Sobir O’nar. Lochin & Cho’l o’rtasidagi shiypon

Ashampoo_Snap_2016.12.22_17h05m52s_001_.png25 февраль — Ёзувчи Собир Ўнар Таваллуд топган кун

Саксонип муаллимнинг ўғли Норбўта кеча Тўти бозордан ажабтовур хабар топиб келди: аллақандай араблар лочин деган қуш қидириб юрган эмиш, бизнинг тоғлардаям лочин бор экан, тутиб берган одамга нақд беш минг долларни қуртдай санаб бериб опкетишармиш. Бу гапни бегона эмас, ўзининг амакиваччаси Эсиргап айтди.

Собир ЎНАР
ИККИ ҲИКОЯ
007

Ashampoo_Snap_2016.12.22_17h33m41s_004_a.png   Собир Ўнар 1964 йил 25 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Қувкалла қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Илк ҳикояси — «Кунсулувнинг хатлари». Шундан сўнг ёзувчининг «Орзуга тўла қишлок» , «Овлоқ адирлар бағрида» , «Чашма» «Чамбилбелнинг ойдаласи», «Бибисора» ва бошқа ҳикоялар ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. Ҳикоялари бир қатор тилларга таржима бўлган. Қоракалпоқ адиби Х. Тожимуродовнинг «Ов хангомалари» (1990) ҳамда турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг «Карбало фожеаси» қиссасини, Гарсиа Маркес ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.  Собир Ўнар  2022 йил декабрида 58 ёшида вафот этди.

007

ЛОЧИН

Саксонип муаллимнинг ўғли Норбўта кеча Тўти бозордан ажабтовур хабар топиб келди: аллақандай араблар лочин деган қуш қидириб юрган эмиш, бизнинг тоғлардаям лочин бор экан, тутиб берган одамга нақд беш минг долларни қуртдай санаб бериб опкетишармиш. Бу гапни бегона эмас, ўзининг амакиваччаси Эсиргап айтди. Жиззахдаги Дав бахшининг уйига араблар келиб тураркан, ўшалар буюртма берган эмиш. Эсиргапнинг кирмаган тешиги, танимаган одами йўқ, ўзи бирон юмушнинг қўлидан тутмаган бўлсаям уддабурон овчи, эпчил чавандозлигининг орқасидан нозик-нозик одамлар, прокурору мелиса бошлиқларигача ака-ука тутиниб юради. Чамаси Дав бахшигаям ё ўзига дам солдиради, ё тумор-пумор ясатиб юради.

Норбўта аввалига бу гапга эътиборсиз қаради. Келиб отасига айтгач, оқсоқол муаллимнинг кўзлари чақнаб кетди. «Йўғ-э, беш минг доллар деганинг анча нарса-ку!» деди. Ҳойнаҳой, пулнинг куч-қудратидандир, Саксонипнинг тинчи йўқолди. Эсиргапнинг уйига ўзи бориб масалани ойдинлаштириб келди. Нафақадаги биолог ўқитувчи бўлмиш Саксонип шундан кейин баттар безовталанди.

Эсиргап унга деди:
— Бахшининг уйида ўз кўзим билан кўрдим. Оқишдан келган малларанг, жуда чиройли қуш экан, кўзлариям тимқора. Шундан топиб берсанг, донасини беш минг доллардан сотиб оламан, деб айтди. Дав бова, бизда бунақаси йўқ, десам, суриштириб кўр, овчисан, учраб қолар, деди.

Саксонип ўзининг тилидан отилиб чиққан сўзни беихтиёр ушлаб қололмади.
— Эҳе, нима деяпсан, манов тоғда бор у қуш. Дарслик китобдаям шу ерда борлиги ёзилган. Лекин таърифига қараганда жуда чиройли қуш. Патлариям хол-хол ҳошияли, оёқлари кўкиш, кўзлари қоп-қора деб ёзган. Қизил китобга киритилган. Нурота тоғида ё ўттиз, ё йигирма нафар тамғали лочин бор, деб ўқиганман.
Муаллим уйига қайтаётиб айтган бу гапидан ўзи пушаймон бўлди: бу ярамас айғоқчи-ку, қаердаги одамлар билан жўрачилик қилади, сотиб-нетиб қўйса-я…
Уйига кириб осмонга қараб ўйлаб ётди. Овчи болалар какликка жела қилиб тузоқ қўйиб ётишарди. Анча-мунча тутишадиям. Лочин дегани жониворлар, асосан паррандаларни тутиб ейдиган қуш, қайтанга, каклиқдан кўра бунга тузоқ қўйиш осон-ку.

Олти ойча бурун тоғдаги моллардан йигирма чоғли семиз-семизини ўғрилар тоғдан ошириб ҳайдаб кетган эди. Шулардан учтаси Саксонипники эди: икки туғадиган сигир ва бир ҳўкизча. Қўриқланадиган чегарадан ўтказиб тоғ ичига қўйиб юбориладиган бу молларга биров қарамас, чўпон боқмас, демак, иҳота қилинмаган бўларди. Тоғ қоровули, ов участкасининг нозири, табиатни асраш бўлимининг ходими, ички ишлар ходими ҳам уларни ҳайдаб, бир жойга қамаб қўйиб, эгасига жарима солиши мумкин эди. Қолаверса, қиш юмшоқроқ келган йиллари бўриям бирдан кўпайиб кетиб молларга қирон келтириб қоларди.
Мол эгалари икки-уч кун, бир ҳафта деганда хабар олишар, хабар ололмаганларига сеникиям юрибди; Куйган тоғда, Солининг сойи ё Томчисойда ўтлаяпти деб келарди. Албатта, бу одамлар муғомбирлик қилишади. Яқин атрофдаги чакана мол боқувчи чўпоннинг олдига солай деса, ҳар бошига бир ойда минг сўмдан бериб туриш керак, унинг устига яйлов дегани тамом бўлди: очиқ жой борки, буғдой, арпа, нўхат экилган. Чўпонгаям, мол эгасигаям қийин: бир нарса топиб емаса семирмайди, сут бермайди, гўшт қилмайди. Шунинг учун гарчи таъқиқланган бўлса-да, тоғнинг ўт-ўланларигача ҳимоя қилинадиган ҳудудга қўйиб юборишади. Кузда бориб молларини ҳайдаб келишади. Агар омон қолса.
Йўқса, бировдан ўпкалаёлмайди. Ўзининг тили қисиқ.

Йигирма бош қорамолни ҳайдаб кетган ўғриларнинг изиниям топишолмайди. Ички ишлар ходими тоғни оралаб бировнинг молини топиб, ўғрини тутиб бериши даргумон. У гумондор одамнигина чақириб сўроқ қилади. Гумондорлар эса жуда кўп. Одамлар бир-биридан шубҳаланиб устидан ёзаверади: ўша куни фалончининг тўйи бўлаётган эди, пистончи унинг тоғаси бўлсаям тўйга келмади, кўрганлар бор, ўша куни у молларидан хабар олиш баҳонасида Куйик тоғидан Белсойга қараб йигирмадан ортиқ қорамолни ҳайдаб чиққан. Нега ҳайдайди — текшириш керак. Ҳойнаҳой, шу гумдон қилган ёки шерикларига ҳайдаб обориб берган, кейин улар тинчитишган. Бўлмаса, нега ўзининг моли йўқолмади? Қани, шу сўроққа жавоб беринг-чи. Унинг ўғри эканини кўзлариям айтиб турибди: бежо. Тўй-маъракагаям ўшандан бери аралашмайди. Хўш, сабаби нима? Ўртоқ Писмадончиеп, шуни текшириб, аниқлаб берсангиз, ўғри топилади, бу — аниқ.

Бу ҳикоятларни қишлоқдаги икки ё уч закунчи ёзиб беради. Шунинг учун ҳуснихатлар ҳам икки ё уч хилда бўлади. Ҳикоят рўйхатга олингач, яна бир терговчи овора: гувоҳ тўплаган, сўроққа тутган, тўйга келмаганининг сабабини сўраган. Гумондор оддийгина қилиб молларни кейинги сойга ҳайдаб суғордим, у ерда ўтлоқ яхши, молнинг тили тегмаган экан, бирор ҳафта бошқа жойга улоқиб кетмасин деб ўша ерга ўтлатиб қайтдим, шунга тўйга келолмадим, дейди. Ҳеч ким унинг ёқасидан ололмайди. Кунлар ўтиб бир йигит машина сотиб олса, тағин унинг боши милисабозликдан чиқмайди: бунинг ортиқча пули йўқ эди-ку, қаёқдан олди машинани, ўша куни уни тоғда кўрганлар бор, тоғнинг орқасидаги қишлоқларда ошналари борлигини биламиз, фалон йили олқор отиб қўлга тушганда писмадондай қилиб қутулиб кетган, жуда туллак йигит, эҳтиёт бўлиб ушлаш лозим… Ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Хуллас, Саксонип домланинг пайтавасига қурт тушди. Қани энди ўша қушдан бир талайини тутиб пулласангу гуриллаб юрсанг, ўғлингга манаман деган «Нексия»ми, бирор чет эл машинасиними обериб қўйсанг, ёнида ўтириб муртингни бураб тўйларга борсанг, невараларга варанглатиб, ҳеч ким қилолмаган тўйни қилиб берсанг. Яхши-ёмон ҳамсоялар ичи куйиб, кўролмай кўзи тешилса. Кунда-кунора илтимос билан карз сўраб келишса. Машинангизда шаҳарга ёки палончининг тўйига бориб келсак, ёҳуд ўғлингиз оппоқ машинасида писдон жойдан келин опкелиб берса, деб етти букилиб ялинишса…

«Бериб бўпман! Мана оласан!.. Мана!.. Эвини топсанг ўзинг ол. Нима, қўл-оёғи бутун одам ҳам шунақа хор яшайдими?! Ҳаракат қил, болаларингга айт, сулайиб ётибди бари уйда. Нима, уларни сўқимликка боқаяпсанми? Бултур молларим йўқолганда бир оғиз ҳол сўрашга ярамаганийдинг. Прокурорга ёзганимда санам қўл қўй деб қўйдиролмаганийдим. Энди-и… Ҳа, ука-а, замон келди, кўрдингми? Бериб бўпман!..»

Саксонип лочин фақат одам қўли етмас қояларгагина уя қуриб бола очишини яхши биларди. Шунақа жойлар Бешбармоқ тизмаларида бир нечта борлигини ҳам кўрган. Аммо умри бино бўлиб у қушнинг тиригини учратмаган экан. Қуш дегани осмонда учса, мусича, чумчуқ, зағизғон, каптарга ўхшаб уйнинг атрофида ўрмалашмаса қайдан кўрасан лочинни.
Бир-икки чопсон йигитлар қор ёққан кезларида яқин адирлардан ҳам каклик тутиб келишарди. Айтишларича, каклик совукда сув ичса қаноти музлаб эпга келмай қолармиш. Қўнган жойидан тепага кўтарилолмасмиш. Чаққон болалар уни сув ичишини пойлаб қўнган жойидан, қор орасидан оппа-осон тутиб олармиш.

Саксонипнинг ўғли ҳам бу иш билан шуғулланар, овидан қолган икки-учта тирик жўжа какликни қафасда сақлаб, ёзгача боқиб, ёзда тоққа желаси билан опчиқиб каклик ови уюштирарди.

Қўшнисининг ўғли Эсиргап бир куни тоққа товуқ опчиқиб лочинга жела қўямиз деб қолди. Аввалига у «бу шпион билан иш қилиб бўларканми», деб шубҳаланди. Кейин шундоғам уйда ётиппан-ку, борсам борақолай, деб рози бўлди. От-улов йўқ, кўп юришга оёғи чидаш бермади. Қишлоқдан ўн чақирим наридаги Оқзов атрофида тўхташди. Эсиргап қитмир йигит, ўзи уйида чандон товуқлари бўлатуриб Саксонипга «хўроз олмасак бўлмайди, сизнинг бақироқ хўрозингиз бор, рангиям қип-қизил, лочин қизил қушга ўч бўлади», деб алдади. Амакиси ноилож, опчиққанимда кичкина лочин кап-катта хўрозимни еб қўярмиди деган илинжда кўнди. Ҳар эҳтимолга қарши хўрознинг оёғига қалин ип боғлаб қозиққа тортиб боғлаб қўйишди. Табиийки, яланг тепада хўроз бир ўзи қолиб безовта бўла бошлади. Домла зовнинг у томонига, овчи укаси бу ёқ томондаги тошнинг панасига ўтиб кутиб туришди. Атрофда какликлар кўп, аммо каклик дегани какликка келади-да, хўроз билан нима иши бор. Боз устига овчилар какликка жела қўявериб обдон қўрқитиб қўйишган, уларнинг мода какликка келишга юраги дов бермайди.

Кўп ўтмай осмонда бир катта қора қуш пайдо бўлиб айланаверди. У ердаги хўрозни кузатаётгани аниқ эди. Сўнг худди тепадан ташлаб юборилган тошдай пастга шўнғиди. Домланинг ўйлашича, у шу алфозда ерга тушса тумшуғи билан бўз ерга бир-икки қарич кириб кетиши керак эди. Йўқ, ундай бўлмади. У шашт билан айнан хўрознинг ўзига ташланди. Аввалига Саксонип бу лочиннинг бир қорароқ туридир-ов, деб севинди. Ҳозир сиртмоққа илинади деб кутди. Қаёқда, бу отинг ўчгур хўрозни кўтариб осмонга кўтарилди. Хўрознинг арқонлаб қўйилгани панд берди шекилли, унинг чангалидан чиқиб ерга тапиллаб тушди. Бечора қўрқиб кетганидан бўлса керак, ғужанак бўлиб ётиб олди. Қора қуш негадир желага тушиб қолмади, тағин осмонга кўтарилиб жўнади ва миқ этмай ётган хўрозни яна ҳаволатди. Қозиқ ва арқоннинг маҳкамлигидан хўроз бу сафар ҳам арқон бўйи кўтарилиб чангалдан чиқиб кетди. Саксонип хўрозига роса ачинди. Бу сабил қолгур қуш нега чилвир желага оёғи илиниб тушиб қолмаётганига ажабланаётган эди. Учинчи сафар қуш хўрозга ташланаётганда сабри чидамай «истеҳком»дан отилиб чиқди. Энди қуш хўрозга астойдил ҳамла қилаётган, уни ердаёқ ғажиб ташлашга киришган эди. Саксонип қўлига тош олволди. Яқинроқ бориб қушга ирғитмоқчи эди. Буни пайқаган қуш тағин хўрозни кўтариб учди ва тағин панд еди: боғланган хўроз арқонини узиб кетолмади. Аммо важоҳатидан келаётган одамни ҳам писанд қилмасди, қайтиб тушиб хўрознинг патларини юмдалаб ташлади. Саксонип «ҳой-ҳой»лаганча тош улоқтирди. Қора қуш одам яқинлашгунча ҳаракат қилди. Охири, бўлмагач, ўлжани ташлаб қочиб қолди. Домла келиб кўрса хўрознинг бўйни қонаб кетган, томоғининг тагидаги патлари юлиниб яп-яланғоч бўлиб қолган эди. Нариги тошнинг панасидан чиқиб келган жияни қорнини ушлаб қотиб-қотиб куларди. Бу ҳам етмагандай, ниҳоят ерга ётиб думалаб ваҳолаб кулди.

— Жела-пеланг билан қўшилиб ўл, касофат! — деб сўкинди муаллим.
— Амаки, кўрмадингизми, у калхат эди-ку, — деб яна куларди жияни. Жияни жуда бўлмаганда шу гал амакимнинг хўрозини қозонга босамиз, деб калхатнинг ҳамласини атай кузатиб турган экан.
— Бекорларни айтибсан, хўрознинг пўқини же, — деди амакиси ғазабини босолмай. Ва уйига келиб хўрозга дори-дармон қилишга киришди…

* * *

Шу орада тоғ қишлоқдагилар, жумладан, қўрғонтепаликлар учун ҳам бозор катта гапхона. Бир ҳафтага татийдиган дунё хабарлари шу ердаги хотинлару эркаклар томонидан тарқатилади. Йирик ахборот агентликлари учун ҳам янгилик ҳисобланувчи фалончи фалон жойга раҳбар бўлармиш, фалончи фалон айби учун фалон бўлармиш, каби муҳим янгиликлар ҳам улар томонидан тўқиб чиқарилади. Қизиғи, баъзан улар ҳақ бўлиб ҳам чиқишади. Фақат муҳлатида бир оз хатога йўл қўйишади, холос.
Аммо лочин ҳақидаги гап-сўзлар ҳали-бери тугайдиганга ўхшамасди. Эсиргап бу гал қўшни Олтинбек қишлоғидаги Пардаевларнинг уйига бир қуш келиб товуқларига ҳужум қилаётганда болалари тутиб олишганини эшитиб, дарҳол мотоциклини юргизди-да, ўша ёққа ҳайдади. Қараса лочин! Худди ўзи. Оёғига бир нима қистириб ҳам қўйилган.

— Хў-ўш, — деди у лочинни қўлига олиб. — Бу бизнинг қуш. Ўргатиб олиб уйда сақлаётган эдим. Бу ёққа қандай келиб қолди, ҳайронман.

Унинг шумлик қилаётганини ҳеч ким билмади. Оёғига ўзим белги қўйганман деб тургандан кейин ким нима дерди. Уй эгаси Сувон ака бир товуғимни бўғизлаб ташлади, товон тўлайсан, деб туриб олди. Эсиргап жон деб рози бўлди, чўнтагидан бир товуқнинг пулини чиқариб берди.
— Мабодо шу ёқларга яна келгудай бўлса, ерга қўндирмай учириб юборинглар, тўғри уйга боради, бошқа қаёққаям борарди, – деди ва лочинни фуфайкасининг қўйнига урди.

Ўша куни Эсиргап қўшниси Саксонип домла ва унинг ўғли Норбўтани, ўзининг укаларини тўплаб улфатчилик ўтказди.
— Бу — худди ўша, — деди у. – Айнан ўзи. Буни фақат ювиш керак.
Худо ол қулим деб тургандан кейин ювмай бўладими?!

Қуш муаллим китобда кўрганидан ҳам юз карра чиройли эди: кўкрак томони оппоқ, кўзлари тўлиқ қоп-қора, яқинроқ бориб термулсанг, бу қоранинг ичидан ундан-да қорароқ қорачиғини пайқайсан; усти оч малла, ҳар бир патининг атрофи қора нуқталардан ҳошияланган, патлари бир-бирига чатишиб, янада чиройли уйғунлик ҳосил қилган. Бироқ тумшуғининг гажаклиги, кўзларининг ниҳоятда ўткирлиги унинг йиртқичлигини билдириб турарди. Оёқларининг одам қўли каби ўлжани сиқимлашга мойиллиги ва овозининг фавқулодда аччиқлиги ҳам аёвсиз чавандозларни эслатиб юборарди.

Саксонип тупугини қилт этиб ютди. Демак, шу қуш. У келиб-келиб Эсиргапнинг қўлига тушганини қаранг. Бошқа маънилироқ одам қуриб кетувдими? Бу қушни тутиш худди эртакдаги сингари имконсиз туюлган эди. Мана, у кимсан, жипириқ Эсиргапнинг қўлига тушибди.
Лочинни бўкиб қолгунча «ювдилар». Сўнггида бировга лом-мим демасликка ҳам келишиб олишди. Чунки… бир оғзи ёмонроқ эшитиб қолгудай бўлса, ҳеч кимга татимайди. Боз устига тергов бериб ётиш кимга ёқади.

