Halima Ahmad. Yangi yil umidi

092     «Хуршид Даврон кутубхонаси» веб-саҳифаси барча юртдошларимизни, адабиётимиз фидойиларини, сайтнинг доимий муштарийларини янги йил билан чин юракдан қутлайди ва янги йил умидларини таниқли шоира Ҳалима Аҳмаднинг икки шеърини тақдим этиш билан изҳор этади.

Ҳалима АҲМАД
ИККИ ШЕЪР
09

ЯНГИ ЙИЛ УМИДИ
022
Қуёш соғинчи бор бугун кўнглимда
Ва яна бир хаёл — кўйлаги гулдор.
Деразамни эса моҳир наққошдай
Қўли қўлга тегмай безаётир қор.

Қизил атиргулдай хушбўй юрагим —
Байрамга талпинган қизалоқ мисол —
Талпиниб чарчамас янги кун томон.
Ва уни танимас изғирин шамол…

Кун совуқ, увишар, тириклик эти.
Ва елкамда осмон олади нафас,
Гулдор кўйлагини кийиб хаёлим —
Қуёш соғинчига кетар қасдма-қасд.

Кимдир сим қоқади соғинч юртидан:
— Янги йил келаяпти, ахир, янги йил…
Туринг, дарахтларнинг қалбига боринг,
Ҳаяжондан телба бўлаяпти, дил…

Дейман:
—Қайси йўлдан келар янги йил? —
—У умид йўлидан келяпти масрур,
Наҳот, сезмаяпсиз янги ҳавони.
Наҳот, дилингизда сўнган барча нур…

—Йўқ, йўқ, кўнглимда бор қуёш соғинчи
Ва ҳали сўнмаган ишқ талвасаси.
Икки елкамда жуфт фарипгга мисол —
Парвозни ўргатар осмон нафаси…

—Жуда соз, яшашдан чарчаманг, эй дўст,
Дарёдай маст бўлсин сиздаги кўнгил,
Эзгулик базмида кўришгаймиз боз,
Янги йил келаяпти, ахир, янги йил…

Гўшакни қўяман,
Умид васлида—
Жонимнинг ичида бошланар туғён.
Кўзимнинг олдида тиклайди қаддин—
Эгни-бошин қоқиб, йиқилган жаҳон.

Қайтадан севаман тирикликни мен,
Боқиб шодлигимнинг даричасидан
Ва баҳор сувратин кўриб қоламан,
Айланиб учаётган қор парчасида.

Ва дейман:
Яшамоқ — баҳордай яшил,
Тушкунлик кўзгусин синдириб чил-чил,
Нажот бор олдинда
Ва сўлим ишқ бор,
Янги йил келаяпти, ахир, янги йил.

Сен ҳам дўст бўлишни ўргангин, ғаним,
Мен ҳам ювай дилдан қора ғуссани.
Кел, бирга кўнгилнинг томорқасида
Ундирайлик меҳр деган майсани.

Топайлик “Мен борман” деган ёзувни —
Жилмайган саҳарнинг пешонасидан.
Ҳар кунни, лаҳзани тортиб олайлик
Оқибатнинг қадим афсонасидан…

Шодлик кулчаларин улашайлик боз,
Қувончга очиққан маъюс дилларга.
Ўзимизни бошлаб келайлик яна —
Қуёш муҳри қолган таниш йўлларга.

Ерга нур экаётган қорни қутлайлик,
Ва дейлик:
— Сафаринг бўлсин бехатар.
Деразадан боққан мусичалардан—
Сўрайлик: Тилингда қандай хушхабар?

Ҳаяжон тўлқинин эркалат, эй дўст,
Ва совуқнинг иссиқ куйин тинглагил,
Умид йўлларидан Ўзбекистонга —
Кириб келаяпти, ахир, Янги йил!

ТИНЧЛИК

Тонг чертганда қишнинг биллур даричасини,
Нур қушлари кипригимни силаб уйғотди.
Ял-ял ёнар ҳаёт кумуш либосларида,
Шукр,
Ҳақнинг яна дилкаш бир тонги отди.

Ташқаридан келар яна иссиқ бир овоз:
“Сут сотаман, қатиқ билан тоза қаймоқ бор…”
Ва келади,
Қуёш сари одимлаётган,
Майса саси, гарчи ҳали олисда баҳор.

Ҳамма-ҳамма йўлга тушар орзулар билан,
Мен ҳам чиқдим,
мовий, тиниқ тонг сафарига.
Шошиламан тириклигим қўшиш учун боз,
Нуқра кийган ширин ҳаёт хушхабарига.

Бир қизалоқ онасининг қўлидан ушлаб,
Кетиб борар қувнаганча меҳр томонга.
Кимдир яна уфқ тўла нигоҳларини
Осиб қўймиш қадимдан-да қадим айвонга.

Оилалар очар ризқнинг дастурхонини,
Нонуштага ичишади умид шарбатин.
Сўнг кўзларга суртишади шукроналикни,
Ҳаққа етар бу дуонинг яшил қаноти.

Тупроқ хушфеъл, осмон хушбахт шивирлашади,
Иссиқ нонлар узилар юрт тандирларидан.
Шўх болакай қайноқ
Ернинг шаклини эпчил
Қордан ясаб тортиб олар,
Қишнинг қаъридан.

Кўча тўлар салом-хайрнинг ҳароратига,
Кўнгил сўрар бир-биридан таниш-нотаниш.
Юрагида меҳр гули очилган элнинг
Олдида хўп изза бўлар,
Уялади қиш.

Йўлакларда аста-аста одимлаб шодлик,
Жарчи бўлиб тарқатади тўйнинг номасин.
Дарахтларга ўргатади мумтоз шамоллар,
Ўзбекча куй, оҳанг билан бахт таронасин.

Барча қушлар гурунглашар қуёш тилида,
Келин бўлиб тушар омад ҳар хонадонга.
Белбоғига янги куннинг орзусин тугиб,
Кексалари боришади яйраб меҳмонга.

Иссиқ ноннинг ҳиди каби тансиқдир жуда,
Хотиржамлик туйғусининг дилда иниши
Ва эзгулик дуосига ўхшайди жуда.
Мунис, азиз оналарнинг юрак уриши.

О, мен яна кўз тутаман ишонч йўлига
Ва кўнглимни айламоққа сен учун тортиқ.
Сен — тунларнинг қанотидан тўкилган шеърим,
Ҳеч мўъжиза кўрмадим мен сеҳрингдан ортиқ.

Илк севгисин юрагида пинҳона тутган
Сен — ўғлимнинг кўзларида ўйнаётган нур
Ва дунёга кимлигини кўрсатаётган —
Миллатимсан — ҳақиқатга қараган мағрур.

Сен — кайвони момом, тўю томошаларда
Халққа оппоқ парвардалар, ҳолва улашган.
Қодирийлар, Чўлпонимдан қолган ёдгорсан —
Шу эл учун жонин бериб ёниб курашган.

Мен ҳам борай,
Тўмарисдан мерос юракни
Токи гулдек қадаб чиқай юрт сарҳадига.
Токи сенинг қадринг ҳаққи,
Ҳурматинг ҳаққи,
Жон муҳрини босай ёруғ кун тилхатига.

Келажакнинг бешигини тебратгувчисан,
Умид боғин кўкартирган ҳам нурли боғбон.
Илдизлаб ўс, шу Ватаннинг ҳужайрасида
Ва хавотир зулматидан қолдирма нишон.

Осмон зангор тортиб борар,
қиш ўртасида —
Зарбоф тўнин кияр қуёш қадим элчидек.
Она халқим севар сени,
Сен ҳам уни сев,
Сенга ошиқ Ватанимдан кетмагин Тинчлик!

021

     «Xurshid Davron kutubxonasi» veb-sahifasi barcha yurtdoshlarimizni, adabiyotimiz fidoyilarini, saytning doimiy mushtariylarini yangi yil bilan chin yurakdan qutlaydi va yangi yil umidlarini taniqli shoira Halima Ahmadning ikki she’rini taqdim etish bilan izhor etadi.

Halima AHMAD
IKKI SHE’R
09

YANGI YIL UMIDI
022
Quyosh sog’inchi bor bugun ko’nglimda
Va yana bir xayol — ko’ylagi guldor.
Derazamni esa mohir naqqoshday
Qo’li qo’lga tegmay bezayotir qor.

Qizil atirgulday xushbo’y yuragim —
Bayramga talpingan qizaloq misol —
Talpinib charchamas yangi kun tomon.
Va uni tanimas izg’irin shamol…

Kun sovuq, uvishar, tiriklik eti.
Va yelkamda osmon oladi nafas,
Guldor ko’ylagini kiyib xayolim —
Quyosh sog’inchiga ketar qasdma-qasd.

Kimdir sim qoqadi sog’inch yurtidan:
— Yangi yil kelayapti, axir, yangi yil…
Turing, daraxtlarning qalbiga boring,
Hayajondan telba bo’layapti, dil…

Deyman:
—Qaysi yo’ldan kelar yangi yil? —
—U umid yo’lidan kelyapti masrur,
Nahot, sezmayapsiz yangi havoni.
Nahot, dilingizda so’ngan barcha nur…

—Yo’q, yo’q, ko’nglimda bor quyosh sog’inchi
Va hali so’nmagan ishq talvasasi.
Ikki yelkamda juft faripgga misol —
Parvozni o’rgatar osmon nafasi…

—Juda soz, yashashdan charchamang, ey do’st,
Daryoday mast bo’lsin sizdagi ko’ngil,
Ezgulik bazmida ko’rishgaymiz boz,
Yangi yil kelayapti, axir, yangi yil…

Go’shakni qo’yaman,
Umid vaslida—
Jonimning ichida boshlanar tug’yon.
Ko’zimning oldida tiklaydi qaddin—
Egni-boshin qoqib, yiqilgan jahon.

Qaytadan sevaman tiriklikni men,
Boqib shodligimning darichasidan
Va bahor suvratin ko’rib qolaman,
Aylanib uchayotgan qor parchasida.

Va deyman:
Yashamoq — bahorday yashil,
Tushkunlik ko’zgusin sindirib chil-chil,
Najot bor oldinda
Va so’lim ishq bor,
Yangi yil kelayapti, axir, yangi yil.

Sen ham do’st bo’lishni o’rgangin, g’anim,
Men ham yuvay dildan qora g’ussani.
Kel, birga ko’ngilning tomorqasida
Undiraylik mehr degan maysani.

Topaylik “Men borman” degan yozuvni —
Jilmaygan saharning peshonasidan.
Har kunni, lahzani tortib olaylik
Oqibatning qadim afsonasidan…

Shodlik kulchalarin ulashaylik boz,
Quvonchga ochiqqan ma’yus dillarga.
O’zimizni boshlab kelaylik yana —
Quyosh muhri qolgan tanish yo’llarga.

Yerga nur ekayotgan qorni qutlaylik,
Va deylik:
— Safaring bo’lsin bexatar.
Derazadan boqqan musichalardan—
So’raylik: Tilingda qanday xushxabar?

Hayajon to’lqinin erkalat, ey do’st,
Va sovuqning issiq kuyin tinglagil,
Umid yo’llaridan O’zbekistonga —
Kirib kelayapti, axir, Yangi yil!

TINCHLIK

Tong chertganda qishning billur darichasini,
Nur qushlari kiprigimni silab uyg’otdi.
Yal-yal yonar hayot kumush liboslarida,
Shukr,
Haqning yana dilkash bir tongi otdi.

Tashqaridan kelar yana issiq bir ovoz:
“Sut sotaman, qatiq bilan toza qaymoq bor…”
Va keladi,
Quyosh sari odimlayotgan,
Maysa sasi, garchi hali olisda bahor.

Hamma-hamma yo’lga tushar orzular bilan,
Men ham chiqdim,
moviy, tiniq tong safariga.
Shoshilaman tirikligim qo’shish uchun boz,
Nuqra kiygan shirin hayot xushxabariga.

Bir qizaloq onasining qo’lidan ushlab,
Ketib borar quvnagancha mehr tomonga.
Kimdir yana ufq to’la nigohlarini
Osib qo’ymish qadimdan-da qadim ayvonga.

Oilalar ochar rizqning dasturxonini,
Nonushtaga ichishadi umid sharbatin.
So’ng ko’zlarga surtishadi shukronalikni,
Haqqa yetar bu duoning yashil qanoti.

Tuproq xushfe’l, osmon xushbaxt shivirlashadi,
Issiq nonlar uzilar yurt tandirlaridan.
Sho’x bolakay qaynoq
Yerning shaklini epchil
Qordan yasab tortib olar,
Qishning qa’ridan.

Ko’cha to’lar salom-xayrning haroratiga,
Ko’ngil so’rar bir-biridan tanish-notanish.
Yuragida mehr guli ochilgan elning
Oldida xo’p izza bo’lar,
Uyaladi qish.

Yo’laklarda asta-asta odimlab shodlik,
Jarchi bo’lib tarqatadi to’yning nomasin.
Daraxtlarga o’rgatadi mumtoz shamollar,
O’zbekcha kuy, ohang bilan baxt taronasin.

Barcha qushlar gurunglashar quyosh tilida,
Kelin bo’lib tushar omad har xonadonga.
Belbog’iga yangi kunning orzusin tugib,
Keksalari borishadi yayrab mehmonga.

Issiq nonning hidi kabi tansiqdir juda,
Xotirjamlik tuyg’usining dilda inishi
Va ezgulik duosiga o’xshaydi juda.
Munis, aziz onalarning yurak urishi.

O, men yana ko’z tutaman ishonch yo’liga
Va ko’nglimni aylamoqqa sen uchun tortiq.
Sen — tunlarning qanotidan to’kilgan she’rim,
Hech mo»jiza ko’rmadim men sehringdan ortiq.

Ilk sevgisin yuragida pinhona tutgan
Sen — o’g’limning ko’zlarida o’ynayotgan nur
Va dunyoga kimligini ko’rsatayotgan —
Millatimsan — haqiqatga qaragan mag’rur.

Sen — kayvoni momom, to’yu tomoshalarda
Xalqqa oppoq parvardalar, holva ulashgan.
Qodiriylar, Cho’lponimdan qolgan yodgorsan —
Shu el uchun jonin berib yonib kurashgan.

Men ham boray,
To’marisdan meros yurakni
Toki guldek qadab chiqay yurt sarhadiga.
Toki sening qadring haqqi,
Hurmating haqqi,
Jon muhrini bosay yorug’ kun tilxatiga.

Kelajakning beshigini tebratguvchisan,
Umid bog’in ko’kartirgan ham nurli bog’bon.
Ildizlab o’s, shu Vatanning hujayrasida
Va xavotir zulmatidan qoldirma nishon.

Osmon zangor tortib borar,
qish o’rtasida —
Zarbof to’nin kiyar quyosh qadim elchidek.
Ona xalqim sevar seni,
Sen ham uni sev,
Senga oshiq Vatanimdan ketmagin Tinchlik!

021

(Tashriflar: umumiy 222, bugungi 1)

4 izoh

  1. Янги йилда эрта индин унутилиб кетадиган бечора эски йилга ачинаман хар гал…Канча мухаббатлар, шодликлар берган булмасин биз уни унутамиз…Худди ошиклар эскирган севгилисини унутгани каби…Ёругрок туйгу тополмаётувдим…хар калай Халима ахмад шеъри юрагим музини озгина эритгандек булди…рахмат…Качонлардир ёзган бир шеърим бориди…Шуни шунчаки жунатяпман…

    Янги йил табриги

    Ҳисобли умрдан йил ўтди яна,
    Қорлар ёғиб ўтди юрак устига.
    Қачондир дилини оғритгандим, лек,
    Узр сўрамадим эски дўстимдан.

    Ҳисобли умрдан йил ўтди яна,
    Бир пайса пасайди умр – ёнган шам.
    Мен Уни кўрдим ва қарамай ўтдим,
    Қарамасдан ўтди эски дўстим ҳам.

    Шундоқ, гиналарда ўтмоқда умр,
    Гарчи меҳр эди ҳаёт матлаби.
    Янги йилдек кутиб бир-биримизни,
    Сўнгра жим унутдек эски йил каби.

    Дўстларим даврага осмонни чорланг,
    Давралар гўзалдир тилаклар билан.
    Келинг, янги йилга кириб борайлик,
    Аразсиз, гинасиз юраклар билан!

    Яқинроқ ўтириб бир-биримизга,
    Омонмисиз дейлик, аҳвол сўрайлик.
    Келинг, гап-сўзнимас, миш-мишларнимас,
    Юрак овозини тинглаб кўрайлик!

    Дўстларим, минг шукр, қуёшни кўриб,
    Ҳар куни офтобга ёрлигингизга.
    Рахмат шу давралар ва дийдор учун,
    Минг бора ташаккур борлигингизга.

    Дўстлар руҳингизни баланд кўтаринг,
    Бугун севмоқ фасли, севилмоқ фасли.
    Янги йил – қалбларни қорларда ювиб,
    Юракни тозалаб олмоқдир асли!…… Г.Асқарова

  2. Устоз! Сизга ҳам кириб келаётган янги йил муборак бўлсин! Маърифат йўлида ўзбек деган фитрати покиза миллат тарихи саҳифаларида тоабад муҳрланиб қолгувчи хайрли ишларни амалга оширяпсиз — илоҳо, барча заҳматларингиз ўзингизга, оилангизга яхшилик бўлиб қайтсин!

  3. Санобархон Мехмонова
    Эрталабдан янги йил кайфияти билан ошиқиб уйғондим.ФБ.га кирар эканман,севимли шоирим Хуршид Давроннинг янги йил тилакларига кўзим тушди.Ва шу лаҳзанинг илҳоми ўлароқ шу шеър дунёга келди,тандирдан узилиб-узилмаёқ эътиборингизга ҳавола қиларканман,нуқсони-саҳвлари учун сиз азизлардан узр сўрайман

    Тонг- саҳардан оқиб кирди юрагимга нур,
    Жонга тўлди тирикликнинг хуш таронаси,
    Ҳар бир билга одатича бахш этар сурур-
    Нурга тўлган «Хуршид Даврон кутубхонаси!»

    Осмонларга айланмасму,бу элнинг кўнгли,
    Осмон бўлмасликка борми ҳеч баҳонаси,
    Бир соғинчлар оқиб келар мунглидан-мунгли,
    Руҳга белар Хуршид Даврон кутубхонаси.

    Рум шайхининг жазбасини топасиз бундан,
    Дорга осар ҳар Машрабни ўз замонаси
    Лек ажратар закийликла мисни ёмбидан-
    Сирга тўла Хуршид Даврон кутубхонаси.

    У аслида пок шоирнинг қалбидан чизги,
    Яна руҳнинг бир илоҳий шодиёнаси,
    О бунчалар сўзга ташна,бунчалар эзгу-
    Дурга тўла Хуршид Даврон кутубхонаси.

    Омон бўлсин кўксимизни забт айлаган чўғ,
    Мен ҳам ўтли шу туйғунинг оҳ девонаси.
    Бир буюк дарс олмай туриб чиқиб кетиш йўқ-
    ШЕЬРга тўла Хуршид Даврон кутубхонаси.
    Нурга тўла Хуршид Даврон кутубхонаси.
    Сирга тўла Хуршид Даврон кутубхонаси.
    Бир буюк ҳис сўз топмай туриб чиқиб кетиш йўқ!!!

    Байрам муборак,Хуршид ака!Илоҳим бу кутубхонангиз абадийят қадар боқий бўлсин.
    Сизга эҳтиром ила Санобар Меҳмонова.

    31-декабрь,08-49

  4. Bu yer bunchalar pokiza, nurga to’la bo’lmasa?! Ko’nglim yuksaladi, ruhim tinadi shu yerda…

Izoh qoldiring