Jamol Kamol. Halima Nosirovani eslab.

0557 декабрь – Бетакрор хонанда Ҳалима Носирова таваллуд топган кун.

    Уйга қайтаётиб, жўраларим “Нега йиғладинг?” деб сўрашди. “Билмайман” дедим. Нега йиғлаганимни ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Балки Фузулий шеъри билан айтилган “Баёт” сабабчи бўлгандир. Балки “Ушшоғи Ҳалима” таъсирида йиғлагандирман. “Фироқ алангасида танда жон кабоб бўлди” деб бошланувчи ўша ашуланинг бир сатри юрагимга умрбод нақшланиб қолган…

Жамол Камол
ҲАЛИМА НОСИРОВАНИ ЭСЛАБ…
09

094   Ҳалима Носирова ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан то етмишинчи йилларига қадар ўзбек қўшиқчилик бўстонини яшнатган, бу санъатни юксак пояларга кўтариб, довруғини дунёга таратган асл санъаткор эди.

Нафис ва мафтункор овози, овозида аёлларга хос ажиб назокати, тингловчини бир зумда ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга ташловчи маҳорати унинг хонишларига алоҳида жозиба бағишлаган, хонандани йиллар давомида эл орасида маълум ва машҳур қилган эди…

Ҳалима опани илк бор кўрганим ҳамон эсимда. 1951 йил, август ойининг охирлари. Еттинчи синфда ўқийман. Қишлоғимизга, бугун оқшом қўшни Чандир қишлоқда Тошкентдан келган Ҳалима Носирова бошлиқ санъаткорлар консерт беришармиш, деган овоза тарқалди. Кечқурун катта-кичик, кўпроқ ёш-яланг тўпланишиб, Чандирга бордик. Колхоз идорасига туташ боғ, сарҳовуз олдида осма чироқлардан чароғон шоҳсупа, унинг атрофида пахта пунктидан брезентлар келтириб, тўшалган эди. Бир чеккада ўлтириб, интизор бўлиб кутдик.

Шоҳсупа – саҳнага аввал бошловчи, кейин созандалар чиқишди, энг охирида ярқираган либослар кийиб, Ҳалима Носирова…
Кейин… бошланди… Мен учун сеҳру афсун лаҳзалари!.. Най ноласи, чолғу-созларнинг нолиши, Ҳалима опанинг хониши сел қилиб оқизиб кетди мени. Беихтиёр йиғлай бошладим… Ўша ҳолатлар кейинчалик Ҳалима опага бағишлаб ёзган шеъримда акс этган:

Опа, эслайсизми, ёдингиздами
Боғларга бурканган олис Шофиркон?
Сўлим оқшом эди, сарҳовуз бўйи
Ажиб мўъжизага бўлмишди макон.

Халойиқ жам эди, ҳамма ёқ тирбанд,
Ўртада саҳнадек ёруғ шоҳсупа.
Бир маҳал бир ажиб назокат билан
Сиз кириб келдингиз даврага, опа…

Чапаклар чалинди, кўзлар чарақлаб,
Чолғулар бирикиб, бирдан чекди ун.
Шунда ашулага сиз очдингиз лаб
Ва жумла дунёни қоплади афсун…

Менга ҳаёт эди сиз айтган “Баёт”,
Сиз – буюк хонанда, мен – чўпон бола.
Менинг юрагимда қолди умрбод,
Ўша оқшомдаги най билан нола.

Ўтли замзамалар юракда қолди,
Қолди руҳим аро ёниқ бир қуёш.
Неча бир ҳаваслар, ҳислар йўқолди,
Қолди инжу бўлиб кўзларимда ёш…

Уйга қайтаётиб, жўраларим “Нега йиғладинг?” деб сўрашди. “Билмайман” дедим. Нега йиғлаганимни ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Балки Фузулий шеъри билан айтилган “Баёт” сабабчи бўлгандир. Балки “Ушшоғи Ҳалима” таъсирида йиғлагандирман. “Фироқ алангасида танда жон кабоб бўлди” деб бошланувчи ўша ашуланинг бир сатри юрагимга умрбод нақшланиб қолган:

Бу кенг жаҳон кўзима айрилиқ ва зиндондир…

Опа ўшанда бу ашулани дард ва изтиробга тўлиб айтган эди…

* * *

Йиллар ўтди. Ўрта мактабни тугатиб, институтга ўқишга кирдим. Учинчи курсда ўқийман. Бир паривашни севиб, муҳаббат дардига мубтало бўлиб, куйиб-пишиб юрган кезларим… Ҳар оқшом адабиёт кабинетига бориб, дарс тайёрлайман. Кўзим китобда-ю, хаёлим бошқа ёқда… Радиодан Ҳалима опанинг қўшиқлари таралиб, туйғуларимга жўр бўлиб, бағримга ўт лайди…

Шамол эшик очоди,
Ёрим писта сочоди.
Сочма десам, сочоди,
ман на қилай,
Сочодию қочоди…

* * *

1978 йил. Жазирама ёз. Ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод боғи. Уч қаватли бинонинг иккинчи қаватида бир нималарни ёзиб-чизиб ўлтирибман. Шабада кирсин учун эшик, деразалар ланг очиқ… Бир пайт пастдан “Анна Сергеевна!” деган овоз эшитилди. Таниш, жаранглаган овоз. Юрагим ҳапқириб кетди: Ҳалима Носирова!..

Шоша-пиша биринчи қаватга тушдим. Фойеда ҳеч кимса йўқ. Ташқарига, ҳовлига чиқдим. Боғ оралаб кетаётган икки аёлга кўзим тушди. Бири – ижод уйи ходимаси, иккинчиси – Ҳалима Носирова. Улар боғ этагига томон боришарди. У ёқда Яшин аканинг дала-ҳовлиси бўлиб, Ҳалима опа гоҳ-гоҳ келиб турарди. Афсус, кўролмадим, деб анчагача ортидан термулиб турдим…

* * *

1988 йил. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлайман. Телефон жиринглади. Гўшакни кўтарсам, “Мен Ҳалимаман” деган овоз эшитилди. Шоира Ҳалима Худойбердиева деб ўйлаб, “Ҳалимахон, қалайсиз? “Саодат”хон гуллаб, яшнаяптими?” – деб аҳвол сўрай кетдим. “Ҳалима кўйлак киёди, этаги ерга тегоди, деб мазза қилиб шеър ёзиб юрибсизми?” дея ҳазил-ҳузул ҳам қилдим.
– Йўқ, – деди телефондаги овоз. – Мен бошқа Ҳалимаман… Мен Носироваман…

Рости гап, буни кутмагандим. Бир лаҳза ўзимни йўқотиб қўйдим.
– Кечирасиз, опа, – дедим хижолат ичра зўрға ғулдираб. – Мен сизни… адаштирибман…
– Мен “Шарқ юлдузи”да “Файзулла Хўжаев кўзлари” деган шеърингизни ўқиб, йиғладим, – деди Ҳалима опа. – Файзулла Хўжаев менинг севимли акам эди. Бир ой олдин туш кўрдим. Эй Ҳалима, дедилар, ёдингда тут: менинг битта боевой орденим бор эди. Душманларим ўша орден устидан ўқ узиб, мени отиб ўлдирди…

Шу гапни айтиб, опанинг ўпкаси тўлиб, бир нафас жим бўлиб қолди. Кейин зўрға давом этди:
– Афсуски, қариб қолдим. Соғлигим яхшимас. Аввалги ҳолатим бўлганда бу шеърни қўшиқ қилиб айтардим, – деди ўксиниб.
Менинг ҳам томоғимга бир нарса келиб тиқилди… Раҳмат, опажон, дедим. Яна бир нималар деб тасалли беришга уриндим…