Қушга ҳадеганда харидор келавермади. Бу орада гоҳ Саксонип домланинг ўзи, гоҳ ўғли амакиваччасининг уйига бориб лочинни хўб томоша қилишарди.
Бошқа қушлардан фарқли ўлароқ, у эрталаб обдон «ювинарди». Юзини, яъни, тумшуғини «қўли» билан тозалагач, сўнг тумшуғи билан патларини деярли биттама-битта «тароқлаб» ясанарди. Ўлимтик гўштга кўпам эътибор қилмасди. Пиширилган нарсага-ку, қайрилиб ҳам қарамасди. Хом гўшт ташланса, аввалига қарамай турар, эгаси узоқлашгач, бир муддат ўтиб уни қўлга олар, шошилмай уёқ-бу ёғини тозалаб ташлаб, кейин юмдалашга тушарди. Эсиргап лочинга тирик парранда бериш кераклигини яхши биларди. Шу боис, яқин-атрофдан мусича, чумчуқ тутиб берадиган бўлди. Ёнидаги ўлжа қушга ҳам у ҳадеганда ташланавермасди. Агар қуш учиб қочаётганини сезсагина уни ҳаволаган заҳоти ўқдай нишонга олар, тутиб олгач ҳам қассоблар сингари шошилмай, қанотларини қайириб бўғзига «тиш солар», қон оқа бошлагач, томоғига тумшуғини босиб қонини ичар, то қон тугагунча шу алпозда турар ва охири қушнинг бошини шартта узиб ташларди. Кейин унинг патларини юлиб-юлиб ташлар, хуллас, қушни «тозалаб» бўлгач, истеъмол қилишга киришарди. Айтишларича, паррандани этига қўшилиб оғзига кириб кетган пат ва юнгларини ҳам лочин кейинчалик қусиб чиқариб ташлар эмиш.
Лочин агар тўймаса, жуда ваҳимали, чинқириққа ўхшаш овоз чиқариб юборар, дабдурустдан одам чўчиб кетарди. Ким билсин, қодир эгам бу овозни лочиннинг азбаройи бадқаҳрлиги ёхуд тутқунликка чидаёлмаслигини сездириш учун бергандир. Шу боис Эсиргап иккита товуғини ҳам «қурбонлик» қилишга рози бўлди. Ахир, беш минг доллар деган жойда икки-уч товуқ нима деган гап! Кейинги кунларда у укаларига жела бериб каптар тутиб келишга жўнатарди. Жиззахга аллақачон хабар кетган, харидорнинг келишини бетоқат кутарди.

Дав бахши бир қора «Жип»да Иброҳим деган йигит билан келди. Бахшининг тушунтиришига қараганда, йигит араблар билан ҳамкорликда ишлайди, арабчани мукаммал билади, лочин масаласида ҳам киройи мутахассис экан.
Иброҳим қушга разм солди-да, негадир… бошини чайқади. Эсиргапнинг ичи «шувв» этиб кетди.
— Лочин эмасми? — деди беихтиёр.
— Лочин, — деди Иброҳим ва дарҳол чўнтагидан чизғич чиқариб қушнинг бошидан думининг учигача ўлчади. – Қирқ ярим сантиметр, – деди.
Эсиргап анг-танг турарди.
— Бўладими? — деб қалтироқ тутгандай сўради.

— Лочиннинг тури кўп, — деди Иброҳим тағин афсус оҳангида. – Бу сувсан бўлса керак.
— Қанақаси бўлиши керак эди? — деди Эсиргап кўзлари олазарак бўлиб Саксонипга қараркан.
— Итолғиси керак эди, мен бахшига тушунтириб айтганман.
— Энди бу нима бўлади, бахши бова? — Эсиргап негадир бахшидан нажот кутди.
— Қўйиб юбораверинг, бошқа иложи йўқ, — деди Иброҳим бахшининг ўрнига жавоб бериб, бемалол чизғичини ўраб чўнтагига жойларкан.
— Оббо, — деди Эсиргап, — бу ёғи неча пулдан тушди. Ахир, бунинг оёғида тамғасиям борийди. Мен эмас, қизил китобчиларнинг ўзлари тамғалашган. Алюмин сим билан оёғига мустаҳкам қилиб ўрнатишган, алламбало сўзлар ёзилган эди…
— Бунинг аҳамияти йўқ, — деди Иброҳим. — Айтдим-ку, лочиннинг тури кўп деб.
Эсиргап бахшини четга тортди. Чамаси душман кўзи арзонроқ бўлсаям бир нарса бериб опкетинглар, деди. Бироқ «арабларнинг дўсти» бунга кўнмади. Эсиргап икки қўлини бурнига тиқиб қолаверди.

Саксонип ҳам, гарчи ичидаги аланга бир кадар сўнган бўлса-да, бу борада бир нарсалик бўлиш осон эмаслигини билиб хўрсиниб қўйди.
Маълум бўлдики, лочиннинг итолғи деган тури Нурота тоғларида ҳам бор, унинг бошқаларидан кескин ажралиб турадиган жиҳати бўлмаса ҳам оёқлари бир қадар узунроқ, панжаси ҳам узунроқ бўларкан, айнан оёқ юнглари сиёҳрангга мойил кўк бўлармиш.
Саксонипнинг ўғли Норбўта бу ишга жадал киришди. Қушлар ҳақидаги ҳамма дарсликлар, китобларни титкилаб чиқиб, лочин ҳақида анча мукаммал билимга эга бўлди. Энди уни қўлга тушириш ва… арабларга расамадини келтириб пуллаш қолган эди.

* * *

Бешбармоқ томонларда Парандоз чўққиси бор. Китобларда денгиз сатҳидан фалон метр баланд деб ҳам ёзган. Тоғ куйчиси Азим Суюннинг шеърларида бу ҳақда кифти келтирилган таърифлар бор. Шу чўққида денг, бизнинг қаҳрамонларимиз лочин уясини кўришибди. Унда бир эмас, бир неча тухум очишини ҳам билишибди.

Шундай қилиб, қишнинг қора совуғида ўч ўғлон йўлга тушишди: Норбўта, Эсиргап, Ботир. Ботир ҳам буларга амакивачча. Норбўта билан Эсиргап олқор ва тўнғиз овининг жуда ҳадисини олишган. Какликка ҳам обдон қирон келтиришади. Тоғдаги ҳар тош, ҳар бута буларга таниш. Олқорнинг келар йўлини ҳам, кетар йўлини ҳам, қишлаш, сувлаш манзилини ҳам пухта билишади. Аммо дунёда олқордай сезгир ҳайвон кам топилади. Одамнинг, милтиқнинг ҳидини олган заҳоти гумдон бўлади. Ҳар қандай эпчил овчини доғда қолдириб кетиши мумкин. Боз устига нақ рўпарадан келиб қолмаса бир киши ҳеч қачон пулемёт билан ҳам олқорни ўққа дучор қилолмайди. Уни фақат бир овчи бошқа овчининг йўлига ҳуркитиб ҳайдаб юборибгина ғафлатда қолдириши мумкин. Акс ҳолда, фақат қувлашганинг, чарчаганинг қолади. Овга чиққанингга пушаймон бўласан, бошингни ишлатмаганингдан кейин оёғингдан қариб юраверасан.

Эсиргапнинг отига Норбўта мингашди. Ботир яёв. Яхшиямки, уларнинг мингани кўпкари чопадиган бардошли от. Оби-тобида, вақтида совитилган, пишиган, юганни кўйиб бераверсанг олқор уюрлари бор манзилга ўзи боради. Аммо тоғ дегани чандон юришни ўнғайсизлантириб, кўп ўтмай ҳолдан тойдириб қўйиши аниқ. Шу боис йигитлар эрта азондан сой ичи билан эмас, Оқзовнинг усти билан ёввойи узумлар ўсиб ётадиган Токли томонга тикка кесиб чиқишди. Бироқ Токлининг тепасидан бари бир сойга тушишга тўғри келади. Токлининг шаппатидан сойга эниш бари бир ўнғайсиз. Чағатлар шиғиллаган тош, унинг устига кунга терс камарлар қор билан тўлган: қаери гуртук, қаери саёз – билолмайсан. Ботиримиз полвонкелбатроқ, бировларнинг наздида анчайин семиз йигит. Қўлига таёқ олиб қорнинг гуртугини ўлчаб, кейин қадам ташлаб кетяпти. От жонивор нафақат йўлнинг танобини тортади, тойинчоқ тошли жойларни ҳам билади, шу сабабли бўлса керак, баъзи жойларда тўшигача қорга кириб кетсаям олға босаверади. Баъзан эса саёзроқ жой келса ҳам ҳадиксирагандай таққа тўхтаб қолади. Бир хавфни сезганини билиб, минганлар ҳам йўлни бошқа тарафга солишади. Токлининг бир камарида ҳам от шартта баландга қараб ўрлади. Ботир сойга эниш осон бўлсин учун йўлидан қолмай, пастга қараб шувшиди. Аммо у дарҳол отдаги шерикларининг бақириб юборганини эшитди. Эшитдию қараса, устига том бўйи қор оқими силжиб келаяпти. Не қиларини билмай бир бутадан ушлади.

Туясингил экан, совуқда мўртлашганми, дарҳол юлиниб кетди. Кейин жон ҳукмида бошқа бутага қўл чўзди. Ҳарқалай, бу бодом экан, ушлаганича қотиб тураверди. Кўчки уни босиб ўтиб қорга кўмиб ташлади. Отдагилар туша солиб ваҳимага тушиб пастга чопишди. Аммо улар ҳам кўчки пастга силжиб тушгунча кутиб туришга мажбур бўлишди. Карашса, Ботирбой йўқ. Қор билан сойга думалаган бўлса омон қолмаган деган хавотирда эдилар. Бир вақт қорнинг текис усти булкиллагандай бўлганини Эсиргап пайқади. Норбўтага имлади. Ростдан ҳам камарнинг бетартиб қорларини кафтдай бир текис қилиб кетган кўчкининг изида бир жой қимирлагандай бўлди. Норбўта юраги бетламайроқ шу томонга қадам босди. Эсиргап унга эргашди. Ўша жойни қўл билан важоҳатла кавлаб ташлади. Ниҳоят йигитнинг қора чарм курткаси кўрингач, «ана, Худога шукр, ана!» деб қичқириб юборишди. Ботирни қорнинг тагидан бус-бутун чиқариб олишди. Фақат йигит бечора азбаройи қўрқиб кетганидан қалтираб йиғлашга тушди: «Мени, сизлар эмас, анави ердаги бодом қутқарди, бодом!» деб йиғларди у. Ўзингни бос, ўзингни бос дейишиб, етаклашиб пастга тушишди.

От кўчкини сезган экан. У энди бўйнида юганини солинтирганча эгасининг ортидан эргашиб келарди. Пастда шарқираб сув оқар, Ботирбой шу сувдан гўё ёзнинг жазирамасида чанқагандай тўйиб-тўйиб ичди. Сўнг бояги кўчган қорни кўриб тонг қотишди. Қор уюми худди бир катта қирдай сойни тўсиб қўйган, сув эса унинг остидан «туннел» очиб оқиб тушарди. Ботир бу бехосият ов ўзларингга буюрсин, бормайман, деб туриб олди. Икковлон уни отга ўтқазиб, ўзлари пиёда, узр сўраб, зўрға Парандозга боришга рози қилишди.
Уч оға-ини ботирлар қир, довон, тоғ ошиб, йўл юриб, йўл юрсаям мўл юриб манзилга етганларида кун пешиндан оққан, яхшиямки қуёш чиқиб тоғнинг кунбеткай томонлари қорини хўп эритмоқда эди. Лекин ҳавонинг очиқлиги кечқурун аёз бўлишидан дарак бериб турарди.

Парандоз чўққиси жуда ваҳимали, пастдан қараганда бошни айлантириб юборадиган даражада қўрқинчли эди. Улкан тоғ тошдан иборат, ўшшайиб сойга гавда ташлаб тушган, паст қисми эса ёйиқ шаклда тугагани учун одамнинг устига ҳозирнинг ўзида қулаб босиб қоладигандай тасаввур уйғотарди.
Йигитлар чўққи пойида туриб дурбинда қушларни кузатишарди. Эсиргап улар орасидан лочинни топди. Унинг келиб қўнадиган уясини билди. Бироқ туя қоянинг нақ бурнида эди. Унинг устидан келиб тепасига чиқиш осон, лекин қайси мард пастга қараб туша олади? Бу чўққиларда тоғ маликаси олқорнинг ҳам юриши маҳол. Эсиргап бобосидан бир гап эшитган. Бурунги замонда бир ўпкароқ киши жўралари билан баҳс бойлашиб белига арқон тортиб шу қоядан пастга тушган. Мақсад чўққининг қоқ ўртасида қуёшда ялтираб турувчи тош шираси – мўмиёни қўлга киритиш бўлган. Йигит алпинистлардай арқондан ушлаб, пастга бир-бир қадам босиб тушаверган, арқоннинг нариги учи тошга боғланган, қолаверса, шериклариям ҳар эҳтимолга қарши ушлаб туришибди. Йигит мўмиёга етгач, ундан елкасидаги хуржунга кўтарганича солган, сўнг энди тирмашиб тепага кўтарилаётганда дайди шамол туриб уни жойидан қўзғатиб юбориб мувозанатини йўқотган. У арқон билан қўшилиб чўққининг шамол ҳайдаган томонига ўтиб кетган. Тош қирралари арқонни титиб, кесиб юборган. Оқибатда бўз йигит пастга қараб шўнғиган. Афсуски, унинг жисми чўққи қирраларига урилиб парча-парча бўлиб кетган. Миш-мишларга қараганда йигит хуржунидан тўкилган мўмиёларни баъзи одамлар териб олиб шифо талабида ичишган. У ҳар қандай синиққа даво бўлган экан.
Мўмиёни олқорнинг қадами етган жойдан топиб бўлмайди дейишади. Сабаби жониворлар, қашқирлар, бўрилар, улардан қолса қашқирсифат одамлардан олган жароҳатларини мумиё кўмагида ўзи даволаб олармиш…

Эсиргап лочин уясига етиб бўлмаслигини билиб турарди. Бунинг устига бошқа ёввойи қушлар ҳам шу қадар кўпки, қўйган тузоқ, сиртмоғу жела-пелангни, ўлжа-пўлжаси билан титиб ташлашади. Бургут, калхат, қузғун, укки, қирғий деган ўлаксахўрлар борки, улар орасидан лочин жонивор «қайдасан Эсиргапжон» деб тузоққа тушмаса керагов. У амакисининг хўрозини олиб чиққандаги воқеани эслаб кулиб қўйди. Чўққига арқон олиб чиқишга-ку ҳеч кимнинг юраги бетламайди. Бу ҳақда гапиришнинг ўзи қўрқинчли. Бояги воқеани эса ҳаммаси эшитган.

Бироқ Норбўтанинг эътирофича шу қушлар орасида камида эллик минг доллар пул кўкда парвоз қилиб юрибди.
— Бу – бешта «Нексия» дегани, — деди Эсиргап. Сўнг Ботирга қаради. Ботир бунга жавобан «уҳҳ» деб қўяқолди.
Аҳён-аҳёнда олқор подаларига кўзлари тушади. Аксига олиб бу гал милтиқ олишмаган. Қишлоққа кирганларида элнинг олди уйқуга кетган эди…

* * *

Саксонипнинг гапига қараганда бу тизма тоғнинг бошқа жойларидаям лочин бўлиши керак. Яъни, тизма тоғнинг Белсой томонларидаги қолип, қия чўққиларидаям учрайди. Буни овчилар билади.
Аммо овчи дегани борки, бу ҳакда ўзининг туғишганигаям гап очмайди. Нима қилади ўзининг мўмай ўлжасини бировга текинга сотиб, луқмани ўзи ютиб қўяқолмайдими. Бошқалар юраверсин олқор, тўнғизни қувлаб.

Саксонипнинг ўзига қўйиб берса-ку, бугуноқ икки-уч лочиннинг жойини солиб, йўқолган моллари эвазига бир қусуридан чиқса. Аммо мана, кўриб турганингиздек, банданинг дегани ўттиз, Худойим қилади тўққиз. Энди балки қуш болалагунча кутиш керакдир. Ўшанда барча қушу парранда қатори лочин ҳам ўз тухуми, уяси атрофидан кетолмай қолади.
Саксонипнинг чўлда қариндошлари кўп. Илгари қишлоқдан кўчиб чиқиб кетишган. Уларнинг орасида айниқса қайни, қайноғалари билан анча иттифоқ, боришли-келишли. Бир қайнисидан Форишнинг Зафарободга ошиб тушадиган довонида лочиннинг уяси борлигини эшитди. Қишнинг илиқ кунларидан бирида сабри чидамай ўзи мотоциклда Норбўтани мингаштириб бориб атайлаб кўриб ҳам келди.

Энди сал кўнгли жойига тушди. Кунлар илиганда яна бориб келди. Қуш тухумлаш олдидан, тухумлагандан кейин яна борди. Бу – лочин. Лочин бўлгандаям худди ўша, араблар оладиган, рисоладаги лочин.
Саксонип улкан бойликни аввалдан хусусийлаштириб олгандек севиниб кўнгли тўқ юрарди.
Қуш тухум қўйгандан кейин у қайнилариникидан деярли уйига келмай қўйди.

Қоя этагида пойлаб кунда-шунда бўлиб қолди. Уя унча тепада эмас, балки арқон тортиб чиқса бўлар. Муаллим бунинг ҳам чамасини олиб кўрди. Ҳеч кимга айтмай ўзим қушнинг болаларини оптушиб боқсам-чи, деди. Лекин яна ўйладики, қариган кезда тошдан йиқилиб-нетиб шарманда бўлиб юрмайин, эл кулгу қилмасин. Шуни ўйлаб қишлоққа, ўғлига хабар жўнатди. Норбута дарҳол Ботир билан етиб келди. Саксонип Ботирни кўриб ғижинди. Шериклик ошни ит ичмас, нима қилардинг буни, дегандай ўғлига олақараш қилди. Ботир бўлса бекорчихўжа. Уйида ётади елкасини қашлаб, зерикиб ётгандан кўра деб овчи йигитларга эргашади, бироқ бир нарса таъна қилмайди, ким нима улуш берса, шунга рози бўлиб юраверади. Саксонип уяда учта тухум борлигини чўққининг тепасидан дурбин билан кўриб билган, улар очиб чиқса полапону ота-онаси билан қўшиб ушлашса йигирма беш минг долларнинг тагида қолишни ўйлаб, ўзича ҳисоб-китоб қилар, унинг сарф-харажатиниям аниқ бўлиб қўйган эди…

Хуллас, унга шерик ортиқча эди. Ҳатто қайниларини ҳам бу ишга қўшгиси келмай бу атрофларда девонадай тентираб юрарди.
Лочиннинг модаси хўрозидан йирикроқ, гавдалироқ бўларкан. Араблар ҳам модасига қизиқармиш. Айни шу кунларда тухум ёришга яқинлашган эди. Қизиғи, лочиннинг эркаги ҳам урғочиси билан алмашиб тухум босар, галма-галдан бориб овқат топиб еб келишарди. Бу орада ота-бола зўр бериб қушларни қай тариқа қўлга киритиш режасини қилишарди. Тузоқнинг желадан бошқа янги хилини ўйлаб топишди. Жела қушнинг оёғидан сиқиб қолишга мўлжалланган доира-доира шаклидаги тўр ип, янги тузоқ эса лочиннинг бошидан тутишга хизмат қилиши керак. Чунки уянинг нисбатан одам қўли етиши мумкин даражада пастлиги, полапонлару уларнинг ота-онасини ҳам қўлга тушириш зарурлиги шуни тақозо қиларди. Буни Норбўта ихтиро қилди. У каклик овига чиққанда желани ўзи ясар, кўпинча унинг желасига тўда-тўда какликлар келиб ёпишар, бир овдан беш-олтита какликсиз қайтмас эди.

