Safar Barnoyev. Arvohlar & Chehralar

005 6 май — Ёзувчи Сафар Барноев таваллуд топган кун

  Сафар Барноев ҳикояларида ўзи мансуб авлод болалари тақдирида ўчмас из қолдирган уруш даҳшатлари, бутун бир авлоднинг — уруш тугаган паллаларда вояга етган, оқ-қорани тушуна бошлаган, кўнгли бир умр ярим бўлиб қолган болалар авлодининг қиёфаси акс этган. Бу авлод кейинчалик ўсиб-улғайди, эл-юрт хизматига камарбаста бўлди. Улар орасидан олимлар-у шоирлар, косманавт-у давлат арбоблари етишиб чиқди. Ота дийдорига тўймаган бу авлоднинг бир вакили сифатида Сафар Барноев ижодида ўша давр болаларининг армонларини тасвирлаган (Бахтиёр Назаровнинг «Қалби орзуларидек кенг эди» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқинг).

Сафар БАРНОЕВ
АРВОҲЛАР
09

031Таниқли ёзувчи ва шоир Сафар Барноев (1938-2000) ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади:«Одатда таржимаи ҳол ёзган ёки бирор расмий ҳужжат тўлдирган одам, «Мен фалон йил, фалон ойнинг фалон кунида туғилганман», деб аниқ ёзади.Афсуски, мен бундай қилолмайман. Сабаби: то мен мактабни битиргунимча раҳматли онам Рўзигул Собир қизининг қўлида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Туғилган қишлоғим Бухоро яқинидаги Дилкушо деган жойда қишлоқ шўроси бўлиб ишлаган одамдан ҳужжат сўралганда у ҳеч иккиланмай «болайиз менинг ўғлим билан баравар», деб гувоҳнома тўлдириб берган.
Унда менинг туғилган йилим 1938 йил 6 май кўрсатилган. Мана шу ҳисоб билан яшаб келаман. Биров суриштиргани ҳам йўқ… Аслида эса онам, сен тут пишиғида, кимнингдир тўйи куни туғилгансан, дер эдилар.
Яна онам сен олти ойга тўлганингда отанг урушга кетди: «Менинг кафаним бўйнимга ўралган, қайтиб сенларни кўролмайман, деб сени бағрига босиб йиғлади», дер эди. Отам биз билан абадий хайрлашганини кейин тушундим. Бу энди менинг мангу армоним — «Соғинч», «Чеҳралар» номли шеърлар, балладалар тўпламимни варақласангиз, бу дардни сезарсиз. «Биз, уруш болалари», деб шеърлар ёзишим шундан.
Бухорои Шарифда ўнинчи синфни 1959 йили тугатдим. Бир фурсат қурилишда ишладим. Озгина ҳарбий кийим кийдим. 1966 йили эса Тошкент Давлат университетининг журналистика бўлимини тугатдим. Биринчи шеърим «Лагер қўйнида» номи билан 1959 йилда эълон қилинган…»

09

Ўша йили қиш совуқ келди. Қор ёғмаса-да, Бухорони қора совуқ босган, изғирин аёвсиз эсарди. Ер тарашадек қотган. Ариқдаги сувлар музлаган эди.

Тонг отиши билан арра, болта кўтарган ёш-яланг қишлоқ атрофидаги дарахтларни қоралаб йўлга тушарди. Қуриган шохларни чопишади, арралашади. Кечгача болтанинг тўқиллаши, арранинг ғийинглаши эшитилади. Одам борки, қўлига илинган ўтин-чўпни кўтариб уйига ошиқади. От-улови борлар Қизилқум этакларида ўсган саксовулу юлғуни чопиб, уловларга ортиб, кечки пайт қишлоққа қайтар эди. Баъзида бунинг акси бўларди. Ҳафталаб қор гупиллаб ёғар, лойсувоқ томларни қор босиб қолар эди.

Оила бошлиғи бувим дилдираб ўчоқбошига чиқар экан, ўзича тўнғиллаб қоларди:
— Қиш дегани фақат биздан қаҳрини оладими-ей. Совуғига чидай десанг, қори ундан ўтади-я. Нима бало, қиш ҳам очиққанда келадими-я. Табиатда ҳам раҳм-шафқат қолмади.

Чамамда ўша йиллари қиш чинакам қишлигини қилар эди. Бугунгидек қачон келиб, қачон кетишини билмай юрмасдик. Карим билан иккимиз танчага тиқилиб олиб, бувимнинг сўзларини эшитамиз:
— Бу норасидаларнинг ризқи бир кун бутун бўлар. Суяги ҳам қотар. Жонинг қийналгани қолар.

Биламан, ҳозир бувим олов ёқишга қийналади. Ҳўл ўтин ҳадеганда ўт олмайди. Тутатқи қалайди. Қўлига уфлай-уфлай бидондаги керосинни бостирма тагидан олиб чиқади. Ўчоқдаги ўтин устига қуяди. Лов этган овоз эшитилади. Ҳовли юзига аллақандай ҳид тарқайди.
— Хайрият-э. Ёнар экансан-ку…

Бувим челакни кўтариб, муз ерни қарс-қурс босиб, уйимиз орқасидаги ариқ томон юради. Борди-ю, бувимдан олдин сув олгани қўни-қўшни ариққа чиққан бўлса, яхши-я.

Чиқмаган бўлса, бувим яна изига қайтади. Теша олиб боради. Ариқдаги қатлам-қатлам музни челак сиққудек қилиб тешади. Инқиллаб-синқиллаб изига қайтади. Қорайиб кетган чойгумни тўлдиради. Ёнаётган олов ўртасига чойгумни қўйиб, уйга киради.
— Туринглар энди. Кун ёйилиб кетди, — бувим шундай дея нон-сандиғини очади.

Карим билан иккимиз танчага ёпилган кўрпадан бошимизни чиқарамиз.
— Тур, Карим.
— Сен-чи?
— Сен тур.
— Олдин сен тур.

