Mahorat — asosiy mezon. Yozuvchi Sobir O’nar bilan adabiyshunos olim Jovli Xushboq suhbati

09 Бугунги ижодий жараён хусусида сўз кетганда насрда талай муаммолар тўпланиб қолганлиги хусусида сўзлайдилар. Энг муҳими, маҳорат, истеъдод ва истеъдодсизлик ҳақидаги баҳслар ҳамон кун тартибидан тушган эмас…

МАҲОРАТ – АСОСИЙ МЕЗОН
Таниқли адиб Собир Ўнар билан адабий
танқидчи Жовли Хушбоқ суҳбати
045

https://1.downloader.disk.yandex.com/preview/7f4f5e4f0fbd83a66df141619e041f023600397cd062c74a0a88ec1e8f991e65/inf/hBXHVJmZLFKJf-luVEqI0vHm3BSarr-mUqMNJ4pljwjTxjTI9eYArEPB7xJJMGi453nVQptVr7JVtFZAopAV1w%3D%3D?uid=592249598&filename=05ef3.jpg&disposition=inline&hash=&limit=0&content_type=image%2Fjpeg&owner_uid=592249598&tknv=v2&size=1420x71Жовли Хушбоқ: — Бугунги ижодий жараён хусусида сўз кетганда насрда талай муаммолар тўпланиб қолганлиги хусусида сўзлайдилар. Энг муҳими, маҳорат, истеъдод ва истеъдодсизлик ҳақидаги баҳслар ҳамон кун тартибидан тушган эмас.

Шу жиҳатдан олганда кўнгилнинг туб-тубида ётган дардлар, армонлар ва орзулар юзага қалқиб чиқади. Нега ўзбек насрининг бугунги намоёндалари жаҳон адабиёти саҳнасига чиқа олмаётир, дея савол бергинг келади.

Эҳтимол, бугунги адабий суҳбат мавзуини танлашда ижодий жараённинг шу нозик жиҳатларига эътибор қаратиш зарурдир?

Юқоридаги каби ўйлар, мулоҳазаларни ҳисобга олиб сизга айрим саволлар билан мурожаат қилишни лозим топдим. Ўйлайманки, сизни ҳам қийнаётган дардлар ичида шу кунгача очиқ ва ошкора айта олмаётган мулоҳазаларингиз, таклифларингиз етарли. Саволларга қисқа эмас, батафсил ва кенгроқ жавоб қайтарасиз, деган умиддаман.

Собиржон, суҳбатимизни адабиётшунос Нусратулла Жумахўжанинг қуйидаги мулоҳазаларига жавоб излаш билан бошласак: “Ҳозирги адабий жараёнда мени ташвишга соладиган муаммолар кўп. Буларнинг энг ўткири – адабий жараённинг қандай кечаётганига лоқайд муносабат: муаммолардан бари бир ҳолат эмас, балки ҳар бири алоҳида ҳолат. Ташвишга соладиган муаммолардан яна бири шуки, гўёки жамиятда танқид йўқолгандк, жамиятда танқидга ўрин қолмагандек. Жамоатчиликнинг танқидга ёндашуви худди Салтиков-Шедриннинг “Виждон йўқолди” номли ҳикоясидаги виждонга муносабатга ўхшайди. Танқидга нисбатан қўрқув мавжудлиги сезилади. Ижод кишилари танқиддан, танқидчидан қўрқади. Совуққонлик билан масофа сақлайди. Мунаққидлар ҳам ижод кишиларини танқид қилишдан қўрқади, бундан иложи борича сақланади. Бу икки қавм гўё икки қутбга ажралиб олиб, олижанобларча ўзаро одоб сақлайди”.

Айримлар китоб дўконларида маза- матрасиз, бўш асарларнинг кўпайиб кетиши сабабини биринчи навбатда адабий танқидчиларнинг фаол эмасликларидан қидиришмоқда. Авваллари “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти” каби нашрларда тақризлар кўп босилар, М.Қўшжонов, Н.Худойберганов, А.Расулов, П.Шермуҳамедовнинг кескин фикрлар, ижодий жараёндаги муаммоларни кўтариб чиққан адабий-танқидий мақолалари тез-тез кўзга ташланиб турар эди.

Эндиликда-чи? Профессор Нусратилла Жумахўжа тўғри таъкидлаганидек, танқид деярли йўқолиб кетди. Адабий танқидчиликни бугунги кун талаби даражасида юксалтириш зарур назаримда?

067Собир Ўнар: — Назаримда, агар буни камчилик эмас, иллат деб қараётган бўлсак, фақатгина адабий жараёнга эмас, бутун бир жамиятга тааллуқли десак ўринли бўлади. Нега? Чунки, мана, сиз билан чорак аср сиркаси сув кўтармайдиган жамиятда яшаб келдик. Боиси – ўша ичингизда билиб турган, ҳозир ҳам сиртимизга чиқаришни хоҳламайдиган биқиқ бир сиёсий муҳитнинг мавжуд бўлгани. Виждон позициясидан туриб бирон кимни танқид қилиб кўринг эди, эртаси кундан бошлаб сизга қарши сиёсий компания бошланиб кетарди.

Муҳаммад Юсуфнинг 60 ёшлик юбилейи бўлаётибди. “Туркистон” саройида. Бир катта нуфуз, обрўга эга ёзувчи М.Юсуф ва ижоди ҳақида нутқ ирод этаётир. Нутқининг сўнгроғида у тўсатдан “энг муҳими, Муҳаммад Юсуф баъзи бирларга ўхшаб адабий пайғамбарлик даъво қилмади, камтарона яшаб ўтди”, деди. Ялт этиб Абдулла акага қарадим. Ҳа-ҳа, Абдулла ака сапчиб тушди. Ёнида Ҳанифа янга бор эди. Абдулла аканинг қўлидан тутди. “Бардам бўлинг!” деган далда эди бу.

Мен қўрқиб кетдим. Нимага?

Шунинг учун қўрқдимки, Абдулла Орипов уюшма раислигидан кетганига, телевизорда А.Орипов қиёфаси кўрсатилмаётганига ўн йилдан ошиб кетганди. Нуфузли ёзувчи эса улуғ, даҳо шоирни тепкилашда давом этарди. Ана шу ерда Абдулла акага мабодо юрак хуружи тутиб, бир кор-ҳол юз берса ажабланмас эдим. Сабаби, азбаройи Каримовга ёқиш учун бўлса керак, каримовчилар Абдулла ака, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Тоғай Мурод, Эркин Воҳидов ва бошқаларни минбарга йўлатишни хоҳламас эдилар. Ҳалима Худойбердиева билан Абдулла Орипов мана шундай муттасил туҳматларнинг қурбони бўлишди. Юракларини атайин адойи тамом қилишди.

Бу – И.Каримов номидан адабиётга ўрнатилган сиёсий диктатура эди.

Бизда шоир-ёзувчини қамоққа обориб тиқиш шарт эмас. Очиқдаги маҳбус қилиб қўйишарди, тамом, ўз қобиғига ўзи ўраниб, инфаркт бўлиб дунёдан ўтиб кетарди.

Аҳмад Аъзамни яхши биласиз. Яхши адабиётшунос, зўр ёзувчи эди раҳматлик. Умрининг сўнгида “Ғулистонга сафар” деган роман ёзди. Нечадир нусхада китоб бўлиб чиқди. Қўлма-қўл ўқилди, деб айтолмайман. Чунки бунақа асар қўлма-қўл бўлмайди. Ўқилмаса ҳам ҳайрон бўлмайман, сабаби оммага эмас, зиёли қатламга мўлжалланган. Қизиғи, зиёлию ҳатто ёзувчилар ҳам акс садо беришмади. Сабаби оддий: роман Ғулистон, яъни Қулистон фуқароларининг аҳволи хусусида эди. Қуллар, занжирбандлар, буни турмуш тарзига айлантирган, мазкур аҳволидан ажабланмайдиган, кейинги туғилган фарзандлари ҳам занжир билан дунёга келаётган одамлар ва уларнинг устидаги диктатор хусусида. Каримов даврида бунақа асарга баҳо бериб бўлармиди? Ахир тирик шоирнинг ўзига “пайғамбарлик даъво қиляпсан!” деб туҳмат қилишганини айтдим-ку.

Биласиз, чин адабиёт дард-ҳасратли бўлади, маддоҳлик билан адабиёт барпо қилиб бўлмайди.

Бизнинг адабиётимиз жим турган адабиёт эмас. Замонавий наср Шукур Холмирзаев тирик пайтда “Динозавр” романи билан бошланган. Ҳали у романни кўпчилик ўқимади, баҳо бермади. Айтиш жоизки, наср ундан кейин ҳам янгиланиб боряпти. Жуда кўп асарлар, романлар ёзиляпти. Афсуски, халқ у ёқда турсин, ёзувчиларнинг ўзлари ҳам асарларни ўқигани йўқ. Ўзи адабиётда ҳам ҳеч ким акс садо бермайдиган турғунлик даври бўлади шекилли.

Баъзи бир тенгқур жўраларимизнинг романларини ўзларининг юртдошлари, таниқли адабиётшунослар мақташяпти.

Адабиётни дунё саҳнасига олиб чиқиш тўғрисидаги гапга унча тушунмайман. Масалан, “Ўтган кунлар” романи “Танҳоликнинг юз йили”дан паст баҳоланишига асос борми? Ш.Холмирзаев бутун бир ёзувчи сифатида Нобел мукофоти олган бирор ёзувчидан кам жойи борми? Исажоннинг кейинги романлари Пауло Коэлоникидан паст турмайди. Буни баралла айта оламан. Исажон ўзи тил билгич ошнолар топиб баъзи чет давлатларда китоб чиқарди, бир хил жойларда эътироф этилиб, мукофот ҳам олибди. Ҳалоли бўлсин!

Н.Жумахўжанинг адиб ва адабиётшунос ўртасидаги тушуниксиз, қўрқувга асосланган муносабатлари бор гап. Бу ҳам жамиятдаги умумий қўрқув билан боғлиқ. Ҳамма бир-биридан қўрқади.

Ўтган йили “Дўрмон” ижод боғига дам олиш учун бордим. Ўша пайтларда бир гуруҳ адибларнинг уюшма аъзолигидан ўчирилгани ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлаётган, уюшма раҳбарияти зўр бериб, бу бекор гап, ҳеч ким уюшма аъзолигидан ўчирилгани йўқ, деб ўзини оқлаш билан овора эди.

Ижод уйи директори дарҳол бир рўйхатни олиб, бу ерда йўқмисиз, деб сўради. Билмадим энди, қаранг-чи, дедим. Хайрият, йўқ эканман. Бўлмаса у ерда дам олишга ҳаққим бўлмас экан.

Мана шунақа ҳадиксирашлар, қўрқитишлар ўрнига ижод аҳли рағбатлантирилса экан!

Мана, Абдулла ака нима бўлди: халқ, Ватан, юртбошим, деди, мадҳия ёзди, ҳар куни ҳар жойда бу мадҳия куйланади, буни қарангки, муаллифнинг ўз овозини бўғиб қўйишди. Каримов давридаги адибнинг унини ўчириш сиёсати ҳозир ҳам кимларгадир қўл келиб қолиши мумкин…

Президент Ш.Мирзиёевга минг раҳмат, китобхонликни ривожлантириш, китоб ўқитиш билан боғлиқ қатор қарорлар чиқарди, бу борада узлуксиз, қатъий сиёсат юритяпти, вилоятларга миллионлаб нусха китоблар етказиб беришни ташкил қиляпти. Отасига раҳмат!

Баъзилар бўлса, зўр бериб обунани тўхтатиш билан овора. Йўқ дўстлар, обуна йўқолар экан, замонавий китоблар ўқилиши, умуман китобхонликни кенгайтириш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?

Ҳозир энг катта ўқувчилар армияси ким? Албатта, мактаб. “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ижод олами” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Адабиёт газетаси” каби газеталар ўқувчиларни, керак бўлса ўқитувчиларни ҳам замонавий ўзбек ва жаҳон адабиёти асарлари, янгиликлари билан таништириб борувчи асосий нашрлар. Президент болалар китоб ўқисин десаю, бу ёқда кимдир йўқ деб оёқ тираб турса. Токи шунақа жоҳил раҳбарлар бор экан, мактабга адабиёт етиб бормайди, то мактаб ўқувчиси, адабиёт ўқитувчиси замонавий адабиётдан бехабар қолар экан, қолган оммадан сира ўпкалаб бўлмайди!..

Жовли Хушбоқ: — Айрим ҳикояларингизни жаҳон адабиёти классиклари асарлари каби севиб ўқийман. Мисол учун, “Миннат” асарингизни олайлик. А.П.Чеховнинг баъзи ҳикояларидан нимаси кам?

Асар тили ширали, ғашингизга тегмайди. Энг муҳими, ҳикояда оддийлик, табиийлик мавжуд, сунъийликдан холи: “Акамни, орадан олти йил ўтибди вафотига, энди-энди шундай қўмсайманки, Худо ҳаққи, агар ҳозир ҳаёт бўлганида, бўйнига осилиб тўйиб, бўкириб йиғлар эдим. Одам шундай экан-да: тирик ва соғлом юрганида худди мангу шундай қоладигандек, сен ҳам ошингни ошаб, юз йил яшаб юраверадигандек туюлавераркан. Талабалигимда, Абдухолиқ акам ичимизда катта бўлгани учун даставвал бир кило конфет кўтариб уйига ўтардим, ўғил-қизларини эркалаб ўтиришни хуш кўрардим”. Ҳеч қийналмайсиз, қоқилмай-суқилмай, мураккаб, атайин чалкаштирилган жумлаларга дуч келмай ўқиб кетаверасиз.

Ҳикояда характер яратиш мушкул юмуш. Буни Шукур Холмирзаев каби наср усталари уддалашган. “Миннат”да Абдухолиқ характерига хос жиҳатлар унинг хатти-ҳаракатлари диалоглар воситасида очиб берилгандек. Ҳатто асардаги эпизодик персонажлар ҳам эсда қолади.

Лекин, ҳайрон қолдирадиган жиҳат шундаки, бир неча қиссалар яратиб, ижодий маҳоратингизни синаб кўрган бўлсангиз-да, негадир бирорта романингиз нашр қилинмаган. Ўттиз ёшингизда давлат мукофотига сазовор бўлган эдингиз. Тўғри, ижодкор унвон олиш учун ёзмайди. Аммо… Ҳатто сизнинг ёшингиздан кичикроқлар ҳам илгари халқ ёзувчиси бўлишганлигини назарда тутадиган бўлсак, ижодий камолотигизда бироз кечикиш жараёни кузатилмаяптимикан?

Сиздек истеъдодли адиб дунёнинг барча ижтимоий, маиший ташвишу ваҳималаридан қўл силтаб буткул ижодий машғулотга шўнғиб кетолмаётганлигига афсус чекаман. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

Собир Ўнар: – Мезон қисса ё роман ёзиш бўлмаслиги керак, чамаси. Одам ўзини бағишлаб, кучи, илҳомини аямай ёзиши, юзакиликка берилмаслиги лозим. Нуқтаи назарим, принципим шу. Аммо эпик кўлам билан ижод қилганларга, очиғи, ҳавасим келади. Толстой, Шолохов, Қодирий, Одил Ёқубовларни олинг. Қанча чигал тақдир, замон, макондаги мураккабликлар, ёзувчининг айни ўша қисматлардан ҳам устун келиб баён этиши… Бу – кучлилик белгисидир.

Романга ҳавасманд бўлганимга ўн беш йилдан ошди, дейлик, шу йиллар давомида қайсидир маънода унга уннаб ётаман, баъзан ҳафсаласизлик, ялқовлик устун келади, гоҳо ўтириб, чинакамига “чечилиб” ёзишга юмуш халақит қилади, умуман, баҳона кўп. Шукур акага ўхшаб “ҳайт!” дея ҳамма нарсадан воз кечиб узлатга кетиш, асли – жасорат. Шу боис маломат қилсам, бировдан эмас, ўзимдан ўпкалашим керак.

Ҳикояларимни эътироф этаётганингиздан хурсандман. Чунки бу гапларни оддий ўқувчи эмас, катта бир ижодкор, мунаққид айтаётибди. Кейинги чоғларда, вақт нуқтаи назаридан, ҳикоя менга қулайроқ туюлиб қолди. Ҳикояга сиғмаганларини йиғиб юраман, қани, кун келиб чоғроқ бир-икки романга жой бўлар.

Жовли Хушбоқ: – Шоир Шодмонқул Салом билан бир неча йил аввалги суҳбатингиздан бирида: “Русларда профессионал ёзувчилар кўп: Паустовский, Катаев, Казаков, Пришвин… Бизда кам” дея афсус чекасиз.

Бироқ… Тошкентдаги китоб дўконларига кирсангиз, Худойберди Тўхтабоев, Муҳаммад Али, Нурали Қобул, Эркин Аъзам, Шойим Бўтаев, Асад Дилмурод, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Абдуқаюм Йўлдош, Қўчқор Норқобил, Ғофур Шермуҳаммад, Неъмат Арслон каби ўнлаб адибларнинг роман, қисса, ҳикояларидан иборат тўпламлари тахланиб турибди-ку? Наҳотки “профессионал ёзувчилар…бизда кам” деган фикрингиз ҳақиқатига мос келса? Юқоридаги ёзувчиларнинг қайси бирини профессионал эмас, деб ҳисоблайсиз?

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да босилган ана шу суҳбатингизда: “Баъзи бир ёзувчиларимиздаги зўракиликни, нотабий-сунъийликни кўриб, руҳий кучларига ҳавас қилган ҳолда даҳолик табиийликка дахлдор эканига иқрор бўлавераман”, дейсиз. Ва афсус билан айтасизки, “таассуфки, бизнинг мустақил замонимизнинг қаҳрамонлари адабиётимизда ҳали тўла бўй кўрсатганича йўқ”. Ва яна айтасизки, “Назаримда сўзни беҳуда исроф қилмаслик бугун адабиётда тағин кун тартибига чиқаётир. Образларимиз жуда кўп гапирадиган вайсақиларга айланиб бормаяптими? Тушунарсиз ҳолатни тушунтириб берамиз деб ўзимиз ҳам обдон уриниб ётганга ўхшаймиз”.

Бу фикрлар асосли ва ҳаққонийлигига шубҳа қилмайман. Аммо кейинги йилларда кўпчилик ёзувчилар кўнгилдаги гапларни тилига чиқаришга нега истиҳола қилишаётир?

Собир Ўнар: — Энди, Жовли ака, сизам жуда ёқадан олманг-да. Сиз тилга олган адибларнинг профессионал эканига шубҳа қилмаган ҳолда мен, масалан, Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” асарини мисол келтирай. “Хаёл чечаклари” шунақа нозик кузатишларга бойки, уни ўқиб роҳатланасиз, ғаройиб гўзалликларга ошно бўласиз. У ерда ҳеч қандай жамият муаммоси йўқ, ёзувчи ва ҳаёт бор, холос. Айтиш керак: “Хаёл чечаклари”ни филология ва журналистика факультетларида дарслик сифатида қўлласа бўлади. Таниқли шоир ва драматург Машраб Бобоев уни гўзал таржима қилган.

