил бўлиб, бу ёнбошига ағдарилиб ётди. Ёғоч ўрин баданига ботиб кетган бўлса-да, туриб ўтиришга мажоли етмади. Боз устига темир изга бош ураётган ғилдираклар миясига келиб тегаётгандай асаб толаларини таранг­лаштирар эди. Тиш оғриғи каби бироз заиф, аммо муттасил азоб беради. Менгзиё буларнинг барчасидан қутулиш учун бутун вужудини қулоққа айлантириб, темир товушни тинглай бошлади. Бу шовқин аввал аллақандай оҳангга ва аста-секин куйга айланди. Сўнг дўмбиранинг сеҳрли овози бутун оламни тутгандай бўлди. Шундан сўнг Менгзиё озгина чалғиса, бу куй яна совуқ темир товушга айланиб қолишидан чўчиб қўшиқ айта бошлади:

Оқар дарё мурдор бўлмас,
Саксон кўппак сориса.
Бир капгир ош элга етар,
Бошига Хидир дориса.
Ботир йигит шул бўлар,
Ёвдан юртин қўриса.
Шоир киши шул бўлар,
Сўзи юртга пориса…

У ўз-ўзига терма айтар экан, Ултоннинг фармони билан Қалмоқ чўлига сургун қилинган бахшилар кўз ўнгидан ўтиб, алами бўғзига тиқилиб, тобора она юртидан олислаётган поездда борса-келмасга кетиб борарди.

* * *

Поезд Сибирнинг қору муз билан қопланган қуюқ ўрмонлари томон елдек учиб борар экан, темир излар Тангриқул бобонинг кўкрагидан ўтгандай кўкайи кесилиб, афтодаҳол бўлиб қолганди. Мўйсафид ўғлининг аҳволи не кечганидан қайғурар, неча ойдан буён Менгзиёдан бирор дарак тополмаганидан хавотирда эди. Бу ҳадик унинг юрагига тошдек оғир ботиб толиқтирарди.

Тангриқул бобо бугун ҳам тонг ёришмасидан бурун туман марказига қараб йўл олди. У одатдагидай чакмонини эгнига ташлаган, бошига қуёнтери телпакни бостириб, қулоқчинини ияги остидан ўтказиб боғлаган, жуссасига яраша узун ва бақувват қўлида қамчини ўйнатиб, отга номигагина уриб қўярди. Унинг қийиқ кўзлари атрофга синовчан боқар, рўпарадан ураётган шамолда кўксига тушган оппоқ соқоли икки ёнга ёйилиб, қозиқ иякли чўзинчоқ юзини кичрайтириб кўрсатарди. Тангриқул бобо тошлоқ йўлда бир маромда йўрғалаётган қашқа жийроннинг юришига монанд тебраниб борарди. Туман марказига элтадиган бу тошлоқ йўл Сурхон дарёсининг ўнг соҳили бўйлаб кетган эди. Соҳилнинг икки ёнида ҳам паст-баланд тепалик­лар ястаниб ётар, унинг бир томони Боботоққа, иккинчиси Бойсун тоғига бориб туташганди.

Соҳилдаги йўлдан Бойсун тоғи деярли кўринмас ва кун асрдан оғиши билан қуёш ҳув баланд тепаликлар ортига омонат яширингандай бўларди. Шу боис бу ерларга тез қоронғи тушар эди. Нариги қирғоқдаги тепаликлар ҳам баланд бўлишига қарамай, Боботоғ кўзга яққол ташланар эди. Тангриқул бобо мана шу кенг ва бепоён даштни ёриб ўтган дарё соҳилида туғилиб ўсган, феъл-атвори ҳам шунга яраша эди. Унинг кўнгли дашт каби кенг, кекса тепаликлар янглиғ вазмин, мулоҳазали ва айни дамда дарёнинг қуйи оқими каби шижоатли эди. Шу боис ёши етмишдан ошган бўлса-да, тетик ва доим қаддини ғоз тутиб юрарди. Менгзиёни олиб кетишганидан буён юзи сўлғин тортган, бургуткўз нигоҳи толиққандай таассурот уйғотарди. Боз устига, қадди эгилиб, отамерос асони олиб юришни одат қилганди. Ҳозир ўғлини излаб кетар экан, қаддини янада эгиб, совуқ ҳаводан кўксини тўсишга уринар эди. Тағин кимсасиз йўлда отнинг “так-тук”лаб юриши ва қулоқчини орасидан шамолнинг увиллаб киришидан бошқа сас-садо эшитилмас ва бу сукунатдан қулоғи том битган, фақат ўй-хаёлларгина уни даҳшатли ёлғизликдан қутқарарди.

Мўйсафид шу алпозда анчагина йўлни босиб ўтди. Бир пайт кимнингдир салом бергани эшитилди. Тангриқул бобо жиловни тортиб, атроф­­га аланглади ва сал наридаги, тўқай ичидаги отлиқни кўриб тўхтади. Тангриқул бобо томон келаётган йўловчи эллик ёшдан ошган, қорамағиз ва полвон келбат киши эди. У Тангриқул бобога яқинлашгач салом берди. Улар от устида туриб, узалиб кўришди. Минг йиллик қадрдонлар каби қуюқ сўрашишди.

– Йўл бўлсин? – деди бояги йўловчи Танг­риқул бобога қарата даштликларга хос жарангдор овозда.
– Шўрчига…

– Ўзим ҳам шундай бўса керак, деб ўйладим. Йўлимиз бир экан, гангир-гунгур қилиб кетамиз-да, а?!

Йўловчининг самимият билан айтган сўзидан Тангриқул бобонинг кўнгли ёришди ва шундай йўлдош топилганидан мамнун бўлиб:

– Ҳа, одам захини одам олади. Олис йўлга якка чиқишди хасияти яхшимас, – деди. Сўнг унинг уловига разм солиб қараган мўйсафид: – От дарёни кечиб ўтган кўринади, Хўжамулкиданмисиз?! – деди нариги соҳилдаги қишлоқни назарда тутиб.

– Хўжамулкидан. Товошар бобони эшитганмисиз? – деди йўловчи ўзини танитиб. – Шу кишининг ўртанча ули бўламан.

– Эй, шундай денг! Полвон бобони небараси экансиз-да. Ҳа, яшанг! – деди Тангриқул бобо. Сўнг унинг озиб-тўзиб кетган отига син солиб қараб, гапида давом этди. – Бу жониворди кайитиб1 қўйибсиз-ку!

– Билмадим, шу саратоннинг адоғидан бошлаб эт ташлади. Бўмаса, оғзи тинмайди. Жегани поримай қолдими, дейман. Ўзи-ку ўлгудай бақувват. Овгаям минаман, бошқагаям. Тиндирмайман. Чарчамайди. Бир-икки вақт дам олсин, деб уйдан чиғармай қўйдим. Ўзгариш қаерда, баттар озиб кетди.

– Ичида иллати бўса керак-да?
– Бор! Бўмаса шўйтама. Ҳа, бозорлаб жўнадингизма? – деди от эгаси гап даромадини буриб.

– Бозор десаям бўлади, – деди Тангриқул бобо ҳафсаласизгина хўрсиниб. – Молимиз қолиб, жонимиз бозорга тушган. Гуноҳини айтмай, ҳукуматди одами олиб кетган улимди дараклаяпман.

– Оббо! Чатоқ иш бўбди-ку, – деди у гап нимада эканини билиб. – Улингизни ким дегич эди?!
– Менгзиё…

Тангриқул бобо ўғлининг исмини айтиши билан йўловчи унинг гапини илиб кетди:
– Менгзиё бахшима?.. Отаси бўлсасизма?! Эшитганман. Бизди қишлоққа тўйга борганда кўришганмиз, – деди фахрланиб. Кейин ўйланиб қолди ва бир муддат ўтиб: – Улингизди Тошқул олиб кетганма?! – деди бу гаплардан унча-мунча хабари бор кишидай салмоқланиб.
– Ҳа, шу Тошқул шўро…

– Ўзи овчиман, – деди йўловчи бобонинг гапини бўлиб. – Қуён, тулки овлаб, терисини ҳукуматга топширамиз. Ҳозир ҳам хуржун тўла сурланган тери. Шунга райондаги гап-сўздан эшитиб тураман. Мени йўлдан қолдиряпти, деманг, улингизди Шўрчидан излашингиз бепойда! Уларди барини районда жамлаб, Термизга жўнатади. Дарагини шу яқдан топасиз. Шўрчидагилар одамга гап бермайди…

– Ўзимам шундайма, деб ўйладим. Неча кундан бермағон эшик пойлайман. Биров нимасан, демайди. Қоровулга, ҳукуматнинг олдига кирит, десам, кўнмайди. Улим қаердалигини ўзинг айт десам, мен қаердан биламан, бир кунда ундайларди нечови келиб-кетади, дейди.

– Айтдим-ку, булар гап бермайди деб, – айтгани рост чиққанидан қувониб, давом этди у. – Бугундан қомай, Термизга жўнанг. Бахшини Шўрчида олиб ўтирган бўлсаям (қамаб де­­йишга тили бормади), термизликлар айтса, жавоб беради.

Бу гаплардан сўнг Тангриқул бобо не қиларини билмай ўйланиб қолди. Мўйсафид жиловни кескин тортганидан шашти қайтган жийрон депсиниб олдинга интилар, от эгаси эса уни ёнга буриб тинчлантирмоқчи бўлар эди. Бобонинг аро йўлда қолганини кўрган йўлдоши:

– Хоҳласангиз, Шўрчига бориб, сўнг қайтинг. Мен билганимча айтдим, – деди гуноҳи учун узр сўраётган кишидай.

Овчи ўзини айбдордай ҳис қилаётганини кўрган мўйсафид:
– Йўқ, жўра, – деди, – газандани калласидан ушлаш керак. Нима бўлса ҳам, Термизга борганим маъқул.

Тангриқул бобо ортига қайтиб кетаркан, ўғли ҳақида эшитган-билган одам топилганидан қувониб борарди. Жийрон эса шашти қайтганидан бир-икки тайсаллади-ю, йўрғалаб кетди. Шамол ҳам энди тескари тарафдан ураётган эди. Бу вақтда кун чошгоҳдан ўтган бўлса-да, қуёш жамолини кўрсатмас, булут қоплаган осмон бўзариб турарди. Эсаётган изғирин эса тез орада қор ёғишидан дарак бераётган эди. Тангриқул бобо йўл-йўлакай дастлаб қаерга бориш кераклигини мулоҳаза қилиб, пешин вақтида уйига кириб борди. У деярли юз чақирим узоқдаги шаҳарга бориш учун, аввало, уйининг ёнидан қайтиб ўтиши ва, энг муҳими, оиласидагиларни огоҳлантириб қўйиши керак эди.

Мўйсафид уйида пешин намозини адо этди ва йўл учун емак ҳозирлаб олди. Бободан ўғли ҳақидаги хушхабарни эшитган Марям момо овчини алқаб узоқ дуо қилди. Ўктам эса неча пайтдан буён Тошқул шўрони излаб уйига борар, уни топгудай бўлса: “Сиздан гинамиз йўқ. Акамнинг қаердалигини айтсангиз бўлди”, деб Менгзиё ҳақида билиб олмоқчийди. Аммо у кўпдан бери Тошқул шўрони тополмади. Ҳозир ҳам тарвузи қўлтиғидан тушиб қишлоқдан қайтганди. Ўктам ҳам янгиликни эшитиб қувонди. Сўнг отаси каби қийиқ кўзлари билан ер чизиб, яғриндор жуссаси билан эшикни тўсди ва:

– Ота, – деди титроқ овозда. – Термиз кўп узоқ йўл. Сизди шунча жойга боришингиз… Акамди ўзим дараклаб кесам-чи?!

Ўктамнинг сўзларидан сўнг Тангриқул бобога синовчан қараб турган яқинлари мўйсафид бошини кўтариб қараши билан кўзларини олиб қочди. Фақат Ўктам отасига умидвор термилиб турарди.

– Йўқ, – деди Тангриқул бобо унинг умидини пучга чиқариб, – ҳукуматди одами сени ёш бола билиб гап бермайди.
– Лекин…

– Лекин-пекини йўқ! – деди мўйсафид ўғлининг гапини кескин бўлиб. – Гап шу! Энди шўрони уйига боришди бас қи. Қўлида хайр бор одам бу қилиқди қимасди. Туҳматига қолиб кетма.

Ўктам бояги туришида:
– Хўп, – дея бош ирғади. – Сиз келаберинг, хуржунни олиб бориб, отди эгарлайман.
– Хуржунга дадилроқ арпа сол. Йўл узоқ. От чарчайди.

Ўктам отни йўлга ҳозирлаш учун кетгач, Тангриқул бобо дастурхонга дуо қилди. Сўнг рўпарасига келган набирасини тиззасига ўтқазди. Элмурод:
– Бобо, отамди олдига борасизма? – деди болаларча самимият билан.

Тангриқул бобо гўдак кўзидаги соғинчни кўриб юрак-бағри эзилиб кетди ва:
– Ҳа, – деди.
– Мениям олиб боринг.
– У яққа болалар бормайди-да, отажон.

Тангриқул бобо набирасига шундай деди-ю, Элмурод Менгзиёга жуда ўхшаш эканини пайқаб қолди. У ҳам отаси каби қўйкўз, сочи қалин ва қаттиқ, юзи буғдойранг, бармоқлари ҳам тирноқларидай узун ва яна қотмадан келган, ёшига нисбатан новча эди. Тангриқул бобо набирасига қараб туриб, ўғлини кўргандай бўлди ва бўғзига нимадир тиқилиб ачишди. Кўзи ёшланди. Мўйсафид дуо қилгандай кафти билан юзини сийпалаб ёшини артди. Кўзини узмай турган Элмурод бобосининг бўйнига осилиб, юзидан ўпди ва:
– Ундай бўса, отам кеганча кутиб тураман, – деди.

Лабини тишлаб кузатиб турган Марям момо:
– Ҳа, балам-а! – деб юборди.

Тангриқул бобо эса набирасини бағрига босиб, юзидан ҳидлагандай бўлиб оҳиста ўпди. Бобосининг соқоли қитиғини келтирган Элмурод ўзини четга тортди. Тангриқул бобо уни қўйиб юбориб, ўрнидан турди. Бурчакда рўмолининг учини тишлаб жим ўтирган Ойдин бориб эшикни очди. Тангриқул бобо ишонч билан остона ҳатлади.

* * *

Мўйсафид боягидай жийронни йўрғалатиб қишлоқ оралаб борарди. Тепадан пастга қараб тарқоқ жойлашган овул уйлари оралаб ўтган йўл эса гоҳ бурилиб, гоҳ тўғри кетарди. Қишлоқ адоқлаб қолган жойда, қалин тўқайзорга дуч келган йўл бироз тепага кўтарилиб, Тошқул шўронинг уйини айланиб ўтар эди. Ҳозир Танг­риқул бобо ўша ерга яқинлашиб борар экан, беихтиёр от жиловини тортди. Бир муддат тадорикланиб, сўнг дарё соҳилидаги тўқай оралаб кетди. Аммо от намхуш ерга чуқур ботган туёғини узиб, тағин бетартиб ўсган жангалзор оралаб юришга анча қийналиб қолди. У гоҳ паттанинг бетартиб ўсган новдаси хуржундан ушлаб қолгани боис бурилиб кетар, гоҳ қалин ўсган юлғун айланиб ўтишга мажбур бўларди. Бундан Тангриқул бобонинг жаҳли чиқарди. Илло, тўғри йўл қолиб, бу ёқдан юришга мажбур эди. Мабодо у йўлдан кетса, шўрога дуч келиши тайин. Тангриқул бобо уни учратиб қолса, аяб ўтирмаслигини ўзи ҳам яхши билар, шу боис имкони қадар шўродан нарироқ юришни истарди. Ҳозир отдан ҳам, тўқайдан ҳам нолимас, фақат шўрони койирди. Ниҳоят, Тошқулнинг уйидан узоқлашиб, шу билан бирга, қишлоқдан ҳам олислаб катта йўлга чиқиб олди. Бу ерда йўл тепаликдан ошиб тушар ва бир томондан дарё соҳилидаги тўқайзор чегаралаб турган, иккинчи тарафидан эса адирлар қўриқлаб ётган қишлоқ кўздан ғойиб бўлар эди. Тангриқул бобо ўша ердан туриб қишлоғига яна бир қур назар ташлади. Кўзига шипшийдам тепалар сарғайиб мункайгандай, тўқайзор эса қишлоқнинг баргсиз дарахтлари ила уйғунлашиб қорайиб кўринар эди. Боз устига, дарёнинг юқори қисмидан ўрлаган қуюқ туман манзаралари янада хиралаштириб қўйганди. Мўйсафид буларнинг барчасини оний лаҳзада ҳис этди-ю, отга қамчи босиб, дарё оқими бўйлаб кетди.

Тангриқул бобо борган сари отни қистаб кечгача кўпроқ йўл босишга уринарди. Зеро, қоронғи тушиши билан бу ерда чиябўрилар галаси санғиб юрар ва ҳатто қобонлар ҳам учраб турарди. Буни яхши билган Тангриқул бобо жийронга устма-уст қамчи босиб, намозшомдан бурун Макидон кўпригига етиб олди. Йилнинг бу фаслида кўприк тагидан ўтган сув анча паст ташлар эди. Шу сабаб асрлар бўйлашган кўҳна ғиштин кўприк бу ёқда қолиб, тўғридаги кечувдан бемалол ўтиши мумкин. Аммо мўйсафид терлаган отни муздай сувга кечиришни истамади. Ёнтоқзор оралаб кўприкка қараб юрди. “Тавба, – деб ўйларди у кўприкка яқинлашган сари. – Искандардай жаҳангир пишиқ-пухта кўприк қуриб нима қиларди?! Дунёнинг нариги четидан не бир дарёларди кечиб кеган одам бу ердан сакраб ўтсаям бўларди… Оллони кароматини қаранг, Искандар Зулқарнай дунёга қанча ғавғо сомасин, барибир, қўли очиқ ўтиб кетди, локин мундайин кўприклар қолабераркан”.

Шундай ўйлар билан кетаётган Тангриқул бобо кечанинг бир маҳалида йўлда дуч келган овулга бурилди. У қатор жойлашган пастқам уйларнинг энг чеккадагиси томон бориб, қопағон итларни “Тур! Тур, кет”, деб ҳайдаб, кулбага яқинроқ келиб:

– Кимсан ака… Ҳу-увв Бойбова, – деб чақирди. Кўп ўтмай ичкаридан: “Ҳозир!” деган овоз эшитилди. Сўнг кимдир фонус кўтариб чиқди. У аввал итларни қувиб солди. Кейин:

– Кимсиз?! Келинг! – деди нотаниш йўловчига синчиклаб қараб.
– Меҳмон қабул қиласизма?!

– Меҳмон атойи Худо! Келаберинг, – деди уй соҳиби алланечук ҳадик, аммо самимият билан.

– Ассалому алайкум! Бойбова, узр энди, сизди бемаҳал безовта қилдик. Шу денг Термизга жўнаб эдим, кеч қолдим.

– Эҳ-ҳей, Термиз қаерда, биров қаерда! Бу ёққа бурилиб тўғри қилибсиз. Бемаҳалда йўл унмайди! – деди мезбон энди янада очиқ чеҳра билан от жиловидан тутиб. – Қани, отдан тушинг-чи. Йўлдо-ош! Ҳо-оо, Йўлдош! – дея уй эгаси ортига қараб чақира бошлади.

Лойсувоқ уйнинг пастқам эшиги очилиб, ичкаридан ўсмир боланинг овози эшитилди.
– Лаббай!
– Уйга меҳмон келди! Сўнг ўзинг берман қара.

Бола онасига ўрин ҳозирлашни айтиб чиқди, шекилли, уйга бирровга кириб, сўнг отаси томон югуриб келди. Қоронғида юравериб кўзи равшанлашиб қолган мўйсафид унинг келишиданоқ ўрта бўйли, тўладан келган йигит эканини фаҳмлади. У етиб келар-келмас салом бериб, меҳмонга қўш қўл узатди.

– Отни олиб бориб жойлаштир, – деди отаси унга жиловни тутқазиб. – Эгарини ечиб ол-да, ошхонадаги кигиздан бировини ёпиб қўй. Кун совуқ. Бедадан ташла. Сомон берма тағин.

Йўлдош отасининг гапларига: “Хўп-хўп”, деб жавоб қайтариб олислади. Унинг овозидан мамнунлиги аниқ сезилиб турарди. Афтидан, Йўлдош уйларига меҳмон келгани ва яна жийронни унга ишониб топширишганидан қувонган эди.

Мезбон Тангриқул бобони уйга бошлади. Уй торгина даҳлиз ва унинг икки ёнидаги бир жуфт хонадан иборат эди. Улар ўнг тарафдаги чоғроқ хонага киришди. Бу ерга аллақачон янги кўрпа-тўшак солинган ва дастурхонда бир жуфт зоғора нон бор эди. Тангриқул бобо уй соҳибининг қистови билан тўрга ўтиб, чордона қурди. Мезбон эса пойгакда омонат чўкиб, қўлини кўксига қўйди. Улар узоқ ва қуюқ аҳволлашди. Бу орада Йўлдош қайтиб келиб, қўшни хонага кириб-чиқди. Унинг изидан онаси ҳам ташқарига чиқди, шекилли, эшиклар яна ғийқиллаб очилиб-ёпилди. Ташқаридан ўтиннинг қарсиллаб синган товушига қўшилиб она-боланинг овози эшитилиб турди. Кўп ўтмай остонада Йўлдош пайдо бўлди. У аввал чойнак-пиёла, икки коса суюқ овқат олиб келди.

– Бу нима ташвиш?! – деди Тангриқул бобо астойдил хижолат тортиб.
– Ташвиши борма?! Аллағайтиб бир кебсиз, – деди мезбон – Тўра ака ўша-ўша самимият ила.

Улар бу вақтгача бир-бирлари ҳақида суҳбатлашиб олганди. Энди Тангриқул бобонинг қаердан келаётгани, қаёққа, не сабабдан кетаётгани ҳақида сўзлашиб ўтиришганди. Дастурхонга қаралгач, ўртабўй, тўладан келган ва қалин лаблари осилиб турадиган мезбон гапини боя тўхтаб қолган жойидан бошлади.

– Нимасини айтасиз, меҳмон. Замонасига ўт тушди. Ҳамма ёқ алғов-далғов. Мана, бизам асли тангиҳарамликмиз, – пичирлаб сўзини давом эттирди у. – Шўронинг зулмидан қочиб, шу ерларга кеб қолдик. Янги ҳамсояларга “Ҳеч кимимиз жўқ. Ўзим соғир ўсганман. Яшашдан қийналиб кўчиб келдик”, дедим… Нима бўлганини сўраманг! Бир кечада қизил аскарлар уйимизга бостириб келиб, отамди олиб кетди. Сўнг душманнинг боласи, деб ўзимди ҳам қистовга олаберди. Ё қочиб, ё ўлиб қутуламан, деб элингизга қараб келабердим. Қанча сўраб-суриштирдим. Сўнг билсам, отам ўқийдиган китоблар ҳукуматга қарши ёзилганмиш. Товба, дейсан киши. Ҳув, бурунғи замондан қоган китобди уларга нима алоқаси боракан?! Бизди боболар бу китобларди ёзганда дунёсида шўро борлигини билмаган бўса керак?!

– Рост-рост, жўра. Улимда қандай гуно бор эди? Қиладиган ҳунари ёғоч жўниб, қора уй (ўтов), отга эгар, одамга дўмбира ясаш. Нари борса, қишлоқдаги тўйларда, достон айтарди.

– Эй, улингиз юзбошимиди?! – ҳовлиқиб сўради мезбон.
– Ҳа, тўй-пўйга бориб туради.

– Бўлди-бўлди! Униям тангиҳарамлик бахшидай достон айтгансан, халқди миясини заҳарлагансан, деб олиб кетган. Булар уйда жимгина китоб ўқиб ўтирган одамди қамайди-ю, уни қўшиқ қилиб айтганди тинч қўяма?! Нима бўганда-ям, элди манаман деган ғужурли жигитларини саралаб олиб кетяпти уккағарлар!

– Тушунмай қолдим. Ҳеч замонда қўшиқ айтган одамди қамайдима?! – деди Тангриқул бобо эшитаётган гапларига ишонмай.

– Замонаси шуйтиб ақлдан озиб қолди-да, меҳмон бобо!

* * *

Бу вақтда Ойдин ўғлини бағрига босиб ётар, ундан сал нарида Марям момо ҳам ухлай олмай, у ёндан-бу ёнга ағдариларди. Ойдин қайнотаси кексайганида бундай сарсон бўлиб юргани, қайнонасининг ороми йўқолиб, бир аҳволда ётганида ўзини айбдор санарди. У Тошқул нима учун Менгзиёнинг номини қорага чиқарганини тахмин қилар, шўро шундай қабоҳатга қўл уришига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасди. Ойдин анча йиллар аввал унинг асл қиёфасини кўрган, ўшандаёқ Тошқулнинг неча пуллик одамлигини билган эди. Лекин барибир бунчалик паст кетишини кутмаганди.

Ўшанда Ойдиннинг бўйи етиб, қалби гўзал туйғулар ошёнига айланган пайт эди. Барча тенгдошлари каби муҳаббат дардига мубтало бўлган, севгисини эса қалб қалъасида асраб-­авайларди. У бошқалар каби ўз дил туғёнини очиқ-ошкора айтишни сира истамас, туйғуларини кўз-кўзлаб сўзлайдиганларни ўлгудай ёмон кўрарди. Ойдин муҳаббатни Яратганнинг энг катта инъоми деб билар, бу тортиқдан вужуди қушдай енгил тортиб, осмонда парвоз этгиси келарди; қулочини кенг ёйиб ям-яшил қирлар оша югуришни, азим тоғларни ва кекса дарахт­лардан янги унган майсаларгача бағрига босишни хоҳларди. Бу истак кучайгани сари танаси тобора тўп ўтмас қўрғонга айланиб борар, беихтиёр сирини ошкор қилиб қўймаслик учун мум тишлагандай жим юрарди.

У аксари бўз болалар ва тенгдош дугоналари билан қишлоқ ва дарё оралиғида мол боқар экан, муҳаббатига сазовор бўлган йигитни зимдан кузатишни, дарё соҳилидаги кўл ёнига бориб, ширин орзулар оғушида ўтиришни хуш кўрарди.

Баҳорнинг серёғин кунлари дарё қишлоқ яқинигача тошиб оқарди. Ёзга яқинлашган сари сув орқага қайтиб, қишлоқ ва дарё оралиғида кенг майдон очиларди. Бу майдонда катта кўл ҳосил бўлади. Дарёнинг юқори қисмидан бир ариқ сув кўлга оқиб келар ва қуйидан катта оқимга қўшилиб кетарди.

Бу кўл Ойдиннинг кўнгли каби тиниқ ва сирли эди. Сувнинг мусаффолигидан тубидаги майда тошларгача аниқ кўриниб турарди. Чўпон болалар тушлик пайти уй-уйларига тарқайди. Улар кетгач, қизлар атрофини буталар ўраб олган кўлда чўмилар эди.

Ўша куни дугоналари келмай, Ойдин ёлғиз бўлиб қолди. Ўғил болалар уйига кетишини пойлаб ўтирди. Болалар қўйуподасини ҳайдаб жўнагач, атрофда ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиб, рўмолини ечди. Этагини хиёл кўтариб сув кечди. Узун ва бўлиқ оёғи сувда эгри-бугри ва калта бўлиб кўринди. Бундан Ойдиннинг завқи келди. Яна бир-икки қадам ташлаб кўлнинг чуқурроқ жойига борди. Саратоннинг иссиғида танга роҳат берган сув қалбига ажиб туйғу инъом этди. Ойдин этагини қўйиб юбориб, нозик бармоқлари билан қулоқ-бурнини беркитганча сувга шўнғиб чиқди. Сувдан бош кўтариши билан ҳарир либоси танасига чиппа ёпишди. Сочидаги сув дурдай томиб кўксига тушди. Ойдин кафтини сув юзида юрғизиб осмонга қаради. Сўнг бир ҳовуч сувни олиб, юзини чайди. У энди кўлдан чиқмоқчи бўлиб олдинга юрган эди, буталар орасида қараб турган кимсани кўриб додлаб юборди. Кўлнинг саёз жойида ўтириб олиб, танасини номаҳрам нигоҳдан яширди. Бояги кимса эса: “Жим! Тусс! Жим бўлсанг-чи!” деб бута ортидан чиқиб келди. Ойдин рўпарасида Тошқулни кўриб:

– Номаҳрамга кўз тикишга уялмайсанма, ерютгур, – деди. Тошқул эса соҳилда турган рўмолни олиб юзига босди ва:

– Нимага номаҳрам бўларкан? Эртага энам совчи бўлиб боради, – деди.
– Бекорди айтибсан!
– Бекормас, Ойдин, сенда кўнглим бор.

Ойдин унинг хотиржам гапиришидан негадир қўрқиб кетди. Сўнг Тошқул аввалдан қизларнинг чўмилишини пойлаб юрган бўлса-я, деган хаёлга борди ва:

– Наҳс босган кўнглингга ўт тушсин! – деди алам ва изтироб билан. – Сенга теккандан кўра қаро ерга кирганим дуруст. Кўзимдан йўқол, занчалиш!!!

Бу гапдан Тошқулнинг жаҳли чиқди.

– Кўлда чўмилаётганингни онгдан кўриб қолганимни бировга айтсам, сени махов ҳам хотинликка олмайди, – деди.

– Олмаса-олмас, кўзим учиб тургани йўқ… ифлос қўлингни рўмолимга текизма!.. Бўмаса, ҳозир бақираман.

Тошқул ноилож ўрнидан турди. Лекин паст келгиси келмай:
– Ўйлаб кўр, эртага энам боради, – деб нари кетди.

Ойдин ҳўнг-ҳўнг йиғлаб соҳилга чиқди. У аччиқ изтироб ила рўмолини олди. Унга Тошқулнинг қўли теккан деб лой ва қумга ишқалаб қайта-қайта чайди. Аммо барибир кўнглидаги ғубор тарқамади.

Ойдин ҳозир шу воқеани эслаб, бир вақтда икки уйдан совчи келгани ва у Менгзиёни танлагани учун Тошқул аламини олаяпти деб ўйлади. Бундан хўрлиги келган Ойдин: “Занчалиш… қўрқоқ!” деди. Марям момо унинг товушидан сергак тортди ва:

– Келин, тинчликма? Нима деяпсиз? – деди. Ойдин беихтиёр овоз чиқариб гапириб юборганидан уялди ва:

– Ёмон туш кўриппан, – деди. Сўнг йиғисини қайнонасига сездирмаслик учун рўмолининг учини тугун қилиб қаттиқ тишлади ва Элмуродни бағрига босди.

* * *

Юмуш билан андармон бўлиб юрган Ўктам уйлари томон келаётган уч-тўрт чоғли кишига кўзи тушди. Булар шу қишлоқнинг нариги учида яшайдиган қариндошлари бўлиб, эшак миниб келаётган момо – Тангриқул бобонинг опаси, ёнидаги басавлат киши Қобил ака – унинг катта ўғли, орқароқдаги ёш йигит Шодиёр эса Ўктамнинг бўласи эди. У меҳмонларни олисдан туриб таниди ва:
– Чеча, – деди уйга қараб.

Сигир соғиб қайтаётган Ойдин қайин укасининг чақириғини эшитиб, унга терс тамондан товуш берди:
– Чақирдингизми, кенжа?

– Уйга одам келяпти, – деди Ўктам қўли билан йўлни кўрсатиб ва янгасига ўгирилиб қараб. Ойдин меҳмонларни кутиб олиш учун уйга томон юрди. Ўктам ҳам юмушни ташлаб, янгасининг изидан кетди.

Зарифа момо билан ўғли Қобил ака Менг­зиёни олиб кетган куни ҳам келиб, қариндош­ларига тасалли бериб кетишган эди. Бугун ҳам Менг­зиёнинг аҳволи не кечгани, ундан бирор дарак борми-йўқлиги ҳақида билиш учун келишганди. Зарифа момо эшакдан тушар экан, кутиб олишга чиққан Марям момога қарата:
– Қариндошнинг товуши қоронғида таниш деб келабердик, – деди.

– Бинойи, бинойи, эгачи, – деди Марям момо қайнопасининг қошида гиргиттон бўлиб. – Қани, уйга кирингизлар. Элмурод, қўлга сув ол. Ўктамжон, ўзинг қара, болам!

Марям момо меҳмонларни уйга бошлади. Аввал Зарифа момо, сўнг бошқалар йўл тортди. У ишонч билан қадам ташлашидан саксон ёшли кампирга сира ўхшамас, юзининг тиниқлигидан ҳеч бир заҳмат чекмагандай таассурот уйғотар, жуссасини бироз эгиб юргани билан ҳамон новча бўлиб кўринарди. Ўғли Қобил ҳам онаси каби бўйчан, тўладан келган қорамағиз киши эди. Учинчи меҳмон эса ўрта бўйли, оқсариқ ва доим кулиб турувчи Шодиёр эди. Улар ёшига қараб изма-из уйга киришди. Зарифа момо ортида келаётган ўғлига:

– Ўт, – деб уй тўрини қўли билан кўрсатди.
– Ўзингиз тўрланг, эна, – деди Қобил.
– Эркак киши бор жойда аёллар тўрга чиқмайди, болам!

Қобил шундай жавоб эшитишни аввалдан билар, аммо ҳурмат юзасидан камтарлик қилган эди. Шу боис онасининг гапи тугамасдан бурун эпчиллик билан тўрга ўтиб олди. У икки қават кўрпачада чордона қуриб ўтирди. Бошқалар ҳам ёши ва ҳурматига қараб жойлашди. Зум ўтмай ўртага дастурхон ёзилиб, уй соҳиблари топган-тутганларини дастурхонга қўйди. Бу вақтда аллақачон оқшом чўккан эди. Зарифа момо укасининг қаерда эканини сўради. Гоҳ Марям момо, гоҳ Ўктам навбатма-навбат гапириб, Тангриқул бобонинг қаёққа кетгани ва шу кунларда аҳволлари не кечаётганини нақл қилди. Меҳмонлар уларнинг кўнглига тегадиган сўз айтиб қўйишдан чўчиб, эҳтиёткорлик билан Менгзиёнинг келгуси тақдири ҳақида мулоҳаза қилишарди:

– Тошқул бир жугурдак, – деди Зарифа момо югурдак сўзига урғу бериб. – Ҳукумат нима деса, шуни қилади. Ойланайин, Менгзиёжоннинг бегуноҳлигини билиб қўйиб юборади. Боврунгиз тўлиб, тўй қилиб қоласиз. Ана шунда Тошқулди юзи қорайиб, узр сўраб келади.
– Илойим, айтганингиз кесин, опажон! – деди Марям момо кўз ёш қилиб.

– Менгзиё билан ариқ қазишга борганим сира эсимдан чиқмайди, – деди Қобил гап даромадини буриб. – Ҳув, тегирмонга келган ариқди дарёгача қазиб боришимиз керак эди. Эрталаб Шойдуллани уйидан сал баландда қазишди бошладик. Кун чашга бўлабериб Шойдулди улини чақирдим. Ўзиям хотини билан уйга кириб-чиғиб турбеди… Ули бизга томон жўнайбериб, биров чақирдима, орқасига қайтди. Сўнг салом бериб келди. Болани олдига бир бел лойни қўйиб, “Бориб отангга айт, ўчоқтош1 ташладим”, дедим. Уккағарди ули кўзини пирпиратиб, отам уйда жўқ, деса бўлама?! Бўмаса, энангга айт, дедим. Икковиям момомларди уйига кетган, дейди. Билиб туриппан: эриям, хотиниям уйда!..

– Ҳа, ўлмабди. Бир чўмич овқат билан бири икки бўлиб қолама? – деб гапга аралашди Марям момо.

– Бу ёғини эшитинг-да, чеча, – деди лабида кулги ўйнаб Қобил ака. – Болага отинг ким, дедим. Воситми, Қосимми, деди. Сўнг, ке, кўришамиз, деб қўлидан маҳкам ушладим-да, отанг қаердалигини айтмасанг, чўчоғингни кесиб оламан, дедим. Шу қўлимдан чиғиб кетаман деб чиранади, денг. Маҳкам ушлаб турабердим. Охири кўзи гириллаб жилағидай бўлиб, уйда энам билан отам дашиниб ўтирибди, деса бўлама!.. Бориб отангга Қобил бобом чўчағингни кесиб оламан деди, уйдан чиқмасангиз, сиздиям шундай қиларкан, деб айт, дедим.

Бу гапдан сўнг гурр этиб кулги кўтарилди. Шодиёр ичини ушлаб йиқилгудай бўлар, Ўктам ҳам овозининг борича хохоларди. Зарифа момо эса:

– Ҳа, ишларинг тушсин… Кап-катта одамгаям шундай дейма? – деб юзини рўмоли билан тўсиб куларди.

– Кейин нима бўлди? – деди Шодиёр бироз ўзини ўнглаб.

– Нима бўларди, зиғир мойди паловидан тўйдик, – деди Қобил ака ошни ҳозир еб тугатгандай қорнини сийпалаб.

– Одамларда оқибат қомади, – деди Зарифа момо боягидай салмоқдор оҳангда. – Бўмаса, шунча гап-гаштак орттириб ўтирмай, ошини пишириб, бермон кенглар, деса, бир жойи камайиб кетама?!

– Ўзи бир ҳазил қилгиси кеган, – деди Қобил ака Шайдулланинг ёнини олиб.

