Rafiq Saydullo. Sayyod. Hikoya

001      Бундан салкам бир йилча аввал Рафиқ Сайдуллонинг шеърларини сайтда эълон қилган эдим. Унинг шеърлари кўпчиликка маҳқул келганидан мамнун бўлдим. Кейинчалик эса саҳифаларимизда унинг турк ва озарбайжон шеъриятидан (Нозим Ҳикмат, Воқиф Самадўғли,Ешим Ағаоғлу шеърларидан) қилган таржималарини бирин-кетин саҳифаларимизда қўйдик. Улар ҳам яхши баҳо олди. Бугун эса ёш ижодкорнинг бир ҳикоясини (бошқа ҳикоялари сайт жамҳармасида ўз навбатини кутиб турибди) сизга тақдим этар эканмиз, бу ҳикоя ҳали Рафиқнинг изланишлари эканини таъкидлашни истардик. Изланиш эса ижоднинг юксакка кўтарадиган қанотларидан биридир.

07Рафиқ Сайдулло
САЙЁД
09

Қушча, одатдагидай, қиров босган бармоқларим орасида мудрайди. Кафтим унинг учун ўз кошонасига айланиб қолганидан «Қуш уйқу» қилиб олиш учун энг бехавотир жой, деб ўйласа керак-да! Мен эса ҳар сонияда уни тириклайин чайнаб ташлашга тайёрман!

Мен бу қушни кўпдан бери биламан. У анча олдин уйим атрофида пайдо бўлиб қолганди. У дарахтдан бу дарахтга учиб-қўниб юриб, шундай хониш етардики, авваллари ҳеч тинглаб кўрмаганим, бу ажабтовур наводан маст бўлиб қолардим. ўша пайтлар менга ҳам ўша қушдаги каби қанотлар битарди-ю самоларга парвоз қила бошлардим. Аммо қуш бироз тин олиш учун сайрашдан тўхтагани ҳамон мени кўкларга элтган қанотларим кўздан йитар ва мен ерга гурсиллаб йиқилиб тушардим. Ҳар тугул, мен бундан хафа бўлмасдим. Ахир, унинг ҳам жони тошдан эмас. Шундай бесўнақай ва қўпол жасадни кўкларга кўтариш осон, дейсизми? Мен шу каби хаёллар билан ўзимни тинчлантирардим ва чиндан бахтиёр эдим, бироқ кўзингга гўзал кўринган ҳар бир яратиқни ўз қўлларинг билан ушлаб кўрмагунингча кўнглинг жойига тушмас экан, юракнинг бир четида аллақандай англаб бўлмас туйнук тобора катталашиб, ўзинг ҳам бир куни каттакон бир туйнукка айланиб қолишинг ҳавфи туғилар экан.

Бора-бора мени ҳам қандайдир бир ёввойи иштиёқ ўртай бошлади ва бир куни қушга тузоқ қўйдим. Ҳали замон илиниб қолар, деган умидда ичкарига кириб кетдим ва юрак ҳовучлаб кута бошладим. Бир маҳал сабрим чидамай ташқарига отилиб чиқсам, қуш тўр ичида питирлаб ётар еди. Бирорта дайди мушук илиб кетиб қолмаганини қаранг! Қувончим ичимга сиғмай югуриб бордим-да уни қўйган тузоғимдан бўшатиб олдим. Айни дамда унинг кўзлари безовта, кучли қўрқувда эканлиги сезилиб турарди. Мен бунга унча парво қилмай уни яқиндан, берилиб томоша қила бошладим, узоқ томоша қилдим. Қуш эса бошини тошбақалардек ҳурпайган танасининг ичига тиқиб олганди.