Янги ясалган сиртмоқ ҳам желага ўхшаб тўр шаклида бўлади. Лекин унинг ўртасида яна бир тўрхалта ясаб, тўрхалтага каптар солиб қўйилади. Каптар ҳадеб ирғишлаб, типирчилайвермаслиги учун унга сурпдан «кийим» кийдириб қўйилади. Сиртмоқнинг оғзи нисбатан катта, аммо лочиннинг гавдаси сиғмайди. Тумшуғини урган заҳоти бўғзидан бўғиб олади, ҳисоб-китоб бўйича ипак ип тортилганда тугунчаларга қадалиб тўхташи, яъни, қуш ўзини тортганда нафасини бўғиб қўймаслиги керак. Бу жуда пухта ишланган режа эди. Бунгача мусича ва каптарлар тутиб хўп синаб кўришди. Лекин полапонлар темирқанот бўлиб учишга шайлангунча кутишга тўғри келди.
Бир маҳал Ботирнинг мардлиги қўзиди.
— Шу тошга чиқиб лочинларни оптушсам қанча берасан? — деб қолди Норбўтага.
«Бекорларни айтибсан, – деди Саксонип ичида, — шимилдириқ ҳам бермайман».
— Қўй, тинч ўтир, жигар, ўларсан тушиб кетиб. Мана, шу лочинларнинг бирини оласан бари бир, — деди Норбўта.
— Чиқаман, кўрасан, қараб тур, — деб у кийимларини ечиб ота бошлади.
Норбўта уни тўхтатолмади. Отаси эса негадир индамади. Ўзини эшитмаганга олиб тураверди…

Ботир қояни ён томонидан бўртиб чиққан тошларга оёғини қўйиб тиришиб чиқа бошлади. Тош бўйидан баландроқ кўтарилди. Бир пайт оёқ қўйишга мўлжаллаб иккинчи оёғи билан бир тошга сакраб ўтиб олмоқчи эди, оёғининг тагидаги тош синиб тушиб кетди. Мувозанатини йўқотиб қўли билан ҳам ҳеч нарсадан ушлаёлмади. Пастга қараб тошларни иширганча орқаси билан тушиб кетди. Яхшиямки, пастда мўрт, майда тошлар аралаш қум уюлиб ётарди, шу уюмга вой-войлаганча гупиллаб йиқилди. Ўзига ҳеч бало бўлмаганини билдириш учун ирғиб ўрнидан турган эди, боши айланиб тағин йиқилиб тущци. Бурни, қорни ва тиззалари шилиниб қонамоқда эди.
Саксонип уни ҳозир кўраётгандек, аввал, «ие» деди, кейин:
— Нафс қурсин, баднафслик одамни ўлдиради, — деб койиди…

* * *

Аввал темирқанот уч лочинчани тутиш лозим эди. Уларга тирик қуш ўлжа бўлиши шарт эмас, хом гўшт бўлаги кифоя. Фақат тузоқ яхши ўрнатилса бўлгани. Тузоқ тўрт тарафдан темир қозиққа тортиб боғланган, атрофи тўр ва ўртадаги гўшт солинган сиртмоқдан иборат эди. Аввалига темирқанот лочинлар ўз уяларидан сакраб чиқишга куч тополмадилар. Уч кун овора бўлишга тўғри келди. Тўртинчи куни эса, не тонгки, она лочин тўрга илинди. Бечора болаларига луқма тополмай овора кезиб юрган чоғда тайёр гўштни кўриб олгиси келган бўлса керак. Ўша куннинг ўзида катта полапон, эртаси куни эса оч қолиб қийналганидан бўлса керак, қолган иккитаси осонгина қўлга тушди.
Фақат хўроз лочинни тутишнинг иложи бўлмади. Энди унга овчиларнинг ҳам ҳафсаласи йўқ эди. Тўрттаси ҳам фалондай пул бўлади деб ортларига қайтишди.
На бўлғай, она лочин худди ўлчаб қўйгандай қирқ уч сантиметр, яъни, харидорларнинг талабига жавоб берарди.

Эсиргапни Дав бахшига бориб келишга кўндирищци. У амакисидан улуш берасизми деб сўради.
— Бориб келавер-чи, аввал пул бўлсин, қуруқ қолмассан, — деди Саксонип.
— Бир нарса десангиз яхши бўларди-да, харидорлар бизники-ку.
— Боравер, куруқ қўймайман деяпман, — дея жаҳл қилди амакиси.
Бир ой, икки, учинчи ой ҳам ўтди — харидорлардан дарак бўлмади.
Лочинлар учун махсус тўр катак ясалиб, унга парда тортилган эди. Уй эгалари ўзлари емаган гўшту паррандаларни озиқ учун уларга бериб туришга мажбур эдилар. Бўлмасам-чи, ахир, йигирма минг доллар пул шу катақда қамалиб турибди-я.

Саксонипнинг кечалари уйқулари қочиб кетар, фонар ёқиб қушларни тағин кўздан кечириб келарди. Болаларининг биттаси мода экан, у тезда улғайиб, онасидан ҳам каттароқ бўлиб кетди. Демак, шу дарози қимматроққа кетади…
Лочин озода қуш. У эрталаблари ўзига зеб беради. Ахлатини четроққа ўзи яшириб, кўмиб қўяди. Кўзлари тимқора, тип-тиниқ, қараб тураверсанг ҳордиғингни олади. Уям кўзини узмай қатъий термулганча тураверади. Гўё шу алпозда бир нима деб гапириб юборадигандек… Балки «бу тутқунликка ҳам бир кун барҳам берилар, а?» деб эгасига савол бермоқчидир. Эҳтимол, менинг ва болаларимнинг нима айбимиз бор ўзи?» деб нолиш қилмоқчидир…

Саксонип Дав бахшига ўзиям бориб келди. Бахши айтдики, харидорларнинг ҳозир анча оёғи тортилиб қолди, чегарадан лочинни олиб ўтиш қийинлашиб кетипти, агар олсаям арзон баҳога олиши мумкин.
Саксонипнинг тарвузи қўлтиғидан тушди.
Бу ёғи нима бўлади энди? Шунча сарсонгарчиликдан сўнг…

Аввалига лочинлар ҳақида фақат уч эркак хабардор эди, холос. Бора-бора қўшнилар, ундан сўнг жами қишлоқ, кейин эса қўшни қишлоқдагилар эшитди. Олис-олисларга ҳам хабар кетди. Бунинг хатарли томони бор эди. Айниқса, органнинг қулоғига етиб қолса…
Бошқалар эшитишининг яхши томони эса харидор топишга ёрдам бериши мумкин эди. Кўпчилик келиб лочинни кўрар, томоша қилар, аммо уларнинг ҳеч бири харидор эмасди.
Саксонип бир куни телевизор кўриб ўтириб «қилни қирқ ёриб» кўрсатувида айнан лочин мавзусида гап кетганини эшитди. Бир ёш олим лочиннинг кўп турлари ҳақида сўзлади. Россияда кричит, нижегородский деган зотлари ҳам бор экан. Унинг айтишича биздаги итолғи зотига чет харидорлар, хусусан, араблар қизиқармиш. Мухбир бунинг боисини сўраганда у бундай деб жавоб берди: Араб денгизи бўйларида йўрға тувалоқ деган қуш бўлади. Бу қуш денгиз тагидаги маржонларни териб ейдиган балиқларни хуш кўради, шу балиқ билан озиқланади, шу боис унинг ошқозонида маржонлар тўпланиб қолади. Йўрға тувалоқни айнан итолғи лочиндан бошқа қуш қувиб етолмайди. Шунинг учун баъзи араб овчилари лочиндан овчи қуш сифатида фойдаланадилар. Йўрға тувалоқ бизнинг юртимизда, Айдаркўл бўйларида ҳам учрайди…

Саксонип «ана, холос, пишди гилос!» деб юборди қувонганидан. «Маржон бор экан-да биздаям, ў, қизиталоқ!»
Энди хаёллари бошқа ёқларга олиб кетаётганди, олим йигит қўшимча қидди:
— 199… йилдаги ҳукуматимизнинг фалон қароридан кейин лочинни овлаш қатьиян ман этилган. Бу иш билан шуғулланувчилар жиноий жавобгарликка тортилади…

* * *

Эсиргапнинг ҳикоя қилишича, амакиси Саксонип бир куни лочинини кўтариб овга чиққан. Йўрға тувалоқни ушламоқ учун Форишдан наридаги Айдаркўл бўйларигаям борган. Лочинни қўйиб юбориб, олдига бир товуқни боғлаб қўйиб, ўлжа тушиши ва меҳрибон лочини унга ичи тўла маржон бўлган тувалоқни тап этиб ташлаб кетишини кечгача кутган.
Бироқ… бу лочинлар ҳам замонавийроқ, мулоҳазакорроқ шекилли, Саксонипдай домуллани менсимай, буям етмагандай тузлиғига тупуриб кетиб қолган. Қолган лочинларни эса… инсон зоти сўраб келмаган.

Тошкентдаги фалон институтнинг профессори бўлиб ишлайдиган Каттаев ўзининг уйида қушлар коллекциясини тўплармиш деган гапни эшитиб, Саксонип унинг Булоқбошидаги укасиникига бориб кепти. Укаси чиндан акам қушларнинг девонаси, агар бирор лочинингизни совға қилсангиз, ўзида йўқ хурсанд бўлади, деган. Саксонип сотмоқчиман, деган. У акасига телефон қилиб билса, ўн минг сўмга берса, оламан депти.
Саксонип бир ой ўтгач Каттаевнинг укасиникига бориб ўн мингга рози эканини билдириб, бир лочин берди ва пулини дарҳол беринг, дебди. Каттаевнинг укаси у қўшниникига, бу қўшниникига борибди, пул тополмабди. Охири акамнинг ўзи яқинда байрамга келади, ўшанда беради, рози бўлсангиз ташлаб кетинг, бўлмаса опкетаверинг, депти…

Саксонип иккилана-иккилана, охири лочиннинг овқатини ўйлаб ташлаб келибди. Байрамнинг эртаси куни эса бир отлиқ бола Саксонипнинг уйига беш минг сўм ташлаб кетибди. Саксонип ундан: — Нега кам? — деб сўраса, — Бобом қушниям пулга сотиб оладими, деб сўқди, шунинг учун домла қўли қуруқ бўлмасин деб шуни бериб юборди, — депти.
Бошқа лочинларнинг тақдири нима бўлганидан хабаримиз йўқ.
Аммо ўша кунларда чўлда тирикчилик қилиб юрадиган Саксонипнинг қўшниси Пўлат муаллимнинг ўғли Жозил янги Жигули» сотиб опти.

Саксонипнинг хўрлиги келибди: «Агар сигирларим уйда бўлганида туғарди, болалариям тана бўлиб қоларди, хўкизчаям балодай катта ҳўкиз бўлиб уч юз эллик-тўрт юз кило гўшт қиларди. Уларни сотсам бир машинага етадиган пул бўларди. Эҳ-ҳ, қандай моллар эди-я, пешона курсин, пешона! Аҳмоқ бўлиб лочиннинг орқасидан эргашиб юрибман-а! Уйи куйсин бу қушнингам, ўша харидорларниям! Одамлар шусиз ҳам бойиб кетяпти-ку!.. Хў-ўш, ўзи бу Жозил аҳмоқ йигит бўлса, қандай топди экан пулни? Қаранг-а, уф-ф…”
Шундан сўнг Саксонип қўлига қоғоз-қалам олиб ёзишга тушибди. Унинг хатбошиси шундай экан:

«…туман прокурори …га Қўрғон қишлоғида яшовчи фуқаро
Б.Саксонип томонидан
Шикоят-ариза

Шул ҳақдаким, 2003 йил 26 июн куни тоғдаги Бургутлисойдан йўқолган 20 бош қорамолнинг ўғриси маълум бўлди…»

ЧЎЛ ЎРТАСИДАГИ ШИЙПОН

Одам ўз тақдирини ўзи ярата олмайди. Тақдирга кўндаланг ҳам туролмайди. Қўлидан келмайди! Меҳнат қилади, интилади, нималаргадир эришади: мулк, мавқе топади, ўйнаб-кула олади, минбаъд турғун нарсани қўлга кирита олмайди. Вақт эса улуғ китобда таъкидланганидек, шамширнинг дамидан ҳам ўткирдир. Зотан, одамнинг ғурурланиб, кибрланиб юришига ҳеч бир асос йўқ. Шабада ҳам, гарчи инсонни эркалаган каби бўлса-да, вақтни эслатгани учун тиғ кабидир…

Тоға буни билиб, ҳис қилиб яшайди. Мундо-оқ танасига ўйлаб қараса, эсини таниганидан бери шу аҳвол экан: кичиклигида ҳам гоҳо уйқуси қочиб ўрнидан туриб кетар, юраги гумурар, ҳовлиқарди — онам, отам, укам, сингилларим, мен, мен… наҳотки ҳаммамиз… кун келиб… худди бир чора топиш зарурдек ўзида кучли масъулият сезиб қоларди. Энди эса кексайди: аввалги шашти, ҳаяжони йўқ, энди овуниш, юпанч, тасалли бор, холос. Қариликни тан олаётгани билан барибир у ёқ-бу ёғига, хусусан, қўл-билакларига сер солиб мушакларини ишлатиб кўрар, ҳалиям нималаргадир қодирманми, деб ўзидан сўраб кўрар эди.

У замонларда меҳнатга кўп берилган, берилмаса ҳам ўзи иш кўп бўлган, қишлоқ хўжалиги институтининг агрофагини тугатиб, қишлоққа келганида ҳам чўпонлик, сўнг табелчилик, умуман, деҳқончиликни ўзига эп кўриб ишлаб юраверган, эришган катта лавозими бригадирлик бўлган. Раиснинг зуғуми билан пахтага қўшиб ёзишга мажбур бўлганида дарҳол ишдан бўшаган, чўл томонга, худдики, қочиб кетган эди. У ерда ҳам мондимади, яъни иши ўнгланавермади. Кейин раис, бригадирлар билан келишиб полиз, қовун-тарвуз, ерёнғоқ, кунгабоқар экди, сотиб бирмунча даромад қилди. Укасини олиб келди, шу ерда ўзидан кўпайди. Бир кун ундай, бир кун бундай, лекин бировдан муттаҳам бўлмай яшади. Икки ўғил, беш қизидан тинчиди, эрга берди. Улни уяга, қизни қияга қўйди. Тошкентдаги қизи, айниқса, бахтини топди. Ўзи ҳаракатчан эди, ўқиди, ўзига муносиб куёв топилиб, бахтли-фаровон яшаб кетди. Куёв топармонгина, хушмуомала. Айниқса, қайнотаси билан худди бўйинсадек гапхона қилади. Тоға шаҳарга бориб, бир ҳафта юриб келади. Неваралари билан овунади, қизи хоҳлаган овқатини қилиб беради. Куёви у ёқ-бу ёқларга олиб боради. Кейинги гал у Ҳастимомга элтиб қўйди, жума намозини ўқиб, хуш кайфиятда қайтди. Шаҳарда яхши, ёш-яланг ҳам намоз ўқийди, мачит тўлиб кетади, имомлар ҳам ғоят саводли, аксарияти шарифи каломни ёд биладиган қори йигитлар.

Тоға шуларни ўйлаб, «э, садағанг кетай, ҳўкимат» деб қўйди. Қизининг қизи — невараси таътилга чиқиб, анчадан бери қишлоқда, у пилдираб келиб, бобосининг қучоғига ўзини отди. Уни эркалади, катталардек гапиртирди. Невараси аяси устидан арз қилди, бобо аясини жазолашга сўз берди. Кўча томонда лўли хотиннинг товуши эшитилди.

— Манам девонаи Машраб, — деб йўталиб қолди лўли. Сўнг: — Атаб-атаб берганларингни даргоҳида қабул этсинлар, — деди.

«Ҳеч бир-бирига қовушмайди-да шу кампирнинг айтганлари» деб ўйлади Тоға.

— Ёшларга умр айланг, беморларга шифо тиланг.

«Шуям гапми энди?»

— Ўғил-қизлар мендек бўлиб юрингла-ар!

«Буниси энди инма дегани бўлди? «Мендек бўлиб юринглар» — тиланчилик қилинглар деяптими?»

Қизча:

— Бес сўм бейинг, бобо, мўлтонига беяман, — деди.
— Қўявер, болам, ўзи келади, — деб қўя қолди Тоға.

Айтганидек қия очиқ дарвозадан (хўппа семиз, қоп-қора, оқ рўмол ўраган, қўлида тасбеҳ) лўли кўриниш берди ва боягидай:

— Манам девонаи Машраб, — деди.
— Машраб хола, бермон юринг, — деди Тоға.

— Атаб-атаб берганларингни даргоҳида қабул этсинлар, — деб юриб кела берди кампир. Яқинлашиб қолгач, Тоға:

— Энди, мундай-да, опа, нималар деганингизни ўзингиз тушунасизми? — деди.
— Ҳай, амак, тушунмасак элнинг назаридан қоламиз, нима деёпсиз?

— Сиз ўзи тожикча гапирасизми ё ўзбекчами?
— Уйга тожикча, кўчага ўзбекча.

— «Мендек бўлиб юрсинлар» деганингиз нимаси — ўғил-қизларимиз тиланчилик қилишсинми?
— Йўғ-э, амак, ман саксон бирга кирган, шунноқ-шунноқ кўп яшаб юрийлар, деёпман-да.

Шундоқ деди-ю, лўли кампирнинг кўзлари ўзига ярашмаган ҳолда жовдираб қолди.

Тоға бунга парво қилмади.

— Болалигимизда Тожикистоннинг «Маччойи» деган жойидан девоналар келишар эди. Биз мўлтони эмасмиз, дейишарди. Оталаримиз бир хилларига қўшиқ айттиришарди. Томнинг устига чиқиб, берилиб ашула айтганини эслайман. Шу баҳона бир-икки сўмлик бўлиб ҳам олишарди. Икков-икков қишлоқлар оралаб юриб-юриб, кейин қайтиб кетишарди. Бизлар таниб, отларигача билиб олган эдик. Иштихон томондан келган мўлтонилар эса дордаги кийимлар, тузлаб қўйилган гўшт борми, қозондаги овқат борми — кўз олайтириб, қўли эгрилик қилишарди.

— Сизга бир шарпа бор, қора шарпа, — деди кампир бу гапларга тамоман эътибор бермай. — Сизга душманлик қилиш пайига юрибдилар. Қамаласиз.

— Ҳурматингни бил-да, лўли, жўна бу ердан. Мана, гўдакнинг қўлидаги пулни олиб, қорангни ўчир!

Кампир пулни олиб, қора камзулининг чўнтагига солар экан, дуо қилишни ҳам унутиб:

— Шак келтирманг, амак, бир мушкулкушод дуо қилсак, бало даф бўладу, бошингиздан шарпа кетаду, — деяётган эди, Тоға тутоқиб кетди:

— Фолбин бўлиб, сен шак келтиряпсанми ё таҳоратимни бузмайин, деб юрган бир ғариб чолми? Биласанми фолнинг ҳаромлигини?

— Сиз тил теккизманг, эна-момолардан қолган мерос бу.
— Тиланчилик ҳам мерос сенга. Ҳаром нарсанинг ҳаммаси сенга касб. Йўқол!

Кампир ғудраниб, кўксига туфлаб, кўзлари баттар олайиб, чамаси дунёдаги жамики билган дуойи бадларини шу чолга арғумон қилиб, қайта-қайта юзига фотиҳа тортганча эшикдан чиқиб кетди.

Тоға анча вақт бўзрайиб индамай ўтирди. «Қора шарпа эмиш. Падаринг­га лаънат!» деб қўйди. Сўнг яна ўзини ўнглаб неварасини чорлади-да, бошини ҳидлади. Кайфияти жойига келди, шекилли, «Садағанг кетай ҳўкимат!» деди. Қизчани ерга тушириб, ҳовли адоғига ўтди-да, таҳоратини янгилади. Узун яктагини опчиқиб, елкасига илдию йўл-йўлакай белбоғини боғлай туриб, ор­қасига қараб товуш берди:

— Невараларга қараб тур, кампир, мен жумага кетдим!

Одатдагидай кампири акс-садо бермай қўя қолди. У ҳам ўзи билан ўзи. Кун исийверса, бошим лўқиллаяпти, деб кириб ётиб олади. Кореяга кетган кичик ўғлидан хат-хабар келмаётгани тағин уни хуноб қилади. Уч ойдирки, шу аҳвол. У бир йил тинимсиз қўнғироқ қилиб, пул жўнатиб турди. Хотини у кетгач, тўрт ойдан сўнг ўғил туғди. Ўғли хотинига, онасига совғалар жўнатди. Йиққан пули ҳам чакана эмас, дейишади. Бироқ уч ойдан бери сира қўнғироқ қилмагани ота-онанинг ичини идратиб юборяпти. Яна аввалгидай ичкиликка берилган бўлса — тамом.

