Safar Barnoyev. Quloq bolasi

005    Мен узоқ йиллар, қарайиб 18 йил давомида «Ёш гвардия» нашриётида ишладим. Ишлаб чиқариш вакили деб номланган оддий югурдакликдан нашриёт раҳбари лавозимигача бўлган хизмат йўлини босиб ўтдим. «Ёш гвардия»да Эркин Воҳидов, Латиф Маҳмудов, Шамси Одил, Эркин Миробидов, Муҳаммад Раҳмон, Анвар Обиджон, Ҳожиакбар Шайхов каби жуда кўп ажойиб инсонлар билан ёнма-ён ишладим. Улар орасида Сафар Барноевдек беназир акам ҳам бор эди.
Сафар ака том маънода «Ака» —  бир туғишган ининг кўрсатиши мумкин меҳр мужассам бўлган инсон эди. У менинг илк китобим «аҳардаги олма дарахти»га муҳаррирлик қилди. Ҳарбий хизматдан қайтиб, журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқишни давом эттириш билан нашриётда энг қуйи вазифада ишлай бошлаганимда ноширликнинг паст-баландини таништирди. Сафар ака олижаноб хислатлари кўп инсон эди. Энг аввало, унинг жуда хушчақчақ феъли атррофидаги ҳамкасбларини оҳанрабодек ўзига тортиб турарди.
Сафар Барноев деганда, одатда болалар шоири назарда тутилади. Ҳолбуки у кенгмиқёсли, фақат болалар учун эмас, катталар учун ҳам шеъру ҳикоялар ёзган, ёзгандаям, жуда пухта ва теран асарлар ёзган ижодкор эди. Бугун аканинг «Арвоҳлар» номли ҳикоясини тақдим этар эканман, Парвардигордан бу ажойиб инсонни марҳаматига олишини сўраб қоламан.

Хуршид Даврон

Сафар БАРНОЕВ
ҚУЛОҚ БОЛАСИ
09

034 Сафар Барноев (1938–2000) – таниқли болалар шоири, Бухорода туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини битириб, ёшлар матбуоти таҳририятларида, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасида, Халқ таълими вазирлигида самарали хизмат қилди. 1995 йилдан умрининг охиригача (2000) “Гулхан” журнали бош муҳаррири вазифасида ишлади.
Сафар Барноев «Тинчликни улуғлаймиз» китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги йиллик мукофотига, болалар адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси учун «Офарин» мукофотига сазовор бўлган.

09

Ўшанда Собир холасиникига кетганди…

Ризвон хола сопол тоғорадаги сўнгги кирни ювиб, чаяр экан, дарвозахонадан икки киши узун-қисқа бўлиб кириб келди. Хола шошиб қолди. Ўзини қаерга урарини билмасди. Даҳлизга югуриб кириб ичкаридан беркитди. Нотаниш кишилар оғилхонани кўздан кечирди. Дафтарига бирнималар ёзди. Ризвон хола эшик тирқишидан уларни кузатди. Унинг аъзои-бадани титрамоқда эди.

Нотаниш кишилар бир-бирига сўз қотди:
— «Қизил кетмон»дан икки одамни қулоқ қилдик. «Қизил байроқ»дан биттани. Бу колхознинг оти нимайди?
— «Қизил трактор».
— «Қизил трактор» денг. Ҳовлининг соҳиби ким эди?
— Нарзибой!
— Ўз оти билан бой экан.
— Ҳовли-жойини қаранг!..

Ризвон холанинг пешонасидан совуқ тер чиқди. Келганлардан бирини овозидан таниди. У — Ашур шапка лақабли сап-сариқ, кўзлари кўк, ҳўппа семиз ҳамқишлоғи эди. «Уйимиз куйди». Хола бу сўзни инграниш билан айтди.

Ашур шапка деса, бу яқин атрофдаги катта-кичик зир титрар, уни кўрди дегунча ўзини пана-пастқамга олар эди.

У биринчи бўлиб шапка кийди, шўро одами бўлди. Шундан кейин «Ашур шапка» лақабини олди.

Ризвон холанинг кўз олди қоронғилашди. Уйи куйгани рост. Ашур шапка аралашдими, бас, кўкартирмайди, қуритади. У шапка кийганидан бери қишлоққа бўридек ўралади. Бирор хонадонга тинчлик йўқ. Тала-тала, ков-ков, қув-қув. Нимасини айтсин. Кимга арзи-ҳол қилсин.

…Ўрик ғарқ пишган пайт эди. Ризвон хола томга чиқиб оқ ўрик тера бошлади. Узоқдан йўлда чанг кўтарилди. Хола ўша ёққа тикилиб қолди. Таниди. Ашур шапка от чоптириб келяпти. Ризвон хола «Ашур шапка?» деб шилқ этиб ёнбошига йиқилди.

Ашур тўғри уларнинг ҳовлисига кирди. Янгигина ёпилган бир сават нонни ошхонадан кўтариб чиқди.
— Санлар иссиқ нон е, биз шўронинг ишини қилайлик! — У тўнғиллаганча отга миниб, бир сават нонни олиб кетди.

Ризвон хола алламаҳалда зўрға ўзига келди. Илиги қуриб томдан тушди. Таҳорат қилаётган Нарзи акага кўзи тушди. Билакларини чаяётган Нарзи ака унга юзланди.
— — Собирнинг онаси, қаерда эдинг? — деди.
— Зар-до-ли… — деганча Ризвон хола ўзини тутолмади, ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Нима гап ўзи? Тобинг қочдими? — дея Нарзи ака белбоғига юз-қўлини артиб, холага яқинлашди. — Ё болангни соғиндингми?

Хола обдан «ҳиқиллаб» ўзига келди. Зўрға тили айланди.
— Ашур шапка келди, — деди.
— Ашур шапка? Нима иши бор экан?
— Кў-кў-кў-риб қўрқдим.
— Қутурган ит нимага мен йўқда ҳовлимизга қадам қўяр экан?

Нарзи аканинг хаёллари чил-парчин бўлди. Хайрият, бирор кор-ҳол юз бермабди.
— Падарига лаънат ўшани, — ўшқирди Нарзи ака, — бошга бало бўлди. — Беихтиёр қўли этиги қўнжидаги дандон сопли пичоғига чўзилди. — Ўлдираман уни!..
— Жим, Собир, — юпатди уни хола. — Шўронинг одами, сургун-пургун қилиб юрмасин.
— Нимам борки, сургун қилади. Қўш ҳўкизим, уч таноб ерим учунми?
— Эшагимиз-чи?
— Эшагимни пишириб есин!

— Собир, деворнинг ҳам қулоғи бор.
— Деворнинг ҳам падарига минг лаънат! Менга деса, оёғим тагидаги ерни тортиб олмайдими! Ўзи камбағалга сира рўшнолик йўқ экан-да. Ким от минса, бечоранинг бошида қамчи ўйнатади-я. ё тавба.
— Тилим бор деб…

Нарзи ака ҳушёр тортиб қолди. Замон нотинч. Қайга қарама, ур-сур. Қулоқ, сургун. Бадарға. Мусодара. «Қизил кетмон»лик Обиднинг нимаси бор эди? Ўнта тозига ўхшаш эчкиси. Ҳа, битта сигири ҳам бор эди. Ашур ўшани ҳам қулоқ қилдирди. Тавба, кучугини ҳам рўйхатга қўшибди. Ризвон бундан хабардор. Ён қишлоқ бўлгач, эшитади-да.

Нарзи ака бирдан сесканиб кетди. Ашур бекорга қишлоққа ўраламаган. Бирор нарсанинг ҳидини олган. Охири бахайр бўлсин… «Қизил байроқ»ни тинчитди. «Қизил кетмон»ни хонавайрон қилди. Чигирткадек бир бошдан ямлаб келяпти. «Қизил трактор»га осиладиган бўлса, фақат унга ёпишади. Анчадан бери кўзга тушди дегунча қичитма гап қилади.
— Ҳа, Нарзибой, қора қозон қайнаяптими?
— Қайнаяпти!—дейди Нарзи ака.
— Қачонгача?
— Ризқи рўзимиз узилгунча.
— Узилиб ҳам қолар…

Нарзи ака унга жавоб қайтармайди. Юраги увишади. Ашур отига қамчи босади. У изидан тикилиб қолади.
— Касофат, — дейди минғирлаб. Ўзига тасалли беради.

Ўша йиллари ҳали колхоз деганига улуғ зотларнинг исми-шарифи берилмасди. Ҳар бир қишлоқ бир колхоз ҳисобланарди. Кексалар билан ўтирсангиз, деярли колхоз раиси бўлмаган кам топилади. Бу ўша йиллардаги табиий ҳол эди.

«Қизил тракторилик Нарзи ака бироз ўзига келгач, Ризвон холага бетланди.
— Бир гап бўлар, Собирнинг онаси, майли, кўп ўзингни ғамга ботирма, хамир қоргандирсан.
— Ҳа-я, — Ризвон хола рўмолининг учини елкасига ташлаб ошхона томон юрди. — Нонни аллақачон ёпиб қўйиб, зардоли тергани чиққандим.

Нарзи ака уйи орқасига ўтиб, пешинлик тайёрланган жойга ёнбошлади. Ризвон хола қайтди.
— Собир, саватдаги нонни кимдир ўғирлабди.
— Ўғирлабди, — дея Нарзи ака ўрнидан ярим турди. — Ўзи нон ёпганмидинг. Ё ит-пит кўтариб кетдими?
— Ит савати билан кўтарадими?
— Балки икки оёқлигидир.

Нарзи ака соқолини тутамлади.
— Қўй, хафа бўлма, келган балои-қазо ўшанга урсин.
— Нонгами?
— Нонга эмас, ўғирлаганга.

Нарзи ака ул-бул еган бўлиб, яна ўроққа кетди. Ризвон хола то у келгунча хаёлчан куймаланиб юрди. Ўғли Собирни соғинди. Холасиникида нима қилиб юрган экан. Синглиси уни еру кўкка ишонмайди. Пишиқчилик бошланди дегунча олиб кетади. Собири бўлганида, ҳозир бунчалик мунғайиб юрмасмиди. Тўрт девор қисиб келиб, ютаман дейди.

Омон бўлгур Собири бу йил ўн ёшга тўлди. Сутга чайиб олгандек, оқ юзли, қора қошли. Эсида борида, яхшиям, тумор қилиб, кўйлагининг ичидан тикиб қўйди. Кўзга яқин бола. Мўмин-мусулмон бўлиб ўсяпти. Холаси келди «жиянимдан айланай» деб олиб кетди…

Ризвон хола эшик тирқишидаи жим кузатди. Ашур шапка ҳамроҳига ҳовлининг тўрт томонини кўрсатди. Навбат ошхонага келди. Бу ёғини хола аниқ эшитди:
— Ичида тандири бор. Биласиз, бу атрофда қайси уйдан тутун чиқади, қайси қозондан ёғ ҳиди келади, яхши биламан. Ҳалиги кунги саватдаги нон ҳам ана шу тандирдан, ҳи-ҳи…

Ризвон хола бирдан Нарзи аканинг ўша кунги сўзини эслади. «Балки икки оёқлидир…» Демак, Ашур шапка савати билан кўтариб кетган эканда. Ризвон хола ичида астойдил қарғади.
— Тошгинани егур! Илоҳи заҳар-заққум бўлсин!

Ашур дон сақланадиган омбор эшигини тепиб очди.
— Ана, кўрдийизми, хўжайин! Халқ оч. Бир бурда нонга зор. Нарзибой эса дон сақлайди. Мана кимни қулоқ қилиш керак! Ана ким вирак нарўд… «Қизил трактор»даям бор, десам, ишонмадийиз. Биз шўро одами. — У шапкасини қўлига олди. — Биламиз. — Ашур шапкани бошига бостириб кийди. — Рўйхатга қўшамиз. Бу халқда инсоф йўқ. Бор бўсаям йўқ деб яшайди. Колхознинг душмани шулар-да!..

Хўжайин дегани дафтарига узоқ ёзди. Сўнгра индамай ҳовлидан чиқиб кетишди…

Нарзи ака бор гапдан хабар топгач, кечаси билан тўлғаниб чиқди. Тонг отар-отмас апил-тапил кийинди.
— Тур, Собирнинг онаси.
— Қаёққа?
— Кетамиз. Ризқи-рўзимиз узилганга ўхшайди.
— Нафасингизни иссиқ қилинг, Собир.
— Иссиқми-совуқми, бошимизга Обиднинг куни тушадиганга ўхшайди.

Ризвон хола йиғлашга тушди.
— Ахир қаерга борамиз?
— Дунё кенг, бухча-мухчангни туг.
— Ҳовли-жойчи?
— Э, ҳовли-жойнинг падарига минг лаънат! Ўша Ашур шапкагаям!.. Бўлақол.

Ризвон хола астойдил эланишга тушди.
— Бу шахтингиздан тушинг, Собир! Ота-онамизнинг мозорини ташлаб қаёққа ҳам борамиз?
— Ўша ёқлардаям мозор топилар.
— Яхши ният қилинг. Арвоҳларни чинқиртириб кетамизми? Ким хатми қуръон ўқийди.
— Ҳў-ў, сочи узун!.. — Нарзи ака бу ёғини айтмади. Тилини тишлади. — Кўриб, эшитиб турибсан. Муллаларга ҳам қирон келди. Барини қуритишди. — Нарзи ака жимиб қолди. Беихтиёр оғзидан сўзи отилиб чиқди. — Ҳа, хонасаллот Ашур…
— Вой, оғзийизи беркитинг!
Топди, топди Ашур шапка нега унга ўралашиб қолганини…

Нарзи ака онаси қабрига иси чироқ қилгани борди. Билганича қуръон ўқиди. Ўрнидан туриб, этагини қоқар экан, белига қўлини тираб турган Ашур шапкани кўрди. У ердан чиқдими, осмондан тушдими, билолмади.

— Нарзибой, худони эмас, сабетни дуо қилинг, — сўз қотди Ашур шапка.
— Сабетниям дуо қилабиз, — деди Нарзи ака.
— Ёлғон.
— Рост.
— Рост бўлса, мозордаги туғни қўпориб ташланг.
— Туғ-ни-я?
— Йўқса-чи?
— Гуноҳ бўлади-я!

Ашур шапка қамчин кўтарди.
— Олиб ташла деяпман!
Нарзи аканинг ҳамияти қўзғади.
— Сенламанг! — деди.
— Ҳо… Шўро одамига гап қайтарасанми? Билиб қўй, тухумингни қуритаман!
— Бор, билганингни қил, — деди Нарзи. — Жоним сенинг қўлингда бўлса…
— Тилинг чиқдими? — Ашур шапка унинг боши аралаш қамчи туширди. — Мана сенга! Тилингни суғуриб оламан-а.

Нарзи ака чидамади. Дандонсопли пичоғини қўлига олди.
— Итдай сўйиб ташлайман!

Ашур шапка орқасига тисарилди.
— Шўро одамини ҳақорат қилма!
— Йўлимдан қоч, деяпман!

Ашур шапка овозининг борича бақирди:
— Халойиқ, шўро одамини ўлдираман деяпти!
— Бақиравер, — деди Нарзи ака, — итдай сўйиб, бирорта очиқ гўрга тиқаман.

Ашур шапка зипиллаб йўлга тушди. Нарзи ака унинг қораси ўчгунча мозор бошида қолиб кетди.

Шуларни эслаб, Нарзи ака шашт билан ҳовли юзига чиқди.
— Кетмасак бўлмайди. Шошил, — деди кампирига.
— Собирни нима қиламиз, — деди хола.
— Ҳа-я, Собир…
— Синглим томонлардаям шўро бор… — дея хола ялпизланди.

Нарзи аканинг боши қотди. Во ажаб, ўзи нималар бўляпти? Шўро одамлари наҳотки ялмоғиз бўлса? Тинч яшагани қўймаса? Ашур шапка дегани-ку, бола-чақагача чинқиртиради. Рўзғорингни тебратиб юрсанг ҳам бир бало. Азал-азалдан бу атрофда бирорта бой ўтмаган. Бойнинг ғўзасини экдинг, деса, бошқа гап. Мана, «Қизил трактор»нинг ҳам ишини кам қилишаётгани йўқ. Деҳқон бўлгач, ўз ерига экади-тикади. Бир-иккита мол-ҳол қилади. Шуниям кўп кўрса, олсин-э. Ўша тўйсин. Бундан чиқди, шўрога одам керак эмас экан-да? Оқ ит, қора ит, бариси бир хил акиллар экан-да? Кичкина рўзғори бўлса. Дон-сув сўрамаса…

Шуларни ўйлаб, Нарзи аканинг кўнгли тўлиб кетди. Ё тавба. Босмачи бўлиб талашди. Ким эди улар? Қўрққанидан, ана шунақа Ашур шапкалар дастидан қўлига қурол олди. Бирор ёққа кетгани йўқ. Ўлиги ҳам шу ерда қолди… Унинг киприги намланди. Ҳўнграб йиғлашдан ўзини тийди. Болалигида ўтқазган, бугун шохлари тарвақайлаб кетган оқ ўрик танасига бориб суянди. Юрак зардобини мана шу ерда бўшатди. Тонгги сабо ўрик шохларини силкитди. Бир дона оқ ўрик унинг бошига тушиб, дўпписи устига ёпишди. Ундан оққан шарбат чеккаси бўйлаб сирғалди.

Нарзи ака бунга парво қилмади. Бошидан дўпписини олди. Оқ ўрик бўлакларини йиғиштириб оғзига солди. «Шарбат бўлиб кет-э! Шарбат ҳам гапми, асалнинг ўзгинаси-я».

Ҳайт-ҳуйт деб бошини олиб кетса, бу ўрикларга ҳам бир кун қирон келади. Эгасиз қолгач, ким қарарди. Ашур шапками? Унинг мушти ўз-ўзидан тугилди. Буни одам боласи туғмаган. Тўнғизнинг ўзи. Тўнғиз ҳам бир-икки ерни пайҳон қилиб, изига қайтади. Одамдан тўнғиз чиқса, ёмон бўлар экан. Уни қайтариш қийин. Қутирдими, тамом…

«Қизил байроқ»лик Обид дом-дараксиз кетди. Ана шу қулоқ қилди. Арзингни кимга айтасан. Қози кўпайди…

Нарзи ака ўрнидан турди. Этагини қоқди. Ўзи эккан оқ ўрикни қучоқлади. Унинг ғадир-будир танасига юзини босди. Балки болалиги эсига тушгандир. Балки… Буни фақат ёлғиз ўзи билади.

У оғилхонага ўтди. Молларини суғорди. Аммо негадир юраги ғаш эди. Ризвон холага қаради. У ҳам одатдагидек ҳовлини супуряпти. Қора мушуги думини хода қилиб, атрофида ғингшиб айланяпти.

Оқ ўрик шохига бир жуфт олақарға қўниб олиб, шақиллай бошлади.
— Хушхабар, — овоз берди Ризвон хола.

Аммо олашақшақ сайрашдан тинмади. Нарзи ака муштдек кесакни олиб, ўрик томон отди. Кесак уқаланиб, шохчалар орасидан шилдираб ерга тушди. Олашақшақ пир этиб тут шохига қўнди.
— Ҳа, сабил, кетмайсан-а! — деди Нарзи ака.

Азондан бери кўнгли ғаш. Бирор кори ҳол рўй бериши аниқ. Олашақшақнинг шу пайтда пайдо бўлганини қаранг.

Ўчоққа кўмиб қўйилган човгум эндигина биқирлаб қайнай-қайнай деганда уй орқасидан ғала-ғовур садолари келди. Кейин араванинг ғийқиллаб юриши эшитилди.

Нарзи ака секин дарвозахона сари юрди. Қаршисида Ашур шапка ва яна бир шапкали кўринди.

«Тамом, — деди ичида Нарзи ака. — Бу шапкалар энди мени суягимгача ғажийди. Эҳ… Ризвон, Ризвон. Кетганимизда шу бало-қазоларга дуч келмасмидик. Гапингга кирдим. Эркакча иш тутмадим.»

Нарзи ака ўзини ўнглаб олиб, Ашур шапкага қўл чўзди.
— Ассалому алайкўм, Шўро ака!
— Мен бой билан қўл олишмайман, — дея юзини тескари бурди Ашур шапка. — Врак нарўдсан!
— Қайси терак, менда терак йўқ, — деди мўлтираб Нарзи ака.
— Врак, враксан!—деди Ашур шапка.

Нарзи ака ҳеч нарсага тушунмади. Иккинчи шапкалига юзланди.
— Биродар, сиз тушунарсиз, ўзи нима гап?

Шапкали киши унинг кўксига қамчининг учини тиради.
— Сен бойсан!
— Қанақа бой? Кимлигимни элу юртдан сўранг. Бир фақир бечорамиз.
— Сўрадик, билдик. Бечорамиш…

Чойнак кўтариб чиққан Ризвон хола дарвозахона олдида турган Ашур шапка билан бирга келган одамни кўриб, қаққайиб қолди. Тили калимага келмасди.
— Ҳамроқул, — бақирди Ашур шапка, — омборидаги донларни халталарга сол. Сен, Мамадали Шайтон, — деди отнинг жиловини ушлаб турган йигитга, — оғилдаги молларни олиб чиқ.

Нарзи ака билан Ризвон хола эланди. Бўлмади. Ҳаш-паш дегунча омбор бўшади. Кўрпа-тўшаклар аравага ортилди. Нарзи ака беҳол дарвоза кесакисига суяниб қолди.

Кўп ўтмай «Қизил трактор»ликлар Нарзи ака билан Ризвон холани яланг оёқ ке- таётганини кўришди. Уларни Ашур шапка оти олдига солиб, қўлида қамчи ўйнатиб, аллақаерга топшириш учун ҳайдаб борарди…

Ўшанда Собир холасиникида эди.

Орадан икки кун ўтди. Холаси жиянини етаклаб йўлга тушди. У бор гапдан хабардор эди. Аммо Собирга оғиз очмади. Хола-жиян қишлоққа қадам қўяр экан, ҳамқишлоқлар уларга ётсираб қарашар, имо-ишора билан лом-мим демай кузатишарди.

Собир одатдагидек чопқиллаб, холасидан олдин уйларига кирди. Ҳовлида жон зоти йўқ эди. Эшиклар ланг очиқ. Ҳаммаёқ шип-шийдон.

Собир уйма-уй кириб чиқди. Юраги бир нимани сездими, овозининг борича бақирди:
— О-та-аа!

Ҳеч бир жавоб бўлмагач, янада қаттиқроқ чақирди:
— О-н-а-а…

Оқ ўрик шохлари силкинди. Пишган ўриклар тўп-тўп ерга тушди.

Собир холасига юзланди.
— Онам қани?.. Мени ташлаб қаёққа кўчиб кетишди?
Холаси уни бағрига босиб, юм-юм йиғлади. Жиянини етаклаб, оёқ учида ҳовлидан чиқди.

Собир ўша ондан бошлаб мунғайиб қолди. Холаси уни қанча сийламасин, кўнглини кўтармасин, кор қилмади. У ота-онасини ўйлар, нега мени ташлаб кетишди, деб эрта-ю кеч йиғлар эди. Холаси бирор иш билан овора бўлса, зипиллаб туғилган қишлоғи сари қочар эди.

Бу ҳол кун ора давом этар эди.

Аммо қишлоғига келганида, у билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Одамлар ўзи билан ўзи овора эди. Фақатгина аравакаш Ҳамроқулгина ҳар гал унга дуч келганида:
— Ҳа, қулоқнинг боласи!—дея масхараларди.

Собир қулоқ деган сўзнинг фарқига бормасди. У то қоронғи тушгунча ҳовлисида дайдиб юрарди, очиқса, ўрик териб еб, данагини чақарди. На қўни-қўшни ундан ҳол- аҳвол сўрарди. Холаси Собирни излаб-излаб уйдан топгач, яна ўз қишлоғига олиб қайтарди.

Собирнинг ҳаёти ана шундай кеча бошлади. Собир қочиб келиб юрган кунларнинг бирида қишлоқ чеккасида бир тўп болаларнинг уймалашиб тургани устидан чиқди. Болалар уни кўриши билан жимиб, бир қадам орқага тисарилишди. У яқин келиб ўзи таниган болаларга тикилиб қолди.
— Кет, бу жойдан, кет! — дея баравар чуғурлашди болалар. — Сен қулоқнинг боласисан!

Ҳали орқага тисарилган болалар бирдан ҳамлага ўтиб, уни олдига солиб қува кетишди. Бунга ҳам қаноат қилмай, изидан кесак ота бошлашди.

Болаларнинг қий-чувини эшитган муртли киши мактаб деб аталмиш етти тўсинли уйдан отилиб чиқди.
— Ҳай, болалар, нима тўполон? — деб сўради.
— Қулоқнинг боласи! — деди болалардан бири қочиб бораётган Собирни кўрсатиб. — Ҳайдадик, ўртоқ маълим.
— Бўлди, ўқишга киринглар.

Муаллим қўлидаги хипчинни ҳавода ўйнатиб, то болалар дарсхонага киргунча эшик олдида турди.

Хонага киргач, болаларнинг овози ўчди. Энди фақат муаллимнинг йўғон, дағал товуши эшитиларди.

Собир қизиқсиниб уй атрофини айланди. Сабри чидамай ичкарида нима бўлаётганини билгиси келди. Оёқ учида юриб, очиқ эшикдан ичкарига мўралади.
— Ана, маълим, қулоқнинг боласи келди, — ўтирган болалар бирдан қўзғолди.
— Жим, — деди муаллим, — жим! Шовқин қилманглар! — У қўлидаги хипчин билан болаларга ўқталди. — Ким оғиз очса, адабини бераман!

Муаллим остонадан ҳатлаб, Собирни имлади. Унинг қулоғига эшитилар-эшитилмас шивирлади:
— Болам, бу атрофда юрма. Қулоқнинг боласисан. Кўришса, мени ҳам тинч қўйишмайди. Кетақол…

Муртли кишининг болам дегани Собирга қаттиқ таъсир қилди. У ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Йиғлама, болам, — деди у, — тақдир шу экан… Энди кетақол.

Собир тиззасигача тупроқ босиб холасиникига қараб йўл олди.

Шундан кейин ҳам Собир ўзи туғилиб ўсган ҳовлига бир неча бор келди. Уй, отаси эккан оқ ўрик атрофини айланиб юрди. Биров бормисан-йўқмисан демади. Унинг юраги тошиб кетди. Қишлоқ йўлини чангитиб, овозининг борича қўшиқ айта бошлади.

Отам қулоқ,
Онам қулоқ,
Ўзим
Ёрти қулоқ.

Қишлоқ аҳли боланинг бу қўшиғини пана-пастқамлардан туриб эшитишди. Бора-бора ўзлари ҳам ёд олишди.

Бир сафар холаси Собирни узоқ излади. Сўраб-суриштирмаган жойи қолмади. Лекин бирорта одам кўрдим демади. Тонгга яқин Собирни оқ ўрик тагидан топди. У ғужанак бўлганча нафас олмай ётарди…

 

003

    Men uzoq yillar, qarayib 18 yil davomida «Yosh gvardiya» nashriyotida ishladim. Ishlab chiqarish vakili deb nomlangan oddiy yugurdaklikdan nashriyot rahbari lavozimigacha bo’lgan xizmat yo’lini bosib o’tdim. «Yosh gvardiya»da Erkin Vohidov, Latif Mahmudov, Shamsi Odil, Erkin Mirobidov, Muhammad Rahmon, Anvar Obidjon, Hojiakbar Shayxov kabi juda ko’p ajoyib insonlar bilan yonma-yon ishladim. Ular orasida Safar Barnoevdek benazir akam ham bor edi.Safar aka tom ma’noda «Aka» — bir tug’ishgan ining ko’rsatishi mumkin mehr mujassam bo’lgan inson edi. U mening ilk kitobim «ahardagi olma daraxti»ga muharrirlik qildi. Harbiy xizmatdan qaytib, jurnalistika fakul`tetining kechki bo’limida o’qishni davom ettirish bilan nashriyotda eng quyi vazifada ishlay boshlaganimda noshirlikning past-balandini tanishtirdi. Safar aka olijanob xislatlari ko’p inson edi. Eng avvalo, uning juda xushchaqchaq fe’li atrrofidagi hamkasblarini ohanrabodek o’ziga tortib turardi.
Safar Barnoev deganda, odatda bolalar shoiri nazarda tutiladi. Holbuki u kengmiqyosli, faqat bolalar uchun emas, kattalar uchun ham she’ru hikoyalar yozgan, yozgandayam, juda puxta va teran asarlar yozgan ijodkor edi. Bugun akaning «Arvohlar» nomli hikoyasini taqdim etar ekanman, Parvardigordan bu ajoyib insonni marhamatiga olishini so’rab qolaman.

Xurshid Davron

Safar BARNOEV
QULOQ BOLASI
09

  08 Safar Barnoev (1938–2000) – taniqli bolalar shoiri, Buxoroda tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini bitirib, yoshlar matbuoti tahririyatlarida, O’zbekiston yozuvchilari uyushmasida, Xalq ta’limi vazirligida samarali xizmat qildi. 1995 yildan umrining oxirigacha (2000) “Gulxan” jurnali bosh muharriri vazifasida ishladi.  Safar Barnoev «Tinchlikni ulug’laymiz» kitobi uchun O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining G’afur G’ulom nomidagi yillik mukofotiga, bolalar adabiyoti ravnaqiga qo’shgan hissasi uchun «Ofarin» mukofotiga sazovor bo’lgan.

09

O’shanda Sobir xolasinikiga ketgandi…

Rizvon xola sopol tog’oradagi so’nggi kirni yuvib, chayar ekan, darvozaxonadan ikki kishi uzun-qisqa bo’lib kirib keldi. Xola shoshib qoldi. O’zini qaerga urarini bilmasdi. Dahlizga yugurib kirib ichkaridan berkitdi. Notanish kishilar og’ilxonani ko’zdan kechirdi. Daftariga birnimalar yozdi. Rizvon xola eshik tirqishidan ularni kuzatdi. Uning a’zoi-badani titramoqda edi.

Notanish kishilar bir-biriga so’z qotdi:
— «Qizil ketmon»dan ikki odamni quloq qildik. «Qizil bayroq»dan bittani. Bu kolxozning oti nimaydi?
— «Qizil traktor».
— «Qizil traktor» deng. Hovlining sohibi kim edi?
— Narziboy!
— O’z oti bilan boy ekan.
— Hovli-joyini qarang!..

Rizvon xolaning peshonasidan sovuq ter chiqdi. Kelganlardan birini ovozidan tanidi. U — Ashur shapka laqabli sap-sariq, ko’zlari ko’k, ho’ppa semiz hamqishlog’i edi. «Uyimiz kuydi». Xola bu so’zni ingranish bilan aytdi.

Ashur shapka desa, bu yaqin atrofdagi katta-kichik zir titrar, uni ko’rdi deguncha o’zini pana-pastqamga olar edi.

U birinchi bo’lib shapka kiydi, sho’ro odami bo’ldi. Shundan keyin «Ashur shapka» laqabini oldi.

Rizvon xolaning ko’z oldi qorong’ilashdi. Uyi kuygani rost. Ashur shapka aralashdimi, bas, ko’kartirmaydi, quritadi. U shapka kiyganidan beri qishloqqa bo’ridek o’raladi. Biror xonadonga tinchlik yo’q. Tala-tala, kov-kov, quv-quv. Nimasini aytsin. Kimga arzi-hol qilsin.

…O’rik g’arq pishgan payt edi. Rizvon xola tomga chiqib oq o’rik tera boshladi. Uzoqdan yo’lda chang ko’tarildi. Xola o’sha yoqqa tikilib qoldi. Tanidi. Ashur shapka ot choptirib kelyapti. Rizvon xola «Ashur shapka?» deb shilq etib yonboshiga yiqildi.

Ashur to’g’ri ularning hovlisiga kirdi. Yangigina yopilgan bir savat nonni oshxonadan ko’tarib chiqdi.
— Sanlar issiq non ye, biz sho’roning ishini qilaylik! — U to’ng’illagancha otga minib, bir savat nonni olib ketdi.

Rizvon xola allamahalda zo’rg’a o’ziga keldi. Iligi qurib tomdan tushdi. Tahorat qilayotgan Narzi akaga ko’zi tushdi. Bilaklarini chayayotgan Narzi aka unga yuzlandi.
— — Sobirning onasi, qaerda eding? — dedi.
— Zar-do-li… — degancha Rizvon xola o’zini tutolmadi, ho’ngrab yig’lab yubordi.
— Nima gap o’zi? Tobing qochdimi? — deya Narzi aka belbog’iga yuz-qo’lini artib, xolaga yaqinlashdi. — YO bolangni sog’indingmi?

Xola obdan «hiqillab» o’ziga keldi. Zo’rg’a tili aylandi.
— Ashur shapka keldi, — dedi.
— Ashur shapka? Nima ishi bor ekan?
— Ko’-ko’-ko’-rib qo’rqdim.
— Quturgan it nimaga men yo’qda hovlimizga qadam qo’yar ekan?

Narzi akaning xayollari chil-parchin bo’ldi. Xayriyat, biror kor-hol yuz bermabdi.
— Padariga la’nat o’shani, — o’shqirdi Narzi aka, — boshga balo bo’ldi. — Beixtiyor qo’li etigi qo’njidagi dandon sopli pichog’iga cho’zildi. — O’ldiraman uni!..
— Jim, Sobir, — yupatdi uni xola. — Sho’roning odami, surgun-purgun qilib yurmasin.
— Nimam borki, surgun qiladi. Qo’sh ho’kizim, uch tanob yerim uchunmi?
— Eshagimiz-chi?
— Eshagimni pishirib yesin!

— Sobir, devorning ham qulog’i bor.
— Devorning ham padariga ming la’nat! Menga desa, oyog’im tagidagi yerni tortib olmaydimi! O’zi kambag’alga sira ro’shnolik yo’q ekan-da. Kim ot minsa, bechoraning boshida qamchi o’ynatadi-ya. yo tavba.
— Tilim bor deb…

Narzi aka hushyor tortib qoldi. Zamon notinch. Qayga qarama, ur-sur. Quloq, surgun. Badarg’a. Musodara. «Qizil ketmon»lik Obidning nimasi bor edi? O’nta toziga o’xshash echkisi. Ha, bitta sigiri ham bor edi. Ashur o’shani ham quloq qildirdi. Tavba, kuchugini ham ro’yxatga qo’shibdi. Rizvon bundan xabardor. Yon qishloq bo’lgach, eshitadi-da.

Narzi aka birdan seskanib ketdi. Ashur bekorga qishloqqa o’ralamagan. Biror narsaning hidini olgan. Oxiri baxayr bo’lsin… «Qizil bayroq»ni tinchitdi. «Qizil ketmon»ni xonavayron qildi. Chigirtkadek bir boshdan yamlab kelyapti. «Qizil traktor»ga osiladigan bo’lsa, faqat unga yopishadi. Anchadan beri ko’zga tushdi deguncha qichitma gap qiladi.
— Ha, Narziboy, qora qozon qaynayaptimi?
— Qaynayapti!—deydi Narzi aka.
— Qachongacha?
— Rizqi ro’zimiz uzilguncha.
— Uzilib ham qolar…

Narzi aka unga javob qaytarmaydi. Yuragi uvishadi. Ashur otiga qamchi bosadi. U izidan tikilib qoladi.
— Kasofat, — deydi ming’irlab. O’ziga tasalli beradi.

O’sha yillari hali kolxoz deganiga ulug’ zotlarning ismi-sharifi berilmasdi. Har bir qishloq bir kolxoz hisoblanardi. Keksalar bilan o’tirsangiz, deyarli kolxoz raisi bo’lmagan kam topiladi. Bu o’sha yillardagi tabiiy hol edi.

«Qizil traktorilik Narzi aka biroz o’ziga kelgach, Rizvon xolaga betlandi.
— Bir gap bo’lar, Sobirning onasi, mayli, ko’p o’zingni g’amga botirma, xamir qorgandirsan.
— Ha-ya, — Rizvon xola ro’molining uchini yelkasiga tashlab oshxona tomon yurdi. — Nonni allaqachon yopib qo’yib, zardoli tergani chiqqandim.

Narzi aka uyi orqasiga o’tib, peshinlik tayyorlangan joyga yonboshladi. Rizvon xola qaytdi.
— Sobir, savatdagi nonni kimdir o’g’irlabdi.
— O’g’irlabdi, — deya Narzi aka o’rnidan yarim turdi. — O’zi non yopganmiding. YO it-pit ko’tarib ketdimi?
— It savati bilan ko’taradimi?
— Balki ikki oyoqligidir.

Narzi aka soqolini tutamladi.
— Qo’y, xafa bo’lma, kelgan baloi-qazo o’shanga ursin.
— Nongami?
— Nonga emas, o’g’irlaganga.

Narzi aka ul-bul yegan bo’lib, yana o’roqqa ketdi. Rizvon xola to u kelguncha xayolchan kuymalanib yurdi. O’g’li Sobirni sog’indi. Xolasinikida nima qilib yurgan ekan. Singlisi uni yeru ko’kka ishonmaydi. Pishiqchilik boshlandi deguncha olib ketadi. Sobiri bo’lganida, hozir bunchalik mung’ayib yurmasmidi. To’rt devor qisib kelib, yutaman deydi.

Omon bo’lgur Sobiri bu yil o’n yoshga to’ldi. Sutga chayib olgandek, oq yuzli, qora qoshli. Esida borida, yaxshiyam, tumor qilib, ko’ylagining ichidan tikib qo’ydi. Ko’zga yaqin bola. Mo’min-musulmon bo’lib o’syapti. Xolasi keldi «jiyanimdan aylanay» deb olib ketdi…

Rizvon xola eshik tirqishidai jim kuzatdi. Ashur shapka hamrohiga hovlining to’rt tomonini ko’rsatdi. Navbat oshxonaga keldi. Bu yog’ini xola aniq eshitdi:
— Ichida tandiri bor. Bilasiz, bu atrofda qaysi uydan tutun chiqadi, qaysi qozondan yog’ hidi keladi, yaxshi bilaman. Haligi kungi savatdagi non ham ana shu tandirdan, hi-hi…

Rizvon xola birdan Narzi akaning o’sha kungi so’zini esladi. «Balki ikki oyoqlidir…» Demak, Ashur shapka savati bilan ko’tarib ketgan ekanda. Rizvon xola ichida astoydil qarg’adi.
— Toshginani yegur! Ilohi zahar-zaqqum bo’lsin!

Ashur don saqlanadigan ombor eshigini tepib ochdi.
— Ana, ko’rdiyizmi, xo’jayin! Xalq och. Bir burda nonga zor. Narziboy esa don saqlaydi. Mana kimni quloq qilish kerak! Ana kim virak naro’d… «Qizil traktor»dayam bor, desam, ishonmadiyiz. Biz sho’ro odami. — U shapkasini qo’liga oldi. — Bilamiz. — Ashur shapkani boshiga bostirib kiydi. — Ro’yxatga qo’shamiz. Bu xalqda insof yo’q. Bor bo’sayam yo’q deb yashaydi. Kolxozning dushmani shular-da!..

Xo’jayin degani daftariga uzoq yozdi. So’ngra indamay hovlidan chiqib ketishdi…

Narzi aka bor gapdan xabar topgach, kechasi bilan to’lg’anib chiqdi. Tong otar-otmas apil-tapil kiyindi.
— Tur, Sobirning onasi.
— Qayoqqa?
— Ketamiz. Rizqi-ro’zimiz uzilganga o’xshaydi.
— Nafasingizni issiq qiling, Sobir.
— Issiqmi-sovuqmi, boshimizga Obidning kuni tushadiganga o’xshaydi.

Rizvon xola yig’lashga tushdi.
— Axir qaerga boramiz?
— Dunyo keng, buxcha-muxchangni tug.
— Hovli-joychi?
— E, hovli-joyning padariga ming la’nat! O’sha Ashur shapkagayam!.. Bo’laqol.

Rizvon xola astoydil elanishga tushdi.
— Bu shaxtingizdan tushing, Sobir! Ota-onamizning mozorini tashlab qayoqqa ham boramiz?
— O’sha yoqlardayam mozor topilar.
— Yaxshi niyat qiling. Arvohlarni chinqirtirib ketamizmi? Kim xatmi qur’on o’qiydi.
— Ho’-o’, sochi uzun!.. — Narzi aka bu yog’ini aytmadi. Tilini tishladi. — Ko’rib, eshitib turibsan. Mullalarga ham qiron keldi. Barini quritishdi. — Narzi aka jimib qoldi. Beixtiyor og’zidan so’zi otilib chiqdi. — Ha, xonasallot Ashur…
— Voy, og’ziyizi berkiting!
Topdi, topdi Ashur shapka nega unga o’ralashib qolganini…

Narzi aka onasi qabriga isi chiroq qilgani bordi. Bilganicha qur’on o’qidi. O’rnidan turib, etagini qoqar ekan, beliga qo’lini tirab turgan Ashur shapkani ko’rdi. U yerdan chiqdimi, osmondan tushdimi, bilolmadi.

— Narziboy, xudoni emas, sabetni duo qiling, — so’z qotdi Ashur shapka.
— Sabetniyam duo qilabiz, — dedi Narzi aka.
— Yolg’on.
— Rost.
— Rost bo’lsa, mozordagi tug’ni qo’porib tashlang.
— Tug’-ni-ya?
— Yo’qsa-chi?
— Gunoh bo’ladi-ya!

Ashur shapka qamchin ko’tardi.
— Olib tashla deyapman!
Narzi akaning hamiyati qo’zg’adi.
— Senlamang! — dedi.
— Ho… Sho’ro odamiga gap qaytarasanmi? Bilib qo’y, tuxumingni quritaman!
— Bor, bilganingni qil, — dedi Narzi. — Jonim sening qo’lingda bo’lsa…
— Tiling chiqdimi? — Ashur shapka uning boshi aralash qamchi tushirdi. — Mana senga! Tilingni sug’urib olaman-a.

Narzi aka chidamadi. Dandonsopli pichog’ini qo’liga oldi.
— Itday so’yib tashlayman!

Ashur shapka orqasiga tisarildi.
— Sho’ro odamini haqorat qilma!
— Yo’limdan qoch, deyapman!

Ashur shapka ovozining boricha baqirdi:
— Xaloyiq, sho’ro odamini o’ldiraman deyapti!
— Baqiraver, — dedi Narzi aka, — itday so’yib, birorta ochiq go’rga tiqaman.

