Yiqilgan baliq, xayolga kelmagan majnuntol va dengizga qarab yolg’iz o’tirgan odam…

055     Япон адабиёти. Танка, хокку (хайку) деб аталмиш бадиий кашфиётлар. Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ сингари сўз усталари. Ўзига хос, мутлақо фавқулодда экспериментлар. Синчи-адабиётшуносларнинг анча-мунчасини боши берк кўчага киритиб қўядиган ғоя, фикрлар. Воқеликка, сўзга бўлган янгича ёндашув. Сара киноларга ёрқин мавзуларни берган улкан асарлар. Қуйида катта сўз санъаткори – Кобо Абэнинг адабиёт оламида ўзига хос воқеа саналган ва ўзбек тилига Сулаймон Раҳмон томонидан моҳирона таржима қилинган «Яшик-одам» романидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

ЙИҚИЛГАН БАЛИҚ,
ХАЁЛГА КЕЛМАГАН МАЖНУНТОЛ
ВА ДЕНГИЗГА ҚАРАБ ЁЛҒИЗ ЎТИРГАН ОДАМ…

09

08Япон адабиёти. Танка, хокку (хайку) деб аталмиш бадиий кашфиётлар. Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ сингари сўз усталари. Ўзига хос, мутлақо фавқулодда экспериментлар. Синчи-адабиётшуносларнинг анча-мунчасини боши берк кўчага киритиб қўядиган ғоя, фикрлар. Воқеликка, сўзга бўлган янгича ёндашув. Сара киноларга ёрқин мавзуларни берган улкан асарлар. Қуйида катта сўз санъаткори – Кобо Абэнинг адабиёт оламида ўзига хос воқеа саналган ва ўзбек тилига Сулаймон Раҳмон томонидан моҳирона таржима қилинган «Яшик-одам» романидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Асарнинг асосий ғояси шахс ва жамият ўртасидаги муносабат, зиддиятни бадиий тадқиқ қилишдан иборат. Шунингдек, романдаги етакчи ғоялардан яна бири — инсонни ёлғизлик ва маҳдудликдан гўзал ҳаётгина қутқара олиши мумкин. Роман тўлиғича рамзий асосга қурилган. Ундаги яшик ва сохтабалиқ, фотоаппарат ва милтиқ, врач ҳамда «ёзаётган мен билан қайд қилаётган мен» – барча-барчаси мажозий маънога, тагмаънога эга. Абэни ўқиб, дунёни шундай кўриш ҳам мумкин экан-да, деган ўйга борасиз ва ўзингиз ҳам билиб-билмай барча воқеа-ҳодисадан тортиб оддий буюмгача, «тафтиш» қилишни бошлайсиз…

09

***

Қани энди кўзи кўзимга тушганда пинагини бузмайдиган одамни бир кўрсам!

***

Яшик ясаш қийин эмас. Бунинг учун бир соат ҳам вақт кетмайди. Уни кийиш ва яшик-одамга айланиш учун эса – анча-мунча жасорат лозим. Одам боласи кўримсиз, оддий картон яшикни кийиб кўчага чиқдими, тамом – ўша дақиқадан бошлаб, яшик ҳам, одам ҳам йўқолади, мутлақо янги мавжудот пайдо бўлади. Яшик-одам жиркантириш, нафрат уйғотиш оғуси билан заҳарланган бўлади. Маълум даражада томошахоналар лавҳасида тасвирланган айиқ-эркак ва илон-аёл ҳам ана шундай оғу билан заҳарланган. Аммо томошахонага кириш пулини тўлаган заҳотингиз бу оғу бир қадар ўз кучини йўқотади.

***

Агар одам ярим кечада кўзойнак тақса ёки юзини ниқоб остига яширса, билки, кўнглида бирор ёмон ўйи бор ёки азбаройи ўзи қўрққанидан шундай қилади – буни бошқача изоҳлаб бўлмайди.

***

Ёмғир эрталабдан бери ёғиб турибди, кечки қоп-қора осмон қарийб ергача осилиб тушган этагини зўрға судрайди.

***

Ўзи шунақа бўлади: йўл чеккасидаги ялтироқ нарсани кўриб, беихтиёр тўхтайсан… Синиқ шиша парчаси бир чақага ҳам арзимаслигини фаҳмлаб турасан, аммо барибир, шишага тушиб жилваланган нур унга ҳайратомуз бир жозиба бахш этади.

***

Табиийки, умидим йўқ эмас, аммо бу шу қадар тутқич бермас умидки, уни ҳар қандай энг сезгир анализатор ҳам пайқай олмайди.

***

Янги персонаж пайдо бўлиши муносабати билан тахминлар ўзгаради.

***

Мабодо вақт тўхтаса, табиийки, сабаб-оқибат муносабатлари бузилади, ана ўшанда, сен ҳеч қандай жазодан қўрқмай, энг беҳаё хатти-ҳаракатлар қилишинг мумкин.

***

Ривоятда нақл қилинишича, кимки ана шу чиғаноқ ўтни ҳидласа, тушида балиққа айланиб қолар эмиш. Менимча, бу ёлғон, аммо ҳақиқат ҳам йўқ эмас. Чиғаноқ ўт шўрхок, сернам тупроқни яхши кўради, хусусан, денгиз соҳилларида яйраб ўсади, мана шунинг учун ҳам бу ривоят пайдо бўлган, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Шунга кўра, бу гиёҳ гулининг чангидаги алколоидлар бош айланишига ўхшаш енгил беҳудлик қўзғатади, айни пайтда, нафас йўли ва шиллиқ пардани қитиқлайди. Бу эса, афтидан, одамда худди сувга шўнғиган пайтдагига ўхшаш сезги уйғотади, деган нуқтаи назар бор.

***

Уйқунинг ўзи қийин эмас, уйғониш қийин. Ростакам балиқ вақтни қандай ҳис қилади – номаълум, бироқ тушида балиқ бўлганлар учун вақт ўнгдагига нисбатан бутунлай бошқача ҳаракат қилади. Вақт ҳаракати тезлиги кескин камаяди – оддий сониялар кунларга, ҳафталарга айлангандек бўлиб туюлади.

***

Ернинг тортиш кучи билан боғлиқ барча тан изтироблари – ошқозондаги юк, бўйин ва энса қотиши, тизза бўғинларидаги оғриқ, оёқ шиши – сени бир зумда тарк этади-қўяди.
Тушида балиқ бўлган одамни вазнсизлик бамисоли майдек маст қилади.

***

Вақт имиллаб ҳаракат қилса, юрак чидаб бўлмас даражада сиқилади.

***

Ўзинг қизиққан нарсани токи қўлинг билан ушлаб кўрмас экансан, кўнглинг жойига тушмайди.

***
Мен балиқ йиқилганини ҳеч қачон эшитмаганман. Ҳатто ўлган балиқ ҳам сув юзида сузиб юради. Осмонда учиб юрган ҳаво шарига қараганда, балиқнинг йиқилиши қийинроқ. Балиқлар учун йиқилиш – аксилйиқилишдир.
Аксилйиқилиш…
Ҳа, бундай усул ҳам бўлиши мумкин. Бу – пастга йиқилиш эмас, аксинча, осмонга йиқилиш, ҳавога чўкиш демакдир.

***

Ҳар бир одам манзарадан ўзига керакли нарсаларни танлаб олади ва фақат ўшаларнигина кўради. Мисол учун, автобус бекатини жуда яхши тасаввур қилган ҳолда, унинг шундоқ ёнгинасида ўсиб турган бир неча мажнунтолни хаёлга ҳам келтирмаслик мумкин.

***

Мабодо у ёки бу нарсадан кун бўйи камида уч марта фойдаланмас экансан, ҳеч ачиниб ўтирмай, ундан воз кечиш лозим.

***

…дунё қайнаётган қозонни эслатади. Бир сония ғафлатда қолдингми — тамом, қарабсанки, ҳатто ер куррасининг шакли ҳам ўзгариб кетган бўлади.

***

Сен ўзгарасан, сен билан бирга ташқи олам ҳам ўзгаради – бошқа ҳеч қандай ўзгаришлар мавжуд эмас. Бу ўзгаришлар шу қадар улканки, энг шов-шув кўтарадиган янгиликлар ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қолади.

***

Одам янгиликларни фақат кўнглини тинчитиш учунгина эшитади. Ларзага соладиган қандай янгиликни хабар қилмасинлар, агар одам уни эшитаётган бўлса, демак, у тирик – мана, гап нимада. Дунёнинг тугаганидан дарак берувчи сўнгги янгилик – чинакам даҳшатга соладиган янгиликдир. Уни эшитадиган ҳолатда бўлиш – ҳар бир одамнинг муқаддас орзуси.

***

Албатта, битта мен хунук эмасман – тўқсон тўққиз фоиз одамда қусур бор… Одамлар теварак-атрофдагиларнинг кўриш қобилияти яхши эмаслигига ва кўпинча чалғиб кўришларига умид боғлаганлари учун ҳам уларнинг нигоҳларига тоқат қилиб яшашга кўникиб кетганлар.

***

Баъзилар эса, гўё мен ҳеч кимга очиқдан-очиқ тик қарамасам, улар ҳам менга тик қарашга ботинолмайдилар, деб бир умр ерга қараб яшайдилар. Шунинг учун ҳам бир замонларда жиноятчини эл ўртасида шармандаи шармисор қилганлар, бироқ бу ҳаддан ташқари шафқатсиз жазо эди, шу қадар шафқатсиз эдики, юксак маданият тараққиётига эришган жамият бунга барҳам берди.

***

Яшириши лозим бўлган хунукликдан маҳрум одамларнинг кўзига бошқалардаги хунуклик кўринмайди.

***

Эсингдами, бир куни сендан: тасаввур қилки, ер курраси ҳалокатга учрай-учрай деб турибди, энг сўнгги дақиқаларингни мен билан ўтказишга рози бўлармидинг, деб сўраган эдим. Сен эса: агар иложи бўлса, ёлғиз ўзим денгизга қараб ўтирардим, деб жавоб бергансан.

***

…ҳар бир жонли мавжудот ўзининг аниқ белгиланган, хусусий майдонига эга ва у чегарасини бузиб ўтган тажовузкорга беихтиёр ҳужум қилиш учун доим шай туради.

***

Ёлғон ўзига ишонган одамни чалғитиб, ҳақиқатдан узоқлаштиради, тасаввур эса, аксинча, уни энг яқин йўл билан ҳақиқатга олиб келиши мумкин.

***

Чамаси, инсоннинг руҳий азоблари ҳам жисмоний шикастлари сингари атрофдаги кишиларни жонидан тўйдириб юборадиган ҳоллар ҳам бўлади.

***

Аввало, теварак-атрофдаги нигоҳлардан ғайритабиий таъсирланиш – ўз ҳаётингни мураккаблаштириш демакдир.

***

Нигоҳлар сўзлашуви – хароб бўлиш жараёнида вужудга келадиган энг мукаммал ҳодисалардан биридир.

Бекзод Ўктам тайёрлаган
Манба: «Қашқадарё» газетаси веб-саҳифаси

04 Agar odam yarim kechada ko’zoynak taqsa yoki yuzini niqob ostiga yashirsa, bilki, ko’nglida biror yomon o’yi bor yoki azbaroyi o’zi qo’rqqanidan shunday qiladi – buni boshqacha izohlab bo’lmaydi.

YIQILGAN BALIQ,
XAYOLGA KELMAGAN MAJNUNTOL
VA DENGIZGA QARAB YOLG’IZ O’TIRGAN ODAM…

09

Yapon adabiyoti. Tanka, xokku (xayku) deb atalmish badiiy kashfiyotlar. Ryunoske Akutagava, Yasunari Kavabata, Kobo Abe singari so’z ustalari. O’ziga xos, mutlaqo favqulodda eksperimentlar. Sinchi-adabiyotshunoslarning ancha-munchasini boshi berk ko’chaga kiritib qo’yadigan g’oya, fikrlar. Voqelikka, so’zga bo’lgan yangicha yondashuv. Sara kinolarga yorqin mavzularni bergan ulkan asarlar. Quyida katta so’z san’atkori – Kobo Abening adabiyot olamida o’ziga xos voqea sanalgan va o’zbek tiliga Sulaymon Rahmon tomonidan mohirona tarjima qilingan «Yashik-odam» romanidan parchalarni e’tiboringizga havola qilmoqdamiz. Asarning asosiy g’oyasi shaxs va jamiyat o’rtasidagi munosabat, ziddiyatni badiiy tadqiq qilishdan iborat. Shuningdek, romandagi yetakchi g’oyalardan yana biri — insonni yolg’izlik va mahdudlikdan go’zal hayotgina qutqara olishi mumkin. Roman to’lig’icha ramziy asosga qurilgan. Undagi yashik va soxtabaliq, fotoapparat va miltiq, vrach hamda «yozayotgan men bilan qayd qilayotgan men» – barcha-barchasi majoziy ma’noga, tagma’noga ega. Abeni o’qib, dunyoni shunday ko’rish ham mumkin ekan-da, degan o’yga borasiz va o’zingiz ham bilib-bilmay barcha voqea-hodisadan tortib oddiy buyumgacha, «taftish» qilishni boshlaysiz…

09

***

Qani endi ko’zi ko’zimga tushganda pinagini buzmaydigan odamni bir ko’rsam!

***

Yashik yasash qiyin emas. Buning uchun bir soat ham vaqt ketmaydi. Uni kiyish va yashik-odamga aylanish uchun esa – ancha-muncha jasorat lozim. Odam bolasi ko’rimsiz, oddiy karton yashikni kiyib ko’chaga chiqdimi, tamom – o’sha daqiqadan boshlab, yashik ham, odam ham yo’qoladi, mutlaqo yangi mavjudot paydo bo’ladi. Yashik-odam jirkantirish, nafrat uyg’otish og’usi bilan zaharlangan bo’ladi. Ma’lum darajada tomoshaxonalar lavhasida tasvirlangan ayiq-erkak va ilon-ayol ham ana shunday og’u bilan zaharlangan. Ammo tomoshaxonaga kirish pulini to’lagan zahotingiz bu og’u bir qadar o’z kuchini yo’qotadi.

***

Agar odam yarim kechada ko’zoynak taqsa yoki yuzini niqob ostiga yashirsa, bilki, ko’nglida biror yomon o’yi bor yoki azbaroyi o’zi qo’rqqanidan shunday qiladi – buni boshqacha izohlab bo’lmaydi.

***

Yomg’ir ertalabdan beri yog’ib turibdi, kechki qop-qora osmon qariyb yergacha osilib tushgan etagini zo’rg’a sudraydi.

***

O’zi shunaqa bo’ladi: yo’l chekkasidagi yaltiroq narsani ko’rib, beixtiyor to’xtaysan… Siniq shisha parchasi bir chaqaga ham arzimasligini fahmlab turasan, ammo baribir, shishaga tushib jilvalangan nur unga hayratomuz bir joziba baxsh etadi.

***

Tabiiyki, umidim yo’q emas, ammo bu shu qadar tutqich bermas umidki, uni har qanday eng sezgir analizator ham payqay olmaydi.

***

Yangi personaj paydo bo’lishi munosabati bilan taxminlar o’zgaradi.

***

Mabodo vaqt to’xtasa, tabiiyki, sabab-oqibat munosabatlari buziladi, ana o’shanda, sen hech qanday jazodan qo’rqmay, eng behayo xatti-harakatlar qilishing mumkin.

***

Rivoyatda naql qilinishicha, kimki ana shu chig’anoq o’tni hidlasa, tushida baliqqa aylanib qolar emish. Menimcha, bu yolg’on, ammo haqiqat ham yo’q emas. Chig’anoq o’t sho’rxok, sernam tuproqni
yaxshi ko’radi, xususan, dengiz sohillarida yayrab o’sadi, mana shuning uchun ham bu rivoyat paydo bo’lgan, buning hech ajablanadigan joyi yo’q. Shunga ko’ra, bu giyoh gulining changidagi alkoloidlar bosh aylanishiga o’xshash yengil behudlik qo’zg’atadi, ayni paytda, nafas yo’li va shilliq pardani qitiqlaydi. Bu esa, aftidan, odamda xuddi suvga sho’ng’igan paytdagiga o’xshash sezgi uyg’otadi, degan nuqtai nazar bor.

***

Uyquning o’zi qiyin emas, uyg’onish qiyin. Rostakam baliq vaqtni qanday his qiladi – noma’lum, biroq tushida baliq bo’lganlar uchun vaqt o’ngdagiga nisbatan butunlay boshqacha harakat qiladi. Vaqt harakati tezligi keskin kamayadi – oddiy soniyalar kunlarga, haftalarga aylangandek bo’lib tuyuladi.

***

Yerning tortish kuchi bilan bog’liq barcha tan iztiroblari – oshqozondagi yuk, bo’yin va ensa qotishi, tizza bo’g’inlaridagi og’riq, oyoq shishi – seni bir zumda tark etadi-qo’yadi.
Tushida baliq bo’lgan odamni vaznsizlik bamisoli maydek mast qiladi.

***

Vaqt imillab harakat qilsa, yurak chidab bo’lmas darajada siqiladi.

***

O’zing qiziqqan narsani toki qo’ling bilan ushlab ko’rmas ekansan, ko’ngling joyiga tushmaydi.

***
Men baliq yiqilganini hech qachon eshitmaganman. Hatto o’lgan baliq ham suv yuzida suzib yuradi. Osmonda uchib yurgan havo shariga qaraganda, baliqning yiqilishi qiyinroq. Baliqlar uchun yiqilish – aksilyiqilishdir.
Aksilyiqilish…
Ha, bunday usul ham bo’lishi mumkin. Bu – pastga yiqilish emas, aksincha, osmonga yiqilish, havoga cho’kish demakdir.

***

Har bir odam manzaradan o’ziga kerakli narsalarni tanlab oladi va faqat o’shalarnigina ko’radi. Misol uchun, avtobus bekatini juda yaxshi tasavvur qilgan holda, uning shundoq yonginasida o’sib turgan bir necha majnuntolni xayolga ham keltirmaslik mumkin.

***

Mabodo u yoki bu narsadan kun bo’yi kamida uch marta foydalanmas ekansan, hech achinib o’tirmay, undan voz kechish lozim.

***

…dunyo qaynayotgan qozonni eslatadi. Bir soniya g’aflatda qoldingmi — tamom, qarabsanki, hatto yer kurrasining shakli ham o’zgarib ketgan bo’ladi.

***

Sen o’zgarasan, sen bilan birga tashqi olam ham o’zgaradi – boshqa hech qanday o’zgarishlar mavjud emas. Bu o’zgarishlar shu qadar ulkanki, eng shov-shuv ko’taradigan yangiliklar ham ularning
oldida ip esholmay qoladi.

***

Odam yangiliklarni faqat ko’nglini tinchitish uchungina eshitadi. Larzaga soladigan qanday yangilikni xabar qilmasinlar, agar odam uni eshitayotgan bo’lsa, demak, u tirik – mana, gap nimada. Dunyoning tugaganidan darak beruvchi so’nggi yangilik – chinakam dahshatga soladigan yangilikdir. Uni eshitadigan holatda bo’lish – har bir odamning muqaddas orzusi.

***

Albatta, bitta men xunuk emasman – to’qson to’qqiz foiz odamda qusur bor… Odamlar tevarak-atrofdagilarning ko’rish qobiliyati yaxshi emasligiga va ko’pincha chalg’ib ko’rishlariga umid bog’laganlari uchun ham ularning nigohlariga toqat qilib yashashga ko’nikib ketganlar.

***

Ba’zilar esa, go’yo men hech kimga ochiqdan-ochiq tik qaramasam, ular ham menga tik qarashga botinolmaydilar, deb bir umr yerga qarab yashaydilar. Shuning uchun ham bir zamonlarda jinoyatchini el o’rtasida sharmandai sharmisor qilganlar, biroq bu haddan tashqari shafqatsiz jazo edi, shu qadar shafqatsiz ediki, yuksak madaniyat taraqqiyotiga erishgan jamiyat bunga barham berdi.

***

Yashirishi lozim bo’lgan xunuklikdan mahrum odamlarning ko’ziga boshqalardagi xunuklik ko’rinmaydi.

***

Esingdami, bir kuni sendan: tasavvur qilki, yer kurrasi halokatga uchray-uchray deb turibdi, eng so’nggi daqiqalaringni men bilan o’tkazishga rozi bo’larmiding, deb so’ragan edim. Sen esa: agar iloji bo’lsa, yolg’iz o’zim dengizga qarab o’tirardim, deb javob bergansan.

***

…har bir jonli mavjudot o’zining aniq belgilangan, xususiy maydoniga ega va u chegarasini buzib o’tgan tajovuzkorga beixtiyor hujum qilish uchun doim shay turadi.

***

Yolg’on o’ziga ishongan odamni chalg’itib, haqiqatdan uzoqlashtiradi, tasavvur esa, aksincha, uni eng yaqin yo’l bilan haqiqatga olib kelishi mumkin.

***

Chamasi, insonning ruhiy azoblari ham jismoniy shikastlari singari atrofdagi kishilarni jonidan to’ydirib yuboradigan hollar ham bo’ladi.

***

Avvalo, tevarak-atrofdagi nigohlardan g’ayritabiiy ta’sirlanish – o’z hayotingni murakkablashtirish demakdir.

***

Nigohlar so’zlashuvi – xarob bo’lish jarayonida vujudga keladigan eng mukammal hodisalardan biridir.

Bekzod O’ktam tayyorladi
Manba: «Qashqadaryo» gazetasi veb-sahifasi

07

(Tashriflar: umumiy 1 445, bugungi 1)

Izoh qoldiring