Дастурхондаги ушоқларни тераётган бувим иккаламизни баравар чақиради:
— Каримжон, Садиржон, туринглар.

Турамиз. Бошимиз остидаги чопонни апил-тапил кийиб ташқарига чиқамиз.
— Қор билан қўл-бетларингни ювинглар, юзларинг ойнадай тиниқ бўлади, — бувим орқамиздан тайинлаб қолади. Кейин ўзича хиргойи қилади.

Қиш келди деб қувонма,
Совуқлари бордурр…

Карим билан иккимиз энг олдин ўчоқ бошига борамиз. Исинишга тутинамиз.
— Болаларим-ей, бунчалик нимжонсизлар. Танча қолиб энди ўзларингни ўчоққа урдиларингми?
— Ҳозир, — деймиз.—Ҳозир, бувижон!
— Ҳозирларинг бор бўлсин…

Ўчоқ атрофидаги қордан олиб, юз-қўлимизни ишқалашга тушамиз. Бету қўлимиздан эриб тушган қор суви ёнаётган оловга томиб, «пов-пов» этиб сачрайди.
— Ҳой, ўтинни зўрға ёқдим-ку. Бунча жонларинг ширин-а. Ўчириб қўйсаларинг, керосинни қайдан топаман? — дейди бувим.

Кўл-бетимизни ярим-ёрти ювиб, чопон этагига артиб, ўчоқ бошида чўнқайиб ўтирамиз. Уҳ-уҳлаб қўлларимизни оловга тутамиз. Айвон бурчагига тиқилиб олган шохдор сариқ эчки бизни кўриб, ипини узгудек бўлиб биз томон бўйнини чўзади.
— Маа-а.
— Ҳааа, — дейди Карим. — Совқотдингми?
— Маа-аа, мааа-аа…
— Ҳааа… — Карим эчки томон мушт ўқталади.

Ичкаридан бувимнинг овози келади:
— У жонивор ҳам оч-да.

Бувим сариқ эчкимизни қиш кунлари даҳлизга олиб кириб, бойлаб қўяди. Аёз авжига чиққан кечалари эски кўрпачаларни эчкининг устига ёпиб қўяди. Эчкимиз олдинлари бунга кўникмаган бўлса-да, кейин-кейин кўникди. Бувим айтганидек, совуқ мажбур қилди. Эчкимиз устига кўрпа ёпилиши билан ўнг томонга ёнбошлаб олиб ётадиган одат чиқарди.
— Оёқларини ҳам йиғиштириб олади-я, жон ҳаммага ширин-да, — кулади бувим.

Карим билан иккимиз ёз, куз ойлари ана шу сариқ эчки учун тикан, хашак йиғамиз.  Қиш кунлари у айвон томига чиқиб, эчкига хашак олиб тушади. Совуқ бошланиши билан Карим анча қийналади. Томга бир амаллаб чиқади. Паншаха билан муз қотган хашак, тикан уюмини зўрға титкилайди. Не-не азобда дам паншахада, дам қўлда сариқ эчкига егулик бирор этак музлаган хашак олиб тушади.

Эрталаб анча совуқ эди. Ўзи қалт-қалт титраб, ўчоқ бошида илиниб турганида сариқ эчкимиз худди унга «тезроқ томга чиқ» дегандек, маърай бошлади. Эчки тинимсиз маърайвергач, Карим бошини чопонига ўраб олди. Мен атай уни чўчита бошладим.
— Карим, эчкимизга ёмон ният қилдинг.

У ҳушёр тортди.
— Нима? — деди.
— Ҳо, анойи. Кечагина, ўлсин, соқов бўлсин, дегандинг-ку. Ўлса, соқов бўлса, сути ҳам қурийди. Қозонимиз қайнамайди, тамом.

Карим чўчиб тушди.
— Мен ялғондакам айтгандим.
— Ростданми, ялғонданми, барибир. Тамом энди, эчкимиз ё соқов бўлади, ё ўлади.
— Маа, маа.

Карим эчки томон қаради.
— Ана, тили бор-ку.
— Тили бўлсаям энди ўлади. У сен билан видолашаяпти.

Карим дик этиб ўрнидан турди. Чопиб бориб сариқ эчкининг бўйнини қучоқлади. Сариқ эчки чопони енгини ямлай бошлаганини ҳам сезмади.
— Қоч, чопондан айриласан!

Карим ўрнидан турганида сариқ эчкимиз унинг олақуроқ чопони енгини тортиб қолди.
— Ҳаром ўл! —деди у силтаниб. Сўнгра эчкининг оғзига ёпишди. Чопон енгини эчки оғзидан тортиб олиш қийин бўлди. Карим қанча зўр бериб тортмасин, оч эчки жон- жаҳди билан тишлаб, чопон енгини тиши остидан бўшатмас эди. Барибир эчки зўр чиқди. Чопон енгининг бир бўлагини йиртиб олди. Карим ҳўнграб юборди.
— Йиғлама, — дедим уни юпатиб, — ўлиб-нетиб қолса, сут ҳам йўқ, қозон ҳам қуп-қуруқ. Чопон топилади…
Карим жимиб қолди.

Сариқ эчкини бу йил кузда сотиб олган эдик. Ҳали болаламаган бўлса-да, ҳар эрталаб бир косача сут бериб турибди. Бувим ана шу сутдан тез-тез бизга атала пишириб беради. Қолган пайтлари зоғора, гўжа, шўрва деган овқатлар канда бўлмайди.

Каримнинг икки кўзи эчкида.
— Кўп қарайверма, — дедим унга, — оз бўлса-да, енгингдан еб, қорни тўйди. Энди ўлмайди.
— Яхши ният қил, — Карим қозонга қаради.
— Унда, — бирпас ўй сурган бўлдим, — унда томдаги қорни ўзинг курайсан. Эчкини ўзинг тўйдирасан.
— Сен-чи?
— Менми, мен эчкини дуо қилиб ўтираман.
— Ўлмасин дебми?
— Соқов бўлмасин, ўлмасин деб.

Ҳар доим томни сен курайсан, эчкини мен боқаман ёки аксинча, сен эчки боқасан деб эрталабдан талашадиган Карим лом-мим демади. Чуқур хўрсинди-да:
— Ихтиёринг, — деди.

Каримни оппа-осон кўндирганимга хурсанд эдим. Чунки бу кеч қор қалин ёққан эди. Эчкини боқиш ҳам, қор кураш ҳам теппа-тенг азоб. Иккаласи ҳам Каримнинг бўйнига тушди. Ўзида айб. Нега дабдурустдан сариқ эчкимизга ёмон ният қилди. Йўқса, уни кўндириш қийин эди.

Ҳаво илиқ кунлари у эчкини етаклаб, боққани олиб чиқарди. Менга уй ишлари, ўтин ёриш, сув ташиш қолар эди. Бу кун эса ҳаммаёқни қалин қор босди. Иккаламиздан биримиз томга чиқишимиз турган гап. Ана шунинг учун эчкининг маъраши унга ёқмай қолди.

Кейин… Пешинга бориб бувим эчкини соғиши, бизга атала пишириб бериши керак.
— Тоза гаплашиб тўйдиларингми, — бувим уйдан хокандоз кўтариб чиқиб қолди.— Икковинг ҳам уйга кир, танчага ўт соламан.

Карим эчки ямлаган енгини яшириб уй сари юрди. Бизни кўриб, сариқ эчки чўзиб- чўзиб маъради. Карим ўгирилди. Эшитилар-эшитилмас пичирлади:
— Эчкижоним…

Бувим танчага олов солди. Мен чой дамладим. Танча атрофида ўтиришимиз билан, бувимиз танчадан бир коса гўжани олиб, дастурхон устига қўйди.
— Гўри нурга тўлгурлар, бу кеча келишмабди. Қаҳратон қишда… Сен норасидаларга кўзи қиймаган-да…
— Яна оч кетишибдими, — Каримнинг кўзлари ола-кула бўлди.
— Оч, болам, оч.
— Унда мен емайман.
— Енглар, болаларим, енглар…
— Емайман, — деди Карим. Унинг кўзида ёш қалқиди. — Емайман. Онам оч.
— Вой, болам, нималар деяпсан? Егин. Онангга бу оқшом яна олиб қўяман. Сенларни есин деган-да. Ахир ҳаво совуқ. Қиш одамни ютаман дейди. Сенларга илинишган-да.
— Улар совуқ қотмайдиларми?..

Бувим даҳлизга чиқиб кетди.
— Сен ҳам ема, — косадаги гўжани суриб қўйди Карим. — Бу онамнинг ҳақи.

Косадаги гўжага тикилиб қолдим. Карим ўрнидан турди. Косани токчага қўйди.
— Бу онамнинг косаси…

Дастурхонда бор-йўғи икки дона зоғора бор эди. Чақалоқнинг муштидек келадиган бу зоғоралар ҳозир минг бўлакка бўлганимизда ҳам, қорнимизга юқ бўлмасди. Косани дастурхонга қўйдим.
— Каримжон, кел, бирга ейлик.
У дастурхон устига ётиб олди.
— Емайман!

Мен Каримга ёпишдим. У дастурхон билан косани ўраб олди.
— Бермайман!
— Берасан!
— Бу арвоҳнинг ҳақи!
— Ёлғон, ўзимизники! Бер буёққа!
— Бермайман! Арвоҳдан қўрқмайсанми?
— Сен-чи, сен? Эрталаб туриб эчкимизга ёмон ният қилдинг. Бер буёққа!

Карим дудуқланиб қолди.
— Эчки тирик. Онамла…
— Ўлган одам овқат емайди. Бер буёққа!
— Ахир улар оч-ку! — Карим ҳўнграб йиғлашга тушди. — Бувим атай…

Бувим кейинги кунларда овқат пишиши билан бир косани тўлдириб, танчага келтириб қўяди. Кейин бизга тайинлайди:
— Бу арвоҳларнинг ризқи, болам. Яна тегиб-нетиб юрманглар… гуноҳ бўлади. Ўлганлар оч қолади.

Карим билан иккимиз ярим коса гўжани ичиб бўлгач, қошиқни ялаб токчага тикиламиз.
Бувим жавдираб турганимизни кўриб, ҳар оқшом бирдай сўз бошлайди:
— Бу арвоҳларнинг ризқи. Улар ҳар оқшом, оёқ товуши тингач, келиб бизлардан хабар олади. Кейин ўтириб овқатланади. Кетиш олдидан косани ювиб жойига қўяди.

— Кейин-чи? — кўзлари ола-кула бўлиб сўрайди Карим.
— Яна келган жойига кетади.
— Кундузи келса бўлмайдими?
— Улар кундузи ётиб, ярим кеча уйғонади.
— Ўлганлар ҳам тириладими?
— Арвоҳга айланиб қолади, болам.
— Арвоҳ қанақа бўлади, бувижон?
— Арвоҳми? — бувим ўйланиб қолади. — Арвоҳ — арвоҳ бўлади. Унинг кўзлари катта-катта. Қўллари узун. Ҳаммаёғини тук босган. Оғзини мана бундай очиб, — бувим қулочини ёзади,— очман, тўйдиринглар, деб келади. Кейин елкасида иккита шохи ҳам бўлади. Қани, ўралибгина ётинглар. Ҳали-замон келиб қолади. Қани-қани, тезроқ ухланглар.

Бувим кўрпани бошига ўрайди. Биз ҳам танча ичига кириб кетамиз. Анчагача жим етамиз. Бувим «пулқ-пулқ» қилиб хуррак отади. Карим тирсаги билан биқинимга туртади.
— Ухладингми?
— Й-ўўқ.
— Ухлама. Арвоҳни кўрамиз.
— Қачон келади?
— Менга қулоқ сол. Ҳаммаёқ жимжит. Камол бобонинг ҳанги эшаги ҳам ҳанграмаяпти. Ҳушёр ёт. Кўрамиз.
— Нимани?
— Бувим айтган арвоҳни.
— Эшикнинг илгаги илинган. Қаёқдан киради.
— Илгакни секин очиб қўяйми?
— Бувим уйғониб кетади.
— Пилқ-пилқ қиляптилар.
— Жим, эшитадилар.
— Садир, арвоҳ қанақа бўларкин?
— Бувим айтдилар-ку.
— Кўзимиз билан кўрсак яхши-да.
— Мен қўрқаман.
— Менам қўрқаман-у… Овқатни қандай еркин…
— Қорни оч бўлгач, ейди-да.
— Деразани очиб кириб келса-я.
— Жим ёт.
— Уйқум келмаяпти. Сен ҳам ухлама.
— Қўй. Мен ухлайман.
— Оёғингни чимчила, уйқинг қочади.

Каримнинг кўкрагига қўлимни қўяман. Унинг юраги гуп-гуп уради.
— Ўзинг ҳам қўрқаяпсан-а.

Карим елкамга бошини қўяди.
— Овоз чиқармасак бўлди.

Ташқарида ҳамон изғирин увлайди. Муздек қотган эшик қирс-қирс овоз чиқаради. Бир-биримиздан бехабар ухлаб қоламиз. Эрталаб туриши билан Карим токчага қарайди.
— Бувижон, арвоҳлар овқатни косаси билан еб кетибди.
— Ҳа, болам… Улар кўпчилик. Амакиларинг… Тоғаларинг… Бечора онанг… Бирга еймиз деб косаси билан олиб кетгандир-да… Бу кеча келганида косани топ-тоза ювиб жойига қўйиб кетишади.
— Онам ҳам келадиларми?
— Қайси эртароқ келса…
— Бувижон, бу кеча онам келсинлар…
— Вой, болам, менинг қўлимда бўлса-ку…

Карим маъюс тортади. Гоҳида еб турган зоғорасининг ярмини токчага қўяди.
— Ўзинг е, болам, — дейди бувим.
— Емайман. — У шундай дейди-ю, тамшанади.

Карим ҳозир бувим «арвоҳлар бу кеча келишмабди» деб дастурхон устига қўйган гўжали косани сира бергиси йўқ. Қорним эса мушук тирнагандек таталаяпти.

Каримга кучим етавермагач, унинг жимжилоғини тишлаб олдим.
— Вой қўлим, — дод солди Карим. — Вой-вой!
Мен шошиб гўжали косага ёғоч қошиқ солдим.
— Ема, ема! Арвоҳнинг овқати. Буви…

Бувим кириб келди.
— Падарқусурлар!
— Қаранг, буви. Овқатни еяпти.
— Енглар, ош бўлсин, болам.
— Арвоҳлар-чи! Онамнинг арвоҳи оч… Қўйсин жойига. Бу кеча келадилар.
— Енглар, енглар. Бу кеча яна пишираман. Ҳали эчкини соғиб олай. Сутлироқ қилиб пишираман, — бувим бизларни юпата бошлади.
— Энди эчкимиз сут бермайди, — дедим мен.
— Нега бермас экан, — деди бувим. — Ҳали сути бор. Ҳар ҳолда қишдан олиб чиқади, жонивор.
— Ўша жониворийизни мана бу Карим ўлсин, соқов бўлсин, деб қарғади.
— Қарғамадим, — деди Карим.
— Қарғадинг!
— Қўйинглар, талашманглар, — деди бувим, — қарғиш билан одам ўладиган бўлса, бу дунёда одам қолармиди.
— Ахир у одам эмас, эчки-ку.
— Эчкиям ўлмайди.

Карим эшитдингми деган маънода менга қаради. Ташқаридан сариқ эчкимизнинг маъраши эшитилди. Бувим дока рўмолининг учи билан кўз милкларини артаркан:
— Буни атай сенларга қолдириб кетишган. Қани бирга ейлик, — деди. Сўнгра қўлига ёғоч қошиқ олди.

Каримнинг кўзлари хонасидан чиқиб кетгудек бақрайиб қолди. У косадаги гўжани ичмади. Зоғора нондан кавшаниб ўтирди. Бувим қанча қистамасин, Каримни кўндиролмади. Косадаги гўжани ўзим еб тугатдим. Бувим негадир бошини сарак-сарак қилди.

Мен бу гал қорним тўқ бўлгани учун индамай томга чиқиб, қор курай бошладим. Карим чопонига ўралиб, эчкини етаклаб уй орқасига олиб ўтди. Ариқ бўйидаги қорларни гаврон билан титкилаб, намиқиб, юмшаб қолган тиканларни юлиб, эчки олдига ташлади. Уйимиз бурчагига тўпланиб қолган хазонларни йиғди. Қор курайвериб чарчадим.

Каримни кузатдим. Қарасам, Карим бошини эчкининг елинига тираб, чўккалаб олиб, улоқдек эмаяпти. Сариқ эчкимиз шохини унинг биқинига суркаб-суркаб қўяяпти. Бирпас кузатиб турдим. Сабрим чидамади. Мўлжаллаб, бир курак қорни унинг устига ташладим. Карим шошиб бошини кўтарди. Эчки типирчилаб қочди.
— Ҳа, эчкиэмар! Қўлга тушдингми?

