Nusrat Kesemenli. She’rlar

045     Таниқли озарбайжон шоири Нусрат Кесеменли қисқа, аммо мазмунли умри давомида ўзидан қадрли мерос қолдирди. У ёзган шеърлар, публицистикаси ва жуда кўп фильмларга асос бўлган сценарийлари бугун ҳам она халқига хизмат қилмоқда.

Нусрат КЕСЕМЕНЛИ
ШЕЪРЛАР
Гулбаҳор Сатторова таржималари
055

045Нусрат Кесеменли (1946-2003) – озарбайжонлик машҳур шоир ва публицист. XX аср туркча шеъриятининг ёрқин намояндаларидан бири. У Озарбайжон Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Бир қатор шеърий китоблар, шунингдек, “Бўш қишлоқлар нидоси”, “Мавзу устида импровизация”, “Озарбайжонга саёҳат” ва бошқа кўплаб ҳужжатли фильмларнинг, “Афродитанинг қўллари”, “Қорабоғ ҳикояси” каби бадиий фильмларнинг сценарий муаллифидир. Унинг 150 дан ортиқ шеърига куй басталанган.
Нусрат Кесеменли ўзининг қисқа ва шонли умри давомида “Баки” ва “Боку” газеталарида муҳаррир, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасида реферант, адабий маслаҳатчи, мазкур уюшма Ҳамкорлар Қўмитаси раиси, “Озарбайжонфильм” кино студиясида бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Бундан ташқари, “Дунёга дарча” ҳужжатли телевизион дастурининг сценарий муаллифи ва бошловчиси бўлган.
Меҳнатлари эвазига Давлат мукофотлари билан тақдирланган. 2003 йили Табриз шаҳрида вафот қилган.

055

МАЖНУНДАЙ ЙИҒЛАМОҚ КЕЧАР КЎНГЛИМДАН

Чопайин соҳилда ҳолдан тойгунча,
Узала тушайин адирлар узра,
Ўпай бу тупроқни,
ўпай тўйгунча,
Юзимга юз боссин бу совуқ тоши,
Шудрингларга сингсин кўзимнинг ёши…
Қуриган булоқлар ичар кўнглимдан,
Мажнундай йиғламоқ кечар кўнглимдан.

Кўнглин оғритганим,
ранжитганим қиз,
Ғурур соясида ётганим етар,
Ўтли ёноғингдан сув ичганим қиз,
Бу қадар гуноҳга ботганим етар.
Ғунча дудоқларинг титрамасин, қўй,
Мен сенинг қаршингда титрайин, гулим,
Сендан дунёларни истамайман, йўқ,
Фақат кечиролсанг, кечир, ўтинчим.
Ён десанг,
Оловдай оташим порлоқ,
Қот десанг,
Жойимда музлашим аниқ!
Энди англадим-ки, умр-вақт ўтар.
Энг гўзал ҳисларим кечар кўнглимдан,
Қайтгил!
Сен умримга фараҳлик келтир,
Мажнундай йиғламоқ кечар кўнглимдан.

Кўпдан қабристонга тушмади йўлим,
У мунглиғ мозорга ўт чиққан балки.
Менинг бу совуққон ва лоқайд феълим,
Унинг сийнасига ўт ёққан балки.
Бир тош бор кўзимнинг ёшига ҳасрат,
Туради ёдгорлик ҳайкали каби.
Қўлим тупроғига, тошига ҳасрат,
Йиқилиб устига мен далли каби
Йиғлашим керак.
У танҳо мозорни тупроқдан узиб,
Кафтларим ичида сақлашим керак.
Шуҳратнинг устига юриш қилганча,
Истаклар, орзулар кўчар кўнглимдан.
Севги тутунига мен бўғилганча,
Мажнундай йиғламоқ кечар кўнглимдан.

Шамоллар ўйнайди кент уйимизда,
Хаёл ўшал томон тортқилар мени.
Ўргимчак тўр қурган панжарамизда,
Ҳасратим у тўрда илинар менинг.
Кўршапалак боқар нураган шифтдан,
Устунлар эгилган, шикастланибди.
Қўрқувдан деворнинг бағри ёрилган,
Эшиклар кўпайиб тўрт қатланибди.
Борай, деворига ёлворай унинг,
Борай, эшикларнинг қати очилсин.
Борай, мен охирги устуни бўлай,
Шифту том елкамга майли босилсин…
Тошни тош устига терай бошқатдан.
Бебош елвизаклар эсар кўнглимда!
Шундай ўй чулғамиш
Билмам не учун
Мажнундай йиғламоқ кечар кўнглимдан.

ЎҒРИ БЎЛМОҚ ИСТАЙМАН

Жандармлар эшитмасин,
Қўрқинчли бир шеър айтаман:
Кўпдан буён бир орзум бор,
Ўғри бўлмоқ истаюрман!..
Инсонларнинг орасидан
Оқибатсиз одамларни,
Виждонини пулга сотган
нодонларни
Ўғирламоқ истаюрман!

Бу тупроқнинг кундан-кунга
Нечун ортар ҳасратлари?..
Давлатларнинг орасидан сарҳадларни
Ўғирламоқ истаюрман!
Ўғри бўлсам нима бўпти,
Ўғрилик ҳам иш-ку ахир.
Мен онамнинг юзларига
Бевақт тушган ажинларни
Ўғирламоқ истаюрман!

Биттасини йиқмоқ учун
Икковининг улфатини,
Инсонларнинг юрагидан
Бор кинини, нафратини,
Ёлғонини, бўҳтонини,
Бир-бирини сотганларни,
Икки ошиқ ўртасидан
У учинчи одамларни
Ўғирламоқ истаюрман!

Ораз оқар…
У қирғоқдан инсон боқар,
Бу қирғоқдан инсон боқар,
Неча милллион кўзи ёшли азизимни,
У ҳасратли Табризимни
Ўғирламоқ истаюрман!
Энди неча давлатлардан
Мазлумларнинг оҳ-зорини,
Ёт тупроқда ётиб қолган,
Асрларнинг орқасидан
Қўлларини соллаб қолган
Карбалодан Фузулийнинг,
Ҳалабдаги Насимийнинг мозорини
Ўғирламоқ истаюрман!

Не яширсак, ҳамма билар
Олов ичра ёндирарлар
бу жаҳонни.
Қалбим айтар:
“Бир озари мақолини ёдингга ол:
“Ўғриники ўғрига ҳалол…”
Прометей ўғирлаб
Инсонларга берган ўтни
Ўғирламоқ истаюрман!
Ғазаби-ю, қаҳри келса
Ернинг менга, кўкнинг менга
Не десангиз, денг-у менга
Ўғри бўлмоқ истаюрман!

ҚЎЛЛАРИНГ ШУНЧАЛАР СОВУҚ-КИ, ГУЛИМ…

Қўлларинг шунчалар совуқ-ки, гулим,
Қўлларинг гўёки қор гулобидир.
Бу не ҳол, қўлингда музлади қўлим,
Қўлларинг қўлимнинг муз қўлқопидир.
Бизлар жанубликмиз,
бу совуқ недан?
Ахир кулимиз ҳам совуқ бўлмасин.
Кўзимиз дунёда энг қайнар булоқ,
Ахир қўлимиз ҳам совуқ бўлмасин.

Ўтдан яралганмиз, оташ барчаси,
Қалбимиз туйғулар олови каби.
Ёноғинг мисоли ёнғин парчаси,
Йилларинг бир ўтин қалови каби.
Қўлларинг шунчалар совуқ-ки, гулим,
Нечун бу совуқни энди ҳис қилдим?
Умрнинг муҳаббат тақдирини мен
Бу совуқ қўлларга қандай ишондим?!

Ай, юзлари баҳор,
қўли қиш санам,
Ситамларим сенга малол келмасин.
Қўрқаман
севгида совумоқлик ҳам
Алҳазар, қўлларингдандан бошланмасин.
Қўлларинг шунчалар совуқ-ки, гулим…

ЭЪТИРОФ
Рафиқамга

Гоҳида паришон, ўйчан келарман,
Қайғули кўзингда суратим алҳол.
Баъзан кеч, баъзида хорғин келарман,
Битгайсан эшикда бинафша мисол.

Балки минг гуноҳим биларсан менинг,
Биттасин юзимга солмагансан ҳеч.
Юзимга маъноли куларсан менинг,
Тик қараб, юзимга боқмагансан ҳеч.

Ҳар кимнинг ўз феъли бордир ҳаётда,
Демасман, ўзимни ҳоксор юракман.
Бебош гўдакларга мулойим ота,
Сен учун нақадар бебош гўдакман.

Сенсан тоғлар қадар сабр ва тўзим,
Балки кўп бор оғиз жуфтлаштиргансан.
Қайноқ бир севгидан ёзиб мен ўзим,
Совуган чойимни алмаштирган сен.

Юзимда кадарнинг изин кўрганда,
Безовта бўларсан, кўнглим оларсан.
Қариндош, танишлар кўзим ўйганда,
Сен онам бўларсан, синглим бўларсан.

Бир синиқ шеъримдан кўзларинг тўлар,
Не дейман, кўп ёзиб юборди қалам.
Неча бор тугунли кунимиз бўлар,
Тугунли қошингни кўрмаганман мен…

Бир қўлинг ошхона, идиш-товоқда,
Бир кўзинг оловда, тутунда бўлган,
Бир қўлинг бешикда ғўр чақалоқда,
Бир кўзинг ҳамиша устимда бўлган.

Йўллар эгри-бугри, йўллар бир жоду…
Бемаҳал йўл юрсам вужудинг – қулоқ.
Бизнинг деразадан таралган ёғду –
Кўзимнинг нуридир, йўлимда чироқ.

Гоҳида паришон, ўйчан келарман,
Қайғули кўзингда суратим алҳол.
Баъзан кеч, баъзида хорғин келарман,
Битгайсан эшикда бинафша мисол.

ЭНДИ ЭРТАКЛАРГА ИШОНМАЙМАН МЕН

Чоптириб отини Оқ отли кетди,
Отлари яшиндан қанотли кетди,
Ёшлик хотирамни қонатди кетди,
Энди эртакларга ишонмайман мен.

Бувимнинг ишончи дардли эртаклар,
Номардга алдатди мардни эртаклар,
Бизни уйқуларга отди эртаклар,
Энди эртакларга ишонмайман мен.

Бола овутмоқ-чун бир эрмак эди,
Тилларда ёд бўлган бир тилак эди,
Яхши инсонлар ҳам бир эртак эди,
Энди эртакларга ишонмайман мен.

“Сим-сим”ни сўз-ламас, зўр-ла очдилар,
Тилсимни минг турли йўл-ла очдилар,
“Им-жим”ни муҳр-ла, қўл-ла очдилар
Энди эртакларга ишонмайман мен.

Фотмалар оёғи бандида қолмас,
Хамирлар гул отиб, тандирда қолмас,
Қарғалар тулкига зинҳор алданмас,
Энди эртакларга ишонмайман мен.

Аччиқ ҳақиқатлар бол тотар энди,
Ариси бўлмаган бол сотар энди,
Калларга сочи бор лоф этар энди,
Энди эртакларга ишонмайман мен.

Ана, уйқуларда отлар кишнади,
Девларни қозонга солдим, пишмади,
Кутдим, осмонлардан олма тушмади,
Энди эртакларга ишонмайман мен.

БИРИ БЎЛСА, БИРИ ЙЎҚ

Бўлган бўлди, ўтган ўтди, эҳтимол,
Бари бекор, тўлғонмоққа ўрин йўқ.
Умрим бўйи давом этди шу аҳвол,
То азалдан бири бўлса, бири йўқ.

Узоқ эди мен истаган ўчоқлар,
Юрагимни музлатарди титроқлар.
Оталидир, оналидир жужуқлар,
Бизнинг уйда бири бўлса, бири йўқ.

Кўзларимдан жола бўлиб кўз ёшлар,
Бир кўйлакда чиқарардим мен қишлар.
Шим-кўйлакда юришарди тенгдошлар,
Менда эса бири бўлса, бири йўқ.

Юзим кулди, талабаман деганда,
Ўксинардим дўст кийимин кийганда.
Домлаларнинг тилин тополмаганда,
Баҳоимнинг бири бўлса, бир йўқ.

Қалбим ёнди илк муҳаббат, севгимдан,
Хор кунимда кор кутмадим ҳеч кимдан,
Давраларда меҳрибон ва қадрдон
Дўстларимдан бири бўлса, бири йўқ.

Мен ҳарбийга нелар кўриб кетгандим,
Юрак олиб, юрак оғриб кетгандим,
Икки қизга кўнгил бериб кетгандим,
Қайтганимда бири бўлса, бири йўқ.

Узоқ излаб тоға, амма, холалар,
Индаллоси, менга “уйлан” дедилар.
Никоҳ учун икки нарса сўрдилар,
Менда эса бири бўлса, бири йўқ.

Вақти келар бу кунни кўражаксан,
Кўп саволга кўзингни юмасаксан.
Вақти келар сен ўзинг деяжаксан,
Деяжаксан: “Бири бўлса, бири йўқ!”

044

Nusrat KESEMENLI
SHE’RLAR
Gulbahor Sattorova tarjimalari
055

045Nusrat Kesemenli (1946-2003) – ozarbayjonlik mashhur shoir va publitsist. XX asr turkcha she’riyatining yorqin namoyandalaridan biri. U Ozarbayjon Davlat universitetining jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Bir qator she’riy kitoblar, shuningdek, “Bo’sh qishloqlar nidosi”, “Mavzu ustida improvizatsiya”, “Ozarbayjonga sayohat” va boshqa ko’plab hujjatli fil`mlarning, “Afroditaning qo’llari”, “Qorabog’ hikoyasi” kabi badiiy fil`mlarning stsenariy muallifidir. Uning 150 dan ortiq she’riga kuy bastalangan.
Nusrat Kesemenli o’zining qisqa va shonli umri davomida “Baki” va “Boku” gazetalarida muharrir, Ozarbayjon Yozuvchilar uyushmasida referant, adabiy maslahatchi, mazkur uyushma Hamkorlar Qo’mitasi raisi, “Ozarbayjonfil`m” kino studiyasida bosh muharriri lavozimlarida ishlagan. Bundan tashqari, “Dunyoga darcha” hujjatli televizion dasturining stsenariy muallifi va boshlovchisi bo’lgan.
Mehnatlari evaziga Davlat mukofotlari bilan taqdirlangan. 2003 yili Tabriz shahrida vafot qilgan.

055

MAJNUNDAY YIG’LAMOQ KECHAR KO’NGLIMDAN

Chopayin sohilda holdan toyguncha,
Uzala tushayin adirlar uzra,
O’pay bu tuproqni,
o’pay to’yguncha,
Yuzimga yuz bossin bu sovuq toshi,
Shudringlarga singsin ko’zimning yoshi…
Qurigan buloqlar ichar ko’nglimdan,
Majnunday yig’lamoq kechar ko’nglimdan.

Ko’nglin og’ritganim,
ranjitganim qiz,
G’urur soyasida yotganim yetar,
O’tli yonog’ingdan suv ichganim qiz,
Bu qadar gunohga botganim yetar.
G’uncha dudoqlaring titramasin, qo’y,
Men sening qarshingda titrayin, gulim,
Sendan dunyolarni istamayman, yo’q,
Faqat kechirolsang, kechir, o’tinchim.
Yon desang,
Olovday otashim porloq,
Qot desang,
Joyimda muzlashim aniq!
Endi angladim-ki, umr-vaqt o’tar.
Eng go’zal hislarim kechar ko’nglimdan,
Qaytgil!
Sen umrimga farahlik keltir,
Majnunday yig’lamoq kechar ko’nglimdan.

Ko’pdan qabristonga tushmadi yo’lim,
U munglig’ mozorga o’t chiqqan balki.
Mening bu sovuqqon va loqayd fe’lim,
Uning siynasiga o’t yoqqan balki.
Bir tosh bor ko’zimning yoshiga hasrat,
Turadi yodgorlik haykali kabi.
Qo’lim tuprog’iga, toshiga hasrat,
Yiqilib ustiga men dalli kabi
Yig’lashim kerak.
U tanho mozorni tuproqdan uzib,
Kaftlarim ichida saqlashim kerak.
Shuhratning ustiga yurish qilgancha,
Istaklar, orzular ko’char ko’nglimdan.
Sevgi tutuniga men bo’g’ilgancha,
Majnunday yig’lamoq kechar ko’nglimdan.

Shamollar o’ynaydi kent uyimizda,
Xayol o’shal tomon tortqilar meni.
O’rgimchak to’r qurgan panjaramizda,
Hasratim u to’rda ilinar mening.
Ko’rshapalak boqar nuragan shiftdan,
Ustunlar egilgan, shikastlanibdi.
Qo’rquvdan devorning bag’ri yorilgan,
Eshiklar ko’payib to’rt qatlanibdi.
Boray, devoriga yolvoray uning,
Boray, eshiklarning qati ochilsin.
Boray, men oxirgi ustuni bo’lay,
Shiftu tom yelkamga mayli bosilsin…
Toshni tosh ustiga teray boshqatdan.
Bebosh yelvizaklar esar ko’nglimda!
Shunday o’y chulg’amish
Bilmam ne uchun
Majnunday yig’lamoq kechar ko’nglimdan.

O’G’RI BO’LMOQ ISTAYMAN

Jandarmlar eshitmasin,
Qo’rqinchli bir she’r aytaman:
Ko’pdan buyon bir orzum bor,
O’g’ri bo’lmoq istayurman!..
Insonlarning orasidan
Oqibatsiz odamlarni,
Vijdonini pulga sotgan
nodonlarni
O’g’irlamoq istayurman!

Bu tuproqning kundan-kunga
Nechun ortar hasratlari?..
Davlatlarning orasidan sarhadlarni
O’g’irlamoq istayurman!
O’g’ri bo’lsam nima bo’pti,
O’g’rilik ham ish-ku axir.
Men onamning yuzlariga
Bevaqt tushgan ajinlarni
O’g’irlamoq istayurman!

Bittasini yiqmoq uchun
Ikkovining ulfatini,
Insonlarning yuragidan
Bor kinini, nafratini,
Yolg’onini, bo’htonini,
Bir-birini sotganlarni,
Ikki oshiq o’rtasidan
U uchinchi odamlarni
O’g’irlamoq istayurman!

Oraz oqar…
U qirg’oqdan inson boqar,
Bu qirg’oqdan inson boqar,
Necha milllion ko’zi yoshli azizimni,
U hasratli Tabrizimni
O’g’irlamoq istayurman!
Endi necha davlatlardan
Mazlumlarning oh-zorini,
Yot tuproqda yotib qolgan,
Asrlarning orqasidan
Qo’llarini sollab qolgan
Karbalodan Fuzuliyning,
Halabdagi Nasimiyning mozorini
O’g’irlamoq istayurman!

Ne yashirsak, hamma bilar
Olov ichra yondirarlar
bu jahonni.
Qalbim aytar:
“Bir ozari maqolini yodingga ol:
“O’g’riniki o’g’riga halol…”
Prometey o’g’irlab
Insonlarga bergan o’tni
O’g’irlamoq istayurman!
G’azabi-yu, qahri kelsa
Yerning menga, ko’kning menga
Ne desangiz, deng-u menga
O’g’ri bo’lmoq istayurman!

QO’LLARING SHUNCHALAR SOVUQ-KI, GULIM…

Qo’llaring shunchalar sovuq-ki, gulim,
Qo’llaring go’yoki qor gulobidir.
Bu ne hol, qo’lingda muzladi qo’lim,
Qo’llaring qo’limning muz qo’lqopidir.
Bizlar janublikmiz,
bu sovuq nedan?
Axir kulimiz ham sovuq bo’lmasin.
Ko’zimiz dunyoda eng qaynar buloq,
Axir qo’limiz ham sovuq bo’lmasin.

O’tdan yaralganmiz, otash barchasi,
Qalbimiz tuyg’ular olovi kabi.
Yonog’ing misoli yong’in parchasi,
Yillaring bir o’tin qalovi kabi.
Qo’llaring shunchalar sovuq-ki, gulim,
Nechun bu sovuqni endi his qildim?
Umrning muhabbat taqdirini men
Bu sovuq qo’llarga qanday ishondim?!

Ay, yuzlari bahor,
qo’li qish sanam,
Sitamlarim senga malol kelmasin.
Qo’rqaman
sevgida sovumoqlik ham
Alhazar, qo’llaringdandan boshlanmasin.
Qo’llaring shunchalar sovuq-ki, gulim…

E’TIROF
Rafiqamga

Gohida parishon, o’ychan kelarman,
Qayg’uli ko’zingda suratim alhol.
Ba’zan kech, ba’zida xorg’in kelarman,
Bitgaysan eshikda binafsha misol.

Balki ming gunohim bilarsan mening,
Bittasin yuzimga solmagansan hech.
Yuzimga ma’noli kularsan mening,
Tik qarab, yuzimga boqmagansan hech.

Har kimning o’z fe’li bordir hayotda,
Demasman, o’zimni hoksor yurakman.
Bebosh go’daklarga muloyim ota,
Sen uchun naqadar bebosh go’dakman.

Sensan tog’lar qadar sabr va to’zim,
Balki ko’p bor og’iz juftlashtirgansan.
Qaynoq bir sevgidan yozib men o’zim,
Sovugan choyimni almashtirgan sen.

Yuzimda kadarning izin ko’rganda,
Bezovta bo’larsan, ko’nglim olarsan.
Qarindosh, tanishlar ko’zim o’yganda,
Sen onam bo’larsan, singlim bo’larsan.

Bir siniq she’rimdan ko’zlaring to’lar,
Ne deyman, ko’p yozib yubordi qalam.
Necha bor tugunli kunimiz bo’lar,
Tugunli qoshingni ko’rmaganman men…

Bir qo’ling oshxona, idish-tovoqda,
Bir ko’zing olovda, tutunda bo’lgan,
Bir qo’ling beshikda g’o’r chaqaloqda,
Bir ko’zing hamisha ustimda bo’lgan.

Yo’llar egri-bugri, yo’llar bir jodu…
Bemahal yo’l yursam vujuding – quloq.
Bizning derazadan taralgan yog’du –
Ko’zimning nuridir, yo’limda chiroq.

Gohida parishon, o’ychan kelarman,
Qayg’uli ko’zingda suratim alhol.
Ba’zan kech, ba’zida xorg’in kelarman,
Bitgaysan eshikda binafsha misol.

ENDI ERTAKLARGA ISHONMAYMAN MEN

Choptirib otini Oq otli ketdi,
Otlari yashindan qanotli ketdi,
Yoshlik xotiramni qonatdi ketdi,
Endi ertaklarga ishonmayman men.

Buvimning ishonchi dardli ertaklar,
Nomardga aldatdi mardni ertaklar,
Bizni uyqularga otdi ertaklar,
Endi ertaklarga ishonmayman men.

Bola ovutmoq-chun bir ermak edi,
Tillarda yod bo’lgan bir tilak edi,
Yaxshi insonlar ham bir ertak edi,
Endi ertaklarga ishonmayman men.

“Sim-sim”ni so’z-lamas, zo’r-la ochdilar,
Tilsimni ming turli yo’l-la ochdilar,
“Im-jim”ni muhr-la, qo’l-la ochdilar
Endi ertaklarga ishonmayman men.

Fotmalar oyog’i bandida qolmas,
Xamirlar gul otib, tandirda qolmas,
Qarg’alar tulkiga zinhor aldanmas,
Endi ertaklarga ishonmayman men.

Achchiq haqiqatlar bol totar endi,
Arisi bo’lmagan bol sotar endi,
Kallarga sochi bor lof etar endi,
Endi ertaklarga ishonmayman men.

Ana, uyqularda otlar kishnadi,
Devlarni qozonga soldim, pishmadi,
Kutdim, osmonlardan olma tushmadi,
Endi ertaklarga ishonmayman men.

BIRI BO’LSA, BIRI YO’Q

Bo’lgan bo’ldi, o’tgan o’tdi, ehtimol,
Bari bekor, to’lg’onmoqqa o’rin yo’q.
Umrim bo’yi davom etdi shu ahvol,
To azaldan biri bo’lsa, biri yo’q.

Uzoq edi men istagan o’choqlar,
Yuragimni muzlatardi titroqlar.
Otalidir, onalidir jujuqlar,
Bizning uyda biri bo’lsa, biri yo’q.

Ko’zlarimdan jola bo’lib ko’z yoshlar,
Bir ko’ylakda chiqarardim men qishlar.
Shim-ko’ylakda yurishardi tengdoshlar,
Menda esa biri bo’lsa, biri yo’q.

Yuzim kuldi, talabaman deganda,
O’ksinardim do’st kiyimin kiyganda.
Domlalarning tilin topolmaganda,
Bahoimning biri bo’lsa, bir yo’q.

Qalbim yondi ilk muhabbat, sevgimdan,
Xor kunimda kor kutmadim hech kimdan,
Davralarda mehribon va qadrdon
Do’stlarimdan biri bo’lsa, biri yo’q.

Men harbiyga nelar ko’rib ketgandim,
Yurak olib, yurak og’rib ketgandim,
Ikki qizga ko’ngil berib ketgandim,
Qaytganimda biri bo’lsa, biri yo’q.

Uzoq izlab tog’a, amma, xolalar,
Indallosi, menga “uylan” dedilar.
Nikoh uchun ikki narsa so’rdilar,
Menda esa biri bo’lsa, biri yo’q.

Vaqti kelar bu kunni ko’rajaksan,
Ko’p savolga ko’zingni yumasaksan.
Vaqti kelar sen o’zing deyajaksan,
Deyajaksan: “Biri bo’lsa, biri yo’q!”

044

(Tashriflar: umumiy 371, bugungi 1)

Izoh qoldiring