Bugun o’zbekning buyuk shoiri Abdulla Oripov tug’ilgan kun

oripov

   Абдулла Орипов — ноёб истеъдод эгаси. Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади. Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади.
09Абдулла Орипов 1941 йилнинг 21 мартида Косон туманининг Қўнғиртов этакларида жойлашган Некўз қишлоғида дунёга келди. Ўрта мактабни 1958 йили олтин медаль билан тугатгач, Тошкент Давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига кириб, уни 1963 йили муваффақият билан битирди.

099Абдулла Ориповнинг ижоди талабалик йилларида бошланган бўлиб, унинг биринчи шеърлар тўплами «Митти юлдуз» 1965 йили чоп этилган. Кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Мазкур тўпламларга кирган шеърларни кўздан кечирар эканмиз, уларда шоирнинг шеърдан-шеърга, тўпламдан-тўпламга, йилдан-йилга ўсиб, ижоди баркамоллашиб борганлигига гувоҳ бўламиз. Айниқса, 70-йиллардан кейинги асарларида ҳаёт ва инсон, жамият ва табиат ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларининг тобора чуқурлашиб бораётганлиги сезилади. Кучли эҳтиросли туйғулар уларда ўзининг юксак талқинини топиб боради. Бу, бора-бора теран фикр билан юксак бадиийликнинг омухтасига айланиб, шоирнинг ижодий камолотга эришганидан дарак беради.

Бунга Абдулла Ориповнинг «Сайланма» (1996) тўпламини ўқиб амин бўлишимиз мумкин. Айниқса, истиқлол ғояси, эл-юрт мустақиллиги, она Ватанни озод ва обод кўриш истаги сатрдан-сатрга парвариш топиб, ажиб бир порлоқлик ҳосил қилади. Шоирнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», «Ўзбекистонда куз», «Куз» каби 60-йилларда ёзилган шеърларидаёқ истиқлол нурлари жилва қилгандек бўлади. Хуллас, Ватан ва халққа меҳр-муҳаббат, табиатни севиш, ардоқлаш, имонли, виждонли инсонларга мадҳиялар ўқиш, гоҳ йиғлаб, гоҳ қувониб куйлаш шоир туйғулари уммонини ташкил этади.

Абдулла Орипов ижодининг ҳозирги босқичи яна ҳам туйғуларга бой, файзли ва сербаракадир. Жумладан, «Ҳаж дафтари» (1992) туркумига кирган шеърларида энди шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш йўлидан боради. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излайди ва топади. У достоннавис ва драматург сифатида ҳам маълум ва машҳурдир. Хусусан, «Жаннатга йўл» достони ва «Соҳибқирон» (1996) шеърий драмаси шоирга катта шуҳрат келтирган асарлардир.

Абдулла Орипов истеъдодли таржимон сифатида Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгирган. Некрасов, Л.Украинка, Шевченко, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев асарларини ҳам она тилига таржима қилган. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи ҳамдир. 2000-2001 йилларда Абдулла Орипов асарларининг тўрт жилди нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммасига манзур бўлди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари қатор хорижий тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Абдулла Орипов — ноёб истеъдод эгаси. Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади. Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотининг лауреати, Калифорния (АҚШ) Фан, Таълим, Саноат ва Санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзосидир. Мустақиллигимизнинг етти йиллигида унга биринчилардан бўлиб «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвон берилди.

05
Абдулла Орипов
ШЕЪРЛАР
09

ТИЛЛА БАЛИҚЧА

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтдику куни,
Хору хас, хазонлар устин ёпдилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча,
Ва гавжум толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни.

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Холбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юдуздай куйганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб, сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги охим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

АЁЛ

Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

Севгидан етиму умрдан ярим,
Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.
Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,
Абадий висол деб билди келинчак.

Қақраган лабларда оловли нафас,
Кечалар кечмишин айлади кўмир.
Паришон сочлари ёр кўкси эмас,
Муздайин болишда қолди бир умр.

Йиллар ҳам ўтдилар, ҳамон у ёлғиз,
Мунғайиб термулар ботгувчи кунга.
Эй номард табиат, борми сенда ҳис,
Қайтадан бахт берсанг бўлмасми унга?!

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,
Бунчалар буюксан вафо шеваси.
Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,
Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

Сиз-чи эй, садоқат сатридан нолиб,
Надомат комида қолганлар, айтинг.
Ўзини минг битта бозордан олиб,
Минг битта бозорга солганлар, айтинг.

Шу чўлпон кўзларнинг буюк ҳурмати,
Шу ақиқ лабларнинг рост сўзи дея,
Сўйланг-чи, вафонинг надир қиммати,
Сиз ҳам кутганмисиз бирор сония?!

Баъзида тирноқлар безаги учун
Саҳардан шомгача қилурсиз тоқат.
Бироқ ёрингизни кутгали нечун
Топилмас тирноқча сабру қаноат.

Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,
Буюк зот қошида айлангиз салом.
Шу содиқ бевага саждалар қилинг,
Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.

Ҳатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,
Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли хаёл.
Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

1965 й.

08

(Tashriflar: umumiy 840, bugungi 1)

2 izoh

  1. Абдулла ориповнинг онажон шеъри ва барча аёллар ҳақида ёзган шеърларини мен оналарга бўлган буюк эҳтиром деб биламан.

Izoh qoldiring