Bobo Ravshan (G‘oziddinov). Suv

008У ўттиз беш йиллик умри кечган Бештутга ҳасад ва надомат аралаш боқар экан, ота ҳовлиси у ёқда қолиб, ўртанча акасининг ўрнига – Яккатепадаги уйга куни қолганидан ўкинар эди…

Бобо Равшан
СУВ
09

15192740_121084525043348_1050638343259171580_n.jpgБобо Равшан (Ғозиддинов) 1985 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. 2004 йили шу тумандаги 37-мактабни тамомлаган. 2005 – 2011 йилларда Сурхондарё вилоятининг турли газеталарида жамоатчи мухбир, мухбир вазифаларида ишлаган. 2013 – 2014 йилларда «Карвон қўнғироғи» газетасида ва бир муддат «Зукколар даврасида», «Эко Олам» журналларида ишлаган. 2016 йилнинг март ойидан «Ҳордиқ плюс» газетасида фаолият юритмоқда. Ижодий машқлари бир қатор марказий нашрларда эълон қилинган.

06

– Ўз оёғи билан жилдирабгина келмаган сув сувлик қиладими?! Кетаман бу Cаҳройи кабирдан… кетама-ан-н!

Дилшод шундай дея ўрнидан сапчиб турди-ю, деразадан ташқарига термилди. У аввал ҳовлисидаги қовжираб қолган дарахтларга, сўнг тик тепалик ёнбағридаги ёлғизоёқ йўлда челакнинг оғирлигидан зўрға одимлаётган қўшни болаларга қаради. Шарқираб оқаётган сойнинг тошлоқ соҳили бўйлаб юрган нигоҳи ниҳоят Бештут қишлоғига тушди-ю, тағин дарди янгиланди.

У ўттиз беш йиллик умри кечган Бештутга ҳасад ва надомат аралаш боқар экан, ота ҳовлиси у ёқда қолиб, ўртанча акасининг ўрнига – Яккатепадаги уйга куни қолганидан ўкинар эди. Аслида-ку, Яккатепа ҳам киши ҳавас қилса арзигулик жой эди. Бундан уч йил бурун ҳам сой бошидаги кичик булоқ Бештутга, бироз юқорида жойлашган катта чашманинг суви эса терак бўйи баравар баландликдаги тошариқдан Яккатепагача бемалол борар, ўн-ўн беш чоғли хонадондан ортгани эса у тиклаган молхонанинг ёнгинасидан сойга эниб кетарди. Шунинг учун ҳам отаси Турди полвон уни бу ёққа кўчираман, деганида кўп ҳам дили оғримаган, қайтанга, пул топаман деб шаҳарма-шаҳар, юртма-юрт кезиб кекса ота-онасини ёлғизлатиб қўйганидан уялган ва кўч-кўронини ўз ихтиёри билан кўтариб келганди. Не касофат урдики, у кўчган йили кузакда сел келиб, тепадаги булоқнинг ўзанини ювиб кетди. Энди ғордан сувнинг шилдираши эшитилади-ю, ўзи кўринмайди, ёмғир тўхташи билан тепа қишлоққа борадиган ариқнинг ўзани тарс-тарс ёрилиб кетади. Шундоқ ҳам лалми ғаллаю баҳорги яйловдан бошқасига ярамайдиган бу кенг­ликда яккатепаликлар қўл чайишдан тортиб ичимлик сувигача сойдан ташиб, кун кўрадиган бўлиб қолишди.

Дилшод шулар ҳақида ўйлар экан, синфдош жўраси Анварнинг гапи ёдига тушди:

– Ўзинг ўйлаб кўр, пастга энган сувнинг йўлини тўсиб бўладими, а? Сен насос ўрнатаман, қишлоққа сув чиқараман, дейсан. Лекин элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди?! Минг йил ўтсаям, ҳамсояларинг Ойсифатнинг касофати уриб, насосдан сув ичадиган бўлиб қолгандик, дейди.

Дилшод шам ёруғида бурқсиётган тутунданми ёки Анварнинг сўзларини тушунмаганидами, юзини тириштириб, навбатдаги қадаҳни даст кўтарар экан:

– Тушунмадим, нимага хотинимнинг касофати уради, – деди кўнгли ҳам емакхона каби қоронғилашиб.

– Лекин қойилман сенга! Билиб туриб билмаганга оласан-а?! Ўзингча мардлик қиламан дейсан-да! …Полвон сени нима учун бадарға қилганини бутун халқ билади-ку!.. Хотининг ҳар икки кунда шаҳарлик бегона эркакнинг машинасида шунча йўлдан ёлғиз келса… Нима, Бештутнинг таксисига ўт тушганми, а? Бир балоси бўлмаса…

Дилшод кейин нима бўлганини эслай олмайди. Аммо эртасига чап қовоғи шишиб, афт-башараси тирналганидан киши танимас қиёфада уйғонди. У ичидаги оловни ўчириш учун совуқ чойни ютоқиб ҳўпларкан, эшикдан кўриниш берган Ойсифатга қарата қўлидаги чойнакни улоқтирди. Ўша куни кечгача эр-хотиннинг жанжали тинмади. Ахийри Ойсифат: “Қандай қасам ич десангиз, ичайин! Кет, десангиз кетайин, лекин бундай номаъқулчиликни қилмаганман! Неча марта айтай, у узоқ қариндошим бўлади, икки марта олиб келиб қўйди. Шундаям текинга эмас, пулини санаб қўлига берганман!” – деб туриб олди.

У хотинининг бу гапларидан сўнг не қиларини билмай қолди. Аслида, аёлидан шу вақтгача кўнгли тўқ эди. Ҳозир ҳам унга жон-жон деб ишонишга тайёр. Аммо анави маломат гаплардан сўнг унинг қаршисида икки йўл бор: ё Ойсифатга ишониб, барига қўл силтаб яшаш ёки ажрашиб, болаларини ўзи билан олиб қолиш! Лекин ҳар икки ҳолда ҳам фарзандларига жабр бўлади. Илло, кун келиб бу миш-мишлар лаънат тамғасидай уларнинг юзига ботса, додини кимга айтади?! Дилшод шулар ҳақида ўйлай-ўйлай, ғийбатлардан қочиб, ҳеч ким танимайдиган, билмайдиган узоқ шаҳарга кўчиб қутулиш керак, деган қарорга келди.

“…Кетаман бу Саҳройи кабирдан… кетама-ан-н!”

Дилшоднинг сўнгги сўзлари Турди полвонга тошдай оғир ботди. Полвон жуссасини тик тутмоқчидай, орқадаги ёстиққа суянганча бошини кўтариб, ҳамон дераза қаршисида турган ўғлига:

– Берман кел, – деди.

Дилшод истамайгина онасининг ёнига чўккаллади. Сўнг:

– Ота, тўғрисиям шу! Бу ердан кўчмасам бўлмайди, – деди.

Ҳеч бир гапдан хабари бўлмаган полвон ўғлининг бу сўзидан баттар аччиқланиб:

– Шунча одам не бўлса, сен ҳам шу! Сувни борсакелмасдан ташисанг ҳам, қишлоқдан бир қадам нари кетмайсан! Бегона элда болаларинг кимнинг қўлига тикилади-а? Топган баҳонанг – сув, сув! Ана, сой тўлиб оқиб ётибди. Бир кунда икки сатил кўтариб чиқсанг, ўлмайсан! Шаҳар кўриб, жуда назиклашиб қолган бўлсанг, энанг иккимиз ташиб берамиз! – деди. Шу билан ота-бола ўртасидаги музокара ниҳоясига етди. Дилшод бошқа бир оғиз ҳам гапирмади. Полвон буни ўзича тушуниб, кампирини олдига солиб, уйига жўнади. Икки кун ўтар-ўтмас, Дилшод яна ўша пултопар ишини ахтариб, аллақайси шаҳарга равона бўлди. У кетди-ю, ортидан гап болалади: “Дилшод пул йиғаётган эмиш”, “У шаҳардан данғиллама бир ҳовлининг савдосини пишитиб қўйганмиш…”.

