Rasul Hamzatov. Ulug’ she’riyat uchun

023
ХХ асрнинг улуғ шоирларидан бири, авар халқининг севимли фарзанди Расул Ҳамзатов номи ўзбек китобхонларига жуда яхши таниш. Дунё адабиётида ўз овозига эга бўлган бу ижодкорнинг адабиёт, шеърият, ватан ва инсонийлик мавзусида битилган асарлари ҳам ўзига хосдир.
Адибнинг “Истеъдодга садоқат” туркумидан олинган қуйидаги мақоласини эса шеъриятнинг ўзгармас, боқий тутумлари хусусидаги қимматли фикрлар жамулжами, десак хато бўлмайди. Бу фикрлар нафақат ижодкорлар учун, балки китобхонлар, шеърият ихлосманд­лари учун ҳам қизиқарли, деб ўйлаймиз.

007
РАСУЛ ҲАМЗАТОВ
УЛУҒ ШЕЪРИЯТ УЧУН
Асрор Мўмин таржимаси
011

05Менинг тоғлик юртим заргарларида ялтироқ са­риқ металнинг олтин ёки олтин эмаслигини аниқлайдиган махсус восита бор. Улар шу восита ёрдамида ҳар қандай сариқ ялтироқ металнинг олтин ёки олтин эмаслигини аниқлашади.

Бизнинг ўқувчиларимизда ҳам шундай туйғу борки, уни заргарларнинг ўша воситасига ўхшатиш мумкин. Шу боис мисралар қанчалик чуқур ўйланган бадиий ўхшатишлар билан безалмасин, ўқувчилар ўша ички туйғуси билан қайси асл шеърият, қайсиси “чиройли” тизмалар эканини дарҳол билади.

Ўқувчи яхши шеърни ўқиганда бу мен учун ёзилган, менинг шеърим экан, деб ўйлайди. Ҳа, шоир қачон мақсадига етади, агар ўқувчи унинг шеърларини ўқиганда: “Бунда менинг ўйларим, туйғуларим, муҳаббатим, ҳаётим, тилим, ўзлигим мужассам экан”, деб айтса.

Шоир ҳаётни бутун борлиғи билан, теран қамраб олиб, уни қанчалар тўлақонли, бадиий, гўзал тарзда ифодалай олса, куйласа, менимча, мана шу ҳақиқий шеъриятнинг мезони ҳисобланади. Айнан шундай шеъриятни халқ ўзиникидай қабул қилади.

Эсимда, ҳарбий хизматдан қайтган ҳамюртим Александр Твардовскийнинг “Василий Тёркин” достонини ўқиб бериб, уни қуролдош дўсти ёзганини айтиб мақтанди. У ўша вақтда Твардовский ҳақида умуман эшитмаган экан. Лекин бу эътироф ҳақиқий шеърият халқчил бўлишига ёрқин бир мисолдир.

Худди шундай Константин Симоновнинг “Мени кутгил” шеърини, Михаил Исаковскийнинг шеър-қўшиқларини, Николай Тихоновнинг “Мих ҳақида баллада” каби асарларни ҳам халқнинг ўзи яратгандай. “Замон ва ўзим ҳақимда”… Замонавий шеърларнинг энг гўзал намуналари тўпланган китобни “Замон ва ўзим ҳақимда” деб номласа бўлади.

Вақт – бу учқур тулпор. Шоир шу тулпорнинг жиловидан тутиб унга миниши, замон билан ҳамнафас қадам ташлаши ва ўз даврининг овози бўлиши лозим. Дунёдаги энг буюк шоирлар ана шундай бўлишган. Шеърият – халқнинг уриб турган юраги, фикр-ўйлари, бажараётган иши, туйғулари ва яшаш учун курашининг бадиий ифодаси. Менимча, мана шу нуқтаи назарлардан келиб чиққан ҳолда замонавий шеърият ҳақида фикр юритиш керак.

Кейинги йилларда шеърият соҳасида ҳосил мўл бўлди. Ўнлаб нашриётларда, газета-журналлар саҳифаларида шеърий туркумлар, китоб-тўпламлар нашр этилди. Шеъриятда янги номлар ҳам пайдо бўла бошлади.

Россия Ёзувчилар уюшмаси йиғилишларида “илгари номаълум истеъдодларнинг” номлари тез-тез тилга олинаяпти. Уларнинг асарларида бугунги кунимиз, замондошларимиз ҳақида ёзилган. Гўё ҳамма ишларимиз жойида, ҳаммаси яхши, хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқдай. Чиндан ҳам кейинги йилларда ўқишли, ўзига хос, истеъдоди барқ уриб турган бир талай шеърий асарлар яратилди. Мен бу ижодий жараёндан кўз юммоқчи эмасман.