– Ҳазилиям, чиниям шу. Ўчоқтош дегани эскидан қоган гап, болам. Бир овуз овқат билан биров бир нарса бўлиб қолмайди. Локин буям одамди садағасидай гап… Шайдулга ўхшаган қўлидан хайри қочган, оқибатсиз одамларди дастидан дунё бузилиб боряпти!

Қобил ака гапнинг яна бу тарафга бурилиб кетганидан ноқулай аҳволга тушди. У неча кундан буён Менгзиёнинг қайғуси билан ёниб юрган қариндошларини бироз чалғитиш, инчинун, бу каби сўзларни унутиб, кўнгилочар гурунглардан айтиб, кайфиятини кўтармоқчийди. Шу боис онасининг сўзларини тинглаш баробарида Элмурод билан кўз уриштириб, гоҳ юзини бужимайтиб, гоҳ тилини чиқариб, ўйин қилиб ўтирди. Қобил акага тақлид қила-қила, ахири Элмурод кулиб юборди. Барчанинг диққати унга қаради. Зарифа момо ҳам гапдан чалғиб, болани эркалай кетди ва ҳар ким ўзи истаган одам билан суҳбатлаша бошлади.

Олди-қочди гаплар орасида Ўктамнинг қулоғига аллақандай заиф чақириқ эшитилди. Кечанинг бир маҳалида кимнингдир чақириб келиши ноодатий ҳол эди. Шу боис унинг кўнглини шубҳа эгаллади. Ўктам ростдан ҳам кимдир келдими ё йўқ, деб ташқарига чиқди. Фонус ёруғида мўралаб, остонадан сал нарида эшагининг жиловидан тутиб турган кимсани кўрди. Сўнг ўша томонга борар экан, аввалига уни танимади. Кейин меҳмонни тусмоллаб:

– Қодир акани улимисан?! – деди.

– Ҳа, Ўктам ака, Шобердиман! – деди бояги йигит атрофга аланглаб.

– Тинчликма? Нима гап?

– Тинчлик десаям бўлади. Бугун Инкабодга кўпкарига борибедик. Отимизди оёғига бир нима бўганга ўхшайди. Оқсаяпти, – деди Шоберди алланечук ясама оҳангда. – Бобом уйда бўса, отди кўриб берама, деб кебедим.

– Бобо-ку уйда, – деди Ўктам ниманидир сезгандай эҳтиёткорлик билан. – Гертакмазаси йўқдай. Ўзим бориб кўрсам бўлмайдима?!

Бу гапни кутмаган Шоберди не қилишини билмай, бир зум иккиланиб қолди ва:

– Отамга айтиб кўрай, майли, деса, эрталаб келаман, – деди-ю ортига қайтди.

У кўздан ғойиб бўлгунча Ўктам Шобердини кузатиб турди. Кейин тезда уйга қайтиб кирди. У остона ҳатлаши билан узоқдан ҳуштак чалинди. Бу Тошқул шўронинг огоҳлантирувчи товуши эди. Шўро эҳтиётсизлик қилибми ёки режаси амалга ошишига ишонибми, бемалол ҳуштак чалиб ҳамтавоқларга ишора берганди. Энди нима бўлаётганига ақли етган Ўктам:

– Уйинг куйгурлар отамди олиб кетишга кебди, – деди ўпкаси тошиб.

Бундан хабар топган аёллар додлаб юборди. Қобил ака уларни тинчлантириб, деразани очди ва Ўктамга:

– Сен томди устига чиғиб, ёт. Нима бўлсаям, ким қандай гап айтсаям жойингдан турма! Билдинг-ма?! Сен, – деди Шодиёрга юзланиб, – деразадан ташқарига чиғиб, Ўктамди оёғидан кўтариб юбор. Сўнг ўзинг тўғайга қараб чоп. Тошқулди “кучук”лари чалғисин. Улар тутиб олиб, нимага қочдинг, деса, “Ўктамди сенларга ушлаб бераман, деб орқасида қувдим. Қочиб кетди”, дейсан. Бобони сўраса – Шўрчига кетган.

Бу вақтда Тошқул шўро тўрт нафар қизил аскар билан уйнинг чор тарафидан келарди. Ўктам томга чиқиб пусиб олди. Шодиёр жон борича дуч келган тарафга югуриб кетди. Икки нафар аскар унинг кетидан тушди. Бошқалари Тошқул шўрога қўшилиб уйга бостириб кирди.

– Где, бабай?! Где?! – дерди шўро овозининг борича ўшқириб.

– Ўзингизди босинг, Тошқулбой, – деди Қобил ака имкон қадар босиқлик ила. – Бобони бизам кутаяпиз. Эрталаб улини дараклаб Шўрчига кетганидан бери қайтиб кемади.

– Алдама! Ҳозир Ўктам уйда, мазаси йўқ, деб айтди!

– Ё, уккағар-ей, – деди Қобил ака астойдил куюниб ва тоғаваччасининг шундай деганига ростдан ҳам ишонмай. – Ўктам бекарга деразадан чиғиб қочмаган экан-да?! Эшикдан кириб, тешикдан чиғиб кетганига нима бўлдиякан деб орқасидан Шодиёрди жўнатдик…

Бу гапдан Тошқулнинг баттар фиғони чиқди ва қизил аскарлар билан уйни ағар-тўнтар қилиб юборишди. Улар дуч келган нарсани ҳар томонга сочар, излаганини тополмаётгандай тағин кўрпа-тўшакларни у ёқдан-бу ёққа улоқтирарди. Уларнинг кўрсатаётган ҳунаридан қўрқиб кетган аёллар бир-бирларининг пинжига суқилиб йиғлар, Элмурод эса Қобил аканинг бутидан маҳкам қучиб, чопони орасига яшириниб олган эди. Тошқул шўро тинимсиз ахтаринар ва тўсатдан уй эгаларига қараб ўшқириб қоларди. Бир маҳал шўро улар боя ўтирган хона билан эшиги битта бўлган кичик хонадаги сандални тепиб ўтди. Чўғ тўла ўчоққа тушган кўрпача тутай бошлади. Буни кўрган Қобил ака Элмуродни онасининг ёнига ташлаб, ўша томонга қараб югурди. Унинг ортидан чиққан Ойдин кўзадаги сувни олиб чиқди.

Қобил ака сувни ловуллаб турган чўғ устига сепиб юборган эди, хонани тутун аралаш кўтарилган буғ қоплади. Шу пайт эшик очилиб, уйга кимлардир кириб келди. Улар хонадаги тутундан қўрқиб кетди, шекилли, остонада туриб қолди. Уларни таниб-танимай турган Марям момо:

– Болам! Ўктамжо-он! – деди уни тутиб олишган, деган ўйга бориб.

Бу Қобил ака ўйлаган ҳийланинг янада ишонарли чиқишига сабаб бўлмоқда эди. Шу боис Қобил ака қизил аскарлар қуршовида турган Шодиёрни таниган бўлса-да:

– Ўктам! – деди.

Қобил аканинг чақириғидан кейин ҳушёр тортган Шодиёр:

– Мен Шодиёрман, ака, Ўктам қочди. Билмайман, қаерга кетди, лекин тўғай оралаб жўқ бўлди, – деди тез-тез, аммо ҳамма эшитсин дегандай баланд овозда. Сўнг саросимага тушиб қолганини яширмади. – Нима бўляпти ўзи? Уй нимага тутяпти?

Бу гапларни жим эшитиб мушоҳада қилиб турган Тошқул шўро Ўктамнинг қочиб кетганига ва энг муҳими, Тангриқул бобонинг уйда йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, баттар тутақди. У энди бутун уйни қайтадан ағдар-тўнтар қилиб чиқди. Ойдиннинг рўпарасида тўхтаб ҳув ўшанда, кўл бўйида унга еб қўйгудай бўлиб қарагани каби ҳирс билан тикилди. Сўнг, ҳали бу кўргуликлар ҳам сенга кам, дегандай, бояги кўзани уриб синдирди. Тошқулдан бир лаҳза ҳам нигоҳини узмай кузатаётган Қобил ака унинг Ойдинга қараб қолганидан ғазаби қўзиди. Аммо ноилож қўлини мушт қилиб жим турарди. Агар Тошқул яна бир сония ўрнидан жилмай Ойдинга қараб тураверганида Қобил ака унинг жағига мушт тушириши тайин эди. Тошқул буни сезгандай ён-атрофда сочилиб ётган китоблардан бирини қўлга олди. Бу китоблар эски алифбода ёзилган бўлиб, Навоий, Бобур, Сўфи Оллоёр каби алломаларнинг асарлари ва ўша куни Тангриқул бобо ўқиб ўтирган Аҳмад Яссавий китоби эди. У тағин уйнинг нариги бурчида турган кичик сандиқни очиб қаради. Бу ерда ҳам бир-биридан нодир қўлёзма китоблар тахланиб турганди. Уларни ҳам бир-бир кўздан кечиргач, ёнидаги аскарга:

– Буларни йиғиштириб ол. Идорага олиб борамиз, – деди сочилиб ётган китобларга ишора қилиб.

Бу вақтда Ўктам лойсувоқ том устида ерга бағрини бериб ётганди. У қулоғини динг қилиб, уйдаги ҳолат қандай эканига қизиқар, ҳаммасидан ҳам ёмони тезда тоби қочадиган онасининг соғлигини ўйлар эди. У бу ерга чиққанида терлаб кетган ва ҳансираб зўрға нафас олаётган бўлса, энди ўзини анча ўнглаганди. Тағин терлаган бадани бирдан яхлаб, совуқдан қалтирай бошлади. Бундай ётишга ортиқ бардоши етмаслигини билган Ўктам бошини кўтариб атрофга аланглади. Шу пайт эшикдан чиққан қизил аскарнинг бош кийими кўзга ташланди. У шоша-пиша беркинди. Ташқарида турганлар ўзаро кенгашди. Сўнг ҳар томонга қараб ёйилиб кетди.

– Шўйтиб, Ўктамди қаерга кетганини билмайсиз?! – баланд овозда сўради аскарларни жўнатиб, ўзи уйда қолган Тошқул шўро киноя билан.

Ўктам уларни аллақачон кетиб бўлди, деб томдан тушмоқчи эди. Бу товушни эшитгач, ўрнига қайтиб ётди ва алам билан туфлади. Шу пайт Тошқул шўро билан Қобил ака ҳамон очиқ турган эшикдан ташқарилади. Улар бир муддат жим туриб қолишди. Тошқул шўро қўлидаги таёғи билан этигига тинимсиз уриб, асабни бузадиган товуш чиқарарди. Қобил ака эса қўлларини дам орқасига, дам олдига боғлаб тоқатсизланарди. Ниҳоят, Тошқул шўро тилга кирди:

– Қобил ака, ўйлаб кўринг, бобой чини билан Шўрчига кетганма?!

– Буларди ҳаммаси, – деди у уйни қўли билан кўрсатиб, – сизлар келишдан аввалам Шўрчида деб айтиб ўтирганди. Яна билмадим.

– Мабодо уни Шўрчидан тополмасам, бобойди жойига сиз кетасиз, шуни биласизма? – деди шўро гапини дона-дона қилиб.

– Билмай ўлибманми, Тошқулбой?! Биздаям, бола-чақа бор. Ағайин бўса, ўз йўлига. Ҳар ким гўрга якка киради…

Бу сўзларни айтиш Қобил акага қанчалик оғир бўлмасин, у юз-кўзини ўзгартирмай шўрога тик қаради. Тошқул шўро бир зум ўйланиб турди-да, келган томонига қайтиб, қоронғиликка сингиб кетди.

Изоҳлар

1  Жанда – мато тури.
2 Қўли жуқа – қўли калта, камбағал маъносида.
3  Говара– вужуди, гавдаси.
4 Тўяқорин – илдизи мўрт тиканакли ўсимлик.
5  Кайитиб – “чарчатиб” маъносида.
6  Шундай одат бор – ариқ қазиётган ҳашарчилар кўнгли тусаган одамга: “Ўчоқтош ташладик”, деб ошарга ишора қилади. Ўзига хос меҳмондўстлик ва бағрикенглик билан ҳашарчиларни ошарга таклиф қилади. Гарчанд қазилаётган ариқнинг уларга алоқаси бўлмаса ҳам.
7 Гертак – озгина (шева)

0_1640cf_a74ba154_orig.png   Yosh baxshi Mengziyo bir “qo‘li juqa” eldoshining to‘yida xizmat qilib tongga qadar “Alpomish”ni kuylaydi, lekin tugatolmaydi. Sababi, u ilhom bilan o‘zi to‘qigan voqealarni qo‘shadi. Ultonning amriga ko‘ra yurt baxshilari og‘izda cho‘p tishlab doston aytishga majbur qilinibdi. Chunki baxshilar Qalmoq yurtida qolgan Alpomishni sog‘inib kuylashgan edi. Bu Ultonga yoqmaydi.

BOBORAVSHANGA DЕGANLARIM
Sobir O‘NAR
09

04Bobo Ravshanning hikoyalariga matbuotda ko‘zim tushgan. Ammo asarlarini yaxshi olib o‘qimagan edim. Uning “Shom va tong orasida” deb nomlangan qissasini o‘qidim, yoqdi. Qissada bundan qariyb yuz yil burungi sho‘ro yurtimizni g‘orat qilgan davr voqeligi qalamga olingan. Yosh baxshi Mengziyo bir “qo‘li juqa” eldoshining to‘yida xizmat qilib tongga qadar “Alpomish”ni kuylaydi, lekin tugatolmaydi. Sababi, u ilhom bilan o‘zi to‘qigan voqealarni qo‘shadi. Ultonning amriga ko‘ra yurt baxshilari og‘izda cho‘p tishlab doston aytishga majbur qilinibdi. Chunki baxshilar Qalmoq yurtida qolgan Alpomishni sog‘inib kuylashgan edi. Bu Ultonga yoqmaydi. Cho‘p tishlab doston kuylamoq esa hech kimning qo‘lidan kelmaydi. Oqibatda el baxshilarining bari o‘ldiriladi, cho‘llarga badarg‘a qilinadi.

Mengziyoning otasi birinchi bor ajablanib: “Har zamondi o‘z qo‘shig‘i bo‘larkan-da baxshijon”, deydi hayratlanib. Ne ajabki, o‘sha badarg‘a qilingan baxshilarning qismati o‘sha kundan Mengziyoning boshiga tushadi. Ertalab Toshqul sho‘ro uni mahkamaga oborib qamaydi. Mahkama deganlari borsa kelmas joy. Ya’nikim, dostonda aytilgani kabi, baxshi eli ozod, hur qo‘shiq kuylashni bas qilib, saqovga, mum tishlashga majbur qilingan yurt Ultonga o‘xshagan zolimning qo‘lida qolib qulga aylanadi, degan baxshining nafaqat ko‘kayi kesiladi, balki jismonan o‘zi yo‘q qilib yuboriladi.

Sho‘ro baxshining otasi Tangriqul boboni, ukasi O‘ktamni, xotini Oydinni ham tinch qo‘ymaydi. Ko‘chish, qochish, sargardonlik boshlanadi. Bu oilaga-ku, elda boshpana topiladi. Ammo gulday ko‘rkam Oydinning “yer oyinlab” kasalga mubtalo bo‘lishi, o‘g‘li Elmurodning ham ayni paytda issig‘i ko‘tarilishi, oqibatda tunda Oydinning joni uzilishi, Tangriqul boboning qishloqdan bir siqim tuproq olib kelmaganiga afsus chekib, yana ko‘ch-ko‘ronini ko‘tarib, mehribonchilik ko‘rsatgan tog‘ odamlari bilan xayr-xo‘shlashib yurtga qaytishi… o‘quvchini shoshirib qo‘yadi. Chunki Mengziyo baxshi qaytmas bo‘lib ketdi. Tangriqul boboning o‘zi, o‘g‘li O‘ktam, kelini Oydin ham qidiruvda edi. Endi bular sirtmoqni bo‘yinga olishga rozi bo‘lib ketayotgan odamlar. Qiziq. Odamni o‘rtab yuboradi.

Qissada odamning taqdiri, odatlar, irimlar xususida g‘aroyib hikmatlar, iboralar bor. “Tulki o‘z iniga qarab ulisa, qo‘tir bo‘ladi”. Tangriqul bobo qamaldi – qaytmadi. O‘ktam urishga chaqirildi – qaytmadi. Toshqul sho‘ro ham urushga boradi, lekin soppa-sog‘ qaytib, tag‘in o‘z ayshini suradi, uzoq yashaydi. Ammo umri so‘ngida “qo‘tir” bo‘ladi. Xalqning qarg‘ishi uni esdan judo qiladi. Farzandlaridan ham ro‘shnolik ko‘rmay o‘lib ketadi. Mengziyoning birgina o‘g‘li Elmurod bobo bo‘lib mustaqillik kunlarida umrguzaronlik qiladi.

Men Bobo Ravshanning tengqurlari ichida xuddi shu mavzuda bitilgan hikoya va qissalarni o‘qiganman. Qiziqki, ular bir asr burungi voqealarni tilga olganlarida chalkashib ketmaydilar, syujet orqasidan ergashib uloqmaydilar. Har safar bosh qahramon yo o‘z qavmi, o‘z hamqishlog‘i bo‘lgan sho‘ro xiyonati va razilligiga duchor bo‘lib qismati kesiladi.

Asarda mo‘ljal nishonga to‘g‘ri olingani shundan iboratki, inson agar o‘z eldoshi dushmanligidan omon qolsa, qishloqdoshlari bilan “ovzi bir” bo‘lsa, u baxtli hayot kechirar edi.

O‘zbekni shu xiyonat, qo‘rqoqlik abgor qilgan…
Aslida xiyonatni bo‘yniga olgan xalq mo‘rtdir.

Biz buyuklarimiz bilan maqtangan holda, ularning qirchinidan qiyilishida aynan o‘z odamlari bosh sababchi bo‘lganini jonimiz og‘rib bayon qilamiz, axir bu – o‘zbekning uyat joyi, oriyati-ku!..

Boboravshanning tengqurlarida goho so‘zga saxiylik, ba’zan o‘zi topgan ibora, holatlarga mahliyo bo‘lish yoxud butunlay so‘zga e’tiborsizlari bor. O‘zini takrorlovchi, bilib-bilmay taqlid qiluvchilar, uslubda qiynalayotganlar ham uchraydi.

Katta mezonlardan og‘ishmay, o‘tkinchi ta’sirlarga berilmay, sobitlik bilan ijodni davom ettirish – to‘g‘ri yo‘l.

Bobo Ravshanga shu ulug‘ yo‘l umrbod muyassar bo‘lsin!

Bobo RAVSHAN
SHOM VA TONG ORASIDA
09

Bobo Ravshan (G‘oziddinov) 1985 yil 23 dekabrda Surxondaryo viloyati Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. 2004 yili shu tumandagi 37-maktabni tamomlagan. 2005 – 2011 yillarda Surxondaryo viloyatining turli gazetalarida jamoatchi muxbir, muxbir vazifalarida ishlagan. 2013 – 2014 yillarda «Karvon qo‘ng‘irog‘i» gazetasida va bir muddat «Zukkolar davrasida», «Eko Olam» jurnallarida ishlagan. 2016 yilning mart oyidan «Hordiq plyus» gazetasida faoliyat yuritmoqda. Ijodiy mashqlari bir qator markaziy nashrlarda e’lon qilingan.