Буни эшитган полвон келинини қистовга олди. Аммо Ойсифат: “Билмадим, аниқмас”дан нарига ўтмади. Чол бундан бироз таскин ҳам топган эди, тағин миш-мишлар баттар авж олди. Ўша ғийбатлар билан аралашиб, келини ҳақидаги гап-сўз ҳам қулоғига етди. Шундан сўнггина полвон Дилшоднинг нега “кўчаман”га тушиб қолганини фаҳмлади. Яккатепаликларнинг: “Бу гаплар рост бўлмаса, шунча йилдан буён оқиб ётган булоғимизни сел олиб кетармиди? Полвоннинг келини келиб, қишлоғимиздан файз кетди”, деган гапи унинг гарданига чилвирдай ботди. Бир кўнгли ўша шаҳарлик таксичи билан келинини хумордан чиққунча қамчиламоқчи ҳам бўлди. Аммо бу туҳмат тошидан бўлак нарса бўлмаса, юзи шувут бўлишидан чўчиб, шаштидан қайтди. Тағин сой бошидаги булоқ ёдига тушиб, тўриғининг бошини ўша томонга бурди.

Турди полвон йилқини ўз ихтиёрига қўйиб кетаркан, ўргимчак тўрига илинган ўлжа янглиғ хотиралар гирдобида қолган эди. Ҳув ўшанда, булоқни сел ювиб кетган пайтда полвон яккатепаликларни йиғиб, қишлоққа сувни қай йўсин қайтариш мумкинлиги ҳақида гап ташлаган эди. Бунга ҳар ким ҳар турли сўз айтса-да, гап равиши полвоннинг ўзига бориб тақалган ва сув­ни қайтариш имконсизлиги алланечук тушкун бир оҳангда айтилган эди. Ўшанда ўғлининг ён қўшниси Рустам: “Ҳа, энди, полвон бобо, сувни пастга қаратиб тортиб кетган бўлсангиз, ўзингиз қайтариб берасиз-да! Лекин бу бизнинг қўлимиздан келадиган иш эмас. Ғорнинг чуқурлигини бориб кўрдингизми?” деган эди. Турди полвон эса бу гапларни шунчаки ҳазил билганди. Энди ўйлаб қараса, Рустамнинг ҳар бир сўзида аччиқ киноя, коса тагида ним коса бор экан. Турди полвон ўша гапларни эслар экан: “Элнинг олдида бўларимча бўлган эканман-ку!” дер ва ер ёрилишини кутиб ўтирмаёқ, тупроқ тагини макон тутгиси келиб кетарди. Ахир, орияти тоғдан баланд бўлган киши учун бу каби сўзлар ўлим билан баробар эмасми?! Боз устига бир замонлар Эшмат тўқимчи қўшни аёлга ёвқараш қилгани учун уни эл олдида шармисор қилиб, бу ерлардан бош олиб кетишига сабабчи бўлган ҳам Турди полвон эди. Мана энди келини… Ўрни келса тоғни ҳам жилдиришга қурби етадиган полвоннинг қадди бу ғамдан дол бўлди. У бир куннинг ўзида яна етмиш ёшни яшаб ўтди. Йиллар аёвсиз чизиқ тортган юзи ғамдан қорайиб, соч-соқоли бирдан оқаргандек бўлди. У Дилшодни фарзандларини ёлғиз ташлаб, ойлаб, йиллаб йўқолиб кетгани учун бўралаб сўкар, хаёлан ўғлини ҳам, келинини ҳам ўлгудек қилиб дўппосларди. Тағин Ойсифатнинг бундайин телбалик қилишига ишонмас ва шу чоқда яккатепаликларга қарата: “Кўнгилларинг бир ютум сув билан тўладиган бўлса, челаклаб бошларингдан қуйганим бўлсин!” дерди. Сирасини айтганда, полвоннинг кўнгли ғийбатпараст ва лоқайд қиш­лоқдошларидан ҳам, улар нафас олаётган ёруғ очундан ҳам совиб кетганди.

Полвон шунга ўхшаш ўйлар билан булоқ бошига қозиқ қоқиб, хуржундаги узун арқоннинг бир учини унга боғлади. Бошқа томонини эса ғорга ташлаб, арқонга осилганча пастга тушди. Полвон унинг тубига етганда тиззасига уриб оқаётган муздек сувдан бошқасини ҳис этмас, қоронғида кўзига ҳеч нарса кўринмас эди. Одам бурилиб олиши мушкул бўлган торгина чуқурнинг чор тарафи тош билан ўралган, сувнинг қаердан чиқиб, қай томонга кетаётганини билиш мушкул эди. Умрининг етмишинчи довонидан ошиб ўтган чол совуқдан дирдираганча дам қўли, дам оёғи билан пайпасланиб, сув оқиб кетаётган жойни ахтарарди. Ниҳоят, аввал сув чиқаётган, сўнг сингиб кетаётган ерни топди. Ғорнинг тубидан бир қарич тепа жойдан сув қайнаб чиқар, бироқ одамнинг белидай келадиган ёриқ уни ютиб юбораётган эди. Полвон ғор тубидан тош ахтарар экан, яккатепаликларни ҳам, ўғли Дилшодни ҳам койий бошлади. Ахир, сув кетаётган жой унчалик катта эмас экан. Улар бўлса кўрмай туриб: “Сув бундай жойда пастга қараб кетдими, олдини тўсишнинг фойдаси йўқ”, деганди.

– Ё, тавба, – деди полвон Дилшод билан юзма-юз сўзлашаётгандай, – битта тош билан битадиган чуқурни деб шундай ердан кўчиб кетаман, дейсан-а?! Мана, энди уйинг тепасидан бир ариқ сув оқиб турсин-чи, кўчиб қаерга бораркансан!

Турди полвон шунга ўхшаш ўйлар ичра қўлига илашган тош билан сувнинг йўлни тўсди. Аммо тошнинг бўртиғи кўтариб қолдими, тошнинг тагидан сув кетиши тўхтамади. Полвон бироз энгашиб, тошни оёғи билан тепди. Фойдаси бўлмади. Тағин қаттиқроқ бир ҳаракат қилган эди, қўяётган тўсиғи баравар оёғи ҳам чуқурнинг нариги тарафига ўтиб кетиб, сони тош орасида сиқилиб қолди. Турди полвон оёғини тортиб олишга қанчалик уринмасин, мажоли етмас, ёриққа тўсиқ бўлиб қолганидан сув сатҳи кўтарилиб борар эди. Полвон боягидан ҳам баттар дир-дир қалтирар, шу баробарда пешонасидан аччиқ тер қуйиларди. Оёғини чиқариб олишга беҳуда уринар, кимдир ичкарига қараб тортаётгандай эди. Ғор тепасида боғлиқ турган от эса хавфни олдиндан пайқагандек, ер тепсиниб, қисқа-қисқа кишнар ва қозиғи атрофида тинимсиз айланарди. Ғор эса сув билан тўлиб борарди. Полвон борган сари ҳолсизланар, ҳамон оёғини тортиб ололмай сарсон эди. Ниҳоят, забонсиз жонивор бор қувватини йиғиб, олд оёқларини ҳавода ўйнатганча силтаб, арқонини узди-да, қишлоқ томонга шиддат билан югуриб кетди. Тўриқнинг шиддати вужудига сиғмасди. Қулоқлари орасидан визиллаб ўтаётган совуқ шамол ва ҳожасининг ғами аралаш кўзёши шашқатор бўлди. Яккатепанинг уч йилдан буён қуруқшаб ётган тошариғида шилдираб сув оқа бошлади.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015 йил, 12-сон

09  U oʻttiz besh yillik umri kechgan Beshtutga hasad va nadomat aralash boqar ekan, ota hovlisi u yoqda qolib, oʻrtancha akasining oʻrniga – Yakkatepadagi uyga kuni qolganidan oʻkinar edi.

Bobo RAVSHAN
SUV
06

16998227_193110377840762_3198674166960483856_n.jpgBobo Ravshan (G’oziddinov) 1985 yil 23 dekabrda Surxondaryo viloyati Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. 2004 yili shu tumandagi 37-maktabni tamomlagan. 2005 – 2011 yillarda Surxondaryo viloyatining turli gazetalarida jamoatchi muxbir, muxbir vazifalarida ishlagan. 2013 – 2014 yillarda «Karvon qo‘ng‘irog‘i» gazetasida va bir muddat «Zukkolar davrasida», «Eko Olam» jurnallarida ishlagan. 2016 yilning mart oyidan «Hordiq plyus» gazetasida faoliyat yuritmoqda. Ijodiy mashqlari bir qator markaziy nashrlarda e’lon qilingan.

06

– Oʻz oyogʻi bilan jildirabgina kelmagan suv suvlik qiladimi?! Ketaman bu Cahroyi kabirdan… ketama-an-n!

Dilshod shunday deya oʻrnidan sapchib turdi-yu, derazadan tashqariga termildi. U avval hovlisidagi qovjirab qolgan daraxtlarga, soʻng tik tepalik yonbagʻridagi yolgʻizoyoq yoʻlda chelakning ogʻirligidan zoʻrgʻa odimlayotgan qoʻshni bolalarga qaradi. Sharqirab oqayotgan soyning toshloq sohili boʻylab yurgan nigohi nihoyat Beshtut qishlogʻiga tushdi-yu, tagʻin dardi yangilandi.

U oʻttiz besh yillik umri kechgan Beshtutga hasad va nadomat aralash boqar ekan, ota hovlisi u yoqda qolib, oʻrtancha akasining oʻrniga – Yakkatepadagi uyga kuni qolganidan oʻkinar edi. Aslida-ku, Yakkatepa ham kishi havas qilsa arzigulik joy edi. Bundan uch yil burun ham soy boshidagi kichik buloq Beshtutga, biroz yuqorida joylashgan katta chashmaning suvi esa terak boʻyi baravar balandlikdagi toshariqdan Yakkatepagacha bemalol borar, oʻn-oʻn besh chogʻli xonadondan ortgani esa u tiklagan molxonaning yonginasidan soyga enib ketardi. Shuning uchun ham otasi Turdi polvon uni bu yoqqa koʻchiraman, deganida koʻp ham dili ogʻrimagan, qaytanga, pul topaman deb shaharma-shahar, yurtma-yurt kezib keksa ota-onasini yolgʻizlatib qoʻyganidan uyalgan va koʻch-koʻronini oʻz ixtiyori bilan koʻtarib kelgandi. Ne kasofat urdiki, u koʻchgan yili kuzakda sel kelib, tepadagi buloqning oʻzanini yuvib ketdi. Endi gʻordan suvning shildirashi eshitiladi-yu, oʻzi koʻrinmaydi, yomgʻir toʻxtashi bilan tepa qishloqqa boradigan ariqning oʻzani tars-tars yorilib ketadi. Shundoq ham lalmi gʻallayu bahorgi yaylovdan boshqasiga yaramaydigan bu keng­likda yakkatepaliklar qoʻl chayishdan tortib ichimlik suvigacha soydan tashib, kun koʻradigan boʻlib qolishdi.

Dilshod shular haqida oʻylar ekan, sinfdosh joʻrasi Anvarning gapi yodiga tushdi:

– Oʻzing oʻylab koʻr, pastga engan suvning yoʻlini toʻsib boʻladimi, a? Sen nasos oʻrnataman, qishloqqa suv chiqaraman, deysan. Lekin elning ogʻziga elak tutib boʻlarmidi?! Ming yil oʻtsayam, hamsoyalaring Oysifatning kasofati urib, nasosdan suv ichadigan boʻlib qolgandik, deydi.

Dilshod sham yorugʻida burqsiyotgan tutundanmi yoki Anvarning soʻzlarini tushunmaganidami, yuzini tirishtirib, navbatdagi qadahni dast koʻtarar ekan:

– Tushunmadim, nimaga xotinimning kasofati uradi, – dedi koʻngli ham yemakxona kabi qorongʻilashib.

– Lekin qoyilman senga! Bilib turib bilmaganga olasan-a?! Oʻzingcha mardlik qilaman deysan-da! …Polvon seni nima uchun badargʻa qilganini butun xalq biladi-ku!.. Xotining har ikki kunda shaharlik begona erkakning mashinasida shuncha yoʻldan yolgʻiz kelsa… Nima, Beshtutning taksisiga oʻt tushganmi, a? Bir balosi boʻlmasa…

Dilshod keyin nima boʻlganini eslay olmaydi. Ammo ertasiga chap qovogʻi shishib, aft-basharasi tirnalganidan kishi tanimas qiyofada uygʻondi. U ichidagi olovni oʻchirish uchun sovuq choyni yutoqib hoʻplarkan, eshikdan koʻrinish bergan Oysifatga qarata qoʻlidagi choynakni uloqtirdi. Oʻsha kuni kechgacha er-xotinning janjali tinmadi. Axiyri Oysifat: “Qanday qasam ich desangiz, ichayin! Ket, desangiz ketayin, lekin bunday nomaʼqulchilikni qilmaganman! Necha marta aytay, u uzoq qarindoshim boʻladi, ikki marta olib kelib qoʻydi. Shundayam tekinga emas, pulini sanab qoʻliga berganman!” – deb turib oldi.

U xotinining bu gaplaridan soʻng ne qilarini bilmay qoldi. Aslida, ayolidan shu vaqtgacha koʻngli toʻq edi. Hozir ham unga jon-jon deb ishonishga tayyor. Ammo anavi malomat gaplardan soʻng uning qarshisida ikki yoʻl bor: yo Oysifatga ishonib, bariga qoʻl siltab yashash yoki ajrashib, bolalarini oʻzi bilan olib qolish! Lekin har ikki holda ham farzandlariga jabr boʻladi. Illo, kun kelib bu mish-mishlar laʼnat tamgʻasiday ularning yuziga botsa, dodini kimga aytadi?! Dilshod shular haqida oʻylay-oʻylay, gʻiybatlardan qochib, hech kim tanimaydigan, bilmaydigan uzoq shaharga koʻchib qutulish kerak, degan qarorga keldi.

“…Ketaman bu Sahroyi kabirdan… ketama-an-n!”

Dilshodning soʻnggi soʻzlari Turdi polvonga toshday ogʻir botdi. Polvon jussasini tik tutmoqchiday, orqadagi yostiqqa suyangancha boshini koʻtarib, hamon deraza qarshisida turgan oʻgʻliga:

– Berman kel, – dedi.

Dilshod istamaygina onasining yoniga choʻkkalladi. Soʻng:

– Ota, toʻgʻrisiyam shu! Bu yerdan koʻchmasam boʻlmaydi, – dedi.

Hech bir gapdan xabari boʻlmagan polvon oʻgʻlining bu soʻzidan battar achchiqlanib:

– Shuncha odam ne boʻlsa, sen ham shu! Suvni borsakelmasdan tashisang ham, qishloqdan bir qadam nari ketmaysan! Begona elda bolalaring kimning qoʻliga tikiladi-a? Topgan bahonang – suv, suv! Ana, soy toʻlib oqib yotibdi. Bir kunda ikki satil koʻtarib chiqsang, oʻlmaysan! Shahar koʻrib, juda naziklashib qolgan boʻlsang, enang ikkimiz tashib beramiz! – dedi. Shu bilan ota-bola oʻrtasidagi muzokara nihoyasiga yetdi. Dilshod boshqa bir ogʻiz ham gapirmadi. Polvon buni oʻzicha tushunib, kampirini oldiga solib, uyiga joʻnadi. Ikki kun oʻtar-oʻtmas, Dilshod yana oʻsha pultopar ishini axtarib, allaqaysi shaharga ravona boʻldi. U ketdi-yu, ortidan gap bolaladi: “Dilshod pul yigʻayotgan emish”, “U shahardan dangʻillama bir hovlining savdosini pishitib qoʻyganmish…”.

Buni eshitgan polvon kelinini qistovga oldi. Ammo Oysifat: “Bilmadim, aniqmas”dan nariga oʻtmadi. Chol bundan biroz taskin ham topgan edi, tagʻin mish-mishlar battar avj oldi. Oʻsha gʻiybatlar bilan aralashib, kelini haqidagi gap-soʻz ham qulogʻiga yetdi. Shundan soʻnggina polvon Dilshodning nega “koʻchaman”ga tushib qolganini fahmladi. Yakkatepaliklarning: “Bu gaplar rost boʻlmasa, shuncha yildan buyon oqib yotgan bulogʻimizni sel olib ketarmidi? Polvonning kelini kelib, qishlogʻimizdan fayz ketdi”, degan gapi uning gardaniga chilvirday botdi. Bir koʻngli oʻsha shaharlik taksichi bilan kelinini xumordan chiqquncha qamchilamoqchi ham boʻldi. Ammo bu tuhmat toshidan boʻlak narsa boʻlmasa, yuzi shuvut boʻlishidan choʻchib, shashtidan qaytdi. Tagʻin soy boshidagi buloq yodiga tushib, toʻrigʻining boshini oʻsha tomonga burdi.

Turdi polvon yilqini oʻz ixtiyoriga qoʻyib ketarkan, oʻrgimchak toʻriga ilingan oʻlja yangligʻ xotiralar girdobida qolgan edi. Huv oʻshanda, buloqni sel yuvib ketgan paytda polvon yakkatepaliklarni yigʻib, qishloqqa suvni qay yoʻsin qaytarish mumkinligi haqida gap tashlagan edi. Bunga har kim har turli soʻz aytsa-da, gap ravishi polvonning oʻziga borib taqalgan va suv­ni qaytarish imkonsizligi allanechuk tushkun bir ohangda aytilgan edi. Oʻshanda oʻgʻlining yon qoʻshnisi Rustam: “Ha, endi, polvon bobo, suvni pastga qaratib tortib ketgan boʻlsangiz, oʻzingiz qaytarib berasiz-da! Lekin bu bizning qoʻlimizdan keladigan ish emas. Gʻorning chuqurligini borib koʻrdingizmi?” degan edi. Turdi polvon esa bu gaplarni shunchaki hazil bilgandi. Endi oʻylab qarasa, Rustamning har bir soʻzida achchiq kinoya, kosa tagida nim kosa bor ekan. Turdi polvon oʻsha gaplarni eslar ekan: “Elning oldida boʻlarimcha boʻlgan ekanman-ku!” der va yer yorilishini kutib oʻtirmayoq, tuproq tagini makon tutgisi kelib ketardi. Axir, oriyati togʻdan baland boʻlgan kishi uchun bu kabi soʻzlar oʻlim bilan barobar emasmi?! Boz ustiga bir zamonlar Eshmat toʻqimchi qoʻshni ayolga yovqarash qilgani uchun uni el oldida sharmisor qilib, bu yerlardan bosh olib ketishiga sababchi boʻlgan ham Turdi polvon edi. Mana endi kelini… Oʻrni kelsa togʻni ham jildirishga qurbi yetadigan polvonning qaddi bu gʻamdan dol boʻldi. U bir kunning oʻzida yana yetmish yoshni yashab oʻtdi. Yillar ayovsiz chiziq tortgan yuzi gʻamdan qorayib, soch-soqoli birdan oqargandek boʻldi. U Dilshodni farzandlarini yolgʻiz tashlab, oylab, yillab yoʻqolib ketgani uchun boʻralab soʻkar, xayolan oʻgʻlini ham, kelinini ham oʻlgudek qilib doʻpposlardi. Tagʻin Oysifatning bundayin telbalik qilishiga ishonmas va shu choqda yakkatepaliklarga qarata: “Koʻngillaring bir yutum suv bilan toʻladigan boʻlsa, chelaklab boshlaringdan quyganim boʻlsin!” derdi. Sirasini aytganda, polvonning koʻngli gʻiybatparast va loqayd qish­loqdoshlaridan ham, ular nafas olayotgan yorugʻ ochundan ham sovib ketgandi.

Polvon shunga oʻxshash oʻylar bilan buloq boshiga qoziq qoqib, xurjundagi uzun arqonning bir uchini unga bogʻladi. Boshqa tomonini esa gʻorga tashlab, arqonga osilgancha pastga tushdi. Polvon uning tubiga yetganda tizzasiga urib oqayotgan muzdek suvdan boshqasini his etmas, qorongʻida koʻziga hech narsa koʻrinmas edi. Odam burilib olishi mushkul boʻlgan torgina chuqurning chor tarafi tosh bilan oʻralgan, suvning qayerdan chiqib, qay tomonga ketayotganini bilish mushkul edi. Umrining yetmishinchi dovonidan oshib oʻtgan chol sovuqdan dirdiragancha dam qoʻli, dam oyogʻi bilan paypaslanib, suv oqib ketayotgan joyni axtarardi. Nihoyat, avval suv chiqayotgan, soʻng singib ketayotgan yerni topdi. Gʻorning tubidan bir qarich tepa joydan suv qaynab chiqar, biroq odamning beliday keladigan yoriq uni yutib yuborayotgan edi. Polvon gʻor tubidan tosh axtarar ekan, yakkatepaliklarni ham, oʻgʻli Dilshodni ham koyiy boshladi. Axir, suv ketayotgan joy unchalik katta emas ekan. Ular boʻlsa koʻrmay turib: “Suv bunday joyda pastga qarab ketdimi, oldini toʻsishning foydasi yoʻq”, degandi.

– Yo, tavba, – dedi polvon Dilshod bilan yuzma-yuz soʻzlashayotganday, – bitta tosh bilan bitadigan chuqurni deb shunday yerdan koʻchib ketaman, deysan-a?! Mana, endi uying tepasidan bir ariq suv oqib tursin-chi, koʻchib qayerga borarkansan!

Turdi polvon shunga oʻxshash oʻylar ichra qoʻliga ilashgan tosh bilan suvning yoʻlni toʻsdi. Ammo toshning boʻrtigʻi koʻtarib qoldimi, toshning tagidan suv ketishi toʻxtamadi. Polvon biroz engashib, toshni oyogʻi bilan tepdi. Foydasi boʻlmadi. Tagʻin qattiqroq bir harakat qilgan edi, qoʻyayotgan toʻsigʻi baravar oyogʻi ham chuqurning narigi tarafiga oʻtib ketib, soni tosh orasida siqilib qoldi. Turdi polvon oyogʻini tortib olishga qanchalik urinmasin, majoli yetmas, yoriqqa toʻsiq boʻlib qolganidan suv sathi koʻtarilib borar edi. Polvon boyagidan ham battar dir-dir qaltirar, shu barobarda peshonasidan achchiq ter quyilardi. Oyogʻini chiqarib olishga behuda urinar, kimdir ichkariga qarab tortayotganday edi. Gʻor tepasida bogʻliq turgan ot esa xavfni oldindan payqagandek, yer tepsinib, qisqa-qisqa kishnar va qozigʻi atrofida tinimsiz aylanardi. Gʻor esa suv bilan toʻlib borardi. Polvon borgan sari holsizlanar, hamon oyogʻini tortib ololmay sarson edi. Nihoyat, zabonsiz jonivor bor quvvatini yigʻib, old oyoqlarini havoda oʻynatgancha siltab, arqonini uzdi-da, qishloq tomonga shiddat bilan yugurib ketdi. Toʻriqning shiddati vujudiga sigʻmasdi. Quloqlari orasidan vizillab oʻtayotgan sovuq shamol va hojasining gʻami aralash koʻzyoshi shashqator boʻldi. Yakkatepaning uch yildan buyon quruqshab yotgan tosharigʻida shildirab suv oqa boshladi.

Manba: “Yoshlik” jurnali, 2015 yil, 12-son

09

(Tashriflar: umumiy 343, bugungi 1)

Izoh qoldiring