Паустовскийнинг улуғ рус рассоми Саврасов ва шогирди Левитан ҳақида ҳикояси бор. Ижодкор, унинг реал ҳаёти, дунёси, хаёлоти, моҳияти англашилади ҳикояда. Қаҳрамон биров билан курашмайди, душман орттирмайди, ёзувчи ҳам ортиқча ғоялар ортидан ўқувчини судрамайди, моҳият-мазмун, ўзга бир олам билан сизни юзлаштириб, гўё ўзи четда томоша қилади.

Ёзувчининг “Олтин гул” деган поэтик бир асари ҳам бор. Уни ҳам филологлар, ижодкорлар учун ўзига хос муҳим дарслик деган бўлардим.

Яна Катаевнинг Ленин ҳақида бир романи бор, номи”Девордаги кичик эшик” эди чоғи, Озод ака таржима қилган, 1987 йилда “Ёшлик” журналида босилган.

Биласизми, биз Ленинни керагидан ортиқ ёмон кўрамиз. Ўша пайтда ҳам зиёли қатлам ёмон кўрган. Ошкоралик йилларида гарчи “доҳий” асарларидан баҳраманд бўлсак-да, туйқус унга нафратимизни пеш қилдик. Катаев бу ”мода”га эргашмаган. Ленинни инқилобчи эмас, бир ҳаётий ташвишлар, турмуш азобларидан холи бўлмаган Одам сифатида қаламга олган. У китоб бўлиб чиқмади шекилли, агар ҳозир дўконда кўрсам, иккиланмай харид қилиб, тағин ўқиган бўлардим.

Адабиёт муаммошунослик ёки шаклбозлик эмас, санъат. У тарихийми, ижтимоий масалалар ёки инқилобий ёхуд диктатурани фош этадими, агар ёзувчи асарда маҳоратини тўла намоён этмас экан, публицистик даражада бўлиб тураверади.

Бу – менинг, аввало, бир ўқувчи ўлароқ қарашларим.

Вафо Файзуллоҳ Франц Кафканинг “Отамга мактублар” деган биографик асарини ўзбек тилига таржима қилди. Таржимаям зўр чиққан. Очиғини айтай: “Жараён” романини ўқигандан кўра буни мутолаа қилиб кўпроқ завқ олдим, ёзувчининг руҳига яқин йўлдош бўлдим. Сабаби нима? У шундан иборатки, адиб, сўз санъаткори саналган бир инсон бу ерда ўз қалбини таржима қилолган, ўқувчига у юқмай қолмайди.

Жамият муаммоларини очиқ танқид қилиш адибнинг иши эмас, уни журналист ҳам эплайди, лекин уни бадиий асарга айлантириб, қойилмақом тарзда ифода этиб бериш – алоҳида бир иш.

Қодирий агар “Ўтган кунлар” романида Отабек ва Кумуш севгиси билангина чекланиб қолганида, балки биз муҳаббат ҳақида фалон ёзувчи ширин бир қисса ёзиб қолдирган эди, деб, эҳтимол, зўрға эслаган ёки эсламаган бўлардик. Севги фонида тарих, жамият дардини меъёрида (!) бадиий очиб бериш, айни санъат одамининг ёки биров эплолмайдиган сирли юмуши.

Шу маънода профессионализм деганда камина қалбни ўртаб турган умумбашарий ёки ўзбекка, Ватанга хос дард-ҳасратни айтишни эмас, қай тарзда гўзал, йўлини топиб, моҳирона бадиий приёмлар, яна ўқувчи қалби билан боғланиб, яъни аввал ўзи рост ёзаётганига ишониб яратган асарни тушунади.

Сиз тилга олган адиблар бизга устоз, кўпчилиги дўстларимиз. Ҳамма ёзувчи ўз асарининг эътироф этилишию одамлар севиб мутолаа этишларини хоҳлайди. Аммо ўзи билан ўзи қолганда – қониқмайди. Ҳали ўзи хоҳлаган асари ёзилмаганини, энди ёзиши мумкинлигини англайди.

Қодирий ҳазратлари ҳам “Амир Умархоннинг канизи” романига материал тўплаётиб, қўрқаманки, буни ўқиганлар аввалги “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён”ни қўлга олмаслар, дея ташвиш чекади. Айни чоғда ушбу яратилажак роман фавқулодда зўр ёзилишига ичидан иқрор бўлади, демак, куч топади.

Профессионализм ўтириб олиб яратиладиган, ёнбошлаб олиб шакллантириладиган бир мўъжиза эмас. У ўз-ўзидан шаклланади, юзага келади, равшанки, икки-уч кунда содир бўлмайди.

Газета муҳаррири ёхуд нашриёт, масалан 9 май – хотира ва қадрлаш кунига ширингина бир мақола ёзиб бермайсизми, деб буюртма беради. Ёзувчининг бу “ширин” мақоласи табиий равишда газетанинг биринчи саҳифасида берилади, қалам ҳақи билан рағбатлантирилар ҳам.

Албатта, муҳаррир сизнинг қўлингиздан бу иш келишини билиб атай буюртма бераётибди, аксинча бўлса нўноқ ёхуд ҳаваскор қаламкашга “ширин” бир асар ёзиб беринг, деб ўтирмас эди. Фожеаларга тўла бир замонни эслаб “ширин” нарса ёзмоқ – айрим муаллифларнинг қўлидан келади.

Бу борада мен бармоғим билан нуқиб Шукур Холмирзаевни кўрсатган бўлардим. Қўймадингиз, Эркин Аъзам ҳам буюртмалиги билинмайдиган, “ширин”, аммо буюртма бўлса-да, бировнинг хаёлига келмаган бир асар ёза олади, бошқалар ҳам, алалхусус, ўзимиз ҳам тўдага урамиз, аммо буюртма бўлса-да, уни кўнгил ишидай, чин илҳом билан, юрак амри билан битилгандай қилиб эплаш – професионализм.

Ундайлар бизда кўп эмас, деганим, аслида, ўзимизни ёзғирганим, холос, бировга айб юкламаяпман.
Бояги “бу дунёнинг ташвишларидан қўл силтаб, ижодга шўнғиш” масаласига бирров қайтсам. Хў-ўш, одам нега шундай таваккал қилолмайди? Нега ўзи шундай қилолмаймиз, ахир, Шукур ака бу зоҳидона ҳаётни бошлаб берган ва кам бўлмаган эди-ку?

Йў-ўқ, биз қўрқоқмиз!

Кези келганда Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев авлоди устидан ҳукм қила оламиз, кибрланиб кула оламиз, лекин кези келганда улар журъат қилган жасоратга қўл уролмаймиз. Жасорат керак.

Шу баробар давлат ишидан, демак, маошдан узилиб бола-чақа қош-қовоғига қарамай, узлатга чекиниш учун, албатта, биринчи галда ақалли бир-икки йилга етгулик маблағинг, ёстиқни қоринга босиб, кўк чойни хўриллатиб ичиб ижод тафаккурига чўмиб, берилиб кетиш учун инсон ҳаммасидан кўра хотиржам бўла олиши керак. Шуниси муҳим. Хотиржамлик бўлмаса, киши ҳеч бир ишга таваккал қила олмайди.

Унисини қўйинг, Жоли ака, мана, шу суҳбатни қилайлик, мавриди қачон бўлади, дея сўраб, бир-биримизни пойлаб бир муҳлат вақт ўтказдик. Президент уюшма аъзоларига ижодий буюртма олиб Зомин, Паркентда қурилаётган дам олиш уйларидан, керак бўлса, бир йиллик ижодий таътил берилиши мумкинлигини таклиф қилди. Кўрамиз, қани, ким нима ёзади. Бу енгиллик, имкониятдан ким қандай фойдаланади? Шундан кейин хам бир иш чиқмаса кейин ёзувчи дегани ўзидан ўпкаласин. Ўзингиз ҳам кичкина ижодкор эмассиз, бу саволни қайтариб сизга берсам ҳам бўларди…

Буям бир гап, энди.

Жовли Хушбоқ: – Адабиётшунос Йўлдош Солижонов куйинчаклик билан қуйидагиларни ёзган эди: “Филология мутахассислигига оид кафедраларни “Ўзбек тили ва адабиёти” деган умумий ном остида бирлаштириш ҳам урфга айланди. Наҳотки, вазирликдаги масъул ходимлар университет умумтаълим мактаби учун ўқитувчигина эмас, адабиётшунослик фанининг ўнга яқин йўналиши бўйича тадқиқотчи ҳам тайёрлашини билмаса?! Сўз санъатига бу тахлит муносабат “Адбиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деган эзгу ғояга мос келармикан…

Адабиёт моддий бойлик ишлаб чиқарувчи корхона эмас, аммо у инсон қалби, ақл-заковати, дунёқараши, тафаккурини ўзгартиришга қодир! Адабиёт жамиятга келтирадиган манфаатни олтину жавоҳир билан ўлчаб бўлмайди. Шундай экан, таълим тизимида адабиёт йўналишларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш, талаба фан асосларини чуқурроқ эгаллаши учун дарс соатини кўпайтириш, соҳага оид тадқиқот ишлари савиясини ошириш мақсадга мувофиқ. Адабиёт – ёруғ манзилларни излаётган бани одамга йўлчи юлдуздир. Демак, сўз санъатига эътиборсиз қарашга ҳаққимиз йўқ”.

Мен ҳам Термиз давлат университетининг ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси, Қизириқ туманидаги 1-мактабда адабиёт муаллими вазифасида ишлаган йилларимда гувоҳ бўлганман: ўқув масканларида давлат тили ва адабиётини ўқитиш айрим жойларда талаб даражасида эмас. Ҳатто дарс соатлари оз.

Иккинчидан, сиз каби ёши олтмишинчи довонга яқинлашаётган истеъдодли адибларнинг ҳаёти ва ижоди хусусида талаба ва ўқувчиларга мўлжалланган дарсликлардан етарли маълумот ололмаймиз. Эҳтимол, Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош, Собир Ўнар, Улуғбек Ҳамдам, Наби Жалолиддин ижодий фаолиятини олий ўқув юртлари ва умумтаълим мактабларида янада чуқурроқ ўрганиш зарурдир?

Собир Ўнар: — Аввал замонларда бу масалалар, ихтисосликлар бўйича маълум тартибга солиниб, назорат қилиб туриларди. Москвада чоп этиладиган нашрлар орқали филология соҳасида қандай янги мавзулар, янги ишлар, диссертациялардан хабардор бўлиш мумкин эди. Масалан, камина “Вопросы литературы” номли ҳар ойда чоп этилувчи каттакон журнал саҳифаларида филология фанлари доктори Норбой Худойбергановнинг баҳс қўзғовчи замонавий ўзбек шеърияти муаммоларига оид туркум мақолалари, бошқа мутахассисларнинг эътироз, муносабатларини ўқиганим эсимда. Ушбу мақола ва баҳслар дарҳол ўзбек наршрларида таржима қилиб босилар, кўп ўтмай ундан деярли ҳамма хабар топарди.

Бердиали Имомов деган профессоримизнинг ўзбек драматургиясига оид муоммоли чиқишлари ҳам эсимга тушаётибди.

Бугунга келиб гўё юқоридаги муаммолар бирин-кетин барҳам топгандек ҳеч ким индамайди. Айтганингиздек, филологиянинг ҳам соҳалари, тармоқлари кўп. Мумтоз адабиёт, аруз вазни бўйича мукаммал тадқиқ этувчи олимларга муҳтож эканимизни баъзи баҳслардан ўқтин-ўқтин ўқиб қоламиз. Кимдир шу муаммо ҳам бор-да, дегандек қулоққа шипшиётганга ўхшайди. Муаммо сифатида биров кескин кўндаланг қўйганини кўрмадик.

   Мумтоз адабиёт манбаларини ўқий оладиган, тадқиқотлар олиб бора оладиган мутахассисларимиз  борган сари камаяётгани, ёшлар бу соҳага қизиқмаётгани, бу ахир – фожиа-ку, даҳшат-ку, ўтмишдан узилиш-ку!

Биз бўлсак, уни қимтиниб, шивирлаб, уялиб айтамиз, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қоладигандек кўп ҳафсала ҳам қилиб ўтирмаймиз.

Энди замонавий ўзбек адабиёти дарсликлари олий ўқув юрти ёхуд мактаблар ўқув дастурига киритилмагани масаласига келсак, бу ҳам бизда ўзига яраша бошоғриқ. Кимнингдир қайси бир мафкурага хизмат қилиши, қайси гуруҳ, маҳалла адабиётига кўпроқ қизиқиш билдириши ёхуд ҳеч қизиқмаслиги – бу дарслик китоб ёки мажмуада аксини топиши – дарслик тузувчиларнинг холисликдан узоқлашиб кетиши – мутлақо тушунарсиз, агар тушунарли бўлганда кулгули ҳолатни келтириб чиқаради. Замона зайли билан Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Азим Суюн каби шоирлар дарслик ҳамда хрестоматияларга Алишер Азизхўжаев деган арбобга ёқмай қолиб, бутун бошли дарслик китоблар тиражи мактаблардан йиғиштириб олиниб, макулатурага топширилганини ўз кўзимиз билан кўрганмиз.

А.Азизхўжаев барча туманлардаги марказий кутубхоналар ҳамда уларга қўшилиб қишлоқ совети кутубхоналарининг буткул барҳам берилишига бош-қош бўлган жоҳил раҳбар сифатида тарихда қолди.
Энди бугун ўша йўқотилган китобларнинг ўрнини тўлдириш учун бошқатдан “китобхонлик маданиятини ошириш”имиз чунон зарур бўлиб қолдики, бундоқ суриштириб келсангиз ўн-ўн беш йил бурун милён-милён нусхадаги сара бадиий китобларимиз, албатта, Ленин, Сталин, Маркс, Энгельс сингари “коммунизм даҳолари” асарларига қўшилиб макулатура, ундан тўппа-тўғри ҳожатхона қоғози ишлаб чиқариш корхоналарига йўл олган эди.

Афсус, энди уларнинг ўрни бир-икки йилда тўлиб қолмайди. Кейинчалик Абдулла Орипов ва Одил Ёқубов раҳбариятга ёқмай қолганида яна қанча китоблар “макулатура қурбони”га айланганини бир ҳисоблаб кўриш керак чоғи.

Айни кунда бадиий асарлар адади кўп эмас, биласиз. Боз устига “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти” сингари адабий журналларнинг ҳам тобора шўри қуриб бормоқдаки, китоблар баробарида адабий жамоатчилик назаридан тобора узоқлашиб бораётган ушбу журналларни жиллақурса сақлаб қолиш сиёсати юритилса, “обуна бўлмаслик”, “хоҳлаган нашрга ким хоҳласа обуна бўлсин” принципи асосида эмас, барака топгурлар, бу журналларда замонавий ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг зўр намуналари чоп этилаётир. Бу дегани – замонавий адабиётнинг тирик намунаси, вақти келса дўкондан асарларни алоҳида китоб ҳолида ҳам сотиб оларсан, бироқ ҳозир бу журнални кўр, қизиққин, обуна бўл, хўш, нима ютқазасан, ол, ўқи, дея далда берса, бирор вазирнинг бир жойи камайиб қолармиди? Нашрларга ёппасига обунани чегаралаб, аслида ким нима манфаат кўрди?

Баъзан арбоб жараёндан кўз юмиб, (яхшилик учун, албатта) жим туриши ҳам унинг маърифат учун “хизмати”ни таъминлаб юборади…

Жовли Хушбоқ: — Бир неча йил аввал матбуотдаги чиқишларингизнинг бирида ёшлар фаол эмаслигидан нолиган эдингиз: “Ҳозирги ёшлар катта бир оқим бўлиб юзага чиқаётганлари йўқ. Мен уларнинг аксарияти ўқимаслик касалига дучор бўлганидан қўрқаман. Ёзадилар, лекин ўқимайдилар. Бир хиллари эксперимент усулида бир балоларни ёзади, тушунтир-чи, ўзи кимга ўхшаб, кимга эргашиб бунақа нарса битдинг десанг, елка қисади. Ҳолбуки, биз буткул бошқа замонга келиб қолгандек. Хабардорлик, огоҳлик керак.

Бадиий адабиётга бевосита тааллуқли бўлган анча-мунча адабиётлар интернетда ҳам мавжуд. Атоқли шоир Хуршид Даврон жуда кўплаб арзирли асарларни интернетга жойлаштирди. Буям жонкуярлик. Аммо ёшлар на интернет, на китобга эътиборсиз бўлаётгани чатоқ. Интернетга қизиқишади, лекин асарга, адабиётга эмас.

Йилда бир-икки марта ёшларнинг адабий кўрик-танловларида хизмат тақазосига кўра қатнашишга тўғри келади. Айниқса шоир бўламан деган ёшлар ўқимаслик бобида ҳайратга солишади мени. Ўсмоқчилаб сўраб келсанг, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўқийман дейди, унинг ҳам китоблари номини билмайди. Аслида улар М.Юсуфни ҳам ўқимаган бўлади, радио ёки телевизорда шоир шеърлари билан айтилган қўшиқларни эшитган, холос”.

Бу фикрларингизга мен ҳам қўшиламан. Ёшлар билан гурунглашганимда улар бугунги ижодий жараёнда фаол шоир ва ёзувчиларнинг ҳатто исми-фамилиясини билмасликлари мени ажаблантирди.

Эҳтимол, олий ўқув юртлари, мактабларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларини дарс ўтишга жалб қилиш керакмикин?

Собир Ўнар: — Мактабда ўқиб юрганимизда ҳозиргидай адабий анжуманлар деярли бўлмасди. То ўқишга ҳужжат топшириб тўсатдан шоирларни учратиб қолмаганимизда, эҳтимол уларга қизиқишларимиз орқаваротдан, сирлигича қолиб кетармиди… Аммо бугун вазият бутунлай бошқача. Хоҳлаган ижодкор билан хоҳлаган кунинг, хоҳлаганингча суҳбатлашсанг бўлади.

Лекин, айтайлик, Хуршид Даврон, Мурод Муҳаммад Дўст, Назар Эшонқул ёхуд бошқа шу тоифа ижодкорларга “Илк қўлингизга қалам олишга ундаган нарса нима?”, “Биринчи нима ҳақида ёзгансиз?” ва ҳоказо энсани қотирувчи “дежурний” саволлар билан жонига тегсангиз, яъниким, унинг асарларини ўқимаган бўлсангиз, баҳс юрита олмасангиз, қўлини силтаб жўнаб кетақолади.

9-ёки 10-синфдалигимда Низомий номидаги педагогика университети талабалари билан шоир А.Ориповнинг учрашуви телевизорда кўрсатилган. Ўша давр схемаларига мос уюштирилган бўлса-да, бари бир машҳур шоирнинг жонли мулоқоти ўта қизиқ эди. Чамаси Абдулла ака ҳали қирқ ёшга тўлмаган ёш йигит эди, бироқ тийран дард, теран фалсафа, кўнгилни жунбушга келтирувчи армонли шеърий мисралари тамом бизни ошуфта қилиб қўярди.

Ҳозирги ҳаваскорларда ҳам шоир зотига шундай талпиниш, ижодий маҳоратидан ҳайратланиш туйғулари бормикан? (Бормикан-а?..)

