Shuhrat Matkarim. Ikki hikoya

08    Кўчага чиқаман. Бугун ярим иш куни. Ҳамиша тирбанд автобусларнинг ҳам ярим ўриндиқлари бўш. Ёқар – ёқмас ўтираман автобусга. Ишга боришдан маъно йўқдай кўринади. Аслида ҳам шундай. Ишга боришса ҳам бугун ҳеч ким ишламайди…

Шуҳрат Маткарим
ИККИ ҲИКОЯ
001

1488024343_sh-matkarim-kopiya.jpgШуҳрат Маткарим 1960 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз районида туғилган. 1985 йилда Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган. Ҳикоялари “Ёш куч”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, журналлари, “ЎзАС”, “Туркистон” каби газеталарда, коллектив тўпламларда чоп этилган. Эрнест Хэменгуэйнинг қатор ҳикояларини инглиз тилидан таржима қилган.
Таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира – эссеси алоҳида рисола шаклида нашр этилган. Кўп йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлаган. Ҳозир Хоразм вилояти ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

001

БАЙРАМДАН БИР КУН ОЛДИН
Жуда кичик ҳикоя

Болаларнинг қувончи чексиз эди. Янги йил уларнинг байрами. Уйдаги Арчани турли ўйинчоқлар, рангдор, ялтироқ қоғозлар билан аллақачон безаб битирган бўлсалар ҳам атрофида алланарсаларни тимирскилаб, пичир – пичир сўзлашиб ўймалашадилар.

— Қорбобо қачон келади ота?
— Қоронғу тушсин ҳали…
— Кўп ўйинчоқ олиб келадими?
— Дим кўп.
— Ҳаммадан кўпини кимга беради?
— Ким кўп шеър айтса.
— Ур-рее! Ҳаммадан кўп мен олар эканман!
— Невчун сен?!!
— Чунки мен ҳаммадан кўп шеър биламан!
— Бекорларни айтибсан! Мен сендан кўп ёдлаб қўйибман!

Кўчага чиқаман. Бугун ярим иш куни. Ҳамиша тирбанд автобусларнинг ҳам ярим ўриндиқлари бўш. Ёқар – ёқмас ўтираман автобусга. Ишга боришдан маъно йўқдай кўринади. Аслида ҳам шундай. Ишга боришса ҳам бугун ҳеч ким ишламайди. Гўё бу йилга режалаштирилган ишларни бир кун олдин, кеча уҳдасидан чиққанмиз-у бугунга бирорта ҳам иш қолмаган. Қадамидан ўт чақнаб турган ғайратли йигитларнинг ҳам қулоғи динг, соат 12.00 ни кутаётгандай. Бугун ана шундай энг бекорчи кун. Гўё ҳаётнинг сўнгги кунидай. Эртага янги йилнинг биринчи куни. Энг беғам кун. Ҳамма энг беғам, фақат шу кун, шу соат ва шу лаҳза билан яшайдиган кун. Гўё эртага ҳаёт йўқдай. Гўё ҳаёт бугун билан тугайдигандай. 2 январь кунини ҳеч ким ўйламайди. Бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ.

МАКТУБ

— Бизнинг қишлоқда сиз билан бирга ўқиган Олтинсоч деган бир аёл бор экан. Сизга хат бериб юборди.
“Олтинсоч!” Юраги қинидан чиқар даражада уриб кетди Бойдавлатнинг. Тили анча вақтгача калимага келмади. Фақат яна ўша, талабалик йилларидаги оз фурсатга бўлса-да, уйқусиз тунларни ўтказишга мажбур этган қадрдон ва юракни орзиқтирувчи ширин туйғулар бутун баданини жимирлатиб юборди.

Хат келтирган йигит – Оташ Бойдавлат раҳбарлик қилаётган илмий институтнинг қишлоқдаги филиалида ишлайди. Яхши йигит. Мулойим. Ҳар бир ҳаракатида тавозе ва ички бир маданият зоҳир. Бирор бир хайрли ишни қилаётганида ҳам кўзларидан, “сизга озор етказиб қўймаяпманми”, деган ҳадик сезилади. Бойдавлат уни ёқтирар эди. Ҳозир эса талабалик йилларидаги тоза туйғунинг эпкинларини келтиргани учун у кўзига яна ҳам яхшироқ кўриниб кетди. Юраги қанча ҳаприқмасин, дарҳол хатни сўрашга ийманди. Ҳарқалай энди ўн саккиз, ўн тўққиз эмас, олтмишларни қоралаб қолган одам бўлса.Тағин катта бир илмий даргоҳ раҳбари. Аммо ҳозир у ўзини жуда ёш, навқирон йигитдек ҳис қилди бирдан. Юрагиниинг туб — тубида неча ўн йиллардан бери ухлоқ ётган ширин, ўйинқароқ ҳислар ўйғониб, бутун баданига оромбахш бир ҳузур бағишлади. Бу ҳислар Бойдавлатнинг ўйи хаёлидан тортиб бутун борлиғигача тозартирди. Бундай тозаришлар инсон умрида кўп бўлмайди. Дейлик, йигит биринчи марта қиз қўлини тутганида, биринчи бўса ва ёки биринчи кечада ана шундай тозаришни ҳис қилиши мумкин.

Бойдавлат ўша кунларни эслади.

Талабалик йиллари. Учинчи босқични тугатгач курснинг ҳаммасини “ихтиёрий – мажбурий” студотряд – студентлар қурилиш отрядига жўнатишди. Бойдавлатни қурилиш отряди бригати эди, Олтинсочни эса талабалар ошпаз қилиб сайлашди. Бойдавлат эрталиб бригада аъзоларини иш жойига олиб бориб, ҳар бирига вазифаларини бўлиб берарди-да штабга қайтарди. Хонасида ўтириб ҳисобот, турли ҳужжатларни тўлдириш билан шуғулланарди. Олтинсоч эса ўз вазифаси – овқатга уннарди. Бойдавлат иккинчими ва ё учинчи куни хонасида ишлаб ўтирганида эшик очилиб Олтинсоч кўринди.

— Чой дамлаб берайми? – Қизнинг овози, гап оҳанггида аёллик меҳри шунчалар зоҳир эди-ки бу ҳол Бойдавлатни бир потга довдиратиб қўйди. Чунки жуда – жуда яқин кишиларгина бир – бировига бундай оҳангда мурожаат қилиши мумкин эди.
— Чой дамлаб берайми, деяпман?.. – Олтинсочнинг катта — катта думолоқ ва қоп – қора кўзлари мулойим кулди , узун – узун киприклари мафтункор пирпиради. Сўнг қип – қизил, ҳар қандай эркакнинг ҳам иштаҳасини қўзғатиб юборувчи ақиқ лаблари кулди. – Невчун индамайсиз? Гапласангиз – а!

Бойдавлат ўзига келгунича яна бир неча сония ўтди. Олтинсоч эса эшик кесакисига суянганича сабр билан кутиб турди. Чамаси у ўз гўзаллиги, майин овози, ўзи истаса истамаса бутун вужудидан ёғилиб турган аёллик латофати нималарга қодирлигини яна бир марта синовдан ўтказаётгандек эди.

— Яхши. Дамланг… – деди ниҳоят Бойдавлат бирдан юзига қуюла бошлаган терни артиб.

Шундан кейин Олтинсочнинг Бойдавлатга чой дамлаб бериши одатга айланди. Ҳар куни эрталаб Бойдавлат бригадагиларга иш тақсимлаб бўлиб хонасига қайтар, орадан бир неча дақиқа ўтар – ўтмас Олтинсоч чой дамлаб кирар, стол устини шинамгина безаб, қанд – қурс ва албатта бирор бир тансиқ егулик ҳам қўяр эди. Бойдавлат кўпроқ ёлғиз, баъзан Олтинсоч билан чой ичар эди. Вақт ўтиши билан Бойдавлат негадир… Олтинсочни ўзиникидай ҳис қила бошлади. Бойдавлат бу аҳмоқона туйғу эканлигини англар, аммо … нимаси биландир Олтинсоч унда шундай туйғу пайдо бўлишига сабаб бўлган эди.

Студентлар қурилиш отрядининг объектда бўлишининг охирги кунларидан бирида одатдагидай чой ичилди. Сўнг Олтинсоч одати бўйича эринмасдан дастурхонни йиғиштириб, стол устини тартибга келтирди. Кейин қаддини ростлаб Бойдавлатга ғамгин бир жилмайиш билан тикилди:
— Мана… эрта – индин кетамиз. Кейин… бундай чой ичишлар ҳам бўлмайди.

Бу гаплар Бойдавлатнинг кўнглидан кечаётган туйғулар билан ҳамоҳанг эди. Бойдавлат бу гапларни неча марта хаёлидан кечирган, аммо айтолмаётганди. Қизнинг гап оҳанггидаги мағзунлик, кўзларидаги ҳазинлик, Бойдавлатнинг жону жаҳонини ағдар – тўнтар қилиб юборди ва у шартта Олтинсочни бағрига босди, чўғдай лабларига лабларини босди… Аммо кучли тарсаки Бойдавлатнинг кўзлари мошдай очди! Олтинсоч хонадан югуриб чиқиб кетди. Бойдавлат турган жойида қотиб қолди. Олтинсочни хафа қилиб қўйганини сезди. Аммо қизнинг изидан боролмади, боришга ботинолмади. Кечирим ҳам сўролмади. Чунки у уйланган, бир боласи ҳам бор эди. Олтинсоч буни биларди. Бу ҳақда кўп гаплашишган.
— Мана, — деди Оташ секингина стол устига конвертни қўяр экан Бойдавлатнинг кўзига қамасликка ҳаракат қилиб. – Бир… келсинлар, деди…

Оташ хонадан чиқиб кетди. Бойдавлат шошилмай хатни олди, конвертни айлантириб кўрди. Ҳозир очса ичидан Олтинсоч чиқиб келадигандай туюлиб, юраги уриб кетди. Ниҳоят у титроқ қўллари билан конвертни оча бошлади.

065

Shuhrat Matkarim
IKKI HIKOYA
001

bda3b59a05580c2767ba29aa3e3424e3-300x238.jpgShuhrat Matkarim 1960 yilda Turkmanistonning Toshhovuz rayonida tug’ilgan. 1985 yilda Xorazm Davlat pedagogika institutining filologiya fakul`tetini ingliz tili o’qituvchisi ixtisosligi bo’yicha tamomlagan. Hikoyalari “Yosh kuch”, “Yoshlik”, “Sharq yulduzi”, jurnallari, “O’zAS”, “Turkiston” kabi gazetalarda, kollektiv to’plamlarda chop etilgan. Ernest Xemengueyning qator hikoyalarini ingliz tilidan tarjima qilgan.
Taniqli o’zbek shoiri Matnazar Abdulhakim haqidagi “Ustoz haqida so’z” xotira – essesi alohida risola shaklida nashr etilgan. Ko’p yillar O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi tizimida ishlagan. Hozir Xorazm viloyati hokimligining Axborot xizmati rahbari.

001

BAYRAMDAN BIR KUN OLDIN
Juda kichik hikoya

Bolalarning quvonchi cheksiz edi. Yangi yil ularning bayrami. Uydagi Archani turli o’yinchoqlar, rangdor, yaltiroq qog’ozlar bilan allaqachon bezab bitirgan bo’lsalar ham atrofida allanarsalarni timirskilab, pichir – pichir so’zlashib o’ymalashadilar.

— Qorbobo qachon keladi ota?
— Qorong’u tushsin hali…
— Ko’p o’yinchoq olib keladimi?
— Dim ko’p.
— Hammadan ko’pini kimga beradi?
— Kim ko’p she’r aytsa.
— Ur-ree! Hammadan ko’p men olar ekanman!
— Nevchun sen?!!
— Chunki men hammadan ko’p she’r bilaman!
— Bekorlarni aytibsan! Men sendan ko’p yodlab qo’yibman!

Ko’chaga chiqaman. Bugun yarim ish kuni. Hamisha tirband avtobuslarning ham yarim o’rindiqlari bo’sh. Yoqar – yoqmas o’tiraman avtobusga. Ishga borishdan ma’no yo’qday ko’rinadi. Aslida ham
shunday. Ishga borishsa ham bugun hech kim ishlamaydi. Go’yo bu yilga rejalashtirilgan ishlarni bir kun oldin, kecha uhdasidan chiqqanmiz-u bugunga birorta ham ish qolmagan. Qadamidan o’t chaqnab turgan g’ayratli yigitlarning ham qulog’i ding, soat 12.00 ni kutayotganday. Bugun ana shunday eng bekorchi kun. Go’yo hayotning so’nggi kuniday. Ertaga yangi yilning birinchi kuni. Eng beg’am kun. Hamma eng beg’am, faqat shu kun, shu soat va shu lahza bilan yashaydigan kun. Go’yo ertaga hayot yo’qday. Go’yo hayot
bugun bilan tugaydiganday. 2 yanvar` kunini hech kim o’ylamaydi. Buning hech kimga qizig’i yo’q.

MAKTUB

— Bizning qishloqda siz bilan birga o’qigan Oltinsoch degan bir ayol bor ekan. Sizga xat berib yubordi.
“Oltinsoch!” Yuragi qinidan chiqar darajada urib ketdi Boydavlatning. Tili ancha vaqtgacha kalimaga kelmadi. Faqat yana o’sha, talabalik yillaridagi oz fursatga bo’lsa-da, uyqusiz tunlarni o’tkazishga majbur etgan qadrdon va yurakni orziqtiruvchi shirin tuyg’ular butun badanini jimirlatib yubordi.

Xat keltirgan yigit – Otash Boydavlat rahbarlik qilayotgan ilmiy institutning qishloqdagi filialida ishlaydi. Yaxshi yigit. Muloyim. Har bir harakatida tavoze va ichki bir madaniyat zohir. Biror bir xayrli ishni qilayotganida ham ko’zlaridan, “sizga ozor yetkazib qo’ymayapmanmi”, degan hadik seziladi. Boydavlat uni yoqtirar edi. Hozir esa talabalik yillaridagi toza tuyg’uning epkinlarini keltirgani uchun u ko’ziga yana ham yaxshiroq ko’rinib ketdi. Yuragi qancha hapriqmasin, darhol xatni so’rashga iymandi. Harqalay endi o’n sakkiz, o’n to’qqiz emas, oltmishlarni qoralab qolgan odam bo’lsa.Tag’in katta bir ilmiy dargoh rahbari. Ammo hozir u o’zini juda yosh, navqiron yigitdek his qildi birdan. Yuraginiing tub — tubida necha o’n yillardan beri uxloq yotgan shirin, o’yinqaroq hislar o’yg’onib, butun badaniga orombaxsh bir huzur bag’ishladi. Bu hislar Boydavlatning o’yi xayolidan tortib butun borlig’igacha tozartirdi. Bunday tozarishlar inson umrida ko’p bo’lmaydi. Deylik, yigit birinchi marta qiz qo’lini tutganida, birinchi bo’sa va yoki birinchi kechada ana shunday tozarishni his qilishi mumkin.

Boydavlat o’sha kunlarni esladi.

Talabalik yillari. Uchinchi bosqichni tugatgach kursning hammasini “ixtiyoriy – majburiy” studotryad – studentlar qurilish otryadiga jo’natishdi. Boydavlatni qurilish otryadi brigati edi, Oltinsochni esa talabalar oshpaz qilib saylashdi. Boydavlat ertalib brigada a’zolarini ish joyiga olib borib, har biriga vazifalarini bo’lib berardi-da shtabga qaytardi. Xonasida o’tirib hisobot, turli hujjatlarni to’ldirish bilan shug’ullanardi. Oltinsoch esa o’z vazifasi – ovqatga unnardi. Boydavlat ikkinchimi va yo uchinchi kuni xonasida ishlab o’tirganida eshik ochilib Oltinsoch ko’rindi.

— Choy damlab beraymi? – Qizning ovozi, gap ohanggida ayollik mehri shunchalar zohir edi-ki bu hol Boydavlatni bir potga dovdiratib qo’ydi. Chunki juda – juda yaqin kishilargina bir – biroviga bunday ohangda murojaat qilishi mumkin edi.
— Choy damlab beraymi, deyapman?.. – Oltinsochning katta — katta dumoloq va qop – qora ko’zlari muloyim kuldi , uzun – uzun kipriklari maftunkor pirpiradi. So’ng qip – qizil, har qanday erkakning ham ishtahasini qo’zg’atib yuboruvchi aqiq lablari kuldi. – Nevchun indamaysiz? Gaplasangiz – a!

Boydavlat o’ziga kelgunicha yana bir necha soniya o’tdi. Oltinsoch esa eshik kesakisiga suyanganicha sabr bilan kutib turdi. Chamasi u o’z go’zalligi, mayin ovozi, o’zi istasa istamasa butun vujudidan yog’ilib turgan ayollik latofati nimalarga qodirligini yana bir marta sinovdan o’tkazayotgandek edi.

— Yaxshi. Damlang… – dedi nihoyat Boydavlat birdan yuziga quyula boshlagan terni artib.

Shundan keyin Oltinsochning Boydavlatga choy damlab berishi odatga aylandi. Har kuni ertalab Boydavlat brigadagilarga ish taqsimlab bo’lib xonasiga qaytar, oradan bir necha daqiqa o’tar – o’tmas Oltinsoch choy damlab kirar, stol ustini shinamgina bezab, qand – qurs va albatta biror bir tansiq yegulik ham qo’yar edi. Boydavlat ko’proq yolg’iz, ba’zan Oltinsoch bilan choy ichar edi. Vaqt o’tishi bilan Boydavlat negadir… Oltinsochni o’zinikiday his qila boshladi. Boydavlat bu ahmoqona tuyg’u ekanligini anglar, ammo … nimasi bilandir Oltinsoch unda shunday tuyg’u paydo bo’lishiga sabab bo’lgan edi.

Studentlar qurilish otryadining ob’ektda bo’lishining oxirgi kunlaridan birida odatdagiday choy ichildi. So’ng Oltinsoch odati bo’yicha erinmasdan dasturxonni yig’ishtirib, stol ustini tartibga keltirdi. Keyin qaddini rostlab Boydavlatga g’amgin bir jilmayish bilan tikildi:
— Mana… erta – indin ketamiz. Keyin… bunday choy ichishlar ham bo’lmaydi.

Bu gaplar Boydavlatning ko’nglidan kechayotgan tuyg’ular bilan hamohang edi. Boydavlat bu gaplarni necha marta xayolidan kechirgan, ammo aytolmayotgandi. Qizning gap ohanggidagi mag’zunlik, ko’zlaridagi hazinlik, Boydavlatning jonu jahonini ag’dar – to’ntar qilib yubordi va u shartta Oltinsochni bag’riga bosdi, cho’g’day lablariga lablarini bosdi… Ammo kuchli tarsaki Boydavlatning ko’zlari moshday ochdi! Oltinsoch xonadan yugurib chiqib ketdi. Boydavlat turgan joyida qotib qoldi. Oltinsochni xafa qilib qo’yganini sezdi. Ammo qizning izidan borolmadi, borishga botinolmadi. Kechirim ham so’rolmadi. Chunki u uylangan, bir bolasi ham bor edi. Oltinsoch buni bilardi. Bu haqda ko’p gaplashishgan.
— Mana, — dedi Otash sekingina stol ustiga konvertni qo’yar ekan Boydavlatning ko’ziga qamaslikka harakat qilib. – Bir… kelsinlar, dedi…

Otash xonadan chiqib ketdi. Boydavlat shoshilmay xatni oldi, konvertni aylantirib ko’rdi. Hozir ochsa ichidan Oltinsoch chiqib keladiganday tuyulib, yuragi urib ketdi. Nihoyat u titroq qo’llari bilan konvertni ocha boshladi.

09

(Tashriflar: umumiy 208, bugungi 1)

Izoh qoldiring