Онанинг кўнгли тинчиди. Ётиш вақти ҳам бўлди. Кўзи энди уйқуга кетган эди, қандайдир шитирлаган овоз эшитилди. Зайнаб опа кўзини очди ва Саодатнинг туриб сокин дераза томон бораётганини кўрди. Ойнинг кўкимтир нури қизнинг боши ва елкаларигача ёритиб турарди. Саодат безовталаниб онасига қаради, сўнгра секингина дераза олдига борди-да, тиззасини қўллари орасига олиб сукут сақлаб ўтираверди. Афтидан, у нималарнидир ўйлаётгандай асабийлашиб, кўксига тушиб турган сочларини юлқиб тортарди.
Чингиз Айтматов
ОҚ ЁМҒИР
Асил Рашидов таржимаcи
Чингиз Айтматов (1928-2008) — таниқли қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, дипломат. Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968). Қирғизистон Фанлар Академияси академиги (1974). Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган (1953). 1956-58 йиллари Москвадаги ёзувчилар уюшмаси Олий адабиёт курси тингловчиси. Асарларини қирғиз ва рус тилида ёзган.
Илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. «Байдамтол соҳилларида» (1955), «Юзма-юз» (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. «Жамила» (1958), «Сарвқомат дилбарим» (1961), «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» (1962), «Момо ер», «Сомон йўли» (1963), «Алвидо, эй Гулсари» (1966), «Тоғ ва чўл қиссалари», «Оқ кема» (1970), «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар» (1977) каби қиссаларида инсон қисмати ва муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилган.
«Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида, «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (М. Шохонов билан ҳамкорликда) ёзилган роман-эсседа замонамизнинг умуминсоний томонлари, она Сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий, маънавий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, 20 млн.дан ортиқ нусхада чоп этилган (1999). «Сарвқомат дилбарим» («Довон»), «Бўтакўз» («Жазирама»), «Биринчи муаллим», «Жамила», «Алвидо, эй Гулсари» ва бошқа экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган. «Момо ер» асарига И. Акбаров мусиқа ёзган. Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди. Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999).
ксак тоғ қояларидан эсаётган муздек шамол қоронғи даралар ичидан куч билан отилиб чиқиб, тоғ этакларига равона бўларди. Пастда овул уйқуга чўмган.
Атроф жимжит, деразалардан кўриниб турган чироқлар секин ўча бошлади. Қиров қоплаб, эндигина очилай деб турган баҳор куртаклари, ой шуъласида ғира-шира кумушдек товланиб турарди. Фақат шамолнинг томга ёпилган қамишларни шитирлатган товуши билан уйқу аралаш улиган ит овози эшитиларди. Узоқлардан эса тоғ дарёсининг шовуллаши ва моторларнинг гувиллаши аранг қулоққа чалинарди…
Қоронғида овул чеккасидан икки кишининг гавдаси тез яқинлашиб келмоқда эди. Ана улар, қадамларини секинлатиб тўхташди…
– Энди, бу ёғига ўзим… Раҳмат, – аёл кишининг овози эшитилди.
– Кел, кузатиб қўя қолай, тағин итлар талаб юрмасин,– жавоб берди эркак кишининг овози.
– Мен итлардан кўрқмайман…
– Шундай бўлса ҳам…
– Йўқ, Қосимжон, сен ишга кечикиб қоласан.
– Ҳали вақт бор, улгураман, – Қосимжон гугурт чақди. Милтиллаган аланга бир лаҳзада қоронғида катак рўмолли қиз билан эгнига спортчиларнинг чармли курткасини, оёғига эса кирза этик кийиб олган ёш йигитни ўз бағрига тортиб олмоқчи эди.
– О, Саодат, ҳали яна роса икки ярим соат вақт бор, – деди у, соатига қараб.
– Ҳожати йўқ, Қосимжон, боравер… Бирор киши кўриб қолгудек бўлса, гап қилишади. Бундан ташқари, мен жуда безовталанаяпман. Онам нега чақиртирди экан?.. Тоби қочиб қолган бўлса-я?
– Ҳа-а, агар шундай бўлган бўлса, уни ёлғиз қолдириш мумкин эмас. Лекин сен кўпам сиқилаверма, бир иложини қилармиз…
Улар яна бир оз туришди-да, сўнг ажралишди: Саодат – уйга, Қосимжон бўлса, тоғ томонга йўл олди. Бир оз юргач, у орқасига қаради.
– Агар бирор нарса бўлса хабар қил… Мен кутаман.
– Яхшн, – бўғиқ овоз билан жавоб берди Саодат. У ҳам бир неча қадам юргандан сўнг тўхтади-да, орқасига қаради. Қосимжон кўринмас эди. Зим-зиё кеча. Саодат уйига ошиқди. У уйига қанчалик яқинлашиб борар экан шунчалик қадамини тезлаштирар эди. Охири Саодат сабри чидамай югуриб кетди. Унинг мияси турли хаёллар билан банд эди.
Хаёлида худди у ҳозир югуриб бориб эшикни очади-ю, кўзлари хиралашиб, тўшакда ётган касал онасини кўраётгандай эди. «Она, қадрдоним, қимматли онам», деб қичқириб юборгудек бўлди Саодат, лекин овози чиқмади.
Мана таниш дарча ҳам кўзга ташланди. Бирдан ўзига қарши келаётган қандайдир сояга кўзи тушди.
– Сенмисан, Саодат? – сўради онаси.
– Нима қилди, опа?
– Шундай кечада ёлғиз ўзингмисан?
– Ўзим,– деди Саодат, ёлғон гапириб.
– Сени қара-я, худонннг ўзи асрабди, – қўлларини ишқалаб қўйди Зайнаб опа. – Шундай ҳам бўладими.
– Йўқ, мен йўловчи аравада келдим, – дарров ўйлаб топди Саодат.
Қизини қучоқлаганича Зайнаб опа йиғлаб юборди:
– Кутавериб ҳолдан тойдим. Кўзларим тешилди. Кеч ҳам кирди, сендан ҳамон дарак йўқ. Йўлда бирор ҳодиса рўй бердимикан, деб хавотир олдим. Кутиб олиш учун энди ўзим йўлга чиқмоқчи бўлаётган эдим.
– Сенга нима бўлди, опа, биз ўтган ҳафта кўришган эдик-ку.
Саодат трактор бригадасида прицепчи бўлиб ишларди, у бутун ёз бўйи дала шийпонида истиқомат қилди. Шунинг учун ҳам у ҳар гал уйга келганда Зайнаб опа учун ҳақиқий байрам бўлар эди. У қизини шундай соғинар эдики, бундай вақтларда унинг олдидан бир қадам ҳам жилмас эди. Улар ўчоққа бирга ўт қўйишар, рўзғор ташвишлари билан банд бўлишарди – бири хамир қорса, иккинчиси гўшт пиширар, Саодат сигир соғса, Зайнаб опа унинг ёнида туриб, атала пиширарди. Гап деганнинг кети узилмасди. Зайнаб опа хизмат қилаётган колхозда ҳам, Саодат ишлаётган трактор бригадасида ҳам янгиликлар кўп. Саодат қачон ариқ бўйига бормасин, Зайнаб опа дарча олдида туриб унга тикилганича кузатиб қоларди. Она ўз қизининг бўйга етиб қолганига сира ишонгиси келмасди. У Саодатнинг тўлишган, хушбичим яғринларига меҳр билан қараб турарди. Саодат майда кўзли кумуш билагузук тақиб олган тиқмачоқдек буғдоймағиз қўллари билан обкашни маҳкам ушлаганча эпчиллик билан чиройли қадам ташлаб келарди. Унинг бир текисда нафас олиши кўйлак бурмаларини хиёл қабартиб кўрсатарди.
– Қўзичоғим, кўзимнинг оқу қораси, нима десанг ҳам ўзинг биласан, лекин сен билан маслаҳатлашмасдан шундай қарорга келдим, – ўзича тасаввуридан ўтказарди она.
Бугун она-бола ҳар қачонгидан кўра хурсанд, бир-бирларига меҳрибон эди. Саодат онасининг беҳуда чақирмаганини, унга қандайдир бир муҳим нарса айтмоқчи эканини сезиб турарди. Ҳақиқатан ҳам Зайнаб опа бу гапни айтиш учун кўпдан бери тайёрланиб юрарди.
Кейинги кунларда қизининг кўнгли нимагадир ғаш эди. Бунинг сабаби нимада экан?
Эрта баҳор кунларининг бирида сал-пал қор ёғиб турган эди, Саодат ҳаллослаганича уйга югуриб келди.
– Опа!–ҳаяжон билан қичқирди у остонадан, – комсомол бригадаси келди!
– Қанақа бригада?
– Э, билмайсанми ҳали, МТСдан комсомоллар бригадаси. Комсомоллар янги ерда ишлашмоқчи. Уларни ўз кўзим билан кўрдим, опа, машина ва тракторларда тегирмоннинг ёнгинасидан ўтиб кетишди. Улар ўзлари билан омоч ва сеялкалар ҳам олиб келишяпти.