* * *

Адашмасам, 1994 йил. Ёзувчилар уюшмасида раисман. Муовиним, шоир Тўра Мирзо билан Наврўз баҳонасида кекса, нуроний адибларимизни табриклаб, зиёрат қилишга қарор қилдик. Қутлов ва зиёратни Яшин акадан бошладик. Шунда илк марта Ҳалима опа билан юзма-юз ўлтирдим. Опа анча кексайиб қолган, кўзлари хиралашиб, қулоғи оғирлашган эди. Салом-аликдан кейин ёнида ўлтирган Тўра Мирзога энгашиб, бу киши ким, деб мени суриштирди. Исмимни эшитиб, “вой, ўлай!” деганча ўрнидан турди-да, қўшни хонага кириб кетди. Мен гап нималигини тушунолмай, ҳайрон бўлиб қолдим. Орадан тўрт-беш дақиқа вақт кечди. Бир пайт эшик очилиб, Ҳалима опа кўринди… Эгнида хонатлас кўйлак, қулоғига тилла сирғалар, бўйнига марварид маржонлар тақиб олган, бошида оқ ҳарир рўмол… Яна не кўз билан кўрайки, “Хуш келибсиз хонадонимизга, Жамолхон!” деб эгилиб, кетма-кет келинсалом қилиб турибти… Кўзларимдан ёш чиқиб кетди… Бориб, қучоқлаб, ўпдим. Кейин суҳбатимиз қизиди. Опанинг қулфи дили очилиб, бизга Чўлпон шеърларидан ёд ўқиб берди. Бошига тушган оғир кунларни эслади. Бир пайтлар Ҳалима опани ҳам бир муддат саҳнадан четлатишган экан. Ўшанда, деди опа, баъзи кунлар юрагим тўлиб кетганда Яшин аканинг машинасига ўлтириб, шофёрга “тоққа ҳайда” дердим. Тоққа етиб боргач, овозимни баралла қўйиб, дод солиб, юрагимни бўшатардим. Овозим тоғу тошлардан акс садо бўлиб, ўзимга қайтарди…

Ҳалима опадан бу гапларни эшитиб, лол қолдим… Кейин ана шу таассурот қоғозга шеър бўлиб тушди:

Ҳофиз саҳналарда қўшиқ айтмаса,
Тоғларга бораркан айтиб навони.
Айтгани жаранглаб элдан қайтмаса,
Тошлардан кутаркан акси садони…

Шоир сўз айтгали келар дунёга,
Индамай, жим туриш шоирга ўлим.
Қайси тоққа борай, қайси дарёга,
Товушларга тўлиб кетганда кўнглим?…

Қаранг, тақдир мени Ҳалима опага қадам-қадам яқинлаштириб, охир-оқибат унинг суҳбатига мушарраф этди

* * *

Ҳалима опага бағишлаб ёзган шеъримда яна шундай мисралар бор:

Қўшиқлар куйланса, қулоқ соламан,
Оҳанглар кўкида бўламан сайрон.
Ўша хонишларни қўмсаб қоламан,
Ўша ёнишларни тополмай, ҳайрон…

Энди қўшиқларда чақнамайди ҳис,
Сўзи ҳам тушмайди созига лойиқ.
Саҳнада ўзини унутмас ҳофиз,
Бепарво тинглайди уни халойиқ…

Бу – ўтган аср, етмишинчи йилларнинг гапи. Бугун аҳвол ўзгача. Худога шукурки, от изини той босар, деганларидек, халқимиз орасидан янги Ҳалималар етишиб чиқди ва чиқаяпти. Муножот Йўлчиева, Марям Сатторова, Насиба Сатторова, Матлуба Дадабоева, Насиба Абдуллаева, раҳматлик Дилнура, Феруза Жуманиёзова, Озода Ёрова, Юлдуз Турдиева… Яна қай бирини айтай?  Булар – ўзбек ашула санъатининг бугунги ёрқин юлдузлари… Ҳар бири – халқимизга Оллоҳдан инъом, мукофот. Ҳар бирининг овозида Ҳалима Носированинг навоси бор… Уларни етарлича қадрлаяпмизми? Нега улар катта саҳналар, телеэкранларда кам кўринишади?.. Бундан бир-икки йил олдин “Айтишув” деган кўрсатув бўларди. Саҳнада кетма-кет ашулахонлик, залда гулдирос қарсаклар… Бутун халқ, катта-кичик мазза қилиб тинглаб, томоша қиларди. Кимгадир ёқмади шекилли, тўхтатиб қўйишди.

Хайриятки, бахтимизга видео ёхуд аудио деган дисклар бор. Ўшалар воситасида ҳар оқшом ўзимга консерт уюштираман. Ўзим бошловчи бўлиб, марҳамат, кутиб олинг, бугун хизматингизда Ўзбекистон халқ артисти, севимли хонандамиз Марям Сатторова, дейман… Бошида ҳам, охирида ҳам ўзим чапак чалиб, хонандани дуо қиламан… Шунда беихтиёр яна Ҳалима опани эслайман. Хонишларини соғинаман. Қанийди, диски бўлса, тўйиб-тўйиб эшитардим, дейман. Бир вақтлар “Пахтакорлар гимни” деб шуҳрат қозонган “Меҳнат аҳли” ашуласини нега радиода беришмайди, деб хуноб бўламан. Менга ўхшаганлар оз-мунчами?
Хуллас, Ҳалима Носирова ижро этган мумтоз ашулалар дискини чиқазиш керак. Токи устоз санъаткорнинг руҳи шод, унинг қўшиқларини соғинган минглаб мухлисларнинг кўнгли обод бўлгай…

Манба:mezon.uz

099Суратда: Ҳалима Носирова, Тамарахоним ва Малик Қаюмов

Jamol Kamol
HALIMA NOSIROVANI ESLAB…
09

094 Halima Nosirova o’tgan asrning o’ttizinchi yillaridan to yetmishinchi yillariga qadar o’zbek qo’shiqchilik bo’stonini yashnatgan, bu san’atni yuksak poyalarga ko’tarib, dovrug’ini dunyoga taratgan asl san’atkor edi.

Nafis va maftunkor ovozi, ovozida ayollarga xos ajib nazokati, tinglovchini bir zumda o’tdan olib suvga, suvdan olib o’tga tashlovchi mahorati uning xonishlariga alohida joziba bag’ishlagan, xonandani yillar davomida el orasida ma’lum va mashhur qilgan edi…

Halima opani ilk bor ko’rganim hamon esimda. 1951 yil, avgust oyining oxirlari. Yettinchi sinfda o’qiyman. Qishlog’imizga, bugun oqshom qo’shni Chandir qishloqda Toshkentdan kelgan Halima Nosirova boshliq san’atkorlar konsert berisharmish, degan ovoza tarqaldi. Kechqurun katta-kichik, ko’proq yosh-yalang to’planishib, Chandirga bordik. Kolxoz idorasiga tutash bog’, sarhovuz oldida osma chiroqlardan charog’on shohsupa, uning atrofida paxta punktidan brezentlar keltirib, to’shalgan edi. Bir chekkada o’ltirib, intizor bo’lib kutdik.

Shohsupa – sahnaga avval boshlovchi, keyin sozandalar chiqishdi, eng oxirida yarqiragan liboslar kiyib, Halima Nosirova… Keyin… boshlandi… Men uchun sehru afsun lahzalari!.. Nay nolasi, cholg’u-sozlarning nolishi, Halima opaning xonishi sel qilib oqizib ketdi meni. Beixtiyor yig’lay boshladim… O’sha holatlar keyinchalik Halima opaga bag’ishlab yozgan she’rimda aks etgan:

Opa, eslaysizmi, yodingizdami
Bog’larga burkangan olis Shofirkon?
So’lim oqshom edi, sarhovuz bo’yi
Ajib mo»jizaga bo’lmishdi makon.

Xaloyiq jam edi, hamma yoq tirband,
O’rtada sahnadek yorug’ shohsupa.
Bir mahal bir ajib nazokat bilan
Siz kirib keldingiz davraga, opa…

Chapaklar chalindi, ko’zlar charaqlab,
Cholg’ular birikib, birdan chekdi un.
Shunda ashulaga siz ochdingiz lab
Va jumla dunyoni qopladi afsun…

Menga hayot edi siz aytgan “Bayot”,
Siz – buyuk xonanda, men – cho’pon bola.
Mening yuragimda qoldi umrbod,
O’sha oqshomdagi nay bilan nola.

O’tli zamzamalar yurakda qoldi,
Qoldi ruhim aro yoniq bir quyosh.
Necha bir havaslar, hislar yo’qoldi,
Qoldi inju bo’lib ko’zlarimda yosh…

Uyga qaytayotib, jo’ralarim “Nega yig’lading?” deb so’rashdi. “Bilmayman” dedim. Nega yig’laganimni hozir ham aytib berolmayman. Balki Fuzuliy she’ri bilan aytilgan “Bayot” sababchi bo’lgandir. Balki “Ushshog’i Halima” ta’sirida yig’lagandirman. “Firoq alangasida tanda jon kabob bo’ldi” deb boshlanuvchi o’sha ashulaning bir satri yuragimga umrbod naqshlanib qolgan:

Bu keng jahon ko’zima ayriliq va zindondir…

Opa o’shanda bu ashulani dard va iztirobga to’lib aytgan edi…

* * *

Yillar o’tdi. O’rta maktabni tugatib, institutga o’qishga kirdim. Uchinchi kursda o’qiyman. Bir parivashni sevib, muhabbat dardiga mubtalo bo’lib, kuyib-pishib yurgan kezlarim… Har oqshom adabiyot kabinetiga borib, dars tayyorlayman. Ko’zim kitobda-yu, xayolim boshqa yoqda… Radiodan Halima opaning qo’shiqlari taralib, tuyg’ularimga jo’r bo’lib, bag’rimga o’t laydi…

Shamol eshik ochodi,
Yorim pista sochodi.
Sochma desam, sochodi,
man na qilay,
Sochodiyu qochodi…

* * *

1978 yil. Jazirama yoz. Yozuvchilarning Do’rmondagi ijod bog’i. Uch qavatli binoning ikkinchi qavatida bir nimalarni yozib-chizib o’ltiribman. Shabada kirsin uchun eshik, derazalar lang ochiq… Bir payt pastdan “Anna Sergeevna!” degan ovoz eshitildi. Tanish, jaranglagan ovoz. Yuragim hapqirib ketdi: Halima Nosirova!..

Shosha-pisha birinchi qavatga tushdim. Foyeda hech kimsa yo’q. Tashqariga, hovliga chiqdim. Bog’ oralab ketayotgan ikki ayolga ko’zim tushdi. Biri – ijod uyi xodimasi, ikkinchisi – Halima Nosirova. Ular bog’ etagiga tomon borishardi. U yoqda Yashin akaning dala-hovlisi bo’lib, Halima opa goh-goh kelib turardi. Afsus, ko’rolmadim, deb anchagacha ortidan termulib turdim…

* * *

1988 yil. G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida bosh muharrir bo’lib ishlayman. Telefon jiringladi. Go’shakni ko’tarsam, “Men Halimaman” degan ovoz eshitildi. Shoira Halima Xudoyberdieva deb o’ylab, “Halimaxon, qalaysiz? “Saodat”xon gullab, yashnayaptimi?” – deb ahvol so’ray ketdim. “Halima ko’ylak kiyodi, etagi yerga tegodi, deb mazza qilib she’r yozib yuribsizmi?” deya hazil-huzul ham qildim.
– Yo’q, – dedi telefondagi ovoz. – Men boshqa Halimaman… Men Nosirovaman…

Rosti gap, buni kutmagandim. Bir lahza o’zimni yo’qotib qo’ydim.
– Kechirasiz, opa, – dedim xijolat ichra zo’rg’a g’uldirab. – Men sizni… adashtiribman…
– Men “Sharq yulduzi”da “Fayzulla Xo’jaev ko’zlari” degan she’ringizni o’qib, yig’ladim, – dedi Halima opa. – Fayzulla Xo’jaev mening sevimli akam edi. Bir oy oldin tush ko’rdim. Ey Halima, dedilar, yodingda tut: mening bitta boevoy ordenim bor edi. Dushmanlarim o’sha orden ustidan o’q uzib, meni otib o’ldirdi…

Shu gapni aytib, opaning o’pkasi to’lib, bir nafas jim bo’lib qoldi. Keyin zo’rg’a davom etdi:
– Afsuski, qarib qoldim. Sog’ligim yaxshimas. Avvalgi holatim bo’lganda bu she’rni qo’shiq qilib aytardim, – dedi o’ksinib.
Mening ham tomog’imga bir narsa kelib tiqildi… Rahmat, opajon, dedim. Yana bir nimalar deb tasalli berishga urindim…

* * *

Adashmasam, 1994 yil. Yozuvchilar uyushmasida raisman. Muovinim, shoir To’ra Mirzo bilan Navro’z bahonasida keksa, nuroniy adiblarimizni tabriklab, ziyorat qilishga qaror qildik. Qutlov va ziyoratni Yashin akadan boshladik. Shunda ilk marta Halima opa bilan yuzma-yuz o’ltirdim. Opa ancha keksayib qolgan, ko’zlari xiralashib, qulog’i og’irlashgan edi. Salom-alikdan keyin yonida o’ltirgan To’ra Mirzoga engashib, bu kishi kim, deb meni surishtirdi. Ismimni eshitib, “voy, o’lay!” degancha o’rnidan turdi-da, qo’shni xonaga kirib ketdi. Men gap nimaligini tushunolmay, hayron bo’lib qoldim. Oradan to’rt-besh daqiqa vaqt kechdi. Bir payt eshik ochilib, Halima opa ko’rindi… Egnida xonatlas ko’ylak, qulog’iga tilla sirg’alar, bo’yniga marvarid marjonlar taqib olgan, boshida oq harir ro’mol… Yana ne ko’z bilan ko’rayki, “Xush kelibsiz xonadonimizga, Jamolxon!” deb egilib, ketma-ket kelinsalom qilib turibti… Ko’zlarimdan yosh chiqib ketdi… Borib, quchoqlab, o’pdim. Keyin suhbatimiz qizidi. Opaning qulfi dili ochilib, bizga Cho’lpon she’rlaridan yod o’qib berdi. Boshiga tushgan og’ir kunlarni esladi. Bir paytlar Halima opani ham bir muddat sahnadan chetlatishgan ekan. O’shanda, dedi opa, ba’zi kunlar yuragim to’lib ketganda Yashin akaning mashinasiga o’ltirib, shofyorga “toqqa hayda” derdim. Toqqa yetib borgach, ovozimni baralla qo’yib, dod solib, yuragimni bo’shatardim. Ovozim tog’u toshlardan aks sado bo’lib, o’zimga qaytardi…

Halima opadan bu gaplarni eshitib, lol qoldim… Keyin ana shu taassurot qog’ozga she’r bo’lib tushdi:

Hofiz sahnalarda qo’shiq aytmasa,
Tog’larga borarkan aytib navoni.
Aytgani jaranglab eldan qaytmasa,
Toshlardan kutarkan aksi sadoni…

Shoir so’z aytgali kelar dunyoga,
Indamay, jim turish shoirga o’lim.
Qaysi toqqa boray, qaysi daryoga,
Tovushlarga to’lib ketganda ko’nglim?…

Qarang, taqdir meni Halima opaga qadam-qadam yaqinlashtirib, oxir-oqibat uning suhbatiga musharraf etdi

* * *

Halima opaga bag’ishlab yozgan she’rimda yana shunday misralar bor:

Qo’shiqlar kuylansa, quloq solaman,
Ohanglar ko’kida bo’laman sayron.
O’sha xonishlarni qo’msab qolaman,
O’sha yonishlarni topolmay, hayron…

Endi qo’shiqlarda chaqnamaydi his,
So’zi ham tushmaydi soziga loyiq.
Sahnada o’zini unutmas hofiz,
Beparvo tinglaydi uni xaloyiq…

Bu – o’tgan asr, yetmishinchi yillarning gapi. Bugun ahvol o’zgacha. Xudoga shukurki, ot izini toy bosar, deganlaridek, xalqimiz orasidan yangi Halimalar yetishib chiqdi va chiqayapti. Munojot Yo’lchieva, Maryam Sattorova, Nasiba Sattorova, Matluba Dadaboeva, Nasiba Abdullaeva, rahmatlik Dilnura, Feruza Jumaniyozova, Ozoda Yorova, Yulduz Turdieva… Yana qay birini aytay? Bular – o’zbek ashula san’atining bugungi yorqin yulduzlari… Har biri – xalqimizga Ollohdan in’om, mukofot. Har birining ovozida Halima Nosirovaning navosi bor… Ularni yetarlicha qadrlayapmizmi? Nega ular katta sahnalar, teleekranlarda kam ko’rinishadi?.. Bundan bir-ikki yil oldin “Aytishuv” degan ko’rsatuv bo’lardi. Sahnada ketma-ket ashulaxonlik, zalda guldiros qarsaklar… Butun xalq, katta-kichik mazza qilib tinglab, tomosha qilardi. Kimgadir yoqmadi shekilli, to’xtatib qo’yishdi.

Xayriyatki, baxtimizga video yoxud audio degan disklar bor. O’shalar vositasida har oqshom o’zimga konsert uyushtiraman. O’zim boshlovchi bo’lib, marhamat, kutib oling, bugun xizmatingizda O’zbekiston xalq artisti, sevimli xonandamiz Maryam Sattorova, deyman… Boshida ham, oxirida ham o’zim chapak chalib, xonandani duo qilaman… Shunda beixtiyor yana Halima opani eslayman. Xonishlarini sog’inaman. Qaniydi, diski bo’lsa, to’yib-to’yib eshitardim, deyman. Bir vaqtlar “Paxtakorlar gimni” deb shuhrat qozongan “Mehnat ahli” ashulasini nega radioda berishmaydi, deb xunob bo’laman. Menga o’xshaganlar oz-munchami?
Xullas, Halima Nosirova ijro etgan mumtoz ashulalar diskini chiqazish kerak. Toki ustoz san’atkorning ruhi shod, uning qo’shiqlarini sog’ingan minglab muxlislarning ko’ngli obod bo’lgay…

Manba:mezon.uz

09

(Tashriflar: umumiy 732, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ҳалима Носирова — ноёб хонанда. Унинг овози, товуш тембрлари, уларнинг кучи ҳақиқий санъатни севувчилар қалбига мўъжизавий таъсир кўрсатади. Буюк шоир Жамол Камол ёзганларидек, «Меҳнат аҳли» ёки «Хуш келибсиз» қўшиқларини жаҳон дурдоналари сафига қўшса бўлади.Бу такрорланмас ўзбек санъаткори микрофонсиз, фонограммасиз ўз пайтида миллионлаб инсонларни ўзига мухлис қила олган. ТВ да ва радио тўлқинларида Ҳалима Носировани кўпроқ тарғиб қилинса, унинг ҳаёти ҳикоя қилинса, ашулалари мунтазам бериб борилса ажойиб иш бўларди. Чунки, мен ҳозирги давримизда бундай даражадаги санъаткорни кўрмаяпман.

Izoh qoldiring