Дунёда шу қадар инжа гўзалликлар мавжуд эканки, бизнинг қақраган, муштоқ қўлларимиз уларга етиши билан йўқлик қаърига сингиб кетаркан. Бу ҳали дарахт шохларидан узилмаган кузги япроқларнинг таҳликали титроқлари, ё елкангни дафъатан тарк этаётган ниначи қанотларининг тезкор ҳаракатларига ўхшайди. Ўша куни мен тузоқ қўйиб, қўлга киритган қушни узоқ томоша қилдим. У билан овунишим, кейинроқ зерикиб қолиб, ҳатто, ўлдиришгача боришим, алвон рангли патларини юлиб ташлаб, унинг бу кулгили, ялонғоч кўринишидан олам-олам завқ олишим, кейин шудгорга улоқтириб ташлашим мумкин бўлгани ҳолда бу қуш сайроғининг баҳаво қирғоқлари бўйлаб ҳеч қачон сайр эта олмаслигимни армон қилар эканман, ўзимни чиндан ҳам дунёнинг энг қўпол ва бесўнақай ёввойи махлуқидек ҳис қилдим. Ўша қора кунни қуш менинг чангалимда ўтказди. Унинг ҳали замон сайраб қолишини кутавериб кеч ҳам тушди, тоқатим тоғ бўлди. Аммо уни қафасга солиб қўйишни ҳам, озор беришни ҳам хоҳламадим, кафтларимни очган эдим, пир этди-ю тим қора осмон қаърига сингиб кетди. Назаримда, у қўлга тушган пайтдан бошлаб то кафтларим очилгунича давом этган эрксизлик онларида узлуксиз касофат иси бижғиган ерлардан бош олиб кетиш ҳақида ўйлаган бўлса керак. Чунки у бир сония ҳам довдираб қолмади, чексиз осмон томон ўқдек отилди. Аммо эртаси куни ерталаб ташқарига чиқсам, қуш яна у дарахтдан бу дарахтга учиб-қўниб юриб, тинмай чирқиллаб сайрар еди. Мен каби баттолни ташлаб, узоқларга кетиб қолмагани учун ундан беҳад миннатдор бўлдим ва унинг сайроғидан маст бўлганча қанотларимни ёзиб парвозга шайландим. Кейин жуда баландга учдим, булутларга етдим, аммо пастга — заминга қарамасдан, кўзларимни юмиб олганча тиккага қараб учардим, чунки самода дафъатан қоқилиб кетишингга сабаб бўладиган ҳеч нима йўқ деб ўйлардим. Бир маҳал қуш, ҳар доимгидек, бироз тин олиш учун сайроғини тўхтатганида қанотларим қайрилиб кетгандай бўлди, ерга гурсиллаб йиқилиб тушиб, кўзларим қорайиб кетди ва азбаройи жаҳлим чиққанидан шаҳд билан ўрнимдан туриб, бориб тузоқни олиб келдим.

Ташқарига чиққанимда қуш яна тўр ичида потирлаб ётганини кўриб севиниб кетдим. Бирорта бахти кулган, дайди мушук илиб кетиб қолмаганини қаранг! Оёғимни қўлимга олиб у томон югурдим, қафасдан чиқариб олиб, маҳкам чангаллаганча ҳовлини гир айланиб чиқдим. Қушнинг қоп-қора кўзлари ташқарига отилиб чиқиб кетаман дейди, юрагининг зарб билан уриши қўлларимни ёриб юборар даражада! Мен ҳансираб ерга чўзилдим, қушни эса маҳкам чангаллаб олган эдим. Бироздан сўнг чап қўлимга таяниб (қуш ўнг қўлимда эди) ўрнимдан қўзғалдим ва унга ҳаддан зиёд озор бераётганимни сезиб, қушни ҳовучимга олдим. Бечоранинг патлари тўзиб кетган эди, бунга заррача ачинмай унга яна кўзларимни гўлайтириб тикила бошладим. Бир неча марта унинг тумшуқчасини бармоқларим билан катта очиб ичкарисига ҳам мўралаб кўрдим, аммо ҳар гал бу бемаъниликка қўл урганимда ҳам айтарли ҳеч нимага гувоҳ бўлмадим. Кейин оёқларини осмондан қилиб ҳовли бурчагида мудраб ётган Қоплонимнинг олдига олиб бордим. Бироқ қартайиб, эндиликда кўзи анча ўтмаслашиб қолган итим қушга этибор бермади. Шундай қилиб ўша кунни ҳам кеч қилдим. Кейин қушни қўйиб юбордим. Қуш шу билан бу атрофдан буткул безиб қолади, деган умидда эдим, бироқ эртаси куни уни яна ҳовлидаги ўрик шохида кўрдим ва бажонидил қанотларимни ёздим, кўкни қучдим, парвоз қила туриб қанотларим кўздан йитди, ер искадим… Қуш яна тузоқда еди. Эртаси куни ҳам, ҳар куни қуш тузоққа тушарди. Охир-оқибат иш шунга бориб етдики, қафасни олиб келишга ҳам ҳожат қолмади, чунки мен ҳар сафар ерга қулаб тушганимда қуш тўғри мен томонга учиб келиб, очиқ кафтимга қўниб оларди, аммо ҳеч сайрамас еди. Мен бу аҳволдан ҳориб битдим, озиб чўпдек бўлиб қолдим, парвозга ҳам ҳолим қолмади. Қуш эса менга буткул ўрганиб қолганидан, ҳатто, қўйиб берсанг, кафтимга тухум қўйиб, митти-митти полапонларини ҳам очиб чиқишга тайёр еди. Қачонлардир мен учун илоҳиётга даҳлдор бўлган бу мавжудотнинг хонаки паррандалардек ҳаёт кечира бошлагани, энг ёмони, кафтимга хас-ҳашаклардан ташиб келиб, ўзига бежиримгина ин қуриб олишдек безбетликкача боргани мени жиғибийрон қилар, буни ҳеч ҳазм қила олмас едим. Аммо, на илож, менинг қаршилик кўрсатиш имконим йўқ эди, боиси мен узоқ вақт давомида калламда фақат шу қуш ва унинг самовий товуши ҳақидаги бемаъни тасаввурлар билан ўралашиб қолиб, овқатланишни ҳам буткул унутиб юборгандим; захга шимилаверганидан кийимларим ҳам чириб битган, қайсидир куни эгнимдан тушиб қолганди. Шунинг учун ҳам оёқ-қўлим бемажол, қуш учун эса илдизлари ердан суғуриб ташланган, қуриб-қақшиб кетган, ялонғоч тўнкадан бошқа нарса эмас эдим. Чамамда, қайсидир йўғонроқ илдизим ҳали ҳам ер остидан қолиб кетган ва менга озуқа етказиб турар, мени буткул жонсиз мурдага айланиб қолишдан сақлаётганди. Шу ҳолимга қарамай, яна ўша бемаъни тасаввурлардан қутилолмай зўр бериб фикрлаётган эдим. Гўё, бу ишим билан мен тўнкага айланиб қолган бўлсам ҳам ҳали тирик эканлигимни исботламоқчи бўлардим.

Ҳаммасига ўзим айбдорман, деб ўйлардим мен, уни қўлга ўргата олмаслигимни англашим ёки аллақачон ўлдириб юборишим керак эди. Қуш кафтимга ин қуриб олганидан сўнг фақат жиғилдонини қаппайтириб қайтиш учунгина парвоз қиладиган, умуман сайрамайдиган бўлиб қолди. Ўйлашимча, уясининг бузилиб кетишига сабаб бўладиган менинг хавфли парвозимдан хавотирланган бўлса керак. Аҳир, у сайраш учун тумшуғини қимирлатган заҳоти мен яна уча бошлардим-да! Лаънати! Аммо сўнгги сурбетлиги ҳаммасидан ошиб тушди. Бир тонг шудгорда кўзларимни очиб, қақраган лабларимни ялашга ҳам мажол тополмай ётганимда ўша эски оҳанг қулоғимга чалинди. Минг азоб билан бошимни ўнг томонга буриб, кўзларимни йириб-йиртиб разм солганимда қуш инида бир нечта полапонларни кўрдим! Таналари қип-ялонғоч, ҳали бирорта ҳам тук ўсиб чиқмаган жўжалар балиқлардек тумшуқларини каппа-каппа очиб, тинмай чирқиллашарди. Она қуш эса яқин атрофда кўринмасди, бу еб тўймас махлуқларга овқат топиб келиш учун кетган бўлса керак. Қизиқ, қачон тухум қўйишга улгурди экан? Айтганчи, мен нега учмаяпман?.. Қайсидир бахти кулган, ёввойи мушук илиб кетиб қолмаганини қаранг! Шу зайлда кунлар кетидан кунлар ўтиб, полапонлар ҳам учирма бўлди-ю қайтиб қорасини кўрсатмай даф бўлди. Мен буни уларнинг чирқиллашлари эшитилмай қолганидан билиб олдим. Ким билади, балки, ўзимнинг қулоқларим том битиб қолиб, бу оҳангни эшитмай қўйгандирман? Ҳар тугул, менинг бундан кўнглим тўлди. Қуш эса ўз инида яшашда давом этди. Эндиликда у умуман парвоз қилмас, шохдан шохга қўнмас, сайрамас еди. Балки, у қартайиб, кучдан қолгандир? Балки, эндиликда бу хатти-ҳаракатларнинг қизиғи қолмагандир? Нега унга тузоқ қўйдим-а! Нечун тобора ҳакалак отиб бораётган нафсимни тийишга ўзимда куч топа олмадим? Нима сабабдан бу ажабтовур оҳангнинг қадам етмас, баҳаво қирғоқларида сайр этишни хоҳлаб қолдим? Нега уни еб қўймадим? Аҳир, мен ўзимнинг керагидан ортиқ даражада қўпол ва очкўз жонзот еканлигимни билар эдим-ку! Билиб туриб ҳам йўл қўйиб бердим ҳаммасига! Ҳаммасига ўзим айбдорман, ўзим сабабчиман! Ҳаддан ташқари семириб кетганидан, эндиликда, ҳатто, қанотларини ҳам базўр кўтараётган бу қушча, одатдагидай, қиров босган бармоқларим орасида мудрайди. Кафтим унинг учун ўз кошонасига айланиб қолганидан «Қуш уйқу» қилиб олиш учун энг бехавотир жой, деб ўйласа керак-да! Мен эса ҳар сонияда уни тириклайин чайнаб ташлашга тайёрман!

044

   Bundan salkam bir yilcha avval Rafiq Saydulloning she’rlarini saytda e’lon qilgan edim. Uning she’rlari ko’pchilikka mahqul kelganidan mamnun bo’ldim. Keyinchalik esa sahifalarimizda uning turk va ozarbayjon she’riyatidan (Nozim Hikmat, Voqif Samado’g’li,Yeshim Ag’aog’lu she’rlaridan) qilgan tarjimalarini birin-ketin sahifalarimizda qo’ydik. Ular ham yaxshi baho oldi. Bugun esa yosh ijodkorning bir hikoyasini (boshqa hikoyalari sayt jamharmasida o’z navbatini kutib turibdi) sizga taqdim etar ekanmiz, bu hikoya hali Rafiqning izlanishlari ekanini ta’kidlashni istardik. Izlanish esa ijodning yuksakka ko’taradigan qanotlaridan biridir.

Rafiq  Saydullo
SAYYOD
09

034Qushcha, odatdagiday, qirov bosgan barmoqlarim orasida mudraydi. Kaftim uning uchun o’z koshonasiga aylanib qolganidan «Qush uyqu» qilib olish uchun eng bexavotir joy, deb o’ylasa kerak-da! Men esa har soniyada uni tiriklayin chaynab tashlashga tayyorman!

Men bu qushni ko’pdan beri bilaman. U ancha oldin uyim atrofida paydo bo’lib qolgandi. U daraxtdan bu daraxtga uchib-qo’nib yurib, shunday xonish yetardiki, avvallari hech tinglab ko’rmaganim, bu ajabtovur navodan mast bo’libqolardim. o’sha paytlar menga ham o’sha qushdagi kabi qanotlar bitardi-yu samolarga parvoz qila boshlardim. Ammo qush biroz tin olish uchun sayrashdan to’xtagani hamon meni ko’klarga eltgan qanotlarim ko’zdan yitar va men yerga gursillab yiqilib tushardim. Har tugul, men bundan xafa bo’lmasdim. Axir, uning ham joni toshdan emas. Shunday beso’naqay va qo’pol jasadni ko’klarga ko’tarish oson, deysizmi? Men shu kabi xayollar bilan o’zimni tinchlantirardim va chindan baxtiyor edim, biroq ko’zingga go’zal ko’ringan har bir yaratiqni o’z qo’llaring bilan ushlab ko’rmaguningcha ko’ngling joyiga tushmas ekan, yurakning bir chetida allaqanday anglab bo’lmas tuynuk tobora kattalashib, o’zing ham bir kuni kattakon bir tuynukka aylanib qolishing havfi tug’ilar ekan.

Bora-bora meni ham qandaydir bir yovvoyi ishtiyoq o’rtay boshladi va bir kuni qushga tuzoq qo’ydim. Hali zamon ilinib qolar, degan umidda ichkariga kirib ketdim va yurak hovuchlab kuta boshladim. Bir mahal sabrim chidamay tashqariga otilib chiqsam, qush to’r ichida pitirlab yotar yedi. Birorta daydi mushuk ilib ketib qolmaganini qarang! Quvonchim ichimga sig’may yugurib bordim-da uni qo’ygan tuzog’imdan bo’shatib oldim. Ayni damda uning ko’zlari bezovta, kuchli qo’rquvda ekanligi sezilib turardi. Men bunga uncha parvo qilmay uni yaqindan, berilib tomosha qila boshladim, uzoq tomosha qildim. Qush esa boshini toshbaqalardek hurpaygan tanasining ichiga tiqib olgandi.

Dunyoda shu qadar inja go’zalliklar mavjud ekanki, bizning qaqragan, mushtoq qo’llarimiz ularga yetishi bilan yo’qlik qa’riga singib ketarkan. Bu hali daraxt shoxlaridan uzilmagan kuzgi yaproqlarning tahlikali titroqlari, yo yelkangni daf’atan tark etayotgan ninachi qanotlarining tezkor harakatlariga o’xshaydi. O’sha kuni men tuzoq qo’yib, qo’lga kiritgan qushni uzoq tomosha qildim. U bilan ovunishim, keyinroq zerikib qolib, hatto, o’ldirishgacha borishim, alvon rangli patlarini yulib tashlab, uning bu kulgili, yalong’och ko’rinishidan olam-olam zavq olishim, keyin shudgorga uloqtirib tashlashim mumkin bo’lgani holda bu qush sayrog’ining bahavo qirg’oqlari bo’ylab hech qachon sayr eta olmasligimni armon qilar ekanman, o’zimni chindan ham dunyoning eng qo’pol va beso’naqay yovvoyi maxluqidek his qildim. O’sha qora kunni qush mening changalimda o’tkazdi. Uning hali zamon sayrab qolishini kutaverib kech ham tushdi, toqatim tog’ bo’ldi. Ammo uni qafasga solib qo’yishni ham, ozor berishni ham xohlamadim, kaftlarimni ochgan edim, pir etdi-yu tim qora osmon qa’riga singib ketdi. Nazarimda, u qo’lga tushgan paytdan boshlab to kaftlarim ochilgunicha davom etgan erksizlik onlarida uzluksiz kasofat isi bijg’igan yerlardan bosh olib ketish haqida o’ylagan bo’lsa kerak. Chunki u bir soniya ham dovdirab qolmadi, cheksiz osmon tomon o’qdek otildi. Ammo ertasi kuni yertalab tashqariga chiqsam, qush yana u daraxtdan bu daraxtga uchib-qo’nib yurib, tinmay chirqillab sayrar yedi. Men kabi battolni tashlab, uzoqlarga ketib qolmagani uchun undan behad minnatdor bo’ldim va uning sayrog’idan mast bo’lgancha qanotlarimni yozib parvozga shaylandim. Keyin juda balandga uchdim, bulutlarga yetdim, ammo pastga — zaminga qaramasdan, ko’zlarimni yumib olgancha tikkaga qarab uchardim, chunki samoda daf’atan qoqilib ketishingga sabab bo’ladigan hech nima yo’q deb o’ylardim. Bir mahal qush, har doimgidek, biroz tin olish uchun sayrog’ini to’xtatganida qanotlarim qayrilib ketganday bo’ldi, yerga gursillab yiqilib tushib, ko’zlarim qorayib ketdi va azbaroyi jahlim chiqqanidan shahd bilan o’rnimdan turib, borib tuzoqni olib keldim.

Tashqariga chiqqanimda qush yana to’r ichida potirlab yotganini ko’rib sevinib ketdim. Birorta baxti kulgan, daydi mushuk ilib ketib qolmaganini qarang! Oyog’imni qo’limga olib u tomon yugurdim, qafasdan chiqarib olib, mahkam changallagancha hovlini gir aylanib chiqdim. Qushning qop-qora ko’zlari tashqariga otilib chiqib ketaman deydi, yuragining zarb bilan urishi qo’llarimni yorib yuborar darajada! Men hansirab yerga cho’zildim, qushni esa mahkam changallab olgan edim. Birozdan so’ng chap qo’limga tayanib (qush o’ng qo’limda edi) o’rnimdan qo’zg’aldim va unga haddan ziyod ozor berayotganimni sezib, qushni hovuchimga oldim. Bechoraning patlari to’zib ketgan edi, bunga zarracha achinmay unga yana ko’zlarimni go’laytirib tikila boshladim. Bir necha marta uning tumshuqchasini barmoqlarim bilan katta ochib ichkarisiga ham mo’ralab ko’rdim, ammo har gal bu bema’nilikka qo’l urganimda ham aytarli hech nimaga guvoh bo’lmadim. Keyin oyoqlarini osmondan qilib hovli burchagida mudrab yotgan Qoplonimning oldiga olib bordim. Biroq qartayib, endilikda ko’zi ancha o’tmaslashib qolgan itim qushga etibor bermadi. Shunday qilib o’sha kunni ham kech qildim. Keyin qushni qo’yib yubordim. Qush shu bilan bu atrofdan butkul bezib qoladi, degan umidda edim, biroq ertasi kuni uni yana hovlidagi o’rik shoxida ko’rdim va bajonidil qanotlarimni yozdim, ko’kni quchdim, parvoz qila turib qanotlarim ko’zdan yitdi, yer iskadim… Qush yana tuzoqda yedi. Ertasi kuni ham, har kuni qush tuzoqqa tushardi. Oxir-oqibat ish shunga borib yetdiki, qafasni olib kelishga ham hojat qolmadi, chunki men har safar yerga qulab tushganimda qush to’g’ri men tomonga uchib kelib, ochiq kaftimga qo’nib olardi, ammo hech sayramas yedi. Men bu ahvoldan horib bitdim, ozib cho’pdek bo’lib qoldim, parvozga ham holim qolmadi. Qush esa menga butkul o’rganib qolganidan, hatto, qo’yib bersang, kaftimga tuxum qo’yib, mitti-mitti polaponlarini ham ochib chiqishga tayyor yedi. Qachonlardir men uchun ilohiyotga dahldor bo’lgan bu mavjudotning xonaki parrandalardek hayot kechira boshlagani, eng yomoni, kaftimga xas-hashaklardan tashib kelib, o’ziga bejirimgina in qurib olishdek bezbetlikkacha borgani meni jig’ibiyron qilar, buni hech hazm qila olmas yedim. Ammo, na iloj, mening qarshilik ko’rsatish imkonim yo’q edi, boisi men uzoq vaqt davomida kallamda faqat shu qush va uning samoviy tovushi haqidagi bema’ni tasavvurlar bilan o’ralashib qolib, ovqatlanishni ham butkul unutib yuborgandim; zaxga shimilaverganidan kiyimlarim ham chirib bitgan, qaysidir kuni egnimdan tushib qolgandi. Shuning uchun ham oyoq-qo’lim bemajol, qush uchun esa ildizlari yerdan sug’urib tashlangan, qurib-qaqshib ketgan, yalong’och to’nkadan boshqa narsa emas edim. Chamamda, qaysidir yo’g’onroq ildizim hali ham yer ostidan qolib ketgan va menga ozuqa yetkazib turar, meni butkul jonsiz murdaga aylanib qolishdan saqlayotgandi. Shu holimga qaramay, yana o’sha bema’ni tasavvurlardan qutilolmay zo’r berib fikrlayotgan edim. Go’yo, bu ishim bilan men to’nkaga aylanib qolgan bo’lsam ham hali tirik ekanligimni isbotlamoqchi bo’lardim.

Hammasiga o’zim aybdorman, deb o’ylardim men, uni qo’lga o’rgata olmasligimni anglashim yoki allaqachon o’ldirib yuborishim kerak edi. Qush kaftimga in qurib olganidan so’ng faqat jig’ildonini qappaytirib qaytish uchungina parvoz qiladigan, umuman sayramaydigan bo’lib qoldi. O’ylashimcha, uyasining buzilib ketishiga sabab bo’ladigan mening xavfli parvozimdan xavotirlangan bo’lsa kerak. Ahir, u sayrash uchun tumshug’ini qimirlatgan zahoti men yana ucha boshlardim-da! La’nati! Ammo so’nggi surbetligi hammasidan oshib tushdi. Bir tong shudgorda ko’zlarimni ochib, qaqragan lablarimni yalashga ham majol topolmay yotganimda o’sha eski ohang qulog’imga chalindi. Ming azob bilan boshimni o’ng tomonga burib, ko’zlarimni yirib-yirtib razm solganimda qush inida bir nechta polaponlarni ko’rdim! Tanalari qip-yalong’och, hali birorta ham tuk o’sib chiqmagan jo’jalar baliqlardek tumshuqlarini kappa-kappa ochib, tinmay chirqillashardi. Ona qush esa yaqin atrofda ko’rinmasdi, bu yeb to’ymas maxluqlarga ovqat topib kelish uchun ketgan bo’lsa kerak. Qiziq, qachon tuxum qo’yishga ulgurdi ekan? Aytganchi, men nega uchmayapman?.. Qaysidir baxti kulgan, yovvoyi mushuk ilib ketib qolmaganini qarang! Shu zaylda kunlar ketidan kunlar o’tib, polaponlar ham uchirma bo’ldi-yu qaytib qorasini ko’rsatmay daf bo’ldi. Men buni ularning chirqillashlari eshitilmay qolganidan bilib oldim. Kim biladi, balki, o’zimning quloqlarim tom bitib qolib, bu ohangni eshitmay qo’ygandirman? Har tugul, mening bundan ko’nglim to’ldi. Qush esa o’z inida yashashda davom etdi. Endilikda u umuman parvoz qilmas, shoxdan shoxga qo’nmas, sayramas yedi. Balki, u qartayib, kuchdan qolgandir? Balki, endilikda bu xatti-harakatlarning qizig’i qolmagandir? Nega unga tuzoq qo’ydim-a! Nechun tobora hakalak otib borayotgan nafsimni tiyishga o’zimda kuch topa olmadim? Nima sababdan bu ajabtovur ohangning qadam yetmas, bahavo qirg’oqlarida sayr etishni xohlab qoldim? Nega uni yeb qo’ymadim? Ahir, men o’zimning keragidan ortiq darajada qo’pol va ochko’z jonzot yekanligimni bilar edim-ku! Bilib turib ham yo’l qo’yib berdim hammasiga! Hammasiga o’zim aybdorman, o’zim sababchiman! Haddan tashqari semirib ketganidan, endilikda, hatto, qanotlarini ham bazo’r ko’tarayotgan bu qushcha, odatdagiday, qirov bosgan barmoqlarim orasida mudraydi. Kaftim uning uchun o’z koshonasiga aylanib qolganidan «Qush uyqu» qilib olish uchun eng bexavotir joy, deb o’ylasa kerak-da! Men esa har soniyada uni tiriklayin chaynab tashlashga tayyorman!

044

(Tashriflar: umumiy 403, bugungi 1)

Izoh qoldiring