Мачитда бир-икки тенгқурларини кўриб лўли кампирнинг устидан гап қилди.

— Ёзин-қишин шу, жума куни эрталабдан қишлоқ оралайди, ўзи Пахтакордан қатнайди, деб эшитаман.
— Тоға, сизга ўхшаган серҳимматлар буни келадиган қип қўйган-да, — деб тегишди Тошбўл сўфи.

— Ҳиммат қилиб нимаям қипман, эл қатори қуруқ қайтармайман, холос. Ўзи у Пахтакорнинг ўғриларидан бўлсаям ажабмас. Гаплариям бир бехосият. Қорангни кўрса, тамом — «Иби, амак, фолимга тушдинг», деб аврайди.

— Илинибсизми, дейман-да, Тоға. Ҳазир бўлинг, ўзларига иситишданам тоймайди булар.
— Исиб ўлиб турганим йўқ. Шу… хосиятсиз дейман-да… Ўзи бу сассиқ гапларни қаердан ўйлаб топишади занғарлар?

— Жинлари гапиртиради-да, — деди ёш имом. — Шу жин-шайтонлари учун улар иймонидан ажраган. Ҳамма гапи ёлғон. Бирортасига ихлос қилиб қолсангиз, худо кўрсатмасин, куфрга ботасиз.

— Шундай деб қўй, — деди Тоға имомга. — Индамасанг тоза бошингга чиқади. Қаердаги гапларни топиб вайсайди. Фол кўрармиш, э, ўл, ана, энди мачитнинг эшигига келиб туриб опти.

Тошбўл сўфи азон айтди. Чоллар намозга турдилар. Намоздан сўнг ҳам чоллар у ёқ-бу ёқдан гапхона қиладилар. Сувчи, раис, ҳоким, унинг пойтахтдаги тўралари, яъниким, томири сувга етгани, бу билан ҳазиллашиб бўлмаслигини бот-бот такрорлашиб, яна унча мулоҳазаталаб бўлмаган қисқа-юлуқ ахборот алмашинувлардан сўнггина истар-истамай уй-уйига тарқалган бўлишади. Бу вақтга келиб лўли кампир ҳам улушини олиб қайгадир равона бўлган, бинобарин Тоға ҳам энди уни кўришга тоқати йўқ, кўзи тушиб қолгудай бўлсаям жеркиб, қўл силтаб кетган бўлар эди.

Тоға уйига келиб катта ўғлига отни эгарлашни буюрди. Ўғли бир лапашанг, бўш, кези келганда мана бундай от эгарлашга ўхшаган юмушларни ҳам вақтида эплаёлмайди. Одамнинг жуда бўшиям бир кулфат бўларкан. Охир-оқибат шундай бўлдики, у армия хизматига бормади, Тоға амал-тақал қилиб ўзига ўхшаган андироқ Фотимага — Шоди гуппининг ёлғиз қизига уйлади-қўйди. Ўз-ўзидан кўпайиб ётибди энди.

Бурноғи йили (унда ўғли уйланмаган эди) Мухтасам жўраси шийпоннинг ёнида ярим кўмилиб турган цистернани кўрсатиб:

— Ҳў, жўра, ит эгасини танимай кет­япти, шуни кўздан пана қил, эртага тилло пулга тополмайсан, мени айтди, дерсан, — девди.

Тўғри айтади, эртага бунақа юкни фалон пулгаям топиб сотиб ололмайди. Бир тележка топиб, амаллаб кўплашиб, «кўтар-кўтар» қилиб, ортиб келишаётса, йўлда ўғлининг қайниси Бўта тракторчи қичқириб ётибди:

— Тўхтанг, Жўра ака, поччамнинг қўлини темир қисди!

Бир муддатдан сўнг трактор тўхтагач, Аллаёрдан ҳол-аҳвол сўрайман десалар, йигит қизарган-бўзарган, ўнг оёғи цистерна тележкага ортилган заҳотиёқ унинг тагида қолган, йўлда қайниси унинг кўзлари қизариб, кучаниб бўзарганидан сезиб қопти.

Тоға ўғлига жуда ачиниб:

— Аллаёр, бошида бир оғиз айтсанг бўлмасмиди, икки бармоғинг мажақланиб кетибди-ку, болам, — деса, у:
— Манов кўриб эди, айтар дебман-да, — деб қайнисини кўрсатаётган эмиш…

Э, шунга айтаман-да, обдон одамнинг бўшиям бир кулфат. Кореядаги ўғли Дўстёр аломат, тегирмондан бутун чиқади. Лекин шу ичиши бор-да, ичганда отасиниям танимай қолади, шу боис келин билан сен-менга бориб туришади, онасиникига кетганида Тоға бориб опкелган, кейин-кейин кетсаям ўзи келадиган бўлди, ўғли Дўстёр бўлса, димоғида «ўзи кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр» деб қўшиқ айтади. Тоға охири уларнинг рўзғорини бошқа қилиб тинчиди. Бироқ Дўстёр ичкиликни ташламади. Имкон топилганда хорижга кетди, шуниси дуруст бўлди: пул-мул жўнатиб туради-да.

Уч ойдан буён на пул жўнатаётгани, на алоқага чиқаётгани тағин бир ғалва бўлди.

Мухтасам жўраси ғариб, оиласиз, сўққабош, келиб ўрнашиб қолган жойи — олис даладаги шийпон. Ўзи ҳам одамови бўлиб кетганига қарамай, биз тоға деяётган жўрасини кўп соғинади. Одамлар эрта баҳорда унинг олдига эллик-олтмиш чоғли қорамол бериб, кеч кузгача боқиб, қараб туриш шарти билан ташлаб кетишади. Келишилган чўпон ҳақини вақтида ололмай ҳалак бўлади, лекин бари бир шу одамлар берганига қаноат қилмай иложи йўқ: бошқа иш қўлидан келмаса, фермер илиниб бирор гектар жой берса — кучи етмаса, қора меҳнат оғирлик қилса. Шундаям трактор шудгоридан чиққан шийпон атрофидаги кафтдай ерга бодринг, помидор, ҳандалак, қовун, кечки тарвуз экади — ишқилиб эрмаклайди-да. Ўзи ҳар замон хўжалик марказига тушганда бир талай бўлка нон сотиб олади-да, келиб майда кесиб қотириб қўяди. Шакар аралаштириб бир ҳафта ейди. Бир қанча ёшлар гуруҳ бўлиб маёвка деб ўтиб қолишса, у-бу егуликлар беришади. Ҳов бир гал уч овчи йигит кўл бўйидан роса қирғовул отишибди, қайтаётиб шу ерда бирпас улфатчилик қилишди, Мухтасам амаки уларга иккита қирғовулини товада қовуриб берди. Тўрваларига қараса, нақ ўн олтита қирғовул экан, баччағарлар бир дўмбоғини амакига ҳам илинишди.

Бошқа пайтлари бўлса, Тоға бу томонларга йўлаб туради. Қуруқ қўл билан келмайди. Ўтган-кетгандан эзилишади. Тузқоқи гўшт, тегирмон унидан қилинган тўрттагина тиғиз қора нондан ҳам кўтариб келади. Мухтасам ошнаси яшириб қўйган бир шиша виносини опкелиб, зўр ҳафсала билан кемшик тишлари билан «поқ» эткизиб очади. Тоға «Худонинг олдида не деган одам бўлдик, жўра», дегани билан, Мухтасам бир гапни такрор айтади: «Чопилиб юрган от барибир чопади, қўйсанг-чи, бир гап бўлармиди». Тоға шу гапни кутган бўлади аслида. Шу боис аввал олазарак бўлади, кейин бош пиёз тўғрамини ҳидлай-ҳидлай икки-уч пиёлани сипқариб юборади. Сўнг сархуш бош ўрнига келгунча қумғонда қайнаган кўк чойдан бостириб-бостириб ичаверади. Уйига бип-бино-йидек кириб келади.

Жўрасини охирги йўқлаганида Кореядаги ўғлидан ҳам, бу ёқдаги катта ўғлининг турмушидан ҳам кўп нолиди, ниҳоят, аслида ошна уйланмай, бола кўпайтирмай тўғри қилаётибсан, дейишгача борди. Ҳолбуки, у Мухтасам ошнасига бир эмас, икки марта бева аёл топиб уйлантирган, жўрасининг азбаройи бўшанглиги боис бўлса керак, аёллар кўп турмаган — кетиб қолишган. Бошида бир тутқаноғи бор аёлни хотин қилиб эди, у туғилган уч ойлик гўдаги устига тутқаноқ билан йиқилиб нобуд қилиб қўйганида қишлоқдаги турмушдан илкини узиб чиқиб кетган эди, бошқаларида ҳам бахтиёр ҳаёт ҳақида энди юрак бетлаб уйланмай қўйган эди чоғи. Зоҳидона турмушга ўрганганининг боиси шу.

Ўшанда Тоға Мухтасам билан очилиб, тўйиб ҳангомалашди. Мухтасам ҳеч ким билан тузук-қуруқ гаплашмайди, бироқ жўраси келганда тил-забон битиб, чунон иборалар қўллайдики, тоға бу чечанлик қайдан экан, деб қолади. Бошида таъкидлаганимиз каби одам ўзининг пешонасини ўқий олмайди. Тоға буни яхши англайди, лекин дўсти билан боғлиқ терс ишни тушида ҳам кўрмаган эди.

Гап шундаки, қишлоқдан нақд ўн олти чақирим наридаги эски шийпондаги суҳбатдан роппа-роса беш кун ўтиб, Тоғани мелиса йўқлаб қолди. Уларнинг «УАЗИК»ига ўтириб борса, Мухтасам деган ошнангиз борми, деб сўрашди. Бор, деб жавоб берди-ю, дарҳол нима бало урибди, даштда ҳалиги диний оқимга қўшилган жойи бормикан, деган ўй келди бехосдан.

— Нима қип қўйипти? — деб сўради дарҳол.
— У эмас, сиз қилгандирсиз?

Тожикбашара мўйловли терговчи шу саволни берибоқ зимдан Тоғага синчков тикилиб қолди.

У саросималанди. Бир фалокат қўпганини сезса-да, нима эканини англаёлмай гаранг бўлди. «Тушунтириброқ гапир, ука», демоқчи эди, терговчи аввалроқ:

— Унда нима қасдингиз бор эди, Тоға? — деб оғзига урди.
— Нега қасдим бўлади, жўрам-ку.

Тоға ўзи тирикмикан, деган хаёлга борган заҳоти, бу бегона йигитга қандай тоға бўламан, ё уям мени ҳамқишлоқларимга ўхшаб умумий Тоға демоқчими, деган ўй келди-ю:

— Ўзи тинчликми? — деди батамом шалвираб.

— Сиз биласиз-да, жондай ошнангиз, — терговчи капитан ҳам зеҳн ила, ҳам калаванинг учини топган ғолибдай иршайиб қолди. Зум ўтмай ғолибона таҳдидини давом эттирди:

— Далага чиқиб винохўрлик қилардингиз, а? — деди ва изоҳ талаб қилгандек шу кўйи туриб қолди.
— Бу — бор гап, майли, лекин ўзи соғми? — деб сўради Тоға довдираб.

— Соғ қоладиган қилиб калтаклаганмидингиз? — деди капитан. Тоғанинг довдирагани уни тағин хўрозлантирган эди.

— Тушунтирсангиз, жўра, ўзи нима бўпти? — деди Тоға ҳамон гаранг бир аҳволда.
— Мен қотил билан жўра эмасман, унинг устига соқоли кўкрагига тушган ҳожи ота бўлсангиз, — деди кесатиб.

Тоға бунга эътибор ҳам қилмай:

— Ўлиптими? — деб юборди, кўзлари нақ хонасидан чиққудек бўлиб.

Капитан энди пича шаштидан тушди. Тоғанинг ўзини тутиши қотилликни эслатмас эди.

— Юринг, — деди у ва ручка-қоғозни йиғиштириб, Тоғани хонадан чиқариб, коридорнинг охирига бошлаб борди. Полда эски-туски калта кўрпачалар билан усти ёпилган мурда ётарди.

Тоға юролмай қолди. Капитан болани судраклагандай уни гандираклатиб етаклаб борарди. Энди у дўстининг ўлганини тушуниб етган, бироқ буни кўз олдига келтиришга, идрок этишга капитан қўймас эди.

— Шошма, шошма, — деди тисарилиб, шу заҳотиёқ кўз олди қоронғилашиб ўтириб қолди.

Мурдага уч қадам қолган эди. Капитан чироқни ёқиб, мурданинг юзини ҳам очди. Бир қўланса ҳид анқиди. Тоға ўрнидан туролмади, бироқ энгашиб эмаклаб келди. Тилидан нима сас чиққанини капитан тугул ўзи ҳам англамади. Жўрасини қучай деб чоғланди-ю, бад бўйдан юзи буришиб кетди.

— Ё Аллоҳ! — дея ёнбошлаб қолди.

Капитан камзулининг ёқасини кўтариб, жуда совуққонлик билан:

— Кетмоннинг сопи билан урмай, темир билан солибсиз-да, пешонаси бир зарбда мажақланиб кетибди, — деди. — Бу ҳам етмагандай иягини синдирибсиз. Ё биринчи урганда жони чиқмадими? Ахир ўшанда манави ўнг кўзи ҳам хонасидан чиқиб кетган-ку, яна уриш шартмиди?

Ёнбошлаган жойида чалқанча тушганини ўзи сезмади. Капитаннинг буйруғи билан погонида бирор белгиси йўқ мелиса Тоғани изоляторга судраб кетди.

Шу кўйи у уч кун ётди. Ҳар куни сўроқ қилишди. Ҳар сафар у беҳолгина ҳеч нарса билмаслигини айтарди. Ва ҳар сафар дўстини ювиб-кафанлаб, жаноза ўқиб, кўмилганми-йўқми, эканини сўрарди. Тағин ҳар гал мурда суд-медицина экспертизасига жўнатилганини эшитар ва охири бунга кўникиб ҳам қолди.

Охирги куни ҳам у ўша капитан сўроқ қиляпти, деб ўйлади ва беихтиёр:

— Инна лиллаҳи ва инна илайҳа рожиъувн! — деди баланд қироат билан. — Унинг арвоҳи қай аҳволда — билмаймиз, лекин эртага сен ё мен нима топамиз — буниям билмаймиз-ку, а, ё биласанми?

Тоға энгашиб олган, қаддини ростлаш тугул кўзини очишни ҳам истамасди.

— Файзулла тоға, — деди мелиса, — сиз гумондор бўлган ягона шахс эдингиз, муҳлат тугади, энди уйга кетасиз!

Тоға ажабланиб бошини кўтарди. Хона нимқоронғи эди.

— Сизни уришмадими? — деди мелиса.
— Худонинг ургани етмайдими?

— Мелиса Худога қараб ўтирмайди-да.
— Энди барибир: урсанг ҳам, ўлдирсанг ҳам.

— Мен Мустафо полвоннинг ўғлиман, танимаяпсиз чоғи?
— Мелисаси бор деб эди, сенмидинг?

— Ҳа, мен, кичиги — Абдужаббори.
— Мухтасамни қандай кўмдинглар?

— Ўша куни Абдували имом мўргдан одамлар билан келиб опкетган. Иримини қилиб кўмган чиқар.

Тоға изолятордан чиққандан тўрт кун ўтиб, пайшанба куни дўстига қўй сўйиб маросим қилиб берди. Маросимда чоллардан бири Мухтасам шу ҳолига ҳажга боришни орзу қилганини кулиб айтиб берди.

— Сиз билан мен-чи, — деб чолнинг оғзига урди Тоға. — Ундан қаеримиз ортиқ?

Уч ой деганда Тоғанинг кичик ўғли Шерали Кореядан келди. Бир болали сигирни унга берди. Кечаги жумада ўғлини мачитга опкелиб, кўпнинг дуосини олди. Бугунги жума намозига чоғланганда лўли хотин эшик қоқмай кириб келди. Эшикдан кираётиб:

— Манам девонаи Машраб, — дея хиргойи қилди.

Бу сафар Тоға уни қабатига чақириб олди. Тилаганидан ортиқ пул берди.

Қора аёл супага ўтирганча тасбеҳига қараган кўйи:
— Мушкулларингиз кушойиш, амак, — деди.

Тоғанинг яна бир жини қўзиди-ю, бу гал ўзини босди.

— Учта бети қаро қамалди, жўронгизга қасд қилган ўшалар.

Жамоат намозидан кейин тенгқур чоллар билан гаплашиб ўтириб эшитди: бузуқ йўлга кирган уч йигит Мухтасам чолни йўриғига ундаган, у бўлса кўнмаган, қайсарлик қилган, оқибати — шу, чол беҳуда ўлиб кетди. Мелиса барибир қўлга опти — садағанг кетай, ҳўкимат.

Мачитдан чиқаётиб тағин лўли хотинни кўрди. Кўзи кўзига тушмаслиги учун бошқа қарамади. Лекин кўчага чиққанда шерикларига:

— Шу занғар мўлтониларда ҳам бир гап бор-ов, — деди. Яна бир нима деб изоҳламоқчи бўлди-ю, шерикларининг авзойига қараб индамай қўяқолди.

Sobir O‘NAR
IKKI HIKOYA
007

Ashampoo_Snap_2016.12.22_17h33m25s_003_a.pngSobir O‘nar 1964 yil 25 fevralda Samarqand viloyatining Qo‘shrabot tumanidagi Quvkalla qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Ilk hikoyasi — «Kunsuluvning xatlari». Shundan so‘ng yozuvchining «Orzuga to‘la qishlok» , «Ovloq adirlar bag‘rida» , «Chashma» «Chambilbelning oydalasi», “Bibisora” va boshqa hikoyalar va qissalar to‘plamlari nashr etilgan. Hikoyalari bir qator tillarga tarjima bo‘lgan. Qorakalpoq adibi X. Tojimurodovning «Ov xangomalari» (1990) hamda turk yozuvchisi Bakir Yulduzning «Karbalo fojeasi» qissasini, Garsia Markes hikoyalarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan. Sobir O‘nar 2022 yil dekabrida 58 yoshida vafot etdi.

007

LOCHIN

Saksonip muallimning o‘g‘li Norbo‘ta kecha To‘ti bozordan ajabtovur xabar topib keldi: allaqanday arablar lochin degan qush qidirib yurgan emish, bizning tog‘lardayam lochin bor ekan, tutib bergan odamga naqd besh ming dollarni qurtday sanab berib opketisharmish. Bu gapni begona emas, o‘zining amakivachchasi Esirgap aytdi. Jizzaxdagi Dav baxshining uyiga arablar kelib turarkan, o‘shalar buyurtma bergan emish. Esirgapning kirmagan teshigi, tanimagan odami yo‘q, o‘zi biron yumushning qo‘lidan tutmagan bo‘lsayam uddaburon ovchi, epchil chavandozligining orqasidan nozik-nozik odamlar, prokuroru melisa boshliqlarigacha aka-uka tutinib yuradi. Chamasi Dav baxshigayam yo o‘ziga dam soldiradi, yo tumor-pumor yasatib yuradi.

Norbo‘ta avvaliga bu gapga e’tiborsiz qaradi. Kelib otasiga aytgach, oqsoqol muallimning ko‘zlari chaqnab ketdi. “Yo‘g‘-e, besh ming dollar deganing ancha narsa-ku!” dedi. Hoynahoy, pulning kuch-qudratidandir, Saksonipning tinchi yo‘qoldi. Esirgapning uyiga o‘zi borib masalani oydinlashtirib keldi. Nafaqadagi biolog o‘qituvchi bo‘lmish Saksonip shundan keyin battar bezovtalandi.

