“Ҳали ҳаёт чоғларида отамдан эшитганларимнинг айримларини ўз ҳолича, айнан қоғозга тушириб қўйган эдим. Орадан анча ўтгач, ўқиб қарасам, бу ёзувлар кўзимга тўтиёдек кўринди”, деб ёзган эди суюкли ёзувчи Неъмат Аминов бундан 20 йилча аввал нашр этилган ва падари бузруквори — халқ донишмандлигини мужассам этган уста Амин бобо Нуруллобой ўғли айтган нақллар жамланган “Бир аср ҳикояти” (“Темирчининг тиллолари”) китоби сўзбошисида.
Неъмат Аминов
ТЕМИРЧИНИНГ ТИЛЛОЛАРИ
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Неъмат Аминовнинг (1937 — 2005) “Бир аср ҳикояти” (“Темирчининг тиллолари”) китоби (“Ўзбекистон” нашриёти, 1995) чоп этилганига йигирма йил бўлибди. Мазкур нашрнинг илк саҳифасидаги “Муаллифдан” сўзбошисида: “Иншооллоҳ, бу битикларни ҳам ўқийдиганлар топилар”, дейилган. Орадан ўтган вақт бу битикларни излаб топиб ўқийдиганлар бисёрлигини тўлиқ исботлади. Чунки бу китоб ҳалоллик, меҳнатсеварлик, сабр-қаноатдан сўзлайди. Халқ донишмандлигини мужассам этган уста Амин бобо Нуруллобой ўғли — элимизнинг суюкли ёзувчиси Неъмат Аминовнинг падари бузруквори айтган нақллар бугунги кун одамлари, айниқса, ёшлар жон қулоғи билан тинглаши лозим бўлган чўнг ҳаётий ҳикматлар. Бу нақллар ўқилганда худди мўйсафид донишманд меҳр нигоҳини тикиб сиз билан гурунглашаётгандай таассурот қолади. Бундай рисолалар ўқилмайди, балки сукут сақлаб, эътибор билан тингланади. Чунки уларда минг йиллар оша келаётган халқ даҳосининг ҳаёт фалсафаси содда, самимий тарзда ўз ифодасини топган.
* * *
— Отахон, мана, тўқсон олти ёшга кирибсиз, сизнингча, узоқ яшашнинг сири нимада?
— Нима дейди?
— Узоқ яшашнинг сири нимада, деб сўраяптилар.
— Ҳа-а… сирини билмайман. Парвардигор мани йўқ жойдан бунёд этди: қўл берди, оёқ берди, кўз берди, қулоқ берди, ризқу рўз берди, покдомон хотин насиб этди, ақли комил фарзандларни берди. Бир умр шукр қилиб яшадим. Узоқ умр берди, унинг сирини ҳам ўзи билади-да, мухбир бачам. Энг олий сирдон Яратганнинг ўзи.
* * *
Тўқсон олтига кирдим. Кўзим хира, қулоғим эшитмайди, оёқларимда дармон йўқ. Билмадим, бир куни қарисам, нима бўларканман?
* * *
Отам раҳматли жуда миришкор деҳқон эдилар. Ҳар баҳорда қовун экканларида икки-уч жўяга зомича(ҳандалак), яна бир парча ерга исли зомича экардилар. Ҳаммадан аввал ана шу исли зомича сарғайиб пишарди. Уни еб бўлмасди: фақат ҳидлардийиз. Бирам хушбўй, бирам черайли эдики, қўлтиғингизга биттасини солиб юрсангиз, шамол кунлари ҳиди бир чақиримга тараларди. Одамлар қовун пишмасданоқ унинг ҳидидан мазза қилардилар.
Онам раҳматли бир куни Мукаррам опамга, ана бу исли зомичага суқ билан қараб, тез-тез искаб тур, буни иси юрак ўйноғига даъво, яна бўйингдаги бачанг ҳам қувват олади, деганлари кечагидай эсимда… Кейин билсам, қариларнинг ҳар бир гапи ҳикмат экан…
* * *
— Неъмат!
— Лаббай, ота?
— Нечага кирдинг?
— Эллик бешга.
— Она қорни билан эллик олтига-да? Демак, камида эллик йиллик гапни ақлинг олса керак. Энди айт-чи, мани бирор марта арақ ичганимни кўрганмисан?
— Йўқ.
— Ёмон йўлга юрганимни ёки бировни ҳаққини еганимни кўрганмисан?
— Йўқ.
— Унда нега арақ ичасан?
— Кўп ичмайман-ку, ота… Энди, кеча меҳмонлар билан жиндай…
— Худою пайғамбар ҳаром қилган нарсани нега ичасан? Ахир, арақнинг ўзи кўзачага қамалган жин-ку! Яна жиндай дейди-я…
* * *
Бодом гуллади, шафтолию зардоли гуллади, олма гуллаб ҳосил тугди, сан қачон гуллайсан, Болта? Ахир, сан тенгиларнинг кўпчилиги бола етаклаб юрибди…
* * *
— Саид Аҳмад, бу Саидахоннинг вафотларига қанча бўлди?
— Йигирма йил.
— Сизгаям қийин бўлди-да ука. Ҳа, биров олдин, биров кейин, нима қиламиз энди, тақдири азал шу экан-да. Айтмоқчи, нечага бордингиз, ука?
— Йилим қўй, етмиш учга кирдим.
— Ўҳ-ҳў, ҳали ёш бола экансиз.
* * *
Онангни туш кўрибман, ўғлим. Ясанган-тусанган эмиш. Черайли, кулибгина турибди раҳматли. «Ҳа, онаси, пасонла зўр-ку!»— дебман. «Ҳалиям рашкингиз қолмабди-да, Муҳаббатдан бир хабар олиб келай», дермиш. Э, ана… опангни ўзи келиб қолди. Болта… Муҳаббат, тезда бориб онангни қабрига дуойи-фотиҳа қилиб келинглар, тушимга кирибди, руҳи очиққанга ўхшайди.
* * *
Эсингда бўлсин, кўпам «Э, худо», «Э, Оллоҳ» дейишга одатланма. «Э»да иддао бор. Парвардигорга зурна қилмоқчи бўлсанг «Ё, худо!» «Ё, Оллоҳ!» — де. Шуниси тузукроқ…
* * *
Бу дунёга келиб, уч нарсадан ҳазар қилдим: биринчиси — тилло, иккинчиси милтиғу таппонча, учинчиси — қадаҳ. Шу учаласини қўлимга олмадим.
* * *
Темирчи бўлиб пичоқ ясамадим, қурол ясамадим. Ўроғу кашкорд ясадим — одамлар буғдой ўрсин деб. Кетмону бел пешладим — деҳқонлар ариқ қазиб, сув тарасин деб. Кў-ўп капкир ясадим. Яна-чи, асов отларни тақаладим — жониворларнинг туёққиналари оғримасин деб.
* * *
Зинҳор-базинҳор бировни қарғашга одатланма. Худога хуш келмас экан. Оллоҳ таоло: «Мен яратган бандани қарғашга сани нима ҳаққинг бор, яхши-ёмон қилмишини ўзим кўриб турибман-ку, қандай жазога лойиқлигини ҳам ўзим биламан», деркан.
* * *
Қишлоғимиздаги муфти Соли раҳматли бир гапни такрорларди. Одамизодда уч хислат бўлиши — мукаммаллик аломати экан. Булар: нутқи тома, зийнати жома, маъқули омма. Яъники, бу — нутқинг дона-дона, равон бўлсин, чопонинг тоза ва кўримли бўлсин, ўзинг эса ёқимли, маъқул бўл, дегани экан.
* * *
— Неъматулло!
— Лаббай, ота?
— Бу, Шариф Нурхон деган шоир чиқибдими? Кеча радиёлда жуда баъмани шеър ўқиди-да, «Ота-онанг» деган. Сен билан танишлиги бор экан, бирон кун олиб кел, чақ-чақлашиб кетади… Бошқа арақхўр шоир жўраларингни илакиштирма, бир ўзини айт, яна анжуман қилиб юрма.
* * *
— Неъмат, бу, сан гапирган кишилар қўл остингда, жамоангда ишлайдими?
— Ҳа.
— Санга бир гапни айтаман. Эсингда тут. Бошлиқ деган ўз жамоасининг кўрпаси бўлиши керак. Яхшисини ҳам, ёмонини ҳам кўрпа бўлиб устини ёпсин. Наинки ҳаммага достон қилиб юрса?
* * *
Буқанинг ипи узун бўлса, деворни тешаркан.
* * *
— Элмурод!
— Лаббай, тоғо бобо?
— Сизга бир гап айтаман, ёдингизда тутинг. Қаранг, Оллоҳ Президентимизнинг кўнглига солибдики, сизга туман ҳокимлигини ишониб топшириб қўйибди. Қўлингиз истаган нарсага етади. Аввало, икки нафсга эҳтиёт бўлинг. Кейин, товуқнинг тухумини енг-у, зинҳор ўзини ейишга одатланманг. Сиздан олдингилар нафақат товуқнинг ўзини, балки эгасини ҳам қўшиб еб юборганлар. Кўриб турибсиз-ку уларнинг аҳволини…
* * *
Зинҳор гаворани (бешикни) чақолоқсиз тебратгулик қилмасин экан.
* * *
— Онанг билан турибсанми, Лайлош?
— Йўқ, усто бобо, онам “дом”да турибдилар. Келин ҳовлига сиғдирмади.
— Онангни тўппидек қорнига сан тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат, тўққиз дақиқа сиққанда, онанг сенинг ҳайҳотдек ҳовлингга сиғмабди-да!?
* * *
Ҳаво булут бўлса, икки киши гуноҳкор бўларкан. Чунки биттаси: “Ёмғир ёғади” деса, иккинчиси: «Йўқ, ёмғир ёғмайди», дейди. Гумроҳ бандалар-да, “Худо билади”, деса-ку бўлади.
* * *
Юзма-юз келганда сандан аттайи салом кутган такаббур кишига албатта салом бер, бир еринг камайиб қолмайди.
* * *
Раҳматли Шариф Нурхон Бухорода яшаб, қашшоқликда ўлиб кетган Наққош гадо деган шоирнинг бир байтини тез-тез такрорлаб юрарди:
Кўп бўлсаям кетади,
Кам бўлсаям етади.
Энг катта бойлик — бу қаноат.
* * *
Зинҳор бу ёлғончи дунёда ўликдан жон, гадойдан садақа, хасисдан насиба, товуқдан сут сўраманглар.
* * *
Текин теша хуржун тешар.
* * *
Жиянларимдан бири уч яшар ўғилчасини белига миндириб олиб уй ўртасида эмаклаб юрар, бола қийқириб: «Ишша-ишша… хих!» дер эди. Бу ҳолни кузатиб турган отам мийиқларида кулиб:
— Ўғлингга эшак минишни ўргатяпсанми? — дедилар унга, — «Ишша… хих!» ни ўргатгунча «Чуҳ» дейишни ўргат, шунда ўзинг ҳам от ўрнига эшак бўлмайсан, ўғлинг ҳам ҳақиқий чавандоз бўлиб етишади.
* * *
— Э, қўй мани, кўп азоб берма. Емайман… Ғазал ўқиб бўлинди. Қани, қўлингни бер, тайлоғим… Бу дунёда энди қиладиган ишим қолмади. Бундай ўйлаб қарасам, отамдан кўп яшадим, онамдан кўп яшадим, акамдан кўп яшадим, синглимдан кўп яшадим, яккаю ягона укам бориди, уям бултур оламдан ўтди… Бўлди-да, энди, яна нима керак манга? Фақат, дуо қилинглар. Оллоҳ таоло имонимни басаломат қилсин…
* * *
Отажон, оғзингизни очинг, икки дона узум енг.
— Емайман…
— Келинг, йўқ деманг энди.
— Онажоним, барражоним, эрка қизим, қўй энди, мани кўп қийнама…
— Йўқ деманг, биттагина енг.
— Хўп… ана… уф… қалай, маладес бўлдимми энди?
* * *
— Бобожон!
— Жоним, жоним! Дилбаржон…
— Бир тилим қовун ейсизми?
— Ҳай… бўлди, онажоним, барака топ, икки дунёнг сероб бўлсин.
— Қолганини ҳам енг, бобожон.
— Бўлди, барражоним, худойим тақдир қилган бўлса қолганини жаннатда ерман.
* * *
— Ўзингга шукр, Парвардигор, берган ноз-неъматларингга шукр, Художон, берган умринг, берган ҳар нафасинг, берган дардгиналаринг учун шукр, Художон… Неъмат… шу ердамисан, қўзим, бизларни раҳматли Чориқулбой ҳам қўзиларим, дерди. Қани, қўлингни бер, манга қара. Ҳаммаси намоздан кейин тугайди… Дастлаб Самад муаллимга хабар қўйинглар. Манга алифбони ўргатган. Жанозани ихтиёрини Кароматовга қўй. Амон келтирган ўзбекча Қуръонни домодинг Аҳматга бер, ўқисин… Қоқиштувондан усто Нурбойни айттиринглар…
— Ахир, у киши…
— Э, э… гапимга қулоқ сол, ўзи ўлган бўлса, ўғли, ака-укалари бор… Шофирконга, усто Қудратга тилпон қилинглар… Теша бобога мошин юборинглар… Мандан ҳеч қўрқма… фақат омонатни соғ-омон Ҳаққа топшира олсам бўлди… Тана, ана шу тана қолади… Ҳеч нарсадан қўрқма… лаҳатга жасадимни ўзинг қўй, тайлоғим…
Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 37-сон
Ne’mat Aminov
TEMIRCHINING TILLOLARI
O‘zbekiston xalq yozuvchisi, atoqli adib Ne’mat Aminovning (1937 — 2005) “Bir asr hikoyati” (“Temirchining tillolari”) risolasi (“O‘zbekiston” nashriyoti, 1995) chop etilganiga yigirma yil bo‘libdi. Mazkur nashrning ilk sahifasidagi “Muallifdan” so‘zboshisida: “Inshoolloh, bu bitiklarni ham o‘qiydiganlar topilar”, deyilgan. Risolani o‘qish jarayonida bu bitiklarni izlab topib o‘qiydiganlar bisyorligiga amin bo‘lamiz. Chunki bu kitob halollik, mehnatsevarlik, sabr-qanoatdan so‘zlaydi. Xalq donishmandligini mujassam etgan usta Amin bobo Nurulloboy o‘g‘li — elimizning suyukli yozuvchisi Ne’mat Aminovning padari buzrukvori aytgan naqllar bugungi kun odamlari, ayniqsa, yoshlar jon qulog‘i bilan tinglashi lozim bo‘lgan cho‘ng hayotiy hikmatlar. Bu naqllar o‘qilganda xuddi mo‘ysafid donishmand mehr nigohini tikib siz bilan gurunglashayotganday taassurot qoladi. Bunday risolalar o‘qilmaydi, balki sukut saqlab, e’tibor bilan tinglanadi. Chunki ularda ming yillar osha kelayotgan xalq dahosining hayot falsafasi sodda, samimiy tarzda o‘z ifodasini topgan.
“Hali hayot chog‘larida otamdan eshitganlarimning ayrimlarini o‘z holicha, aynan qog‘ozga tushirib qo‘ygan edim. Oradan ancha o‘tgach, o‘qib qarasam, bu yozuvlar ko‘zimga to‘tiyodek ko‘rindi”, deb yozgan edi muallif. Darhaqiqat, ko‘zlarga to‘tiyo aylasa arzigulik naqllarning bir qismi quyida e’tiboringizga taqdim etilayotir.
* * *
— Otaxon, mana, to‘qson olti yoshga kiribsiz, sizningcha, uzoq yashashning siri nimada?
— Nima deydi?
— Uzoq yashashning siri nimada, deb so‘rayaptilar.
— Ha-a… sirini bilmayman. Parvardigor mani yo‘q joydan bunyod etdi: qo‘l berdi, oyoq berdi, ko‘z berdi, quloq berdi, rizqu ro‘z berdi, pokdomon xotin nasib etdi, aqli komil farzandlarni berdi. Bir umr shukr qilib yashadim. Uzoq umr berdi, uning sirini ham o‘zi biladi-da, muxbir bacham. Eng oliy sirdon Yaratganning o‘zi.
* * *
To‘qson oltiga kirdim. Ko‘zim xira, qulog‘im eshitmaydi, oyoqlarimda darmon yo‘q. Bilmadim, bir kuni qarisam, nima bo‘larkanman?
* * *
Otam rahmatli juda mirishkor dehqon edilar. Har bahorda qovun ekkanlarida ikki-uch jo‘yaga zomicha(handalak), yana bir parcha yerga isli zomicha ekardilar. Hammadan avval ana shu isli zomicha sarg‘ayib pishardi. Uni yeb bo‘lmasdi: faqat hidlardiyiz. Biram xushbo‘y, biram cherayli ediki, qo‘ltig‘ingizga bittasini solib yursangiz, shamol kunlari hidi bir chaqirimga taralardi. Odamlar qovun pishmasdanoq uning hididan mazza qilardilar.
Onam rahmatli bir kuni Mukarram opamga, ana bu isli zomichaga suq bilan qarab, tez-tez iskab tur, buni isi yurak o‘ynog‘iga da’vo, yana bo‘yingdagi bachang ham quvvat oladi, deganlari kechagiday esimda… Keyin bilsam, qarilarning har bir gapi hikmat ekan…
* * *
— Ne’mat!
— Labbay, ota?
— Nechaga kirding?
— Ellik beshga.
— Ona qorni bilan ellik oltiga-da? Demak, kamida ellik yillik gapni aqling olsa kerak. Endi ayt-chi, mani biror marta araq ichganimni ko‘rganmisan?
— Yo‘q.
— Yomon yo‘lga yurganimni yoki birovni haqqini yeganimni ko‘rganmisan?
— Yo‘q.
— Unda nega araq ichasan?
— Ko‘p ichmayman-ku, ota… Endi, kecha mehmonlar bilan jinday…
— Xudoyu payg‘ambar harom qilgan narsani nega ichasan? Axir, araqning o‘zi ko‘zachaga qamalgan jin-ku! Yana jinday deydi-ya…
* * *
Bodom gulladi, shaftoliyu zardoli gulladi, olma gullab hosil tugdi, san qachon gullaysan, Bolta? Axir, san tengilarning ko‘pchiligi bola yetaklab yuribdi…
* * *
— Said Ahmad, bu Saidaxonning vafotlariga qancha bo‘ldi?
— Yigirma yil.
— Sizgayam qiyin bo‘ldi-da uka. Ha, birov oldin, birov keyin, nima qilamiz endi, taqdiri azal shu ekan-da. Aytmoqchi, nechaga bordingiz, uka?
— Yilim qo‘y, yetmish uchga kirdim.
— O‘h-ho‘, hali yosh bola ekansiz.
* * *
Onangni tush ko‘ribman, o‘g‘lim. Yasangan-tusangan emish. Cherayli, kulibgina turibdi rahmatli. «Ha, onasi, pasonla zo‘r-ku!»— debman. «Haliyam rashkingiz qolmabdi-da, Muhabbatdan bir xabar olib kelay», dermish. E, ana… opangni o‘zi kelib qoldi. Bolta… Muhabbat, tezda borib onangni qabriga duoyi-fotixa qilib kelinglar, tushimga kiribdi, ruhi ochiqqanga o‘xshaydi.
* * *
Esingda bo‘lsin, ko‘pam «E, xudo», «E, Olloh» deyishga odatlanma. «E»da iddao bor. Parvardigorga zurna qilmoqchi bo‘lsang «Yo, xudo!» «Yo, Olloh!» — de. Shunisi tuzukroq…
* * *
Bu dunyoga kelib, uch narsadan hazar qildim: birinchisi — tillo, ikkinchisi miltig‘u tapponcha, uchinchisi — qadah. Shu uchalasini qo‘limga olmadim.
* * *
Temirchi bo‘lib pichoq yasamadim, qurol yasamadim. O‘rog‘u kashkord yasadim — odamlar bug‘doy o‘rsin deb. Ketmonu bel peshladim — dehqonlar ariq qazib, suv tarasin deb. Ko‘-o‘p kapkir yasadim. Yana-chi, asov otlarni taqaladim — jonivorlarning tuyoqqinalari og‘rimasin deb.
* * *
Zinhor-bazinhor birovni qarg‘ashga odatlanma. Xudoga xush kelmas ekan. Olloh taolo: «Men yaratgan bandani qarg‘ashga sani nima haqqing bor, yaxshi-yomon qilmishini o‘zim ko‘rib turibman-ku, qanday jazoga loyiqligini ham o‘zim bilaman», derkan.
* * *
Qishlog‘imizdagi mufti Soli rahmatli bir gapni takrorlardi. Odamizodda uch xislat bo‘lishi — mukammallik alomati ekan. Bular: nutqi toma, ziynati joma, ma’quli omma. Ya’niki, bu — nutqing dona-dona, ravon bo‘lsin, choponing toza va ko‘rimli bo‘lsin, o‘zing esa yoqimli, ma’qul bo‘l, degani ekan.
* * *
— Ne’matullo!
— Labbay, ota?
— Bu, Sharif Nurxon degan shoir chiqibdimi? Kecha radiyolda juda ba’mani she’r o‘qidi-da, «Ota-onang» degan. Sen bilan tanishligi bor ekan, biron kun olib kel, chaq-chaqlashib ketadi… Boshqa araqxo‘r shoir jo‘ralaringni ilakishtirma, bir o‘zini ayt, yana anjuman qilib yurma.
* * *
— Ne’mat, bu, san gapirgan kishilar qo‘l ostingda, jamoangda ishlaydimi?
— Ha.
— Sanga bir gapni aytaman. Esingda tut. Boshliq degan o‘z jamoasining ko‘rpasi bo‘lishi kerak. Yaxshisini ham, yomonini ham ko‘rpa bo‘lib ustini yopsin. Nainki hammaga doston qilib yursa?
* * *
Buqaning ipi uzun bo‘lsa, devorni tesharkan.
* * *
— Elmurod!
— Labbay, tog‘o bobo?
— Sizga bir gap aytaman, yodingizda tuting. Qarang, Olloh Prezidentimizning ko‘ngliga solibdiki, sizga tuman hokimligini ishonib topshirib qo‘yibdi. Qo‘lingiz istagan narsaga yetadi. Avvalo, ikki nafsga ehtiyot bo‘ling. Keyin, tovuqning tuxumini yeng-u, zinhor o‘zini yeyishga odatlanmang. Sizdan oldingilar nafaqat tovuqning o‘zini, balki egasini ham qo‘shib yeb yuborganlar. Ko‘rib turibsiz-ku ularning ahvolini…
* * *
Zinhor gavorani chaqoloqsiz tebratgulik qilmasin ekan.
* * *
— Onang bilan turibsanmi, Laylosh?
— Yo‘q, usto bobo, onam “dom”da turibdilar. Kelin hovliga sig‘dirmadi.
— Onangni to‘ppidek qorniga san to‘qqiz oy, to‘qqiz kun, to‘qqiz soat, to‘qqiz daqiqa siqqanda, onang sening hayhotdek hovlingga sig‘mabdi-da!?
* * *
Havo bulut bo‘lsa, ikki kishi gunohkor bo‘larkan. Chunki bittasi: “Yomg‘ir yog‘adi” desa, ikkinchisi: «Yo‘q, yomg‘ir yog‘maydi», deydi. Gumroh bandalar-da, “Xudo biladi”, desa-ku bo‘ladi.
* * *
Yuzma-yuz kelganda sandan attayi salom kutgan takabbur kishiga albatta salom ber, bir yering kamayib qolmaydi.
* * *
Rahmatli Sharif Nurxon Buxoroda yashab, qashshoqlikda o‘lib ketgan Naqqosh gado degan shoirning bir baytini tez-tez takrorlab yurardi:
Ko’p bo’lsayam ketadi,
Kam bo’lsayam yetadi.
Eng katta boylik — bu qanoat.
* * *
Zinhor bu yolg‘onchi dunyoda o‘likdan jon, gadoydan sadaqa, xasisdan nasiba, tovuqdan sut so‘ramanglar.
* * *
Tekin tesha xurjun teshar.
* * *
Jiyanlarimdan biri uch yashar o‘g‘ilchasini beliga mindirib olib uy o‘rtasida emaklab yurar, bola qiyqirib: «Ishsha-ishsha… xix!» der edi. Bu holni kuzatib turgan otam miyiqlarida kulib:
— O‘g‘lingga eshak minishni o‘rgatyapsanmi? — dedilar unga, — «Ishsha… xix!» ni o‘rgatguncha «Chuh» deyishni o‘rgat, shunda o‘zing ham ot o‘rniga eshak bo‘lmaysan, o‘g‘ling ham haqiqiy chavandoz bo‘lib yetishadi.
* * *
— E, qo‘y mani, ko‘p azob berma. Yemayman… G‘azal o‘qib bo‘lindi. Qani, qo‘lingni ber, taylog‘im… Bu dunyoda endi qiladigan ishim qolmadi. Bunday o‘ylab qarasam, otamdan ko‘p yashadim, onamdan ko‘p yashadim, akamdan ko‘p yashadim, singlimdan ko‘p yashadim, yakkayu yagona ukam boridi, uyam bultur olamdan o‘tdi… Bo‘ldi-da, endi, yana nima kerak manga? Faqat, duo qilinglar. Olloh taolo imonimni basalomat qilsin…
* * *
Otajon, og‘zingizni oching, ikki dona uzum yeng.
— Yemayman…
— Keling, yo‘q demang endi.
— Onajonim, barrajonim, erka qizim, qo‘y endi, mani ko‘p qiynama…
— Yo‘q demang, bittagina yeng.
— Xo‘p… ana… uf… qalay, malades bo‘ldimmi endi?
* * *
— Bobojon!
— Jonim, jonim! Dilbarjon…
— Bir tilim qovun yeysizmi?
— Hay… bo‘ldi, onajonim, baraka top, ikki dunyong serob bo‘lsin.
— Qolganini ham yeng, bobojon.
— Bo‘ldi, barrajonim, xudoyim taqdir qilgan bo‘lsa qolganini jannatda yerman.
* * *
— O‘zingga shukr, Parvardigor, bergan noz-ne’matlaringga shukr, Xudojon, bergan umring, bergan har nafasing, bergan dardginalaring uchun shukr, Xudojon… Ne’mat… shu yerdamisan, qo‘zim, bizlarni rahmatli Choriqulboy ham qo‘zilarim, derdi. Qani, qo‘lingni ber, manga qara. Hammasi namozdan keyin tugaydi… Dastlab Samad muallimga xabar qo‘yinglar. Manga alifboni o‘rgatgan. Janozani ixtiyorini Karomatovga qo‘y. Amon keltirgan o‘zbekcha Qur’onni domoding Ahmatga ber, o‘qisin… Qoqishtuvondan usto Nurboyni ayttiringlar…
— Axir, u kishi…
— E, e… gapimga quloq sol, o‘zi o‘lgan bo‘lsa, o‘g‘li, aka-ukalari bor… Shofirkonga, usto Qudratga tilpon qilinglar… Tesha boboga moshin yuboringlar… Mandan hech qo‘rqma… faqat omonatni sog‘-omon Haqqa topshira olsam bo‘ldi… Tana, ana shu tana qoladi… Hech narsadan qo‘rqma… lahatga jasadimni o‘zing qo‘y, taylog‘im…
Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasi, 2014 yil 37-son