Шу билан бирга тўплам-тўплам шеър ва достонлар орасида ҳақиқий олтин жилосини таратаётган шеърлар камлигини айтмоқчиман, холос.

Бир хиллик, ўзгаларни ва ўзини-ўзи такрорлаш, муҳими ҳис-ҳаяжоннинг йўқлиги, оддий шеърият қоидаларига риоя этмаслик, бу – ке­йинги йиллардаги шеър деб тақдим этилаётган тизмаларга хос умумий хусусият.

Тўғри, булардан ташқари шу соҳанинг устаси бўлган ижодкорларнинг ҳам шеърий асарлари бор. Аммо улар қанчалик маҳорат билан ёзилган бўлмасин, ўқувчилар қабул қила олмайди. Чунки, уларда халқнинг фикр-ўйлари, орзу-мақсадлари ўз ифодасини топмаган. Бу шеърий мисралар кимсасиз воҳада қайнаган ва ўзига йўл топа олмай сингиб кетган булоқларга ўхшайди. Бу булоқларнинг суви қанчалик тоза бўлмасин, ундан одамларга ҳеч қандай наф йўқ. Уларга ўқувчилар тоғлик деҳқон хон саройига қарагандай қарашади. Улар бир-бирига бегона, улар бир-бирини тушунишмайди.

Бизда ҳар хил шоирлар бор. Лекин уларнинг ижоди ҳамма вақт ҳам миллионлаб ўқувчиларнинг юрагидан жой топа олмаяпти. Шунинг учун ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Кейинги йилларда газета-журналларда шеърият ҳақида куюнчаклик билан ёзишаяпти. Бу ҳақда ўқувчиларимиз ҳам ўз фикрларини билдиришмоқда.

Бизнинг шеъриятимиз яшовчан ва унинг тақдирига умрбоқийлик битилган, чунки, уларда бунёдкор хал­қимизнинг умрбоқий ишлари ўз ифодасини топади. Аммо айрим шоирлар шеъриятнинг бу умрбоқий ҳикматини, яъни замон билан тенгма-тенг қадам ташлаш, халқнинг ҳаёти, қувонч-ташвишлари билан яшаш деган тушунчани жуда юзаки тушунишади, шекилли. Негаки, истеъдод – ноёб воқелик эканини унутишиб, Ёзувчилар уюшмасига лаёқати бор кишиларни шошма-шошарлик билан қабул қилишяпти. Газета-журналлар, баёзлар зерикарли, қофиядош сатрларни шеър деб чоп этишаяпти, сабаби улар замонавий мавзуда ёзилган эмиш. Бу билан улар нафақат шеъриятнинг, балки шеъриятнинг юраги бўлган замонавий катта мавзуларнинг ҳам қадрини пасайтиришаяпти.

Тушунаман, замонавий мавзуда ёзиш осон эмас, лекин замонавий мавзуда ёзганда, шоирнинг ўзига хослиги, кузатувчанлиги, фикрлаши, маҳорати етуклиги, қисқа қилиб айтганда, истеъдоди намоён бўлади.

Демак, замонавийлик ҳақида фикрлашамиз. Агар шоир ўзгаларни такрорламасдан ўз замони ва замондошлари ҳақида ўзлигига хос ёрқин бадиий асар ёзса, менимча, шеъриятдаги чинакам янгилик шу. Замон ҳақида ёзиш дегани, бу – ҳамиша халқ билан бирга бўлиш, одамлар қувонганда қувониш, ҳаяжонланганда ҳаяжонланиш, мавжуд муаммоларга безовта чора излаш ва ечимини топиш, яна изланиш ва яна тадбир топиш. Замон ҳақида ёзиш дегани, бу – дам олиш нималигини билмай меҳнат қилиш, ҳар қандай вазиятда олд қаторда бўлиш деганидир.

Шеъриятда осон йўл йўқ ва осон йўл бўлмайди ҳам. Агар шеъриятда осон йўл бўлса, дарҳол уни бекитиш лозим. Айрим шоир ва адабиётшунослар Владимир Маяковскийдан иқтибос келтиради: “Менга кўпроқ яхши ва ҳар хил шоирлар керак, истагим шу холос”. Улар шу сўзларга кўр-кўрона ёпишиб олиб, шоирларнинг истеъдоди қай даражада, ижоди ўқувчиларга қандай таъсир этаётганига эътибор бермай шоирларнинг узун рўйхатини тузиш билан овора. Бу рўйхатда шундай шеър тўқувчилар ҳам учрайдики, улар ўзларининг ёзганларига билдирилган танқидий фикрлар билан танишишга ҳам улгуришмаган.

Айримлар ўйлайдики, шоирларнинг рўйхати қанча узун бўлса, шеърият шунча гўзал ва ранг-баранг бўлади. Ишончим комил, Маяковский кўпроқ яхши ва ҳар хил шоирлар деганда чиройли шеърий асарлар, ғоявий ва бадиий мукаммал шеърлар ёза оладиган шоирларни назарда тутган. Шу боис Маяковский сўзларини эслаганда, аввало “яхши” сўзига алоҳида эътибор қаратишимиз керак, токи бу сўз шоирнинг замон талабларига садоқатига ва унинг истеъдодига мезон бўлсин.

Барчамиз барча замон ва барча халқларнинг ўқувчилар ҳурматига сазовор бўлган барча яхши ва ҳар хил шоирларни севамиз. Шунингдек, биз ўзимизга замондош Твардовский, Тихонов, Исаковский, Риль­ский, Гилен каби барча яхши ва ҳар хил шоирларни ҳам севамиз.

Аммо айрим маърузачиларнинг консолидацияни рўкач қилиб, “яхши ва ҳар хил шоирлар” рўйхатига бўш ва ўртамиёна ёзадиган қаламкашларнинг номларини қўшишаётганини тўғри деб айта олмаймиз.

Баъзи қаламкашлар ёзганларининг ўқилмаётганига мени тарғиб этишмаяпти ёки ижодим ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмаяпти деган баҳонани рўкач қилишади. Ўқувчиларнинг дунёқараши ва талабини билган, шеърият менинг тақдирим деб яшаётган шоирлар бундай ўйлашмайди. Ўқувчилар ҳеч қандай тушунтиришсиз қайси булбул, қайси тўти эканини яхши билишади. Халқ ҳатто деворга мих қоқишига қараб, ким уста, ким энди қўлига болға ушлаганини айта олади.

Шунга қарамай шеъриятда косибларнинг пайдо бўлишини ҳаёт тақозоси деб қараётганлар ҳам бор. Улар бу ҳолни нафақат ёқлашади, балки рағбатлантиришга ҳаракат қилишади.

Агар катта олма дарахтини силкитсангиз, пишган олмалар билан бирга чириган олмалар ҳам ерга тушади. Дарахтда эса пишмаган ям-яшил олмалар қолади. Уларнинг ҳаммасини териб, бир халтага солиш керак эмас. Фақат пишган олмаларни териш, чириганларини жойида қолдириш ва пишмаганларининг пишишини кутиш лозим. Ҳеч қачон ўқувчиларга еб бўлмайдиган маҳсулотни тутмаслик керак.

Шоирларниг вазифаси одамларнинг ер юзида гўзал ва бахтли ҳаёт кечиришларига ёрдам беришдан иборат. Шоир бундай шарафли вазифани бажариши учун ўз ишининг устаси бўлиши лозим.

Агар шоир халқнинг турмуш тарзини билмаса, ёзганларига ёлғон аралашади, ёлғон аралашган асар эса ҳеч қачон яхши бўлмайди. Айримлар ўйлайдики, ёзувчилар ҳаётни тўлақонли билиши керак, шоирларга эса илҳомнинг ўзи кифоя, уларда истеъдод ва шеърни илғаш туйғуси бўлса бас. Шунинг учун бизда халқимиз ҳаётидан олинган кенг қамровли умумлашган шеърий тимсоллар яратилган асарлар кам, аксинча қофиялаштирилган тантанавор мисраларга тўла машқлар кўпа­йиб бормоқда.

Кўпгина шоирлар ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида салмоқсиз гаплар айтишга одатланиб қолишди. Гўё улар қизни кўрмасдан унаштиришга шошиладиган совчиларга ўхшашади.

Шоир ўз халқининг садоқатли фарзанди бўлиши керак. Садоқатли фарзанд бўлиши учун эса халқнинг ҳаётини ва меҳнатини билиши зарур. Афсуски, кўпгина истеъдодли шоирлар ўзининг ижодий лаёқатини эрта сарфлаб бўлишади. Чунки уларда меҳнат малакаси, иш тажрибаси йўқ. Улар аввал мактаб партасида, кейин институт аудиториясида ўтиришган ва шеъриятга, Ёзувчилар уюшмасига кириб келишган. Халқнинг турмуш тарзини қисқа ижодий сафарлардагина кўришади. Улар қандай ерни шудгор қилишни, отни эгарлашни, далада ҳосил йиғиштиришни билишмайди. Шунинг учун уларнинг бу мавзуда ёзган машқлари эл назарига тушмайди.

Бундай гуллар қанча чиройли бўлмасин, эрта сўлади. Дейдилар, халқнинг ҳаётида тарихий воқеалар юз бераётган ва улкан бунё­дкорлик, яратувчанлик ишлари бораётган даврда ҳақиқий шоирнинг овози баланд жаранглайди ва унинг овози миллионлаб юраклардан жой олади…

1979 йил.

96

(Tashriflar: umumiy 157, bugungi 1)

Izoh qoldiring