Vladimir Nabokov. Vatan

Ashampoo_Snap_2017.09.06_17h45m59s_006_.png    Гапнинг очиғини айтсам, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Иван Тургенев каби рус классикларини севиб ўқиганим ҳолда (Горький ҳам бор), кейинги давр рус прозасига нисбатан бефарқ эдим. Ногоҳ бир танишим бундан икки-уч кун аввал “Набоковни ўқиганмисиз?” деб сўраб қолди ва мен ўз фикримни айтдим. Танишим эътироз билдирди-да, эртаси куни тўрт томлик “Танланган асарлар”нинг охирги жилдини олиб келди. Шуни ўқишимни, агар маъқул бўлса, қолган томларини ҳам келтиришини айтди. Мана, ўшандан бери Набоков билан биргаман. Танишим эса худди менинг тоқатимни синаб кўрмоқчидек изини қумга солди.

Бу томда Набоковнинг “Ўлим жазосига таклиф”, “Ўзга соҳиллар” ҳамда “Феальте баҳори” асарлари жамланган. Деҳқонча қилиб айтганда, зўр ёзувчининг асари дастлабки саҳифаларданоқ ўз кучини кўрсатади. Ундан ажралолмай қоласиз. Шу кеча-кундузда “Ўлим жазосига таклиф”ни ўқияпман. Жиддийлик, босиқлик ва фалсафанинг оғир юки остида зиғир донасидеккина юмор ҳам борлиги ва ёзувчи ҳаётнинг аччиқ сабоқлари қатига бундай кулгуни нақадар усталик билан жойлаштира олганидан завқу шавққа тўлиб юрибман (Неъмат Арслоннинг «Завқу шавқ манбаи» мақоласидан).

Владимир НАБОКОВ
ВАТАН
03

nabokov_portrait_s.jpgВладимир Набоов (10. 04.1899, Санкт-Петербург — 2. 06.1977, Монтрё, Швейцария) — рус ва инглиз тилида ижод қилган атоқли ёзувчи. 1919 йили Россияни тарк этган. Бир мунча вақт Европа давлатларида, кейинчалик АҚШда, умрининг сўнгги йилларида Швейцарияда яшаган. Энг машҳур асарлари: «Машенька», «Лужин ҳимояси», «Қатлгоҳга таклиф» (“Ўлим жазосига таклиф”), “Ўзга соҳиллар”, «Туҳфа» романларидир. Эротик ҳиссиётга тўла «Лолита» романи жиддий баҳсу мунозараларга сабаб бўлган ва ёзувчининг номини дунё китобхонига танитган.
Шунингдек, адибнинг шеърлари, рус адабиётига бағишланган эсселари, мемуарлари, хусусан, «Хотира, сўйла» китоби ҳам диққатга сазовор асарлардир.

03

Фараҳбахш туш шамоли мени тун қўйнидан ажратиб, ҳар томони олтиндек ялтираган, осмони тип-тиниқ ажиб бир тоғли ўлкага олиб кетади. Йўл ёқасида турарканман, улкан қоялар жилоси ва қирраларини, кўз қамаштирган дараларни ва ортимда, тоғ этакларида ястанган, ойна каби жилваланган кўлларни ҳис этаман. Руҳим самовий рангбаранглик, ҳурлик ва илоҳийлик ҳиссига тўлади. Жаннатдалигимни биламан. Бироқ мен атрофдаги буюк гўзалликдан ҳимоя қилган, қизғанган, авайлаган бир ўй чўғдек куйдиради. Бу менинг ватаним ҳақидаги хаёл. Ялангоёқ ва ғариб ҳолда тоғ йўли четида туриб раҳмдил ва нурли жаннат аҳли йўлига кўз тикаман. Шамол эса бир мўъжизани башорат қилгандай сочларимни учирар, қоялар орасида ва йўл ёқаларидаги гуллаётган дарахт шохларини тебратиб ўйнаганда даралар биллур жарангига тўлар, гуллар ялтироқ шохларидан аста узилар, қуёш нури билан тўлган қадаҳлардек шаффоф гулбаргларини ҳар томон сочиб, ҳавода сассиз сузишади. Уларнинг тотли иси ҳаётимнинг энг ширин дамларини ёдга солади.

Гўзалликдан бошим айланиб турганда бирдан қанотлар тўфони кўтарилади. Кўзни қамаштирувчи жарликлар томондан тўп-тўп бўлиб мен орзиқиб кутган фаришталар кела бошлайди. Уларнинг қадамлари ҳаводек енгил, турфа рангли булутлар каби шаффоф қиёфалари ҳаракатсиз, фақат ёниб турган мужгонлари шавқ билан титрайди. Улар орасида қизларнинг шодон кулгисини таратиб ферузаранг қушлар чарх уради. Ҳашамдор қора холли тўқ сариқ маҳлуқотлар сакраб ўйнайди, буралиб-буралиб учади, қўлчаларини узатиб ҳавода сузган гулларни тутади ва айлана-айлана, кўзлари ёна-ёна олдимдан ўтиб боради…

Қанотлар, қанотлар, қанотлар! Уларнинг туси, шакли ва нозилигу нафислиги таърифларимга сиғармикин? Ҳам бақувват, ҳам юмшоқ қанотларнинг сарғиш ва қизғиш, кўм-кўк ва тим¬қора қайрилма патлари учида оловранг ёғду таралади.

Самога юзланган тўп-тўп фаришталар ўтиб боради. Кўзлари — шодон, тубсиз; уларда поёнига етган парвозни кўраман. Ҳар қадамида гул сочиб, оҳиста ўтибборади. Гуллардан шудринг томар, ёрқин, силлиқ, митти жонзотлар гирдоб бўлиб айланиб ўйнар, қушчалар кўтарилиб — тушиб, шодон куйлайди. Мен бўлсам буларнинг баридан кўзим қамашиб, тўлқинланганча йўл ёқасида туравераман. Ғариб қалбимда ҳамон ўша ўй. «Сўрасамми, улардан ўтиниб сўрасамми? Тангри яратган энг гўзал сайёрада бир ўлка, менинг ўлкам борлигини ва уни оғир дард ҳалок қилаётганини айтиб берсамми?» Сезардимки, бу жаннатий ёруғликдан бир ҳовучгина милтиллаган шуълани ватанимга етказа олсам эди, ватандошларим кўнглига баҳор қайтган, Ватаним эса ибодатхоналарнинг олтин қўнғироқлари жарангига тўлиб кетган бўларди.

Шунда титроқ қўлларимни ёйган кўйи, фаришталарнинг йўлини тўсишга интилиб, уларнинг ярқироқ ридоси, майин гуллар каби бармоқларим орасидан сирғ¬алиб ўтаётган патларидан тутмоқчи бўламан. Инграйман, тўлғанаман, ўзимни тамом унутиб, ҳар томон қўл чўзиб тиланаман. Улар бўлса мени умуман пайқамайди, нигоҳини самога қадаб, олға ва яна олға кетаверади. Таърифи ҳеч қандай дунёвий сўз замирига сиғмас нур таралиб турган, жаннатий бир байрамга, Тангри жамолига меҳмон бўлишга ошиқарди улар. Оловли гирдобларни, учқунларни, қизил, сариқ, бинафшаранг қанотлардаги нақшларни кўраман ва олдимдан юмшоқ шитир-шитир тўлқинлари ўтиб бораверади. Тожларида камалакнинг барча ранги товланиб турган мовий қушлар чарх уришади. Ялтироқ шохидан узилган гуллар ҳавода сузади. «Тўхта, менга қулоқ сол! » — дея қичқираман фариштанинг оёқларини қучишга интилиб. Бироқ уларни тутиб бўлмас, узатган қўлларимдан сирғалиб чиқиб кетар, кенг қанотлар юзимни елпиб, лабларимни куйдиради. Уларнинг тўлқини узоқлардан таралаётган ёрқин нурни ҳам тўсади. Ҳаммалари кетиб боради, жаннат қушларининг шодон ҳонишлари-да тинади, гуллар тўкилишдан тўхтайди: мадорим қуриб, жим қоламан.

Шунда мўъжиза рўй беради: сўнгги фаришталардан бири секинлашади, менга назар солади ва аста яқин келади. Қалин қошлар остида чуқур, эътиборли, олмос кўзларни кўраман. Ёйилган қанотлар учлари қиров каби милтиллар, қанотларнинг ўзи эса ажабтовур кулранг тусда ва ундаги ҳар бир пат учи кумушранг ярим ой шаклида эди. Унинг кўриниши, ним табассум қилиб турган лаблари, текис пешонаси менга Ерда учраган чеҳраларни эслатарди. Мени ташлаб кетганига анча вақтлар бўлган инсонларнинг қиёфалари — мен суйган барча юзларнинг нури, аломати ва жозибаси гўёки бир чеҳрага бирлашгандай туюлар, қулоғимга алоҳида-алоҳида чалинган барча таниш товушлар энди битта мутлақ оҳангга бирлашгандай эди.

Аста ёнимга келди. У табассум қилар, мен эса унга боқа олмасдим. Бироқ оёқларига назар солганимда, товонида кўкимтир қон томирчаларни ва рангсиз ҳолни кўрдим. Бу аломатлардан сездимки, у ҳали Ердан бутунлай узилмаган ва менинг илтижомни тушуна олади.

Шунда бошимни қуйи солиб, куйган, ялтироқ лой қоришган кафтимни қамашган кўзларимга маҳкам босиб, дардимни айта бошлайман. Ватанимнинг қандай ажойиблигини, унинг қора кунлари эса қандай даҳшатлигини тушунтирмоқчи бўламан. Бироқ керакли сўзларни топа олмайман. Шошганимдан қандайдир майда гапларни, ёниб кетган уй, эски китоблар, кераксиз нарсалар ҳақида, мактаб дафтаримдаги илк шеърим, мойчечакка тўла дала ўртасида ўсган ёввойи малина ҳақида гапирардим. Аммо энг асосий гапни ҳеч айта олмасдим. Адашиб кетиб, гапимни йўқотардим, бошидан бошлардим ва яна ожизларча қўнғироқ чалинадиган қўрғондаги хона тўғрисида, ёлғонлар, биринчи севгим ҳақида тез айтиш айтгандай тинмай валдирардим.

Энг муҳим гапимга оз қолгандай, мана ҳозир етадигандай, ватаним дардини тушунтирадигандай бўлардим, бироқ негадир ёдга фақат майда, энг заминий, на гапира ва на йиғлай оладиган нарсалар келар, айтмоқчи бўлганимни эса ҳеч айтолмасдим.

Жим бўлиб, бошимни кўтардим. Фариштанинг олмос кўзлари менга табассум билан боқиб турарди. Унинг ҳаммасини тушунганини ҳис қилдим.

— Кечир мени, — хитоб қилдим товонидаги ҳолни журъатсизлик билан ўпиб. — Ўткинчи, майда нарсалардан бошқасини сўзлай олмаслигим учун мени кечир. Лекин сен барини англаб турибсан… Меҳрибоним, кулранг фаришта, айтгин, ватанимни қутқарадиган не бор?

Қанотлари билан бир лаҳзагина елкамдан қучиб, қулоғимга биргина калом айтди. Унинг овозида мен севган бироқ энди эшитмайдиган барча овозларни танидим. У айтган калом шундай тотли эдики, мен беихтиёр «оҳ», дея кўзларимни юмдим.

7 январь 1923 й.

maxresdefault.jpg Gapning ochig‘ini aytsam, Lev Tolstoy, Fyodor Dostoyevskiy, Ivan Turgenev kabi rus klassiklarini sevib o‘qiganim holda (Gorkiy ham bor), keyingi davr rus prozasiga nisbatan befarq edim. Nogoh bir tanishim bundan ikki-uch kun avval “Nabokovni o‘qiganmisiz?” deb so‘rab qoldi va men o‘z fikrimni aytdim. Tanishim e’tiroz bildirdi-da, ertasi kuni to‘rt tomlik “Tanlangan asarlar”ning oxirgi jildini olib keldi. Shuni o‘qishimni, agar ma’qul bo‘lsa, qolgan tomlarini ham keltirishini aytdi. Mana, o‘shandan beri Nabokov bilan birgaman. Tanishim esa xuddi mening toqatimni sinab ko‘rmoqchidek izini qumga soldi.

Bu tomda Nabokovning “O‘lim jazosiga taklif”, “O‘zga sohillar” hamda “Fealte bahori” asarlari jamlangan. Dehqoncha qilib aytganda, zo‘r yozuvchining asari dastlabki sahifalardanoq o‘z kuchini ko‘rsatadi. Undan ajralolmay qolasiz. Shu kecha-kunduzda “O‘lim jazosiga taklif”ni o‘qiyapman. Jiddiylik, bosiqlik va falsafaning og‘ir yuki ostida zig‘ir donasidekkina yumor ham borligi va yozuvchi hayotning achchiq saboqlari qatiga bunday kulguni naqadar ustalik bilan joylashtira olganidan zavqu shavqqa to‘lib yuribman (Ne’mat Arslonning “Zavqu shavq manbai” maqolasidan).

Vladimir NABOKOV
VATAN
03

nabokov.gif.jpgVladimir Naboov (10. 04.1899, Sankt-Peterburg — 2. 06.1977, Montryo, Shveysariya) — rus va ingliz tilida ijod qilgan atoqli yozuvchi. 1919 yili Rossiyani tark etgan. Bir muncha vaqt Yevropa davlatlarida, keyinchalik AQSHda, umrining so‘nggi yillarida Shveysariyada yashagan. Eng mashhur asarlari: “Mashenka”, «Lujin himoyasi», «Qatlgohga taklif» (O‘lim jazosiga taklif”), “O‘zga sohillar”, «Tuhfa» romanlaridir. Erotik hissiyotga to‘la «Lolita» romani jiddiy bahsu munozaralarga sabab bo‘lgan va yozuvchining nomini dunyo kitobxoniga tanitgan.
Shuningdek, adibning she’rlari, rus adabiyotiga bag‘ishlangan esselari, memuarlari, xususan, “Xotira, so‘yla” kitobi ham diqqatga sazovor asarlardir.

03

Farahbaxsh tush shamoli meni tun qo‘ynidan ajratib, har tomoni oltindek yaltiragan, osmoni tip-tiniq ajib bir tog‘li o‘lkaga olib ketadi. Yo‘l yoqasida turarkanman, ulkan qoyalar jilosi va qirralarini, ko‘z qamashtirgan daralarni va ortimda, tog‘ etaklarida yastangan, oyna kabi jilvalangan ko‘llarni his etaman. Ruhim samoviy rangbaranglik, hurlik va ilohiylik hissiga to‘ladi. Jannatdaligimni bilaman. Biroq men atrofdagi buyuk go‘zallikdan himoya qilgan, qizg‘angan, avaylagan bir o‘y cho‘g‘dek kuydiradi. Bu mening vatanim haqidagi xayol. Yalangoyoq va g‘arib holda tog‘ yo‘li chetida turib rahmdil va nurli jannat ahli yo‘liga ko‘z tikaman. Shamol esa bir mo‘’jizani bashorat qilganday sochlarimni uchirar, qoyalar orasida va yo‘l yoqalaridagi gullayotgan daraxt shoxlarini tebratib o‘ynaganda daralar billur jarangiga to‘lar, gullar yaltiroq shoxlaridan asta uzilar, quyosh nuri bilan to‘lgan qadahlardek shaffof gulbarglarini har tomon sochib, havoda sassiz suzishadi. Ularning totli isi hayotimning eng shirin damlarini yodga soladi.

Go‘zallikdan boshim aylanib turganda birdan qanotlar to‘foni ko‘tariladi. Ko‘zni qamashtiruvchi jarliklar tomondan to‘p-to‘p bo‘lib men orziqib kutgan farishtalar kela boshlaydi. Ularning qadamlari havodek yengil, turfa rangli bulutlar kabi shaffof qiyofalari harakatsiz, faqat yonib turgan mujgonlari shavq bilan titraydi. Ular orasida qizlarning shodon kulgisini taratib feruzarang qushlar charx uradi. Hashamdor qora xolli to‘q sariq mahluqotlar sakrab o‘ynaydi, buralib-buralib uchadi, qo‘lchalarini uzatib havoda suzgan gullarni tutadi va aylana-aylana, ko‘zlari yona-yona oldimdan o‘tib boradi…

Qanotlar, qanotlar, qanotlar! Ularning tusi, shakli va noziligu nafisligi ta’riflarimga sig‘armikin? Ham baquvvat, ham yumshoq qanotlarning sarg‘ish va qizg‘ish, ko‘m-ko‘k va tim¬qora qayrilma patlari uchida olovrang yog‘du taraladi.

Samoga yuzlangan to‘p-to‘p farishtalar o‘tib boradi. Ko‘zlari — shodon, tubsiz; ularda poyoniga yetgan parvozni ko‘raman. Har qadamida gul sochib, ohista o‘tibboradi. Gullardan shudring tomar, yorqin, silliq, mitti jonzotlar girdob bo‘lib aylanib o‘ynar, qushchalar ko‘tarilib — tushib, shodon kuylaydi. Men bo‘lsam bularning baridan ko‘zim qamashib, to‘lqinlangancha yo‘l yoqasida turaveraman. G‘arib qalbimda hamon o‘sha o‘y. “So‘rasammi, ulardan o‘tinib so‘rasammi? Tangri yaratgan eng go‘zal sayyorada bir o‘lka, mening o‘lkam borligini va uni og‘ir dard halok qilayotganini aytib bersammi?” Sezardimki, bu jannatiy yorug‘likdan bir hovuchgina miltillagan shu’lani vatanimga yetkaza olsam edi, vatandoshlarim ko‘ngliga bahor qaytgan, Vatanim esa ibodatxonalarning oltin qo‘ng‘iroqlari jarangiga to‘lib ketgan bo‘lardi.

Shunda titroq qo‘llarimni yoygan ko‘yi, farishtalarning yo‘lini to‘sishga intilib, ularning yarqiroq ridosi, mayin gullar kabi barmoqlarim orasidan sirg‘¬alib o‘tayotgan patlaridan tutmoqchi bo‘laman. Ingrayman, to‘lg‘anaman, o‘zimni tamom unutib, har tomon qo‘l cho‘zib tilanaman. Ular bo‘lsa meni umuman payqamaydi, nigohini samoga qadab, olg‘a va yana olg‘a ketaveradi. Ta’rifi hech qanday dunyoviy so‘z zamiriga sig‘mas nur taralib turgan, jannatiy bir bayramga, Tangri jamoliga mehmon bo‘lishga oshiqardi ular. Olovli girdoblarni, uchqunlarni, qizil, sariq, binafsharang qanotlardagi naqshlarni ko‘raman va oldimdan yumshoq shitir-shitir to‘lqinlari o‘tib boraveradi. Tojlarida kamalakning barcha rangi tovlanib turgan moviy qushlar charx urishadi. Yaltiroq shoxidan uzilgan gullar havoda suzadi. “To‘xta, menga quloq sol! ” — deya qichqiraman farishtaning oyoqlarini quchishga intilib. Biroq ularni tutib bo‘lmas, uzatgan qo‘llarimdan sirg‘alib chiqib ketar, keng qanotlar yuzimni yelpib, lablarimni kuydiradi. Ularning to‘lqini uzoqlardan taralayotgan yorqin nurni ham to‘sadi. Hammalari ketib boradi, jannat qushlarining shodon honishlari-da tinadi, gullar to‘kilishdan to‘xtaydi: madorim qurib, jim qolaman.

Shunda mo‘’jiza ro‘y beradi: so‘nggi farishtalardan biri sekinlashadi, menga nazar soladi va asta yaqin keladi. Qalin qoshlar ostida chuqur, e’tiborli, olmos ko‘zlarni ko‘raman. Yoyilgan qanotlar uchlari qirov kabi miltillar, qanotlarning o‘zi esa ajabtovur kulrang tusda va undagi har bir pat uchi kumushrang yarim oy shaklida edi. Uning ko‘rinishi, nim tabassum qilib turgan lablari, tekis peshonasi menga Yerda uchragan chehralarni eslatardi. Meni tashlab ketganiga ancha vaqtlar bo‘lgan insonlarning qiyofalari — men suygan barcha yuzlarning nuri, alomati va jozibasi go‘yoki bir chehraga birlashganday tuyular, qulog‘imga alohida-alohida chalingan barcha tanish tovushlar endi bitta mutlaq ohangga birlashganday edi.

Asta yonimga keldi. U tabassum qilar, men esa unga boqa olmasdim. Biroq oyoqlariga nazar solganimda, tovonida ko‘kimtir qon tomirchalarni va rangsiz holni ko‘rdim. Bu alomatlardan sezdimki, u hali Yerdan butunlay uzilmagan va mening iltijomni tushuna oladi.

Shunda boshimni quyi solib, kuygan, yaltiroq loy qorishgan kaftimni qamashgan ko‘zlarimga mahkam bosib, dardimni ayta boshlayman. Vatanimning qanday ajoyibligini, uning qora kunlari esa qanday dahshatligini tushuntirmoqchi bo‘laman. Biroq kerakli so‘zlarni topa olmayman. Shoshganimdan qandaydir mayda gaplarni, yonib ketgan uy, eski kitoblar, keraksiz narsalar haqida, maktab daftarimdagi ilk she’rim, moychechakka to‘la dala o‘rtasida o‘sgan yovvoyi malina haqida gapirardim. Ammo eng asosiy gapni hech ayta olmasdim. Adashib ketib, gapimni yo‘qotardim, boshidan boshlardim va yana ojizlarcha qo‘ng‘iroq chalinadigan qo‘rg‘ondagi xona to‘g‘risida, yolg‘onlar, birinchi sevgim haqida tez aytish aytganday tinmay valdirardim.

Eng muhim gapimga oz qolganday, mana hozir yetadiganday, vatanim dardini tushuntiradiganday bo‘lardim, biroq negadir yodga faqat mayda, eng zaminiy, na gapira va na yig‘lay oladigan narsalar kelar, aytmoqchi bo‘lganimni esa hech aytolmasdim.

Jim bo‘lib, boshimni ko‘tardim. Farishtaning olmos ko‘zlari menga tabassum bilan boqib turardi. Uning hammasini tushunganini his qildim.

— Kechir meni, — xitob qildim tovonidagi holni jur’atsizlik bilan o‘pib. — O‘tkinchi, mayda narsalardan boshqasini so‘zlay olmasligim uchun meni kechir. Lekin sen barini anglab turibsan… Mehribonim, kulrang farishta, aytgin, vatanimni qutqaradigan ne bor?

Qanotlari bilan bir lahzagina yelkamdan quchib, qulog‘imga birgina kalom aytdi. Uning ovozida men sevgan biroq endi eshitmaydigan barcha ovozlarni tanidim. U aytgan kalom shunday totli ediki, men beixtiyor “oh”, deya ko‘zlarimni yumdim.

7 yanvar 1923 y.

05

(Tashriflar: umumiy 625, bugungi 1)

Izoh qoldiring