Bahodir Karim. Ulug’bekning dil izhori.

1-UH
24 апрел — адиб,шоир,адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам таваллуди куни.

   Улуғбек Ҳамдам насрий, назмий, адабий-танқидий асарлари билан, улардаги теран ҳис-туйғулари, кенг фалсафий фикрлари, адабиёт илмига фойдали мулоҳазалари билан, энг муҳими, адабиётга садоқати ва фидойилиги билан адабиёт муҳибларининг, илм аҳлининг ишончини қозонди.

090

Баҳодир Карим
УЛУҒБEКНИНГ ДИЛ ИЗҲОРИ

Бадиий адабиёт размлар тили, эзгулик ва қабоҳатнинг мангу жангоҳи, инсон қалбидаги чексиз изтироблар сувратидир. Бугуннинг иқтидорли ижодкорлари инсоннинг ботинига, ҳис-туйғулари тўлқинига, орзу-армонларига диққатни қаратмоқда.

Серқирра ижодкор Улуғбек Ҳамдам асарлари ҳам бундан мустасно эмас. Улуғбек адабий — танқидий мақолалари, шеърий туркумлари, насрий асарлари билан абадий жамоатчилик эътиборини тортди. Ижодкорнинг кўнгил хазинаси турли жанр ва услубдаги асарлар шаклида майдонга чиқади ва муаллифнинг адабий шахсиятини намоён этади.

Муҳтарам ўқувчи! Улуғбек Ҳамдам сиз учун яна бир совға — китоб ҳозирлабди.
Ушбу тўпламга кирган дастлабки асар — «Ёлғизлик» қиссаси ноанъанавий услубда ёзилган. Қиссада ижод жараёни билан олишаётган, дунёнинг сирлари билан тиллашаётган, баъзан сокин, баъзида туғёнли фикрлаётган, гоҳ силлиқ, гоҳо зиддиятли хаёллар оғушида қолган, баъзида донишманд, баъзан телбавор гапираётган Инсон «мен»ига дуч келасиз.

Қиссанинг композитсияси ҳажм жиҳатидан бир-бирига тенг келмайдиган уч қисмдан таркиб топган. Асардаги асосий моҳият иккинчи қисмида намоён бўлади. Биринчи қисм воқеалар тафсилотига, ижодкор қаҳрамон йигит дафтаридаги қайдларни ўқишга киришув учун муқаддими вазифасини ўтаса, муаллифнинг асл муддаоси рўёбга чиққач, учинчи қисм шу дафтарни ёпиш ҳамда қиссани якунлаш учун хулоса вазифасида келади.

«Ёлғизлик» муайян бир қизиқ воқеа — ҳодисанинг бадиий талқинига бағишланган эмас, унда анъанавий образлар, тасвирлар, манзаралар, диалоглар йўқ; у — монолог қисса. Шу маънода «Ёлғизлик» инсон руҳиятидаги жўшқин ва тушкин, ўйчан ва ўйсиз кайфиятлар, исмсиз изтироблар маҳсули сифатида пайдо бўлган. Муаллиф ўз иншолари билан бировга ақл ўргатиш ёки дидактика сўқишни мақсад қилиб қўймайди. Назаримда, бунда инсон, хусусан, ижод дардига, ёзиш ҳуморига йўлиққан кимсанинг бор-йўғини — ичкариси ва ташқарисини тавсифлаш асосий ўринда туради. Шу боис жуда кўп саҳифаларда қаҳрамоннинг қийналишлари, дард-аламлари, изтиробларининг чинлиги рўйи-рост кўринади.

«Ёлғизлик»да маълум бир ҳолат ёки туйғулар баёнидан кейин ора-орада дарахтзор тасвири, деразадан борлиқнинг томошаси келади. Дарахтлар қўшиғи, шовуллаши, тебраниши, шитирлаши — қаҳрамон руҳиятининг оғочларга кўчган моддий ҳолати. Қиссада лирик чекиниш тарзида келадиган бу манзара умумий пафосдаги изтироблар бўронини сокинлаштиргандек бўлади: «Дарахт эса тағин ва тағин шовулларди… Ниҳоят, у мени тамом асир этган-да, шовуллаш шунчаки сас эмас, балки мусиқа — улуғвор оҳанг эканлигини идрок этдим». «Шошиб дераза қанотларини очдим…», «Шамолда бир маромда шовуллаб турган дарахтларнинг очиқ деразамдан кираётган қўшиғи мени барвақт уйғотди». «Шундоқ дераза ортида шовуллаб чайқалаётган дарахтга қўшилиб олам тебранар…». Онда-сонда такрорланиб турадиган бундай тасвир қаҳрамон руҳиятидаги шовқин-сурон ва сокинлик билан табиатнинг уйғунлиги асар матнидаги қандайдир оҳанг темпини мувозанатга келтиради. Агар чизги лозим бўлса, бадиий воқеликнинг тартибсиз чизгисини ҳам, назарий истилоҳ билан айтганда, сюжет чизгисини ҳам шу икки ҳолат уйғунлигида кўриш мумкин.

«Ёлғизлик» — янгича ёзиш йўлидаги тажриба, кўнгил изҳори. Унда ижтимоий муаммоларни байроқ қилиш йўқ; даврни изоҳлашга берилиш сезилмайди. Аммо унда давр — замон тасвири қаҳрамоннинг мутолаларида ўз асоратини қолдирган. Қаҳрамон ёзувчи йигит Ғарб адабиётини ҳам, Шарқ фалсафасини ҳам яхши билади. Кўчирма: «Тавба, мен ўғлим билан — Худодан тилаб олган ўз жигарбандим билан рақобатлашаяпманми? Ўз гўдагим билан ҳокимият талашаяпманми?! Негадир Фрейдни эслайман ва мавзуни ривожлантирса бўларкан, деб ўйлайман». Ота — ижодкор йигит ўринлими — ўринсизми ўз хотинини гўдак ўғлидан рашк этади. Шубҳасиз, Ғарб психологизмининг қайсидир даражада бунда изи бор.

Бизнинг зиёли ўқувчилар Ғарбнинг ирратсионал фалсафасини ҳам ўқиди. Борлиққа, турмушга нисбатан исённи, яшашнинг беъманилигини, ўлим ва ҳаёт чегарасидаги ҳолат тасвирини ўз бадиий-фалсафий асарлари моҳиятига сингдирган экзистентсиализм фалсафасига доир қарашлари кенгайди. «Ёлғизлик» муаллифи ва унинг маънавий-руҳий оламини ифодалаётган қаҳрамон ҳам бу фалсафадан бебаҳра эмас.

Қисса қаҳрамони Шарқни ўқиган, Бобурнинг дарду аламга, изтиробга тўла ҳаётини ҳам, «Шоирманми, мей?» дея туйғулари таржимасига ожиз қолиб, тажоҳилу орифона савол қўяётган Чўлпонни ҳам билади. Демак, бунда нафақат илмий-назарий ёндашув методидаги уйғунлик, балки асар моҳиятини теран англашда фалсафий уйғунлик ҳам лозим.

«Ёлғизлик» қаҳрамон жазавага тушганда, исёни ақли чегарасини ёриб чиққанда ва ёки қандайдир алам — изтироб ичида қолганида тилини тийиб турмайди. Дили тилга кўчади. Дард чекаётиб: «Мен кимман?» саволини бериб, этқизувида ақл жиловини ҳис-туйғулари қўлига бериб қўйган қаҳрамон қалбини, шубҳаю гумонларини достон қилади. Энг муҳими, ёзувчиликка ишқи тушган қаҳрамон жазава аралаш нимадир деганини, эҳтимол, гуноҳга ботганини ҳис этароқ тавба қилишни, Яратгандан мағфират тилашни унутмайди. Бир ўринда айтади: «Ёмонлик ҳам худди яхшилик сингари Сендандир! Йўқса чаласавод, чалафаросат муллалар валдираётганидай, расолик Сенингу расволик менинг эмас, асло! Бари Сеники, бори ўзингга ҳавола! Мана — мен, бир банданг: исёнкор, шаккок — чаламуллалар наздида. Бироқ мен иккиюзламачи эмасман, мунофиқ эмасман! Мен-да Сенга эргашиб борини дастурхон қиляпман. Майли, кимлардир «кофир» десин, фақат носамимий демасин, диндан чиққан десин, аммо ҳақсўздан тонган, демасин… Тўғрисини Сен билгувчисан!»

Табиийки, бу гаплар қаҳрамонинг маънавий-маърифий даражасини ўзида жамлайди. У иккиюзламачи, мунофиқ кимлигини ҳам, кофир ва диндан чиққаннинг кимлигини ҳам, чаламулла ва чин мулланинг ҳам фарқини теран ҳис этади.

Фожеага, аниқроғи, синовга дуч келган қаҳрамоннинг исён ва тавба оралиғидаги ҳолатини бошқа саҳифаларда ҳам кўриш мумкин: «Ўзимни босолмайман, «дод!» дея Худонинг ёқасига ёпишгим келади. Бироздан сўнг, ҳовуримдан тушгач, ҳақсизлигим ва чорасизлигимдан ўзимни ўзим ейман, тиз чўкиб Яратгандан мағфират сўрайман».

«Ёлғизлик» қаҳрамони баимкони қадар ўзини — руҳини ҳам, танасини ҳам, исён ва тавбасини ҳам, изтироб ва ҳаловатини ҳам, кўнгли ва воқеликни ҳам кўриб, сезиб, ҳис этиб туради. Шу боис гоҳ-гоҳида ўзининг довдираб қолганига иқрор бўлади, «хаёли пароканда, фикрлари тўзиқ»лигини тан олади, исёнини жиловлаётганини сўйлайди, «бутун ҳаёти аросатда» эканини баён қилади. Унинг қалби, юраги кўкрак қафасида сиқилади, руҳи, руҳиятига дунё олами торлик этади. Унинг кўнгли юксакликни, «инсонлик» деб аталмиш мағзавадан» кўра олий мақомни истайди. Аммо дунё дунёдир. Чекингга тушгандан сўнг чорасизликдан ўзга чора йўқ.

Кўнгилга мос муҳитнинг, ижод учун қулай шароитнинг йўқлиги қаҳрамонни кўп қийнайди. У фақирликка, қўликалталикка лаънатлар ёғдиради. Қиссада кўнгил ва воқелик мувозанатидаги бузилишлар ифодаси учун қаҳрамоннинг оилавий турмуш тарзи ҳам берилади.

«Ёлғизлик» қиссасининг қаҳрамони адабиёт, санъат, ижод машақати борасида кўп ўйлайди. Баъзида яланғоч, натуралистик тасвирларидан завқ олади; баъзан нозик, нафис, покиза туйғулар чилпарчин қилинади.

Қисса матнида шафқатсиз эътирофлар, ўзлик тафтиши, инсон ва ижод хусусида ҳикматли иборалар, ҳароратли, айни чоғда, зиддиятли дил изҳорлари кўп. Зотан, инсон тафаккури ҳам, ҳаёти ҳам силлиқ эмас. Уни санъаткор аҳлигина баъзида муайян тизимга, санъат қолиплари ичига жойлаб, баъзан эса ўз ҳолича ўқувчига тақдим этади.

Бир тоифа асарлар бўладики, жўн образлар, ҳиссиз тасвирлар, зерикарли диалогларни кўриб афсусга ботасиз, ҳатто танқид ва эътироздан бошқа бирон илиқ фикр айтишга асос бермайди улар. Аммо Улуғбекнинг қиссаси кишини ўйлашга, баҳс — мунозарага, завқ-шавққа, тасдиқ ва инкорларга чорлайдиган фикр майдонидир.

Тўпламда Улуғбекнинг «Лола», «Тош» «Қайтиш», «Узоқдаги Дилнура», «Яхши одамлар» номли ҳикоялари бор. Муаллиф бу асарларида ҳам ўз индивидуал ёзиш услубига содиқ қолади. Олди-қочдини, қўйди-чиқдини ёзмайди. Кўнгилни рамзларга кўчиради.

Шеърият ихлосмандлари Улуғбек Ҳамдамнинг «Тангрига элтувчи исён», «Атиргул», «Сени кутдим» номли шеърий тўпламлари билан яхши таниш. Ушбу китобга Улуғбекнинг бир туркум шеърларидан киритилган. Уларда Улуғбек қалбининг акс садо берилади. Дарвоқе, Улуғбекнинг насри шоирона, шеърларида эса бу ҳиссиёт янада кучлироқ. Унинг шеърлари — юрак хапқириғи, ичкарининг фарёди, руҳ қичқириғи, кечинмалар оқими; қолипсиз, жиловсиз, жўшқин, ҳаяжонли. Унда келиш ва кетиш, нур ва зулмат, оқ ва қаро, дўст ва душман, ибтидо ва интиҳо ёнма-ён келаверади. Лирик қаҳрамони «Бир дарвеш бор эди ичимда тағин», дейди. «Девона кайфият — шеър», дейди. Гоҳида мажнунланади, бутун вужудини силкитиб, ақл жиловини руҳ ихтиёрига топширади; Чўлпонга ўхшаб «жинланмакчи» бўлади.

Улуғбекнинг «Қирқ ёшнинг таваллоси» — такрор ва тафсилотли катта шеър, ичкариси исёнли лирик қаҳрамони ҳаёт икир-чикирларидан қутулиб, юксакликка чиқиб, чегарада туриб ўз ҳаётига назар ташлайди. Унингча, ҳаётнинг асл моҳияти Жасоратдир, энг муҳими, «Иблисга қалбни сотмаслик»дир.

«Ватан» — яхши шеър: самимий, баландпарвоз эмас. Бу тушунча тасаввури ва тафаккурида мутлақо шаклланмаган, тўхтовсиз «Ватан!» дея томоқ қирадиган, қалбдан эмас, балки безалган овози фақат бўғизидангина чиқадиган ва ҳеч кимга таъсир этмайдиган анъанавий тарзда болаларча ёзилган тизмаларга асло ўхшамайди. Улуғбекнинг лирик қаҳрамони шу биргина муқаддас сўзни айтиш учун изтиробли бир неча ўн йилларни бошидан ўтказган ва ҳали ҳам иккиланиб турибди:

«Ватан!» дебон бир сўз айтиш-чун,
Йўл босдим мен қирқ йил тинимсиз.
Қирқ йил юрдим бетаскин, беун,
Тайёрманми? Билмайман ҳануз…»,

дейди у ва шу сўзига бизни ишонтиради. Айтмоқчи, энг муҳими ҳам ишонч.

Улуғбек Ҳамдам насрий, назмий, адабий-танқидий асарлари билан, улардаги теран ҳис-туйғулари, кенг фалсафий фикрлари, адабиёт илмига фойдали мулоҳазалари билан, энг муҳими, адабиётга садоқати ва фидойилиги билан адабиёт муҳибларининг, илм аҳлининг ишончини қозонди.

Азиз ўқувчи! Улуғбекнинг янгидан тартиб берилган ушбу навбатдаги китоби ҳам Сизларга маъқул келишига ишонаман.

Манба: ulugbekhamdam.uz

003

(Tashriflar: umumiy 74, bugungi 1)

Izoh qoldiring