Esirgap unga dedi:
— Baxshining uyida o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim. Oqishdan kelgan mallarang, juda chiroyli qush ekan, ko‘zlariyam timqora. Shundan topib bersang, donasini besh ming dollardan sotib olaman, deb aytdi. Dav bova, bizda bunaqasi yo‘q, desam, surishtirib ko‘r, ovchisan, uchrab qolar, dedi.

Saksonip o‘zining tilidan otilib chiqqan so‘zni beixtiyor ushlab qololmadi.
— Ehe, nima deyapsan, manov tog‘da bor u qush. Darslik kitobdayam shu yerda borligi yozilgan. Lekin ta’rifiga qaraganda juda chiroyli qush. Patlariyam xol-xol hoshiyali, oyoqlari ko‘kish, ko‘zlari qop-qora deb yozgan. Qizil kitobga kiritilgan. Nurota tog‘ida yo o‘ttiz, yo yigirma nafar tamg‘ali lochin bor, deb o‘qiganman.
Muallim uyiga qaytayotib aytgan bu gapidan o‘zi pushaymon bo‘ldi: bu yaramas ayg‘oqchi-ku, qayerdagi odamlar bilan jo‘rachilik qiladi, sotib-netib qo‘ysa-ya…
Uyiga kirib osmonga qarab o‘ylab yotdi. Ovchi bolalar kaklikka jela qilib tuzoq qo‘yib yotishardi. Ancha-muncha tutishadiyam. Lochin degani jonivorlar, asosan parrandalarni tutib yeydigan qush, qaytanga, kakliqdan ko‘ra bunga tuzoq qo‘yish oson-ku.

Olti oycha burun tog‘dagi mollardan yigirma chog‘li semiz-semizini o‘g‘rilar tog‘dan oshirib haydab ketgan edi. Shulardan uchtasi Saksonipniki edi: ikki tug‘adigan sigir va bir ho‘kizcha. Qo‘riqlanadigan chegaradan o‘tkazib tog‘ ichiga qo‘yib yuboriladigan bu mollarga birov qaramas, cho‘pon boqmas, demak, ihota qilinmagan bo‘lardi. Tog‘ qorovuli, ov uchastkasining noziri, tabiatni asrash bo‘limining xodimi, ichki ishlar xodimi ham ularni haydab, bir joyga qamab qo‘yib, egasiga jarima solishi mumkin edi. Qolaversa, qish yumshoqroq kelgan yillari bo‘riyam birdan ko‘payib ketib mollarga qiron keltirib qolardi.
Mol egalari ikki-uch kun, bir hafta deganda xabar olishar, xabar ololmaganlariga senikiyam yuribdi; Kuygan tog‘da, Solining soyi yo Tomchisoyda o‘tlayapti deb kelardi. Albatta, bu odamlar mug‘ombirlik qilishadi. Yaqin atrofdagi chakana mol boquvchi cho‘ponning oldiga solay desa, har boshiga bir oyda ming so‘mdan berib turish kerak, uning ustiga yaylov degani tamom bo‘ldi: ochiq joy borki, bug‘doy, arpa, no‘xat ekilgan. Cho‘pongayam, mol egasigayam qiyin: bir narsa topib yemasa semirmaydi, sut bermaydi, go‘sht qilmaydi. Shuning uchun garchi ta’qiqlangan bo‘lsa-da, tog‘ning o‘t-o‘lanlarigacha himoya qilinadigan hududga qo‘yib yuborishadi. Kuzda borib mollarini haydab kelishadi. Agar omon qolsa.
Yo‘qsa, birovdan o‘pkalayolmaydi. O‘zining tili qisiq.

Yigirma bosh qoramolni haydab ketgan o‘g‘rilarning iziniyam topisholmaydi. Ichki ishlar xodimi tog‘ni oralab birovning molini topib, o‘g‘rini tutib berishi dargumon. U gumondor odamnigina chaqirib so‘roq qiladi. Gumondorlar esa juda ko‘p. Odamlar bir-biridan shubhalanib ustidan yozaveradi: o‘sha kuni falonchining to‘yi bo‘layotgan edi, pistonchi uning tog‘asi bo‘lsayam to‘yga kelmadi, ko‘rganlar bor, o‘sha kuni u mollaridan xabar olish bahonasida Kuyik tog‘idan Belsoyga qarab yigirmadan ortiq qoramolni haydab chiqqan. Nega haydaydi — tekshirish kerak. Hoynahoy, shu gumdon qilgan yoki sheriklariga haydab oborib bergan, keyin ular tinchitishgan. Bo‘lmasa, nega o‘zining moli yo‘qolmadi? Qani, shu so‘roqqa javob bering-chi. Uning o‘g‘ri ekanini ko‘zlariyam aytib turibdi: bejo. To‘y-ma’rakagayam o‘shandan beri aralashmaydi. Xo‘sh, sababi nima? O‘rtoq Pismadonchiyep, shuni tekshirib, aniqlab bersangiz, o‘g‘ri topiladi, bu — aniq.

Bu hikoyatlarni qishloqdagi ikki yo uch zakunchi yozib beradi. Shuning uchun husnixatlar ham ikki yo uch xilda bo‘ladi. Hikoyat ro‘yxatga olingach, yana bir tergovchi ovora: guvoh to‘plagan, so‘roqqa tutgan, to‘yga kelmaganining sababini so‘ragan. Gumondor oddiygina qilib mollarni keyingi soyga haydab sug‘ordim, u yerda o‘tloq yaxshi, molning tili tegmagan ekan, biror hafta boshqa joyga uloqib ketmasin deb o‘sha yerga o‘tlatib qaytdim, shunga to‘yga kelolmadim, deydi. Hech kim uning yoqasidan ololmaydi. Kunlar o‘tib bir yigit mashina sotib olsa, tag‘in uning boshi milisabozlikdan chiqmaydi: buning ortiqcha puli yo‘q edi-ku, qayoqdan oldi mashinani, o‘sha kuni uni tog‘da ko‘rganlar bor, tog‘ning orqasidagi qishloqlarda oshnalari borligini bilamiz, falon yili olqor otib qo‘lga tushganda pismadonday qilib qutulib ketgan, juda tullak yigit, ehtiyot bo‘lib ushlash lozim… Va hokazo, va hokazo.
Xullas, Saksonip domlaning paytavasiga qurt tushdi. Qani endi o‘sha qushdan bir talayini tutib pullasangu gurillab yursang, o‘g‘lingga manaman degan “Neksiya”mi, biror chet el mashinasinimi oberib qo‘ysang, yonida o‘tirib murtingni burab to‘ylarga borsang, nevaralarga varanglatib, hech kim qilolmagan to‘yni qilib bersang. Yaxshi-yomon hamsoyalar ichi kuyib, ko‘rolmay ko‘zi teshilsa. Kunda-kunora iltimos bilan karz so‘rab kelishsa. Mashinangizda shaharga yoki palonchining to‘yiga borib kelsak, yohud o‘g‘lingiz oppoq mashinasida pisdon joydan kelin opkelib bersa, deb yetti bukilib yalinishsa…

“Berib bo‘pman! Mana olasan!.. Mana!.. Evini topsang o‘zing ol. Nima, qo‘l-oyog‘i butun odam ham shunaqa xor yashaydimi?! Harakat qil, bolalaringga ayt, sulayib yotibdi bari uyda. Nima, ularni so‘qimlikka boqayapsanmi? Bultur mollarim yo‘qolganda bir og‘iz hol so‘rashga yaramaganiyding. Prokurorga yozganimda sanam qo‘l qo‘y deb qo‘ydirolmaganiydim. Endi-i… Ha, uka-a, zamon keldi, ko‘rdingmi? Berib bo‘pman!..”

Saksonip lochin faqat odam qo‘li yetmas qoyalargagina uya qurib bola ochishini yaxshi bilardi. Shunaqa joylar Beshbarmoq tizmalarida bir nechta borligini ham ko‘rgan. Ammo umri bino bo‘lib u qushning tirigini uchratmagan ekan. Qush degani osmonda uchsa, musicha, chumchuq, zag‘izg‘on, kaptarga o‘xshab uyning atrofida o‘rmalashmasa qaydan ko‘rasan lochinni.
Bir-ikki chopson yigitlar qor yoqqan kezlarida yaqin adirlardan ham kaklik tutib kelishardi. Aytishlaricha, kaklik sovukda suv ichsa qanoti muzlab epga kelmay qolarmish. Qo‘ngan joyidan tepaga ko‘tarilolmasmish. Chaqqon bolalar uni suv ichishini poylab qo‘ngan joyidan, qor orasidan oppa-oson tutib olarmish.

Saksonipning o‘g‘li ham bu ish bilan shug‘ullanar, ovidan qolgan ikki-uchta tirik jo‘ja kaklikni qafasda saqlab, yozgacha boqib, yozda toqqa jelasi bilan opchiqib kaklik ovi uyushtirardi.

Qo‘shnisining o‘g‘li Esirgap bir kuni toqqa tovuq opchiqib lochinga jela qo‘yamiz deb qoldi. Avvaliga u “bu shpion bilan ish qilib bo‘larkanmi”, deb shubhalandi. Keyin shundog‘am uyda yotippan-ku, borsam boraqolay, deb rozi bo‘ldi. Ot-ulov yo‘q, ko‘p yurishga oyog‘i chidash bermadi. Qishloqdan o‘n chaqirim naridagi Oqzov atrofida to‘xtashdi. Esirgap qitmir yigit, o‘zi uyida chandon tovuqlari bo‘laturib Saksonipga “xo‘roz olmasak bo‘lmaydi, sizning baqiroq xo‘rozingiz bor, rangiyam qip-qizil, lochin qizil qushga o‘ch bo‘ladi”, deb aldadi. Amakisi noiloj, opchiqqanimda kichkina lochin kap-katta xo‘rozimni yeb qo‘yarmidi degan ilinjda ko‘ndi. Har ehtimolga qarshi xo‘rozning oyog‘iga qalin ip bog‘lab qoziqqa tortib bog‘lab qo‘yishdi. Tabiiyki, yalang tepada xo‘roz bir o‘zi qolib bezovta bo‘la boshladi. Domla zovning u tomoniga, ovchi ukasi bu yoq tomondagi toshning panasiga o‘tib kutib turishdi. Atrofda kakliklar ko‘p, ammo kaklik degani kaklikka keladi-da, xo‘roz bilan nima ishi bor. Boz ustiga ovchilar kaklikka jela qo‘yaverib obdon qo‘rqitib qo‘yishgan, ularning moda kaklikka kelishga yuragi dov bermaydi.

Ko‘p o‘tmay osmonda bir katta qora qush paydo bo‘lib aylanaverdi. U yerdagi xo‘rozni kuzatayotgani aniq edi. So‘ng xuddi tepadan tashlab yuborilgan toshday pastga sho‘ng‘idi. Domlaning o‘ylashicha, u shu alfozda yerga tushsa tumshug‘i bilan bo‘z yerga bir-ikki qarich kirib ketishi kerak edi. Yo‘q, unday bo‘lmadi. U shasht bilan aynan xo‘rozning o‘ziga tashlandi. Avvaliga Saksonip bu lochinning bir qoraroq turidir-ov, deb sevindi. Hozir sirtmoqqa ilinadi deb kutdi. Qayoqda, bu oting o‘chgur xo‘rozni ko‘tarib osmonga ko‘tarildi. Xo‘rozning arqonlab qo‘yilgani pand berdi shekilli, uning changalidan chiqib yerga tapillab tushdi. Bechora qo‘rqib ketganidan bo‘lsa kerak, g‘ujanak bo‘lib yotib oldi. Qora qush negadir jelaga tushib qolmadi, tag‘in osmonga ko‘tarilib jo‘nadi va miq etmay yotgan xo‘rozni yana havolatdi. Qoziq va arqonning mahkamligidan xo‘roz bu safar ham arqon bo‘yi ko‘tarilib changaldan chiqib ketdi. Saksonip xo‘roziga rosa achindi. Bu sabil qolgur qush nega chilvir jelaga oyog‘i ilinib tushib qolmayotganiga ajablanayotgan edi. Uchinchi safar qush xo‘rozga tashlanayotganda sabri chidamay «istehkom»dan otilib chiqdi. Endi qush xo‘rozga astoydil hamla qilayotgan, uni yerdayoq g‘ajib tashlashga kirishgan edi. Saksonip qo‘liga tosh olvoldi. Yaqinroq borib qushga irg‘itmoqchi edi. Buni payqagan qush tag‘in xo‘rozni ko‘tarib uchdi va tag‘in pand yedi: bog‘langan xo‘roz arqonini uzib ketolmadi. Ammo vajohatidan kelayotgan odamni ham pisand qilmasdi, qaytib tushib xo‘rozning patlarini yumdalab tashladi. Saksonip “hoy-hoy”lagancha tosh uloqtirdi. Qora qush odam yaqinlashguncha harakat qildi. Oxiri, bo‘lmagach, o‘ljani tashlab qochib qoldi. Domla kelib ko‘rsa xo‘rozning bo‘yni qonab ketgan, tomog‘ining tagidagi patlari yulinib yap-yalang‘och bo‘lib qolgan edi. Narigi toshning panasidan chiqib kelgan jiyani qornini ushlab qotib-qotib kulardi. Bu ham yetmaganday, nihoyat yerga yotib dumalab vaholab kuldi.

— Jela-pelang bilan qo‘shilib o‘l, kasofat! — deb so‘kindi muallim.
— Amaki, ko‘rmadingizmi, u kalxat edi-ku, — deb yana kulardi jiyani. Jiyani juda bo‘lmaganda shu gal amakimning xo‘rozini qozonga bosamiz, deb kalxatning hamlasini atay kuzatib turgan ekan.
— Bekorlarni aytibsan, xo‘rozning po‘qini je, — dedi amakisi g‘azabini bosolmay. Va uyiga kelib xo‘rozga dori-darmon qilishga kirishdi…

* * *

Shu orada tog‘ qishloqdagilar, jumladan, qo‘rg‘ontepaliklar uchun ham bozor katta gapxona. Bir haftaga tatiydigan dunyo xabarlari shu yerdagi xotinlaru erkaklar tomonidan tarqatiladi. Yirik axborot agentliklari uchun ham yangilik hisoblanuvchi falonchi falon joyga rahbar bo‘larmish, falonchi falon aybi uchun falon bo‘larmish, kabi muhim yangiliklar ham ular tomonidan to‘qib chiqariladi. Qizig‘i, ba’zan ular haq bo‘lib ham chiqishadi. Faqat muhlatida bir oz xatoga yo‘l qo‘yishadi, xolos.
Ammo lochin haqidagi gap-so‘zlar hali-beri tugaydiganga o‘xshamasdi. Esirgap bu gal qo‘shni Oltinbek qishlog‘idagi Pardayevlarning uyiga bir qush kelib tovuqlariga hujum qilayotganda bolalari tutib olishganini eshitib, darhol mototsiklini yurgizdi-da, o‘sha yoqqa haydadi. Qarasa lochin! Xuddi o‘zi. Oyog‘iga bir nima qistirib ham qo‘yilgan.

— Xo‘-o‘sh, — dedi u lochinni qo‘liga olib. — Bu bizning qush. O‘rgatib olib uyda saqlayotgan edim. Bu yoqqa qanday kelib qoldi, hayronman.

Uning shumlik qilayotganini hech kim bilmadi. Oyog‘iga o‘zim belgi qo‘yganman deb turgandan keyin kim nima derdi. Uy egasi Suvon aka bir tovug‘imni bo‘g‘izlab tashladi, tovon to‘laysan, deb turib oldi. Esirgap jon deb rozi bo‘ldi, cho‘ntagidan bir tovuqning pulini chiqarib berdi.
— Mabodo shu yoqlarga yana kelguday bo‘lsa, yerga qo‘ndirmay uchirib yuboringlar, to‘g‘ri uyga boradi, boshqa qayoqqayam borardi, – dedi va lochinni fufaykasining qo‘yniga urdi.

O‘sha kuni Esirgap qo‘shnisi Saksonip domla va uning o‘g‘li Norbo‘tani, o‘zining ukalarini to‘plab ulfatchilik o‘tkazdi.
— Bu — xuddi o‘sha, — dedi u. – Aynan o‘zi. Buni faqat yuvish kerak.
Xudo ol qulim deb turgandan keyin yuvmay bo‘ladimi?!

Qush muallim kitobda ko‘rganidan ham yuz karra chiroyli edi: ko‘krak tomoni oppoq, ko‘zlari to‘liq qop-qora, yaqinroq borib termulsang, bu qoraning ichidan undan-da qoraroq qorachig‘ini payqaysan; usti och malla, har bir patining atrofi qora nuqtalardan hoshiyalangan, patlari bir-biriga chatishib, yanada chiroyli uyg‘unlik hosil qilgan. Biroq tumshug‘ining gajakligi, ko‘zlarining nihoyatda o‘tkirligi uning yirtqichligini bildirib turardi. Oyoqlarining odam qo‘li kabi o‘ljani siqimlashga moyilligi va ovozining favqulodda achchiqligi ham ayovsiz chavandozlarni eslatib yuborardi.

Saksonip tupugini qilt etib yutdi. Demak, shu qush. U kelib-kelib Esirgapning qo‘liga tushganini qarang. Boshqa ma’niliroq odam qurib ketuvdimi? Bu qushni tutish xuddi ertakdagi singari imkonsiz tuyulgan edi. Mana, u kimsan, jipiriq Esirgapning qo‘liga tushibdi.
Lochinni bo‘kib qolguncha “yuvdilar”. So‘nggida birovga lom-mim demaslikka ham kelishib olishdi. Chunki… bir og‘zi yomonroq eshitib qolguday bo‘lsa, hech kimga tatimaydi. Boz ustiga tergov berib yotish kimga yoqadi.

Qushga hadeganda xaridor kelavermadi. Bu orada goh Saksonip domlaning o‘zi, goh o‘g‘li amakivachchasining uyiga borib lochinni xo‘b tomosha qilishardi.
Boshqa qushlardan farqli o‘laroq, u ertalab obdon “yuvinardi”. Yuzini, ya’ni, tumshug‘ini “qo‘li” bilan tozalagach, so‘ng tumshug‘i bilan patlarini deyarli bittama-bitta “taroqlab” yasanardi. O‘limtik go‘shtga ko‘pam e’tibor qilmasdi. Pishirilgan narsaga-ku, qayrilib ham qaramasdi. Xom go‘sht tashlansa, avvaliga qaramay turar, egasi uzoqlashgach, bir muddat o‘tib uni qo‘lga olar, shoshilmay uyoq-bu yog‘ini tozalab tashlab, keyin yumdalashga tushardi. Esirgap lochinga tirik parranda berish kerakligini yaxshi bilardi. Shu bois, yaqin-atrofdan musicha, chumchuq tutib beradigan bo‘ldi. Yonidagi o‘lja qushga ham u hadeganda tashlanavermasdi. Agar qush uchib qochayotganini sezsagina uni havolagan zahoti o‘qday nishonga olar, tutib olgach ham qassoblar singari shoshilmay, qanotlarini qayirib bo‘g‘ziga “tish solar”, qon oqa boshlagach, tomog‘iga tumshug‘ini bosib qonini ichar, to qon tugaguncha shu alpozda turar va oxiri qushning boshini shartta uzib tashlardi. Keyin uning patlarini yulib-yulib tashlar, xullas, qushni “tozalab” bo‘lgach, iste’mol qilishga kirishardi. Aytishlaricha, parrandani etiga qo‘shilib og‘ziga kirib ketgan pat va yunglarini ham lochin keyinchalik qusib chiqarib tashlar emish.
Lochin agar to‘ymasa, juda vahimali, chinqiriqqa o‘xshash ovoz chiqarib yuborar, dabdurustdan odam cho‘chib ketardi. Kim bilsin, qodir egam bu ovozni lochinning azbaroyi badqahrligi yoxud tutqunlikka chidayolmasligini sezdirish uchun bergandir. Shu bois Esirgap ikkita tovug‘ini ham “qurbonlik” qilishga rozi bo‘ldi. Axir, besh ming dollar degan joyda ikki-uch tovuq nima degan gap! Keyingi kunlarda u ukalariga jela berib kaptar tutib kelishga jo‘natardi. Jizzaxga allaqachon xabar ketgan, xaridorning kelishini betoqat kutardi.

