Nazar Eshonqul. Ozod qushlar & Qora kitob. Qissa

011 Истеъдодли ёзувчи Назар Эшонқулни туғилган куни билан қутлаймиз

Ҳаёт мўъжизалардан иборат эканлигига сен ҳам ишонардинг. Сен ҳам бу асрдан мўъжиза кутиб яшардинг. Ҳолдан тойиб ишдан қайтар экансан, кичкинагина мўъжаз уйингда тўшакка чўзилганча, ёлғизлик салтанатидай кўримсиз, ҳувиллаган хонангда қандайдир мўъжиза рўй беришини кутиб яшардинг.

Назар Эшонқул
ОЗОД ҚУШЛАР
04

08Назар Эшонқул 1962 йили Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. 1979 йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида (1981–1986) ҳамда шу университет аспирантурасида (1986–1991) таҳсил олган. Шундан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, “Ёзувчи” газетасида, “Жаҳон адабиёти” журналида ишлади. 1997 йилдан буён Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритиб келади.
Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йили эълон қилинган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо қўшиқ» (1989), «Маймун етаклаган одам» (2001), «Шамолни тутиб бў​лмайди» (2004) ва бошқа асарлари нашр этилган. Жаҳон адабиётининг жуда кўп намуналарини, шу жумладан, Хуан Карлос Онеттининг ҳикоялар ва қиссаларини, Альбер Камюнинг эсселарини, Антон Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ў​збек тилига таржима қилган.

04

Ҳаёт мўъжизалардан иборат эканлигига сен ҳам ишонардинг. Сен ҳам бу асрдан мўъжиза кутиб яшардинг. Ҳолдан тойиб ишдан қайтар экансан, кичкинагина мўъжаз уйингда тўшакка чўзилганча, ёлғизлик салтанатидай кўримсиз, ҳувиллаган хонангда қандайдир мўъжиза рўй беришини кутиб яшардинг. Бу мўъжиза бир неча дақиқадан сўнг юз берадигандай ўз хаёлларингдан ўзинг лаззатланардинг. Сен мўъжизасиз ҳам бахтли эдинг. Ер юзидаги миллионларча одамлардек осойишта ҳаёт кечирардинг. Ҳар ҳафтанинг сўнггида ўртоқларинг билан чойхоналарга, истироҳат боғларига борардинг. У ердан кайфиятинг кўтарилиб баҳри-дилинг очилиб қайтардинг. Бироқ негадир ўз ҳаётингни ўзгартирадиган, шавқу завқ олиб келадиган мўъжиза кутиб яшардинг. Бу мўъжиза гоҳ гўзал бир қиз, гоҳ лоторея ютуғи қиёфасида, гоҳ қандайдир ўзинг ҳам билмайдиган қиёфада кўз олдингда намоён бўларди. Бироқ мўъжиза сенинг хонангга тўсатдан кириб келишини, бутун ҳаётингни остин-устун қилиб юборишини ҳали билмасдинг. Сен ҳаётингдан ва хаёлинг жомидан тўкиладиган шаробдан масту мустар эдинг.

Ўша кун сен ишдан яёв қайтдинг. Кўчада бўлажак аёз кунларнинг элчиларидай изғирин изғиб юрар, сенинг ёноқларингни, бурунларингни чимчилаб ўтарди. Ундан ўзингни ҳимоя қилиш учун қунишиб олгандинг. Тезроқ уйга етиб олиб, иссиқ хонангда мириқиб чой ичишни кўз олдингга келтириб, тезроқ юришга ҳаракат қилардинг, изғиринни худди ўткир қиличдай тилимлаб кетиб борардинг. Ўз кўчаларингга бурилганингда сен сал олдинроқ кетаётган қизил пўстинли, сочи елкасига ёйилган, бўйчан жувонни кўриб қолдинг. Бу кўчада яшайдиганларнинг барини деярли танирдинг. Дуркун оёқлари, бежиримгина тебранаётган елкаларига қараб жувоннинг ҳали жуда ёш эканлигини ҳис этдинг. Кўчада икковингдан бўлак ҳеч зоғ йўқ эди. Кайфиятинг чоғ эди. Шу сабабли аёл билан бемалол суҳбатлашишинг мумкин эди. Тез-тез қадам ташлаб, аёлга етиб олдинг, сўнг у билан ёнма-ён кета бошладинг. Шундагина аёлнинг ҳаддан таддан ташқари гўзал эканлигини билиб қолдинг. Аёл сенга бир қаради-ю, индамай кетаверди. Унинг кўзлари гўзал, жодули эди. Елкасига ёйилган сочлари худди қоядан тўкилаётган селдай силкиллаб турарди. Аёл сени батамом мафтун қилиб қўйган эди. Изғирин эса сенга рашки келгандай юзларингни тинмай чимчилар, аёлнинг эса оппоқ тиззаларини кўз-кўз қилиш учун этакларини очиб юборарди. Аёл сенга қарамай, дарҳол этакларини ёпар, сен унинг эндигина оқариб келаётган тонг шафағидай билинар-билинмас қизариб кетганини кўриб қолардинг. Аёлнинг лаблари изғирингга жаҳл қилиб титраб кетар экан, негадир бу сенга хуш ёқарди, аёл сенга осмондан юборилган туҳфадай, беихтиёр завқинг келиб, жилмайиб қўярдинг. Сен аёлнинг бу шаҳарлик эмаслигини сезгандинг; аёлнинг юзи сўлим, тиниқ ва оппоқ эди. Кўнглингда меҳмонни кўрганда туғиладиган мезбонлик туйғулари жўш уриб кетганди. Аёл бизнинг кўчага адашиб кириб қолган бўлса керак деган ўйга боргандинг.

– Бу ерлик эмассиз, чоғи, – дединг томдан тараша тушгандай, тўсатдан, сирли қалъадаги қўшинни чамалаб кўраётган маккор лашкарбошидек синовчан оҳангда.

– Йўқ, шу ерликман, – деди аёл йўлида давом этар экан, сўнг сенга қараб, майингина жилмайиб қўйди. Сен аёл ҳазиллашяпти, деб ўйладинг. Бироқ аёл жуда жиддий ва қатъий оҳангда гапираётган эди; у бу кўчани кўпдан бери биладигандай эркин ва хотиржам кетиб борар, муюлишлардан ҳам чалғимай ўтарди. У ростдан ҳам аниқ мақсад билан кетаётган сирли қўшинга ўхшарди.

– Унда бу кўчада турмасангиз керак, – дея саволингни дарров ўзгартирдинг.

Бу орада сен яшайдиган уйга яқинлашиб қолгандиларинг. Шу сабабли аёлдан ажралиб қоладигандай безовта бўла бошлагандинг. Вужудингга аёлнинг гўзал кўзларидан сен кўпдан бери кутган ва ҳар кеча ўйлайдиган қизнинг соғинчидай ширин бир орзиқиш оқиб кирганди.

– Йўқ, шу кўчада яшайман, – деди аёл ва шу сўзлари билан сени бутунлай янчиб ташлагандай кибрли назар ташлади.

Ўзинг яшайдиган уйга бурилар экансизлар, яна сўрадинг:

– Қизиқ, мен ҳеч кўрмаган эканман-да, сизни.
– Мен ҳам, – деди аёл.
– Яқинда кўчиб келдингизми?

Аёл энди сенга хўмрайиб тикилди. Хўмрайиш ортида яна қанча саволлар берасиз, бунча шилқим бўлмасангиз деган нозли бир эркалаш бор эди.

– Мен шу ерда туғилганман. Ота-онам ҳам шу ерда яшашган.

Сен батамом тонг қола бошладинг. Бу маҳаллада фақат ўзинг танийдиганлар яшайди, деб ўйлардинг. Бу кўчада этикдўз иккита жуҳуддан бошқа биронта ҳам ўзга кишиларни кўрмаган эдинг. Кўчадагиларнинг ҳаммаси сенга таниш эди. Бироқ аёлнинг ота-оналарини эслай олмадинг. Зотан бу кўча сени ва сенинг болалик тасаввурингни серямоқ этагига солиб катта қилган қадрдон кўча эди. Сен уйинг рўпарасига келганда таққа тўхтадинг ва аёлдан ажралгинг келмай, уни уйга таклиф қилмоқчи бўлдинг. Бироқ аёл ҳам сен баробари тўхтади ва сенга ҳайрон бўлиб тикилиб, сумкасидан нимадир излай бошлади.

– Мана шу менинг уйим, – деди аёл ҳам тантанавор, ҳам хайрлашган оҳангда.