Ashur shapka zipillab yo’lga tushdi. Narzi aka uning qorasi o’chguncha mozor boshida qolib ketdi.

Shularni eslab, Narzi aka shasht bilan hovli yuziga chiqdi.
— Ketmasak bo’lmaydi. Shoshil, — dedi kampiriga.
— Sobirni nima qilamiz, — dedi xola.
— Ha-ya, Sobir…
— Singlim tomonlardayam sho’ro bor… — deya xola yalpizlandi.

Narzi akaning boshi qotdi. Vo ajab, o’zi nimalar bo’lyapti? Sho’ro odamlari nahotki yalmog’iz bo’lsa? Tinch yashagani qo’ymasa? Ashur shapka degani-ku, bola-chaqagacha chinqirtiradi. Ro’zg’oringni tebratib yursang ham bir balo. Azal-azaldan bu atrofda birorta boy o’tmagan. Boyning g’o’zasini ekding, desa, boshqa gap. Mana, «Qizil traktor»ning ham ishini kam qilishayotgani yo’q. Dehqon bo’lgach, o’z yeriga ekadi-tikadi. Bir-ikkita mol-hol qiladi. Shuniyam ko’p ko’rsa, olsin-e. O’sha to’ysin. Bundan chiqdi, sho’roga odam kerak emas ekan-da? Oq it, qora it, barisi bir xil akillar ekan-da? Kichkina ro’zg’ori bo’lsa. Don-suv so’ramasa…

Shularni o’ylab, Narzi akaning ko’ngli to’lib ketdi. YO tavba. Bosmachi bo’lib talashdi. Kim edi ular? Qo’rqqanidan, ana shunaqa Ashur shapkalar dastidan qo’liga qurol oldi. Biror yoqqa ketgani yo’q. O’ligi ham shu yerda qoldi… Uning kiprigi namlandi. Ho’ngrab yig’lashdan o’zini tiydi. Bolaligida o’tqazgan, bugun shoxlari tarvaqaylab ketgan oq o’rik tanasiga borib suyandi. Yurak zardobini mana shu yerda bo’shatdi. Tonggi sabo o’rik shoxlarini silkitdi. Bir dona oq o’rik uning boshiga tushib, do’ppisi ustiga yopishdi. Undan oqqan sharbat chekkasi bo’ylab sirg’aldi.

Narzi aka bunga parvo qilmadi. Boshidan do’ppisini oldi. Oq o’rik bo’laklarini yig’ishtirib og’ziga soldi. «Sharbat bo’lib ket-e! Sharbat ham gapmi, asalning o’zginasi-ya».

Hayt-huyt deb boshini olib ketsa, bu o’riklarga ham bir kun qiron keladi. Egasiz qolgach, kim qarardi. Ashur shapkami? Uning mushti o’z-o’zidan tugildi. Buni odam bolasi tug’magan. To’ng’izning o’zi. To’ng’iz ham bir-ikki yerni payhon qilib, iziga qaytadi. Odamdan to’ng’iz chiqsa, yomon bo’lar ekan. Uni qaytarish qiyin. Qutirdimi, tamom…

«Qizil bayroq»lik Obid dom-daraksiz ketdi. Ana shu quloq qildi. Arzingni kimga aytasan. Qozi ko’paydi…

Narzi aka o’rnidan turdi. Etagini qoqdi. O’zi ekkan oq o’rikni quchoqladi. Uning g’adir-budir tanasiga yuzini bosdi. Balki bolaligi esiga tushgandir. Balki… Buni faqat yolg’iz o’zi biladi.

U og’ilxonaga o’tdi. Mollarini sug’ordi. Ammo negadir yuragi g’ash edi. Rizvon xolaga qaradi. U ham odatdagidek hovlini supuryapti. Qora mushugi dumini xoda qilib, atrofida g’ingshib aylanyapti.

Oq o’rik shoxiga bir juft olaqarg’a qo’nib olib, shaqillay boshladi.
— Xushxabar, — ovoz berdi Rizvon xola.

Ammo olashaqshaq sayrashdan tinmadi. Narzi aka mushtdek kesakni olib, o’rik tomon otdi. Kesak uqalanib, shoxchalar orasidan shildirab yerga tushdi. Olashaqshaq pir etib tut shoxiga qo’ndi.
— Ha, sabil, ketmaysan-a! — dedi Narzi aka.

Azondan beri ko’ngli g’ash. Biror kori hol ro’y berishi aniq. Olashaqshaqning shu paytda paydo bo’lganini qarang.

O’choqqa ko’mib qo’yilgan chovgum endigina biqirlab qaynay-qaynay deganda uy orqasidan g’ala-g’ovur sadolari keldi. Keyin aravaning g’iyqillab yurishi eshitildi.

Narzi aka sekin darvozaxona sari yurdi. Qarshisida Ashur shapka va yana bir shapkali ko’rindi.

«Tamom, — dedi ichida Narzi aka. — Bu shapkalar endi meni suyagimgacha g’ajiydi. Eh… Rizvon, Rizvon. Ketganimizda shu balo-qazolarga duch kelmasmidik. Gapingga kirdim. Erkakcha ish tutmadim.»

Narzi aka o’zini o’nglab olib, Ashur shapkaga qo’l cho’zdi.
— Assalomu alayko’m, Sho’ro aka!
— Men boy bilan qo’l olishmayman, — deya yuzini teskari burdi Ashur shapka. — Vrak naro’dsan!
— Qaysi terak, menda terak yo’q, — dedi mo’ltirab Narzi aka.
— Vrak, vraksan!—dedi Ashur shapka.

Narzi aka hech narsaga tushunmadi. Ikkinchi shapkaliga yuzlandi.
— Birodar, siz tushunarsiz, o’zi nima gap?

Shapkali kishi uning ko’ksiga qamchining uchini tiradi.
— Sen boysan!
— Qanaqa boy? Kimligimni elu yurtdan so’rang. Bir faqir bechoramiz.
— So’radik, bildik. Bechoramish…

Choynak ko’tarib chiqqan Rizvon xola darvozaxona oldida turgan Ashur shapka bilan birga kelgan odamni ko’rib, qaqqayib qoldi. Tili kalimaga kelmasdi.
— Hamroqul, — baqirdi Ashur shapka, — omboridagi donlarni xaltalarga sol. Sen, Mamadali Shayton, — dedi otning jilovini ushlab turgan yigitga, — og’ildagi mollarni olib chiq.

Narzi aka bilan Rizvon xola elandi. Bo’lmadi. Hash-pash deguncha ombor bo’shadi. Ko’rpa-to’shaklar aravaga ortildi. Narzi aka behol darvoza kesakisiga suyanib qoldi.

Ko’p o’tmay «Qizil traktor»liklar Narzi aka bilan Rizvon xolani yalang oyoq ke- tayotganini ko’rishdi. Ularni Ashur shapka oti oldiga solib, qo’lida qamchi o’ynatib, allaqaerga topshirish uchun haydab borardi…

O’shanda Sobir xolasinikida edi.

Oradan ikki kun o’tdi. Xolasi jiyanini yetaklab yo’lga tushdi. U bor gapdan xabardor edi. Ammo Sobirga og’iz ochmadi. Xola-jiyan qishloqqa qadam qo’yar ekan, hamqishloqlar ularga yotsirab qarashar, imo-ishora bilan lom-mim demay kuzatishardi.

Sobir odatdagidek chopqillab, xolasidan oldin uylariga kirdi. Hovlida jon zoti yo’q edi. Eshiklar lang ochiq. Hammayoq ship-shiydon.

Sobir uyma-uy kirib chiqdi. Yuragi bir nimani sezdimi, ovozining boricha baqirdi:
— O-ta-aa!

Hech bir javob bo’lmagach, yanada qattiqroq chaqirdi:
— O-n-a-a…

Oq o’rik shoxlari silkindi. Pishgan o’riklar to’p-to’p yerga tushdi.

Sobir xolasiga yuzlandi.
— Onam qani?.. Meni tashlab qayoqqa ko’chib ketishdi?
Xolasi uni bag’riga bosib, yum-yum yig’ladi. Jiyanini yetaklab, oyoq uchida hovlidan chiqdi.

Sobir o’sha ondan boshlab mung’ayib qoldi. Xolasi uni qancha siylamasin, ko’nglini ko’tarmasin, kor qilmadi. U ota-onasini o’ylar, nega meni tashlab ketishdi, deb erta-yu kech yig’lar edi. Xolasi biror ish bilan ovora bo’lsa, zipillab tug’ilgan qishlog’i sari qochar edi.

Bu hol kun ora davom etar edi.

Ammo qishlog’iga kelganida, u bilan hech kimning ishi bo’lmasdi. Odamlar o’zi bilan o’zi ovora edi. Faqatgina aravakash Hamroqulgina har gal unga duch kelganida:
— Ha, quloqning bolasi!—deya masxaralardi.

Sobir quloq degan so’zning farqiga bormasdi. U to qorong’i tushguncha hovlisida daydib yurardi, ochiqsa, o’rik terib yeb, danagini chaqardi. Na qo’ni-qo’shni undan hol- ahvol so’rardi. Xolasi Sobirni izlab-izlab uydan topgach, yana o’z qishlog’iga olib qaytardi.

Sobirning hayoti ana shunday kecha boshladi. Sobir qochib kelib yurgan kunlarning birida qishloq chekkasida bir to’p bolalarning uymalashib turgani ustidan chiqdi. Bolalar uni ko’rishi bilan jimib, bir qadam orqaga tisarilishdi. U yaqin kelib o’zi tanigan bolalarga tikilib qoldi.
— Ket, bu joydan, ket! — deya baravar chug’urlashdi bolalar. — Sen quloqning bolasisan!

Hali orqaga tisarilgan bolalar birdan hamlaga o’tib, uni oldiga solib quva ketishdi. Bunga ham qanoat qilmay, izidan kesak ota boshlashdi.

Bolalarning qiy-chuvini eshitgan murtli kishi maktab deb atalmish yetti to’sinli uydan otilib chiqdi.
— Hay, bolalar, nima to’polon? — deb so’radi.
— Quloqning bolasi! — dedi bolalardan biri qochib borayotgan Sobirni ko’rsatib. — Haydadik, o’rtoq ma’lim.
— Bo’ldi, o’qishga kiringlar.

Muallim qo’lidagi xipchinni havoda o’ynatib, to bolalar darsxonaga kirguncha eshik oldida turdi.

Xonaga kirgach, bolalarning ovozi o’chdi. Endi faqat muallimning yo’g’on, dag’al tovushi eshitilardi.

Sobir qiziqsinib uy atrofini aylandi. Sabri chidamay ichkarida nima bo’layotganini bilgisi keldi. Oyoq uchida yurib, ochiq eshikdan ichkariga mo’raladi.
— Ana, ma’lim, quloqning bolasi keldi, — o’tirgan bolalar birdan qo’zg’oldi.
— Jim, — dedi muallim, — jim! Shovqin qilmanglar! — U qo’lidagi xipchin bilan bolalarga o’qtaldi. — Kim og’iz ochsa, adabini beraman!

Muallim ostonadan hatlab, Sobirni imladi. Uning qulog’iga eshitilar-eshitilmas shivirladi:
— Bolam, bu atrofda yurma. Quloqning bolasisan. Ko’rishsa, meni ham tinch qo’yishmaydi. Ketaqol…

Murtli kishining bolam degani Sobirga qattiq ta’sir qildi. U ho’ngrab yig’lab yubordi.
— Yig’lama, bolam, — dedi u, — taqdir shu ekan… Endi ketaqol.

Sobir tizzasigacha tuproq bosib xolasinikiga qarab yo’l oldi.

Shundan keyin ham Sobir o’zi tug’ilib o’sgan hovliga bir necha bor keldi. Uy, otasi ekkan oq o’rik atrofini aylanib yurdi. Birov bormisan-yo’qmisan demadi. Uning yuragi toshib ketdi. Qishloq yo’lini changitib, ovozining boricha qo’shiq ayta boshladi.

Otam quloq,
Onam quloq,
O’zim
Yorti quloq.

Qishloq ahli bolaning bu qo’shig’ini pana-pastqamlardan turib eshitishdi. Bora-bora o’zlari ham yod olishdi.

Bir safar xolasi Sobirni uzoq izladi. So’rab-surishtirmagan joyi qolmadi. Lekin birorta odam ko’rdim demadi. Tongga yaqin Sobirni oq o’rik tagidan topdi. U g’ujanak bo’lgancha nafas olmay yotardi…

003

(Tashriflar: umumiy 2 546, bugungi 1)

2 izoh

  1. Assalomualaykum Xurshid DAVRON Aka,
    Safar Barnoyevning bu hikoyasini saytingizga qo’yganingiz uchun katta rahmat. Men o’zim Turkiyadagi tug’ulgan O’zbeklardan bo’laman. Otam rahmatli 4 yosharliklarida ya’ni hali o’zlarini tanimasdan O’zbekistondan chiqqan ekanlar. Bu hikoyani o’qib o’tmish, otamning aytganlari yana bir bor esimda uyg’ondi. O’zbek xalqining peshonasi buncha sho’r ekan. Xarijga qochganlar o’lkama o’lka kezib yurtma-yurt tarqalishib yurdilar. Har yurtda ba’zan o’lig ba’zan tirig xesh-aqroba qaldirishdilar. Afsus vatanda qolganlar undan ham yomon kunlar ko’rdilar. Inshoolloh bundan keyin yaxshi kunlar ko’raylik.
    Safar Barnoyevni Xudo g’ariqi rahmat qilsin. Yotgan yerlar jannat bo’lsin. Juda zo’r yozibdilar. Bu hikoyani o’qiyotib Turkchalab aytganda tuyg’ulanmasdan bo’lmas ekan. Yurakni og’ritadigan hikoya ekan. Afsus burun o’qimabman.
    Sizdan bir iltimosim bor edi. Ajabo bu hikoyaning ichida joylashgan kitobning pdfsini topish mumkunmu? Internetdan qidirdim lekin topolmadim. Men o’zim universitetda akedemik bo’laman. Turk tillari va lahjalari ustida ishlayman. Agar hikoyaning o’zida joylashgan kitobning pdfsini topolsam ilmiy maqalalarimda foydalanardim.
    Gapni cho’zdim. Uzr. Yana bir bor bu hikoyani saytingizga qo’yganingiz uchun katta rahmat.
    Hurmat bilan.
    Selahittin TOLKUN

Izoh qoldiring