Dav baxshi bir qora “Jip”da Ibrohim degan yigit bilan keldi. Baxshining tushuntirishiga qaraganda, yigit arablar bilan hamkorlikda ishlaydi, arabchani mukammal biladi, lochin masalasida ham kiroyi mutaxassis ekan.
Ibrohim qushga razm soldi-da, negadir… boshini chayqadi. Esirgapning ichi “shuvv” etib ketdi.
— Lochin emasmi? — dedi beixtiyor.
— Lochin, — dedi Ibrohim va darhol cho‘ntagidan chizg‘ich chiqarib qushning boshidan dumining uchigacha o‘lchadi. – Qirq yarim santimetr, – dedi.
Esirgap ang-tang turardi.
— Bo‘ladimi? — deb qaltiroq tutganday so‘radi.

— Lochinning turi ko‘p, — dedi Ibrohim tag‘in afsus ohangida. – Bu suvsan bo‘lsa kerak.
— Qanaqasi bo‘lishi kerak edi? — dedi Esirgap ko‘zlari olazarak bo‘lib Saksonipga qararkan.
— Itolg‘isi kerak edi, men baxshiga tushuntirib aytganman.
— Endi bu nima bo‘ladi, baxshi bova? — Esirgap negadir baxshidan najot kutdi.
— Qo‘yib yuboravering, boshqa iloji yo‘q, — dedi Ibrohim baxshining o‘rniga javob berib, bemalol chizg‘ichini o‘rab cho‘ntagiga joylarkan.
— Obbo, — dedi Esirgap, — bu yog‘i necha puldan tushdi. Axir, buning oyog‘ida tamg‘asiyam boriydi. Men emas, qizil kitobchilarning o‘zlari tamg‘alashgan. Alyumin sim bilan oyog‘iga mustahkam qilib o‘rnatishgan, allambalo so‘zlar yozilgan edi…
— Buning ahamiyati yo‘q, — dedi Ibrohim. — Aytdim-ku, lochinning turi ko‘p deb.
Esirgap baxshini chetga tortdi. Chamasi dushman ko‘zi arzonroq bo‘lsayam bir narsa berib opketinglar, dedi. Biroq “arablarning do‘sti” bunga ko‘nmadi. Esirgap ikki qo‘lini burniga tiqib qolaverdi.

Saksonip ham, garchi ichidagi alanga bir kadar so‘ngan bo‘lsa-da, bu borada bir narsalik bo‘lish oson emasligini bilib xo‘rsinib qo‘ydi.
Ma’lum bo‘ldiki, lochinning itolg‘i degan turi Nurota tog‘larida ham bor, uning boshqalaridan keskin ajralib turadigan jihati bo‘lmasa ham oyoqlari bir qadar uzunroq, panjasi ham uzunroq bo‘larkan, aynan oyoq yunglari siyohrangga moyil ko‘k bo‘larmish.
Saksonipning o‘g‘li Norbo‘ta bu ishga jadal kirishdi. Qushlar haqidagi hamma darsliklar, kitoblarni titkilab chiqib, lochin haqida ancha mukammal bilimga ega bo‘ldi. Endi uni qo‘lga tushirish va… arablarga rasamadini keltirib pullash qolgan edi.

* * *

Beshbarmoq tomonlarda Parandoz cho‘qqisi bor. Kitoblarda dengiz sathidan falon metr baland deb ham yozgan. Tog‘ kuychisi Azim Suyunning she’rlarida bu haqda kifti keltirilgan ta’riflar bor. Shu cho‘qqida deng, bizning qahramonlarimiz lochin uyasini ko‘rishibdi. Unda bir emas, bir necha tuxum ochishini ham bilishibdi.

Shunday qilib, qishning qora sovug‘ida o‘ch o‘g‘lon yo‘lga tushishdi: Norbo‘ta, Esirgap, Botir. Botir ham bularga amakivachcha. Norbo‘ta bilan Esirgap olqor va to‘ng‘iz ovining juda hadisini olishgan. Kaklikka ham obdon qiron keltirishadi. Tog‘dagi har tosh, har buta bularga tanish. Olqorning kelar yo‘lini ham, ketar yo‘lini ham, qishlash, suvlash manzilini ham puxta bilishadi. Ammo dunyoda olqorday sezgir hayvon kam topiladi. Odamning, miltiqning hidini olgan zahoti gumdon bo‘ladi. Har qanday epchil ovchini dog‘da qoldirib ketishi mumkin. Boz ustiga naq ro‘paradan kelib qolmasa bir kishi hech qachon pulemyot bilan ham olqorni o‘qqa duchor qilolmaydi. Uni faqat bir ovchi boshqa ovchining yo‘liga hurkitib haydab yuboribgina g‘aflatda qoldirishi mumkin. Aks holda, faqat quvlashganing, charchaganing qoladi. Ovga chiqqaningga pushaymon bo‘lasan, boshingni ishlatmaganingdan keyin oyog‘ingdan qarib yuraverasan.

Esirgapning otiga Norbo‘ta mingashdi. Botir yayov. Yaxshiyamki, ularning mingani ko‘pkari chopadigan bardoshli ot. Obi-tobida, vaqtida sovitilgan, pishigan, yuganni ko‘yib beraversang olqor uyurlari bor manzilga o‘zi boradi. Ammo tog‘ degani chandon yurishni o‘ng‘aysizlantirib, ko‘p o‘tmay holdan toydirib qo‘yishi aniq. Shu bois yigitlar erta azondan soy ichi bilan emas, Oqzovning usti bilan yovvoyi uzumlar o‘sib yotadigan Tokli tomonga tikka kesib chiqishdi. Biroq Toklining tepasidan bari bir soyga tushishga to‘g‘ri keladi. Toklining shappatidan soyga enish bari bir o‘ng‘aysiz. Chag‘atlar shig‘illagan tosh, uning ustiga kunga ters kamarlar qor bilan to‘lgan: qayeri gurtuk, qayeri sayoz – bilolmaysan. Botirimiz polvonkelbatroq, birovlarning nazdida anchayin semiz yigit. Qo‘liga tayoq olib qorning gurtugini o‘lchab, keyin qadam tashlab ketyapti. Ot jonivor nafaqat yo‘lning tanobini tortadi, toyinchoq toshli joylarni ham biladi, shu sababli bo‘lsa kerak, ba’zi joylarda to‘shigacha qorga kirib ketsayam olg‘a bosaveradi. Ba’zan esa sayozroq joy kelsa ham hadiksiraganday taqqa to‘xtab qoladi. Bir xavfni sezganini bilib, minganlar ham yo‘lni boshqa tarafga solishadi. Toklining bir kamarida ham ot shartta balandga qarab o‘rladi. Botir soyga enish oson bo‘lsin uchun yo‘lidan qolmay, pastga qarab shuvshidi. Ammo u darhol otdagi sheriklarining baqirib yuborganini eshitdi. Eshitdiyu qarasa, ustiga tom bo‘yi qor oqimi siljib kelayapti. Ne qilarini bilmay bir butadan ushladi.

Tuyasingil ekan, sovuqda mo‘rtlashganmi, darhol yulinib ketdi. Keyin jon hukmida boshqa butaga qo‘l cho‘zdi. Harqalay, bu bodom ekan, ushlaganicha qotib turaverdi. Ko‘chki uni bosib o‘tib qorga ko‘mib tashladi. Otdagilar tusha solib vahimaga tushib pastga chopishdi. Ammo ular ham ko‘chki pastga siljib tushguncha kutib turishga majbur bo‘lishdi. Karashsa, Botirboy yo‘q. Qor bilan soyga dumalagan bo‘lsa omon qolmagan degan xavotirda edilar. Bir vaqt qorning tekis usti bulkillaganday bo‘lganini Esirgap payqadi. Norbo‘taga imladi. Rostdan ham kamarning betartib qorlarini kaftday bir tekis qilib ketgan ko‘chkining izida bir joy qimirlaganday bo‘ldi. Norbo‘ta yuragi betlamayroq shu tomonga qadam bosdi. Esirgap unga ergashdi. O‘sha joyni qo‘l bilan vajohatla kavlab tashladi. Nihoyat yigitning qora charm kurtkasi ko‘ringach, “ana, Xudoga shukr, ana!” deb qichqirib yuborishdi. Botirni qorning tagidan bus-butun chiqarib olishdi. Faqat yigit bechora azbaroyi qo‘rqib ketganidan qaltirab yig‘lashga tushdi: “Meni, sizlar emas, anavi yerdagi bodom qutqardi, bodom!” deb yig‘lardi u. O‘zingni bos, o‘zingni bos deyishib, yetaklashib pastga tushishdi.

Ot ko‘chkini sezgan ekan. U endi bo‘ynida yuganini solintirgancha egasining ortidan ergashib kelardi. Pastda sharqirab suv oqar, Botirboy shu suvdan go‘yo yozning jaziramasida chanqaganday to‘yib-to‘yib ichdi. So‘ng boyagi ko‘chgan qorni ko‘rib tong qotishdi. Qor uyumi xuddi bir katta qirday soyni to‘sib qo‘ygan, suv esa uning ostidan “tunnel” ochib oqib tushardi. Botir bu bexosiyat ov o‘zlaringga buyursin, bormayman, deb turib oldi. Ikkovlon uni otga o‘tqazib, o‘zlari piyoda, uzr so‘rab, zo‘rg‘a Parandozga borishga rozi qilishdi.
Uch og‘a-ini botirlar qir, dovon, tog‘ oshib, yo‘l yurib, yo‘l yursayam mo‘l yurib manzilga yetganlarida kun peshindan oqqan, yaxshiyamki quyosh chiqib tog‘ning kunbetkay tomonlari qorini xo‘p eritmoqda edi. Lekin havoning ochiqligi kechqurun ayoz bo‘lishidan darak berib turardi.

Parandoz cho‘qqisi juda vahimali, pastdan qaraganda boshni aylantirib yuboradigan darajada qo‘rqinchli edi. Ulkan tog‘ toshdan iborat, o‘shshayib soyga gavda tashlab tushgan, past qismi esa yoyiq shaklda tugagani uchun odamning ustiga hozirning o‘zida qulab bosib qoladiganday tasavvur uyg‘otardi.
Yigitlar cho‘qqi poyida turib durbinda qushlarni kuzatishardi. Esirgap ular orasidan lochinni topdi. Uning kelib qo‘nadigan uyasini bildi. Biroq tuya qoyaning naq burnida edi. Uning ustidan kelib tepasiga chiqish oson, lekin qaysi mard pastga qarab tusha oladi? Bu cho‘qqilarda tog‘ malikasi olqorning ham yurishi mahol. Esirgap bobosidan bir gap eshitgan. Burungi zamonda bir o‘pkaroq kishi jo‘ralari bilan bahs boylashib beliga arqon tortib shu qoyadan pastga tushgan. Maqsad cho‘qqining qoq o‘rtasida quyoshda yaltirab turuvchi tosh shirasi – mo‘miyoni qo‘lga kiritish bo‘lgan. Yigit alpinistlarday arqondan ushlab, pastga bir-bir qadam bosib tushavergan, arqonning narigi uchi toshga bog‘langan, qolaversa, sheriklariyam har ehtimolga qarshi ushlab turishibdi. Yigit mo‘miyoga yetgach, undan yelkasidagi xurjunga ko‘targanicha solgan, so‘ng endi tirmashib tepaga ko‘tarilayotganda daydi shamol turib uni joyidan qo‘zg‘atib yuborib muvozanatini yo‘qotgan. U arqon bilan qo‘shilib cho‘qqining shamol haydagan tomoniga o‘tib ketgan. Tosh qirralari arqonni titib, kesib yuborgan. Oqibatda bo‘z yigit pastga qarab sho‘ng‘igan. Afsuski, uning jismi cho‘qqi qirralariga urilib parcha-parcha bo‘lib ketgan. Mish-mishlarga qaraganda yigit xurjunidan to‘kilgan mo‘miyolarni ba’zi odamlar terib olib shifo talabida ichishgan. U har qanday siniqqa davo bo‘lgan ekan.
Mo‘miyoni olqorning qadami yetgan joydan topib bo‘lmaydi deyishadi. Sababi jonivorlar, qashqirlar, bo‘rilar, ulardan qolsa qashqirsifat odamlardan olgan jarohatlarini mumiyo ko‘magida o‘zi davolab olarmish…

Esirgap lochin uyasiga yetib bo‘lmasligini bilib turardi. Buning ustiga boshqa yovvoyi qushlar ham shu qadar ko‘pki, qo‘ygan tuzoq, sirtmog‘u jela-pelangni, o‘lja-po‘ljasi bilan titib tashlashadi. Burgut, kalxat, quzg‘un, ukki, qirg‘iy degan o‘laksaxo‘rlar borki, ular orasidan lochin jonivor “qaydasan Esirgapjon” deb tuzoqqa tushmasa keragov. U amakisining xo‘rozini olib chiqqandagi voqeani eslab kulib qo‘ydi. Cho‘qqiga arqon olib chiqishga-ku hech kimning yuragi betlamaydi. Bu haqda gapirishning o‘zi qo‘rqinchli. Boyagi voqeani esa hammasi eshitgan.

Biroq Norbo‘taning e’tiroficha shu qushlar orasida kamida ellik ming dollar pul ko‘kda parvoz qilib yuribdi.
— Bu – beshta “Neksiya” degani, — dedi Esirgap. So‘ng Botirga qaradi. Botir bunga javoban “uhh” deb qo‘yaqoldi.
Ahyon-ahyonda olqor podalariga ko‘zlari tushadi. Aksiga olib bu gal miltiq olishmagan. Qishloqqa kirganlarida elning oldi uyquga ketgan edi…

* * *

Saksonipning gapiga qaraganda bu tizma tog‘ning boshqa joylaridayam lochin bo‘lishi kerak. Ya’ni, tizma tog‘ning Belsoy tomonlaridagi qolip, qiya cho‘qqilaridayam uchraydi. Buni ovchilar biladi.
Ammo ovchi degani borki, bu hakda o‘zining tug‘ishganigayam gap ochmaydi. Nima qiladi o‘zining mo‘may o‘ljasini birovga tekinga sotib, luqmani o‘zi yutib qo‘yaqolmaydimi. Boshqalar yuraversin olqor, to‘ng‘izni quvlab.

Saksonipning o‘ziga qo‘yib bersa-ku, bugunoq ikki-uch lochinning joyini solib, yo‘qolgan mollari evaziga bir qusuridan chiqsa. Ammo mana, ko‘rib turganingizdek, bandaning degani o‘ttiz, Xudoyim qiladi to‘qqiz. Endi balki qush bolalaguncha kutish kerakdir. O‘shanda barcha qushu parranda qatori lochin ham o‘z tuxumi, uyasi atrofidan ketolmay qoladi.
Saksonipning cho‘lda qarindoshlari ko‘p. Ilgari qishloqdan ko‘chib chiqib ketishgan. Ularning orasida ayniqsa qayni, qaynog‘alari bilan ancha ittifoq, borishli-kelishli. Bir qaynisidan Forishning Zafarobodga oshib tushadigan dovonida lochinning uyasi borligini eshitdi. Qishning iliq kunlaridan birida sabri chidamay o‘zi mototsiklda Norbo‘tani mingashtirib borib ataylab ko‘rib ham keldi.

Endi sal ko‘ngli joyiga tushdi. Kunlar iliganda yana borib keldi. Qush tuxumlash oldidan, tuxumlagandan keyin yana bordi. Bu – lochin. Lochin bo‘lgandayam xuddi o‘sha, arablar oladigan, risoladagi lochin.
Saksonip ulkan boylikni avvaldan xususiylashtirib olgandek sevinib ko‘ngli to‘q yurardi.
Qush tuxum qo‘ygandan keyin u qaynilarinikidan deyarli uyiga kelmay qo‘ydi.

Qoya etagida poylab kunda-shunda bo‘lib qoldi. Uya uncha tepada emas, balki arqon tortib chiqsa bo‘lar. Muallim buning ham chamasini olib ko‘rdi. Hech kimga aytmay o‘zim qushning bolalarini optushib boqsam-chi, dedi. Lekin yana o‘yladiki, qarigan kezda toshdan yiqilib-netib sharmanda bo‘lib yurmayin, el kulgu qilmasin. Shuni o‘ylab qishloqqa, o‘g‘liga xabar jo‘natdi. Norbuta darhol Botir bilan yetib keldi. Saksonip Botirni ko‘rib g‘ijindi. Sheriklik oshni it ichmas, nima qilarding buni, deganday o‘g‘liga olaqarash qildi. Botir bo‘lsa bekorchixo‘ja. Uyida yotadi yelkasini qashlab, zerikib yotgandan ko‘ra deb ovchi yigitlarga ergashadi, biroq bir narsa ta’na qilmaydi, kim nima ulush bersa, shunga rozi bo‘lib yuraveradi. Saksonip uyada uchta tuxum borligini cho‘qqining tepasidan durbin bilan ko‘rib bilgan, ular ochib chiqsa polaponu ota-onasi bilan qo‘shib ushlashsa yigirma besh ming dollarning tagida qolishni o‘ylab, o‘zicha hisob-kitob qilar, uning sarf-xarajatiniyam aniq bo‘lib qo‘ygan edi…

Xullas, unga sherik ortiqcha edi. Hatto qaynilarini ham bu ishga qo‘shgisi kelmay bu atroflarda devonaday tentirab yurardi.
Lochinning modasi xo‘rozidan yirikroq, gavdaliroq bo‘larkan. Arablar ham modasiga qiziqarmish. Ayni shu kunlarda tuxum yorishga yaqinlashgan edi. Qizig‘i, lochinning erkagi ham urg‘ochisi bilan almashib tuxum bosar, galma-galdan borib ovqat topib yeb kelishardi. Bu orada ota-bola zo‘r berib qushlarni qay tariqa qo‘lga kiritish rejasini qilishardi. Tuzoqning jeladan boshqa yangi xilini o‘ylab topishdi. Jela qushning oyog‘idan siqib qolishga mo‘ljallangan doira-doira shaklidagi to‘r ip, yangi tuzoq esa lochinning boshidan tutishga xizmat qilishi kerak. Chunki uyaning nisbatan odam qo‘li yetishi mumkin darajada pastligi, polaponlaru ularning ota-onasini ham qo‘lga tushirish zarurligi shuni taqozo qilardi. Buni Norbo‘ta ixtiro qildi. U kaklik oviga chiqqanda jelani o‘zi yasar, ko‘pincha uning jelasiga to‘da-to‘da kakliklar kelib yopishar, bir ovdan besh-oltita kakliksiz qaytmas edi.