Катта ижодкор бўлиш учун кўп ўқиш кераклиги бор гап. Аммо зинҳор ва зинҳор Навоий, Машраб, Огаҳий, Орипов ёхуд Муҳаммад Юсуф бирор имтиёз туфайли етук шоир бўлиб қолмаган. Ва ўз навбатида зулфиячи қизларимизнинг аксарияти тўтиқушдек сайраб “ватанпарвар” бўлиб қолишлари ортида, агар истеъдод йўқ экан – ҳеч нарса юз бермайди, яъниким йўқ истеъдодни бир мукофот бор қилолмайди, аксинча, бор истеъдод, гарчи у давлат мукофоти даражасида маъқул кўрилмаса ҳам адабиёт, халқ учун ёрқин воқеа бўлиб қолавериши мумкин. Бизнинг мукофотларимиз талантлардан устун туради, тескариси бўлиши зарур…
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, яъни тилга тушган шоиру ёзувчиларнинг халқ орасига, шу каби олий ўқув юрти талабалари ичида бўлиши, мулоқот қилиши, керак бўлса дарс ўтишлари фойдадан холи эмас. Айни замонда, виртуал тармоқлар кучайган даврда эҳтимол бунга эҳтиёж ҳам камайгандир.

Мен 8 ёки 10-синфда “Шарқ юлдузи” журналида ёзувчи Нурали Қобулнинг “Тубсиз осмон” қиссасини ўқиб ҳўнг-ҳўнг йиғлаганман. Талабалигимнинг дастлабки ойларида факультетимизда Нурали Қобул билан учрашув бўлган. Ҳаяжонланганимдан ҳушимдан кетаёзганман.

Бошқалар савол берган, мен ёзувчининг сўзларини тинглаганман, ҳаракатларини томоша қилиб ўтирганман…

Агар мухлисда, китобхонда чиндан ҳам ихлос бўлса, жонли мулоқот керак, устоз тажрибасидан улгу олмоқ кони фойда. Мабодо китобхон ким бўпти, буям бир одам, биологик мавжудот, нима қипти, гапиради-да, деб меҳрсиз, беписанд қабул қилса, билингки, ундай жонли суҳбатдан сира фойда йўқ.

Ўйлайманки, биздаги ўқувчиларда ундай совуққонлик бўлмаса керак. Ижодкорларга ҳурмат, меҳр ва ҳаяжон доим балқиб туради.

Жовли Хушбоқ:– Ёзувчининг публицистикага мурожаат қилиши табиий ҳол. Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов каби машҳур прозаиклар оташин публицист ҳам бўлишганини яхши биламиз. Ҳатто сиз ҳам йигирма йиллар аввал “Ўзбекистон овози” газетасида “Гоҳ ҳуқуқни билмаслик, гоҳ ҳийлаи шаръий” каби нордон тилли муаммоли мақола эълон қилган эдингиз. “Аччиқ, аммо очиқ гаплар” рубрикаси остида босилган қарийиб бир саҳифани эгаллаган материалингизда жиноят йўлига кириб қолган кишилар хусусида ҳикоя қилгансиз. Яна кўплаб мақолаларингизга кўзим тушган.

Адиб публицистикаси адибга нима беради? Бой ҳаётий материалми ёки ёзилажак асарлар сюжетини қизиқарли қилиш йўлини очадими?

Балки ёзувчи публицистикага камроқ мурожаат қилгани, газета ва журналда узоқ вақт ўтириб қолмаслиги керакдир? Негаки, нашрлар нонини еб кун кечирадиган ёзувчининг бадиий асарларида публицистик руҳ устуворлик қилиб қолмасмикин?

Собир Ўнар: – Ёзувчи публицистикаси бошқа журналистлар публицистикасидан, табиийки, фарқ қилади. Гап шундаки, адиб ҳаётга, жамиятга кўламдорроқ назар солади, воқеа-ҳодисаларнинг маънавий оқибатларига теранроқ разм солиши мумкин, шу боис у оддий репортаж ёки лавҳа уюштираётган журналистдан айрича фикрлаши муқаррар.

Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Ўлжас Сулаймон, Андрей Вознесенский публицистикаси, суҳбатининг кўп шов-шувга сабаб бўлган ҳолларини кузатганмиз.

Бу адибга нима беради? Айтиш жоизки, кўп нарса! Аввало жонли ҳаётга, кишилик жамияти муаммоларига яқин бўлади. Бироқ ёзувчи ҳаётга, модомики ёзувчи кўзи билан қараркан, албатта, бошқа қарашлар қобиғидан четга чиқишга мажбур ва шунда у… журналистик замин ўзига торлик қилаётганини сезиб қолади. Ўз-ўзидан тушунарлики, айниқса газетачиликда расмиятчилик мақоми кўпинча усутворлик қиладики, шу нуқтада аксарият адибман дегани журналистика қобиғидан чиқади. Самимийроқ, ҳаётийроқ, “одамгарчилиги” кўпроқ бир даврани қўмсаб қоласиз-ку, шунда беихтиёр расмиятчиликни йиғиштириб қўяқоласиз. Ёки бутунлай хайр-хўш қиларсиз.

Жуда жўн мисол айтай: икки дўстдан бири – Анвар Жўрабоев ёзувчи бўлолмади, Нурали Қобул журналист бўлиб қолмади.

Жовли Хушбоқ: — Сиз таниқли адибгина эмас, давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишишингиз ҳам мумкин эди. Негаки, Ўзбекистон республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиш Академияси аудиторияларида йигирма йиллар аввал сиёсий мавзуларда лекциялар тинглаганингизни яхши эслайман. Бундай нуфузли ўқув юртида таҳсил олиш ҳаммага ҳам насиб қилмаган.

Эҳтимол, демак, сиз Қўшработга ёки Тошкентнинг бирор туманига ҳоким ёки бошқа каттароқ мансабдор бўлиб кетсангиз бадиий ижод билан изчил шуғулланармидингиз?

Мисол учун Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов каби йирик, адабиётнинг таниқли намоёндалари ҳам сиёсатчи, (бир неча давлатларда элчи) ҳам ижодкор сифатида доруқ қозонганлар.

Сиз-чи? Лавозим ижодий ишга халал беради, деб ўйлайсизми? Бугунги кунда ҳам хоҳ нашриётда, гоҳ сиёсий газетада ишлаб кўп вақтингизни ташкилий, югур-югур ишларга исроф қилиб юрибсиз. Ачинмайсизми?

Балки истеъдодларга ижтимоий ҳаётда фаоллик халал берар? Ёки ишламай ижод қилаётганларнинг йигирма-ўттиз нафарига ойига бир неча миллион сўм маош тайинлаш тажрибасини қўллаш керакмикин?

Собир Ўнар: – Президент Академиясида ўқиганим рост. 1996-97 ўқув йилларида ўқидим. Мен билан раҳматли Муҳаммад Юсуф, шоир Ғулом Мирзо, яна бир олим дўстимиз Элмурод Холбозоров (Мурод Муҳаммад Дўстнинг укаси)лар ўқишди. Элмурод ака ҳам бир дард билан кейин вафот этди. Биздан сўнг шоир Абдували Қутбиддин, ундан сўнг Қўчқор Норқобил ўқишди.

Гапнинг очиғи, Абдулла Орипов М. Юсуфга ва каминага академияга ўқиш учун тавсия бераётганида кейин раҳбар бўласизлар деб қизиқтиргани эсимда. Лекин на шоирлар, на бошқалар раҳбарлик орқасидан қувганини кўрмадим. 1997 йилда девоннинг “резерв кадри” ҳисобланардик, ҳозир ҳам…

Ичимиздан вилоят ҳокимлари, вазирлар чиқди. Вақти келганда улар “Ёшлик” журналининг обунаси кўпайишига ёрдам беришди, шу боис вазир, ҳоким бўлган биродарларимдан ҳануз хурсандман. Бироқ бугунга келиб деярли барчалари “резерв кадр”га айланиб қолишди.

Ким билсин, замон – ёшларники, бўлди чоғи. Бир кун келиб ёзувчилар ҳам ёшлардан бўлсин, катталар йиғиштирсин, дейишмаса бўлгани.

Албатта, бу-ку ҳазил. Ёзувчи, шоир ўлгунича пенсия сўрамайди. Аммо ижодкор дегани бора-бора хашакилашиб кетмасмикан?

Хавотир оласан-да одам. Мана, санъаткорман дегани ёши каттароқлари ҳам хашакилашди, айтаётган қўшиғини кўриб, тинглаб қўл силтаб қўяқоласан. Йўқ, бу билан на гаплашиб бўлади, на қўшиғини тоқат қилиб тинглайсан. Мени хавотирга соладигани шу.

Ўзбек ёзувчиларидан арбоб чиқмади. Йўл беришмади чоғи. Айтматов, Сулаймонов, Шохонов элчилик қилган жойда ўзбек ёзувчилари ҳам элчилик қила олишарди. Ёзувчи, шоирни яхши кўриш учун катта раҳбар адолатни сева олиши лозим. Хусайн Бойқаро давлатчилик тизимида Навоийнинг ақлига, адолатига суянганини ўқиганмиз. Шу маънода ўзбек давлат ишида адиблар аралашган. Мирзолик, котиблик, маслаҳатчилик қилишган. Бобурдек инсон шоҳ ва шоирлик мақомига кўтарилди.

Мансаб ва пул ижодкорга ортиқчалик қилмайди. Қайтанга рағбат, илҳом бериши мумкин. Лекин агар ижодкор ҳоким бўлиб қолса, аниқ – у ижодкор сифатида ўлади, тамом бўлади. Мана, ҳокимларимизнинг аҳволини кўринг, тепадан уриш, сўкиш эшитгани-эшитган, бу ёқда эса халқнинг қарғиши, “ичиб қўйди – еб қўйди” деган маломатлари-чи.

Бугун, – билмадим шунақа ишхона-идора бормикан, –- бемалол ишга бориб келсанг, 4-5 миллион сўм маош олсанг, кечқурун уйда, бола-чақанг билан дам олсанг, шанба, якшанба кунлари ижодга вақт топсанг, касал қариндошингни кўриб келишга оғринмай вақт, пул тополсанг, қариндошинг тўйига бориб ёнида туролсанг, фарзанд, невара тўйларига қатнашсанг.

Сени оқсоқол, ёшингни катта деб тўрга ўтқазишса, билмадим, ҳурмат-иззатнинг тағин қандай мезонлари бор…

Хуллас, одам, шуларнинг бир аъзоси— ёзувчи бахтли яшаши учун жуда кўп нарса керак эмас.

Фақат ижодкор ҳам сиёсатнинг қўшиғини айтса, умр бўйи хизмат қилса-ю, охирги кезда худди Абдулла Ориповга ўхшаб “кераксиз” ижодкорга айланиб қолиш алам қилади. Икки дунёнгдан ҳам рози бўлмайсан. Сиёсат яхшидир эҳтимол. Лекин адолатсизлик қилатуриб адолатсизлигини ҳеч вақт бўйнига олмайди, сен ҳам, зинҳор уринма – бўйнига қўёлмайсан…

Тинч, қариндош, фарзандларинг эъзозида ўлим топсанг ҳам, аслида – бахтли яшаб ўтганинг. Кўп замонларда бундан ортиқчаси ортиқча бўлган…

Ўйлаб-ўйлаб зўрға эсладим, ўша вақтларда шиддат, ғайрат кўп экан-да ўйласам, одамнинг бир-бирига эътибор, ҳурмати ҳам кўпроқмикан…

Катта ёшдагилар, оқсоқолларнинг бир-бирини эъзозлашгани, матбуотда – буни эътироф этишганиниям кўрганмиз. Оқибатли одамлар даври экан. Ҳа, ўша устозлар минг қилганда ҳам мазмунли ҳаёт кечиришди, ўтганларини Аллоҳ раҳматига олсин.

Оқибатлиликда гап кўп-да, шундай эмасми?

Жовли Хушбоқ: – Вақтим бемалол бўлгани учунми, вилоятларда ижодий сафарларда тез-тез бўлиб тураман. Самарқандга борганимда ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугаловдан ташқари яна ўнлаб ижодкорлар билан мириқиб гурунг қилдим. Уларнинг таъкидлашича вилоятда ўз касбинигина эмас, китобни, маънавиятни қадрлайдиган кишилар ҳам кўп экан. Хусусан, Эркинжон Турдимов, Жамшид Ўроқов, Рустам Қобилов, Абдумажид Нурқулов, Ботир Мирзаев, Зайниддин Жўраев, Давронбек Жуманиёзов, Адҳам Баҳромов, Зафар Каримов, Баҳодир Эсонтурдиев, Қаҳрамон Ҳасанов, Ботир Жабборов, Воҳид Санақулов, Мамат Турдиев каби ўнлаб тафаккури кенг, ижодкорларни қадрлайдиган инсонлар кўп эканлигини қайд этишди. Ҳатто айрим мансабдорларнинг кутубхонасида сизнинг “Бибисора”, “Чамбилбелнинг ойдаласи” каби китобларингиз турганлигини кўриб қувониб кетдим.

Лекин, негадир ўзингиз туғилиб ўсган вилоятнинг туманларида ижодий учрашувларда тез-тез бўлиб турмайсиз.

Мисол учун Қўшработга бориб, талантли ёзувчи Собир Ўнарни танийсизларми, ҳикоя ва қиссаларини ўқиганмисизлар, деб сўраб қолгудек бўлсангиз кўп одамлар ерга қарайди. Аммо фалончи ошпаз ёки артистни биласизларми, десангиз юзлаб кишилар: “Ҳа, ҳар куни у пиширган ошни мазза қилиб еймиз” деб мақтанишади. Бу нимадан далолат, айрим жойларда руҳга қувват бахш этадиган маънавий неъматлардан кўра танага озиқ бўладиган таомларга ружу қўйиш оқибати эмасмикин?

Собир Ўнар: – Бу гапни тўғри айтдингиз. Ўзим туғилиб ўсган Қўшработга, айниқса, қишлоғим Қувкаллага тез-тез боришга ҳаракат қиламан. Ота-онам тириклигида уларнинг дийдорига ошиқар эдим, энди улар йўқ, бир оз қадамим сийраклашди, аммо ака-ука, сингилларим, жигарларим, ёр-жўра, улфатлар, синфдошлар бисёр, иложи бўлса, тўй-маъракаси, яхши кунларида борсам дейман – кўнгил талпинади-да. Улар, албатта, каминани ёзувчи, журналист, муҳаррир деб ҳурмат қилишлари ҳам ёқимли. Ўзим ҳафсаласизроқман, бировларга ўхшаб тўдага уравергим келмайди.

Бир тўйда давра бошловчиси каминани таништириб ўртага чорлаяпти:

– Даврамизда пойтахт Тошкентдан ташриф буюрган азиз меҳмонимиз ўтирибди, ёзувчи, “Ёшлик” журналининг кўп йилдан бери мухбири Собир Ўнаровга сўз берамиз. Марҳамат, меҳмонни олқишлайлик, азизлар.

Ўзингиз билганингиздай икки оғиз тилак, яхши истаклар, яна синфдошлар қуршови, ол-ол, е, ич.

Биқинимда ўтирган ўқимишлироқ синфдошимнинг биқинига туртаман.

– Ахмоқ, қачонгача мени мухбир дейсан, ахир журналга бош муҳаррир бўлганимга ўн беш йил бўлди, олтита китобим чиққан, ёзувчилар уюшмасининг аъзосиман, давлат мукофоти ҳам олганман, шуларни анови булбулигўёга тўғри айттирсанг бўлади-ку!

Шунда анови шоввоз нима деди денг:
– Ие, сен мухбир эдинг-ку, қачон бўшадинг?

Уларнинг наздида камина шаҳарда еб-ичиб, гердайиб, хоҳлаган ишини битириб юрувчи олғир мухбир эканман.

Яхшиям уларнинг ичида Бойтемир Ғаниев деган дўстим, йил айланиб янги қурилган қишлоқдаги 87-мактабга директор бўлиб қолди. Унинг шарофати, таклифи билан ўша мактабга бориб бир марта учрашув ўтказдим, бир қучоқ китобларимдан совға олиб бордим.

Яқинда Эргаш Жуманбулбул ўғли туғилиб ўсган Жўш қўрғонида улуғ бахшига янги уй- музей ташкил этиладиган бўлди. Ҳозир катта реконструкция ишлари кетаётганини эшитдим. Туман ҳокимиятида ишлайдиган Шавкат исмли йигит шу музейда Қўшработдан етишиб чиққан ижодкор, йирик зиёли, олимларнинг ҳам бурчаги бўлади, ўзингиз ҳақда маълумот, китоб ва расмларингиздан жўнатинг, деб қўнғироқ қилиб қолди.

Хайрият, дедим. Юбордим. Билиб турибман, бу – вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг ташаббуси. Бошқаларга қолса, бир иш чиқиши қийин.

Ҳар бир жойнинг ўз етакчилари, пешқадам маънавий оқсоқоллари бўлади.

Аслида Қўшработ зиёлилар юрти.

Эргаш Жуманбулбул, Раҳматулла Юсуф ўғли каби зўр бахшилар етишган, Тошпўлат Ширинқулов, Бакриддин Зарипов сингари академиклар вояга етган, профессор, улуғ кашфиётчи, физик ва математик Фахриддин Бадалов, шоир Равшан Файз, ёзувчи Ҳабиб Темиров, юздан ортиқ фан доктори, профессорлар, бир неча вилоят, республика миқёсидаги раҳбарлар вояга етган бетакрор маскан. Ўз навбатида уларнинг ҳам обрў-мартабалари улуғланса арзийди.

Шуларнинг соясида балки биз кичиклик қилаётгандирмиз, ким билсин. Сирасини айтганда, шахсан ўзим бу масалада қадрим деб ўйланиб ётмайман, майли, улар ва бошқалар тан олиб, олқишлашлари учун ҳали меҳнат қилиш, яхшироқ асарлар ёзиш керак экан-да, дейман.

Қўшработ бир пайтлар чорваси билан ҳам машҳур бўлган, ҳар бир бўлимда ўн минглаб қўй боқилган. Мамадиёр Шосимов сингари илғорлар ҳар юз бошга 220 талаб қўзи топширган. Бу ҳақда негадир жуда хурсанд бўлиб ёзар эдик. Мамадиёр аканинг ўзининг 600 дан ортиқ (балки 800 тадир) қўйлари бор, шуларнинг қўзиларини ҳам қўшиб давлатга топширар, қарангки, кўзбўямачилик ўзига ҳам маъқул келиб рост ҳаётга ўхшаб кетар, гарчи қаҳрамон бўлмаса-да, райком, исполком томонидан “герой”дек эъзозланар, Ўзбекистон ССР халқ депутати эдиким, бу туманимизда бошқа бировга насиб этмаган, кўкраги тўла шалдираган медаллар, биров Шосимов олдида ип эшолмас, бир майдон наридан пусиб ўтишга мажбур эдилар. Бу обрў, эҳтиром, мартабалар мустақилликнинг илк даврларидаёқ пуфакдек пақиллаб ёрила берди, ёрилди-ёрилди-да, бир-икки йилда ҳеч нарса қолмади айтгулик, арзигулик, мақтангулик. “Герой”имиз ҳам мустақил юртда кўп яшай олмади… фитрати, сийрати, суврати тамом ўша давр нуқсига монанд эди чамаси. Кенг яйлов, бедапоя, артезиан қудуқ, лавлагизорлар, қовунпалак, тарвузпалак, ёзда тоғнинг у биқини, бу биқини, Шосимов тўрам деб бўшатилар, куз келиши билан, сентябр ойларида буғдойдан бўшаган майдон – ангарлар ҳам Шосимов “герой”ники эди. На бўлғайким, мустақилликнинг дастлабки кунлари, бу ўзга ғояларга у одамлар тоб бера олмади. Қўшработда машҳур ошпаз йўқ, зўр ҳофиз ҳам чиқмаган, эналаримиз, опа-сингил, чечаларимиз қозонга нени солса овқат экан, деб же-еб кетабердик, ўтрик замоннинг ўтрик гапларига монанд яшаш… қўлимиздан келган, нима дейсиз энди бунга, аммо чидамли, матонатли, қаттиқ бош, яъни тош қаттиқми ўзи ё мана бу бош қаттиқми деб ўралашиб яшайдиган одамлар.