09

Qorachiroq yorug‘ida muk tushib kitob o‘qib o‘tirgan Tangriqul bobo loysuvoq devorga suyanib bir lahza shiftga termildi. Baytni mulohaza qilib jilmaydi. Keyin kitobni ochib, qayta o‘qishga tutindi. Mutolaa so‘ngida tomoq qirib, sandal atrofida o‘tirgan yaqinlariga qaradi. Maryam momo kelini Oydin va kenjasi O‘ktam bilan mo‘ysafidga xalal bermaslik uchun pichirlab suhbatlashardi. Chol tag‘in yo‘talib oldi. Ular baravariga xonadon sohibiga yuzlandi. Diqqatni jamlagan Tangriqul bobo boyagi baytni qiroat bilan baland ovozda qayta o‘qidi:

– O‘zlarini xalqlar aro tutqoy ulug‘,
Botirlari ichra yo‘qtur zarra furug‘…

Odatda, Tangriqul bobo jimgina kitob xatm qilib o‘tirar, o‘ziga yoqqan misra yoxud baytni farzandlariga takror o‘qib berar, so‘ng ularga buning ma’nosi haqida so‘zlardi. Hozir ham Ahmad Yassaviy hikmatlarini mutolaa qila turib, shu baytni ko‘ngliga yaqin oldi. Uni o‘qib bo‘lgach, ma’nosi haqida so‘zlamoqchi edi, eshik ochilib, bir qo‘liga do‘mbira, boshqasida tugun ko‘tarib olgan Mengziyo kirib keldi. U ostona hatlashi barobarida salom berdi. Bo‘yniga osilgan o‘g‘li Elmurodga do‘mbirani tutqazdi. Xotini Oydin esa tugunni oldi. O‘ktam ham o‘rnidan turib, akasini qarshiladi. Mengziyo jandadan (1) qavilgan choponini yechib, eshik yonidagi ilgakka ildi. Quyonteri telpagini deraza rafiga qo‘ydi. So‘ng ostonaga qaytib borib o‘tirdi-da, maxsisini yecha boshladi va:

– Rayimboy to‘y qilib, xumordan chig‘ayin degan ekan, – dedi ovozini baralla qo‘yib. – Kechgacha ruxsat bermadi. O‘ziga o‘xshagan besh-olti jo‘rasi kegan ekan, sho‘lardi “ha-ha”laganiga ulog‘ib tomoqdan na ovqat o‘tdi, na suv. Kechgacha doston aytdim.

Uning zavq bilan aytayotgan so‘zlarini onasi bo‘lib:
– Nasibadan gapiring, – dedi sinovchan ohangda.

Onasidan bu gapni kutmagan Mengziyo shoshib qoldi. Nima deyishni bilmay, otasiga umidvor nigoh tashladi. So‘ng onasiga qarab:

– Tushum-ku, yaxshi bo‘ldi, – dedi chaynalib. – Rayimboy deganimiz qo‘li juqa (2) odam-da, ena! Bo‘masa birgina to‘qli so‘yib to‘y qilama? Shunga topganimdi to‘yana qilib…

– Xo‘p, binoyi ish qilibsiz, baxshijon, – dedi Maryam momo o‘g‘lini alqab.

Mengziyoning chehrasi ochilib, boyagiday quvnoqlik bilan gapida davom etdi:
– Chin tinglovchi bo‘sa, odam charchamaskan. Qurda o‘tirganlar to‘y oxirida, “Baxshi, bugun boshqacha aytdingiz, Rayimboy dadilroq ataganmi?” deb hazil-xuzul ham qilishdi, – dedi.

So‘ng ustozining, baxshi umrida bir marta daryoday to‘lib, sherday na’ra tortib qo‘shiq aytmasa, aytar gapi ichida armon bo‘lib ketadi, degan gapini esladi. Bugun o‘zi mana shunday to‘lib, bor dardu hasratini to‘kib doston aytganini va birdan bo‘shagan xumday bo‘lib qolganini his etdi. Tag‘in ustozining, agar bu baxshining oxirgi qo‘shig‘i bo‘lsa, ichi bo‘shab, govarasi (3) shovshab qoladi, degan so‘zi yodiga tushib vujudi titrab ketdi. Shunda boshiga baland qasaba kiyib urchuq yigirayotgan onasi, oppoq soqoli ko‘ksiga tushib, kitob varaqlayotgan otasi va sut tishi endi katilgan o‘g‘lidan tortib uyidagi qorachiroqqacha shu qadar aziz bo‘lib ko‘rindiki, beixtiyor bularning barchasini birdan yo‘qotib qo‘yadiganday qo‘rqib ketdi. O‘g‘lining mahzun bo‘lib qolganini ko‘rgan ona:
– Tinchlikma, bolam? – dedi.

– Bilmayman, ena. Ko‘nglim allatovur bo‘lib ketdi… Shu bugun “Alpomish” hech oxiriga jetmadi. Hakimbek chakka tushgan joyidan so‘ng xiyli narsa qo‘shib jubardim, – dedi.

Boyadan buyon o‘g‘lining gapini jimgina eshitib o‘tirgan Tangriqul bobo yalt etib unga qaradi va:
– Nima deb aytding?! – deb so‘radi.

Bu so‘roqda qo‘rquv va allanechuk umidvorlik bor ediki, Mengziyoni otasining vazmin, ayni damda jarangdor ovozi gunoh ustida qo‘lga tushgan boladay sarosimaga solib qo‘ydi. U hadik bilan gap boshladi:

– Alpomish Qalmoqda qolib ketgandan keyin yuzboshilar Elboshini sog‘inib qo‘shiq boshlabdi, – dedi Mengziyo otasidan ko‘zini olib qochib. – Bu Ultonga yoqmabdi. Baxshilardi bandi qilay yaki qo‘shiq ayttirmay desa, eldi ko‘ngli battar undan soviydiganday… Shunda u bir shumlikdi o‘ylab, o‘ylaganidan o‘zi rohatlanib kulibdi… Ulton degani cho‘rining bolasi emasmi, allaqayerdan irg‘iy tayoqni topib kelib, uni barmoqday-barmoqday uzunlikda bo‘lib chig‘ibdi. So‘ng tayoqchalardi jugurdagiga berib, “Baxshiman degandi bariga bundan bittasini berasan, qo‘shiq aytsa shuni tishida tishlab, og‘zidan qo‘ymay aytsin, bo‘masa boshini qo‘ltiqlab kelib kundaga ko‘ndalang qo‘yabersin, men – Ulton biyning amrim shul”, debdi. Buni eshitgan baxshilar uning farmonini avval hazil bilibdi. Qarasa, chinga o‘xshaydi. El oldiga tushib, oqsoqolman degan to‘rt-besh odam borib, Ultonga arz qigan ekan, ulardi boshini olib, Boysundi to‘rt tomonidan keladigan karvon yo‘liga osib qo‘yibdi. Shunda yuzboshilardi bir xili qo‘rqib, baxshilikdi tashlab, do‘mbirani ko‘rsa qochadigan bo‘libdi. Boshqalari cho‘pni tishlab, ming‘irlab nima deyayotganini o‘ziyam bilmaydigan bo‘lib qolibdi. Yana boshqa birlari qo‘li qonab, juragi ado bo‘guncha do‘mbirani turli nag‘malarda chalib-chalib, tilini tishlab aytar gapi og‘zida qolib, so‘zdi og‘irligidan urti yorilib, dunyoyi qo‘tirga qo‘l siltab ketibdi. Na unisiga, na bunisiga ko‘nmaganlar Qalmoq cho‘liga surgun qilinib, adoqsiz sahroda o‘zilariga o‘zlari qo‘shiq ayta-ayta izsiz ketibdi.

Mengziyoning gapini tinglagan otasi boya kitob o‘qiyotib bir zum tin olib, mulohazaga berilgani kabi bir muddat sukutga cho‘kdi. Keyin hukm o‘qiyotgan qoziday ovozini baralla qo‘yib:
– Har zamondi o‘z qo‘shig‘i bo‘larkan-da, baxshijon, – dedi.

Tangriqul bobo o‘g‘lini birinchi bor “baxshi” deb atagan edi. Bu: “O‘z qo‘shig‘ingni yaratibsan, yuzboshi bo‘libsan”, degani edi. Otasining so‘zidan quvongan Mengziyo daryoday oqib do‘mbira chalgisi, tog‘day tebranib qo‘shiq aytgisi keldi. Tuni bilan uxlay olmadi. Yuragi hapriqib qo‘li do‘mbiraga qarab ketaverdi. Ammo boshqalarning oromini buzgisi kelmay, tonggacha pichirlab doston aytib chiqdi. U bugun aytganlarini takrorlar, tag‘in dostonga yangi-yangi voqealar qo‘shar, bundan Ultonning hunari ko‘payib, Alpomishning yurtga qaytishi olislab ketayotgan edi. Mengziyoning ko‘ngli xijil bo‘ldi. Axir, tong otguncha ham “Alpomish”ni nihoyasiga yetkaza olmadi. O‘rnidan turishi bilan do‘mbirani qo‘liga olmoqchi edi, avval itning hurgan ovozi, keyin kimningdir qattiq so‘kingani va, nihoyat, Mengziyoni yo‘qlagan chaqiriq tovushi qulog‘iga chalindi. Istar-istamas eshikka qarab yurdi.

U tashqariga chiqqanida Toshqul sho‘ro yaqin kelib qolgan edi. Toshqul sho‘ro novcha, oqsariqdan kelgan va kosasidan bo‘rtib chiqqan ko‘zi atrofga besaranjom boqadigan kishi edi. Uning kalta iyagi baqbaqasiga qo‘shilib ketgan va qaddini g‘oz tutib yurishidan o‘ziga bino qo‘ygani shundoq bilinib turardi. Hozir ham odatiga ko‘ra salmoqlab qadam tashlar, boshini adl tutib qo‘lidagi tayoq bilan vovullayotgan itni nari haydab kelarkan, ortiga qarab-qarab qo‘yardi. Mengziyo uni ko‘rishi bilan ko‘nglidagi hadik battar avj oldi. Axir, Toshqul sho‘roning tongdan birovning hovlisiga bostirib kelishi hech qachon yaxshilik keltirmagan. Shunday bo‘lsa-da, yuzidagi samimiyatni yo‘qotmaslikka urinib, ochiq chehra bilan salom berib, mehmonni uyga taklif etdi. Toshqul sho‘ro uning muomalasini o‘zicha tushunib, mi­­yig‘ida kuldi. Qo‘lidagi tayoq bilan kirza etigiga urib, changini qoqqan bo‘ldi. Keyin shunchaki bir ko‘rib ketish uchun kelganday hovlining chor tarafiga loqayd ko‘z tashladi. Ammo shu qarashning o‘zidayoq har bir narsaning qanday, qayerda turganini yodlab qolayotganday taassurot uyg‘otardi. Nihoyat mehmon tilga kirdi:

– Mengziyo baxshi sizmi? – dedi. Bu gapni eshitgan baxshi piq etib kulib yubordi va:
– Toshqul aka, nima, meni tanimayapsizmi? Yo kecha to‘yda anavindan ko‘proq olib, a?! – dedi Mengziyo boyagi dilxiraligini unutib.

Bu gapdan sho‘roning qovoq-tumshug‘i battar osilib ketdi. Unga yeb qo‘yguday tikilib:
– Men o‘yin uchun kemadim. Sizdi hukumat idorasiga olib ketishga jo‘natilgan odamman, – dedi.

– Tinchlikma, Toshqul aka? – sarosimaga tushib so‘radi Mengziyo. – Bizdan nima gunoh o‘tibdi?

– Birinchidan, senga aka-pakamasman! Ikkinchidan, nima gapligini borganda bilasan. Hozir savol beravermay oldimga tush, – dedi endi sensirashga o‘tib.

Mengziyo uning niyati jiddiy ekanini ko‘rib, ko‘ngliga g‘ulu tushdi. Qachon va qayerda nima ayb, qanday gunohga qo‘l urganini eslash uchun zo‘r berib o‘ylay boshladi. Ammo biror arzirli sabab topolmadi. Bundan biroz tinchlandi. Bir-ikki so‘roq-savol qilib qo‘yib yuborishadi, deb o‘yladi. Toshqul sho‘ro o‘ziga qarab angrayib turgan Mengziyoga:

– Tez-tez bo‘l, nima, gapdi eshitmadingma? – dedi po‘pisa qilib. Mengziyo sergak tortdi. U ust-boshini alishtirish uchun xonaga qaytib kirmoqchi edi, sho‘ro yo‘lini to‘sdi.
– Shunday yuraver. Seni to‘yga olib ketayotganim yo‘q, – dedi.

Mengziyo uning gapini tushunmadi. Lekin sho‘ro yo‘lini to‘sib turgani bois:
– Otib tashlasangiz ham, choponimdi olib chig‘ay. Yo shuyam mumkinmasma? – dedi achchiq bilan.

Mengziyoning vajohatini ko‘rgan sho‘ro unga yon berdi.
– Uyga kirib qarab turaman.
– Qo‘rqmang, qochib ketmayman. Gunohim bo‘lsayakan, qo‘rqib qochsam… Ishonmasangiz, nimayam derdik. Kiring!

Mengziyo shunday deya eshikni lang ochib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi. “Mehmon” istehzoli kulib etigini yechmasdan ichkariga bir qadam tashladi. So‘ng xavfsiraganday bo‘sag‘ada turib oldi-da:

– Shu joyda qarab turaman, tez chiq, – dedi. Mengziyo xonaga kirishi bilan Oydinning titroq ovozda yig‘lagani eshitildi. U Mengziyo­dan nima aybi borligini, ne sababdan sho‘ro uni olib ketish uchun kelganini so‘rardi. Ayni paytda Oydin ichki bir sezgi ila oldinda katta kulfat kutib turganini his etardi. Mengziyo ham shu kabi xayolga borar va shunday paytda Oydinning ustma-ust savol berishi uning g‘ashini keltirgan edi. U xotiniga ilk bora sababsiz qattiq gapirdi.

– Men qayerdan bilaman? Biror ishi borki, kegan. Buyam garangmas-ku, qurtlagan kallasini duch kelgan uyga suqib ketaberadigan.

Ostonada turib bu gapni eshitayotgan sho‘ro:
– Tilim bor deb valdirayverma! Tez-tez bo‘l! Yana bir marta ming‘ilasang, tilingni sug‘irib olaman, – dedi vajohat bilan.

Shu payt paydo bo‘lgan Tangriqul bobo sho‘roning ortida turib:
– Ha, Toshqulboy, tinchlikma? Kallayi saharlab qip-qizil xo‘rozday birovdi bo‘sag‘asida g‘o‘ddayib turibsan, – dedi.

To‘satdan baralla yangragan ovozdan cho‘chib tushgan sho‘ro apil-tapil o‘zini o‘nglab:
– Hukumatdi odamini hashuva qimang, – dedi chiranib. – Qamoqqa ketgingiz kelayotgan bo‘sa, ayting.

– Bizga o‘xshagan munkillagan choldi hukumat nima qiladi? Yo ketimizga shapatlab, yaxshi bola bo‘l, deb po‘pisa qilama? – dedi Tangriqul bobo battar uning jig‘iga tegib.

Sho‘roning lablari pirpirab, ko‘zi ola-kula bo‘lib ketdi. Ko‘rsatkich barmog‘ini boboga nuqib:
– Siz apasniy chelovek, – dedi. – Hozir baxshi bilan gaplashib olay, keyin o‘zim bilaman!

– Bo‘ldi, tomoshani bas qi, – dedi toqati toq bo‘lgan Tangriqul bobo cho‘rtkesarligiga borib. – Mengziyo hech qayerga bormaydi!

Toshqul sho‘ro ne deyishini ham, nima qilarini ham bilmay bir zum taraddudlanib turdi-da, shaxt bilan o‘zini ichkariga urdi. U uyga kirish barobarida bor ovozda kimnidir yordamga chaqirdi. Mengziyoga otasining gapi dalda bo‘lib derazadan chiqib qochmoqchi edi, sho‘ro uni epchillik bilan tutib qoldi. Shu payt uyning ikki tomonida panalab turgan qizil askarlar miltig‘ini o‘qtalib yugurib kela boshladi. Birinchi askar o‘ziga qarab hurib borayotgan itga o‘q uzdi. Ko‘ppak g‘ingshiganday cho‘ziq uvladi-yu, ikki qadam nariga otilib ketdi, qora qoniga belanib qoldi. Miltiqning gumbirlagan ovozidan yeru ko‘k larzaga keldi. Oydin bu tovushdan cho‘chib, dodlab, boshini changallab, o‘tirib qoldi. Meng­ziyo sho‘roning qo‘lidan otilib chiqib, qo‘rquvdan yig‘lab yuborgan Elmurodni quchib oldi. O‘ktam esa molxona tomondan yugurib keldi. Qo‘lini musht qilib qizil askarlarga tashlanmoqchi edi, otasi uni mahkam tutib qoldi. O‘ktam dam otasiga, dam qurol ko‘tarib olgan askarlarga qarab alami bo‘g‘ziga tiqildi. Bu g‘ala-g‘ovurdan endi xabar topgan Maryam momo kafti bilan qulog‘ini berkitib: “Bola-a-am-mm”, deb dodlab yubordi. Meng­ziyo o‘g‘lini yupatishga urinib, bag‘riga qattiq bosib turardi. Bularning barchasi shu qadar tez sodir bo‘ldiki, Mengziyo butun voqeani idrok etishga ham ulgurmadi. Toshqul sho‘ro esa ularning sarosimaga tushib qolganini ko‘rib, ajib bir mag‘rurlik ila qo‘lidagi tayoq bilan Mengziyoning yelkasiga gursillatib urdi va:
– Qani, oldimga tush, sotqin! – dedi baralla.

