Ibrohim Haqqul. Abdulla Oripov ijodida malomatiylik motivlari

02    Шарқ адабиёти, тарих, фалсафа ва дин билан, ислом дини заминида дунёга келган бир неча фикр оқими ҳамда таълимотлар билан алоқада тараққий топган. Шулардан бири маломатийлик деб аталган…

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
АБДУЛЛА ОРИПОВ ШЕЪРИЯТИДА
МАЛОМАТИЙЛИК МОТИВЛАРИ
05

Шарқ адабиёти, тарих, фалсафа ва дин билан, ислом дини заминида дунёга келган бир неча фикр оқими ҳамда таълимотлар билан алоқада тараққий топган. Шулардан бири маломатийлик деб аталган.

Маломат – лавм – айблаш, лаънатлаш, қоралаш сўзидан келиб чиққан бўлиб, энг аввало, нафсга қарши курашишни билдиради. Машҳур мутасаввиф ва руҳониятчи Абу Ҳасан Нурий барча сўфий ва мутасаввифларни ўн икки фирқага ажратиб, улардан иккитасини мардуд (рад қилинган) ва ботил (Ҳаққа қарши), ўнтасини мақбул ва манзур деб ҳисоблайди. Ҳамдун Қассор асос солган маломатийлик ҳам мўътабар тариқатлардан ҳисобланган.

Ислом оламидаги бир неча тасаввуф тармоқларининг маломатиийлик таъсирида равнақ топганлиги илмда қайта-қайта қайд этиб ўтилган. Нажмиддин Кубро барпо қилган кубровийлик уларнинг энг машҳурларидандир.

Абдулла Орипов шеърларида бошданоқ олам ва давр, дунё ва замон маломати муҳим ўрин эгаллаган. “Аср одами” шеърида ўқиймиз:

Одамлар ўтдилар, бир вақт, бир замон,
Ўтдилар энг оддий бахтдан ҳам йироқ.
Ягона орзуси эди парча нон,
Энг буюк армони – озод яшамоқ!

Бу сўзлар одамни қашшоқлик, ночорлик панжасидан қутқазолмай, қуллик, мутелик қафасидан озод этолмаган баттол замонга, ҳатто асрга маломатдир.

“Аввал ўзингга боқ…” деган мақол кўпроқ маломат аҳлига тегишли дейиш мумкин. Чунки диққат-эътиборни улар ўзига қаратишдан ҳеч чекинмай гапни доимо ўзларидан бошлаб, қусур-камчиликларни очиқ сўзлайдилар. Шоирнинг маломатчилик қараши изчилроқ бир тарзда дастлаб “Юзма-юз” манзумасида аксини топган. Агар таъбир жоиз бўлса, Абдулла Орипов илк бора ўзи билан ўзи юзма-юз туриб камчиликларини ўзгача бир оҳангда ошкор айлаган:

Мен бир тажрибасиз, ғўр йигит, нечун
Адашдинг деяпман дунёга, ҳайҳот.
О, шоир ханжарни ўзингга ургин,
Сен ўзинг адашмай ўсдингми, наҳот!

Ҳа, ёшликда мен ҳам бироз адашдим,
Қотил бўлганим йўқ аммо, ҳар қалай…
Дунё ҳам бир вақтлар мамот талашиб,
Адашиб кетганди йўлидан мендай.

Бир ғўр йигит – навқирон шоирнинг адашиши қаёнда-ю, дунёнинг адашуви қаёнда? Ким адашмаган, ким йўлни йўқотмаган бу оламда? Лекин шоирнинг адашишида қабоҳат, хиёнат, жиноят ва хунрезлик йўқ. Дунёникидачи? Ундаги фожиа, мусибат, кулфат ва ноҳақликларни айтиб адоғига етиб бўлмайди. Дунё йўлдан озиб, ноҳақлик, бедодлик ботқоғига ботганки, “Наҳотки дунёда ҳақсизлик мангу…”, “Наҳот қотил бўлса ўсиб чақалоқ?!” деган саволлар кўнгилга найзадек санчилган. Ғирромлик, риёкорлик ва қаллобликларга дунё кенг изн берганки, жафокаш халқининг асл аҳволини одамларга эмас, шоир кўкдаги юлдузларга изҳор этган:

Юлдузлар, билмайсиз менинг халқимни,
Бундайин заҳматкаш ер юзида кам.
Елда тиним бордир, унда йўқ тиним,
Шундайин ишпарастдир, у мунисгинам.

Мен уни ўйлайман тун кечаларда,
Она халқим дейман, меҳрим оқар жим.
Кўзимга баъзида кўринса жанда,
Кўнглим тўлиб кетар, инграйман, халқим.

Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг,
Пиширдинг ўзингга бенасиб таом.
Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг,
Юлдузни кашф этиб ном олдинг авом!

Бу парчада гуё мозий, ҳасрати дарж этилгандай туюлса-да, жанда, инграйман, толе кўрмадинг, бенасиб таом, ўзинг киймадинг, ном олдинг авом каби сўз ва иборалар шеър ёзилган даврдаги халқ аҳволини тўғри тасаввур қилиб, коса тагидаги нимкосани унутмасликка ундайди. Ўтганга ачиниш, бефойда мотамдан бир натижа чиқмаслигини таъкидлаган шоир:

Ва лекин тош отмай иложим йўқдир,
Фурқатни бадарға этган замонга,

дейди. Фурқатни дарбадар қилиб, хору зорликка маҳкум айлаган замонга отилган тош оддий ёки одатий тош эмас, балки маломат тошидир. Шоирнинг кейинчалик ёзилган зўр шеърларидан бири шу ном билан аталган: “Маломат тошлари”. Шеър ўқувчини ҳушёрлик, огоҳликка чорловчи шундай сўзлар билан бошланади:

Ҳушёр боқ, то фоний умр кечади,
Тегрангда турфа хил тошлар учади.
Бири қора ҳасад ё ғараз тоши,
Бири ёвуз туҳмат ё мараз тоши…

Кўнгилдан беихтиёр дунёда тошнинг ҳам тури кўп экан ва шўрлик инсон ҳаммасига нишон-да, деган фикр кечади. Қанча кўп бўлмасин, кўзланадиган мақсад шундай:

Улар сабр косанг тўлдирмоқ бўлар,
Улар умринг гулин сўлдирмоқ бўлар…

Шеърда таъкидланишича, оламда одамга озор ё сезиларли зиён, захмат етказмайдиган, ҳатто кўнгил шишасини синдирмайдиган бошқа бир тош ҳам мавжуд. Қадимда санги маломат дейилган бу тошнинг асосий хислати “ғафлат фариштасин” бедор этиб, мудроқ руҳни ғалаёнга чулғашидирки:

У виждон тамали, диёнат тоши,
Маломат тоши бу, маломат тоши.

Шеърга асос бўлган моҳият бўйича, виждон ва диёнат нигоҳидан четда қолган ҳар бир кори ҳол маломат тошининг отилишига сабаб бўлмоғи мумкин:

Инсоннинг то фазлу фалокати бор,
Унинг бир-бирига маломати бор.
Ташрифга кўз тиккан беморлардан то,
Шоҳлар дилигача маломатдир жо…

Худди шу учун ҳам ҳар бир инсон ҳаддини билиши, ўзаро муносабатда бефарқлик, бедодлик, меҳрсизликка ён бермаслиги зарур. Аммо хаёл бошқа, орзу бошқа, амал яна бир бошқа. Шу боис:

Қадим одамзодга неча минг замон,
Маломаат тошлари ҳамроҳ ҳар қачон.
Асрий кошонага то офат келур,
Нолакор мозийдан маломат келур.

Минг йиллаб самога боқди одамзод,
Фалакдан тилади мадад ва имдод.
Ва лекин топгани фалокат бўлди,
Шул сабаб ҳар сўзи маломат бўлди.

Маломат – таъна ё дашном, танқид ё таҳқирмас, ҳатто умумий гуноҳ ва айбларда ҳам шахсий “ҳисса”си борлигини ҳис этиш, одам тақдири ва муаммоларига томошабин кўзи билан қарамасликдир.

Маълумки, меҳр-муҳаббат, шафқат ва мурувват бозори йигирманчи асрда бир қадар касодга учраб, инсонийлик қадри пасайиб кетганди. Ҳеч қайси асрнинг қабиҳлик, зўравонлик ва ёвузликлари бир-бириникига айнан ўхшамаганидек, бири бирининг такрори ҳам эмасдир.

Одамни маҳв этур фарзанди одам,
Одам эрур, аммо томошабин ҳам.

Аввалги асрларда ҳам шундай қабиҳ воқеа-ҳодисалар бўлгандир, бироқ жиноятларни кўриб туриб, кўрмасликка олиш, зулм ва босқинчиликларни адолат ва озодлик дея инсониятни лақиллатишда йигирманчи аср илдамлаб кетганди. Айниқса, мустамлакачи совет давлатининг ижтимоий-сиёсий жиноят, маънавий-ахлоқий жаллодликларини яширишнинг асло иложи йўқ эди.

Не деб сўзлаганкин, боқиб биз сари,
Бетимсол Ойбекнинг ҳорғин кўзлари?!
Сарғайган саҳфалар аро қараб тек,
Қодирий қабрини сўрар Отабек.

Бундай савол-сўроқларга жавоб излаш, ҳар бир мусибат – йўқотишнинг сабабини изоҳлаш ўз-ўзидан, албатта, таънаю маломатга кенг йўл очарди.

Келажак ўтмиш бағрида дунёга келганидек, мозий ҳам келажакдан ажралиб қолмайди ва тарих замон учун ҳамиша муҳокама ва сабоқ манбаи бўлиб қолаверади. Шоир айтмоқчи:

Ҳар лаҳза мозийга гарчанд кетажак,
Лекин олдда бизни кутар келажак.

Хўш, келажак авлод билан юзлашганда муносабат, баҳо ва эътироф қандай бўлади? Нималар тўғрию, нималар нотўғри, нималар ҳақу, нималар ноҳақ ёки ғайриинсоний деб топилади?

Ҳамма ура-ура қилиб, бахт ва муваффақиятлардан сархуш бўлиб юрган бир пайтда Абдулла Орипов жамоавий ғафлат, алдов ва ёлғоннинг ҳам ҳисоб-китоби бор қабилида фикр юритиб юрт пешволарини ҳам чўчитиб юборган мисраларни тизган эди:

Мудроқ виждон учун, сохта шон учун,
Беҳуда тўкилган қанча қон учун.
Заминнинг тузалмас жароҳати деб,
Мовий дунёларнинг ҳаловати деб,
Бир кун эгилмасми одамзод боши?
Бизга ҳам ёғмасми маломат тоши?

Шоир назарда тутган тошлар қайта қуриш ва ошкоралик замонида шиддат билан ёғила бошлади. Бундан у бир қадар ранжиб, танқидий мазмундаги шеърлар ҳам ёзди. Ана шу зиддиятли муносабат ва ҳолатларни ҳаққоний ёритиш ҳам шоир ижодий эволюцияси, айрим адабиётшунослар тасаввур этганидек, текис ва силлиқ кечмаганлиги унинг ўзи бунинг шеърий изҳорларини битиб кетганлигини кўрсатади.

Абдулла Ориповнинг 1964 йил ёзилган “Альбомга” деган сарлавҳали шери:

Қалбим буюрмаса бирор сўзни ҳам,
Ёзмасман ҳеч қайда ҳеч вақт ҳеч қачон!

деган сатрлар билан тугайди. Бундай бўлмаслиги фақат қалб буюрганини ёзиш билан жамият, давлат ва халқ диққат-эътиборини жалб этиб бўлмаслигини ёш шоир ўшанда инобатга олмаган. Ва ижтимоий-сиёсий мазмундаги ўнлаб мадҳия, бағишлов шеърлар ёзишни хаёлга ҳам келтирмаган. Абдулла Орипов ижодиётининг ўзига хослиги унинг кўпгина шеърларида маломатчилик нуқтаи назари ва фикрларининг мавжудлигида кўзга ташланади. Чунки унда изтироб чуқур, айтарли ҳар бир шеър дард қўли билан яралади. Изтироб ё ғам борми – демак, нафсга қарам бўлмаслик майли мавжуд. Бу эса маломат ҳиссиёти дегани.

Абдулла Орипов шеърияти бўлмаганда, ўзбек адабиёти кейинги миллий, ғоявий-эстетик юксакликни забт этолмас, унга эргашган, унинг тажрибаларидан таъсирланган ёш ижодкорларнинг тақдири ҳам нисбатан бошқача бўларди. Айрим шоирлар Абдулла Ориповдан кам жойим йўқ, у ёзганни ундан-да жозибалироқ қилиб ёзаман, деб ўйлашади. Бу тўғри хулоса эмас. Унга ато этилган ижодий нафас ҳам, руҳ ҳам илоҳий. Шунинг учун унинг дунё, давр, замон маломат қилинган мисраларини ҳам такрорлаб бўлмайди.

У табиат ва дунёни маломат этар экан, гуё улардан устун бир кучга соҳиблигини намоён этади:

Агар алдамаса шу совуқ симлар,
Гар шул эшитганим бўлмаса рўё.
Сен бешик эмассан дорсан табиат,
Сен она эмассан, жаллодсан дунё.

Чин маломатчи бошқалардан ички ҳаёти ва ҳолларини яширади. Абдулла Орипов ҳам бежиз:

Майли сувратимга боққилу қувон,
Лекин сийратимга ташлама назар,

— демаган. У ўзидан қочиб ўзини топган, ўзини топиб ундан кечган дарвешваш шоир. Бундай шоир ҳоли ва лаҳзалик завқини ҳеч нимага алмаштирмайди, кўнгли ва руҳи Ҳақ нуридан ёришганда ўзига доир маломатни ҳадди аълосига етказади. Абдулла Ориповда ҳам шундай кечинма бегона эмасди. Шон-шуҳрат, мавқеъ, мартаба инсонни не куйларга солмайди дейсиз. Аммо ҳирсу ҳавас ўлароқ ҳаракатланган майллар, кўпинча муҳит ва шарт-шароит таъсирида ҳасратга дўниб, пушаймонликни юзага чиқаради. Вафотидан олдинроқ ёзилган айрим шеърларда у маломатни шафқатсиз реализм даражасига кўтарганди. Мана бу эътирофлар қаршисида бошқаларнинг таънаю маломатлари бир хасча ҳам эмасдир:

Қасамхўр дунёда кун кўриш учун,
Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.
Сен-чи ҳийлакорлик қиласан нечун,
Сенга ўтрик айтиш нимага даркор.

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,
Оёғин яладим мушукдай ҳатто.
Эгилди бир замон тик бўлган қомат,
Бу ҳолни сенгга ҳеч кўрмасман раво.

Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ,
Бахтсиз яшаб ўтма, сен бахтсиз бўлма.

Маломат, маълум бир маънода инсоннинг ички дунёсига нигоҳини қаратиб, сийратдаги ёмонлик, чиркинлик ва ёвузликларга қарши чиққан инсоннинг маънавий-ахлоқий исёнидир.

А.Ориповнинг “Темир одам” шеърини олайлик. Унинг қаҳрамони техника асрида пайдо бўлган бир тип вакили. У ҳамма нарсани билади, тушунади, ҳисоб-китоб эта олади. Темирдан ясалган одам тимсоли – роботдан унинг асло ками йўқ.

Унинг ҳам кўзида чақнамас ҳаёт,
Мунис боқишларни англамас у ҳам.

У ҳам тўлғонолмас, инграмас, кулмас.
Йиғлаган гўдакни юпатолмас ул,
У ҳам юлдузларнинг ҳидини билмас,
Бағрини тирнамас сўлаётган гул.

Дунёю одамлар тақдири зарра
Ташвишга солмагай йўқ зўру зари.
Ташвишга солмагай на қўшиқ ва на …
Менинг юрагимда нималар бори.

Балки темирлар ҳам йиғлайди чиндан…
Бу-чи, йиғлаёлмас, айланган тошга!

Нуқсон, айб, гуноҳ ва ёмонликлари учун одам боласи ҳақида жуда кўп танқид, таъна ва маломатлар айтилган. Аммо ҳеч бир шоир юқоридагига монанд мисраларни битмаган. Чунки йигирманчи асрда ҳам, ундан аввалги асрларда ҳам ҳеч қайси шоир, кўзида ҳаёт нури сўнган, тўлғониш, инграш, кулиш нималигини билмайдиган, дунё-ю одамлар ташвишидан мутлақо йироқ, энг ёмони гўзаллик идроки сўқир (“Бағрини тирнамас сўлаётган гул”), меҳр-муҳаббат туйғусидан маҳрум (“Йиғлаган гўдакни юпатолмас ул”), қалбсиз инсон образини яратган эмас. Бироқ бу образнинг асл моҳияти ва маънавий қиёфаси маломат “тили” билан очиб берилган. Йигирманчи асрнинг кўп ижтимоий, ахлоқий фожиалари “темир одам”лар сонининг ортиши билан кучайиб, кенгайиб боргандир. Бугун улар дунёга ҳукмрон…

“Султонлар ва шоирлар” шеъри маломат хаёли билан бошланади:

Оёғи узангидан узилганда ҳар бир кас,
Катта гапдир, қасд олиб қилинмаса маломат.

Бироқ бу гал маломатга нишон бўлган зотлар – маддоҳ ва ялтоқи шоирлар эди:

Амалдорга сўйкалган, эй сен ялтоқи шоир,
Дастлаб сени едирмоқ керакдир кўппакларга.
Сохта фикр ясашнинг устаси сенсан, моҳир,
Чумолини фил дея кўтардинг юксакларга.

Амалдорга сўйкалиш билан суйкалишнинг фарқи бўлганидек, сохта фикр билан фикр сохтакорлиги ҳам бир-биридан ажралади. Золим, қонхўр, мустабид ҳукмдорларга хушомад қилиб, шеърни уларнинг хизматига сафарбар этиш – бу энди маломат тоши эмас, маломат қиличи билан жазоланишга лойиқ жиноятдир:

Асрларким, чалғитдинг бутун инсониятни,
Қўнғиз мўйлов, шоп мўйлов санамларга тенглашди.
Сибир ўрмонларида кесилиб ҳаққоният,
Етмиш тўрт йил доҳийлар хушомадинг тинглашди.

Ушбу мисралар кимлардадир “Хўш, ўзларидан сўрасак? Умумий маддоҳизмга бош қўшмадиларми?” деган савол туғдириши аниқ. Шоир ҳам гапни у ён бу ёнга олиб қочмай:

Мен ҳам машғул бўлганман шу иш билан у маҳал,
Гуноҳкорман то маҳшар тинчимдан бўлдим жудо,

дейди. Гуноҳ ва гуноҳкорликка иқрор бўлиш ҳамда уни бутун очиқлиги билан сўзлай олиш маломат ҳиссининг худди ўзидир. Башар тарихи, бундоқ қаралганда, дард, ҳасрат, надомат, кулфат ва маломат тарихи. Бу тарихдан қайғу ва надомат қанча ўрин эгаллаган бўлса, ғам-ғусса ва маломат ҳам ундан кам жой ишғол қилмаган. Аммо олам аҳли феъл атворининг ёмонлашиб, қилғиликларининг ёвузлашишга қараб маломатнинг ҳам кўлами кенгайиб, ифода тарзи кескинлашган. Қаранг, 2014 йилда яратилган “Ватан мадҳи” сарлавҳали шеърда нималар дейилган:

Ким бўлибман, ахир мен меҳрга зор-ку башар,
Чулғаб олмиш оламни зўравонлик ва ақча.
Оддий бир тўп тепарга қиёслаб кўрсанг агар,
Гомер ва Толстойнинг нархи бўларкан қанча?

Ҳа, одам боласи бу, қон қақшатар дилларни,
Қўли ҳеч бўшамайди иғво билан уришдан.
Кўрдим афсус дунёда ҳатто шундай элларни,
Завқ олади ўз бирин топтаб ерга уришдан.

Маломатий ким? Энг аввало, улуғлик даъвоси, манманлик, худпарастлик иддаосидан қутила олган, ўзини кўз-кўз қилиш, омманинг олқиши ва эҳтиромидан кеча билган шахс. Бобур мирзо айтмоқчи, унга улуснинг таънаю таърифи –танқид ва мақтови бир хилдир. Маломат ҳолига соҳиб одам айб, нуқсон ва гуноҳларига масъул, уларнинг ошкор бўлишидан чўчимайдиган, аксинча ундан мароқланувчи ва ҳар нима истаса ўзидан истовчи зотдир. Унинг шахслик сифатлари, айниқса, кибр ва риёга ён бермаслиги, зоҳирпарастликдан йироқлиги, манфаат ва моддий ютуқлар учун ҳеч кимсага бўйин эгмаслигида ёрқин кўринади.

Албатта, Абдулла Орипов маломатийлик қонун-қоидалари ва шартларини махсус ўқиб-ўзлаштирмаганидек, маломатийлик тариқига киришни ҳам хаёлига келтирмаган. Аммо Шарқ мумтоз шеъриятини, айниқса, Яссавий, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий сингари санъаткорларнинг адабий меросини теран ўрганиш унинг кўнгли ва руҳида маломатийлик ҳиссиётларининг томир ёзишига имкон очган. Шу маънода бир далилга эътиборни қаратсак. Аҳмад Яссавий фақат сўфий ва дарвешларнинг эмас, маломатийларнинг ҳам пири комилларидан бўлган. Шайхнинг ҳикматларида маломатийлик маъно ва оҳанглари муҳим ўрин эгаллайди. Буни аниқ ва нозик илғамаганда Аҳмад Яссавийнинг муборак номи қораланиб, ирфоний мероси таҳқирланган бир замонда Абдулла Орипов “турк пири” (Навоий)га бағишланган шеърида:

Нафс ила дунёга дил берган фосиқлар сиз бу кун,
Яссавий хок покидин айлаб олинг тумморлар,

деб ёзмаган бўлурди.

Хуллас, маломатийлик Абдулла Орипов шеърияти учун гўё бир сирли парда. Билим ва идрок билан у четга сурилса, шоир шеърларининг ўзига хос ва такрорланмас хусусиятлари янада жонли, янада жозибали моҳият касб этаверади.

   Sharq adabiyoti, tarix, falsafa va din bilan, islom dini zaminida dunyoga kelgan bir necha fikr oqimi hamda ta’limotlar bilan aloqada taraqqiy topgan. Shulardan biri malomatiylik deb atalgan…

Ibrohim HAQQUL
ABDULLA ORIPOV SHE’RIYATIDA
MALOMATIYLIK MOTIVLARI
05

08Sharq adabiyoti, tarix, falsafa va din bilan, islom dini zaminida dunyoga kelgan bir necha fikr oqimi hamda ta’limotlar bilan aloqada taraqqiy topgan. Shulardan biri malomatiylik deb atalgan.

Malomat – lavm – ayblash, la’natlash, qoralash so’zidan kelib chiqqan bo’lib, eng avvalo, nafsga qarshi kurashishni bildiradi. Mashhur mutasavvif va ruhoniyatchi Abu Hasan Nuriy barcha so’fiy va mutasavviflarni o’n ikki firqaga ajratib, ulardan ikkitasini mardud (rad qilingan) va botil (Haqqa qarshi), o’ntasini maqbul va manzur deb hisoblaydi. Hamdun Qassor asos solgan malomatiylik ham mo»tabar tariqatlardan hisoblangan.

Islom olamidagi bir necha tasavvuf tarmoqlarining malomatiiylik ta’sirida ravnaq topganligi ilmda qayta-qayta qayd etib o’tilgan. Najmiddin Kubro barpo qilgan kubroviylik ularning eng mashhurlaridandir.

Abdulla Oripov she’rlarida boshdanoq olam va davr, dunyo va zamon malomati muhim o’rin egallagan. “Asr odami” she’rida o’qiymiz:

Odamlar o’tdilar, bir vaqt, bir zamon,
O’tdilar eng oddiy baxtdan ham yiroq.
Yagona orzusi edi parcha non,
Eng buyuk armoni – ozod yashamoq!

Bu so’zlar odamni qashshoqlik, nochorlik panjasidan qutqazolmay, qullik, mutelik qafasidan ozod etolmagan battol zamonga, hatto asrga malomatdir.

“Avval o’zingga boq…” degan maqol ko’proq malomat ahliga tegishli deyish mumkin. Chunki diqqat-e’tiborni ular o’ziga qaratishdan hech chekinmay gapni doimo o’zlaridan boshlab, qusur-kamchiliklarni ochiq so’zlaydilar. Shoirning malomatchilik qarashi izchilroq bir tarzda dastlab “Yuzma-yuz” manzumasida aksini topgan. Agar ta’bir joiz bo’lsa, Abdulla Oripov ilk bora o’zi bilan o’zi yuzma-yuz turib kamchiliklarini o’zgacha bir ohangda oshkor aylagan:

Men bir tajribasiz, g’o’r yigit, nechun
Adashding deyapman dunyoga, hayhot.
O, shoir xanjarni o’zingga urgin,
Sen o’zing adashmay o’sdingmi, nahot!

Ha, yoshlikda men ham biroz adashdim,
Qotil bo’lganim yo’q ammo, har qalay…
Dunyo ham bir vaqtlar mamot talashib,
Adashib ketgandi yo’lidan menday.

Bir g’o’r yigit – navqiron shoirning adashishi qayonda-yu, dunyoning adashuvi qayonda? Kim adashmagan, kim yo’lni yo’qotmagan bu olamda? Lekin shoirning adashishida qabohat, xiyonat, jinoyat va xunrezlik yo’q. Dunyonikidachi? Undagi fojia, musibat, kulfat va nohaqliklarni aytib adog’iga yetib bo’lmaydi. Dunyo yo’ldan ozib, nohaqlik, bedodlik botqog’iga botganki, “Nahotki dunyoda haqsizlik mangu…”, “Nahot qotil bo’lsa o’sib chaqaloq?!” degan savollar ko’ngilga nayzadek sanchilgan. G’irromlik, riyokorlik va qallobliklarga dunyo keng izn berganki, jafokash xalqining asl ahvolini odamlarga emas, shoir ko’kdagi yulduzlarga izhor etgan:

Yulduzlar, bilmaysiz mening xalqimni,
Bundayin zahmatkash yer yuzida kam.
Yelda tinim bordir, unda yo’q tinim,
Shundayin ishparastdir, u munisginam.

Men uni o’ylayman tun kechalarda,
Ona xalqim deyman, mehrim oqar jim.
Ko’zimga ba’zida ko’rinsa janda,
Ko’nglim to’lib ketar, ingrayman, xalqim.

Xalqim, moziy o’tdi, tole ko’rmading,
Pishirding o’zingga benasib taom.
Kiygizding birovga, o’zing kiymading,
Yulduzni kashf etib nom olding avom!

Bu parchada guyo moziy, hasrati darj etilganday tuyulsa-da, janda, ingrayman, tole ko’rmading, benasib taom, o’zing kiymading, nom olding avom kabi so’z va iboralar she’r yozilgan davrdagi xalq ahvolini to’g’ri tasavvur qilib, kosa tagidagi nimkosani unutmaslikka undaydi. O’tganga achinish, befoyda motamdan bir natija chiqmasligini ta’kidlagan shoir:

Va lekin tosh otmay ilojim yo’qdir,
Furqatni badarg’a etgan zamonga,

deydi. Furqatni darbadar qilib, xoru zorlikka mahkum aylagan zamonga otilgan tosh oddiy yoki odatiy tosh emas, balki malomat toshidir. Shoirning keyinchalik yozilgan zo’r she’rlaridan biri shu nom bilan atalgan: “Malomat toshlari”. She’r o’quvchini hushyorlik, ogohlikka chorlovchi shunday so’zlar bilan boshlanadi:

Hushyor boq, to foniy umr kechadi,
Tegrangda turfa xil toshlar uchadi.
Biri qora hasad yo g’araz toshi,
Biri yovuz tuhmat yo maraz toshi…

Ko’ngildan beixtiyor dunyoda toshning ham turi ko’p ekan va sho’rlik inson hammasiga nishon-da, degan fikr kechadi. Qancha ko’p bo’lmasin, ko’zlanadigan maqsad shunday:

Ular sabr kosang to’ldirmoq bo’lar,
Ular umring gulin so’ldirmoq bo’lar…

She’rda ta’kidlanishicha, olamda odamga ozor yo sezilarli ziyon, zaxmat yetkazmaydigan, hatto ko’ngil shishasini sindirmaydigan boshqa bir tosh ham mavjud. Qadimda sangi malomat deyilgan bu toshning asosiy xislati “g’aflat farishtasin” bedor etib, mudroq ruhni g’alayonga chulg’ashidirki:

U vijdon tamali, diyonat toshi,
Malomat toshi bu, malomat toshi.

She’rga asos bo’lgan mohiyat bo’yicha, vijdon va diyonat nigohidan chetda qolgan har bir kori hol malomat toshining otilishiga sabab bo’lmog’i mumkin:

Insonning to fazlu falokati bor,
Uning bir-biriga malomati bor.
Tashrifga ko’z tikkan bemorlardan to,
Shohlar diligacha malomatdir jo…

Xuddi shu uchun ham har bir inson haddini bilishi, o’zaro munosabatda befarqlik, bedodlik, mehrsizlikka yon bermasligi zarur. Ammo xayol boshqa, orzu boshqa, amal yana bir boshqa. Shu bois:

Qadim odamzodga necha ming zamon,
Malomaat toshlari hamroh har qachon.
Asriy koshonaga to ofat kelur,
Nolakor moziydan malomat kelur.

Ming yillab samoga boqdi odamzod,
Falakdan tiladi madad va imdod.
Va lekin topgani falokat bo’ldi,
Shul sabab har so’zi malomat bo’ldi.

Malomat – ta’na yo dashnom, tanqid yo tahqirmas, hatto umumiy gunoh va ayblarda ham shaxsiy “hissa”si borligini his etish, odam taqdiri va muammolariga tomoshabin ko’zi bilan qaramaslikdir.

Ma’lumki, mehr-muhabbat, shafqat va muruvvat bozori yigirmanchi asrda bir qadar kasodga uchrab, insoniylik qadri pasayib ketgandi. Hech qaysi asrning qabihlik, zo’ravonlik va yovuzliklari bir-birinikiga aynan o’xshamaganidek, biri birining takrori ham emasdir.

Odamni mahv etur farzandi odam,
Odam erur, ammo tomoshabin ham.

Avvalgi asrlarda ham shunday qabih voqea-hodisalar bo’lgandir, biroq jinoyatlarni ko’rib turib, ko’rmaslikka olish, zulm va bosqinchiliklarni adolat va ozodlik deya insoniyatni laqillatishda yigirmanchi asr ildamlab ketgandi. Ayniqsa, mustamlakachi sovet davlatining ijtimoiy-siyosiy jinoyat, ma’naviy-axloqiy jallodliklarini yashirishning aslo iloji yo’q edi.

Ne deb so’zlagankin, boqib biz sari,
Betimsol Oybekning horg’in ko’zlari?!
Sarg’aygan sahfalar aro qarab tek,
Qodiriy qabrini so’rar Otabek.

Bunday savol-so’roqlarga javob izlash, har bir musibat – yo’qotishning sababini izohlash o’z-o’zidan, albatta, ta’nayu malomatga keng yo’l ochardi.

Kelajak o’tmish bag’rida dunyoga kelganidek, moziy ham kelajakdan ajralib qolmaydi va tarix zamon uchun hamisha muhokama va saboq manbai bo’lib qolaveradi. Shoir aytmoqchi:

Har lahza moziyga garchand ketajak,
Lekin oldda bizni kutar kelajak.

Xo’sh, kelajak avlod bilan yuzlashganda munosabat, baho va e’tirof qanday bo’ladi? Nimalar to’g’riyu, nimalar noto’g’ri, nimalar haqu, nimalar nohaq yoki g’ayriinsoniy deb topiladi?

Hamma ura-ura qilib, baxt va muvaffaqiyatlardan sarxush bo’lib yurgan bir paytda Abdulla Oripov jamoaviy g’aflat, aldov va yolg’onning ham hisob-kitobi bor qabilida fikr yuritib yurt peshvolarini ham cho’chitib yuborgan misralarni tizgan edi:

Mudroq vijdon uchun, soxta shon uchun,
Behuda to’kilgan qancha qon uchun.
Zaminning tuzalmas jarohati deb,
Moviy dunyolarning halovati deb,
Bir kun egilmasmi odamzod boshi?
Bizga ham yog’masmi malomat toshi?

Shoir nazarda tutgan toshlar qayta qurish va oshkoralik zamonida shiddat bilan yog’ila boshladi. Bundan u bir qadar ranjib, tanqidiy mazmundagi she’rlar ham yozdi. Ana shu ziddiyatli munosabat va holatlarni haqqoniy yoritish ham shoir ijodiy evolyutsiyasi, ayrim adabiyotshunoslar tasavvur etganidek, tekis va silliq kechmaganligi uning o’zi buning she’riy izhorlarini bitib ketganligini ko’rsatadi.

Abdulla Oripovning 1964 yil yozilgan “Alьbomga” degan sarlavhali sheri:

Qalbim buyurmasa biror so’zni ham,
Yozmasman hech qayda hech vaqt hech qachon!

degan satrlar bilan tugaydi. Bunday bo’lmasligi faqat qalb buyurganini yozish bilan jamiyat, davlat va xalq diqqat-e’tiborini jalb etib bo’lmasligini yosh shoir o’shanda inobatga olmagan. Va ijtimoiy-siyosiy mazmundagi o’nlab madhiya, bag’ishlov she’rlar yozishni xayolga ham keltirmagan. Abdulla Oripov ijodiyotining o’ziga xosligi uning ko’pgina she’rlarida malomatchilik nuqtai nazari va fikrlarining mavjudligida ko’zga tashlanadi. Chunki unda iztirob chuqur, aytarli har bir she’r dard qo’li bilan yaraladi. Iztirob yo g’am bormi – demak, nafsga qaram bo’lmaslik mayli mavjud. Bu esa malomat hissiyoti degani.

Abdulla Oripov she’riyati bo’lmaganda, o’zbek adabiyoti keyingi milliy, g’oyaviy-estetik yuksaklikni zabt etolmas, unga ergashgan, uning tajribalaridan ta’sirlangan yosh ijodkorlarning taqdiri ham nisbatan boshqacha bo’lardi. Ayrim shoirlar Abdulla Oripovdan kam joyim yo’q, u yozganni undan-da jozibaliroq qilib yozaman, deb o’ylashadi. Bu to’g’ri xulosa emas. Unga ato etilgan ijodiy nafas ham, ruh ham ilohiy. Shuning uchun uning dunyo, davr, zamon malomat qilingan misralarini ham takrorlab bo’lmaydi.

U tabiat va dunyoni malomat etar ekan, guyo ulardan ustun bir kuchga sohibligini namoyon etadi:

Agar aldamasa shu sovuq simlar,
Gar shul eshitganim bo’lmasa ro’yo.
Sen beshik emassan dorsan tabiat,
Sen ona emassan, jallodsan dunyo.

Chin malomatchi boshqalardan ichki hayoti va hollarini yashiradi. Abdulla Oripov ham bejiz:

Mayli suvratimga boqqilu quvon,
Lekin siyratimga tashlama nazar,

— demagan. U o’zidan qochib o’zini topgan, o’zini topib undan kechgan darveshvash shoir. Bunday shoir holi va lahzalik zavqini hech nimaga almashtirmaydi, ko’ngli va ruhi Haq nuridan yorishganda o’ziga doir malomatni haddi a’losiga yetkazadi. Abdulla Oripovda ham shunday kechinma begona emasdi. Shon-shuhrat, mavqe’, martaba insonni ne kuylarga solmaydi deysiz. Ammo hirsu havas o’laroq harakatlangan mayllar, ko’pincha muhit va shart-sharoit ta’sirida hasratga do’nib, pushaymonlikni yuzaga chiqaradi. Vafotidan oldinroq yozilgan ayrim she’rlarda u malomatni shafqatsiz realizm darajasiga ko’targandi. Mana bu e’tiroflar qarshisida boshqalarning ta’nayu malomatlari bir xascha ham emasdir:

Qasamxo’r dunyoda kun ko’rish uchun,
Aytmagan yolg’onim qolmadi biror.
Sen-chi hiylakorlik qilasan nechun,
Senga o’trik aytish nimaga darkor.

Duch kelgan kimsaga qildim xushomad,
Oyog’in yaladim mushukday hatto.
Egildi bir zamon tik bo’lgan qomat,
Bu holni sengga hech ko’rmasman ravo.

Men hayot qo’lida bo’ldim o’yinchoq,
Baxtsiz yashab o’tma, sen baxtsiz bo’lma.

Malomat, ma’lum bir ma’noda insonning ichki dunyosiga nigohini qaratib, siyratdagi yomonlik, chirkinlik va yovuzliklarga qarshi chiqqan insonning ma’naviy-axloqiy isyonidir.

A.Oripovning “Temir odam” she’rini olaylik. Uning qahramoni texnika asrida paydo bo’lgan bir tip vakili. U hamma narsani biladi, tushunadi, hisob-kitob eta oladi. Temirdan yasalgan odam timsoli – robotdan uning aslo kami yo’q.

Uning ham ko’zida chaqnamas hayot,
Munis boqishlarni anglamas u ham.

U ham to’lg’onolmas, ingramas, kulmas.
Yig’lagan go’dakni yupatolmas ul,
U ham yulduzlarning hidini bilmas,
Bag’rini tirnamas so’layotgan gul.

Dunyoyu odamlar taqdiri zarra
Tashvishga solmagay yo’q zo’ru zari.
Tashvishga solmagay na qo’shiq va na …
Mening yuragimda nimalar bori.

Balki temirlar ham yig’laydi chindan…
Bu-chi, yig’layolmas, aylangan toshga!

Nuqson, ayb, gunoh va yomonliklari uchun odam bolasi haqida juda ko’p tanqid, ta’na va malomatlar aytilgan. Ammo hech bir shoir yuqoridagiga monand misralarni bitmagan. Chunki yigirmanchi asrda ham, undan avvalgi asrlarda ham hech qaysi shoir, ko’zida hayot nuri so’ngan, to’lg’onish, ingrash, kulish nimaligini bilmaydigan, dunyo-yu odamlar tashvishidan mutlaqo yiroq, eng yomoni go’zallik idroki so’qir (“Bag’rini tirnamas so’layotgan gul”), mehr-muhabbat tuyg’usidan mahrum (“Yig’lagan go’dakni yupatolmas ul”), qalbsiz inson obrazini yaratgan emas. Biroq bu obrazning asl mohiyati va ma’naviy qiyofasi malomat “tili” bilan ochib berilgan. Yigirmanchi asrning ko’p ijtimoiy, axloqiy fojialari “temir odam”lar sonining ortishi bilan kuchayib, kengayib borgandir. Bugun ular dunyoga hukmron…

“Sultonlar va shoirlar” she’ri malomat xayoli bilan boshlanadi:

Oyog’i uzangidan uzilganda har bir kas,
Katta gapdir, qasd olib qilinmasa malomat.

Biroq bu gal malomatga nishon bo’lgan zotlar – maddoh va yaltoqi shoirlar edi:

Amaldorga so’ykalgan, ey sen yaltoqi shoir,
Dastlab seni yedirmoq kerakdir ko’ppaklarga.
Soxta fikr yasashning ustasi sensan, mohir,
Chumolini fil deya ko’tarding yuksaklarga.

Amaldorga so’ykalish bilan suykalishning farqi bo’lganidek, soxta fikr bilan fikr soxtakorligi ham bir-biridan ajraladi. Zolim, qonxo’r, mustabid hukmdorlarga xushomad qilib, she’rni ularning xizmatiga safarbar etish – bu endi malomat toshi emas, malomat qilichi bilan jazolanishga loyiq jinoyatdir:

Asrlarkim, chalg’itding butun insoniyatni,
Qo’ng’iz mo’ylov, shop mo’ylov sanamlarga tenglashdi.
Sibir o’rmonlarida kesilib haqqoniyat,
Yetmish to’rt yil dohiylar xushomading tinglashdi.

Ushbu misralar kimlardadir “Xo’sh, o’zlaridan so’rasak? Umumiy maddohizmga bosh qo’shmadilarmi?” degan savol tug’dirishi aniq. Shoir ham gapni u yon bu yonga olib qochmay:

Men ham mashg’ul bo’lganman shu ish bilan u mahal,
Gunohkorman to mahshar tinchimdan bo’ldim judo,

deydi. Gunoh va gunohkorlikka iqror bo’lish hamda uni butun ochiqligi bilan so’zlay olish malomat hissining xuddi o’zidir. Bashar tarixi, bundoq qaralganda, dard, hasrat, nadomat, kulfat va malomat tarixi. Bu tarixdan qayg’u va nadomat qancha o’rin egallagan bo’lsa, g’am-g’ussa va malomat ham undan kam joy ishg’ol qilmagan. Ammo olam ahli fe’l atvorining yomonlashib, qilg’iliklarining yovuzlashishga qarab malomatning ham ko’lami kengayib, ifoda tarzi keskinlashgan. Qarang, 2014 yilda yaratilgan “Vatan madhi” sarlavhali she’rda nimalar deyilgan:

Kim bo’libman, axir men mehrga zor-ku bashar,
Chulg’ab olmish olamni zo’ravonlik va aqcha.
Oddiy bir to’p teparga qiyoslab ko’rsang agar,
Gomer va Tolstoyning narxi bo’larkan qancha?

Ha, odam bolasi bu, qon qaqshatar dillarni,
Qo’li hech bo’shamaydi ig’vo bilan urishdan.
Ko’rdim afsus dunyoda hatto shunday ellarni,
Zavq oladi o’z birin toptab yerga urishdan.

Malomatiy kim? Eng avvalo, ulug’lik da’vosi, manmanlik, xudparastlik iddaosidan qutila olgan, o’zini ko’z-ko’z qilish, ommaning olqishi va ehtiromidan kecha bilgan shaxs. Bobur mirzo aytmoqchi, unga ulusning ta’nayu ta’rifi –tanqid va maqtovi bir xildir. Malomat holiga sohib odam ayb, nuqson va gunohlariga mas’ul, ularning oshkor bo’lishidan cho’chimaydigan, aksincha undan maroqlanuvchi va har nima istasa o’zidan istovchi zotdir. Uning shaxslik sifatlari, ayniqsa, kibr va riyoga yon bermasligi, zohirparastlikdan yiroqligi, manfaat va moddiy yutuqlar uchun hech kimsaga bo’yin egmasligida yorqin ko’rinadi.

Albatta, Abdulla Oripov malomatiylik qonun-qoidalari va shartlarini maxsus o’qib-o’zlashtirmaganidek, malomatiylik tariqiga kirishni ham xayoliga keltirmagan. Ammo Sharq mumtoz she’riyatini, ayniqsa, Yassaviy, Navoiy, Bobur, Mashrab, Ogahiy singari san’atkorlarning adabiy merosini teran o’rganish uning ko’ngli va ruhida malomatiylik hissiyotlarining tomir yozishiga imkon ochgan. Shu ma’noda bir dalilga e’tiborni qaratsak. Ahmad Yassaviy faqat so’fiy va darveshlarning emas, malomatiylarning ham piri komillaridan bo’lgan. Shayxning hikmatlarida malomatiylik ma’no va ohanglari muhim o’rin egallaydi. Buni aniq va nozik ilg’amaganda Ahmad Yassaviyning muborak nomi qoralanib, irfoniy merosi tahqirlangan bir zamonda Abdulla Oripov “turk piri” (Navoiy)ga bag’ishlangan she’rida:

Nafs ila dunyoga dil bergan fosiqlar siz bu kun,
Yassaviy xok pokidin aylab oling tummorlar,

deb yozmagan bo’lurdi.

Xullas, malomatiylik Abdulla Oripov she’riyati uchun go’yo bir sirli parda. Bilim va idrok bilan u chetga surilsa, shoir she’rlarining o’ziga xos va takrorlanmas xususiyatlari yanada jonli, yanada jozibali mohiyat kasb etaveradi.

05

(Tashriflar: umumiy 4 033, bugungi 1)

Izoh qoldiring