Карим талмовсираб жавоб берди:
— Эчкининг елини кир бўлган экан. Шуни тозалаётгандим.
— Энди арвоҳлар оч қолади-да.
— Нимага?
— Бувим бу кеча арвоҳлар учун сутли гўжа пишираман девди…

Бувим қиш кунлари албатта бир коса овқат олиб қўяр, тамшансак, «бу арвоҳларга» деб чўчитар эди. Биз ухлагач, у косани кўздан йироққа яширар, ўрнига қуруқ идишни қўйиб, эрталаб қўни-қўшнидан қарзга олдим деб, ўша косали овқатни бизга едирар эди. Бу сирдан биз кўп йиллардан кейин воқиф бўлдик…

003

Safar BARNOEV
ARVOHLAR
09

031Taniqli yozuvchi va shoir Safar Barnoev (1938-2000) o’z tarjimai holida shunday yozadi:«Odatda tarjimai hol yozgan yoki biror rasmiy hujjat to’ldirgan odam, «Men falon yil, falon oyning falon kunida tug’ilganman», deb aniq yozadi.Afsuski, men bunday qilolmayman. Sababi: to men maktabni bitirgunimcha rahmatli onam Ro’zigul Sobir qizining qo’lida hech qanday hujjat bo’lmagan. Tug’ilgan qishlog’im Buxoro yaqinidagi Dilkusho degan joyda qishloq sho’rosi bo’lib ishlagan odamdan hujjat so’ralganda u hech ikkilanmay «bolayiz mening o’g’lim bilan baravar», deb guvohnoma to’ldirib bergan.
Unda mening tug’ilgan yilim 1938 yil 6 may ko’rsatilgan. Mana shu hisob bilan yashab kelaman. Birov surishtirgani ham yo’q… Aslida esa onam, sen tut pishig’ida, kimningdir to’yi kuni tug’ilgansan, der edilar.
Yana onam sen olti oyga to’lganingda otang urushga ketdi: «Mening kafanim bo’ynimga o’ralgan, qaytib senlarni ko’rolmayman, deb seni bag’riga bosib yig’ladi», der edi. Otam biz bilan abadiy xayrlashganini keyin tushundim. Bu endi mening mangu armonim — «Sog’inch», «Chehralar» nomli she’rlar, balladalar to’plamimni varaqlasangiz, bu dardni sezarsiz. «Biz, urush bolalari», deb she’rlar yozishim shundan.
Buxoroi Sharifda o’ninchi sinfni 1959 yili tugatdim. Bir fursat qurilishda ishladim. Ozgina harbiy kiyim kiydim. 1966 yili esa Toshkent Davlat universitetining jurnalistika bo’limini tugatdim. Birinchi she’rim «Lager qo’ynida» nomi bilan 1959 yilda e’lon qilingan…»

09

O’sha yili qish sovuq keldi. Qor yog’masa-da, Buxoroni qora sovuq bosgan, izg’irin ayovsiz esardi. Yer tarashadek qotgan. Ariqdagi suvlar muzlagan edi.

Tong otishi bilan arra, bolta ko’targan yosh-yalang qishloq atrofidagi daraxtlarni qoralab yo’lga tushardi. Qurigan shoxlarni chopishadi, arralashadi. Kechgacha boltaning to’qillashi, arraning g’iyinglashi eshitiladi. Odam borki, qo’liga ilingan o’tin-cho’pni ko’tarib uyiga oshiqadi. Ot-ulovi borlar Qizilqum etaklarida o’sgan saksovulu yulg’uni chopib, ulovlarga ortib, kechki payt qishloqqa qaytar edi. Ba’zida buning aksi bo’lardi. Haftalab qor gupillab yog’ar, loysuvoq tomlarni qor bosib qolar edi.

Oila boshlig’i buvim dildirab o’choqboshiga chiqar ekan, o’zicha to’ng’illab qolardi:
— Qish degani faqat bizdan qahrini oladimi-yey. Sovug’iga chiday desang, qori undan o’tadi-ya. Nima balo, qish ham ochiqqanda keladimi-ya. Tabiatda ham rahm-shafqat qolmadi.

Chamamda o’sha yillari qish chinakam qishligini qilar edi. Bugungidek qachon kelib, qachon ketishini bilmay yurmasdik. Karim bilan ikkimiz tanchaga tiqilib olib, buvimning so’zlarini eshitamiz:
— Bu norasidalarning rizqi bir kun butun bo’lar. Suyagi ham qotar. Joning qiynalgani qolar.

Bilaman, hozir buvim olov yoqishga qiynaladi. Ho’l o’tin hadeganda o’t olmaydi. Tutatqi qalaydi. Qo’liga uflay-uflay bidondagi kerosinni bostirma tagidan olib chiqadi. O’choqdagi o’tin ustiga quyadi. Lov etgan ovoz eshitiladi. Hovli yuziga allaqanday hid tarqaydi.
— Xayriyat-e. Yonar ekansan-ku…

Buvim chelakni ko’tarib, muz yerni qars-qurs bosib, uyimiz orqasidagi ariq tomon yuradi. Bordi-yu, buvimdan oldin suv olgani qo’ni-qo’shni ariqqa chiqqan bo’lsa, yaxshi-ya.

Chiqmagan bo’lsa, buvim yana iziga qaytadi. Tesha olib boradi. Ariqdagi qatlam-qatlam muzni chelak siqqudek qilib teshadi. Inqillab-sinqillab iziga qaytadi. Qorayib ketgan choygumni to’ldiradi. Yonayotgan olov o’rtasiga choygumni qo’yib, uyga kiradi.
— Turinglar endi. Kun yoyilib ketdi, — buvim shunday deya non-sandig’ini ochadi.

Karim bilan ikkimiz tanchaga yopilgan ko’rpadan boshimizni chiqaramiz.
— Tur, Karim.
— Sen-chi?
— Sen tur.
— Oldin sen tur.

Dasturxondagi ushoqlarni terayotgan buvim ikkalamizni baravar chaqiradi:
— Karimjon, Sadirjon, turinglar.

Turamiz. Boshimiz ostidagi choponni apil-tapil kiyib tashqariga chiqamiz.
— Qor bilan qo’l-betlaringni yuvinglar, yuzlaring oynaday tiniq bo’ladi, — buvim orqamizdan tayinlab qoladi. Keyin o’zicha xirgoyi qiladi.

Qish keldi deb quvonma,
Sovuqlari bordurr…

Karim bilan ikkimiz eng oldin o’choq boshiga boramiz. Isinishga tutinamiz.
— Bolalarim-yey, bunchalik nimjonsizlar. Tancha qolib endi o’zlaringni o’choqqa urdilaringmi?
— Hozir, — deymiz.—Hozir, buvijon!
— Hozirlaring bor bo’lsin…

O’choq atrofidagi qordan olib, yuz-qo’limizni ishqalashga tushamiz. Betu qo’limizdan erib tushgan qor suvi yonayotgan olovga tomib, «pov-pov» etib sachraydi.
— Hoy, o’tinni zo’rg’a yoqdim-ku. Buncha jonlaring shirin-a. O’chirib qo’ysalaring, kerosinni qaydan topaman? — deydi buvim.

Ko’l-betimizni yarim-yorti yuvib, chopon etagiga artib, o’choq boshida cho’nqayib o’tiramiz. Uh-uhlab qo’llarimizni olovga tutamiz. Ayvon burchagiga tiqilib olgan shoxdor sariq echki bizni ko’rib, ipini uzgudek bo’lib biz tomon bo’ynini cho’zadi.
— Maa-a.
— Haaa, — deydi Karim. — Sovqotdingmi?
— Maa-aa, maaa-aa…
— Haaa… — Karim echki tomon musht o’qtaladi.

Ichkaridan buvimning ovozi keladi:
— U jonivor ham och-da.

Buvim sariq echkimizni qish kunlari dahlizga olib kirib, boylab qo’yadi. Ayoz avjiga chiqqan kechalari eski ko’rpachalarni echkining ustiga yopib qo’yadi. Echkimiz oldinlari bunga ko’nikmagan bo’lsa-da, keyin-keyin ko’nikdi. Buvim aytganidek, sovuq majbur qildi. Echkimiz ustiga ko’rpa yopilishi bilan o’ng tomonga yonboshlab olib yotadigan odat chiqardi.
— Oyoqlarini ham yig’ishtirib oladi-ya, jon hammaga shirin-da, — kuladi buvim.

Karim bilan ikkimiz yoz, kuz oylari ana shu sariq echki uchun tikan, xashak yig’amiz. Qish kunlari u ayvon tomiga chiqib, echkiga xashak olib tushadi. Sovuq boshlanishi bilan Karim ancha qiynaladi. Tomga bir amallab chiqadi. Panshaxa bilan muz qotgan xashak, tikan uyumini zo’rg’a titkilaydi. Ne-ne azobda dam panshaxada, dam qo’lda sariq echkiga yegulik biror etak muzlagan xashak olib tushadi.

Ertalab ancha sovuq edi. O’zi qalt-qalt titrab, o’choq boshida ilinib turganida sariq echkimiz xuddi unga «tezroq tomga chiq» degandek, ma’ray boshladi. Echki tinimsiz ma’rayvergach, Karim boshini choponiga o’rab oldi. Men atay uni cho’chita boshladim.
— Karim, echkimizga yomon niyat qilding.

U hushyor tortdi.
— Nima? — dedi.
— Ho, anoyi. Kechagina, o’lsin, soqov bo’lsin, deganding-ku. O’lsa, soqov bo’lsa, suti ham quriydi. Qozonimiz qaynamaydi, tamom.

Karim cho’chib tushdi.
— Men yalg’ondakam aytgandim.
— Rostdanmi, yalg’ondanmi, baribir. Tamom endi, echkimiz yo soqov bo’ladi, yo o’ladi.
— Maa, maa.

Karim echki tomon qaradi.
— Ana, tili bor-ku.
— Tili bo’lsayam endi o’ladi. U sen bilan vidolashayapti.

Karim dik etib o’rnidan turdi. Chopib borib sariq echkining bo’ynini quchoqladi. Sariq echki choponi yengini yamlay boshlaganini ham sezmadi.
— Qoch, chopondan ayrilasan!

Karim o’rnidan turganida sariq echkimiz uning olaquroq choponi yengini tortib qoldi.
— Harom o’l! —dedi u siltanib. So’ngra echkining og’ziga yopishdi. Chopon yengini echki og’zidan tortib olish qiyin bo’ldi. Karim qancha zo’r berib tortmasin, och echki jon- jahdi bilan tishlab, chopon yengini tishi ostidan bo’shatmas edi. Baribir echki zo’r chiqdi. Chopon yengining bir bo’lagini yirtib oldi. Karim ho’ngrab yubordi.
— Yig’lama, — dedim uni yupatib, — o’lib-netib qolsa, sut ham yo’q, qozon ham qup-quruq. Chopon topiladi…
Karim jimib qoldi.

Sariq echkini bu yil kuzda sotib olgan edik. Hali bolalamagan bo’lsa-da, har ertalab bir kosacha sut berib turibdi. Buvim ana shu sutdan tez-tez bizga atala pishirib beradi. Qolgan paytlari zog’ora, go’ja, sho’rva degan ovqatlar kanda bo’lmaydi.

Karimning ikki ko’zi echkida.
— Ko’p qarayverma, — dedim unga, — oz bo’lsa-da, yengingdan yeb, qorni to’ydi. Endi o’lmaydi.
— Yaxshi niyat qil, — Karim qozonga qaradi.
— Unda, — birpas o’y surgan bo’ldim, — unda tomdagi qorni o’zing kuraysan. Echkini o’zing to’ydirasan.
— Sen-chi?
— Menmi, men echkini duo qilib o’tiraman.
— O’lmasin debmi?
— Soqov bo’lmasin, o’lmasin deb.

Har doim tomni sen kuraysan, echkini men boqaman yoki aksincha, sen echki boqasan deb ertalabdan talashadigan Karim lom-mim demadi. Chuqur xo’rsindi-da:
— Ixtiyoring, — dedi.