Mengziyo beixtiyor qo‘lini boshining orqasiga qo‘yib o‘rnidan turdi. Kecha barcha yaqinlari va uyidagi narsalargacha ko‘ziga aziz bo‘lib ko‘ringani kabi hozir ham mana shu lahzalar unga vidolashuv onidek tuyuldi. Hozirgidek kech kuzakning izg‘irinli kunlaridan to navro‘zgacha cho‘g‘i o‘chmaydigan sandal, uning atrofida yaqinlari jam bo‘lib o‘tirib suhbatlashish­lari, otasining hikmat o‘qishi, onasining urchuq aylantirib burung‘i matallardan aytishi… bularning barcha-barchasi juda olis xotira va ayni damda yetib bo‘lmas orzuday ko‘rinardi. Illo, endi ukasi O‘ktamni, o‘g‘li Elmurodni qayta ko‘rmasligini, Oydinning qo‘lidan bir piyola choy icholmasligini his etardi. U Toshqul sho‘roning oldiga tushib ketarkan, dod-fig‘on qilib yig‘layotgan onasining ham, ayoli Oydinning ham aytimlarini eshitmaganday o‘zini loqayd tutishga urinar, ichidagi titroqni bazo‘r bosib, zo‘raki iljayardi. Bu bilan sho‘ro va qizil askarlar oldida boshini adl tutmoqchi edi. Ammo otasi bilan ko‘zlari to‘qnashdi-yu, butun vujudini allaqanday dard ayovsiz ezg‘ilab tashladi. Shu damda sho‘roni yoqavayron qilib do‘poslamoqchi bo‘ldi. Lekin quloqlari ostida boya itning vang‘illab yiqilgani va o‘q ovozining aks sadosi bong urib, tishini tishiga bosdi. U endi ukasiga qaramaslik uchun tez-tez qadam tashlab o‘tib ketdi. Shu payt ichkaridan yugurib chiqqan Elmurod ovozining boricha:
– Ota-aa, – deb baqirdi.

Qizil askarlar qurshovida ketayotgan Meng­ziyo ortiga o‘girilib qarar ekan, Tang­riqul bobo Elmurodni quchib to‘xtatib qolganini ko‘rdi. O‘g‘li ikkala qo‘lini bobosining yelkasi uzra oshirib unga talpinar, mo‘ysafid esa boshini egib hiqillab yig‘lar, bu uning titrayotgan jussasidan shundoq ko‘rinib turar edi.

* * *

Mengziyo askarlar qurshovida mustahkam devor bilan o‘rab olingan istehkomga yetib borganida Amudaryo to‘lqinida quyoshning zaif nuri mavj urar edi. Kuni bilan tuz totmagan Meng­ziyo yo‘l azobidan charchab, ochlikdan sillasi qurigandi. Uning ko‘zi kosasiga cho‘kkan, jussasi kichrayib, avvalgi Mengziyo bilan hozirgisining orasida yer bilan osmoncha farq bor edi. Baxshi shuncha azoblarga qaramasdan, yo‘l bo‘yi tilini yeb qo‘yganday jim keldi. Zero, sho‘rodan tayinli gap chiqishiga ishonmagan va barcha savollariga shu yerda javob topmoqchiydi.

Mengziyo kabi mahkumlar qamalgan bu istehkom qadim Termizning bosh-adog‘i ko‘rinmas biyday cho‘lida qad rostlagan. Imoratga g‘arbiy darvozadan kirib borgan Mengziyoning ko‘ziga dastlab chor tarafi devor bilan o‘ralgan qal’aning mo‘l-ko‘l hovlisi va o‘z yumushi ila andarmon askarlar, ular uchun zarur buyum va qurol-yaroqlar ko‘rindi. Undan so‘ng himoya devoriga qo‘shilib ketgan xonalarning eshik-derazasiga qaradi. Bu vaqtda narida turgan soqchi askar ularning yoniga yetib keldi. Mengziyoni olib kelganlar unga nimanidir tushuntirdi. So‘ng soqchi Mengziyoni yetaklab ketdi. Ular ochiq maydonda devor bo‘ylab borib zinadan pastga tushdi. Qorovul ularni ko‘rishi bilan temir darvozani ochib ichkarida osig‘liq fonusni olib yo‘l boshladi. Eshikdan kirgan Mengziyo yana ikki-uch zina enib, askarlar qurshovida bosh-adog‘i ko‘rinmas, qorong‘i va zax yo‘lakning so‘l tomoniga qarab uzoq yurdi. Yorug‘dan kelib birdan zimistonga kirib qolgan Mengziyo o‘zini lahadga tushganday his etdi. Nihoyat qorovul temir panjarali eshik yonida to‘xtab, fonusni sherigiga tutqazdi. O‘zi qulfni ochib, Mengziyoni ichkariga kiritdi. Baxshi ostona hatlab, qayoqqa yurishini bilmay bir muddat serrayib qoldi.

O‘shandan buyon ham uch kun o‘tdi. Mengziyo xonaning odam bo‘yi yetmas balandlikdagi dar­chasidan tushayotgan yorug‘likka qarab kun bilan tunni farqlar va, ayniqsa, kechalari vaqt yanada imillab qolar edi. Boz ustiga, u tunni deyarli uyqusiz o‘tkazardi. Qorong‘i va zax xonada qamalib o‘tirgan Mengziyoni ochlik va uyqusizlik qanchalik horitgan bo‘lsa, javobsiz savollar undan-da battar azobga solardi. Holbuki, u o‘tgan vaqt ichida faqat gunohi nima ekani haqida bosh qotirardi. Lekin savoliga javob topilmas, bundan Mengziyoning yuragi battar siqilar edi. Tag‘in xayollari chuvalashib, uni olib ketishayotganda onasining dodlab yig‘lagani, Elmurodning yugurgani, otasining ko‘zidagi dard va ukasining qo‘lini musht qilib, chorasizlikdan titrab turgani ko‘z o‘ngidan o‘tib: “Uying kuygur Toshqul”, derdi. Mengziyo namxush xonada choponga o‘ranib o‘tirar, tag‘in bir zum o‘tar-o‘tmas o‘rnidan turib, majolsiz oyog‘ini sudrab u yoqdan-bu yoqqa borib-kelardi va sovuqdan dir-dir qaltirardi. Tag‘in kuzakning izg‘irini panjarali darchadan kirib, xonani zabtiga olardi.

Bu ham yetmaganday, bugun kech tushishi bilan qo‘shni xonada allakimning tinimsiz dodlashidan qulog‘i tom bitdi. U: “Gunohim nima?” deb baqirar, yalinib-yolvorib bolalarining qarovsiz qolganini aytar, tag‘in og‘ziga kelgan so‘kishni qaytarmay, qo‘pol so‘zlarni qalashtirib tashlardi.

Nihoyat, kimdir temir eshikni g‘iyqillatib ochdi. Boyagi mahbus eshik ochmishga yalina boshladi. So‘ng birdan tashlanib qoldi, shekilli, to‘s-to‘polon boshlanib ketdi. Ko‘p o‘tmay miltiqning gumbirlagan ovozi chiqdi-yu, dunyo birdan sukutga cho‘kdi. Keyin kimdir temir eshikni qarsillatib tepdi. Ruschalab so‘kindi va yonidagi sherigiga:
– Endi buni chiqarib tashlash kerak. Turgan-bitgani dahmaza, – dedi.

Mengziyo qo‘shni kameradagi qabohatni his etib boshini changallab muk tushdi. Mengziyo qizil askarning gapini tushunmadi. Lekin ular shunchaki qorovul emas, qonxo‘r qotil ekanini bilib butkul sarosimada qoldi. Uning yuragida nimadir uzilganday ich-ichidan ezilib ketdi. Baxshi o‘zini unutar darajada madorsizlandi.

Hamon qulog‘iga o‘q ovozi eshitilib turarkan, Mengziyo miyasiga o‘rnashgan bu tovushdan qutula olmay, anchagacha esini yo‘qotib eshik yonida qolib ketdi. Baxshi shu holida Toshqul sho‘ro haqida o‘ylardi. U Toshqulning mana shu kimsalarga hamtovoq ekaniga ishongisi kelmasdi. Mengziyo sho‘rodan qanchalik nafratlanmasin va Toshqulni pastkash va sotqin ekanini bilsa ham, uni bunchalikka boradi deb o‘ylamas edi. Ayni paytda Toshqul qanday qilib hukumat xizmatiga o‘tib qolgani haqida o‘ylarkan, ancha yillar oldingi voqea yodiga tushdi.

Mengziyo bolalik chog‘ida tengqurlari bilan bahorning seryog‘in kunlari kunbotar tomondagi adirda, boshqa vaqtlari esa daryo sohilida mol boqib kun o‘tkazardi. O‘shanda Toshqul, Mengziyo va yana ikki yigitcha qo‘radan molni haydab chiqib, ko‘chada qay tomonga ketishni kelisha olmay turishardi. Toshqulning o‘zi bir yoq bo‘lib sohilga borishni, qolganlar esa tepaga chiqishni aytib bahslashardi. Shu payt Tursun polvon kelib qoldi. Qishloqda polvonning obro‘si baland edi. Tursun polvonning gapini uncha-muncha odam ikki qilmasdi. U yigitchalarni ko‘rib:

– Ko‘chada serraymay bir tomonga ketsalaring bo‘maydima? Mollaring bor daraxtni kamirib chiqdi, – dedi. Ularning qayoqqa borishni kelisha olmayotganini bilgan polvon:
– Boharda adirga chig‘ish kerak-da! Halamzamat o‘t qaytadi. So‘ng daryoga borasilar, – dedi.

Polvonning gapidan so‘ng Toshqul birdan o‘zgardi va chaqqonlik qilib:
– Shuni bularga tushuntira olmayappan-da, polvon bova. Hammasi birigib daryo tomon boramiz deyapti, – dedi. Uning gapiga boyagi ikki yigit beozor kulib qo‘ydi. Lekin Mengziyoning rostgo‘yligi tutib:

– Torozining pallasiga qarab gapirmang-da, Toshqul aka, – dedi. – Hozir o‘zingiz adirga chiqmaymiz, dedingiz-ku!
Toshqul achchiqlanib Mengziyo bilan sen-menga borib qoldi. Polvon ularni ajratib qo‘ydi.

Toshqulning achchiqlanishiga sabab bor edi. U shunday vaziyatda tosh qay tomonga bossa, o‘sha yoqqa og‘ib ketardi. Shu sabab qishloqdosh­lar Toshqulga “Tarozi” deb laqab qo‘yishgan edi. Toshqul hukumat ishiga yollangach, “Tarozi” laqabi esidan chiqib, “Sho‘ro” degan nom oldi.

Mengziyo shular haqida o‘ylarkan, Toshqul sho‘ro bu bandixonani ko‘rganmikan, degan xayolga bordi. Darhaqiqat, sho‘ro istehkomga bir necha marta kelgan edi. Ammo u yerto‘la borligini yetti uxlab tushida ham ko‘rmagan. Zero, sho‘ro qamoqning tepasidagi shifti baland hashamdor xonalarga, po‘rim libosli askarlarga, tashqi devordagi tuynukda tumshug‘i chiqib turgan zambarak va yana o‘zi uchun yangilik bo‘lgan barcha narsaga mahliyo bo‘lib ortiga qaytgandi. Hukumatning kuch-qudrati yonida o‘zini kuchliroq shamolda uchib ketadigan to‘yaqorin1day his etardi. Toshqul sho‘ro o‘z inon-ixtiyori bilan tobe bo‘larkan, hukmfarmo boylar va “qonxo‘r bosmachilar”ni mavh etgan hukumatning adolatparvarligiga zarracha shubhalanmasdi. Sho‘ro shular haqida xayol surganida komandiri unga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib yelkasiga qoqib dalda berganini eslarkan, “ulug‘ og‘asi”ga taqlid qilib papiros tutatar va bundan huzurlanardi.

Oqshom cho‘kib, darchadan to‘lin oyning yog‘dusi butun xonaga oqib kirar, faqat panjaraning shakli tushgan yer qorayib ko‘rinar edi. Meng­ziyo darchadan mo‘ralab turgan oyga chuqur botgan ko‘zlari bilan uzoq vaqt termilib o‘tirdi. Oy yorug‘ida g‘amning qora chiziqlari qaboqlari ostida qalin iz qoldirgani shundoq ko‘rinib turar va ozib-to‘zib ketgan yuzida paydo bo‘lgan bir taram ajinga urilgan yog‘du butun xona bo‘ylab taralardi. Oyga boqar ekan, uning yuzidagi qora dog‘ni bir vaqtlar urchuq yigirayotgan momoga mengzagani yodiga tushdi. Shu payt o‘sha momo birdan jonlanib, ko‘ziga onasi bo‘lib ko‘rindi va beixtiyor: “Ena-aa”, deb yubordi. U bu so‘zni shu qadar titroq va xastahol ohangda aytdiki, ovozi qulog‘iga ham yetib bormay havoga singib ketdi. U yana uzoq vaqt so‘zsiz ko‘kka qarab o‘tirdi. Oy esa najot kutayotgan mahbusday panjaraga yuzini qattiq bosib turardi.

Mengziyo shu ko‘yi uzoq vaqt hech narsa haqida o‘ylamaslikka urinib jim o‘tirdi. Nihoyat, tun yarimdan oqqan mahal temir eshik sharaqlab ochildi va fonus ko‘tarib turgan askar Meng­ziyoning qo‘lini orqaga qayirib xonadan olib chiqdi. Ikkinchisi esa miltiq o‘qtalib ortidan yurib zinadan tepaga ko‘tarildi. Ular hovliga chiqishgach, o‘ng tomondagi xonalardan biriga kirishdi. Shifti baland va keng xonaning o‘rtasida stol-stul turar, oppoq rangga bo‘yalgan devorda dohiyning suratidan boshqa hech narsa yo‘q edi. Xona to‘rida devorga qo‘shib qurilgan g‘ishtin pechdan chiqayotgan tutun derazaning ochiq ko‘zidan tashqariga o‘rlardi. Mengziyo soqchi ko‘rsatgan burchakka borib turdi. Ko‘p o‘tmay po‘rim libos kiygan kishi xonaga kirib, tutundan bo‘g‘ilib qaytib chiqdi. Shu yerda turgan askar shosha-pisha pech tagini kavladi. Eshikni keng ochib qo‘ydi. Pech gurillab yonib, tutun g‘oyib bo‘ldi. Shundan so‘ng boyagi kimsa qaytib keldi, eshik-deraza mahkamlandi. Tergovchi stulning birini pech yoniga qo‘yib o‘tirdi. Uning izidan kelgan kotib esa o‘rtadagi stulga joylashib, yozishga tutindi. Tergovchi qo‘lidagi qog‘ozlarni sinchiklab o‘qidi-da:
– Sen juda xavfli bosmachi ekansan-ku! – dedi. Keyin labidagi papirosni yerga tashlab, oyog‘i bilan ezg‘iladi. – Kechagi yakshanbada qayerda eding, nima ish bilan shug‘ullanding?

Mengziyo quruqshab qolgan lablarini yalab tomoq qirdi. Xonaning harorati yuziga urib qizardi. Ammo ichidagi sovuq titroq battar kuchayib, madorsiz oyoqlari o‘ziga bo‘ysunmay, devorga suyanib qoldi. Keyin savol bermishning so‘zlarini tushunishga urinib diqqat bilan quloq tutdi. Bundan tergovchining jahli chiqib savolni takrorladi:
– To‘g‘ri tur! Sendan so‘rayapman. O‘sha kuni qayerda eding?!
– O‘rischani tushunmayman, – dedi Mengziyo.

Savol bermish uning gap ohangi va o‘zini tutishidan nima deyotganini tushunib, baralla so‘kinib yubordi. So‘ng eshikog‘asidan tarjimon bor-yo‘qligini so‘radi. Tag‘in o‘ziga-o‘zi:

– Hozir hammasi to‘ng‘izday qotib uxlayotgandir, – dedi asabiy holatda. – Bu ahvolda ishlab bo‘ladimi?.. Mayli, davom etamiz. Takror so‘rayman: o‘sha kuni qayerda eding?!

Mengziyo uning birorta gapiga tushunmadi. Bundan tergovchining battar fig‘oni chiqdi. Uning ishorasi bilan soqchilardan biri Meng­ziyoning qo‘lini qayirib qiynoqqa soldi. Bundan qanoatlanmay, qo‘liga kamar olib Mengziyoning yelkasiga zarb bilan urdi. Baxshining ko‘zidan o‘t chaqnab ketdi. Gandiraklab yiqilib tushdi. Tergovchi jahl bilan soqchining qo‘lidan kamarni oldi-da:
– To‘nini yechib, erkakka o‘xshab ur! – dedi.

Mengziyo yerto‘ladagi kameraga qaytib kelganida o‘lar holatga tushib qolgandi. Tergovchi nuqul baqirib-chaqirib gapirdi. Soqchi uni savalashdan, kotib esa nimanidir yozishdan to‘xtamadi.
Keyingi bir haftada Mengziyo bundan ham battar azobni boshidan o‘tkazdi. So‘nggi so‘roq kunigacha Mengziyo qiynoqdan shu darajada zada bo‘ldiki, bu azobdan qutulish uchun jonini berishga ham tayyor edi.

Tag‘in savol bermish barchasini boshidan boshlab so‘radi:
– O‘sha kuni qayerda eding?

Tarjimon baxshiga savolni takrorladi. Meng­ziyo javob berdi:
– To‘yda.
– U yerda nima qilding?
– Doston aytdim.

Tergovchi qaysi doston, uning mazmun-mohiya­tini so‘radi. Baxshi “Alpomish”ni qisqacha aytib berdi. Tarjimon uning gapini bilganicha ruschada takrorladi. Savol bermish o‘ylanib xonada u yoqdan-bu yoqqa borib keldi. So‘ng Meng­ziyoning ro‘parasida to‘xtab uzoq gapirdi. Tarjimon tag‘in to‘tiday takrorladi:

– Alpomish yakkahokim bo‘lgan. Podsholik qilish uchun urush qilib, oddiy odamlarni azobga qo‘ygan. Sen shuni maqtab doston aytgansan…

– Doston aytishim chin. Lekin Alpomish siz aytganday odam emas. Ana Ultonni yomon desa bo‘ladi.

– Vey, qanday odamsan o‘zi?! Alpomishning yomonligini bilmagan ekanman, kechiringlar, desang bir joying kamayib ketadima? – dedi tarjimonning jahli chiqib.

– Bo‘lar gap shu bo‘lsa, o‘tirik (yolg‘on) aytayma?
– Alpomish jon jigaringmidi, buncha tarafini olasan?

Mengziyo g‘azab va achinish qorishgan nigohi ila tarjimonga tik qaradi. Nimadir demoqchi bo‘lib og‘iz juftladi. Ammo ro‘parasida turgan kimsa chaqqonlik qilib tergovchiga qarata:

– Bu odam bo‘lmaydi, – dedi. Shu asno baxshi yana kaltak ostida qoldi. Bu azoblarga endi chidab bo‘lmasdi. Mengziyoning oyoq-qo‘li qanchalik shalvirab qolgan bo‘lsa, ruhiyati undanda battar ahvolda edi. Uni diqqat bilan kuzatib turgan tergovchi:

– Manavi qog‘ozga imzo qo‘ysang bo‘ldi, ishing yopiladi, – dedi. Mengziyo uning nima deganini bilgach tarjimondan:
– Barmoq bosganimdan so‘ng nima bo‘ladi? – deb so‘radi.

– Hammasidan qutilasan. Ikkovimizam tinchiymiz. Bulardi aytganini qisang yomonlik ko‘rmaysan, – dedi. Uning so‘ziga ishongan va o‘zga chorasi yo‘qligini yaxshi bilgan Mengziyo hujjatni imzoladi. Bu aybnomada quyidagicha xulosa bitilgan edi: “Mahbus Meng­ziyo Tangriqulovich aql-hushi joyida bo‘lgani holda o‘zini telbadek tutib, tergovning og‘ir kechishiga sabab­­chi bo‘ldi. Holbuki, biz uning nihoyatda xavfli nusxa ekanini, turli marosimlarda eskilik sarqiti bo‘lgan eposni aytib, odamlar orasida yakkahokimlik va aksilsho‘roviy g‘oyalarni targ‘ib qilayotganini aniqladik. U olib borilgan tergov jarayonida bu ayblarga to‘la iqror bo‘ldi.

Tangriqulovich Mengziyo xatosini tan olishdan avval tergovni chalg‘itish maqsadida rus tilini bila turib, savollarimizga ataylab o‘z tilida javob qaytardi. Millatchilik qildi. Aziz vaqtimiz qanchalik isrof bo‘lishiga qaramasdan tergovni to‘xtatib, mahalliy tarjimonni chaqirib, uning xolis xizmatidan foydalanishga majbur bo‘ldik va hokazo…”

* * *

Ko‘p vaqt o‘tmay, Mengziyo va unga o‘xshagan yana o‘ttiz-o‘ttiz besh chog‘li kishining oyoq-qo‘lini zanjir-kishanlar bilan mahkamlab, temiryo‘l vokzaliga olib borishdi. Bularning barchasi baxshi kabi arzimas sabablar bilan mahkamaga keltirilgan va eng og‘ir jinoyatchi deb topilgan edi. Yigirmadan ortiq qizil askarlar ularni birma-bir sanoqdan o‘tkazib, hammasi joyida ekaniga qayta ishonch hosil qilgach, vagonga chiqara boshladi. Yuk uchun mo‘ljallangan vagon temir panjara bilan xonalarga bo‘lingan va har birining eshigida otning kallasiday qulf osilib turardi. Ular mahbuslarni qafasga qamab, qulf­lab qo‘­­yishdi. So‘ng qayta sanoq o‘tkazib, vagon eshigini orqasidan yopishdi. Poyezd cho‘ziq signal chalib, qattiq tebrandi-yu, ohista yurib ketdi. Borgan sari uning tezligi oshib, bir maromdagi taraq-turug‘i kuchayib, quloqni qomatga keltirar darajaga yetdi. Mahbuslarning barchasi o‘z dardi bilan bo‘lib jim yotishar, ko‘pchiligi madorsizlik va so‘ngsiz azoblardan deyarli hushsiz bo‘lib qolgan edi. Mengziyo ham anchagacha nimalar bo‘layotganini bilmay yotdi. Uning ko‘z o‘ngidan bahorgi yaylov va qirda tiklangan o‘tovda chordona qurib o‘tirgan otasi, sal narida qo‘y sog‘ayotgan onasi va hayrovdan endi qaytib, kunchuvoqda toblanib yotgan ukasi o‘ta boshladi. Keyin Oydin ko‘rinish berdi. Shu payt o‘g‘li qoqilib yiqildi va: “Ota-a!” deb yig‘lab yubordi. Cho‘chib tushgan Mengziyo bu voqea xayolidan o‘tdimi yo tush ko‘rdimi, bilolmadi. Ko‘ngli xijil bo‘lib, bu yonboshiga ag‘darilib yotdi. Yog‘och o‘rin badaniga botib ketgan bo‘lsa-da, turib o‘tirishga majoli yetmadi. Boz ustiga temir izga bosh urayotgan g‘ildiraklar miyasiga kelib tegayotganday asab tolalarini tarang­lashtirar edi. Tish og‘rig‘i kabi biroz zaif, ammo muttasil azob beradi. Mengziyo bularning barchasidan qutulish uchun butun vujudini quloqqa aylantirib, temir tovushni tinglay boshladi. Bu shovqin avval allaqanday ohangga va asta-sekin kuyga aylandi. So‘ng do‘mbiraning sehrli ovozi butun olamni tutganday bo‘ldi. Shundan so‘ng Mengziyo ozgina chalg‘isa, bu kuy yana sovuq temir tovushga aylanib qolishidan cho‘chib qo‘shiq ayta boshladi:

Oqar daryo murdor bo‘lmas,
Sakson ko‘ppak sorisa.
Bir kapgir osh elga yetar,
Boshiga Xidir dorisa.
Botir yigit shul bo‘lar,
Yovdan yurtin qo‘risa.
Shoir kishi shul bo‘lar,
So‘zi yurtga porisa…

U o‘z-o‘ziga terma aytar ekan, Ultonning farmoni bilan Qalmoq cho‘liga surgun qilingan baxshilar ko‘z o‘ngidan o‘tib, alami bo‘g‘ziga tiqilib, tobora ona yurtidan olislayotgan poyezdda borsa-kelmasga ketib borardi.

* * *

Poyezd Sibirning qoru muz bilan qoplangan quyuq o‘rmonlari tomon yeldek uchib borar ekan, temir izlar Tangriqul boboning ko‘kragidan o‘tganday ko‘kayi kesilib, aftodahol bo‘lib qolgandi. Mo‘ysafid o‘g‘lining ahvoli ne kechganidan qayg‘urar, necha oydan buyon Mengziyodan biror darak topolmaganidan xavotirda edi. Bu hadik uning yuragiga toshdek og‘ir botib toliqtirardi.

Tangriqul bobo bugun ham tong yorishmasidan burun tuman markaziga qarab yo‘l oldi. U odatdagiday chakmonini egniga tashlagan, boshiga quyonteri telpakni bostirib, quloqchinini iyagi ostidan o‘tkazib bog‘lagan, jussasiga yarasha uzun va baquvvat qo‘lida qamchini o‘ynatib, otga nomigagina urib qo‘yardi. Uning qiyiq ko‘zlari atrofga sinovchan boqar, ro‘paradan urayotgan shamolda ko‘ksiga tushgan oppoq soqoli ikki yonga yoyilib, qoziq iyakli cho‘zinchoq yuzini kichraytirib ko‘rsatardi. Tangriqul bobo toshloq yo‘lda bir maromda yo‘rg‘alayotgan qashqa jiyronning yurishiga monand tebranib borardi. Tuman markaziga eltadigan bu toshloq yo‘l Surxon daryosining o‘ng sohili bo‘ylab ketgan edi. Sohilning ikki yonida ham past-baland tepalik­lar yastanib yotar, uning bir tomoni Bobotoqqa, ikkinchisi Boysun tog‘iga borib tutashgandi.

Sohildagi yo‘ldan Boysun tog‘i deyarli ko‘rinmas va kun asrdan og‘ishi bilan quyosh huv baland tepaliklar ortiga omonat yashiringanday bo‘lardi. Shu bois bu yerlarga tez qorong‘i tushar edi. Narigi qirg‘oqdagi tepaliklar ham baland bo‘lishiga qaramay, Bobotog‘ ko‘zga yaqqol tashlanar edi. Tangriqul bobo mana shu keng va bepoyon dashtni yorib o‘tgan daryo sohilida tug‘ilib o‘sgan, fe’l-atvori ham shunga yarasha edi. Uning ko‘ngli dasht kabi keng, keksa tepaliklar yanglig‘ vazmin, mulohazali va ayni damda daryoning quyi oqimi kabi shijoatli edi. Shu bois yoshi yetmishdan oshgan bo‘lsa-da, tetik va doim qaddini g‘oz tutib yurardi. Mengziyoni olib ketishganidan buyon yuzi so‘lg‘in tortgan, burgutko‘z nigohi toliqqanday taassurot uyg‘otardi. Boz ustiga, qaddi egilib, otameros asoni olib yurishni odat qilgandi. Hozir o‘g‘lini izlab ketar ekan, qaddini yanada egib, sovuq havodan ko‘ksini to‘sishga urinar edi. Tag‘in kimsasiz yo‘lda otning “tak-tuk”lab yurishi va quloqchini orasidan shamolning uvillab kirishidan boshqa sas-sado eshitilmas va bu sukunatdan qulog‘i tom bitgan, faqat o‘y-xayollargina uni dahshatli yolg‘izlikdan qutqarardi.

Mo‘ysafid shu alpozda anchagina yo‘lni bosib o‘tdi. Bir payt kimningdir salom bergani eshitildi. Tangriqul bobo jilovni tortib, atrof­­ga alangladi va sal naridagi, to‘qay ichidagi otliqni ko‘rib to‘xtadi. Tangriqul bobo tomon kelayotgan yo‘lovchi ellik yoshdan oshgan, qoramag‘iz va polvon kelbat kishi edi. U Tangriqul boboga yaqinlashgach salom berdi. Ular ot ustida turib, uzalib ko‘rishdi. Ming yillik qadrdonlar kabi quyuq so‘rashishdi.

– Yo‘l bo‘lsin? – dedi boyagi yo‘lovchi Tang­riqul boboga qarata dashtliklarga xos jarangdor ovozda.
– Sho‘rchiga…

– O‘zim ham shunday bo‘sa kerak, deb o‘yladim. Yo‘limiz bir ekan, gangir-gungur qilib ketamiz-da, a?!

Yo‘lovchining samimiyat bilan aytgan so‘zidan Tangriqul boboning ko‘ngli yorishdi va shunday yo‘ldosh topilganidan mamnun bo‘lib:

– Ha, odam zaxini odam oladi. Olis yo‘lga yakka chiqishdi xasiyati yaxshimas, – dedi. So‘ng uning uloviga razm solib qaragan mo‘ysafid: – Ot daryoni kechib o‘tgan ko‘rinadi, Xo‘jamulkidanmisiz?! – dedi narigi sohildagi qishloqni nazarda tutib.

– Xo‘jamulkidan. Tovoshar boboni eshitganmisiz? – dedi yo‘lovchi o‘zini tanitib. – Shu kishining o‘rtancha uli bo‘laman.

– Ey, shunday deng! Polvon boboni nebarasi ekansiz-da. Ha, yashang! – dedi Tangriqul bobo. So‘ng uning ozib-to‘zib ketgan otiga sin solib qarab, gapida davom etdi. – Bu jonivordi kayitib1 qo‘yibsiz-ku!

– Bilmadim, shu saratonning adog‘idan boshlab et tashladi. Bo‘masa, og‘zi tinmaydi. Jegani porimay qoldimi, deyman. O‘zi-ku o‘lguday baquvvat. Ovgayam minaman, boshqagayam. Tindirmayman. Charchamaydi. Bir-ikki vaqt dam olsin, deb uydan chig‘armay qo‘ydim. O‘zgarish qayerda, battar ozib ketdi.

– Ichida illati bo‘sa kerak-da?
– Bor! Bo‘masa sho‘ytama. Ha, bozorlab jo‘nadingizma? – dedi ot egasi gap daromadini burib.

– Bozor desayam bo‘ladi, – dedi Tangriqul bobo hafsalasizgina xo‘rsinib. – Molimiz qolib, jonimiz bozorga tushgan. Gunohini aytmay, hukumatdi odami olib ketgan ulimdi daraklayapman.

– Obbo! Chatoq ish bo‘bdi-ku, – dedi u gap nimada ekanini bilib. – Ulingizni kim degich edi?!
– Mengziyo…

Tangriqul bobo o‘g‘lining ismini aytishi bilan yo‘lovchi uning gapini ilib ketdi:
– Mengziyo baxshima?.. Otasi bo‘lsasizma?! Eshitganman. Bizdi qishloqqa to‘yga borganda ko‘rishganmiz, – dedi faxrlanib. Keyin o‘ylanib qoldi va bir muddat o‘tib: – Ulingizdi Toshqul olib ketganma?! – dedi bu gaplardan uncha-muncha xabari bor kishiday salmoqlanib.
– Ha, shu Toshqul sho‘ro…

– O‘zi ovchiman, – dedi yo‘lovchi boboning gapini bo‘lib. – Quyon, tulki ovlab, terisini hukumatga topshiramiz. Hozir ham xurjun to‘la surlangan teri. Shunga rayondagi gap-so‘zdan eshitib turaman. Meni yo‘ldan qoldiryapti, demang, ulingizdi Sho‘rchidan izlashingiz bepoyda! Ulardi barini rayonda jamlab, Termizga jo‘natadi. Daragini shu yaqdan topasiz. Sho‘rchidagilar odamga gap bermaydi…

– O‘zimam shundayma, deb o‘yladim. Necha kundan bermag‘on eshik poylayman. Birov nimasan, demaydi. Qorovulga, hukumatning oldiga kirit, desam, ko‘nmaydi. Ulim qayerdaligini o‘zing ayt desam, men qayerdan bilaman, bir kunda undaylardi nechovi kelib-ketadi, deydi.

– Aytdim-ku, bular gap bermaydi deb, – aytgani rost chiqqanidan quvonib, davom etdi u. – Bugundan qomay, Termizga jo‘nang. Baxshini Sho‘rchida olib o‘tirgan bo‘lsayam (qamab de­­yishga tili bormadi), termizliklar aytsa, javob beradi.

Bu gaplardan so‘ng Tangriqul bobo ne qilarini bilmay o‘ylanib qoldi. Mo‘ysafid jilovni keskin tortganidan shashti qaytgan jiyron depsinib oldinga intilar, ot egasi esa uni yonga burib tinchlantirmoqchi bo‘lar edi. Boboning aro yo‘lda qolganini ko‘rgan yo‘ldoshi:

– Xohlasangiz, Sho‘rchiga borib, so‘ng qayting. Men bilganimcha aytdim, – dedi gunohi uchun uzr so‘rayotgan kishiday.

Ovchi o‘zini aybdorday his qilayotganini ko‘rgan mo‘ysafid:
– Yo‘q, jo‘ra, – dedi, – gazandani kallasidan ushlash kerak. Nima bo‘lsa ham, Termizga borganim ma’qul.

Tangriqul bobo ortiga qaytib ketarkan, o‘g‘li haqida eshitgan-bilgan odam topilganidan quvonib borardi. Jiyron esa shashti qaytganidan bir-ikki taysalladi-yu, yo‘rg‘alab ketdi. Shamol ham endi teskari tarafdan urayotgan edi. Bu vaqtda kun choshgohdan o‘tgan bo‘lsa-da, quyosh jamolini ko‘rsatmas, bulut qoplagan osmon bo‘zarib turardi. Esayotgan izg‘irin esa tez orada qor yog‘ishidan darak berayotgan edi. Tangriqul bobo yo‘l-yo‘lakay dastlab qayerga borish kerakligini mulohaza qilib, peshin vaqtida uyiga kirib bordi. U deyarli yuz chaqirim uzoqdagi shaharga borish uchun, avvalo, uyining yonidan qaytib o‘tishi va, eng muhimi, oilasidagilarni ogohlantirib qo‘yishi kerak edi.

Mo‘ysafid uyida peshin namozini ado etdi va yo‘l uchun yemak hozirlab oldi. Bobodan o‘g‘li haqidagi xushxabarni eshitgan Maryam momo ovchini alqab uzoq duo qildi. O‘ktam esa necha paytdan buyon Toshqul sho‘roni izlab uyiga borar, uni topguday bo‘lsa: “Sizdan ginamiz yo‘q. Akamning qayerdaligini aytsangiz bo‘ldi”, deb Mengziyo haqida bilib olmoqchiydi. Ammo u ko‘pdan beri Toshqul sho‘roni topolmadi. Hozir ham tarvuzi qo‘ltig‘idan tushib qishloqdan qaytgandi. O‘ktam ham yangilikni eshitib quvondi. So‘ng otasi kabi qiyiq ko‘zlari bilan yer chizib, yag‘rindor jussasi bilan eshikni to‘sdi va:

– Ota, – dedi titroq ovozda. – Termiz ko‘p uzoq yo‘l. Sizdi shuncha joyga borishingiz… Akamdi o‘zim daraklab kesam-chi?!

O‘ktamning so‘zlaridan so‘ng Tangriqul boboga sinovchan qarab turgan yaqinlari mo‘ysafid boshini ko‘tarib qarashi bilan ko‘zlarini olib qochdi. Faqat O‘ktam otasiga umidvor termilib turardi.

– Yo‘q, – dedi Tangriqul bobo uning umidini puchga chiqarib, – hukumatdi odami seni yosh bola bilib gap bermaydi.
– Lekin…

– Lekin-pekini yo‘q! – dedi mo‘ysafid o‘g‘lining gapini keskin bo‘lib. – Gap shu! Endi sho‘roni uyiga borishdi bas qi. Qo‘lida xayr bor odam bu qiliqdi qimasdi. Tuhmatiga qolib ketma.

O‘ktam boyagi turishida:
– Xo‘p, – deya bosh irg‘adi. – Siz kelabering, xurjunni olib borib, otdi egarlayman.
– Xurjunga dadilroq arpa sol. Yo‘l uzoq. Ot charchaydi.

O‘ktam otni yo‘lga hozirlash uchun ketgach, Tangriqul bobo dasturxonga duo qildi. So‘ng ro‘parasiga kelgan nabirasini tizzasiga o‘tqazdi. Elmurod:
– Bobo, otamdi oldiga borasizma? – dedi bolalarcha samimiyat bilan.

Tangriqul bobo go‘dak ko‘zidagi sog‘inchni ko‘rib yurak-bag‘ri ezilib ketdi va:
– Ha, – dedi.
– Meniyam olib boring.
– U yaqqa bolalar bormaydi-da, otajon.

Tangriqul bobo nabirasiga shunday dedi-yu, Elmurod Mengziyoga juda o‘xshash ekanini payqab qoldi. U ham otasi kabi qo‘yko‘z, sochi qalin va qattiq, yuzi bug‘doyrang, barmoqlari ham tirnoqlariday uzun va yana qotmadan kelgan, yoshiga nisbatan novcha edi. Tangriqul bobo nabirasiga qarab turib, o‘g‘lini ko‘rganday bo‘ldi va bo‘g‘ziga nimadir tiqilib achishdi. Ko‘zi yoshlandi. Mo‘ysafid duo qilganday kafti bilan yuzini siypalab yoshini artdi. Ko‘zini uzmay turgan Elmurod bobosining bo‘yniga osilib, yuzidan o‘pdi va:
– Unday bo‘sa, otam kegancha kutib turaman, – dedi.

Labini tishlab kuzatib turgan Maryam momo:
– Ha, balam-a! – deb yubordi.

Tangriqul bobo esa nabirasini bag‘riga bosib, yuzidan hidlaganday bo‘lib ohista o‘pdi. Bobosining soqoli qitig‘ini keltirgan Elmurod o‘zini chetga tortdi. Tangriqul bobo uni qo‘yib yuborib, o‘rnidan turdi. Burchakda ro‘molining uchini tishlab jim o‘tirgan Oydin borib eshikni ochdi. Tangriqul bobo ishonch bilan ostona hatladi.

