Jo’ra Fozil. Buxoroni tanigan kunim

077
Сўнгра қироат билан шеър сарлавҳасини ўқиди: «Ёмғир ёғдирувчи». Ҳаммамиз чапак чалиб юбордик. Тоштемир ака шодон жилмайиб қўйди. Шеър болаларча содда, юморга бой бўлиб, Сафар ака уни ўқиётганда, ўзи ҳам бола бўлиб кетди. Кўзлари чақнаб, қўлларини силкитиб ўқиди шеърни. Шеър телевизорда айтиб,ёмғир ёғдирувчи Тоштемир Тайлоқовни шарафларди. Лекин, энг қизиғи, Сафар ака шеърни ўқиб тугаллагач, содир бўлди. Оллоҳ иродасини қарангки, шоир энди ўрнига ўтираман деганда, момоқалдироқ даҳшатли куч билан гумбурлаб, чақмоқ чақди ва шаррос ёмғир қуя бошлади. Ўтирган хонамиз қарсак, момоқалдироқ зарбидан ларзага келар, биз энди Тайлоқовни эмас, ҳақиқий ёмғир ёғдирувчи шоир, «сеҳргар» Сафар Барноевни олқишлардик.

012
Жўра ФОЗИЛ
БУХОРОНИ ТАНИГАН КУНИМ
013

011Шоир ва ёзувчи Сафар Барноев 1938 йил 6 майда Бухоронинг Дилкушо маҳалласида туғилган. 1949-59 йилларда ўрта мактабни тугатгач, ҳарбий хизматга кетади. 1960-61 йилларда Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги жамоа хўжалиги (колхоз)да ҳисобчи вазифасида ишлайди. 1961-66 йилларда ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика бўлимида таҳсил олади.
1959 йили унинг биринчи шеъри «Ленин учқуни» (ҳозирги „Тонг юлдузи“) газетасида эълон қилинган. Сафар Барноев ўқишни тугатмасиданоқ, 1966 йилнинг март ойида айни шу газетаси таҳририятига ишга таклиф қилинган. Ўша йиллардан бошлаб унинг шеър, ҳикоя, қиссалари республика газета ва журналларида мунтазам равишда чоп этила бошлайди.
Сафар Барноевнинг биринчи шеърлар тўплами 1970 йилда „Тоғлардаман“ номи билан чоп этилди. Шундан сўнг «Биринчи табассум» (1972), «Дадамнинг қўллари» (1974), «Соғинч» (1975), «Юлдузхон ва Баҳоржон» (1977), «Солдат қайтган кун» (1979), «Оқ лайлаклар» (1982), «Эгизаклар» (1985), «Мукофот» (1983), «Тинчликни улуғлаймиз» (1986), «Дадам ҳақида қўшиқ» (1989), «Каримжон — кармон» (1988) каби ўнлаб шеърий ва насрий асарлари чоп этилди.Адибнинг кўпгина асарлари рус, тожик, қирғиз, украин, белорус, поляк, инглиз тилларига таржима қилинган. Унинг „47-йил ҳикоялари“, „Афғон болалари“ ҳикоялар туркуми адабий-жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган.
Адиб таржимаи ҳолида ёзишича, 1987 йили Афғонистонга боради. «Боришдан бош ният, йигирманчи йилларда бизнинг ота-боболаримиз инқилобни қай тарзда қабул қилганини кўриш, ҳис этиш эди. Савр инқилоби, Октябрь инқилобининг иккаласига ҳам бир хил одамлар бош бўлганини афғон тупроғида кўриб қайтди». «Афғон ҳикоялари» туркуми ана шу йўсинда дунёга келди. «Шайтон эргашган бола» ҳам шу сафар мевасидир. Адиб «Камалак» нашриётида, Республика Ёзувчилар уюшмасида, Халқ таълими вазирлигида масъул вазифаларда ишлади. Бир неча йил «Гулхан» журналида бош муҳаррир бўлди.
Сафар Барноев «Тинчликни улуғлаймиз» китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги йиллик мукофотига, болалар адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси учун «Офарин» мукофотига сазовор бўлган.
Сафар Барноев 2000 йилда вафот этган.

013

Биринчи учрашув

1968 йил савр ойи. Ромитан туман газетасида муссаҳиҳ бўлиб ишлаб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМу) журналистика факультетига ўқишга киришга тайёргарлик кўрардим.
Кунларнинг бирида тушликдан қайтсам, муҳаррир ўринбосари хонасида ўрта бўйли, қорачадан келган, йигирма тўққиз-ўттиз ёшлар чамасидаги йигит очилиб- сочилиб, ҳаммани кулдириб ўтирарди. Суҳбат жуда авжида эди, ҳамма билан кўришиб, бир чеккага ўтирдим. Муҳаррир ўринбосари меҳмонни таништирди.
– Сафар Барноев. Асли ромитанлик. Ҳозир Тошкентда, болалар газетасида ишлайдилар…

Меҳмон суҳбат тизгинини қўлига олди.
– Ромитан жуда ўзгариб, обод бўлиб кетибди, таниёлмай қолдим, – деди у. – Фақат Хайробод ариғи устидаги ошхонага кирган эдим, таъбим бироз хиралашди. Шу, десангиз, ошпаз лағмон деб, ювиндидан баттар нарсани олиб келса бўладими? «Ҳой биродар, Ромитаннинг меҳмондўстлиги қаерда қолди? Мен-ку, шу ерликман, хафа бўлмайман, лекин бошқа меҳмонлар олдига ҳам шунақа таом қўйсангиз, уят бўлади-ку!» десам, ошпаз қурмағур без бўлиб тураверди. ғирромлик қиляпти демаслиги учун, пулини тўладим-да, туриб кетавердим.

– Об-бо, сиз-ей, жуда қизиқсиз-да, тўғри бизникига келавермайсизми, ахир, ҳамкасбмиз, боз устига қариндошлигимиз ҳам бор, – деди муҳаррир ўринбосари.
– Эндиги гал, албатта, шундай қиламан, – деди Сафар ака ва суҳбат мавзуини кулгига бурди.

Ўша куни янги танишимни анча кузатдим. У ўзига ишонган, бир сўзли, камчиликларга муросасиз, юрагидаги гапни очиқ айта оладиган киши эканига амин бўлдим. Лекин у киши билан дўстлашиб кетгунимизча орадан қарийб тўққиз йил ўтди. Мен ўқишни битирдим, армия сафида хизмат қилдим. Сўнгра Ромитан туман газетасида ишлай бошладим…

Ёмғир ёғдирувчи

Сафар ака ва Малика опалар хонадони Тоштемир Тайлоқов хонадони билан қўшни эди. Тоштемир ака Ўзбекистон телевидениесида об-ҳавони шарҳлади.

1979 йилнинг эрта баҳори эди. Бозор куни соат ўн бирларда Сафар аканинг ёшликдаги дўсти Мизроб Қосимов иккимиз Сафар аканикига кириб бордик. Чоғроқ дастурхон атрофида икки-уч киши чақчақлашиб ўтиришар, Малика янгамиз чўзма лағмон тараддудида эди.
Сафар ака даврадагиларни шоирлар Азиз Абдураззоқ, Султон Жаббор, шарҳловчи Тоштемир Тайлоқов дея таништирди.

Дам олиш куни эмасми, чўзма лағмон тайёр бўлгунча бошимиз анча қизиб қолди. Ширин суҳбат авжига чиқди. Бир маҳал ширакайф Сафар ака: «Мен Тоштемир Тайлоқовга атаб шеър ёзганман «, деб қолди. Ҳаммамиз бараварига: «Ўқиб беринг!», дея тиқилинч қилдик.
Шоир ичкарига кириб кетиб, икки варақ қоғоз кўтариб чиқди-да, хона ўртасида туриб олди. Сўнгра қироат билан шеър сарлавҳасини ўқиди: «Ёмғир ёғдирувчи».
Ҳаммамиз чапак чалиб юбордик. Тоштемир ака шодон жилмайиб қўйди.

Шеър болаларча содда, юморга бой бўлиб, Сафар ака уни ўқиётганда, ўзи ҳам бола бўлиб кетди. Кўзлари чақнаб, қўлларини силкитиб ўқиди шеърни. Биз чўзма лағмон, иссиқ сомса ва аччиқ арақ тоти билан шеърнинг ҳар бир сатрини олқишлаб турдик.

Шеър телевизорда айтиб,ёмғир ёғдирувчи Тоштемир Тайлоқовни шарафларди. Лекин, энг қизиғи, Сафар ака шеърни ўқиб тугаллагач, содир бўлди. Оллоҳ иродасини қарангки, шоир энди ўрнига ўтираман деганда, момоқалдироқ даҳшатли куч билан гумбурлаб, чақмоқ чақди ва шаррос ёмғир қуя бошлади.

Ўтирган хонамиз қарсак, момоқалдироқ зарбидан ларзага келар, биз энди Тайлоқовни эмас, ҳақиқий ёмғир ёғдирувчи шоир, «сеҳргар» Сафар Барноевни олқишлардик. У тиззаларига шапатилаб, кўзларидан ёш чиққунча кулар ҳаммамиз оллоҳ иродаси, табиат мўъжизаси олдида лол қолгандик. Ахир, «Ёмғир ёғдирувчи» мутахассис бир четда қолиб, шоир росмана ёмғир ёғдирса, лол бўлмай иложингиз қанча?

Ўша кун, ўша оқшом биз адабиёт ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Ва, мен шеър илоҳиёт билан боғлиқ эканига амин бўлдим. Ахир, шеър туфайли ёмғир ёғиши қандайдир ҳикматга боғлиқ эмасми?..

«Вақт келади…»

1991 йил. Саротон ойи. Катта ўғлим Аброр билан Тошкентга келдим. «Матбуот» номи билан аталадиган, қисман меҳмонхона, қисман ишчилар ётоқхонаси бўлмиш масканга жойлашдик. Ўғлим университетга кириш учун ҳозирланиши керак, мен эсам пойтахт нашриётларида неча йиллардан буён чанг босиб, сарғайиб ётган қўлёзмаларимнинг аҳволидан хабар олмоқчи эдим.

Ташвишлардан сал фориғ бўлгач, Сафар аканинг уйига қўнғироқ қилдим. У киши овозимни танигач, қаердалигимни сўради. Меҳмонхонада эканимни билгач, бироз ранжиди.
Мен нималарни баҳона қилганимни ҳозир эслайолмайман. Ҳарқалай, у кишини сал-пал ишонтирдим, чамаси. «Мен ҳозир етиб бораман», деди-ю, гўшакни қўйди.

Ярим соат ўтмай Сафар ака етиб келди. Хонада учовлон бироз чақчақлашдик. Мен катта ҳандалакни кесиб, ўртага қўйдим. Сафар ака бир каржини олиб, уни узоқ ҳидлади.
– Оҳ, оҳ, бундан Ромитаннинг ҳиди келяпти…
– Тўғри топдингиз. Атайлаб бир жуфт олиб келувдим.
Ҳазил- мутойиба билан ҳандалак ейилгач, Сафар ака бизни меҳмонга таклиф этди. Ҳарчанд қаршилик кўрсатмайлик, фойдаси бўлмади.

Биргалашиб Навоий кўчасига чиқдик. Қоронғу тушиб қолган. Сафар аканинг Юнусободдаги хонадонига бориш керак эди. Ҳарчанд қўл кўтармайлик, бирор машина тўхтамасди. Хуноби ошган Сафар ака норози тўнғиллади.
– Эҳ, нодонлар, шундай буюк ёзувчи қўл кўтарса-ю, бирор машина тўхтамаса? Бу қандай бедодлик?

Худди шу аснода яп-янги «Волга» биздан сал нарироққа ўтиб, тўхтади. Учовлон машина ортидан югурар эканмиз, Сафар ака яна гап қотди.
– Эҳ, хайрият-ей, ақллилари ҳам бор экан-ку!

Ўшанда, меҳмонда ярим тунгача қолиб кетдик. Малика янгамиз азалий одатича, ҳуснидан тўйса бўладиган, жуда кичкина тугилган чучвара пиширди. Сафар ака билан суҳбатимиз яна бадиий адабиёт ҳақида бўлди. Хайрлашар эканмиз, у киши ҳазиллашди:
– Хўп, хайр, шоир, яна учрашамиз.
– Сафар ака, шеър ёзмаслигимни яхши биласиз-ку, – дедим норози оҳангда.
– Э-э, шоир, ҳозир ёзмасангиз бир кун ёзарсиз. Ёзмаганингизда ҳам осмон узилиб ерга тушмас…

Шоир акам бу ҳазили билан айрим чаламулла ижодкорларга ишора қилармиди ёинки ёзувчи ҳам шеърни яхши тушуниши кераклигини таъкидлармиди, билолмасдим?
Машина кутар эканмиз, у киши менга бир-икки маслаҳат берди:
– Ҳалиги бузиб, қўшиб-чатиб эълон қилинган ҳикоянгиз учун кўпам ҳафа бўлманг. Бу ўзи ёзувчи бўлиб етишолмаган кимсалар иши. Вақт келади, ўз сўзингизни айтасиз. Ҳозир улар билан баҳслашсангиз, умуман, ҳикояларингизни чоп этмай қўйишади. Сал кучга тўлганингиздан сўнг, кўнглингиздагидек ҳикоялар чиқарасиз. Дарвоқе, энди каттароқ жанрларга қўл ураверсангиз ҳам бўлади.

Ўшанда негадир маҳмадоналигим тутиб кетди, эътироз қилдим:
– Чехов, Бунин, Лондонлар, асосан, кичик жанрлар билан ном қозонишган-ку!
Ҳамюртим эътироздан оғринмади, чуқур «уф»тортиб, шундай деди:
– Шоир, э, узр, Жўрабек, у замонлар бошқа эди, китобхон ҳам бошқача бўлган. Ҳозир йирик жанрларга ҳам эҳтиёж бор, назаримда.

Ёнимизда машина тўхтади. Тез орада яна учрашишга келишиб, хайрлашдик…

Она юрт меҳри

Ўқишни битиргандан сўнг, Тошкентда қолиб ишлаган Сафар ака юрагида Бухоройи шарифга бўлган ададсиз соғинчни, муҳаббатни сақлаб қолаолди. У киши болалар газетаси, ёшлар нашриёти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Гулхан» журналида ишлаган кезларида доимо вақт топиб Бухорога, Ромитанга келар, ҳамқишлоқлари, синфдошлари даврасида яйраб ўтирарди. У ёшликдаги ўртоқлари Мизроб Қосимов, Бахтиёр Ёдгоровлар билан дўстлигини бир умр сақлаб қолди. Айниқса, ўзининг болалиги ўтган «Боғитуркон» давлат хўжалигини кўп йиллар бошқарган, сўнг Ромитан туманига раҳбарлик қилган раҳматли Ҳамро Саидов билан жуда қалин дўст эди. Улар ўқувчилик йилларида далада бирга кетмон чопганларини мароқ билан эслашарди.

Туғилиб ўсган юртга бўлган меҳр-муҳаббат туйғулари ижодкорнинг ҳар бир асарида яққол кўзга ташланиб туради.

Сафар ака вафотидан бир неча йил олдин ёзган «Бухорони таниган куним» ҳикоясини Ўзбекистон радиоси орқали танглагач, мен ларзага тушдим. «Бухорони таниган куним» – бу она Ватанга бўлган муҳаббат қўшиғидир. Бу ҳикояни тинглаганимга анча йил бўлди. Лекин ундаги ҳар бир сўз ҳамон ёдимда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Сафар ака Бухорони қанчалик яхши кўрса, умрининг кўп қисми кечган Тошкентни ҳам шунчалик яхши кўрар, бу азим шаҳарга бўлган меҳри ўзгача эди. Эсимда, иш, бола-чақа, рўзғор ташвишлари билан бўлиб, 1992-1994 йилларда, уч йил мобайнида Тошкентга йўлим тушмади.

Ниҳоят, 1995 йил кузида пойтахтга бориш насиб этди. Сафар акани излаб таҳририятга бордим. Мени кўриб жуда хурсанд бўлди. Бир пиёладан аччиқ чой ичиб, бироз суҳбатлашганимиздан сўнг, дарҳол дилидагини тилига чиқарди.
– Бу нима қилиқ, Жўрабек? Уч йил Тошкентга қадам босмабсиз-а? Китоб чиқараман, ёзувчи бўламан, дейиш билан иш битмайди, укам. Ёзувчи бўламан дедингизми, демак, пойтахтнинг, адабий муҳитнинг нафасини уч йилда бир марта эмас, уч-тўрт марта сезиб туришингиз керак. Ахир, ҳамма газета-журналлар, нашриётлар Тошкентда бўлса-ю, сиз бу ерга келмай нимага ҳам эришаолардингиз?

Жуда мулзам бўлдим. Ҳамюртим ҳақ гапни айтаётган эди.

* * *

Сўнгги учрашув… Сўнгги учрашувимиз жуда ғаройиб бўлди. Лекин бу учрашув сўнгги эканини Сафар ака ҳам, мен ва бошқа даврадош дўстларимиз ҳам билмасдик. Ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмасдик.

2000 йилнинг ёзи эди. Ромитанга келган Сафар ака чошгоҳ маҳали таҳририятга қўнғироқ қилди. Туман марказида учрашиб, бироз суҳбатлашганимиздан сўнг, аканинг қишлоғига жўнадик.

Бахтиёр Ёдгоров ромитанча тандир кабоб пишириб, кутиб ўтирган экан, сўлим чорбоғда оқшомгача шакаргуфторлик қилдик. Бу ерга Сафар аканинг дўстлари, қариндошлари йиғилишди.

Шоир бир гапириб, ўн кулар, жуда шод-масрур, ҳар гал Ромитанга келганида ана шундай яйрар эди.
– Жўрабек, қишлоққа келганимда болалигимга қайтаман. Ўша соф, бокира туйғуларни юракдан ўтказаман. Бу ёзувчи учун катта бойлик, туганмас хазина. Янги асарлар учун илдизларим чуқур кетган заминдан куч, таассурот оламан, – деди Сафар ака давра тарқаб хайрлашар эканмиз…

Сўнгра ҳеч кимни эргаштирмай, бир ўзи кекса қариндоши тўқсонни қоралаган кампир ҳузурига боражагини айтди.
– Кампиршо билан мириқиб, бақамти ўтириб суҳбатлашмоқчиман. Раҳматли онамнинг айтишларича, болалигимда у кишига кўп озор берган эканман.

Сафар ака бир сўзли эканини ҳаммамиз яхши билганимиздан, эътироз қилмадик. У киши машинага чиқмай, ўша кампирникига жўнади. Ва, биз бошқа учрашмадик… Чамаси бир йил ўтиб, совуқ хабар эшитдик…

…Тошкентнинг Юнусобод даҳасидаги сокин қабристон… Бу ерда шоир ва ёзувчи, ажойиб инсон, содиқ дўст Сафар ака мангу ором топган. Мизроб Қосимов, Бахтиёр Ёдгоров, шоирнинг ўғли Жаҳонгир ва мен совуқ қабр тошига тикилганимизча, «Қуръон» сураларини тиловат қиламиз, кўзёшлар ўз-ўзидан қуйилиб келади…

…Дунёи дуннинг ўткинчилиги-ю, ижодкордан қолган ёниқ сўз, ёниқ сатрларнинг абадийлиги ҳақида ўйлайман…

Манба: “Шарқ Юлдузи” журнали

091

(Tashriflar: umumiy 189, bugungi 1)

Izoh qoldiring