Birinchi muhabbatim. She’r va qo’shiq tarixi

ишқ

Ўзбекнинг ëшию қарисига қадар ëддан билувчи¸ Шерали Жўраев қадами етган жойда мухлислар айттирмай қўймайдиган бу қўшиқ яралганига 40 йилдан ошган бўлган бўлса-да¸ муҳаббатга чанқоқ қалбларнинг унга талпиниши сусаймаëтир.
Ўтган асрнинг 70- йиллари бошида Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасининг очиқ деразаларидан тўхтовсиз равишда “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи янграрди. Шеър муаллифи қашқадарëлик талаба Абдулла Орипов экани ва қўшиқни андижонлик талаба Шерали Жўраев басталаганини бутун талабалар шаҳарчаси биларди.
Шаҳарчанинг бошқа томонида Қорақалпоғистон ва Хоразмдан келган талабалар Отажон Худойшукуров ижросидаги “Биринчи муҳаббатим” қўшиғини тинглашар эди. ‘Вега’, ‘Астра’, ‘Брянск’ деб номланган эски тасма чархли магнитофонлардан,бойроқ талабалар соҳиби бўлган қулинг ўргулсун “Весна” компакт кассетали магнитофонлардан янграган “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи бутун Ўзбекистон ëшларини-ю ошиқларини бирлаштиргувчи муҳаббат мадҳиясидек янграр эди.

Бу қўшиқ тарихи ҳақида унга куй басталаб,илк ижроч этган Шерали Жўраевнинг ҳикоя қилади:
— Мен бу шеърни 1966-1967 йилларда Тошкентга ўқишга келганимда Абдулла Ориповнинг китобидан олганман. Кейин тарихини эшитган эдим. Бир йигит бир улуғ зотнинг қизини севиб қолган бўлади. Лекин у қизга севгисини айта олмаган. Институтга бориб¸ унинг ëнбошидан қайтиб келаверган. Узоқдан кетаверган. Бориб яна қайтиб келаверган. Шунақа қилиб гапини айта олмасдан кузатиб юраверган. У қиз кейин бошқага турмушга чиқиб кетган¸ йигит эса бошқа қизга уйланган. Шу шеър ўшанда бино бўлган. Мен буни бутун севишганларнинг изтиробини ҳис қилган ҳолда қўшиқ қилганман.
Ўша пайтда “Ëш ленинчи” деган газета бўларди. Ўша газетанинг 1967-1968 йиллардаги сонини кўрсангизлар¸ “Шерали Жўраев деган ашулачи ҳеч ҳам ашула қилиш мумкин бўлмаган шеърни ашула қилибди” деб фелъетон қилган. У пайтда ғазал ашула қилинар эди. Бунақа шеърлар ашула қилинмас эди. 40 йилдан ортиқ вақтдан бери шу ашулани ҳамма эшитади, айтади, мазза қилади.
Шерали Жўраев бу қўшиқни қаерда куйламасин, залда ўтирганлар бу қўшиқ сатрларини у билан бирга жўр бўлиб такрорлашади. Бу мафтунлар орасида қирқу элликдан дан ошганлар ҳам¸ йигирмага етмаганлар ҳам бор.

Шоир Абдулла Орипов эслайди:
Шеърнинг ëзилганига 50 йилдан ошди. Ëзилган оддий шеър энди. Ўқиб олаверасиз. Бошқа ҳеч қанақа гапи йўқ бу шеърнинг. Ҳофизлар 40-50 йилдан бери айтиб келаяпти.Ҳоди Тоқтошнинг “Муҳаббат ул эски нарса¸ ҳар бир қалб они ëнғорта” деган гапи бор.Одам боласи тирик бўлгандан кейин севади,севилади. Мен бу муҳаббат мавзуида кўп шеърлар ëзганман. Бу Муҳаббат туйғуси борки,шеър бор,адабиёт бор.

Бу қўшиқ кимга бағишланган ўзи? Ким ўзи у соҳибжамол? Ким ўзи у шоирни йиғлатган¸ бағрини тиғлатган малак?
Бу савол жавобини Абдулла Ориповни яқиндан таниган журналист Исмат Хушев топиишга уринади:
— Абдулла аканинг бир пайтлари айтишлари бўйича, Тошкентда Ислом дини акобирларидан бўлмиш улуғ бир зотнинг қизлари бўлган¸ Абдулла ака ўша гўзал қизни яхши кўриб қолганлар.
Ўшанда Абдулла акага “Ҳўв йигит. Сен кимсану бу ким? Бу бир париваш қиз. Тошкент шаҳрида иккита бўлса¸ биттаси бу. Сен¸ қишлоқдан келган ялангоëқ бола. Кимга меҳр қўйдинг? Сен қанақа дорга осилаяпсан? У қизнинг ўзи бир олам бўлса¸ унинг оиласи бир олам. Отаси Тошкентдаги энг нуфузли Ислом олимларидан” деб айтишган. Абдулла аканинг ўзи ҳам ҳаракат қилган¸ аммо гўзал бир қиз қишлоқдан келган чумчуқдай бир йигитчага эътибор қилмаган шекилли-да.
Мен Абдулла аканинг мухлиси сифатида¸ у кишининг юксак муҳаббатининг маҳсули бўлган мана шу шеър ёзилишига сабабчи бўлган воқеа-сабаб ҳақида ўзимнинг эшитганларимни айтиб бердим. Бу менинг билганларим. Балки бу ҳақиқатдан йироқдир. Менинг болалик шууримда¸ ўспиринлик шууримда Абдулла ака ҳикоя қилган гўзал қизнинг хира-шира чеҳраси ҳануз қадар кўз ўнгимда,мен уни кўрмаган бўлсам ҳам, шу шеър эсимга тушган пайтда ажиб бир ҳолатда жилваланиб туради.

Шеър ëзилганидан анча ўтиб туғилган Бу шеърни таҳлил қила-қила адабиëтшунос олима бўлган тожикистонлик Мунаввара Ойматова сўзини эшитинг:
— Токи ишқ олови бор экан¸ токи томирларимизда қон югурар экан¸ бу шеър, бу қўшиқ унутилмайди¸
Менинг назаримда¸ чинакам шеър аслида чинакам эҳтиросдан¸ эҳтирос ва ақл кесишган жойда туғилади. Бу шеърнинг чинакам бир дарддан туғилганлиги учун бўлса керак қўшиқ сифатидаги ҳаëти ҳам жуда узоқ. Мен бир хил прокурорларнинг шу қўшиқ янграганида ўзининг мартабасини, ўзининг кимлигини унутиб¸ шу қўшиққа ҳамроҳ бўлганига гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳам ўйлайманки, бу инсоннинг энг чуқур еридан олиб ëзилган шеър. Инсоннинг дарди билан йўғрилган шеър ҳеч қачон ўлмайди. Шодлик¸ қувонч ҳақида ëзилган шеърларнинг умри жуда ҳам қисқа. Бундай қараганда¸ булар мен учун шеър эмас. Дардга йўғрилган ҳар қандай шеър боқий асарга айланади.
Абдулла Орипов чиққан баландликка ўзбек шеъриятида унча-мунча одам чиқа олган эмас.
Бу шеърнинг умрини қарангки¸ қўшиқ сифатида 40 йилдан зиёд вақтдан бери айтилади. Шерали Жўраевдан саҳнада ҳануз талаб қилинадиган биринчи қўшиқ “Биринчи муҳаббатим” бўлади¸

Биринчи муҳаббатим

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Холбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юдуздай куйганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб, сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги охим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

Ushbu sahifani tayyorlashda jurnalist  A. Iskandar matnidan foydalandik.

хдк

(Tashriflar: umumiy 10 226, bugungi 1)

7 izoh

  1. Хаккаттан хам яхши Шер чиройли кушик булади мен хам абдулла орипов шерларини севиб укийман 20 асрнинг буюк шоирлари

  2. Буюк шоир.Жойлари жаннатда булсин.

  3. Abdulla Oripov hech shubhasiz nafaqat 20 asrning balki 21 asrning ham buyuk darg’alaridan desak sira ham mubolag’a bo’lmaydi!

  4. Абдулла Орипов, жойлари жаннатда булсин. Бундай буюк шоир 100 йилда бир марта дунега келади.У киши билан фахрланамиз.

  5. Абдулла Орипов дархакикат уз даврининг етук ижодкори булгани шубха ис,шер езилган 1967-1968 га ва шер охирига :Дилдаги охим менинг, биринчи муҳаббатим,
    Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.
    Эьтибор килсак, Шоирнинг туйгуларини биламиз назаримда

Izoh qoldiring