Афсуски, ҳали-ҳануз бу қиёфа образлари адабиётимизда яратилмади. Худо куч берса яратилиб ҳам қолар. Умидимиз йўқ эмас.

Жовли Хушбоқ:– Сиз узоқ йиллар республикамиздаги севимли, ҳатто оммабоп адабий нашрлардан бири “Ёшлик” журналида бош муҳарир бўлдингиз. Яшириб нима қилдик, бундан йигирма-ўттиз йиллар аввал “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, ”Ўзбекистон адабиёти ва санъти”, “Гулистон”, “Туркистон”ни халқ талашиб-тортишиб ўқир эди. Энди обуна бўлинг, дўкондан сотиб олинг буларни десангиз, негадир кўпчилик бурнини жийиради. Ўттиз уч миллиондан ошиқ одам яшайдиган, Марказий Осиёдаги катта бир мамлакатда газета ва журналларга талабгор эканлиги, юмшоқ қилиб айтганда, фожиа эмасми?

Айримлар ўзларини оқлаш учун айбни шўро мафкурасига тўнкашади. Бу тўғри эмас! Шахсан мени илгари ҳеч ким ”Агар “Ёшлик” ёхуд бошқа нашрларни ўқимасанг ёки обуна бўлмасанг пешонангдан отиб ташлайман!” деб мажбурламаган. Фақат мен эмас, минглаб одамлар юқоридаги каби газета ва журналларни ўз хоҳиши билан ахтариб юришар эди-ку? Ҳозир ким топа олмай сарсон бўлаётир?

Айрим ижтимоий-сиёсий нашрларга мажбурлаб обуна қилишаётганлигини айтишди. Ҳатто республикадаги нуфузли мустақил газета “Хуррият” бир неча ойлар чиқмай қолди. Бошқа айрим газета ва журналларнинг тақдири ҳам хавф остида.

Сиз нима деб ўйласиз, “Жаҳон адаиёти”, “Шарқ юлдузи”. “Ёшлик”, “Гулистон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” каби адабий нашрлар мазмундорлиги, савияси бугунги кун талабларидан орқада қоляптими?

Собир Ўнар: — Авал бу борада фикр юритдик. Шундай бўлса-да, саволингизнинг охирги қисмидан жавобни бошласак.

“Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”. “Ёшлик”, “Гулистон” журналларининг бугунги сонларига разм солинг. Жуда яхши чиқяпти.

Бадиий савияси, дизайни ҳам зўр. Аммо қани энди уни ўқийдиган қул. “Ака-ука Карамазовлар”дай дунё адабиётини сескантирган роман чиқадию, уни энг моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров таржима қиладию, у “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этиладию, шўринг қурсин, ўзбек обуначилигининг саноғи мингтага ҳам етмаса, етмишдан ошган адиб, оқсоқол Аҳмаджон Мелибоев арбоблар корхонасининг эшигидан мўралаб, журналда палон-писмадон асарлар босилди, ўқисангиз киройи кам бўлмайсиз деб сарғайиб юрса, лекин оқибат, бари бир худди маънавият билан ўчакишгандек ёхуд масхара майдонига айлангандек якунда ҳеч ким обуна бўлмаса, сотувга чиқарганингни намунча қиммат деб варақлаб ҳам кўрмаса…

Уят, иснод, маънавиятсизлик, жоҳиллик, фожиа, фожиаларнинг бешбаттари бу. Бу ёқда арбоблар гўё ҳамма жойда обуна жуда гуллаб ётгандек, маънавиятимизга чунон соя солаётгандек, гўё демократик давлатимиз кўркига соя солаётгандек “мажбурий обунани тўхтатганини” мақтаниб ётсаю, бунинг оқибатида матбуот нашрларига аввалги йилга нисбатан 2-3 баробар, балки ундан ундан ҳам кам обуна бўлиб, абгори чиқиб ётса…

Ҳозир мактабларда обунанинг аҳволи тўғрисида суриштирсангиз, ўқитувчиларнинг ўзлари бултур “Маърифат”га ўн киши бир бўлиб ёзилган эдик, бу йил мактаб бўйича 1-2 тага бўлибмиз, шу боис ўқимаяпмиз, янгиликлардан, нималар чоп этилаётганидан бехабармиз, дейишмоқда.

Хўш, бунинг орқасидан ким фойда кўрди: вазирликми, ўқувчими, ўқитувчими, газетами?

Шундоқ ҳам омонатгина илиниб турган матбуот нашрларига бу жуда кескин зарба бўлди. Матбуот тутдай тўкилди. Бу ёқда Президент китоб ўқи, китобхонлик маданиятини ўстир, китобсиз келажак йўқ, деяпти, қуйида эса мулозим ўқима, обуна бўлма, онлайн дарс ўтаман, мактабни қойилмақом қиламан, деб ётибди, эй, барака топкур, матбуотдан, дунёдан, қўшимча дарсликлардан бехабар мактаб қанақасига илғорлашиб кетсин?

Мактабдаги ўқитувчи ва ўқувчининг билим савияси даражаси бугунгичалик шармандали ҳолатга келмаган эди.

Мактаб – элимизнинг номуси.
Мактаб – юртимизнинг келажаги.
Мактаб – фарзандларимизнинг эртанги кунини кўрсатиб турган ойна.

Биз бу ойнага қараб уялмай қўйдик. Биз бўлмайдиган элнинг бўлмағур болаларини етиштираётганимизга тан бердик. А, шундайми?

Шундай бўлмаганида – биз мактабда адабиёт ўқитишни тўхтатиб қўймаган, инглиз тилини билсанг бўлди, бошқасини ўқима, зинҳор ўзбек тилини ўргана кўрма, зинҳор китоб ўқима ва минбаъд обуна бўла кўрма – саводинг ошиб, маърифат кўзинг очилса, эртага бошга битган бало бўласан, демаган, қайтанга Президент каби ўқишни, ўқиганни рағбатлантирган, мустақил равишда энг кўп китоб ўқиган ёш китобхонга “Спарк” автомашинаси совға қилган, китобхон ўқувчимизни кўз-кўз қилиб, ҳаммага ўрнак қилган, эй, азизлар, ўқинглар, кўп китоб ўқинглар, фалон-пистон газета-журналларга ҳам обуна бўлинглар, ахир улар жуда зўр нашрлар, тасаввурни, маънавий дунёмизни бойитадиган асарларни беришяпти, ахир буларни болалар, аввало мутахассис, педагоглар ўқисин, обуна бўлсин, обунани ташкил этсин, ўқувчилар адабиётдан, тилдан саводсиз бўлиб қолмасин, ҳар томонлама бадиий савияли бўлиши учун “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Гулистон” журналлари, булар қаторига “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Адабиёт газетаси” газеталарини ҳам қўшинглар, ўқинглар, ижодий баҳс-дискуссиялар уюштиринглар, демайдими?

Йўқ, демайди!

“Чунки Президент айнан “Ёшлик” журналини ўқинглар, обуна бўлинглар, демаяпти-да, шу масалада фармон ҳам чиқармади, мана, пажалиста, “Ёшлик”ни ўқинглар, десин фармонда, шундагина обуна қиламиз. Сиз бўлсангиз бўш-ўнта журнал-газетани айтаяпсиз, қайси бирини ўқитамиз унинг, кечирасиз, оғайни, тошингизни теринг”. Уларнинг аъмоли шу.

Мана,бугуннинг матали ҳам шу.

Хўш, нима учун халқ таълими вазирлигини танқид қиламиз?

Сабаби аён: боламиз, неварамизнинг ҳеч бири мактабни четлаб ўтмайди.

Энг катта зиёли, ҳаракатчан, ўсувчи армия – шулар.

Республикамизда ҳозир 9191 та мактаб бўлиб, уларда 5 млн.800 мингдан ортиқ ўқувчи ўқийди, 444 мингдан ортиқ ўқитувчи меҳнат қиляпти.

Президент вақти келиб мактаб ўқитувчисининг маошини минг долларга кўтараман, деди.

Бу дегани – мактаб нуфузи тағин ошади, бир пайтларда бўлгани каби, асосий илм ўчоғи шу ер бўлади деганидир.

Энди мактаб ўқувчиси қўғирчоқ театри ўйнатувчиси, ўқитувчи – ҳокимият дастёри эмас.

Энди бу ерда бемалол билимлар чуқур ўзлаштирилса, китоб ўқилса, обунага тарғиб қилинса, оқибат “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, ” Жаҳон адаиёти” журналларини ўқинглар, кони фойда, ахир бу адабиёт, бугунги кун адабиёти, янгиликлардан хабардор бўл ахир, барака топкур, дегани, тарғиб қилсанг, ўз навбатида улар ҳам, дарвоқе, бу адабиёт, тайёр хрестоматия, хабардор бўлганимиз яхши-ку, деб обуна бўлақолса, эътибор берақолса, ахир бундан ҳамма ютади: ўқувчи, педагог, ота-она, ниҳоят – жамият.Чунки бора-бора биз китобхон жамият барпо этишимиз мумкин.

Аммо мактабни четлаб ўтиб бу мақсадга етишиш мумкин эмас. Чунки, сабаб, ўзингиз билганингиздек мактаб – асосий зиёли армия.

Дастлабки ҳикояларим аввал ҳозирги “Ёшлар овози” газетасида, сўнг 1986 йилнинг августида “Ёшлик” журнали саҳифаларида ёритилган. Ўшанда жуда кўп журналхонлардан хатлар олувдим, ҳатто қишлоқдаги тоғаларим ҳам қаерга мактуб битишни билмай “Ёшлик” журнали манзилига хат ёзиб юборишган, бир майдон ўзимдан кетиб юрганман.

Гап менинг хурсанд бўлганимда эмас, матбуотда асаринг чиқса, одамлар ўқигани устида кетаётир. “Ёшлик”нинг ўша сони 450 минг нусха чиққан, демак, камида шунча одам ўқиган уни, орадан икки йил ўтгач, 1988 йил 10-сони 800 минг нусха чоп этилган, журналда қаторасига учта ҳикоям босилгани учун аниқ эслаяпман. Саккиз юз минг! Бу айтишга осон, биз ўзбеклар ўша вақт 20 миллионлик нуфусга эга эдикми, йўқми – билмайман. Яна шу нарса аниқ эсимдаки, Москвадаги Бутуниттифоқ “Юность” адабий журнали “Ёшлик”дан икки баравар кам – 400 минг нусха чиқар эди. “Юност”нинг бош муҳаррири Андрей Дементьев бу фактни эшитиб, бош муҳарриримиз Омон Матжонга хат ёзгани, бунча тираж билан ўзбек ўқувчиларини қутлагани ҳам кечагидай ёдимда.

Мана, бугун, замонасидан ўргилай, “Ёшлик”нинг умумий ададини 1500 донага етказиб ушлаб туриш катта муаммога айланган. Тўлиқ лотин алифбосига ўтилди, Ёшлар иттифоқининг этагидан маҳкамроқ тутишди. Йўқ, халқ таълими, мактаб матбуотга хайрихоҳ бўлмас экан, ўзгариш бўлмайди, ҳадемай жуда кўп обрўли газета-журналлар ёпилиб кетади, мана кўрасиз.

Мана шу соҳа мутасаддиларига Аллоҳ куч-қувват ва кўзи очиқлик ато этсин, бошқа ҳеч чораси йўқ.

Нашрларнинг мазмундорлиги, бадиий савиясига ўзингиз эътибор беринг. Хўш, уларнинг қайси нашрдан кам жойи бор экан?

Ёшлигимизда нашр тури кам эди, боз устига арзон эди. “Ленин учқуни” – 1 сўм 8 тийин, “Ғунча” – 1 сўм 10 тийин, “Гулхан” – 1 сўм 20 тийин, “Шарқ юлдузи” – 4 сўм 80 тийин, яъни донаси 40 тийин эди. Арзонлиги учунмикан, одамлар “Совет Ўзбекистони”, “Правда”, “Известия”, “Партия турмуши”, “Юний натуралист” газета ва журналларига ҳам обуна бўлаверишарди.

Ҳозирги нархлар ҳам у даражада одамни қўрқитавермайди-ю, аммо оладиган ойлигингизга мос эмас-да, шу боис мактабда жамоавий обуна йўлга қўйилгани дуруст. Нима қипти, 10 та “Маърифат”, 5 та “Шарқ юлдузи”, 5 та “Ёшлик”, 5 та “Жаҳон адабиёти” ва ҳоказо журналу газеталар мактаб кутубхонасига кептурса.

Жовли Хушбоқ: – Йигирма йиллар аввал… “Шарқ” нашриётида босилган “Шириндир азоби севгининг” (Адабий-танқидий ва публицистик мақолалар) деб номланган китобимдан таниқли шоир Салим Ашур билан таниқли ёзувчи Собир Ўнарнинг сўзбошиси ўрин олган эди. Буни эслашдан муддао маҳоратли адибгина бўлиб қилмай ўшанда сизнинг асарлар, улардаги образлар моҳиятини нозик ҳис эта оладиган адабиётшунос сифатидаги қобилиятингиз ҳам намоён бўлган эди.

Яхши эслайсиз, бурунги катта ижодкорлар – Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Ўктам Усмонов ва бошқалар ҳамкасб ёзувчиларнинг роман, қисса ва ҳикояларига муносабат билдириб туришар, адабий нашрлар у ёқда турсин, сиёсий газета ва журналларда ҳам мақолалари босилиб турарди.

Бугунги кунда негадир Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош, Шодиқул Ҳамро сингари истеъдодли ёзувчилар кейинги йилларда нашр этилган” семиз” ва “ориқ” китоблар хусусида лом-мим демаяптилар. Нима деб ўйлайсиз, фикр билдириш, илмий ва эстетик таҳлил қилиш фақатгина адабий танқидчининг юмушими?

Собир Ўнар: — Ёзувчига бу борада нима дейсиз, деб турткилаш, албатта, ноқулай бўлар. Лекин, биласизми, агар сиз ушбу адиблар билан бевосита кўришиб қолсангиз, бирор сабаб билан дуч бўлсангиз, ўз-ўзидан адабиёт ва айни пайтда ёзилаётган мавжуд асарлар хусусида сўз кетади. Табиийки, юқорида Сиз тилга олган ва бошқа адиблар ҳамда уларнинг асарлари ҳақида фикрлар айтилади. Ҳеч кутмаган ва бемалол танқид руҳидаги гаплар бўлади. Бироқ буни бирор нашр учун сўзлашни сўрасангиз, у жуда “одобли” одамга айланади. Атайлаб шу ишни орқага суради ёки бутунлай бош тортиб қўяқолади. Ўзаро даврадаги фикр бошқа, матбуотдагиси бошқа. Андиша кўпинча принципиал гапни расман айтишга йўл бермайди. Бу ҳолатни ҳам табиий қабул қилиш керак чоғи. Навоий ҳазрат ёзгани каби ҳар ростни сўзлаш ҳам дуруст эмас. Сиз яхши биласиз, Лев Толстой Достоевскийдай буюк ёзувчининг, Шекспирдек улуғ драматургнинг деярли барча асарларини пўстагини қоқиб ташлаган, аямай танқид қилган. Бироқ Толстой танқид қилди-ку деб биров на Шекспирдан, на Достоевскийдан воз кечган ёхуд ихлоси сусайган эмас. Бундан Толстой, Достоевкий, Шекспир даҳосига заха етмаган. Бу даҳо ёзувчининг қатъий адабий принципи ёки улар даҳоси қошида ғаши келгани белгисидир — буни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Аммо ўтган асрнинг 80-йилларидаги каби асарларга қизғин муносабат билдирилмаётгани бор гап.

Назар Эшонқул бир мақоласида бизнинг авлодни авлод деб атаб бўлмаслигини ёзғирган. Маълум бир адабий тамойил, аъмолларни биргалашиб ёқламасликларини танқид қилган. Сусткашлик бор нарса, аммо бутун бир ўн йилликларни яшаб, ёзиб, керак бўлса, шу орқали ўзларининг жамиятга, ҳаётга, мавжуд тузумга муносабатларини билдириб, маълум маънода бошқа қарашларга, шаклларга интилаётган ўнлаб адибларга бир хилда баҳо бериш, балки тўғри эмасдир, менга шундай туюлди.

Ҳозирги етмиш ёшли ёзувчилар билан суҳбатлашганингизда ҳам тенгқурлари асарларини оғзаки суҳбатда бемалол танқид қилаверади, лекин шу фикрининг расмий тус олишини хоҳламайди, холос. Биз мансуб 50-60 ёш теграсидаги ижодкорларда ҳам худди шу “касаллик” мавжуд. Бу яхшими, ёмонми — бир нарса дейиш қийин. Бироқ бир нарсани аниқ айта оламанки, булар аввало бир-бирларини ҳурмат қилади, асарларини ўқиган ва ўз позицияларига эга. Адиб адибнинг асарини ўқимай туриб уни писанд қилмаслиги — ёмон қусур. Афсуски, ҳаётда бундай ҳодисаларга дуч келганмиз…

Собир Ўнар: – Жовли ака, ушбу суҳбат доирасидан чиқиб яна кўп фикрлар баён этиш мумкин экан. Аммо бу алоҳида суҳбат бўлгани тузук. Вақт топиб, ҳафсала қилиб шу гапларни айтишга ундаганингиз учун Сизга ташаккур!

043Bugungi ijodiy jarayon xususida so’z ketganda nasrda talay muammolar to’planib qolganligi xususida so’zlaydilar. Eng muhimi, mahorat, iste’dod va iste’dodsizlik haqidagi bahslar hamon kun tartibidan tushgan emas…

MAHORAT – ASOSIY MEZON
Taniqli adib Sobir O’nar bilan adabiy
tanqidchiJovli Xushboq suhbati
08

Jovli Xushboq: — Bugungi ijodiy jarayon xususida so’z ketganda nasrda talay muammolar to’planib qolganligi xususida so’zlaydilar. Eng muhimi, mahorat, iste’dod va iste’dodsizlik haqidagi bahslar hamon kun tartibidan tushgan emas.

Shu jihatdan olganda ko’ngilning tub-tubida yotgan dardlar, armonlar va orzular yuzaga qalqib chiqadi. Nega o’zbek nasrining bugungi namoyondalari jahon adabiyoti sahnasiga chiqa olmayotir, deya savol berging keladi.

Ehtimol, bugungi adabiy suhbat mavzuini tanlashda ijodiy jarayonning shu nozik jihatlariga e’tibor qaratish zarurdir?

Yuqoridagi kabi o’ylar, mulohazalarni hisobga olib sizga ayrim savollar bilan murojaat qilishni lozim topdim. O’ylaymanki, sizni ham qiynayotgan dardlar ichida shu kungacha ochiq va oshkora ayta olmayotgan mulohazalaringiz, takliflaringiz yetarli. Savollarga qisqa emas, batafsil va kengroq javob qaytarasiz, degan umiddaman.

Sobirjon, suhbatimizni adabiyotshunos Nusratulla Jumaxo’janing quyidagi mulohazalariga javob izlash bilan boshlasak: “Hozirgi adabiy jarayonda meni tashvishga soladigan muammolar ko’p. Bularning eng o’tkiri – adabiy jarayonning qanday kechayotganiga loqayd munosabat: muammolardan bari bir holat emas, balki har biri alohida holat. Tashvishga soladigan muammolardan yana biri shuki, go’yoki jamiyatda tanqid yo’qolgandk, jamiyatda tanqidga o’rin qolmagandek. Jamoatchilikning tanqidga yondashuvi xuddi Saltikov-Shedrinning “Vijdon yo’qoldi” nomli hikoyasidagi vijdonga munosabatga o’xshaydi. Tanqidga nisbatan qo’rquv mavjudligi seziladi. Ijod kishilari tanqiddan, tanqidchidan qo’rqadi. Sovuqqonlik bilan masofa saqlaydi. Munaqqidlar ham ijod kishilarini tanqid qilishdan qo’rqadi, bundan iloji boricha saqlanadi. Bu ikki qavm go’yo ikki qutbga ajralib olib, olijanoblarcha o’zaro odob saqlaydi”.

Ayrimlar kitob do’konlarida maza- matrasiz, bo’sh asarlarning ko’payib ketishi sababini birinchi navbatda adabiy tanqidchilarning faol emasliklaridan qidirishmoqda. Avvallari “Xalq so’zi”, “O’zbekiston ovozi”, “Qishloq hayoti” kabi nashrlarda taqrizlar ko’p bosilar, M.Qo’shjonov, N.Xudoyberganov, A.Rasulov, P.Shermuhamedovning keskin fikrlar, ijodiy jarayondagi muammolarni ko’tarib chiqqan adabiy-tanqidiy maqolalari tez-tez ko’zga tashlanib turar edi.

Endilikda-chi? Professor Nusratilla Jumaxo’ja to’g’ri ta’kidlaganidek, tanqid deyarli yo’qolib ketdi. Adabiy tanqidchilikni bugungi kun talabi darajasida yuksaltirish zarur nazarimda?

Sobir O’nar: — Nazarimda, agar buni kamchilik emas, illat deb qarayotgan bo’lsak, faqatgina adabiy jarayonga emas, butun bir jamiyatga taalluqli desak o’rinli bo’ladi. Nega? Chunki, mana, siz bilan chorak asr sirkasi suv ko’tarmaydigan jamiyatda yashab keldik. Boisi – o’sha ichingizda bilib turgan, hozir ham sirtimizga chiqarishni xohlamaydigan biqiq bir siyosiy muhitning mavjud bo’lgani. Vijdon pozitsiyasidan turib biron kimni tanqid qilib ko’ring edi, ertasi kundan boshlab sizga qarshi siyosiy kompaniya boshlanib ketardi.

Muhammad Yusufning 60 yoshlik yubileyi bo’layotibdi. “Turkiston” saroyida. Bir katta nufuz, obro’ga ega yozuvchi M.Yusuf va ijodi haqida nutq irod etayotir. Nutqining so’ngrog’ida u to’satdan “eng muhimi, Muhammad Yusuf ba’zi birlarga o’xshab adabiy payg’ambarlik da’vo qilmadi, kamtarona yashab o’tdi”, dedi. Yalt etib Abdulla akaga qaradim. Ha-ha, Abdulla aka sapchib tushdi. Yonida Hanifa yanga bor edi. Abdulla akaning qo’lidan tutdi. “Bardam bo’ling!” degan dalda edi bu.

Men qo’rqib ketdim. Nimaga?

Shuning uchun qo’rqdimki, Abdulla Oripov uyushma raisligidan ketganiga, televizorda A.Oripov qiyofasi ko’rsatilmayotganiga o’n yildan oshib ketgandi. Nufuzli yozuvchi esa ulug’, daho shoirni tepkilashda davom etardi. Ana shu yerda Abdulla akaga mabodo yurak xuruji tutib, bir kor-hol yuz bersa ajablanmas edim. Sababi, azbaroyi Karimovga yoqish uchun bo’lsa kerak, karimovchilar Abdulla aka, Rauf Parfi, Halima Xudoyberdiyeva, Tog’ay Murod, Erkin Vohidov va boshqalarni minbarga yo’latishni xohlamas edilar. Halima Xudoyberdiyeva bilan Abdulla Oripov mana shunday muttasil tuhmatlarning qurboni bo’lishdi. Yuraklarini atayin adoyi tamom qilishdi.

Bu – I.Karimov nomidan adabiyotga o’rnatilgan siyosiy diktatura edi.

Bizda shoir-yozuvchini qamoqqa oborib tiqish shart emas. Ochiqdagi mahbus qilib qo’yishardi, tamom, o’z qobig’iga o’zi o’ranib, infarkt bo’lib dunyodan o’tib ketardi.

Ahmad A’zamni yaxshi bilasiz. Yaxshi adabiyotshunos, zo’r yozuvchi edi rahmatlik. Umrining so’ngida “G’ulistonga safar” degan roman yozdi. Nechadir nusxada kitob bo’lib chiqdi. Qo’lma-qo’l o’qildi, deb aytolmayman. Chunki bunaqa asar qo’lma-qo’l bo’lmaydi. O’qilmasa ham hayron bo’lmayman, sababi ommaga emas, ziyoli qatlamga mo’ljallangan. Qizig’i, ziyoliyu hatto yozuvchilar ham aks sado berishmadi. Sababi oddiy: roman G’uliston, ya’ni Quliston fuqarolarining ahvoli xususida edi. Qullar, zanjirbandlar, buni turmush tarziga aylantirgan, mazkur ahvolidan ajablanmaydigan, keyingi tug’ilgan farzandlari ham zanjir bilan dunyoga kelayotgan odamlar va ularning ustidagi diktator xususida. Karimov davrida bunaqa asarga baho berib bo’larmidi? Axir tirik shoirning o’ziga “payg’ambarlik da’vo qilyapsan!” deb tuhmat qilishganini aytdim-ku.

Bilasiz, chin adabiyot dard-hasratli bo’ladi, maddohlik bilan adabiyot barpo qilib bo’lmaydi.

Bizning adabiyotimiz jim turgan adabiyot emas. Zamonaviy nasr Shukur Xolmirzayev tirik paytda “Dinozavr” romani bilan boshlangan. Hali u romanni ko’pchilik o’qimadi, baho bermadi. Aytish joizki, nasr undan keyin ham yangilanib boryapti. Juda ko’p asarlar, romanlar yozilyapti. Afsuski, xalq u yoqda tursin, yozuvchilarning o’zlari ham asarlarni o’qigani yo’q. O’zi adabiyotda ham hech kim aks sado bermaydigan turg’unlik davri bo’ladi shekilli.

Ba’zi bir tengqur jo’ralarimizning romanlarini o’zlarining yurtdoshlari, taniqli adabiyotshunoslar maqtashyapti.

Adabiyotni dunyo sahnasiga olib chiqish to’g’risidagi gapga uncha tushunmayman. Masalan, “O’tgan kunlar” romani “Tanholikning yuz yili”dan past baholanishiga asos bormi? Sh.Xolmirzayev butun bir yozuvchi sifatida Nobel mukofoti olgan biror yozuvchidan kam joyi bormi? Isajonning keyingi romanlari Paulo Koelonikidan past turmaydi. Buni baralla ayta olaman. Isajon o’zi til bilgich oshnolar topib ba’zi chet davlatlarda kitob chiqardi, bir xil joylarda e’tirof etilib, mukofot ham olibdi. Haloli bo’lsin!

N.Jumaxo’janing adib va adabiyotshunos o’rtasidagi tushuniksiz, qo’rquvga asoslangan munosabatlari bor gap. Bu ham jamiyatdagi umumiy qo’rquv bilan bog’liq. Hamma bir-biridan qo’rqadi.

O’tgan yili “Do’rmon” ijod bog’iga dam olish uchun bordim. O’sha paytlarda bir guruh adiblarning uyushma a’zoligidan o’chirilgani ijtimoiy tarmoqlarda muhokama bo’layotgan, uyushma rahbariyati zo’r berib, bu bekor gap, hech kim uyushma a’zoligidan o’chirilgani yo’q, deb o’zini oqlash bilan ovora edi.

Ijod uyi direktori darhol bir ro’yxatni olib, bu yerda yo’qmisiz, deb so’radi. Bilmadim endi, qarang-chi, dedim. Xayriyat, yo’q ekanman. Bo’lmasa u yerda dam olishga haqqim bo’lmas ekan.

Mana shunaqa hadiksirashlar, qo’rqitishlar o’rniga ijod ahli rag’batlantirilsa ekan!

Mana, Abdulla aka nima bo’ldi: xalq, Vatan, yurtboshim, dedi, madhiya yozdi, har kuni har joyda bu madhiya kuylanadi, buni qarangki, muallifning o’z ovozini bo’g’ib qo’yishdi. Karimov davridagi adibning unini o’chirish siyosati hozir ham kimlargadir qo’l kelib qolishi mumkin…

Prezident Sh.Mirziyoyevga ming rahmat, kitobxonlikni rivojlantirish, kitob o’qitish bilan bog’liq qator qarorlar chiqardi, bu borada uzluksiz, qat’iy siyosat yurityapti, viloyatlarga millionlab nusxa kitoblar yetkazib berishni tashkil qilyapti. Otasiga rahmat!

Ba’zilar bo’lsa, zo’r berib obunani to’xtatish bilan ovora. Yo’q do’stlar, obuna yo’qolar ekan, zamonaviy kitoblar o’qilishi, umuman kitobxonlikni kengaytirish haqida qanday gap bo’lishi mumkin?

Hozir eng katta o’quvchilar armiyasi kim? Albatta, maktab. “Yoshlik”, “Sharq yulduzi”, “Jahon adabiyoti”, “Ijod olami” jurnallari, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi”, “Adabiyot gazetasi” kabi gazetalar o’quvchilarni, kerak bo’lsa o’qituvchilarni ham zamonaviy o’zbek va jahon adabiyoti asarlari, yangiliklari bilan tanishtirib boruvchi asosiy nashrlar. Prezident bolalar kitob o’qisin desayu, bu yoqda kimdir yo’q deb oyoq tirab tursa. Toki shunaqa johil rahbarlar bor ekan, maktabga adabiyot yetib bormaydi, to maktab o’quvchisi, adabiyot o’qituvchisi zamonaviy adabiyotdan bexabar qolar ekan, qolgan ommadan sira o’pkalab bo’lmaydi!..

Jovli Xushboq: — Ayrim hikoyalaringizni jahon adabiyoti klassiklari asarlari kabi sevib o’qiyman. Misol uchun, “Minnat” asaringizni olaylik. A.P.Chexovning ba’zi hikoyalaridan nimasi kam?

Asar tili shirali, g’ashingizga tegmaydi. Eng muhimi, hikoyada oddiylik, tabiiylik mavjud, sun’iylikdan xoli: “Akamni, oradan olti yil o’tibdi vafotiga, endi-endi shunday qo’msaymanki, Xudo haqqi, agar hozir hayot bo’lganida, bo’yniga osilib to’yib, bo’kirib yig’lar edim. Odam shunday ekan-da: tirik va sog’lom yurganida xuddi mangu shunday qoladigandek, sen ham oshingni oshab, yuz yil yashab yuraveradigandek tuyulaverarkan. Talabaligimda, Abduxoliq akam ichimizda katta bo’lgani uchun dastavval bir kilo konfet ko’tarib uyiga o’tardim, o’g’il-qizlarini erkalab o’tirishni xush ko’rardim”. Hech qiynalmaysiz, qoqilmay-suqilmay, murakkab, atayin chalkashtirilgan jumlalarga duch kelmay o’qib ketaverasiz.

Hikoyada xarakter yaratish mushkul yumush. Buni Shukur Xolmirzayev kabi nasr ustalari uddalashgan. “Minnat”da Abduxoliq xarakteriga xos jihatlar uning xatti-harakatlari dialoglar vositasida ochib berilgandek. Hatto asardagi epizodik personajlar ham esda qoladi.

Lekin, hayron qoldiradigan jihat shundaki, bir necha qissalar yaratib, ijodiy mahoratingizni sinab ko’rgan bo’lsangiz-da, negadir birorta romaningiz nashr qilinmagan. O’ttiz yoshingizda davlat mukofotiga sazovor bo’lgan edingiz. To’g’ri, ijodkor unvon olish uchun yozmaydi. Ammo… Hatto sizning yoshingizdan kichikroqlar ham ilgari xalq yozuvchisi bo’lishganligini nazarda tutadigan bo’lsak, ijodiy kamolotigizda biroz kechikish jarayoni kuzatilmayaptimikan?

Sizdek iste’dodli adib dunyoning barcha ijtimoiy, maishiy tashvishu vahimalaridan qo’l siltab butkul ijodiy mashg’ulotga sho’ng’ib ketolmayotganligiga afsus chekaman. O’zingiz nima deb o’ylaysiz?

Sobir O’nar: – Mezon qissa yo roman yozish bo’lmasligi kerak, chamasi. Odam o’zini bag’ishlab, kuchi, ilhomini ayamay yozishi, yuzakilikka berilmasligi lozim. Nuqtai nazarim, printsipim shu. Ammo epik ko’lam bilan ijod qilganlarga, ochig’i, havasim keladi. Tolstoy, Sholoxov, Qodiriy, Odil Yoqubovlarni oling. Qancha chigal taqdir, zamon, makondagi murakkabliklar, yozuvchining ayni o’sha qismatlardan ham ustun kelib bayon etishi… Bu – kuchlilik belgisidir.

Romanga havasmand bo’lganimga o’n besh yildan oshdi, deylik, shu yillar davomida qaysidir ma’noda unga unnab yotaman, ba’zan hafsalasizlik, yalqovlik ustun keladi, goho o’tirib, chinakamiga “chechilib” yozishga yumush xalaqit qiladi, umuman, bahona ko’p. Shukur akaga o’xshab “hayt!” deya hamma narsadan voz kechib uzlatga ketish, asli – jasorat. Shu bois malomat qilsam, birovdan emas, o’zimdan o’pkalashim kerak.

Hikoyalarimni e’tirof etayotganingizdan xursandman. Chunki bu gaplarni oddiy o’quvchi emas, katta bir ijodkor, munaqqid aytayotibdi. Keyingi chog’larda, vaqt nuqtai nazaridan, hikoya menga qulayroq tuyulib qoldi. Hikoyaga sig’maganlarini yig’ib yuraman, qani, kun kelib chog’roq bir-ikki romanga joy bo’lar.

Jovli Xushboq: – Shoir Shodmonqul Salom bilan bir necha yil avvalgi suhbatingizdan birida: “Ruslarda professional yozuvchilar ko’p: Paustovskiy, Katayev, Kazakov, Prishvin… Bizda kam” deya afsus chekasiz.

Biroq… Toshkentdagi kitob do’konlariga kirsangiz, Xudoyberdi To’xtaboyev, Muhammad Ali, Nurali Qobul, Erkin A’zam, Shoyim Bo’tayev, Asad Dilmurod, Nazar Eshonqul, Isajon Sulton, Xurshid Do’stmuhammad, Ulug’bek Hamdam, Luqmon Bo’rixon, Abduqayum Yo’ldosh, Qo’chqor Norqobil, G’ofur Shermuhammad, Ne’mat Arslon kabi o’nlab adiblarning roman, qissa, hikoyalaridan iborat to’plamlari taxlanib turibdi-ku? Nahotki “professional yozuvchilar…bizda kam” degan fikringiz haqiqatiga mos kelsa? Yuqoridagi yozuvchilarning qaysi birini professional emas, deb hisoblaysiz?

“O’zbekiston adabiyoti va san’ati”da bosilgan ana shu suhbatingizda: “Ba’zi bir yozuvchilarimizdagi zo’rakilikni, notabiy-sun’iylikni ko’rib, ruhiy kuchlariga havas qilgan holda daholik tabiiylikka daxldor ekaniga iqror bo’laveraman”, deysiz. Va afsus bilan aytasizki, “taassufki, bizning mustaqil zamonimizning qahramonlari adabiyotimizda hali to’la bo’y ko’rsatganicha yo’q”. Va yana aytasizki, “Nazarimda so’zni behuda isrof qilmaslik bugun adabiyotda tag’in kun tartibiga chiqayotir. Obrazlarimiz juda ko’p gapiradigan vaysaqilarga aylanib bormayaptimi? Tushunarsiz holatni tushuntirib beramiz deb o’zimiz ham obdon urinib yotganga o’xshaymiz”.

Bu fikrlar asosli va haqqoniyligiga shubha qilmayman. Ammo keyingi yillarda ko’pchilik yozuvchilar ko’ngildagi gaplarni tiliga chiqarishga nega istihola qilishayotir?

Sobir O’nar: — Endi, Jovli aka, sizam juda yoqadan olmang-da. Siz tilga olgan adiblarning professional ekaniga shubha qilmagan holda men, masalan, Valentin Katayevning “Xayol chechaklari” asarini misol keltiray. “Xayol chechaklari” shunaqa nozik kuzatishlarga boyki, uni o’qib rohatlanasiz, g’aroyib go’zalliklarga oshno bo’lasiz. U yerda hech qanday jamiyat muammosi yo’q, yozuvchi va hayot bor, xolos. Aytish kerak: “Xayol chechaklari”ni filologiya va jurnalistika fakulьtetlarida darslik sifatida qo’llasa bo’ladi. Taniqli shoir va dramaturg Mashrab Boboyev uni go’zal tarjima qilgan.

Paustovskiyning ulug’ rus rassomi Savrasov va shogirdi Levitan haqida hikoyasi bor. Ijodkor, uning real hayoti, dunyosi, xayoloti, mohiyati anglashiladi hikoyada. Qahramon birov bilan kurashmaydi, dushman orttirmaydi, yozuvchi ham ortiqcha g’oyalar ortidan o’quvchini sudramaydi, mohiyat-mazmun, o’zga bir olam bilan sizni yuzlashtirib, go’yo o’zi chetda tomosha qiladi.

Yozuvchining “Oltin gul” degan poetik bir asari ham bor. Uni ham filologlar, ijodkorlar uchun o’ziga xos muhim darslik degan bo’lardim.

Yana Katayevning Lenin haqida bir romani bor, nomi”Devordagi kichik eshik” edi chog’i, Ozod aka tarjima qilgan, 1987 yilda “Yoshlik” jurnalida bosilgan.

Bilasizmi, biz Leninni keragidan ortiq yomon ko’ramiz. O’sha paytda ham ziyoli qatlam yomon ko’rgan. Oshkoralik yillarida garchi “dohiy” asarlaridan bahramand bo’lsak-da, tuyqus unga nafratimizni pesh qildik. Katayev bu ”moda”ga ergashmagan. Leninni inqilobchi emas, bir hayotiy tashvishlar, turmush azoblaridan xoli bo’lmagan Odam sifatida qalamga olgan. U kitob bo’lib chiqmadi shekilli, agar hozir do’konda ko’rsam, ikkilanmay xarid qilib, tag’in o’qigan bo’lardim.

Adabiyot muammoshunoslik yoki shaklbozlik emas, san’at. U tarixiymi, ijtimoiy masalalar yoki inqilobiy yoxud diktaturani fosh etadimi, agar yozuvchi asarda mahoratini to’la namoyon etmas ekan, publitsistik darajada bo’lib turaveradi.

Bu – mening, avvalo, bir o’quvchi o’laroq qarashlarim.

Vafo Fayzulloh Frants Kafkaning “Otamga maktublar” degan biografik asarini o’zbek tiliga tarjima qildi. Tarjimayam zo’r chiqqan. Ochig’ini aytay: “Jarayon” romanini o’qigandan ko’ra buni mutolaa qilib ko’proq zavq oldim, yozuvchining ruhiga yaqin yo’ldosh bo’ldim. Sababi nima? U shundan iboratki, adib, so’z san’atkori sanalgan bir inson bu yerda o’z qalbini tarjima qilolgan, o’quvchiga u yuqmay qolmaydi.

Jamiyat muammolarini ochiq tanqid qilish adibning ishi emas, uni jurnalist ham eplaydi, lekin uni badiiy asarga aylantirib, qoyilmaqom tarzda ifoda etib berish – alohida bir ish.

Qodiriy agar “O’tgan kunlar” romanida Otabek va Kumush sevgisi bilangina cheklanib qolganida, balki biz muhabbat haqida falon yozuvchi shirin bir qissa yozib qoldirgan edi, deb, ehtimol, zo’rg’a eslagan yoki eslamagan bo’lardik. Sevgi fonida tarix, jamiyat dardini me’yorida (!) badiiy ochib berish, ayni san’at odamining yoki birov eplolmaydigan sirli yumushi.

Shu ma’noda professionalizm deganda kamina qalbni o’rtab turgan umumbashariy yoki o’zbekka, Vatanga xos dard-hasratni aytishni emas, qay tarzda go’zal, yo’lini topib, mohirona badiiy priyomlar, yana o’quvchi qalbi bilan bog’lanib, ya’ni avval o’zi rost yozayotganiga ishonib yaratgan asarni tushunadi.

Siz tilga olgan adiblar bizga ustoz, ko’pchiligi do’stlarimiz. Hamma yozuvchi o’z asarining e’tirof etilishiyu odamlar sevib mutolaa etishlarini xohlaydi. Ammo o’zi bilan o’zi qolganda – qoniqmaydi. Hali o’zi xohlagan asari yozilmaganini, endi yozishi mumkinligini anglaydi.

Qodiriy hazratlari ham “Amir Umarxonning kanizi” romaniga material to’playotib, qo’rqamanki, buni o’qiganlar avvalgi “O’tgan kunlar” va “Mehrobdan chayon”ni qo’lga olmaslar, deya tashvish chekadi. Ayni chog’da ushbu yaratilajak roman favqulodda zo’r yozilishiga ichidan iqror bo’ladi, demak, kuch topadi.

Professionalizm o’tirib olib yaratiladigan, yonboshlab olib shakllantiriladigan bir mo»jiza emas. U o’z-o’zidan shakllanadi, yuzaga keladi, ravshanki, ikki-uch kunda sodir bo’lmaydi.

Gazeta muharriri yoxud nashriyot, masalan 9 may – xotira va qadrlash kuniga shiringina bir maqola yozib bermaysizmi, deb buyurtma beradi. Yozuvchining bu “shirin” maqolasi tabiiy ravishda gazetaning birinchi sahifasida beriladi, qalam haqi bilan rag’batlantirilar ham.

Albatta, muharrir sizning qo’lingizdan bu ish kelishini bilib atay buyurtma berayotibdi, aksincha bo’lsa no’noq yoxud havaskor qalamkashga “shirin” bir asar yozib bering, deb o’tirmas edi. Fojealarga to’la bir zamonni eslab “shirin” narsa yozmoq – ayrim mualliflarning qo’lidan keladi.

Bu borada men barmog’im bilan nuqib Shukur Xolmirzayevni ko’rsatgan bo’lardim. Qo’ymadingiz, Erkin A’zam ham buyurtmaligi bilinmaydigan, “shirin”, ammo buyurtma bo’lsa-da, birovning xayoliga kelmagan bir asar yoza oladi, boshqalar ham, alalxusus, o’zimiz ham to’daga uramiz, ammo buyurtma bo’lsa-da, uni ko’ngil ishiday, chin ilhom bilan, yurak amri bilan bitilganday qilib eplash – profesionalizm.

Undaylar bizda ko’p emas, deganim, aslida, o’zimizni yozg’irganim, xolos, birovga ayb yuklamayapman.
Boyagi “bu dunyoning tashvishlaridan qo’l siltab, ijodga sho’ng’ish” masalasiga birrov qaytsam. Xo’-o’sh, odam nega shunday tavakkal qilolmaydi? Nega o’zi shunday qilolmaymiz, axir, Shukur aka bu zohidona hayotni boshlab bergan va kam bo’lmagan edi-ku?

Yo’-o’q, biz qo’rqoqmiz!

Kezi kelganda Abdulla Oripov, Shukur Xolmirzayev avlodi ustidan hukm qila olamiz, kibrlanib kula olamiz, lekin kezi kelganda ular jur’at qilgan jasoratga qo’l urolmaymiz. Jasorat kerak.

Shu barobar davlat ishidan, demak, maoshdan uzilib bola-chaqa qosh-qovog’iga qaramay, uzlatga chekinish uchun, albatta, birinchi galda aqalli bir-ikki yilga yetgulik mablag’ing, yostiqni qoringa bosib, ko’k choyni xo’rillatib ichib ijod tafakkuriga cho’mib, berilib ketish uchun inson hammasidan ko’ra xotirjam bo’la olishi kerak. Shunisi muhim. Xotirjamlik bo’lmasa, kishi hech bir ishga tavakkal qila olmaydi.

Unisini qo’ying, Joli aka, mana, shu suhbatni qilaylik, mavridi qachon bo’ladi, deya so’rab, bir-birimizni poylab bir muhlat vaqt o’tkazdik. Prezident uyushma a’zolariga ijodiy buyurtma olib Zomin, Parkentda qurilayotgan dam olish uylaridan, kerak bo’lsa, bir yillik ijodiy ta’til berilishi mumkinligini taklif qildi. Ko’ramiz, qani, kim nima yozadi. Bu yengillik, imkoniyatdan kim qanday foydalanadi? Shundan keyin xam bir ish chiqmasa keyin yozuvchi degani o’zidan o’pkalasin. O’zingiz ham kichkina ijodkor emassiz, bu savolni qaytarib sizga bersam ham bo’lardi…

Buyam bir gap, endi.

Jovli Xushboq: – Adabiyotshunos Yo’ldosh Solijonov kuyinchaklik bilan quyidagilarni yozgan edi: “Filologiya mutaxassisligiga oid kafedralarni “O’zbek tili va adabiyoti” degan umumiy nom ostida birlashtirish ham urfga aylandi. Nahotki, vazirlikdagi mas’ul xodimlar universitet umumta’lim maktabi uchun o’qituvchigina emas, adabiyotshunoslik fanining o’nga yaqin yo’nalishi bo’yicha tadqiqotchi ham tayyorlashini bilmasa?! So’z san’atiga bu taxlit munosabat “Adbiyotga e’tibor – ma’naviyatga, kelajakka e’tibor” degan ezgu g’oyaga mos kelarmikan…

Adabiyot moddiy boylik ishlab chiqaruvchi korxona emas, ammo u inson qalbi, aql-zakovati, dunyoqarashi, tafakkurini o’zgartirishga qodir! Adabiyot jamiyatga keltiradigan manfaatni oltinu javohir bilan o’lchab bo’lmaydi. Shunday ekan, ta’lim tizimida adabiyot yo’nalishlarini o’qitishga alohida e’tibor qaratish, talaba fan asoslarini chuqurroq egallashi uchun dars soatini ko’paytirish, sohaga oid tadqiqot ishlari saviyasini oshirish maqsadga muvofiq. Adabiyot – yorug’ manzillarni izlayotgan bani odamga yo’lchi yulduzdir. Demak, so’z san’atiga e’tiborsiz qarashga haqqimiz yo’q”.

Men ham Termiz davlat universitetining o’zbek adabiyoti kafedrasi o’qituvchisi, Qiziriq tumanidagi 1-maktabda adabiyot muallimi vazifasida ishlagan yillarimda guvoh bo’lganman: o’quv maskanlarida davlat tili va adabiyotini o’qitish ayrim joylarda talab darajasida emas. Hatto dars soatlari oz.

Ikkinchidan, siz kabi yoshi oltmishinchi dovonga yaqinlashayotgan iste’dodli adiblarning hayoti va ijodi xususida talaba va o’quvchilarga mo’ljallangan darsliklardan yetarli ma’lumot ololmaymiz. Ehtimol, Nazar Eshonqul, Xurshid Do’stmuhammad, Luqmon Bo’rixon, Isajon Sulton, Abduqayum Yo’ldosh, Sobir O’nar, Ulug’bek Hamdam, Nabi Jaloliddin ijodiy faoliyatini oliy o’quv yurtlari va umumta’lim maktablarida yanada chuqurroq o’rganish zarurdir?

Sobir O’nar: — Avval zamonlarda bu masalalar, ixtisosliklar bo’yicha ma’lum tartibga solinib, nazorat qilib turilardi. Moskvada chop etiladigan nashrlar orqali filologiya sohasida qanday yangi mavzular, yangi ishlar, dissertatsiyalardan xabardor bo’lish mumkin edi. Masalan, kamina “Voprosы literaturы” nomli har oyda chop etiluvchi kattakon jurnal sahifalarida filologiya fanlari doktori Norboy Xudoyberganovning bahs qo’zg’ovchi zamonaviy o’zbek she’riyati muammolariga oid turkum maqolalari, boshqa mutaxassislarning e’tiroz, munosabatlarini o’qiganim esimda. Ushbu maqola va bahslar darhol o’zbek narshrlarida tarjima qilib bosilar, ko’p o’tmay undan deyarli hamma xabar topardi.

Berdiali Imomov degan professorimizning o’zbek dramaturgiyasiga oid muommoli chiqishlari ham esimga tushayotibdi.

Bugunga kelib go’yo yuqoridagi muammolar birin-ketin barham topgandek hech kim indamaydi. Aytganingizdek, filologiyaning ham sohalari, tarmoqlari ko’p. Mumtoz adabiyot, aruz vazni bo’yicha mukammal tadqiq etuvchi olimlarga muhtoj ekanimizni ba’zi bahslardan o’qtin-o’qtin o’qib qolamiz. Kimdir shu muammo ham bor-da, degandek quloqqa shipshiyotganga o’xshaydi. Muammo sifatida birov keskin ko’ndalang qo’yganini ko’rmadik.

Mumtoz adabiyot manbalarini o’qiy oladigan, tadqiqotlar olib bora oladigan mutaxassislarimiz borgan sari kamayayotgani, yoshlar bu sohaga qiziqmayotgani, bu axir – fojia-ku, dahshat-ku, o’tmishdan uzilish-ku!

Biz bo’lsak, uni qimtinib, shivirlab, uyalib aytamiz, muammo o’z-o’zidan hal bo’lib qoladigandek ko’p hafsala ham qilib o’tirmaymiz.

Endi zamonaviy o’zbek adabiyoti darsliklari oliy o’quv yurti yoxud maktablar o’quv dasturiga kiritilmagani masalasiga kelsak, bu ham bizda o’ziga yarasha boshog’riq. Kimningdir qaysi bir mafkuraga xizmat qilishi, qaysi guruh, mahalla adabiyotiga ko’proq qiziqish bildirishi yoxud hech qiziqmasligi – bu darslik kitob yoki majmuada aksini topishi – darslik tuzuvchilarning xolislikdan uzoqlashib ketishi – mutlaqo tushunarsiz, agar tushunarli bo’lganda kulguli holatni keltirib chiqaradi. Zamona zayli bilan Omon Matjon, Halima Xudoyberdiyeva, Azim Suyun kabi shoirlar darslik hamda xrestomatiyalarga Alisher Azizxo’jayev degan arbobga yoqmay qolib, butun boshli darslik kitoblar tiraji maktablardan yig’ishtirib olinib, makulaturaga topshirilganini o’z ko’zimiz bilan ko’rganmiz.

A.Azizxo’jayev barcha tumanlardagi markaziy kutubxonalar hamda ularga qo’shilib qishloq soveti kutubxonalarining butkul barham berilishiga bosh-qosh bo’lgan johil rahbar sifatida tarixda qoldi.
Endi bugun o’sha yo’qotilgan kitoblarning o’rnini to’ldirish uchun boshqatdan “kitobxonlik madaniyatini oshirish”imiz chunon zarur bo’lib qoldiki, bundoq surishtirib kelsangiz o’n-o’n besh yil burun milyon-milyon nusxadagi sara badiiy kitoblarimiz, albatta, Lenin, Stalin, Marks, Engelьs singari “kommunizm daholari” asarlariga qo’shilib makulatura, undan to’ppa-to’g’ri hojatxona qog’ozi ishlab chiqarish korxonalariga yo’l olgan edi.

Afsus, endi ularning o’rni bir-ikki yilda to’lib qolmaydi. Keyinchalik Abdulla Oripov va Odil Yoqubov rahbariyatga yoqmay qolganida yana qancha kitoblar “makulatura qurboni”ga aylanganini bir hisoblab ko’rish kerak chog’i.

Ayni kunda badiiy asarlar adadi ko’p emas, bilasiz. Boz ustiga “Sharq yulduzi”, “Yoshlik”, “Jahon adabiyoti” singari adabiy jurnallarning ham tobora sho’ri qurib bormoqdaki, kitoblar barobarida adabiy jamoatchilik nazaridan tobora uzoqlashib borayotgan ushbu jurnallarni jillaqursa saqlab qolish siyosati yuritilsa, “obuna bo’lmaslik”, “xohlagan nashrga kim xohlasa obuna bo’lsin” printsipi asosida emas, baraka topgurlar, bu jurnallarda zamonaviy o’zbek va jahon adabiyotining eng zo’r namunalari chop etilayotir. Bu degani – zamonaviy adabiyotning tirik namunasi, vaqti kelsa do’kondan asarlarni alohida kitob holida ham sotib olarsan, biroq hozir bu jurnalni ko’r, qiziqqin, obuna bo’l, xo’sh, nima yutqazasan, ol, o’qi, deya dalda bersa, biror vazirning bir joyi kamayib qolarmidi? Nashrlarga yoppasiga obunani chegaralab, aslida kim nima manfaat ko’rdi?

Ba’zan arbob jarayondan ko’z yumib, (yaxshilik uchun, albatta) jim turishi ham uning ma’rifat uchun “xizmati”ni ta’minlab yuboradi…

Jovli Xushboq: — Bir necha yil avval matbuotdagi chiqishlaringizning birida yoshlar faol emasligidan noligan edingiz: “Hozirgi yoshlar katta bir oqim bo’lib yuzaga chiqayotganlari yo’q. Men ularning aksariyati o’qimaslik kasaliga duchor bo’lganidan qo’rqaman. Yozadilar, lekin o’qimaydilar. Bir xillari eksperiment usulida bir balolarni yozadi, tushuntir-chi, o’zi kimga o’xshab, kimga ergashib bunaqa narsa bitding desang, yelka qisadi. Holbuki, biz butkul boshqa zamonga kelib qolgandek. Xabardorlik, ogohlik kerak.

Badiiy adabiyotga bevosita taalluqli bo’lgan ancha-muncha adabiyotlar internetda ham mavjud. Atoqli shoir Xurshid Davron juda ko’plab arzirli asarlarni internetga joylashtirdi. Buyam jonkuyarlik. Ammo yoshlar na internet, na kitobga e’tiborsiz bo’layotgani chatoq. Internetga qiziqishadi, lekin asarga, adabiyotga emas.

Yilda bir-ikki marta yoshlarning adabiy ko’rik-tanlovlarida xizmat taqazosiga ko’ra qatnashishga to’g’ri keladi. Ayniqsa shoir bo’laman degan yoshlar o’qimaslik bobida hayratga solishadi meni. O’smoqchilab so’rab kelsang, Muhammad Yusufning she’rlarini o’qiyman deydi, uning ham kitoblari nomini bilmaydi. Aslida ular M.Yusufni ham o’qimagan bo’ladi, radio yoki televizorda shoir she’rlari bilan aytilgan qo’shiqlarni eshitgan, xolos”.

Bu fikrlaringizga men ham qo’shilaman. Yoshlar bilan gurunglashganimda ular bugungi ijodiy jarayonda faol shoir va yozuvchilarning hatto ismi-familiyasini bilmasliklari meni ajablantirdi.

Ehtimol, oliy o’quv yurtlari, maktablarga O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zolarini dars o’tishga jalb qilish kerakmikin?

Sobir O’nar: — Maktabda o’qib yurganimizda hozirgiday adabiy anjumanlar deyarli bo’lmasdi. To o’qishga hujjat topshirib to’satdan shoirlarni uchratib qolmaganimizda, ehtimol ularga qiziqishlarimiz orqavarotdan, sirligicha qolib ketarmidi… Ammo bugun vaziyat butunlay boshqacha. Xohlagan ijodkor bilan xohlagan kuning, xohlaganingcha suhbatlashsang bo’ladi.

Lekin, aytaylik, Xurshid Davron, Murod Muhammad Do’st, Nazar Eshonqul yoxud boshqa shu toifa ijodkorlarga “Ilk qo’lingizga qalam olishga undagan narsa nima?”, “Birinchi nima haqida yozgansiz?” va hokazo ensani qotiruvchi “dejurniy” savollar bilan joniga tegsangiz, ya’nikim, uning asarlarini o’qimagan bo’lsangiz, bahs yurita olmasangiz, qo’lini siltab jo’nab ketaqoladi.

9-yoki 10-sinfdaligimda Nizomiy nomidagi pedagogika universiteti talabalari bilan shoir A.Oripovning uchrashuvi televizorda ko’rsatilgan. O’sha davr sxemalariga mos uyushtirilgan bo’lsa-da, bari bir mashhur shoirning jonli muloqoti o’ta qiziq edi. Chamasi Abdulla aka hali qirq yoshga to’lmagan yosh yigit edi, biroq tiyran dard, teran falsafa, ko’ngilni junbushga keltiruvchi armonli she’riy misralari tamom bizni oshufta qilib qo’yardi.

Hozirgi havaskorlarda ham shoir zotiga shunday talpinish, ijodiy mahoratidan hayratlanish tuyg’ulari bormikan? (Bormikan-a?..)