* * *

Mo‘ysafid boyagiday jiyronni yo‘rg‘alatib qishloq oralab borardi. Tepadan pastga qarab tarqoq joylashgan ovul uylari oralab o‘tgan yo‘l esa goh burilib, goh to‘g‘ri ketardi. Qishloq adoqlab qolgan joyda, qalin to‘qayzorga duch kelgan yo‘l biroz tepaga ko‘tarilib, Toshqul sho‘roning uyini aylanib o‘tar edi. Hozir Tang­riqul bobo o‘sha yerga yaqinlashib borar ekan, beixtiyor ot jilovini tortdi. Bir muddat tadoriklanib, so‘ng daryo sohilidagi to‘qay oralab ketdi. Ammo ot namxush yerga chuqur botgan tuyog‘ini uzib, tag‘in betartib o‘sgan jangalzor oralab yurishga ancha qiynalib qoldi. U goh pattaning betartib o‘sgan novdasi xurjundan ushlab qolgani bois burilib ketar, goh qalin o‘sgan yulg‘un aylanib o‘tishga majbur bo‘lardi. Bundan Tangriqul boboning jahli chiqardi. Illo, to‘g‘ri yo‘l qolib, bu yoqdan yurishga majbur edi. Mabodo u yo‘ldan ketsa, sho‘roga duch kelishi tayin. Tangriqul bobo uni uchratib qolsa, ayab o‘tirmasligini o‘zi ham yaxshi bilar, shu bois imkoni qadar sho‘rodan nariroq yurishni istardi. Hozir otdan ham, to‘qaydan ham nolimas, faqat sho‘roni koyirdi. Nihoyat, Toshqulning uyidan uzoqlashib, shu bilan birga, qishloqdan ham olislab katta yo‘lga chiqib oldi. Bu yerda yo‘l tepalikdan oshib tushar va bir tomondan daryo sohilidagi to‘qayzor chegaralab turgan, ikkinchi tarafidan esa adirlar qo‘riqlab yotgan qishloq ko‘zdan g‘oyib bo‘lar edi. Tangriqul bobo o‘sha yerdan turib qishlog‘iga yana bir qur nazar tashladi. Ko‘ziga shipshiydam tepalar sarg‘ayib munkayganday, to‘qayzor esa qishloqning bargsiz daraxtlari ila uyg‘unlashib qorayib ko‘rinar edi. Boz ustiga, daryoning yuqori qismidan o‘rlagan quyuq tuman manzaralari yanada xiralashtirib qo‘ygandi. Mo‘ysafid bularning barchasini oniy lahzada his etdi-yu, otga qamchi bosib, daryo oqimi bo‘ylab ketdi.

Tangriqul bobo borgan sari otni qistab kechgacha ko‘proq yo‘l bosishga urinardi. Zero, qorong‘i tushishi bilan bu yerda chiyabo‘rilar galasi sang‘ib yurar va hatto qobonlar ham uchrab turardi. Buni yaxshi bilgan Tangriqul bobo jiyronga ustma-ust qamchi bosib, namozshomdan burun Makidon ko‘prigiga yetib oldi. Yilning bu faslida ko‘prik tagidan o‘tgan suv ancha past tashlar edi. Shu sabab asrlar bo‘ylashgan ko‘hna g‘ishtin ko‘prik bu yoqda qolib, to‘g‘ridagi kechuvdan bemalol o‘tishi mumkin. Ammo mo‘ysafid terlagan otni muzday suvga kechirishni istamadi. Yontoqzor oralab ko‘prikka qarab yurdi. “Tavba, – deb o‘ylardi u ko‘prikka yaqinlashgan sari. – Iskandarday jahangir pishiq-puxta ko‘prik qurib nima qilardi?! Dunyoning narigi chetidan ne bir daryolardi kechib kegan odam bu yerdan sakrab o‘tsayam bo‘lardi… Olloni karomatini qarang, Iskandar Zulqarnay dunyoga qancha g‘avg‘o somasin, baribir, qo‘li ochiq o‘tib ketdi, lokin mundayin ko‘priklar qolaberarkan”.

Shunday o‘ylar bilan ketayotgan Tangriqul bobo kechaning bir mahalida yo‘lda duch kelgan ovulga burildi. U qator joylashgan pastqam uylarning eng chekkadagisi tomon borib, qopag‘on itlarni “Tur! Tur, ket”, deb haydab, kulbaga yaqinroq kelib:

– Kimsan aka… Hu-uvv Boybova, – deb chaqirdi. Ko‘p o‘tmay ichkaridan: “Hozir!” degan ovoz eshitildi. So‘ng kimdir fonus ko‘tarib chiqdi. U avval itlarni quvib soldi. Keyin:

– Kimsiz?! Keling! – dedi notanish yo‘lovchiga sinchiklab qarab.
– Mehmon qabul qilasizma?!

– Mehmon atoyi Xudo! Kelabering, – dedi uy sohibi allanechuk hadik, ammo samimiyat bilan.

– Assalomu alaykum! Boybova, uzr endi, sizdi bemahal bezovta qildik. Shu deng Termizga jo‘nab edim, kech qoldim.

– Eh-hey, Termiz qayerda, birov qayerda! Bu yoqqa burilib to‘g‘ri qilibsiz. Bemahalda yo‘l unmaydi! – dedi mezbon endi yanada ochiq chehra bilan ot jilovidan tutib. – Qani, otdan tushing-chi. Yo‘ldo-osh! Ho-oo, Yo‘ldosh! – deya uy egasi ortiga qarab chaqira boshladi.

Loysuvoq uyning pastqam eshigi ochilib, ichkaridan o‘smir bolaning ovozi eshitildi.
– Labbay!
– Uyga mehmon keldi! So‘ng o‘zing berman qara.

Bola onasiga o‘rin hozirlashni aytib chiqdi, shekilli, uyga birrovga kirib, so‘ng otasi tomon yugurib keldi. Qorong‘ida yuraverib ko‘zi ravshanlashib qolgan mo‘ysafid uning kelishidanoq o‘rta bo‘yli, to‘ladan kelgan yigit ekanini fahmladi. U yetib kelar-kelmas salom berib, mehmonga qo‘sh qo‘l uzatdi.

– Otni olib borib joylashtir, – dedi otasi unga jilovni tutqazib. – Egarini yechib ol-da, oshxonadagi kigizdan birovini yopib qo‘y. Kun sovuq. Bedadan tashla. Somon berma tag‘in.

Yo‘ldosh otasining gaplariga: “Xo‘p-xo‘p”, deb javob qaytarib olisladi. Uning ovozidan mamnunligi aniq sezilib turardi. Aftidan, Yo‘ldosh uylariga mehmon kelgani va yana jiyronni unga ishonib topshirishganidan quvongan edi.

Mezbon Tangriqul boboni uyga boshladi. Uy torgina dahliz va uning ikki yonidagi bir juft xonadan iborat edi. Ular o‘ng tarafdagi chog‘roq xonaga kirishdi. Bu yerga allaqachon yangi ko‘rpa-to‘shak solingan va dasturxonda bir juft zog‘ora non bor edi. Tangriqul bobo uy sohibining qistovi bilan to‘rga o‘tib, chordona qurdi. Mezbon esa poygakda omonat cho‘kib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi. Ular uzoq va quyuq ahvollashdi. Bu orada Yo‘ldosh qaytib kelib, qo‘shni xonaga kirib-chiqdi. Uning izidan onasi ham tashqariga chiqdi, shekilli, eshiklar yana g‘iyqillab ochilib-yopildi. Tashqaridan o‘tinning qarsillab singan tovushiga qo‘shilib ona-bolaning ovozi eshitilib turdi. Ko‘p o‘tmay ostonada Yo‘ldosh paydo bo‘ldi. U avval choynak-piyola, ikki kosa suyuq ovqat olib keldi.

– Bu nima tashvish?! – dedi Tangriqul bobo astoydil xijolat tortib.
– Tashvishi borma?! Allag‘aytib bir kebsiz, – dedi mezbon – To‘ra aka o‘sha-o‘sha samimiyat ila.

Ular bu vaqtgacha bir-birlari haqida suhbatlashib olgandi. Endi Tangriqul boboning qayerdan kelayotgani, qayoqqa, ne sababdan ketayotgani haqida so‘zlashib o‘tirishgandi. Dasturxonga qaralgach, o‘rtabo‘y, to‘ladan kelgan va qalin lablari osilib turadigan mezbon gapini boya to‘xtab qolgan joyidan boshladi.

– Nimasini aytasiz, mehmon. Zamonasiga o‘t tushdi. Hamma yoq alg‘ov-dalg‘ov. Mana, bizam asli tangiharamlikmiz, – pichirlab so‘zini davom ettirdi u. – Sho‘roning zulmidan qochib, shu yerlarga keb qoldik. Yangi hamsoyalarga “Hech kimimiz jo‘q. O‘zim sog‘ir o‘sganman. Yashashdan qiynalib ko‘chib keldik”, dedim… Nima bo‘lganini so‘ramang! Bir kechada qizil askarlar uyimizga bostirib kelib, otamdi olib ketdi. So‘ng dushmanning bolasi, deb o‘zimdi ham qistovga olaberdi. Yo qochib, yo o‘lib qutulaman, deb elingizga qarab kelaberdim. Qancha so‘rab-surishtirdim. So‘ng bilsam, otam o‘qiydigan kitoblar hukumatga qarshi yozilganmish. Tovba, deysan kishi. Huv, burung‘i zamondan qogan kitobdi ularga nima aloqasi borakan?! Bizdi bobolar bu kitoblardi yozganda dunyosida sho‘ro borligini bilmagan bo‘sa kerak?!

– Rost-rost, jo‘ra. Ulimda qanday guno bor edi? Qiladigan hunari yog‘och jo‘nib, qora uy (o‘tov), otga egar, odamga do‘mbira yasash. Nari borsa, qishloqdagi to‘ylarda, doston aytardi.

– Ey, ulingiz yuzboshimidi?! – hovliqib so‘radi mezbon.
– Ha, to‘y-po‘yga borib turadi.

– Bo‘ldi-bo‘ldi! Uniyam tangiharamlik baxshiday doston aytgansan, xalqdi miyasini zaharlagansan, deb olib ketgan. Bular uyda jimgina kitob o‘qib o‘tirgan odamdi qamaydi-yu, uni qo‘shiq qilib aytgandi tinch qo‘yama?! Nima bo‘ganda-yam, eldi manaman degan g‘ujurli jigitlarini saralab olib ketyapti ukkag‘arlar!

– Tushunmay qoldim. Hech zamonda qo‘shiq aytgan odamdi qamaydima?! – dedi Tangriqul bobo eshitayotgan gaplariga ishonmay.

– Zamonasi shuytib aqldan ozib qoldi-da, mehmon bobo!

* * *

Bu vaqtda Oydin o‘g‘lini bag‘riga bosib yotar, undan sal narida Maryam momo ham uxlay olmay, u yondan-bu yonga ag‘darilardi. Oydin qaynotasi keksayganida bunday sarson bo‘lib yurgani, qaynonasining oromi yo‘qolib, bir ahvolda yotganida o‘zini aybdor sanardi. U Toshqul nima uchun Mengziyoning nomini qoraga chiqarganini taxmin qilar, sho‘ro shunday qabohatga qo‘l urishiga ishonishni ham, ishonmaslikni ham bilmasdi. Oydin ancha yillar avval uning asl qiyofasini ko‘rgan, o‘shandayoq Toshqulning necha pullik odamligini bilgan edi. Lekin baribir bunchalik past ketishini kutmagandi.

O‘shanda Oydinning bo‘yi yetib, qalbi go‘zal tuyg‘ular oshyoniga aylangan payt edi. Barcha tengdoshlari kabi muhabbat dardiga mubtalo bo‘lgan, sevgisini esa qalb qal’asida asrab-­avaylardi. U boshqalar kabi o‘z dil tug‘yonini ochiq-oshkora aytishni sira istamas, tuyg‘ularini ko‘z-ko‘zlab so‘zlaydiganlarni o‘lguday yomon ko‘rardi. Oydin muhabbatni Yaratganning eng katta in’omi deb bilar, bu tortiqdan vujudi qushday yengil tortib, osmonda parvoz etgisi kelardi; qulochini keng yoyib yam-yashil qirlar osha yugurishni, azim tog‘larni va keksa daraxt­lardan yangi ungan maysalargacha bag‘riga bosishni xohlardi. Bu istak kuchaygani sari tanasi tobora to‘p o‘tmas qo‘rg‘onga aylanib borar, beixtiyor sirini oshkor qilib qo‘ymaslik uchun mum tishlaganday jim yurardi.

U aksari bo‘z bolalar va tengdosh dugonalari bilan qishloq va daryo oralig‘ida mol boqar ekan, muhabbatiga sazovor bo‘lgan yigitni zimdan kuzatishni, daryo sohilidagi ko‘l yoniga borib, shirin orzular og‘ushida o‘tirishni xush ko‘rardi.

Bahorning seryog‘in kunlari daryo qishloq yaqinigacha toshib oqardi. Yozga yaqinlashgan sari suv orqaga qaytib, qishloq va daryo oralig‘ida keng maydon ochilardi. Bu maydonda katta ko‘l hosil bo‘ladi. Daryoning yuqori qismidan bir ariq suv ko‘lga oqib kelar va quyidan katta oqimga qo‘shilib ketardi.

Bu ko‘l Oydinning ko‘ngli kabi tiniq va sirli edi. Suvning musaffoligidan tubidagi mayda toshlargacha aniq ko‘rinib turardi. Cho‘pon bolalar tushlik payti uy-uylariga tarqaydi. Ular ketgach, qizlar atrofini butalar o‘rab olgan ko‘lda cho‘milar edi.

O‘sha kuni dugonalari kelmay, Oydin yolg‘iz bo‘lib qoldi. O‘g‘il bolalar uyiga ketishini poylab o‘tirdi. Bolalar qo‘yupodasini haydab jo‘nagach, atrofda hech kim qolmaganiga ishonch hosil qilib, ro‘molini yechdi. Etagini xiyol ko‘tarib suv kechdi. Uzun va bo‘liq oyog‘i suvda egri-bugri va kalta bo‘lib ko‘rindi. Bundan Oydinning zavqi keldi. Yana bir-ikki qadam tashlab ko‘lning chuqurroq joyiga bordi. Saratonning issig‘ida tanga rohat bergan suv qalbiga ajib tuyg‘u in’om etdi. Oydin etagini qo‘yib yuborib, nozik barmoqlari bilan quloq-burnini berkitgancha suvga sho‘ng‘ib chiqdi. Suvdan bosh ko‘tarishi bilan harir libosi tanasiga chippa yopishdi. Sochidagi suv durday tomib ko‘ksiga tushdi. Oydin kaftini suv yuzida yurg‘izib osmonga qaradi. So‘ng bir hovuch suvni olib, yuzini chaydi. U endi ko‘ldan chiqmoqchi bo‘lib oldinga yurgan edi, butalar orasida qarab turgan kimsani ko‘rib dodlab yubordi. Ko‘lning sayoz joyida o‘tirib olib, tanasini nomahram nigohdan yashirdi. Boyagi kimsa esa: “Jim! Tuss! Jim bo‘lsang-chi!” deb buta ortidan chiqib keldi. Oydin ro‘parasida Toshqulni ko‘rib:

– Nomahramga ko‘z tikishga uyalmaysanma, yeryutgur, – dedi. Toshqul esa sohilda turgan ro‘molni olib yuziga bosdi va:

– Nimaga nomahram bo‘larkan? Ertaga enam sovchi bo‘lib boradi, – dedi.
– Bekordi aytibsan!
– Bekormas, Oydin, senda ko‘nglim bor.

Oydin uning xotirjam gapirishidan negadir qo‘rqib ketdi. So‘ng Toshqul avvaldan qizlarning cho‘milishini poylab yurgan bo‘lsa-ya, degan xayolga bordi va:

– Nahs bosgan ko‘nglingga o‘t tushsin! – dedi alam va iztirob bilan. – Senga tekkandan ko‘ra qaro yerga kirganim durust. Ko‘zimdan yo‘qol, zanchalish!!!

Bu gapdan Toshqulning jahli chiqdi.

– Ko‘lda cho‘milayotganingni ongdan ko‘rib qolganimni birovga aytsam, seni maxov ham xotinlikka olmaydi, – dedi.

– Olmasa-olmas, ko‘zim uchib turgani yo‘q… iflos qo‘lingni ro‘molimga tekizma!.. Bo‘masa, hozir baqiraman.

Toshqul noiloj o‘rnidan turdi. Lekin past kelgisi kelmay:
– O‘ylab ko‘r, ertaga enam boradi, – deb nari ketdi.

Oydin ho‘ng-ho‘ng yig‘lab sohilga chiqdi. U achchiq iztirob ila ro‘molini oldi. Unga Toshqulning qo‘li tekkan deb loy va qumga ishqalab qayta-qayta chaydi. Ammo baribir ko‘nglidagi g‘ubor tarqamadi.

Oydin hozir shu voqeani eslab, bir vaqtda ikki uydan sovchi kelgani va u Mengziyoni tanlagani uchun Toshqul alamini olayapti deb o‘yladi. Bundan xo‘rligi kelgan Oydin: “Zanchalish… qo‘rqoq!” dedi. Maryam momo uning tovushidan sergak tortdi va:

– Kelin, tinchlikma? Nima deyapsiz? – dedi. Oydin beixtiyor ovoz chiqarib gapirib yuborganidan uyaldi va:

– Yomon tush ko‘rippan, – dedi. So‘ng yig‘isini qaynonasiga sezdirmaslik uchun ro‘molining uchini tugun qilib qattiq tishladi va Elmurodni bag‘riga bosdi.

* * *

Yumush bilan andarmon bo‘lib yurgan O‘ktam uylari tomon kelayotgan uch-to‘rt chog‘li kishiga ko‘zi tushdi. Bular shu qishloqning narigi uchida yashaydigan qarindoshlari bo‘lib, eshak minib kelayotgan momo – Tangriqul boboning opasi, yonidagi basavlat kishi Qobil aka – uning katta o‘g‘li, orqaroqdagi yosh yigit Shodiyor esa O‘ktamning bo‘lasi edi. U mehmonlarni olisdan turib tanidi va:
– Checha, – dedi uyga qarab.

Sigir sog‘ib qaytayotgan Oydin qayin ukasining chaqirig‘ini eshitib, unga ters tamondan tovush berdi:
– Chaqirdingizmi, kenja?

– Uyga odam kelyapti, – dedi O‘ktam qo‘li bilan yo‘lni ko‘rsatib va yangasiga o‘girilib qarab. Oydin mehmonlarni kutib olish uchun uyga tomon yurdi. O‘ktam ham yumushni tashlab, yangasining izidan ketdi.

Zarifa momo bilan o‘g‘li Qobil aka Meng­ziyoni olib ketgan kuni ham kelib, qarindosh­lariga tasalli berib ketishgan edi. Bugun ham Meng­ziyoning ahvoli ne kechgani, undan biror darak bormi-yo‘qligi haqida bilish uchun kelishgandi. Zarifa momo eshakdan tushar ekan, kutib olishga chiqqan Maryam momoga qarata:
– Qarindoshning tovushi qorong‘ida tanish deb kelaberdik, – dedi.

– Binoyi, binoyi, egachi, – dedi Maryam momo qaynopasining qoshida girgitton bo‘lib. – Qani, uyga kiringizlar. Elmurod, qo‘lga suv ol. O‘ktamjon, o‘zing qara, bolam!

Maryam momo mehmonlarni uyga boshladi. Avval Zarifa momo, so‘ng boshqalar yo‘l tortdi. U ishonch bilan qadam tashlashidan sakson yoshli kampirga sira o‘xshamas, yuzining tiniqligidan hech bir zahmat chekmaganday taassurot uyg‘otar, jussasini biroz egib yurgani bilan hamon novcha bo‘lib ko‘rinardi. O‘g‘li Qobil ham onasi kabi bo‘ychan, to‘ladan kelgan qoramag‘iz kishi edi. Uchinchi mehmon esa o‘rta bo‘yli, oqsariq va doim kulib turuvchi Shodiyor edi. Ular yoshiga qarab izma-iz uyga kirishdi. Zarifa momo ortida kelayotgan o‘g‘liga:

– O‘t, – deb uy to‘rini qo‘li bilan ko‘rsatdi.
– O‘zingiz to‘rlang, ena, – dedi Qobil.
– Erkak kishi bor joyda ayollar to‘rga chiqmaydi, bolam!

Qobil shunday javob eshitishni avvaldan bilar, ammo hurmat yuzasidan kamtarlik qilgan edi. Shu bois onasining gapi tugamasdan burun epchillik bilan to‘rga o‘tib oldi. U ikki qavat ko‘rpachada chordona qurib o‘tirdi. Boshqalar ham yoshi va hurmatiga qarab joylashdi. Zum o‘tmay o‘rtaga dasturxon yozilib, uy sohiblari topgan-tutganlarini dasturxonga qo‘ydi. Bu vaqtda allaqachon oqshom cho‘kkan edi. Zarifa momo ukasining qayerda ekanini so‘radi. Goh Maryam momo, goh O‘ktam navbatma-navbat gapirib, Tangriqul boboning qayoqqa ketgani va shu kunlarda ahvollari ne kechayotganini naql qildi. Mehmonlar ularning ko‘ngliga tegadigan so‘z aytib qo‘yishdan cho‘chib, ehtiyotkorlik bilan Mengziyoning kelgusi taqdiri haqida mulohaza qilishardi:

– Toshqul bir jugurdak, – dedi Zarifa momo yugurdak so‘ziga urg‘u berib. – Hukumat nima desa, shuni qiladi. Oylanayin, Mengziyojonning begunohligini bilib qo‘yib yuboradi. Bovrungiz to‘lib, to‘y qilib qolasiz. Ana shunda Toshquldi yuzi qorayib, uzr so‘rab keladi.
– Iloyim, aytganingiz kesin, opajon! – dedi Maryam momo ko‘z yosh qilib.

– Mengziyo bilan ariq qazishga borganim sira esimdan chiqmaydi, – dedi Qobil gap daromadini burib. – Huv, tegirmonga kelgan ariqdi daryogacha qazib borishimiz kerak edi. Ertalab Shoydullani uyidan sal balandda qazishdi boshladik. Kun chashga bo‘laberib Shoyduldi ulini chaqirdim. O‘ziyam xotini bilan uyga kirib-chig‘ib turbedi… Uli bizga tomon jo‘nayberib, birov chaqirdima, orqasiga qaytdi. So‘ng salom berib keldi. Bolani oldiga bir bel loyni qo‘yib, “Borib otangga ayt, o‘choqtosh1 tashladim”, dedim. Ukkag‘ardi uli ko‘zini pirpiratib, otam uyda jo‘q, desa bo‘lama?! Bo‘masa, enangga ayt, dedim. Ikkoviyam momomlardi uyiga ketgan, deydi. Bilib turippan: eriyam, xotiniyam uyda!..

– Ha, o‘lmabdi. Bir cho‘mich ovqat bilan biri ikki bo‘lib qolama? – deb gapga aralashdi Maryam momo.

– Bu yog‘ini eshiting-da, checha, – dedi labida kulgi o‘ynab Qobil aka. – Bolaga oting kim, dedim. Vositmi, Qosimmi, dedi. So‘ng, ke, ko‘rishamiz, deb qo‘lidan mahkam ushladim-da, otang qayerdaligini aytmasang, cho‘chog‘ingni kesib olaman, dedim. Shu qo‘limdan chig‘ib ketaman deb chiranadi, deng. Mahkam ushlab turaberdim. Oxiri ko‘zi girillab jilag‘iday bo‘lib, uyda enam bilan otam dashinib o‘tiribdi, desa bo‘lama!.. Borib otangga Qobil bobom cho‘chag‘ingni kesib olaman dedi, uydan chiqmasangiz, sizdiyam shunday qilarkan, deb ayt, dedim.

Bu gapdan so‘ng gurr etib kulgi ko‘tarildi. Shodiyor ichini ushlab yiqilguday bo‘lar, O‘ktam ham ovozining boricha xoxolardi. Zarifa momo esa:

– Ha, ishlaring tushsin… Kap-katta odamgayam shunday deyma? – deb yuzini ro‘moli bilan to‘sib kulardi.

– Keyin nima bo‘ldi? – dedi Shodiyor biroz o‘zini o‘nglab.

– Nima bo‘lardi, zig‘ir moydi palovidan to‘ydik, – dedi Qobil aka oshni hozir yeb tugatganday qornini siypalab.

– Odamlarda oqibat qomadi, – dedi Zarifa momo boyagiday salmoqdor ohangda. – Bo‘masa, shuncha gap-gashtak orttirib o‘tirmay, oshini pishirib, bermon kenglar, desa, bir joyi kamayib ketama?!

– O‘zi bir hazil qilgisi kegan, – dedi Qobil aka Shaydullaning yonini olib.

– Haziliyam, chiniyam shu. O‘choqtosh degani eskidan qogan gap, bolam. Bir ovuz ovqat bilan birov bir narsa bo‘lib qolmaydi. Lokin buyam odamdi sadag‘asiday gap… Shaydulga o‘xshagan qo‘lidan xayri qochgan, oqibatsiz odamlardi dastidan dunyo buzilib boryapti!

Qobil aka gapning yana bu tarafga burilib ketganidan noqulay ahvolga tushdi. U necha kundan buyon Mengziyoning qayg‘usi bilan yonib yurgan qarindoshlarini biroz chalg‘itish, inchinun, bu kabi so‘zlarni unutib, ko‘ngilochar gurunglardan aytib, kayfiyatini ko‘tarmoqchiydi. Shu bois onasining so‘zlarini tinglash barobarida Elmurod bilan ko‘z urishtirib, goh yuzini bujimaytib, goh tilini chiqarib, o‘yin qilib o‘tirdi. Qobil akaga taqlid qila-qila, axiri Elmurod kulib yubordi. Barchaning diqqati unga qaradi. Zarifa momo ham gapdan chalg‘ib, bolani erkalay ketdi va har kim o‘zi istagan odam bilan suhbatlasha boshladi.

Oldi-qochdi gaplar orasida O‘ktamning qulog‘iga allaqanday zaif chaqiriq eshitildi. Kechaning bir mahalida kimningdir chaqirib kelishi noodatiy hol edi. Shu bois uning ko‘nglini shubha egalladi. O‘ktam rostdan ham kimdir keldimi yo yo‘q, deb tashqariga chiqdi. Fonus yorug‘ida mo‘ralab, ostonadan sal narida eshagining jilovidan tutib turgan kimsani ko‘rdi. So‘ng o‘sha tomonga borar ekan, avvaliga uni tanimadi. Keyin mehmonni tusmollab:

– Qodir akani ulimisan?! – dedi.

– Ha, O‘ktam aka, Shoberdiman! – dedi boyagi yigit atrofga alanglab.

– Tinchlikma? Nima gap?

– Tinchlik desayam bo‘ladi. Bugun Inkabodga ko‘pkariga boribedik. Otimizdi oyog‘iga bir nima bo‘ganga o‘xshaydi. Oqsayapti, – dedi Shoberdi allanechuk yasama ohangda. – Bobom uyda bo‘sa, otdi ko‘rib berama, deb kebedim.

– Bobo-ku uyda, – dedi O‘ktam nimanidir sezganday ehtiyotkorlik bilan. – Gertakmazasi yo‘qday. O‘zim borib ko‘rsam bo‘lmaydima?!

Bu gapni kutmagan Shoberdi ne qilishini bilmay, bir zum ikkilanib qoldi va:

– Otamga aytib ko‘ray, mayli, desa, ertalab kelaman, – dedi-yu ortiga qaytdi.

U ko‘zdan g‘oyib bo‘lguncha O‘ktam Shoberdini kuzatib turdi. Keyin tezda uyga qaytib kirdi. U ostona hatlashi bilan uzoqdan hushtak chalindi. Bu Toshqul sho‘roning ogohlantiruvchi tovushi edi. Sho‘ro ehtiyotsizlik qilibmi yoki rejasi amalga oshishiga ishonibmi, bemalol hushtak chalib hamtavoqlarga ishora bergandi. Endi nima bo‘layotganiga aqli yetgan O‘ktam:

– Uying kuygurlar otamdi olib ketishga kebdi, – dedi o‘pkasi toshib.

Bundan xabar topgan ayollar dodlab yubordi. Qobil aka ularni tinchlantirib, derazani ochdi va O‘ktamga:

– Sen tomdi ustiga chig‘ib, yot. Nima bo‘lsayam, kim qanday gap aytsayam joyingdan turma! Bilding-ma?! Sen, – dedi Shodiyorga yuzlanib, – derazadan tashqariga chig‘ib, O‘ktamdi oyog‘idan ko‘tarib yubor. So‘ng o‘zing to‘g‘ayga qarab chop. Toshquldi “kuchuk”lari chalg‘isin. Ular tutib olib, nimaga qochding, desa, “O‘ktamdi senlarga ushlab beraman, deb orqasida quvdim. Qochib ketdi”, deysan. Boboni so‘rasa – Sho‘rchiga ketgan.

Bu vaqtda Toshqul sho‘ro to‘rt nafar qizil askar bilan uyning chor tarafidan kelardi. O‘ktam tomga chiqib pusib oldi. Shodiyor jon boricha duch kelgan tarafga yugurib ketdi. Ikki nafar askar uning ketidan tushdi. Boshqalari Toshqul sho‘roga qo‘shilib uyga bostirib kirdi.

– Gde, babay?! Gde?! – derdi sho‘ro ovozining boricha o‘shqirib.

– O‘zingizdi bosing, Toshqulboy, – dedi Qobil aka imkon qadar bosiqlik ila. – Boboni bizam kutayapiz. Ertalab ulini daraklab Sho‘rchiga ketganidan beri qaytib kemadi.

– Aldama! Hozir O‘ktam uyda, mazasi yo‘q, deb aytdi!

– Yo, ukkag‘ar-yey, – dedi Qobil aka astoydil kuyunib va tog‘avachchasining shunday deganiga rostdan ham ishonmay. – O‘ktam bekarga derazadan chig‘ib qochmagan ekan-da?! Eshikdan kirib, teshikdan chig‘ib ketganiga nima bo‘ldiyakan deb orqasidan Shodiyordi jo‘natdik…

Bu gapdan Toshqulning battar fig‘oni chiqdi va qizil askarlar bilan uyni ag‘ar-to‘ntar qilib yuborishdi. Ular duch kelgan narsani har tomonga sochar, izlaganini topolmayotganday tag‘in ko‘rpa-to‘shaklarni u yoqdan-bu yoqqa uloqtirardi. Ularning ko‘rsatayotgan hunaridan qo‘rqib ketgan ayollar bir-birlarining pinjiga suqilib yig‘lar, Elmurod esa Qobil akaning butidan mahkam quchib, choponi orasiga yashirinib olgan edi. Toshqul sho‘ro tinimsiz axtarinar va to‘satdan uy egalariga qarab o‘shqirib qolardi. Bir mahal sho‘ro ular boya o‘tirgan xona bilan eshigi bitta bo‘lgan kichik xonadagi sandalni tepib o‘tdi. Cho‘g‘ to‘la o‘choqqa tushgan ko‘rpacha tutay boshladi. Buni ko‘rgan Qobil aka Elmurodni onasining yoniga tashlab, o‘sha tomonga qarab yugurdi. Uning ortidan chiqqan Oydin ko‘zadagi suvni olib chiqdi.

Qobil aka suvni lovullab turgan cho‘g‘ ustiga sepib yuborgan edi, xonani tutun aralash ko‘tarilgan bug‘ qopladi. Shu payt eshik ochilib, uyga kimlardir kirib keldi. Ular xonadagi tutundan qo‘rqib ketdi, shekilli, ostonada turib qoldi. Ularni tanib-tanimay turgan Maryam momo:

– Bolam! O‘ktamjo-on! – dedi uni tutib olishgan, degan o‘yga borib.

Bu Qobil aka o‘ylagan hiylaning yanada ishonarli chiqishiga sabab bo‘lmoqda edi. Shu bois Qobil aka qizil askarlar qurshovida turgan Shodiyorni tanigan bo‘lsa-da:

– O‘ktam! – dedi.

Qobil akaning chaqirig‘idan keyin hushyor tortgan Shodiyor:

– Men Shodiyorman, aka, O‘ktam qochdi. Bilmayman, qayerga ketdi, lekin to‘g‘ay oralab jo‘q bo‘ldi, – dedi tez-tez, ammo hamma eshitsin deganday baland ovozda. So‘ng sarosimaga tushib qolganini yashirmadi. – Nima bo‘lyapti o‘zi? Uy nimaga tutyapti?

Bu gaplarni jim eshitib mushohada qilib turgan Toshqul sho‘ro O‘ktamning qochib ketganiga va eng muhimi, Tangriqul boboning uyda yo‘qligiga ishonch hosil qilib, battar tutaqdi. U endi butun uyni qaytadan ag‘dar-to‘ntar qilib chiqdi. Oydinning ro‘parasida to‘xtab huv o‘shanda, ko‘l bo‘yida unga yeb qo‘yguday bo‘lib qaragani kabi hirs bilan tikildi. So‘ng, hali bu ko‘rguliklar ham senga kam, deganday, boyagi ko‘zani urib sindirdi. Toshquldan bir lahza ham nigohini uzmay kuzatayotgan Qobil aka uning Oydinga qarab qolganidan g‘azabi qo‘zidi. Ammo noiloj qo‘lini musht qilib jim turardi. Agar Toshqul yana bir soniya o‘rnidan jilmay Oydinga qarab turaverganida Qobil aka uning jag‘iga musht tushirishi tayin edi. Toshqul buni sezganday yon-atrofda sochilib yotgan kitoblardan birini qo‘lga oldi. Bu kitoblar eski alifboda yozilgan bo‘lib, Navoiy, Bobur, So‘fi Olloyor kabi allomalarning asarlari va o‘sha kuni Tangriqul bobo o‘qib o‘tirgan Ahmad Yassaviy kitobi edi. U tag‘in uyning narigi burchida turgan kichik sandiqni ochib qaradi. Bu yerda ham bir-biridan nodir qo‘lyozma kitoblar taxlanib turgandi. Ularni ham bir-bir ko‘zdan kechirgach, yonidagi askarga:

– Bularni yig‘ishtirib ol. Idoraga olib boramiz, – dedi sochilib yotgan kitoblarga ishora qilib.

Bu vaqtda O‘ktam loysuvoq tom ustida yerga bag‘rini berib yotgandi. U qulog‘ini ding qilib, uydagi holat qanday ekaniga qiziqar, hammasidan ham yomoni tezda tobi qochadigan onasining sog‘ligini o‘ylar edi. U bu yerga chiqqanida terlab ketgan va hansirab zo‘rg‘a nafas olayotgan bo‘lsa, endi o‘zini ancha o‘nglagandi. Tag‘in terlagan badani birdan yaxlab, sovuqdan qaltiray boshladi. Bunday yotishga ortiq bardoshi yetmasligini bilgan O‘ktam boshini ko‘tarib atrofga alangladi. Shu payt eshikdan chiqqan qizil askarning bosh kiyimi ko‘zga tashlandi. U shosha-pisha berkindi. Tashqarida turganlar o‘zaro kengashdi. So‘ng har tomonga qarab yoyilib ketdi.

– Sho‘ytib, O‘ktamdi qayerga ketganini bilmaysiz?! – baland ovozda so‘radi askarlarni jo‘natib, o‘zi uyda qolgan Toshqul sho‘ro kinoya bilan.

O‘ktam ularni allaqachon ketib bo‘ldi, deb tomdan tushmoqchi edi. Bu tovushni eshitgach, o‘rniga qaytib yotdi va alam bilan tufladi. Shu payt Toshqul sho‘ro bilan Qobil aka hamon ochiq turgan eshikdan tashqariladi. Ular bir muddat jim turib qolishdi. Toshqul sho‘ro qo‘lidagi tayog‘i bilan etigiga tinimsiz urib, asabni buzadigan tovush chiqarardi. Qobil aka esa qo‘llarini dam orqasiga, dam oldiga bog‘lab toqatsizlanardi. Nihoyat, Toshqul sho‘ro tilga kirdi:

– Qobil aka, o‘ylab ko‘ring, boboy chini bilan Sho‘rchiga ketganma?!

– Bulardi hammasi, – dedi u uyni qo‘li bilan ko‘rsatib, – sizlar kelishdan avvalam Sho‘rchida deb aytib o‘tirgandi. Yana bilmadim.

– Mabodo uni Sho‘rchidan topolmasam, boboydi joyiga siz ketasiz, shuni bilasizma? – dedi sho‘ro gapini dona-dona qilib.

– Bilmay o‘libmanmi, Toshqulboy?! Bizdayam, bola-chaqa bor. Ag‘ayin bo‘sa, o‘z yo‘liga. Har kim go‘rga yakka kiradi…

Bu so‘zlarni aytish Qobil akaga qanchalik og‘ir bo‘lmasin, u yuz-ko‘zini o‘zgartirmay sho‘roga tik qaradi. Toshqul sho‘ro bir zum o‘ylanib turdi-da, kelgan tomoniga qaytib, qorong‘ilikka singib ketdi.

Izohlar

1 Janda – mato turi.
2 Qo‘li juqa – qo‘li kalta, kambag‘al ma’nosida.
3 Govara– vujudi, gavdasi.
4 To‘yaqorin – ildizi mo‘rt tikanakli o‘simlik.
5 Kayitib – “charchatib” ma’nosida.
6 Shunday odat bor – ariq qaziyotgan hasharchilar ko‘ngli tusagan odamga: “O‘choqtosh tashladik”, deb osharga ishora qiladi. O‘ziga xos mehmondo‘stlik va bag‘rikenglik bilan hasharchilarni osharga taklif qiladi. Garchand qazilayotgan ariqning ularga aloqasi bo‘lmasa ham.
7 Gertak – ozgina (sheva)

05

(Tashriflar: umumiy 820, bugungi 1)

Izoh qoldiring