Sarvarbek To’raev. Ikki hikoya

002    Ўшанда ҳам нопармон тонглар худди шундай отарди ва миллиардлаб йиллардан буён зиё сочиб турган ва дунё зулматларини, қораликларини яширинишига хизмат қилиб келаётган бобо қуёш ўшанда ҳам нуроний шарқдан чиқиб келарди. Ўшанда ҳам минг йилликлар оша доимо ғафлат домига тушиб юрадиган одамзотга тонг отганлигини ўз қичқириғи билан билдирадиган хўрозлар овози баланд тоғлар пинжига тиқилган овулни тутарди.

Сарварбек Тўраев
ИККИ ҲИКОЯ
065

033   Сарварбек Тўраев 1987 йил 18 октябрда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетинир тамомлаган. Ҳикоялари “Ёшлик”, “Саодат”, “Ёш куч” журналларида, “Ўзбекистон санъати ва адабиёти”, “Туркистон”, “Маърифат”, “Олтин қалам” газеталарида, шунингдек “Ёшлик”, “Денов-тафаккур чароғлари” альманахларида чоп этилган. 2010 йилда “Карвонқуш” номли ҳикоялар тўплами нашр этилган. Айни пайтда «Диёр» телеканалининг Сурхондарё вилояти бщйича катта муҳаррири сифатида фаолият юритиб келмоқда.

065

КЕЧ БЎЛГАНДА

033Ўшанда ҳам нопармон тонглар худди шундай отарди ва миллиардлаб йиллардан буён зиё сочиб турган ва дунё зулматларини, қораликларини яширинишига хизмат қилиб келаётган бобо қуёш ўшанда ҳам нуроний шарқдан чиқиб келарди. Ўшанда ҳам минг йилликлар оша доимо ғафлат домига тушиб юрадиган одамзотга тонг отганлигини ўз қичқириғи билан билдирадиган хўрозлар овози баланд тоғлар пинжига тиқилган овулни тутарди. Бугун эса бу манзилдаги бир бирига уланиб кетган уйларга эргашсангиз, катта катта шаҳарлар томонга келиб колганингизни билмай қоласиз. Шу кунларда келинни ҳовлига ширт-ширт сув сепгани эшитилар ва тупроқнинг муаттар ҳиди ҳовлини тутарди. Баҳор ва ёз кунлари қуёшни мана шу қишлоқ тепасидаги тоғлардаги чўпонларнинг тонгда ёққан гулхани ва кўплар ҳавас қиладиган хонадоннинг ўзидек кўркам, жозибали, ҳалим келинининг сув сепиши уйғотарди гўё.

Ана шунда қишлоқ жонлана бошлар, қаердандир машиналар овози ғуриллаганча йўловчиларини дўппидеккина қишлоқдан олиб, серташвиш шаҳар томон елиб кетарди. Чўпонлар ва чўпонларга ўз подасини, қўйини қўшишга шошган, уст-боши чанг кўчаларда ўйнаверганидан афтодаҳол. иштони ўрнида турмай, пойчаси судралган болакайлар оғилхоналардан ўз чорваларини ҳайдаб чиқишарди.

Келин ва куёв тўйдан сўнг орадан бир йиллар ўтиб, бу қишлоқ аҳли яшашни ҳавас қиладиган шаҳарга йўл олишиб, серғалва, серташвиш шаҳри азимнинг юз минглаб катта кичик болалари ичида кўмилиб кетдилар. Уларни бу манзилга етаклаб келган мақсад ҳам бир бошқача эди. Давраларнинг бирида куёв дегичимиз гапдан – гап чиқиб, — Фалончибойга шаҳарда нима бор эди, пул топаман деб, мардикорлик қилиб юрибди. Ҳамма бойлик мана қишлоқда. Бир кетмон ургулик ер ағдарса, бир сиқим буғдой олади.-деди.

— Хўроз ҳамма жойга бир хил қичқиради, биродар. Аммо шаҳарнинг ҳам ўзини қонуни бор. Эплаган, кўнган яшайди. Сизу-бизга йўл бўлсин.-деди аллаким.

Бироз шошқалоқлиги бор куёв, — Истасам, бу шаҳар тугул, марказга бориб ҳам ризқимни тераман, нима деяпсиз-деди тутақиб.

Атрофга разм соларкан, унга эътибор қилган одамларнинг юз-ифодасидан бу гапга ишонишмаётгандек туюлди. У лаб тишлади-да:
— Агар шаҳарга яшай олмасам, эркак эмасман.- дея шахд туриб, биров билди, биров билмади, кимдир елка қисиб кулди, у жўнади. Жўнаганда ҳам кўч-кўронни ортиб, хайр маъзурни насияга қолдириб жўнади.

Айтишганидек, шаҳарга яшаб кетиш қийин эмас, аммо ҳаммасини бошидан бошлаш қийин экан. Атрофда уларни танишлари учун етти йил вақт кетди. Энди у уйли жойли бўлган, ўша тонгларни уйғотган аёл олий маълумотли ва юриш-туриши ибратли театр ходимасига, эркак эса ўзининг савдо дўконига эга мулкдор, шаҳарнинг олифта кишиларидан бирига айланган эди.

— Хотинжон,- деди кунларнинг бирида — мен бир…четга чиқиб келсамми деб турибман.

Аёл унамади.
— Тўғри, шу ерда ҳам, у ерда ҳам бир коса овқатга қорин тўяди. Аммо атрофга қара, ҳамма ҳашаматли уйлар қуриб ётибди. Машинани турли-туманини минганлар қанча. Менинг улардан кам жойим йўқ, шекилли.Кейин…ўзимни дўхтирларга бир кўрсатмоқчиман…хохласанг, театрингда ишла, анави бетайин, суюқоёқ режиссёрнинг минғирлишидан кўнглинг безган бўлса, ишлама.

Аёл мум тишлади. Улар бефарзанд бўлганликлари сабаб, аёл бойликдан кўра фарзандли бўлишни жуда истагани сабаб унади.

Эр кетди. Кетганда ҳам бедарак кетди. Тоғдан қариндош-уруғ аёлни эрнинг дараги чиққунча қишлоққа бориб туришга кўндирмоқчи бўлиб келиб, қуруқ қайтиб кетишди.
Аёл энди ишга келган пайтлари кўпгина одати, айниқса енгилтак эканлиги туфайли ҳам ёқмайдиган бош режиссёрнинг ҳам хурмача қилиқларига анчагина ўрганиб ҳам қолган эди. Шу туфайли ҳам авваллари, истеъдодига қараб эмас ўзи хохлаганига рол бериб, ёқтирмаган одамини, хусусан ёш, саҳнабоп қиёфага эга, иқтидорли бу актрисани саҳнага чиқармасликка ўрганган саҳна эгаси ундан энди таниқли санъаткор яратишга жиддий бел боғлади ва унга эришди ҳам.

Кунлардан бирида эрнинг дараги чиқди. Аёл телефон орқали боғланиб эрининг соғ-cаломат эканлигини, ишга таклиф этганлар туфайли кўп қийинчиликлар кўргани ва озод бўлсада қайтиш имконини тополмаётганлигини билди.

-Кимдан, қандай бўлмасин қарзга пул ол-да, мени бу дўзахдан қутқар!-деди болалардек йиғламсираб эр, — Сенга яна бир яхши янгилигим бор, мен энди ота бўла оламан.
— Тинчланинг, соғ-саломат экансиз. Қийинчиликлар ўтиб кетадию Имконини топаман. Даволандингизми?

— Йўқ, ҳали даволанганим ҳам йўқ….ҳа, ҳа даволандим.
— Яхши мен бирор иложини топаман.

Аёл телефоннинг ўчириш тугмасини босар экан, ҳолсизланди-да, стулга чўкди.

Оғир кунларида доимо ғамхўри бўлган режиссёр уни ўз машинасида уйига олиб бораркан, аёлнинг нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаётганлигини сезиб, унинг негадир кун сайин тўлинлашиб кетаётган ойдин юзига тикилди.

— Сизга илтимосим бор!-деди аёл ниҳоят.
— Жоним садқа!

— Менга пул берсангиз, охирги бор!
— Сенга бор бойлигим садқа. Хохласам, театрнинг барча ходими, директоридан тортиб фаррошигача сенинг хизматингни қилдираман-а.
— Эримнинг дараги чиқди. У ўзга юртларда мусофирликда ватанга қайтолмай юрганмиш.

Режиссёр чўчиб тушди ва лом-мим демади. Ва давом этиб, уйда тўшаклари гижимлаган хонада ҳам пашша ғунғилласа эшитгулик сукунат чўкди.

— Мен-чи- деди бирдан режиссёр пинагини ҳам бузмай.
-Муносабатларимиз бузилмайди. Фақат пинхона учрашаверамиз. Чунки никоҳ аршда ўқилади дейишади. Ота-онам, қайнота-қайнонам шоҳид эди, уларнинг руҳи чирқирамасин.

Режиссёр индамай чиқиб кетди.

Эртасида котиба қиз актрисага режиссёр ўз хонасида уни чақираётганлигини айтганида, аёл учун анчагина таниш бўлиб қолган хонага кириб бораркан, юраги недандир тез-тез урарди.

— Шанба, якшанба кунлари Сангардакдарё томонларга сайрга чиқсак — деди режиссиёр, деразадан ташқарига қараб, сигарет тутатганча.
— Фақат…у томонларга эмас, мени таниб қолишади.

— Ҳеч ким танишига йўл қўймайман. Дўстларим, ҳудуднинг устунлари даврасида ўзимга мос бўлмаган бирор аёл билан ўтиришим керакми…бу менга муносабатингизми…?
— Фақат…

— Нима фақат, шунга қараб, анави илтимосингизга жавоб бераман.

Аёл чурқ этолмади.

* * *

Ўшанда ҳам, қалбида ғалаёни борлар ёмғирнинг ёғиши, камалакнинг турфа ранг товланиши, қуёш ва ойнинг заминга ёғду сочиш вақтидаги уйғунликни, япроқнинг дарахтидан узилиб тушишидан илҳомланишар, унинг моҳиятини қидиришар, дунёнинг сархил ифодасини кузатишдан эринмасдилар. Ўшанда ҳам ёрдан хабар келганда энтикилар ва қалбларга дилбарлик инарди.

Ўша вақтларда хатлар кабутарлар воситасида эгасига етказиларди.

Ҳукмдорнинг хабарчи кабутарларидан бири мамлакат шимолидан хабар олиб келганлигини шаҳар биларди. Боиси шимолга жўнатилган қўшин сардори билан салтанат марказини боғлаб тутувчи оқ кабутар шаҳар устида бироз муддат учиб, сўнгра саройга йўналганди. Авваллари хабар келганида, хоҳ у яхши, хох у ёмон бўлсин шаҳар бозорида жарчилар томонидан тезда ўқиб бериларди. Бу гал эса ундай бўлмаган, бу каби сукутдан хослардан ташқари барча салтанат аҳли кўнглида аллақандай ғулу бор эди.

Кунларнинг бирида арки аълодан шаҳар майдонига чиқиб келган жарчининг қийқириғи оломонни жамлади.

— Салтанат бошига мусибат тушди,- деди жарчи,- Шимолдаги сарҳадларимиздан ёғийларни қувишга кетган саркарда Музаффар ғалаба қучиб, ортига қайтаётганида душманнинг дайди ўқидан халок бўлди…

Оломон гувранди. Чунки салтанат аҳли учун бу саркарда шоҳдан-да азиз эди. Шоҳга давлат жиловини олиб берган ҳам, уни тутишга кўмаклашаётган ҳам, узоқ яқинга эл орини танитган ҳам шу ҳарбий қўмондон эди.

— Улуғ шоҳ марҳум саркарданинг хонадонига бош-қош бўлмоқчилар…

— Музаффархоннинг жонига шоҳ қасд қилганлиги аён.- Оломон ичидан номаълум ва қўрқмас бир киши томонидан айтилган бу гапдан халойиқ қаттиқ мусибат ва беихтиёр ғайритабий бир куч билан олдинга интилди. Зум ўтмай шаҳар кўчаларида аҳоли ва шоҳ аскарлари ўртасида жанг бошланиб кетганди.

Бу пайтда эса саркарда Музаффархоннинг хотини ва эндигина тетапоя бўла бошлаган ўғли саккиз-тўққиз чоғли хос навкарлар қуршовида салтанат сарҳадларидан қочиб чиқиб кетишаётган эди.

Саркарда юрт сарҳадларини гоҳ жануб томонга, гоҳ шимол томонга кенгайтириб борарди. Сўнгги пайтларда сарой аҳли ундан ҳайиқар, аёнлар унинг ортидан фитналар тайёрлашар, шоҳ ва саркарда ўртасида кўп бор нифоқ солишга уриниб кўришар ва аксар ҳолларда бунга эришар ҳам эдилар.

Музаффархон ўғил фарзандли бўлганида, подшоҳ ўз саройида базм ташкил этди ва ўшанда ўғлига исм қўйишни шоҳнинг измига топширган Музаффарнинг хотинига нигоҳи тушиб, кўзи тиниб қолди.

Каттагина ҳарамга эга ҳукмдорнинг ҳаловати йўқолди.

— Саркарда, Музаффархон сенинг нега бўйинг кўкка этганлиги, жангу жадалларда доимо ғалаба қилишинг, доимо исмингдек музаффар бўлишингнинг сабабини энди билдим,- деганди ўшанда шоҳ, шаробдан сипқориб ўзини сармастга оларкан,- Менга шундай аёл тушганида менинг қўлимда етти иқлимнинг жилови бўларди.

Саркарда эса зимдан кўнглига олиб жаҳллансада, мастликка йўйди.

Шундан сўнг шоҳ ошиқ бўлиб девонага айланди. Шаробхўрликка берилди-да, шеърлар ёзди. Худосизга айланиб, Мониймисол суратлар чиза бошлади. Саройда тез-тез базмлар ташкил этиб, баҳонада саркарданинг хонадонини ҳам таклиф қилар, аёл келганида зуғум остидаги сарой бекалари ва фитнакор аёнлар, қўшиннинг садоқатсиз бошлиқлари олдида чинакам қобилиятга эга масхарабозга айланарди.

Шоҳ саркардани қўшин кўригига кетганлигидан фойдаланиб, унинг аёлини саройга бошқа баҳона билан чақиртириб, кўнглидагини ёрди. Ўзига эрга чиқиб, саройнинг бош маликаси бўлишини таклиф этди.

Жувон чиройли, дилбар бўлганидек, қалби ҳам муаттар ва ақлли эди.

Саройни тарк этаркан, эртасида жавоб сифатида чўрисидан икки қулоч келадиган арқон жўнатди.

Шоҳ жувон юборилган арқоннинг маъносини ҳар не қилсада чақа олмагач, маслаҳатчиларига юзланди. Уларнинг эса тўхтами шу бўлди.

Жувон- банди.

Кунларнинг бирида дафъаттан салтанат соҳиби қўшинни мамлакат шимолидаги исёнчи қабилалар устига жўнатди. Саркарда дунёи дундан бехабар эди. Аёлнинг кўнгли қандайдир хираликни сезса-да олиб қололмади.

Музаффархон саройдан узоқлашкан, шоҳ жувонга юзланди.
— Мана, сиз банди эмассиз, энди — деди.

Шунда жувон шоҳ арқон ҳикматини нотўғри талқин қилганини англади ва ўзини ҳам кечиролмай деди:
— Арқоннинг маъносини ҳар ким ўз фикрича ифодалайди. Мен сизга ўғри, каззоб, хиёнаткор ундан қўрқади, ақлсиз ит унга эргашади, нокас, субутсиз эса унга ўзини осгани яхши эканлигини айтмоқчиман.

Шоҳ ғазабланди ва қалб кўзи кўрга айланган бу кимса энди ғирром йўлни танлади. Жангдан ғалаба билан қайтаётган саркарда Музаффархонни ёлланма қотил томонидан ўлдиртирди.

Оқ кабутар шаҳар осмонида пайдо бўлган заҳоти, саркарда пинҳона қолдириб кетган етти зобит унинг уйи олдида пайдо бўлди ва аёлни фарзанди билан биргаликда алдамчи йўллар орқали зудлик билан салтанат пойтахтидан олиб чиқиб кетишди. Салтанат оралаб пинҳона икки кун юришгач, мамлакат шимолидан ўзга юрт сарҳадларига чиқиб кетиш йўлида яна бир аскар уларга қўшилди ва ўз ўлимини ва бор яширин сирни билган саркарда тайин этган манзилга йўл олишди. Бу манзилга пурвиқор тоғлар орасидаги дара орқали ўтиб борилар, баланд қоялик остидаги ўн – ўн беш чоғли уйга овул эди.

Жувонга саркарданинг ўлмаганлигини, қачонлардир ўзи бу жойларни топиб келишини айтиб алдашганлиги сабаб кутарди. Дўппидеккина қишлоқнинг ёнгинасидаги баланд қоялик бағридан тошни қоқ иккига бўлиб шаршара отилиб тушарди.

Жувон шунинг мафтуни эдими, ёки шаршарадан нарироқда табиий қояликдан кишининг алп келбатини, қиёфасини эслатувчи келбаттошни ёрига ўхшатардими… ҳар иккисига ошиқлиги бор эди.

Йиллар ўтди. Аёл ўғлига келин олди. Бир этак набира-чеварали бўлди. Кампир кексайди ҳамки, келбаттош ва шаршарадан бери келмасди. У шу жойда мафтункор шаршара ва қоядаги келбаттошнинг шундоққина пойига, уларга тикилиб бу дунё билан видолашди.

* * *

— Ана у келбаттош, мана бу шаршара. Иккиси ошиқ-маъшуқдек турибди –деди тепакал, кўк ва қисиқкўз эркак, ўзига ҳамроҳлиқ қилаётган кўҳликкина жувоннинг елкасидан қўлини ошириб оларкан, семиз қорнини силкитиб беўхшов кулди –да, яна деди: — Агар сиз истасангиз, биз ҳам шу жойларда абадий қолишимиз мумкин.

— Вой, бу ерларда яшаб бўларканми…, дунёга келдингми…яйраб, яшнаб ўйнаб кулиб, қол..- таннозланиб кулди ҳамроҳи.

Бу ердаги бешовлон, уч эркак ва икки аёлнинг ўзаро гурунглари-гурунгларга яна ва яна уланарди. Олтинчи яъни актрисанинг эса қалби исён кўтарган эди.

У зов ости томонга юрди. Зилол сувлар ҳосил қилаётган шаршарани, ундан ҳосил бўлаётган камалакни, қояга узоқ тикилиб, ҳамроҳларидан бири имо қилган томонга боқиб, келбаттошни топиб унга боқди.

Кўзларидан ёш сизди шаршаранинг зилол томчилари мисол. Бироқ Келбаттошга ёнма-ён шаршарадан тушаётган томчилар ҳақиқий ва гўзал кўзёшлар эди.

Аёл уларга тикилиб ёлғизликда қанча вақт қолиб кетганлигини эслолмади. Шахд билан ўрнидан турди. Энди у ҳаммасига қўл силтаб, режиссёрни ҳам кутмай ва унга эргашмай йўл машинасида ўз уйига кетади. Ҳеч кимга қўғирчоқ бўлишни ҳам истамайди. Ҳаммаси тугади. У ўз ҳаётига янги даврни бошлайди.

Аёл катта йўл ёқасига тушиб бордида, булоқнинг муздек сувига юзини чайди ҳамки, машина сигнали уни эътиборини тортди.

Ўгирилиб, ортда, йўл ёқасида режиссёр ўз машинасида уни кутиб турганлигини кўрди-да, беихтиёр ўша томон шошди.

Режиссёрни ёнига нимтабассум билан ўтираркан, режиссёрнинг паст овоздаги — Кеч бўлди. – деган гапини эшитди.

Ҳақиқатдан ҳам кеч бўлганди…..

ЗАРЧОПОН

Ўғлим, билдим, ҳақиқат
Қаҳрдан қотиб ётар.
Шамол бўлиб ҳайқирган,
Бир кун уни уйғотар.

Қутлибека

05-Тунлари ғўддайган бу чўққилардан пастга қишлоғу-шаҳарларга қарасам, кўнглим бузилиблар кетади…

Барот кенг кенгликларни ишғол қилган уйлар чироқларини жимир-жимиридан қочиб, уларга терс қараб яна ёнбошлади. У қараган томонларда эса осмонга бўйлаган, зимистон кечада осмон билан сарҳадларини ажратиб бўлмайдиган ҳур қояликлар мавжуд эди. Бири ёнбошлаган, бошқаси чўнқайиб олганларга фалакнинг ва чўққиларнинг бирлашиб кетган жойи кўринмас, англанилмас эдики, бунга уларнинг яқингинасида кўкка ўрлаётган, чўпон бола ёққан оловнинг ёруғи ҳам сабаб эди.

— Онамнинг зарчопонига ўхшайди.

У бу гапни овоз солиб айтимми-я,-деб ўзини ўзи койий бошлади.

Бошқалар эшитдимикан…бирор шеърий сатрга ёки қўшиққа йўйишаётган бўлса яхшийди.

Бу гап унинг кўнгил тубида анча маҳаллардан буён қамалган, фурсати келибми…туйқус …сирғалиб дунёга келганди.

У шаҳарда ҳам кўп қаватли уйнинг айвонига туриб узоқларга ёйилиб кетган бу каби чироқларга қараб ҳам шундай хаёлланарди.

Гурунг-гурунгга уланади. Ёқилган гулхан чўғга ва сўнгра кулга айлана боради. Борлиқ зулматнинг қоқ ўртаси томон шошади.

Бир маҳал қоронғулик қаъридан чўпоннинг ити ҳуради, отарнинг бошқа бир томонидан иккинчи бир ит унга жўр бўлади.

-Шу энағар жонга тегди ўзиям.- Чўпон қўзғалиб ўтириб олади-да, яна дейди: — Ўлиб ўлмайди, қолиб қолмайди.

Меҳмонлар бир муддат диққат қилиб рўппарадаги қоялик томондан келаётган шох-шаббаларнинг шитирлашини, майда шағал тошларнинг шовуллаб тушаётгандек овозини эшитдилар.

Ҳу…ҳу-лаган қандайдир овоз атрофдаги метин сукунатни ҳам бузди. Тоғнинг турли томонларидан итлар ҳурди, чўпонларнинг –ол-ҳа-деган қийқириғи узун дарани тутди.

— Бу айиқми…?- меҳмонлардан бири овозида бироз ҳадик билан сўради чўпондан.
-Айиқ, худди шундай овозда сайрайдиган қуш ҳам бор. Бизнинг тоғ халқимиз у қушни – Ҳилол дейишади.

Қайёққадир бир муддат ғойиб бўлган чўпон бола пайдо бўлиб, гулханни қайта алангалатди.
— Айиқ даранинг нариги томонидами?
— Йўқ, юқорида дара бизга акс-садо қайтаряпти. Бу дараларда гўштхўр айиқлар бўлмасди. Ғаму-ташвишимиз ҳам кам эди.

* * *

Саҳар туриб чўпонлар гулхан ёқади. Қоравойда сув қайнайди. Тонг уйғонади. Ҳаёт ҳам қайнай бошлайди. Боботоғдан бош кўтарган қуёшнинг илк заррин нурлари Сурхонтоғга тушади. Ана шу икки тоғ орасидаги кенг воҳада яшовчилар чўпонлардан-да бир муддат кейинроқ уйғонадилар. Ана шу тоғларда тунлари изғиган жонзотлар ўз инлари томон шошадилар.

Чўпон қирнинг тумшуғилаб юқорига ўрларди. Отар арчазор оралаб, ўтлаб борарди. Шу пайт итлар аллақандай шовқинними, ҳидними пайқаб олдинга отилди. Отарнинг бир қисми уларнинг югуригидан ҳуркиб, пастга эниб қолди. Чўпон ҳам овоз солиб олдинлади-да, баланд харсангтош устига чиқиб, кучуклар кетган томонга разм солиб тикила бошлади. Рўпарада арчазор ястаниб ётардики, пайқаш қийин эди. Ниҳоят ўша томонда чўпон аввал ўз итларини, сўнгра ундан олдинроқда лапанглаб кетаётган айиқни ва унинг болаларини хира-шираликда зўрға пайқади.

Юқоридаги, қўшни отарнинг итлари ҳам вовуллаб пастга энди, чўпонлар ҳам уларни шундай қилишга ундашди.

Икки томондан борган итлар она айиқ ва унинг болаларини ўрашди. Она айиқнинг метин тоқатига, вазминлигига ҳам дарз кета бошлади. Ортига қайтиб, итларга ташланди-да ўкирганича уларнинг қуршовини бир зумда ёриб ташлади. Икки ит иложсиз ғингшиб, пастроқда қолаверди.

Қолган уч ит айиқваччалардан бирига ташланганида ғоят жаҳлланган она айиқ у томон шошди-да, кучуклар ортга чекинаркан, боласини тезроқ юришга ундаб, тумшуғи билан туртиб борарди. Она олдинлади, болалари мағрур эргашди. Итлар уларни изма-из таъқиб этиб келаверди.

У бирдан чўнқайиб ўтирган куйи оёғи остидаги катта-кичик тошларни пастга туртиб юбора бошлади.

Бехосдан… у кўрмадими, унутдими, ҳайвон эканлигиданми… айиқваччанинг шундоққина тепасидаги йирик харсангтошни қўпориб ташлади ва кеч пайқаб қолиб, ўзи ҳам пастга отилди. Катта-кичик тошлар…шағаллар…билан бирга айиқнинг болаларидан бири ҳам дара тубига эниб тушиб кетган эди. Она айиқ ўкирганича пастлади-да, ҳамон изидан қолмаётган итлардан бирига чанг солиб бир уриб, пастликка отиб юборди.

Айиқ… унинг кетидан айиқваччалар овоз солганича дара туби томонга эниб кетишди.

Чўпон бу каби ҳодисотларни кўп кўргандир, шундан сўнг ҳали отарга етиб келмаган икки итига ҳам ачинмагандир, бироқ ўшанда ўз боласини ўлдириб қўйган она айиқни ўйлаб дилига хиралик қўнган эди.

Тушга яқин сувловга келган қўшни чўпонлар ҳам бўлган воқеани тинглашгач, — Яхши бўлмабди-да,- дея афсусланган эдилар. Шу куни бу дарага ҳеч ким қорасини кўрсатмади. Бир икки ўтинчига ҳам чўпонлар томонидан бошқа йўл ва томонлар кўрсатиб қўйилди. Шу кеч борлиққа сукунат чўмганида тоғдаги чўпон-чўлиқ дарадан элас-элас келаётган она айиқнинг мунгли ноласи остида, ғамнок шунинг билан бирга бироз ҳадик билан таёқларини, ов милтиқларини маҳкам тутганча уйқуга кетишди. Эртаси тонгданоқ чўпон ҳали отарини ҳайдаб чиқмасидан аввал, унинг қўшига қишлоқнинг овчиларидан бири пайдо бўлди:

— Бу бойликку…шомда эшитиб кечаси билан уйқум келмади. Сизга ўхшаган чўпонлардан бири ўлиб ётган бўрини ёнидан ўтиб кетиб, фалончини итига ўхшаркан — дермиш. Дарага тушиб бормадингизми?. У боласини қўриқлаб ётармиди…кетади-да.

Овчи дарага эниб кетди-ю, шу кетишда уни ҳеч ким кўрмади. Қишлоқдан қайтган чўпон болалардан бири овчини туман марказидаги касалхонага олиб кетишганини, икки гапнинг бирида ўғлига она айиқ ярадор бўлганлигини, тезда ўлишини-ўлганида унинг териси-ю, тирноғигача ўзи эгалик қилиши кераклигини таъкидлаётганлиги ҳақида гап топиб келди.

-Балки…шундан…она айиқнинг нолакор овози кучайгандир- хаёлланганди чўпон. Бироқ бошқа ҳеч ким бу томонларга елкасига милтиқ осиб -Она айиқни отаман, бойлик топаман — деб келмади.

Биродар, фарзандидан жудо бўлган онанинг ғамнок, ғоят кўпчиликка таниш бўлмаган, сўзини ҳеч ким ёзмаган ва унга ҳеч ким мусиқа басталамаган нолакор қўшиғини тинглаганмисиз…?

Буни фақат она ҳис қилади, ва айта оладики бу хоҳ овоз, ҳоҳ нола, ҳоҳ ўкириш бўлсин тирик жонни, одамзотни шиддатли эврилишларига сабаб бўлмасдан қолмайди.

Бир куни дара тепасида ўлимтик қушлар айлана бошлаганида, чўпонлар она айиқни ўлганга йўйишди. Бироқ ўша тун ҳам одатийдек, ўша таниш овоз дарани ларзага тўлдираверди.

-Дарада айиқнинг боласидан асар йўқ! — деди унинг ёнчўпонларидан бири- Лекин қоянинг шундоққина остида дўмпайган тошлар уюми бор ва тушунишимча унда айиқ ўз боласини кўмган.
-Бўлса бордир! — пичирлайди чўпон.

Одатда бу каби жониворлар овга чиқишса, ҳамманинг, ҳамма нарсанинг ҳаттоки осмондаги самолётнинг ҳам ўз йўли бўлганидек ўзларини, ўрганиб қолган йўллари бўйлаб юришади.
Кейинги пайтларда эса ўша айиқ қирлар ортидан, -ҳу-ҳулаб ялангликларга чиқар ва дарага ениб кетарди, сўнгра бир муддатдан сўнг яна пайдо бўлиб, чўпоннинг қўтонини шундоққина тепасидан ўз йўлига давом этиб кетаверарди.

* * *

— Онамнинг зарчопони!!!

Бу чопон қачон сандиқнинг тубига жойлашганини кўрмаган ва эслолмайди ҳам.

Бир куни онаси тўшаклар тахламини тушуриб, жамалагига доим осиб юрадиган калитча билан сандиқни очганида бу ялт-юлт қилаётган нарсага кўзи тушган, эътиборини тортган, нима эканлигини сўрашга оғиз жуфтлаганида икки тақсимчага қанд-қурс тутқазиб,- зинғиллаб, дадангга етказ. Меҳмонларга салом бериб кир!-дея жўнатганди.

Ўша болакай шу куни уйга келган меҳмонларнинг ким эканлигини, қандай гурунглар бўлганлигини, салом бериб кирдими, йўқми- улар алик олишдими аниқ эслолмайди.

— Эна, анов тўнми?- у онаси сандиқни ёпиб олмаслигидан шошиб уйга кирганди, чунки у доимо қулфлоғлик турадиган сандиқнинг ичидаги ноёб нарсалар уни қизиқтиради.

Она сандиқнинг тубидан зарли тўнни авайлаб олди, авайлаб тутди, узоқ ҳидлади, энтикиб-энтикиб нафас олди. Шунда тўннинг ичидан бир қоғоз сирғалиб тушди. Бола уни қўлига олди-да, деди:
-Ичидан манови расм тушди.

Газетадан қирқиб олинган сурат парчаси бўлиб, унда қайсидир урушгами,жангоҳгами кетаётган танклар карвони, уларнинг ҳар бирини устида жилмайиб турган хушрўй аскар йигитлар акс этганди.

Онаси унинг қўлидаги газета парчасини оларкан, ранги оқаринқиради. Туйқус кўзларида ёш кўринди.

-Хотин..! Пиёла ҳам келтирсанг-чи, уйда бўлмаса ана қўшниникида бордир!- Отасининг ҳазиломуз овози келди қўшни хонадан. Аёл тўнни ҳам ичкарига ташлаб, сандиқни шоша-пиша ёпди-да, ташқарига отилиб чиқиб кетди. Шу билан у шаҳарга ўқишга кетди-ю, сандиқнинг тубидаги ялтироқ тўнни болакай унутиб юборди.

Орадан йиллар ўтиб ўша бола йигит бўлиб, қишлоққа қайтганида она тахмонни ағдариб ўша зарчопонни олиб чиқди. Онанинг кўзларида тасвирлаб бўлмайдиган хушнудлик зоҳир эди.
— Буни сенга деб атаб қўйгандим!

-Эҳҳе!- йигит тўнни қўлларига олиб, айлантириб кўраркан, — Амир Олимхоннинг зарбоф тўними, бу дейман…
— Шуни бир кийиб кўргин, сенга лойиқ келар.- Она сабрсизлик билан ўғлига уни кийишни ундарди.

— Даққиюнусдан қолган тўнни-я, ойи.
-Бўйгинангга бўйтумор болагинам, бу тўнни йигирма икки йилдан буён асраб келаман. Уни ҳар кўрганимда, кўнглимга қавилаётгангандек игналар урилиб келади-я.

— Э, бундоқ атрофга қаранг, ҳозир тўну-дўппи киядиган замонми-ди. Тўну-дўппининг кийиладиган жойи — жанозахонада-ку.

Ўғил истамайгина уни кийди. Лойиқ келди.
-Куёв бўлсам киярман, асраб қуяверинг-чи!-деди, қўйди.

Она эса ўғлининг – Эна, бу… жуда чиройли тўн эканку, шу боис ҳам яшириб қўйган экансиз-да. Аввалроқ чиқариб берсангиз ҳам мазза қилиб, кўз-кўз қилиб кийиб юрардим.-дейишини кутганди. Демади.

Орадан йиллар ўтиб, туман марказидан қишлоққа елтадиган машиналар турар жойида ўғил бир аёл билан пайдо бўлди.

Тоққа томон ўрлаб бораётган автобуснинг ўрта қаторида ўтирган ўғил йўловчилар орасида бўлаётган шивир-шивир гурунгларга ҳам қулоқ тутган, аёл эса табиатнинг бетакрор гўзаллигидан сармаст, пурвиқор қояликларни, дараларни томоша қилиб борарди.

— Тегирмончининг ўғлими?!. Ўзгариб кетибди-а. Бир замонлар одамлар ўқияпти, қишлоқ халқига ёрдами тегар дейишарди, мана саломини ҳам бермади-ку.
— Нега ундай дейсиз, ўзи емай едирган, ичмай ичирган Абдуҳазрат тегирмончига келин олиб бораяптику.- дейди иккинчиси кинояномуз жилмайиб.
— Бундай келинни… энг аввало ўғилни…- қўл силтайди биринчи отахон. Шунда учинчи биров Баротни эшитиб кетаётганлигини пайқайди ва гапни бошқа ёққа буриб юборади.

Ота ва она ўғилу-келинни яхши кутиб олишди.

Она ўзида йўқ хурсанд, тўйга деб йиққан бир сандиқ матоҳларини инқиллаб-синқиллаб нариги хонадан судраб чиқди.

-Бу сизга келинжон, сизга деб атаганидим.

У сандиқдаги бор бисотини уй ўртасига ағдаради.
-Бу ҳаммаси сизга.

Она келинини – ойи, раҳмат сизга — дейишини жуда-жуда кутганди.
Ҳатто қурғур чоли ҳам келининг сенга ҳали шундай дейди,-деганди ҳам.

Демади. Унинг мато узатаётган қўлларини ўзидан қайтариб, — йўқ шаҳарга бунақасидан кийишмайди, — деди.

Онанинг қўллари сандиқ тубидаги зарчопонга тегиб, уни ҳам олди, доимгидек тўйиб-тўйиб ҳидлади.
-Буни ўғлим кияди…- деди ниҳоят,- киймаса, кийдирасиз келинжон.

— Шу етмай турувди…- узун қўндирма тирноқларининг қўпорилиб тушмасин дегандек, қўл учида тўнни тутган келини ўғлига қараб иҳтеҳзоли жилмайди-да, яна деди:
— Ишхонага кийиб борсангиз-а.

Ўғил ва келин мириқиб кулиб олишди.

Она ўғлининг бу гал ҳам зарбоф тўнни киймайдигандек туюлганидан сўнг, хомуш тортиб чолига бир нима десангиз-чи-дегандек илтижоли боқди.

— Онаси…кияди, олиб кетади!- деди чол қатъий оҳангда. Шунда онанинг кўнгли борлиқда ёмғирдан сўнг чиққан қўёшдек яшнаб кетади.
— Вой, бизни ҳайдаяпсизларми?-келин дафъатан сўради улардан.
— Нега ҳайдарканмиз, сизларни босган изингиз кўзимизга тўтиёку, болажон – гирдикапалак бўлди она.

Чолнинг полвон ори келиб, юзини осмонга бўйлаган тоғларга қаратиб мум тишлаб ўтиради. У шу кунларда янада мункайиб қолгандек туюлади.

Келгандар кетишга тараддуд кўради. Она сандиқда асраганлари билан уларнинг тугунини қаппайтиради. Келин лаб буриб айвонда ўтираверади. Чол-зийрак кўз билан ёнбошлаган куйи – Ўғлим қайерда бўлсанг ҳам бошинг тошдан бўлсин!-дейди-да, кетаётганларни кузатгани ҳам чиқмайди.

Кампир эса ўғли ва келинини автобусгача кузатиб қўяркан, унинг ҳолати тилла топган гадойни эслатарди. Автобус ўрнидан жилади. Кампир унинг ортидан қўл силкиб анча жойгача чопиб боради.
Қишлоқ одамлари уларга ҳам томоша, ҳам бироз ачиниш билан боқадилар. Орадан ойлар ўтиб она кўрпа-тўшаклар орасидан келини “Олиб кетаяпман” –дея алдаган ўша зарчопонни топиб олиб, кўзида ёш ҳалқаланди, ўкраб-ўкраб йиғлади.

— Қўйгин, йиғлама, неваралар кияр, ҳали буларинг ҳаётни қанд деб, уни еб юрганлардан…Эси кириб, қадрлаб қолар. Қадр топибди-ю, қадрлашни билмабди-да.- юпатади чол.

Ўғилнинг шу билан, ўзининг айтишича – иши кўпайганлигиданми, катта бир ташкилот — унинг оғзидан чиқадиган гапга қараб турганлигиданми, ўша томонларда илдиз отиб, ўша илдизларни шақирлатиб олиб келишга кучи етмаётганлигиданми “гадой топмас бу томонлардан” оёғи бутунлай узилиб кетди.

Чолни кексаликми, касалликми, ўйловми, томоқми тўшакка йиқитди.

Олис шаҳарда яшаётган ўғлига бу хабарни етказиш ҳам анча душворликларни келтириб чиқарди.

— Биз эрингизни қишлоғиданмиз, гап бор!- дейишганида хотини, — Биз Баротжонни қишлоғиданмиз, у кишини чақириб беринг! –дейишса котиба қиз телефонни гўшакка қўйиб қўяверди.

Ўша шаҳарда ўқийдиган, фақат телевизордан кўрган бўлсада, Барот Абдуҳазратович бизнинг томонлардан деб фахрланиб юрадиган талаба йигит унинг ишхонасини эшигини олдида кута-кута тушлик пайти бўлганда отанинг касаллигини айтди-да, бир вақтлар танишишни мақсад қилиб қўйганидан воз кечиб тез-тез юрганча кетиб қолди.

Ўғил бугун бораман, эртага бораман! — деб юрди-да, чолнинг жанозасига ҳам етолмади.

— Озроқ кутайлик, битта ўғлидан бўлак кими бор, йўлдадир!-деди кимдир.

Оломон норози, паст овозда чувиллашди.

— Бир ҳафта келмаган, энди учиб келармиди…
— Садқаи фарзанд кет-э, Она Айиқ ўз боласини кўмганида…эҳ одамзот!!

Ўғил хорижда чиққан енгил машинада қишлоқнинг чанг кўчаларини чангитиб кириб келганида, одамлар қабристондан бош чайқаб, бош чайқаб қайтиб келишаётган эди.

Барот марака кунлари қишлоқда қолганида, келиб-кетаётган одамлар худди синчиклаб тикилаётгандек ўзи туғилган уйнинг харобага айланганлигидан уялиб кетди.

Ахир — Барот Абдуҳазратович шу маҳаллада туғилган- деб эшитганман дейишса, шу чордевор уйни кўрсатишадими…

Ҳовлида шаҳардан олиб келинаётган қурилиш материаллари хирмондек уюлиб қолди.
— Ҳашар қил! Эл-улус ёрдам қилади – деди она.

У яқинларни, қариндош-уруғни ҳашарга айтди. Биров келмади.

У ўзини пешонасига бир тарсаки тушурди-да, деди:
-Эҳ…,одамлар… отамни маракасига келиб овқатланиб кетишни билади, ҳашарга чақирса жони чиқгудек бўлади. Пул бу- дунё эканлиги рост гап-да!

У шаҳардан мардикор ишчиларни ёллаб келди-да, тез кунларда қишлоқдаги энг ҳашаматли уйни тиклатди.

Кунлардан бирида кампир уйдан унутилиб кетган, зарчопонни яна кўтариб чиқди.
— Ўғлим буни кийиб юргин, сен туғилмаслигингдан олдин ният қилгандим.

-Энди, ойи биз тўн киядиган пайтдан ҳам, ёшдан ҳам ўтдик. Ана Хайруллага беринг кийиб юради.- дея ўз уйига кампирга қараш учун кўчириб келтирган жияниини кўрсатди.
Ўғил яна ўзининг таъбири билан айтганда маданийлашмаган, қолоқ қишлоқдан тараққий топган, зиёлинамо шаҳарга йўл олди.

Биродар, эр аёли учун пайғамбаридек гап. Бир замонлар Сулаймон подшонинг қиличидек кесгир ва чаққон бу аёл энди ўша пайғамбарнинг қурт тушган ҳассасидек емирилиб борарди.
Кампир тўшакка ётмади. Қишлоқ одамларининг таъбири билан айтганда “Азроил осон қилди”-ю, ҳеч кимга бу дунёнинг яширинган сирларидан гапирмай, катта бир васиятлар ҳам қилмай, хайр-хушлашмай қўл силтади, кетди. Биров билди, биров билмади.

Биродар, ота-она кишига кўринмас устун. Улардан кейин нимага суянишни билмай, ҳоли бир муддат ҳароб бўларкан одамзотнинг. Ана шунда кичкинагина, ўзинг ясаган сунъий суянчиқларинг ҳам мўрт чиқса, алданиб лойга йиқилиб оломонга кулгу бўларкансан.

Ўғилнинг ҳолатини сувни юқорига олиб чиқиб, сўнгра уни сув йўлига тўкиб бўлгач, бўшаб қолган чархпалакнинг челагига қиёсласа бўларди.

Маст-сармаст гурунгларнинг бирида хотини – Ҳамма нарсага мен туфайли эришдингиз, ёки гапим нотўғрими? Дадамнинг биргина қўнғироғи билан ишга жойлашдингиз, кейинроқ мансабингизни ҳам кўтаришди. Уй ва машина олиб беришди. Сизнинг раҳбар бўлишингиз ҳам дадамнинг уйларидаги бир банкетда ҳал бўлганди…

Ана шунда бу оиланинг устунларига дарз кетди. Аслида ҳам бу оиланинг пойдевори мустаҳкам ҳам эмасди. Кўп ўтмай ишдан ҳам бўшатишди.

Одамлар эса авваллари биринчи бўлиб, унинг қўлини олишни исташган бўлишса, энди янги раҳбар томонга қўл қовуштириб кетишадиган, унинг қўллари эса ҳавога муаллақ қоладиган бўлди.

Барчасидан воз кечди. Ўзида яшириниб ётган, ота-бобосидан ўтган полвонлик ғурури жуда оз бўлсада бор экан-да, биродар. Қўл силтади. Дунёнинг бу каби ишларини тушуниб, англаган одамлар учун эса унинг бу ҳолати ғоят ачинарли, бечораҳол кўринарди. Кўнглига ҳеч нарса сиғмаган бир пайтида, тоғлар орасидаги дўппидеккина қишлоқда қолиб, ҳеч бўлмаганида атрофдаги икки-учта қишлоқда ҳам номи чиқмай умрини кўпини яшаб қўйган дўстлари уни топиб келишди.
* * *

— Ота-она дегани одам учун пуфлаб шиширилган шарга ўхшайди. Бир куни пақ этиб ёриларкану, ҳеч вақо қолмаскан. Биздан оёқ учида узоқлашиб кетишавераркан. Бизни уйғониб, безовта бўлмасин –деркан-да. Улардан сўнг одамзотнинг аксари ғафлатда қолиб, аюҳаннос соларканки, унда кеч бўларкан.

— Жўра, биласанми, онанг умрининг охирги пайтларида бир зарчопонни эгнидан қўймай кийиб юрди. Вафот этишлари арафасида ҳам, бу тўнни тобутимни устига ташланг деган эканлар, айтганларидек қилдик.

-Онамнинг ўзи кийибди — хаёлланди у чуқур бир ғамда ўртаниб.
— Ўша тўннинг ҳам алоҳида ўзини гапи бор. Баротбой сиз биласизми, шуни.

У шу дамда онасидан бошқалар билган, бироқ у билмаган ўша тўннинг тарихини, нега қадрли эканлигини бир бор сўрамаганлигига жуда афсусланди.

* * *

Инсоният тарихида сабаб сўралмайдиган, сўралганда ҳам елка қисиб қўя қолинадиган номли ва номсиз урушлар кўп бўлган. Баротнинг тоғаси ҳарбий хизматдалигида ана шундай урушлардан бири бошланиб, уни ҳам ўша ёққа олиб кетишади. Ҳарбий хизматга кетмаслигидан аввал унга синфдош қизни унаштиришган. Унда ҳам шу ёшларда субутли-субутсиз аҳду-паймонлар ҳам бўлган эди.

Урушдан унинг ўзи эмас, халок бўлганлиги ҳақида бир парча қоғоз келди.

Барча куйди.

Биродар, бу дунё ўлмаганники-деб тўғри айтишган экан.

Ҳамма нарса унутиларкан. Қиз бошқага эрга тегар бўлди ва негадир йигитни ўзига эслатадиган барча нарсага ўт қўйди.

Ўшанда Баротнинг онаси етиб келмаганида, акаси кийиб кўрган, тўйга деб асралган куёвлик тўни ҳам ёниб кетарди ва балки бизнинг сизга айтажак бу ҳикоямиз ҳам бўлмасмиди…

Ўшанда… Баротнинг онаси ўшанда шундай хаёлланганди: – эримга кийдираман, ундан сўнг боламга, набирамга ҳам шу тўнни кийдираман. Одамларнинг кўнгли ўшанда ана шу тўндек ловулласин.

* * *

Яна бир тонг отди. Барот учун бу тонгни тоғ чўққиларидан бирида оттиргани учунми ўзгача эди. Пастда ястаниб ётган улуғ воҳанинг қуёшни қарши олишини томоша қилиб ўтирди. Отар қўтонида бир ўзи қолган, чўпон бирга келган қишлоқлик бошқа жўраларини ўзи билан эргаштириб кетган эди. Унинг хаёлини эшакнинг ҳанграши бузди.

“Айтганча, ахир у жиянини эшагини миниб тоққа чиқиб келган эди-ку.”

Ўрнидан туриб, ўтган оқшом чўпон бола томонидан арқонланган жойда жониворни кўрди.

“Ана у, хайрият-э, кечаги она айиқ… тегинмабди. Ҳартугул бировнинг мулки.

Ҳайвоннинг жули бир томонига оғиб қолган, авваллари шундай ҳолатни кўришганларида, болалар бир-бирларига қарата- фалончабой эшагингиз сумкасини олиб қаёққа кетаяпти- дея шўх қийқиришарди.

Ўша дамларни эслаб, унинг болаликка қайтгиси, ҳаммасини бошидан бошлагиси келди.

Эшакни ўтли жой томонга етаклаб бориб, гулмихини ерга қадади.

Жониворнинг жулини текислаб жулламоқчи бўлди. Тўғрироғи болаликни янада кўпроқ эсламоқчи бўлиб, эшакнинг белтортиғини бўшатди.

Ва унинг устига кичрайтириб, махсус тикилган жулларни бирин-кетин ташлаб, тахлай бошларкан, кўзлари эшакнинг устидаги ўша таниш зарчопонга тушиб унга узоқ тикилиб қолди. Сўнгра уни майин силай бошлади ва ниҳоят ёш болалар сингари ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди.

054

Sarvarbek To’raev
IKKI HIKOYA
065

 Sarvarbek To’raev 1987 yil 18 oktyabrda Surxondaryo viloyati Denov tumanida tug’ilgan. O’zbekiston davlat jahon tillari universiteti xalqaro jurnalistika fakultetinir tamomlagan. Hikoyalari “Yoshlik”, “Saodat”, “Yosh kuch” jurnallarida, “O’zbekiston san’ati va adabiyoti”, “Turkiston”, “Ma’rifat”, “Oltin qalam” gazetalarida, shuningdek “Yoshlik”, “Denov-tafakkur charog’lari” al`manaxlarida chop etilgan. 2010 yilda “Karvonqush” nomli hikoyalar to’plami nashr etilgan. Ayni paytda «Diyor» telekanalining Surxondaryo viloyati bshyicha katta muharriri sifatida faoliyat yuritib kelmoqda.

065

KECH BO’LGANDA

033O’shanda ham noparmon tonglar xuddi shunday otardi va milliardlab yillardan buyon ziyo sochib turgan va dunyo zulmatlarini, qoraliklarini yashirinishiga xizmat qilib kelayotgan bobo quyosh o’shanda ham nuroniy sharqdan chiqib kelardi. O’shanda ham ming yilliklar osha doimo g’aflat domiga tushib yuradigan odamzotga tong otganligini o’z qichqirig’i bilan bildiradigan xo’rozlar ovozi baland tog’lar pinjiga tiqilgan ovulni tutardi. Bugun esa bu manzildagi bir biriga ulanib ketgan uylarga ergashsangiz, katta katta shaharlar tomonga kelib kolganingizni bilmay qolasiz. Shu kunlarda kelinni hovliga shirt-shirt suv sepgani eshitilar va tuproqning muattar hidi hovlini tutardi. Bahor va yoz kunlari quyoshni mana shu qishloq tepasidagi tog’lardagi cho’ponlarning tongda yoqqan gulxani va ko’plar havas qiladigan xonadonning o’zidek ko’rkam, jozibali, halim kelinining suv sepishi uyg’otardi go’yo.

Ana shunda qishloq jonlana boshlar, qaerdandir mashinalar ovozi g’urillagancha yo’lovchilarini do’ppidekkina qishloqdan olib, sertashvish shahar tomon yelib ketardi. Cho’ponlar va cho’ponlarga o’z podasini, qo’yini qo’shishga shoshgan, ust-boshi chang ko’chalarda o’ynaverganidan aftodahol. ishtoni o’rnida turmay, poychasi sudralgan bolakaylar og’ilxonalardan o’z chorvalarini haydab chiqishardi.

Kelin va kuyov to’ydan so’ng oradan bir yillar o’tib, bu qishloq ahli yashashni havas qiladigan shaharga yo’l olishib, serg’alva, sertashvish shahri azimning yuz minglab katta kichik bolalari ichida ko’milib ketdilar. Ularni bu manzilga yetaklab kelgan maqsad ham bir boshqacha edi. Davralarning birida kuyov degichimiz gapdan – gap chiqib, — Falonchiboyga shaharda nima bor edi, pul topaman deb, mardikorlik qilib yuribdi. Hamma boylik mana qishloqda. Bir ketmon urgulik yer ag’darsa, bir siqim bug’doy oladi.-dedi.

— Xo’roz hamma joyga bir xil qichqiradi, birodar. Ammo shaharning ham o’zini qonuni bor. Eplagan, ko’ngan yashaydi. Sizu-bizga yo’l bo’lsin.-dedi allakim.

Biroz shoshqaloqligi bor kuyov, — Istasam, bu shahar tugul, markazga borib ham rizqimni teraman, nima deyapsiz-dedi tutaqib.

Atrofga razm solarkan, unga e’tibor qilgan odamlarning yuz-ifodasidan bu gapga ishonishmayotgandek tuyuldi. U lab tishladi-da:
— Agar shaharga yashay olmasam, erkak emasman.- deya shaxd turib, birov bildi, birov bilmadi, kimdir yelka qisib kuldi, u jo’nadi. Jo’naganda ham ko’ch-ko’ronni ortib, xayr ma’zurni nasiyaga qoldirib jo’nadi.

Aytishganidek, shaharga yashab ketish qiyin emas, ammo hammasini boshidan boshlash qiyin ekan. Atrofda ularni tanishlari uchun yetti yil vaqt ketdi. Endi u uyli joyli bo’lgan, o’sha tonglarni uyg’otgan ayol oliy ma’lumotli va yurish-turishi ibratli teatr xodimasiga, erkak esa o’zining savdo do’koniga ega mulkdor, shaharning olifta kishilaridan biriga aylangan edi.

— Xotinjon,- dedi kunlarning birida — men bir…chetga chiqib kelsammi deb turibman.

Ayol unamadi.
— To’g’ri, shu yerda ham, u yerda ham bir kosa ovqatga qorin to’yadi. Ammo atrofga qara, hamma hashamatli uylar qurib yotibdi. Mashinani turli-tumanini minganlar qancha. Mening ulardan kam joyim yo’q, shekilli.Keyin…o’zimni do’xtirlarga bir ko’rsatmoqchiman…xoxlasang, teatringda ishla, anavi betayin, suyuqoyoq rejissyorning ming’irlishidan ko’ngling bezgan bo’lsa, ishlama.

Ayol mum tishladi. Ular befarzand bo’lganliklari sabab, ayol boylikdan ko’ra farzandli bo’lishni juda istagani sabab unadi.

Er ketdi. Ketganda ham bedarak ketdi. Tog’dan qarindosh-urug’ ayolni erning daragi chiqquncha qishloqqa borib turishga ko’ndirmoqchi bo’lib kelib, quruq qaytib ketishdi.
Ayol endi ishga kelgan paytlari ko’pgina odati, ayniqsa yengiltak ekanligi tufayli ham yoqmaydigan bosh rejissyorning ham xurmacha qiliqlariga anchagina o’rganib ham qolgan edi. Shu tufayli ham avvallari, iste’dodiga qarab emas o’zi xoxlaganiga rol berib, yoqtirmagan odamini, xususan yosh, sahnabop qiyofaga ega, iqtidorli bu aktrisani sahnaga chiqarmaslikka o’rgangan sahna egasi undan endi taniqli san’atkor yaratishga jiddiy bel bog’ladi va unga erishdi ham.

Kunlardan birida erning daragi chiqdi. Ayol telefon orqali bog’lanib erining sog’-calomat ekanligini, ishga taklif etganlar tufayli ko’p qiyinchiliklar ko’rgani va ozod bo’lsada qaytish imkonini topolmayotganligini bildi.

-Kimdan, qanday bo’lmasin qarzga pul ol-da, meni bu do’zaxdan qutqar!-dedi bolalardek yig’lamsirab er, — Senga yana bir yaxshi yangiligim bor, men endi ota bo’la olaman.
— Tinchlaning, sog’-salomat ekansiz. Qiyinchiliklar o’tib ketadiyu Imkonini topaman. Davolandingizmi?

— Yo’q, hali davolanganim ham yo’q….ha, ha davolandim.
— Yaxshi men biror ilojini topaman.

Ayol telefonning o’chirish tugmasini bosar ekan, holsizlandi-da, stulga cho’kdi.

Og’ir kunlarida doimo g’amxo’ri bo’lgan rejissyor uni o’z mashinasida uyiga olib borarkan, ayolning nimadir demoqchi bo’lib, og’iz juftlayotganligini sezib, uning negadir kun sayin to’linlashib ketayotgan oydin yuziga tikildi.

— Sizga iltimosim bor!-dedi ayol nihoyat.
— Jonim sadqa!

— Menga pul bersangiz, oxirgi bor!
— Senga bor boyligim sadqa. Xoxlasam, teatrning barcha xodimi, direktoridan tortib farroshigacha sening xizmatingni qildiraman-a.
— Erimning daragi chiqdi. U o’zga yurtlarda musofirlikda vatanga qaytolmay yurganmish.

Rejissyor cho’chib tushdi va lom-mim demadi. Va davom etib, uyda to’shaklari gijimlagan xonada ham pashsha g’ung’illasa eshitgulik sukunat cho’kdi.

— Men-chi- dedi birdan rejissyor pinagini ham buzmay.
-Munosabatlarimiz buzilmaydi. Faqat pinxona uchrashaveramiz. Chunki nikoh arshda o’qiladi deyishadi. Ota-onam, qaynota-qaynonam shohid edi, ularning ruhi chirqiramasin.

Rejissyor indamay chiqib ketdi.

Ertasida kotiba qiz aktrisaga rejissyor o’z xonasida uni chaqirayotganligini aytganida, ayol uchun anchagina tanish bo’lib qolgan xonaga kirib borarkan, yuragi nedandir tez-tez urardi.

— Shanba, yakshanba kunlari Sangardakdaryo tomonlarga sayrga chiqsak — dedi rejissiyor, derazadan tashqariga qarab, sigaret tutatgancha.
— Faqat…u tomonlarga emas, meni tanib qolishadi.

— Hech kim tanishiga yo’l qo’ymayman. Do’stlarim, hududning ustunlari davrasida o’zimga mos bo’lmagan biror ayol bilan o’tirishim kerakmi…bu menga munosabatingizmi…?
— Faqat…

— Nima faqat, shunga qarab, anavi iltimosingizga javob beraman.

Ayol churq etolmadi.

* * *

O’shanda ham, qalbida g’alayoni borlar yomg’irning yog’ishi, kamalakning turfa rang tovlanishi, quyosh va oyning zaminga yog’du sochish vaqtidagi uyg’unlikni, yaproqning daraxtidan uzilib tushishidan ilhomlanishar, uning mohiyatini qidirishar, dunyoning sarxil ifodasini kuzatishdan erinmasdilar. O’shanda ham yordan xabar kelganda entikilar va qalblarga dilbarlik inardi.

O’sha vaqtlarda xatlar kabutarlar vositasida egasiga yetkazilardi.

Hukmdorning xabarchi kabutarlaridan biri mamlakat shimolidan xabar olib kelganligini shahar bilardi. Boisi shimolga jo’natilgan qo’shin sardori bilan saltanat markazini bog’lab tutuvchi oq kabutar shahar ustida biroz muddat uchib, so’ngra saroyga yo’nalgandi. Avvallari xabar kelganida, xoh u yaxshi, xox u yomon bo’lsin shahar bozorida jarchilar tomonidan tezda o’qib berilardi. Bu gal esa unday bo’lmagan, bu kabi sukutdan xoslardan tashqari barcha saltanat ahli ko’nglida allaqanday g’ulu bor edi.

Kunlarning birida arki a’lodan shahar maydoniga chiqib kelgan jarchining qiyqirig’i olomonni jamladi.

— Saltanat boshiga musibat tushdi,- dedi jarchi,- Shimoldagi sarhadlarimizdan yog’iylarni quvishga ketgan sarkarda Muzaffar g’alaba quchib, ortiga qaytayotganida dushmanning daydi o’qidan halok bo’ldi…

Olomon guvrandi. Chunki saltanat ahli uchun bu sarkarda shohdan-da aziz edi. Shohga davlat jilovini olib bergan ham, uni tutishga ko’maklashayotgan ham, uzoq yaqinga el orini tanitgan ham shu harbiy qo’mondon edi.

— Ulug’ shoh marhum sarkardaning xonadoniga bosh-qosh bo’lmoqchilar…

— Muzaffarxonning joniga shoh qasd qilganligi ayon.- Olomon ichidan noma’lum va qo’rqmas bir kishi tomonidan aytilgan bu gapdan xaloyiq qattiq musibat va beixtiyor g’ayritabiy bir kuch bilan oldinga intildi. Zum o’tmay shahar ko’chalarida aholi va shoh askarlari o’rtasida jang boshlanib ketgandi.

Bu paytda esa sarkarda Muzaffarxonning xotini va endigina tetapoya bo’la boshlagan o’g’li sakkiz-to’qqiz chog’li xos navkarlar qurshovida saltanat sarhadlaridan qochib chiqib ketishayotgan edi.

Sarkarda yurt sarhadlarini goh janub tomonga, goh shimol tomonga kengaytirib borardi. So’nggi paytlarda saroy ahli undan hayiqar, ayonlar uning ortidan fitnalar tayyorlashar, shoh va sarkarda o’rtasida ko’p bor nifoq solishga urinib ko’rishar va aksar hollarda bunga erishar ham edilar.

Muzaffarxon o’g’il farzandli bo’lganida, podshoh o’z saroyida bazm tashkil etdi va o’shanda o’g’liga ism qo’yishni shohning izmiga topshirgan Muzaffarning xotiniga nigohi tushib, ko’zi tinib qoldi.

Kattagina haramga ega hukmdorning halovati yo’qoldi.

— Sarkarda, Muzaffarxon sening nega bo’ying ko’kka etganligi, jangu jadallarda doimo g’alaba qilishing, doimo ismingdek muzaffar bo’lishingning sababini endi bildim,- degandi o’shanda shoh, sharobdan sipqorib o’zini sarmastga olarkan,- Menga shunday ayol tushganida mening qo’limda yetti iqlimning jilovi bo’lardi.

Sarkarda esa zimdan ko’ngliga olib jahllansada, mastlikka yo’ydi.

Shundan so’ng shoh oshiq bo’lib devonaga aylandi. Sharobxo’rlikka berildi-da, she’rlar yozdi. Xudosizga aylanib, Moniymisol suratlar chiza boshladi. Saroyda tez-tez bazmlar tashkil etib, bahonada sarkardaning xonadonini ham taklif qilar, ayol kelganida zug’um ostidagi saroy bekalari va fitnakor ayonlar, qo’shinning sadoqatsiz boshliqlari oldida chinakam qobiliyatga ega masxarabozga aylanardi.

Shoh sarkardani qo’shin ko’rigiga ketganligidan foydalanib, uning ayolini saroyga boshqa bahona bilan chaqirtirib, ko’nglidagini yordi. O’ziga erga chiqib, saroyning bosh malikasi bo’lishini taklif etdi.

Juvon chiroyli, dilbar bo’lganidek, qalbi ham muattar va aqlli edi.

Saroyni tark etarkan, ertasida javob sifatida cho’risidan ikki quloch keladigan arqon jo’natdi.

Shoh juvon yuborilgan arqonning ma’nosini har ne qilsada chaqa olmagach, maslahatchilariga yuzlandi. Ularning esa to’xtami shu bo’ldi.

Juvon- bandi.

Kunlarning birida daf’attan saltanat sohibi qo’shinni mamlakat shimolidagi isyonchi qabilalar ustiga jo’natdi. Sarkarda dunyoi dundan bexabar edi. Ayolning ko’ngli qandaydir xiralikni sezsa-da olib qololmadi.

Muzaffarxon saroydan uzoqlashkan, shoh juvonga yuzlandi.
— Mana, siz bandi emassiz, endi-dedi.

Shunda juvon shoh arqon hikmatini noto’g’ri talqin qilganini angladi va o’zini ham kechirolmay dedi:
— Arqonning ma’nosini har kim o’z fikricha ifodalaydi. Men sizga o’g’ri, kazzob, xiyonatkor undan qo’rqadi, aqlsiz it unga ergashadi, nokas, subutsiz esa unga o’zini osgani yaxshi ekanligini aytmoqchiman.

Shoh g’azablandi va qalb ko’zi ko’rga aylangan bu kimsa endi g’irrom yo’lni tanladi. Jangdan g’alaba bilan qaytayotgan sarkarda Muzaffarxonni yollanma qotil tomonidan o’ldirtirdi.

Oq kabutar shahar osmonida paydo bo’lgan zahoti, sarkarda pinhona qoldirib ketgan yetti zobit uning uyi oldida paydo bo’ldi va ayolni farzandi bilan birgalikda aldamchi yo’llar orqali zudlik bilan saltanat poytaxtidan olib chiqib ketishdi. Saltanat oralab pinhona ikki kun yurishgach, mamlakat shimolidan o’zga yurt sarhadlariga chiqib ketish yo’lida yana bir askar ularga qo’shildi va o’z o’limini va bor yashirin sirni bilgan sarkarda tayin etgan manzilga yo’l olishdi. Bu manzilga purviqor tog’lar orasidagi dara orqali o’tib borilar, baland qoyalik ostidagi o’n – o’n besh chog’li uyga ovul edi.

Juvonga sarkardaning o’lmaganligini, qachonlardir o’zi bu joylarni topib kelishini aytib aldashganligi sabab kutardi. Do’ppidekkina qishloqning yonginasidagi baland qoyalik bag’ridan toshni qoq ikkiga bo’lib sharshara otilib tushardi.

Juvon shuning maftuni edimi, yoki sharsharadan nariroqda tabiiy qoyalikdan kishining alp kelbatini, qiyofasini eslatuvchi kelbattoshni yoriga o’xshatardimi… har ikkisiga oshiqligi bor edi.

Yillar o’tdi. Ayol o’g’liga kelin oldi. Bir etak nabira-chevarali bo’ldi. Kampir keksaydi hamki, kelbattosh va sharsharadan beri kelmasdi. U shu joyda maftunkor sharshara va qoyadagi kelbattoshning shundoqqina poyiga, ularga tikilib bu dunyo bilan vidolashdi.

* * *

— Ana u kelbattosh, mana bu sharshara. Ikkisi oshiq-ma’shuqdek turibdi –dedi tepakal, ko’k va qisiqko’z erkak, o’ziga hamrohliq qilayotgan ko’hlikkina juvonning yelkasidan qo’lini oshirib olarkan, semiz qornini silkitib beo’xshov kuldi –da, yana dedi: — Agar siz istasangiz, biz ham shu joylarda abadiy qolishimiz mumkin.

— Voy, bu yerlarda yashab bo’larkanmi…, dunyoga keldingmi…yayrab, yashnab o’ynab kulib, qol..- tannozlanib kuldi hamrohi.

Bu yerdagi beshovlon, uch erkak va ikki ayolning o’zaro gurunglari-gurunglarga yana va yana ulanardi. Oltinchi ya’ni aktrisaning esa qalbi isyon ko’targan edi.

U zov osti tomonga yurdi. Zilol suvlar hosil qilayotgan sharsharani, undan hosil bo’layotgan kamalakni, qoyaga uzoq tikilib, hamrohlaridan biri imo qilgan tomonga boqib, kelbattoshni topib unga boqdi.

Ko’zlaridan yosh sizdi sharsharaning zilol tomchilari misol. Biroq Kelbattoshga yonma-yon sharsharadan tushayotgan tomchilar haqiqiy va go’zal ko’zyoshlar edi.

Ayol ularga tikilib yolg’izlikda qancha vaqt qolib ketganligini eslolmadi. Shaxd bilan o’rnidan turdi. Endi u hammasiga qo’l siltab, rejissyorni ham kutmay va unga ergashmay yo’l mashinasida o’z uyiga ketadi. Hech kimga qo’g’irchoq bo’lishni ham istamaydi. Hammasi tugadi. U o’z hayotiga yangi davrni boshlaydi.

Ayol katta yo’l yoqasiga tushib bordida, buloqning muzdek suviga yuzini chaydi hamki, mashina signali uni e’tiborini tortdi.

O’girilib, ortda, yo’l yoqasida rejissyor o’z mashinasida uni kutib turganligini ko’rdi-da, beixtiyor o’sha tomon shoshdi.

Rejissyorni yoniga nimtabassum bilan o’tirarkan, rejissyorning past ovozdagi — Kech bo’ldi. – degan gapini eshitdi.
Haqiqatdan ham kech bo’lgandi…..

ZARCHOPON

O’g’lim, bildim, haqiqat
Qahrdan qotib yotar.
Shamol bo’lib hayqirgan,
Bir kun uni uyg’otar.

Qutlibeka

05-Tunlari g’o’ddaygan bu cho’qqilardan pastga qishlog’u-shaharlarga qarasam, ko’nglim buziliblar ketadi…

Barot keng kengliklarni ishg’ol qilgan uylar chiroqlarini jimir-jimiridan qochib, ularga ters qarab yana yonboshladi. U qaragan tomonlarda esa osmonga bo’ylagan, zimiston kechada osmon bilan sarhadlarini ajratib bo’lmaydigan hur qoyaliklar mavjud edi. Biri yonboshlagan, boshqasi cho’nqayib olganlarga falakning va cho’qqilarning birlashib ketgan joyi ko’rinmas, anglanilmas ediki, bunga ularning yaqinginasida ko’kka o’rlayotgan, cho’pon bola yoqqan olovning yorug’i ham sabab edi.

— Onamning zarchoponiga o’xshaydi.

U bu gapni ovoz solib aytimmi-ya,-deb o’zini o’zi koyiy boshladi.

Boshqalar eshitdimikan…biror she’riy satrga yoki qo’shiqqa yo’yishayotgan bo’lsa yaxshiydi.

Bu gap uning ko’ngil tubida ancha mahallardan buyon qamalgan, fursati kelibmi…tuyqus …sirg’alib dunyoga kelgandi.

U shaharda ham ko’p qavatli uyning ayvoniga turib uzoqlarga yoyilib ketgan bu kabi chiroqlarga qarab ham shunday xayollanardi.

Gurung-gurungga ulanadi. Yoqilgan gulxan cho’g’ga va so’ngra kulga aylana boradi. Borliq zulmatning qoq o’rtasi tomon shoshadi.

Bir mahal qorong’ulik qa’ridan cho’ponning iti huradi, otarning boshqa bir tomonidan ikkinchi bir it unga jo’r bo’ladi.

-Shu enag’ar jonga tegdi o’ziyam.- Cho’pon qo’zg’alib o’tirib oladi-da, yana deydi: — O’lib o’lmaydi, qolib qolmaydi.

Mehmonlar bir muddat diqqat qilib ro’pparadagi qoyalik tomondan kelayotgan shox-shabbalarning shitirlashini, mayda shag’al toshlarning shovullab tushayotgandek ovozini eshitdilar.

Hu…hu-lagan qandaydir ovoz atrofdagi metin sukunatni ham buzdi. Tog’ning turli tomonlaridan itlar hurdi, cho’ponlarning –ol-ha-degan qiyqirig’i uzun darani tutdi.

— Bu ayiqmi…?- mehmonlardan biri ovozida biroz hadik bilan so’radi cho’pondan.
-Ayiq, xuddi shunday ovozda sayraydigan qush ham bor. Bizning tog’ xalqimiz u qushni – Hilol deyishadi.

Qayyoqqadir bir muddat g’oyib bo’lgan cho’pon bola paydo bo’lib, gulxanni qayta alangalatdi.
— Ayiq daraning narigi tomonidami?
— Yo’q, yuqorida dara bizga aks-sado qaytaryapti. Bu daralarda go’shtxo’r ayiqlar bo’lmasdi. G’amu-tashvishimiz ham kam edi.

* * *

Sahar turib cho’ponlar gulxan yoqadi. Qoravoyda suv qaynaydi. Tong uyg’onadi. Hayot ham qaynay boshlaydi. Bobotog’dan bosh ko’targan quyoshning ilk zarrin nurlari Surxontog’ga tushadi. Ana
shu ikki tog’ orasidagi keng vohada yashovchilar cho’ponlardan-da bir muddat keyinroq uyg’onadilar. Ana shu tog’larda tunlari izg’igan jonzotlar o’z inlari tomon shoshadilar.

Cho’pon qirning tumshug’ilab yuqoriga o’rlardi. Otar archazor oralab, o’tlab borardi. Shu payt itlar allaqanday shovqinnimi, hidnimi payqab oldinga otildi. Otarning bir qismi ularning yugurigidan hurkib, pastga enib qoldi. Cho’pon ham ovoz solib oldinladi-da, baland xarsangtosh ustiga chiqib, kuchuklar ketgan tomonga razm solib tikila boshladi. Ro’parada archazor yastanib yotardiki, payqash qiyin edi. Nihoyat o’sha tomonda cho’pon avval o’z itlarini, so’ngra undan oldinroqda lapanglab ketayotgan ayiqni va uning bolalarini xira-shiralikda zo’rg’a payqadi.

Yuqoridagi, qo’shni otarning itlari ham vovullab pastga endi, cho’ponlar ham ularni shunday qilishga undashdi.

Ikki tomondan borgan itlar ona ayiq va uning bolalarini o’rashdi. Ona ayiqning metin toqatiga, vazminligiga ham darz keta boshladi. Ortiga qaytib, itlarga tashlandi-da o’kirganicha ularning qurshovini bir zumda yorib tashladi. Ikki it ilojsiz g’ingshib, pastroqda qolaverdi.

Qolgan uch it ayiqvachchalardan biriga tashlanganida g’oyat jahllangan ona ayiq u tomon shoshdi-da, kuchuklar ortga chekinarkan, bolasini tezroq yurishga undab, tumshug’i bilan turtib borardi. Ona oldinladi, bolalari mag’rur ergashdi. Itlar ularni izma-iz ta’qib etib kelaverdi.

U birdan cho’nqayib o’tirgan kuyi oyog’i ostidagi katta-kichik toshlarni pastga turtib yubora boshladi.

Bexosdan… u ko’rmadimi, unutdimi, hayvon ekanligidanmi… ayiqvachchaning shundoqqina tepasidagi yirik xarsangtoshni qo’porib tashladi va kech payqab qolib, o’zi ham pastga otildi. Katta-kichik toshlar…shag’allar…bilan birga ayiqning bolalaridan biri ham dara tubiga enib tushib ketgan edi. Ona ayiq o’kirganicha pastladi-da, hamon izidan qolmayotgan itlardan biriga chang solib bir urib, pastlikka otib yubordi.

Ayiq… uning ketidan ayiqvachchalar ovoz solganicha dara tubi tomonga enib ketishdi.

Cho’pon bu kabi hodisotlarni ko’p ko’rgandir, shundan so’ng hali otarga yetib kelmagan ikki itiga ham achinmagandir, biroq o’shanda o’z bolasini o’ldirib qo’ygan ona ayiqni o’ylab diliga xiralik qo’ngan edi.

Tushga yaqin suvlovga kelgan qo’shni cho’ponlar ham bo’lgan voqeani tinglashgach, — Yaxshi bo’lmabdi-da,- deya afsuslangan edilar. Shu kuni bu daraga hech kim qorasini ko’rsatmadi. Bir ikki o’tinchiga ham cho’ponlar tomonidan boshqa yo’l va tomonlar ko’rsatib qo’yildi. Shu kech borliqqa sukunat cho’mganida tog’dagi cho’pon-cho’liq daradan elas-elas kelayotgan ona ayiqning mungli nolasi ostida, g’amnok shuning bilan birga biroz hadik bilan tayoqlarini, ov miltiqlarini mahkam tutgancha uyquga ketishdi. Ertasi tongdanoq cho’pon hali otarini haydab chiqmasidan avval, uning qo’shiga qishloqning ovchilaridan biri paydo bo’ldi:

— Bu boylikku…shomda eshitib kechasi bilan uyqum kelmadi. Sizga o’xshagan cho’ponlardan biri o’lib yotgan bo’rini yonidan o’tib ketib, falonchini itiga o’xsharkan — dermish. Daraga tushib bormadingizmi?. U bolasini qo’riqlab yotarmidi…ketadi-da.

Ovchi daraga enib ketdi-yu, shu ketishda uni hech kim ko’rmadi. Qishloqdan qaytgan cho’pon bolalardan biri ovchini tuman markazidagi kasalxonaga olib ketishganini, ikki gapning birida o’g’liga ona ayiq yarador bo’lganligini, tezda o’lishini-o’lganida uning terisi-yu, tirnog’igacha o’zi egalik qilishi kerakligini ta’kidlayotganligi haqida gap topib keldi.

-Balki…shundan…ona ayiqning nolakor ovozi kuchaygandir- xayollangandi cho’pon. Biroq boshqa hech kim bu tomonlarga yelkasiga miltiq osib -Ona ayiqni otaman, boylik topaman — deb kelmadi.

Birodar, farzandidan judo bo’lgan onaning g’amnok, g’oyat ko’pchilikka tanish bo’lmagan, so’zini hech kim yozmagan va unga hech kim musiqa bastalamagan nolakor qo’shig’ini tinglaganmisiz…?

Buni faqat ona his qiladi, va ayta oladiki bu xoh ovoz, hoh nola, hoh o’kirish bo’lsin tirik jonni, odamzotni shiddatli evrilishlariga sabab bo’lmasdan qolmaydi.

Bir kuni dara tepasida o’limtik qushlar aylana boshlaganida, cho’ponlar ona ayiqni o’lganga yo’yishdi. Biroq o’sha tun ham odatiydek, o’sha tanish ovoz darani larzaga to’ldiraverdi.

-Darada ayiqning bolasidan asar yo’q! — dedi uning yoncho’ponlaridan biri- Lekin qoyaning shundoqqina ostida do’mpaygan toshlar uyumi bor va tushunishimcha unda ayiq o’z bolasini ko’mgan.
-Bo’lsa bordir! — pichirlaydi cho’pon.

Odatda bu kabi jonivorlar ovga chiqishsa, hammaning, hamma narsaning hattoki osmondagi samolyotning ham o’z yo’li bo’lganidek o’zlarini, o’rganib qolgan yo’llari bo’ylab yurishadi.
Keyingi paytlarda esa o’sha ayiq qirlar ortidan, -hu-hulab yalangliklarga chiqar va daraga yenib ketardi, so’ngra bir muddatdan so’ng yana paydo bo’lib, cho’ponning qo’tonini shundoqqina tepasidan o’z yo’liga davom etib
ketaverardi.

* * *

— Onamning zarchoponi!!!

Bu chopon qachon sandiqning tubiga joylashganini ko’rmagan va eslolmaydi ham.

Bir kuni onasi to’shaklar taxlamini tushurib, jamalagiga doim osib yuradigan kalitcha bilan sandiqni ochganida bu yalt-yult qilayotgan narsaga ko’zi tushgan, e’tiborini tortgan, nima ekanligini so’rashga og’iz juftlaganida ikki taqsimchaga qand-qurs tutqazib,- zing’illab, dadangga yetkaz. Mehmonlarga salom berib kir!-deya jo’natgandi.

O’sha bolakay shu kuni uyga kelgan mehmonlarning kim ekanligini, qanday gurunglar bo’lganligini, salom berib kirdimi, yo’qmi- ular alik olishdimi aniq eslolmaydi.

— Ena, anov to’nmi?- u onasi sandiqni yopib olmasligidan shoshib uyga kirgandi, chunki u doimo qulflog’lik turadigan sandiqning ichidagi noyob narsalar uni qiziqtiradi.

Ona sandiqning tubidan zarli to’nni avaylab oldi, avaylab tutdi, uzoq hidladi, entikib-entikib nafas oldi. Shunda to’nning ichidan bir qog’oz sirg’alib tushdi. Bola uni qo’liga oldi-da, dedi:
-Ichidan manovi rasm tushdi.

Gazetadan qirqib olingan surat parchasi bo’lib, unda qaysidir urushgami,jangohgami ketayotgan tanklar karvoni, ularning har birini ustida jilmayib turgan xushro’y askar yigitlar aks etgandi.

Onasi uning qo’lidagi gazeta parchasini olarkan, rangi oqarinqiradi. Tuyqus ko’zlarida yosh ko’rindi.

-Xotin..! Piyola ham keltirsang-chi, uyda bo’lmasa ana qo’shninikida bordir!- Otasining hazilomuz ovozi keldi qo’shni xonadan. Ayol to’nni ham ichkariga tashlab, sandiqni shosha-pisha yopdi-da, tashqariga otilib chiqib ketdi. Shu bilan u shaharga o’qishga ketdi-yu, sandiqning tubidagi yaltiroq to’nni bolakay unutib yubordi.

Oradan yillar o’tib o’sha bola yigit bo’lib, qishloqqa qaytganida ona taxmonni ag’darib o’sha zarchoponni olib chiqdi. Onaning ko’zlarida tasvirlab bo’lmaydigan xushnudlik zohir edi.
— Buni senga deb atab qo’ygandim!

-Ehhe!- yigit to’nni qo’llariga olib, aylantirib ko’rarkan, — Amir Olimxonning zarbof to’nimi, bu deyman…
— Shuni bir kiyib ko’rgin, senga loyiq kelar.- Ona sabrsizlik bilan o’g’liga uni kiyishni undardi.

— Daqqiyunusdan qolgan to’nni-ya, oyi.
-Bo’yginangga bo’ytumor bolaginam, bu to’nni yigirma ikki yildan buyon asrab kelaman. Uni har ko’rganimda, ko’nglimga qavilayotgangandek ignalar urilib keladi-ya.

— E, bundoq atrofga qarang, hozir to’nu-do’ppi kiyadigan zamonmi-di. To’nu-do’ppining kiyiladigan joyi — janozaxonada-ku.

O’g’il istamaygina uni kiydi. Loyiq keldi.
-Kuyov bo’lsam kiyarman, asrab quyavering-chi!-dedi, qo’ydi.

Ona esa o’g’lining – Ena, bu… juda chiroyli to’n ekanku, shu bois ham yashirib qo’ygan ekansiz-da. Avvalroq chiqarib bersangiz ham mazza qilib, ko’z-ko’z qilib kiyib yurardim.-deyishini kutgandi. Demadi.

Oradan yillar o’tib, tuman markazidan qishloqqa yeltadigan mashinalar turar joyida o’g’il bir ayol bilan paydo bo’ldi.

Toqqa tomon o’rlab borayotgan avtobusning o’rta qatorida o’tirgan o’g’il yo’lovchilar orasida bo’layotgan shivir-shivir gurunglarga ham quloq tutgan, ayol esa tabiatning betakror go’zalligidan sarmast, purviqor qoyaliklarni, daralarni tomosha qilib borardi.

— Tegirmonchining o’g’limi?!. O’zgarib ketibdi-a. Bir zamonlar odamlar o’qiyapti, qishloq xalqiga yordami tegar deyishardi, mana salomini ham bermadi-ku.
— Nega unday deysiz, o’zi yemay yedirgan, ichmay ichirgan Abduhazrat tegirmonchiga kelin olib borayaptiku.- deydi ikkinchisi kinoyanomuz jilmayib.
— Bunday kelinni… eng avvalo o’g’ilni…- qo’l siltaydi birinchi otaxon. Shunda uchinchi birov Barotni eshitib ketayotganligini payqaydi va gapni boshqa yoqqa burib yuboradi.

Ota va ona o’g’ilu-kelinni yaxshi kutib olishdi.

Ona o’zida yo’q xursand, to’yga deb yiqqan bir sandiq matohlarini inqillab-sinqillab narigi xonadan sudrab chiqdi.

-Bu sizga kelinjon, sizga deb ataganidim.

U sandiqdagi bor bisotini uy o’rtasiga ag’daradi.
-Bu hammasi sizga.

Ona kelinini – oyi, rahmat sizga — deyishini juda-juda kutgandi.
Hatto qurg’ur choli ham kelining senga hali shunday deydi,-degandi ham.

Demadi. Uning mato uzatayotgan qo’llarini o’zidan qaytarib, — yo’q shaharga bunaqasidan kiyishmaydi, — dedi.

Onaning qo’llari sandiq tubidagi zarchoponga tegib, uni ham oldi, doimgidek to’yib-to’yib hidladi.
-Buni o’g’lim kiyadi…- dedi nihoyat,- kiymasa, kiydirasiz kelinjon.

— Shu yetmay turuvdi…- uzun qo’ndirma tirnoqlarining qo’porilib tushmasin degandek, qo’l uchida to’nni tutgan kelini o’g’liga qarab ihtehzoli jilmaydi-da, yana dedi:
— Ishxonaga kiyib borsangiz-a.

O’g’il va kelin miriqib kulib olishdi.

Ona o’g’lining bu gal ham zarbof to’nni kiymaydigandek tuyulganidan so’ng, xomush tortib choliga bir nima desangiz-chi-degandek iltijoli boqdi.

— Onasi…kiyadi, olib ketadi!- dedi chol qat’iy ohangda. Shunda onaning ko’ngli borliqda yomg’irdan so’ng chiqqan qo’yoshdek yashnab ketadi.
— Voy, bizni haydayapsizlarmi?-kelin daf’atan so’radi ulardan.
— Nega haydarkanmiz, sizlarni bosgan izingiz ko’zimizga to’tiyoku, bolajon – girdikapalak bo’ldi ona.

Cholning polvon ori kelib, yuzini osmonga bo’ylagan tog’larga qaratib mum tishlab o’tiradi. U shu kunlarda yanada munkayib qolgandek tuyuladi.

Kelgandar ketishga taraddud ko’radi. Ona sandiqda asraganlari bilan ularning tugunini qappaytiradi. Kelin lab burib ayvonda o’tiraveradi. Chol-ziyrak ko’z bilan yonboshlagan kuyi –
O’g’lim qayerda bo’lsang ham boshing toshdan bo’lsin!-deydi-da, ketayotganlarni kuzatgani ham chiqmaydi.

Kampir esa o’g’li va kelinini avtobusgacha kuzatib qo’yarkan, uning holati tilla topgan gadoyni eslatardi. Avtobus o’rnidan jiladi. Kampir uning ortidan qo’l silkib ancha joygacha chopib boradi.
Qishloq odamlari ularga ham tomosha, ham biroz achinish bilan boqadilar. Oradan oylar o’tib ona ko’rpa-to’shaklar orasidan kelini “Olib ketayapman” –deya aldagan o’sha zarchoponni topib olib, ko’zida yosh halqalandi, o’krab-o’krab yig’ladi.

— Qo’ygin, yig’lama, nevaralar kiyar, hali bularing hayotni qand deb, uni yeb yurganlardan…Esi kirib, qadrlab qolar. Qadr topibdi-yu, qadrlashni bilmabdi-da.- yupatadi chol.

O’g’ilning shu bilan, o’zining aytishicha – ishi ko’payganligidanmi, katta bir tashkilot — uning og’zidan chiqadigan gapga qarab turganligidanmi, o’sha tomonlarda ildiz otib, o’sha ildizlarni shaqirlatib olib kelishga kuchi yetmayotganligidanmi “gadoy topmas bu tomonlardan” oyog’i butunlay uzilib ketdi.

Cholni keksalikmi, kasallikmi, o’ylovmi, tomoqmi to’shakka yiqitdi.

Olis shaharda yashayotgan o’g’liga bu xabarni yetkazish ham ancha dushvorliklarni keltirib chiqardi.

— Biz eringizni qishlog’idanmiz, gap bor!- deyishganida xotini, — Biz Barotjonni qishlog’idanmiz, u kishini chaqirib bering! –deyishsa kotiba qiz telefonni go’shakka qo’yib qo’yaverdi.

O’sha shaharda o’qiydigan, faqat televizordan ko’rgan bo’lsada, Barot Abduhazratovich bizning tomonlardan deb faxrlanib yuradigan talaba yigit uning ishxonasini eshigini oldida kuta-kuta tushlik payti bo’lganda otaning kasalligini aytdi-da, bir vaqtlar tanishishni maqsad qilib qo’yganidan voz kechib tez-tez yurgancha ketib qoldi.

O’g’il bugun boraman, ertaga boraman! — deb yurdi-da, cholning janozasiga ham yetolmadi.

— Ozroq kutaylik, bitta o’g’lidan bo’lak kimi bor, yo’ldadir!-dedi kimdir.

Olomon norozi, past ovozda chuvillashdi.

— Bir hafta kelmagan, endi uchib kelarmidi…
— Sadqai farzand ket-e, Ona Ayiq o’z bolasini ko’mganida…eh odamzot!!

O’g’il xorijda chiqqan yengil mashinada qishloqning chang ko’chalarini changitib kirib kelganida, odamlar qabristondan bosh chayqab, bosh chayqab qaytib kelishayotgan edi.

Barot maraka kunlari qishloqda qolganida, kelib-ketayotgan odamlar xuddi sinchiklab tikilayotgandek o’zi tug’ilgan uyning xarobaga aylanganligidan uyalib ketdi.

Axir — Barot Abduhazratovich shu mahallada tug’ilgan- deb eshitganman deyishsa, shu chordevor uyni ko’rsatishadimi…

Hovlida shahardan olib kelinayotgan qurilish materiallari xirmondek uyulib qoldi.
— Hashar qil! El-ulus yordam qiladi – dedi ona.

U yaqinlarni, qarindosh-urug’ni hasharga aytdi. Birov kelmadi.

U o’zini peshonasiga bir tarsaki tushurdi-da, dedi:
-Eh…,odamlar… otamni marakasiga kelib ovqatlanib ketishni biladi, hasharga chaqirsa joni chiqgudek bo’ladi. Pul bu- dunyo ekanligi rost gap-da!

U shahardan mardikor ishchilarni yollab keldi-da, tez kunlarda qishloqdagi eng hashamatli uyni tiklatdi.

Kunlardan birida kampir uydan unutilib ketgan, zarchoponni yana ko’tarib chiqdi.
— O’g’lim buni kiyib yurgin, sen tug’ilmasligingdan oldin niyat qilgandim.

-Endi, oyi biz to’n kiyadigan paytdan ham, yoshdan ham o’tdik. Ana Xayrullaga bering kiyib yuradi.- deya o’z uyiga kampirga qarash uchun ko’chirib keltirgan jiyaniini ko’rsatdi.
O’g’il yana o’zining ta’biri bilan aytganda madaniylashmagan, qoloq qishloqdan taraqqiy topgan, ziyolinamo shaharga yo’l oldi.

Birodar, er ayoli uchun payg’ambaridek gap. Bir zamonlar Sulaymon podshoning qilichidek kesgir va chaqqon bu ayol endi o’sha payg’ambarning qurt tushgan hassasidek yemirilib borardi.
Kampir to’shakka yotmadi. Qishloq odamlarining ta’biri bilan aytganda “Azroil oson qildi”-yu, hech kimga bu dunyoning yashiringan sirlaridan gapirmay, katta bir vasiyatlar ham qilmay, xayr-xushlashmay qo’l siltadi, ketdi. Birov bildi, birov bilmadi.

Birodar, ota-ona kishiga ko’rinmas ustun. Ulardan keyin nimaga suyanishni bilmay, holi bir muddat harob bo’larkan odamzotning. Ana shunda kichkinagina, o’zing yasagan sun’iy suyanchiqlaring ham mo’rt chiqsa, aldanib loyga yiqilib olomonga kulgu bo’larkansan.

O’g’ilning holatini suvni yuqoriga olib chiqib, so’ngra uni suv yo’liga to’kib bo’lgach, bo’shab qolgan charxpalakning chelagiga qiyoslasa bo’lardi.

Mast-sarmast gurunglarning birida xotini – Hamma narsaga men tufayli erishdingiz, yoki gapim noto’g’rimi? Dadamning birgina qo’ng’irog’i bilan ishga joylashdingiz, keyinroq mansabingizni ham ko’tarishdi. Uy va mashina olib berishdi. Sizning rahbar bo’lishingiz ham dadamning uylaridagi bir banketda hal bo’lgandi…

Ana shunda bu oilaning ustunlariga darz ketdi. Aslida ham bu oilaning poydevori mustahkam ham emasdi. Ko’p o’tmay ishdan ham bo’shatishdi.

Odamlar esa avvallari birinchi bo’lib, uning qo’lini olishni istashgan bo’lishsa, endi yangi rahbar tomonga qo’l qovushtirib ketishadigan, uning qo’llari esa havoga muallaq qoladigan bo’ldi.

Barchasidan voz kechdi. O’zida yashirinib yotgan, ota-bobosidan o’tgan polvonlik g’ururi juda oz bo’lsada bor ekan-da, birodar. Qo’l siltadi. Dunyoning bu kabi ishlarini tushunib, anglagan odamlar uchun esa uning bu holati g’oyat achinarli, bechorahol ko’rinardi. Ko’ngliga hech narsa sig’magan bir paytida, tog’lar orasidagi do’ppidekkina qishloqda qolib, hech bo’lmaganida atrofdagi ikki-uchta qishloqda ham nomi chiqmay umrini ko’pini yashab qo’ygan do’stlari uni topib kelishdi.
* * *

— Ota-ona degani odam uchun puflab shishirilgan sharga o’xshaydi. Bir kuni paq etib yorilarkanu, hech vaqo qolmaskan. Bizdan oyoq uchida uzoqlashib ketishaverarkan. Bizni uyg’onib, bezovta bo’lmasin –derkan-da. Ulardan so’ng odamzotning aksari g’aflatda qolib, ayuhannos solarkanki, unda kech bo’larkan.

— Jo’ra, bilasanmi, onang umrining oxirgi paytlarida bir zarchoponni egnidan qo’ymay kiyib yurdi. Vafot etishlari arafasida ham, bu to’nni tobutimni ustiga tashlang degan ekanlar, aytganlaridek qildik.

-Onamning o’zi kiyibdi — xayollandi u chuqur bir g’amda o’rtanib.
— O’sha to’nning ham alohida o’zini gapi bor. Barotboy siz bilasizmi, shuni.

U shu damda onasidan boshqalar bilgan, biroq u bilmagan o’sha to’nning tarixini, nega qadrli ekanligini bir bor so’ramaganligiga juda afsuslandi.

* * *

Insoniyat tarixida sabab so’ralmaydigan, so’ralganda ham yelka qisib qo’ya qolinadigan nomli va nomsiz urushlar ko’p bo’lgan. Barotning tog’asi harbiy xizmatdaligida ana shunday urushlardan biri boshlanib, uni ham o’sha yoqqa olib ketishadi. Harbiy xizmatga ketmasligidan avval unga sinfdosh qizni unashtirishgan. Unda ham shu yoshlarda subutli-subutsiz ahdu-paymonlar ham bo’lgan edi.

Urushdan uning o’zi emas, xalok bo’lganligi haqida bir parcha qog’oz keldi.

Barcha kuydi.

Birodar, bu dunyo o’lmaganniki-deb to’g’ri aytishgan ekan.

Hamma narsa unutilarkan. Qiz boshqaga erga tegar bo’ldi va negadir yigitni o’ziga eslatadigan barcha narsaga o’t qo’ydi.

O’shanda Barotning onasi yetib kelmaganida, akasi kiyib ko’rgan, to’yga deb asralgan kuyovlik to’ni ham yonib ketardi va balki bizning sizga aytajak bu hikoyamiz ham bo’lmasmidi…

O’shanda… Barotning onasi o’shanda shunday xayollangandi: – erimga kiydiraman, undan so’ng bolamga, nabiramga ham shu to’nni kiydiraman. Odamlarning ko’ngli o’shanda ana shu to’ndek
lovullasin.

* * *

Yana bir tong otdi. Barot uchun bu tongni tog’ cho’qqilaridan birida ottirgani uchunmi o’zgacha edi. Pastda yastanib yotgan ulug’ vohaning quyoshni qarshi olishini tomosha qilib o’tirdi. Otar qo’tonida bir o’zi qolgan, cho’pon birga kelgan qishloqlik boshqa jo’ralarini o’zi bilan ergashtirib ketgan edi. Uning xayolini eshakning hangrashi buzdi.

“Aytgancha, axir u jiyanini eshagini minib toqqa chiqib kelgan edi-ku.”

O’rnidan turib, o’tgan oqshom cho’pon bola tomonidan arqonlangan joyda jonivorni ko’rdi.

“Ana u, xayriyat-e, kechagi ona ayiq… teginmabdi. Hartugul birovning mulki.

Hayvonning juli bir tomoniga og’ib qolgan, avvallari shunday holatni ko’rishganlarida, bolalar bir-birlariga qarata- falonchaboy eshagingiz sumkasini olib qayoqqa ketayapti- deya sho’x qiyqirishardi.

O’sha damlarni eslab, uning bolalikka qaytgisi, hammasini boshidan boshlagisi keldi.

Eshakni o’tli joy tomonga yetaklab borib, gulmixini yerga qadadi.

Jonivorning julini tekislab jullamoqchi bo’ldi. To’g’rirog’i bolalikni yanada ko’proq eslamoqchi bo’lib, eshakning beltortig’ini bo’shatdi.

Va uning ustiga kichraytirib, maxsus tikilgan jullarni birin-ketin tashlab, taxlay boshlarkan, ko’zlari eshakning ustidagi o’sha tanish zarchoponga tushib unga uzoq tikilib qoldi. So’ngra uni mayin silay boshladi va nihoyat yosh bolalar singari o’ksib-o’ksib yig’lashga tushdi.

054

(Tashriflar: umumiy 326, bugungi 1)

Izoh qoldiring