Сен жилмайдинг. Аёл сени яшайдиган бу уйни билади ва ҳазил қиляпти, дея ўйладинг. Лекин аёлнинг ҳаракатлари қатъий эди. У ростдан шу уйда яшайдигандек тутарди ўзини. Шунда эсингга ҳамиша бирон ғаройиб воқеалар ўйлаб юрадиган ошноларинг тушди ва даъфатан миянгга аёлни тағин улар жўнатган бўлмасин, деган фикр келиб қолди. Аёлнинг кўзларидан ҳозиргина отилиб, кейин сочилиб кетадиган ҳазилнинг кўринишларини излай бошладинг. Бироқ аёл ҳамон жиддий, афтидан, ҳечам ҳазиллашгиси келмаётгандай сенга синовчан тикилиб турарди. Унинг кибрли ва мафтункор кўзларидан, чиройли, оппоқ юзларидан, заҳархандалик билан қимтиб олган лабларидан атрофга ёт бир малоҳат тараларди. Аёл сумкасидан худди сенинг қўлингдагидек калит чиқариб, эшикни оча бошлагач, бир зум эсанкираб қолдинг.

– Кечирасиз, – дединг иложи борича қувноқ товушда. – Мен ҳам шу уйда яшайман.

Аёлнинг кўзларида ҳайрат ва ғазаб жилваланди. Сўнг буларнинг ўрнида қаҳр ўйноқлай бошлади. У сени қандайдир кўча шилқими деб ўйлаётган эди. Унинг кўзларидан бу фикрни уқиб олдинг-у, хўрлигинг келди.

– Агар ишонмаётган бўлсангиз, мана, марҳамат қилинг.

Сен уни четга суриб, ўз калитинг билан эшикни очдинг. Энди аёл сенга қизиқсиниб, бир эшикка, бир қўлингдаги калитга қараб қўйди, ниманидир ўйлаб, сенга шубҳа билан тикилганча туриб қолди.

— Балки ўғридирсиз, – деди соддалик билан деярли шивирлаб. – Бекор қиласиз, бизникида ўғирлашга арзийдиган нарсанинг ўзи йўқ.

– Қани эди, – дединг ўзингни қувноқ тутиб, – балки ростдан ҳам ўғридирман. Бироқ бу уй менга отамдан, отамга эса отасидан қолган.

– Менга ҳам отам-онамдан қолган, -деди аёл. – Уларга ҳам отасидан қолган.

– Уч хоналими? – деб сўрадинг сен хаёлингга келган режада бирдан қувониб, аёлни синаш учун.

– Ҳа, уч хона, ундан ташқари – айвон, ошхона, кўмирхона, қазноқ бор.

Сенинг ҳайратинг кўнглингда шубҳага айланаётган эди. Агар ҳозир отанг тирилиб келди, деса ҳам бунчалик ҳайратга тушмасдинг. Аёл сен яшайдиган уйни беками-кўст тасвирлаб берганди. Сен энди аёлга шубҳаланиб тикилиб қолдинг. Балки, бу аёл эмас, қандайдир инсу-жинсдир? Сен ҳеч қачон жинларга ва ажиналарга ишонмасдинг. Бироқ ҳозир ишонгинг, тавба қилгинг келарди.

– Қизиқ, – дединг сен сўлғинлик билан, – балким, меҳмонхона деворига тоғнинг сурати солингандир?

– Бўлмасам-чи,- деди аёл. – Гуллар очилиб ётган тоғ этагининг сурати бор.

– Девордаги суратчи? Кимники. У одамларни ҳам танирсиз?

– Ҳа. У ерда ота-онамнинг сурати осилиб турибди.

– Ётоқ деворига қизил гилам осилган бўлса керак?

– Тўппа-тўғри, отамга ўртоғи совға қилган.

Сен ҳайратдан ўкириб юбораёздинг. Аёл сенинг уйинг ва сенинг отанг ҳақида гапирмоқда эди. Сен мўъжизага ишонардинг-у, бироқ мўъжизанинг бу тариқа ташриф буюришини сира ҳам хаёлингга келтирмагандинг. Мўъжиза ҳам худди аёллар каби маккор бўлиши мумкинлигини сен ҳали билмас эдинг.

– Сиз қаердан биласиз? – дея сўради аёл ҳам энди сенга ажабланиб тикилиб.

– Ахир мен шу уйда яшасам, қандай билмаслигим мумкин? – бақириб юбординг сен бироз асабийлик билан.

Изғирин гоҳ сенинг, гоҳ аёлнинг юзида ўйноқларди. Аёлнинг этакларини кўтарар, сенинг ёқангни ҳилпиратиб, жиғингга тегарди. Сен жуда ҳам совуқ қотдинг.

– Балким уйга кирармиз, – дединг сен аёлга ер депсинганча, – оёғим қақшаб кетяпти.

– Меники ҳам.

Иккаланг ҳам ҳар куни кириб-чиқиб турадиган йўлак бўйлаб, сўнг зинадан кўтарилиб, айвонли уйга кирдиларинг. Сен туғилганингдан бери юравериб, кўзингни юмиб ҳам топишинг мумкин бўлган уйда биринчи марта сени ёт бир аёл бошлаб борарди. Сенга қадрдон бўлиб қолган ҳовлига, икки туп ўрикка, кичикинагина гулзорга, тунука ёпилган ошхона томига худди энди бир умр айрилиб қоладигандек нажот излаб боқардинг. Кўксинг юрак учун ардоқли бўлганидай, бу уй сен учун ардоқли ва азиз эди. Уйингдаги осойишталикдан ва осудаликдан тонглари роҳат қилиб уйғонардинг. Бепоён денгизда сузаётган кемадек, сен ана шу осудалик қўйнида кун бўйи оҳиста сузиб юрардинг, худди гўзал бир қўшиқнинг нақоратидай, сен уйдаги осудалик мусиқасини баъзи-баъзида эҳтиёткорлик билан бузиб, ўзингнинг бахтли эканлигингни билдириш учун ғўнғиллаб-ғўнғиллаб қўярдинг. Назарингда ҳеч ким сени бу ердан ҳайдаб чиқаролмайдигандек ва буларнинг ҳаммаси қандайдир англашилмовчиликдай бўлиб туюлганди. Аёл мезбон каби мулозамат, илтифот билан муомала қилганча, эргаштириб борарди. Сизлар аввал айвондан, сўнг биргина даҳлиз орқали меҳмонхонага кирдиларинг. Ҳамма жиҳозлар сен қандай жойлаштирган бўлсанг, ўша ҳолатда турарди. Бундан сен хурсанд бўлиб кетдинг. Уйдан сенинг ҳидинг келарди. Буни сен даҳлизга кирган заҳотиёқ сезгандинг. Аёл эса худди ҳамма нарса ўзига тегишлидай эмин-еркин тутарди ўзини. У этигингни ечадиган жойни кўрсатгач, сен ҳар куни кийиб юрадиган шиппакларингни сенга мулозамат билан узатди. Меҳмонхонада ҳам ҳамма нарса сен қўйгандай жой-жойида турарди. Қайсидир йили бориб маҳлиё бўлиб қолган, сўнг рассом дўстингга айтиб чиздирган тоғ этагининг суратидан баҳор нафаси уриларди. Сен суратдаги харсанг устида пастдаги қўзичоққа хезланиб турган улоқчани кўриб, кўнглинг бир оз жойига тушди. Булар бари сеники эди. Сал олдин ичингга олган яна адашган бўлмай деган шубҳага асос йўқ эди. Бу ердан сени ҳеч ким қувиб чиқариши мумкин эмас эди. Кўнглинг хотиржам бўлиб, сени ҳайрон бўлиб кузатаётган аёлга зафар қозонгандек ғолибона тикилдинг.

– Эрим қайсидир йили тоққа чиққанда шу манзара ёқиб қолибди, – деди аёл сенинг девордаги манзарага тикилиб турганингни изоҳламоқчидек. – Бир рассом ўртоғини бошлаб келиб, деворга шу суратни чиздирди.

Сен аёлга яна қўрқиб тикилиб қолдинг. У менинг фикримни ўқиб олиб ўзимга айтмаяптими, деган шубҳага бординг. Ахир ҳар куни мўъжиза содир бўлиб турган бу асрда одамнинг фикрини уқадиган машина ясаш ҳам ҳеч гап эмас-ку? Сен тағин машина-робот бўлмасин, деган шубҳада аёлни синчиклаб кузата бошладинг. Йўқ, унда машинага хос ҳеч қандай хусусият йўқ эди. Ҳатто у жуда гўзал ва жозибали эди. Бу гўзалликдан сенинг юрагинг дукурлаб, беҳаловат ура бошлаган эди. Сен буларнинг ҳаммаси тағин тушим эмасмикин, деб ўйлаб қолдинг. Бу ўй ҳатто сенга таскин бергандай, сени юпатгандай бўлди. Тушда ҳар нарса бўлиши мумкинлиги бирдан қалбингдаги шубҳа ва гумонларни қувиб юборди ва сен ўзингни худди тушдагидек тута бошладинг. Аёлга кулиб, хотиржам тикилдинг. Уни кулдиргинг, кўнглини олгинг келди. Чунки барибир тезда уйғониб, бу англашилмовчиликлар барҳам топишига ишонар эдинг. Уйғонгач эса, сени ҳеч ким уй меники деб тергамас эди. Ҳеч қандай чалкашлик ҳам юз бермасди. Тонгда уйғонардинг-у, ўз уйингга ёлғиз хўжайин бўлиб, чой қайнатиб ичардинг, тўшагингда хоҳлаганча ағнаб-ағнаб ётардинг. Ҳеч ким сени таъқиб этолмаган бўларди. Бироқ туш узоқ ва сўнгсиздай давом этар, хатар ва гумонлар кўнглингга кўпроқ ёпирилиб кирарди.

– Ана у эса ота-онамнинг сурати, – деди аёл, – дарвоқе, буни сиз биласиз, шекилли?

Сен ота-онанг сурати осилиб турган жойга қарадинг ва даҳшатдан мурдадай қотиб қолдинг. Суратда отанг ва онанг сенга ҳар доимгидай кулимсираб, меҳрибонлик билан боқиб турарди, уларнинг кўзи, юзи, тикилиши – ҳаммаси сенинг ота-онанг эди. Бироқ бошидан ҳеч қачон дўпписини ташламаган отанг ялангбош, сочи ҳам алланечук патила эди. Онанг эса худди ёнингдаги аёлга ўхшаб сочларини ёйиб юборган, унинг сочлари ҳам худди аёлникидай тилларанг ва елкалари оша тўкилиб турарди. Сен бирдан ваҳимага туҳдинг ва кўзларингга ишонмай, довдираб, аёлга тикилиб қолдинг.

– Уйнинг ҳужжатини кўрсам бўладими? – дединг шоша-пиша.
– Марҳамат!

Аёл сенга уй дафтарини келтириб берди. Ҳужжатда ҳамма нарса жойида эди; уй аёлга тегишли эканлиги тўғрисида кичкина изоҳ билан салобатли муҳр бор эди. Сен нариги хонага ўтиб, ҳужжатлар ётган жавондан ўз номингдаги уй дафтарингни ахтара бошладинг. Орқангдан ҳайрон бўлиб қараб турган аёлга эътибор бермай, ҳамма нарсани худди ақлдан озгандек ҳар ёққа сочиб ташладинг. Ниҳоят, эскириб, варақлари кўчиб кетган уй дафтарини топгач, қувончдан бақириб юбординг:

– Мана, мана бу ерда уй менга тегишли эканлигини билдирувчи муҳр бор.

Аёл ҳайрон бўлиб, сен узатган дафтарни варақлай бошлади. Сўнг сенга қараб, бурнини жийирди-да, яна қайтариб берди ва димоғи аралаш мазах билан кулиб қўйди. Ҳеч нарсага тушунмай, бир унга, бир дафтарга шошиб қараганча варақлай бошладинг. Уй сеники эканлиги тўғрисидаги тегишли муассалар чиқарган қарор ёзилган варақ бўм-бўш эди. Сен батамом довдираб қолдинг ва аёл ўзингга энди янада кўпроқ шубҳа билан қараётганини кўргач, Ҳар оқшом ўтириб газета ўқийдиган дераза олдидаги эски ором курсига ўзингни беҳол ташладинг. Сени буткул гумонлар чулғаб олган эди. Нажот излаб бутун уйни кўздан кечирдинг. Нимадир эсингга тушиб, чўнтакларингни тита кетдинг ва қип-қизил жилдли пастпортингни топгач, ирғиб туриб, аёлнинг кўз олдига бориб варақлашга тушдинг.

– Мана бу ерда ёзилган… мана бу ерда… – Дея ҳансираб бақирдинг. Бироқ бирдан даминг ичингга тушиб тўхтаб қолдинг, иш жойингда маош ераётганда кекса, инжиқ кассир юз марталаб синчиклаб текширадиган «Яшаш жойи» деган варақда иккита узун чизиқдан бошқа ҳеч қандай белги йўқ эди.

Сен яна ором курсига чўкканча бошларингни чангаллаб узоқ ўтирдинг ва шунда яна мен туш кўраётган бўлсам керак, деб ўйлай бошладинг. Аёл эса тепангда сенга ҳамон шубҳа ва ажабланиш билан тикилиб турар эди. Ким билади, у шу дақиқаларда сен тўғрингда нималарни ўйлади экан. Балким биронта учига чиққан қаллоб деб ўйлагандир; балким ўзи айтгандай муттаҳам ўғри деб ўйлагандир, балким кўчада юрадиган биронта шилқим деб ўйлагандир, балким уйига сурбетлик билан кириб олган босқинчи, деб ўйлагандир. Ҳар қалай, унинг кўзлари сенга хавфсираб тикилиб турарди. Агар бу туш бўлса, сен ҳеч қачон бунчалик узоқ туш кўрмагандинг. Ҳар қандай хатарга юрагинг дош бермай уйғониб кетган бўлардинг. Лекин сен уйғонмасдинг. Қачон уйғонишинг ҳам номаълум эди. Балким сен уйғонгунча оёғинг остига яна бир аср йиқилар, балким сен асрнинг устига йиқилиб тушарсан. Балки, сени уйғотишга менинг бу мадорсиз ва кучсиз сўзларимнинг қудрати етишмас. Балким бу сўзлар сени уйғотиш ўрнига, сени кўпроқ ғафлат чоҳига қараб етаклар? Тушмиди бу? Агар туш бўлса қачон уйғонардинг? Буни мен ҳам билмасдим, буни сен ҳам билмасдинг. Қачон уйғонасан сен?! Бу рўё салтанатини кўз олдингдан қачон супуриб ташлайсан? Бу салтанат сени тобора ўзига тобе қилиб, муте қилиб борарди. Сен ором курсисига чўкканча ожиз қиёфада ўтирардинг.

– Балким, уй хўжалиги бўлимига бориб учрашиб кўрармиз, – дединг сен ниҳоят аёлга умид билан тикилиб. Аёл сенинг кўзларингдаги илтижони кўриб, раҳми келди, шекилли, елка қисди.

– Марҳамат, менга барибир.

У ўзига ишонар, шунинг учун ҳам сен билан дунёнинг нариги бурчагига ҳам ҳеч иккиланмай бига бораверарди.

Сизлар изғирин ўйноқлаётган кўчага чиқдиларинг. Иғирин яна аёлнинг этагини ўйноқлай бошлади. Иккаларинг ҳам гунг ва бир оғиз гаплашмай, жим кетиб борардиларинг. Сен шу даъфада ҳеч нарсага ишонгинг келмасди. Гўё буларнинг барчаси рўё эди. Бироқ сен айни пайт ухлаб ётганингни, уйғоқ эканлигингни ва қандайдир номаълум аёл билан бирга кетаётганлигингни англардинг. Сен бундай рўёни ҳатто тушларингда ҳам кўрмаган эдинг. Тушингга ҳамма нарса кирарди. Эҳтимол, бу аёлни ҳам қачонлардир тушингнинг кўчаларида кўргандирсан. Лекин сен ота-онанг, бобокалонларинг яшаб ўтган уйни ўзиники қилиб олган ва яна ҳаммаси тушдагидай эмас, ўнгдагидай содир бўлган воқеани ҳеч қачон кўрмаган эдинг. Сен ўзингга ҳам ишонгинг келмасди. Балки мен ҳеч қачон яшамагандирман. Бу уй ростдан ҳам аёлга тегишлидир ва мен тунгги капалак каби бу уйга адашиб кириб қолгандирман, деган фикр дамо-дам хаёлингда чарх урарди ва аёлга шубҳа ва илтижо билан тикилиб-тикилиб қўярдинг. Шунда бирдан шу кунларда газеталарда шов-шув бўлган бир воқеа эсингга тушганди. Шаҳардаги тарих музейида ёшгина ходимани бўғизлаб кетишганди. Газетадаги хабарларга кўра, ходим ўша куни кечга томон ишдан сўнг ўз хонасида ишлаб ўтирган эди. Сўнг тўсатдан бутун музей шовқин-сурон ва тўполон бўлиб кетган эди. Музей қоровул хонасидан югуриб чиқаман деб пушонасини эшикка уриб олганди. Унинг эшиги қулфлаб ташланган эди. Шунда музейнинг кенг залида қандай шовқин бўлаётганини кўриш учун калит тирқишидан мўралаган ва ходимни найзаларининг учига илдириб чиқаётган қандайдир дубулғали кишиларни кўрган эди. Газетада қоровулнинг руҳий беморлар касалхонасида ётгани ёзилган эди. Музей ходимининг нимталаб ташланган жасади ёнидан еттинчи асрда ясалган қилич топиб олишган эди. Одамлар бу воқеани турлича изоҳлашарди. Кўплар бошқа сайёрадан тушган одамларнинг иши деб баҳолашарди. Кўплар эса мутлақо ишонмасди. Турли шарпалар касалхонада ҳам қоровулнинг кўзига кўриниб турибди, деб айтилган эди газеталарда. Сен бу хабарга мухбирбаччаларнинг навбатдаги уйдирмаси, деб ишонмагандинг. Лекин ҳозир бирдан ишонгинг келиб қолганди ва аёлга бирон шарпа ёки бошқа сайёрадан тушган одам эмасмикин, деб гумон билан қарагандинг. Йўқ, у арвоҳ эмас эди ва бошқа сайёраликлигини билдирадиган ҳеч қандай аломати йўқ эди. У ўзингдан ҳам кўра табийроқ, сўлимроқ, гўзалроқ эди ва ёнингда аёзли осмонни тантанавор кезиб юрган ҳилол каби мағрур ва мафтункор қиёфада кетиб борарди. Сенинг кўринишинг сувга бўктирилган кучукдай аянчли эди. Бутун вужудинг муқаррар мағлубиятдан қалт-қалт титради. Уй хўжалиги бўлимига сен деярли умид қилмасдинг, шундай бўлса ҳам таваккал қилиб кетиб борардинг. Аёл эса ўзини безовта қилганидан норозидай баъзи-баъзида минғирлаб қўярди.

Сенга ҳамиша уй ҳақини ўз вақтида тўла, деб пўписа қилиб юрадиган бўлим мудири сизларнинг гапларингизни ҳайрон бўлиб эшитди, сўнг қандайдир ҳужжатларни текшириб, сенга ғазаб билан тикилиб турди-да:

– Уй қурилгандан буён бу хонимга тегишли. Сен қаёқдан келиб қолдинг? – деди.

Сен индамай ташқарига йўл олдинг. Бошқача бўлиши мумкин эмаслигини ўзинг ҳам сезгандинг. Аёл билан биргаликда энди сеники бўлмаган уйга қайтдиларинг. Аёлнинг мезбонга ўхшаб қилаётган мулозаматидан энди ғашинг келмасди; аёлга индамай бўйсиниб борардинг.

– Агар хоҳласангиз вақтинча қазноқдан жой қилиб беришимиз мумкин! – деди аёл уйга қайтиб кирганларингда, сенинг сўлиб қолганлигингдан раҳми келиб. — Совуғу, лекин начора, қиш ўтса, бирорта жой топиб оларсиз.

Сен рад этгандек бош силкитдинг. Ором курсисида узоқ ўтирдинг. Деразаларга тун пардаси тортилгач, секин ўрнингдан туриб, ҳозирлана бошладинг.

– Кийимларимни олсам майлими? – сўрадинг аёлга тақдирингга тан бергандек.
– Қандай кийимлар?

Сен кийим жавонида териб қўйилган кийимларингга ишора қилдинг.

– Ахир улар эримнинг кийимлари-ку? – сал бўлмаса ҳайрон бўлиб бақирди аёл ва худди сен тортиб оладигандек жавоннинг олдини келишган қомати билан тўсиб олди.

Сен у билан тортишиб ўтирмадинг. Қупқуруқ, сўппайиб кетаётган қўлларингни сени вояга етказган дарчалар ва эшиклардан яшириш учун чўнтагингга тиқиб батамом тор-мор этилган қўшиндай таниш йўлак орқали уйдан секин чиқиб кетдинг…

… Бу, тушнинг охири эмас эди. Бу ибтидоси эди. Бу тушни сен менга ўша совуқ изғиринли кунда гапириб бергандинг. Сенинг юзларинг умидсизлик ва ёлғизликдан гезариб кетган. Сен бу тушни гапирар экансан, мен ўзимга ишонмай қолгандим. Бу тушни сен менга гапириб берганмидинг ё менинг ўзимми?! Сен шу пайтда изғиринли кўчада манзилсиз дайдиб юргандирсан, аёз супургиси сени ҳам бу оқшом саҳнасидан батамом супуриб ташлаш учун синган туғнинг бир парчасидек аёвсиз тортқилар, ғазовот ўтида ёниб, учиб келаётган кўчманчи мўғул аскарининг эгнидаги қора рўдаподек сени осмону-фалак қўйнида тинмай ҳилпиратар. Лекин бу тушни сен кўрдингми, менми, ғануз билолмадим. Мен сени шундан кейин фақат бир марта учратдим. Сен Қ. майдонида ёввойи каптарларга дон сепиб ўтирардинг. Кўзларинг орзуманд порлаб турар, юзинг бахтдан яйраб кетганди. Мен сени кўпдан бериш шу ҳолатда кўрмаган эдим. Каптарлар сен ҳар дон сепганингда ҳуркиб, гуриллаб ҳавога кўтарилар, сўнг ҳеч қандай хавф йўқлигини билгач, қайтиб ерга қўнишар ва кукулай-кукулай сен сепган донларни териб ейишарди. Сен эса уларга худди гўзал манзарани кўргандай қараб турардинг. Мен сенинг ёнингда турганча, сен бу каптарларга қараб нималарни ўйлаётганингни билгим келарди. Сен бу ватансиз қушларга қараб нималарни ўйлаган эдинг? Балким сен уларнинг бежирим ва кескир қанотларига қараб озод қушлар ҳақида ўйлагандирсан? Балки, уларга боқиб ватан ҳақида ўйлагандирсан? Балки туйғуларингни каптарларга айлантириб, узоқ-узоқларга учириб юбормоқчи  бўлгандирсан? Балки сен ҳеч нарса ҳақида ўйламагандирсан? Сен шунчаки кунни кеч қилиш учун ёки ўзингнинг уйсиз эканлигингни унутиш ва бирон лаҳмга ёки вокзалнинг бир бурчагига бориб тунгаш ва вақт ўтиши учун қушларни шунчаки эрмак қилиб ўтиргандирсан? Ёки бу қушларга қараб, уйсиз фақат ўзинг эмаслигинг, оламда миллионлаб уйсиз ва ватансизлар борлиги тўғрисида ўйлаб, ўзингни овунтиргандирсан. Балким сен қалбингни мана шу қушларгагина очгандирсан? Мен сенинг ўша куни Қ. майдонида нималар ҳақида ўйлаганингни ҳалигача билолмадим. Кеч тушгач, ўрнингдан турдинг-да, қорни ёпиниб ухлаётган, деярли йўловчиси йўқ, ҳувиллаб ётган кўчага қараб, қоронғулик қаърига сингиб кетдинг. Мен сенинг изингдан қараб турар эканман, сенинг ростдан ҳам шу даъфа қушга ўхшашинг ҳақида ўйлагандим. Сен қор ўйноқлаётган кимсасиз кўчага қараб парвоз қилиб кетгандинг. Мен сендан ўша куни нималар ҳақида ўйлаганингни сўрай олмай қолгандим. Кейинчалик ҳам сенга бу саволни бера олмадим. Сен билан бошқа учрашмадик. Сенинг қушларга қараб нималарни ўйлаганингни ҳеч қачон била олмадим, бу менга армон бўлиб қолди. Сўрай десам, ўша куни сенинг каптарларинг ҳам қайларгадир учиб кетган эди. Ўша куни Қ. майдонида кабутарларга дон сепиб, уларни орзуманд ва мастона кузатиб, юзида азоб ва изтироб акс этиб турган паришон йигит сенмидинг ёки менмидим? Балки мен кабутарларга дон сепаётганда ва сўнг кимсасиз кўчага қоронғулик қўйнига сингиб кетганимда изимдан шафқат ва ачиниш билан қараб қолган сендирсан, каптарларнинг қанотларидан менинг орзуларимни ўқимоқчи бўлган ҳам ва кабутарларнинг кичкина, ҳушёр кўзларида ўқилиб турган ҳам балки сендирсан?

Шундан сўнг мен сен ҳақингда турли миш-мишлар эшита бошладим. Сени кимдир маст одамларга қўшилиб, ер ости йўлларида тунаб юрганингни айтди. Кимдир эса сени вокзалда ётиб юрибди деди. Кейин эса иш жойинг ётоқхонасидан жой берди. Сен ҳақингда мен бошқа ҳеч нарса эшитмадим. Кимдир сени узоқ жойга қурилишга кетган деди. Кимдир чўлга кетган деди. Мен уларнинг гапига унчалик ишонмадим. Лекин сенинг биз яшаётган шаҳарни бир умр ташлаб кетганингни билардим ва ҳар кеча мўъжазгина уйимда тўшакка чўзилганча қандайдир бир мўъжиза юз беришини кутиб ётар эканман, гўё мўъжиза худди шу дақиқада юз берадигандек юрагим ширин лаззатдан ҳаприқиб кетарди, шунда беихтиёр сени ва ўша изғиринли кунни эслардим…

06Iste’dodli yozuvchi Nazar Eshonqulni tug‘ilgan kuni bilan qutlaymiz

Hayot mo‘jizalardan iborat ekanligiga sen ham ishonarding. Sen ham bu asrdan mo‘jiza kutib yasharding. Holdan toyib ishdan qaytar ekansan, kichkinagina mo‘jaz uyingda to‘shakka cho‘zilgancha, yolg‘izlik saltanatiday ko‘rimsiz, huvillagan xonangda qandaydir mo‘jiza ro‘y berishini kutib yasharding.