Yangi yasalgan sirtmoq ham jelaga o‘xshab to‘r shaklida bo‘ladi. Lekin uning o‘rtasida yana bir to‘rxalta yasab, to‘rxaltaga kaptar solib qo‘yiladi. Kaptar hadeb irg‘ishlab, tipirchilayvermasligi uchun unga surpdan “kiyim” kiydirib qo‘yiladi. Sirtmoqning og‘zi nisbatan katta, ammo lochinning gavdasi sig‘maydi. Tumshug‘ini urgan zahoti bo‘g‘zidan bo‘g‘ib oladi, hisob-kitob bo‘yicha ipak ip tortilganda tugunchalarga qadalib to‘xtashi, ya’ni, qush o‘zini tortganda nafasini bo‘g‘ib qo‘ymasligi kerak. Bu juda puxta ishlangan reja edi. Bungacha musicha va kaptarlar tutib xo‘p sinab ko‘rishdi. Lekin polaponlar temirqanot bo‘lib uchishga shaylanguncha kutishga to‘g‘ri keldi.
Bir mahal Botirning mardligi qo‘zidi.
— Shu toshga chiqib lochinlarni optushsam qancha berasan? — deb qoldi Norbo‘taga.
«Bekorlarni aytibsan, – dedi Saksonip ichida, — shimildiriq ham bermayman».
— Qo‘y, tinch o‘tir, jigar, o‘larsan tushib ketib. Mana, shu lochinlarning birini olasan bari bir, — dedi Norbo‘ta.
— Chiqaman, ko‘rasan, qarab tur, — deb u kiyimlarini yechib ota boshladi.
Norbo‘ta uni to‘xtatolmadi. Otasi esa negadir indamadi. O‘zini eshitmaganga olib turaverdi…

Botir qoyani yon tomonidan bo‘rtib chiqqan toshlarga oyog‘ini qo‘yib tirishib chiqa boshladi. Tosh bo‘yidan balandroq ko‘tarildi. Bir payt oyoq qo‘yishga mo‘ljallab ikkinchi oyog‘i bilan bir toshga sakrab o‘tib olmoqchi edi, oyog‘ining tagidagi tosh sinib tushib ketdi. Muvozanatini yo‘qotib qo‘li bilan ham hech narsadan ushlayolmadi. Pastga qarab toshlarni ishirgancha orqasi bilan tushib ketdi. Yaxshiyamki, pastda mo‘rt, mayda toshlar aralash qum uyulib yotardi, shu uyumga voy-voylagancha gupillab yiqildi. O‘ziga hech balo bo‘lmaganini bildirish uchun irg‘ib o‘rnidan turgan edi, boshi aylanib tag‘in yiqilib tuщsi. Burni, qorni va tizzalari shilinib qonamoqda edi.
Saksonip uni hozir ko‘rayotgandek, avval, “iye” dedi, keyin:
— Nafs qursin, badnafslik odamni o‘ldiradi, — deb koyidi…

* * *

Avval temirqanot uch lochinchani tutish lozim edi. Ularga tirik qush o‘lja bo‘lishi shart emas, xom go‘sht bo‘lagi kifoya. Faqat tuzoq yaxshi o‘rnatilsa bo‘lgani. Tuzoq to‘rt tarafdan temir qoziqqa tortib bog‘langan, atrofi to‘r va o‘rtadagi go‘sht solingan sirtmoqdan iborat edi. Avvaliga temirqanot lochinlar o‘z uyalaridan sakrab chiqishga kuch topolmadilar. Uch kun ovora bo‘lishga to‘g‘ri keldi. To‘rtinchi kuni esa, ne tongki, ona lochin to‘rga ilindi. Bechora bolalariga luqma topolmay ovora kezib yurgan chog‘da tayyor go‘shtni ko‘rib olgisi kelgan bo‘lsa kerak. O‘sha kunning o‘zida katta polapon, ertasi kuni esa och qolib qiynalganidan bo‘lsa kerak, qolgan ikkitasi osongina qo‘lga tushdi.
Faqat xo‘roz lochinni tutishning iloji bo‘lmadi. Endi unga ovchilarning ham hafsalasi yo‘q edi. To‘rttasi ham falonday pul bo‘ladi deb ortlariga qaytishdi.
Na bo‘lg‘ay, ona lochin xuddi o‘lchab qo‘yganday qirq uch santimetr, ya’ni, xaridorlarning talabiga javob berardi.

Esirgapni Dav baxshiga borib kelishga ko‘ndiriщsi. U amakisidan ulush berasizmi deb so‘radi.
— Borib kelaver-chi, avval pul bo‘lsin, quruq qolmassan, — dedi Saksonip.
— Bir narsa desangiz yaxshi bo‘lardi-da, xaridorlar bizniki-ku.
— Boraver, kuruq qo‘ymayman deyapman, — deya jahl qildi amakisi.
Bir oy, ikki, uchinchi oy ham o‘tdi — xaridorlardan darak bo‘lmadi.
Lochinlar uchun maxsus to‘r katak yasalib, unga parda tortilgan edi. Uy egalari o‘zlari yemagan go‘shtu parrandalarni oziq uchun ularga berib turishga majbur edilar. Bo‘lmasam-chi, axir, yigirma ming dollar pul shu kataqda qamalib turibdi-ya.

Saksonipning kechalari uyqulari qochib ketar, fonar yoqib qushlarni tag‘in ko‘zdan kechirib kelardi. Bolalarining bittasi moda ekan, u tezda ulg‘ayib, onasidan ham kattaroq bo‘lib ketdi. Demak, shu darozi qimmatroqqa ketadi…
Lochin ozoda qush. U ertalablari o‘ziga zeb beradi. Axlatini chetroqqa o‘zi yashirib, ko‘mib qo‘yadi. Ko‘zlari timqora, tip-tiniq, qarab turaversang hordig‘ingni oladi. Uyam ko‘zini uzmay qat’iy termulgancha turaveradi. Go‘yo shu alpozda bir nima deb gapirib yuboradigandek… Balki “bu tutqunlikka ham bir kun barham berilar, a?” deb egasiga savol bermoqchidir. Ehtimol, mening va bolalarimning nima aybimiz bor o‘zi?» deb nolish qilmoqchidir…

Saksonip Dav baxshiga o‘ziyam borib keldi. Baxshi aytdiki, xaridorlarning hozir ancha oyog‘i tortilib qoldi, chegaradan lochinni olib o‘tish qiyinlashib ketipti, agar olsayam arzon bahoga olishi mumkin.
Saksonipning tarvuzi qo‘ltig‘idan tushdi.
Bu yog‘i nima bo‘ladi endi? Shuncha sarsongarchilikdan so‘ng…

Avvaliga lochinlar haqida faqat uch erkak xabardor edi, xolos. Bora-bora qo‘shnilar, undan so‘ng jami qishloq, keyin esa qo‘shni qishloqdagilar eshitdi. Olis-olislarga ham xabar ketdi. Buning xatarli tomoni bor edi. Ayniqsa, organning qulog‘iga yetib qolsa…
Boshqalar eshitishining yaxshi tomoni esa xaridor topishga yordam berishi mumkin edi. Ko‘pchilik kelib lochinni ko‘rar, tomosha qilar, ammo ularning hech biri xaridor emasdi.
Saksonip bir kuni televizor ko‘rib o‘tirib “qilni qirq yorib” ko‘rsatuvida aynan lochin mavzusida gap ketganini eshitdi. Bir yosh olim lochinning ko‘p turlari haqida so‘zladi. Rossiyada krichit, nijegorodskiy degan zotlari ham bor ekan. Uning aytishicha bizdagi itolg‘i zotiga chet xaridorlar, xususan, arablar qiziqarmish. Muxbir buning boisini so‘raganda u bunday deb javob berdi: Arab dengizi bo‘ylarida yo‘rg‘a tuvaloq degan qush bo‘ladi. Bu qush dengiz tagidagi marjonlarni terib yeydigan baliqlarni xush ko‘radi, shu baliq bilan oziqlanadi, shu bois uning oshqozonida marjonlar to‘planib qoladi. Yo‘rg‘a tuvaloqni aynan itolg‘i lochindan boshqa qush quvib yetolmaydi. Shuning uchun ba’zi arab ovchilari lochindan ovchi qush sifatida foydalanadilar. Yo‘rg‘a tuvaloq bizning yurtimizda, Aydarko‘l bo‘ylarida ham uchraydi…

Saksonip “ana, xolos, pishdi gilos!” deb yubordi quvonganidan. “Marjon bor ekan-da bizdayam, o‘, qizitaloq!”
Endi xayollari boshqa yoqlarga olib ketayotgandi, olim yigit qo‘shimcha qiddi:
— 199… yildagi hukumatimizning falon qaroridan keyin lochinni ovlash qatiyan man etilgan. Bu ish bilan shug‘ullanuvchilar jinoiy javobgarlikka tortiladi…

* * *

Esirgapning hikoya qilishicha, amakisi Saksonip bir kuni lochinini ko‘tarib ovga chiqqan. Yo‘rg‘a tuvaloqni ushlamoq uchun Forishdan naridagi Aydarko‘l bo‘ylarigayam borgan. Lochinni qo‘yib yuborib, oldiga bir tovuqni bog‘lab qo‘yib, o‘lja tushishi va mehribon lochini unga ichi to‘la marjon bo‘lgan tuvaloqni tap etib tashlab ketishini kechgacha kutgan.
Biroq… bu lochinlar ham zamonaviyroq, mulohazakorroq shekilli, Saksonipday domullani mensimay, buyam yetmaganday tuzlig‘iga tupurib ketib qolgan. Qolgan lochinlarni esa… inson zoti so‘rab kelmagan.

Toshkentdagi falon institutning professori bo‘lib ishlaydigan Kattayev o‘zining uyida qushlar kolleksiyasini to‘plarmish degan gapni eshitib, Saksonip uning Buloqboshidagi ukasinikiga borib kepti. Ukasi chindan akam qushlarning devonasi, agar biror lochiningizni sovg‘a qilsangiz, o‘zida yo‘q xursand bo‘ladi, degan. Saksonip sotmoqchiman, degan. U akasiga telefon qilib bilsa, o‘n ming so‘mga bersa, olaman depti.
Saksonip bir oy o‘tgach Kattayevning ukasinikiga borib o‘n mingga rozi ekanini bildirib, bir lochin berdi va pulini darhol bering, debdi. Kattayevning ukasi u qo‘shninikiga, bu qo‘shninikiga boribdi, pul topolmabdi. Oxiri akamning o‘zi yaqinda bayramga keladi, o‘shanda beradi, rozi bo‘lsangiz tashlab keting, bo‘lmasa opketavering, depti…

Saksonip ikkilana-ikkilana, oxiri lochinning ovqatini o‘ylab tashlab kelibdi. Bayramning ertasi kuni esa bir otliq bola Saksonipning uyiga besh ming so‘m tashlab ketibdi. Saksonip undan: — Nega kam? — deb so‘rasa, — Bobom qushniyam pulga sotib oladimi, deb so‘qdi, shuning uchun domla qo‘li quruq bo‘lmasin deb shuni berib yubordi, — depti.
Boshqa lochinlarning taqdiri nima bo‘lganidan xabarimiz yo‘q.
Ammo o‘sha kunlarda cho‘lda tirikchilik qilib yuradigan Saksonipning qo‘shnisi Po‘lat muallimning o‘g‘li Jozil yangi Jiguli» sotib opti.

Saksonipning xo‘rligi kelibdi: «Agar sigirlarim uyda bo‘lganida tug‘ardi, bolalariyam tana bo‘lib qolardi, xo‘kizchayam baloday katta ho‘kiz bo‘lib uch yuz ellik-to‘rt yuz kilo go‘sht qilardi. Ularni sotsam bir mashinaga yetadigan pul bo‘lardi. Eh-h, qanday mollar edi-ya, peshona kursin, peshona! Ahmoq bo‘lib lochinning orqasidan ergashib yuribman-a! Uyi kuysin bu qushningam, o‘sha xaridorlarniyam! Odamlar shusiz ham boyib ketyapti-ku!.. Xo‘-o‘sh, o‘zi bu Jozil ahmoq yigit bo‘lsa, qanday topdi ekan pulni? Qarang-a, uf-f…”
Shundan so‘ng Saksonip qo‘liga qog‘oz-qalam olib yozishga tushibdi. Uning xatboshisi shunday ekan:

«…tuman prokurori …ga Qo‘rg‘on qishlog‘ida yashovchi fuqaro
B.Saksonip tomonidan
Shikoyat-ariza

Shul haqdakim, 2003 yil 26 iyun kuni tog‘dagi Burgutlisoydan yo‘qolgan 20 bosh qoramolning o‘g‘risi ma’lum bo‘ldi…»

CHO‘L O‘RTASIDAGI SHIYPON

Odam o‘z taqdirini o‘zi yarata olmaydi. Taqdirga ko‘ndalang ham turolmaydi. Qo‘lidan kelmaydi! Mehnat qiladi, intiladi, nimalargadir erishadi: mulk, mavqe topadi, o‘ynab-kula oladi, minba’d turg‘un narsani qo‘lga kirita olmaydi. Vaqt esa ulug‘ kitobda ta’kidlanganidek, shamshirning damidan ham o‘tkirdir. Zotan, odamning g‘ururlanib, kibrlanib yurishiga hech bir asos yo‘q. Shabada ham, garchi insonni erkalagan kabi bo‘lsa-da, vaqtni eslatgani uchun tig‘ kabidir…

Tog‘a buni bilib, his qilib yashaydi. Mundo-oq tanasiga o‘ylab qarasa, esini taniganidan beri shu ahvol ekan: kichikligida ham goho uyqusi qochib o‘rnidan turib ketar, yuragi gumurar, hovliqardi — onam, otam, ukam, singillarim, men, men… nahotki hammamiz… kun kelib… xuddi bir chora topish zarurdek o‘zida kuchli mas’uliyat sezib qolardi. Endi esa keksaydi: avvalgi shashti, hayajoni yo‘q, endi ovunish, yupanch, tasalli bor, xolos. Qarilikni tan olayotgani bilan baribir u yoq-bu yog‘iga, xususan, qo‘l-bilaklariga ser solib mushaklarini ishlatib ko‘rar, haliyam nimalargadir qodirmanmi, deb o‘zidan so‘rab ko‘rar edi.

U zamonlarda mehnatga ko‘p berilgan, berilmasa ham o‘zi ish ko‘p bo‘lgan, qishloq xo‘jaligi institutining agrofagini tugatib, qishloqqa kelganida ham cho‘ponlik, so‘ng tabelchilik, umuman, dehqonchilikni o‘ziga ep ko‘rib ishlab yuravergan, erishgan katta lavozimi brigadirlik bo‘lgan. Raisning zug‘umi bilan paxtaga qo‘shib yozishga majbur bo‘lganida darhol ishdan bo‘shagan, cho‘l tomonga, xuddiki, qochib ketgan edi. U yerda ham mondimadi, ya’ni ishi o‘nglanavermadi. Keyin rais, brigadirlar bilan kelishib poliz, qovun-tarvuz, yeryong‘oq, kungaboqar ekdi, sotib birmuncha daromad qildi. Ukasini olib keldi, shu yerda o‘zidan ko‘paydi. Bir kun unday, bir kun bunday, lekin birovdan muttaham bo‘lmay yashadi. Ikki o‘g‘il, besh qizidan tinchidi, erga berdi. Ulni uyaga, qizni qiyaga qo‘ydi. Toshkentdagi qizi, ayniqsa, baxtini topdi. O‘zi harakatchan edi, o‘qidi, o‘ziga munosib kuyov topilib, baxtli-farovon yashab ketdi. Kuyov toparmongina, xushmuomala. Ayniqsa, qaynotasi bilan xuddi bo‘yinsadek gapxona qiladi. Tog‘a shaharga borib, bir hafta yurib keladi. Nevaralari bilan ovunadi, qizi xohlagan ovqatini qilib beradi. Kuyovi u yoq-bu yoqlarga olib boradi. Keyingi gal u Hastimomga eltib qo‘ydi, juma namozini o‘qib, xush kayfiyatda qaytdi. Shaharda yaxshi, yosh-yalang ham namoz o‘qiydi, machit to‘lib ketadi, imomlar ham g‘oyat savodli, aksariyati sharifi kalomni yod biladigan qori yigitlar.

Tog‘a shularni o‘ylab, «e, sadag‘ang ketay, ho‘kimat» deb qo‘ydi. Qizining qizi — nevarasi ta’tilga chiqib, anchadan beri qishloqda, u pildirab kelib, bobosining quchog‘iga o‘zini otdi. Uni erkaladi, kattalardek gapirtirdi. Nevarasi ayasi ustidan arz qildi, bobo ayasini jazolashga so‘z berdi. Ko‘cha tomonda lo‘li xotinning tovushi eshitildi.

— Manam devonai Mashrab, — deb yo‘talib qoldi lo‘li. So‘ng: — Atab-atab berganlaringni dargohida qabul etsinlar, — dedi.

«Hech bir-biriga qovushmaydi-da shu kampirning aytganlari» deb o‘yladi Tog‘a.

— Yoshlarga umr aylang, bemorlarga shifo tilang.

«Shuyam gapmi endi?»

— O‘g‘il-qizlar mendek bo‘lib yuringla-ar!

«Bunisi endi inma degani bo‘ldi? «Mendek bo‘lib yuringlar» — tilanchilik qilinglar deyaptimi?»

Qizcha:

— Bes so‘m beying, bobo, mo‘ltoniga beyaman, — dedi.
— Qo‘yaver, bolam, o‘zi keladi, — deb qo‘ya qoldi Tog‘a.

Aytganidek qiya ochiq darvozadan (xo‘ppa semiz, qop-qora, oq ro‘mol o‘ragan, qo‘lida tasbeh) lo‘li ko‘rinish berdi va boyagiday:

— Manam devonai Mashrab, — dedi.
— Mashrab xola, bermon yuring, — dedi Tog‘a.

— Atab-atab berganlaringni dargohida qabul etsinlar, — deb yurib kela berdi kampir. Yaqinlashib qolgach, Tog‘a:

— Endi, munday-da, opa, nimalar deganingizni o‘zingiz tushunasizmi? — dedi.
— Hay, amak, tushunmasak elning nazaridan qolamiz, nima deyopsiz?

— Siz o‘zi tojikcha gapirasizmi yo o‘zbekchami?
— Uyga tojikcha, ko‘chaga o‘zbekcha.

— «Mendek bo‘lib yursinlar» deganingiz nimasi — o‘g‘il-qizlarimiz tilanchilik qilishsinmi?
— Yo‘g‘-e, amak, man sakson birga kirgan, shunnoq-shunnoq ko‘p yashab yuriylar, deyopman-da.

Shundoq dedi-yu, lo‘li kampirning ko‘zlari o‘ziga yarashmagan holda jovdirab qoldi.

Tog‘a bunga parvo qilmadi.

— Bolaligimizda Tojikistonning «Machchoyi» degan joyidan devonalar kelishar edi. Biz mo‘ltoni emasmiz, deyishardi. Otalarimiz bir xillariga qo‘shiq ayttirishardi. Tomning ustiga chiqib, berilib ashula aytganini eslayman. Shu bahona bir-ikki so‘mlik bo‘lib ham olishardi. Ikkov-ikkov qishloqlar oralab yurib-yurib, keyin qaytib ketishardi. Bizlar tanib, otlarigacha bilib olgan edik. Ishtixon tomondan kelgan mo‘ltonilar esa dordagi kiyimlar, tuzlab qo‘yilgan go‘sht bormi, qozondagi ovqat bormi — ko‘z olaytirib, qo‘li egrilik qilishardi.

— Sizga bir sharpa bor, qora sharpa, — dedi kampir bu gaplarga tamoman e’tibor bermay. — Sizga dushmanlik qilish payiga yuribdilar. Qamalasiz.

— Hurmatingni bil-da, lo‘li, jo‘na bu yerdan. Mana, go‘dakning qo‘lidagi pulni olib, qorangni o‘chir!

Kampir pulni olib, qora kamzulining cho‘ntagiga solar ekan, duo qilishni ham unutib:

— Shak keltirmang, amak, bir mushkulkushod duo qilsak, balo daf bo‘ladu, boshingizdan sharpa ketadu, — deyayotgan edi, Tog‘a tutoqib ketdi:

— Folbin bo‘lib, sen shak keltiryapsanmi yo tahoratimni buzmayin, deb yurgan bir g‘arib cholmi? Bilasanmi folning haromligini?

— Siz til tekkizmang, ena-momolardan qolgan meros bu.
— Tilanchilik ham meros senga. Harom narsaning hammasi senga kasb. Yo‘qol!

Kampir g‘udranib, ko‘ksiga tuflab, ko‘zlari battar olayib, chamasi dunyodagi jamiki bilgan duoyi badlarini shu cholga arg‘umon qilib, qayta-qayta yuziga fotiha tortgancha eshikdan chiqib ketdi.

