Jorj Gordon Bayron. Don Juan. She’riy romandan parchalar.

044
22 январ — Буюк инглиз шоири Жорж Гардон Байрон таваллуд топган кун

     «Дон Жуан» буюк инглиз шоири, озодлик ва эркининг оташин куйчиси, исёнкор қалб соҳиби Жорж Ноэл Гордон Байрон (1788-1824) ижодининг юксак чўққиси, жаҳон адабиётининг шоҳ асарларидан бири ҳисобланади. Байрон Жуанни дунёнинг турли юртларида кездириб, уни турли саргузаштларга рўбарў қилар экан, шу орқали жаҳоннинг ҳамма жойида ҳукм сураётган зулм ва истибдодни, зўрлик ва зўравонликни, риё, фаҳш ва хунрезликни кўрсатишни мақсад қилади…

091

ТАРЖИМОНДАН

«Дон Жуан» буюк инглиз шоири, озодлик ва эркининг оташин куйчиси, исёнкор қалб соҳиби Жорж Ноэл Гордон Байрон (1788-1824) ижодининг юксак чўққиси, жаҳон адабиётининг шоҳ асарларидан бири ҳисобланади. «Бекорчи пайтлар» деб номланган илк шеърий тўплами биланоқ ҳуррият ташнаси, адолат ҳомийси, мустақиллик жарчиси ва озодлик жангчиси сифатида майдонга чиққан Байрон нафақат сўзда, балки амалда ҳам зулмнинг ҳар қандай кўринишига, зўравонликка, адолатсизликка, истибдодга, мустамлакачилик сиёсатига қарши умр бўйи курашди. У хўрланган, эзилган, адолатхоҳ инсонлар – истибдод қурбонлари тарафида туриб, замон иллатлари ва ҳукмфармо синф кирдикорини аёвсиз фош этди. Ўз ватани Англияни «халқлар турмасининг посбони» деб атади, унинг зўравонлик сиёсатини қўллаб-қувватлаган мунофиқ, сафсатабоз депутатлару сотқин матбуот вакилларини, жоҳил нозирлару маддоҳ ва риёкор шоирларни, урушпараст ҳукмронларни ҳажв ўтида қовурди. Белинский уни бежиз ХIХ аср Прометейи деб атаган эмас. Байрон қалбидаги эрксевар оташ ва тафаккуридаги исёнкор олов алангаси нафақат ўз замондошлари онгини, балки кейинги авлодлар шуурини ҳам ўз нури билан ёритишга қодир бўлди.

Унинг катта-кичик барча асарлари эрк руҳи билан, озодлик руҳи билан файзиёб. Бу руҳ «Дон Жуан»да айниқса бўртиб кўринади. «Дон Жуан» Байрон номини оламга танитган асар. Шоир бу асарини умрининг сўнгги беш йилида ёзди. «Дон Жуан» у босиб ўтган ижодий йўлнинг сўнгги манзили, шоирнинг маънавий-руҳий, ғоявий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий қарашлари мукаммал ифода топган тиниқ бир кўзгу. Афсуски, бевақт ўлим туфайли асар чала қолди. Унда воқеалар гарчи ХУШ асрга кўчириб тасвирланган бўлса-да, у ўз даврида замон иллатларини кескин фош этган асар сифатида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Асар воқеалари қуйидагича ривожланади: бош қаҳрамон Жуан ёш, чиройли испан йигити. Ўн олти ёшида онасининг дугонаси – гўзал Юлияни севиб қолади. Улар маҳфий учрашиб юрадилар ва кунлардан бир кун сир очилади: хонимнинг эри уларни ўз ётоғида ушлаб олади. Юлия роҳибаликка маҳкум этилади. Жуаннинг онаси эса ўғлини Кадисга жўнатади. «Кадисга бадарға қилмоқдан мурод: дарбадар бу ўғлон уч йилча холис, бегона юртлардан изласин имдод. Юрсин гуноҳлардан сал нари, олис…».

Бироқ Жуан Кадисга етиб боролмайди. У тушган кема ҳалокатга учрайди, тақдир тақазоси билан омон қолган Жуанни тўлқин Юнонистоннинг бир оролчасига элтиб ташлайди. Қароқчи Ламбронинг қизи Ҳайдэ уни беҳуш ҳолда соҳилдан топиб олади ва бир ғорда отасидан яширинча парвариш қилади. Отасининг қароқчиликка кетганидан фойдаланиб, уни уйига олиб келади ва ҳаётини у билан боғлайди. Тўй базми устига келиб қолган қароқчи Жуанни Туркия қулбозорига элтиб сотади. Ҳайдэ айрилиқ азобида ўлади. Жуанни эса турк султонининг хотинларидан бири Гулбека қулбозорда кўриб севиб қолади ва сотиб олади. Унга қиз либосини кийгизиб, ҳарам қизлари ичида султондан яширинча сақлайди. Аммо ҳарам қизи Дуду билан бир тўшакда ётган Жуаннинг сири очилиб қолади ва Гулбека султон уни ўлимга ҳукм этади. Аммо Жуан қочишга мушарраф бўлиб, ўлимдан қутулиб қолади ва Исмоил қалъасини қамал қилиб турган Суворов қўшинларига келиб қўшилади. Жангда жасорат кўрсатиб, «Владимир» нишонига сазовор бўлади. Екатеринага саркарда ахборотномасини етаказиш учун чопар сифатида Петрбургга юборилади. Бу ерда Екатерина хобгоҳининг энг суюкли шинавандаларидан бирига айланади. Аммо кўп ўтмай, саломатлиги чатоқлашади, ҳакимлар, у ҳаво ўзгартириши керак, деган фикрга келадилар ва Екатерина уни Англияга элчи қилиб жўнатади. Шу тариқа Жуан Англия аъёнлари даврасига тушади. Асар худди шу ўринда узилади. Бешафқат ўлим Байронни ўйлаган ниятини тўла амалга ошириш имконидан маҳрум этади. Ҳолбуки, Жуан, шоир режасига кўра, Оврупо саёҳатини фаранг инқилобида иштирок этиш билан тугатиши керак эди. Байрон Жуанни дунёнинг турли юртларида кездириб, уни турли саргузаштларга рўбарў қилар экан, шу орқали жаҳоннинг ҳамма жойида ҳукм сураётган зулм ва истибдодни, зўрлик ва зўравонликни, риё, фаҳш ва хунрезликни кўрсатишни мақсад қилади..

Ўзбек китобхонлари Жорж Байрон ижодидан бебаҳра эмаслар. Шеърият мухлислари М.Шайхзода, Р.Парфи, М.Али, Ж.Жабборов таржимасида шоирнинг «Чайльд Гарольднинг саёҳатлари», «Манфред», «Шильон тутқуни» каби йирик асарлари ва қатор шеърларини мутолаа қилганлар. Жорий йилнинг 22 январида улуғ шоир туғилганига 225 йил тўлди. Шу муносабат билан унинг кенг кўламли, инсоний ғояларга, жозибали фалсафий фикрларга, ҳис-ҳаяжонларга бой, гўзаллик манбаи, ҳикмат булоғи, ҳамма замонлар учун замондош бўлган ўлмас асари «Дон Жуан»дан бир парчани ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.

025

Жорж Гордон Байрон
ДОН ЖУАН
01
(Шеърий романдан парчалар)
Рус тилидан Сулаймон РАҲМОН таржимаси

ОЛТИНЧИ ҚЎШИҚ

1
Шекспир дейдики, одамзод ишин
Тўлқиндай ёприлиб келмоқлари бор1,
Ундан фойдаланиб қололган киши
Мурод-мақсадига етар устивор;
Аммо гап шундаки, омад келишин
Айни ўз вақтида илғамоқ даркор, –
Мен дадил дейманки, қаро дамда ҳам
Омад нури бўлар бизларга ҳамдам.

2
Аёллар умрин ҳам авжи мавжи бор –
Қулоқ эшитмаган ишларга чорлар,
Уларни тўлқинга топширган девкор,
Бесабр денгизчи уларни хорлар!
Ҳатто Яъқуб Беме2 – моҳир афсункор,
Бундай мўъжизадан қилади орлар:
Эркак-ку ҳар ишда бошни ишлатар,
Аёл қалбин эса жалб этар қаърлар.

3
Лекин жасоратли, қизиққон аёл
Ҳам гўзал бўлади ҳамда шиддатвор.
Қаттиқ севиб қолса гар соҳибжамол,
Озод бўлмоқ учун узар бешумор
Барча кишанларни. Ишққа бемалол
Этар тожу тахтни, борлиқни нисор.
Аёл иблисни ҳам йўлдан уради,
Ҳаммани Монийга3 айлантиради!

4
Иззат-нафс оламни қилади вайрон,
Чўкар салтанатлар, дунёлар ҳам тиз.
Севги сабаб бўлса, бу бани инсон
Барча телбаликни кечирар шаксиз.
Жанги учун эмас, Цезардан чандон,
Антонийни кўпроқ устун қўямиз,
Бир аёлнинг гўзал кўзи деб, маъюс,
Акциумни4 ташлаб чиққани боис!
———-
1Шекспирнинг «Юлий Цезарь» асаридан. 2 Яъқуб Беме – немис мутасаввуф-файласуфи. 3 Моний ибн Фатак – эрнолик наққош ва рассом, монийлик диний таълимоти асосчиси,иблисга сиғинишда айбланиб қатл этилган.4 Жой, Акций бурни.

5
Антоний – элликда, Клеопатра
Қирқ ёшида эди! Ахир бу ёшлар
«Йигирма» ё «Ўн беш» каби бокира,
Ҳавас қиладиган ёшми, йўлдошлар?
Бас, ҳамма қарийди, кўз тортар хира!
Айни авж паллада сўниб оташлар,
Тарк этгач юракни яшнатувчи ҳис,
Севмоқ лаёқатин қайтаролмаймиз.

6
Аммо бизларТаврот беваси мисол
Ишқни улуш қилиб олганмиз абад.
Муҳаббат ҳамиша тирик, безавол,
Бор жонзот олади ишқдан ҳарорат.
Ҳали эҳтирослар ажини, алҳол,
Инсон сиймосини бузмаган бир пайт,
Шоирлар бекорга кийгизмаганлар
Муҳаббат бошига илоҳий чамбар.

7
Жуан танг аҳволда, учинчи аёл
Қаҳрамонимнинг ҳам аҳволи ёмон.
Канизакни йўлдан урган навниҳол
Йигитнинг тақдири ҳаммага аён.
Яна ҳарамда-я! Султонлар қаттол,
Улар гуноҳкорга бермаслар омон,
Гўзал хотинларин хушторин аяб,
Илтифот қилмаслар Катонга4 ўхшаб.

8
Тўғри иш қилмади гўзал Гулбека,
Ачинсам-да, чекиб қанча афсуслар,
Фиғоним чиқса-да тоқи фалакка,
Биламан, бу бари бекорчи сўзлар.
Очиғи, ҳамдардман мен бу малакка –
Зориқиб тинади баъзида кўзлар;
Олтмишда бўлса-да султоннинг ёши,
Олти юздан ошар унинг ўйнаши.
————
1Катон Марк Порций ўз хотини Марцияни дўсти
Гортензийга бериб турган ва унинг ўлимидан сўнг яна
қайтариб олиб ўзи уйланган.

9
Шу нарса аниқки, гўзал, навқирон,
Тантиқ, ўзбошимча хотин ниҳоят
Зерикиб, сиқилиб, султоннинг аҳён
Ташрифига қилмас сабру қаноат,
Бунда алжабрга ҳожат йўқ, аён,
Жўн ҳисоб илми ҳам қилар кифоят,
Олти юз меҳридан, бу қари одам,
Бир учқунин кўрар у билан баҳам.

10
Барча аёл зоти, хусусан, хотин,
Ўз ҳуқуқин поймол қилдириб қўймас,
Диндор бўлса, айблар эрини бетин,
Умр бўйи айблар, айблашдан тўймас;
Ҳар бир хато учун шўрлик эр зотин
Қонун қиличига бермоқдан тоймас,
То эрнинг мингдан бир бўлагини ҳам
Ўғирлай олмасин ўзга бир санам.

11
Тарсо хотинларга хосдир бу одат
Ва лекин мусулмон хотинлари ҳам
Ўз қадру қимматин қилдириб ғорат,
Чекинмас эканлар ортга бир қадам.
Суюкли ёрларга кўрсатиб ҳурмат,
Кўнглин овламаса султони беғам,
Хоҳи тўртта бўлсин, хоҳ бешта улар,
Ҳар бири ўз шаънин ҳимоя қилар.

12
Суюкли ёр эди Гулбека, аммо
Тўртинчи ёр эди нима бўлса ҳам:
Бир хотинлик турмуш олдида, илло,
Кўп хотинлик турмуш эрур кони ғам!
Битта хотин билан яшаш ҳам ҳатто
Осон эмаслигин билар ҳар одам;
Тасаввур қилинг-а, не жазодир, воҳ,
Тўрт хотин нолишин эшитмоқ ногоҳ!

13
Оламнинг офтоби, подшоҳи якто
(Подшолар азалдан шундай мақталар,
Шаҳона жасадни еб бўлгунча то
Сўқир якобинчи қурт-қумурсқалар1),
Улуғ ва даҳшатли, қўрқинчли подшо
Бекани кўз билан майин эркалар,
Бундай нигоҳ учун эрнинг таъмаси –
Беш қўлдай аёндир ҳамма-ҳаммаси.

14
Лекин унутмангки, ошиқ шуаро,
Ўтли бўсалару сўзлар, қарашлар
Аҳли аёл учун – енгил бир сарпо:
Ё попук, ё рўмол, ё тўрга ўхшар;
Уларни ҳам турфа либосдай гўё
Ечиб-кийса бўлар; бу ишга бошлар,
Юраклар бедаҳл; имо, эҳтирос
Тўғноғич сингари бир безак холос.

15
Журъатсиз нигоҳу юзда ним ҳаё,
Ажиб ҳаяжонга йўғрилган ғулу,
Севги изҳорига ўхшаган зебо
Лаблар лаълисида чақнаган кулгу, –
Бахтли ошиқликдан юракда зиё
Уйғота олгувчи ҳолат мана шу!
Бу афсун қудратин қилар зумда йўқ
Ортиқча иссиғу ортиқча совуқ!

16
Ортиқча эҳтирос найрангга ўхшар,
Мабодо у найранг бўлмаса ҳам гоҳ,
Қилса ёш-яланглар қилиғин агар,
Ёши катталарга уятдир ногоҳ.
Оташин аёллар дарҳол бўйсунар,
Солсанг бас уларга оташин нигоҳ;
Совуққон аёллар ва қизлар кўпроқ
Фаҳм-фаросатдан бўларлар йироқ.
————-
1 Бу ерда Ҳамлетнинг машҳур сўзлари ўзгартириб олинган.
Якобинчилар – француз буржуа инқилоби пайтида пайдо бўлган фирқа аъзолари. Бу ном уларга бошпана бўлган Яков ибодатхонаси билан боғлиқ.

17
Нозик лаҳзаларда завқ-шавқимизга
Муносиб бир жавоб кутар эканмиз,
Аёнки, жаҳлимиз чиқади тезда,
Жавоб сукут бўлса дидсиз ва ҳиссиз.
Авлиё Франциск1 – хотиримизда,
У муз маҳбубадан тилаган-ку ҳис.
«Medio tu tutissimus ibis»2 – абад
Бизга Ҳорацийдан қолган насиҳат.

18
Мен «tu»ни3 ишлатдим бу ерда бекор
(Вазн тақозоси бўлди бу холос!)
Буни лотиншунос кечирмас зинҳор,
Лекин дуч келмади менга бу шунос;
Шусиз ҳам қийналиб жойладим ночор,
Келмас октавага гекзаметр мос!
Шеър илми ёзғирса ёзғирар, хуллас,
Сал сакта бўлса ҳам шеърим – ҳақпараст!

19
Гулбека не қилди, билмайман; бироқ
Биламанки, топгай ишлари барор:
Маккор Цирцеялар меҳр ила кўпроқ
Эркаклик шаънини ардоқлаб хумор,
Эрларга ҳукм этар ҳаммадан хўброқ.
Риё – завқ отаси. Ҳамма – риёкор!
Урчиш иллатига одамнинг майли
Барҳам топар фақат очлик туфайли.

20
Майлига, ажойиб бу жуфти ҳалол
Олсинлар шоҳона тўшакда ором,
Кўрган тушларидан менга не малол,
Лекин бизни қилар хуш онда мудом
Арзимас нарсалар безовтаю лол –
Бор кайфу сафомиз бўлади ҳаром.
Азал жонимизни эговлаб келар
Шу каби арзимас майда-чуйдалар.
————
1Ривоятга кўра, авлиё Франциск ҳирсини босиш учун ўзини қорга («муз қиз оғушига») ташлаган.2 «Ўрта йўлдан кетаётган бўлсанг, билки, энг бехатар йўлдан кетаяпсан». (Лотинча мақол). Бу фикр ҳам Ҳорацийга тегишли. 3 «Сен» (Лот.).

21
Сиртидан бегуноҳ миянғи хотин,
Тўлов талабида келган бир ҳужжат,
Номаълум сабабга кўра бисотин
Сенга қилмаса гар марҳум васият,
Оқсаб қолса ногоҳ хуш кўрган отинг,
Дардга чалинган ит, ноқобил фарзанд, –
Майда-чуйдалардир эҳтимол булар,
Лекин бизни қийнар, безовта қилар.

22
Бас, мен файласуфман: жин урсин, хуллас,
Ҳайвону инсону пулни ҳам, фақат
Дилкашу дилором аёлни эмас –
Аёлни қилолмас тилим ҳақорат,
Аёлни лаънатлаш қўлимдан келмас!
Аёл – кўнглимга руҳ, руҳимга – қувват!
Моҳияти нима, сабаби нима?
Билмайман, аёлни жин урсин дема!

23
Афанасий1 каби, мен ҳам бемалол
Дунёи дунига айтдим кўп лаънат.
У лаънат ёғдириб душманга филҳол
Солди художўйлар кўнглига шафқат;
Неча юз йилларки, чақнар безавол
Оташин бу нутқнинг шуъласи албат,
Рангин камалакдай ёниб жилвагар,
Оятлар китобин безатиб турар.

24
Ётар олиймақом ул жуфти ҳалол
Уйқу оғушида, йўқ, бека бедор!
Аёл ухлай олмас қочганда хаёл,
Қийналиб, ўртаниб, интиқиб зор-зор,
Хаёлан ҳам бўйдоқ, ҳам соҳибжамол
Йигит висолини қўмсар бу дилдор.
Ич-ичин зиногар эҳтирос ёқар,
Ухлаётган эрга ғижиниб боқар.
————-
1 Афанасий – Искандария епископи.

25
Ҳайҳот, қимматбаҳо чодир ичра ҳам,
Осмон остида ҳам бор эди қаттол,
Тангри иродаси бирла дамодам
Аёлни қийновчи соғинчу малол.
Никоҳ қиморида алданган санам –
Шўрлик Гулбекани этолгай хушҳол
На пахмоқ, зардўзи, парқу тўшаклар,
На олтин, на гавҳар ва на ипаклар.

26
Бундан сал олдинроқ «жонон» дон Жуан
Ва бошқа гўзаллар йўл олди ғужғон
Қўша-қўша соқчи қўйдириб султон,
Маҳкам тутадиган ҳарамга томон.
Турфа хил иқлимдан турфа хил жонон
Эснаб ётар бунда лоқайд, нигорон,
Аммо қафас ичра қуш янглиғ улар
Озод осмонларни орзу қиларлар.

27
Аёлни севаман, севганман доим,
То ҳануз пушаймон эмасман; занғар,
Қачондир, қайдадир демиш бир золим1:
«Дунёнинг бир бўйни бўлсайди агар,
Бир қилич сермашда узиб олардим!»
Аммо менинг орзум жўн ва бехатар:
Ўпардим (о, қаранг содда хаёлни!)
Бир лабга жо қилиб аҳли аёлни.

28
Ўнлаб қўлларию яна бешумор
Бошқа кўп узвларга эга зўр сиймо,
Бемисл ишларни бажарган девкор
Бриарейга2 ҳавас қиларман, аммо
Бизларга йўл бўлсин? У – дев, биз – ночор!
Илҳом париси ҳам шу асно ҳатто
Паҳлавонга хотин бўлмоқчи эмас,
Жуан аҳволини билмоқчидир, бас.
————-
1Рим императори Калигула назарда тутилган.
2 Бриарей – юз қўлли ва эллик бошли махлуқ.

29
Хуллас, дилраболар ичра Жуаним
Йўлдан озиб, қилди таваккал-тусмол.
Канизакка кўзин олайтирса ким,
Шарқий мамлакатлар қонуни қаттол.
Бу инглиз қонуни эмас, ими-жим
Жаримани тўлаб, яна бемалол
Эс-ҳушингдан ажраб, жазманлик қилсанг,
Эрли хоним билан айшингни сурсанг!

30
Аммо у унутмас «қизлигини» ҳам,
Қизлардан ул-булни илар назари;
Орқада бадқовоқ оғаи ҳарам,
Ён томонда эса синчков ва қари
Бир аёл кузатиб борар бекарам:
Алжираб юрмасин ҳарам қизлари.
Онахон деб олган бўлса ҳам лақаб,
Қизларига боқмас унча ёрлақаб.

31
Ким билар «онахон» бўлганми ўзи?
Бу қизларнинг ўзи бўлганмикин «қиз?»
Аммо олма терар бу хотин кўзи,
Жавобгарлик осон иш эмас ҳаргиз.
Яшайди Кантемир1 ва де Тот2 сўзи
Шундай онахонлар ҳақда то ҳануз.
Бир юз эллик қизга – айтишга осон! –
Доим кўз-қулоқдир бундай «онахон».

32
Одатда сабаб йўқ уларга бирров
Қаттол назоратдан бўлгали халос;
Онахонга мадад – тамбаю буров,
Эркаклар йўқлиги – ҳаммасидан соз.
Қизларни подшоҳнинг биргина ялқов
Нигоҳи ийдирар, шод этар холос.
Роҳибалар каби аҳли бечора
Завқи учун бордир фақат бир чора…
————
1 Кантемир Димитрий – Молдовия ҳукмдори, олим; рус шоири Антиох Кантемирнинг отаси. 2Де Тот Франсуа, барон, «Турк империясининг аҳволи ҳақида хотиралар» китобида «қизлар онахони» хусусида маълумот беради.

33
У қандай чорадир? Намозу рўза!
Саволингиз мени қолдирар ҳайрон:
Аён, роҳибалар бўлар покиза!
Бас, гапни бураман дон Жуан томон.
Хаёлчан чайқалиб, гўё сув уза
Сузиб кетаётган гулдастасимон,
Нақ рангин, улуғвор мунчоқ шодаси,
Борарди мафтункор қизлар тўдаси.

34
Жонларига тегиб ҳамшира аёл,
Бедламдан1 қутулган бемордай бари,
Етиб келдилару ётоққа, дарҳол
Чулдираб, ғужурлаб чиқди тиллари,
Баҳордаги шўхчан жилғалар мисол
Ўқувчи қизлар ё қушлар сингари;
Ирланд бозорида юргандай кулиб,
Ўйнашиб, қувнашиб, вижир-виж қилиб,

35
Баҳслашиб кетдилар улар Жуандан:
Сочу кўзларидан гап очиб бехос,
Дедилар: қулоғи зираксиз экан,
Либоси ўзига тушмаяпти мос,
Елкаси бунча кенг, бунча оқбадан,
Бўйи эркаклардай намунча дароз!
Сўнг қўшиб қўйдилар – о, тил, о, тикан! –
«Фақат кифти, бўйи эркакча экан…»

36
Шубҳа қилмадилар либосларидан,
Қиз ҳали жуда ёш – гуноҳни билмас,
Ҳусну малоҳатда лекин у билан
Бирор гуржи қизи баҳслаша олмас.
Афсус, Гулбеканинг эси паст экан,
Бошига бу гўзал не бало солмас!
Чўри гўзал бўлса, бекаси шу зум
Иззату икромдан бўлади маҳрум…
———
1 Бедлам – Лондон яқинидаги жиннихона.

37
Аммо ажойиби шундаки, Жуан
Ҳавас уйғотмади ҳеч кимда бироз!
Аксинча: у ҳалол матонат билан
Бир-биридан кўҳлик, бир-биридан соз
Бир гала дугона топди синовчан.
(Сирли куч таъсирин англадим бехос:
Бир-бири ҳуснидан завқланмоқ, хуллас,
Гўзаллар аҳлига хос одат эмас!)

38
Табиат ҳукми бу, ҳа, дўсти азиз;
Ва бунда тасодиф рўй берди холос:
Бизнинг Жуаннага бор аҳли каниз
Бўлиб беихтиёр жазман ишқивоз,
Ҳис этди ғалати бир меҳри ғализ:
Жин чалиб ё бари бўлдими васвос,
Ё барин тортдими оҳанрабо куч,
То ҳануз тагига етолмасман ҳеч.

39
Бу ёш жононага маъсум, осуда,
Шодон орзуларга тўлгандай гўё,
Дўстликнинг инжа бир эҳтиросида
Ёниб боқардилар тамом маҳлиё;
Қалтис гап қилади баъзилар жуда,
Хижолатда қолар иффатли дунё:
Гар бўлса унингдек гўзал, ёш оға,
Қилар эмиш бари жонин садоға!

40
Хусусан, уч қизга диққат қиламиз:
Дуду, гуржи қизи Катенька, Лола.
О, сахий табиат буларга ҳадсиз
Ҳусну малоҳатни этмиш ҳавола.
Кўҳлик дугоналар аро бу уч қиз
Ёнар уч қуёшдек – учта ҳилола.
Менинг Жуанимга ҳаммадан хўброқ
Шу уч қиз гап отар негадир кўпроқ.

41
Ҳиндистоннинг оташ ҳавоси мисол
Қизғин ва буғдойранг Лола жангари;
Ёнар ложувардий бир тусда хушҳол
Олёноқ Катянинг кўзин ранглари,
Қадамин сезмайди ҳатто паркет пол,
Оёқлари нафис, бежирим пари!
Лекин эринчоқ ҳур Дуду учун мос
Тополмасам керак тузукроқ таққос!

42
Хоболуд Зуҳрога ўхшар эди у,
«Уйқумиз қотили»1 бўлмоққа қодир;
Эринчоқ алфозу қад-қомат, кулгу,
Ҳукмфармо кўзлар – бари зебодир,
Ҳар жиҳати дўмбоқ қиз эди Дуду
(Баъзан жуда ёқар бу тарзи нодир!),
Очиғи, ҳуснига етказмай завол
Нафис дўмбоқликни йўқотмоқ маҳол!

43
Жони қилтиллайди ноз уйқу аро,
Субҳи навбаҳорда эсган елга хос;
Кўзларида чақнар нафис бир зиё;
Ҳайкалга ўхшар у – о, янги таққос! –
Пигмалион жўшиб ушлагач, хулё2
Янглиғ хаёлида тирилиб, паққос,
Жон эниб, илиган мармарга ўхшар,
Танида ҳали ҳам ўшал тафт яшар.

44
«Жуанна! Бунчалар чиройли ном, оҳ!
Қизларга жуда мос! Ватанинг қаер?»
«Испания!» «Бизга яқинми, узоқ?» –
Деб Катя қизиқди, «Нимаси ахир, –
Дер Лола. – Жонгинам! Бандаи гумроҳ!
Испания! Оҳ-ҳо, ёдимда у ер,
Шолизор оролча, бир ён – Марокаш ,
Бир ён –Тунис, бир ён – Африқо – оташ!»
————
1 «Уйқумиз қотили» – Шекспирдан у қадар аниқ бўлмаган кўчирма («Макбет»).
2Ҳур, малак, хаёлий пари.

45
Дуду баҳслашмади, бермади савол.
Лабида ноаниқ, жумбоқ табассум,
Ғарқ этиб қандайдир билгисиз хаёл,
Жуанна кокилин ўйнар эди жим;
Ўзининг ғаройиб қисматидан лол,
Гангиб ўлтирарди Жуанна хоним.
Синчи кўзлар боқиб излаганда сир,
Хижолат чекади ҳар бир мусофир.

46
Шу пайт етди дея уйқуга фурсат,
Онахон айлади ҳаммани огоҳ.
Жуаннага деди: «Сен келдинг бевақт,
Келдинг тасодифан, билмадим, эвоҳ,
Ҳатто беролмадим оқшомги овқат,
Тўшаклар ҳам банддир бари, ё оллоҳ,
Бир кеча мен билан ётгин амаллаб,
Эртага жой қилиб бераман боплаб».

47
Эътироз билдирди Лола: «Вой,худо!
Шусиз ҳам сиз ўзи ухлайсиз ҳушёр!
Тинч ухланг, сизни биз қўриқлаймиз, о!
Яхшиси, мен билан ётсин бу дилдор,
Қаранг, иккимиз ҳам нозигу адо,
Мен билан ётса у қийналмас зинҳор!»
«Мен-чи, – дер Катенька. – Мен нима қилай?
Менинг тўшагим ҳам тор эмас, қулай!

48
Боз, ёлғиз ётишдан қўрқаман ёмон:
Алоқ-чалоқ тушлар… сизда ихтиёр!
Туннинг сукунати қилар чалажон,
Ҳар товуш, ҳар шарпа қўрқитар бисёр,
Тушимга киради арвоҳ, жанг, шайтон…»
«Ана, бемаънилик! – дер «онаизор», –
Сен қўрқсанг, туш кўрсанг, титрасанг дир-дир,
Дугонангга уйқу бермайсан ахир.

49
Дардингга топаман бошқа бир малҳам,
Ўшанда қўрқмайсан, бўлмайсан нотинч.
Сен, Лола, бесабр, қувсан жуда ҳам;
Дуду билан ётсин Жуанна бу кеч:
Дуду кўп иболи, камгап, хотиржам,
Бормайди бемаъни хаёлларга ҳеч.
Борақол, қизалоқ!» Дуду жим эди,
Майин нигоҳ билан гўё «Хўп» деди.

50
Онахону Лола, Катяни шодон
Ўпиб, миннатдорлик билдириб азим,
Таъзим бажо айлаб (улар ҳеч қачон
Қилмас биздагидек тиз букиб таъзим),
Дугоналар кўнглин олди меҳрибон,
Қилиб хушчақчақу лоқайд табассум,
Тутиб Жуаннанинг қўлидан майин,
«Ода»га етаклаб кетди у кейин.

51
Хўш, «ода» нимадир? Бу шундай хона –
Унда хос тўшаклар, ипаклар бисёр
(Бўлганман неча бор мен ҳам хуфёна),
Болишлару турфа майда-чуйда бор,
Ҳа, бундай тўшакда ҳеч бир жонона
Шайтоний хаёлдан кечолмас зинҳор.
(Жуан кирганида остона ҳатлаб,
Ишонинг: шайтон ҳам тишлаб қолди лаб!)

52
Гўзал бир мавжудот эди Дудумиз;
Бундайлар куйдирмас, эркалар фақат,
Бу қадар мукаммал ҳуснни, афсус,
Ҳатто қила олмас рассомлар суврат.
Рассомни жалб этар ифодали юз,
Норасо бўлса ҳам, маъноли талъат.
Хуллас, алоҳида кўркдан мосуво,
Кескин чизиқларга бой бўлган лиқо1.
———
1Юз.

53
Гуллаётган баҳор қувончлари жо,
Маъсум бахтиёрлик уйғунлигию
Ором ва сукунат ҳукмрон маъво –
Қуёшли ўтлоққа ўхшарди Дуду…
Бундай манзаралар дардимга даво!
Бўронли уммонга ўхшаш серғулу
Шиддатли гўзалдан қўрқаман; ё сал
Қўрқитар ундан-да гўзалроқ гўзал!

54
Осуда эди у, ғамгинмас бироқ;
Ўйчан эди, рости, жиддийроқ эди,
Ёритиб тургандай ичин бир чироқ,
Ҳатто баҳордан-да нурлироқ эди.
Гўзал эди, лекин кибрдан йироқ,
Ҳуснин кўз-кўзлашдан у йироқ эди;
Гўдакдай бокира, беғубор эди,
Ҳолбуки, ўн етти ёши бор эди.

55
Олтин нималигин бирор кас билмас,
Олтин замондаги олтиндай, – бу қиз
Қуруқ номнинг қуруқ шуъласи эмас, –
Малоҳатда тўкис, чиройда тенгсиз.
«Lucus á non lucendo»1 эски гапдир, бас;
Эҳтимол бу таъриф муттаҳам иблис
Филиззотни2 қориб бир зумда абжир
Коринф миси2 монанд аллақандай бир

56
Ғалати қотишма яратган замон –
Бизнинг замонага жоиздир; магар
Ҳақлидир устимдан кулса китобхон:
Чунки кўп ўтлайман, менга шу ёқар,
Кўплаб октавамни қиламан қурбон.
Буни ожизлик деб билма, биродар;
Биламан, айбдорман, лекин ўз раъйим,
Ўз эркинлигимча қоламан доим.

———————
1 Қадимги Рим грамматикларининг жўн этимологик талқинича
«Ўрмон, унда нур бўлмагани учун ўрмондир» (Лот.)
2Филиззот – руда. 3Коринф миси – мис, олтин ва кумуш қўшиб тайёрланган мис.

57
Дуду Жуаннани етаклаб хушбахт
(Жуанни десак ҳам қилмаймиз хато),
Ўтди буюк хоннинг рангин, басавлат
Тўшагига мойил қайлиқлар аро;
У сукут сақларди, бу – ноёб хислат,
Ҳам гўзал қизга хос, айни муддао;
Тасаввур қилинг сиз кўзларни шу чоқ,
Йўқ, улар кўз эмас, сокин қалдироқ!

58
Аммо, айни пайтда, канизни Дуду
(Чалғийман Жуанни десам мен агар,
Чалғисам не бўпти, тўғриси ҳам шу)
Ҳарам ишларидан қилар бохабар:
Айтар муҳофаза усулларию
Борлигин антиқа ҳийла, ўйинлар;
Хуллас, уддаламоқ эмасдир осон
Кўпайиб кетганда ҳарамда жонон.

59
Дуду ёш, навқирон дугонасини
Ийиб ўпди: ўпса, нима бўпти, хўш?
Беғубор, меҳрибон қиз бўсасини
Яхши эмас ахир ножўя йўйиш.
Аёлларнинг дўстлик робитасини
Севаман ва қилар ўпичи сархуш,
Зеро, олмоқ учун тўла қониқиш,
«Ўпиш»га қофия бўлсам дер «хоҳиш».

60
Борини яширмай, табиий, илдам
Либосларин ечди хушқомат Дуду;
Сўнг ошкор ноз ила ўзини шаҳдам
Ойнага солиб бир жавлон урди у.
Шаффоф бир булоққа кўзи тушган дам
Ўз аксига шундай тикилар оҳу,
Яъни, сув остида фусункор бу жон
Қандай яшашига тушунмай, ҳайрон.

61
Дуду ёрдамлашиб, дугонасин ҳам
Ечинтириб қўймоқ бўлди-ю, бироқ
Жуанна уялиб олмади ёрдам,
Ўзим ечинаман деб, шўрлик нўноқ,
Ё билмай, ё қўрқиб чекди кўп алам,
Қолмади тўғноғич кирмаган бармоқ:
Аёл кўйлагида турса гар бежо,
Тўғноғич – лаънатдир, тўғноғич – жазо.

62
Гўзал хонимларни қилар бу матоҳ
Тегиб бўлмайдиган бир типратикан.
Ўзим ёшлигимда бўлганман гувоҳ,
Ниқоб базми учун ясантираркан,
Бир гўзал хонимга, шошиб, баногоҳ,
Тўғноғични хато қадаб қўйганман;
Билмасдан, керакли жойига эмас,
Бошқа бир жойига қадабман, хуллас!

63
Аммо бу сафсата ғийбатнинг ўзи:
Ҳар қалай, илмнинг қадри бор ҳамон!
Бас, баҳсда янграсин заковат сўзи
Хоҳ тўнка, хоҳ золим ҳақида урён.
Лекин ҳамма учун Фалсафа қизи
Жумбоқдир, менга ҳам, рости, ноаён,
Нечун, қачонгача, ким учун яшар
Бу ёруғ дунёда инсон ва башар?

64
Хуллас, сукунатга ғарқ эди ҳарам.
Ожиз милтирарди хира чироқлар.
Сездимки, руҳларга бу боғи эрам,
Ажойиб сайргоҳ бўларди, – агар
Улар бор бўлсалар, – мос эмас ҳечам
Уларга тангу тор, хароб ҳужралар!
Шунда, борлигига руҳларда ҳам дид,
Биз, лоқайд бандалар, бўлардик шоҳид.

65
Жанубга хос кўркам, сеҳрли боғда
Оҳ чекиб, интизор солланган гуллар
Янглиғ ҳаловатни қолдириб доғда,
Ором оғушида ётар гўзаллар.
Биттаси, сал толғин, хира чироқда,
Бетимсол хулёдек сирли, кўз олар,
Гўё ларзон шохда осилган ноёб,
Ғаройиб мевадек нафис, файзиёб.

66
Бошқа бири ётар, ёноқлари ол,
Оппоқ билакларга таяниб бир ён,
Қуюқ, қора сочлар кифтида хиёл
Оҳиста мавжланиб, турар паришон;
Елкаси кўз олар оппоқ қор мисол,
Турар ним очилиб, яъни, ним урён,
Нафис қад-қомати бамисли ҳилол
Чойшаб тагидан ҳам ялтирар яққол.

67
Ой шундай кўринар шаффоф булутлар
Момиқ туманидан мўралаган дам;
Нарида – учинчи тутқун бир дилбар,
Мубҳам бир уйқуда ётади пурғам:
Тушига қадрдон бир соҳил кирар,
Кўрар йиғлаётган она юртин ҳам,
Гўё сарв баргига инган дур шабнам,
Мужгонида ёнар шода-шода нам.

68
Тўртинчи асира – ҳайкалдай рангпар,
Ҳиссиз сукут ичра тин олар ҳиссиз,
Оппоқ, эҳтироссиз, совуқ бу дилбар
Худди Алп қоридай нур сочар нурсиз,
Ё бир қиз қабрига қўйилган пайкар,
Ё Лутнинг тузқотган хотини1 дейсиз.
(Хуллас, ўхшаши кўп. Ҳа, жуда бисёр,
Танлаб олаверинг – сизда ихтиёр.)
————————
1Тавротга кўра, Лут пайғамбарнинг хотини туз устунга айланиб
қолган.

69
Буниси, бешинчи соҳиби талъат,
Ўрта ёшда, агар таржима қилсак –
Айни ёз фаслида. Афсус! Бу суврат
Тасаввур уйига бўлолмас безак.
Ҳақиқий шоирлар каби мен фақат
Ёшликка шайдоман, шу боис, бешак,
Ёшлигини эслаб оҳ урган қари
Одамлардан доим юраман нари.

70
Хўш, қандай ухлади суюкли Дуду?
Албатта, қизиқ бу, аммо йўқ имкон,
Илҳомим ҳам буни билолмади-ку,
Алдашни эса у хуш кўрмас, аён.
Ҳоким эди сирли бир ним қоронғу,
Гўзал боғнинг гўзал гулларисимон
Ухлаётган қизлар устида ҳайҳу
Кўтариб қичқирди ногаҳон Дуду.

71
Дудунинг бошига тўпланди ҳарам,
Таҳликага тушди Онахон, қизлар,
Қасирға қўпгандай туюлди бир дам,
Муз узра шовуллаб тушгандай музлар.
Қўрқиб кетган қизлар бўлди жамулжам,
Шивирлар лол эди, лол эди сўзлар.
Хўш, вазмин, хотиржам Дудуни бу тун
Нима ҳам қўрқитган бўлиши мумкин?

72
Дуду танг, безовта, сирли қўрқувда
Бир-бир ташлар эди қизларга нигоҳ.
Учар юлдуз нури қоқ ярим тунда
Теграни шу тахлит ёритар ногоҳ;
Ҳаяжон ичинда, титроқ ичинда
Қизлар ҳар шарпадан бўлганча огоҳ,
Турарлар билолмай, тушунолмай ҳеч,
Нима бўлди ўзи Дудуга бу кеч?

73
О, дўстлар, уйқу бир оромижондир!
Жуанна ухларди сокин, бехабар.
Никоҳ лаззатидан ҳорган мамнун эр
Шундай хуррак отиб тинчгина ухлар.
Гўзаллар шўрликни тапира-тупир
Аяб ўтирмасдан турта кетдилар,
Ниҳоят, таажжуб ичида беғам,
Эснаб ва керишиб уйғонди у ҳам.

74
Ногаҳон бошланди буюк бир тергов,
Бош-кетсиз саволлар ёғилди ғужғон;
Юраклар, нигоҳлар, юзларни лов-лов
Ёндирар қизиқиш, кутиш, ҳаяжон.
Шубҳаю тахмину хитобдан бирров
Довдираб қоларди оқилу нодон!
Дудумиз гап-сўзга кўп чечан эмас,
Нима бўлганини айтиб беролмас.

75
Айтишича, бир туш кўрганмиш ёмон,
Мудроқ бир ўрмонга кирган эмиш ул, –
Данте ўрмонига1 ўхшаш бир ўрмон, –
Унда нафсин тийиб, яхши ва оқил
Бўлмоққа маҳкуммиш ҳар битта инсон.
Зарурат қонуни мўмин ва маъқул
Қилармиш енгилтак хотинни дарҳол, –
Қисқаси, рўй бериб мўъжиза-имкон,
Тушига кирганмиш қоронғи ўрмон.

76
Шундоқ тепасида, дарахтда, яққол,
Тирсиллаб етилган, чиройли, олтин
Бир олма осилиб турармиш беҳол,
Ям-яшил япроқлар қуршаб атрофин.
Аммо унга етмоқ бўлибди маҳол;
Саркаш, итоатсиз қўл билан бетин
Дуду отган тошлар кетибди бекор –
Хуллас, ололмабди олмани дилдор.
—————
1Данте ўрмони – Дантенинг «Илоҳий комедияси» қоронғи ўрмон тасвири билан бошланади.

77
Алам қилиб, бироз кетса у нари,
Ўша гўзал олма поп этиб ногоҳ
Узилиб тушганмиш, олиб, у пари
Энди очган экан оғзини, эвоҳ,
Пайдо бўлиб туйқус бир асалари
Унга ниш урибди! Ё олампаноҳ!
Оғриқдан нақ ўлиб тўлғонибди у,
Додлаб: «Вой!» дебдию уйғонибди у.

78
Ўлгудай хижолат чекарди Дуду
(Албатта, таъбири бизга номаълум
Қўрқинчли тушининг оқибати бу),
Сирли-кароматли, ғалати, мавҳум
Бу тушлар менга ҳам бегонамас-у:
Ўхшаш тасодифми дейман-да балким;
Неки сирли бўлса, бу кун одамлар
Барини ўхшаш бир тасодиф билар.

79
Даҳшатли бу ишлар тафсилотини
Билмоққа ишқивоз аҳли дилором,
Чуғурлаб талади шўрлик Дудуни,
Ширин уйқумизни қилдинг деб ҳаром.
Ҳовучлаб турувди қиз юрагини,
Онахон ҳам берди қўшимча дашном;
Дуду уқтиради хўрсиниб тинмай:
«Додлаб юборибман ўзим ҳам билмай».

80
«Умримда чўпчакни кўп эшитганман,
Лекин асалари, олма ҳақда туш,
Ё шайтон, ё бўри босгандай бирдан,
Ҳарамнинг бошидан учириб эс-ҳуш,
Жинни қилганини кўрган эмасман!
Гапларинг тутруқсиз бари, бояқиш!
Ўнгда ҳам алаҳлаб титрайсан қалт-қалт,
Ҳаким чақираман эртага албат.

81
Бояқиш Жуанна! Қандай беозор!
Қара, чўчиб тушди бу ҳам, қизпақир!
Уни ётқизибман сен билан бекор,
Мен ўлгур – мияси айнаган кампир.
Яхши кўрардим-да мен сени бисёр,
Ақлли, камсухан, тинч эдинг ахир…
Энди уни, Лола, қаватингга ол,
Сал нари сурилсанг, сиғар бемалол! »

82
Лола яшнаб кетди қувончдан гул-гул,
Аммо шўрлик Дуду кўзёшин ютиб
(Туши таъсиридан у ҳамон малул,
Кампир таҳдиди ҳам қўйди ҳуркитиб), –
Бирдан журъат топди ва дадил-дадил, –
Қизилликда ҳатто лоладан ўтиб, –
Онт ича бошлади: «Авф эт, Онахон,
Тушимда қўрқмайман энди ҳеч қачон».

83
Дуду Онахонга ваъда берди бот,
Энди у туш-пуш ҳам кўрмайди, тамом.
Пушаймондир, лекин фойда йўқ, ҳайҳот,
Қилди қизларнинг ҳам уйқусин ҳаром.
Қўрқиб кетган эмиш уйғонган заҳот
Кўзи бошқаларга тушиб ногаҳон.
Ўтиниб, кечирим сўрар эди чин,
Ожизлиги, ножиз қилиғи учун.

84
Жуанна ҳам кирди жонига аро:
Дуду билан жуда зўр бўлди уйқу;
Қизлар кўтармаса агар можаро,
Дуду қичқирганин билмабди ҳам у;
Таъна қилмас эмиш қўрқса ҳам, зеро,
Айбдор эмас эмиш қичқирса Дуду, –
Хаёлот – қоронғу, мавҳум, билинмас,
Одамнинг тушига нималар кирмас!

85
Жуанна кўксига ўзининг лов-лов
Ёнаётган юзин беркитди Дуду
Пушти рангга кирган гул каби дарров.
Не ажаб, энсаси, бўйни ҳам, ёҳу,
Бўлди ҳаяжондан бир пасда олов.
Менинг ишим эмас, бинобарин, бу,
Энди бу мавзуни тўхтатиб пича,
Ҳарамга тилайман хайрли кеча.

86
Ёки, тўғрироғи, хайрли саҳар,
Хўрозлар қичқирди, дарвоқе, хушҳол,
Масжидлар ҳилоли ялтираб турар
У ер, бу ерларда кумуш ип мисол;
Салқин тонг, баргларда шабнам ялтирар,
Тепалар устида имиллаб беҳол,
Туялар карвони суринар нолон,
Олис Кўҳиқофдан1 келар бу карвон.

87
Ҳали тарқамасдан сабуҳий туман,
Гулбека безовта, нотинч, пуркадар,
Ювиниб, тараниб, кийиниб олган;
Тийиқсиз эҳтирос сингари рангпар.
Булбулнинг кўкраги ҳажр хоридан
Ярадор бўлади, дерлар шоирлар, –
Ва лекин асов бир истак азоби
Олдида ҳеч гапдир ҳажр изтироби.

88
Қиссадан бир ҳисса қилардим, лекин
Шоирдан изларлар ғаразли фикр;
Эринмай, кўтариб ҳар банд этагин
Топарлар қандайдир ишораи сир.
Ўқувчи-ку, майли, ҳар сўзинг тагин
Кавловчи ҳамкасбга не дейсан ахир.
Дунёда ёзғувчи зоти кўп, нетай,
Хўш, қайси бирига дум ликиллатай?
————
1Мусулмонлар афсонасига кўра, Кўҳиқоф дунёнинг чеккаси. Байрон Кўҳиқофни Кавказ ўрнида ҳам қўллаган.

89
Хуллас, такасалтанг одамларга мос
Пахмоқ тўшагидан турди маликам, –
Гулбаргдан нафисроқ бўлса ҳам палос,
Такасалтанг нолир ётаётган дам.
Ҳатто иштаҳа ҳам сезмасдан бироз,
Кўзгуга ҳам боқмай Гулбека пурғам,
Ажиб бир орзуда ўртанар, ёнар,
Дарғазаб малоҳат ичра тўлғонар.

90
Унинг буюк эри, паноҳи, ҳайҳот,
Уйғонди сал кечроқ – бепарво, беғам, –
Ўттиз вилоятга ҳукмрон бу зот,
Ёрига хуш ёқар жуда камдан-кам.
Серҳиммат Ҳименей1 Туркияда бот
Аъло шифокордир бу ишда ҳар дам:
Хотинларга қилмай ҳеч нарсани маън,
Хотиржам қилади эрни умуман.

91
Султон бу ишларни кам ўйлар, зеро,
У ҳам бир эркакдай фикр юритар.
Унга шаробдай гап ҳар қандай барно,
Қизлар билан фақат кўнглин овутар.
У чаркас қизларин ҳарамда гўё
Бир гулдон, бир сурат ё шаъмдай тутар.
Аммо билиб азиз суюкли бир ёр,
Ёлғиз Гулбекадан туяр ифтихор.

92
Алқисса, у туриб, олди таҳорат,
Қаҳва ичди, қилиб аллоҳга шукр,
Сўнг кетди ўтказмоқ учун машварат,
Бебош рус қўшинин сиқуви ахир
На ором беради, на берар муддат.
Шу сабаб то ҳануз мадҳия ўқир
Ялтоқлар ул тождор эркакжаллобга,
Улуғ шаҳаншоҳга ҳамда жалабга…
———
1Маъбуда.

93
Қонуний невара1, Алексанр, о,
Қадим Нева узра янграса бир кун
Менинг октавамдан бу ҳамду сано,
Сен мендан ранжима истеҳзо учун.
Биламан: қўшилди янги, зўр садо
Болтиқ долғалари сасига бу кун –
Яъни, зўр, шиддатли, эркин бир нафас!
Мен шуни англадим – шунинг ўзи бас.

94
Екатеринанинг ўғли деб отанг
Аркони давлатда тан олинди-ку;
Эркакка ўч эди шаҳаншоҳ хотин,
Аммо, шармандалик саналмагай бу!
Қандайдир бир зино подшоҳ авлодин
Ахир маломатга қўймас-ку мангу, –
Жаноблар, энг аъло шажарада ҳам
Майда-чуйда айблар учрайди кам-кам.

95
Ҳам Екатерина, ҳам султон магар
Ўйлаб ўз фойдаю манфаатларин,
Ибрат, сабоқ бўлиб янги ўлкалар,
Исроф қилмасалар хазиналарин:
Султон – сарфламаса ҳарам учун зар,
Аёл2 – лашкарига сочмаса зарин,
Насроний, мусулмон аро бу қадар
Авж олиб кетмасди ўтли низолар.

96
Султон олимлар-ла қилади кенгаш,
Билмоқчи бўлади аъёнлар дилин:
Сўрар манжалақи ҳамда жанжалкаш
Бу хотин подшоҳдан қутулиш йўлин;
Жўяли бир жавоб ўрнига, ғамкаш
Машварат хўрсиниб эгади бўйин:
Сўнг мадад ўрнига қўшарлар, ҳайҳот,
Ўлпонга – ўлпону закотга – закот.
————
1Қонуний невара – Александр Биринчининг отаси Павел Биринчи Екатеринанинг эри Петр Учинчидан бўлган ўғли эмас деган фикрларга ишора.2Аёл — Екатерина Иккинчи кўзда тутилади. Лашкарда унинг суюкли жазманлари бўлганига ишора.

97
Шу орада гўзал Гулбека ҳорғин,
Махсус хос ҳужрага айлади узлат.
Нонушта қилмоғу май ичмоқ учун,
Йўқдир бу ҳужрадан қулайроқ хилват.
Бўстонлар инъоми – гуллар гуногун,
Ёқутлар, биллурлар, гиламлар қат-қат,
Нақшин шифт, шоҳию атласу кимхоб
Бу ҳужрани қилмиш файз ила сероб.

98
Порфиру мармарлар таратиб жило,
Қилар қимматбаҳо атлас ила баҳс.
Шишалар рангига чўғ ҳам маҳлиё,
Қушлар қафасларда сайрар басма-бас…
Шоирлар неча бор айламиш иншо,
Бу зебу зийнату маҳобатни, бас;
Бу ҳужра кўркини хаёли учқур
Ўқувчимнинг ўзи қилсин тасаввур.

99
Гулбека занжини қийнаб бешафқат,
Сўради: не қилди шунча вақт Жуан,
Ҳарам аҳли ичра у соҳиб талъат
Бўлди не гап-сўзга сабаб дафъатан?
Тутдими ўзини доим пурҳасрат,
Хўш, қандай танишди у қизлар билан, –
Хусусан, у жуда қизиқди, сўзсиз,
Ким билан, қаерда, қандай ётди «қиз»?

100
Бобо қўрқа-писа бераркан жавоб,
Сергап бўлиб, ўзин хизматга тайёр
Кўрсатиб, бекани, баҳаққи савоб,
Алдамоқчи бўлди бу содда-айёр.
Аммо чол бир сирга ёпганин ҳижоб,
Гулбека пайқади – зийрак ва ҳушёр;
Сабабки, гоҳ қулоқ, бош қашиб гоҳо,
Жиддий тутолмади ўзини Бобо.

101
Гулбека кутмоқни қилмаган одат;
Бу сабру тоқатга бегона аёл
Яхши кўрар эди бой бермай фурсат,
Ё изоҳ, ё жавоб олмоқни дарҳол.
Ортиқ гапиришга қилолмай журъат,
Занжи қўрққанидан жим қолди алҳол,
Гулбеканинг юзу кўзида пинҳон
Ғазаб ўз чақмоғин чаққани замон.

102
Бобо бу аломат охири бахайр
Бўлмаслигин сезиб, тушди юзтубан,
Ёлвориб сўради бекадан узр
Ва айтди ямланиб, чайналиб, Жуан
Дуду ғамхўрлигин кўрди, деб, манзур;
Сўнгра ўз юлдузин айблаб дафъатан,
Йўқ, дея, бу ишда менинг ҳеч ҳиссам,
Қуръон ўпиб, ичди кетма-кет қасам.

103
У элтди Жуанни эшиккача то,
Ундан у ёғига, бас, ҳадди сиғмас.
У ёғига ҳукмин ўтказар танҳо
Шу юзлаб канизлар онахони, бас;
Тартибга ҳам ўша жавобгар, зеро,
Занжига уйқудан бошқа иш қолмас…
Ўйланмай айтилган арзимас бир сўз,
Бошинггга ёғдирар минг битта афсус.

104
Сўнг ишонч билдириб, айтдики Бобо,
Жуан ҳам ўзини тутгандир албат:
Ахир эҳтиётсиз бўлса мабодо,
Билар, ўз бошига тушишин кулфат:
Ё қоп,1 ё бошқа бир ёмонроқ бало…
Занжи ҳаммасини айтди-ю, фақат
Ташлаб ўтди Дуду тушини – айёр,
Хуллас, у қилмади бу сирни ошкор.
———
1Қоп – гуноҳкорга қоп кийгизиб, денгизга улоқтириш жазоси.

105
Тўғри, у айтарди балки олдинроқ
Ва лекин даҳшатли Гулбека унга
Қошларин чимириб тикилди узоқ.
Ҳарсиллаб, кўзлари сочди аланга,
Нигоҳлар дарғазаб, уюлган қовоқ,
Ғашдан, ҳаяжондан, ғамдан манглайга
Қалқди реза-реза совуқ тер зилол,
Титроқ нилуфарда шабнамлар мисол.

106
Ожиз тоифадан эмас у , бироқ
Ҳушдан кетказмоқ ҳам осонмас уни,
Лекин бир дақиқа асабий титроқ
Қуршаб олди унинг бор вужудини;
Шундайки, қийноқли даҳшат тутқаноқ
Ёхуд талвасанинг совуқ тўлқини
Ларзага солганда машъумот бизни
Бир лаҳза сиқади юрагимизни.

107
Бир нафас қотди у, алаҳ ичра фол
Кўрган Пифиядек1, талвасаи жон
Измида бир муддат гангираб беҳол,
Худди жиловини узган отсимон,
Пора-пора қилиб қиймалар қаттол
Жазава, эҳтирос юрагин чунон.
Дил-дилдан эзилиб, ўчиб ранг-рўйи,
Дафъатан солди у бошини қуйи.

108
Бошин қуйи солди, худди жароҳат
Ҳолдан тойдиргандай ғалати, сузғин;
Сочлари мажнунтол сояси сифат
Диванга ёйилди паришон, тўзғин,
Кўкраги тўфонли уммондай шиддат,
Шаҳд ила қалқинди безовта, маҳзун;
О, уммон бундай дам қаҳқаҳ уриб шод,
Соҳилга итқитар хас-чўпни, ҳайҳот.
—————-
1Коҳина.

109
Ҳали айтганимдай, тўзғин кокиллар
Тўсар ой юзларин; беҳол, бемажол
Шалвираб тушади оқ, момиқ қўллар,
Худди жони йўқдай афтода бир ҳол…
Мен рассом эмасман, шоирман, магар
Бу ҳолни тасвирлаб беришим маҳол;
Сўз бўёқ эмасдир: бу байтлар, аммо,
Бир ҳолат тарҳидир, бир ожиз имо!

110
Бобо ҳам қув эди: тил тийиб қачон,
Қачон гапирмоқни билар эди ул,
У биларди, тинар охир бу тўфон,
Қутурган тўлқинга кирмоқ – номақбул.
Туриб, хона ичра у ёндан бу ён
Юра бошлади у, боқиб, сезди қул:
Қалдироқ-ку ўтар ва лекин уммон
Тинчирмикан, фақат шуниси гумон.

111
Гулбека юришдан тўхтади, бирпас
Жим туриб, сўнг яна юра кетди у;
Асабий қадамин тезлатди бесас
Ва яна тўхтади. Юриш – бир кўзгу;
Юрганда фош бўлган дунёда кўп кас;
Каталин ҳақда Гай1 ёзган эди-ку:
У ёвуз иблислар измида яшар,
Юрса – эҳтирослар туғёни жўшар.

112
Гулбека занжига буюрди: «Тезроқ!
Айт, олиб келсинлар уларни, эй, қул!»
Беканинг овози паст эди, бироқ
Ҳарам оға сезди, шаҳаншоҳ тугул,
Шайтон ҳам бўлолмас айбдорга паноҳ.
Бобо Гулбекадан сўради: «О, Гул,
Яна хато қилмай, раҳм этинг бизга,
Кимларни келтирай ҳузурингизга?»
————
1Саллюстий Гай – Рим муаррихи.

113
Гулбека бақирди: «Эй, қора айиқ!
Гуржи қизи келсин, ўйнаши келсин!
Дарвоза олдида шай турсин қайиқ…
Амримни уқдингми, тилингни тий сен!..»
Гўё бошқа бир сўз тополмай лойиқ,
Гулбека жим қолди ушлаб ўз бўғзин;
Чол эса аллоҳга қилди илтижо:
«Ўзинг балолардан асра, илоё!»

114
«Майли, мен тилимни тияман, – дер чол, –
Ҳеч вақт амрингиздан чиқмадим, бекам,
Амрингиз ҳар қанча бўлмасин қаттол,
Доим қулоқ қоқмай бажардим илдам;
Шошилманг, мен ахир кўп кўрдим завол,
Қаҳрига қанча кўп эрк берса одам,
Жабрини ҳам ўзи тортиши аниқ.
Сирнинг очилишин айтмаяпман, йўқ, –

115
Ўзингизни ўйланг, деяпман холос!
Тўғри, ҳалок этар денгиз мутлақо,
Қанча жасадларни бу ўпқон паққос
Ютганин бир худо билади танҳо!
Бир қошиқ қонимдан ўтинг, илтимос,
Ахир сиз… сиз унга ошиқи шайдо…
Уни-ку ўлдирмоқ – осон бир қўшиқ,
Аммо, узр, дилда ўлармикан ишқ?»

116
«Ишқдан гапирмоқни сенга ким қўйди! –
Бақирди Гулбека. – Йўқол, касофат!»
Бобо тез фаҳмлаб, тилини тийди:
Беканинг амрини агар бир муддат
Кеч бажарсанг, билки, хонумон куйди;
Бу ҳам етмагандай куй кетар фурсат.
Қолаверса, занжи эмасдир нодон,
Қилмас ўзгалар деб ўз жонин қурбон.

117
Кетди бека амрин этгали бажо,
Йўлакай туркчалаб ғудраб, ғўлдираб,
Инжиқ аёл феълин сўкиб норизо,
Дарғазаб бекадан қўрқиб, қалтираб.
Аёл зоти бунча ўжар, ё худо!
Бунча зўр уларда ҳиссиёт, талаб!
Хайриятки, ўзи холис, йироқдир
Бундай кулфатлардан, худога шукр.

118
Бобо буюрдики, икки айбдор тез
Бекам ҳузурига етиб борсинлар,
Унутмасин соч-поч тарашни ҳаргиз,
Ипак либосларин кийиб олсинлар.
Бекам сўроқ қилар уларни, шаксиз,
Қайда туғилдилар, қайда турдилар?
Дуду таҳликада, Жуан жим, диққат,
На у қарши чиқар, на бу қилар рад.

119
Олий қабул учун шайланар улар;
Мен халал бермайман; балки, эҳтимол,
Гулбека уларга марҳамат қилар;
Балки, жазо берар; англамоқ маҳол:
Баъзан бир ҳаракат барин ҳал этар,
Бас, демак, олдиндан очиб бўлмас фол,
Ким билар, дарғазаб, қутурган, қайсар
Аёл бундай дамда қандай йўл тутар.

120
Бас, етди еттинчи бобга ҳам фурсат;
Бошлайман, олдимда кутар янги йўл.
Маълумки, берилса агар зиёфат,
Таомлар тортилар доим хилма-хил;
Қадрдон Жуанга ёр бўлсин омад,
Ишқилиб, балиққа ем бўлмасин ул.
Вақти ғаниматни мен ҳамда илҳом
Ҳарбий мавзуларга этамиз инъом.

САККИЗИНЧИ ҚЎШИҚ

1
О, гумбур-гулдурос! Қон, яра, фарёд!
О, ёвуз, қаттол жанг! О, яра, дод, қон!
Ҳақорат қилади бу фарёд, бу дод
Ул нозик таъбингни, эй, нозик шеърхон!
Зеро, кўрк билса-да бу қирғинбарот
Беллона, Марс1 номин ўзига ҳар он,
Аммо бу шон-шуҳрат хосияти – кир,
Ҳамма замонларда моҳияти бир.

2
Қонли сафар учун ҳамма нарса шай:
Одамлар, байроқлар, санчқию шашпар;
Ўлжани газага туширган шердай,
Қирон келтирмоққа тайёрдир лашкар;
Дарё соҳилида ўрмалар бирдай
Гўёки юз бошли дўзахий аждар;
Кетса кетаверсин мард боши, не ғам,
Ўзга бош ўсади ўрнида шул дам.

3
Тарих тафсилотга бермас эътибор,
Доим воқеани «en grand»2 олар.
Ким фойда-зиённи ўйласа бисёр,
Билингки, урушдан у нафратланар.
Бир парча ер учун қилиб жон нисор,
Шунча пул сарфламоқ телбалик бўлар.
Қон тўкиб, майдонни қилгандан ҳалқоб,
Бир шўрлик кўз ёшин аритган – савоб.
————
1Уруш маъбудлари.
2 «Яхлит, катта миқёсда» (Франц.) .

4
Эзгу ишлар бизни доим шод қилар,
Шуҳрат жазаваси жўштирар бизни,
Байроқлар, пештоқлар, нафақа, сафлар
Одатда олади кўзларимизни,
Юксак нишонлару хос мукофотлар
Йўлдан оздиради ҳар биримизни;
Озодлик, Эрк учун магар курашар,
Олийҳиммат халққа кураш ярашар.

5
Қолгани – қотиллик! Фақат Вашингтон1,
Леонид2 ҳурматга мушаррафдир, о;
Шу икки зот боис халқ топди омон,
Улар жанг қилган ер муқаддас, илло,
Исми шарифлари муқаддас ҳамон –
Қабоҳат, залолат зулмати аро
Иқбол маёғидан нур каби улар
Инсоният тунин ёритиб турар!

6
Олов ҳалқа бўлиб тунни ёритар
Тўпларнинг оғзидан учиб чиққан ўт;
Жаҳаннам аксидай ловуллаб ётар
Дунай кўзгусида ўт олган булут.
Замбарак ўқлари зувиллаб ўтар
Зевс чақмоқларин зарблари тахлит, –
Фалак чақмоғидан, ҳар банда билар,
Ернинг чақмоқлари ёмонроқ бўлар!

7
Рус тўплари солгач қаттиқ гулдурос,
Биринчи саф дарҳол бошлади ҳужум.
Мусулмонлар босди вулқондай гуррос,
Оҳ-воҳлар, дод-войлар қоришди бир зум,
Аскарлар ҳайвондай тортдилар уввос;
Жаҳлин чиқарганда буюк талотум,
Этна қорнидаги паҳлавон бир чоқ
Шундай бўкиргандир тутиб ҳиқичоқ.
————
1Мустақиллик учун курашда армия қўмондони, АҚШнинг биринчи президенти. 2Форсларга қарши юнон лашкарига бошчилик қилган Спарта шоҳи.

8
Ҳам соҳил, ҳам шаҳар узра бетимсол,
Қурол уввосидан кўра даҳшатроқ
«Аллоҳ!» деган нидо янгради алҳол.
Ёввойи эди у, шафқатдан йироқ
Қасосга чорловчи илтижо мисол.
Еру кўкка солар титроқ-қалтироқ,
У ёв манглайига ҳалокатга битар:
«Кофирга ўлим бер! Аллоҳу акбар!»

9
Гарчанд бу ўйинга бўлса-да раҳбар
Беллона фарзанди – Арсеньев1, қўрқмас
Дарёдан соҳилга чиқаркан сафлар
Ўрилган майсадай ётди басма-бас.
Вордсворт2 урушни ийиб таърифлар
«Худонинг қизи» деб; шундай экан, бас,
Уруш Исога ҳам сингилдир, демак,
У кофир аҳлига душмандир бешак.

10
Тиззадан ўқ еди шаҳзода де Линь3,
Шапо-Бра4 эса – кибор зодагон –
Баланд киверидан5 ўқ еди, лекин
Қаттол қўрғошиндан асради омон
Кивер легитимист6 боши чаноғин;
Хуллас, бу қиссанинг ҳиссаси аён:
Кимки бу дунёда мис қилса бошин,
Теша олмас уни ҳатто қўрғошин!

11
Ярадор шаҳзода майдонда ўсал
Ётмасин деб оддий халқ билан бирга,
Шаҳзода замбилин Марков-генерал
Олдирди хатарсиз, панароқ ерга.
Кимдир ўлаётиб ғудранди мужмал,
Кимдир сув сўради ботганча терга.
Марков қайишмади уларга унча,
То ўзи оёқдан айрилмагунча.
————
1,3,4Рус қўшини зобитлари, Исмоил қамали иштирокчилари. 2Кўл мактабини тузган инглиз шоирларидан бири.5Ҳарбий бош кийим. 6Мустабид ҳокимият тарафдори, подшопараст.

12
Замбараклар тинмай ҳабдори отар,
Мушкетлар бетўхтов туфлар қўрғошин.
Асфаласофилин қаърига кетар
Бу сурги дорини тотган ҳар қўшин!
Думли юлдузлару очлик, ваболар
Шусиз ҳам синайди башар бардошин.
Дунё таҳликага тўладир, билсанг,
Лекин барчасидан ўтади бу жанг.

13
Турфа хил инсоний изтироб сўзсиз
Жанггоҳ аро қилар бизни ложарам,
Қийнар шоирона муболағасиз
Уқубатнинг барча даҳшатлари ҳам:
Қўллар қовушади, қотиб қолар кўз.
Шу алфоз ўлади саноқсиз одам
Ва лекин айримлар ўлмасдан қолар,
Сўнг безар уларнинг кўксин ленталар!

14
Мен буюк Шуҳратни севаман ортиқ;
Чунки у қаҳрамон қариса агар
Нафақа олишга беради ҳуқуқ.
Шоирлар қўшимча даромад олар.
Шеъриятда майда қаҳрамонлар йўқ,
Шу боис ифтихор, ҳурмат муқаррар;
Қотилни нафақат ёқлар нафақа,
Биродаркушликни оқлар нафақа.

15
Бир турк бойдоғини1 асирга олмоқ
Дардида ошиқар илғорлар қўзиб,
Дарёдан чиқар-да бошқа бир бойдоқ,
Аскарлар тартибни тартибсиз бузиб,
Ҳандағу ғовларга тирмашиб тўзғоқ, –
Бир-бирини қувлар, туртишиб, ўзиб.
(Онасин олдига чиққанда пешвоз
Шу тахлит югурар болалар гуррос).

————
1 Бойдоқ – ҳарбий отряд, батарея. (Тарж.).

16
Даҳшатли жанг қилар ҳаёт ва мамот:
Гўё питра тегиб, Везувий, нохос,
Рамақдажон ҳолда хириллар бот-бот.
Суворов савашга берилиб, бехос
Учдан бир зобитин йўқотди, ҳайҳот.
Беллонадан бизга бир сабоқ мерос:
Бу каби талафот, яъни, ҳалокат
Ёмон оқибатдан берар далолат.

17
Шону зафарлардан боғлаб қанотлар,
Шараф гултожини бошига кийган
Жуан ишларидан бергали хабар,
Бу катта мавзуни қўйиб тураман.
(Ҳолбуки, биламан, саналса агар
Шуҳрат луғатига муносиб бўлган,
Ақл кўзи билан боққанда, хор-зор,
Ўн минглаб шавкатли, шонли номлар бор.

18
Аммо бу номларни айламоқ мангу
Муҳтарам сўзамол рўзномага тан;
Бу қаҳрамонона ўлжаларни у
Топар ҳар зовурдан, ҳар бир даладан.
Энди қадри ошар уларнинг, ёҳу!
Ва лекин бу дунё кўп ўзгарувчан,
Баъзан шундай бўлар: ҳатто матбуот
Қаҳрамонга қўяр буткул сохта от!)

19
Жонсон ҳам, навқирон Жуан ҳам бу пайт
Аллақайси полкда қилар эди жанг.
Кўрсатар эдилар жангда жасорат,
Ҳеч кимни ўйламай ва бўлмай дилтанг;
Гоҳ ёвга мушт билан бериб жароҳат,
Гоҳ қилиб ҳолини қилич билан танг –
Хуллас, кўрсатдилар ўзларин чунон –
Номлари рўйхатда – улар қаҳрамон.

20
Гоҳида дарёдан кечиб ўтдилар,
Гоҳ қон ботқоғидан, жасадлардан гоҳ:
Гоҳ улар наздида, дўзахий ўтлар
Шундоқ рўпарада ловулларди, воҳ;
Шитоб билан олға босдилар улар
Телба бир жасорат измида ногоҳ.
Ҳатлаб ўз дўстлари жасадларини,
Эшитмасди оҳу ҳасратларини.

21
Зеро, қаҳрамоним жанг қилар илк бор,
Зеро, дўзахий тун, зеро, бу туман,
Зафар дарвозаси эмас ҳашамдор,
Мардлигин кўрсатса унда дафъатан,
Зеро, у толиққан (қиларман ошкор) ,
Зеро, қиёфаси мунгли, аламзан,
Қўрқди у, эҳтимол, юрак ютмади,
Аммо жанг майдонин ташлаб кетмади.

22
Сафни ташлаб қочмоқ осонмас албат,
Ва лекин қочсанг ҳам осмон қуламас;
Энг зўр ботирлар ҳам баъзан бир муддат
Қўрқув туйғусидан халос бўлолмас.
Мольвиций жангида Фридрих бир пайт
Ташлаб кетган эди жанггоҳни1, хуллас, –
Ҳамма бузавермас ичган ўз онтин:
Бировлар – виждон деб, бировлар – олтин!

23
Пунийча айтгандай бугун ирландлар,
Жуан «шўрва эди, йигитча эмас».
(Яқинда олимлар билиб қолдилар,
Карфагеннинг тили кельтча экан, бас, –
Патрикда3 Ҳаннибал руҳи сақланар,
Мумтоз туникада, Эринда4, хуллас,
Яшар Дидонанинг жони барҳаёт –
Шу ўйга мойил ҳар ватанпарвар зот.)
—————
1Пруссия қироли Фридрих Иккинчининг Мольвиция жангида узоқ вақт йўқолиб қолганига ишора. 2 Бутун банд ўз аждодлари (кельтлар) билан карфагенларнинг (пунийларнинг) қондошлигини тиклашга ҳаракат қилган ирланд миллатчи «олимлари» устидан киноядир.3Патрик – ирландларда тез-тез учраб турадиган ном. 4 Эрин – Ирландиянинг шоирона номи.

24
Алқисса, у жуда қизиққон бола,
Онаси – эҳтирос, отаси – туғён,
Гоҳида шўх-шаддод ҳисларга тўла
(Аниқроқ айтганда, ҳислари – бўрон!)
Жасорати билан қилар дабдала,
Унга писанд эмас зўр ғов, зўр тўғон;
Кўплар қамал чоғи тўрт томон чопар,
Шундан ҳузур топар, ҳаловат топар.

25
Менинг зодагоним севгидан, жангдан
Эзгу мақсадларни кўзлайди – беваж,
Шунинг ўзи бош важ: яъни, бу билан
Дипломат, фоҳиша, қаҳрамон – ҳар каж
Ўз шаънин сақлайди эл таънасидан,
Мақсад эзгулигин қилганча рўкач;
Улар билан қилар, ҳолбуки, равон
Дўзах йўлларини азалдан шайтон.

26
Бу дўзах йўлларин бир қисмига мен,
Очиғин айтганда, қиларман гумон;
Яъни, улар бунга чидолармикин,
Наҳот улар билан бўлса йўл равон?
Зеро, бу йўлларнинг таъмири учун
Эзгу мақсадларин айламас эҳсон
Бизларнинг авлодлар; бир ўйланг, Лондон
Дўзах йўлларини эслатар чандон.

27
Бас, ўтлаб кетмайлик. Қизғин жанг аро
Қаҳрамоним ёлғиз қолибди ногоҳ;
Тўйдан бир йил ўтиб, яқинда барно
Ва азиз бўлган ўз эрларин беоҳ,
Шундай ташлаб кетар аёллар гоҳо.
Менинг зодагоним ўзин баногоҳ
Ўт ва тутун ичра кўрдию шу кез,
(Қўрқиб кетди) ўзин ҳис этди ёлғиз.

28
Бу қандай рўй берди, билмайман асло;
Биров ўлдирилган, биров ярадор,
Кимдир жон ҳалпида ақлидан жудо,
Дуч келган томонга қочади абгор.
(Қочган римликларни бир замон, аё,
Зўрға тўхтатгандир ул Цезарь – шунқор,
Қизғин олишувда қалқонин у дов
Қочоқлар йўлига қилган эди ғов!)

29
Жуаннинг қўлида йўқ эди қалқон,
У тақлид қилмади Цезарь шоҳга ҳам,
Кўрдики, аҳволи тобора ёмон,
Бир дам ўйга толди, қийналиб пурғам
Ва худди эшакдай (бу таққос шу он
Тирилтирар ўлмас Ҳомерни бир дам:
Эшакдан тузукроқ бирорта таққос
Топмаган эди у Аяксга1 мос…)

30
Алқисса, Жуан ҳам ўхшаб эшакка,
Фақат олға юрди, ортига боқмай,
Тўнган жасадларга туртиниб якка,
Йиқилиб-суринар, борар тутоқмай.
Узоқда, ловуллаб ўрлар фалакка
Даҳшатли бир ёнғин, даҳшатки, ҳай-ҳай!
Саросима босиб жисму эсини,
Кўздан қочирди ўз бўлинмасини.

31
Командир ҳам, полк ҳам, рота ҳам гумдон,
Қизғин жанг онида йўқолди улар;
Ёлғиз худо билар, йитдилар қаён,
Балки пиёдалар тарихи билар.
Лекин бир юлдуздай йилтираган шон
Ортидан қуваркан Жуан жанговар
Бир руҳда талпиниб, қизишиб беҳад,
Тўғри бир тасодиф бахш этди мадад.
————
1 Аякс – Ҳомер «Илиада»сининг қаҳрамонларидан бири.

32
Тополмай командир, ротадан дарак,
Дуч келган томонга чопди у сарсон;
Гўёки ботқоқдан қутулиб, андак
Йилт этган бир чўғдан шод йўлчисимон.
Флотдан адашган денгизчи бешак
Интилар шубҳали бандаргоҳ томон, –
У ҳам худди шундай топиб бир журъат,
Ёнғинни мўлжаллаб югурди фақат.

33
Ҳеч нарса тушунмай нуқул каловлар:
Кўз олди қоронғи, лўқиллар чакка,
Гумбур-гумбурлардан мияси ғовлар,
Чақар томирида бир чақмоқ якка.
Портлашлар зарбию кучли оловлар
Титроқ солар эди еру фалакка;
Иблисга солай деб дўзах ваҳмини,
Роҳиб Рожер Бэкон топгандир буни!

34
Дон Жуан бир сафни кўрди шу маҳал.
Саф роса тўкилган – жуда ҳам сийрак;
Сафни жасур Ласси1, қўрқмас генерал
Бошлаб кирган эди жангга довюрак,
Ярмидан кўпини ютибди ажал.
Хуллас, жанг бўлгану катта бир элак,
Аямай элаган, қолибди охир
Бир ҳовуч синалган ва сара ботир.

35
Жонсон ҳам шу сафда бор эди, алҳол,
Очиғи, қочишни мўлжаллаб турар,
Атрофга аланглаб, биларки дарҳол,
Оловдан қутулиб ўтга тутилар.
Ҳеч қачон қочишни қилмаган хаёл,
Довдираб қолмаган ҳечам бу қадар,
Мустаснодир: кимдир устидан кулса,
Кўрсатган мардлиги кулгили бўлса.
—————
1Генерал Ласси Морис – Исмоил қамалида биринчи бўлиб
ҳамла қилган сафлардан бирининг бошлиғи.

36
Жуан эса худди телбадай бир пас
Танҳо қолди қуюқ жанг ичра такрор,
Янги аскар каби мардлигидан маст,
Бизнинг бритт қилди ўзга бир қарор;
Йўқ, у мусулмондан ҳайиққан эмас,
Аммо бундай «Ўлим водийси» донгдор
Мардни ҳам титратар деб қилди хаёл, –
Путраган аскарни тўпламоқ маҳол!

37
Мусулмонлар худди малаклар мисол
Муҳаммад қўрғонин ҳимоя қилар:
Аскарлар, қалъалар устига қаттол
Қўрғошин ёмғири шаррос ёғилар.
Шаҳарда панажой топиш кўп маҳол,
Бир-бирин аямай қирар ёғийлар,
Жонсон кўриб қолди, бир гала ўқчи
Қирғиндан панада жон сақламоқчи.

38
Уларни чақирди, улар, ажабо,
Чақириққа дарҳол бердилар жавоб,
Инсон овозини эшитмас бало –
Хотспер айтганидай гапуқмас аҳбоб –
«Қаър руҳи» эмаслар1. Жонсон шу асно
Майдонга чорлади уларни шитоб,
Пода ҳисси қўзиб уларда бирдан,
Эргаштириб кетди барчасин британ.

39
Жонсонни қаҳрамон демадим бекор,
Гарчанд унга қисмат Ахилл каби ё
Аякс номидай хушёқар, дилдор
Бир номни кўрмаган бўлса ҳам раво,
У содиқ дўст эди ва танти ағёр,
Кучли, қаноатли эди мутлақо,
Гоҳи ўз жонини жоним демасдан,
Ёв додин берарди ҳеч аямасдан.
————.
1Шекспир қаҳрамонларидан бири Перси Хотспер сўзларига ишора.

40
Ҳозир у ҳам қочди, йўқ, қўрқиб эмас,
Уни зўр, ажойиб раҳбар деб ҳурмат
Қилгувчи ва у деб ўтдан-да қайтмас
Одамлар ахтариб қочди у фақат.
Баъзи меъдаларга қўрқув ҳам хуллас
Майдай таъсир қилар; гоҳ топиб хилват,
Нафасни ростламоқ ўйида бир он,
Суронли жанггоҳдан бўламиз гумдон.

41
Ҳа, нафас ростламоқ бўлди Жонсон ҳам,
Лекин кейин эса Ҳамлет ҳам ҳатто
Қўрққан у туманли йўлга1 хотиржам
Қайтмоқ орзусидан эмасди жудо…
Аммо Жек безовта бўлмади ҳечам,
Уруш – темир эди, у – оҳанрабо:
Ўзига келдию панд бермай шаънга,
Эргаштириб кетди ҳаммани жангга.

42
Бу шайтон ўйини иккинчи бора
Уларга шу қадар туюлди даҳшат,
Ки, кўнгил майлига оид ибора
Унутмоққа маҳкум этилди албат.
Аскар учун ҳаво – ҳам сув, ҳам чора:
Бешафқат бир буйруқ: «Бас, етди фурсат!»
Хусусан, ўйламоқ бўлар нораво:
Дўзахга етдингми, яқин қолдинг ё…

43
Ўроқ теккан ўтдай йиқилди улар,
Дўл урган мевадай сочилди ҳар ёқ,
Ётдилар мисоли ўрилган жавдар, –
Жинчироқ ожиздир чақнаса чақмоқ, –
Жангда устун келиб қутурган турклар
Русларни янчдилар гўё уртўқмоқ,
Гоҳ унда, гоҳ бунда қулар мерганлар –
Тепкини босишга улгурмаганлар.
————-
1Ҳамлет монологи кўзда тутилган.

44
Қўрғошин ёмғирин ёғдирди моҳир,
Турклар истеҳкомда турганча хушҳол,
Ҳамлакор сафларни ювди бу ёмғир,
Соҳилга сапчиган кўпиклар мисол.
Пайдарпай ўқлардан асради тақдир,
Хайрият, Жонсонга бўлмади кор-ҳол;
Олға чопаверди гоҳ ўнг, гоҳ чапда,
Бир пайт ўзин кўрди қарши нишабда.

45
Орқасидан чопди тўрт-бешта аскар,
Сал наридан ўтди ўн чоғли одам;
Энди ҳеч нарсани йўқотмас улар:
Ер ёнар, чор атроф гувуллар мубҳам.
Тек турмоқдан кўра чопмоқ бехатар;
Олдгами, ортгами – фарқи йўқ бу дам!
Шу тариқа ўнлаб марди бесалом
Исмоилга кирди хулласи калом.

46
Не ажабки, улар кўрди шу асно
Мутлақо беъмани, ёмон иншоот –
Нодонлик меваси бўлган бир бино –
Кўҳна кунгурали деворни, ҳайҳот.
(Ҳозир французлар, голландлар аъло
Истеҳкомлар қурар соҳилда обод, –
Жабал Ториқ 1билан қилар ифтихор
Бизнинг инглизлар бекордан-бекор!)

47
Қалъа деворини ботирлар осон
Қилдилар бошпана – халоскор паноҳ.
Саф тортиб, берилгач «От!» деган фармон,
Дув-дув тўкилдилар турклар баногоҳ.
(Сўнгра бу девор ҳам қилинди яксон;
Яксон қилиш гаштли, осондир, оҳ-оҳ.)
Алқисса, шу девор қилмай ёвни хит,
Яратди қамалга осон шароит.
————
1Гибралтар бўғозининг асл (шарқона) арабча номи.

48
Қўққис фалончига боқди деб омад,
Ўрин талашувлар, баҳсу жазолар
Тинчликсеварликни этар-да ғорат,
Солар кўп миллатлар аро низолар.
Яъниким, британни қилар ҳақорат
Мана бундай гаплар: гўёки ёвлар
Ватерлоо1 ёнида бизнинг Веллингтон2
Терисин шилганмиш, қилганмиш яксон.

49
Прусслар лашкари келиб ногаҳон,
Машҳур генераллар – Блюхер, Гнейзенау3
Француз лашкарин Бахт қўли бир он
Титраб кетганида, кўтариб ҳайҳу,
Асир этган эмиш; гўё Веллингтон,
Келиб қолмасалар прусслар, мангу,
Муаррихлар айтган орденлару пул
Мукофотдан маҳрум бўларкан буткул.

50
Ўзинг асра бизнинг қиролни, худо!4
Ўзинг асра, йўқса қиролни авом
Асрашни истамас шу кунлар асло.
Гар эгар-жабдуғи қилса беором,
Қирчанғи ҳам юрмас, минг урсанг ҳатто,
Нуқул тайсаллайди. Вақт етди, тамом;
Авом ўз кучини сезиб қолди, бас,
Айюб5 бўлишни у ортиқ истамас.

51
Халқ қовоқ уяди, сўкар, лаънатлар,
Душманни Довуддай қилар тошбўрон6.
Сўнгра у қўлига болтани олар,
Қилар чор атрофни беомон вайрон;
Ўшанда улуғ жанг вужудга келар;
Мен ҳазар қилсам-да урушдан чандон,
Биламан, биргина инқилоб халос
Қиладир дунёни иллатдан, холос.
————
1Наполеон қақшатғич зарба олган Белгиядаги қишлоқ. 2Инглиз тескаричи сиёсий арбоби. 3Ватерлоода Наполеонни тор-мор этишда қатнашган прусс саркардаси. 4Британ миллий мадҳиясига киноя.5Айюб – Тавротга кўра, худо синаш мақсадида унга оғир азоб юборади. Чексиз сабр-тоқат тимсоли.6Довуд – Тавротга кўра, Исроил шоҳи. Ёшлигида палахмон отиб, баҳайбат Голиафни ўлдирган.

52
Жуанга қайтайлик. Зеро, у шахсан
Биринчи ўтмаган бўлса-да, илло,
Мусулмон қўрғони панжарасидан
Дадиллик, чаққонлик кўрсатиб, аъло
Ўтди биринчилар сафида Жуан –
Уни шон бўрони этди маҳлиё;
Бўлса-да у қалбан нозик ва дилбар,
Беомон бу жангда бўлди диловар.

53
Жонона бағрида гўдакдай маъсум,
Дилрабо йигит шу эмасмиди, о,
Шу эмасми дилбар оғушда ҳар зум
Жаннат роҳатини тотган йигит ё?
«Айрилиқ – ҳар қандай ошиққа заққум
Ва хатар», демишдир ул Жан-Жак Руссо1.
Аммо айри тушмоқ ёр қучоғидан,
Яъни, энг севимли овунчоғидан –

54
Жуанга аламдир; жононларни у
Гоҳ тақдир ҳукмига ташлади ва гоҳ
Бўронда қолдирди, гоҳ чекди қайғу,
Отаси қўлида қолдириб ногоҳ.
Тақдир энди уни ҳиссиёт, туйғу
Қотили – жанг аро ташлади, эвоҳ,
Зол ўлим офати олов уфурар,
Ўзини у отдай оловга урар.

55
Қаршиликдан унинг қонлари қайнар;
Биламиз, югуриш, пойга бўлганда
Бизнинг юраклар ҳам шунақа ўйнар,
Шундай қизишамиз ҳис-ҳаяжонда.
Йиртқичликдан қилар Жуан ҳам ҳазар
Маълум масофада ва лекин жангда
Ўзгарар инсоннинг феълу атвори,
Ўзида бўлмайди ўз ихтиёри.
———-
1Буюк француз маърифатпарвари, ёзувчи.

56
Ласси исканжада қолиб, ҳар томон
Жовдираб турарди, мададни кўриб,
Жуда хурсанд бўлди ҳам жуда ҳайрон;
Дарҳол табриклади кифтига уриб,
Жуан бошлаб келган ёшларни шодон;
Жуан испанлигин у била туриб,
Билмасликка олиб атай ўзини,
Немисчалаб айтди, афсус, сўзини.

57
Немисчада бизнинг Жуан анча хом,
Ундан кўра санскрит тилин хўб билар.
Жуан тугул, ҳатто саводсиз авом
Ласси гапларининг маъносин илғар.
Ленталар, юлдузлар, жиддий афт-андом,
Кўкрак тўла нишон, қойим елкалар
Ва серлутф лафзининг оҳанги бешак
Бу зот амалидан берарди дарак.

58
Турли тилда шовқин ва тутун аро
Гаплашиб бўларми, ўйланг, жанг бўлса,
Ўқ учса, уй ёнса, бир бахти қаро
Замбарак овозин босиб дод солса,
Дўзахга хос қий-чув ва ҳар хил садо
Қулоқни битирсаа, гўё жом урса –
Сўкиниш, қичқириқ, доду вой, оҳ-зор;
Бундай пайт гаплашиб бўлмайди зинҳор.

59
Салкам икки онлик нутқ учун, аё,
Мен икки октава сарфладим бу он,
Жанг эса гувуллар; таҳлика аро
Қонли талвасада типирлар ҳар жон.
Тўплар ҳам толиққан туюлар ҳатто.
Инсон туйғулари узра беомон
Бир жазо тимсоли – ваҳший оҳ-фарёд
Ҳам узун дод ўрлар тун узра, ҳайҳот…

60
Шаҳарни ёв босди, аммо шаҳар-чи?..
«Худо дайр яратди, одамлар – шаҳар!» –
Деганда ҳақлидир Каупер1 – жарчи;
Хўш, Ниневия-чи, Тур-чи, жаноблар?
Карфаген-чи? Бобил деворлари-чи?2
О, бари йўқолди! Ажабмас, агар
Ўрмонда яшамоқ анча хотиржам
Бўлишин ҳадемай билиб олсак ҳам.

61
Сулла3 олмиш бахтли қотил деган от;
Унинг ишин тақдир ўзи ўнг қилган.
Кентуккилик овчи, Бун4 деган бир зот,
Менимча, ҳаммадан бахтлироқ бўлган.
У ўзи ўлгунча ўлдирган жонзот –
Эчкию айиқдир. Кўзёш билмаган,
Хилватда қийналмай, хотиржам ва шод
Кечирган осуда, беғалва ҳаёт.

62
Тиниқ ўйларини жиноят ҳеч вақт
Булғамаган, яъни, қилмаган хуфтон;
Овлоқда яшади, жон дўсти – сиҳат,
Кўп олтин кунларни айлади эҳсон;
Шубҳалар, касаллар ўйнайди фақат
Танг-тор кўчаларда, шаҳарда ғужғон,
Софдил Бун ўрмонда яшади узоқ –
Тўқсон йил, эҳтимол, ундан ҳам кўпроқ.

63
Аммо энг муҳими, чиндан ҳам бу зот
Бир эзгу эсдалик қолдирди абад.
(Бунга қодир эмас барча машҳур от,
Хайрли бўлмаса шуҳратми шуҳрат?
Қуруқ қовоқхона ялласи, ҳайҳот!)
На рашкни билди у, на билди ҳасад!
Бу зоҳид ўрмоннинг пайванди бўлди,
Серқуёш далалар фарзанди бўлди.
—————
1Каупер Уильям – инглиз шоири. 2Йўқолиб кетган, вайрон бўлган шаҳарлар. 3Ҳокимиятни жиноий йўл билан қўлга киритган Рим мустабиди. 4Бун Дэниел – Шимолий Американинг Кентукки колониясига биринчи бўлиб кўчиб борган киши. Умрининг охиригача ов билан шуғулланиб, ёлғизликда, табиат қўйнида яшаган.

64
Рости, ётсирарди одамлардан ҳам,
Ҳатто ўз миллати эмас мустасно;
Ўрмонига келса бирорта одам,
Нари қочар эди ундан шу асно.
У тараққиётнинг фаровон, кўркам
Шаклидан қўрқарди асли мутлақо,
Лекин бир одамни кўрдию бу зот
Унга оғаларча қилди илтифот.

65
У ёлғиз эмасди; қуршаб теграсин
Ўсарди табиат фарзандлари шод.
Қарита олмас бу ёшлик дунёсин
На қилич, на сўкиш ва на гирдибод.
На билар қайғуни, на дўст риёсин,
Она ер бағрида улар умрбод
Эркин кўчманчилик одатин қилур,
Дарёлар, дарахтлар, қушлар каби ҳур.

66
Уларни аянчли шаҳарликлардан
Жасорат, куч-қудрат ажратиб турар,
Ҳа, улар хушқомат, дилкаш, кўнгилчан,
Хушрафтор қизларин янги модалар
Абжир маймунларга айлантирмаган,
Очкўзлик, юлғичлик қилмайди улар,
Уларнинг мергани, бекордан-бекор
Қўлга қурол олмас,бўлмаса даркор.

67
Улар сокин тунда ухлаб хотиржам,
Кундузлари меҳнат гаштини сурар;
Уларни бузолмас на фаҳш, на ҳашам,
На бойлик, на пора йўлдан оздирар;
Нотинч қила олмас дилларини ғам,
Улар олами тинч, ҳам тор, ҳам акбар;
Узлатда жамоат жам бўлиб улар
Жаҳон шодлигини тотар эдилар.

68
Табиат ҳақида гапирдик, етар!
Энди Тамаддунга берамиз навбат!
Гап вабо ва уруш ҳақида кетар,
Гап жангда милёнлаб ўлдириб, миллат
Шонига шон қўшган қаттол йигитлар,
Олтмиш ёш ҳокима хонимнинг хилват
Ишратхонасига кўрк бўлган чоллар –
Машҳур генераллар ҳақида бўлар!

69
Хуллас, ўтли ҳалқа ичида қолган
Исмоилга кирар пешрав бойдоқлар;
Найзалар, қиличлар ялтирар ишчан;
Вайрона шаҳарни ўлимдан сақлар
Турклар жон-жаҳд ила бир жону бир тан;
Осмонни даҳшатли оҳ-фиғон қоплар:
Болалар чинқирар, хотину халаж
Чанг, тутун ичида чувлар ноилож.

70
Кутузов (бу одам сўнгроқ қаҳратон
Кўмагида енгди Бонапартни шод)
Зўрға қола билди бу жангда омон;
Дўсту душманга тенг ҳазилкаш бу зот
Кулгидан тиймасди ўзин ҳеч қачон,
Лекин бу заминда ҳаёт ва мамот,
Ғалаба учун жанг борарди, ёҳу,
Шу боис бас қилди кулгисини у.

71
Чуқур ҳандақ оша жасорат ила
Ҳужумга ўтди у, сувни қип-қизил
Қон қилиб ярадор, мажруҳ ва пўла
Найновлари унга эргашди дадил.
Шу ўтишда бўлди кўпи дабдала
(Генерал Рибопьер ўлди тортмай тил).
Деворга тирмашган русларни шу он
Қайтариб хандаққа отди мусулмон.

72
Тасодиф туфайли йўлдан адашган
Нотаниш бир бойдоқ бўлмаса агар,
Қон тўла ҳандақда ғуж уймалашган
Аскарларни кўриб қолмаса агар,
Ошиқиб,офтобда қатиқ ялашган
Халоскор сингари келмаса агар, –
Ўйлайманки, жасур, хушчақчақ арбоб
Кутузовнинг ҳоли бўларди хароб!

73
Тезда Кутузовни қутқазган ўшал
Қаҳрамонлар унга бебошвоқ, бесар
Подадай эргашиб, бахташ таваккал
Килия аркидан кириб бордилар.
Жанг майдони айни эриб бу маҳал
Ҳаммаёқ чилп-чилп лой, оёқ сирғанар,
Қадам боссанг сачрар юзингга чалчиқ,
Хуллас, ер тойғончиқ ва билч-билч балчиқ.

74
Казаклар (эҳтимол, қозоқлардир ё?
Тан олай, имлодан мен анча бўшанг,
Урғу – бир арзимас нарсадир, аммо
Жуғрофия зарур, зарур илми жанг!)
Моҳир чавандоз-ку казаклар, илло,
Харитани яхши билмаслар, аттанг.
Боши берк кўчага қамаб юз фоиз,
Қийма-қийма қилди турклар шу боис.

75
Отишма остида шошиб казаклар
Деворни олди-ю, ҳовлиқиб лекин
Қамал тугади деб ўйлади улар
Ва талон-торожга тушдилар бетин.
Турклар пистирмани боплаб қўйдилар:
То истеҳкомгача киритиб секин,
Худосиз кофирлар лак-лак аскарин,
Сўнг шартта қиличдан ўтказди барин.

76
Аскарнинг ҳолини доим танг қилар
Ташқаридан бўлган тасодиф ҳужум.
Беҳуда тиришди бу гал казаклар,
Ўрилгандай саф-саф қулайверди жим.
Ва лекин, дарвоқе, ётган мурдалар
Соз бир зина бўлиб русларга, шу зум
Есуцкий1 кирди шаҳарга шошиб,
Худди шу мурдалар устидан ошиб.

77
Туркларни қирди бу шердил паҳлавон
Ва лекин ўзи ҳам бўлди у дучор
Мусулмон тиғига айни қизғин он.
Турклар дарғазабдир, турклар қасоскор!
Талафот ким учун бўлди беомон –
Бу ҳақда айтмасман фикримни ошкор;
Ҳар қарич ер учун берилди қурбон,
Ўлган ёв берди, бас, тирик ёвга ён.

78
Ҳамлага ташланган иккинчи саф ҳам
Кўп жангчи бой берди; билки, ҳеч қачон
Шарафли ҳужумлар олдидан ҳечам
Аскарнинг қўлига бермагил патрон.
Одатда қўлида ўқ бўлган одам
Ишлатиб ўтирмас найзаю қалқон,
Панажой излайди, бўшашар сал-пал
Ва отар душманни олмасдан мўлжал.

79
Яна ботирларни қўлламоқ учун
Генерал Мекнопнинг бойдоғи келди
(Қалъа деворига етмасдан лекин
Генералнинг ўзи тил тортмай ўлди).
Истеҳкомда ўлим авж олганлигин
Билмаган ботирлар тутдай тўкилди:
Турклар сараскари қўрқувни билмас,
Таслим бўлишни у хаёл ҳам қилмас.
—————
1 Есуцкой – рус подполковниги.
2 Мекноп Теодор – рус генерали.

80
Жуан, командирнинг рухсати билан,
Унга ваъда қилди астойдил шафқат;
Сараскар бу сўзни тушунмас экан,
Қўрқмас турк қасосни тушунар фақат.
Олмасдан кофирлар ила сулҳни тан,
Асл диндор каби топди ҳалокат.
Бир британ денгизчи уни тириклай
Олмоқчи бўлди-ю, ўлди тил тортмай.

81
Тўппончасин олиб, сараскар, бадбахт
Рақибни бир онда қилди ерпарчин –
Таъсирли ва қисқа жавоб бу беҳад.
Аммо шу ондаёқ, ор-номус учун
Юз йиллаб ишлатиб келинган пўлат
Ва қўрғошин олди бу бритт ўчин:
Ўн тўрт ўққа зўрға жон берди полвон,
У билан жон берди беш минг мусулмон.

82
Ҳа, шаҳар енгилди ва лекин осон
Жон берган эмас у: ҳар девор, ҳар чим
Ҳимояда турди бамисли қалқон.
Нафақат қонли май ичган маст ўлим
Охир-оқибатда йўқотди дармон, –
Нил замнига шакл бергандай иқлим,
Уруш табиатнинг ўзида ҳам, дод,
Ғалати шакллар айлади бунёд.

83
Кўксига рус зобит қўйганда оёқ,
Кимдир товонидан тишлади шу он,
Нақ Момо Ҳавога абадий гуноҳ
Ҳадя этган илон сингари чаққон.
Сўкиниб, бўридай ув тортиб ногоҳ,
Рус ёрдам сўради, тепди беомон –
Тишлар ёпишганди қурбонга илкис,
Худди ёпишгандай одамга иблис.

84
Ўлаётган бир турк маҳкам ушлади
Душман товонини сезиб ногаҳон,
Ахилл деб аталмиш жойни тишлади1
Ва икки жағини «қулфлаб» беомон,
Ўлар жафосига кўнгил хушлади.
Бошин шарт кесдилар, хуллас, беимон
Зобит оёғига осилган алфоз
Мардона жон берди қасоскор сарбоз.

85
Дейдиларки, (балки ҳаммаси ёлғон),
Оқсаб юрар эмиш зобит то ҳануз,
Жағларни айирмоқ бўлмабди осон,
Ўша турк ўлгандан кейин ҳам ҳаргиз.
Бу ишда, эҳтимол, ноқобил, нодон
Жарроҳни айбламоқ керакдир ёлғиз,
Ёки то сўнгги дам ўз ўлжасини
Қўйиб юбормаган турк мурдасини?

86
Аммо факт – факт экан, ким қилар инкор
(Уйдирма гапларга йўқ менда тоқат);
Фақат шоирларга маслаҳатим бор,
Ёлғон-яшиқ қўшманг достонга ҳеч вақт,
Бандга, қофияга беринг эътибор,
Ва, сиз, – носирлар ҳам, – алдаманг фақат.
Бола қанд-қурсга ўч, шоир – ёлғонга,
Бир кун тушар шайтон қўйган қопқонга.

87
Шаҳар енгилди-ю, бўлмади таслим!
Қилич ташламади ҳеч бир мусулмон!
Улар қони билан Дунай лиммо-лим
Тўлиб оқса ҳамки, баҳаққи имон,
Душманга жавобан бор аҳли муслим
Айлади зўр ҳарбий мардлик намоён,
Мағлубнинг кўксидан чиққан ҳар нидо
Ғолибнинг кўксида берди акс садо!
————
1Ахилл деб аталмиш жойни тишлади – товон назарда тутилади, афсонага кўра, Ахиллнинг ягона нозик жойи товони бўлган.

88
Найзалар санчилар, қиличлар кесар,
Одамзод ўтиндай чопилар, – не ҳол! –
Ер узра тўшалар сонсиз жасадлар,
Куз фасли тўкилган хазонлар мисол,
Тирик қолганлар куз елидай инграр,
Қарийб ўлик эди истеҳком – беҳол.
Аммо ҳануз таҳдид соларди ҳолсиз,
Илдизи чопилган дубдай мажолсиз.

89
Даҳшатли мавзу бу. Ортиқ бу қадар
Қўрқинчли мазмунни қилмасман тасвир.
Бизнинг борлигимиз, асли, жаноблар,
Тонг ила шом ўрин алмашувидир.
О, шомни куйламоқ қийин ҳар сафар.
Ҳолбуки, шоирнинг олий бурчидир
Хушомад, бўҳтонни аямай урмоқ,
Дунёни рўйирост тасвирлаб бермоқ.

90
Аммо жиноятлар ичра жасорат
(Мунгли, осойишта жимжима ашъор
Мухлиси услубин ишлатиб фақат
Ва қилиб риёкор услубин дастёр)
Меҳр шабнамлари ила тароват
Бахш этди шеъримга, шоҳид бирубор,
Бундай ғолибона жангларни гўзал
Достонлар ўзига зеб билар азал.

91
Аёллар мурдаси куппа-кундуз кун
Ётар истеҳкомда юмалаб абгор,
Сони, кўкраклари очилиб нигун,
Ҳайвоний қирғинда бўлиб шундай хор.
Ўн ёшлар чамаси бир қизча дилхун,
Мурдалар оралаб йиғлайди зор-зор,
Ёвлардан бир ёрдам қилгандай таъма,
Чирқираб онасин излар маъсума.

92
Лекин қизалоқни икки давангир
Маст казак қуварди. Майли, минг дод денг,
Ҳеч бир оч, ёввойи йиртқични ахир
Биз ҳайвон-инсонга қилолмаймиз тенг.
Одил туриб, қани, бу буюк тақдир
Учун биз кимларни айблайлик, айтинг?
Нафси бадларними, шундай беибо
Махлуқлар пешвоси подшоними ё?

93
Даҳшатлардан тамом толган қизалоқ
Мурдалар оралаб суринар экан,
Бошпана изларди, изларди паноҳ,
Чопиб ўтаётиб, уларни Жуан
Ногоҳ кўриб қолди. Не деди, бироқ
Хонимлар олдида айта олмайман,
Лекин у қилган иш сўздан-да тиниқ,
Казакларга сабоқ бўлгани аниқ.

94
Бирин елкасига тиғ урди, бирин
Оёғини чопди; солганча уввос,
Сўкиниб, чақириб полк санитарин,
Тирақайлаб қочди казаклар бехос.
Ҳовридан тушдию бунинг хатарин
Ҳис қилганча Жуан довдираб бироз,
Ҳовлиқиб қизчанинг қўлидан тутди,
Қонли жасадлардан нарироқ кетди.

95
Ранг-рўйи қув ўчган бахтсиз мавжудот –
Қизчанинг юзида қонли бир чандиқ –
Эслатиб турарди беомон мамот
Ҳаммани супуриб кетган чоғ, аниқ,
Унга ҳам чанг солиб ўтганин, ҳайҳот.
Гўё қалдироқдан кар бўлган чумчуқ,
Қўрқувдан кўзларин катта очароқ
Жуанга жовдираб боқар қизалоқ.

96
Жуан ҳам, қизча ҳам бир лаҳза, бир он
Бир-бирин кўзига қараб қолди лол,
Жуаннинг борлиғин қучди ҳаяжон;
Қалбида уйғонди фахр, ғам, малол.
Бир митти жонни у сақлади омон;
Рангпар юзчасида ийманиб, алҳол,
Худди ич-ичидан ёришган монанд
Қизалоқ кўзлари чақнарди хурсанд.

97
Жонсон келиб қолди худди шу замон.
Уни лутфсиз Жек деб атагим келмас:
Шаҳарлар қамалин тасвирлаган он,
Замон ва урф билан келишмай бўлмас.
Шундай қилиб келди ҳовлиқма Жонсон:
«Жуан! Жуан! Одам бўлсанг-чи, нокас!
Масков номи билан ичаман қасам:
«Георгий» оламиз иккаламиз ҳам!

98
Эшитдингми, Жуан? Сараскар – адо.
Фақат жон сақлайди охирги қўрғон.
У ерда бор эмиш бир қари пошо;
Олдида ётармиш одамлар бежон,
Тўплар гумбурига қилмасдан парво,
Чекиб ўлтирармиш у аҳён-аҳён,
Ўқлар овозига гўё у зинҳор
Бермас эмиш ҳатто қилча эътибор.

99
Юр тезроқ!» – «Йўқ! – деди дўстига Жуан. –
Мен манов қизчани қутқаздим, қара!
Қутқариб қолдим мен уни ўлимдан,
Бир ўзини ташлаб кетмайман, жўра!»
Бўйинбоғин силаб анча вақт ўйчан,
Сўнг Жонсон бош чайқаб, деди: «О, ура!
Сен ҳақсан! Ҳа, гап йўқ! Қолдириб бўлмас!
Хўш, нима қиламиз – ақлга сиғмас!»

100
«Базли жон қиламан, – деди Жуан. – Ҳа!
Аммо бу гўдакни… Бегуноҳ бу жон!..»
«Эҳтимол, – деб кулди бритт ҳадаҳа, –
Бу ерда базли жон жуда ҳам осон,
Қурбон қиласанми шуҳратингни, а?»
«Майли, – деди Жуан. – Керак эмас шон,
Майли, буни асраб, ўлсам ҳам ўзим:
Ахир у кимсасиз, энди у – қизим!»

101
«Тўғри, – деди Жонсон. – Яхши қизалоқ,
Бой бериб бўлмайди лекин фурсатни;
Хўш, ўзинг танангга бундай ўйлаб боқ,
Ё ҳис-туйғуни де, ёки шуҳратни,
Ё ғурур, ё шафқат! Ким ҳам шундай чоқ
Лашкардан ажралиб топарди бахтни?!
Сени ташлаб кетмоқ – номардлик бўлар,
Ҳужумдан кечикмоқ ундан ҳам баттар».

102
Чин дилдан севарди дўстин британ.
Жуан қайсарлигин тушуниб, шу он
Уч-тўрт аскар олиб ўз ротасидан,
Дарҳол тайинлади қизчага посбон.
Бир гап бўлса агар ўзим отаман,
Дея таҳдид қилди. Эрталаб омон
Штабга етказиб берса гар қай зот,
Олар эвазига мўмай мукофот.

103
У эллик сўлкавой ваъда қилди ва
Қўлга киритилган ўлжани ҳам бот
Тенг бўламиз, деди. Бу аскарларга
Жуда тушунарли сўз эди, ҳайҳот.
Жуан яна тўплар ўкирган қалъа
Томон уча кетди чиқариб қанот.
Барибир эмасми ўлжа ё шуҳрат, –
Биринчи навбатда турар манфаат.

104
Шудир ғалабадан кўзланган мақсад,
Шудир одам кўнглин моҳияти, оҳ.
Парвардигор не деб ўйлайди, минбаъд
Бу бизнинг иш эмас, бизда йўқ гуноҳ.
Мавзуга қайтаман, хуллас, ниҳоят.
Алқисса, ўт ҳалқа ичра бепаноҳ
Кекса хон ўлтирар – қўрғонга қалқон,
Олдида беш ўғли – бешта паҳлавон.

105
О, мен ҳам (кўп хотин олишдан мақсад
Бермоқдир ватанга ўнларча аскар!),
Хондай фахрланиб юрардим беҳад
Шундай ўғлонларим бўлсайди агар.
Приам1 ёдимга тушар шу фурсат!
Қўлдан кетганига чиндан-да шаҳар
Ишонмас бу оқсоч, содиқ паҳлавон,
Жасур ва муҳтарам, матонатли хон.

106
Ҳеч ким йўлай олмас ёнига асло,
Мард ўлими мардни титратар бироқ:
Ярим ҳайвон, аммо у ярим худо;
Ҳар ҳолда иккинчи сифат устунроқ.
Рақибини толғин кўрдию, аё,
Ёв унга раҳм этди: ахир баъзи чоқ
Тўнка ҳам раҳм этар – келганда кўклам
Самимий шовуллар ҳатто эман ҳам.

107
Таслим бўл, десалар, аламзада хон
Ҳеч ўйлаб ўтирмай, қулочкашлаб шарт
Ўнлаб насронийни айлади гумдон,
Шведлар қироли Карлдай2 сержаҳд,
Ярасига боқмай, ўққа бермай жон.
Қаттол олишувда охир-оқибат
Қуриб раҳму шафқат булоғи тамом,
Руслар ҳам қизишиб кетди батамом.
————
1Ҳомер «Илиада»си қаҳрамони, Троя шоҳи. Унинг элликта ўғли ва элликта қизи бўлган.2Швеция қироли Карл Ўн иккинчи.
108
Жуан билан Жонсон лутф этиб, зеро,
Келтириб шарқона таққосу тимсол,
Аскарлар жаҳлини чиқарманг асло,
Деб секин илтимос қилсалар ҳам, чол,
Бекордан-бекорга қизишиб, гўё
Дўстларини урган эркатой мисол,
Ёки сўз талашган художўйсимон,
Уларга ташланди беҳол, бедармон.

109
Ҳатто яралади уларни ногоҳ,
Шундагина улар ҳушёр тортдилар:
Жонсон ғазабланди, Жуан урди оҳ:
Бу қурғур мусулмон бунчалар ўжар!
Энди бу мард одам ёнига, эвоҳ,
Ҳеч кимса тушмади, полвон ўғиллар
Ва қари хон яна турди бир асно
Қаттол отишмага қилмасдан парво.

110
Энг аввал иккинчи ўғил берди жон,
Кофир қиличидан зарб олиб ногоҳ
Ҳалок бўлди қўрқмас учинчи ўғлон,
Бешинчиси (жасур, суюкли, дилхоҳ)
Бўлди ёв найзаси тийғига нишон.
Тўртинчиси бўлди отага паноҳ,
Зеро, ор қиларди ундан кекса хон,
Бу ўғлин онаси – асира юнон.

111
Тўнғич ўғил кофир аҳлидан чунон
Жирканарди, зеро, мард, саркаш эди,
Ва у қора кўзли ҳурларга аъён,
Пайғамбарга содиқ жафокаш эди.
Шарқона ҳашаму равзаи ризвон,
Атлас тўшакларга ўч, оташ эди,
Сержилва,серишва қизлар сингари
Шуҳрат шамси бўлиб жазб этар бари.

112
Улар жаннатига ёш хоқон нечун, –
Эҳтимол, гўзаллар яхшироқ билар;
Эҳтимол, сочи оқ куёвлар учун
Ёш ҳурлар анчайин увол, ҳайф бўлар.
Қиз қўйнида йўқдир чолларга ўрин, –
Аммо жанг майдони узра тўкилар
Ўн минглаб навқирон, азамат эрлар,
Барнолар, жасурлар, мардлар, ботирлар.

113
Эрлар ёш бўлсалар, бўлсалар барно,
Ҳурлар бажонидил ўғирлар, аён,
Ўғирлар, асалой бахтнинг бебақо
Гулин йигитларга қилганда эҳсон,
Беташвиш, салт ҳаёт орзуси асло
Уларни маҳлиё этмай қўйган он…
Мен билан, бегумон, тортишар ҳурлар,
О, банда худди шу онларда гуллар!

114
Ҳурларнинг кўзига кўз тикиб ёш хон
Тўртта рафиқасин зумда унутар:
Туюб бир эҳтирос, мардлик, ҳаяжон,
Жаннатда ўтажак илк тунин ўйлар.
Дарвоқе, навқирон аҳли мусулмон
Жасоратдан доим шундай руҳланар.
Зеро, билар – жаннат ҳаммага битта,
Фалак эса олти, балки еттита.

115
У кўксида тиғни ҳис этиб ногоҳ,
Ўларкан, шуларга келтирди иймон,
Хотиржам пичирлаб деди: «Ё аллоҳ!»
Ва кўрди шу заҳот жаннатни аён.
Унга, қаҳрамонга қўл чўзиб, эвоҳ,
«Кел!» деб хитоб этди бир гала ғилмон.
У шамси муслимга бир кулиб, ёҳу,
Мангу нурга боқиб ухлади мангу!

116
Кекса хон юзлари ғамдан буришди
(Зеро, кўпдан кўрмас ҳурларни бу чол)
Ва кўркам мурдалар узра мук тушди.
Зўр бўрон йиқитган ёш сарвлар мисол
Ўғиллари ётар. Эти увишди.
Сўғишни тўхтатиб, бош эгиб, беҳол,
Оппоқ қошларини чимириб гирён,
Тўнғичи устида йиғлар эди хон.

117
Кўриб бу ҳолатни рус аскарлари
Жангни тўхтатдилар, балки, дафъатан,
Жудолик даҳшатин кўрган бу қари
Таслим бўлганини олар дея тан.
Аммо у жим эди, бор умидлари
Парча-парча бўлиб, титраб инграркан,
Ўғилларга боқиб, туярди даҳшат,
Бир ўзим қолдим деб сўппайиб фақат.

118
Йўқ, кўпга бормади бу мунгли санчиқ,
Аламу хўрликдан тўлиб кўкси лим,
Ўзин рус тиғига урди у (ва тиғ
Не кўйга солиши ҳаммага маълум)
Оловга урилган парвона янглиғ.
Ҳозир гўзал эди ҳар қандай ўлим;
Бахт билиб чорасиз ҳолин бечора,
Қаттол ёв тиғидан топди у чора.

119
Не ажаб, дастидан ҳатто болалар
Омонлик топмаган қўпол, бадқовоқ
Аскарлар хафаҳол бошин соларлар,
Бу ота-болалар қошида узоқ.
Уларни титратмас оҳу нолалар,
Лекин чол мардлиги титратди кўпроқ,
Ундаги аламу ундаги нафрат
Ҳушёрроқ бўлишга ўргатди фақат.

120
Яна бир, охирги истеҳком адл
Қаршилик кўрсатди; бу ерда пошо
Навкарлари отиб, санчиб астойдил,
Русларга кўрсатди даҳшат тамошо.
Руслар ҳужумини кескин ва дадил
Йигирма мартача қайтарди у, то
Жанг боришин сўраб билиб олгунча,
Шаҳарнинг кетганин билиб қолгунча.

121
Шунда у шарт қўйиб, де Рибас томон
Бир бейни жўнатди ва ўзи бетин
Бир соатки, мана, чекар беомон,
Кўрсатиб совуққон мард матонатин,
Қошини чимириб, қўр тўкиб ҳамон
Силаб ўтирар у соқолин секин.
Кимнингки туғида учта дум бордир2,
Демак, у уч карра қудратга ёрдир.

122
Хуллас, шаҳар мағлуб – ҳар ёнда торож,
Пошо минг ҳимоя қилсин – бемажол,
Муаззин минг дуо этсин – ноилож.
Ботиб кетди, афсус, кумушранг ҳилол,
Майдон узра порлар энди қизил хоч.
Йўқ, у хун рангида порламас алҳол,
Йўқ, йўқ, кўчаларда оққандир бу қон,
У – ойдан ва шафақ нуридан алвон.

123
Бунда афсонавий мудҳиш тумонат
Жисму жонинг аро солар ваҳму муз,
Бу ерда тушга ҳам кирмаган ваҳшат
Содир этар ҳушдан жудо бир иблис;
Ҳатто таҳайюлнинг ўзи бу даҳшат
Тасвирин қилмоқдан ожиздир, ожиз, –
Ягона ҳокимлик қўзғотган бўрон
Ва дўзах кучлари ўйнайди ғужғон.
————
1Кимнингки туғида учта дум бордир – уч туғли пошо, турк султонлигида олий ҳарбий унвонларидан бири.
124
Ё гўдак, ё қари бемажол бир зот
Ўқлар ёмғиридан қолганда омон,
Қайсидир бир юрак бўлиб бундан шод,
Ҳамдардлик туйғуси уйғонса бир он, –
Эзгу иш ва ўлим олдидаги дод –
Барчасин ғарқ этди харобот уммон.
«Урушмоқ!» сўзида не даҳшат пинҳон,
Вақт етди, тушунинг, эй, аҳли жаҳон!

125
Нечоғли қимматга тушар «ахборот»,
Ўйланг, эй, рўзнома мухлислари, сиз;
Қутулиб қолишга йўқдир кафолот,
Келажакда сиз ҳам қурбон бўласиз!
Каслрей нутқлари, солиқлар, закот,
Веллингтон зафари эмасдир бежиз,
Ирландия инграр очликдан ёна –
Барчаси, барчаси шундан нишона.

126
Ҳар ҳолда, қиролни эъзозлаб халқим,
Яшнаб бораётир кундан-кун, илло,
Ғоят хурсанд бўлар шоирлар ҳар зум
Ҳукмдорга айтса ҳамду тасанно.
Қилар Ирландия халқига ҳужум
Оммавий қашшоқлик деган бир бало;
Салтанатга етмас аммо додимиз:
Георг Тўртинчининг қорни тўқ – семиз.

127
Мен яна мавзудан чекиндим, узр.
Хуллас, ҳалок бўлди шўрлик Исмоил!
Дунайда ёнғиндан тушган қизил нур,
Тун бағрин ёритар қон каби қизил.
Деворлар қалтирар, гувлар беҳузур,
Барча мудофаа этилди чил-чил;
Ўн минглаб ботирлар сафидан бу он
Зўрға қолган эди юзтаси омон.

128
Мен ҳадя этарман русларга мангу
Яхши хулқи учун мақтов – мукофот:
Зеро, бизнинг фосиқ замонада бу
Эъзозга сазовор нодир ҳодисот!
Қандай айтай? Мавзу бироз қалтис-ку?..
Хуллас, хотинидан йироқлик шаддод
Аскарни бузади (узр, эй, тақсир),
Қисқаси, хулқига қилади таъсир.

129
Албатта, улар ҳам хўп таладилар,
Аммо аҳолидан, қайд этмоқ даркор,
Кўп бўлса, уч юзи кўргандир зарар.
Бунинг сабабини қилмайман ошкор,
Бироқ мен сизларга қув французлар –
Ёқимтой ва лекин фосиқу айёр,
Шу миллат шаҳарга қилганда ҳужум,
Нима бўлганини эслатай бир зум.

130
Шошмашошарликда, зулматда албат
Бўлиши мумкиндир арзимас хато;
Хонадонлар шундай тутарки, даҳшат,
Шайтонга йўлиқиш ҳеч гапмас ҳатто!
Шу пайт олти найнов, баҳона – зулмат, –
Етмиш яшар гўзал, моҳирўй, барно
Қизларнинг бошига, ҳа, олти улфат,
Солди ҳеч тузатиб бўлмас бир кулфат.

131
Умуман, зўр тутди ўзин жононлар,
Жонга теккан эди, очиғи, иффат.
Гар хафа бўлсалар офатижонлар
Хафа бўлдилар ўз ёшидан фақат.
Тасодифий қурбон рўлини улар
Ўйнадилар асло чекмай хижолат;
Сабинян аёллар дуч келган тақдир1
Ёмон туюлмади уларга ҳеч бир.
————
1Сабинян қавмидан бўлган аёлнинг ўғирлаб кетилгани тўғрисидаги афсонага ишора.
132
Бева хотинлар-ку чидолмас, аён,
Ҳа, улар бетоқат, кўнгиллари ғаш;
Аммо қирқдан ошган момолар ҳайрон:
Нима учун йўқ деб оммавий зўрлаш.
Алқисса, жанг қилиб толган бедармон
Аскарлар, шубҳасиз, бўлолмас саркаш,
Ҳорғин пайт дил хушлаш ахир қаёқда!
Балки туллар қолди шу боис доғда!

133
Турган гапки, Темур, Чингизхондан ҳам
Ошиб тушди бу кун Суворов ҳатто:
Душман оҳ-зоридан бўлди у хуррам,
Қилди ёнаётган юртни тамошо;
Қонли қўли билан, не ажаб, шу дам
Этди маликага шеърий хат иншо:
«Худога ҳам шукр, шукр сизга ҳам!
Истеҳком олинди, мен унда хуррам!1»

134
Бу байт – Дониёлнинг эркасин2 бир дам
Қўрқитиб юборган қудратли маъно –
«Мене, мене, Текел» сўзларидан ҳам
Даҳшатроқ туюлди менга шу асно.
Ҳатто Яҳудия пайғамбари ҳам
Кулфатдан завқланиб кулмаган асло.
Неронга хил тушган бу қофиябоз3,
Ёнғин ёруғида кулмоқда паққос.

135
Дод-вой жўрлигида бу қўшиқ ғоят
Даҳшатли янграйди! Келгуси авлод
Уни ғазаб билан ўқир бағоят.
Тошлар, золимларни мажақланг, ҳайҳот!
То мени ҳеч кимса бир кун салтанат
Маддоҳи демасин! Тингла, зурриёт!
Дунё қуллик туни занжиридадир,
Қандай бўлса шундай кўрсатдим ахир!
—————-
1Суворов бу сатрларни Туртуқай олиниши муносабати билан ёзган.2Тавротнинг Дониёл китобига кўра, «Мене, мене, текел» сўзлари зиёфатлар зали деворига кўринмас қўлда олов билан ёзилганда Бобил шоҳи Валтасар қўрқиб кетган. Маъноси: «Шоҳ, сен ўласан, шаҳар форслар қўлида».3Суворов ўз ғалабаси билан император Клавдий Цезарь Неронга шоҳликни олиб берган қадимги Рим элчиси Гай Клавдий Неронга ўхшатилмоқда.
136
Насиб этмас бизга янги аср, воҳ,
Дунё лаззатини суриб аммо сиз, –
Одамзод шу қадар қабиҳ ва суллоҳ,
Нодон бўлганини англармикансиз?!
Бас, мангу тортилсин устига тупроқ,
Бу манфур йилларнинг ёди ўчсин тез!
Ўз золимлигидан ғўдайган кибор,
Қонхўр йиртқичларни унутинг зинҳор!

137
Унутилган қонун-қоидалардай
Ёт бўлсин сизга шоҳ тожу тахтлари,
Тахтларда талтайган шоҳчалар ҳам, ҳай,
Фиръавннинг қадим обидалари
Сирли ёзувлари ёт бўлганидай,
Ёт бўлгандай мамонт устихонлари;
Ҳайратда боқасиз бир кун, авлодлар,
Қандай яшаган деб бу махлуқотлар!

138
Илк қўшиқда берган ваъдамни ҳалол
Адо этмоқдаман, ўқувчим, хуллас:
Муфассал тавсифлаб бердим мен алҳол
Муҳаббат, пўртана ва жангни, о, бас,
Аёнки, достоним эпикдир, филҳол,
Барча салафларга туриб қасдма-қасд,
Ечдим масалани жуда ғаройиб;
Тақдир ҳукми билан мадад берди Феб.

139
У эзма созимнинг неча хушилҳом,
Хушхон торларини созлади фақат,
Қалтис ҳикоямни этгали давом
Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ кўрсатди мадад.
Жонга тегиб кетди бу жанги худком,
Петербургга етиб боргунча то хат,
То етиб боргунча пойтахтга Жуан,
Биз ҳам дам олайлик жанги жадалдан.

140
Жуан шу шарафга бўлди сазовор,
Инсонпарварлиги, мардлиги учун.
Писанда қилдилар такрор ва такрор
Жасурлиги ҳамда одамий кучин.
«Владимир»1 унинг кўксини илк бор
Худди шу туфайли безагани чин.
Аммо у ифтихор туймади бундан,
Фахр этди қизчани қутқазганидан.

141
Петербургга кетди турк қизи Лайло,
Ташлаб кетолмади Жуан бу беҳол,
Кимсасиз қизчани кулбасиз, танҳо.
Жанг чоғи жабрлар кўрди бу ниҳол,
Хешу ақрабодан бўлди мосуво,
Ғамбода ул Ҳектор2 рўзғори мисол.
Жуан асраб олди, энди минг жафо
Чекса ҳам қилмоқ шарт ваъдага вафо.

—————
1Рус ҳарбий нишони. 1 Ҳомер «Илиадаси» қаҳрамонларидан бири, Приамнинг ўғли, Троянингасосий имоячиси.

Рус тилидан Сулаймон РАҲМОН таржимаси

Жорж Байрон романи таржимаси илк марта интернетда эълон қилинмоқда. Кўчириб босишда таржимон номи ва «Хуршид Даврон кутубхонаси»дан олинди деб кўрсатилиши шарт.

(Tashriflar: umumiy 320, bugungi 2)

2 izoh

  1. Устозлар хафа булишмасин… Шахсан менга Абдулла Шер таржимасидан кура Сулаймон Рахмон таржимаси маъкул булди!

  2. Хуршид ака, хайрли ишларни давом эттиришда Тангри ҳамиша мададкор бўлаверсин!

Izoh qoldiring