Katta ijodkor bo’lish uchun ko’p o’qish kerakligi bor gap. Ammo zinhor va zinhor Navoiy, Mashrab, Ogahiy, Oripov yoxud Muhammad Yusuf biror imtiyoz tufayli yetuk shoir bo’lib qolmagan. Va o’z navbatida zulfiyachi qizlarimizning aksariyati to’tiqushdek sayrab “vatanparvar” bo’lib qolishlari ortida, agar iste’dod yo’q ekan – hech narsa yuz bermaydi, ya’nikim yo’q iste’dodni bir mukofot bor qilolmaydi, aksincha, bor iste’dod, garchi u davlat mukofoti darajasida ma’qul ko’rilmasa ham adabiyot, xalq uchun yorqin voqea bo’lib qolaverishi mumkin. Bizning mukofotlarimiz talantlardan ustun turadi, teskarisi bo’lishi zarur…
Yozuvchilar uyushmasi a’zolari, ya’ni tilga tushgan shoiru yozuvchilarning xalq orasiga, shu kabi oliy o’quv yurti talabalari ichida bo’lishi, muloqot qilishi, kerak bo’lsa dars o’tishlari foydadan xoli emas. Ayni zamonda, virtual tarmoqlar kuchaygan davrda ehtimol bunga ehtiyoj ham kamaygandir.

Men 8 yoki 10-sinfda “Sharq yulduzi” jurnalida yozuvchi Nurali Qobulning “Tubsiz osmon” qissasini o’qib ho’ng-ho’ng yig’laganman. Talabaligimning dastlabki oylarida fakulьtetimizda Nurali Qobul bilan uchrashuv bo’lgan. Hayajonlanganimdan hushimdan ketayozganman.

Boshqalar savol bergan, men yozuvchining so’zlarini tinglaganman, harakatlarini tomosha qilib o’tirganman…

Agar muxlisda, kitobxonda chindan ham ixlos bo’lsa, jonli muloqot kerak, ustoz tajribasidan ulgu olmoq koni foyda. Mabodo kitobxon kim bo’pti, buyam bir odam, biologik mavjudot, nima qipti, gapiradi-da, deb mehrsiz, bepisand qabul qilsa, bilingki, unday jonli suhbatdan sira foyda yo’q.

O’ylaymanki, bizdagi o’quvchilarda unday sovuqqonlik bo’lmasa kerak. Ijodkorlarga hurmat, mehr va hayajon doim balqib turadi.

Jovli Xushboq:– Yozuvchining publitsistikaga murojaat qilishi tabiiy hol. Chingiz Aytmatov, Odil Yoqubov, O’tkir Hoshimov kabi mashhur prozaiklar otashin publitsist ham bo’lishganini yaxshi bilamiz. Hatto siz ham yigirma yillar avval “O’zbekiston ovozi” gazetasida “Goh huquqni bilmaslik, goh hiylai shar’iy” kabi nordon tilli muammoli maqola e’lon qilgan edingiz. “Achchiq, ammo ochiq gaplar” rubrikasi ostida bosilgan qariyib bir sahifani egallagan materialingizda jinoyat yo’liga kirib qolgan kishilar xususida hikoya qilgansiz. Yana ko’plab maqolalaringizga ko’zim tushgan.

Adib publitsistikasi adibga nima beradi? Boy hayotiy materialmi yoki yozilajak asarlar syujetini qiziqarli qilish yo’lini ochadimi?

Balki yozuvchi publitsistikaga kamroq murojaat qilgani, gazeta va jurnalda uzoq vaqt o’tirib qolmasligi kerakdir? Negaki, nashrlar nonini yeb kun kechiradigan yozuvchining badiiy asarlarida publitsistik ruh ustuvorlik qilib qolmasmikin?

Sobir O’nar: – Yozuvchi publitsistikasi boshqa jurnalistlar publitsistikasidan, tabiiyki, farq qiladi. Gap shundaki, adib hayotga, jamiyatga ko’lamdorroq nazar soladi, voqea-hodisalarning ma’naviy oqibatlariga teranroq razm solishi mumkin, shu bois u oddiy reportaj yoki lavha uyushtirayotgan jurnalistdan ayricha fikrlashi muqarrar.

Chingiz Aytmatov, Odil Yoqubov, O’ljas Sulaymon, Andrey Voznesenskiy publitsistikasi, suhbatining ko’p shov-shuvga sabab bo’lgan hollarini kuzatganmiz.

Bu adibga nima beradi? Aytish joizki, ko’p narsa! Avvalo jonli hayotga, kishilik jamiyati muammolariga yaqin bo’ladi. Biroq yozuvchi hayotga, modomiki yozuvchi ko’zi bilan qararkan, albatta, boshqa qarashlar qobig’idan chetga chiqishga majbur va shunda u… jurnalistik zamin o’ziga torlik qilayotganini sezib qoladi. O’z-o’zidan tushunarliki, ayniqsa gazetachilikda rasmiyatchilik maqomi ko’pincha usutvorlik qiladiki, shu nuqtada aksariyat adibman degani jurnalistika qobig’idan chiqadi. Samimiyroq, hayotiyroq, “odamgarchiligi” ko’proq bir davrani qo’msab qolasiz-ku, shunda beixtiyor rasmiyatchilikni yig’ishtirib qo’yaqolasiz. Yoki butunlay xayr-xo’sh qilarsiz.

Juda jo’n misol aytay: ikki do’stdan biri – Anvar Jo’raboyev yozuvchi bo’lolmadi, Nurali Qobul jurnalist bo’lib qolmadi.

Jovli Xushboq: — Siz taniqli adibgina emas, davlat va jamoat arbobi bo’lib yetishishingiz ham mumkin edi. Negaki, O’zbekiston respublikasi Prezidenti huzuridagi davlat va jamiyat qurilish Akademiyasi auditoriyalarida yigirma yillar avval siyosiy mavzularda lektsiyalar tinglaganingizni yaxshi eslayman. Bunday nufuzli o’quv yurtida tahsil olish hammaga ham nasib qilmagan.

Ehtimol, demak, siz Qo’shrabotga yoki Toshkentning biror tumaniga hokim yoki boshqa kattaroq mansabdor bo’lib ketsangiz badiiy ijod bilan izchil shug’ullanarmidingiz?

Misol uchun Chingiz Aytmatov, O’ljas Sulaymonov kabi yirik, adabiyotning taniqli namoyondalari ham siyosatchi, (bir necha davlatlarda elchi) ham ijodkor sifatida doruq qozonganlar.

Siz-chi? Lavozim ijodiy ishga xalal beradi, deb o’ylaysizmi? Bugungi kunda ham xoh nashriyotda, goh siyosiy gazetada ishlab ko’p vaqtingizni tashkiliy, yugur-yugur ishlarga isrof qilib yuribsiz. Achinmaysizmi?

Balki iste’dodlarga ijtimoiy hayotda faollik xalal berar? Yoki ishlamay ijod qilayotganlarning yigirma-o’ttiz nafariga oyiga bir necha million so’m maosh tayinlash tajribasini qo’llash kerakmikin?

Sobir O’nar: – Prezident Akademiyasida o’qiganim rost. 1996-97 o’quv yillarida o’qidim. Men bilan rahmatli Muhammad Yusuf, shoir G’ulom Mirzo, yana bir olim do’stimiz Elmurod Xolbozorov (Murod Muhammad Do’stning ukasi)lar o’qishdi. Elmurod aka ham bir dard bilan keyin vafot etdi. Bizdan so’ng shoir Abduvali Qutbiddin, undan so’ng Qo’chqor Norqobil o’qishdi.

Gapning ochig’i, Abdulla Oripov M. Yusufga va kaminaga akademiyaga o’qish uchun tavsiya berayotganida keyin rahbar bo’lasizlar deb qiziqtirgani esimda. Lekin na shoirlar, na boshqalar rahbarlik orqasidan quvganini ko’rmadim. 1997 yilda devonning “rezerv kadri” hisoblanardik, hozir ham…

Ichimizdan viloyat hokimlari, vazirlar chiqdi. Vaqti kelganda ular “Yoshlik” jurnalining obunasi ko’payishiga yordam berishdi, shu bois vazir, hokim bo’lgan birodarlarimdan hanuz xursandman. Biroq bugunga kelib deyarli barchalari “rezerv kadr”ga aylanib qolishdi.

Kim bilsin, zamon – yoshlarniki, bo’ldi chog’i. Bir kun kelib yozuvchilar ham yoshlardan bo’lsin, kattalar yig’ishtirsin, deyishmasa bo’lgani.

Albatta, bu-ku hazil. Yozuvchi, shoir o’lgunicha pensiya so’ramaydi. Ammo ijodkor degani bora-bora xashakilashib ketmasmikan?

Xavotir olasan-da odam. Mana, san’atkorman degani yoshi kattaroqlari ham xashakilashdi, aytayotgan qo’shig’ini ko’rib, tinglab qo’l siltab qo’yaqolasan. Yo’q, bu bilan na gaplashib bo’ladi, na qo’shig’ini toqat qilib tinglaysan. Meni xavotirga soladigani shu.

O’zbek yozuvchilaridan arbob chiqmadi. Yo’l berishmadi chog’i. Aytmatov, Sulaymonov, Shoxonov elchilik qilgan joyda o’zbek yozuvchilari ham elchilik qila olishardi. Yozuvchi, shoirni yaxshi ko’rish uchun katta rahbar adolatni seva olishi lozim. Xusayn Boyqaro davlatchilik tizimida Navoiyning aqliga, adolatiga suyanganini o’qiganmiz. Shu ma’noda o’zbek davlat ishida adiblar aralashgan. Mirzolik, kotiblik, maslahatchilik qilishgan. Boburdek inson shoh va shoirlik maqomiga ko’tarildi.

Mansab va pul ijodkorga ortiqchalik qilmaydi. Qaytanga rag’bat, ilhom berishi mumkin. Lekin agar ijodkor hokim bo’lib qolsa, aniq – u ijodkor sifatida o’ladi, tamom bo’ladi. Mana, hokimlarimizning ahvolini ko’ring, tepadan urish, so’kish eshitgani-eshitgan, bu yoqda esa xalqning qarg’ishi, “ichib qo’ydi – yeb qo’ydi” degan malomatlari-chi.

Bugun, – bilmadim shunaqa ishxona-idora bormikan, –- bemalol ishga borib kelsang, 4-5 million so’m maosh olsang, kechqurun uyda, bola-chaqang bilan dam olsang, shanba, yakshanba kunlari ijodga vaqt topsang, kasal qarindoshingni ko’rib kelishga og’rinmay vaqt, pul topolsang, qarindoshing to’yiga borib yonida turolsang, farzand, nevara to’ylariga qatnashsang.

Seni oqsoqol, yoshingni katta deb to’rga o’tqazishsa, bilmadim, hurmat-izzatning tag’in qanday mezonlari bor…

Xullas, odam, shularning bir a’zosi— yozuvchi baxtli yashashi uchun juda ko’p narsa kerak emas.

Faqat ijodkor ham siyosatning qo’shig’ini aytsa, umr bo’yi xizmat qilsa-yu, oxirgi kezda xuddi Abdulla Oripovga o’xshab “keraksiz” ijodkorga aylanib qolish alam qiladi. Ikki dunyongdan ham rozi bo’lmaysan. Siyosat yaxshidir ehtimol. Lekin adolatsizlik qilaturib adolatsizligini hech vaqt bo’yniga olmaydi, sen ham, zinhor urinma – bo’yniga qo’yolmaysan…

Tinch, qarindosh, farzandlaring e’zozida o’lim topsang ham, aslida – baxtli yashab o’tganing. Ko’p zamonlarda bundan ortiqchasi ortiqcha bo’lgan…

O’ylab-o’ylab zo’rg’a esladim, o’sha vaqtlarda shiddat, g’ayrat ko’p ekan-da o’ylasam, odamning bir-biriga e’tibor, hurmati ham ko’proqmikan…

Katta yoshdagilar, oqsoqollarning bir-birini e’zozlashgani, matbuotda – buni e’tirof etishganiniyam ko’rganmiz. Oqibatli odamlar davri ekan. Ha, o’sha ustozlar ming qilganda ham mazmunli hayot kechirishdi, o’tganlarini Alloh rahmatiga olsin.

Oqibatlilikda gap ko’p-da, shunday emasmi?

Jovli Xushboq: – Vaqtim bemalol bo’lgani uchunmi, viloyatlarda ijodiy safarlarda tez-tez bo’lib turaman. Samarqandga borganimda yozuvchilar uyushmasining viloyat bo’limi rahbari Toshpo’lat Tugalovdan tashqari yana o’nlab ijodkorlar bilan miriqib gurung qildim. Ularning ta’kidlashicha viloyatda o’z kasbinigina emas, kitobni, ma’naviyatni qadrlaydigan kishilar ham ko’p ekan. Xususan, Erkinjon Turdimov, Jamshid O’roqov, Rustam Qobilov, Abdumajid Nurqulov, Botir Mirzayev, Zayniddin Jo’rayev, Davronbek Jumaniyozov, Adham Bahromov, Zafar Karimov, Bahodir Esonturdiyev, Qahramon Hasanov, Botir Jabborov, Vohid Sanaqulov, Mamat Turdiyev kabi o’nlab tafakkuri keng, ijodkorlarni qadrlaydigan insonlar ko’p ekanligini qayd etishdi. Hatto ayrim mansabdorlarning kutubxonasida sizning “Bibisora”, “Chambilbelning oydalasi” kabi kitoblaringiz turganligini ko’rib quvonib ketdim.

Lekin, negadir o’zingiz tug’ilib o’sgan viloyatning tumanlarida ijodiy uchrashuvlarda tez-tez bo’lib turmaysiz.

Misol uchun Qo’shrabotga borib, talantli yozuvchi Sobir O’narni taniysizlarmi, hikoya va qissalarini o’qiganmisizlar, deb so’rab qolgudek bo’lsangiz ko’p odamlar yerga qaraydi. Ammo falonchi oshpaz yoki artistni bilasizlarmi, desangiz yuzlab kishilar: “Ha, har kuni u pishirgan oshni mazza qilib yeymiz” deb maqtanishadi. Bu nimadan dalolat, ayrim joylarda ruhga quvvat baxsh etadigan ma’naviy ne’matlardan ko’ra tanaga oziq bo’ladigan taomlarga ruju qo’yish oqibati emasmikin?

Sobir O’nar: – Bu gapni to’g’ri aytdingiz. O’zim tug’ilib o’sgan Qo’shrabotga, ayniqsa, qishlog’im Quvkallaga tez-tez borishga harakat qilaman. Ota-onam tirikligida ularning diydoriga oshiqar edim, endi ular yo’q, bir oz qadamim siyraklashdi, ammo aka-uka, singillarim, jigarlarim, yor-jo’ra, ulfatlar, sinfdoshlar bisyor, iloji bo’lsa, to’y-ma’rakasi, yaxshi kunlarida borsam deyman – ko’ngil talpinadi-da. Ular, albatta, kaminani yozuvchi, jurnalist, muharrir deb hurmat qilishlari ham yoqimli. O’zim hafsalasizroqman, birovlarga o’xshab to’daga uravergim kelmaydi.

Bir to’yda davra boshlovchisi kaminani tanishtirib o’rtaga chorlayapti:

– Davramizda poytaxt Toshkentdan tashrif buyurgan aziz mehmonimiz o’tiribdi, yozuvchi, “Yoshlik” jurnalining ko’p yildan beri muxbiri Sobir O’narovga so’z beramiz. Marhamat, mehmonni olqishlaylik, azizlar.

O’zingiz bilganingizday ikki og’iz tilak, yaxshi istaklar, yana sinfdoshlar qurshovi, ol-ol, ye, ich.

Biqinimda o’tirgan o’qimishliroq sinfdoshimning biqiniga turtaman.

– Axmoq, qachongacha meni muxbir deysan, axir jurnalga bosh muharrir bo’lganimga o’n besh yil bo’ldi, oltita kitobim chiqqan, yozuvchilar uyushmasining a’zosiman, davlat mukofoti ham olganman, shularni anovi bulbuligo’yoga to’g’ri ayttirsang bo’ladi-ku!

Shunda anovi shovvoz nima dedi deng:
– Ie, sen muxbir eding-ku, qachon bo’shading?

Ularning nazdida kamina shaharda yeb-ichib, gerdayib, xohlagan ishini bitirib yuruvchi olg’ir muxbir ekanman.

Yaxshiyam ularning ichida Boytemir G’aniyev degan do’stim, yil aylanib yangi qurilgan qishloqdagi 87-maktabga direktor bo’lib qoldi. Uning sharofati, taklifi bilan o’sha maktabga borib bir marta uchrashuv o’tkazdim, bir quchoq kitoblarimdan sovg’a olib bordim.

Yaqinda Ergash Jumanbulbul o’g’li tug’ilib o’sgan Jo’sh qo’rg’onida ulug’ baxshiga yangi uy- muzey tashkil etiladigan bo’ldi. Hozir katta rekonstruktsiya ishlari ketayotganini eshitdim. Tuman hokimiyatida ishlaydigan Shavkat ismli yigit shu muzeyda Qo’shrabotdan yetishib chiqqan ijodkor, yirik ziyoli, olimlarning ham burchagi bo’ladi, o’zingiz haqda ma’lumot, kitob va rasmlaringizdan jo’nating, deb qo’ng’iroq qilib qoldi.

Xayriyat, dedim. Yubordim. Bilib turibman, bu – viloyat hokimi E.Turdimovning tashabbusi. Boshqalarga qolsa, bir ish chiqishi qiyin.

Har bir joyning o’z yetakchilari, peshqadam ma’naviy oqsoqollari bo’ladi.

Aslida Qo’shrabot ziyolilar yurti.

Ergash Jumanbulbul, Rahmatulla Yusuf o’g’li kabi zo’r baxshilar yetishgan, Toshpo’lat Shirinqulov, Bakriddin Zaripov singari akademiklar voyaga yetgan, professor, ulug’ kashfiyotchi, fizik va matematik Faxriddin Badalov, shoir Ravshan Fayz, yozuvchi Habib Temirov, yuzdan ortiq fan doktori, professorlar, bir necha viloyat, respublika miqyosidagi rahbarlar voyaga yetgan betakror maskan. O’z navbatida ularning ham obro’-martabalari ulug’lansa arziydi.

Shularning soyasida balki biz kichiklik qilayotgandirmiz, kim bilsin. Sirasini aytganda, shaxsan o’zim bu masalada qadrim deb o’ylanib yotmayman, mayli, ular va boshqalar tan olib, olqishlashlari uchun hali mehnat qilish, yaxshiroq asarlar yozish kerak ekan-da, deyman.

Qo’shrabot bir paytlar chorvasi bilan ham mashhur bo’lgan, har bir bo’limda o’n minglab qo’y boqilgan. Mamadiyor Shosimov singari ilg’orlar har yuz boshga 220 talab qo’zi topshirgan. Bu haqda negadir juda xursand bo’lib yozar edik. Mamadiyor akaning o’zining 600 dan ortiq (balki 800 tadir) qo’ylari bor, shularning qo’zilarini ham qo’shib davlatga topshirar, qarangki, ko’zbo’yamachilik o’ziga ham ma’qul kelib rost hayotga o’xshab ketar, garchi qahramon bo’lmasa-da, raykom, ispolkom tomonidan “geroy”dek e’zozlanar, O’zbekiston SSR xalq deputati edikim, bu tumanimizda boshqa birovga nasib etmagan, ko’kragi to’la shaldiragan medallar, birov Shosimov oldida ip esholmas, bir maydon naridan pusib o’tishga majbur edilar. Bu obro’, ehtirom, martabalar mustaqillikning ilk davrlaridayoq pufakdek paqillab yorila berdi, yorildi-yorildi-da, bir-ikki yilda hech narsa qolmadi aytgulik, arzigulik, maqtangulik. “Geroy”imiz ham mustaqil yurtda ko’p yashay olmadi… fitrati, siyrati, suvrati tamom o’sha davr nuqsiga monand edi chamasi. Keng yaylov, bedapoya, artezian quduq, lavlagizorlar, qovunpalak, tarvuzpalak, yozda tog’ning u biqini, bu biqini, Shosimov to’ram deb bo’shatilar, kuz kelishi bilan, sentyabr oylarida bug’doydan bo’shagan maydon – angarlar ham Shosimov “geroy”niki edi. Na bo’lg’aykim, mustaqillikning dastlabki kunlari, bu o’zga g’oyalarga u odamlar tob bera olmadi. Qo’shrabotda mashhur oshpaz yo’q, zo’r hofiz ham chiqmagan, enalarimiz, opa-singil, chechalarimiz qozonga neni solsa ovqat ekan, deb je-eb ketaberdik, o’trik zamonning o’trik gaplariga monand yashash… qo’limizdan kelgan, nima deysiz endi bunga, ammo chidamli, matonatli, qattiq bosh, ya’ni tosh qattiqmi o’zi yo mana bu bosh qattiqmi deb o’ralashib yashaydigan odamlar.

Afsuski, hali-hanuz bu qiyofa obrazlari adabiyotimizda yaratilmadi. Xudo kuch bersa yaratilib ham qolar. Umidimiz yo’q emas.

Jovli Xushboq:– Siz uzoq yillar respublikamizdagi sevimli, hatto ommabop adabiy nashrlardan biri “Yoshlik” jurnalida bosh muharir bo’ldingiz. Yashirib nima qildik, bundan yigirma-o’ttiz yillar avval “Sharq yulduzi”, “Yoshlik”, ”O’zbekiston adabiyoti va san’ti”, “Guliston”, “Turkiston”ni xalq talashib-tortishib o’qir edi. Endi obuna bo’ling, do’kondan sotib oling bularni desangiz, negadir ko’pchilik burnini jiyiradi. O’ttiz uch milliondan oshiq odam yashaydigan, Markaziy Osiyodagi katta bir mamlakatda gazeta va jurnallarga talabgor ekanligi, yumshoq qilib aytganda, fojia emasmi?

Ayrimlar o’zlarini oqlash uchun aybni sho’ro mafkurasiga to’nkashadi. Bu to’g’ri emas! Shaxsan meni ilgari hech kim ”Agar “Yoshlik” yoxud boshqa nashrlarni o’qimasang yoki obuna bo’lmasang peshonangdan otib tashlayman!” deb majburlamagan. Faqat men emas, minglab odamlar yuqoridagi kabi gazeta va jurnallarni o’z xohishi bilan axtarib yurishar edi-ku? Hozir kim topa olmay sarson bo’layotir?

Ayrim ijtimoiy-siyosiy nashrlarga majburlab obuna qilishayotganligini aytishdi. Hatto respublikadagi nufuzli mustaqil gazeta “Xurriyat” bir necha oylar chiqmay qoldi. Boshqa ayrim gazeta va jurnallarning taqdiri ham xavf ostida.

Siz nima deb o’ylasiz, “Jahon adaiyoti”, “Sharq yulduzi”. “Yoshlik”, “Guliston”, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” kabi adabiy nashrlar mazmundorligi, saviyasi bugungi kun talablaridan orqada qolyaptimi?

Sobir O’nar: — Aval bu borada fikr yuritdik. Shunday bo’lsa-da, savolingizning oxirgi qismidan javobni boshlasak.

“Jahon adabiyoti”, “Sharq yulduzi”. “Yoshlik”, “Guliston” jurnallarining bugungi sonlariga razm soling. Juda yaxshi chiqyapti.

Badiiy saviyasi, dizayni ham zo’r. Ammo qani endi uni o’qiydigan qul. “Aka-uka Karamazovlar”day dunyo adabiyotini seskantirgan roman chiqadiyu, uni eng mohir tarjimon Ibrohim G’afurov tarjima qiladiyu, u “Jahon adabiyoti” jurnalida chop etiladiyu, sho’ring qursin, o’zbek obunachiligining sanog’i mingtaga ham yetmasa, yetmishdan oshgan adib, oqsoqol Ahmadjon Meliboyev arboblar korxonasining eshigidan mo’ralab, jurnalda palon-pismadon asarlar bosildi, o’qisangiz kiroyi kam bo’lmaysiz deb sarg’ayib yursa, lekin oqibat, bari bir xuddi ma’naviyat bilan o’chakishgandek yoxud masxara maydoniga aylangandek yakunda hech kim obuna bo’lmasa, sotuvga chiqarganingni namuncha qimmat deb varaqlab ham ko’rmasa…

Uyat, isnod, ma’naviyatsizlik, johillik, fojia, fojialarning beshbattari bu. Bu yoqda arboblar go’yo hamma joyda obuna juda gullab yotgandek, ma’naviyatimizga chunon soya solayotgandek, go’yo demokratik davlatimiz ko’rkiga soya solayotgandek “majburiy obunani to’xtatganini” maqtanib yotsayu, buning oqibatida matbuot nashrlariga avvalgi yilga nisbatan 2-3 barobar, balki undan undan ham kam obuna bo’lib, abgori chiqib yotsa…

Hozir maktablarda obunaning ahvoli to’g’risida surishtirsangiz, o’qituvchilarning o’zlari bultur “Ma’rifat”ga o’n kishi bir bo’lib yozilgan edik, bu yil maktab bo’yicha 1-2 taga bo’libmiz, shu bois o’qimayapmiz, yangiliklardan, nimalar chop etilayotganidan bexabarmiz, deyishmoqda.

Xo’sh, buning orqasidan kim foyda ko’rdi: vazirlikmi, o’quvchimi, o’qituvchimi, gazetami?

Shundoq ham omonatgina ilinib turgan matbuot nashrlariga bu juda keskin zarba bo’ldi. Matbuot tutday to’kildi. Bu yoqda Prezident kitob o’qi, kitobxonlik madaniyatini o’stir, kitobsiz kelajak yo’q, deyapti, quyida esa mulozim o’qima, obuna bo’lma, onlayn dars o’taman, maktabni qoyilmaqom qilaman, deb yotibdi, ey, baraka topkur, matbuotdan, dunyodan, qo’shimcha darsliklardan bexabar maktab qanaqasiga ilg’orlashib ketsin?

Maktabdagi o’qituvchi va o’quvchining bilim saviyasi darajasi bugungichalik sharmandali holatga kelmagan edi.

Maktab – elimizning nomusi.
Maktab – yurtimizning kelajagi.
Maktab – farzandlarimizning ertangi kunini ko’rsatib turgan oyna.

Biz bu oynaga qarab uyalmay qo’ydik. Biz bo’lmaydigan elning bo’lmag’ur bolalarini yetishtirayotganimizga tan berdik. A, shundaymi?

Shunday bo’lmaganida – biz maktabda adabiyot o’qitishni to’xtatib qo’ymagan, ingliz tilini bilsang bo’ldi, boshqasini o’qima, zinhor o’zbek tilini o’rgana ko’rma, zinhor kitob o’qima va minba’d obuna bo’la ko’rma – savoding oshib, ma’rifat ko’zing ochilsa, ertaga boshga bitgan balo bo’lasan, demagan, qaytanga Prezident kabi o’qishni, o’qiganni rag’batlantirgan, mustaqil ravishda eng ko’p kitob o’qigan yosh kitobxonga “Spark” avtomashinasi sovg’a qilgan, kitobxon o’quvchimizni ko’z-ko’z qilib, hammaga o’rnak qilgan, ey, azizlar, o’qinglar, ko’p kitob o’qinglar, falon-piston gazeta-jurnallarga ham obuna bo’linglar, axir ular juda zo’r nashrlar, tasavvurni, ma’naviy dunyomizni boyitadigan asarlarni berishyapti, axir bularni bolalar, avvalo mutaxassis, pedagoglar o’qisin, obuna bo’lsin, obunani tashkil etsin, o’quvchilar adabiyotdan, tildan savodsiz bo’lib qolmasin, har tomonlama badiiy saviyali bo’lishi uchun “Jahon adabiyoti”, “Sharq yulduzi”, “Yoshlik”, “Guliston” jurnallari, bular qatoriga “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi”, “Adabiyot gazetasi” gazetalarini ham qo’shinglar, o’qinglar, ijodiy bahs-diskussiyalar uyushtiringlar, demaydimi?

Yo’q, demaydi!

“Chunki Prezident aynan “Yoshlik” jurnalini o’qinglar, obuna bo’linglar, demayapti-da, shu masalada farmon ham chiqarmadi, mana, pajalista, “Yoshlik”ni o’qinglar, desin farmonda, shundagina obuna qilamiz. Siz bo’lsangiz bo’sh-o’nta jurnal-gazetani aytayapsiz, qaysi birini o’qitamiz uning, kechirasiz, og’ayni, toshingizni tering”. Ularning a’moli shu.

Mana,bugunning matali ham shu.

Xo’sh, nima uchun xalq ta’limi vazirligini tanqid qilamiz?

Sababi ayon: bolamiz, nevaramizning hech biri maktabni chetlab o’tmaydi.

Eng katta ziyoli, harakatchan, o’suvchi armiya – shular.

Respublikamizda hozir 9191 ta maktab bo’lib, ularda 5 mln.800 mingdan ortiq o’quvchi o’qiydi, 444 mingdan ortiq o’qituvchi mehnat qilyapti.

Prezident vaqti kelib maktab o’qituvchisining maoshini ming dollarga ko’taraman, dedi.

Bu degani – maktab nufuzi tag’in oshadi, bir paytlarda bo’lgani kabi, asosiy ilm o’chog’i shu yer bo’ladi deganidir.

Endi maktab o’quvchisi qo’g’irchoq teatri o’ynatuvchisi, o’qituvchi – hokimiyat dastyori emas.

Endi bu yerda bemalol bilimlar chuqur o’zlashtirilsa, kitob o’qilsa, obunaga targ’ib qilinsa, oqibat “Yoshlik”, “Sharq yulduzi”, ” Jahon adaiyoti” jurnallarini o’qinglar, koni foyda, axir bu adabiyot, bugungi kun adabiyoti, yangiliklardan xabardor bo’l axir, baraka topkur, degani, targ’ib qilsang, o’z navbatida ular ham, darvoqe, bu adabiyot, tayyor xrestomatiya, xabardor bo’lganimiz yaxshi-ku, deb obuna bo’laqolsa, e’tibor beraqolsa, axir bundan hamma yutadi: o’quvchi, pedagog, ota-ona, nihoyat – jamiyat.Chunki bora-bora biz kitobxon jamiyat barpo etishimiz mumkin.

Ammo maktabni chetlab o’tib bu maqsadga yetishish mumkin emas. Chunki, sabab, o’zingiz bilganingizdek maktab – asosiy ziyoli armiya.

Dastlabki hikoyalarim avval hozirgi “Yoshlar ovozi” gazetasida, so’ng 1986 yilning avgustida “Yoshlik” jurnali sahifalarida yoritilgan. O’shanda juda ko’p jurnalxonlardan xatlar oluvdim, hatto qishloqdagi tog’alarim ham qayerga maktub bitishni bilmay “Yoshlik” jurnali manziliga xat yozib yuborishgan, bir maydon o’zimdan ketib yurganman.

Gap mening xursand bo’lganimda emas, matbuotda asaring chiqsa, odamlar o’qigani ustida ketayotir. “Yoshlik”ning o’sha soni 450 ming nusxa chiqqan, demak, kamida shuncha odam o’qigan uni, oradan ikki yil o’tgach, 1988 yil 10-soni 800 ming nusxa chop etilgan, jurnalda qatorasiga uchta hikoyam bosilgani uchun aniq eslayapman. Sakkiz yuz ming! Bu aytishga oson, biz o’zbeklar o’sha vaqt 20 millionlik nufusga ega edikmi, yo’qmi – bilmayman. Yana shu narsa aniq esimdaki, Moskvadagi Butunittifoq “Yunostь” adabiy jurnali “Yoshlik”dan ikki baravar kam – 400 ming nusxa chiqar edi. “Yunost”ning bosh muharriri Andrey Dementьev bu faktni eshitib, bosh muharririmiz Omon Matjonga xat yozgani, buncha tiraj bilan o’zbek o’quvchilarini qutlagani ham kechagiday yodimda.

Mana, bugun, zamonasidan o’rgilay, “Yoshlik”ning umumiy adadini 1500 donaga yetkazib ushlab turish katta muammoga aylangan. To’liq lotin alifbosiga o’tildi, Yoshlar ittifoqining etagidan mahkamroq tutishdi. Yo’q, xalq ta’limi, maktab matbuotga xayrixoh bo’lmas ekan, o’zgarish bo’lmaydi, hademay juda ko’p obro’li gazeta-jurnallar yopilib ketadi, mana ko’rasiz.

Mana shu soha mutasaddilariga Alloh kuch-quvvat va ko’zi ochiqlik ato etsin, boshqa hech chorasi yo’q.

Nashrlarning mazmundorligi, badiiy saviyasiga o’zingiz e’tibor bering. Xo’sh, ularning qaysi nashrdan kam joyi bor ekan?

Yoshligimizda nashr turi kam edi, boz ustiga arzon edi. “Lenin uchquni” – 1 so’m 8 tiyin, “G’uncha” – 1 so’m 10 tiyin, “Gulxan” – 1 so’m 20 tiyin, “Sharq yulduzi” – 4 so’m 80 tiyin, ya’ni donasi 40 tiyin edi. Arzonligi uchunmikan, odamlar “Sovet O’zbekistoni”, “Pravda”, “Izvestiya”, “Partiya turmushi”, “Yuniy naturalist” gazeta va jurnallariga ham obuna bo’laverishardi.

Hozirgi narxlar ham u darajada odamni qo’rqitavermaydi-yu, ammo oladigan oyligingizga mos emas-da, shu bois maktabda jamoaviy obuna yo’lga qo’yilgani durust. Nima qipti, 10 ta “Ma’rifat”, 5 ta “Sharq yulduzi”, 5 ta “Yoshlik”, 5 ta “Jahon adabiyoti” va hokazo jurnalu gazetalar maktab kutubxonasiga keptursa.

Jovli Xushboq: – Yigirma yillar avval… “Sharq” nashriyotida bosilgan “Shirindir azobi sevgining” (Adabiy-tanqidiy va publitsistik maqolalar) deb nomlangan kitobimdan taniqli shoir Salim Ashur bilan taniqli yozuvchi Sobir O’narning so’zboshisi o’rin olgan edi. Buni eslashdan muddao mahoratli adibgina bo’lib qilmay o’shanda sizning asarlar, ulardagi obrazlar mohiyatini nozik his eta oladigan adabiyotshunos sifatidagi qobiliyatingiz ham namoyon bo’lgan edi.

Yaxshi eslaysiz, burungi katta ijodkorlar – Odil Yoqubov, Shukur Xolmirzayev, O’tkir Hoshimov, O’ktam Usmonov va boshqalar hamkasb yozuvchilarning roman, qissa va hikoyalariga munosabat bildirib turishar, adabiy nashrlar u yoqda tursin, siyosiy gazeta va jurnallarda ham maqolalari bosilib turardi.

Bugungi kunda negadir Isajon Sulton, Abduqayum Yo’ldosh, Shodiqul Hamro singari iste’dodli yozuvchilar keyingi yillarda nashr etilgan” semiz” va “oriq” kitoblar xususida lom-mim demayaptilar. Nima deb o’ylaysiz, fikr bildirish, ilmiy va estetik tahlil qilish faqatgina adabiy tanqidchining yumushimi?

Sobir O’nar: — Yozuvchiga bu borada nima deysiz, deb turtkilash, albatta, noqulay bo’lar. Lekin, bilasizmi, agar siz ushbu adiblar bilan bevosita ko’rishib qolsangiz, biror sabab bilan duch bo’lsangiz, o’z-o’zidan adabiyot va ayni paytda yozilayotgan mavjud asarlar xususida so’z ketadi. Tabiiyki, yuqorida Siz tilga olgan va boshqa adiblar hamda ularning asarlari haqida fikrlar aytiladi. Hech kutmagan va bemalol tanqid ruhidagi gaplar bo’ladi. Biroq buni biror nashr uchun so’zlashni so’rasangiz, u juda “odobli” odamga aylanadi. Ataylab shu ishni orqaga suradi yoki butunlay bosh tortib qo’yaqoladi. O’zaro davradagi fikr boshqa, matbuotdagisi boshqa. Andisha ko’pincha printsipial gapni rasman aytishga yo’l bermaydi. Bu holatni ham tabiiy qabul qilish kerak chog’i. Navoiy hazrat yozgani kabi har rostni so’zlash ham durust emas. Siz yaxshi bilasiz, Lev Tolstoy Dostoyevskiyday buyuk yozuvchining, Shekspirdek ulug’ dramaturgning deyarli barcha asarlarini po’stagini qoqib tashlagan, ayamay tanqid qilgan. Biroq Tolstoy tanqid qildi-ku deb birov na Shekspirdan, na Dostoyevskiydan voz kechgan yoxud ixlosi susaygan emas. Bundan Tolstoy, Dostoyevkiy, Shekspir dahosiga zaxa yetmagan. Bu daho yozuvchining qat’iy adabiy printsipi yoki ular dahosi qoshida g’ashi kelgani belgisidir — buni har kim har xil tushunishi mumkin. Ammo o’tgan asrning 80-yillaridagi kabi asarlarga qizg’in munosabat bildirilmayotgani bor gap.

Nazar Eshonqul bir maqolasida bizning avlodni avlod deb atab bo’lmasligini yozg’irgan. Ma’lum bir adabiy tamoyil, a’mollarni birgalashib yoqlamasliklarini tanqid qilgan. Sustkashlik bor narsa, ammo butun bir o’n yilliklarni yashab, yozib, kerak bo’lsa, shu orqali o’zlarining jamiyatga, hayotga, mavjud tuzumga munosabatlarini bildirib, ma’lum ma’noda boshqa qarashlarga, shakllarga intilayotgan o’nlab adiblarga bir xilda baho berish, balki to’g’ri emasdir, menga shunday tuyuldi.

Hozirgi yetmish yoshli yozuvchilar bilan suhbatlashganingizda ham tengqurlari asarlarini og’zaki suhbatda bemalol tanqid qilaveradi, lekin shu fikrining rasmiy tus olishini xohlamaydi, xolos. Biz mansub 50-60 yosh tegrasidagi ijodkorlarda ham xuddi shu “kasallik” mavjud. Bu yaxshimi, yomonmi — bir narsa deyish qiyin. Biroq bir narsani aniq ayta olamanki, bular avvalo bir-birlarini hurmat qiladi, asarlarini o’qigan va o’z pozitsiyalariga ega. Adib adibning asarini o’qimay turib uni pisand qilmasligi — yomon qusur. Afsuski, hayotda bunday hodisalarga duch kelganmiz…

Sobir O’nar: – Jovli aka, ushbu suhbat doirasidan chiqib yana ko’p fikrlar bayon etish mumkin ekan. Ammo bu alohida suhbat bo’lgani tuzuk. Vaqt topib, hafsala qilib shu gaplarni aytishga undaganingiz uchun Sizga tashakkur!

065

(Tashriflar: umumiy 790, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring