Ulug’bek Hamdam. To’rt hikoya.

234
Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам асарларини ўқир экансиз, унинг ижодидаги бир жиҳат алоҳида эътиборни тортади. Бу асарларни шунчаки ўқиш мумкин эмас, чунки ҳар битта жумла — ребус, ортида бир дунё фикр ётади. Уларни тушуниб етиш учун ҳар бир жумланинг калитини топишга, мағзини чақишга тўғри келади. Акс ҳолда қониқиш ҳиссини туймайсиз. Асарларни тушуниш йўлида ўқувчидан нафақат кенг дунёқараш, тафаккур, балки, ғайри оддий қарашга ҳам эга бўлиши талаб этилади.

090

Улуғбек Ҳамдам
ТЎРТ ҲИКОЯ

777

ТОШ
(ёки Ёвузликнинг туғилиши)
Ҳикоя)

Негадир юрагим сиқилаверади. Йўқ, чамаси, нима учун бу ҳолга тушишимни биладигандекман. Лекин гап бунда эмас, балки давомийликда. Ахир биз одамзод қалби шаббодага тутилган япроқ мисол айланиб – ўзгариб туради, дея биламиз, модомики шундай экан, нега тушкун кайфият менинг бағримга танда қўйди? Нега у кетмайди, мени тинч қўймайди?.. Билмайман. Аксинча: вақт ўтган сари тушкунлик юрагимнинг туб-тубига иниб, мустаҳкамланиб, аллақандай жинсга, масалан, тошга айланиб бораётгандек. Табиийки, мен ҳам бошқалар сингари баъзан у ёки бу баҳона сабаб юзароқдаги бир дамлик қувончларга чалғийман, бироқ кейин барибир, қаърда ётган ўша тошга – ўша кайфиятга қоқилиб тушавераман, тушавераман… Шунда мен кўпинча ва асосан ўзимни бир ёну, қолган барча одамларни иккинчи томон дея қабул қиламан: гўё улар ҳайқириб оқаётган дарёнинг нариги тарафида бўлса, менинг бир ўзим бу ёқда қолиб кетганман. Устига устак, қош қорайиб бораётгандек. Ажабланарлиси шундаки, мен ёлғизлик ваҳмидан даҳшатга тушсам-да, негадир одамлар билан лиқ тўла иккинчи қирқоққа ўтиб, халос бўлишни хоҳламайман. Гўё мен бир оғир, тузалмас дардга чалинганману улар соппа-соғ. Ва мана шу дард мени улардан ажратиб қўйиб, узлатга абадул-абад парчинлаб ташлаган каби, энди у ҳузурга бориш, одамларга қўшилиб кулиш ва йиғлаш менга бир умрга манъ этилган сингари…

Мана, қаранг, неча фурсатдир қандай кайфият сиртмоғида талваса қиламан мен. Товба-товба, на жоним узиладию ва на лаънати сиртмоқ!..

Бугун ҳам унинг исканжасида тоқатим тоқ бўлганда шартта кийиндим-да, ташқарига чиқдим-кетдим. Чунки кўксимдаги тошнинг залвори тобора тош босаётганини сезиб, бундан тараддудга туша бошлагандим. Кўчада одамларнинг яхшиликларига, мурувватларига рўбарў келсаму зора тош ҳам эрий қолса. Масалан, буйракдаги туз мисол… Ахир, у ҳам овқат, сув ва ҳоказоларни нотўғри истеъмол қилишдан йиллар давомида инсон аъзосида йиғилган тошдек туз-да. Ёки туздек тош… Нима бўлгандаям бунинг ҳам вақтида олди олинмаса, соҳибини алал-оқибат турли азобларга, балоларга гирифтор айлайди. Шунга ўхшаб мен ҳам ичимдаги тош билан узоқ муддат юришни ўзим ва ўзгаларнинг ҳаётига хатар, деб ўйлаб қолдим. У буйракдаги тошдек эримаса ҳам, аримаса ҳам, лоақал ичда — ичкарида қолсин. Шундай дедиму ўзимни ташқарига урдим…

Одатдагидек, катта кўчага ёндош йўлакка тушиб олдим, мақсадим яқиндаги паркка кириш ва дарахтларнинг кузги қўшиғини бирров тинглаб қайтиш эди… Мен жуда оҳиста одимлаб борардим. Шу пайт орқадан қадам товуши эшитилди. Зум ўтмай ёнгинамдан муаттар бўй таратиб, аллақандай ялтироқ либосга чулғанган нотаниш аёл ўтиб қолди. Кайфиятим таъсиридами, билмадим, унга берилиброқ эътибор қилдим. Ҳаммасидан олдин унинг хуш бўйи аллақачон димоғимни қитиқлаб улгурганди, айни чоғда аёлнинг қадди-қоматига кўз солдим: энтиктирадиган даражада гўзал! Одимларим беихтиёр тезлашиб, аёлга мос юра кетдим. Анча муддат шу кўйи йўл босдик. Секин-аста вужудимни ёқимли титроқ қамрай бошлади. Юрак… юрак ўлгурнинг “така-пука”си бир пасда шунчалар бўлдики, энди қадамимни андак секинлатишга ва шу йўсин ҳаяжонимнинг аёл қулоғига етмаслигига тиришдим.

Ботаётган қуёшнинг алвон рангига аёлнинг нимпушти либосию ундаги қирмизи доначалар пайдо қилган манзара шундай ярашиб тушгандики, асти қўяверинг: олам аро мутаносиблик, ҳамоҳанглик деганлари шу бўлса керак деб ўйлаб қоласан. Очиқ елкаларини тўлдириб, дам у, дам бу ёнига чулғаниб бораётган қўнғир сочлар қараган кишининг нашъу намосини қўзғаб, жувоннинг борлиғига хаёлгагина келиши мумкин бўлган афсонавий ҳусн бағишларди. Атрофга тўр солган шафақ тўлқинида аёл гўё қирмизиранг кемадек мағрур сузиб борар, мен эса кўзимни ундан узолмай йўрғалардим.

Оёқлар!.. Навбат уларга етганда нафасим чиндан-да қайтиб кетади ва бироз ўзимга келиб олиш учун нигоҳимни, албатта, атрофга чалғитаман. Ахир улар шунчалар бежирим ва жон олғучи эдики, бунақасини ҳатто чизиб ҳам уҳдасидан чиқиб бўлмасди. Ё қудратингдан!.. Мен томоман асир бўлгандим. Ўзимдан беш-олти одим илгарида кетаётган гўзал мавжудот борлиғига учиб борганча сингиб кетиш истагида ёнардим. Яна бағримда шунақа қаноатни ҳис этардимки, унга кўра мен йиллардир озурда бўлган жонимни шу жононга бахшида қилгим, аниқроқ айтсам, унинг учун ширин жонимни Жабборга топширгим келарди. Ниҳоят энди топгандек эдим ўша қимматни, жон тикишга арзигулик ўша борлиқни! Энди уни қочириб юбориб, қисматим томонидан ҳадя этилган қулай имконни бой бергим келмасди. Ахир, мен кўплар қатори қариб-чуриб тўшакда — яқинлар ҳузурида осуда жон беришдан нафратланардим-да…

Хуллас, мен ҳамон унинг ортидан соядек эргашиб борардим, Раззоқ деб борардим, “Ёрдам эт!” деб ёлборардим… Аёл оёқлари юрагимга гўё кўринмас ришталар билан боғлангандек эди, у ҳар қадам олганида кўкрак қафасим ўйноқлаб кетарди. Хаёлимга “хиром айлаб борарди” ибораси урилди. Мен қаердадир ўқигандим: чамамда гўзал аёлларнинг чиройли қадам олишлари шундай таърифланарди. Ҳа-ҳа, у юрмасди, балки айнан хиром айларди: навозиш ила, сеҳр ва афсун ичра… Бир муддат кўзим тиниб, бошим айланиб кетди. Қадамимни секинлатмоқчи, гўзаллик таратаётган нурдан хиёл узоқлашмоқчи ва шу тариқа ичимдаги мувозанатни қайта тикламоқчи бўлдим. Бироқ оёқларим менга бўйсунмасди. Оёқ не, энди менинг бутун борлиғим, тақдирим аёлнинг измида, ундан таралаётган аллақандай чексиз даражадаги ҳузурбахш куйнинг, овозсиз бир қўшиқнинг етагида банди эди. Ҳа-ҳа, банди эди!..

Мен керакли сўзни – моҳиятни очиб бергувчи калитни топиб олганга ўхшардим: аёлнинг шу туриши, шу кетиши, шу қиёфа-ю шу ҳоли ажиб бир қўшиқ эдики, мен жон қулоқларим билан уни эшитардим, бутун борлиғим — жисму жоним қўшиқ измида, унга мутаносиб тебранарди. Шунда менинг ўзим ҳам шафақ рангида чўмилаётган дарахтзор (биз паркка кириб боргандик) ичра сузиб борардим. Атрофни, атроф не, оламни, ботинимдаги оғриқли оламимни – бадбин кайфиятимни – бағримда чўкиб ётган тошни, унинг залворли азобини унутгандим. Ҳайҳот, дунёда шундай саодатлар ҳам бор экану биз ғафлат босиб қаёқларда юрган эканмиз!..

Дарахтзор тугаб биз яна катта йўл ёқасига чиқиб қолдик. Аёл чапда кўринган бозор томон юрди. Мен унга эргашдим. Кейин у одамлар тўпланиб турган жойда тўхтади. Мен ҳам яқинлашиб оёқ илдим, узоқроқда эмас, йўқ-йўқ, аёлнинг шундоқ биқинида. Хушбўйлари аримасдан уфуриб турадиган масофада тўхтагандим. Қандай бунга журъат этдим — ўзим ҳам билмайман. Билиб-сезиб турганим: аёл ўз борлиғи билан мени тобора маҳв этиб борар, мен эса шамдек эриб битаётгандим…

Шу асно аёл ён томонга бир-икки одим ташлаб нимагадир қизиқсиниб қарай бошлади. Шунда мен унинг тўлин ойдек юзини, узун киприкларини, камон қошларини, ғунча лабларини кўрдим. Ҳаяжонимга чегара йўқ эди. Беихтиёр иккала қўлим билан кўкрагимни чангалладим: назаримда юрак ўлгур қафасни ёриб чиққудек талвасада қолганди…

— Юрмайсизми? – кимдир елкамдан енгил туртди. Мен бехосдан олдинга мункиб кетдим ва шундоқ рўпарамда каттакон идишда қалашиб ётган балиқларга дуч келдим. Улар тирик эди! Сувсизликдан қийналиб, дам униси, дам буниси потраб осмонга сапчирди! Негадир шошиб аёлга қарадим: ёпирай, унинг кўзларида ёввойи бир шавқ ўйнарди!.. Айниқса, балиқлар ҳар сапчиганида сичқонга ташланиш олдида турган мушукдек нимагадир шайланарди, дўндиқ лабларини ялаб, тамшанарди. Шунда менинг кўзимга унинг оғзи қип-қизил қонга ботгандек кўринди. Аслида лабдаги бўёққа тегиб кетгандир менинг нигоҳим ёки шафақнинг ол рангида шундай туюлгандир у. Ёки қирмизи либосининг кўз соққаларимда қолдирган сояси бўлиши ҳам мумкин-ку… Лекин мен учун аёл лаблари шу тобда барибир қон эди. Ҳа-ҳа, эндигина қотиллик қилган йиртқичнинг тумшуғидек қон эди унинг оғзи…

Аёл сотувчига нимадир деди. Сотувчи эса жавобан иккита каттагина балиқни олиб тарози палласига қўйди ва вазн кўрсатгичига қаради. Шу асно палладаги балиқлардан бири думини “тап-тап” этиб паллага урди. Аёлнинг кўзлари йилтиллаб, дамодам ютинди. Сотувчи эса балиқни бармоқлари билан босди, тинчлангандек бўлгач яна кўрсатгичга қаради. Балиқ яна потради. Тарози кўрсатгичи яна ўйнади. Сотувчининг сабри тошди, балиқни палладан стол устига олди-да, тарози тоши билан – худди пачоқроқ одамнинг кичикроқ калласидек келадиган думалоқ, қоп-қора тош билан нақ бошига жиққиллатиб туширди…

…Бирдан кўнглим айниди, ич-ичимдан нимадир отилиб келди. Мен ўзимни четга олишга улгуролмадим, аёлнинг шундоқ оёқлари остига қайт қилдим. Балиққа навбатда турганлар худди вабодан қочгандек ўзларини четга олдилар, жумладан аёл ҳам. Бироқ ҳеч ким балиқ харид қилмасдан кетиб қолмади. Ҳатто аёл ҳам… Қусуқ унинг оёқларига, оппоқ туфлисига сачраган экан, ғудранганча (ҳар ҳолда мени сўкди) сумкачасидан салфетка чиқариб артти-да, сотувчи узатган халтага мамнун қўл чўзди…

Кимдир “Нима бўлди сизга?” дея менга ҳамдардлик билдирди, кўпчилик эса уришди. Сотувчи бўлса ҳайдашга уринди: “Боринг, кетинг бу ердан, савдониям ўлдирдингиз!.. – Кейин сансиради: — Обкет анави мағзавангни!..”

Лекин бу вақтда кекса бир киши қусқи устига тупроқ сепаётганди… Тузукроқ разм солсам, мўйсафид жудаям ўзимга ўхшарди. Фақат ёшимизда катта фарқ бор эди, холос… Бошқа ҳеч нимани эслай олмайман: у ерда яна қанча муддат қолдим, аёл қаёққа кетди, қандай кетди – билмайман. Чунки мен бағримнинг туб-тубида чўкиб ётган ўша азим Тошга яна бошим билан урилгандим: дунё унга, яъни бошимга қўшилиб айланарди. Энди борлиғимда чалинаётган куй-қўшиқ ғойиб бўлганди, унинг ўрнида яна аввалги бадбин кайфият ҳукмрон эди ва мен унинг мустаҳкам тўрлари чангалида ўзимни бениҳоя ночор ва ғариб сезардим…

Ўша куни кечаси мижжа қоқмай тўлғониб чиқдим. Тонгга яқин эса кўзим илинибди. Кейин туш… Унда мен қўлимда тош билан кўчаларни кезар, дуч келган одамнинг бошига у билан урар, қонатар эканман. “Ахир бу… ахир бу тош менинг ичимда эди-ку, қачон, қандай қилиб қўлимга тушиб қолди? Нега у чиқиб кетди? Нима учун?..”, дея ўйлаб сиқиларканману негадир даҳшатли юмушдан ўзимни тўхтатмас, тўғрироғи, тўхтатолмасмишман. Йўлимда учраган эркагу аёл, каттаю кичик — бари-барининг юз-кўзини шафақ янглиғ қонга бўяб бўлгач, ҳов узоқда кўриниб турган тоққа шиддат билан йўналибман. Кўнглимга қулоқ тутсам, тоғнинг энг баланд чўққисига чиқиб, ҳаёт дебочаси — қуёшни тошбўрон қилишдек ёвуз ниятда ёнаётган эканман. Хаёлимда эса фақат бир манзара — сотувчининг балиқ бошини уриб мажағлагани ва аёлнинг қип-қизил оғзи айланар, айланар ва яна айланармиш…

1997

777

УНУТИЛГАН НАЙ НАВОСИ
(туш-ҳикоя)

Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.

Мавлоно Румий

Олис-олисларда чалинган ҳазин най саси ниҳоят яқинлашиб, шундоқ қулоқлари остида янграганда А. чўчиб уйғонди. Уйғондию негадир бу сафар най садоси уйқуси билан бирга ўчмади: аксинча, эндигина у кўз очган хобхонани, даҳлиз ва йўлакни, ҳатто ташқарини, борингки, бутун оламни тўлдириб чалинди, чалинаверди. А.нинг кўнгли суст кетиб, хотирасига болалиги… раҳматли бобосию момоси, эски, кунгай девори нураган, томи лойсувоқ уйлари қалқиб чиқди. Туғилиб ўсган кўчасини, отасию онасини, раҳматли акасини, укаларию жўраларини қўмсаб ичига аллатавр титроқ кирди. Қани энди шартта жомадонини қўлига олсаю ҳайё ҳуйт дея хешу тоборнинг қошига қайтса, қайта олса… Бироқ борган билан нима, уларнинг қай бирлари ҳаёт, қайбирлари йўқ энди… Юртга дўниш билан болалигию унга тегишли ҳууув сеҳрли оламни ҳам қайтариб бўлсайди…

А.нинг ўпкаси тўлди, ич-ичидан аламли хўрсиниқ отилиб чиқдию зум ўтмай унсиз йиғига, йиғи эса зўр ичикишга айланди…

— Что с тобой? – хотини ажабланиб қаради.

— …

— Ну, что случилось-то?.. – аёл ўрнидан туриб, кароват четида деразадан ташқарига – шовурли кўчага ғарибона кўз тикиб ўтирган эрининг қошига борди.

— Постой, не шуми… Слишишь? – деди қучоғини очиб аёлини бағрига олмоққа тутинган А.

— Чего слишить-то, уличный шум что-ли? – росмана ҳайрон бўлди рафиқаси.

— Чего-чего, най!.. Как это по русски было, а-га, флейта кажется, флейта играет…узбекский… — кўзларидан оқиб тушаётган шошқатор ёшларни артиб олди А.

Хотин бу гал индамади, эрига синч ила қараб ўтирди-ўтирди-да, нималарнидир ҳис қилганнамо салмоқли қўзғалди, ошхонага ўтиб бир стакан сув келтирди.

— На, выпей, легче станет…

А. хотинининг танбеҳларига қулоқ осмай, нонушта ҳам қилмасдан малул ва забун бир алфозда кийиниб ташқарига чиқди. Ахир, ичкарида ҳалиги най навоси бардавом янграб турган бўлса, қандай қилиб томоғидан луқма ўтсин? Ё наво ё ғизо-да! Иккаласини бирданига, бир пайтнинг ўзида ҳазм қиладиган зот… валлоҳу алам, қандай жинс экан? Аммо унинг инс бўлиши даргумон…

Москва кўчалари кўча эмас, нақ гавжум шарқ бозорлари денг – на олдинга юриб бўлади ва қўл силтаб орқага сурвориш. Ихтиёрингни тамомила автолар оқимига топширмоқдан ўзга чоранг қолмайди. Кирмоқда ташаббус қўлларингда бўлару тарк этмоқда асло. Жавониб турли-туман русум, ҳажм ва тусдаги замонавий аробалару улардан таралаётган баланд-паст товушларга тўлиб кетган. Шунда А. ботинида субҳи содиқдан бери тинимсиз чалинаётган най навосининг қаёққадир ғойиб бўлганини сезиб қолди. Ажабланиб, юрагини тинглади: шаҳарнинг бадга уриб кетган ҳиссиз гувиллаши эшитилгандек бўлди… “Тав-ба-а-а,” деди чўзиб…

Лоф эмас, бир ошни пишириб егулик фурсатда А. ишхонасига дилтанг бўлиб кириб келди. “Яёв юрсамам шунчалар вақт кетар-оов…” деб қўйди у машинани офис биноси тумшуғига тираб тўхтатаркан…

Кечгача қоғозларга кўмилиб, котибасига аччиқ-аччиқ қаҳва дамлатиб ичиб, босим ўтириб ишлади… Бир маҳал, ходимлари хайрлашиб чиқишаётган палладагина юмушдан бош кўтарди ва кун қайтиб, шом тушганини, қорнининг бўлса пўстак бўпкетганини ҳис қилди. Ҳамма уйига ошиқаётган тиғиз пайт бўлгани боис тирбанд йўлни ўйлаб гўшакни олди, котибани чақириб, унга ҳар доимгидек овқат буюришини тайинлаб, “потом можешь идти” деди-да, диванга ясланганча телевизор тугмасини эзди. “Хабарлар”дан юраги ториқиб, каналларни айлантиришга тушди. Ниҳоят, “National geografice” да тўхтади. Ҳайвонлар шоҳи — шерлар ҳаётидан лавҳалар кўрсатилаётган экан. Айниқса бир нар арслоннинг аччиқ қисмати А.нинг эътиборини жалб қилди. Унинг тўшидан қуйироқ — чап оёғининг бошланиш қисми йиртилиб, чак-чак қон оқар-да, бояқиш йўлида тўхтаб-тўхтаб дамодам ярали бағрини ялар, сўнг яна чор-ночор одимларди. “Нима жин урдийкан буни?” хаёлидан кечди А.нинг. “Биронта ўзига ўхшаган билан майдон ёки лахтак гўшт талашдимикан… Дарбадарлигининг сабаби мода шерми ё…”

“Шербаччалар ўсиб улғайиб вояга етгач, ўз тақдирига юзма-юз бўлиш учун ота-онасининг қароргоҳини тарк этиб чиқиб кетишади, — дея гап бошлаб қолди шарҳловчи. – Булар ҳам худди ота-оналари каби ўзларига тайинли қўнимгоҳ қидириб борадилар. Тақдир насиб, шундай саодатга эришсалар, ўзларига ватан тутган маконларию жуфтларини жонларини жабборга бериб қўриқлашади. Агар бундай масканни барпо этишолмаса ва ёхуд уни жангда бой беришса, тағин якка-ёлғиз қолишади. Ёш, бақувват чоғларида улар боз ўз гўшаларига қайтиб, йўқотилган мавқеларини қўлга киритишга ва ёхуд бошқа жуфт топиб, янги маснад барпо этишга уринадилар. Кексайиб, кучдан қолганларида эса, афсуски, на униси ва на бунисига муяссар бўлишади. Бундай сўққабошларни кўпинча бехайр тақдир кутиб туради…”

Арслон саваннанинг бепоён кенгликларида бесамар юра-юра ахийри ҳолдан тойди чоғи, қулайроқ жой топиб аста ёнбошлади. Сувсизликдан, чарчоқдан бўлса керак, ҳарсиллаганча тез-тез нафас оларди. Дам ўтмай у пахмоқ бошини эгиб, қонли ярасини ялади, сўнг атрофга олазарак боқди. Ҳайвон-да, сезган кўринади: нарироқда ғингшув ва чийиллаш ўртасида аллақандай товуш чиқарганча сиртлонлар галаси мўлтираб туришарди. “Афтидан сиртлонлар шернинг ўмганидан силқиётган қон ҳидини олишган кўринади” дея изоҳ берди шарҳловчи.

Сиртлонларнинг олд қатордагилари макказор ичидан эндигина чиқиб келган ҳервайган кучуклардек қулоқларини динг қилганча арслонга қизиқиш ила серрайиб қараб туришарди. Шер аввалига пинагини бузмади, ҳатто жавобан ташрифчиларнинг юракларига қўрқув солароқ қисқа наъра ҳам тортди. Лекин сиртлонлар бир гала эди: тўда енгил бир қўзғалиб қўйдию тирақайлаб қочиб кетмади. Бир пас ўтиб эса ярадор шер пажмурда ҳолини, ёлғизлигини эслаб қолдими, ўзи туриб ҳафсаласиз одимлади… ҳар на, балодан узоқ…

Эртасига анча ўзига келиб қолган оч арслон сув бўйида ташналигини қондириш учун пайдо бўлган антилопалар подасига ҳужум қилди ва кичикроқ, нимжонроқ кийикни тутиб олди. Алҳол, сайёд сайднинг юмшоқ бўғзига ўткир, бақувват тишларини ботирганча қимир этмай кутди, сўнг танани жон тарк этиши ҳамон бўшатиб, қаддини тиклади. Йиртқич жон ҳолатда чопганидан тили нақ бир қарич осилиб ютоқиб нафас олар, шу баробари теграсига хавфсираб қарарди. Нафасини ростлаб, тин олволгач, кийик лошини тишлаб панароқ жойга судраб кетди ва шу аснода изига тушган кечаги сиртлонлар тўдасини пайқаб, ортига ўгирилиб ириллади. Сиртлонларнинг пешқадамлари андак ҳадиксирагандек, илкис тўхтаб, ўзларини у ён — бу ёнга ташлаб тайсаллашдию хиёл ўтмай яна тўп бўлиб, бир-биридан юрак ва қувват олиб илгари босишди. Арслон кўрдики, улардан ўлжани олиб узоққа бориб бўлмайди, инчунун, “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” суллоҳ ғанимларига ҳамла қилди. Сиртлонлар галаси тирқираб қочишга қочдию, лекин олислаб кетмади, яна сурбетларча, энди ҳар томондан мўр-малахдай ёпирилишди. Шеър наъра тортиб тағин ҳамла қилди, шунда бошқа ёқдан пусиб ёвуқлашаётган сиртлонлар ўлжага ёпишишди… Алқисса, арслон вазиятни бошқара олмай ожиз қолди: антилопа қони таъмини туйган сиртлонлар энди шернинг ўзига тап тортмай човут солишга журъат этишарди…

“… орадан бир неча кун ўтди. Жаноб арслоннинг аҳволи эса анча хароб кўринади. Сиртлонлар орасидан омон чиқишга чиқдию, лекин аввалги битта жароҳати ўн бўлган ҳайвонлар шохи энди оёғини аранг судрамоқда. Ўз гўшасидан, яқинларидан, ҳимоячиларидан айрилган, устига устак, очлик ва жароҳатлардан силласи қуриган абгор шернинг бундан кейинги қисмати янада аянчли кечиши шак-шубҳасиз…” деб бидилларди шарҳловчи…

А.нинг ҳайвонга раҳми келди, кўрсатувнинг давомини кўришга юраги дов бермай телевизорни ўчириб қўйишни истаб турганди, эшик тақиллаб, остонада “Ваш заказ” деганча ҳамишаги мутавозе гарсон йигит ҳозиру нозир бўлди…

— Поставь на стол, — дедию ўрнидан оғир қўзғалди А. ва беихтиёр равишда бармоғи билан пультни босиб юборди. Экранда мусиқа канали пайдо бўлди ва не ажабки, унда най садоси янграр, най чолғусининг ўзи ҳам турли ракурслардан намойиш этиларди. А. тап этиб ўрнига чўкди, қўли билан эса лаганбардорга “эшикни ёп” ишорасини берди.

Бу ўша куй эди, ҳа!..

“Во дариғ, бу нимаси? — тилига бодроқдек тошди саволлар А.нинг. – Мен билан ким беркинмачоқ ўйнаяпти, ким? Нега яна най? Тағин тушимдаги нағмаси билан? Бунинг сирру синоати недир?..”

Кўп ўтмай А.нинг ўзига ўзи бераётган сўроқлари тинди. Тинди, чунки, юраги найдан таралаётган дилўртар, ҳазину соҳир мусиқа таъсирида эриб сув-сув бўлган, хаёлида яна деворлари қор-ёмғиру жазирадан нураган пастқам кўҳна уйу унинг атрофида, негадир, офтобшувоқда ҳар-хил юмушлар билан куймаланиб юрган бобосию момоси, отасию онаси, акасию укалари…нинг мукаррам сиймолари гавдаланди. Най навоси жуда узоқ янградими, бу куй умри давомида А. ўзи босиб ўтган, шу кунгача ва шу ергача бўлган бутун ҳаётини хотирлаб улгурди. Қўй боқиб, болалик дўстлари билан қувлашмачоқ ўйнаб чопган беғубор, бегидир кезларидан тортиб, мактабга, биринчи синфга боргандаги туйғулар, илк бора қўшни қизга севгисини мактуб орқали изҳор айлагандаги унутилмас кечинмалар ҳам ташриф буюрди унинг шу ондаги ҳолу руҳиясига. Кейин талабаликнинг олтин дамлари, қўшни қизга… ўша маҳбубага уйлангани, зум ўтмай эса аскарлик сафига чақирилгани ва… мана шу “ва”дан сўнг А.нинг ҳаётида туб бурилиш содир бўлгани… Ҳа-да, хизматдан қайтиб келгач, не қулоқлари билан эшитсинки, севгани ўша ойжамол бошқа бир йигит билан гап-сўз бўлиб турибди-да. Орият ғолиб, хотинига бир сўз ҳам демай, шартта уйдан чиққан-кетган. Тақдир шамоли, — энди кўринг, — бизнинг қахрамонни қайларга келтириб ташлабди. Ў кун билан бу кун орасидан, ўҳ-ҳўў, қанчадан қанча аччиқ-чучук сувлар оқиб ўтмади, дейсиз. Аммо-лекин нега яна шуларни ўйлаб қолди экан у, — ўзи ҳам билмай турибди А.нинг. “Елкамнинг чуқури кўрсин бу сотқин қишлоқни!”, деб қасам ичиб кетганини унутдими ё?..

Йигитнинг ризқи кўчада бўларкан, ўқишини Московда давом эттирди, таълим поёнига етгач эса мегаполисда қолди, тиришқоқлигидан йўллари ҳам секин-аста очила борди. Энди қарасангиз, завқингиз келади, кечагина чекка бир қишлоқда қўй-мол боқиб, шими тушиб юрган ўспирин бугун курраи заминнинг энг узуқара шаҳарларидан бирида каттакон идора раҳбари. Насоро бўлсаям ўттиз йиллик турмуш ўртоғи билан икки фарзандни вояга етказишиб учирма қилишди. Айтаверсак гап кўп. Алқовларимиз шу даражада сарбаландки, оқкўнгилларнинг ҳаваси, қоракўнгилларнинг ҳасади келади-я… Фақат… фақат шу най балоси қайдан чиқиб қолди?.. Чиққани бир гўр, нега у А.нинг ботинида ҳадеб чалингани чалинган? Нима учун у чалинганда А.нинг бутун ўтмиши, туғилиб ўсган юрти, ўша ернинг яхши-ёмон, катта-кичик одамлари ёдига қалқиб чиқаверади, чиқаверади? Яна ўшаларни қўмсаб, соғиниб ичикканига ўласанми…

Бир маҳал эшик енгил тириклаб, қия очилди ва бояги лаганбардор йигитнинг сермулозамат чеҳраси кўринди. Аммо у стол устида қўл урилмаган овқатга кўзи тушгач, бир зум довдираб турди.

— Мне попозже подойти, да?

— А-а! – хитоб қилиб юборди чўчиб ҳушига келган А. — Да, нет, сынок, можешь забрать еду, что-то аппетит пропал. Сколько с меня? – ёнини кавлади А.

Гарсон билан ҳисоб-китоб қилгач, эзгин бир ҳолатда ўрнига чўкиб, бошқа нарсаларни кўрсатишга ўтган ТВ га дам берди-да, кўзларини юмди. Фақат… фақат куй унинг ботинида янграшда давом этаверди…

Алламаҳалда қўл телефони асабий жиринглаб сапчиб туриб кетди.

— Алло! Привет. Где носишся? С тобой все в порядке? – рафиқасининг ташвишманд овози келди.

— Привет… – сўнг бир пас сассиз қолди А. – Извини, сейчась приеду. Вздремнул наверно…

***

Шу-шу А.нинг хаёли қочди. Юрса-турса, ухласа-уйғонса… ич-ичида ҳеч тинмас най навосини эшитадиган, унинг жўрлигида болалигига, ташлаб чиқиб кетган юртига, у ерда қолдириб келган қариндош уруғига, дўстларига талпинадиган бўлди. Еб-ичишидан, туриш-турмушидан, иш-кучидан маза-матра қочди…

Ўйлай-ўйлай мегаполисдаги юртдошларининг доимо тўпланиб турадиган ресторанига йўл солди. Ҳамюртларининг тандирдан энди узилган нондек иссиқ, тансиқ чеҳрасини кўрса-диллашсаю, зора кўзига най қиёфасида кўрина бошлаган инс-жинсларнинг ҳужумидан халос бўла қолса….

Уч-тўрттаси бурчакда тўпланиб олиб тош ташлашиб ўтиришган экан. Ораларига суқилиб кирди. Ўз она тилида кўнгиллашмоққа уринди. Негадир гаплари қовушмади. “Ты наверно очень устал, давай в баню сходим, там отдохнешь как следует” дейишди пировард натижада миллатдошлари мурувватона. А. бир пас ўтириб у ердан ҳам ҳомушу афтода бир кўйда чиқди. Назарида бу улкан шаҳардаги миллатдошу юртдошларнинг ҳаммаси – ўзи дохил — ёғи адо бўлаёзган пиликдек тутаб боришаётганди. Чунки ўзларидан кейин… тамом — нуқта. Фарзандлари — бошқа олам, бошқа одамлар! Улар шу тупроқнинг фуқаролари, тилидан тортиб руҳигача…

Балки…

Ҳа, А. ниҳоят енгилди – кўнглига ён берди… Учоққа билет олдию Ўзбекистонга учди. Ботинда чалина бошлаган най навоси уни Ватанга бошлаб кетди…

***

Укасининг уйига тушди. Ҳа, энди бу уй инисига қарайди. Кўп аввал ҳаммалариники эди. Роса умргузаронлик қилган бувасию бувисидан ўн йиллар ўтиб, бирин-сирин ота-онаси ҳам дорилбақога рихлат қилишганди. Охирги марта А. ўшанда, маросимларда келганди. Шундан бери йиллар турна қаторларидек кўк юзини тўлдириб учишди, учишаверди…

Ташрифидан укасининг боши осмонга етгани офтобда куйган қорамағиз юз ифодаларидан, ҳис-ҳаяжонга, меҳрга тўла жондек азиз сўзларидан шундоқ билиниб турса-да, келиннинг сира очила қолмаган қовоқ-тумшуғи А.нинг таъбини хира торттирди. Келган куни уни кўргани кирган узоқ-яқин қариндош-уруғу қўни-қўшни билан ранг кўриб, ҳол сўрашди, эртасига эртамандан атроф-теваракни айлангани пиёда жўнаворди.

Аввалига ўзи ўсиб улғайган кўчани у бошидан бунисига гўё болалигини қидирган каби бир неча марта бориб келди: йўқ, бу кўчани унинг тамизи таниди, холос, кўзлари, ҳислари эмас. Кўча бутунлай ўзгариб кетган, бегона уйлар, бегона чироқ устунлари, бегона дарахтлар… қўйингки, унинг қаршисидаги манзара тамомила ёт эди. Ҳатто рўпарасидан чиқиб, унга “нотаниш одам нима қилиб юрибди бунда?” дегандек аллатовур қараб, саломни канда қилиб ўтаётган ёш-яланглар ҳам бегона эди. Хаёлида болалиги жонланди: тупроқ йўлда тўп тепишаётганда ёхуд у ёқдан бу ёққа турфа юмушлар билан чопиб юришганда катталарга дуч келинса, бир қўлларини кўкраккача кўтариб, “Ассалому алайкууум!” дея чўзинчоқ такаллуф ила сўрашишар эди-ку! Қаёққа кетди ўша одамлар? Қирғийқараш қилиб, А.нинг юзига безбетларча тикилиб ўтиб кетаётганлар ўша сермулозамат авлоднинг жужуқларими?..

А. буларни хаёлидан ўтказди, холос, юрагидан эмас. Зеро, совуқ Московнинг бети қалин фуқаросига бу ердаги илмилиқнинг таъсири чикора…

А. шу кўйи анчагача кезиниб-тўзди-да беихтиёр йўлни сувбўйига бурди. Далалар оралаб бир муддат кезингач, манзилга дорди. Воҳ, қишлоқдаги ўзгаришлар ҳолва экан: сув қани? Унинг икки бўйида хатосиз қатор ўсган гур толлар-чи?.. Толлар-ку кесилиб кетибди, лекин маҳобатли каналнинг ўзи ҳам бутунлай бошқа манзара касб этибди: унинг бетидаги ўт-ўлану юлғун-янтоқлар қирилиб, устига силлиқ қилиб бетон ётқизилибди. Энди каналнинг ҳамма жойи бир хил! Сув ҳам ўзаннинг тагида шилдираб оқиб турибди…

А. “оёқнинг чигалини ёзиш”дан қайтганида шом туша бошлаганди. Далайўлдан маҳаллага киришда, тўрт кўча кесишган чорраҳа бор эди, шунинг кунжагидаги чойхона гавжум – кўзи тушиб бир энтикди А. ва шу ёққа аста одимлади.

— Э-э-э, кесинла, кесинла! – уч-тўрт киши қўзғалиб қучоқ очишди. Кўпчилик эса нотаниш киши билан илк дафъа кўришаётгандек анчайин бепарво қўл чўзишди.

— Қайси шамоллар учирди, домдараксиз йўқ бўпкетувдинг-ку? — сўради А. билан битта мактабда, икки синф юқорида ўқиган, ўша пайтларда қўшни бўлган миқти, шопмўйлов одам. А. шунча тиришиб ҳам унинг исмини эслай олмади. – Ё от айланиб, қариб-чуриганда қозиғини излаб келдими, ҳа-ҳа ҳа!.. – қаҳқаҳа урди миқти шопмўйлов. – Вей, нега лом-мим демайсан, ўзи ўзбекчадан қолганми ё ўрисча сўйлайликми, воҳ-ҳа-ҳа!.. – мўйлов ҳам гапирар, ҳам кулар, ҳамда А.ни етаклаб чойхона ичига, даврага бошлаб борарди… — шунча вақтдан кейин қишлоқни адашмай топиб келганингга қойилман, ҳа-ҳа-ҳа!..

А. гулдаврада алла-паллага довур очилиб-сочилиб ўтирди. Лекин орадан анча-мунча аччиқ-тиззиқ гап-сўзлар ҳам бўлиб ўтдики, бундан А.нинг кайфияти тушди. Нима эмиш, бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўйилмасмиш. Ҳа, қурмағур ҳамқишлоқлари А.нинг қўлига гугурт тутқазиб қўйишди. Бир пасдан сўнг қаловини топиб, уни хиёнатда, қишлоққа, юртга хиёнатда айблашди. “Тавба, — деди ўзига ўзи А. – аслида, ўзлари мени сотишди-ку!..” Давра ширакайф эди, шунинг учун А. бу гапларни юрагига яқин олмасликка уринди. Қолаверса, бу қачонги гаплару, эҳ-ҳе!.. Лекин А.ни сотқинга чиқарган давра кўп ўтмай ундан “бизниям ўзинг билан олиб кет, иш топиб бер”га тушди… Шундан кейин А.нинг кўнгли росмана оғриди, узр сўраб турди…

Икки кунда кўрган-кечирганлари А.ни кўп мутаассир этди. Аммо қалбига қулоқ тутганда, недир фурсатдан бери ичида тинимсиз чалинаётган най саси қаёққадир ғойиб бўлиб, ўрнида ғаройиб бир фароғат осудаликка чулғаниб жимирлаб ётганини сезди. “Худога шукур” деди қониқиш билан пичирлаб…

Кечаси алламаҳалда А. бошқаларга билдирмай, ими-жимида биттагина иниси билан аэропортга чизди.

Бағирлашиб хайрлашишаркан:

— Бир ҳафта тураман дегандингиз? – номанзур иш қилиб қўйгандек ҳижолат чекиб сўради жигаргўшаси.

— Идорадан сўраб қолишди дедим-ку, укажон, — чинни яширди А. Лекин беркитилган чин нимадан иборат эканлигини ўзи ҳам тузукроқ фаҳмлай олмасди. Ҳар ҳолда келиннинг бадқовоқ суратига ёхуд айрим тутуриқсиз ҳамқишлоқларининг баланд-паст гап-сўзларига қараб қолган одаммас-ку у! Хоҳласа, олисроқдан — район марказидаги меҳмонхонадан шартта жой оларди қўярдида…

Самолётга ўтириш бошланганда ҳам А.нинг хаёлида шошиб кетишининг асл сабабига йўналган тахминлар чарх урарди. Уришга урардию, ҳеч бирида қўним топмасди.

Ниҳоят, учоқ ҳавога кўтарилганда А.нинг юраги енгил ҳапқирди. Чуқур- чуқур нафас олишга тиришди, кўзларини юмди. Юмдию уларнинг ичидан — зулмат қаъридан ёришиб найнинг суврати пайдо бўлди. Шу ҳамоно ботинида куй янгради!..

А. бир зум довдираб қолди, шошиб қобоқларини очди. Юраги орзиқиб, орқага тортди. Куй эса тобора авжлана берди. Шунда… шунда А. ғайришуурий равишда кўнглига бўйсиндию учоқ дарчасидан пастга қаради: во ажаб! Ортда, ҳууув пастликда қолган, милион-милион чироқларга бурканган шаҳар ва қишлоқлар узун машъладек товланиб ётар ҳамда у самолётнинг тобора юқорига ўрлаши баробарида эшилиб, найга, ҳа-ҳа, айнан найнинг қиёфасига айланиб борарди…

А. ўз ботинида чалинаётган навонинг қайдан келаётганини ниҳоят топган, ҳайратдан тошдек қотганди… Фақат… фақат вужудини кўтариб бегона юртга учиб кетаётган темир қушга кўнгил нидосини — “тўхта, тушиб қолайин!” деган кучли истакни демас, деёлмасди…

2010 йил, ноябрь-декабрь

777

ПИЛЛАПОЯ

(Устозларимга бағишлайман)

Агар ҳақиқат менинг юзимга оёқ босиб  ўтишни тақозо этсаю сен буни қилмасанг, асло рози эмасман.

Баҳоуддин Нақшбанд.

Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл!

Эркин Воҳидов.

Одамларнинг оқими худди пишқириб оқаётган дарёни эслатарди. Кимдир қаддини тик тутган ҳолда ўртада гердайиб борар, кимдир эгилиб-майишганганча четда, пиллапоя тутқичига суянган кўйи аранг ҳаракатланарди. Ҳамма ўз кучи етганча кўтарилиб борарди-да, узун йўлакдан бошланган қаватларга кириб кўздан ғойиб бўлишарди. Аммо кўпчилик, барибир, имкон қадар юқорироқ чиқишга орзуманд эди. Атиги бир қават бўлса ҳам тепароққа илашгиси келарди уларнинг. Шунинг-чун ҳам вужудини куч-қувват бутунлай тарк этгунга қадар кўтарилиб келиб, ниҳоят, ҳоли ўзига аён бўлгачгина қаршисидан чиққан қаватга чор-ночор ўзини топширарди. “Чекимизга тушгани шу экан, нимаям қилардик, пешона…”, дея ўзаро ғудранишади одамлар қаватларига кириб кетишаркан. Аммо яна шундайлар бор эдики, улар ўз ҳолларини билмасдилар: чарчаб, ҳарсиллаб, тили бир қарич бўлиб осилиб қолганига қарамай, кўзлари юқорида олма терар, ёнидан ўтиб кетаётган ҳар қандай бир йўловчининг қўлтиғига безбетларча кириб, тағин бир неча зина тепароққа чиқиб олишарди. Лекин “ўзингда йўқ, оламда йўқ” дейишганидек, ҳатто мисканадек ёпишқоқ ва сур мана шулар ҳам бировнинг кўмагида узоққа боришолмай, зинада ёки бирон қаватнинг киришида йиқилиб, ерларда хор бўлишарди. Уларга қараб турсанг, нигоҳларинг булғаниб кетади. Яхшиси, кўзни пок тутмоқ керак, дейсан ўзингга ўзинг улуғларга эргашиб.
Зиналар бўйлаб кўтарилиш, бир қарашда, спорт мусобақасини ёдга соларди: ҳамма биринчиликни олишни, ғолиб бўлишни истаб, гўё жон олиб, жон берарди. Кузатиб қарасам, издиҳомнинг бундай кайфияти менга ёқмади. (Ўзи шунақаман: кўпчилик истаган нарсалардан қочиб юраман. Мусобақа руҳини ёқтирмайман.) Инчунун, оқимнинг ичидан айрилиб чиқдиму пастга, келган жойимга қайтиб туша бошладим…
Тушиш ёмон бўларкан. Чиқаётганда ҳансираб, толиқиб, ўпкам шишган эдию, барибир, кўпчилик ҳосил қилган катта оқим кўмагида унча малоллик сезмаган эканман. Энишда эса нафасим равон, енгил бўлиб қолганига қарамай, оқимга қарши бораётганим учун бўларим бўлди: ҳали у, ҳали бу елкалару ўмганларга уриниб чирпирагим чиқади. Айниқса, одамларнинг саволчан нигоҳлари, “жинними бу?”, дегандек жирканиб қарашлари серандиша табиатимни найзалаб ташлади. Лекин нима қилай, тушишдан бошқа иложим йўқ, тепадаги талашиб-тортишиш менга манзур келмади. Яна денг, умуман, пиллапояга дуч келганимдан буён ихтиёрим ўзимдадек туюлгани билан жуда унақа эмасди. Менинг менлигим шу билан, пиллапоя билан тирик эди. Шу маънода мен унга боғлиқ эдим…
Шундай қилиб, мен зинанинг энг қуйи қисмигача инишга қарор қилдим. Қани, у ерда нима бор экан?.. Тепадан пастга қараб келаётганда якка ўзим эдим. Менга шундай туюлганди. Бир неча зина пастга тушганимдан кейин ортимга боқиб, менга ўхшаганлар анчагина эканлигини кўрдим. Яна бироз ўтгач эса “мен” “биз”га, “биз” эса “оқим”га айланганини билдим. Демак, оқимга қарши оқим. Бири тепага, бошқаси эса пастга қараб оқади…
Мен пастдаги ялангликка қадар эниб бордим ва негадир илкис тўхтадим. Чунки… чунки ерга тушгандан кейин ортга, тепага қайтгим кепқолди. Бунинг сирини сизга тушунтириб беролмайман. Тепада экан, бирданига пастга тушгим келганидек бўлди ҳозир ҳам. Нима қилай, айтдим-ку, ҳеч бир нарса менинг ихтиёримда эмас эди деб, шунга. Қолаверса, у ер зерикарли туюлди менга. Қиладиган иш ҳам йўқ, борадиган жой ҳам. Аммо мен билан тушганларнинг асосий қисми ялангликда қолиб кетишди. Тўғрироғи, бепоёнликка ўзларини топширишиб, кўздан йитишди. Демак, қисмат бўлса, кирадиган тешик ҳамиша топилақоларкан-да… Сарсор солсам, уларнинг орасида қариялару бетоблар кўпчиликни ташкил қилар экан… Мен ва яна бир неча кишиларгина ортга қайтиб, яна ўзимизни бояги пиллапояга урдик…
Энди мен илк сафаргидек имилламасдим, балки тез ва шиддат билан кўтарилардим. Шунчалар тезки, ҳаш-паш дегунча бир ўзим оқимнинг ичида оқим пайдо қилдим. Ҳеч ким мен билан тенглаша олмас, ҳатто пастдаги ялангликдан бирга қайтганлар ҳам ҳу-у-ув қаёқлардадир қолиб кетишганди. Оқимнинг ичида оқим пайдо қилишнинг ҳам гашти, ҳам азоби бўларкан. Чунки умумий катта оқимнинг суръати сеникидан паст бўлгач, истайсанми-йўқми, у сенга худди қарши томондан келаётгандек туюларкан, тўғрироғи, шунга яқин бир тўсиқни юзага келтираркан. Пастга тушиб бораётганда юқорига кўтарилаётганлар билан қандай тўқнашган бўлсам, ҳозир ҳам шундай, тўғрироғи, шунга яқин тарзда чарпишиб турдим. Бунинг оқибатида эса тезлигимга путур етар, яна зўр бериб аввалги, ўз кўнглимга уйғун суръатни топишга, топиб олгач эса бунинг адоқсиз гаштини суришга муваффақ бўлардим. Биласизми, мен мудом ҳаётнинг маънисини қидириб юргич одамман. Шу тобда, шу пиллапоядан шиддат билан юксалиб бораётган онларимда ўша маъни мен билан бирга эди. Балки шу одамнинг ўзи маъни эди. Демоқчиманки, ўша маъни мендан айро эмасди ёки мен маънодан. Хуллас, сиз мени тушундингиз…
Шу янглиғ жуда кўп йўлни ортда қолдирдим. Мен атрофга чалғимас, аксинча, дадил кўтарилиб борардим. Одамларнинг юзига қарамас, фикру ёдим янада жадалроқ ҳаракатланиш билан банд эди. Галдаги зинани орқага ташлаб, янгисига оёқ қўйишим билан кўзим зинанинг битта поясига ўтириб олган аёлга тушди. Унинг юз ва кўзларида ҳорғинлик аломатини аниқ кўрдим. У ҳам аллақандай номаълум томонларга умидсиз боқиб, ўз-ўзига “Чарчадим, қушга айлангим келяпти, қушга!..” дер ва “уҳ” деганча узун-узун нафас чиқарарди. Аёл икки қават ўртасида ўтирарди. Назаримда унинг кучи на юқоридаги қаватга чиқишгаю ва на пастдаги қаватга тушишга етарди. Аёлнинг ёнгинасида, шундоқ одамларнинг оёқ остида қўл телефони ётарди. Ундан “Ало, тез ёрдам эшитади, гапирсангиз-чи!” деган овоз тинимсиз такрорланарди. Аммо афтидан аёлга энди кўмак керак эмасди. У чорасиз нигоҳлари билан нуқул пастни кўзларди… Шу лаҳза ортимдан келаётган одамларнинг қудратли тўлқинига дош беролмай мункиб кетдим ва йиқилиб тушмаслик учун олдинга одим отдим…
Йўлда, пиллапоя заҳматларидан чарчаган шўрлик аёлнинг қиёфаси анчагача хаёлимни тарк этмади. Юзлаб зиналарни босиб ўтгачгина уни унутгандек бўлдим. Йўқ, балки хотирамнинг аллақайси ғаладонига беркитиб қўйдим, шекилли. Қачонлардир ўша ғаладонни очиб қолсам, рўбарўмдан туйқус чиқиб қолади ҳали…
Юра-юра булутларга ёндош жойга чиқиб бордим. Ҳатто парқув булутларнинг қанча-қанчаси пойларим остида қолди. Пиллапоя бўлса битай демас, мен ҳам чарчашни билмас, шиддат-ла илдамлардим. Яна ён-веримга боқмасликка, хаёлимни бўлмасликка, бутун куч ва ғайратимни йўлга сарфлашга тиришардим. Бир вақт келиб, худди анави аёлни кўриб қолганимдек, энди бир эркакнинг юзига кўзим тушди ва шу заҳотиёқ аллақайдай сирли-сеҳрли куч остида унинг ўтмиши кинолентадек ботинимнинг аллабир кунжида айланиб улгурди. Унга кўра, эркак ҳам бирмунча аввал зиналардан юксакликка кўтарилиб кетган кўп муборак зот экан. Мана, энди сафардан қайтибди. Унинг ҳам қадамидан ўт чақнаган экан ўша пайтлар. Шиддати ҳадди аълосига чиққан кезлар биргина ўзи бутун бошли тўлқинни ҳосил қилганча олдинлаган экан. Ўшанда унинг ортидан етиб юришга ҳаракат қилган қанчадан-қанча одамлар бўлиб, улар ҳам муборак зотнинг панасида ўзига хос оқимчалар ҳосил қилган ва бундан бағоят мағрурланган эканлар. Лекин шу тобда унинг бир ўзи эди. Ангоридан худди аёлга ўхшаб толиққан кўринарди. Мен унинг юзига қараб, бутун ўтмишини ўқиб-уқиб турганим ушбу лаҳзаларда у ҳам менга боқиб ҳаммасини — кечаги кунимнию айни дамдаги юрак ҳолимни, яна қолмишига, эртамни ҳам тушуниб-туйиб тураркан. Кейин мен унга яна синчковроқ тикилдим. Негадир унинг маъюс чеҳрасида ўша маънони, менга керак, мен талпинаётган маънони уқмадим. Маъноки, менинг назаримда пиллапоя ҳадя қилиши керак бўлган ва мен, сиз, у… ҳамма-ҳаммамиз шошаётган, ошиқаётган. Маъноки, зиналар бўйлаб умид билан юксалиб бораётган инсон заҳматларини оқлайдиган. Маъноки… қисқаси, сиз мени яна тушундингиз… Эркакнинг ҳаёт аччиқ-чучукларини обдон синаган нигоҳида бошқа мазмун хира тортиб турарди. Мен унга тикилиб, “қанча юксакликка кўтарилганинг билан, барибир, у ерда шу тобдаги кўнгил ҳолингдан яна-да баландини тополмайсан, бўтам. Сен қидираётган нарса, аслида, сени манзил сари ошиқтираётган ўша ҳолингдан ўзгаси эмас” деган ҳикматни ўқидим, холос. Ажабландим. “Шундай муборак зотнинг менга айтадиган гапи бор-йўғи шуми?” дедим ўзимга ўзим алам билан…
Сўнг биз бир-биримизнинг ёнларимиздан ҳеч нима бўлмагандек, худди бегоналардек ўтиб кетдик. Ҳатто исмларимизниям сўрамадик, билмадик. Бизни учраштирган йўл мана шундай қилиб, бизни яна айирди…
Йўл юрдим, эртакларда айтилгандек, йўл юрсам ҳам мўл юрдим. Энди хаёлимни ўша зот машғул айлаганди. Бир вақтлар аёлнинг қиёфасидан англаганларимни унутганимдек, эркакнинг нигоҳидан уққанларимни ҳам унутаман, деб ўйлагандим. Овора бўлганим қолди, холос. Англаганларим оғир юк каби устимдан босиб келди. Мен эса ундан қочиш учун зўр бериб юқорига интилардим. Мана шу тарзда минглаб зиналарни босиб ўтсам ҳамки, ўша зотдан эшитганларимни унутолмадим. Чунки у менга ўхшарди, йўқ, тўғрироғи, мен унга ўхшардим. У қачонлардир босиб ўтган йўлни мен ҳозир босар, у қачонлардир туйган туйғуларни мен энди кўнглимдан ўтказардим. Мен ҳам унга ўхшаб шиддадкор эдим, менинг ҳам бу пиллапояда ўз тўлқиним, ўз оламим бор эди. Мен ҳам ҳеч кимнинг ортидан юрмас, кимнингдир тўлқини панасига яширинмасдим. Бу менинг Тангри ато қилган табиатимга зид эди. Яна шуки, вақти соати келиб, мен ҳам у сингари шу пиллапоядан пастга тушишимни билар, ҳатто буни ич-ичдан ҳис қилар эдим. Шунда менинг ҳам ортимдан одамлар ҳозиргидек эргашмас, балки бир ўзим ўз хаёлларим билан эниб боришимни аниқ-тиниқ тасаввур қилардим. Худди унга ўхшаб… Демак, у менга устоз экан, деб ўйлаб қолдим навбатдаги зинадан кўтариларкан. Шу чоққача ҳеч қачон менинг устозим бўлмаган эди, у билан ўша биргина, бир зумгина давом этган нигоҳлар мубоҳасасидан сўнг, тўғрироғи, бу ҳақдаги тинимсиз мушоҳадаларимдан сўнг уни ўзимга устоз, деб билдим. Ҳатто унинг номини билмасам ҳам. Шунда мен устознинг ким ва қанақа бўлишини билиб олдим…
Устозни топганим яхши эдию унинг кўзларидан уққаним ўша ҳузунли маъно мени қийнай бошлаганди. Ақлим “Унга ишон!” дерди. Чунки мен пиллапоянинг илк зинасидан бошлаб неча мингтасини босиб ўтганим билан ҳеч қайсисида қўним топмагандим. Бас, шундай экан, нетиб яна ҳув осмондагисидан умидвор бўлай?! Мени ўша ёққа бошлаётган куч устозим айтганидек, фақат ва фақат кўнглимнинг шу ондаги ҳолати, холос. Бор-йўғи — шу! Оламнинг мазмуни бизнинг ўз кўнглимиздаги мазмун билан қоимдир! Ахир мен ҳозир ёш ва ғайратлиман, умид ва орзу ичимда болалаб ётибди. Улар-чи, улар — ўша аёл, устоз? Уларнинг таналари қариди. Ичларидаги орзу-умидлар эса қуш мисол бирин-сирин учиб кетдилар. Шунинг учун ҳам кўзларида тиклаб бўлмас ҳорғинлик акс этган. Ахир, уларнинг қиёфаларидаги сурункали чарчоқ, аслида, кўнгилларининг ифодаси эмасми? Устознинг “юқорида ҳеч нарса йўқ”, дегани аслида, шу тобдаги бўм-бўш кўнглидан чиқаётган садо эди-да!.. Аммо… аммо биласизми, устоз энди пастдан — пиллапоя ибтидосидан нимадир кутаётган эди. Назаримда, бу унинг юрагини тарк этмаган яккаю ягона илинжи эди… Ахир, мен куни кеча ўша қуйига тушиб борганим билан кўпчилик кириб кўздан йўқолган жойга, парданинг ортига ўтмадим-да! Устознинг умиди ўша парданинг орқасидаги дунё билан боғлиқ эди энди… Ҳар ҳолда унинг кўзларида шу маъно ҳам бор эди…

Лекин, мен давом этардим. Айтим-у боя, мен ҳеч кимнинг соясида намоз ўқимайман, деб. Яна мингта эркагу аёл йўлимдан чиқиб, нигоҳлари орқали менга ўша биргина ҳақиқатни уқтиришга уринишса ҳам, мен, барибир, ўз йўлимдан қолмаслигимни билардим. Чунки менинг ичим, муборак зотнинг ҳувиллаб қолган ботинидан фарқли ўлароқ, орзу-умид билан тўла эди. Назаримда, улар аллақандай, ўзим ҳам тузукроқ англамайдиган ғаройиб бир мўъжизага қаратилган эди. Бу мўъжиза ўзимгача мавжуд бўлган ҳар қандай ҳақиқатдан юксакроқ ва кучлироқ туюларди мен учун. Мўъжизани эса ўзгалар босиб ўтган йўл эмас (ҳатто улар устоз бўлса ҳам), балки олдимда қаддини ғоздек кериб турган мана шу пиллапоягина ҳадя қилиши мумкин эди. Гарчанд у ҳамма юрадиган, ҳамма бир-бир босиб ўтадиган битта, ягона пиллапоя бўлса ҳам. Ким билади дейсиз, эҳтимол, мен устозим чиқиб улгурган зиналарнинг ярмини ҳам босолмасман, балки ундан икки ҳисса баландроқ кўтариларман. Буниси номалум ва биласизми, худди мана шу номаълумлик мени ўзига оҳанрабодек тортарди. Шу сабаб мен устозим ўгитини бағримга маҳкам босиб, Худо деганча пиллапоя бўйлаб олдинга — юқорига талпиндим…

2011 йил, ноябрь

777

СЎЗ

Эр-хотин машинага ўтиришдию дала ҳовлига йўл олишди. Йўл узоғи ундан-бундан гаплашиб боришди. Айниқса, эрнинг завқу шавқ билан айтган аскияларидан хотиннинг ичаклари нақ узилгудек бўлди. “Бас, бас қилинг, дейман, илтимос!” дея қийқирганча эрнинг елкасига уриб ҳам турди хотин. Хуллас, машинанинг ичида машинани бошига кўтариб келишди. Айтганча, бозор-ўчар учун йўл-йўлакай аллақайси бир гузарда тўхташиб олди. Шошмасдан, бир-бир босиб, сотувчилар билан ҳазил-мутойибалашиб қилишди харидларини.
“Худо хоҳласа, бундан кейинги ҳаётимиз янаям гўзал бўлади!” — дея аёлига меҳр билан боқди эр машинага келиб ўтиришганда. Завжа жавоб ўрнига кулиб қўйди. “Ахир, бола-чақадан тинчиб, ўзимиз учун яшайдиган вақтга кириб кепқолдик, асалим!” — эркак аёлнинг қўлини ушлаб сиқди. — Энди ҳар кунимиз байрамдек ўтади, эшитяпсанми, байрамдек!
Юра-юра манзилга келинди. Далаҳовлининг темир дарвозасини ланг очиб ичкарилашди. Остонада уларга янгиланган фасл пешвоз чиқди. “Ия, хотинжон, қара, куз ҳам кеб қоптию, ўзимиз билан бўлиб пайқамабмиз ҳам” — деди эр дов-дарахтларнинг олтин рангларига қараб-қараб. — “Йўлда ҳам эътибор қилмаганимизни-чи…” Сўнг машинадан юкларни туширишга уннади. Аёл эса бу вақтда тўридаги ҳовузнинг олдига бориб чўнқайиб ўтириб олди-да, юзадаги япроқларни нари-бери сурган кўйи негадир сувдаги ўз аксига қарамоқчи бўларди.
— Шунча кўзгулар камлик қилди-а, сизга… Ундан кўра келиб, кўзим ойнасига қаранг, бу ерда сиз ўша-ўшасиз, сира ўзгармагансиз… – сасланди эркак негадир хотинини “сиз”лаб.
Аёл адоқсиз миннатдорчилик билан жилмайди.

Эру хотин — қўш хўкиз, ҳадемай баравар ишга тушиб кетишди: аёл анчадан бери қаровсиз қолган иморат ичинию ташини супуриб-сидирди, эркак бўлса, ўчоқ осиб, ўтин ёрди. Бир пасда далаҳовли сариштали-фариштали маконга айланди.
— Ваъда қилган ошингиз қачон пишади? — ичкаридан аёлнинг нозли овози келди.
— Сизни куттирмаймиз, хоним! — қичқирди эркак сабзини майдалаб тўғраркан. – Бир соатда дастурхонга қўймасам, ҳар бало бўлай.
— Тавба, денг, фаришталар ҳамма гапга омин дейди-я. Узоқроқ қайнатаверинг, ширинроқ бўлади.
— Сиз нима десангиз — шу, жоним. Айтдим-ку, энди фақат ўзимиз учун, сиз учун яшайман, деб! Ҳозир, зирвагини тайёрлаб, тузини кўриб олай, сизни пастга, дарёга олиб тушаман!
— Оқиб кетмайлик, тағин…
— Қўрқманг, сизни шу чоққача оқизмадик, бундан буён ҳам эҳтиёт қиламиз…
Бир пасдан сўнг эр хотинининг қўлидан тутиб, пастга — сувнинг бўйига бошлади. Сув деганимиз Чирчиқ дарёсининг бир қўли бўлиб, у катта шаҳарга кираётганда Бўзсув, кириб олгач эса Анҳор деб аталади. Бу ерда уни Захариқдарё дейишади. Чинданам каттакон, нақ дарё дейсан. Лекин дарёдан нимасидир камга ўхшайди, шу учун бўлса керак, номининг ичида ариғи бор. Қизиқ-а, бир қарасанг, дарё, бир қарасанг, ариқ! Устига устак, захи ҳам мавжуд. Сув оққан жойда зах бўлади-да! Ҳа, нима, Захариқдарёга қараб, биров зах сувни, биров ариқни ва яна бошқа биров дарёни кўрса кўраверсин. Ҳамма ҳам бу дунёда ниятига яраша насибасини олаверар экан-да. Бошқа томондан, ўша учта “биров”нинг битта одамга айланиб, Захариқдарёни ҳаётининг уч палласида уч хил кўрдим деса, нима дейсиз? Масалан, ёшлигида дарё, ўрта ёшида ариқ ва кексайганда зах сувни кўряпман, деб қолса-чи?.. Бундан чиқди, файласуфлар айтганларидек, олам бу бизнинг тасаввуримизми? Одамзод нимани кўришни хоҳласа, шунга рўбарў келадими?.. Эҳ, буларнинг сирига ким етибдики, биз етсак… Англаб етганимиз биргина нарса шуки, дунёда ҳамма нарса ташқаридан кўринганидек эмас, йўқ!..
Хуллас, Захариқдарё буралиб-буралиб оқиб ётарди. У ҳам фаслга мос кийинган: тиниқ, мулойим мавжли матодан тикилган кўйлагини устига енгилгина ташлаб олган. Шундай енгилки, худди ҳадемай уни ҳам чиқариб отадигандек авзойи бор.
Сув бўйига келишгач, эр сарғайиброқ қолган ўт-ўланни қайириб, уйдан олволган тўшакчани тўшади-да, “марҳамат қилсинлар!” дея илтифот кўрсатди. Хотин авайланиб ўтириб бўлгач эса эр унинг қўлини тутганча ёнига чўкди. Улар бир маромда оқиб, эркаланиб ётган сувга қараб жим қолишди. Кейин атрофни кўздан кечиришди, ундан-бундан гаплашишди. Гап гапга уланиб, узоқ ўтиришди. Ниҳоят, “Чиндан ҳам инсон умри сувга ўхшар экан” деган минг йиллик, аммо биргина тўхтамга келишди. Кўнгилларга андак кузсимон ҳазинлик инганда эса эркак аёл бармоқларни бирин-сирин лабига олиб бориб ўпди. Кейин энгашиб, аёлнинг фаранги атир анқиб турган бўйнини дудоқлари билан эркалади. Аёл қиқир-қиқир кулди. Эрнинг завқи ошди… “Жиминг! Ош нима бўлди?” — аёл илдам ўрнидан турди. “Қўябер, нима бўлса бўлар” — эркак аёлни яна бағрига олмоқчи бўлди. Лекин аёл тизгинни ўз қўлига олди: “Йўқ, юринг!”.
Улар бошлашиб тепага кўтарилишди. Эркак қозоннинг бошига борди. Суви тагида қолибди. Ўчоқнинг биқинига тиқиб қўйилган ва ҳозирга келиб варақлаб қайнаётган қумғондан қуйиб, ошнинг сувини меъёрига келтирди. Сўнг ёрилиб, ёнбошга тахлаб қўйилган ўтиндан иккитасини қалади-да, хотиннинг ёнига қайтди.
Аёл тепаликда жойлашган ҳовли саҳнига қўйилган каравотда иягини суянчиққа тираганча пастликка – ҳув узоқликка, кафтдагидек аниқ-тиниқ кўриниб турган кенгликларга, уларнинг этагидаги тоғларга кўз тикиб, ўз хаёлларига ғарқ ҳолда ўтирарди.
“Бу кенгликларда нимангни йўқотиб қўйдинг, маликам?” — эр хотинининг орқа томонидан яқинлашиб, елкасидан қучди. Аёл “ҳеч… ўзим…” — дедию майин жилмайди. “Биласанми, энди нима қиламиз?” — аёлнинг кўзларига қаради эркак. “Нима?” — сўради аёл. “Яшаймиз! Инсон бўлиб! Инсонлардек яшаймиз!” — шошилди эркак. Аёл жавоб ўрнига тағин жилмайди. “Бир вақтлар сени дунёдаги энг бахтли аёлга айлантираман, деб сўз бергандим, эсингдами? Ҳалиям ўша сўз — сўз. Қайтган — номард!” — эр хотиннинг ёнига ўтирди. “Ортимизга қарасам, кўнглим яйрайди: бир ўғил, бир қизни тарбиялаб элга қўшибмиз. Мартабали жойларда ишлаб дунёмизни безабмиз. Еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда бўпти. Яна нима керак одамга-а, хотин!?.. Энди кўрасан, бундан буёғи янаям зўр бўлади, эшитяпсанми, зўр!” — шавқланди эр. Аёл тағин жилмайди. Эр эса уни тағин қучди…
Хотин туриб гуручни ювиб берди. Эр ўчоқнинг оловигаю овқатнинг тузига қаради.
— Ўзим сенга би-и-ир ош қилиб берай.
— Ҳар доим қилиб бергансиз-ку.
— Буниси бошқача бўлади, маликам, бошқача.
— Сизга бугун нима бўляпти ўзи, дадаси?!..
Кейин биргалашиб ошни дамлашга киришишди: хотин идишни тутди, эр капгир билан ундан гуруч олиб қозонга айлантириб сола бошлаганди, шу аснода кимдир чақириб кепқолди. Эр “Ҳа, ҳозир” дедию капгирни хотинига тутқазиб дарвоза томонга йўналди. Хотин унинг қайтишини узоқ кутмай, қолган гуручни қозонга ташлаб, тузини кўрди: назарида у мутлақо чучмалдек эди.
— Дадаси, бунга туз солганмидингиз ўзи?
“Дадаси”дан садо чиқмади.
Хотин ўзича ошнинг намагини тўғрилади: катта қошиқда битта қилиб туз ташлади, сув бирпас виқир-виқир қайнаб чиққач, яна таъмини тотди. Ниҳоят, кўнгли тўлиб қаддини ростлаган эди, эри қайтиб қолди.
— Қўшни бор-ку, қария, ўша. Машинасида печка олиб келган экан, қишга ҳозирлик. Туширишвордим. Илгари билинмасди, кексайганда совуқ жон- жонингдан ўтиб кетар экан, дейди… Сен нималар қилдинг бу ерда? А-ҳа, ошни эплаб ташлапсан-ку бир ўзинг. Кел, менга бер қўлингдаги косовни, товоқни ҳам ўзим ёпаман.
Шу вақт аёлнинг телефони жиринглади. — Ало! Ҳа, дугонажон, салом-салом. Тузукмисан?.. — гаплашанча ичкарилади аёл.
Эр ошни дамлаб, ўчоқнинг чўғини ташқарига тортдию обдастадаги сув билан қоракуяга беланган қўлини обдон ювди. Кейин артингача аёлининг ортидан уйга йўналди. Аммо эшикни очар чоғида хотинининг гапларини эшитиб қолди:
— Асти сўрама, дугонажон, шунақанги бемаъни кун бўлдики, зерикканимдан нақ ёрилиб ўлай деяпман. Бир нималарни баҳона қилиб ваҳлийроқ қайтсам керак… Чиққин-а олдимга кечқурун, ҳасратлашамиз…
Эр эшик дастасини тутган кўйи ҳайкалдек қотди. Аллабир замондан кейингина уни қўйвориб, ортга чекинди. Гарангсираб қозоннинг бошига борди. Нима қиларини билмай, ғайриихтиёрий равишда атрофида айлана бошлади. Худди хаёлида айланаётган ўша бир жуфт сўз каби. Бу сўзлар эса хонага кириб қолган бир жуфт хира пашшани эслатарди: миянинг ичида тинимсиз ғинғилларди: БЕМАЪНИ КУН! БЕМАЪНИ КУН! БЕМАЪНИ КУН!.. ҒИИИНГ, ҒИИИНГ, ҒИИИНГ…
Эр беихтиёр ҳовли томондаги эшикдан пастга, дарёга қараб эниб борди. Сувнинг бўйига чўкдию нигоҳини оқимга берди…

— Ош нима бўлди? — Қичқириғи келди анчадан кейин хотинининг. — Ҳой, қаерларга ғойиб бўлдингиз, дадаси?!..
Эр гўё ўтирган ўрнига михланиб қолган эди, қўзғалолмасди. Шу боис хотиннинг ўзи уни топиб, ёнига келди.
— Ҳой, кўзингиз очиқ ухлаб қолдингизми? — туртди эрини. — У ёқда ош тагига олиб кетгандир, деб ҳам ўйламайсиз-а?!..
— Сен ошни айтасан, бу ёқда менинг ҳаётим тагига олиб кетмоқчи-ку!. Ош тагига олган бўлса олгандир, уни қайтадан бошлаш мумкин, лекин умрни-чи? Агар у тагига олса, янгитдан бошлаш мумкинми? — дегиси келди. Жудаям келди. Лекин хотинига қараса, ҳар доимгидек беозор жилмайиб турибди. Гўё ҳеч нима бўлмагандек…
— Сизга нима бўлди? Нега рангингизда ранг йўқ? Туринг, юринг тепага, қорнингиз очмадими? — Эрнинг қўлидан тортди хотин. – Сал бўлмаса, ошдан қуруқ қолардик. Уни бузиб қўйдим. Жуда чиройли чиқибди. Ўзингиз сузиб келинг, яхши кўрасиз-ку сузишни.
Эр ошни сузиб келди: гўшти, беҳиси, саримсоғи, қалампири устига маржондек тизилган, энг яхши зиранинг ҳиди уфуриб турган паловхонтўра ҳар қандай димоқни қитиқлаб юборадиган даражада гўзал ва хушбўй эди. Лекин эрнинг иштаҳаси қочган, томоғидан бир қултум сув ҳам ўтмас ҳолларга тушганди. Шунга қарамай, хотинининг кўнгли учун келиб ўтирди, раъйи-рағбати бўлмаса-да, ўзини жамлаб, олдинги кайфиятига яқин маромни қидирди.
— Қани, бошланг, — деди хотин эрига чой узатиб.
Эр бир қошиқ олди ва тарракдек қотди: оғзига ош эмас, гўё бир қошиқ туз солгандек афти кескин бужмайди.
— Ҳа-а? — деди сергак тортиб хотин. — Нима қилди? — Кейин ўзи ошдан тотиб кўрди. — Шўрроқ, демоқчимисиз? Ҳечамда.
Эр индамади. Чой хўплаб оғзидагини тезроқ ютишга уринди. – Тавба, деди у ичида, — шунча яшаб, ўз умр йўлдошимнинг таъбини ҳалигача билолмаган бўлсам-а. Тўғри, у менга қараганда шўртоброқ нарсаларни суйиб ейди. Аммо бу даражада эмасди-ку!..
— Хўп, майли, салгина холос. Чучмал экан, жиндай туз ташлагандим. Ҳеч қиси йўқ. Ана, дарё бор, суви шифобахш, дер эдингиз. Аччиқ қилиб бир чойнак кўк чой дамлаб берсам, эски тузларингизниям ювиб тушади. Олинг, – хотин лаганга яна қошиқ урди…
— Бир чойнак эмас, бутун бошли дарёни қайнатиб ичиб юборсам ҳам бугун ичимга тушган тузни юволмайди!.. — Йўқ, эр бу гапни ирод қилмади, балки кўнглидан ўтказди… Чунки аёлига қараса, тағин жилмайяпти. Аслида, ҳамиша шундай бўлмаганми: кулган, жилмайган, ишқилиб, эрига ёққан-ку! Шунинг учун ҳам шу тобда эр унга боз эргашди. Фақат қошиғи бу сафар гуручга эмас, беихтиёр беҳига қараб “қочди”. Ўҳ, у ҳам тузга ботириб пиширилганга ўхшарди. Эр тағин чойу нон билан оғзидагини ямлаб ютди. Хотин эса мулозамат кўрсатишдан чарчамасди. Эр гуручу беҳидан авайланиб, гўштга “элчи” юборди. “Музокара” яна ўшандай — аянчли якунланди…
Қизиқ, тушгача ҳаво бирам очиқ, бирам ёқимли эдики, қараб кишининг баҳри дили қулф урарди… Энди кўкда тўда-тўда булутлар пайдо бўлди, осмон юзи қорайиб, ерда унинг кўланкаси кезина бошлади. Кўп ўтмай, фалак тоқи қарсиллаб бир ёришдию шиғалаб ёмғир ёғди. Эр-хотиннинг ёнгинасидаги деразанинг очиқ бир қаноти кесакисига келиб урилган эди, иккаласи ҳам бир чўчиб тушишди…
Улар дала ҳовлидан тезгина қайтишди.

* * *

Хотин ҳар доимгидек уй ишлари, неваралар, қавму қариндошу қўни қўшни, айниқса, дугоналари билан андармон бўлса-да, лекин эр… эрнинг “кемаси тешилиб қолди”. Ундан сизиб кираётган сув эса тобора тарози босиб, кемани ҳалокатга судроқларди. Инчунун, у нима қилишини, қайга боришини билмай довдиради. Аслида, бу дамларни қанча хоҳлаганди, қанча кутган эди. “Ишларимни бирёқлик қилсам, хотиним билан у ёққа борамиз, бу ёққа айланамиз, уни қиламиз, буни кўрамиз…” эҳ-ҳе, санайверсак, сони бору саноғи йўқ. Шу чоққача иш деди, рўзғор деди, оёққа туриб олайлик, деди. Ҳаммасини кўнгилдагидек адо этиб, энди аёлимнинг кўнглига қараб одамдек яшайлик, деганда… бирданига орзу-ниятлари ўз маънисини йўқотди-қўйди. Гўё саҳрода кетаётган ва ҳув анави қумтепаликдан кейин зилол сувлар оқиб ётган гулводийга чиқишини кутган, лекин тепаликни ошиб ўтгач яна саҳронинг давомига дуч келган, чанқоқ ва чарчоқдан силласи қуриган йўловчининг ҳолига ўхшарди унинг шу ондаги аҳволи. “Энди нима бўлади?..” Бу савол — вақт ўтган сайин — оғзига тушган ўша бир қошиқ шўр ошдек бутун борлиғини ачитиб, заҳарлаб борарди.
“Нега хотиним ўша сўзни айтди? Нима, шунча вақтдан бери мендан кўнгли тўлмай яшадими ё ҳаётида биров, уни зериктирмай юрадиган кимдир борми?..” Жавобсизлик эрнинг юрак-бағрини пайкондек тешиб юборди. Ундай деса, аёли шу кунгача эрни шубҳага қўйгувчи бирон иш, бирон ҳаракат қилмаган-ку. Қолмишига ўша бемаза гапдан кейин уни зимдан қанча кузатди: кўнглини хижил қиладиган бирон гард топган бўлса, осмон узилиб пойлоқчи эрнинг бошига тушсин! Лекин нима учун хотин ўша сўзни айтди, шундай чиройли кунни “бемаъни” деб атади? Агар шундай кун маънисиз бўлса, маънилиги қанақа бўлади ўзи?! Нега у шундай қувончга тўла кунда ҳам “Зерикяпман”, дея ҳасрат қилди? Ҳасрати нима эди? У қачон, қай тарзда хотинининг бағрида тўпланиб улгурди? Нега уни эр кўрмади, сезмади? Нима учун аёл юрагини тўкиш учун эрини эмас, дугонасини танлади? Бу юрак нега тўлди ўзи, нима билан тўлди? Бир-бировларига тўлиғича бағишланган кундан воз кечиб, лақма дугонаси билан валақлашадиган оқшомга нетиб шошилди аёл?..
Боши-кети бўлмаган бундайин сўроқларга эрнинг бирон тайинли жавоби йўқ эди. Қайтага, ўйлагани сайин тушунмас, тушунмагани сайин эса асабийлашар, сиқилар, эзиларди… “Ахир мен ҳам гулдек умримни, ёшлигимни, кучга тўлган давримни, ҳис-туйғулариму орзу-умидларини, қўйингки, бутун борлиғимни аёлимга, фарзандларимга бахшида этмадимми?! Яратган нимаики яхши нарсани менга илинган бўлса, борини хотинимнинг оёқлари остига пояндоздек ёзиб келдим-ку! Яна нега, нима учун у мендан норози яшади? Лекин норози экан, нега буни тилига ўша кунгача чиқармади, менга ёрилмади? Нега шу чоққача менга кулиб қаради, ҳануз шундай қарайди? Миқ этмай хизматимни қилади? Ахир, бу ҳаёт унга ёқмас, мақбул эмас экан-ку!.. Нима, у ўзига номатлуб ҳаётга кўниб, шуни ўз қисмати деб қабул қилганми? Ўзга чораси бўлмагани учунгина ҳаммасига бош эгиб, кўнглидаги энг азиз, энг тансиқ, энг муҳими, энг рост кечинмаларини ўша маҳмадона дугонасигагина айтиб умр ўтказаяптими? Ахир, шуям ҳаётми?!..”
Орадан кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтса ҳамки, хотин ўшандай сермулозамат, сертакаллуф: лабидан табассуми, тилидан ширин сўзи аримасди. Эрми? Эрнинг ичи кундан кун шўрлаб борарди. Қанча вақт ўтмасин, неча яхши ўйлар билан ўзини овутишга, чалғитишга уринмасин, бари фойдасиз эди. Ниҳоят, “Хотиним билан нимани яшаган бўлсам, яшадим. Яхши кунларимиз, бахтли дамларимизни ортга ташлаб келибмиз. Эндиги ҳаётимиз эса аввалгидек бўлолмайди”, деди. Ҳаммаси худди ўша кунга, далаҳовлида ҳордиқ чиқарган ўша ҳал қилувчи кунга ўхшаб қолди: тушгача ҳаво очиқ, осмон мусаффо, олам нурафшон эдию тушдан кейин қасирғалар бошланган кун бор-ку, ана ўшанга… Худди айтимдаги каби: “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ”. Аммо бир томонига ёруғ, иккинчи ёғига эса қоронғи, деб дарж этилган ушбу танга келиб-келиб унинг ҳаётида тескари тушиб ўтирибди: аввал ёруғ томони билан, сўнгра қоронғиси. Яна денг, умрининг қоқ ярмига келганда. Нима бўлсаям, охири бахайр бўлгани яхши эмасмиди? Одамлар шундай дейди-ку!..
Фурсат айланар… айлангани сари эркакнинг ичига тушган тузнинг заҳри ортиб борарди: шу даражадаки, ўша куннинг биринчи ёруғ ярими иккинчи қоронғи яримига ботиб, чўкиб кетди. Ҳа-ҳа, айнан чўкиб кетди. Шундай палла келдики, эр бошини кўтариб қараса, ўша кун, далаҳовлида кечган ўша кун, хотини айтганидек, чиндан ҳам БЕМАЪНИ ўтган экан. Бор бўйига, эртадан шомига қадар… Кейин… кейин бундан ҳам баттари уч берди: ҳаётининг ҳозирги МАЪНИСИЗ бўлаги МАЪНИЛИ ўтган аввалги қисмини кемиришга киришди. Аввал БЕМАЪНИ бўлган нарса КУН эди, энди у БУТУН УМРга ҳужум қилди. Ҳатто унинг аллақачон ўтмишга айланган парчасига ҳам. Эр хотира китобининг энг саодатли саҳифаларини варақлардию заррача нафи тегмасди: саҳифа юзига қаёдандир бир томчи сиёҳ томарди-да, сўнг шу томчи ёйилиб бутун юзани ўз тасарруфига оларди. Худди ошга бежо тушган бир қошиқ ўша ланаъти туз янглиғ… Энди эркакнинг ҳолини кўринг: у инидан тушиб кетган темирқанот полапон мисол олазарак бўлиб атрофга илҳақ кўзларини жавдиратар, фақат энди бу кўзлар нажот фаришталарини эмас, балки ўзига ҳужум қилаётган, қанотларида ёзуви бор сон-саноқсиз пашшаларнигина кўрар ва титраб қақшаганча ҳижжалаб ўқирди: БЕ-МАЪ-НИ КУН! БЕ-МАЪ-НИ ҲА-ЁТ! БЕ-МАЪ-НИ УМР!.. ҒИ-И-ИНГ, ҒИ-И-ИНГ, ҒИ-И-ИНГ…
Бор-йўғи бир жуфтгина сўз, бор-йўғи сўз, “пуф” этиб ҳавога учиб, унга сингиб, йўқ бўлиб кетадиган сўзгина айтилган эди. Бундан ҳам аламлироғи эса, бу сўзни эр ҳеч қачон эшитмаслиги ҳам мумкин эди…

2011 йил, октябр

(Tashriflar: umumiy 3 221, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring