Kobo Abe. Shoirning hayoti

3037 март —  Таниқли япон адиби, «Япон Кафкаси» деб баҳоланган Кабо Абэ таваллудининг 100 йиллиги

Аёл хира чироқнинг шуъласида ўтириб, кўнглидан шу хаёлларни ўтказиб турганида юнг тугаб қолди. Аёл тери қоп ичидаги машинага “тўхта!” деб буйруқ беради. Лекин — воажаб — ғилдирак тўхташни истамай, айланаверади…

Кобо Абэ
ШОИРНИНГ ҲАЁТИ


055Ғижж-ғижж… Ғижж-ғижж… каллаи саҳардан то ярим кечагача ўттиз тўққиз яшар кампир шундоқ ҳам уйқуга ажратган жиндай вақтини яна ҳам қисқартириб, гўёки гавдасига машина жойлаб қўйгандек чархнинг мой суриб мойлаб қўйилгандек қоп-қорайиб кетган тепкисини босгани босган… Ошқозон шаклидаги ёғ қуядиган идишга аёл ҳар куни икки маҳал ёғ, яъни угра оши қуйиб туради. Бундан кўзланган бирдан-бир мақсади — машина тўхтаб-нетиб қолмасин.
Бир неча муддат вақт ўтади — аёл қўққисдан қараса, серажин тери қоп ичига жойланган, нами қочган мушаклардан ва сарғиш суяклардан таркиб топган машина бошдан-оёқ толиқиш чанги билан қопланибди. Буни кўриб аёл шубҳаю гумонларга ботади.
“Ичимдаги нарсаларнинг чиндан-да, менга дахли бормикин? Нима учун мен мана шу аҳволда ҳордиқ нималигини билмай ичим деб, қорним деб чарх тепкисини босиб умр ўтказмоғим керак? Ахир, нотаниш ҳаким резинка асбобини кўкрагимга қўйиб, саломатлигимни текшириб кўрмагунча, мен ичимда нима бор-нима йўқлигини билмайман-ку? Агар ичимда ўрнашиб олган толиқишни қаноатлантириш учун шу ишни қилаётган бўлсам, етар, бас, керагидан ҳам ортиб кетди. Бутун вужудим бунга ортиқ дош беролмаяпти. Ғижж-ғижж… Ғижж-ғижж… Оҳ, сира дармоним қолмади, бир ҳовуч увадага айланиб қолдим”.
Аёл хира чироқнинг шуъласида ўтириб, кўнглидан шу хаёлларни ўтказиб турганида юнг тугаб қолди. Аёл тери қоп ичидаги машинага “тўхта!” деб буйруқ беради. Лекин — воажаб — ғилдирак тўхташни истамай, айланаверади. Ғилдирак йигиришни давом эттирмоқ учун ипларнинг учларига тегина-тегина шафқатсиз айланмоқда эди. Йигирадиган юнг тугагани маълум бўлгандан кейин ипнинг учи кампирнинг бармоқларига ўралиб олди. Шунда кампирнинг толиқиш оқибатида увадага айланган танаси бармоқларининг учидан бошлаб титила бошлади ва ғилдирак ёрдамида йигирилган ипга айлана бошлади. Аёл бошдан-оёқ буткул ипга айланиб бўлгандан кейингина ғилдирак бир-икки ғижирлаб, ниҳоят тўхтади.
“Сизлар эллик минг одамни ишдан бўшатиб, улар учун ҳам бизни ишлашга мажбур қилдинглар. Энди эса сизларнинг шармандагарчиликларинг тўғрисида очиқ гапиришга журъат қиладиган одам қолмаганига хурсанд бўлиб, бизни янада кўпроқ ишлашга мажбур қила бошладинглар ва оқибатда эллик миллион иен фойда кўрдинглар. Шундоқ бўлгандан кейин маошимизни ошириш ҳаракатига тушинглар-да”.
Ўттиз тўққиз яшар кампирнинг ўғли ана шу варақани тарқатгани учун фабрикадан қувилди. У фабрикада қолган шўрлик ўртоқларининг манфаатини ўйлаб, бугун уззуккун гектограф учун қоғозга шундай сўзларнинг шаклини чекиб чиқдики, бу сўзлар ишчиларнинг қалбларидаги сўниб бораётган алангаларига куч берадиган тоза ҳаво бўлмоғи керак эди. У кун бўйи зўр бериб гектографнинг қулоғини айлантирди. Бу иш бутунлай ҳолдан тойгунча давом этди, сўнг ярим яланғоч гавдасининг устига газета варағини ёпди-да, чархнинг тепкисини ғижирлатиб босаётган онасининг оёқлари ёнига чўзилди, энди кўзи илинган эдики, чархнинг ғижирлаши бошқача бўлиб қолганини сезиб, дарҳол кўзини очди ва шу ондаёқ қора либос тагидан чиқиб турган оёқ учини кўрди. Чархнинг кичик тешиги уни сўриб, ямлаб кетмоқда эди.
— Ойижон!
Ёш кампирнинг анча ёшга борган ўғли панжаларини шу қадар қаттиқ қисдики, ҳатто тирноқлари кўкариб кетди. Шунда у қўққисдан бир нарсани эслади — ҳар гал ҳатто хаёлига келтириши мумкин бўлмаган нарса билан учрашганида, ҳар гал ҳатто қалбан ҳис этмоғининг имкони бўлмаган нарсага дуч келганда у панжаларини мана шундай чалкаштириб ўтириб олиб, уларни обдон ўйлаб кўрарди, ҳаммасини қалбан ҳис этишга ҳаракат қиларди. Сўнг бармоқлари орасидан сирқиб ўтиши мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммасини тугал ҳис қилиб бўлгач, у яна ётарди, лекин бу гал газета ўрнига кампирнинг иш кийимини ёпиб оларди. Мавжудликнинг жисмоний қонуни шунақа — у ҳеч нарсани ўзгартиришга изн бермайди, ҳорғинлик денгизининг тўлқинларидан қочиб қутулишга йўл қўймайди. Оёқларидаги кишанлардан бошқа ҳеч вақоси бўлмаган бу йигит шу кишанлардан халос бўлмоғи зарур бўлган бир шароитда ухламоқни ихтиёр этса, унга ҳеч нарса халақит бера олмасди.
Эртанги кун қўшни аёлнинг қадам товушларидан бошланди. Бу аёл ҳам фақиргина эди. У кеча кечқурун кампир йигириб қўймоғи керак бўлган ипларни олиб кетгани келган эди. Эрининг бир ўзи ишлаб топган пул беш кишилик оилани боқиш учун сира етмайди. Аёл олиб кетган ипларидан свитер тўқиб сотади, шу билан сал-пал тузукроқ кун кўришади.
— Онамиз уйда йўқмилар? Каллаи саҳарлаб қаёққа кетдиларикин? Ипни ҳам йигириб қўймаптилар. Аҳвол чатоқ-ку! Лекин мен жуда ошиқиб турибман. Борини олиб кетавераман. Онангга айтиб қўй.
Кекса йигит эсноғини босиб, яна панжаларини чалкаштириб ўтирди.
— Назаримда, сиз ипларни олиб кетсангиз, аҳволингиз анча ночор бўлиб қолади.
— Аҳволингиз ночор бўлиб қолади, дейсанми? Менга шунақа туюляпти, дейсанми? Сенинг назарингга ғалати нарсалар кўринар экан-ку! Сен назарингда, овқат ўрнига ҳаво ютиб қорин тўйғазиш чорасини топгандай бўлмаяпсанми? Фақат назарингга кўринаётган нарсалар тўғрисида жиддий қиёфада гапиришга арзимайди.
— Сиз ҳақсиз, гарчи сиз буни тушунаётган бўлмасангиз-да, аҳвол чиндан ҳам оғир.
— Бўлмасам-чи! Тушунганимда, бу ерга қадамимни босармидим? Сен ёши ўтинқираб қолган аёлга эртадан-кечгача гап отадиган ёшда эмассан.
Уч кундан кейин кампирдан тўқилган свитер битди.
Аёл уни тугунга тугиб, кўчага чиқди.
Фабрика жойлашган кўчанинг муюлишида туриб, у ўтган-кетганларга ёлбора бошлади:
— Акажон, шуни олиб кетинг. Минбаъд шамоллаш нималигини билмай ўтасиз.
— Мана, қаранг, ҳали тафти кетмаган.
— Ҳа, албатта, тоза жундан тўқилган.
— Деҳқоннинг хонадонида унинг ўз қўли билан меринос қўйдан қирқилган юнгдан тўқилган.
— Ғалати-я… буни кимдир кийиб-кийиб, яқиндагина устидан ечганга ўхшайди-ку…
— Йўғ-е, унақа деманг. Кўрмаяпсизми, яп-янги-ку! Мен уни яқиндагина тўқиб битирдим.
— Балки юнгига ип аралашгандир?
— Берироқ келиб, қўлингиз билан ушлаб кўринг. Деҳқон хонадонида унинг ўз қўли билан тирик меринос қўйдан қирқиб олинган юнг…
— Бўлса бордир… Ие, свитердан ғалати нағмалар эшитиляптими? Эшитяпсизми? Нималардир ғижирлаяпти, фарёд чекяпти, маъраяпти. Тирик меринос қўйнинг юнгидан тикканинг учун шундай бўлмаяптимикин?
— Ҳазилингизни қўйинг. Эҳтимол, ачиган ловия еб тўйиб олган бўлсангиз, сизнинг қорнингиз ғўлдираётгандир?
Свитернинг ичида кампир пиқиллаб йиғламоқда эди. Свитернинг ичида кампир ҳўнграб юборишдан зўр-базўр ўзини тўхтатиб турарди. Свитерга айланиб қолган кампир ипга айланиб қолган мияси билан фикрлар, ипга айланиб қолган қалби билан ҳис этарди.
Шу пайт аёлнинг ёнига кампирнинг ўғли келди.
— Сотяпсизми? Назаримда, уни сотсангиз жуда мушкул аҳволга тушиб қоладиган кўринасиз.
— Мушкул аҳволга тушиб қоладиган кўринасиз, дейсанми? Бекорларни айтибсан. Савдо қилишимга халақит берадиган бўлсанг, сенинг ўзинг мушкул аҳволга тушиб қолишинг аниқ. Сенга ўхшаган бирор ялангоёқ тепангда масхара қилиб турганидан ёмони йўқ…
— Тўғри айтасиз. Ахир, свитерингизни сотгани тўқиганмисиз?
— Албатта-да! Агар уни ўзи кийгани тўқиган десангиз, жуда ҳам адашасиз. Акажон, берироқ келинг, мана, ўзингиз кўринг. Худди сизга тикилгандай. Қизлар кўрса ўлиб қолади. Буни кийган одам ҳеч қачон шамолламайди.
Аммо анчагина вақт ўтди-ю, харидор топила қолмади. Ҳолбуки, свитер жуда пишиқ тўқилган эди. Ўттиз йил мобайнида аёл бармоқларидаги асаблар гўё свитер тўқийдиган жуволдизларга кўчиб ўтгандай эди. Бунинг устига, аёл жуволдиз ишлатишга жуда моҳир бўлиб кетганди. Свитер мавсуми ҳам авжида эди. Ҳадемай қиш бошланади.
Гап шунда эдики, теварак-атрофдагиларнинг ҳаммаси яланг қашшоқлар эди.
Аёл тўқиган свитерни олишга муҳтож бўлган одамлар жуда қашшоқ эди. Свитерни харид қилишга қурби етадиганлар эса хориждан олиб келинадиган юқори сифатли кийимларни киядиган тоифага мансуб эди. Шунинг учун ҳам охир-пировардида свитер ломбардга тушди — ўттиз иенга гаровга қўйилди. Ҳамма ломбардлар аллақачон свитерларга тўлиб кетган эди. Шаҳардаги ҳамма уйларнинг томлари остида эса свитерлари йўқ одамлар тўлиб-тошиб кетган.
Нима учун одамлар свитерлар борасидаги бунақа аҳволдан нолимайдилар? Наҳотки, одамлар аллақачон свитер деган нарсани буткул унутиб юборган бўлсалар?
Қашшоқлик ботқоғига ботган одамлар бочканинг тубида ётган тузламаларни эслатади — уларни чарм қоплардаги тузланган бақлажонлар эзиб ташлаган. Бу қопларда уларнинг жисмлари тажассум топган, шу қопга уларнинг орзулари, қалблари, ардоқли иштиёқлари оқиб тушган. Улар хўжайинларидан маҳрум, қалин туман янглиғ ҳавода сузиб юришади. Агар бирор кимсани свитерга ўраш зарур бўлса, айни ана шуларни ўрамоқ керак. Свитер харид қилишга имкон бермайдиган қашшоқлик одамларни шу даражада ночор қилиб қўйганки, улар свитер кийдириб қўйиш керак бўлган жисмларини бутунлай унутиб қўйишган.

Одамлар қашшоқликдан қашшоқроқ бўла борадилар.
Бунақа бемаъни қашшоқликнинг бирон-бир сабаби борми? Сен ўзинг аслида нимасан? Қаёқдан келиб қолгансан?
Бутунлай иситмайдиган, лекин гулдор расмлари бор, ингичка юнгдан машинада тўқилган хорижий свитерлар киядиган тоифага мансуб одамлар мулоҳаза юритишади. Ҳарҳолда, свитерлар ҳам кўпайиб кетди-да! Эҳтимол, уруш-пуриш қилиш керакмикин? Ё свитерларни бирон хорижий мамлакатга сотган маъқулми?
Қуёшнинг тиззаси букилиб кетди, соялар узунроқ ва туссизроқ бўлиб қолди — қиш бошланди. Буғланиб, кўкка ўрлаган қалблар, орзулар, ардоқли истаклар бадқовоқ булутларга айланиб, кун-бакун қуёш нурларини тўсиб, ўтказмай ётишарди. Шунинг учун ҳам бошланган қиш жуда совуқ келди.
Япроқлар узилиб тушди, қушлар патларини янгилашди, ер шиша ойнадек силлиқ сирпанчиқ бўлиб қолди. Одамлар букчайиб қолишди, уларнинг бурунлари қип-қизариб кетди, сўзлари ва йўталлари оппоқ совуқ ҳовурга айланди, баъзан бу ҳовурни тамаки тутуни деб ўйлаш мумкин эди. Шунақа деб ўйлаган ўқитувчилар ўқувчиларини, халфалар эса шогирдларини дарра билан савалашди. Қашшоқ одамлар кеч кириб, қоронғи тушишидан безиллаб қолишган, улар тонг отишидан ҳам қайғуга тушардилар. Хорижда ишлаб чиқарилган свитерлар киядиган эркаклар ов милтиқларига ружу қўйдилар, хорижда ишланган свитерлар киядиган аёллар қимматбаҳо мўйналарга ўраниб, кун давомида ўттиз мартадан кўзгу олдида айлана бошладилар. Чанғичилар мумларини эритишга киришди, коньки учадиганлар конькиларини чархлайдиган асбобга мой сурдилар.
Сўнгги қалдирғоч учиб кетди, муюлишда турадиган кўмирфуруш бозорининг юришиб кетганидан мамнун бўлиб, кафтларини бир-бирига ишқай бошлади.
Метереология қонунларига илова тарзида буларнинг барини ичидан ҳам, ташидан ҳам ўша булутлар совутиб юборди. Бу булутлар ўзига орзулар, қалблар ва ардоқли истакларни сингдириб олган ўша булутлар эди. Улар музлаб қолиб, қор учқунларига айландилар. Ниҳоят, бир куни улар қорга айланиб, ерга ёға бошладилар.
Синчиклаб қаралса, бир нарсани кўриш мумкин эди: қор ҳаммаёқни шу қадар тўлдириб ёғмоқда эдики, самонинг ўзи ерга оқиб тушяпти деб ўйлаш мумкин эди. Қор шаҳар ҳаётининг ҳамма товушларини ютиб юбормоқдайди. Орага чўккан ўлик сукунатда фақат тунга борибгина қор учқунларининг бир-бирига ишқаланишидан чиққан товуш ғира-шира қулоққа чалинарди. Бу товуш — овоз ютадиган ускуналар ўрнатилган улкан хонадаги кичкинагина — зиғирдай келадиган қўнғироқчанинг садосига ўхшарди. Орзулар, қалблар, ардоқли истаклар музлаб, қотишидан ташкил топган қор, табиийки, одатдаги қордан фарқ қилар эди.
Кристаллашиш ҳайрон қоладиган даражада кенг қамровли, мураккаб ва гўзал бўлган эди. Баъзи бир учқунлар худди бениҳоя нозик дид билан жило берилган чиннидек совуқ оқ рангда, бошқалари баайни фил суягининг бағоят юпқа қилиб кесиб олинган парчасидек хира-оқиш рангда, учинчилари юпқа садаф синиқларини эслатувчи товланадиган оқ рангда эди. Уларнинг баъзи бирлари кўринишларидан бир-бирлари билан ўттизта қилич орқали туташтирилган, баъзи бирлари — аралаш-қуралаш бўлиб қалашиб кетган планктонлардан иборатдай кўринади, яна бир хиллари эса ўзимизнинг оддий қоримиз зарралари бўлиб, худди биров чиройли қилиб ясаб қўйганга ўхшаб кўринадиган саккиз қиррали парчалардан иборат эди.
Қор суюқ ҳаводан кўра совуқроқ эди, баъзан унга тушган қор зарраси тутагандай ҳовур чиқариб эриб кетарди. Қор бағоят қаттиқ эди. Мабодо унинг зарралари тиғ шаклида кристаллашганда, у билан бемалол соқол олса бўларди.
Устидан машина юрганида қор нафақат эрирди, балки, аксинча, такроран музлаш принципига амал қилиб кескин чийиллаган овоз чиқариб, ғилдирак резинкасини кесарди. Мавжуд нарса деб айтиш мумкин бўлган мавжуд нарсаларнинг деярли ҳаммаси бу кристалларни парчалашга уриниб кўришдан олдиноқ ўзи қирқилиб, майда-майда бўлакчаларга ажраб кетарди, бу кристалларни эритишга интилмасдан олдиноқ ўзи музга айланиб қоларди.
Бу совуқ тўғрисида ҳикоя қилиб бермоқ учун нимани мисол қилиб келтирса бўларкин? Ҳар томонини совуқ муз қоплаган боғда Верленга амал қилиб ёноқларини ёноқларига қўйиб турган ошиқ-маъшуқларнинг қизиган чеҳраларига қўнган қор учқунларини айтайми? Баайни Дали қаламига мансуб рангдор сиймоларга ўхшаб икки киши қимир этмай, бир-бирига қапишганча қотиб қолган. Ёки ғалати бир иситма оловларида тўлғаниб, ўлим тўшагида оҳ-зор чекиб ётган пешонасига тушган қор заррасини гапирайми? Ҳаёт билан ўлим оралиғида ётган бу бемор на у, на бу томонга йўналди. Ё девордаги ёруғ орқали бир гадонинг зўр-базўр липиллаб ёниб турган печкаси устига тушган қор зарраси ҳақида сўзлаб берайми? Печкадаги аланга худди шишадан ясалган каби қотди-қолди.
Кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил узлуксиз қор ёғаверди, ёғаверди, гўё бу Форд заводининг конвейери эди. Қор гўё бирор қўрғошин тахтасини дукиллатаётгандай гупиллаб, тинимсиз ёғарди.

Кўча бўйида ўсган дарахтлар бутоғига,
Почта қутилари устига,
Қалдирғочларнинг кимсасиз инларига,
Томларга,
Йўлларга…
Бўтана сувли ариқларга,
Қудуқлар қопқоғига,
Анҳорларга,
Пўлат кўприкларга,
Туннелларнинг оғизларига,
Далаларга,
Товуқхоналарга,
Кўмирфурушлар кулбаларига

Ва яна свитерлар сақланадиган ломбардларга ёғмоқда қор.

Ёққан қорлар устига яна қорлар келиб тушарди, кўчалар уюм-уюм қор тепалари билан қопланди. Бир неча кун, балки бир неча соат қор бўралаб ёққандан кейин қимир этмай, ҳаракатсиз қотиб қолади, гўё кино қўядиган ускунанинг майда тишли ғилдиракчалари қайилиб қолди деб ўйлаш мумкин. Миньковский кенглигидан вақт ўқи ғойиб бўлиб қолди. Энди ёғаётган қорга қаршилик кўрсатиб, ёлғизгина текис тахта шаклидаги кенглик ҳаракат қилмоқда эди.
Белида осилиб турган қутичага нонуштасини солиб олган ишчи гавдасининг ярмини эшикдан чиқариб, осмонга қаради ва қимир этмай туриб қолди. Майдончада ўйнаб юрган бола осмонга ирғитган копток гўё кўзга кўринмас тўрга илингандай осмонда муаллақ туриб қолди. Бошини эгиб, сигаретини тутатиб олмоқчи бўлган йўловчи изғиринда ушикиб қолди. У қўлида ушлаб турган гугурт чўпининг алангаси худди шишадан ясалгандек қимир этмасди. Заводларнинг улкан мўриларидан қора чойшабга ўраниб олиб, шўхлик қилаётган шайтонбаччалардек, худди сувда қотиб қолган желятиндек осмонда муаллақ турардилар. Ҳавода совуқ қотиб золдирга айланишга улгурмаган чумчуқ ерга йиқилиб, электр лампочкасидай чил-чил бўлди.
Ва буларнинг бари яна қор билан қопланди. Симоб устуни тобора пастга тушиб борарди, натижада унинг ортиқ тушадиган жойи қолмади, ҳарорат ўлчагичнинг ўзи эса деярли бир хил ҳароратни кўрсатадиган аҳволга келиб қолди.
Ўқтин-ўқтин кўчалар узунасига ҳам, кўндалангига ҳам ёриқлар билан қопланиб турар, у ер-бу ерда тез-тез қор тўзонлари кўтарилиб турарди. Бироқ улар ҳам бир зумда тинар, ўринларида эса қор уюмлари ҳосил бўларди.
Аммо бошида баъзи бир оилалар музлаб қолиш хавфидан халос бўлишга муваффақ бўлдилар. Булар хорижий свитерлар кийиб юрадиган оилалар эди. Хорижий свитерларнинг ўзида бунга ёрдам берадиган ҳеч вақо йўқ эди, бу оилалар қашшоқ бўлмаганлари учун қорнинг оғирлигидан уларнинг уйларининг томи босиб қолмади, уларнинг печкасидаги олов ҳамиша ланғиллаб ёниб турарди. Аммо улар ҳам бора-бора озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган пештахталарнинг бўм-бўшлиги таҳдидли тус олаётганини сезмасликлари мумкин бўлмай қолди. Чирсиллаб ёниб турган печка теварагида ўтириб олишиб, бир-бирларини кузатишиб, ким қанча овқат еяётганини чамалаб ўтиришарди. Кейин кўмирнинг камчилиги сезила бошлади, улар диванлардан ёғоч стулларга, ёғоч стуллардан мандарин солинган яшикларга, мандарин солинган яшиклардан полга ўтишди. Энди улар тахталарни бирин-кетин полдан ажратиб ола бошлашди. Электр чироқлар керосин чироқлари билан алмашди, керосин чироқлари ўрнини шамлар эгаллади. Сўнг бутунлай зулмат ичида ўтирадиган бўлишди. Ипакдек юмшоқ мўйналарга бурканган хонимлар озиб-тўзиб кетган тулкиларга айланди, банкдаги ҳисоб дафтарларини ўйлаб туриб, ов милтиқларини тозалайдиган зодагон жаноблар тулаган, бод касалига дучор бўлган итларга айланишди, уларнинг детектив романларни ўқийвериб, калласи шишиб кетган талаба ўғиллари ҳақиқий гангстерларга айланишди ва тўппончалар билан қуролланиб, оналарининг ётоқларида яшириб қўйилган консерваларни ўғирлашди. Авваллари деразалардан оқсочларига қаттиқ дашном бераётган уй бекаларининг овози, қартада омади келиб ютиб олганларнинг шодон хитоблари эшитилиб турарди. Энди эса чироқсиз, қоронғи деразалардан сўкишишлар, бақириб-чақиришлар, оғир буюмларнинг гурсиллаб тушгани, газмолларнинг тар-тар йиртилгани, ўлим олдидаги нола-фиғонлар эшитилади, холос.
Оила бошлиқлари хонани электростанцияларнинг қуввати билан ишлайдиган радиотелефонлар орқали узлуксиз жазавага тушиб машваратлар қилишади ва оқибатда хориждан ёрдам сўрамасак бўлмайди, деган хулосага келишади.
Улар жўнатган радиограммаларга шундай жавоб келди: “Яна беш минг дона ғоявий қора-оқ чизиқларнинг сурати туширилган янги свитерлардан харид қилинг. Элликта атом бомбаси масаласига нима дейсизлар?”
Энди ҳар бир одамга оддий кўз билан қараганда ҳам равшан бўлиб қолди: хоҳлайсанми-йўқми камбағалларни меҳнат қилишга, заводларни ишлашга мажбур қилиб, уруш бошлашга тўғри келадиганга ўхшайди.
Шунда анча-мунча доно бир одам бир нечта таёқни бир-бирига улаб, учига эгилган темирни қотириб боғлапти ва илмоққа ўхшаган бу асбобини деразанинг ёруғидан ўтказиб, ташқарида музлаб қолган йўловчини тортиб олмоқчи бўлипти. Хорижий свитер киядиган оила аъзолари кўз очиб юмгунча ўзаро ғалваларини тўхтатишиб, нафас ҳам чиқармай дурбинларга ва радиотелефонларга ёпишиптилар. Аммо йўловчи миқ этган овоз чиқармай чил-чил бўлиб синиб кетипти.
Ўз-ўзини барбод этиш жазавасининг сўнгги портлаши. Ичидаги мурвати синган қўғирчоқ. Маънисиз моддиюнликка қайтишнинг энг қисқа йўли. Қилиниши зарур бўлган сўнгги оқилона нарса — деразани очиб, қўлини ташқарига чиқариш ва ўзини бир бўлак музга айлантириш бўлиб туюлганди.
Аммо энг ғалати жойи шунда эдики, энди — жамики мавжуд нарса музлаб қолиши керак бўлган бир шароитда ҳамон авваллари қандай яшаган бўлса, шу тарзда яшашни давом эттираётган каламуш қолган эди. Каламуш кампирдан тўқилган свитер ётган ўша ломбардда яшарди. Ҳадемай каламушнинг болалари туғилмоғи керак эди. У ана шу болаларига инни нимадан ясашини билмай юрганди.
Одамларга бир нарса хос — улар энг эҳтиросли истакларининг амалга ошишига халақит берадиган қашшоқлик нима эканини билишмайди. Каламуш ҳам бундан бехабар ҳолда бир лаҳза ҳам иккиланмай ўша ажабтовур свитердан фойдаланди.
Свитерни эгаллаб олиб, уни тишлари билан тилка-тилка қила бошлади.
Бирдан каламуш ҳосил қилган йиртиқдан қон кўринди. Каламушнинг тишлари тасодифан ипга айланиб қолган кампирнинг юрагига санчилган эди. Каламушнинг бундан хабардор бўлиши мумкин эмас эди, шунинг учун у жонталвасасида инига қочиб кетди ва бола ташлаб қўйди.
Кампирнинг қони сирқиб ётарди. Орадан кўп ўтмай полнинг ҳаммаёғи қон бўлиб кетди, свитер эса ўз қонидан қип-қизил рангга бўялди.
Қўққисдан қор ёғиши тўхтади. Совуқ ўзининг энг авж нуқтасига чиққан бўлса ҳам ажаб эмас. Қор ярим йўлда музлаб, ёғолмай қолгандир.
Ана шунда свитер ҳали уйиб улгурмаган қизил қонини ялтиратиб, полдан енгилгина кўтарилди. Уни кўзга кўринмас одам кийиб олгандай туюларди. Свитер сирғалиб ташқарига чиқди. Сўнг ҳаракатсиз қор билан қопланган бўшлиқ қўйнида беозоргина сузиб кетди. Бу бўшлиқ қўйнида тунни кундан ажратишнинг иложи йўқ эди.
Кампирдан тўқилган свитер қорда ётган йигитга рўпара келди. Бу — кампирнинг ўғли эди. У завод дарвозаси олдида қўлтиғига қистириб олган варақаларини ичкаридан чиқаётганларга тарқатаётган ҳолида музлаб қолган эди.
Свитер унинг қаршисида тўхтади. Сўнг ёнида турган кўринмас одам свитерни йигитга кийгазиб қўйгандай бўлди. Свитер йигитнинг танасига ёпишиб, таранг турарди. Йигит тўсатдан мижжа қоқа бошлади. Кейин бошини астагина ўнгга, сўлга бурди, кейин сал-пал қимирлаб қўйди. Ҳайрон бўлиб, теварак-атрофига аланглади, кейин нигоҳи ўзининг устидаги қизил свитерда тўхтади. Қўққисдан йигит ўзини шоир деб ҳис қилди ва мамнун жилмайди.
Йигит ҳовучига ғижирлаб турган қорни тўлдириб, анчагача унга тикилиб қараб турди. Йигит ҳатто ҳовучида қорни кўтариб турганида ҳам музлаб қолмади. Ёки у қордан ҳам совуқроқ бўлиб қолгандир. Унинг кўзлари чақнарди. У қорни бир кафтидан иккинчи кафтига олди ва қор гўё қор эмас, илиққина ёқимли қумдек унинг қўлини жароҳатламади. Эҳтимол, унинг қўлининг териси пўлатдай мустаҳкам бўлиб қолгандир? У хаёлчан бошини эгди. Унинг қиёфасини ўзгаришга олиб келган йўлни эслаб кўриш керак.
У пешонасини тириштириб, эслашга ҳаракат қилди. У эслаши зарур бўлган нарса борлигини билар эди. Ҳатто музлаб қолганида узилиш содир бўлган бўлса ҳамки, ҳарҳолда, бу ҳар бир қашшоқ одамга маълум нарса эди. Бу қор қаёқдан келиб қолди?
Бу саволга жавоб беролмаган тақдирда ҳам, лоақал уни ҳис этишга муваффақ бўлади-ку! Қара-чи, ана шу ҳайрон қоларли даражадаги катта, мураккаб ва гўзал қор зарралари камбағаллар унутиб қолдирган сўзлар бўлмасин, тағин. Орзулар… қалблар… ардоқли истаклар кристаллари… Олти бурчакли, саккиз бурчакли, ўн икки бурчакли гуллар. Улар гуллардан ҳам гўзалроқ. Улар камбағаллар қалбларининг унсурлари жойлашган моддий қурилмалар…
Камбағалларнинг сўзлари ғоятда улкан, мураккаб ва гўзал, бунинг устига, улар табиий, тугал шаклга кирган, геометрик жиҳатдан оқил сўзлар. Фақат қашшоқларнинг қалбигина кристаллашиши мумкинлиги ғоятда табиий ҳолдир.
Қизил свитер кийган йигит кўзлари билан қорнинг сўзларини тингларди.
У қўлтиғига қистириб олган варақаларнинг орқа томонига қорнинг сўзларини ёзиб қўйишга жаҳд қилди.
У бир ҳовуч қорни олиб, осмонга улоқтирди — қор жаранглаб кўкка учди ва пастга энаётганида яна жаранглаб, “Свитер! Свитер!” деди. Йигит кулиб юборди. Унинг қалби майин ва нурли оҳанг бўлиб, жиндай очиқ турган лаблари орасидан сирғалиб чиқди-да, юксак кўк бағрига сингиб кетди. Теварак-атрофида ётган жамики қор гўё унга жавоб бергандай акс-садо берди: “Свитер! Свитер!”
Йигит ҳар бир қор заррасини синчиклаб, биттама-битта кўздан кечира бошлади.
У сўзларни ёзиб ола бошлади, уларни таъкидлаб белгилаб қўйди, таҳлил қилди, статистика маълумотларини келтирди, чизмалар чизди ва яна қулоқ сола бошлади. Ҳамон унинг қулоғига қорнинг товушлари чалиниб турарди. Булар қашшоқларнинг товуши бўлиб, бу товушларда уларнинг орзулари, қалблари ва ардоқли истаклари ифодаланган эди. Йигит ажабтовур бир ғайрат билан узлуксиз меҳнат қиларди.
Буларнинг бари давом этар экан, қор аста-аста эрий бошлади. Афтидан, йигитга ҳамма гапини айтиб бўлган қорнинг мавжуд бўлишига ортиқ эҳтиёж қолмаганди. Аввал ҳатто печкадаги оловни совутиб музга айлантириб юборган қор ҳикоясини тугатиб, одатда, қора заминга қўниб улгурмасдан эриб кетадиган навбаҳор қоридек ғойиб бўлган эди.
Ҳа, ҳақиқий баҳор бошланган эди. Баҳор йигитнинг қўлидаги бир даста қоғозни йилнома деб ўйлаб, шитоб билан яқинлашиб кела бошлади.
Гўзал кунлардан бирида қуёш шўх боладай паға-паға булутларнинг ораларидаги ўйиқлардан қўлини чиқарди. У бир замонлар кимдир унутиб қолдирган шаробли кўзачанинг тагидаги олтин узукни чиқариб олгандай, шаҳарни уйқудан уйғотди.
Ҳаракат бошланди. Чала фалаж одамлар гандираклаб чиқиб келишди. Улар йигитни кўриб, хурсанд бўлиб жилмайишди ва унга қўлларини чўзишди. Улар йигитга қўлларининг учини тегизишиб, “Свитер” деб шивирлаб, нари кетишарди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг теварагида янги ва янги одамлар жуда кўпайиб қолди. Улар бутун шаҳардан йиғилиб келганди. Улар йигитга қўл учини тегизиб, “Свитер” дейишарди-да, жилмайиб тарқалишарди.
Ҳамма жойда шундай манзарани кузатмоқ мумкин эди: эгасиз қолган омборларнинг эшиклари ланг очилиб кетди ва улардан сон-саноқсиз, кўпдан-кўп свитерлар чиқиб кела бошлади. “Свитер” — навқирон кучга тўла бу шодиёна мадҳия баҳор элчиларига — залворли қора заминга, эндигина оёғи чиққан уч яшар гўдакдек бесўнақай югураётган жилғага, у ер-бу ерда оролчадай сақланиб қолган қорлар орасида кўзга ташланадиган оч яшилликка хитоб қилиб, зўр қудрат билан янграрди. Гарчи баҳор келган бўлса-да, совуқ кунларда қашшоқ одамлар свитер кийиб юрмоқлари мумкин эди — буларни кўриш ғоятда гўзал эмасми, ахир?
Сўнгги қорлар ҳам эриб битди, йигитнинг ишлари ҳам ниҳоясига етди. Завод мўриларидан гудоклар янгради. Унинг теварагида устига свитер кийиб, жилмайиб ишга кетаётган одамлар жуда кўп эди. Йигит уларнинг саломларини қабул қилар экан, ёзиб тугатган шеърлари тўпламининг сўнгги саҳифасини ёпди.
Ва шу лаҳзанинг ўзида тўплам саҳифаларига сингиб, ғойиб бўлди.

Озод Шарафиддинов таржимаси.
M: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 12-сон

327 mart — Taniqli yapon adibi, «Yapon Kafkasi» deb baholangan Kabo Abe tavalludining 100 yilligi

Ayol xira chiroqning shu’lasida o‘tirib, ko‘nglidan shu xayollarni o‘tkazib turganida yung tugab qoldi. Ayol teri qop ichidagi mashinaga “to‘xta!” deb buyruq beradi. Lekin — voajab — g‘ildirak to‘xtashni istamay, aylanaveradi. G‘ildirak yigirishni davom ettirmoq uchun iplarning uchlariga tegina-tegina shafqatsiz aylanmoqda edi.

Kobo Abe
SHOIRNING HAYOTI


G‘ijj-g‘ijj… G‘ijj-g‘ijj… kallai sahardan to yarim kechagacha o‘ttiz to‘qqiz yashar kampir shundoq ham uyquga ajratgan jinday vaqtini yana ham qisqartirib, go‘yoki gavdasiga mashina joylab qo‘ygandek charxning moy surib moylab qo‘yilgandek qop-qorayib ketgan tepkisini bosgani bosgan… Oshqozon shaklidagi yog‘ quyadigan idishga ayol har kuni ikki mahal yog‘, ya’ni ugra oshi quyib turadi. Bundan ko‘zlangan birdan-bir maqsadi — mashina to‘xtab-netib qolmasin.
Bir necha muddat vaqt o‘tadi — ayol qo‘qqisdan qarasa, serajin teri qop ichiga joylangan, nami qochgan mushaklardan va sarg‘ish suyaklardan tarkib topgan mashina boshdan-oyoq toliqish changi bilan qoplanibdi. Buni ko‘rib ayol shubhayu gumonlarga botadi.
“Ichimdagi narsalarning chindan-da, menga daxli bormikin? Nima uchun men mana shu ahvolda hordiq nimaligini bilmay ichim deb, qornim deb charx tepkisini bosib umr o‘tkazmog‘im kerak? Axir, notanish hakim rezinka asbobini ko‘kragimga qo‘yib, salomatligimni tekshirib ko‘rmaguncha, men ichimda nima bor-nima yo‘qligini bilmayman-ku? Agar ichimda o‘rnashib olgan toliqishni qanoatlantirish uchun shu ishni qilayotgan bo‘lsam, yetar, bas, keragidan ham ortib ketdi. Butun vujudim bunga ortiq dosh berolmayapti. G‘ijj-g‘ijj… G‘ijj-g‘ijj… Oh, sira darmonim qolmadi, bir hovuch uvadaga aylanib qoldim”.
Ayol xira chiroqning shu’lasida o‘tirib, ko‘nglidan shu xayollarni o‘tkazib turganida yung tugab qoldi. Ayol teri qop ichidagi mashinaga “to‘xta!” deb buyruq beradi. Lekin — voajab — g‘ildirak to‘xtashni istamay, aylanaveradi. G‘ildirak yigirishni davom ettirmoq uchun iplarning uchlariga tegina-tegina shafqatsiz aylanmoqda edi. Yigiradigan yung tugagani ma’lum bo‘lgandan keyin ipning uchi kampirning barmoqlariga o‘ralib oldi. Shunda kampirning toliqish oqibatida uvadaga aylangan tanasi barmoqlarining uchidan boshlab titila boshladi va g‘ildirak yordamida yigirilgan ipga aylana boshladi. Ayol boshdan-oyoq butkul ipga aylanib bo‘lgandan keyingina g‘ildirak bir-ikki g‘ijirlab, nihoyat to‘xtadi.
“Sizlar ellik ming odamni ishdan bo‘shatib, ular uchun ham bizni ishlashga majbur qildinglar. Endi esa sizlarning sharmandagarchiliklaring to‘g‘risida ochiq gapirishga jur’at qiladigan odam qolmaganiga xursand bo‘lib, bizni yanada ko‘proq ishlashga majbur qila boshladinglar va oqibatda ellik million iyen foyda ko‘rdinglar. Shundoq bo‘lgandan keyin maoshimizni oshirish harakatiga tushinglar-da”.
O‘ttiz to‘qqiz yashar kampirning o‘g‘li ana shu varaqani tarqatgani uchun fabrikadan quvildi. U fabrikada qolgan sho‘rlik o‘rtoqlarining manfaatini o‘ylab, bugun uzzukkun gektograf uchun qog‘ozga shunday so‘zlarning shaklini chekib chiqdiki, bu so‘zlar ishchilarning qalblaridagi so‘nib borayotgan alangalariga kuch beradigan toza havo bo‘lmog‘i kerak edi. U kun bo‘yi zo‘r berib gektografning qulog‘ini aylantirdi. Bu ish butunlay holdan toyguncha davom etdi, so‘ng yarim yalang‘och gavdasining ustiga gazeta varag‘ini yopdi-da, charxning tepkisini g‘ijirlatib bosayotgan onasining oyoqlari yoniga cho‘zildi, endi ko‘zi ilingan ediki, charxning g‘ijirlashi boshqacha bo‘lib qolganini sezib, darhol ko‘zini ochdi va shu ondayoq qora libos tagidan chiqib turgan oyoq uchini ko‘rdi. Charxning kichik teshigi uni so‘rib, yamlab ketmoqda edi.
— Oyijon!
Yosh kampirning ancha yoshga borgan o‘g‘li panjalarini shu qadar qattiq qisdiki, hatto tirnoqlari ko‘karib ketdi. Shunda u qo‘qqisdan bir narsani esladi — har gal hatto xayoliga keltirishi mumkin bo‘lmagan narsa bilan uchrashganida, har gal hatto qalban his etmog‘ining imkoni bo‘lmagan narsaga duch kelganda u panjalarini mana shunday chalkashtirib o‘tirib olib, ularni obdon o‘ylab ko‘rardi, hammasini qalban his etishga harakat qilardi. So‘ng barmoqlari orasidan sirqib o‘tishi mumkin bo‘lgan narsalarning hammasini tugal his qilib bo‘lgach, u yana yotardi, lekin bu gal gazeta o‘rniga kampirning ish kiyimini yopib olardi. Mavjudlikning jismoniy qonuni shunaqa — u hech narsani o‘zgartirishga izn bermaydi, horg‘inlik dengizining to‘lqinlaridan qochib qutulishga yo‘l qo‘ymaydi. Oyoqlaridagi kishanlardan boshqa hech vaqosi bo‘lmagan bu yigit shu kishanlardan xalos bo‘lmog‘i zarur bo‘lgan bir sharoitda uxlamoqni ixtiyor etsa, unga hech narsa xalaqit bera olmasdi.
Ertangi kun qo‘shni ayolning qadam tovushlaridan boshlandi. Bu ayol ham faqirgina edi. U kecha kechqurun kampir yigirib qo‘ymog‘i kerak bo‘lgan iplarni olib ketgani kelgan edi. Erining bir o‘zi ishlab topgan pul besh kishilik oilani boqish uchun sira yetmaydi. Ayol olib ketgan iplaridan sviter to‘qib sotadi, shu bilan sal-pal tuzukroq kun ko‘rishadi.
— Onamiz uyda yo‘qmilar? Kallai saharlab qayoqqa ketdilarikin? Ipni ham yigirib qo‘ymaptilar. Ahvol chatoq-ku! Lekin men juda oshiqib turibman. Borini olib ketaveraman. Onangga aytib qo‘y.
Keksa yigit esnog‘ini bosib, yana panjalarini chalkashtirib o‘tirdi.
— Nazarimda, siz iplarni olib ketsangiz, ahvolingiz ancha nochor bo‘lib qoladi.
— Ahvolingiz nochor bo‘lib qoladi, deysanmi? Menga shunaqa tuyulyapti, deysanmi? Sening nazaringga g‘alati narsalar ko‘rinar ekan-ku! Sen nazaringda, ovqat o‘rniga havo yutib qorin to‘yg‘azish chorasini topganday bo‘lmayapsanmi? Faqat nazaringga ko‘rinayotgan narsalar to‘g‘risida jiddiy qiyofada gapirishga arzimaydi.
— Siz haqsiz, garchi siz buni tushunayotgan bo‘lmasangiz-da, ahvol chindan ham og‘ir.
— Bo‘lmasam-chi! Tushunganimda, bu yerga qadamimni bosarmidim? Sen yoshi o‘tinqirab qolgan ayolga ertadan-kechgacha gap otadigan yoshda emassan.
Uch kundan keyin kampirdan to‘qilgan sviter bitdi.
Ayol uni tugunga tugib, ko‘chaga chiqdi.
Fabrika joylashgan ko‘chaning muyulishida turib, u o‘tgan-ketganlarga yolbora boshladi:
— Akajon, shuni olib keting. Minba’d shamollash nimaligini bilmay o‘tasiz.
— Mana, qarang, hali tafti ketmagan.
— Ha, albatta, toza jundan to‘qilgan.
— Dehqonning xonadonida uning o‘z qo‘li bilan merinos qo‘ydan qirqilgan yungdan to‘qilgan.
— G‘alati-ya… buni kimdir kiyib-kiyib, yaqindagina ustidan yechganga o‘xshaydi-ku…
— Yo‘g‘-e, unaqa demang. Ko‘rmayapsizmi, yap-yangi-ku! Men uni yaqindagina to‘qib bitirdim.
— Balki yungiga ip aralashgandir?
— Beriroq kelib, qo‘lingiz bilan ushlab ko‘ring. Dehqon xonadonida uning o‘z qo‘li bilan tirik merinos qo‘ydan qirqib olingan yung…
— Bo‘lsa bordir… Ie, sviterdan g‘alati nag‘malar eshitilyaptimi? Eshityapsizmi? Nimalardir g‘ijirlayapti, faryod chekyapti, ma’rayapti. Tirik merinos qo‘yning yungidan tikkaning uchun shunday bo‘lmayaptimikin?
— Hazilingizni qo‘ying. Ehtimol, achigan loviya yeb to‘yib olgan bo‘lsangiz, sizning qorningiz g‘o‘ldirayotgandir?
Sviterning ichida kampir piqillab yig‘lamoqda edi. Sviterning ichida kampir ho‘ngrab yuborishdan zo‘r-bazo‘r o‘zini to‘xtatib turardi. Sviterga aylanib qolgan kampir ipga aylanib qolgan miyasi bilan fikrlar, ipga aylanib qolgan qalbi bilan his etardi.
Shu payt ayolning yoniga kampirning o‘g‘li keldi.
— Sotyapsizmi? Nazarimda, uni sotsangiz juda mushkul ahvolga tushib qoladigan ko‘rinasiz.
— Mushkul ahvolga tushib qoladigan ko‘rinasiz, deysanmi? Bekorlarni aytibsan. Savdo qilishimga xalaqit beradigan bo‘lsang, sening o‘zing mushkul ahvolga tushib qolishing aniq. Senga o‘xshagan biror yalangoyoq tepangda masxara qilib turganidan yomoni yo‘q…
— To‘g‘ri aytasiz. Axir, sviteringizni sotgani to‘qiganmisiz?
— Albatta-da! Agar uni o‘zi kiygani to‘qigan desangiz, juda ham adashasiz. Akajon, beriroq keling, mana, o‘zingiz ko‘ring. Xuddi sizga tikilganday. Qizlar ko‘rsa o‘lib qoladi. Buni kiygan odam hech qachon shamollamaydi.
Ammo anchagina vaqt o‘tdi-yu, xaridor topila qolmadi. Holbuki, sviter juda pishiq to‘qilgan edi. O‘ttiz yil mobaynida ayol barmoqlaridagi asablar go‘yo sviter to‘qiydigan juvoldizlarga ko‘chib o‘tganday edi. Buning ustiga, ayol juvoldiz ishlatishga juda mohir bo‘lib ketgandi. Sviter mavsumi ham avjida edi. Hademay qish boshlanadi.
Gap shunda ediki, tevarak-atrofdagilarning hammasi yalang qashshoqlar edi.
Ayol to‘qigan sviterni olishga muhtoj bo‘lgan odamlar juda qashshoq edi. Sviterni xarid qilishga qurbi yetadiganlar esa xorijdan olib kelinadigan yuqori sifatli kiyimlarni kiyadigan toifaga mansub edi. Shuning uchun ham oxir-pirovardida sviter lombardga tushdi — o‘ttiz iyenga garovga qo‘yildi. Hamma lombardlar allaqachon sviterlarga to‘lib ketgan edi. Shahardagi hamma uylarning tomlari ostida esa sviterlari yo‘q odamlar to‘lib-toshib ketgan.
Nima uchun odamlar sviterlar borasidagi bunaqa ahvoldan nolimaydilar? Nahotki, odamlar allaqachon sviter degan narsani butkul unutib yuborgan bo‘lsalar?
Qashshoqlik botqog‘iga botgan odamlar bochkaning tubida yotgan tuzlamalarni eslatadi — ularni charm qoplardagi tuzlangan baqlajonlar ezib tashlagan. Bu qoplarda ularning jismlari tajassum topgan, shu qopga ularning orzulari, qalblari, ardoqli ishtiyoqlari oqib tushgan. Ular xo‘jayinlaridan mahrum, qalin tuman yanglig‘ havoda suzib yurishadi. Agar biror kimsani sviterga o‘rash zarur bo‘lsa, ayni ana shularni o‘ramoq kerak. Sviter xarid qilishga imkon bermaydigan qashshoqlik odamlarni shu darajada nochor qilib qo‘yganki, ular sviter kiydirib qo‘yish kerak bo‘lgan jismlarini butunlay unutib qo‘yishgan.

Odamlar qashshoqlikdan qashshoqroq bo‘la boradilar.
Bunaqa bema’ni qashshoqlikning biron-bir sababi bormi? Sen o‘zing aslida nimasan? Qayoqdan kelib qolgansan?
Butunlay isitmaydigan, lekin guldor rasmlari bor, ingichka yungdan mashinada to‘qilgan xorijiy sviterlar kiyadigan toifaga mansub odamlar mulohaza yuritishadi. Harholda, sviterlar ham ko‘payib ketdi-da! Ehtimol, urush-purish qilish kerakmikin? Yo sviterlarni biron xorijiy mamlakatga sotgan ma’qulmi?
Quyoshning tizzasi bukilib ketdi, soyalar uzunroq va tussizroq bo‘lib qoldi — qish boshlandi. Bug‘lanib, ko‘kka o‘rlagan qalblar, orzular, ardoqli istaklar badqovoq bulutlarga aylanib, kun-bakun quyosh nurlarini to‘sib, o‘tkazmay yotishardi. Shuning uchun ham boshlangan qish juda sovuq keldi.
Yaproqlar uzilib tushdi, qushlar patlarini yangilashdi, yer shisha oynadek silliq sirpanchiq bo‘lib qoldi. Odamlar bukchayib qolishdi, ularning burunlari qip-qizarib ketdi, so‘zlari va yo‘tallari oppoq sovuq hovurga aylandi, ba’zan bu hovurni tamaki tutuni deb o‘ylash mumkin edi. Shunaqa deb o‘ylagan o‘qituvchilar o‘quvchilarini, xalfalar esa shogirdlarini darra bilan savalashdi. Qashshoq odamlar kech kirib, qorong‘i tushishidan bezillab qolishgan, ular tong otishidan ham qayg‘uga tushardilar. Xorijda ishlab chiqarilgan sviterlar kiyadigan erkaklar ov miltiqlariga ruju qo‘ydilar, xorijda ishlangan sviterlar kiyadigan ayollar qimmatbaho mo‘ynalarga o‘ranib, kun davomida o‘ttiz martadan ko‘zgu oldida aylana boshladilar. Chang‘ichilar mumlarini eritishga kirishdi, konki uchadiganlar konkilarini charxlaydigan asbobga moy surdilar.
So‘nggi qaldirg‘och uchib ketdi, muyulishda turadigan ko‘mirfurush bozorining yurishib ketganidan mamnun bo‘lib, kaftlarini bir-biriga ishqay boshladi.
Metereologiya qonunlariga ilova tarzida bularning barini ichidan ham, tashidan ham o‘sha bulutlar sovutib yubordi. Bu bulutlar o‘ziga orzular, qalblar va ardoqli istaklarni singdirib olgan o‘sha bulutlar edi. Ular muzlab qolib, qor uchqunlariga aylandilar. Nihoyat, bir kuni ular qorga aylanib, yerga yog‘a boshladilar.
Sinchiklab qaralsa, bir narsani ko‘rish mumkin edi: qor hammayoqni shu qadar to‘ldirib yog‘moqda ediki, samoning o‘zi yerga oqib tushyapti deb o‘ylash mumkin edi. Qor shahar hayotining hamma tovushlarini yutib yubormoqdaydi. Oraga cho‘kkan o‘lik sukunatda faqat tunga boribgina qor uchqunlarining bir-biriga ishqalanishidan chiqqan tovush g‘ira-shira quloqqa chalinardi. Bu tovush — ovoz yutadigan uskunalar o‘rnatilgan ulkan xonadagi kichkinagina — zig‘irday keladigan qo‘ng‘iroqchaning sadosiga o‘xshardi. Orzular, qalblar, ardoqli istaklar muzlab, qotishidan tashkil topgan qor, tabiiyki, odatdagi qordan farq qilar edi.
Kristallashish hayron qoladigan darajada keng qamrovli, murakkab va go‘zal bo‘lgan edi. Ba’zi bir uchqunlar xuddi benihoya nozik did bilan jilo berilgan chinnidek sovuq oq rangda, boshqalari baayni fil suyagining bag‘oyat yupqa qilib kesib olingan parchasidek xira-oqish rangda, uchinchilari yupqa sadaf siniqlarini eslatuvchi tovlanadigan oq rangda edi. Ularning ba’zi birlari ko‘rinishlaridan bir-birlari bilan o‘ttizta qilich orqali tutashtirilgan, ba’zi birlari — aralash-quralash bo‘lib qalashib ketgan planktonlardan iboratday ko‘rinadi, yana bir xillari esa o‘zimizning oddiy qorimiz zarralari bo‘lib, xuddi birov chiroyli qilib yasab qo‘yganga o‘xshab ko‘rinadigan sakkiz qirrali parchalardan iborat edi.
Qor suyuq havodan ko‘ra sovuqroq edi, ba’zan unga tushgan qor zarrasi tutaganday hovur chiqarib erib ketardi. Qor bag‘oyat qattiq edi. Mabodo uning zarralari tig‘ shaklida kristallashganda, u bilan bemalol soqol olsa bo‘lardi.
Ustidan mashina yurganida qor nafaqat erirdi, balki, aksincha, takroran muzlash printsipiga amal qilib keskin chiyillagan ovoz chiqarib, g‘ildirak rezinkasini kesardi. Mavjud narsa deb aytish mumkin bo‘lgan mavjud narsalarning deyarli hammasi bu kristallarni parchalashga urinib ko‘rishdan oldinoq o‘zi qirqilib, mayda-mayda bo‘lakchalarga ajrab ketardi, bu kristallarni eritishga intilmasdan oldinoq o‘zi muzga aylanib qolardi.
Bu sovuq to‘g‘risida hikoya qilib bermoq uchun nimani misol qilib keltirsa bo‘larkin? Har tomonini sovuq muz qoplagan bog‘da Verlenga amal qilib yonoqlarini yonoqlariga qo‘yib turgan oshiq-ma’shuqlarning qizigan chehralariga qo‘ngan qor uchqunlarini aytaymi? Baayni Dali qalamiga mansub rangdor siymolarga o‘xshab ikki kishi qimir etmay, bir-biriga qapishgancha qotib qolgan. Yoki g‘alati bir isitma olovlarida to‘lg‘anib, o‘lim to‘shagida oh-zor chekib yotgan peshonasiga tushgan qor zarrasini gapiraymi? Hayot bilan o‘lim oralig‘ida yotgan bu bemor na u, na bu tomonga yo‘naldi. Yo devordagi yorug‘ orqali bir gadoning zo‘r-bazo‘r lipillab yonib turgan pechkasi ustiga tushgan qor zarrasi haqida so‘zlab beraymi? Pechkadagi alanga xuddi shishadan yasalgan kabi qotdi-qoldi.
Kunma-kun, oyma-oy, yilma-yil uzluksiz qor yog‘averdi, yog‘averdi, go‘yo bu Ford zavodining konveyeri edi. Qor go‘yo biror qo‘rg‘oshin taxtasini dukillatayotganday gupillab, tinimsiz yog‘ardi.

Ko‘cha bo‘yida o‘sgan daraxtlar butog‘iga,
Pochta qutilari ustiga,
Qaldirg‘ochlarning kimsasiz inlariga,
Tomlarga,
Yo‘llarga…
Bo‘tana suvli ariqlarga,
Quduqlar qopqog‘iga,
Anhorlarga,
Po‘lat ko‘priklarga,
Tunnellarning og‘izlariga,
Dalalarga,
Tovuqxonalarga,
Ko‘mirfurushlar kulbalariga

Va yana sviterlar saqlanadigan lombardlarga yog‘moqda qor.

Yoqqan qorlar ustiga yana qorlar kelib tushardi, ko‘chalar uyum-uyum qor tepalari bilan qoplandi. Bir necha kun, balki bir necha soat qor bo‘ralab yoqqandan keyin qimir etmay, harakatsiz qotib qoladi, go‘yo kino qo‘yadigan uskunaning mayda tishli g‘ildirakchalari qayilib qoldi deb o‘ylash mumkin. Minkovskiy kengligidan vaqt o‘qi g‘oyib bo‘lib qoldi. Endi yog‘ayotgan qorga qarshilik ko‘rsatib, yolg‘izgina tekis taxta shaklidagi kenglik harakat qilmoqda edi.
Belida osilib turgan qutichaga nonushtasini solib olgan ishchi gavdasining yarmini eshikdan chiqarib, osmonga qaradi va qimir etmay turib qoldi. Maydonchada o‘ynab yurgan bola osmonga irg‘itgan koptok go‘yo ko‘zga ko‘rinmas to‘rga ilinganday osmonda muallaq turib qoldi. Boshini egib, sigaretini tutatib olmoqchi bo‘lgan yo‘lovchi izg‘irinda ushikib qoldi. U qo‘lida ushlab turgan gugurt cho‘pining alangasi xuddi shishadan yasalgandek qimir etmasdi. Zavodlarning ulkan mo‘rilaridan qora choyshabga o‘ranib olib, sho‘xlik qilayotgan shaytonbachchalardek, xuddi suvda qotib qolgan jelyatindek osmonda muallaq turardilar. Havoda sovuq qotib zoldirga aylanishga ulgurmagan chumchuq yerga yiqilib, elektr lampochkasiday chil-chil bo‘ldi.
Va bularning bari yana qor bilan qoplandi. Simob ustuni tobora pastga tushib borardi, natijada uning ortiq tushadigan joyi qolmadi, harorat o‘lchagichning o‘zi esa deyarli bir xil haroratni ko‘rsatadigan ahvolga kelib qoldi.
O‘qtin-o‘qtin ko‘chalar uzunasiga ham, ko‘ndalangiga ham yoriqlar bilan qoplanib turar, u yer-bu yerda tez-tez qor to‘zonlari ko‘tarilib turardi. Biroq ular ham bir zumda tinar, o‘rinlarida esa qor uyumlari hosil bo‘lardi.
Ammo boshida ba’zi bir oilalar muzlab qolish xavfidan xalos bo‘lishga muvaffaq bo‘ldilar. Bular xorijiy sviterlar kiyib yuradigan oilalar edi. Xorijiy sviterlarning o‘zida bunga yordam beradigan hech vaqo yo‘q edi, bu oilalar qashshoq bo‘lmaganlari uchun qorning og‘irligidan ularning uylarining tomi bosib qolmadi, ularning pechkasidagi olov hamisha lang‘illab yonib turardi. Ammo ular ham bora-bora oziq-ovqat mahsulotlari saqlanadigan peshtaxtalarning bo‘m-bo‘shligi tahdidli tus olayotganini sezmasliklari mumkin bo‘lmay qoldi. Chirsillab yonib turgan pechka tevaragida o‘tirib olishib, bir-birlarini kuzatishib, kim qancha ovqat yeyayotganini chamalab o‘tirishardi. Keyin ko‘mirning kamchiligi sezila boshladi, ular divanlardan yog‘och stullarga, yog‘och stullardan mandarin solingan yashiklarga, mandarin solingan yashiklardan polga o‘tishdi. Endi ular taxtalarni birin-ketin poldan ajratib ola boshlashdi. Elektr chiroqlar kerosin chiroqlari bilan almashdi, kerosin chiroqlari o‘rnini shamlar egalladi. So‘ng butunlay zulmat ichida o‘tiradigan bo‘lishdi. Ipakdek yumshoq mo‘ynalarga burkangan xonimlar ozib-to‘zib ketgan tulkilarga aylandi, bankdagi hisob daftarlarini o‘ylab turib, ov miltiqlarini tozalaydigan zodagon janoblar tulagan, bod kasaliga duchor bo‘lgan itlarga aylanishdi, ularning detektiv romanlarni o‘qiyverib, kallasi shishib ketgan talaba o‘g‘illari haqiqiy gangsterlarga aylanishdi va to‘pponchalar bilan qurollanib, onalarining yotoqlarida yashirib qo‘yilgan konservalarni o‘g‘irlashdi. Avvallari derazalardan oqsochlariga qattiq dashnom berayotgan uy bekalarining ovozi, qartada omadi kelib yutib olganlarning shodon xitoblari eshitilib turardi. Endi esa chiroqsiz, qorong‘i derazalardan so‘kishishlar, baqirib-chaqirishlar, og‘ir buyumlarning gursillab tushgani, gazmollarning tar-tar yirtilgani, o‘lim oldidagi nola-fig‘onlar eshitiladi, xolos.
Oila boshliqlari xonani elektrostantsiyalarning quvvati bilan ishlaydigan radiotelefonlar orqali uzluksiz jazavaga tushib mashvaratlar qilishadi va oqibatda xorijdan yordam so‘ramasak bo‘lmaydi, degan xulosaga kelishadi.
Ular jo‘natgan radiogrammalarga shunday javob keldi: “Yana besh ming dona g‘oyaviy qora-oq chiziqlarning surati tushirilgan yangi sviterlardan xarid qiling. Ellikta atom bombasi masalasiga nima deysizlar?”
Endi har bir odamga oddiy ko‘z bilan qaraganda ham ravshan bo‘lib qoldi: xohlaysanmi-yo‘qmi kambag‘allarni mehnat qilishga, zavodlarni ishlashga majbur qilib, urush boshlashga to‘g‘ri keladiganga o‘xshaydi.
Shunda ancha-muncha dono bir odam bir nechta tayoqni bir-biriga ulab, uchiga egilgan temirni qotirib bog‘lapti va ilmoqqa o‘xshagan bu asbobini derazaning yorug‘idan o‘tkazib, tashqarida muzlab qolgan yo‘lovchini tortib olmoqchi bo‘lipti. Xorijiy sviter kiyadigan oila a’zolari ko‘z ochib yumguncha o‘zaro g‘alvalarini to‘xtatishib, nafas ham chiqarmay durbinlarga va radiotelefonlarga yopishiptilar. Ammo yo‘lovchi miq etgan ovoz chiqarmay chil-chil bo‘lib sinib ketipti.
O‘z-o‘zini barbod etish jazavasining so‘nggi portlashi. Ichidagi murvati singan qo‘g‘irchoq. Ma’nisiz moddiyunlikka qaytishning eng qisqa yo‘li. Qilinishi zarur bo‘lgan so‘nggi oqilona narsa — derazani ochib, qo‘lini tashqariga chiqarish va o‘zini bir bo‘lak muzga aylantirish bo‘lib tuyulgandi.
Ammo eng g‘alati joyi shunda ediki, endi — jamiki mavjud narsa muzlab qolishi kerak bo‘lgan bir sharoitda hamon avvallari qanday yashagan bo‘lsa, shu tarzda yashashni davom ettirayotgan kalamush qolgan edi. Kalamush kampirdan to‘qilgan sviter yotgan o‘sha lombardda yashardi. Hademay kalamushning bolalari tug‘ilmog‘i kerak edi. U ana shu bolalariga inni nimadan yasashini bilmay yurgandi.
Odamlarga bir narsa xos — ular eng ehtirosli istaklarining amalga oshishiga xalaqit beradigan qashshoqlik nima ekanini bilishmaydi. Kalamush ham bundan bexabar holda bir lahza ham ikkilanmay o‘sha ajabtovur sviterdan foydalandi.
Sviterni egallab olib, uni tishlari bilan tilka-tilka qila boshladi.
Birdan kalamush hosil qilgan yirtiqdan qon ko‘rindi. Kalamushning tishlari tasodifan ipga aylanib qolgan kampirning yuragiga sanchilgan edi. Kalamushning bundan xabardor bo‘lishi mumkin emas edi, shuning uchun u jontalvasasida iniga qochib ketdi va bola tashlab qo‘ydi.
Kampirning qoni sirqib yotardi. Oradan ko‘p o‘tmay polning hammayog‘i qon bo‘lib ketdi, sviter esa o‘z qonidan qip-qizil rangga bo‘yaldi.
Qo‘qqisdan qor yog‘ishi to‘xtadi. Sovuq o‘zining eng avj nuqtasiga chiqqan bo‘lsa ham ajab emas. Qor yarim yo‘lda muzlab, yog‘olmay qolgandir.
Ana shunda sviter hali uyib ulgurmagan qizil qonini yaltiratib, poldan yengilgina ko‘tarildi. Uni ko‘zga ko‘rinmas odam kiyib olganday tuyulardi. Sviter sirg‘alib tashqariga chiqdi. So‘ng harakatsiz qor bilan qoplangan bo‘shliq qo‘ynida beozorgina suzib ketdi. Bu bo‘shliq qo‘ynida tunni kundan ajratishning iloji yo‘q edi.
Kampirdan to‘qilgan sviter qorda yotgan yigitga ro‘para keldi. Bu — kampirning o‘g‘li edi. U zavod darvozasi oldida qo‘ltig‘iga qistirib olgan varaqalarini ichkaridan chiqayotganlarga tarqatayotgan holida muzlab qolgan edi.
Sviter uning qarshisida to‘xtadi. So‘ng yonida turgan ko‘rinmas odam sviterni yigitga kiygazib qo‘yganday bo‘ldi. Sviter yigitning tanasiga yopishib, tarang turardi. Yigit to‘satdan mijja qoqa boshladi. Keyin boshini astagina o‘ngga, so‘lga burdi, keyin sal-pal qimirlab qo‘ydi. Hayron bo‘lib, tevarak-atrofiga alangladi, keyin nigohi o‘zining ustidagi qizil sviterda to‘xtadi. Qo‘qqisdan yigit o‘zini shoir deb his qildi va mamnun jilmaydi.
Yigit hovuchiga g‘ijirlab turgan qorni to‘ldirib, anchagacha unga tikilib qarab turdi. Yigit hatto hovuchida qorni ko‘tarib turganida ham muzlab qolmadi. Yoki u qordan ham sovuqroq bo‘lib qolgandir. Uning ko‘zlari chaqnardi. U qorni bir kaftidan ikkinchi kaftiga oldi va qor go‘yo qor emas, iliqqina yoqimli qumdek uning qo‘lini jarohatlamadi. Ehtimol, uning qo‘lining terisi po‘latday mustahkam bo‘lib qolgandir? U xayolchan boshini egdi. Uning qiyofasini o‘zgarishga olib kelgan yo‘lni eslab ko‘rish kerak.
U peshonasini tirishtirib, eslashga harakat qildi. U eslashi zarur bo‘lgan narsa borligini bilar edi. Hatto muzlab qolganida uzilish sodir bo‘lgan bo‘lsa hamki, harholda, bu har bir qashshoq odamga ma’lum narsa edi. Bu qor qayoqdan kelib qoldi?
Bu savolga javob berolmagan taqdirda ham, loaqal uni his etishga muvaffaq bo‘ladi-ku! Qara-chi, ana shu hayron qolarli darajadagi katta, murakkab va go‘zal qor zarralari kambag‘allar unutib qoldirgan so‘zlar bo‘lmasin, tag‘in. Orzular… qalblar… ardoqli istaklar kristallari… Olti burchakli, sakkiz burchakli, o‘n ikki burchakli gullar. Ular gullardan ham go‘zalroq. Ular kambag‘allar qalblarining unsurlari joylashgan moddiy qurilmalar…
Kambag‘allarning so‘zlari g‘oyatda ulkan, murakkab va go‘zal, buning ustiga, ular tabiiy, tugal shaklga kirgan, geometrik jihatdan oqil so‘zlar. Faqat qashshoqlarning qalbigina kristallashishi mumkinligi g‘oyatda tabiiy holdir.
Qizil sviter kiygan yigit ko‘zlari bilan qorning so‘zlarini tinglardi.
U qo‘ltig‘iga qistirib olgan varaqalarning orqa tomoniga qorning so‘zlarini yozib qo‘yishga jahd qildi.
U bir hovuch qorni olib, osmonga uloqtirdi — qor jaranglab ko‘kka uchdi va pastga enayotganida yana jaranglab, “Sviter! Sviter!” dedi. Yigit kulib yubordi. Uning qalbi mayin va nurli ohang bo‘lib, jinday ochiq turgan lablari orasidan sirg‘alib chiqdi-da, yuksak ko‘k bag‘riga singib ketdi. Tevarak-atrofida yotgan jamiki qor go‘yo unga javob berganday aks-sado berdi: “Sviter! Sviter!”
Yigit har bir qor zarrasini sinchiklab, bittama-bitta ko‘zdan kechira boshladi.
U so‘zlarni yozib ola boshladi, ularni ta’kidlab belgilab qo‘ydi, tahlil qildi, statistika ma’lumotlarini keltirdi, chizmalar chizdi va yana quloq sola boshladi. Hamon uning qulog‘iga qorning tovushlari chalinib turardi. Bular qashshoqlarning tovushi bo‘lib, bu tovushlarda ularning orzulari, qalblari va ardoqli istaklari ifodalangan edi. Yigit ajabtovur bir g‘ayrat bilan uzluksiz mehnat qilardi.
Bularning bari davom etar ekan, qor asta-asta eriy boshladi. Aftidan, yigitga hamma gapini aytib bo‘lgan qorning mavjud bo‘lishiga ortiq ehtiyoj qolmagandi. Avval hatto pechkadagi olovni sovutib muzga aylantirib yuborgan qor hikoyasini tugatib, odatda, qora zaminga qo‘nib ulgurmasdan erib ketadigan navbahor qoridek g‘oyib bo‘lgan edi.
Ha, haqiqiy bahor boshlangan edi. Bahor yigitning qo‘lidagi bir dasta qog‘ozni yilnoma deb o‘ylab, shitob bilan yaqinlashib kela boshladi.
Go‘zal kunlardan birida quyosh sho‘x boladay pag‘a-pag‘a bulutlarning oralaridagi o‘yiqlardan qo‘lini chiqardi. U bir zamonlar kimdir unutib qoldirgan sharobli ko‘zachaning tagidagi oltin uzukni chiqarib olganday, shaharni uyqudan uyg‘otdi.
Harakat boshlandi. Chala falaj odamlar gandiraklab chiqib kelishdi. Ular yigitni ko‘rib, xursand bo‘lib jilmayishdi va unga qo‘llarini cho‘zishdi. Ular yigitga qo‘llarining uchini tegizishib, “Sviter” deb shivirlab, nari ketishardi. Oradan hech qancha vaqt o‘tmay, uning tevaragida yangi va yangi odamlar juda ko‘payib qoldi. Ular butun shahardan yig‘ilib kelgandi. Ular yigitga qo‘l uchini tegizib, “Sviter” deyishardi-da, jilmayib tarqalishardi.
Hamma joyda shunday manzarani kuzatmoq mumkin edi: egasiz qolgan omborlarning eshiklari lang ochilib ketdi va ulardan son-sanoqsiz, ko‘pdan-ko‘p sviterlar chiqib kela boshladi. “Sviter” — navqiron kuchga to‘la bu shodiyona madhiya bahor elchilariga — zalvorli qora zaminga, endigina oyog‘i chiqqan uch yashar go‘dakdek beso‘naqay yugurayotgan jilg‘aga, u yer-bu yerda orolchaday saqlanib qolgan qorlar orasida ko‘zga tashlanadigan och yashillikka xitob qilib, zo‘r qudrat bilan yangrardi. Garchi bahor kelgan bo‘lsa-da, sovuq kunlarda qashshoq odamlar sviter kiyib yurmoqlari mumkin edi — bularni ko‘rish g‘oyatda go‘zal emasmi, axir?
So‘nggi qorlar ham erib bitdi, yigitning ishlari ham nihoyasiga yetdi. Zavod mo‘rilaridan gudoklar yangradi. Uning tevaragida ustiga sviter kiyib, jilmayib ishga ketayotgan odamlar juda ko‘p edi. Yigit ularning salomlarini qabul qilar ekan, yozib tugatgan she’rlari to‘plamining so‘nggi sahifasini yopdi.
Va shu lahzaning o‘zida to‘plam sahifalariga singib, g‘oyib bo‘ldi.

Ozod Sharafiddinov tarjimasi.
M: «Jahon adabiyoti» jurnali, 2003 yil, 12-son

Асар асосида режиссёр Кихатиро Кавамотонинг анимацион фильмини кўриш учун ёзувни босинг.

09

(Tashriflar: umumiy 2 968, bugungi 1)

Izoh qoldiring