Tog‘a ancha vaqt bo‘zrayib indamay o‘tirdi. «Qora sharpa emish. Padaring­ga la’nat!» deb qo‘ydi. So‘ng yana o‘zini o‘nglab nevarasini chorladi-da, boshini hidladi. Kayfiyati joyiga keldi, shekilli, «Sadag‘ang ketay ho‘kimat!» dedi. Qizchani yerga tushirib, hovli adog‘iga o‘tdi-da, tahoratini yangiladi. Uzun yaktagini opchiqib, yelkasiga ildiyu yo‘l-yo‘lakay belbog‘ini bog‘lay turib, or­qasiga qarab tovush berdi:

— Nevaralarga qarab tur, kampir, men jumaga ketdim!

Odatdagiday kampiri aks-sado bermay qo‘ya qoldi. U ham o‘zi bilan o‘zi. Kun isiyversa, boshim lo‘qillayapti, deb kirib yotib oladi. Koreyaga ketgan kichik o‘g‘lidan xat-xabar kelmayotgani tag‘in uni xunob qiladi. Uch oydirki, shu ahvol. U bir yil tinimsiz qo‘ng‘iroq qilib, pul jo‘natib turdi. Xotini u ketgach, to‘rt oydan so‘ng o‘g‘il tug‘di. O‘g‘li xotiniga, onasiga sovg‘alar jo‘natdi. Yiqqan puli ham chakana emas, deyishadi. Biroq uch oydan beri sira qo‘ng‘iroq qilmagani ota-onaning ichini idratib yuboryapti. Yana avvalgiday ichkilikka berilgan bo‘lsa — tamom.

Machitda bir-ikki tengqurlarini ko‘rib lo‘li kampirning ustidan gap qildi.

— Yozin-qishin shu, juma kuni ertalabdan qishloq oralaydi, o‘zi Paxtakordan qatnaydi, deb eshitaman.
— Tog‘a, sizga o‘xshagan serhimmatlar buni keladigan qip qo‘ygan-da, — deb tegishdi Toshbo‘l so‘fi.

— Himmat qilib nimayam qipman, el qatori quruq qaytarmayman, xolos. O‘zi u Paxtakorning o‘g‘rilaridan bo‘lsayam ajabmas. Gaplariyam bir bexosiyat. Qorangni ko‘rsa, tamom — «Ibi, amak, folimga tushding», deb avraydi.

— Ilinibsizmi, deyman-da, Tog‘a. Hazir bo‘ling, o‘zlariga isitishdanam toymaydi bular.
— Isib o‘lib turganim yo‘q. Shu… xosiyatsiz deyman-da… O‘zi bu sassiq gaplarni qayerdan o‘ylab topishadi zang‘arlar?

— Jinlari gapirtiradi-da, — dedi yosh imom. — Shu jin-shaytonlari uchun ular iymonidan ajragan. Hamma gapi yolg‘on. Birortasiga ixlos qilib qolsangiz, xudo ko‘rsatmasin, kufrga botasiz.

— Shunday deb qo‘y, — dedi Tog‘a imomga. — Indamasang toza boshingga chiqadi. Qayerdagi gaplarni topib vaysaydi. Fol ko‘rarmish, e, o‘l, ana, endi machitning eshigiga kelib turib opti.

Toshbo‘l so‘fi azon aytdi. Chollar namozga turdilar. Namozdan so‘ng ham chollar u yoq-bu yoqdan gapxona qiladilar. Suvchi, rais, hokim, uning poytaxtdagi to‘ralari, ya’nikim, tomiri suvga yetgani, bu bilan hazillashib bo‘lmasligini bot-bot takrorlashib, yana uncha mulohazatalab bo‘lmagan qisqa-yuluq axborot almashinuvlardan so‘nggina istar-istamay uy-uyiga tarqalgan bo‘lishadi. Bu vaqtga kelib lo‘li kampir ham ulushini olib qaygadir ravona bo‘lgan, binobarin Tog‘a ham endi uni ko‘rishga toqati yo‘q, ko‘zi tushib qolguday bo‘lsayam jerkib, qo‘l siltab ketgan bo‘lar edi.

Tog‘a uyiga kelib katta o‘g‘liga otni egarlashni buyurdi. O‘g‘li bir lapashang, bo‘sh, kezi kelganda mana bunday ot egarlashga o‘xshagan yumushlarni ham vaqtida eplayolmaydi. Odamning juda bo‘shiyam bir kulfat bo‘larkan. Oxir-oqibat shunday bo‘ldiki, u armiya xizmatiga bormadi, Tog‘a amal-taqal qilib o‘ziga o‘xshagan andiroq Fotimaga — Shodi guppining yolg‘iz qiziga uyladi-qo‘ydi. O‘z-o‘zidan ko‘payib yotibdi endi.

Burnog‘i yili (unda o‘g‘li uylanmagan edi) Muxtasam jo‘rasi shiyponning yonida yarim ko‘milib turgan sisternani ko‘rsatib:

— Ho‘, jo‘ra, it egasini tanimay ket­yapti, shuni ko‘zdan pana qil, ertaga tillo pulga topolmaysan, meni aytdi, dersan, — devdi.

To‘g‘ri aytadi, ertaga bunaqa yukni falon pulgayam topib sotib ololmaydi. Bir telejka topib, amallab ko‘plashib, «ko‘tar-ko‘tar» qilib, ortib kelishayotsa, yo‘lda o‘g‘lining qaynisi Bo‘ta traktorchi qichqirib yotibdi:

— To‘xtang, Jo‘ra aka, pochchamning qo‘lini temir qisdi!

Bir muddatdan so‘ng traktor to‘xtagach, Allayordan hol-ahvol so‘rayman desalar, yigit qizargan-bo‘zargan, o‘ng oyog‘i sisterna telejkaga ortilgan zahotiyoq uning tagida qolgan, yo‘lda qaynisi uning ko‘zlari qizarib, kuchanib bo‘zarganidan sezib qopti.

Tog‘a o‘g‘liga juda achinib:

— Allayor, boshida bir og‘iz aytsang bo‘lmasmidi, ikki barmog‘ing majaqlanib ketibdi-ku, bolam, — desa, u:
— Manov ko‘rib edi, aytar debman-da, — deb qaynisini ko‘rsatayotgan emish…

E, shunga aytaman-da, obdon odamning bo‘shiyam bir kulfat. Koreyadagi o‘g‘li Do‘styor alomat, tegirmondan butun chiqadi. Lekin shu ichishi bor-da, ichganda otasiniyam tanimay qoladi, shu bois kelin bilan sen-menga borib turishadi, onasinikiga ketganida Tog‘a borib opkelgan, keyin-keyin ketsayam o‘zi keladigan bo‘ldi, o‘g‘li Do‘styor bo‘lsa, dimog‘ida «o‘zi ketar yor-yor, o‘zi kelar yor-yor» deb qo‘shiq aytadi. Tog‘a oxiri ularning ro‘zg‘orini boshqa qilib tinchidi. Biroq Do‘styor ichkilikni tashlamadi. Imkon topilganda xorijga ketdi, shunisi durust bo‘ldi: pul-mul jo‘natib turadi-da.

Uch oydan buyon na pul jo‘natayotgani, na aloqaga chiqayotgani tag‘in bir g‘alva bo‘ldi.

Muxtasam jo‘rasi g‘arib, oilasiz, so‘qqabosh, kelib o‘rnashib qolgan joyi — olis daladagi shiypon. O‘zi ham odamovi bo‘lib ketganiga qaramay, biz tog‘a deyayotgan jo‘rasini ko‘p sog‘inadi. Odamlar erta bahorda uning oldiga ellik-oltmish chog‘li qoramol berib, kech kuzgacha boqib, qarab turish sharti bilan tashlab ketishadi. Kelishilgan cho‘pon haqini vaqtida ololmay halak bo‘ladi, lekin bari bir shu odamlar berganiga qanoat qilmay iloji yo‘q: boshqa ish qo‘lidan kelmasa, fermer ilinib biror gektar joy bersa — kuchi yetmasa, qora mehnat og‘irlik qilsa. Shundayam traktor shudgoridan chiqqan shiypon atrofidagi kaftday yerga bodring, pomidor, handalak, qovun, kechki tarvuz ekadi — ishqilib ermaklaydi-da. O‘zi har zamon xo‘jalik markaziga tushganda bir talay bo‘lka non sotib oladi-da, kelib mayda kesib qotirib qo‘yadi. Shakar aralashtirib bir hafta yeydi. Bir qancha yoshlar guruh bo‘lib mayovka deb o‘tib qolishsa, u-bu yeguliklar berishadi. Hov bir gal uch ovchi yigit ko‘l bo‘yidan rosa qirg‘ovul otishibdi, qaytayotib shu yerda birpas ulfatchilik qilishdi, Muxtasam amaki ularga ikkita qirg‘ovulini tovada qovurib berdi. To‘rvalariga qarasa, naq o‘n oltita qirg‘ovul ekan, bachchag‘arlar bir do‘mbog‘ini amakiga ham ilinishdi.

Boshqa paytlari bo‘lsa, Tog‘a bu tomonlarga yo‘lab turadi. Quruq qo‘l bilan kelmaydi. O‘tgan-ketgandan ezilishadi. Tuzqoqi go‘sht, tegirmon unidan qilingan to‘rttagina tig‘iz qora nondan ham ko‘tarib keladi. Muxtasam oshnasi yashirib qo‘ygan bir shisha vinosini opkelib, zo‘r hafsala bilan kemshik tishlari bilan «poq» etkizib ochadi. Tog‘a «Xudoning oldida ne degan odam bo‘ldik, jo‘ra», degani bilan, Muxtasam bir gapni takror aytadi: «Chopilib yurgan ot baribir chopadi, qo‘ysang-chi, bir gap bo‘larmidi». Tog‘a shu gapni kutgan bo‘ladi aslida. Shu bois avval olazarak bo‘ladi, keyin bosh piyoz to‘g‘ramini hidlay-hidlay ikki-uch piyolani sipqarib yuboradi. So‘ng sarxush bosh o‘rniga kelguncha qumg‘onda qaynagan ko‘k choydan bostirib-bostirib ichaveradi. Uyiga bip-bino-yidek kirib keladi.

Jo‘rasini oxirgi yo‘qlaganida Koreyadagi o‘g‘lidan ham, bu yoqdagi katta o‘g‘lining turmushidan ham ko‘p nolidi, nihoyat, aslida oshna uylanmay, bola ko‘paytirmay to‘g‘ri qilayotibsan, deyishgacha bordi. Holbuki, u Muxtasam oshnasiga bir emas, ikki marta beva ayol topib uylantirgan, jo‘rasining azbaroyi bo‘shangligi bois bo‘lsa kerak, ayollar ko‘p turmagan — ketib qolishgan. Boshida bir tutqanog‘i bor ayolni xotin qilib edi, u tug‘ilgan uch oylik go‘dagi ustiga tutqanoq bilan yiqilib nobud qilib qo‘yganida qishloqdagi turmushdan ilkini uzib chiqib ketgan edi, boshqalarida ham baxtiyor hayot haqida endi yurak betlab uylanmay qo‘ygan edi chog‘i. Zohidona turmushga o‘rganganining boisi shu.

O‘shanda Tog‘a Muxtasam bilan ochilib, to‘yib hangomalashdi. Muxtasam hech kim bilan tuzuk-quruq gaplashmaydi, biroq jo‘rasi kelganda til-zabon bitib, chunon iboralar qo‘llaydiki, tog‘a bu chechanlik qaydan ekan, deb qoladi. Boshida ta’kidlaganimiz kabi odam o‘zining peshonasini o‘qiy olmaydi. Tog‘a buni yaxshi anglaydi, lekin do‘sti bilan bog‘liq ters ishni tushida ham ko‘rmagan edi.

Gap shundaki, qishloqdan naqd o‘n olti chaqirim naridagi eski shiypondagi suhbatdan roppa-rosa besh kun o‘tib, Tog‘ani melisa yo‘qlab qoldi. Ularning «UAZIK»iga o‘tirib borsa, Muxtasam degan oshnangiz bormi, deb so‘rashdi. Bor, deb javob berdi-yu, darhol nima balo uribdi, dashtda haligi diniy oqimga qo‘shilgan joyi bormikan, degan o‘y keldi bexosdan.

— Nima qip qo‘yipti? — deb so‘radi darhol.
— U emas, siz qilgandirsiz?

Tojikbashara mo‘ylovli tergovchi shu savolni beriboq zimdan Tog‘aga sinchkov tikilib qoldi.

U sarosimalandi. Bir falokat qo‘pganini sezsa-da, nima ekanini anglayolmay garang bo‘ldi. «Tushuntiribroq gapir, uka», demoqchi edi, tergovchi avvalroq:

— Unda nima qasdingiz bor edi, Tog‘a? — deb og‘ziga urdi.
— Nega qasdim bo‘ladi, jo‘ram-ku.

Tog‘a o‘zi tirikmikan, degan xayolga borgan zahoti, bu begona yigitga qanday tog‘a bo‘laman, yo uyam meni hamqishloqlarimga o‘xshab umumiy Tog‘a demoqchimi, degan o‘y keldi-yu:

— O‘zi tinchlikmi? — dedi batamom shalvirab.

— Siz bilasiz-da, jonday oshnangiz, — tergovchi kapitan ham zehn ila, ham kalavaning uchini topgan g‘olibday irshayib qoldi. Zum o‘tmay g‘olibona tahdidini davom ettirdi:

— Dalaga chiqib vinoxo‘rlik qilardingiz, a? — dedi va izoh talab qilgandek shu ko‘yi turib qoldi.
— Bu — bor gap, mayli, lekin o‘zi sog‘mi? — deb so‘radi Tog‘a dovdirab.

— Sog‘ qoladigan qilib kaltaklaganmidingiz? — dedi kapitan. Tog‘aning dovdiragani uni tag‘in xo‘rozlantirgan edi.

— Tushuntirsangiz, jo‘ra, o‘zi nima bo‘pti? — dedi Tog‘a hamon garang bir ahvolda.
— Men qotil bilan jo‘ra emasman, uning ustiga soqoli ko‘kragiga tushgan hoji ota bo‘lsangiz, — dedi kesatib.

Tog‘a bunga e’tibor ham qilmay:

— O‘liptimi? — deb yubordi, ko‘zlari naq xonasidan chiqqudek bo‘lib.

Kapitan endi picha shashtidan tushdi. Tog‘aning o‘zini tutishi qotillikni eslatmas edi.

— Yuring, — dedi u va ruchka-qog‘ozni yig‘ishtirib, Tog‘ani xonadan chiqarib, koridorning oxiriga boshlab bordi. Polda eski-tuski kalta ko‘rpachalar bilan usti yopilgan murda yotardi.

Tog‘a yurolmay qoldi. Kapitan bolani sudraklaganday uni gandiraklatib yetaklab borardi. Endi u do‘stining o‘lganini tushunib yetgan, biroq buni ko‘z oldiga keltirishga, idrok etishga kapitan qo‘ymas edi.

— Shoshma, shoshma, — dedi tisarilib, shu zahotiyoq ko‘z oldi qorong‘ilashib o‘tirib qoldi.

Murdaga uch qadam qolgan edi. Kapitan chiroqni yoqib, murdaning yuzini ham ochdi. Bir qo‘lansa hid anqidi. Tog‘a o‘rnidan turolmadi, biroq engashib emaklab keldi. Tilidan nima sas chiqqanini kapitan tugul o‘zi ham anglamadi. Jo‘rasini quchay deb chog‘landi-yu, bad bo‘ydan yuzi burishib ketdi.

— Yo Alloh! — deya yonboshlab qoldi.

Kapitan kamzulining yoqasini ko‘tarib, juda sovuqqonlik bilan:

— Ketmonning sopi bilan urmay, temir bilan solibsiz-da, peshonasi bir zarbda majaqlanib ketibdi, — dedi. — Bu ham yetmaganday iyagini sindiribsiz. Yo birinchi urganda joni chiqmadimi? Axir o‘shanda manavi o‘ng ko‘zi ham xonasidan chiqib ketgan-ku, yana urish shartmidi?

Yonboshlagan joyida chalqancha tushganini o‘zi sezmadi. Kapitanning buyrug‘i bilan pogonida biror belgisi yo‘q melisa Tog‘ani izolyatorga sudrab ketdi.

Shu ko‘yi u uch kun yotdi. Har kuni so‘roq qilishdi. Har safar u beholgina hech narsa bilmasligini aytardi. Va har safar do‘stini yuvib-kafanlab, janoza o‘qib, ko‘milganmi-yo‘qmi, ekanini so‘rardi. Tag‘in har gal murda sud-meditsina ekspertizasiga jo‘natilganini eshitar va oxiri bunga ko‘nikib ham qoldi.

Oxirgi kuni ham u o‘sha kapitan so‘roq qilyapti, deb o‘yladi va beixtiyor:

— Inna lillahi va inna ilayha roji’uvn! — dedi baland qiroat bilan. — Uning arvohi qay ahvolda — bilmaymiz, lekin ertaga sen yo men nima topamiz — buniyam bilmaymiz-ku, a, yo bilasanmi?

Tog‘a engashib olgan, qaddini rostlash tugul ko‘zini ochishni ham istamasdi.

— Fayzulla tog‘a, — dedi melisa, — siz gumondor bo‘lgan yagona shaxs edingiz, muhlat tugadi, endi uyga ketasiz!

Tog‘a ajablanib boshini ko‘tardi. Xona nimqorong‘i edi.

— Sizni urishmadimi? — dedi melisa.
— Xudoning urgani yetmaydimi?

— Melisa Xudoga qarab o‘tirmaydi-da.
— Endi baribir: ursang ham, o‘ldirsang ham.

— Men Mustafo polvonning o‘g‘liman, tanimayapsiz chog‘i?
— Melisasi bor deb edi, senmiding?

— Ha, men, kichigi — Abdujabbori.
— Muxtasamni qanday ko‘mdinglar?

— O‘sha kuni Abduvali imom mo‘rgdan odamlar bilan kelib opketgan. Irimini qilib ko‘mgan chiqar.

Tog‘a izolyatordan chiqqandan to‘rt kun o‘tib, payshanba kuni do‘stiga qo‘y so‘yib marosim qilib berdi. Marosimda chollardan biri Muxtasam shu holiga hajga borishni orzu qilganini kulib aytib berdi.

— Siz bilan men-chi, — deb cholning og‘ziga urdi Tog‘a. — Undan qayerimiz ortiq?

Uch oy deganda Tog‘aning kichik o‘g‘li Sherali Koreyadan keldi. Bir bolali sigirni unga berdi. Kechagi jumada o‘g‘lini machitga opkelib, ko‘pning duosini oldi. Bugungi juma namoziga chog‘langanda lo‘li xotin eshik qoqmay kirib keldi. Eshikdan kirayotib:

— Manam devonai Mashrab, — deya xirgoyi qildi.

Bu safar Tog‘a uni qabatiga chaqirib oldi. Tilaganidan ortiq pul berdi.

Qora ayol supaga o‘tirgancha tasbehiga qaragan ko‘yi:
— Mushkullaringiz kushoyish, amak, — dedi.

Tog‘aning yana bir jini qo‘zidi-yu, bu gal o‘zini bosdi.

— Uchta beti qaro qamaldi, jo‘rongizga qasd qilgan o‘shalar.

Jamoat namozidan keyin tengqur chollar bilan gaplashib o‘tirib eshitdi: buzuq yo‘lga kirgan uch yigit Muxtasam cholni yo‘rig‘iga undagan, u bo‘lsa ko‘nmagan, qaysarlik qilgan, oqibati — shu, chol behuda o‘lib ketdi. Melisa baribir qo‘lga opti — sadag‘ang ketay, ho‘kimat.

Machitdan chiqayotib tag‘in lo‘li xotinni ko‘rdi. Ko‘zi ko‘ziga tushmasligi uchun boshqa qaramadi. Lekin ko‘chaga chiqqanda sheriklariga:

— Shu zang‘ar mo‘ltonilarda ham bir gap bor-ov, — dedi. Yana bir nima deb izohlamoqchi bo‘ldi-yu, sheriklarining avzoyiga qarab indamay qo‘yaqoldi.

0045

(Tashriflar: umumiy 5 937, bugungi 1)

Izoh qoldiring