Matnazar Abdulhakim. She’rlar & Shoirning o’zi o’qigan she’rlar

021    Асл шеърнинг умрбоқийлиги шундаки, у шоир ўлимидан кейин ҳам яшайверади. Уни ўқиган ҳар бири киши шеърнинг, демак шоирнинг ҳам умрига нафас қўшади. Ҳар гал беназир шоир Матназар Абдулҳаким шеърлари ўқиётганимда шу ҳақда ўйлайман. Бугун сизга унинг шеърларини ва энг қимматлиси, шоирнинг ўзи ўқиган шеърларини тақдим этар эканман, бир неча дақиқа Матназар Абдулҳакимни ёнингизда нафас олаётганини ҳис этишингизни жуда-жуда истадим.

Матназар АБДУЛҲАКИМ
ШЕЪРЛАР
034

Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февральда Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2000). Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаган. «Тиниқ тонглар» (1982), «Фасллар қўшиғи» (1984), «Қор қўшиғи» (1990), «Ёнимдаги дарёлар» (1993), «Қорачикдаги дунё» (1994), «Бир кучоқ гул», «Ойдинлик» (1997), «Сўнгги япроқ» (1999) каби китоблари нашр қилинган. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил асарларини форсийдан ўзбек тилига таржима қилган. Шоир 2010 йилда вафот этган.

034

ИРОДА

Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,
Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар.
Биз абадий некбин. Мангу умидвор.
Биз — кўнгли совишни билмас ошиқлар.

Қишлар ва баҳорлар, ёзлар ва кузлар
Биз учун баробар янгроқ торлардир.
Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар
Бизлар қаловини топган қорлардир.

Тоғдек тоқатлардан мумиёдек сирқиб,
Дўстларга аталган дил розларимиз.
Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб.
Жаранглаб туради парвозларимиз.

ТАСАЛЛИ
Йўлдош Эшмуродовга

Оддийгина осмон остида,
Оддийгина шу замин узра
Бетимсол бир қиз яшайди деб
Ишонгинг ҳам келмайди сира.

У қиз эса яшайди, ана,
Йўлиқасан гоҳ эрта, гоҳ кеч.
Ҳар кун, ҳар кун уни кўрасан
Ғафлат қурсин, танимайсан ҳеч.

Тани, фақат таниб олсанг, бас,
У қиз маъюс ўйга толади,
Ҳамма сени, оддий ўзингни
Бир кун қаттиқ севиб қолади.

Шундай қаттиқ севадики, у
Яшолмайди сенсиз бир замон.
Мўъжизага айланади ер,
Мўъжизага айланар осмон.

Сўнгра термулмайсан, чақнайсан,
Айтилмас, йўқ, ёнади сўзинг.
Мўъжизага айланиб кетиб,
Танимайсан ўзингни ўзинг.

Сўнгра неки юрагингга зид
Бўлар инкор, бўлиб кетар рад.
Қарабсанки, турган-битганинг
Бахтдан, фақат бахтдан иборат.

ХАБАРИНГ ЙЎҚ

Зоримни сезиб, титради дутор, хабаринг йўқ,
Ғафлатда сену мен бунда бедор, хабаринг йўқ.

Оламни босар зулмат агар лаҳза юмилса
Ул кўзларинг, эй кўзлари хуммор, хабаринг йўқ.

Ишқ бўлмаса кошонаи бахт кунпаякундир,
Ишқ туйғусидир энг буток меъмор, хабаринг йўқ.

Ҳам менинг, ҳам қолди куни ишққа заминнинг,
Иккимиз ҳам йўқса у бемор, хабаринг йўқ.

Қалбингдаги ишқ қатрасини офтоб олгач,
Атрофида ер айланади зор, хабаринг йўқ.

Бахтингни кутиб вақт ўтишин тезда тиларсан,
Умрингни ўғирлайди у айёр, хабаринг йўқ.

Дебсанки, хабарсиз Матназар жабрима маҳкум,
Бундан хабарим аллақачон бор, хабаринг йўқ.

ИККИ ТЎРТЛИК

Қаламнинг ичида қора тош эмас,
Ёзилажак қўшиқ ётибди ухлаб.
Шу қадар қаттиқки унинг уйқуси,
Уйғотса бўлади фақатгина тиғлаб.

* * *

Шоир қалам олса — синиб олтин қафас,
Сўз кўкда чарх уриб яйраётгани.
Шоир қалам олса — булбул шохга эмас,
Шох булбулга қўниб сайраётгани.

ҚАРЗ

Болакай, минг раҳмат одобинг учун,
Илтифотинг учун минг-минг ташаккур.
Азалдан абадга мерос бўлаётир,
Камёб бир холислик, тансиқ тиниқ нур.

Шунга муносибдир. Бу эзгу қарзни
Жон билан узаман бир кун, ҳойнаҳой.
Менга автобусда ўрнингни бердинг,
Сенга ер юзидан бўшатаман жой.

***

Биби Мариямга

Мен сени жоним десам, жонон, жон кимларда йўқ,
Оҳ-фиғон чекмак учун, оҳу фиғон кимларда йўқ.

Бир ўзинг бир мен ўзимда, минг шукур борсан фақат,
Десаларким сарвиқад, қоши камон кимларда йўқ.

Сен бўлак бир яхшидирсан, бир ёмондирсан бўлак,
Йўқса йўқ кимларда яхши ҳам ёмон, кимларда йўқ.

Навбаҳорим, яшасанг бас, мен хазон топгум осон,
Бир куни бир заъфарон фасли хазон кимларда йўқ.

Бошимизни офтоб бирлан силар парвардигор,
Ўксимайлик зарра ҳам, эй, меҳрибон кимларда йўқ.

Бахт қушидирмиз, қўнайлик бир-бировнинг кўнглига,
Чунки ер кимларда йўқдир, осмон кимларда йўқ.

Куйламоқ лозим муҳаббат ҳақда сал оҳистароқ,
Тўхта, эй дил, булбулим, шовқин-сурон кимларда йўқ…

ҚОР ҚЎШИҒИ

Лаҳза тиним билмай кутдим бу кунни,
Бугун орзуларим, мана, ушалди.
Сен атайин ухлаб ўтказдинг тунни,
Мен-чи ёғавердим, мен-чи тўшалдим.

Бўронларда елиб, ҳовлингга келиб,
Уйингни айланиб кездим жон ҳалак.
Ниҳоят, ниҳоят, уйғотдим сени
Деразангда бўлиб гирдикапалак.

Ёғдуга кўмилди бедор ҳисларинг,
Улар боис бўлди оппоқ фахримга.
Оҳиста-оҳиста босган изларинг
Ўйилиб-ўйилиб қолди бағримга.

Истасанг, дўстингга от. Турибман шай.
Ахир нечун бундан қилай орлар ман.
Севиб, шодлигимдан осмонга сиғмай,
Сенга зорлар бўлиб ёғган қорлар — ман.

Мен учиб қўнайин, сен қувна ял-ял,
Сен сира қилмагин шодликни канда.
Кечир кўзёшингга ўхшаб қўйсам сал,
Кипригингга аста қўнаётганда.

Шодлигингга қисқа умримни бериб,
Оҳ-фиғон қилмасдан, демай: «Хайр,очун!»
Аста ер қаърига кетаман эриб
Сенга атаб гуллар юбориш учун…

ҲИКМАТ

Йиғласа ёш тўкмай йиғлайди қушлар,
Қушлар бир ҳикматни сезади.
Беҳуда тўкилган кўзёшлар
Даставвал қанотни эзади.

ДУНЁНИНГ ИШЛАРИ

Анор гуллаганди чўғдек қип-қизил,
Бахш этиб дилларга сўнмас бир фараҳ…
Афтидан, шу гул деб аллақайдадир
Бир булбул тинимсиз қиларди чаҳ-чаҳ.

Чирқилларди чўчиб, келолмай яқин,
Кўҳна ишқ достонин қайта тўқирди.
Аммо… қўрқмай-нетмай бир сурбет чумчуқ
У гулни бемалол чўқирди.

ЖАЛОЛИДДИН

Наҳот, энди боғлар сўлади,
Ариқларда, наҳот, оқар қон.
Шаҳидларга майдон тўладир,
Қўзғунларга тўладир осмон.

Унутмайман ёт тупроғида
Хоразмнинг кўзёш, хунларин.
Мен соғиндим, қаттиқ соғиндим
Жайхунимнинг ўз тошқинларин.

Қилич серпаб, довулдек елиб,
Кўп жонларни адо қилдим мен.
Салтанатда дунёга келиб,
Балки, мудҳиш хато қилдим мен.

Ҳаёт — жумбоқ. Йўқдир ечими.
Бу хатони ўлим тўғирлар.
Ишонаман, эртами-кечми,
Даф бўлади юртдан мўғуллар.

Мардлик ҳамда номардлик чекин
Илғамадим, тўкиб шунча қон.
Тавба деган ҳасса бор… лекин
Таянмайман унга ҳеч қачон.

Жанг тўхтади. Олар барча тин.
Лаб теккизди отим майсага.
Мен ҳоридим. Ёмон чарчадим.
Суянаман бирпас найзага.

* * *

Бу боғ сўлим, ям-яшил сарой,
Севдим, сарой шоиринг бўлдим.
Унганингда ундим мен, гулим,
Гулим, сўлганингда мен сўлдим.

Табаррук бу кўркингни ҳозир
Ғаниматлар билмоқ замони.
Бундай чарақлата оларди
Қай подшоҳ ҳам, айт, бу самони.

Қай бир соҳибқирон ҳам сени
Бундай мумтоз қиларди бунёд.
Бунда соҳибсалтанат ўзинг,
Ҳар жилвангда минг битта дунё.

Мовароуннаҳр ҳайратда,
Таажжубда лолдир Хуросон.
Ернинг қаър-қаър қатламларидан
Чиқиб келмас сендек дур осон.

Кўркингга чанг солар эканлар
Ҳар дақиқа, ҳар кун, ҳар ойинг.
Мангуликлар тилар сен учун
Аллоҳ таолодан саройинг.

Ҳар капалак мафтун — шон топар,
Топар, мафтун, ҳар бир қуш омад.
Сенга шабадалар гиргиттон,
Сармаст булбул қилар хушомад.

Ҳаётим ҳам менинг муҳташам,
Ҳар нафасим бахт, бинобарин —
Таҳсин айтиб тиканларингга,
Баргларингга ўқиб офарин.

Келсанг, пошналаринг ўрнидан
Мўралаб қоларди майсалар.
Мўътабар бу йўлга санчилар
Бегона пошналар, мисли найзалар.

Келмадинг. Саратон тафтидан
Ер-осмон ораси қайнайди.
Бегона пошналар бу йўлни
Қора сақич қилиб чайнайди.

* * *

Табиат! Мен сени севаман,
Тилайман мангу бир омонлик.
Сенда яхшиликка яхшилик,
Сенда ёмонликка — ёмонлик.

Фақат эзгуликлар, фақат покликлар
Мангу бўстонингда ўса олади.
… Гулга ниш урмайди асалари ҳеч,
Асалари гулдан бўса олади.

* * *

Тилга кираётир ҳар новда, ҳар чўп,
Тинглайман баргларинг сўлмас сирини.
Бу тупроқдан ҳали қарздорлигим кўп,
Юзимга солмайди мингдан бирини.

Сўлим боғлар гўё мангу мулкларим,
Ҳозир авж пардаси ғариб шонимнинг.
Бирваракай ҳамма бергуликларим
Ёдига тушади бир кун жонимнинг.

ЁМҒИР

Ёмғир ёғар. Борлиқ қунишган.
Бослиқади йўлларнинг чанги.
Ёмғир ёғар. Шеър ёзгим келар.
Гўё — ёмғир янги, шеър янги.

Ёмғир ёғар. Ўйлар ўйлайман,
Тинглаб самовотнинг мунгин жим.
Неча мингинчи ёмғирдир бу
Ва мен шоир — неча мингинчи.

Йўқ! Йўқ! Фақат менга бу ёмғир
Ва мен бу ёмғирга доирман.
Илк ёмғирдир оламдаги бу
Ва мен оламда илк шоирман.

Шаррос жалаларни куйлайман
Дабдабасиз, ғариб шеърларда.
Ақлим етмас, қандай севарлар
Ёмғир ёғмайдиган ерларда.

Ёмғир ёғар ҳаёт бахш этиб
Менинг қақроқ эътиқодимга.
Ёмғир ёғар. Ҳеч ким сололмас
Сени ёмғирчалик ёдимга.

Ийманмас ҳеч очилмоқдан гул,
Майса бўлмас унмоқдан изза.
Такрорланар ҳар гал шу ёмғир,
Шу саодат, шу пок мўъжиза.

Эзгин-эзгин ҳалқоблар ичра
Бедардликлар эрийди чўкиб.
Лиммо-лим кўп паймоналарни
Ёмғир ёғар тўкиб ва тўкиб.

Огоҳманки, тўйдирар жондан
Бу оламда бўлса не такрор.
Мен бетакрор такрор куйлайман,
Ёмғир ёғар такрор бетакрор.

Сочилади ҳар бир томчидан
Сон минг шуъла, сон мингта зар руҳ,
Ёғар туйғу, ёғар эҳтирос,
Ёғар тавба, ёғар тазарру.

Ёмғир ёғар. Фалак фош этар
Сирларининг тоза-тозасин.
Тутмоқчидек менга тўлдириб
Мангуликнинг сабр косасин.

Ёмғир ёғар, алҳамдулиллаҳ,
Ҳар томчида минг хотиралар…
Қутлуғ бўлсин ҳар қайси битта
Юлдуздан нур эмган қатралар!

ЁЛҒИЗ ЯПРОК,

Ишқига ҳар лаҳза иқрор юрагим,
Бир уриши минг сир-асрор юрагим.
Сен кимга, ким сенга, о, зор юрагим,
Чекаверма бунча озор, юрагим.
Дунё, ўзи, шундай бозор, юрагим.

Каҳкашон — йўлингда тўзғиган чанглар,
Кўксимда жимгина урасан бонглар,
Қоронғу руҳимда сен — отган тонглар,
Ишқ савдосин сира англарми онглар,
Тарозу юлдуздек бедор юрагим.

Бедардлар чектирган оҳ, юрагим, сен,
Гоҳ гадо, гоҳида шоҳ, юрагим, сен,
Қуёш юрагим сен, моҳ юрагим сен,
Дилдорни деб юксал, тоғ юрагим, сен.
Дилдорни деб титра, дутор юрагим.

Айтмам сенга ақлу ҳуш бўлиб яша,
Бироқ ғамларни енг, хуш бўлиб яша,
Мардга ўнг, номардга туш бўлиб яша,
Ўзинг осмон, ўзинг қуш бўлиб яша,
Йўқса парвоз иши душвор, юрагим.

Гарчи дардлар умрим безаётирлар,
Ҳажру ғам сени кўп эзаётирлар,
Борлиғим бир қисмат сезаётирлар,
Хазон шамоллари эсаётирлар,
Ёлғиз япроқ янглиғ бемор юрагим.

Гарчи ишқ мангу бахт, боқий жамолдир,
Умр деганлари эсган шамолдир,
Шиддати қошида учган ўқ лолдир,
Ўзингдан ҳамиша баҳорлар қолдир,
Эмассан ҳамиша баҳор, юрагим.

ЎРГАТИЛГАН ҚУШ

«Сизга эрк бердилар. Бердилар осмон,
Ана, юлдузларни дон қилиб теринг.
Эвазига — фақат сўйламанг ёлғон,
Эвазига — фақат ҳақ сўз айтиб беринг!»

…Йўқ! Чучмал чулдираш тинмади бир дам,
Ширин-ширин сайради ҳавасга.
Ўргатилган қушни минг ҳайдасанг ҳам,
Ураверар ўзин қафасга.

БАҲОРГА ДЕГАНИМ

Ўтинаман, баҳор,
ўзинг мадад бер,
сен ўзинг тушунтир,
англат сен ўзинг.

Ахир,
ям-яшилдир илтижоларинг,
ўтинчинг лоладир,
райҳондир сўзинг.

Мен бир айтиб кўрдим,
унда йўқ шафқат.
Чақинингдан тездир жаҳлин суръати.
Фақатгина сени,
сенигина фақат
рад қилишга, балким,
етмас журъати.

Сенга ёлбораман,
тезроқ йўлга чиқ.
Бор,
гўзал хабарчим,
хазонсиз элчим.
Юраги муз. Эрит.
Бағри тош. Юмшат.
Жимгина кет тезроқ
ва қайтиб кел жим.

Баҳорни рад этган юракдан фақат
совиса арзийди,
арзир кечса воз.
Ташрифингни ерда қолдирадими
ёки йўқми,
шуни билиб бер, холос.

ФАРОСАТ

…тушунишингиз керак.
Эрнест Хемингуэй

Ҳамма-ҳаммасини тушуниш мумкин,
Жазоирда ёққан қалин қорни ҳам.
Йўқни ҳам тушуниш мумкин ўйласанг,
Ўйласанг, тушуниш мумкин борни ҳам.

«Салбий муҳит» ёки «ёмон тарбия»
Ўғрини тушуниш мумкин бир куни.
Ўғрини тушуниб бўлгач, албатга,
Тўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Аблаҳнинг қалбида ногоҳ уйғонган
Диёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.
Ўзингни бахш этган бир инсон қилган
Хиёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Фаҳм этсанг, сотқин хом сут эмган жон,
Англасанг қотил ҳам эмас ҳеч эриш.
Тушунсанг, тушунсанг, тушунаверсанг,
Ҳамма-ҳаммасини зарур кечириш.

Тушуна олди дунё. Лекин бунинг-чун
Ким уқубат чекар, ким тортар азоб.
Хоинлар, сотқинлар қилмиши учун
Ким олади, ахир, олий бир жазо!

Тушунсанг, кўзларинг олдига келар
Ҳам дўзах, ҳам жаннат, ҳамда аросат,
Оёғи шоҳсупа, бўйни сиртмокда,
Манглайин милтиққа тутган Фаросат!..

* * *

Мана, энди мен ҳам хазон фаслиман,
Сен яшил. Мен бўлсам заъфарон бу кун.
Баҳорим, барибир, юракларимиз
Севиб яшамоққа қилинган ҳукм.

Майин сочларингни силагим келар,
Кўксимга бош қўйиб айтгинг келар роз.
Боргим келар — дариғ, ўртамизда қиш,
Келгинг келар — дариғ ўртамизда ёз.

Лекин… бутун дунё шубҳа қилса ҳам
Баҳорим муқаррар бизнинг васлимиз.
Нифоқмас, мустаҳкам иттифоқ бўлғай
Икки ўртадаги икки фаслимиз.

Ёз ҳовридан тушгай. Қиш кетгай эриб.
Ахийр бир кун бизни тушунгай улар.
Шафқатга муносиб ҳислар бор, жоним,
Бордир мурувватга лойиқ туйғулар.

Мен шу туйғулардан тинглайман тунлар
Сирли бир қўшиқни, маҳзун олиб тин.
«Хазонрез куз билан ям-яшил баҳор,
Қаранглар, бир-бирин севиб қолибди».

Ва тўшалиб кетар сен тарафга йўл,
Бир йўлким — ёғдудан, нурдан, зиёдан…
Куз эканим худди тонг отганидай
Аста кўтарилиб келади ёддан.

Дилда ловуллаган олов достонлар
Халқим кечмишини қилсин дейман шарҳ.
Менга азиз куйга зор остоналар,
Лекин гоҳо совуқ қарши олишар.

Эъзозлай олмаса давралар, наҳот,
Қутлуғ бобо мерос эҳтиросимни.
Оғир янгратаман борганим заҳот
Фарзанддек бағримга босиб созимни.

Кўпларга хуш келмас залворли бу куй,
Қисталанг қилишар «Уни, буни чал».
Шўрликлар… шўрликлар билмайдиларки,
Буюртма қўшиқлар созимга ажал.

Гоҳ ногоҳ янгратсам тумтароқ куйлар,
Руҳим кузда гулдек қолади сўлиб.
Нодонлар олқиши шунда туюлар
Менга доноларнинг қарғиши бўлиб.

Майли, кимларгадир бўлмай мен манзур,
Қай бировга, майли, созим ёқмасин.
Достон айтсам фақат тийрак кўзда нур,
Зукко ақлларда қуёш чақнасин.

Шундагина менга кулиб боқиб бахт,
Дилдаги ҳасратни буткул аритар…
Йўқ! Мени ҳеч қачон кексайтирмас вақт,
Фаҳмсиз тингловчи мени қаритар.

БАХШИНИНГ ЎЙЛАРИ

Баъзан базмларга таклиф қилишар,
Келишмаса савлат тўккан ҳофизлар.
Мен қариб қолганман, яхши билишар
Билишмас — қалбимда навқирон ҳислар.

«Волга» юбормаслар ҳеч вақт мени деб,
Яшасам-да азим шаҳардан четда.
Одамлар қалбига бермоқ учун зеб
Аста йўл оламан велосипедда.

БАҲОРНИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Ям-яшил ўйларга толиб кетаман,
Хазон бўлмай ҳар йил ғолиб кетаман.
Гарчи менга андуҳ буткул бегона,
Лоқайдлардан нолиб-нолиб кетаман.

Умидворман, бир кун мен уларни ҳам
Муҳаббат дардига чалиб кетаман.
Борлиқ бери турсин, ҳар бир юракка
Минг-минглаб мўъжиза солиб кетаман.

Мени бир ўйлаб кўр зерикканингда,
Олис-олисларга олиб кетаман.
Ўтиб кетади деб ким айтди мени,
Сенинг юрагингда қолиб кетаман.

* * *

Юрагим симчироқ… симчироқ…
Жонингдан, жоним, жон уланган.
Бу мўъжиза чироқ, бу тилсим чироқ
Кўксимни тўлдирди шуълангга.

Сим-сиёҳ атрофим чарақлаб,
Чекинди оқшомнинг зулмати.
Ёришмади фақат овлоқлар,
Фақатгина зулматлар кулмади.

Мангу нурафшон бўл!.. Сенинг-да,
Ҳаётинг ёғдуга қорилсин.
Паймонам тўлса, сен узилма,
Майлига — юрагим ёрилсин.

* * *

Ҳали кечагина юлдузлар билан
Чақнашиб турган бу кўзларинг.
Ёвуз бақрайганлар билан мардона
Тўқнашиб турган бу кўзларинг.

Бугун, мана, ўргимчак уяси,
Чунки яшаяпсан шунчаки.
Жирканч ғимирлайди соққаларингда
Тўқлик ўргимчаги, айш ўргимчаги.

Чандиб ташлангансан ғафлат қурумига,
Тунми Кун? Тафовут қилмайсан вақтни.
Шодликни куйлайсан. Дунё ғам чекар.
Дунё кулфат чекар. Куйлайсан бахтни.

Ҳолбуки, Алпомиш ҳис-ҳаяжонлар,
Жалолиддин туйғу, Темурмалик руҳлар
Найзасини шундоқ ёнига қўйиб
Сенинг юрагингда донг қотиб ухлар.

Ҳолбуки, кўзларга бедорлик дармон
Ҳолбуки, кўзларга уйғоқлик малҳам.
Уйғот ҳаяжонни. Туйғуни. Руҳни Уйғот.
Кеч бўлмади ҳали ҳам.

Уйғот. Уйғотмоқ шарт. Зудлик билан.
Дарҳол.
Олмоқ шарт ўргимчак жонини.
Йўқса… сўриб ичар паҳлавон руҳларнинг
Қорачиқлардаги қонини.

Asl she’rning umrboqiyligi shundaki, u shoir o’limidan keyin ham yashayveradi. Uni o’qigan har biri kishi she’rning, demak shoirning ham umriga nafas qo’shadi. Har gal benazir shoir Matnazar Abdulhakim she’rlari o’qiyotganimda shu haqda o’ylayman. Bugun sizga uning she’rlarini va eng qimmatlisi, shoirning o’zi o’qigan she’rlarini taqdim etar ekanman, bir necha daqiqa Matnazar Abdulhakimni yoningizda nafas olayotganini his etishingizni juda-juda istadim.

Matnazar ABDULHAKIM
SHE’RLAR
034

   Matnazar Abdulhakim 1948 yil 20 fevralda Xorazm viloyatining Urganch tumanida tug‘ilgan. O’zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (2000). Rossiyaning Taganrog shahridagi Rus tili va adabiyoti institutini tamomlagan. «Tiniq tonglar» (1982), «Fasllar qo‘shig‘i» (1984), «Qor qo‘shig‘i» (1990), «Yonimdagi daryolar» (1993), «Qorachikdagi dunyo» (1994), «Bir kuchoq gul», «Oydinlik» (1997), «So‘nggi yaproq» (1999) kabi kitoblari nashr qilingan. Shayx Najmiddin Kubro, Shayx Majdiddin Bag‘dodiy, Pahlavon Mahmud, Mirzo Bedil asarlarini forsiydan o‘zbek tiliga tarjima qilgan. Shoir 2010 yilda vafot etgan.

034

IRODA
04
Fasl tanlamaymiz. Hammasi bahor,
Qovjiraydi faqat yolg’on-yashiqlar.
Biz abadiy nekbin. Mangu umidvor.
Biz — ko’ngli sovishni bilmas oshiqlar.

Qishlar va bahorlar, yozlar va kuzlar
Biz uchun barobar yangroq torlardir.
Yerga yog’a olmay yongan yulduzlar
Bizlar qalovini topgan qorlardir.

Tog’dek toqatlardan mumiyodek sirqib,
Do’stlarga atalgan dil rozlarimiz.
Qanotimiz po’lat. Hech bo’lmas qirqib.
Jaranglab turadi parvozlarimiz.

TASALLI
Yo’ldosh Eshmurodovga

Oddiygina osmon ostida,
Oddiygina shu zamin uzra
Betimsol bir qiz yashaydi deb
Ishonging ham kelmaydi sira.

U qiz esa yashaydi, ana,
Yo’liqasan goh erta, goh kech.
Har kun, har kun uni ko’rasan
G’aflat qursin, tanimaysan hech.

Tani, faqat tanib olsang, bas,
U qiz ma’yus o’yga toladi,
Hamma seni, oddiy o’zingni
Bir kun qattiq sevib qoladi.

Shunday qattiq sevadiki, u
Yasholmaydi sensiz bir zamon.
Mo»jizaga aylanadi yer,
Mo»jizaga aylanar osmon.

So’ngra termulmaysan, chaqnaysan,
Aytilmas, yo’q, yonadi so’zing.
Mo»jizaga aylanib ketib,
Tanimaysan o’zingni o’zing.

So’ngra neki yuragingga zid
Bo’lar inkor, bo’lib ketar rad.
Qarabsanki, turgan-bitganing
Baxtdan, faqat baxtdan iborat.

XABARING YO’Q

Zorimni sezib, titradi dutor, xabaring yo’q,
G’aflatda senu men bunda bedor, xabaring yo’q.

Olamni bosar zulmat agar lahza yumilsa
Ul ko’zlaring, ey ko’zlari xummor, xabaring yo’q.

Ishq bo’lmasa koshonai baxt kunpayakundir,
Ishq tuyg’usidir eng butok me’mor, xabaring yo’q.

Ham mening, ham qoldi kuni ishqqa zaminning,
Ikkimiz ham yo’qsa u bemor, xabaring yo’q.

Qalbingdagi ishq qatrasini oftob olgach,
Atrofida yer aylanadi zor, xabaring yo’q.

Baxtingni kutib vaqt o’tishin tezda tilarsan,
Umringni o’g’irlaydi u ayyor, xabaring yo’q.

Debsanki, xabarsiz Matnazar jabrima mahkum,
Bundan xabarim allaqachon bor, xabaring yo’q.

IKKI TO’RTLIK

Qalamning ichida qora tosh emas,
Yozilajak qo’shiq yotibdi uxlab.
Shu qadar qattiqki uning uyqusi,
Uyg’otsa bo’ladi faqatgina tig’lab.

* * *

Shoir qalam olsa — sinib oltin qafas,
So’z ko’kda charx urib yayrayotgani.
Shoir qalam olsa — bulbul shoxga emas,
Shox bulbulga qo’nib sayrayotgani.

QARZ

Bolakay, ming rahmat odobing uchun,
Iltifoting uchun ming-ming tashakkur.
Azaldan abadga meros bo’layotir,
Kamyob bir xolislik, tansiq tiniq nur.

Shunga munosibdir. Bu ezgu qarzni
Jon bilan uzaman bir kun, hoynahoy.
Menga avtobusda o’rningni berding,
Senga yer yuzidan bo’shataman joy.

***

Bibi Mariyamga

Men seni jonim desam, jonon, jon kimlarda yo’q,
Oh-fig’on chekmak uchun, ohu fig’on kimlarda yo’q.

Bir o’zing bir men o’zimda, ming shukur borsan faqat,
Desalarkim sarviqad, qoshi kamon kimlarda yo’q.

Sen bo’lak bir yaxshidirsan, bir yomondirsan bo’lak,
Yo’qsa yo’q kimlarda yaxshi ham yomon, kimlarda yo’q.

Navbahorim, yashasang bas, men xazon topgum oson,
Bir kuni bir za’faron fasli xazon kimlarda yo’q.

Boshimizni oftob birlan silar parvardigor,
O’ksimaylik zarra ham, ey, mehribon kimlarda yo’q.

Baxt qushidirmiz, qo’naylik bir-birovning ko’ngliga,
Chunki yer kimlarda yo’qdir, osmon kimlarda yo’q.

Kuylamoq lozim muhabbat haqda sal ohistaroq,
To’xta, ey dil, bulbulim, shovqin-suron kimlarda yo’q…

QOR QO’SHIG’I

Lahza tinim bilmay kutdim bu kunni,
Bugun orzularim, mana, ushaldi.
Sen atayin uxlab o’tkazding tunni,
Men-chi yog’averdim, men-chi to’shaldim.

Bo’ronlarda yelib, hovlingga kelib,
Uyingni aylanib kezdim jon halak.
Nihoyat, nihoyat, uyg’otdim seni
Derazangda bo’lib girdikapalak.

Yog’duga ko’mildi bedor hislaring,
Ular bois bo’ldi oppoq faxrimga.
Ohista-ohista bosgan izlaring
O’yilib-o’yilib qoldi bag’rimga.

Istasang, do’stingga ot. Turibman shay.
Axir nechun bundan qilay orlar man.
Sevib, shodligimdan osmonga sig’may,
Senga zorlar bo’lib yog’gan qorlar — man.

Men uchib qo’nayin, sen quvna yal-yal,
Sen sira qilmagin shodlikni kanda.
Kechir ko’zyoshingga o’xshab qo’ysam sal,
Kiprigingga asta qo’nayotganda.

Shodligingga qisqa umrimni berib,
Oh-fig’on qilmasdan, demay: «Xayr,ochun!»
Asta yer qa’riga ketaman erib
Senga atab gullar yuborish uchun…

HIKMAT

Yig’lasa yosh to’kmay yig’laydi qushlar,
Qushlar bir hikmatni sezadi.
Behuda to’kilgan ko’zyoshlar
Dastavval qanotni ezadi.

DUNYONING ISHLARI

Anor gullagandi cho’g’dek qip-qizil,
Baxsh etib dillarga so’nmas bir farah…
Aftidan, shu gul deb allaqaydadir
Bir bulbul tinimsiz qilardi chah-chah.

Chirqillardi cho’chib, kelolmay yaqin,
Ko’hna ishq dostonin qayta to’qirdi.
Ammo… qo’rqmay-netmay bir surbet chumchuq
U gulni bemalol cho’qirdi.

JALOLIDDIN

Nahot, endi bog’lar so’ladi,
Ariqlarda, nahot, oqar qon.
Shahidlarga maydon to’ladir,
Qo’zg’unlarga to’ladir osmon.

Unutmayman yot tuprog’ida
Xorazmning ko’zyosh, xunlarin.
Men sog’indim, qattiq sog’indim
Jayxunimning o’z toshqinlarin.

Qilich serpab, dovuldek yelib,
Ko’p jonlarni ado qildim men.
Saltanatda dunyoga kelib,
Balki, mudhish xato qildim men.

Hayot — jumboq. Yo’qdir yechimi.
Bu xatoni o’lim to’g’irlar.
Ishonaman, ertami-kechmi,
Daf bo’ladi yurtdan mo’g’ullar.

Mardlik hamda nomardlik chekin
Ilg’amadim, to’kib shuncha qon.
Tavba degan hassa bor… lekin
Tayanmayman unga hech qachon.

Jang to’xtadi. Olar barcha tin.
Lab tekkizdi otim maysaga.
Men horidim. Yomon charchadim.
Suyanaman birpas nayzaga.

* * *

Bu bog’ so’lim, yam-yashil saroy,
Sevdim, saroy shoiring bo’ldim.
Unganingda undim men, gulim,
Gulim, so’lganingda men so’ldim.

Tabarruk bu ko’rkingni hozir
G’animatlar bilmoq zamoni.
Bunday charaqlata olardi
Qay podshoh ham, ayt, bu samoni.

Qay bir sohibqiron ham seni
Bunday mumtoz qilardi bunyod.
Bunda sohibsaltanat o’zing,
Har jilvangda ming bitta dunyo.

Movarounnahr hayratda,
Taajjubda loldir Xuroson.
Yerning qa’r-qa’r qatlamlaridan
Chiqib kelmas sendek dur oson.

Ko’rkingga chang solar ekanlar
Har daqiqa, har kun, har oying.
Manguliklar tilar sen uchun
Alloh taolodan saroying.

Har kapalak maftun — shon topar,
Topar, maftun, har bir qush omad.
Senga shabadalar girgitton,
Sarmast bulbul qilar xushomad.

Hayotim ham mening muhtasham,
Har nafasim baxt, binobarin —
Tahsin aytib tikanlaringga,
Barglaringga o’qib ofarin.

Kelsang, poshnalaring o’rnidan
Mo’ralab qolardi maysalar.
Mo»tabar bu yo’lga sanchilar
Begona poshnalar, misli nayzalar.

Kelmading. Saraton taftidan
Yer-osmon orasi qaynaydi.
Begona poshnalar bu yo’lni
Qora saqich qilib chaynaydi.

* * *

Tabiat! Men seni sevaman,
Tilayman mangu bir omonlik.
Senda yaxshilikka yaxshilik,
Senda yomonlikka — yomonlik.

Faqat ezguliklar, faqat pokliklar
Mangu bo’stoningda o’sa oladi.
… Gulga nish urmaydi asalari hech,
Asalari guldan bo’sa oladi.

* * *

Tilga kirayotir har novda, har cho’p,
Tinglayman barglaring so’lmas sirini.
Bu tuproqdan hali qarzdorligim ko’p,
Yuzimga solmaydi mingdan birini.

So’lim bog’lar go’yo mangu mulklarim,
Hozir avj pardasi g’arib shonimning.
Birvarakay hamma berguliklarim
Yodiga tushadi bir kun jonimning.

YOMG’IR

Yomg’ir yog’ar. Borliq qunishgan.
Bosliqadi yo’llarning changi.
Yomg’ir yog’ar. She’r yozgim kelar.
Go’yo — yomg’ir yangi, she’r yangi.

Yomg’ir yog’ar. O’ylar o’ylayman,
Tinglab samovotning mungin jim.
Necha minginchi yomg’irdir bu
Va men shoir — necha minginchi.

Yo’q! Yo’q! Faqat menga bu yomg’ir
Va men bu yomg’irga doirman.
Ilk yomg’irdir olamdagi bu
Va men olamda ilk shoirman.

Sharros jalalarni kuylayman
Dabdabasiz, g’arib she’rlarda.
Aqlim yetmas, qanday sevarlar
Yomg’ir yog’maydigan yerlarda.

Yomg’ir yog’ar hayot baxsh etib
Mening qaqroq e’tiqodimga.
Yomg’ir yog’ar. Hech kim sololmas
Seni yomg’irchalik yodimga.

Iymanmas hech ochilmoqdan gul,
Maysa bo’lmas unmoqdan izza.
Takrorlanar har gal shu yomg’ir,
Shu saodat, shu pok mo»jiza.

Ezgin-ezgin halqoblar ichra
Bedardliklar eriydi cho’kib.
Limmo-lim ko’p paymonalarni
Yomg’ir yog’ar to’kib va to’kib.

Ogohmanki, to’ydirar jondan
Bu olamda bo’lsa ne takror.
Men betakror takror kuylayman,
Yomg’ir yog’ar takror betakror.

Sochiladi har bir tomchidan
Son ming shu’la, son mingta zar ruh,
Yog’ar tuyg’u, yog’ar ehtiros,
Yog’ar tavba, yog’ar tazarru.

Yomg’ir yog’ar. Falak fosh etar
Sirlarining toza-tozasin.
Tutmoqchidek menga to’ldirib
Mangulikning sabr kosasin.

Yomg’ir yog’ar, alhamdulillah,
Har tomchida ming xotiralar…
Qutlug’ bo’lsin har qaysi bitta
Yulduzdan nur emgan qatralar!

YOLG’IZ YAPROK,

Ishqiga har lahza iqror yuragim,
Bir urishi ming sir-asror yuragim.
Sen kimga, kim senga, o, zor yuragim,
Chekaverma buncha ozor, yuragim.
Dunyo, o’zi, shunday bozor, yuragim.

Kahkashon — yo’lingda to’zg’igan changlar,
Ko’ksimda jimgina urasan bonglar,
Qorong’u ruhimda sen — otgan tonglar,
Ishq savdosin sira anglarmi onglar,
Tarozu yulduzdek bedor yuragim.

Bedardlar chektirgan oh, yuragim, sen,
Goh gado, gohida shoh, yuragim, sen,
Quyosh yuragim sen, moh yuragim sen,
Dildorni deb yuksal, tog’ yuragim, sen.
Dildorni deb titra, dutor yuragim.

Aytmam senga aqlu hush bo’lib yasha,
Biroq g’amlarni yeng, xush bo’lib yasha,
Mardga o’ng, nomardga tush bo’lib yasha,
O’zing osmon, o’zing qush bo’lib yasha,
Yo’qsa parvoz ishi dushvor, yuragim.

Garchi dardlar umrim bezayotirlar,
Hajru g’am seni ko’p ezayotirlar,
Borlig’im bir qismat sezayotirlar,
Xazon shamollari esayotirlar,
Yolg’iz yaproq yanglig’ bemor yuragim.

Garchi ishq mangu baxt, boqiy jamoldir,
Umr deganlari esgan shamoldir,
Shiddati qoshida uchgan o’q loldir,
O’zingdan hamisha bahorlar qoldir,
Emassan hamisha bahor, yuragim.

O’RGATILGAN QUSH

«Sizga erk berdilar. Berdilar osmon,
Ana, yulduzlarni don qilib tering.
Evaziga — faqat so’ylamang yolg’on,
Evaziga — faqat haq so’z aytib bering!»

…Yo’q! Chuchmal chuldirash tinmadi bir dam,
Shirin-shirin sayradi havasga.
O’rgatilgan qushni ming haydasang ham,
Uraverar o’zin qafasga.

BAHORGA DEGANIM

O’tinaman, bahor,
o’zing madad ber,
sen o’zing tushuntir,
anglat sen o’zing.

Axir,
yam-yashildir iltijolaring,
o’tinching loladir,
rayhondir so’zing.

Men bir aytib ko’rdim,
unda yo’q shafqat.
Chaqiningdan tezdir jahlin sur’ati.
Faqatgina seni,
senigina faqat
rad qilishga, balkim,
yetmas jur’ati.

Senga yolboraman,
tezroq yo’lga chiq.
Bor,
go’zal xabarchim,
xazonsiz elchim.
Yuragi muz. Erit.
Bag’ri tosh. Yumshat.
Jimgina ket tezroq
va qaytib kel jim.

Bahorni rad etgan yurakdan faqat
sovisa arziydi,
arzir kechsa voz.
Tashrifingni yerda qoldiradimi
yoki yo’qmi,
shuni bilib ber, xolos.

FAROSAT

…tushunishingiz kerak.
Ernest Xeminguey

Hamma-hammasini tushunish mumkin,
Jazoirda yoqqan qalin qorni ham.
Yo’qni ham tushunish mumkin o’ylasang,
O’ylasang, tushunish mumkin borni ham.

«Salbiy muhit» yoki «yomon tarbiya»
O’g’rini tushunish mumkin bir kuni.
O’g’rini tushunib bo’lgach, albatga,
To’g’rini tushunish mumkin bir kuni.

Ablahning qalbida nogoh uyg’ongan
Diyonat, tushunsang, hayron qoldirmas.
O’zingni baxsh etgan bir inson qilgan
Xiyonat, tushunsang, hayron qoldirmas.

Fahm etsang, sotqin xom sut emgan jon,
Anglasang qotil ham emas hech erish.
Tushunsang, tushunsang, tushunaversang,
Hamma-hammasini zarur kechirish.

Tushuna oldi dunyo. Lekin buning-chun
Kim uqubat chekar, kim tortar azob.
Xoinlar, sotqinlar qilmishi uchun
Kim oladi, axir, oliy bir jazo!

Tushunsang, ko’zlaring oldiga kelar
Ham do’zax, ham jannat, hamda arosat,
Oyog’i shohsupa, bo’yni sirtmokda,
Manglayin miltiqqa tutgan Farosat!..

* * *

Mana, endi men ham xazon fasliman,
Sen yashil. Men bo’lsam za’faron bu kun.
Bahorim, baribir, yuraklarimiz
Sevib yashamoqqa qilingan hukm.

Mayin sochlaringni silagim kelar,
Ko’ksimga bosh qo’yib aytging kelar roz.
Borgim kelar — darig’, o’rtamizda qish,
Kelging kelar — darig’ o’rtamizda yoz.

Lekin… butun dunyo shubha qilsa ham
Bahorim muqarrar bizning vaslimiz.
Nifoqmas, mustahkam ittifoq bo’lg’ay
Ikki o’rtadagi ikki faslimiz.

Yoz hovridan tushgay. Qish ketgay erib.
Axiyr bir kun bizni tushungay ular.
Shafqatga munosib hislar bor, jonim,
Bordir muruvvatga loyiq tuyg’ular.

Men shu tuyg’ulardan tinglayman tunlar
Sirli bir qo’shiqni, mahzun olib tin.
«Xazonrez kuz bilan yam-yashil bahor,
Qaranglar, bir-birin sevib qolibdi».

Va to’shalib ketar sen tarafga yo’l,
Bir yo’lkim — yog’dudan, nurdan, ziyodan…
Kuz ekanim xuddi tong otganiday
Asta ko’tarilib keladi yoddan.

Dilda lovullagan olov dostonlar
Xalqim kechmishini qilsin deyman sharh.
Menga aziz kuyga zor ostonalar,
Lekin goho sovuq qarshi olishar.

E’zozlay olmasa davralar, nahot,
Qutlug’ bobo meros ehtirosimni.
Og’ir yangrataman borganim zahot
Farzanddek bag’rimga bosib sozimni.

Ko’plarga xush kelmas zalvorli bu kuy,
Qistalang qilishar «Uni, buni chal».
Sho’rliklar… sho’rliklar bilmaydilarki,
Buyurtma qo’shiqlar sozimga ajal.

Goh nogoh yangratsam tumtaroq kuylar,
Ruhim kuzda guldek qoladi so’lib.
Nodonlar olqishi shunda tuyular
Menga donolarning qarg’ishi bo’lib.

Mayli, kimlargadir bo’lmay men manzur,
Qay birovga, mayli, sozim yoqmasin.
Doston aytsam faqat tiyrak ko’zda nur,
Zukko aqllarda quyosh chaqnasin.

Shundagina menga kulib boqib baxt,
Dildagi hasratni butkul aritar…
Yo’q! Meni hech qachon keksaytirmas vaqt,
Fahmsiz tinglovchi meni qaritar.

BAXSHINING O’YLARI

Ba’zan bazmlarga taklif qilishar,
Kelishmasa savlat to’kkan hofizlar.
Men qarib qolganman, yaxshi bilishar
Bilishmas — qalbimda navqiron hislar.

«Volga» yubormaslar hech vaqt meni deb,
Yashasam-da azim shahardan chetda.
Odamlar qalbiga bermoq uchun zeb
Asta yo’l olaman velosipedda.

BAHORNING SO’NGGI QO’SHIG’I

Yam-yashil o’ylarga tolib ketaman,
Xazon bo’lmay har yil g’olib ketaman.
Garchi menga anduh butkul begona,
Loqaydlardan nolib-nolib ketaman.

Umidvorman, bir kun men ularni ham
Muhabbat dardiga chalib ketaman.
Borliq beri tursin, har bir yurakka
Ming-minglab mo»jiza solib ketaman.

Meni bir o’ylab ko’r zerikkaningda,
Olis-olislarga olib ketaman.
O’tib ketadi deb kim aytdi meni,
Sening yuragingda qolib ketaman.

* * *

Yuragim simchiroq… simchiroq…
Joningdan, jonim, jon ulangan.
Bu mo»jiza chiroq, bu tilsim chiroq
Ko’ksimni to’ldirdi shu’langga.

Sim-siyoh atrofim charaqlab,
Chekindi oqshomning zulmati.
Yorishmadi faqat ovloqlar,
Faqatgina zulmatlar kulmadi.

Mangu nurafshon bo’l!.. Sening-da,
Hayoting yog’duga qorilsin.
Paymonam to’lsa, sen uzilma,
Mayliga — yuragim yorilsin.

* * *

Hali kechagina yulduzlar bilan
Chaqnashib turgan bu ko’zlaring.
Yovuz baqrayganlar bilan mardona
To’qnashib turgan bu ko’zlaring.

Bugun, mana, o’rgimchak uyasi,
Chunki yashayapsan shunchaki.
Jirkanch g’imirlaydi soqqalaringda
To’qlik o’rgimchagi, aysh o’rgimchagi.

Chandib tashlangansan g’aflat qurumiga,
Tunmi Kun? Tafovut qilmaysan vaqtni.
Shodlikni kuylaysan. Dunyo g’am chekar.
Dunyo kulfat chekar. Kuylaysan baxtni.

Holbuki, Alpomish his-hayajonlar,
Jaloliddin tuyg’u, Temurmalik ruhlar
Nayzasini shundoq yoniga qo’yib
Sening yuragingda dong qotib uxlar.

Holbuki, ko’zlarga bedorlik darmon
Holbuki, ko’zlarga uyg’oqlik malham.
Uyg’ot hayajonni. Tuyg’uni. Ruhni Uyg’ot.
Kech bo’lmadi hali ham.

Uyg’ot. Uyg’otmoq shart. Zudlik bilan.
Darhol.
Olmoq shart o’rgimchak jonini.
Yo’qsa… so’rib ichar pahlavon ruhlarning
Qorachiqlardagi qonini.

Matnazar Abdulhakim. Javzo tashrifi

07

(Tashriflar: umumiy 4 120, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring