Sherzod Ortiqov. Ikki hikoya

067   Ажойиб шоира Гўзал Рўзиеванинг тавсияси билан марғилонлик ёш ижодкор Шерзод Ортиқовнинг икки ҳикоясини тақдим этмоқдамиз.

Шерзод Ортиқов
ИККИ ҲИКОЯ
021

Куз симфонияси

053“Le Procope” ресторанига кечикиб бордим. Мафтуна аллақачон у ерга келиб улгурганди ва столга жойлашиб олиб, вақт ўтказиш учун тўқ қизил муқовали мода журналини варақлаб ўтирарди. Ёнида эри кўринмади.
— Анча кечикдингиз,-деди у ўрнидан туриб, мени очиқ чеҳра билан қарши оларкан.
Унинг қаршисидаги стулга хорғин чўкдим.
-Элчихонада ишларим кўпайиб кетди.
Мафтуна рўкач қилган сабабимга ишониб-ишонқирамай қўлидаги журнални ёпди-да, залдаги официантлардан бирини имлаб олдига чақирди.
-Ўзимга қовурилган оқ ўрдак гўштидан буюраман. Соуси билан,- деди менюни қизиқиш билан у қўлидан бу қўлига олиб титкиларкан ва менга юзланди. — Сиз нима буюрасиз?
-Менга пиёзли шўрва билан омлет олиб кела қолинг, -дедим ўзим томондаги менюни очиб ўтирмай, официантга француз тилида дона-дона қилиб.
-Ичишгачи?- деди официант.
— Апельсин шарбати,- деди Мафтуна биринчи бўлиб.
— Менга хам шундан,- дедим унинг ортидан қисқагина қилиб.
Официант кетгач, Мафтуна бўйнини чўзганча атрофни кўздан кечириб чиқди.Унинг кай-фияти чоғ кўринар, оҳуники каби чиройли бўлган кўзлари одамга тетиклик билан боқар, кайфияти яхшилигидан бўлса керак ўзига анча оро бериб, дид билан кийинганди. Очиқ елкалари бўйлаб ёзилган тимқора сочлари, устидаги худди шу рангдаги кўйлак ва бўйни-даги товланиб турган тилла занжири уни бир қадар жозибали қилиб кўрсатарди.
-Кўринишингиз ёмон,- деди у энди мени диққат билан кўздан кечириб. — Ҳар ҳолда, эрим бирга келмагани учун ранжимаётгандирсиз?
— Асло. Лекин, ҳайрон бўлдим. Адашмасам, мени бирга таклиф қилгандиларинг.
-Уни зарур иши чиқиб қолди.
Орадан хеч қанча вақт ўтмай, официант патнисда буюртмаларимизни олиб келди.
Таомга қўл уришдан олдин апельсин шарбатидан тўйиб симирдим. Мафтуна олдида турган ялтироқ пичоқ ва санчқи ёрдамида ўрдак гўштини майда бўлакларга ажратиб тановул қила бошлади. Ресторанда одам кўп эди. Бу ерга йиғилганлар стол атрофида кечки овқат баҳона бир-бирларининг кўнглини олишга уринишар, кундалик ташвишлари билан ўртоқлашишар ва эхтимол шу орқали кун бўйи тўпланиб қолган чарчоқларини ёзишарди. Қулоққа чалинаётган, джазни ёдга солувчи аллақандай куй бунга ҳамоҳанг бўлиб тиним билмас ва оқибатда бунга кўникмаган ёки хилватни хушловчи одам ўзини ресторанга эмас, бозорга кириб қолгандек сезарди. Эхтимол, шунгадир, бошимга оғриқ кириб, халоватим йўқолди.
-Менга Париж ёқиб қолди,-деди Мафтуна тановул қиларкан, қўлидаги санчқини хавода айлантириб. — Айниқса, хавоси. Бу ерда кўпроқ қолмоқчиман. Эримга айтаман-визамизни яна чўздиради. Буни иложи бордир-а?
Шўрвани ичишни бошлаганим учун жавоб бериш ўрнига иложи бор дегандек бошимни қимирлатиб қўя қолдим. Мафтунанинг иштаҳа билан овқатланаётгани дам ўтмай менга ҳам юқди ва бошимдаги оғриққа ортиқча аҳамият қаратмай, шу руҳда овқатланишда давом этдим. Таомлар борасида мутахассис бўлмасам-да, негадир пиёзли шўрванинг таъми нордонроқ, омлетни ошпазлар ортиқча қизартириб юборишгандек туюлди.
-Айбга буюрмасангиз сизга битта савол бераман,- деди Мафтуна шууримда таомлар борасида шунақа хулосаларни пишитаётганимда.- Аммо, ўта ахмоқона савол. Луврда учрашган кунимиз ҳам шу саволни бериш хаёлимдан ўтганди. Истасангиз жавоб берасиз, истамасангиз шарт эмас.
— Қанақа савол? — дедим овқатланишдан бир муддат тўхтаб.
У бир оз иккиланиб турди-да:
— Парижни муҳаббат шаҳри, дейишади.- деди садафдек оппоқ тишларини кўрсатиб, қувноқлик билан.- Шу ростми?
— Шунақа гап юради бу ерда — дедим сийқаси чиққан гап яна қулоғимга чалингани учун энсам қотганча.
— Француз аёллариниям гўзал бўлади дейишади.
— Эътибор бермаган эканман.
— Аммо, ҳеч эътиборсиз инсонга ўхшамайсиз.
— Бу шаҳарни мен учун қизиқ жойи йўқ. Ишим шу ерда, шунинг учун бу ердаман. Кейин мени шунақа одатим бор: шаҳар менга қизиқмасми, унинг одамлари ҳам қизиқтирмайди.
Аниқ ва лўнда гапирганим унга бошқача таъсир қилди шекилли, бирдан у қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Бу яхши одат экан,- деди кулишдан тўхтамай ва шундан сўнг боягидан ҳам иштаҳа билан тановул қила бошлади. — Оқ ўрдак гўшти жон-у дилим. Бу ерда уни мазали тайёрлашаркан. Қойил.
Унинг кўзлари бир зумда чақнаб кетди ва апельсин шарбатидан роҳатланиб ҳўпларкан, онда-сонда мен томонга зимдан қараб қўярди.
— Демак, довруғи дунёга ёйилган Париж ҳаммагаям ёқавермас экан-да.
— Хулосангиз ажойиб!
— Ўйлашимча, бу хулоса кашфиётга тенг.
— Шаҳарни ўзингизга хос тарзда қайтадан кашф қиляпсизми дейман?- дедим унга мийиғимда кулиб.
— Бўлмасам-чи, — деди Мафтуна чеҳраси янаям ёришиб.- Қайтадан кашф қиляпман ва бундан жудаям хурсандман.
— Кўриниб турибди бу,- дедим сочиқ билан лабимни артиб, яна апельсин шарбатига ёпишарканман.
Сухбатнинг бундай тарзда давом этиши кўп ўтмай иштаҳамга таъсир қилди. Мафтуна бугун ўзини ғалати тутаётганди. Қандайдир эркин, оддий қизиқувчанлик доирасидан четга чиққан холда.
— Сизга бу таомлар ёқмаган бўлса, балки бошқаларига буюртма берармиз? — деди у олдимдаги таомларни илкис бир четга суриб қўйганимни кўриб роса ажабланаркан.
— Ҳожати йўқ. Эрталабдан ўзи иштаҳам йўқроқ, — дедим кўнглини оғритиб қўймаслик учун унга ёлғон гапириб.
— Тушунарли.
У жавобимдан ўзини сал ўнғайсиз сезди, томоғини қириб бир-икки йўталди. Кейин қўлидаги пичоқ билан санчқини хохлаб-хохламай стол устига қўйди.
— Бу ерда дарров сиқилиб кетдим. Ҳаво етишмаяпти. Парижни машинада айланишга нима дейсиз? — деди мен томонга бошини эгаркан, аста пичирлаб.
Унинг таклифини эшитиб, пешонамни тириштирдим. Кўз олдимдан келаси ҳафта элчихонада бўлиб ўтадиган маданий тадбир учун ҳали сценарий ёзмаганим ўтди. Боз устига, роса чарчаганим боис ёстиққа бошимни қўйиб мизғиш фикри, айни шу дақиқаларда ўйларимга суқилиб кириб, ҳориган вужудим учун ягона чора бўлиб кўринаётганди. Лекин, Мафтунага йўқ дейишга негадир журъатим етмади. Тўғрироғи, такаллуфсиз бўлиб кўринишни истамадим.
— Майли…
— Кечки овқат ҳам тугади мана — деди Мафтуна официантни чақириб, у билан шоша-пиша ҳисоб-китоб қиларкан. — Энди тезроқ тоза ҳавога чиқайлик, бу ерда кўнглим беҳузур бўляпти.
Кечки овқатни биргаликда тановул қилиб, сархуш ўтирган одамларни оралаб ташқарига чиқдик. Бояги ҳатти-ҳаракатим туфайли туси ўзгариб, яхши кайфиятига бирмунча путур етган бўлса-да, кўчада Мафтуна ҳечам сир бой бермади. У чиройли қоматини тик тутиб, пошнаси баланд туфлисини тақ-туқ этганча қадам ташлаб, виқор билан тўғри йўл четида турган қизил “Ситроен” томон юрди.
— Эримнинг навбатдаги тухфаси,- деди уни менга кўрсатиб.- Ижарага олиб берди шаҳарни айланишим учун. У бирам мехрибонки…
Унинг сўз оҳангидаги пардали кинояни илғаш қийин эмасди. Мен бунга у қадар диққатимни қаратмай, машинанинг олди ўриндиғига ўтирдим. Мафтуна очиқ ҳавода бир қанча вақт бемақсад турди-да, сўнг рулга ўтириб машинани ўт олдирди.
— “Зафар аркаси”га борсак нима дейсиз?- деди у катта йўлга чиққанимизда.
Хаёлларим билан бўлиб унга ўз вақтида жавоб қайтаролмадим.
— Шу арканинг нимаси қизиқ? — дедим сал ўтибгина тобора туннинг домига кириб бораётган Парижни кузатиб кетарканман.
Машинанинг ичи диққинафас бўлиб кетгандек эди. У ҳам, мен ҳам бараварига “уҳ” тортиб, ён ойналарини тушириб қўйдик.
— Балки сизга қизиқмасдир. Чунки, сиз бу ерда анчадан бери яшайсиз. Лекин, бошқаларга қизиқ. Масалан, менга. Худо билади яна қачон бу ерга келаман.
“Зафар аркаси”га етиб боргач, Мафтуна машинанинг моторини ўчириб, ундан ирғиб тушди. Арка олдида одам кўп эмас, бармоқ билан санарли одамларгина қўлтиқлашганча ивирсиб юришарди.
— Шу арка хақида Ремарк асар ёзган,- деди Мафтуна унга яқинлашгач, мен томонга ўгирилиб.- Биласизми?
У жавобимни кутиб ўтирмай, анча олислаб кетди. Унга етиб олиш учун қадамимни тезлатишга мажбур бўлдим.
— Ўқиганман ўша асарни,- дедим унга етиб олгач.- Яҳудий доктор ва унинг маҳбубаси ҳақида эди, янглишмасам.
Шунда Мафтуна бошини бир томонга эгиб, менга кўзларини хиёл қисиб қаради.
— Сизни ўқимаган нарсангиз борми ўзи?- деди менга яқин келиб, бошдан-оёқ разм солиб чиқаркан. — Билмаган нарсангиз-чи? Бальзакни, Гюгони, Диккенсни, Маркесни ўқигансиз. Мана Ремаркни хам. Французчада ва инглиз тилида бинойидек гаплашасиз. Яхши таржимонсиз. Ақлли ва чиройлисиз.
У кутилмаганда менга янаям яқин келди. Ундан таралаётган аёллар атирининг маст қилувчи ёқимли иси димоғимга урилди. Орамиздаги масофа анча қисқарган ва мен унинг ҳатто қандай нафас олишигача эшитардим. У оғир-оғир нафас олар, кўзларини бўлса мендан узмасди. Бир маҳал мендан ютоқиб бўса олди. Бу ҳол қўққисдан юз бергани учун дастлаб ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимга келгач, уни силтаб ташладим ва икки қадам ортга тисарилдим. Бу ҳатти-ҳаракатим унинг нафсониятига тегди.
— Қўрқоқ! — деди у захархандалик билан куларкан.
Қанчалик ўзимни босишга уринмай, унинг бу гапини эшитиб роса жаҳлим чиқди.
— Эри бор аёл билан кўнгилхушлик қилсам қўрқмас бўламанми?- дедим овозимни кўтариб.
— Сиз эркаклар ҳаммаларинг бир гўрсизлар,- давом этди у мендан узоқлашаркан, ногоҳ жойида қотиб. — Мени ўн олти ёшимда ўша нусхага эрга берган отам ҳам, менга хиёнат қилмаган кунини эслай олмайдиган ўша нусха ҳам, ўз шахсига тинмай сиғиниб яшайдиган сиз ҳам.
Мен унга қарамаслик учун бошимни “Зафар аркаси” томон буриб олдим ва бир неча дақиқа шу ҳолатда турдим. Мафтуна ҳамон заҳархандалик билан куларди.У шу туришида тўрт кун бурун мен билан Луврни айланган, икки кун бурун эса эри билан элчихонага визасини чўздириш учун келган оғир ва босиқ аёлга сираям ўхшамас эди.
Бир пайт кутилмаганда у шартта машинаси томон юриб кетди. Унинг кетаётганини кўриб, аввалига ортидан боргим келмади. Бироқ, ноилож бордим.
— Эшикни очинг, Мафтуна!- дедим у ерга боргач.
У гапимга парво қилмай, аямасдан машинанинг газини босди. Бундан кўнглим аллақандай ғашликни сезиб, йўл четида бўш турган таксилардан бири сари югурдим.
— Илтимос, ҳув анави қизил “Ситроен”нинг ортидан ҳайданг — дедим энг яқин турган таксига чиқиб ҳайдовчига.
Ҳайдовчи илтимосимни ерда қолдирмай, ўртача тезликда уни қувишга тушди. У қувиб етай деганида, ўзи шундоқ ҳам секин кетмаётган Мафтуна атайин қилгандек машинаси тезлигини оширди.
— Нима бало, у жонидан тўйганми?- деди ҳайдовчи бошини бай-бай дегандек чайқаб қўйиб.- Шаҳарнинг ичида машинани шунақа тез ҳайдаб бўларканми?
Сена дарёси бўйидаги муюлишда, гўё осмондан тушгандек қарама-қарши томонда юк машинаси пайдо бўлди. Мафтуна унга аранг чап беришга улгурди. Натижада, унинг машинаси тўсатдан эзилган тормоз туфайли чийиллаб овоз чиқариб, йўлнинг четигача сурилиб борди. Қаршисидан чиққан машина кетма-кет сигнал чалиб, унинг ёнидан ўтиб кетди. Таксидан тушарканман, юрагимни ҳовучлаб у томонга чопдим. Мафтуна машина ичида бошини рулга тираганича қимир этмай ўтирар, унга мўъжиза туфайлигина бирор бир шикаст етмаганди.
— Очинг эшикни! — дедим ойнага бир-икки қаттиқ уриб.- Очинг деяпман сизга!!!.
У эшикни очди. Уни даст кўтариб пастга олдим. Сўнг кўтарганча Сена бўйидаги ўриндиқлардан бирига олиб бордим.
— Ҳаётингизнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқми сизга?! — дедим овозимни борича унга бақирарканман.
Мафтуна менга худди бўшлиққа қарагандек маъносиз тикилди.
— Ҳа, шундай. Нима эди?
У ўриндиқ устида, бошини эгганича дағ-дағ қалтирарди. Чамаси, уни четлаб ўтган фалокат руҳиятига салбий таъсир кўрсатган ва у ниҳоятда қўрқиб кетганди. Ҳатто мендаги ҳаяжон ва қўрқув ҳам босилмаганди. Ўриндиққа ўтирмай унинг қаршисида тик оёқда турарканман, юрагим тез-тез урарди.
— Ҳамма нарсадан чарчадим, — деди Мафтуна шовуллаб оқаётган дарё томонга тикиларкан.
Сентябрь якунланаётгани учун атрофга салқин тушиб, ҳаво ҳарорати бир мунча тушиб кетганди. Парижда уч-тўрт кундан бери енгил шабада эсар, осмон кун ора турфа ранг булутларнинг қамалидан бўшамас, гоҳи-гоҳида эса майдалаб ёмғир томчиларди. Бугун ҳам ҳаво берк, осмонда таниш булутлар ҳукмрон, ёз ичи ҳар оқшом шуъла сочиб кўзни қувнатган ой уларнинг ортига беркинган ва бу манзара замин узра тонг отиб-отмасдан кузги ёмғир ёғиши мумкинлигидан дарак берарди.
— Машинанинг чироғини ўчирмабсиз,- дедим ортиқ тик оёқда туришни истамай, унинг ёнига ўтирарканман.
Мафтуна машина турган ерга нафрат билан қараб қўйди.
— Қизил “Ситроен”, қип-қизил “Ситроен”- деди шу битта сўзни бир неча марта такрорлаб.
У ҳамон қалтирарди. Энди совуқдан. Буни кўриб костьюмимни ечдим-да, унинг елкасига ташлаб қўйдим.У пичирлаб миннатдорчилик билдирди. Шу бўйи анчагача бир оғиз гапирмади. Мен ҳам бошқа оғиз очмадим.
— Отам мени ўн олти ёшимда эрга берди,- деди Мафтуна анчадан кейин яна дарё томонга тикиларкан, чўзилиб кетган бу сукунатни биринчи бўлиб бузиб.- Мени ёш демади. Кўз ёшларимга ҳам қарамади. Ўша пайтларни кўп эслайман. Ўн олти ёшга энди тўлгандим. Орзулари осмон қиз эдим. Ўзимча ҳуқуқшуносликни ўрганмоқчи бўлардим. Кўп китоб ўқирдим, тил ўрганардим. Ҳамма қизларга ўхшаб ширин хаёлларга берилардим. Бир куни эса ҳаммаси тугади. Мени эрга беришди. Кун келиб турмушга чиқишимни билардим-у, лекин ўша дамни бунчалик эрта рўй беришини ўйламагандим. Катта ҳаётга қадам қўйиб-қўймай турмушга чиқдим. Қизлигимда турмуш ўртоғимни ўзимча “Ғурур ва Андиша” асаридаги Дарсига ўхшашини орзу қилиб яшардим. У каби олийжаноб, вафодор ва мард бўлса дердим. Ҳаётда эса кўпинча бошқача бўларкан. Қаршимда Дарсининг бутунлай акси бўлган инсонни кўриш ўшанда мени чуқур ғам-қайғуга солди. Шундаям бир сўз демадим, отамга қарши чиқмадим. Ахир, хамма шундай қиляпти, кам бўлгани йўқ деб онам ҳам унинг ёнини олди. Хуллас, турмушга чиқдим. Эримни ёқтирмасдим, алдаб нима қилдим. Унда кўнглим йўқ эди( ҳозир ҳам йўқ). Кўнглим тортмасди. У ҳам менга муҳтож эмасди, хиёнат қилишини билардим. Кунлар, хафталар, ойлар ўтиб кетди кейин. Буни сезмай ҳам қолдим. Чунки, ўзимни худди бошқа муҳитга тушиб қолгандек сезардим. Бунинг натижасида ҳаётга қизиқишим кундан кунга камайиб, сўлиб борардим. Саккиз йил шу тахлитда яшадим. Орзуларим тутундек тарқаб кетди, ҳуқуқшунос бўлишдек мақсадим тагига олди, кўп китоб ўқимай қўйдим, тил ўрганишга бўлган иштиёқим сўнди.
Худди ҳаётимда мазмун йўқдек эди. Турмушимнинг саккизинчи йилида ҳомиладорлигимни билиб қолдим. Ишонасизми, шунда қаердандир ҳаётимга мазмун кириб келгандек бўлди, юқоридаги орзуларим ўрнига яратган менга бошқа бир орзу — она бўлиш орзусини бергандек хурсанд бўлиб кетдим. Энди мени фарзандим бўлади, мен она бўламан деган ўй бутун вужудимни яйратиб юборди. Натижада, бошқача кайфиятда яшай бошладим. Бир куни кўрик учун докторнинг хузурига борганимда, фарзандимни у ердаги текширув аппарати экранида кўрдим. Доктор аёл кулиб, у қўлларини қимирлатиб чўмиляпти, деди. Экранга термулиб қолдим. Дарҳақиқат, болажоним қўлларини қимирлатиб, чўмиларди. Шундан сўнг, у билан ҳар куни гаплашадиган бўлдим. Унга кечалари эртаклар айтиб берардим, дўкондан у туғилса кийдираман деб кийим-кечаклар сотиб олардим. Ҳаётимга мазмун кирган, гўё яшашга қизиқишим қайтгандек эди.
Ҳомилам бешинчи ойлигига ўтганида, жума куни эди шекилли, эрим уйга кеч қайтди. Ундан аёллар атирининг ҳиди анқир, ўзи ғирт маст эди. Кўзига ёмон кўриндим шекилли, мени қаттиқ ҳақорат қилди. Шунинг ўзи етмагандек, қўзларини чақчайтириб ва ҳайвондек ўкириб мени уриб-тепкилади. Танам бўйлаб унинг зарбаларидан пайдо бўлган чуқур оғриқни ҳис қиларканман, шу он ичимда нимадир узилгандек бўлди ва сезгир кўнглим бундан бир ёмон нарсани сезиб дод солиб бақириб юбордим. Эртасига касалхонада хомиламни нобуд бўлганини билдим.
Мафтуна шу пайт тўсатдан йиғлаб юборди. Ҳўнграб йиғлади. Йиғлагани сари елкалари кучли силкиниб қўяр, овозидан аламли фарёд атрофга тараларди.
— Шу тариқа ўзимга келолмай касалхонада анча ётдим. Руҳий ҳолатим бузилиб, чуқур тушкунликка тушиб қолдим. Ҳеч кимни кўргим келмас, хонадан чиқмай кун бўйи у ерда ётардим. Ҳатто, ота-онамни кўргим келмасди. Эримдан эса жирканардим. Буёғига кўнглим тортмаган ва эндиликда жиркана бошлаган одамим билан бир уйда яшашни тасаввур қилолмасдим. Лекин, бирга яшашда давом этдим. Отам “насиб қилса худо яна фарзанд беради”, деб таскин берганча уникига ташлаб келди. Кулгули бу, тўғрими? Нимага ҳаёт ва одамлар шунақа? Шу саволларимга ҳеч жавоб тополмайман. Эримнинг ҳатти-ҳаракатлари бундан ҳам кулгули. Мени тепкилаб, пушти камаридан бўлган фарзандини туғилмай туриб нобуд қилган одам кўнгли ёзилар деб хотинини мана Парижга олиб келди.
У энди мен томонга қараб йиғлар, мен юрагим қаттиқ сиқилиб унга қарамасликка тиришардим.
— Бу ерга келган дастлабки кунимиз меҳмонхонадан ташқарига чиқмадим. Руҳиятимдаги жароҳат ҳали битмагани учун ҳатто миллионлаб одамларнинг орзуси бўлган шу шаҳар ҳам кўнглимга сиғмади. Кун бўйи деразанинг олдида ўтирдим. Деразадан Эйфиль минораси шундоқ кўриниб турарди. Эрим эрталаб чиқиб кетиб, кечқурун келди. Эртасига ҳам, индинига ҳам шундай ўтди. Шахарни кун бўйи деразадан кузатдим. Ниҳоят, тўртинчи куни эримдан мени Гюгонинг уй-музейига олиб боришини илтимос қилдим. У йўқ демади. Музейга олиб борди-да, бир соатдан кейин олиб кетишини айтиб, ёлғиз ўзимни ўша ерга ташлаб кетди. Севимли ёзувчимнинг уй-музейи олдида бир ўзим қолдим. Ичкарига кирганимда, у ердаги асосий залда йиғилиш бўлаётганди. Бу йиғилишдан кўра кўпроқ тақдимот маросимига ўхшарди. Пича ўтиб, музей ходимаси бу тахминим тўғрилигини тасдиқлади.
Эсингиздами, ўша кун? У ерда Гюгонинг сиз ўзбек тилига ўгирган асари тақдимоти бўлиб ўтар ва сиз Гюго ҳақида, унинг ўзбек ўқувчиси дунёқарашида тутган ўрни ҳақида атрофдагиларга гапириб берардингиз. Бир чеккада сизга қараб ўтирарканман, негадир бир лаҳзага руҳимни анчадан бери қийнаб келган оғриқларни, унинг битмаган жароҳатини унутгандек бўлдим ва худди ўн олти яшар пайтимга қайтгандек берилиб, завқ билан маърузангизни тингладим. Кейин сиз билан шахсан танишдим. Ўзингизни элчихонада ишлашингизни айтдингиз. Гюго ва француз адабиёти ҳақида суҳбатлашдик. Гюгони деярли ҳамма асарларини ўқиб чиққандим. Буни эшитиб, сизни юзингиз ёришиб кетди. Бу адиб сизнинг ҳам севимли ёзувчингиз эди.
Музейдан қайтиб келганимда ўзимни анча тетик ҳис қилдим. Кўнглим сархадларидаги тўфонлар тингандек, ундан ғам-андуҳ аригандек, анчадан буён илк марта руҳимда хало-ват ва осудаликнинг нафаси сезилди. Мехмонхона деразасини очиб атрофга қарарканман, кайфиятим кўтарилди. Ҳаёт аслида чиройли, у фақатгина оқ-қора ранглардан иборат эмас деган хаёлга бордим. Энг қизиғи, ўша куни кечқурун иштаҳа билан овқатландим ва кечаси безовта бўлиб уйғонмай, хотиржам ва тиниқиб ухладим.
Сиз хар дам олиш куни Луврга боришингизни айтгандингиз ўша куни. Дам олиш кунига икки кун бор эди. Шу икки кунни бир амаллаб ўтказиб, якшанба куни эртароқ туриб Луврга бордим. Сизни учратиш мақсадида. Бордим-у, ҳайратда қолдим. У ер жудаям катта ва бунинг устига одамларга лиқ тўла эди. Яхшиям, Мона Лиза картинаси ҳақидаги гапингиз эсимда қолган экан. Сўраб-суриштириб шу картина турган хонани топдим. У ерга кирдим ва картина қаршисидаги одамлар орасида сизга кўзим тушди. Ўзимнинг топилмамдан қувониб кетдим. Мени пайқармикин деб сизга яқинлашдим. Сиз картинанинг олдида туриб, қўлингиздаги ён дафтарчага нималарнидир қайд қилиш билан овора эдингиз. У ерда жимгина сизни кузатиб турдим. Мени дарров бўлмаса-да, пайқадингиз. Кўриб жилмайдингиз. Мона Лиза ҳақида ўша куни роса сухбатлашдик, музейни бирга айландик. Мехмонхонага қайтганимда шампань виноси ичиб ўтирган эрим визамиз тугашига икки кун қолганини айтди. Шунда уни чўздирайлик деб унга ялиндим. У ҳайрон бўлиб қаради. Бир амаллаб уни кўндирдим. Рости, Парижда яна озгина қолмоқчи эдим. Нима учунлигини ўзим ҳали билмасдим, қалбимда бехос уйғонган номаълум туйғу мени бу ерга михлаб қўйгандек, шунчаки қолгим келар, ҳеч қаерга кетгим келмасди.
Икки кун ўтиб, эрим билан элчихонага бордик. У ерда яна сизни учратдим. Сиз визамизни чўздиришга ёрдам бердингиз. Эрим ташаккур айтиб , сизни кечки овқатга таклиф қилди. Розилик билдирганингизда ундан ҳам кўра мен кўпроқ хурсанд бўлдим.
Бугун эрталаб шу кечки овқат хаёли билан уйғондим. Кўзгуга қарамай қўйганимга анча бўлганди. Унинг олдида илк марта узоқ ўтирдим. Олдин бирорта маросимга боришим керак бўлса дуч келган кўйлакни кийиб кетаверардим. Бу сафар кўйлак танлашга қийналдим. Жомадонимда йиллар бўйи қўл теккизилмай ётган тилла занжиримга ҳам иш топилди. Вақт ўтиб кеч бўлгани сари ҳаяжонимни ҳеч босолмасдим. Кеч тушгач, эрим иши бор-лигини пеш қилиб, кўчага чиқиб кетди. Сиздан келолмаганига узр сўраб қўйишимни тайинлади. Шунинг учун, бу ерга ёлғиз, у ижарага олиб берган анави машинада келдим. Ресторанда анча ўзимни эркин тутдим. Буни биламан. Боиси, ўзим гаплашишни истаган инсон билан яна мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлгандим. Шу мени бир оз чалғитди. Шунинг таъсирида кеча давомида сизга ахмоқона саволлар бердим, боя ўзимни жудаям ёмон тутдим, ўзимни назорат қилишни унутдим. Мени енгилтак деб ўйлаганингиз аниқ. Ўзим ҳам ўзимдан нафратланиб кетдим. Бу ҳис бутун вужудимни эгаллаб, шаънимга тушган иснод ва юзимдан сидирилган ҳаё пардасини кўзимнинг олдига олиб келди. Шу туфайли руҳимга азоб беришни бошлаган бу ҳисдан қутулиш учун ўзимни машинанинг ичига урдим. Аммо, у ерда бадтар азобландим. Азоб исканжасида кўзимни юмиб машинани тез хайдадим, сабаби вақт ўтган сари кучайиб бораётган бу ҳис ўлсамгина мени тинч қўяди деган бемаъни хулосада эдим. Ўзидан нафратланиш ҳисси кўпинча инсонни шундай йўл тутишига туртки бўлади. Қаршимдан юк машинаси чиққунича, менда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Бироқ, машина пайдо бўлганида қўрқиб кетдим. Ўлишни эплай олмадим, кучим етмади, ожизлик қилдим.
Мафтуна ўрнидан туриб, дарё қирғоғи томон кетди. Сенанинг шовуллаб оқиши ва тун қўйнида қорамтир рангда кўринаётган қиёфасига бир неча дақиқа назар солиб турди. Кейин шошилмай ортига қайтди. У ортиқ йиғламас, тинчланиб ўзини анча ўнглаб олганди.
— Умримизга куз келиб бўлганидан сўнг унга бахорнинг қайтиши қийин экан — деди дарё узра олисларга тикилиб ва хўрсиниб ёддан қандайдир шеърни ўқий бошлади:

Кимнидир, ненидир кутдим ишониб,
Осмонга термулиб ўтдим теракдай.
Хазон бўлиб ҳамки кетолмаяпман,
Гўёки ҳалиям сизга керакдай…

Япроқдек омонат тебранади дил,
Тамаки тутатар яна ғолиб куз.
Дунёни бир гўзал рангга бўярдим,
Афсус, сиздан олдин куз келди, афсус…

Шеърни ўқиб бўлгач, эгнидаги костьюмимни қўлига олиб авайлаб тахлади ва уни секин ёнимга қўйди. Мен буни жим кузатиб турдим.
— Эртагаёқ бу ердан жўнаб кетаман,- деди атрофга аланглаб қараркан, кўзларимиз тўқнашганида бирдан маъюслашиб.- Аслида худди сиз каби бу шаҳарни менга ҳам сира қизиғи йўқ. Узоқроқ қолишимга сабаб бўлган нарса- унинг таровати эмасди.
Ўрнимдан кўзғалиб, унга нимадир дейишга тараддудландим. Кўнглини кўтаришгами, тасалли беришгами, очиғи, аниқ билмадим. У томонга интилгандим, Мафтуна ўзини мендан олиб қочди ва қўллари билан керак эмас дегандек ишора қилди. Турган еримда қолдим, ичимдан ҳеч қандай садо чиқмади: на кўнгил кўтариш, на тасалли бериш учун бирор оғиз сўз. Кўз олдимни қуюқ зулмат қоплаб олгандек кўзларим тиниб, бошим чалкаш ўйлардан ғовлаб кетди.
Бир оздан сўнг у кетишга чоғланди ва мен билан хайрлашмасдан чироғи ҳануз ёниқ турган машинаси томон йўл олди. Ортига ўгирилмай, қаддини яна тик тутиб, пошнаси баланд туфлисини тақ-туқ этганча виқор билан қадам ташларди.
— Қизил “Ситроен”, қип-қизил “Ситроен”,- деди кетаркан йўл-йўлакай .- Эримнинг туҳфаси, “меҳрибон” эримнинг…

2019 йил, сентябрь.

Ёмғир вальси

— Оёғингизга нима қилди?
Эшик қия очиқ турганди. Шунинг учун Назокатни хонага кирганини пайқамабман.
-Баъзида шундай оғриб туради — дедим чап тиззамни пешонамни тириштирганча уқаларканман.
Назокат бўйнидаги қора шарфи ва устидаги тўқ қизил костьюмини ечиб, шкафнинг ичига илиб қўйди. Қўлидаги сумкаси ҳам ўша ердан қўним топди. У бугун кечагига қараганда анча иштиёқли кўринар, кечаги ҳорғинлиги қаергадир йўқолган ва дарров пианино қаршисига бориб ўтирганидан тезроқ машғулотларга киришиш истагида ёнаётганини чамалаш мумкин эди.
— Бетховен мендан хурсанд — деди у партитурани қўлига олиб, унга кўз югуртираркан.- Бу ерда ҳам, уйда ҳам тинмай унинг сонатасини ижро этяпман.
Мен тиззамни бир-икки букиб кўриб, ўрнимдан турдим.
-Танловга оз қолди. Улгуришимиз керак.
Назокат оқ-қора клавишлар устида худди ёш боладек бармоқларини бирма-бир юргизиб чиқди.
-Партитурага қараб бехато ижро этяпман — деди кейин партитурани жойига қўйиб.- Ёддан бўлса айрим жойларида хато қиляпман.
Бир оздан сўнг, хонадаги “Беларусь” пианиноси худди кечагидек яна овоз чиқаришни бошлади. Бетховеннинг Элиза исмли қизга бағишлаб ёзган сонатаси Назокатнинг ижросида хона бўйлаб таралди. Уни бесас кузатдим. Назокат партитурага қарамасликка интиларди. Бармоқлари клавишлар узра оҳиста харакатланар экан, ҳеч нарсага чалғимай ўй-фикрини ижро жараёнидан узмасди.
-Бу гал учта жойда хато қилдинг — дедим унинг ортидан туриб.
Назокат менга саволомуз қаради. Олдига келиб қаерда хато қилганини партитурадан кўр-сатиб бердим.
-Докторга бориб келинг,- деди Назокат бир пайт сал эгилиб турган чап тиззамга қараб.- Мен ўзим шуғулланиб тураман бу ерда.
-Ҳожати йўқ — дедим дераза олдига бориб, ташқарида эсаётган шамол юзага келтирган манзарани кузатарканман.
Назокат билан тушликкача анча шуғулландим. Шахар маданият марказида ёш пианиночи-лар ўртасида ҳар йили ўтказиладиган анъанавий танловга икки кун қолганди. Шунга вақт тиғиз, кўпроқ меҳнат қилиш талаб қилинарди.
-Баъзида партитурани йиртиб ташлагим келади — деди Назокат коллеж ёнидаги кафега кирганимизда стол атрофига ўтиришдан олдин.-У мени чалғитади.
-Партитурасиз хато қиляпсан. Кўрдинг-ку.
-Сиз хато қилмайсиз,- давом этди у.- Мен ҳам бунга кўникаман.
Стол атрофига жойлашгач, иккита қаҳвага буюртма бердик. Октябрь бошлангани учун бўлса керак уч-тўрт кундан бери ташқарида кучли шамол эсар, хаво ҳарорати тушиб кет-ганди. Бундай пайтда иссиқ қаҳва жонга асқотади.
-Нега танлов учун Бетховенни танладингиз ? — деди Назокат қаҳвадан шошилмай ҳўплар-кан.- Менга қолса бошқа бастакорнинг асарини ижро этардим.
— Бетховен мукаммал ёзган,- дедим унга жавобан.- Танлаганим сабаб шу.
-Танловда фақат Бетховен, Шопен, Штраусслар ижро этилади,- деди у бармоғидаги узук-ни ўйнаб. — Ҳар йили шундай. Бу бир хиллик жонга тегиб кетади баъзан.
Тиззам оғришни бошлагач, уни тағин уқалай бошладим. Буни кўриб, Назокат менга узоқ тикилиб қолди.
-Чинданам докторга бориб учрашинг. Йўқ деманг. Мен ўзим машқ қилиб тураман унгача.
Мен шунда кулиб юбордим.
-Охири кўндирдинг.
Доктордан қайтганимда, Назокат хонада тиним билмай машқ қиларди. Ҳатто, бир оз тер-лаб кетганди.
-Ўша автоҳалокатнинг оқибатими бу оғришлар?- деди у дераза олдидаги креслога ўтириб сигарет чекаётганимда, диққатини менга қаратиб.
-Шундай. Ўшанда чап оёғим қаттиқ лат еган. Шундан бери ҳар гал совуқ тушганида оғ-рийди.
Назокат кундан кунга сонатани яхши ижро этарди. Бугун унинг ижроси мукаммаликка жуда яқин келди. Бу мени хурсанд қилди. Кўп ўтмай, у кетди. Дераза олдида сигаретимни тутатиб турарканман, таксига чиқишдан олдин негадир у мен турган томонга қаради. Кўз-ларимиз бир нафас тўқнашди. Бундан хижолат бўлиб пардани ёпиб қўйдим. Сўнг, сигарет қолдиғини токчадаги кулдонга ташлаб, у ердан узоқлашдим. Кечқурун Бетховеннинг рус тилига ўгирилган мактубларини уйимда ўқиб ўтирганимда Назокат қўнғироқ қилди.
— Оёғингиз оғримай қолдими?- деди гўшакни кўтаргандим.
— Оғриқ бор, дарров қолармиди- дедим унга дангал гапириб.
— Сизга бир гап айтмоқчидим,- деди у шунданг сўнг.- Эртага уйда машқ қилсам дегандим. Олдингизга бормай. Майлими?
-Ихтиёринг,- дедим бунга бирорта узрли сабаби бўлса керак деб ўйлаб.
Танлов бўлиб ўтадиган куни Назокатни маданият марказининг олдида кутиб олдим. У бу сафар эгнига хаворанг костьюм кийиб, доим елкалари ва белини сийпаб юрадиган узун сочларини замонавий услубда турмаклаб олганди. Сиртдан қараганда у тетик кўринар, жилмайишга интилар, аммо ичига ботиб кетган кўзлари одамга толиқиш аралаш қарарди. Унинг ёнида ота-онаси, дугонаси ва қаллиғи бор эди.
-Соғлиғингиз яхшими?- деди у менга юзида хавотир билан разм солиб.
Кечаси билан тиззам оғриб чиққани учун ахволим сал абгор кўринди шекилли, у шу рух-да сўзлашда давом этди.
-Кўринишингиз яхши эмас.
-Залга кирайлик,- дедим унга ахволим яхшилигини қўлларим билан тушунтиргач.
Назокат менга эргашди. Залга кирдик. У ерда бизни танлов ташкилотчилари кутиб олиш-ди. Зал тўлмаган эди. Ичкарида юзга яқин одам бўлиб, уларнинг аксарияти танлов ишти-рокчиларининг яқинлари ва бадиий рахбарлари, қолганлар эса мумтоз мусиқанинг кам сонли шинавандалари эди.
Танловда йигирмага яқин иштирокчи қатнашаётганди. Ташкилотчилар уларни ва улар-нинг ишини бахолаб борадиган хакамларни атрофдагиларга бирма-бир таништириб чи-қишди. Кейин танлов бошланди. Мен олдинги қаторга келиб жойлашдим. Бу ердан сахна ўртасидаги жигарранг рояль аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
Дастлабки уч иштирокчи Назокатдан кўра яхшироқ кўринмади. Буни ич-ичимдан хис қил-дим. Улар Шопен, Рахманинов ва Шостаковичларнинг асарларини ҳаддан ташқари кўп жойда хато қилиб ижро этишди. Қолган иштирокчилар ҳам ҳеч бўлмаганда Назокат дара-жасида эди. Фақат тўққизинчи бўлиб саҳнага чиққан новча йигитгина Шуманнинг асари-ни ажойиб тарзда ижро этиб берди.
-Навбатдаги иштирокчимиз — Назокат Ахмедова,- деди бошловчи аёл Назокатни залга та-ништираркан.- Ижро этадиган асари “ Ёмғир вальси”, муаллиф Акмал Рустамов.
Назокат сахнага чиқиб, рояль қаршисига ўтиришдан олдин кўзлари билан залдан мени ахтарди. Менга кўзи тушгач, рояль қаршисидаги стулга яхшироқ ўрнашиб олди. Қўлидаги партитурани рояль устки қисмидаги жойига эмас, унинг ёнида турган стол устига қўйди. У мусиқий асарни партитурасиз ижро этмоқчи эди.
У вальсни ижро этишни бошлаганида кўзларимни ундан узмадим. Кўзларим унга “Бўлди, бас қил!” деятгандек илтижоли боқарди. Юрагимда эса кучли оғриқ юзага келиб, у ҳар ур-ганида илкис сесканиб, чўчиб тушардим. Вальс тинмасди, ҳечам тинмасди. Назокат уни шунақанги ижро этардики, бутун зал сув қуйгандек жимжит бўлиб уни тинглар, фақат мен юрагимдаги оғриқдан, кўз олдимдан бир-бир ўта бошлаган ўтмиш хотираларининг залво-ридан афтимни буриштирганча номаълум азоб билан олишардим. Назокат рояль қаршиси-га чўкканича мен басталаган куйни ижро этарди. Мен бу куйни анча олдин басталагандим, аниқроғи, автоҳалокат натижасида хотиним оламдан ўтишидан сал олдин. Бу куй ўз пай-тида менга ўнглаб бўлмас мусибат келтирганди, шу сабаб уни ҳар сафар ижро этсам кўз олдим қоронғулашиб кетар, юрагим қинидан чиқиб кетадигандек туюлар, шунгадир уни бор йўғи уч марта бошидан охиригача ижро этгандим, холос. Шу бўйи унинг борлиги ёдимдан хам чиқиб кетганди – хонамдаги иш столимда турадиган йиғма жилдда мана неча йилки чанг босиб ётарди.
Вальс ўз нихоясига етгач, ўрнимдан туриб саҳна ортига бордим. Назокат ўзидан кейинги иштирокчининг чиқишини у ерда кузатиб турганди.
— Мана омонатингиз,- деди у мени кўриб, партитурани қўлимга тутқазаркан.
— Нега бундай қилдинг?-дедим партитурани ғижимлаб.
Назокат сахнада янграшни бошлаган Листнинг таниш рапсодиясига бир оз қизиқиш билан қулоқ тутиб турди-да:
— Ажойиб ёзилган экан. Шунга уни ижро этгим келди — деди менга ўгирилиб.
Партитурани қўлтиғимга қистирганча, жойимга қайтиб келдим. Бу орада барча иштирок-чилар ўз чиқишларини якунлашди ва якуний қарорни эълон қилиш ҳакамларнинг зимма-сида қолди. Ҳакамлар узоқ муҳокамага киришишиб, охир-оқибат Шуманнинг асарини мукаммал ижро этиб берган ўша новча йигитни ғолиб деб топишди. Назокатга иккинчи ўрин насиб этди. Совриндор бўлганини эшитиб ота-онаси, дугоналари ва қаллиғи уни табриклай кетишди.
Танлов якунлангач, ташкилотчилар бошқалар қатори бадиий раҳбар сифатида менинг ҳам фикр ва хулосаларим билан қизиқишди. Улар билан бир неча дақиқа суҳбатлашиб фикр алмашгач, кўча томон юрдим. Кетаётганимни кўриб, Назокат югуриб ёнимга келди.
-Мендан хафамисиз, Акмал ака?- деди у рўпарамдан чиқиб.
-Хурсанд бўлишим керакми?- дедим унга қарамасликка тиришиб.- Биринчидан, битмаган ярамни янгиладинг. Иккинчидан, Бетховеннинг сонатасини ижро этганингда ғолиб бўли-шинг мумкин эди. Сен шунга тайёрлангандинг.
-Ўтган сафар ҳам айтгандим сизга,- деди Назокат чуқур хўрсиниб.- Бир хиллик жонимга теккан. Қачонгача танловларда фақат Бетховен ёки Шопен кабиларнинг басталаган куйла-ри ижро этилади? Ахир, мана сиз ҳам бинойидек куй басталаган экансиз-ку.
Суҳбатни давом эттиргим келмай, қўлимни силтаб кўчага чиқдим. Кўчада яна шамол эсишни бошлаганди. Оёқ ости тартибсиз равишда тўшалган сарғимтир баргларга тўлиб кетганди. Улар мана неча кунки шашти синмаётган шамол эсганда бир тўзир ва осмонга чанг аралаш кўтариларди-да, дам ўтмай ўз жойини ўзгартириб ерга қайтадан тўшаларди.
-Автоҳалокат бахтсиз ҳодиса бўлган — деди Назокат орқамдан қолмай кўчага ҳам чиқиб.- Хотинингизни ўлимида ўзингизни айблаб яшашни бас қилинг. Ҳали ўттизга хам кирмагансиз, лекин ўзингизни тириклайин кўмиб яшаяпсиз. Столингиз устидаги ўша папкани очиб кўрдим. У ерда бир-биридан ажойиб соната ва вальслар бор. Чин сўзим. Улар ажойиб басталанган.
Унинг гапларини тингларканман, бирдан жойимда тўхтаб унга юзландим.
-Ўшанда рулда мен бўлганман — дедим унга бақириб.- Тушуняпсанми? Қўлим машинанинг рулида бўлган, хаёлим эса сен боя ижро қилган ўша лаънати” Ёмғир вальси”да бўлган. Уни йўл бўйи хаёлимда ижро этиб кетганим туфайли чалғиганман.
Назокат кўзларида ёш қалқиб, ёнимга келмоқчи бўлди. Уни қўлим билан тўхтатдим.
— Совуқда бундай турма. Шамолнинг эсишини қара. Кўз очгани қўймаяпти. Ана ота-онанг кўчага чиқишибди ортингдан. Қаллиғинг ҳам ҳозир чиқади. Улар билан ютуғингни нишонла, баҳам кўр. Бора қол.
Назокат жойидан жилмади. Мен тез-тез қадам ташлаганча ундан узоқлашдим. Автобус бекати томон кетдим. Бекатга етиб келгач, автобус кутишга тоқатим йўқдек сездим ўзимни ва такси тўхтатдим. Такси ўтмишим билан юзма-юз келган бу жойдан дарров мени олиб кетди.
Уйга шу тобда боргим йўқ эди. Эхтимол шунгадир ижодкорлар хиёбонида тушиб қолдим. У ерни пича ёлғиз айландим. Унинг бир четида кабутарлар майдони бор эди. Ўша ерга бориб, юзлаб кабутарлар орасида вақтимни ўтказдим. Нихоят, иш жойимга боришга қарор қилдим. Шанба бўлгани учун дарсим йўқ эди. Шунчаки хонамга қамалиб олиб пианино чалгим келди. Зиналардан кўтарилиб йўлакка чиқарканман, хонамнинг олдида Назокатни кўриб ҳайрон бўлдим.
-Энди доим шунақа рўпарамдан чиқаверасанми?- дедим йўлакдаги деворга суянарканман.
Назокат эшикка беҳол суянди.
-Ҳа.. бир умр…
Унинг бармоғида узук кўринмасди…

2019 йил, сентябрь

  Ajoyib shoira Go’zal Ro’ziyevaning tavsiyasi bilan marg’ilonlik yosh ijodkor Sherzod Ortiqovning ikki hikoyasini taqdim etmoqdamiz.

Sherzod Ortiqov
IKKI HIKOYA
09

   Sherzod Ortiqov 1985 yilda Marg’ilon shahrida tug’ilgan. Farg’ona politexnika institutini tamomlagan.Asarlari respublika matbuotida doimiy chop etib borilmoqda. Ayni paytda bank sohasida faoliyat yuritadi.

Kuz simfoniyasi

“Le Procope” restoraniga kechikib bordim. Maftuna allaqachon u yerga kelib ulgurgandi va stolga joylashib olib, vaqt o’tkazish uchun to’q qizil muqovali moda jurnalini varaqlab o’tirardi. Yonida eri ko’rinmadi.
— Ancha kechikdingiz,-dedi u o’rnidan turib, meni ochiq chehra bilan qarshi olarkan.
Uning qarshisidagi stulga xorg’in cho’kdim.
-Elchixonada ishlarim ko’payib ketdi.
Maftuna ro’kach qilgan sababimga ishonib-ishonqiramay qo’lidagi jurnalni yopdi-da, zaldagi ofitsiantlardan birini imlab oldiga chaqirdi.
-O’zimga qovurilgan oq o’rdak go’shtidan buyuraman. Sousi bilan,- dedi menyuni qiziqish bilan u qo’lidan bu qo’liga olib titkilarkan va menga yuzlandi. — Siz nima buyurasiz?
-Menga piyozli sho’rva bilan omlet olib kela qoling, -dedim o’zim tomondagi menyuni ochib o’tirmay, ofitsiantga frantsuz tilida dona-dona qilib.
-Ichishgachi?- dedi ofitsiant.
— Apelьsin sharbati,- dedi Maftuna birinchi bo’lib.
— Menga xam shundan,- dedim uning ortidan qisqagina qilib.
Ofitsiant ketgach, Maftuna bo’ynini cho’zgancha atrofni ko’zdan kechirib chiqdi.Uning kay-fiyati chog’ ko’rinar, ohuniki kabi chiroyli bo’lgan ko’zlari odamga tetiklik bilan boqar, kayfiyati yaxshiligidan bo’lsa kerak o’ziga ancha oro berib, did bilan kiyingandi. Ochiq yelkalari bo’ylab yozilgan timqora sochlari, ustidagi xuddi shu rangdagi ko’ylak va bo’yni-dagi tovlanib turgan tilla zanjiri uni bir qadar jozibali qilib ko’rsatardi.
-Ko’rinishingiz yomon,- dedi u endi meni diqqat bilan ko’zdan kechirib. — Har holda, erim birga kelmagani uchun ranjimayotgandirsiz?
— Aslo. Lekin, hayron bo’ldim. Adashmasam, meni birga taklif qilgandilaring.
-Uni zarur ishi chiqib qoldi.
Oradan xech qancha vaqt o’tmay, ofitsiant patnisda buyurtmalarimizni olib keldi.
Taomga qo’l urishdan oldin apelьsin sharbatidan to’yib simirdim. Maftuna oldida turgan yaltiroq pichoq va sanchqi yordamida o’rdak go’shtini mayda bo’laklarga ajratib tanovul qila boshladi. Restoranda odam ko’p edi. Bu yerga yig’ilganlar stol atrofida kechki ovqat bahona bir-birlarining ko’nglini olishga urinishar, kundalik tashvishlari bilan o’rtoqlashishar va extimol shu orqali kun bo’yi to’planib qolgan charchoqlarini yozishardi. Quloqqa chalinayotgan, djazni yodga soluvchi allaqanday kuy bunga hamohang bo’lib tinim bilmas va oqibatda bunga ko’nikmagan yoki xilvatni xushlovchi odam o’zini restoranga emas, bozorga kirib qolgandek sezardi. Extimol, shungadir, boshimga og’riq kirib, xalovatim yo’qoldi.
-Menga Parij yoqib qoldi,-dedi Maftuna tanovul qilarkan, qo’lidagi sanchqini xavoda aylantirib. — Ayniqsa, xavosi. Bu yerda ko’proq qolmoqchiman. Erimga aytaman-vizamizni yana cho’zdiradi. Buni iloji bordir-a?
Sho’rvani ichishni boshlaganim uchun javob berish o’rniga iloji bor degandek boshimni qimirlatib qo’ya qoldim. Maftunaning ishtaha bilan ovqatlanayotgani dam o’tmay menga ham yuqdi va boshimdagi og’riqqa ortiqcha ahamiyat qaratmay, shu ruhda ovqatlanishda davom etdim. Taomlar borasida mutaxassis bo’lmasam-da, negadir piyozli sho’rvaning ta’mi nordonroq, omletni oshpazlar ortiqcha qizartirib yuborishgandek tuyuldi.
-Aybga buyurmasangiz sizga bitta savol beraman,- dedi Maftuna shuurimda taomlar borasida shunaqa xulosalarni pishitayotganimda.- Ammo, o’ta axmoqona savol. Luvrda uchrashgan kunimiz ham shu savolni berish xayolimdan o’tgandi. Istasangiz javob berasiz, istamasangiz shart emas.
— Qanaqa savol? — dedim ovqatlanishdan bir muddat to’xtab.
U bir oz ikkilanib turdi-da:
— Parijni muhabbat shahri, deyishadi.- dedi sadafdek oppoq tishlarini ko’rsatib, quvnoqlik bilan.- Shu rostmi?
— Shunaqa gap yuradi bu yerda — dedim siyqasi chiqqan gap yana qulog’imga chalingani uchun ensam qotgancha.
— Frantsuz ayollariniyam go’zal bo’ladi deyishadi.
— E’tibor bermagan ekanman.
— Ammo, hech e’tiborsiz insonga o’xshamaysiz.
— Bu shaharni men uchun qiziq joyi yo’q. Ishim shu yerda, shuning uchun bu yerdaman. Keyin meni shunaqa odatim bor: shahar menga qiziqmasmi, uning odamlari ham qiziqtirmaydi.
Aniq va lo’nda gapirganim unga boshqacha ta’sir qildi shekilli, birdan u qah-qah urib kulib yubordi.
— Bu yaxshi odat ekan,- dedi kulishdan to’xtamay va shundan so’ng boyagidan ham ishtaha bilan tanovul qila boshladi. — Oq o’rdak go’shti jon-u dilim. Bu yerda uni mazali tayyorlasharkan. Qoyil.
Uning ko’zlari bir zumda chaqnab ketdi va apelьsin sharbatidan rohatlanib ho’plarkan, onda-sonda men tomonga zimdan qarab qo’yardi.
— Demak, dovrug’i dunyoga yoyilgan Parij hammagayam yoqavermas ekan-da.
— Xulosangiz ajoyib!
— O’ylashimcha, bu xulosa kashfiyotga teng.
— Shaharni o’zingizga xos tarzda qaytadan kashf qilyapsizmi deyman?- dedim unga miyig’imda kulib.
— Bo’lmasam-chi, — dedi Maftuna chehrasi yanayam yorishib.- Qaytadan kashf qilyapman va bundan judayam xursandman.
— Ko’rinib turibdi bu,- dedim sochiq bilan labimni artib, yana apelьsin sharbatiga yopisharkanman.
Suxbatning bunday tarzda davom etishi ko’p o’tmay ishtahamga ta’sir qildi. Maftuna bugun o’zini g’alati tutayotgandi. Qandaydir erkin, oddiy qiziquvchanlik doirasidan chetga chiqqan xolda.
— Sizga bu taomlar yoqmagan bo’lsa, balki boshqalariga buyurtma berarmiz? — dedi u oldimdagi taomlarni ilkis bir chetga surib qo’yganimni ko’rib rosa ajablanarkan.
— Hojati yo’q. Ertalabdan o’zi ishtaham yo’qroq, — dedim ko’nglini og’ritib qo’ymaslik uchun unga yolg’on gapirib.
— Tushunarli.
U javobimdan o’zini sal o’ng’aysiz sezdi, tomog’ini qirib bir-ikki yo’taldi. Keyin qo’lidagi pichoq bilan sanchqini xoxlab-xoxlamay stol ustiga qo’ydi.
— Bu yerda darrov siqilib ketdim. Havo yetishmayapti. Parijni mashinada aylanishga nima deysiz? — dedi men tomonga boshini egarkan, asta pichirlab.
Uning taklifini eshitib, peshonamni tirishtirdim. Ko’z oldimdan kelasi hafta elchixonada bo’lib o’tadigan madaniy tadbir uchun hali stsenariy yozmaganim o’tdi. Boz ustiga, rosa charchaganim bois yostiqqa boshimni qo’yib mizg’ish fikri, ayni shu daqiqalarda o’ylarimga suqilib kirib, horigan vujudim uchun yagona chora bo’lib ko’rinayotgandi. Lekin, Maftunaga yo’q deyishga negadir jur’atim yetmadi. To’g’rirog’i, takallufsiz bo’lib ko’rinishni istamadim.
— Mayli…
— Kechki ovqat ham tugadi mana — dedi Maftuna ofitsiantni chaqirib, u bilan shosha-pisha hisob-kitob qilarkan. — Endi tezroq toza havoga chiqaylik, bu yerda ko’nglim behuzur bo’lyapti.
Kechki ovqatni birgalikda tanovul qilib, sarxush o’tirgan odamlarni oralab tashqariga chiqdik. Boyagi hatti-harakatim tufayli tusi o’zgarib, yaxshi kayfiyatiga birmuncha putur yetgan bo’lsa-da, ko’chada Maftuna hecham sir boy bermadi. U chiroyli qomatini tik tutib, poshnasi baland tuflisini taq-tuq etgancha qadam tashlab, viqor bilan to’g’ri yo’l chetida turgan qizil “Sitroyen” tomon yurdi.
— Erimning navbatdagi tuxfasi,- dedi uni menga ko’rsatib.- Ijaraga olib berdi shaharni aylanishim uchun. U biram mexribonki…
Uning so’z ohangidagi pardali kinoyani ilg’ash qiyin emasdi. Men bunga u qadar diqqatimni qaratmay, mashinaning oldi o’rindig’iga o’tirdim. Maftuna ochiq havoda bir qancha vaqt bemaqsad turdi-da, so’ng rulga o’tirib mashinani o’t oldirdi.
— “Zafar arkasi”ga borsak nima deysiz?- dedi u katta yo’lga chiqqanimizda.
Xayollarim bilan bo’lib unga o’z vaqtida javob qaytarolmadim.
— Shu arkaning nimasi qiziq? — dedim sal o’tibgina tobora tunning domiga kirib borayotgan Parijni kuzatib ketarkanman.
Mashinaning ichi diqqinafas bo’lib ketgandek edi. U ham, men ham baravariga “uh” tortib, yon oynalarini tushirib qo’ydik.
— Balki sizga qiziqmasdir. Chunki, siz bu yerda anchadan beri yashaysiz. Lekin, boshqalarga qiziq. Masalan, menga. Xudo biladi yana qachon bu yerga kelaman.
“Zafar arkasi”ga yetib borgach, Maftuna mashinaning motorini o’chirib, undan irg’ib tushdi. Arka oldida odam ko’p emas, barmoq bilan sanarli odamlargina qo’ltiqlashgancha ivirsib yurishardi.
— Shu arka xaqida Remark asar yozgan,- dedi Maftuna unga yaqinlashgach, men tomonga o’girilib.- Bilasizmi?
U javobimni kutib o’tirmay, ancha olislab ketdi. Unga yetib olish uchun qadamimni tezlatishga majbur bo’ldim.
— O’qiganman o’sha asarni,- dedim unga yetib olgach.- Yahudiy doktor va uning mahbubasi haqida edi, yanglishmasam.
Shunda Maftuna boshini bir tomonga egib, menga ko’zlarini xiyol qisib qaradi.
— Sizni o’qimagan narsangiz bormi o’zi?- dedi menga yaqin kelib, boshdan-oyoq razm solib chiqarkan. — Bilmagan narsangiz-chi? Balьzakni, Gyugoni, Dikkensni, Markesni o’qigansiz. Mana Remarkni xam. Frantsuzchada va ingliz tilida binoyidek gaplashasiz. Yaxshi tarjimonsiz. Aqlli va chiroylisiz.
U kutilmaganda menga yanayam yaqin keldi. Undan taralayotgan ayollar atirining mast qiluvchi yoqimli isi dimog’imga urildi. Oramizdagi masofa ancha qisqargan va men uning hatto qanday nafas olishigacha eshitardim. U og’ir-og’ir nafas olar, ko’zlarini bo’lsa mendan uzmasdi. Bir mahal mendan yutoqib bo’sa oldi. Bu hol qo’qqisdan yuz bergani uchun dastlab o’zimni yo’qotib qo’ydim. O’zimga kelgach, uni siltab tashladim va ikki qadam ortga tisarildim. Bu hatti-harakatim uning nafsoniyatiga tegdi.
— Qo’rqoq! — dedi u zaxarxandalik bilan kularkan.
Qanchalik o’zimni bosishga urinmay, uning bu gapini eshitib rosa jahlim chiqdi.
— Eri bor ayol bilan ko’ngilxushlik qilsam qo’rqmas bo’lamanmi?- dedim ovozimni ko’tarib.
— Siz erkaklar hammalaring bir go’rsizlar,- davom etdi u mendan uzoqlasharkan, nogoh joyida qotib. — Meni o’n olti yoshimda o’sha nusxaga erga bergan otam ham, menga xiyonat qilmagan kunini eslay olmaydigan o’sha nusxa ham, o’z shaxsiga tinmay sig’inib yashaydigan siz ham.
Men unga qaramaslik uchun boshimni “Zafar arkasi” tomon burib oldim va bir necha daqiqa shu holatda turdim. Maftuna hamon zaharxandalik bilan kulardi.U shu turishida to’rt kun burun men bilan Luvrni aylangan, ikki kun burun esa eri bilan elchixonaga vizasini cho’zdirish uchun kelgan og’ir va bosiq ayolga sirayam o’xshamas edi.
Bir payt kutilmaganda u shartta mashinasi tomon yurib ketdi. Uning ketayotganini ko’rib, avvaliga ortidan borgim kelmadi. Biroq, noiloj bordim.
— Eshikni oching, Maftuna!- dedim u yerga borgach.
U gapimga parvo qilmay, ayamasdan mashinaning gazini bosdi. Bundan ko’nglim allaqanday g’ashlikni sezib, yo’l chetida bo’sh turgan taksilardan biri sari yugurdim.
— Iltimos, huv anavi qizil “Sitroyen”ning ortidan haydang — dedim eng yaqin turgan taksiga chiqib haydovchiga.
Haydovchi iltimosimni yerda qoldirmay, o’rtacha tezlikda uni quvishga tushdi. U quvib yetay deganida, o’zi shundoq ham sekin ketmayotgan Maftuna atayin qilgandek mashinasi tezligini oshirdi.
— Nima balo, u jonidan to’yganmi?- dedi haydovchi boshini bay-bay degandek chayqab qo’yib.- Shaharning ichida mashinani shunaqa tez haydab bo’larkanmi?
Sena daryosi bo’yidagi muyulishda, go’yo osmondan tushgandek qarama-qarshi tomonda yuk mashinasi paydo bo’ldi. Maftuna unga arang chap berishga ulgurdi. Natijada, uning mashinasi to’satdan ezilgan tormoz tufayli chiyillab ovoz chiqarib, yo’lning chetigacha surilib bordi. Qarshisidan chiqqan mashina ketma-ket signal chalib, uning yonidan o’tib ketdi. Taksidan tusharkanman, yuragimni hovuchlab u tomonga chopdim. Maftuna mashina ichida boshini rulga tiraganicha qimir etmay o’tirar, unga mo»jiza tufayligina biror bir shikast yetmagandi.
— Oching eshikni! — dedim oynaga bir-ikki qattiq urib.- Oching deyapman sizga!!!.
U eshikni ochdi. Uni dast ko’tarib pastga oldim. So’ng ko’targancha Sena bo’yidagi o’rindiqlardan biriga olib bordim.
— Hayotingizning sariq chaqalik ahamiyati yo’qmi sizga?! — dedim ovozimni boricha unga baqirarkanman.
Maftuna menga xuddi bo’shliqqa qaragandek ma’nosiz tikildi.
— Ha, shunday. Nima edi?
U o’rindiq ustida, boshini egganicha dag’-dag’ qaltirardi. Chamasi, uni chetlab o’tgan falokat ruhiyatiga salbiy ta’sir ko’rsatgan va u nihoyatda qo’rqib ketgandi. Hatto mendagi hayajon va qo’rquv ham bosilmagandi. O’rindiqqa o’tirmay uning qarshisida tik oyoqda turarkanman, yuragim tez-tez urardi.
— Hamma narsadan charchadim, — dedi Maftuna shovullab oqayotgan daryo tomonga tikilarkan.
Sentyabrь yakunlanayotgani uchun atrofga salqin tushib, havo harorati bir muncha tushib ketgandi. Parijda uch-to’rt kundan beri yengil shabada esar, osmon kun ora turfa rang bulutlarning qamalidan bo’shamas, gohi-gohida esa maydalab yomg’ir tomchilardi. Bugun ham havo berk, osmonda tanish bulutlar hukmron, yoz ichi har oqshom shu’la sochib ko’zni quvnatgan oy ularning ortiga berkingan va bu manzara zamin uzra tong otib-otmasdan kuzgi yomg’ir yog’ishi mumkinligidan darak berardi.
— Mashinaning chirog’ini o’chirmabsiz,- dedim ortiq tik oyoqda turishni istamay, uning yoniga o’tirarkanman.
Maftuna mashina turgan yerga nafrat bilan qarab qo’ydi.
— Qizil “Sitroyen”, qip-qizil “Sitroyen”- dedi shu bitta so’zni bir necha marta takrorlab.
U hamon qaltirardi. Endi sovuqdan. Buni ko’rib kostьyumimni yechdim-da, uning yelkasiga tashlab qo’ydim.U pichirlab minnatdorchilik bildirdi. Shu bo’yi anchagacha bir og’iz gapirmadi. Men ham boshqa og’iz ochmadim.
— Otam meni o’n olti yoshimda erga berdi,- dedi Maftuna anchadan keyin yana daryo tomonga tikilarkan, cho’zilib ketgan bu sukunatni birinchi bo’lib buzib.- Meni yosh demadi. Ko’z yoshlarimga ham qaramadi. O’sha paytlarni ko’p eslayman. O’n olti yoshga endi to’lgandim. Orzulari osmon qiz edim. O’zimcha huquqshunoslikni o’rganmoqchi bo’lardim. Ko’p kitob o’qirdim, til o’rganardim. Hamma qizlarga o’xshab shirin xayollarga berilardim. Bir kuni esa hammasi tugadi. Meni erga berishdi. Kun kelib turmushga chiqishimni bilardim-u, lekin o’sha damni bunchalik erta ro’y berishini o’ylamagandim. Katta hayotga qadam qo’yib-qo’ymay turmushga chiqdim. Qizligimda turmush o’rtog’imni o’zimcha “G’urur va Andisha” asaridagi Darsiga o’xshashini orzu qilib yashardim. U kabi oliyjanob, vafodor va mard bo’lsa derdim. Hayotda esa ko’pincha boshqacha bo’larkan. Qarshimda Darsining butunlay aksi bo’lgan insonni ko’rish o’shanda meni chuqur g’am-qayg’uga soldi. Shundayam bir so’z demadim, otamga qarshi chiqmadim. Axir, xamma shunday qilyapti, kam bo’lgani yo’q deb onam ham uning yonini oldi. Xullas, turmushga chiqdim. Erimni yoqtirmasdim, aldab nima qildim. Unda ko’nglim yo’q edi( hozir ham yo’q). Ko’nglim tortmasdi. U ham menga muhtoj emasdi, xiyonat qilishini bilardim. Kunlar, xaftalar, oylar o’tib ketdi keyin. Buni sezmay ham qoldim. Chunki, o’zimni xuddi boshqa muhitga tushib qolgandek sezardim. Buning natijasida hayotga qiziqishim kundan kunga kamayib, so’lib borardim. Sakkiz yil shu taxlitda yashadim. Orzularim tutundek tarqab ketdi, huquqshunos bo’lishdek maqsadim tagiga oldi, ko’p kitob o’qimay qo’ydim, til o’rganishga bo’lgan ishtiyoqim so’ndi.
Xuddi hayotimda mazmun yo’qdek edi. Turmushimning sakkizinchi yilida homiladorligimni bilib qoldim. Ishonasizmi, shunda qayerdandir hayotimga mazmun kirib kelgandek bo’ldi, yuqoridagi orzularim o’rniga yaratgan menga boshqa bir orzu — ona bo’lish orzusini bergandek xursand bo’lib ketdim. Endi meni farzandim bo’ladi, men ona bo’laman degan o’y butun vujudimni yayratib yubordi. Natijada, boshqacha kayfiyatda yashay boshladim. Bir kuni ko’rik uchun doktorning xuzuriga borganimda, farzandimni u yerdagi tekshiruv apparati ekranida ko’rdim. Doktor ayol kulib, u qo’llarini qimirlatib cho’milyapti, dedi. Ekranga termulib qoldim. Darhaqiqat, bolajonim qo’llarini qimirlatib, cho’milardi. Shundan so’ng, u bilan har kuni gaplashadigan bo’ldim. Unga kechalari ertaklar aytib berardim, do’kondan u tug’ilsa kiydiraman deb kiyim-kechaklar sotib olardim. Hayotimga mazmun kirgan, go’yo yashashga qiziqishim qaytgandek edi.
Homilam beshinchi oyligiga o’tganida, juma kuni edi shekilli, erim uyga kech qaytdi. Undan ayollar atirining hidi anqir, o’zi g’irt mast edi. Ko’ziga yomon ko’rindim shekilli, meni qattiq haqorat qildi. Shuning o’zi yetmagandek, qo’zlarini chaqchaytirib va hayvondek o’kirib meni urib-tepkiladi. Tanam bo’ylab uning zarbalaridan paydo bo’lgan chuqur og’riqni his qilarkanman, shu on ichimda nimadir uzilgandek bo’ldi va sezgir ko’nglim bundan bir yomon narsani sezib dod solib baqirib yubordim. Ertasiga kasalxonada xomilamni nobud bo’lganini bildim.
Maftuna shu payt to’satdan yig’lab yubordi. Ho’ngrab yig’ladi. Yig’lagani sari yelkalari kuchli silkinib qo’yar, ovozidan alamli faryod atrofga taralardi.
— Shu tariqa o’zimga kelolmay kasalxonada ancha yotdim. Ruhiy holatim buzilib, chuqur tushkunlikka tushib qoldim. Hech kimni ko’rgim kelmas, xonadan chiqmay kun bo’yi u yerda yotardim. Hatto, ota-onamni ko’rgim kelmasdi. Erimdan esa jirkanardim. Buyog’iga ko’nglim tortmagan va endilikda jirkana boshlagan odamim bilan bir uyda yashashni tasavvur qilolmasdim. Lekin, birga yashashda davom etdim. Otam “nasib qilsa xudo yana farzand beradi”, deb taskin bergancha unikiga tashlab keldi. Kulguli bu, to’g’rimi? Nimaga hayot va odamlar shunaqa? Shu savollarimga hech javob topolmayman. Erimning hatti-harakatlari bundan ham kulguli. Meni tepkilab, pushti kamaridan bo’lgan farzandini tug’ilmay turib nobud qilgan odam ko’ngli yozilar deb xotinini mana Parijga olib keldi.
U endi men tomonga qarab yig’lar, men yuragim qattiq siqilib unga qaramaslikka tirishardim.
— Bu yerga kelgan dastlabki kunimiz mehmonxonadan tashqariga chiqmadim. Ruhiyatimdagi jarohat hali bitmagani uchun hatto millionlab odamlarning orzusi bo’lgan shu shahar ham ko’nglimga sig’madi. Kun bo’yi derazaning oldida o’tirdim. Derazadan Eyfilь minorasi shundoq ko’rinib turardi. Erim ertalab chiqib ketib, kechqurun keldi. Ertasiga ham, indiniga ham shunday o’tdi. Shaxarni kun bo’yi derazadan kuzatdim. Nihoyat, to’rtinchi kuni erimdan meni Gyugoning uy-muzeyiga olib borishini iltimos qildim. U yo’q demadi. Muzeyga olib bordi-da, bir soatdan keyin olib ketishini aytib, yolg’iz o’zimni o’sha yerga tashlab ketdi. Sevimli yozuvchimning uy-muzeyi oldida bir o’zim qoldim. Ichkariga kirganimda, u yerdagi asosiy zalda yig’ilish bo’layotgandi. Bu yig’ilishdan ko’ra ko’proq taqdimot marosimiga o’xshardi. Picha o’tib, muzey xodimasi bu taxminim to’g’riligini tasdiqladi.
Esingizdami, o’sha kun? U yerda Gyugoning siz o’zbek tiliga o’girgan asari taqdimoti bo’lib o’tar va siz Gyugo haqida, uning o’zbek o’quvchisi dunyoqarashida tutgan o’rni haqida atrofdagilarga gapirib berardingiz. Bir chekkada sizga qarab o’tirarkanman, negadir bir lahzaga ruhimni anchadan beri qiynab kelgan og’riqlarni, uning bitmagan jarohatini unutgandek bo’ldim va xuddi o’n olti yashar paytimga qaytgandek berilib, zavq bilan ma’ruzangizni tingladim. Keyin siz bilan shaxsan tanishdim. O’zingizni elchixonada ishlashingizni aytdingiz. Gyugo va frantsuz adabiyoti haqida suhbatlashdik. Gyugoni deyarli hamma asarlarini o’qib chiqqandim. Buni eshitib, sizni yuzingiz yorishib ketdi. Bu adib sizning ham sevimli yozuvchingiz edi.
Muzeydan qaytib kelganimda o’zimni ancha tetik his qildim. Ko’nglim sarxadlaridagi to’fonlar tingandek, undan g’am-anduh arigandek, anchadan buyon ilk marta ruhimda xalo-vat va osudalikning nafasi sezildi. Mexmonxona derazasini ochib atrofga qararkanman, kayfiyatim ko’tarildi. Hayot aslida chiroyli, u faqatgina oq-qora ranglardan iborat emas degan xayolga bordim. Eng qizig’i, o’sha kuni kechqurun ishtaha bilan ovqatlandim va kechasi bezovta bo’lib uyg’onmay, xotirjam va tiniqib uxladim.
Siz xar dam olish kuni Luvrga borishingizni aytgandingiz o’sha kuni. Dam olish kuniga ikki kun bor edi. Shu ikki kunni bir amallab o’tkazib, yakshanba kuni ertaroq turib Luvrga bordim. Sizni uchratish maqsadida. Bordim-u, hayratda qoldim. U yer judayam katta va buning ustiga odamlarga liq to’la edi. Yaxshiyam, Mona Liza kartinasi haqidagi gapingiz esimda qolgan ekan. So’rab-surishtirib shu kartina turgan xonani topdim. U yerga kirdim va kartina qarshisidagi odamlar orasida sizga ko’zim tushdi. O’zimning topilmamdan quvonib ketdim. Meni payqarmikin deb sizga yaqinlashdim. Siz kartinaning oldida turib, qo’lingizdagi yon daftarchaga nimalarnidir qayd qilish bilan ovora edingiz. U yerda jimgina sizni kuzatib turdim. Meni darrov bo’lmasa-da, payqadingiz. Ko’rib jilmaydingiz. Mona Liza haqida o’sha kuni rosa suxbatlashdik, muzeyni birga aylandik. Mexmonxonaga qaytganimda shampanь vinosi ichib o’tirgan erim vizamiz tugashiga ikki kun qolganini aytdi. Shunda uni cho’zdiraylik deb unga yalindim. U hayron bo’lib qaradi. Bir amallab uni ko’ndirdim. Rosti, Parijda yana ozgina qolmoqchi edim. Nima uchunligini o’zim hali bilmasdim, qalbimda bexos uyg’ongan noma’lum tuyg’u meni bu yerga mixlab qo’ygandek, shunchaki qolgim kelar, hech qayerga ketgim kelmasdi.
Ikki kun o’tib, erim bilan elchixonaga bordik. U yerda yana sizni uchratdim. Siz vizamizni cho’zdirishga yordam berdingiz. Erim tashakkur aytib , sizni kechki ovqatga taklif qildi. Rozilik bildirganingizda undan ham ko’ra men ko’proq xursand bo’ldim.
Bugun ertalab shu kechki ovqat xayoli bilan uyg’ondim. Ko’zguga qaramay qo’yganimga ancha bo’lgandi. Uning oldida ilk marta uzoq o’tirdim. Oldin birorta marosimga borishim kerak bo’lsa duch kelgan ko’ylakni kiyib ketaverardim. Bu safar ko’ylak tanlashga qiynaldim. Jomadonimda yillar bo’yi qo’l tekkizilmay yotgan tilla zanjirimga ham ish topildi. Vaqt o’tib kech bo’lgani sari hayajonimni hech bosolmasdim. Kech tushgach, erim ishi bor-ligini pesh qilib, ko’chaga chiqib ketdi. Sizdan kelolmaganiga uzr so’rab qo’yishimni tayinladi. Shuning uchun, bu yerga yolg’iz, u ijaraga olib bergan anavi mashinada keldim. Restoranda ancha o’zimni erkin tutdim. Buni bilaman. Boisi, o’zim gaplashishni istagan inson bilan yana muloqot qilish sharafiga muyassar bo’lgandim. Shu meni bir oz chalg’itdi. Shuning ta’sirida kecha davomida sizga axmoqona savollar berdim, boya o’zimni judayam yomon tutdim, o’zimni nazorat qilishni unutdim. Meni yengiltak deb o’ylaganingiz aniq. O’zim ham o’zimdan nafratlanib ketdim. Bu his butun vujudimni egallab, sha’nimga tushgan isnod va yuzimdan sidirilgan hayo pardasini ko’zimning oldiga olib keldi. Shu tufayli ruhimga azob berishni boshlagan bu hisdan qutulish uchun o’zimni mashinaning ichiga urdim. Ammo, u yerda badtar azoblandim. Azob iskanjasida ko’zimni yumib mashinani tez xaydadim, sababi vaqt o’tgan sari kuchayib borayotgan bu his o’lsamgina meni tinch qo’yadi degan bema’ni xulosada edim. O’zidan nafratlanish hissi ko’pincha insonni shunday yo’l tutishiga turtki bo’ladi. Qarshimdan yuk mashinasi chiqqunicha, menda ham shunday holat kuzatildi. Biroq, mashina paydo bo’lganida qo’rqib ketdim. O’lishni eplay olmadim, kuchim yetmadi, ojizlik qildim.
Maftuna o’rnidan turib, daryo qirg’og’i tomon ketdi. Senaning shovullab oqishi va tun qo’ynida qoramtir rangda ko’rinayotgan qiyofasiga bir necha daqiqa nazar solib turdi. Keyin shoshilmay ortiga qaytdi. U ortiq yig’lamas, tinchlanib o’zini ancha o’nglab olgandi.
— Umrimizga kuz kelib bo’lganidan so’ng unga baxorning qaytishi qiyin ekan — dedi daryo uzra olislarga tikilib va xo’rsinib yoddan qandaydir she’rni o’qiy boshladi:

Kimnidir, nenidir kutdim ishonib,
Osmonga termulib o’tdim terakday.
Xazon bo’lib hamki ketolmayapman,
Go’yoki haliyam sizga kerakday…

Yaproqdek omonat tebranadi dil,
Tamaki tutatar yana g’olib kuz.
Dunyoni bir go’zal rangga bo’yardim,
Afsus, sizdan oldin kuz keldi, afsus…

She’rni o’qib bo’lgach, egnidagi kostьyumimni qo’liga olib avaylab taxladi va uni sekin yonimga qo’ydi. Men buni jim kuzatib turdim.
— Ertagayoq bu yerdan jo’nab ketaman,- dedi atrofga alanglab qararkan, ko’zlarimiz to’qnashganida birdan ma’yuslashib.- Aslida xuddi siz kabi bu shaharni menga ham sira qizig’i yo’q. Uzoqroq qolishimga sabab bo’lgan narsa- uning tarovati emasdi.
O’rnimdan ko’zg’alib, unga nimadir deyishga taraddudlandim. Ko’nglini ko’tarishgami, tasalli berishgami, ochig’i, aniq bilmadim. U tomonga intilgandim, Maftuna o’zini mendan olib qochdi va qo’llari bilan kerak emas degandek ishora qildi. Turgan yerimda qoldim, ichimdan hech qanday sado chiqmadi: na ko’ngil ko’tarish, na tasalli berish uchun biror og’iz so’z. Ko’z oldimni quyuq zulmat qoplab olgandek ko’zlarim tinib, boshim chalkash o’ylardan g’ovlab ketdi.
Bir ozdan so’ng u ketishga chog’landi va men bilan xayrlashmasdan chirog’i hanuz yoniq turgan mashinasi tomon yo’l oldi. Ortiga o’girilmay, qaddini yana tik tutib, poshnasi baland tuflisini taq-tuq etgancha viqor bilan qadam tashlardi.
— Qizil “Sitroyen”, qip-qizil “Sitroyen”,- dedi ketarkan yo’l-yo’lakay .- Erimning tuhfasi, “mehribon” erimning…

2019 yil, sentyabr.

Yomg’ir valsi

— Oyog’ingizga nima qildi?
Eshik qiya ochiq turgandi. Shuning uchun Nazokatni xonaga kirganini payqamabman.
-Ba’zida shunday og’rib turadi — dedim chap tizzamni peshonamni tirishtirgancha uqalarkanman.
Nazokat bo’ynidagi qora sharfi va ustidagi to’q qizil kostьyumini yechib, shkafning ichiga ilib qo’ydi. Qo’lidagi sumkasi ham o’sha yerdan qo’nim topdi. U bugun kechagiga qaraganda ancha ishtiyoqli ko’rinar, kechagi horg’inligi qayergadir yo’qolgan va darrov pianino qarshisiga borib o’tirganidan tezroq mashg’ulotlarga kirishish istagida yonayotganini chamalash mumkin edi.
— Betxoven mendan xursand — dedi u partiturani qo’liga olib, unga ko’z yugurtirarkan.- Bu yerda ham, uyda ham tinmay uning sonatasini ijro etyapman.
Men tizzamni bir-ikki bukib ko’rib, o’rnimdan turdim.
-Tanlovga oz qoldi. Ulgurishimiz kerak.
Nazokat oq-qora klavishlar ustida xuddi yosh boladek barmoqlarini birma-bir yurgizib chiqdi.
-Partituraga qarab bexato ijro etyapman — dedi keyin partiturani joyiga qo’yib.- Yoddan bo’lsa ayrim joylarida xato qilyapman.
Bir ozdan so’ng, xonadagi “Belarusь” pianinosi xuddi kechagidek yana ovoz chiqarishni boshladi. Betxovenning Eliza ismli qizga bag’ishlab yozgan sonatasi Nazokatning ijrosida xona bo’ylab taraldi. Uni besas kuzatdim. Nazokat partituraga qaramaslikka intilardi. Barmoqlari klavishlar uzra ohista xarakatlanar ekan, hech narsaga chalg’imay o’y-fikrini ijro jarayonidan uzmasdi.
-Bu gal uchta joyda xato qilding — dedim uning ortidan turib.
Nazokat menga savolomuz qaradi. Oldiga kelib qayerda xato qilganini partituradan ko’r-satib berdim.
-Doktorga borib keling,- dedi Nazokat bir payt sal egilib turgan chap tizzamga qarab.- Men o’zim shug’ullanib turaman bu yerda.
-Hojati yo’q — dedim deraza oldiga borib, tashqarida esayotgan shamol yuzaga keltirgan manzarani kuzatarkanman.
Nazokat bilan tushlikkacha ancha shug’ullandim. Shaxar madaniyat markazida yosh pianinochi-lar o’rtasida har yili o’tkaziladigan an’anaviy tanlovga ikki kun qolgandi. Shunga vaqt tig’iz, ko’proq mehnat qilish talab qilinardi.
-Ba’zida partiturani yirtib tashlagim keladi — dedi Nazokat kollej yonidagi kafega kirganimizda stol atrofiga o’tirishdan oldin.-U meni chalg’itadi.
-Partiturasiz xato qilyapsan. Ko’rding-ku.
-Siz xato qilmaysiz,- davom etdi u.- Men ham bunga ko’nikaman.
Stol atrofiga joylashgach, ikkita qahvaga buyurtma berdik. Oktyabrь boshlangani uchun bo’lsa kerak uch-to’rt kundan beri tashqarida kuchli shamol esar, xavo harorati tushib ket-gandi. Bunday paytda issiq qahva jonga asqotadi.
-Nega tanlov uchun Betxovenni tanladingiz ? — dedi Nazokat qahvadan shoshilmay ho’plar-kan.- Menga qolsa boshqa bastakorning asarini ijro etardim.
— Betxoven mukammal yozgan,- dedim unga javoban.- Tanlaganim sabab shu.
-Tanlovda faqat Betxoven, Shopen, Shtrausslar ijro etiladi,- dedi u barmog’idagi uzuk-ni o’ynab. — Har yili shunday. Bu bir xillik jonga tegib ketadi ba’zan.
Tizzam og’rishni boshlagach, uni tag’in uqalay boshladim. Buni ko’rib, Nazokat menga uzoq tikilib qoldi.
-Chindanam doktorga borib uchrashing. Yo’q demang. Men o’zim mashq qilib turaman ungacha.
Men shunda kulib yubordim.
-Oxiri ko’ndirding.
Doktordan qaytganimda, Nazokat xonada tinim bilmay mashq qilardi. Hatto, bir oz ter-lab ketgandi.
-O’sha avtohalokatning oqibatimi bu og’rishlar?- dedi u deraza oldidagi kresloga o’tirib sigaret chekayotganimda, diqqatini menga qaratib.
-Shunday. O’shanda chap oyog’im qattiq lat yegan. Shundan beri har gal sovuq tushganida og’-riydi.
Nazokat kundan kunga sonatani yaxshi ijro etardi. Bugun uning ijrosi mukammalikka juda yaqin keldi. Bu meni xursand qildi. Ko’p o’tmay, u ketdi. Deraza oldida sigaretimni tutatib turarkanman, taksiga chiqishdan oldin negadir u men turgan tomonga qaradi. Ko’z-larimiz bir nafas to’qnashdi. Bundan xijolat bo’lib pardani yopib qo’ydim. So’ng, sigaret qoldig’ini tokchadagi kuldonga tashlab, u yerdan uzoqlashdim. Kechqurun Betxovenning rus tiliga o’girilgan maktublarini uyimda o’qib o’tirganimda Nazokat qo’ng’iroq qildi.
— Oyog’ingiz og’rimay qoldimi?- dedi go’shakni ko’targandim.
— Og’riq bor, darrov qolarmidi- dedim unga dangal gapirib.
— Sizga bir gap aytmoqchidim,- dedi u shundang so’ng.- Ertaga uyda mashq qilsam degandim. Oldingizga bormay. Maylimi?
-Ixtiyoring,- dedim bunga birorta uzrli sababi bo’lsa kerak deb o’ylab.
Tanlov bo’lib o’tadigan kuni Nazokatni madaniyat markazining oldida kutib oldim. U bu safar egniga xavorang kostьyum kiyib, doim yelkalari va belini siypab yuradigan uzun sochlarini zamonaviy uslubda turmaklab olgandi. Sirtdan qaraganda u tetik ko’rinar, jilmayishga intilar, ammo ichiga botib ketgan ko’zlari odamga toliqish aralash qarardi. Uning yonida ota-onasi, dugonasi va qallig’i bor edi.
-Sog’lig’ingiz yaxshimi?- dedi u menga yuzida xavotir bilan razm solib.
Kechasi bilan tizzam og’rib chiqqani uchun axvolim sal abgor ko’rindi shekilli, u shu rux-da so’zlashda davom etdi.
-Ko’rinishingiz yaxshi emas.
-Zalga kiraylik,- dedim unga axvolim yaxshiligini qo’llarim bilan tushuntirgach.
Nazokat menga ergashdi. Zalga kirdik. U yerda bizni tanlov tashkilotchilari kutib olish-di. Zal to’lmagan edi. Ichkarida yuzga yaqin odam bo’lib, ularning aksariyati tanlov ishti-rokchilarining yaqinlari va badiiy raxbarlari, qolganlar esa mumtoz musiqaning kam sonli shinavandalari edi.
Tanlovda yigirmaga yaqin ishtirokchi qatnashayotgandi. Tashkilotchilar ularni va ular-ning ishini baxolab boradigan xakamlarni atrofdagilarga birma-bir tanishtirib chi-qishdi. Keyin tanlov boshlandi. Men oldingi qatorga kelib joylashdim. Bu yerdan saxna o’rtasidagi jigarrang royalь aniq-tiniq ko’rinib turardi.
Dastlabki uch ishtirokchi Nazokatdan ko’ra yaxshiroq ko’rinmadi. Buni ich-ichimdan xis qil-dim. Ular Shopen, Raxmaninov va Shostakovichlarning asarlarini haddan tashqari ko’p joyda xato qilib ijro etishdi. Qolgan ishtirokchilar ham hech bo’lmaganda Nazokat dara-jasida edi. Faqat to’qqizinchi bo’lib sahnaga chiqqan novcha yigitgina Shumanning asari-ni ajoyib tarzda ijro etib berdi.
-Navbatdagi ishtirokchimiz — Nazokat Axmedova,- dedi boshlovchi ayol Nazokatni zalga ta-nishtirarkan.- Ijro etadigan asari “ Yomg’ir valьsi”, muallif Akmal Rustamov.
Nazokat saxnaga chiqib, royalь qarshisiga o’tirishdan oldin ko’zlari bilan zaldan meni axtardi. Menga ko’zi tushgach, royalь qarshisidagi stulga yaxshiroq o’rnashib oldi. Qo’lidagi partiturani royalь ustki qismidagi joyiga emas, uning yonida turgan stol ustiga qo’ydi. U musiqiy asarni partiturasiz ijro etmoqchi edi.
U valьsni ijro etishni boshlaganida ko’zlarimni undan uzmadim. Ko’zlarim unga “Bo’ldi, bas qil!” deyatgandek iltijoli boqardi. Yuragimda esa kuchli og’riq yuzaga kelib, u har ur-ganida ilkis seskanib, cho’chib tushardim. Valьs tinmasdi, hecham tinmasdi. Nazokat uni shunaqangi ijro etardiki, butun zal suv quygandek jimjit bo’lib uni tinglar, faqat men yuragimdagi og’riqdan, ko’z oldimdan bir-bir o’ta boshlagan o’tmish xotiralarining zalvo-ridan aftimni burishtirgancha noma’lum azob bilan olishardim. Nazokat royalь qarshisi-ga cho’kkanicha men bastalagan kuyni ijro etardi. Men bu kuyni ancha oldin bastalagandim, aniqrog’i, avtohalokat natijasida xotinim olamdan o’tishidan sal oldin. Bu kuy o’z pay-tida menga o’nglab bo’lmas musibat keltirgandi, shu sabab uni har safar ijro etsam ko’z oldim qorong’ulashib ketar, yuragim qinidan chiqib ketadigandek tuyular, shungadir uni bor yo’g’i uch marta boshidan oxirigacha ijro etgandim, xolos. Shu bo’yi uning borligi yodimdan xam chiqib ketgandi – xonamdagi ish stolimda turadigan yig’ma jildda mana necha yilki chang bosib yotardi.
Valьs o’z nixoyasiga yetgach, o’rnimdan turib sahna ortiga bordim. Nazokat o’zidan keyingi ishtirokchining chiqishini u yerda kuzatib turgandi.
— Mana omonatingiz,- dedi u meni ko’rib, partiturani qo’limga tutqazarkan.
— Nega bunday qilding?-dedim partiturani g’ijimlab.
Nazokat saxnada yangrashni boshlagan Listning tanish rapsodiyasiga bir oz qiziqish bilan quloq tutib turdi-da:
— Ajoyib yozilgan ekan. Shunga uni ijro etgim keldi — dedi menga o’girilib.
Partiturani qo’ltig’imga qistirgancha, joyimga qaytib keldim. Bu orada barcha ishtirok-chilar o’z chiqishlarini yakunlashdi va yakuniy qarorni e’lon qilish hakamlarning zimma-sida qoldi. Hakamlar uzoq muhokamaga kirishishib, oxir-oqibat Shumanning asarini mukammal ijro etib bergan o’sha novcha yigitni g’olib deb topishdi. Nazokatga ikkinchi o’rin nasib etdi. Sovrindor bo’lganini eshitib ota-onasi, dugonalari va qallig’i uni tabriklay ketishdi.
Tanlov yakunlangach, tashkilotchilar boshqalar qatori badiiy rahbar sifatida mening ham fikr va xulosalarim bilan qiziqishdi. Ular bilan bir necha daqiqa suhbatlashib fikr almashgach, ko’cha tomon yurdim. Ketayotganimni ko’rib, Nazokat yugurib yonimga keldi.
-Mendan xafamisiz, Akmal aka?- dedi u ro’paramdan chiqib.
-Xursand bo’lishim kerakmi?- dedim unga qaramaslikka tirishib.- Birinchidan, bitmagan yaramni yangilading. Ikkinchidan, Betxovenning sonatasini ijro etganingda g’olib bo’li-shing mumkin edi. Sen shunga tayyorlanganding.
-O’tgan safar ham aytgandim sizga,- dedi Nazokat chuqur xo’rsinib.- Bir xillik jonimga tekkan. Qachongacha tanlovlarda faqat Betxoven yoki Shopen kabilarning bastalagan kuyla-ri ijro etiladi? Axir, mana siz ham binoyidek kuy bastalagan ekansiz-ku.
Suhbatni davom ettirgim kelmay, qo’limni siltab ko’chaga chiqdim. Ko’chada yana shamol esishni boshlagandi. Oyoq osti tartibsiz ravishda to’shalgan sarg’imtir barglarga to’lib ketgandi. Ular mana necha kunki shashti sinmayotgan shamol esganda bir to’zir va osmonga chang aralash ko’tarilardi-da, dam o’tmay o’z joyini o’zgartirib yerga qaytadan to’shalardi.
-Avtohalokat baxtsiz hodisa bo’lgan — dedi Nazokat orqamdan qolmay ko’chaga ham chiqib.- Xotiningizni o’limida o’zingizni ayblab yashashni bas qiling. Hali o’ttizga xam kirmagansiz, lekin o’zingizni tiriklayin ko’mib yashayapsiz. Stolingiz ustidagi o’sha papkani ochib ko’rdim. U yerda bir-biridan ajoyib sonata va valьslar bor. Chin so’zim. Ular ajoyib bastalangan.
Uning gaplarini tinglarkanman, birdan joyimda to’xtab unga yuzlandim.
-O’shanda rulda men bo’lganman — dedim unga baqirib.- Tushunyapsanmi? Qo’lim mashinaning rulida bo’lgan, xayolim esa sen boya ijro qilgan o’sha la’nati” Yomg’ir valьsi”da bo’lgan. Uni yo’l bo’yi xayolimda ijro etib ketganim tufayli chalg’iganman.
Nazokat ko’zlarida yosh qalqib, yonimga kelmoqchi bo’ldi. Uni qo’lim bilan to’xtatdim.
— Sovuqda bunday turma. Shamolning esishini qara. Ko’z ochgani qo’ymayapti. Ana ota-onang ko’chaga chiqishibdi ortingdan. Qallig’ing ham hozir chiqadi. Ular bilan yutug’ingni nishonla, baham ko’r. Bora qol.
Nazokat joyidan jilmadi. Men tez-tez qadam tashlagancha undan uzoqlashdim. Avtobus bekati tomon ketdim. Bekatga yetib kelgach, avtobus kutishga toqatim yo’qdek sezdim o’zimni va taksi to’xtatdim. Taksi o’tmishim bilan yuzma-yuz kelgan bu joydan darrov meni olib ketdi.
Uyga shu tobda borgim yo’q edi. Extimol shungadir ijodkorlar xiyobonida tushib qoldim. U yerni picha yolg’iz aylandim. Uning bir chetida kabutarlar maydoni bor edi. O’sha yerga borib, yuzlab kabutarlar orasida vaqtimni o’tkazdim. Nixoyat, ish joyimga borishga qaror qildim. Shanba bo’lgani uchun darsim yo’q edi. Shunchaki xonamga qamalib olib pianino chalgim keldi. Zinalardan ko’tarilib yo’lakka chiqarkanman, xonamning oldida Nazokatni ko’rib hayron bo’ldim.
-Endi doim shunaqa ro’paramdan chiqaverasanmi?- dedim yo’lakdagi devorga suyanarkanman.
Nazokat eshikka behol suyandi.
-Ha.. bir umr…
Uning barmog’ida uzuk ko’rinmasdi…

2019 yil, sentyabr

052

(Tashriflar: umumiy 983, bugungi 1)

Izoh qoldiring