Nazar Eshonqul
OZOD QUSHLAR
04

11Nazar Eshonqul 1962 yili Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlog‘ida tug‘ilgan. 1979 yili o‘rta maktabni tugatib, Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida (1981–1986) hamda shu universitet aspiranturasida (1986–1991) tahsil olgan. Shundan keyin O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida, “Yozuvchi” gazetasida, “Jahon adabiyoti” jurnalida ishladi. 1997 yildan buyon O‘zbekiston teleradiokompaniyasida faoliyat yuritib keladi.
Dastlabki asari — “Urush odamlari” 1988 yili e’lon qilingan. Shundan so‘ng yozuvchining “Momo qo‘shiq” (1989), “Maymun yetaklagan odam” (2001), “Shamolni tutib bo‘lmaydi” (2004) va boshqa asarlari nashr etilgan. Jahon adabiyotining juda ko‘p namunalarini, shu jumladan, Xuan Karlos Onettining hikoyalar va qissalarini, Alber Kamyuning esselarini, Anton Chexovning “Boloxonali uy” hikoyasini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

04

Hayot mo‘jizalardan iborat ekanligiga sen ham ishonarding. Sen ham bu asrdan mo‘jiza kutib yasharding. Holdan toyib ishdan qaytar ekansan, kichkinagina mo‘jaz uyingda to‘shakka cho‘zilgancha, yolg‘izlik saltanatiday ko‘rimsiz, huvillagan xonangda qandaydir mo‘jiza ro‘y berishini kutib yasharding. Bu mo‘jiza bir necha daqiqadan so‘ng yuz beradiganday o‘z xayollaringdan o‘zing lazzatlanarding. Sen mo‘jizasiz ham baxtli eding. Yer yuzidagi millionlarcha odamlardek osoyishta hayot kechirarding. Har haftaning so‘nggida o‘rtoqlaring bilan choyxonalarga, istirohat bog‘lariga borarding. U yerdan kayfiyating ko‘tarilib bahri-diling ochilib qaytarding. Biroq negadir o‘z hayotingni o‘zgartiradigan, shavqu zavq olib keladigan mo‘jiza kutib yasharding. Bu mo‘jiza goh go‘zal bir qiz, goh lotoreya yutug‘i qiyofasida, goh qandaydir o‘zing ham bilmaydigan qiyofada ko‘z oldingda namoyon bo‘lardi. Biroq mo‘jiza sening xonangga to‘satdan kirib kelishini, butun hayotingni ostin-ustun qilib yuborishini hali bilmasding. Sen hayotingdan va xayoling jomidan to‘kiladigan sharobdan mastu mustar eding.

O‘sha kun sen ishdan yayov qaytding. Ko‘chada bo‘lajak ayoz kunlarning elchilariday izg‘irin izg‘ib yurar, sening yonoqlaringni, burunlaringni chimchilab o‘tardi. Undan o‘zingni himoya qilish uchun qunishib olganding. Tezroq uyga yetib olib, issiq xonangda miriqib choy ichishni ko‘z oldingga keltirib, tezroq yurishga harakat qilarding, izg‘irinni xuddi o‘tkir qilichday tilimlab ketib borarding. O‘z ko‘chalaringga burilganingda sen sal oldinroq ketayotgan qizil po‘stinli, sochi yelkasiga yoyilgan, bo‘ychan juvonni ko‘rib qolding. Bu ko‘chada yashaydiganlarning barini deyarli tanirding. Durkun oyoqlari, bejirimgina tebranayotgan yelkalariga qarab juvonning hali juda yosh ekanligini his etding. Ko‘chada ikkovingdan bo‘lak hech zog‘ yo‘q edi. Kayfiyating chog‘ edi. Shu sababli ayol bilan bemalol suhbatlashishing mumkin edi. Tez-tez qadam tashlab, ayolga yetib olding, so‘ng u bilan yonma-yon keta boshlading. Shundagina ayolning haddan taddan tashqari go‘zal ekanligini bilib qolding. Ayol senga bir qaradi-yu, indamay ketaverdi. Uning ko‘zlari go‘zal, joduli edi. Yelkasiga yoyilgan sochlari xuddi qoyadan to‘kilayotgan selday silkillab turardi. Ayol seni batamom maftun qilib qo‘ygan edi. Izg‘irin esa senga rashki kelganday yuzlaringni tinmay chimchilar, ayolning esa oppoq tizzalarini ko‘z-ko‘z qilish uchun etaklarini ochib yuborardi. Ayol senga qaramay, darhol etaklarini yopar, sen uning endigina oqarib kelayotgan tong shafag‘iday bilinar-bilinmas qizarib ketganini ko‘rib qolarding. Ayolning lablari izg‘iringga jahl qilib titrab ketar ekan, negadir bu senga xush yoqardi, ayol senga osmondan yuborilgan tuhfaday, beixtiyor zavqing kelib, jilmayib qo‘yarding. Sen ayolning bu shaharlik emasligini sezganding; ayolning yuzi so‘lim, tiniq va oppoq edi. Ko‘nglingda mehmonni ko‘rganda tug‘iladigan mezbonlik tuyg‘ulari jo‘sh urib ketgandi. Ayol bizning ko‘chaga adashib kirib qolgan bo‘lsa kerak degan o‘yga borganding.

– Bu yerlik emassiz, chog‘i, – deding tomdan tarasha tushganday, to‘satdan, sirli qal’adagi qo‘shinni chamalab ko‘rayotgan makkor lashkarboshidek sinovchan ohangda.

– Yo‘q, shu yerlikman, – dedi ayol yo‘lida davom etar ekan, so‘ng senga qarab, mayingina jilmayib qo‘ydi. Sen ayol hazillashyapti, deb o‘ylading. Biroq ayol juda jiddiy va qat’iy ohangda gapirayotgan edi; u bu ko‘chani ko‘pdan beri biladiganday erkin va xotirjam ketib borar, muyulishlardan ham chalg‘imay o‘tardi. U rostdan ham aniq maqsad bilan ketayotgan sirli qo‘shinga o‘xshardi.

– Unda bu ko‘chada turmasangiz kerak, – deya savolingni darrov o‘zgartirding.

Bu orada sen yashaydigan uyga yaqinlashib qolgandilaring. Shu sababli ayoldan ajralib qoladiganday bezovta bo‘la boshlaganding. Vujudingga ayolning go‘zal ko‘zlaridan sen ko‘pdan beri kutgan va har kecha o‘ylaydigan qizning sog‘inchiday shirin bir orziqish oqib kirgandi.

– Yo‘q, shu ko‘chada yashayman, – dedi ayol va shu so‘zlari bilan seni butunlay yanchib tashlaganday kibrli nazar tashladi.

O‘zing yashaydigan uyga burilar ekansizlar, yana so‘rading:

– Qiziq, men hech ko‘rmagan ekanman-da, sizni.
– Men ham, – dedi ayol.
– Yaqinda ko‘chib keldingizmi?

Ayol endi senga xo‘mrayib tikildi. Xo‘mrayish ortida yana qancha savollar berasiz, buncha shilqim bo‘lmasangiz degan nozli bir erkalash bor edi.

– Men shu yerda tug‘ilganman. Ota-onam ham shu yerda yashashgan.

Sen batamom tong qola boshlading. Bu mahallada faqat o‘zing taniydiganlar yashaydi, deb o‘ylarding. Bu ko‘chada etikdo‘z ikkita juhuddan boshqa bironta ham o‘zga kishilarni ko‘rmagan eding. Ko‘chadagilarning hammasi senga tanish edi. Biroq ayolning ota-onalarini eslay olmading. Zotan bu ko‘cha seni va sening bolalik tasavvuringni seryamoq etagiga solib katta qilgan qadrdon ko‘cha edi. Sen uying ro‘parasiga kelganda taqqa to‘xtading va ayoldan ajralging kelmay, uni uyga taklif qilmoqchi bo‘lding. Biroq ayol ham sen barobari to‘xtadi va senga hayron bo‘lib tikilib, sumkasidan nimadir izlay boshladi.

– Mana shu mening uyim, – dedi ayol ham tantanavor, ham xayrlashgan ohangda.

Sen jilmayding. Ayol seni yashaydigan bu uyni biladi va hazil qilyapti, deya o‘ylading. Lekin ayolning harakatlari qat’iy edi. U rostdan shu uyda yashaydigandek tutardi o‘zini. Shunda esingga hamisha biron g‘aroyib voqealar o‘ylab yuradigan oshnolaring tushdi va da’fatan miyangga ayolni tag‘in ular jo‘natgan bo‘lmasin, degan fikr kelib qoldi. Ayolning ko‘zlaridan hozirgina otilib, keyin sochilib ketadigan hazilning ko‘rinishlarini izlay boshlading. Biroq ayol hamon jiddiy, aftidan, hecham hazillashgisi kelmayotganday senga sinovchan tikilib turardi. Uning kibrli va maftunkor ko‘zlaridan, chiroyli, oppoq yuzlaridan, zaharxandalik bilan qimtib olgan lablaridan atrofga yot bir malohat taralardi. Ayol sumkasidan xuddi sening qo‘lingdagidek kalit chiqarib, eshikni ocha boshlagach, bir zum esankirab qolding.

– Kechirasiz, – deding iloji boricha quvnoq tovushda. – Men ham shu uyda yashayman.

Ayolning ko‘zlarida hayrat va g‘azab jilvalandi. So‘ng bularning o‘rnida qahr o‘ynoqlay boshladi. U seni qandaydir ko‘cha shilqimi deb o‘ylayotgan edi. Uning ko‘zlaridan bu fikrni uqib olding-u, xo‘rliging keldi.

– Agar ishonmayotgan bo‘lsangiz, mana, marhamat qiling.

Sen uni chetga surib, o‘z kaliting bilan eshikni ochding. Endi ayol senga qiziqsinib, bir eshikka, bir qo‘lingdagi kalitga qarab qo‘ydi, nimanidir o‘ylab, senga shubha bilan tikilgancha turib qoldi.

— Balki o‘g‘ridirsiz, – dedi soddalik bilan deyarli shivirlab. – Bekor qilasiz, biznikida o‘g‘irlashga arziydigan narsaning o‘zi yo‘q.

– Qani edi, – deding o‘zingni quvnoq tutib, – balki rostdan ham o‘g‘ridirman. Biroq bu uy menga otamdan, otamga esa otasidan qolgan.

– Menga ham otam-onamdan qolgan, -dedi ayol. – Ularga ham otasidan qolgan.

– Uch xonalimi? – deb so‘rading sen xayolingga kelgan rejada birdan quvonib, ayolni sinash uchun.

– Ha, uch xona, undan tashqari – ayvon, oshxona, ko‘mirxona, qaznoq bor.

Sening hayrating ko‘nglingda shubhaga aylanayotgan edi. Agar hozir otang tirilib keldi, desa ham bunchalik hayratga tushmasding. Ayol sen yashaydigan uyni bekami-ko‘st tasvirlab bergandi. Sen endi ayolga shubhalanib tikilib qolding. Balki, bu ayol emas, qandaydir insu-jinsdir? Sen hech qachon jinlarga va ajinalarga ishonmasding. Biroq hozir ishonging, tavba qilging kelardi.

– Qiziq, – deding sen so‘lg‘inlik bilan, – balkim, mehmonxona devoriga tog‘ning surati solingandir?

– Bo‘lmasam-chi,- dedi ayol. – Gullar ochilib yotgan tog‘ etagining surati bor.

– Devordagi suratchi? Kimniki. U odamlarni ham tanirsiz?

– Ha. U yerda ota-onamning surati osilib turibdi.

– Yotoq devoriga qizil gilam osilgan bo‘lsa kerak?

– To‘ppa-to‘g‘ri, otamga o‘rtog‘i sovg‘a qilgan.

Sen hayratdan o‘kirib yuborayozding. Ayol sening uying va sening otang haqida gapirmoqda edi. Sen mo‘jizaga ishonarding-u, biroq mo‘jizaning bu tariqa tashrif buyurishini sira ham xayolingga keltirmaganding. Mo‘jiza ham xuddi ayollar kabi makkor bo‘lishi mumkinligini sen hali bilmas eding.

– Siz qayerdan bilasiz? – deya so‘radi ayol ham endi senga ajablanib tikilib.

– Axir men shu uyda yashasam, qanday bilmasligim mumkin? – baqirib yubording sen biroz asabiylik bilan.

Izg‘irin goh sening, goh ayolning yuzida o‘ynoqlardi. Ayolning etaklarini ko‘tarar, sening yoqangni hilpiratib, jig‘ingga tegardi. Sen juda ham sovuq qotding.

– Balkim uyga kirarmiz, – deding sen ayolga yer depsingancha, – oyog‘im qaqshab ketyapti.

– Meniki ham.

Ikkalang ham har kuni kirib-chiqib turadigan yo‘lak bo‘ylab, so‘ng zinadan ko‘tarilib, ayvonli uyga kirdilaring. Sen tug‘ilganingdan beri yuraverib, ko‘zingni yumib ham topishing mumkin bo‘lgan uyda birinchi marta seni yot bir ayol boshlab borardi. Senga qadrdon bo‘lib qolgan hovliga, ikki tup o‘rikka, kichikinagina gulzorga, tunuka yopilgan oshxona tomiga xuddi endi bir umr ayrilib qoladigandek najot izlab boqarding. Ko‘ksing yurak uchun ardoqli bo‘lganiday, bu uy sen uchun ardoqli va aziz edi. Uyingdagi osoyishtalikdan va osudalikdan tonglari rohat qilib uyg‘onarding. Bepoyon dengizda suzayotgan kemadek, sen ana shu osudalik qo‘ynida kun bo‘yi ohista suzib yurarding, xuddi go‘zal bir qo‘shiqning naqoratiday, sen uydagi osudalik musiqasini ba’zi-ba’zida ehtiyotkorlik bilan buzib, o‘zingning baxtli ekanligingni bildirish uchun g‘o‘ng‘illab-g‘o‘ng‘illab qo‘yarding. Nazaringda hech kim seni bu yerdan haydab chiqarolmaydigandek va bularning hammasi qandaydir anglashilmovchilikday bo‘lib tuyulgandi. Ayol mezbon kabi mulozamat, iltifot bilan muomala qilgancha, ergashtirib borardi. Sizlar avval ayvondan, so‘ng birgina dahliz orqali mehmonxonaga kirdilaring. Hamma jihozlar sen qanday joylashtirgan bo‘lsang, o‘sha holatda turardi. Bundan sen xursand bo‘lib ketding. Uydan sening hiding kelardi. Buni sen dahlizga kirgan zahotiyoq sezganding. Ayol esa xuddi hamma narsa o‘ziga tegishliday emin-yerkin tutardi o‘zini. U etigingni yechadigan joyni ko‘rsatgach, sen har kuni kiyib yuradigan shippaklaringni senga mulozamat bilan uzatdi. Mehmonxonada ham hamma narsa sen qo‘yganday joy-joyida turardi. Qaysidir yili borib mahliyo bo‘lib qolgan, so‘ng rassom do‘stingga aytib chizdirgan tog‘ etagining suratidan bahor nafasi urilardi. Sen suratdagi xarsang ustida pastdagi qo‘zichoqqa xezlanib turgan uloqchani ko‘rib, ko‘ngling bir oz joyiga tushdi. Bular bari seniki edi. Sal oldin ichingga olgan yana adashgan bo‘lmay degan shubhaga asos yo‘q edi. Bu yerdan seni hech kim quvib chiqarishi mumkin emas edi. Ko‘ngling xotirjam bo‘lib, seni hayron bo‘lib kuzatayotgan ayolga zafar qozongandek g‘olibona tikilding.

– Erim qaysidir yili toqqa chiqqanda shu manzara yoqib qolibdi, – dedi ayol sening devordagi manzaraga tikilib turganingni izohlamoqchidek. – Bir rassom o‘rtog‘ini boshlab kelib, devorga shu suratni chizdirdi.

Sen ayolga yana qo‘rqib tikilib qolding. U mening fikrimni o‘qib olib o‘zimga aytmayaptimi, degan shubhaga bording. Axir har kuni mo‘jiza sodir bo‘lib turgan bu asrda odamning fikrini uqadigan mashina yasash ham hech gap emas-ku? Sen tag‘in mashina-robot bo‘lmasin, degan shubhada ayolni sinchiklab kuzata boshlading. Yo‘q, unda mashinaga xos hech qanday xususiyat yo‘q edi. Hatto u juda go‘zal va jozibali edi. Bu go‘zallikdan sening yuraging dukurlab, behalovat ura boshlagan edi. Sen bularning hammasi tag‘in tushim emasmikin, deb o‘ylab qolding. Bu o‘y hatto senga taskin berganday, seni yupatganday bo‘ldi. Tushda har narsa bo‘lishi mumkinligi birdan qalbingdagi shubha va gumonlarni quvib yubordi va sen o‘zingni xuddi tushdagidek tuta boshlading. Ayolga kulib, xotirjam tikilding. Uni kuldirging, ko‘nglini olging keldi. Chunki baribir tezda uyg‘onib, bu anglashilmovchiliklar barham topishiga ishonar eding. Uyg‘ongach esa, seni hech kim uy meniki deb tergamas edi. Hech qanday chalkashlik ham yuz bermasdi. Tongda uyg‘onarding-u, o‘z uyingga yolg‘iz xo‘jayin bo‘lib, choy qaynatib icharding, to‘shagingda xohlagancha ag‘nab-ag‘nab yotarding. Hech kim seni ta’qib etolmagan bo‘lardi. Biroq tush uzoq va so‘ngsizday davom etar, xatar va gumonlar ko‘nglingga ko‘proq yopirilib kirardi.

– Ana u esa ota-onamning surati, – dedi ayol, – darvoqe, buni siz bilasiz, shekilli?

Sen ota-onang surati osilib turgan joyga qarading va dahshatdan murdaday qotib qolding. Suratda otang va onang senga har doimgiday kulimsirab, mehribonlik bilan boqib turardi, ularning ko‘zi, yuzi, tikilishi – hammasi sening ota-onang edi. Biroq boshidan hech qachon do‘ppisini tashlamagan otang yalangbosh, sochi ham allanechuk patila edi. Onang esa xuddi yoningdagi ayolga o‘xshab sochlarini yoyib yuborgan, uning sochlari ham xuddi ayolnikiday tillarang va yelkalari osha to‘kilib turardi. Sen birdan vahimaga tuhding va ko‘zlaringga ishonmay, dovdirab, ayolga tikilib qolding.

– Uyning hujjatini ko‘rsam bo‘ladimi? – deding shosha-pisha.
– Marhamat!

Ayol senga uy daftarini keltirib berdi. Hujjatda hamma narsa joyida edi; uy ayolga tegishli ekanligi to‘g‘risida kichkina izoh bilan salobatli muhr bor edi. Sen narigi xonaga o‘tib, hujjatlar yotgan javondan o‘z nomingdagi uy daftaringni axtara boshlading. Orqangdan hayron bo‘lib qarab turgan ayolga e’tibor bermay, hamma narsani xuddi aqldan ozgandek har yoqqa sochib tashlading. Nihoyat, eskirib, varaqlari ko‘chib ketgan uy daftarini topgach, quvonchdan baqirib yubording:

– Mana, mana bu yerda uy menga tegishli ekanligini bildiruvchi muhr bor.

Ayol hayron bo‘lib, sen uzatgan daftarni varaqlay boshladi. So‘ng senga qarab, burnini jiyirdi-da, yana qaytarib berdi va dimog‘i aralash mazax bilan kulib qo‘ydi. Hech narsaga tushunmay, bir unga, bir daftarga shoshib qaragancha varaqlay boshlading. Uy seniki ekanligi to‘g‘risidagi tegishli muassalar chiqargan qaror yozilgan varaq bo‘m-bo‘sh edi. Sen batamom dovdirab qolding va ayol o‘zingga endi yanada ko‘proq shubha bilan qarayotganini ko‘rgach, Har oqshom o‘tirib gazeta o‘qiydigan deraza oldidagi eski orom kursiga o‘zingni behol tashlading. Seni butkul gumonlar chulg‘ab olgan edi. Najot izlab butun uyni ko‘zdan kechirding. Nimadir esingga tushib, cho‘ntaklaringni tita ketding va qip-qizil jildli pastportingni topgach, irg‘ib turib, ayolning ko‘z oldiga borib varaqlashga tushding.

– Mana bu yerda yozilgan… mana bu yerda… – Deya hansirab baqirding. Biroq birdan daming ichingga tushib to‘xtab qolding, ish joyingda maosh yerayotganda keksa, injiq kassir yuz martalab sinchiklab tekshiradigan “Yashash joyi” degan varaqda ikkita uzun chiziqdan boshqa hech qanday belgi yo‘q edi.

Sen yana orom kursiga cho‘kkancha boshlaringni changallab uzoq o‘tirding va shunda yana men tush ko‘rayotgan bo‘lsam kerak, deb o‘ylay boshlading. Ayol esa tepangda senga hamon shubha va ajablanish bilan tikilib turar edi. Kim biladi, u shu daqiqalarda sen to‘g‘ringda nimalarni o‘yladi ekan. Balkim bironta uchiga chiqqan qallob deb o‘ylagandir; balkim o‘zi aytganday muttaham o‘g‘ri deb o‘ylagandir, balkim ko‘chada yuradigan bironta shilqim deb o‘ylagandir, balkim uyiga surbetlik bilan kirib olgan bosqinchi, deb o‘ylagandir. Har qalay, uning ko‘zlari senga xavfsirab tikilib turardi. Agar bu tush bo‘lsa, sen hech qachon bunchalik uzoq tush ko‘rmaganding. Har qanday xatarga yuraging dosh bermay uyg‘onib ketgan bo‘larding. Lekin sen uyg‘onmasding. Qachon uyg‘onishing ham noma’lum edi. Balkim sen uyg‘onguncha oyog‘ing ostiga yana bir asr yiqilar, balkim sen asrning ustiga yiqilib tusharsan. Balki, seni uyg‘otishga mening bu madorsiz va kuchsiz so‘zlarimning qudrati yetishmas. Balkim bu so‘zlar seni uyg‘otish o‘rniga, seni ko‘proq g‘aflat chohiga qarab yetaklar? Tushmidi bu? Agar tush bo‘lsa qachon uyg‘onarding? Buni men ham bilmasdim, buni sen ham bilmasding. Qachon uyg‘onasan sen?! Bu ro‘yo saltanatini ko‘z oldingdan qachon supurib tashlaysan? Bu saltanat seni tobora o‘ziga tobe qilib, mute qilib borardi. Sen orom kursisiga cho‘kkancha ojiz qiyofada o‘tirarding.

– Balkim, uy xo‘jaligi bo‘limiga borib uchrashib ko‘rarmiz, – deding sen nihoyat ayolga umid bilan tikilib. Ayol sening ko‘zlaringdagi iltijoni ko‘rib, rahmi keldi, shekilli, yelka qisdi.

– Marhamat, menga baribir.

U o‘ziga ishonar, shuning uchun ham sen bilan dunyoning narigi burchagiga ham hech ikkilanmay biga boraverardi.

Sizlar izg‘irin o‘ynoqlayotgan ko‘chaga chiqdilaring. Ig‘irin yana ayolning etagini o‘ynoqlay boshladi. Ikkalaring ham gung va bir og‘iz gaplashmay, jim ketib borardilaring. Sen shu da’fada hech narsaga ishonging kelmasdi. Go‘yo bularning barchasi ro‘yo edi. Biroq sen ayni payt uxlab yotganingni, uyg‘oq ekanligingni va qandaydir noma’lum ayol bilan birga ketayotganligingni anglarding. Sen bunday ro‘yoni hatto tushlaringda ham ko‘rmagan eding. Tushingga hamma narsa kirardi. Ehtimol, bu ayolni ham qachonlardir tushingning ko‘chalarida ko‘rgandirsan. Lekin sen ota-onang, bobokalonlaring yashab o‘tgan uyni o‘ziniki qilib olgan va yana hammasi tushdagiday emas, o‘ngdagiday sodir bo‘lgan voqeani hech qachon ko‘rmagan eding. Sen o‘zingga ham ishonging kelmasdi. Balki men hech qachon yashamagandirman. Bu uy rostdan ham ayolga tegishlidir va men tunggi kapalak kabi bu uyga adashib kirib qolgandirman, degan fikr damo-dam xayolingda charx urardi va ayolga shubha va iltijo bilan tikilib-tikilib qo‘yarding. Shunda birdan shu kunlarda gazetalarda shov-shuv bo‘lgan bir voqea esingga tushgandi. Shahardagi tarix muzeyida yoshgina xodimani bo‘g‘izlab ketishgandi. Gazetadagi xabarlarga ko‘ra, xodim o‘sha kuni kechga tomon ishdan so‘ng o‘z xonasida ishlab o‘tirgan edi. So‘ng to‘satdan butun muzey shovqin-suron va to‘polon bo‘lib ketgan edi. Muzey qorovul xonasidan yugurib chiqaman deb pushonasini eshikka urib olgandi. Uning eshigi qulflab tashlangan edi. Shunda muzeyning keng zalida qanday shovqin bo‘layotganini ko‘rish uchun kalit tirqishidan mo‘ralagan va xodimni nayzalarining uchiga ildirib chiqayotgan qandaydir dubulg‘ali kishilarni ko‘rgan edi. Gazetada qorovulning ruhiy bemorlar kasalxonasida yotgani yozilgan edi. Muzey xodimining nimtalab tashlangan jasadi yonidan yettinchi asrda yasalgan qilich topib olishgan edi. Odamlar bu voqeani turlicha izohlashardi. Ko‘plar boshqa sayyoradan tushgan odamlarning ishi deb baholashardi. Ko‘plar esa mutlaqo ishonmasdi. Turli sharpalar kasalxonada ham qorovulning ko‘ziga ko‘rinib turibdi, deb aytilgan edi gazetalarda. Sen bu xabarga muxbirbachchalarning navbatdagi uydirmasi, deb ishonmaganding. Lekin hozir birdan ishonging kelib qolgandi va ayolga biron sharpa yoki boshqa sayyoradan tushgan odam emasmikin, deb gumon bilan qaraganding. Yo‘q, u arvoh emas edi va boshqa sayyoralikligini bildiradigan hech qanday alomati yo‘q edi. U o‘zingdan ham ko‘ra tabiyroq, so‘limroq, go‘zalroq edi va yoningda ayozli osmonni tantanavor kezib yurgan hilol kabi mag‘rur va maftunkor qiyofada ketib borardi. Sening ko‘rinishing suvga bo‘ktirilgan kuchukday ayanchli edi. Butun vujuding muqarrar mag‘lubiyatdan qalt-qalt titradi. Uy xo‘jaligi bo‘limiga sen deyarli umid qilmasding, shunday bo‘lsa ham tavakkal qilib ketib borarding. Ayol esa o‘zini bezovta qilganidan noroziday ba’zi-ba’zida ming‘irlab qo‘yardi.

Senga hamisha uy haqini o‘z vaqtida to‘la, deb po‘pisa qilib yuradigan bo‘lim mudiri sizlarning gaplaringizni hayron bo‘lib eshitdi, so‘ng qandaydir hujjatlarni tekshirib, senga g‘azab bilan tikilib turdi-da:

– Uy qurilgandan buyon bu xonimga tegishli. Sen qayoqdan kelib qolding? – dedi.

Sen indamay tashqariga yo‘l olding. Boshqacha bo‘lishi mumkin emasligini o‘zing ham sezganding. Ayol bilan birgalikda endi seniki bo‘lmagan uyga qaytdilaring. Ayolning mezbonga o‘xshab qilayotgan mulozamatidan endi g‘ashing kelmasdi; ayolga indamay bo‘ysinib borarding.

– Agar xohlasangiz vaqtincha qaznoqdan joy qilib berishimiz mumkin! – dedi ayol uyga qaytib kirganlaringda, sening so‘lib qolganligingdan rahmi kelib. — Sovug‘u, lekin nachora, qish o‘tsa, birorta joy topib olarsiz.

Sen rad etgandek bosh silkitding. Orom kursisida uzoq o‘tirding. Derazalarga tun pardasi tortilgach, sekin o‘rningdan turib, hozirlana boshlading.

– Kiyimlarimni olsam maylimi? – so‘rading ayolga taqdiringga tan bergandek.
– Qanday kiyimlar?

Sen kiyim javonida terib qo‘yilgan kiyimlaringga ishora qilding.

– Axir ular erimning kiyimlari-ku? – sal bo‘lmasa hayron bo‘lib baqirdi ayol va xuddi sen tortib oladigandek javonning oldini kelishgan qomati bilan to‘sib oldi.

Sen u bilan tortishib o‘tirmading. Qupquruq, so‘ppayib ketayotgan qo‘llaringni seni voyaga yetkazgan darchalar va eshiklardan yashirish uchun cho‘ntagingga tiqib batamom tor-mor etilgan qo‘shinday tanish yo‘lak orqali uydan sekin chiqib ketding…

… Bu, tushning oxiri emas edi. Bu ibtidosi edi. Bu tushni sen menga o‘sha sovuq izg‘irinli kunda gapirib berganding. Sening yuzlaring umidsizlik va yolg‘izlikdan gezarib ketgan. Sen bu tushni gapirar ekansan, men o‘zimga ishonmay qolgandim. Bu tushni sen menga gapirib berganmiding yo mening o‘zimmi?! Sen shu paytda izg‘irinli ko‘chada manzilsiz daydib yurgandirsan, ayoz supurgisi seni ham bu oqshom sahnasidan batamom supurib tashlash uchun singan tug‘ning bir parchasidek ayovsiz tortqilar, g‘azovot o‘tida yonib, uchib kelayotgan ko‘chmanchi mo‘g‘ul askarining egnidagi qora ro‘dapodek seni osmonu-falak qo‘ynida tinmay hilpiratar. Lekin bu tushni sen ko‘rdingmi, menmi, g‘anuz bilolmadim. Men seni shundan keyin faqat bir marta uchratdim. Sen Q. maydonida yovvoyi kaptarlarga don sepib o‘tirarding. Ko‘zlaring orzumand porlab turar, yuzing baxtdan yayrab ketgandi. Men seni ko‘pdan berish shu holatda ko‘rmagan edim. Kaptarlar sen har don sepganingda hurkib, gurillab havoga ko‘tarilar, so‘ng hech qanday xavf yo‘qligini bilgach, qaytib yerga qo‘nishar va kukulay-kukulay sen sepgan donlarni terib yeyishardi. Sen esa ularga xuddi go‘zal manzarani ko‘rganday qarab turarding. Men sening yoningda turgancha, sen bu kaptarlarga qarab nimalarni o‘ylayotganingni bilgim kelardi. Sen bu vatansiz qushlarga qarab nimalarni o‘ylagan eding? Balkim sen ularning bejirim va keskir qanotlariga qarab ozod qushlar haqida o‘ylagandirsan? Balki, ularga boqib vatan haqida o‘ylagandirsan? Balki tuyg‘ularingni kaptarlarga aylantirib, uzoq-uzoqlarga uchirib yubormoqchi bo‘lgandirsan? Balki sen hech narsa haqida o‘ylamagandirsan? Sen shunchaki kunni kech qilish uchun yoki o‘zingning uysiz ekanligingni unutish va biron lahmga yoki vokzalning bir burchagiga borib tungash va vaqt o‘tishi uchun qushlarni shunchaki ermak qilib o‘tirgandirsan? Yoki bu qushlarga qarab, uysiz faqat o‘zing emasliging, olamda millionlab uysiz va vatansizlar borligi to‘g‘risida o‘ylab, o‘zingni ovuntirgandirsan. Balkim sen qalbingni mana shu qushlargagina ochgandirsan? Men sening o‘sha kuni Q. maydonida nimalar haqida o‘ylaganingni haligacha bilolmadim. Kech tushgach, o‘rningdan turding-da, qorni yopinib uxlayotgan, deyarli yo‘lovchisi yo‘q, huvillab yotgan ko‘chaga qarab, qorong‘ulik qa’riga singib ketding. Men sening izingdan qarab turar ekanman, sening rostdan ham shu da’fa qushga o‘xshashing haqida o‘ylagandim. Sen qor o‘ynoqlayotgan kimsasiz ko‘chaga qarab parvoz qilib ketganding. Men sendan o‘sha kuni nimalar haqida o‘ylaganingni so‘ray olmay qolgandim. Keyinchalik ham senga bu savolni bera olmadim. Sen bilan boshqa uchrashmadik. Sening qushlarga qarab nimalarni o‘ylaganingni hech qachon bila olmadim, bu menga armon bo‘lib qoldi. So‘ray desam, o‘sha kuni sening kaptarlaring ham qaylargadir uchib ketgan edi. O‘sha kuni Q. maydonida kabutarlarga don sepib, ularni orzumand va mastona kuzatib, yuzida azob va iztirob aks etib turgan parishon yigit senmiding yoki menmidim? Balki men kabutarlarga don sepayotganda va so‘ng kimsasiz ko‘chaga qorong‘ulik qo‘yniga singib ketganimda izimdan shafqat va achinish bilan qarab qolgan sendirsan, kaptarlarning qanotlaridan mening orzularimni o‘qimoqchi bo‘lgan ham va kabutarlarning kichkina, hushyor ko‘zlarida o‘qilib turgan ham balki sendirsan?

Shundan so‘ng men sen haqingda turli mish-mishlar eshita boshladim. Seni kimdir mast odamlarga qo‘shilib, yer osti yo‘llarida tunab yurganingni aytdi. Kimdir esa seni vokzalda yotib yuribdi dedi. Keyin esa ish joying yotoqxonasidan joy berdi. Sen haqingda men boshqa hech narsa eshitmadim. Kimdir seni uzoq joyga qurilishga ketgan dedi. Kimdir cho‘lga ketgan dedi. Men ularning gapiga unchalik ishonmadim. Lekin sening biz yashayotgan shaharni bir umr tashlab ketganingni bilardim va har kecha mo‘jazgina uyimda to‘shakka cho‘zilgancha qandaydir bir mo‘jiza yuz berishini kutib yotar ekanman, go‘yo mo‘jiza xuddi shu daqiqada yuz beradigandek yuragim shirin lazzatdan hapriqib ketardi, shunda beixtiyor seni va o‘sha izg‘irinli kunni eslardim…

04

(Tashriflar: umumiy 58, bugungi 1)

Izoh qoldiring