«Мунча у безовталанади?– ҳайрон бўлиб қолди шунда Зайнаб опа. – Нима бўлибди, келса келишибди-да».
Қизи ҳамон куйиб-пишиб гапираётган эди:
– Мен уларни қаерни ҳайдашини биламан, опа. Бизга у ер жуда ҳам яқин. Тоқой аканинг айтишича, улар бу йил «Эски ўтов»нинг ҳаммасини ҳайдашар эмиш.
Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Саодат МТСга прицепчи бўлиб ишга кириш учун онасидан рухсат сўради. Зайнаб опа қизини уйдан чиқаришга ҳеч кўнгли йўқ эди, лекин Саодатнинг ўжарлиги, ўз айтганида туриб олишини билган она бир оз бўшашди.
– Бу йил прицепчи бўлиб ишлайман, кейин эса бизни тракторчиликка ўқитишади. Ахир мен, комсомол мажлисида сўз берганман, сўзимдан қандай қайта оламан.
Бироқ ишга Саодатнинг амакиси Тоқой ака аралашмаганда бу баҳона онага таъсир қилиши гумон эди.
– Ёшларнинг кўнглини ўкситма, ҳамма нарса уларга аён, майли, борсин! – маслаҳат соларди у онага. Саодат ҳам кетди. Лекин кўп ўтмай она қаттиқ пушаймон бўлди.
У кўрдики, энди Саодат фақат уникигина эмас, балки яна қандайдир қудратли бир куч уни кундан-кун ўзига тортаётган эди.
Баъзи вақтлар унинг назарида Саодат ўзидан кўра ақллироқ туюларди. Бу қиз бола учун ортиқча эмасмикин? Кўплар ўтиши билан Саодатда онаси тушунмайдиган қандайдир ўзгача ташвишлар орта борди. Нима учун Саодат унга келгандан сўнг онасини нақадар соғинган бўлишига қарамай каллаи саҳарлаб туриб, сал тонг ёриши билан яна бригадага ошиқади?
Қизиқ. Саодат баъзан вазмин, ишчан, эркалик қилиб онасига суйкаланар, баъзан эса бирдан кўз олди қоронғилашиб, онасидан ажраб қолган бўталоқ сингари ғамгин бўлиб қолар ва хомушланиб, жимгина ўтирарди.
– Ўз ишингдан хурсандмисан, Саодат? – гўё ҳеч нарсани сезмагандек сўрарди Зайнаб опа. – Бригадаларингиздагилар қанақа одамлар ўзи?
– Жуда хурсандман! – ҳар вақт жавоб берарди Саодат ва ҳаяжон билан ўз ўртоқлари ҳақида ҳикоя қилишга киришиб кетарди. Улар узоқ ерлардан келишган, машинани ҳам яхши билишади. Ҳатто шундайлари ҳам борки, улар машиналарни заводда ўзлари ясаганлар. «Қани, мен ҳам ўшалардай бўлсам» дерди Саодат, кўзлари чақнаган ҳолда. Шундай пайтларда у онаси учун қандайдир бегона ва тушуниб бўлмайдигандек туюларди. Саодат онасининг кўзларидаги бу ташвиш аломатини сезмасдан, ўзини ҳаяжонга солаётган ҳамма нарса ҳақида, комсомол мажлиси, деворий газета-ю, ишёқмас, дангаса тракторчини қаердан судраб келганликлари ҳақида ва яна бошқа кўп нарсалар ҳақида гапираётган эди. Лекин Зайнаб опа буларнинг ҳаммасини ҳам тушунавермасди.
Улар бирга чой ичишди. Саодат дастурхонни йиғиштириб, пиёлаларни ювиб, токчага олиб қўйди. ЁТИШ вақти ҳам бўлди. Бироқ Зайнаб опа Саодатга диққат билан қараганича ҳамон намат устида ўтирарди.
– Менга яқинроқ кел, қизгинам, ўтир, – ўз ёнидан жой кўрсатди у. – Сен билан гаплашиб олмоқчиман…
– Гапир, опа, қулоғим сенда.
Зайнаб опа ўз фикрларини жамлаб, гапни нимадан бошлашни билмай анчагина туриб қолди.
– Сен менинг кўз очиб кўрган ёлғиз қизимсан, Саодат, – деди у қизининг юзига тикилиб. – Сен менинг ҳам ўғлимсан, ҳам қизимсан. Менинг сендан бошқа ҳеч кимим йўқ. Сен менга осон деб ўйлайсанми? – Онанинг кўзларида ёш томчилари пайдо бўлди. – Фақат ишда бир оз унутаман, уйга келдимми… ёлғизлик юрагимни ёндириб юборади… Қаерда қолди экан, бирор нарса бўлдимикан, соғмикан… Ишинг аёллар қиладиган иш эмас, Саодат. Қиз боланинг плуг устида ўтириши нимаси… Бу ишингни қўй, уйга кел… Колхозда иш оз эмас.
Зайнаб опа кўз ёшларини артиб оғир хўрсинди. Унинг нима демоқчи эканини шу гапларнинг ўзиданоқ пайқаб олиш мумкин эди. Лекин Саодат онаси асосий гапни айтмаганини сезиб турарди.
– Нима, дала шийпонимизда қизлардан ёлғиз ўзимманми? Ахир, бизнинг колхозда бошқа қизлар ҳам бор-ку. МТСда яна қанчаси бор! Бунинг устига улар ишда эркаклардан қолишмаяпти. Нима учун мен ишни ташлашим керак экан?
– Сен улар билан тенг бўлма! – Зайнабнинг жаҳли чиқди. – Улар ота-оналарининг якка-ю, ёлғиз боласи эмас.
Саодат онасини маҳкам қучоқлаганча кўксига босиб қотиб турди. Унга рози бўлишдан бошқа гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.
– Яхши, опа, сенинг айтганингча бўлсин. Бироқ менга у ерда яна бир оз бўлишга рухсат бер. Ҳадемай баҳорги экиш ҳам тугайди, ўшанда бутунлай қайтиб келаман. Жуда оз вақт қолди, сабр қил, опа…
Онанинг кўнгли тинчиди. Ётиш вақти ҳам бўлди. Кўзи энди уйқуга кетган эди, қандайдир шитирлаган овоз эшитилди. Зайнаб опа кўзини очди ва Саодатнинг туриб сокин дераза томон бораётганини кўрди. Ойнинг кўкимтир нури қизнинг боши ва елкаларигача ёритиб турарди. Саодат безовталаниб онасига қаради, сўнгра секингина дераза олдига борди-да, тиззасини қўллари орасига олиб сукут сақлаб ўтираверди. Афтидан, у нималарнидир ўйлаётгандай асабийлашиб, кўксига тушиб турган сочларини юлқиб тортарди.
«Нега ухлай олмаяпти?» – онанинг юраги яна хавотирдан зирқирай бошлади.
Саодат дераза ойналарига яқинроқ ўтириб, тоғ ёнбағрида ишлаётган трактор чироқларининг аҳён-аҳёнда ёниб ўчаётганини томоша қилиб ўтирди. Узоқдан эшитилаётган моторларнинг гувиллашига завқ билан қулоқ соларди. Тракторлар гўё яқин атрофда ишлаётгандек уларнинг шовқини гоҳ яқинлашар, гоҳ қиз диққатини ўзига жалб этгандай узоқларга кетиб қоларди.
«Тракторга қулоқ соляпти», – ўзича ўйлади Зайнаб опа ва у ҳам доим шу гувиллаган овозни эшитадиган бўлди. Унинг қизи ҳам ўша ерда, далада ишлайди, Саодат уйда бўлмаган пайтларда эса она шу гувиллаган товушни эшитиб, кўнгли бир оз тинчигандай бўлади. Ҳа, қизи дераза олдида беҳуда ўтиргани йўқ. У бутун вужуди билан ўша ерда, тракторлар зўр бериб шудгор қилаётган ерда ўтирарди. Буни Зайнаб опа яхши сезарди.
Саодат узоқдаги чироқларга боқиб турар экан, назарида ўткир плуг тишлари қўриқ ер қатламларини қия қилиб, майин тупроқларни тарам-тарам ағдариб бораётганини кўриб тургандай бўлди. Қачонлардан бери инсон қўли тегмаган эди бу ерларга.
Мана энди улар Қосимжон билан бирга инсон қадами етмаган, қаровсиз ерга биринчи бўлиб жон киритмоқдалар. Энди бу ерда экинлар бошоқлайди. Ҳадемай йўллар тушади. Қадимда кўчманчилар кўчиб юрадиган «Эски кўчманчи» водийсидаги тоғ оралиғида уйлар қад кўтаради, шунда одамларимиз келган кишиларга фахрланиб: «Мана шу даладан ўтсангиз молхонани кўрасиз, ундан нарида кўча бор, худди ана шу ер бизнинг колхоз бўлади» дейишадиган бўлади. – «Ҳа, бунинг ҳаммасини ўз қўлимиз билан яратганмиз!» – ўйларди Саодат кўнгли қувончга тўлиб. Ахир, бу чинакам бахт эмасми, бутун ҳаётингни унга бағишласанг арзимайдими?!
Ёрқин қуёш остида жимирлаб ётган кўкимтир шудгор унинг кўз ўнгидан ўтди. Саодат ана шу илиқ буғ билан тўйиб-тўйиб нафас оларди. Ернинг намиқиб анқиган ҳиди уни ўзига чорларди. Оҳ, қандай ёқимли…
Ўтлоқнинг нариги бошига бориб қайтишда Саодат тезда плуг ричагларини алмаштиради. Ойнадек ярақлаган лемех тишлари ер бағридан кўтарилади. Уларнинг ҳар бирида қуёш нури аксланиб турарди.
Тракторни қайтара туриб, Қосимжон унга қараб кулиб қўярди. Саодат эса:
– Бўш келма, Қосимжон! Бугун биринчиликни оламиз! Бўш келма!..
«Қосимжон… учрашганимиз қандай яхши бўлди, бирга ишлаяпмиз! Мен дунёнинг нариги бурчига бўлса ҳам орқангдан боришга тайёрман», — шивирларди Саодат ўзича.
Зайнаб опанинг кўнгли хавотирда эди. Нима қиларини, қизига нима дейишини билмай оғир хўрсиниб, иккинчи ёнбошига ўгирилиб ётди. Саодат сесканиб кетди. Анча вақтгача гапирмай жимгина ўтирди, сўнг онаси томон бир қараб олди ва оҳистагина каравот олдига келди-да, ётди. Бироқ қиз ҳам, она ҳам ухлай олмади. Уларнинг ҳар бири ўз хаёллари билан банд эди.
Зайнаб опа қизининг бўйга етиб қолганини ва унинг келгуси тақдири ҳақида ҳаракат қилиш зарурлигини ўйларди. Агар ўз овулимиздан бирор муносиб йигит топилса, у вақтда қизи доимо ўз қаноти остида бўларди. Агар куёв ёлғиз бўлса яна яхши – ичкуёв қилиб оларди. Қиз, ҳатто сеп тайёр эканидан ҳали хабарсиз эди. Турли хил кигизлар тайёр, фақат чодир сотиб олиш қолган эди.
Саодат эса Қосимжон ҳақида, у билан биринчи учрашганлари ҳақида ўйларди.. Ўша кезларда улар бир агрегатда ишлашар эди. Ҳар гал ҳам трактор тўхтаганда Қосимжон унинг олдига келиб сўрарди:
– Сен чарчамадингми, Саодат? Бир оз дамингни ол. «Нега мунча менга ёпишиб олди у? – Жаҳли чиқиб дерди Саодат. – Нима, мен ёш боламанми?»
Агар Қосимжон ундан аҳвол сўрамаса, Саодат яна аччиқланарди: «Нега у бирон нарса демайди? Хафа бўлдими ёки мен унинг жонига тегдимми?»
Кунлардан бирида улар қўшни чегарага яқин жойдаги энг баланд қояга чиқмоқчи бўлишди. Саодат ўша кунни ҳеч қачон унутмайди. Тик қояга кўтарилиш қанча қийин бўлмасин, лекин улар чарчашни ҳам унутиб, тўхтамасдан нима бўлса ҳам чўққига чиқиб олиш учун қатъий аҳд қилдилар. Икковлари ҳам у ерда бир-бирларига қандайдир муҳим нарса айтиш ҳақида ўйлардилар. Ахир бу ерда уларнинг сўзларини ҳеч ким эшитмасди-да: бу яқин-орада улардан бошқа бирор тирик жон йўқ. Бироқ чўққига чиқиб олганларидан кейин ҳам улардан биронтаси кўнглидагини очиқ айтишга ботинолмади. Фақат қайтиб тушаётганларида Саодат тўсатдан сирғаниб кетди, Қосимжон уни маҳкам тутиб қолиб, ўпиб олмоқчи бўлиб интилди, аммо бу сафар Саодатнинг жаҳли чиқмади. У ҳеч қачон ўзини шундай бахтли ҳис этмаган эди.
* * *
Зайнаб опа ланг очилган эшик ёндорига суянганича уйнинг ичкарисига қараб турарди. Унинг ҳаракатсиз бош эгиб туришидан, таажжубланиб хиёл кўтарилган қошлари ва бир-бирига ботиб кетган лабларидан сукут сақлаб, умидсизликка берилаётгани сезилиб турарди.
У бирор қўрқинчли нарсани кутаётгандай остонага қадам ташлашга ботинмай турди ёки ниманидир эслади. Балки тоғдан шамол олиб келаётган шовқин-суронга қулоқ солаётгандир. Кўйлагининг кенг ва узун енги шалвираб осилиб турарди. Ёнида эса пақирдаги сувлари чайқалиб обкаш ётарди. Зайнаб опа ҳозиргина ариқдан сув олиб қайтган эди. Зайнаб опа у ерга бориб Саодатнинг эрга чиққанини эшитиб келганди. Она қалби чуқур изтиробга тўлган. Энди у ҳувиллаган уйда якка-ю, ёлғиз. Унинг учун ҳамма нарса муҳайё, бироқ қизининг кетиб қолиши билан бутун орзу-умидлари ҳавога учгандай бўлди.
Агар Тоқой аканинг қайлиғи Жийдагул келмаганида Зайнаб опанинг шу зайлда қанча туришини ким билсин. Жийдагулни кўриши билан Зайнаб опа вайсаб кетди:
– Мана, қиз зоти қанақа экан? Оҳ, шўрим қурсин. Худо менинг насибамни қийди, ўғил бермади. Ўғил бўлганда ўз уйини ташлаб кетмай, балки қаллиғини етаклаб келармиди.
Жийдагул нимжонгина ва ҳамиша мўмин-мулойим, ҳозир эса бутунлай бошқача бўлиб қолган бу хотинга қўрқинч билан қараб турарди.
– Саодат мени шарманда қилди! – деярди Зайнаб опа гап орасида. – Қочқин кишидек иззат-икромсиз исми-расмини қилиб узатилмасдан бир дарбадарнинг орқасидан эргашиб кетди. У Саодатни аллақаёқларга олиб кетади, кўрмай ҳам қоламан.
– Қизиқсиз, Зайнаб опа, қизингиз узоқда эмас, шу ерда-ку! – деб Саодатнинг ёнини оларди Жийдагул.
– Бас қил! Менинг шу аҳволга тушишимга сизлар ҳам айбдорсизлар. Унинг МТСга боришига сенинг Тоқойинг сабаб бўлди. Мен бўлсам гўллик қилиб, эримнинг укаси деб унинг гапларига ишонибман. Бор айт, агар акасининг хотираси ва уруғимизнинг шаъни унга қадрли бўлса, Саодатни йўлдан қайтарсин. Бор!
Шу куниёқ Тоқой ака одатга кўра хотинини Зайнаб опани чақириб келишга юборди.
Тоқой ака эгачисини кутиб, кигиз устига тўшалган пўстак устида қовоғини солиб ўтирарди. Барча оила аъзолари ҳам у билан бирга ўтирарди. Уй иссиқ эди. Қозонда гўшт, стол устида эса самовар қайнарди!
– Ҳаммасидан хабарим бор, Зайнаб, – гап бошлади Тоқой, ҳурмат билан унга пиёладаги чойни узатаётиб. – Сен учун ўзим ҳам хижолат тортяпман. Агар Саодат аҳмоқлик қилган бўлса, мен ҳозироқ отни эгарлаб, сочларидан судраб бу ерга олиб келаман! – Чолнинг кўзлари ғазабдан чақнар эди. – Аммо мен бундай қилмайман. Ундан кўра менинг қўлларим узилиб тушсин. «Эски кўчманчи»даги ерлар кўпдан бери сенинг қизингга ўхшаш одамларни кутарди. Зайнаб, мен сени тинчлантиришга ва кўндиришга ҳаракат қилмоқчи эмасман. Лекин бир нарсани эслатаман. – Тоқой тилининг остига носвой ташлаб олди ва қорамтир мўйловини ўйчан силаб қўйди. – Ҳозир «Эски кўчманчи» ерлари очилмоқда. Узинг биласан-ку, бир вақтлар биз бу ишни уддалай олмаган эдик. Ўша вақтда биз бу пастқам ерларни охири бир кун ўзлаштирамиз, деб ўйлашга ҳам ботина олмаган эдик. Бойлар бизни сиқиб, охири ана шу «Эски кўчманчи» ерларига ҳайдаб юборишган эди. У жойларда ерни ҳайдаш ҳам, суғориш ҳам ноқулай эди.
Эсингдами, ўшанда акамни севиб қолиб, у билан бу ерга қочиб келганларинг? Очликдан ўлмаслик учун, ҳатто мана шу пўстакдан ҳам катта бўлмаган ерни ҳайдашга қарор қилган эдик. Тўғри айтасан, ерни қандай тозалаганимиз, тошларни қўлда кўтариб ташиганимиз, тоғ ёнидан ариқ қазиганимиз ва «Илон қоясидан» сув кўтарилиб бу ариқда чиқмагани ёдингдами?
Шуларни эслайсанми, Зайнаб? Ахир қуруқ қўл билан қояларни ағдариб бўлармиди? Меҳнатимиз зое кетиб, экинлар қуриб қолди. Сен ўшанда қандай йиғлаганингни эслайсанми, ҳатто биз эркаклар ҳам кўз ёшларимизни зўрға тутиб турган эдик. Ўшанда биз «Эски кўчманчи» ерларидан кафтдек қисмини ҳам ишлай олмаган эдик. Лекин бизга кўп ер керакмиди? Фақат очликдан ўлмаслик учун… Энди эса бизнинг болаларимиз «Эски кўчманчи»ни ўзлаштиришга бел боғладилар. Агар сен уларни ҳозир нималар қилаётганини кўрганингда эди… Улар зўр ишонч билан ишлаяпти. Уларда билим бор, машина бор… Ҳадемай галламиз дарё бўлиб оқади.
Эҳ, Зайнаб, ёшлигингда ўз севган кишинг учун ҳар қандай қийинчиликларга дуч келгансан. Шундай экан, нима учун сенинг қизинг ўз севгани билан турмуш қуришга ва у билан бирга меҳнат қилишга ҳақли эмас экан, а?
Зайнаб опа жим турарди.
– Сен ақлли хотинсан, – давом этарди Тоқой, – тушунишинг керак. Саодат шундай қилмасдан иложи йўқ эди. Куёвинг Қосимжон эса ота-онасиз дарбадар эмас, ажойиб йигит, бригадада биринчи тракторчи. Унинг ота-оналари шаҳарда яшайди. Уларни жуда яхши, ҳурматли кишилар дейишади. Саодатга келсак, у онасини унутиб кетадиганлардан эмас. Якшанба куни улар сеникига келишади, кузда эса сен одат бўйича йўл очар қиласан. Тўйни бўлса биринчи ҳосил йиғилиб, улар янги уйга кўчиб кирган куни қиламиз.
Тоқой ака нима деган бўлса Зайнаб опа жимгина ўтириб тинглади. Кейин ўрнидан туриб эшик томон йўл олди. У бунга рози бўлдими, йўқми, ҳеч ким тушунмади.
Тоқой ака меҳмонни кузатишга чиқди. Ташқарида шундай қаттиқ ёмғир ёғаётган эдики, ҳатто, тоғлар ҳам, дарахтлар ҳам, нарироқдаги уйлар ҳам кўринмасди. Ҳамма нарса сувли туман билан қопланиб олган эди.
– Эҳ-ҳе, ҳамма ёқни қоплаб олибди-ю! Ана кўрасан, бу оқ ёмғир камида икки-уч кун тўхтовсиз ёғади…
– Оқ ёмғир дейсанми? – Паст овоз билан сўради Зайнаб опа ва жавобини ҳам кутмасдан кетиб қолди.
* * *
Зайнаб опа уйга кириб келар экан, хаёл селига чўмганича бурчакка келиб ўтирди ва ёмғир томчилари оқиб тушаётган деразага қаради.
– Оқ ёмғир! – шивирлади у алланарсани эслагандай. Зайнаб опа йўлда келаётибоқ, Тоқой ҳар ҳолда ҳақ деган хулосага келганди. Лекин у уйининг остонасига қадам қўйиши билан, қўллари шалвираб, юраги музлаб кетди ва яна ўзини ёлғиз ҳис эта бошлади. Бирор рўзғор ишлари билан банд бўлмоқчи бўлди-ю, лекин, юрагига ҳеч нарса сиғмади. У ҳар вақт нимадир етишмаётганлигини ўйларди. Лекин унинг нима эканлигига сира тушуна олмасди.
Ниҳоят у буни топди: одатдагидек тоғ тарафдан келаётган моторларнинг овози эшитилмас эди. Ҳар доим онани тракторларнинг овози тинчлантирарди, чунки бу овоз севимли қизи билан, унинг келажаги билан боғлиқ зди. Зайнаб опа хавотирланарди: «Тракторлар жим, оқ ёмғирнинг икки-уч кун ёғадигандай шашти бор. У бечоралар палаткаларда нима бўлди экан? Нам, совуқ, печка йўқ». Унинг ёш келин-куёвларга раҳми келди. Ахир улар чиллалик-ку, тезроқ якшанба кела қолса эди.
Зайнаб опа бармоқлари билан якшанбагача неча кун қолганини санади. Тўрт кун! Қандай узоқ! У тезроқ Саодат ва Қосимжонни кўргиси келарди. Бир оз ўтиргач, кескин ўрнидан турди-да, сандиқдаги оқ сурпни олиб, эркаклар киядиган кўйлак бичди. Сўнг печкага ўт ёқди. Хонада дарров ҳамма нарса саранжом бўлди. Гўшт пишгунча Зайнаб опа машинада кўйлак тикиб бўлаёзди. Энди у қўл қовуштириб ўтирмасдан бўғирсоқ қовурилаётган қозон олдида ўралашиб қолди. Оловдан қизиб кетган юзлари қип-қизил бўлиб, майда тер томчилари билан қопланди. Бирор яхшиликни кутаётгандек кўзлари қувонч билан порларди. Афтидан у катта байрамга тайёрланаётгандай эди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. У ҳозироқ «Эски кўчманчи»га боришга қарор қилди. Тайёрланиб бўлгандан сўнг, Зайнаб опа Саодатнинг сепи учун асраб қўйган гулли шол рўмолни олиб келди-да, кўйлак билан бирга қўшиб хуржуннинг бир кўзига солди, унинг иккинчи кўзини эса гўшт ва бўғирсоқ билан тўлдирди.
Энди кетавериш мумкин эди, лекин у ўйланиб қолди – эрга теккан қизиникига таклиф қилинмасдан бориш ярашмаса керак. Тоқой кузгача кутишни маслаҳат берган эди. Лекин бу ниҳоятда узоқ муддат. Тўғри, Саодат ва Қосимжон якшанба куни келишади. Аммо якшанбагача ҳали тўрт кун бор… У эса ўз болаларини ва «Эски кўчманчи»да нималар қилинаётганини ҳозироқ ўз кўзи билан кўргиси келарди. Борди-ю, уни кулги қилишса-чи? «Нима деб ўйлашса ўйлашаверсин, бари бир бораман».
Зайнаб опа янги шойи кўйлагини, маҳси-калишини, севган чопонини кийиб, хуржунини елкасига ташлади-да, бошига катта қанорни ёпиниб уйидан чиқди.
Ташқарида бўлса оқ ёмғир ёғаётган эди.
* * *
Кул ранг туман аралаш ёмғирда сўқмоқ бўйлаб от устида хотин киши секин юриб борарди. Ер денгизи ҳайдалиб ташланган, катта ариқлар қазилган, ёмғир билан ювилиб, ер қобиғини секин-аста ёриб яшил ўсимлик – биринчи баҳорги буғдой униб чиқмоқда. «Эски кўчманчи» ерлари таниб бўлмас даражада ўзгарган. Ҳосил олиш мушкул бўлган бир парча ер қаерда эди? Сув чиқариб бўлмаган ариқ қаёқда қолди?..
Зайнаб опа отдан тушиб, ёнидаги тошга ўтирди-да, йиғлай бошлади. Бироқ, эндиги кўз ёшлар ўз фарзандларининг фахри учун, уларнинг ажойиб катта ишларини кўриб қувонч ҳисларига тўлган онанинг кўз ёшлари эди.
1954
Chingiz Aytmatov
OQ YOMG’IR
Asil Rashidov tarjimaci
Chingiz Aytmatov (1928-2008) — taniqli qirg’iz yozuvchisi, davlat, jamoat arbobi, diplomat. Qirg’iziston xalq yozuvchisi (1968). Qirg’iziston Fanlar Akademiyasi akademigi (1974). Qirg’iziston Qishloq xo’jaligi institutini tamomlagan (1953). 1956-58 yillari Moskvadagi yozuvchilar uyushmasi Oliy adabiyot kursi tinglovchisi. Asarlarini qirg’iz va rus tilida yozgan.Ilk hikoyalari 1950 yillarda bosilgan. «Baydamtol sohillarida» (1955), «Yuzma-yuz» (1957) asarlari o’tkir syujet, kuchli ichki ruhiy ziddiyatlarga boy. «Jamila»
(1958), «Sarvqomat dilbarim» (1961), «Bo’tako’z», «Birinchi muallim» (1962), «Momo yer», «Somon yo’li» (1963), «Alvido, ey Gulsari» (1966), «Tog’ va cho’l qissalari», «Oq kema» (1970), «Dengiz yoqalab chopayotgan olapar» (1977) kabi qissalarida inson qismati va muhabbat mavzui katta ehtiros bilan tarannum etilgan.»Asrga tatigulik kun» (1980), «Qiyomat» (1986), «Kassandra tamg’asi» (1990) romanlarida, «Cho’qqida qolgan ovchining ohi zori» (M. Shoxonov bilan hamkorlikda) yozilgan roman-esseda zamonamizning umuminsoniy tomonlari, ona Sayyoramizning taqdiri, kuchli falsafiy, axloqiy, ma’naviy va ijtimoiy muammolar ko’tarilgan.
Aytmatovning asarlari jahonning 154 tiliga tarjima qilinib, 20 mln.dan ortiq nusxada chop etilgan (1999). «Sarvqomat dilbarim» («Dovon»), «Bo’tako’z» («Jazirama»), «Birinchi muallim», «Jamila», «Alvido, ey Gulsari» va boshqa ekranlashtirilgan, o’zbek va chet el teatrlarida sahnalashtirilgan. «Momo yer» asariga I. Akbarov musiqa yozgan.
Aytmatovning qariyb hamma asarlari o’zbek tilida nashr etilgan. Aytmatov o’zbek adabiyoti, umuman, o’zbek madaniyati tarixini yuksak baholab, «Qadim-qadim o’zbek madaniyatining O’rta Osiyoga ko’rsatgan ta’sirini ko’hna Vizantiyaning Qadim Rusga ko’rsatgan ta’siri bilan qiyoslash mumkin», deb hisoblaydi. Aytmatov O’zbekiston Respublikasining «Do’stlik» (1995), «Buyuk xizmatlari uchun» (1998) ordenlari bilan mukofotlangan. Qirg’iziston Respublikasida Xalqaro Chingiz Aytmatov nomidagi «Oltin medal» mukofoti ta’sis etilgan (1999).
uksak tog‘ qoyalaridan esayotgan muzdek shamol qorong‘i daralar ichidan kuch bilan otilib chiqib, tog‘ etaklariga ravona bo‘lardi. Pastda ovul uyquga cho‘mgan.
Atrof jimjit, derazalardan ko‘rinib turgan chiroqlar sekin o‘cha boshladi. Qirov qoplab, endigina ochilay deb turgan bahor kurtaklari, oy shu’lasida g‘ira-shira kumushdek tovlanib turardi. Faqat shamolning tomga yopilgan qamishlarni shitirlatgan tovushi bilan uyqu aralash uligan it ovozi eshitilardi. Uzoqlardan esa tog‘ daryosining shovullashi va motorlarning guvillashi arang quloqqa chalinardi…
Qorong‘ida ovul chekkasidan ikki kishining gavdasi tez yaqinlashib kelmoqda edi. Ana ular, qadamlarini sekinlatib to‘xtashdi…
– Endi, bu yog‘iga o‘zim… Rahmat, – ayol kishining ovozi eshitildi.
– Kel, kuzatib qo‘ya qolay, tag‘in itlar talab yurmasin,– javob berdi erkak kishining ovozi.
– Men itlardan ko‘rqmayman…
– Shunday bo‘lsa ham…
– Yo‘q, Qosimjon, sen ishga kechikib qolasan.
– Hali vaqt bor, ulguraman, – Qosimjon gugurt chaqdi. Miltillagan alanga bir lahzada qorong‘ida katak ro‘molli qiz bilan egniga sportchilarning charmli kurtkasini, oyog‘iga esa kirza etik kiyib olgan yosh yigitni o‘z bag‘riga tortib olmoqchi edi.
– O, Saodat, hali yana rosa ikki yarim soat vaqt bor, – dedi u, soatiga qarab.
– Hojati yo‘q, Qosimjon, boraver… Biror kishi ko‘rib qolgudek bo‘lsa, gap qilishadi. Bundan tashqari, men juda bezovtalanayapman. Onam nega chaqirtirdi ekan?.. Tobi qochib qolgan bo‘lsa-ya?
– Ha-a, agar shunday bo‘lgan bo‘lsa, uni yolg‘iz qoldirish mumkin emas. Lekin sen ko‘pam siqilaverma, bir ilojini qilarmiz…
Ular yana bir oz turishdi-da, so‘ng ajralishdi: Saodat – uyga, Qosimjon bo‘lsa, tog‘ tomonga yo‘l oldi. Bir oz yurgach, u orqasiga qaradi.
– Agar biror narsa bo‘lsa xabar qil… Men kutaman.
– Yaxshn, – bo‘g‘iq ovoz bilan javob berdi Saodat. U ham bir necha qadam yurgandan so‘ng to‘xtadi-da, orqasiga qaradi. Qosimjon ko‘rinmas edi. Zim-ziyo kecha. Saodat uyiga oshiqdi. U uyiga qanchalik yaqinlashib borar ekan shunchalik qadamini tezlashtirar edi. Oxiri Saodat sabri chidamay yugurib ketdi. Uning miyasi turli xayollar bilan band edi.
Xayolida xuddi u hozir yugurib borib eshikni ochadi-yu, ko‘zlari xiralashib, to‘shakda yotgan kasal onasini ko‘rayotganday edi. «Ona, qadrdonim, qimmatli onam», deb qichqirib yuborgudek bo‘ldi Saodat, lekin ovozi chiqmadi.
Mana tanish darcha ham ko‘zga tashlandi. Birdan o‘ziga qarshi kelayotgan qandaydir soyaga ko‘zi tushdi.
– Senmisan, Saodat? – so‘radi onasi.
– Nima qildi, opa?
– Shunday kechada yolg‘iz o‘zingmisan?
– O‘zim,– dedi Saodat, yolg‘on gapirib.
– Seni qara-ya, xudonnng o‘zi asrabdi, – qo‘llarini ishqalab qo‘ydi Zaynab opa. – Shunday ham bo‘ladimi.
– Yo‘q, men yo‘lovchi aravada keldim, – darrov o‘ylab topdi Saodat.
Qizini quchoqlaganicha Zaynab opa yig‘lab yubordi:
– Kutaverib holdan toydim. Ko‘zlarim teshildi. Kech ham kirdi, sendan hamon darak yo‘q. Yo‘lda biror hodisa ro‘y berdimikan, deb xavotir oldim. Kutib olish uchun endi o‘zim yo‘lga chiqmoqchi bo‘layotgan edim.
– Senga nima bo‘ldi, opa, biz o‘tgan hafta ko‘rishgan edik-ku.
Saodat traktor brigadasida pritsepchi bo‘lib ishlardi, u butun yoz bo‘yi dala shiyponida istiqomat qildi. Shuning uchun ham u har gal uyga kelganda Zaynab opa uchun haqiqiy bayram bo‘lar edi. U qizini shunday sog‘inar ediki, bunday vaqtlarda uning oldidan bir qadam ham jilmas edi. Ular o‘choqqa birga o‘t qo‘yishar, ro‘zg‘or tashvishlari bilan band bo‘lishardi – biri xamir qorsa, ikkinchisi go‘sht pishirar, Saodat sigir sog‘sa, Zaynab opa uning yonida turib, atala pishirardi. Gap deganning keti uzilmasdi. Zaynab opa xizmat qilayotgan kolxozda ham, Saodat ishlayotgan traktor brigadasida ham yangiliklar ko‘p. Saodat qachon ariq bo‘yiga bormasin, Zaynab opa darcha oldida turib unga tikilganicha kuzatib qolardi. Ona o‘z qizining bo‘yga yetib qolganiga sira ishongisi kelmasdi. U Saodatning to‘lishgan, xushbichim yag‘rinlariga mehr bilan qarab turardi. Saodat mayda ko‘zli kumush bilaguzuk taqib olgan tiqmachoqdek bug‘doymag‘iz qo‘llari bilan obkashni mahkam ushlagancha epchillik bilan chiroyli qadam tashlab kelardi. Uning bir tekisda nafas olishi ko‘ylak burmalarini xiyol qabartib ko‘rsatardi.
– Qo‘zichog‘im, ko‘zimning oqu qorasi, nima desang ham o‘zing bilasan, lekin sen bilan maslahatlashmasdan shunday qarorga keldim, – o‘zicha tasavvuridan o‘tkazardi ona.
Bugun ona-bola har qachongidan ko‘ra xursand, bir-birlariga mehribon edi. Saodat onasining behuda chaqirmaganini, unga qandaydir bir muhim narsa aytmoqchi ekanini sezib turardi. Haqiqatan ham Zaynab opa bu gapni aytish uchun ko‘pdan beri tayyorlanib yurardi.
Keyingi kunlarda qizining ko‘ngli nimagadir g‘ash edi. Buning sababi nimada ekan?
Erta bahor kunlarining birida sal-pal qor yog‘ib turgan edi, Saodat halloslaganicha uyga yugurib keldi.
– Opa!–hayajon bilan qichqirdi u ostonadan, – komsomol brigadasi keldi!
– Qanaqa brigada?
– E, bilmaysanmi hali, MTSdan komsomollar brigadasi. Komsomollar yangi yerda ishlashmoqchi. Ularni o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim, opa, mashina va traktorlarda tegirmonning yonginasidan o‘tib ketishdi. Ular o‘zlari bilan omoch va seyalkalar ham olib kelishyapti.
«Muncha u bezovtalanadi?– hayron bo‘lib qoldi shunda Zaynab opa. – Nima bo‘libdi, kelsa kelishibdi-da».
Qizi hamon kuyib-pishib gapirayotgan edi:
– Men ularni qaerni haydashini bilaman, opa. Bizga u yer juda ham yaqin. Toqoy akaning aytishicha, ular bu yil «Eski o‘tov»ning hammasini haydashar emish.
Oradan bir necha kun o‘tgandan so‘ng Saodat MTSga pritsepchi bo‘lib ishga kirish uchun onasidan ruxsat so‘radi. Zaynab opa qizini uydan chiqarishga hech ko‘ngli yo‘q edi, lekin Saodatning o‘jarligi, o‘z aytganida turib olishini bilgan ona bir oz bo‘shashdi.
– Bu yil pritsepchi bo‘lib ishlayman, keyin esa bizni traktorchilikka o‘qitishadi. Axir men, komsomol majlisida so‘z berganman, so‘zimdan qanday qayta olaman.
Biroq ishga Saodatning amakisi Toqoy aka aralashmaganda bu bahona onaga ta’sir qilishi gumon edi.
– Yoshlarning ko‘nglini o‘ksitma, hamma narsa ularga ayon, mayli, borsin! – maslahat solardi u onaga. Saodat ham ketdi. Lekin ko‘p o‘tmay ona qattiq pushaymon bo‘ldi.
U ko‘rdiki, endi Saodat faqat unikigina emas, balki yana qandaydir qudratli bir kuch uni kundan-kun o‘ziga tortayotgan edi.
Ba’zi vaqtlar uning nazarida Saodat o‘zidan ko‘ra aqlliroq tuyulardi. Bu qiz bola uchun ortiqcha emasmikin? Ko‘plar o‘tishi bilan Saodatda onasi tushunmaydigan qandaydir o‘zgacha tashvishlar orta bordi. Nima uchun Saodat unga kelgandan so‘ng onasini naqadar sog‘ingan bo‘lishiga qaramay kallai saharlab turib, sal tong yorishi bilan yana brigadaga oshiqadi?
Qiziq. Saodat ba’zan vazmin, ishchan, erkalik qilib onasiga suykalanar, ba’zan esa birdan ko‘z oldi qorong‘ilashib, onasidan ajrab qolgan bo‘taloq singari g‘amgin bo‘lib qolar va xomushlanib, jimgina o‘tirardi.
– O‘z ishingdan xursandmisan, Saodat? – go‘yo hech narsani sezmagandek so‘rardi Zaynab opa. – Brigadalaringizdagilar qanaqa odamlar o‘zi?
– Juda xursandman! – har vaqt javob berardi Saodat va hayajon bilan o‘z o‘rtoqlari haqida hikoya qilishga kirishib ketardi. Ular uzoq yerlardan kelishgan, mashinani ham yaxshi bilishadi. Hatto shundaylari ham borki, ular mashinalarni zavodda o‘zlari yasaganlar. «Qani, men ham o‘shalarday bo‘lsam» derdi Saodat, ko‘zlari chaqnagan holda. Shunday paytlarda u onasi uchun qandaydir begona va tushunib bo‘lmaydigandek tuyulardi. Saodat onasining ko‘zlaridagi bu tashvish alomatini sezmasdan, o‘zini hayajonga solayotgan hamma narsa haqida, komsomol majlisi, devoriy gazeta-yu, ishyoqmas, dangasa traktorchini qaerdan sudrab kelganliklari haqida va yana boshqa ko‘p narsalar haqida gapirayotgan edi. Lekin Zaynab opa bularning hammasini ham tushunavermasdi.
Ular birga choy ichishdi. Saodat dasturxonni yig‘ishtirib, piyolalarni yuvib, tokchaga olib qo‘ydi. YOTISH vaqti ham bo‘ldi. Biroq Zaynab opa Saodatga diqqat bilan qaraganicha hamon namat ustida o‘tirardi.
– Menga yaqinroq kel, qizginam, o‘tir, – o‘z yonidan joy ko‘rsatdi u. – Sen bilan gaplashib olmoqchiman…
– Gapir, opa, qulog‘im senda.
Zaynab opa o‘z fikrlarini jamlab, gapni nimadan boshlashni bilmay anchagina turib qoldi.
– Sen mening ko‘z ochib ko‘rgan yolg‘iz qizimsan, Saodat, – dedi u qizining yuziga tikilib. – Sen mening ham o‘g‘limsan, ham qizimsan. Mening sendan boshqa hech kimim yo‘q. Sen menga oson deb o‘ylaysanmi? – Onaning ko‘zlarida yosh tomchilari paydo bo‘ldi. – Faqat ishda bir oz unutaman, uyga keldimmi… yolg‘izlik yuragimni yondirib yuboradi… Qaerda qoldi ekan, biror narsa bo‘ldimikan, sog‘mikan… Ishing ayollar qiladigan ish emas, Saodat. Qiz bolaning plug ustida o‘tirishi nimasi… Bu ishingni qo‘y, uyga kel… Kolxozda ish oz emas.
Zaynab opa ko‘z yoshlarini artib og‘ir xo‘rsindi. Uning nima demoqchi ekanini shu gaplarning o‘zidanoq payqab olish mumkin edi. Lekin Saodat onasi asosiy gapni aytmaganini sezib turardi.
– Nima, dala shiyponimizda qizlardan yolg‘iz o‘zimmanmi? Axir, bizning kolxozda boshqa qizlar ham bor-ku. MTSda yana qanchasi bor! Buning ustiga ular ishda erkaklardan qolishmayapti. Nima uchun men ishni tashlashim kerak ekan?
– Sen ular bilan teng bo‘lma! – Zaynabning jahli chiqdi. – Ular ota-onalarining yakka-yu, yolg‘iz bolasi emas.
Saodat onasini mahkam quchoqlagancha ko‘ksiga bosib qotib turdi. Unga rozi bo‘lishdan boshqa gap ham bo‘lishi mumkin emas edi.
– Yaxshi, opa, sening aytganingcha bo‘lsin. Biroq menga u yerda yana bir oz bo‘lishga ruxsat ber. Hademay bahorgi ekish ham tugaydi, o‘shanda butunlay qaytib kelaman. Juda oz vaqt qoldi, sabr qil, opa…
Onaning ko‘ngli tinchidi. Yotish vaqti ham bo‘ldi. Ko‘zi endi uyquga ketgan edi, qandaydir shitirlagan ovoz eshitildi. Zaynab opa ko‘zini ochdi va Saodatning turib sokin deraza tomon borayotganini ko‘rdi. Oyning ko‘kimtir nuri qizning boshi va yelkalarigacha yoritib turardi. Saodat bezovtalanib onasiga qaradi, so‘ngra sekingina deraza oldiga bordi-da, tizzasini qo‘llari orasiga olib sukut saqlab o‘tiraverdi. Aftidan, u nimalarnidir o‘ylayotganday asabiylashib, ko‘ksiga tushib turgan sochlarini yulqib tortardi.
«Nega uxlay olmayapti?» – onaning yuragi yana xavotirdan zirqiray boshladi.
Saodat deraza oynalariga yaqinroq o‘tirib, tog‘ yonbag‘rida ishlayotgan traktor chiroqlarining ahyon-ahyonda yonib o‘chayotganini tomosha qilib o‘tirdi. Uzoqdan eshitilayotgan motorlarning guvillashiga zavq bilan quloq solardi. Traktorlar go‘yo yaqin atrofda ishlayotgandek ularning shovqini goh yaqinlashar, goh qiz diqqatini o‘ziga jalb etganday uzoqlarga ketib qolardi.
«Traktorga quloq solyapti», – o‘zicha o‘yladi Zaynab opa va u ham doim shu guvillagan ovozni eshitadigan bo‘ldi. Uning qizi ham o‘sha yerda, dalada ishlaydi, Saodat uyda bo‘lmagan paytlarda esa ona shu guvillagan tovushni eshitib, ko‘ngli bir oz tinchiganday bo‘ladi. Ha, qizi deraza oldida behuda o‘tirgani yo‘q. U butun vujudi bilan o‘sha yerda, traktorlar zo‘r berib shudgor qilayotgan yerda o‘tirardi. Buni Zaynab opa yaxshi sezardi.
Saodat uzoqdagi chiroqlarga boqib turar ekan, nazarida o‘tkir plug tishlari qo‘riq yer qatlamlarini qiya qilib, mayin tuproqlarni taram-taram ag‘darib borayotganini ko‘rib turganday bo‘ldi. Qachonlardan beri inson qo‘li tegmagan edi bu yerlarga.
Mana endi ular Qosimjon bilan birga inson qadami yetmagan, qarovsiz yerga birinchi bo‘lib jon kiritmoqdalar. Endi bu yerda ekinlar boshoqlaydi. Hademay yo‘llar tushadi. Qadimda ko‘chmanchilar ko‘chib yuradigan «Eski ko‘chmanchi» vodiysidagi tog‘ oralig‘ida uylar qad ko‘taradi, shunda odamlarimiz kelgan kishilarga faxrlanib: «Mana shu daladan o‘tsangiz molxonani ko‘rasiz, undan narida ko‘cha bor, xuddi ana shu yer bizning kolxoz bo‘ladi» deyishadigan bo‘ladi. – «Ha, buning hammasini o‘z qo‘limiz bilan yaratganmiz!» – o‘ylardi Saodat ko‘ngli quvonchga to‘lib. Axir, bu chinakam baxt emasmi, butun hayotingni unga bag‘ishlasang arzimaydimi?!
Yorqin quyosh ostida jimirlab yotgan ko‘kimtir shudgor uning ko‘z o‘ngidan o‘tdi. Saodat ana shu iliq bug‘ bilan to‘yib-to‘yib nafas olardi. Yerning namiqib anqigan hidi uni o‘ziga chorlardi. Oh, qanday yoqimli…
O‘tloqning narigi boshiga borib qaytishda Saodat tezda plug richaglarini almashtiradi. Oynadek yaraqlagan lemex tishlari yer bag‘ridan ko‘tariladi. Ularning har birida quyosh nuri akslanib turardi.
Traktorni qaytara turib, Qosimjon unga qarab kulib qo‘yardi. Saodat esa:
– Bo‘sh kelma, Qosimjon! Bugun birinchilikni olamiz! Bo‘sh kelma!..
«Qosimjon… uchrashganimiz qanday yaxshi bo‘ldi, birga ishlayapmiz! Men dunyoning narigi burchiga bo‘lsa ham orqangdan borishga tayyorman», — shivirlardi Saodat o‘zicha.
Zaynab opaning ko‘ngli xavotirda edi. Nima qilarini, qiziga nima deyishini bilmay og‘ir xo‘rsinib, ikkinchi yonboshiga o‘girilib yotdi. Saodat seskanib ketdi. Ancha vaqtgacha gapirmay jimgina o‘tirdi, so‘ng onasi tomon bir qarab oldi va ohistagina karavot oldiga keldi-da, yotdi. Biroq qiz ham, ona ham uxlay olmadi. Ularning har biri o‘z xayollari bilan band edi.
Zaynab opa qizining bo‘yga yetib qolganini va uning kelgusi taqdiri haqida harakat qilish zarurligini o‘ylardi. Agar o‘z ovulimizdan biror munosib yigit topilsa, u vaqtda qizi doimo o‘z qanoti ostida bo‘lardi. Agar kuyov yolg‘iz bo‘lsa yana yaxshi – ichkuyov qilib olardi. Qiz, hatto sep tayyor ekanidan hali xabarsiz edi. Turli xil kigizlar tayyor, faqat chodir sotib olish qolgan edi.
Saodat esa Qosimjon haqida, u bilan birinchi uchrashganlari haqida o‘ylardi.. O‘sha kezlarda ular bir agregatda ishlashar edi. Har gal ham traktor to‘xtaganda Qosimjon uning oldiga kelib so‘rardi:
– Sen charchamadingmi, Saodat? Bir oz damingni ol. «Nega muncha menga yopishib oldi u? – Jahli chiqib derdi Saodat. – Nima, men yosh bolamanmi?»
Agar Qosimjon undan ahvol so‘ramasa, Saodat yana achchiqlanardi: «Nega u biron narsa demaydi? Xafa bo‘ldimi yoki men uning joniga tegdimmi?»
Kunlardan birida ular qo‘shni chegaraga yaqin joydagi eng baland qoyaga chiqmoqchi bo‘lishdi. Saodat o‘sha kunni hech qachon unutmaydi. Tik qoyaga ko‘tarilish qancha qiyin bo‘lmasin, lekin ular charchashni ham unutib, to‘xtamasdan nima bo‘lsa ham cho‘qqiga chiqib olish uchun qat’iy ahd qildilar. Ikkovlari ham u yerda bir-birlariga qandaydir muhim narsa aytish haqida o‘ylardilar. Axir bu yerda ularning so‘zlarini hech kim eshitmasdi-da: bu yaqin-orada ulardan boshqa biror tirik jon yo‘q. Biroq cho‘qqiga chiqib olganlaridan keyin ham ulardan birontasi ko‘nglidagini ochiq aytishga botinolmadi. Faqat qaytib tushayotganlarida Saodat to‘satdan sirg‘anib ketdi, Qosimjon uni mahkam tutib qolib, o‘pib olmoqchi bo‘lib intildi, ammo bu safar Saodatning jahli chiqmadi. U hech qachon o‘zini shunday baxtli his etmagan edi.
* * *
Zaynab opa lang ochilgan eshik yondoriga suyanganicha uyning ichkarisiga qarab turardi. Uning harakatsiz bosh egib turishidan, taajjublanib xiyol ko‘tarilgan qoshlari va bir-biriga botib ketgan lablaridan sukut saqlab, umidsizlikka berilayotgani sezilib turardi.
U biror qo‘rqinchli narsani kutayotganday ostonaga qadam tashlashga botinmay turdi yoki nimanidir esladi. Balki tog‘dan shamol olib kelayotgan shovqin-suronga quloq solayotgandir. Ko‘ylagining keng va uzun yengi shalvirab osilib turardi. Yonida esa paqirdagi suvlari chayqalib obkash yotardi. Zaynab opa hozirgina ariqdan suv olib qaytgan edi. Zaynab opa u yerga borib Saodatning erga chiqqanini eshitib kelgandi. Ona qalbi chuqur iztirobga to‘lgan. Endi u huvillagan uyda yakka-yu, yolg‘iz. Uning uchun hamma narsa muhayyo, biroq qizining ketib qolishi bilan butun orzu-umidlari havoga uchganday bo‘ldi.
Agar Toqoy akaning qaylig‘i Jiydagul kelmaganida Zaynab opaning shu zaylda qancha turishini kim bilsin. Jiydagulni ko‘rishi bilan Zaynab opa vaysab ketdi:
– Mana, qiz zoti qanaqa ekan? Oh, sho‘rim qursin. Xudo mening nasibamni qiydi, o‘g‘il bermadi. O‘g‘il bo‘lganda o‘z uyini tashlab ketmay, balki qallig‘ini yetaklab kelarmidi.
Jiydagul nimjongina va hamisha mo‘min-muloyim, hozir esa butunlay boshqacha bo‘lib qolgan bu xotinga qo‘rqinch bilan qarab turardi.
– Saodat meni sharmanda qildi! – deyardi Zaynab opa gap orasida. – Qochqin kishidek izzat-ikromsiz ismi-rasmini qilib uzatilmasdan bir darbadarning orqasidan ergashib ketdi. U Saodatni allaqayoqlarga olib ketadi, ko‘rmay ham qolaman.
– Qiziqsiz, Zaynab opa, qizingiz uzoqda emas, shu yerda-ku! – deb Saodatning yonini olardi Jiydagul.
– Bas qil! Mening shu ahvolga tushishimga sizlar ham aybdorsizlar. Uning MTSga borishiga sening Toqoying sabab bo‘ldi. Men bo‘lsam go‘llik qilib, erimning ukasi deb uning gaplariga ishonibman. Bor ayt, agar akasining xotirasi va urug‘imizning sha’ni unga qadrli bo‘lsa, Saodatni yo‘ldan qaytarsin. Bor!
Shu kuniyoq Toqoy aka odatga ko‘ra xotinini Zaynab opani chaqirib kelishga yubordi.
Toqoy aka egachisini kutib, kigiz ustiga to‘shalgan po‘stak ustida qovog‘ini solib o‘tirardi. Barcha oila a’zolari ham u bilan birga o‘tirardi. Uy issiq edi. Qozonda go‘sht, stol ustida esa samovar qaynardi!
– Hammasidan xabarim bor, Zaynab, – gap boshladi Toqoy, hurmat bilan unga piyoladagi choyni uzatayotib. – Sen uchun o‘zim ham xijolat tortyapman. Agar Saodat ahmoqlik qilgan bo‘lsa, men hoziroq otni egarlab, sochlaridan sudrab bu yerga olib kelaman! – Cholning ko‘zlari g‘azabdan chaqnar edi. – Ammo men bunday qilmayman. Undan ko‘ra mening qo‘llarim uzilib tushsin. «Eski ko‘chmanchi»dagi yerlar ko‘pdan beri sening qizingga o‘xshash odamlarni kutardi. Zaynab, men seni tinchlantirishga va ko‘ndirishga harakat qilmoqchi emasman. Lekin bir narsani eslataman. – Toqoy tilining ostiga nosvoy tashlab oldi va qoramtir mo‘ylovini o‘ychan silab qo‘ydi. – Hozir «Eski ko‘chmanchi» yerlari ochilmoqda. Uzing bilasan-ku, bir vaqtlar biz bu ishni uddalay olmagan edik. O‘sha vaqtda biz bu pastqam yerlarni oxiri bir kun o‘zlashtiramiz, deb o‘ylashga ham botina olmagan edik. Boylar bizni siqib, oxiri ana shu «Eski ko‘chmanchi» yerlariga haydab yuborishgan edi. U joylarda yerni haydash ham, sug‘orish ham noqulay edi.
Esingdami, o‘shanda akamni sevib qolib, u bilan bu yerga qochib kelganlaring? Ochlikdan o‘lmaslik uchun, hatto mana shu po‘stakdan ham katta bo‘lmagan yerni haydashga qaror qilgan edik. To‘g‘ri aytasan, yerni qanday tozalaganimiz, toshlarni qo‘lda ko‘tarib tashiganimiz, tog‘ yonidan ariq qaziganimiz va «Ilon qoyasidan» suv ko‘tarilib bu ariqda chiqmagani yodingdami?
Shularni eslaysanmi, Zaynab? Axir quruq qo‘l bilan qoyalarni ag‘darib bo‘larmidi? Mehnatimiz zoe ketib, ekinlar qurib qoldi. Sen o‘shanda qanday yig‘laganingni eslaysanmi, hatto biz erkaklar ham ko‘z yoshlarimizni zo‘rg‘a tutib turgan edik. O‘shanda biz «Eski ko‘chmanchi» yerlaridan kaftdek qismini ham ishlay olmagan edik. Lekin bizga ko‘p yer kerakmidi? Faqat ochlikdan o‘lmaslik uchun… Endi esa bizning bolalarimiz «Eski ko‘chmanchi»ni o‘zlashtirishga bel bog‘ladilar. Agar sen ularni hozir nimalar qilayotganini ko‘rganingda edi… Ular zo‘r ishonch bilan ishlayapti. Ularda bilim bor, mashina bor… Hademay gallamiz daryo bo‘lib oqadi.
Eh, Zaynab, yoshligingda o‘z sevgan kishing uchun har qanday qiyinchiliklarga duch kelgansan. Shunday ekan, nima uchun sening qizing o‘z sevgani bilan turmush qurishga va u bilan birga mehnat qilishga haqli emas ekan, a?
Zaynab opa jim turardi.
– Sen aqlli xotinsan, – davom etardi Toqoy, – tushunishing kerak. Saodat shunday qilmasdan iloji yo‘q edi. Kuyoving Qosimjon esa ota-onasiz darbadar emas, ajoyib yigit, brigadada birinchi traktorchi. Uning ota-onalari shaharda yashaydi. Ularni juda yaxshi, hurmatli kishilar deyishadi. Saodatga kelsak, u onasini unutib ketadiganlardan emas. Yakshanba kuni ular senikiga kelishadi, kuzda esa sen odat bo‘yicha yo‘l ochar qilasan. To‘yni bo‘lsa birinchi hosil yig‘ilib, ular yangi uyga ko‘chib kirgan kuni qilamiz.
Toqoy aka nima degan bo‘lsa Zaynab opa jimgina o‘tirib tingladi. Keyin o‘rnidan turib eshik tomon yo‘l oldi. U bunga rozi bo‘ldimi, yo‘qmi, hech kim tushunmadi.
Toqoy aka mehmonni kuzatishga chiqdi. Tashqarida shunday qattiq yomg‘ir yog‘ayotgan ediki, hatto, tog‘lar ham, daraxtlar ham, nariroqdagi uylar ham ko‘rinmasdi. Hamma narsa suvli tuman bilan qoplanib olgan edi.
– Eh-he, hamma yoqni qoplab olibdi-yu! Ana ko‘rasan, bu oq yomg‘ir kamida ikki-uch kun to‘xtovsiz yog‘adi…
– Oq yomg‘ir deysanmi? – Past ovoz bilan so‘radi Zaynab opa va javobini ham kutmasdan ketib qoldi.
* * *
Zaynab opa uyga kirib kelar ekan, xayol seliga cho‘mganicha burchakka kelib o‘tirdi va yomg‘ir tomchilari oqib tushayotgan derazaga qaradi.
– Oq yomg‘ir! – shivirladi u allanarsani eslaganday. Zaynab opa yo‘lda kelayotiboq, Toqoy har holda haq degan xulosaga kelgandi. Lekin u uyining ostonasiga qadam qo‘yishi bilan, qo‘llari shalvirab, yuragi muzlab ketdi va yana o‘zini yolg‘iz his eta boshladi. Biror ro‘zg‘or ishlari bilan band bo‘lmoqchi bo‘ldi-yu, lekin, yuragiga hech narsa sig‘madi. U har vaqt nimadir yetishmayotganligini o‘ylardi. Lekin uning nima ekanligiga sira tushuna olmasdi.
Nihoyat u buni topdi: odatdagidek tog‘ tarafdan kelayotgan motorlarning ovozi eshitilmas edi. Har doim onani traktorlarning ovozi tinchlantirardi, chunki bu ovoz sevimli qizi bilan, uning kelajagi bilan bog‘liq zdi. Zaynab opa xavotirlanardi: «Traktorlar jim, oq yomg‘irning ikki-uch kun yog‘adiganday shashti bor. U bechoralar palatkalarda nima bo‘ldi ekan? Nam, sovuq, pechka yo‘q». Uning yosh kelin-kuyovlarga rahmi keldi. Axir ular chillalik-ku, tezroq yakshanba kela qolsa edi.
Zaynab opa barmoqlari bilan yakshanbagacha necha kun qolganini sanadi. To‘rt kun! Qanday uzoq! U tezroq Saodat va Qosimjonni ko‘rgisi kelardi. Bir oz o‘tirgach, keskin o‘rnidan turdi-da, sandiqdagi oq surpni olib, erkaklar kiyadigan ko‘ylak bichdi. So‘ng pechkaga o‘t yoqdi. Xonada darrov hamma narsa saranjom bo‘ldi. Go‘sht pishguncha Zaynab opa mashinada ko‘ylak tikib bo‘layozdi. Endi u qo‘l qovushtirib o‘tirmasdan bo‘g‘irsoq qovurilayotgan qozon oldida o‘ralashib qoldi. Olovdan qizib ketgan yuzlari qip-qizil bo‘lib, mayda ter tomchilari bilan qoplandi. Biror yaxshilikni kutayotgandek ko‘zlari quvonch bilan porlardi. Aftidan u katta bayramga tayyorlanayotganday edi. Ha, haqiqatan ham shunday. U hoziroq «Eski ko‘chmanchi»ga borishga qaror qildi. Tayyorlanib bo‘lgandan so‘ng, Zaynab opa Saodatning sepi uchun asrab qo‘ygan gulli shol ro‘molni olib keldi-da, ko‘ylak bilan birga qo‘shib xurjunning bir ko‘ziga soldi, uning ikkinchi ko‘zini esa go‘sht va bo‘g‘irsoq bilan to‘ldirdi.
Endi ketaverish mumkin edi, lekin u o‘ylanib qoldi – erga tekkan qizinikiga taklif qilinmasdan borish yarashmasa kerak. Toqoy kuzgacha kutishni maslahat bergan edi. Lekin bu nihoyatda uzoq muddat. To‘g‘ri, Saodat va Qosimjon yakshanba kuni kelishadi. Ammo yakshanbagacha hali to‘rt kun bor… U esa o‘z bolalarini va «Eski ko‘chmanchi»da nimalar qilinayotganini hoziroq o‘z ko‘zi bilan ko‘rgisi kelardi. Bordi-yu, uni kulgi qilishsa-chi? «Nima deb o‘ylashsa o‘ylashaversin, bari bir boraman».
Zaynab opa yangi shoyi ko‘ylagini, mahsi-kalishini, sevgan choponini kiyib, xurjunini yelkasiga tashladi-da, boshiga katta qanorni yopinib uyidan chiqdi.
Tashqarida bo‘lsa oq yomg‘ir yog‘ayotgan edi.
* * *
Kul rang tuman aralash yomg‘irda so‘qmoq bo‘ylab ot ustida xotin kishi sekin yurib borardi. Yer dengizi haydalib tashlangan, katta ariqlar qazilgan, yomg‘ir bilan yuvilib, yer qobig‘ini sekin-asta yorib yashil o‘simlik – birinchi bahorgi bug‘doy unib chiqmoqda. «Eski ko‘chmanchi» yerlari tanib bo‘lmas darajada o‘zgargan. Hosil olish mushkul bo‘lgan bir parcha yer qaerda edi? Suv chiqarib bo‘lmagan ariq qayoqda qoldi?..
Zaynab opa otdan tushib, yonidagi toshga o‘tirdi-da, yig‘lay boshladi. Biroq, endigi ko‘z yoshlar o‘z farzandlarining faxri uchun, ularning ajoyib katta ishlarini ko‘rib quvonch hislariga to‘lgan onaning ko‘z yoshlari edi.
1954