Karimni oppa-oson ko’ndirganimga xursand edim. Chunki bu kech qor qalin yoqqan edi. Echkini boqish ham, qor kurash ham teppa-teng azob. Ikkalasi ham Karimning bo’yniga tushdi. O’zida ayb. Nega dabdurustdan sariq echkimizga yomon niyat qildi. Yo’qsa, uni ko’ndirish qiyin edi.

Havo iliq kunlari u echkini yetaklab, boqqani olib chiqardi. Menga uy ishlari, o’tin yorish, suv tashish qolar edi. Bu kun esa hammayoqni qalin qor bosdi. Ikkalamizdan birimiz tomga chiqishimiz turgan gap. Ana shuning uchun echkining ma’rashi unga yoqmay qoldi.

Keyin… Peshinga borib buvim echkini sog’ishi, bizga atala pishirib berishi kerak.
— Toza gaplashib to’ydilaringmi, — buvim uydan xokandoz ko’tarib chiqib qoldi.— Ikkoving ham uyga kir, tanchaga o’t solaman.

Karim echki yamlagan yengini yashirib uy sari yurdi. Bizni ko’rib, sariq echki cho’zib- cho’zib ma’radi. Karim o’girildi. Eshitilar-eshitilmas pichirladi:
— Echkijonim…

Buvim tanchaga olov soldi. Men choy damladim. Tancha atrofida o’tirishimiz bilan, buvimiz tanchadan bir kosa go’jani olib, dasturxon ustiga qo’ydi.
— Go’ri nurga to’lgurlar, bu kecha kelishmabdi. Qahraton qishda… Sen norasidalarga ko’zi qiymagan-da…
— Yana och ketishibdimi, — Karimning ko’zlari ola-kula bo’ldi.
— Och, bolam, och.
— Unda men yemayman.
— Yenglar, bolalarim, yenglar…
— Yemayman, — dedi Karim. Uning ko’zida yosh qalqidi. — Yemayman. Onam och.
— Voy, bolam, nimalar deyapsan? Yegin. Onangga bu oqshom yana olib qo’yaman. Senlarni yesin degan-da. Axir havo sovuq. Qish odamni yutaman deydi. Senlarga ilinishgan-da.
— Ular sovuq qotmaydilarmi?..

Buvim dahlizga chiqib ketdi.
— Sen ham yema, — kosadagi go’jani surib qo’ydi Karim. — Bu onamning haqi.

Kosadagi go’jaga tikilib qoldim. Karim o’rnidan turdi. Kosani tokchaga qo’ydi.
— Bu onamning kosasi…

Dasturxonda bor-yo’g’i ikki dona zog’ora bor edi. Chaqaloqning mushtidek keladigan bu zog’oralar hozir ming bo’lakka bo’lganimizda ham, qornimizga yuq bo’lmasdi. Kosani dasturxonga qo’ydim.
— Karimjon, kel, birga yeylik.
U dasturxon ustiga yotib oldi.
— Yemayman!

Men Karimga yopishdim. U dasturxon bilan kosani o’rab oldi.
— Bermayman!
— Berasan!
— Bu arvohning haqi!
— Yolg’on, o’zimizniki! Ber buyoqqa!
— Bermayman! Arvohdan qo’rqmaysanmi?
— Sen-chi, sen? Ertalab turib echkimizga yomon niyat qilding. Ber buyoqqa!

Karim duduqlanib qoldi.
— Echki tirik. Onamla…
— O’lgan odam ovqat yemaydi. Ber buyoqqa!
— Axir ular och-ku! — Karim ho’ngrab yig’lashga tushdi. — Buvim atay…

Buvim keyingi kunlarda ovqat pishishi bilan bir kosani to’ldirib, tanchaga keltirib qo’yadi. Keyin bizga tayinlaydi:
— Bu arvohlarning rizqi, bolam. Yana tegib-netib yurmanglar… gunoh bo’ladi. O’lganlar och qoladi.

Karim bilan ikkimiz yarim kosa go’jani ichib bo’lgach, qoshiqni yalab tokchaga tikilamiz.
Buvim javdirab turganimizni ko’rib, har oqshom birday so’z boshlaydi:
— Bu arvohlarning rizqi. Ular har oqshom, oyoq tovushi tingach, kelib bizlardan xabar oladi. Keyin o’tirib ovqatlanadi. Ketish oldidan kosani yuvib joyiga qo’yadi.

— Keyin-chi? — ko’zlari ola-kula bo’lib so’raydi Karim.
— Yana kelgan joyiga ketadi.
— Kunduzi kelsa bo’lmaydimi?
— Ular kunduzi yotib, yarim kecha uyg’onadi.
— O’lganlar ham tiriladimi?
— Arvohga aylanib qoladi, bolam.
— Arvoh qanaqa bo’ladi, buvijon?
— Arvohmi? — buvim o’ylanib qoladi. — Arvoh — arvoh bo’ladi. Uning ko’zlari katta-katta. Qo’llari uzun. Hammayog’ini tuk bosgan. Og’zini mana bunday ochib, — buvim qulochini yozadi,— ochman, to’ydiringlar, deb keladi. Keyin yelkasida ikkita shoxi ham bo’ladi. Qani, o’ralibgina yotinglar. Hali-zamon kelib qoladi. Qani-qani, tezroq uxlanglar.

Buvim ko’rpani boshiga o’raydi. Biz ham tancha ichiga kirib ketamiz. Anchagacha jim yetamiz. Buvim «pulq-pulq» qilib xurrak otadi. Karim tirsagi bilan biqinimga turtadi.
— Uxladingmi?
— Y-o’o’q.
— Uxlama. Arvohni ko’ramiz.
— Qachon keladi?
— Menga quloq sol. Hammayoq jimjit. Kamol boboning hangi eshagi ham hangramayapti. Hushyor yot. Ko’ramiz.
— Nimani?
— Buvim aytgan arvohni.
— Eshikning ilgagi ilingan. Qayoqdan kiradi.
— Ilgakni sekin ochib qo’yaymi?
— Buvim uyg’onib ketadi.
— Pilq-pilq qilyaptilar.
— Jim, eshitadilar.
— Sadir, arvoh qanaqa bo’larkin?
— Buvim aytdilar-ku.
— Ko’zimiz bilan ko’rsak yaxshi-da.
— Men qo’rqaman.
— Menam qo’rqaman-u… Ovqatni qanday yerkin…
— Qorni och bo’lgach, yeydi-da.
— Derazani ochib kirib kelsa-ya.
— Jim yot.
— Uyqum kelmayapti. Sen ham uxlama.
— Qo’y. Men uxlayman.
— Oyog’ingni chimchila, uyqing qochadi.

Karimning ko’kragiga qo’limni qo’yaman. Uning yuragi gup-gup uradi.
— O’zing ham qo’rqayapsan-a.

Karim yelkamga boshini qo’yadi.
— Ovoz chiqarmasak bo’ldi.

Tashqarida hamon izg’irin uvlaydi. Muzdek qotgan eshik qirs-qirs ovoz chiqaradi. Bir-birimizdan bexabar uxlab qolamiz. Ertalab turishi bilan Karim tokchaga qaraydi.
— Buvijon, arvohlar ovqatni kosasi bilan yeb ketibdi.
— Ha, bolam… Ular ko’pchilik. Amakilaring… Tog’alaring… Bechora onang… Birga yeymiz deb kosasi bilan olib ketgandir-da… Bu kecha kelganida kosani top-toza yuvib joyiga qo’yib ketishadi.
— Onam ham keladilarmi?
— Qaysi ertaroq kelsa…
— Buvijon, bu kecha onam kelsinlar…
— Voy, bolam, mening qo’limda bo’lsa-ku…

Karim ma’yus tortadi. Gohida yeb turgan zog’orasining yarmini tokchaga qo’yadi.
— O’zing ye, bolam, — deydi buvim.
— Yemayman. — U shunday deydi-yu, tamshanadi.

Karim hozir buvim «arvohlar bu kecha kelishmabdi» deb dasturxon ustiga qo’ygan go’jali kosani sira bergisi yo’q. Qornim esa mushuk tirnagandek tatalayapti.

Karimga kuchim yetavermagach, uning jimjilog’ini tishlab oldim.
— Voy qo’lim, — dod soldi Karim. — Voy-voy!
Men shoshib go’jali kosaga yog’och qoshiq soldim.
— Yema, yema! Arvohning ovqati. Buvi…

Buvim kirib keldi.
— Padarqusurlar!
— Qarang, buvi. Ovqatni yeyapti.
— Yenglar, osh bo’lsin, bolam.
— Arvohlar-chi! Onamning arvohi och… Qo’ysin joyiga. Bu kecha keladilar.
— Yenglar, yenglar. Bu kecha yana pishiraman. Hali echkini sog’ib olay. Sutliroq qilib pishiraman, — buvim bizlarni yupata boshladi.
— Endi echkimiz sut bermaydi, — dedim men.
— Nega bermas ekan, — dedi buvim. — Hali suti bor. Har holda qishdan olib chiqadi, jonivor.
— O’sha jonivoriyizni mana bu Karim o’lsin, soqov bo’lsin, deb qarg’adi.
— Qarg’amadim, — dedi Karim.
— Qarg’ading!
— Qo’yinglar, talashmanglar, — dedi buvim, — qarg’ish bilan odam o’ladigan bo’lsa, bu dunyoda odam qolarmidi.
— Axir u odam emas, echki-ku.
— Echkiyam o’lmaydi.

Karim eshitdingmi degan ma’noda menga qaradi. Tashqaridan sariq echkimizning ma’rashi eshitildi. Buvim doka ro’molining uchi bilan ko’z milklarini artarkan:
— Buni atay senlarga qoldirib ketishgan. Qani birga yeylik, — dedi. So’ngra qo’liga yog’och qoshiq oldi.

Karimning ko’zlari xonasidan chiqib ketgudek baqrayib qoldi. U kosadagi go’jani ichmadi. Zog’ora nondan kavshanib o’tirdi. Buvim qancha qistamasin, Karimni ko’ndirolmadi. Kosadagi go’jani o’zim yeb tugatdim. Buvim negadir boshini sarak-sarak qildi.

Men bu gal qornim to’q bo’lgani uchun indamay tomga chiqib, qor kuray boshladim. Karim choponiga o’ralib, echkini yetaklab uy orqasiga olib o’tdi. Ariq bo’yidagi qorlarni gavron bilan titkilab, namiqib, yumshab qolgan tikanlarni yulib, echki oldiga tashladi. Uyimiz burchagiga to’planib qolgan xazonlarni yig’di. Qor kurayverib charchadim.

Karimni kuzatdim. Qarasam, Karim boshini echkining yeliniga tirab, cho’kkalab olib, uloqdek emayapti. Sariq echkimiz shoxini uning biqiniga surkab-surkab qo’yayapti. Birpas kuzatib turdim. Sabrim chidamadi. Mo’ljallab, bir kurak qorni uning ustiga tashladim. Karim shoshib boshini ko’tardi. Echki tipirchilab qochdi.
— Ha, echkiemar! Qo’lga tushdingmi?

Karim talmovsirab javob berdi:
— Echkining yelini kir bo’lgan ekan. Shuni tozalayotgandim.
— Endi arvohlar och qoladi-da.
— Nimaga?
— Buvim bu kecha arvohlar uchun sutli go’ja pishiraman devdi…

Buvim qish kunlari albatta bir kosa ovqat olib qo’yar, tamshansak, «bu arvohlarga» deb cho’chitar edi. Biz uxlagach, u kosani ko’zdan yiroqqa yashirar, o’rniga quruq idishni qo’yib, ertalab qo’ni-qo’shnidan qarzga oldim deb, o’sha kosali ovqatni bizga yedirar edi. Bu sirdan biz ko’p yillardan keyin voqif bo’ldik…

003

(Tashriflar: umumiy 1 123, bugungi 1)

Izoh qoldiring