Nusrat Kesemanli. She’rlar & Nizomiy Ja’farov. Sevgan shoir, sevilgan shoir. Gulbahor Sattorova tarjimalari

Ashampoo_Snap_2017.01.11_00h00m35s_001_.png    Адабиётга 60-йилларнинг охири, 70-йилларнинг бошларида кириб келган Нусрат Кесеменли (1946-2003) Озарбайжон инсонининг ҳисларидан, туйғуларидан, ўзига хос ички туғёнларидан, ифодалаш қийин бўлган эҳтиросли фидойиликларидан анчайин узоқлашган Озарбайжон лирикасини тавозекор бир жасорат билан унинг ўзига қайтарди…

Низомий ЖАЪФАРОВ
НУСРАТ КЕСЕМЕНЛИ: СЕВГАН ШОИР,
СЕВИЛГАН ШОИР

007

nusret-kesemenli-0000.jpgНусрат Кесеменли шеърият оламига жуда ёшлигиданоқ, улкан яратувчанлик шижоати ва ҳайратланарли даражадаги самимияти билан кириб келди. Албатта, ёшлик пайти инсоннинг хоҳ ҳаётда, хоҳ санъатда самимий, очиқ қалбли бўлиши унчалик катта қаҳрамонлик саналмаслиги тайин. Аммо, Нусрат Кесеменлининг инсон ва санъаткор ўлароқ қаҳрамонлиги шунда-ки, у ёшлик самимиятини умрининг охирига қадар сақлаб қола олди. Йигирма-ўттиз ёшларида қилган “гуноҳ”ларининг қирқ-эллик ёшларида ҳам такрорланишидан қўрқмади, ҳаёти ва ижодининг ҳеч бир босқичида истеъдодидан, маънавий қувватидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишни хаёл қилмади. Дунёга шоир бўлиб келди, дунёдан шоир бўлиб кетди.

Нусрат Кесеменлининг самимийлиги унинг руҳан кучлилигидан, ички дунёсининг бойлигидан, интеллектуал салоҳиятининг юқорилигидан далолат берарди. У нафратини, ҳатто муҳаббатини ҳам қатъийлик билан мадҳ этишдан чекинмасди. Нусрат Кесеменли шахсиятидаги бу инсон-шоир зиддиятлари баъзан у муносиб бўлган лавозимларни эгаллашига монелик қилган бўлса-да, замонавий Озарбайжон поэзиясининг энг гўзал намуналарини яратишида кўмак берди. Ва у, турмуш тарзида, ижтимоий борлиғида “шоир тақдири”га муносиб бўлмаган неки мавжуд бўлса, барчасини ички бир ғайри оддий эҳтирос билан улоқтирди. Алалхусус, Нусрат Кесеменли шеърлари фақатгина унинг зоҳирий оламининг эмас, айни пайтда, кенг маънода ботиний оламининг ҳам ифодасидир:

Сенсиз кечаларим уйқу билмади,
Ичимдан ўтганни туйғу билмади.
Мен билдим, сен билдинг, у-ку билмади,
Хайфдир бу севгига, бу муҳаббатга.

Мен Нусрат Кесеменлининг деярли ҳар бир шеърида фақатгина унга хос бўлган ҳаяжонни, руҳий ҳолатни, фақатгина у ҳис қила оладиган яшамоқ ва тўзмоқ изтиробларини кўраман. Ва аминманки, бу дарҳол кўзга ташланадиган истеъдодни ёлғиз мен эътироф этаётганим йўқ.

Умуман олганда, Озарбайжон поэзиясида буюк Мулла Паноҳ Воқифдан сўнг ўз поэтик физиономиясини бу қадар қатъийлик ва жасорат билан, ўз таржимаи ҳолини бу қадар самимий бир ҳаққоният билан тақдим эта олган иккинчи бир шоир бўлса, у ҳам Нусрат Кесеменлидир. У – ўз “инсоний севгиси”дан, “инсоний нафрати”дан, “инсоний соддалиги”дан қўрқиб, ортга чекинмаган, ҳисларини туйғуларини, тушунчаларини ёлғиз Аллоҳ даргоҳида айтиладиган ҳаяжонли бир тафсилотни ўқувчига етказиб бера олган Нусрат Кесеменли…

Ортингга қайтибсан кўзлари ёшли,
Айтарсан: ҳеч қачон сўккан эмассан.
Қани у виқоринг, кенг феъллилигинг?!
Йўқ, бу сен эмассан, бу сен эмассан!

…Сувга айт, дард келди дея бошимга,
Паст кетиб, кўз тикма менинг ошимга.
Фараз қил, тиланчи келди қошингга,
Йўқ, бу сен эмассан, бу сен эмассан!..

Нусрат Кесеменли ижодига фақат замонавий адабиётшунослик нуқтаи назаридан изоҳ бериш қийин. Чунки, маълум бир қоидалар ижодкор салоҳиятини қамраб олишга қодир эмас. Унинг шеърлари шу қадар қайноқ, ҳароратли-ки, лирик қаҳрамонлари шу қадар ўзига хос-ки, ҳеч қайси мунаққид-адабиётшунос вазминлик ва совуққонлик билан муносабат билдиришга, Нусрат Кесеменли ижодий руҳига даҳл қилишга ботина олмайди. Бунинг учун биргина мисолни эсга олмоқ кифоядир: айниқса, 70-80 йилларда Озарбайжонда энг машҳур шоирлардан бўлишига қарамай, адабий танқид Нусрат Кесеменли ҳақида деярли лом-лим демади. Албатта, бу сукутнинг сабаби, энг кўп ўқилган, энг кўп севилган шоирга қарши умумий лоқайдлик эмас, ҳозирга қадар кашф этилмаган бир самимият-ла ўзини ифода ва тортиқ эта олган бу бадиий услубни идеалогик-эстетик талаблар асосида тадқиқ этиб баҳо бериш механизмининг мавжуд эмаслигида эди. Бундай жараённинг ҳануз яратилмаганлигига қараганда, мен Нусрат Кесеменли ижодининг ғайри-оддийлигини илмий мулоҳазалар билан шарҳлашим жоиз бўлгани ҳолда, фақатгина бу ғайри-оддий санъат қаршисида ҳайратимни ифодалашдан бошқасини уддалай олмаганлигимдан ҳижолатдаман. Лекин менга таскин берган нарса – дунёда шундай мўъжаз матлаблар бор-ки, ақл унинг моҳиятига етмоқ имконига қодир эмас. Уларни фақатгина эшитмоқ, ҳис қилмоқ, минг йиллар давомида қандай бўлган бўлса, шундай қабул қилмоқ лозимдир.

Ҳали гуллар очилажак,
Узилиб, ҳидланиб, сўлажак.
Боши эгик бинафшаларга
Маҳзун хотиралар қолажак…
Йилларнинг қўл етмас олисларида
Қачондир алданган гўзалнинг
кўзлари ёшланажак.
Оқарган сочларнинг ёдгорликлари
Хотирада илиниб қолган
қора сочларини юлажак.
Ҳеч кимса хомтаъма бўлмасин
Дунё – қайтар дунёдир!
Ердаги малакларнинг интиқомин
Кўкдаги малаклар олажак…

Нусрат Кесеменли Озарбайжон инсонининг ҳисларидан, туйғуларидан, ўзига хос ички туғёнларидан, ифодалаш қийин бўлган эҳтиросли фидойиликларидан анчайин узоқлашган Озарбайжон лирикасини тавозекор бир жасорат билан унинг ўзига қайтарди. Шоирнинг бу жасорати борасида ўйлар эканман, Мирза Жалилнинг бир оз фарқли (лекин руҳан яқин) бир воқеа билан боғлиқ фикрлари ёдимга тушди: “Биз ҳақиқатни ёзишдан андиша қилмадик…” Нусрат Кесеменли инсон ҳақиқатларини адабиётга, поэзияга бор бўйича, қандай бўлса шундай олиб кирди: тотли азоблар, бебош ҳислар, ҳар тарафдан ёмғир каби ёққан нигоҳлар, гуноҳкор кечалар, оний севгилар, соҳта санъат мисоли соҳта муҳаббат, маънавий қашшоқликлар… ҳақида ёзди. Кўпчилик замондошларидан фарқли ўлароқ, “келиб чиқиши номаълум” қаҳрамонлар яратиш пайига тушмади. Худбин “муҳандис-биолог” ёзувчилар каби янги инсон яратмади… Чунки Нусрат Кесеменли Тангрининг мўъжизаси ҳисобланмиш инсон зоти ботинан ўта мураккаб хазина эканлигини аллақачон англаб етганди.

У адабиётга 60-йилларнинг охири, 70- йилларнинг бошларида кириб келди. Озарбайжон (ҳозирги Боку) Давлат Университетининг журналистика факультетида таҳсил оларкан, айни пайтда “Боку” газетасида ҳам ишлади. Ўқишни тамомлагандан сўнг, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритди, 80-йилларнинг ўрталарида “Озарбайжонфильм” киностудиясида бош директор лавозимида ишлаб юрган пайтлари Озарбайжон телевидениесида томошабинларнинг катта қизиқишига сазовор бўлган, машҳур “Дунёга дарча” номли муаллифлик кўрсатуви орқали кўплаб ижтимоий муаммоларнинг ечимига ҳисса қўшганди.

Нусрат Кесеменли 70-йилларда чоп этилган “Севсанг гар” (1971), “Қорачиғим” (1975), “Ўзлигимга қайтганим кунлар” (1979) номли китоблари, турли адабий учрашувларда, давраларда бошқача ҳаяжон билан ўқиган шеърлари туфайли бутун Озарбайжон ёшларининг энг севимли шоирига айланганди. Инсон (унинг ҳаёти, муҳаббати, нафрати…) ҳақидаги асл ҳақиқатни эшитишга жон-жаҳди билан ошиққан 70-йиллар ёшлари ижодда ўзининг илк буюк одимларини отган шоир учун ҳар қандай машҳур шахс ҳасад қиладиган даражадаги улкан бир аудитория эди. Нусрат Кесеменли бу аудиторияда ўзини муаллим-тарбиячи каби тутмас, лоф айтиб оммани лақиллатмасди. Ўзини, ўзлигини очиқ баён қиларди!.. “Бизнинг уйда бири бўлса, бири йўқ…” Ёши йигирмадан ўттизга қараб кетаётган ёш шоирнинг адабиёт оламида бунчалик обрў қозинишига биринчи сабаб, қайд этиб ўтганимдек, шеърларининг ниҳоятда самимийлигида бўлса, иккинчи сабаб, ана шу самимиятда даставвал ўзлигини намоён қила олиши эди. У тирик етимлик ҳақида, бувисининг қўлида улғайганлиги ҳақида, азоб-уқубатларга тўла болалиги ҳақида ва ҳеч қачон ҳеч кимдан марҳамат кутмаслиги ҳақида тўлиб-тошиб сўйларди. Аммо у бунда ҳеч кимни айбламас, пешонасига битилган тақдирдан асло нолимасди. Ўз тақдирига бундай мардонавор тарзда эгалик қилиш, таржимаи ҳолини асл ҳолича (бузмасдан) кўрсатиш жасорати Нусрат Кесеменлининг поэтик истеъдоди қаршисида шунчалик кенг бир майдон очарди-ки, бу майдонда инсон психологиясининг энг мураккаб қирраларини кашф қилмоқ, инсонни инсон қилган (ёҳуд уни инсонликдан чиқарган) далилларни инжаламоқ мумкин бўларди…

Мен сени унута олмасман, ҳечам,
Унутсам: неларни унутмам лозим?
Кўкка термулгандик юлдузли кеча,
Унутсам, кўкларни унутмам лозим.

Унутай денгизни, ё долғаларни?
Хотиринг ёдимдан кетмагай нари,
Кузда хазонрезни, қиш келса қорни,
Унутсам, кўкламни унутмам лозим…

Нусрат Кесеменли инсонни ҳаётда орттирган тажрибаларнинг, ижтимоий дипломатиянинг якуни эмас, фавқулодда энергиянинг ҳосили бўлган бетакрор “мен” сифатида, маънавий ва руҳий унсур сифатида ифодалайди. Ҳар нарсани ўлчаб кесадиган, ички олами зиддиятларга тўла инсон унинг поэтик қизиқишлари доирасига доҳил эмас. “Ё телбаларча севиб, ёки телбаларча нафрат этиб” ёзадиган шоир учун бу мутлақо табиий ҳолдир.
Озарбайжон поэзияси тарихида муҳаббат мавзусида ёзмаган бирор-бир шоирни топиш амри маҳол. “Ишқ эрур меҳроби баланд кўкларнинг, Ишқ битса, эй дунё, недир айтаринг” деган Низомийдан, “Ишқдир не-ки бор оламда, илм сафсатадир бор-йўғи” дея эътироф этган Фузулийдан, “Кеча-кундуз мен дийдорга ошиқман” дея куйлаган Воқифдан кейинги Озарбайжон шоирлари ҳам жўшқин эҳтирос билан муҳаббат мавзусини давом эттирганлар. Ва бу бой анъана адабиётнинг идеаллашганлиги, инсонга ички дунёсидан кўра, кўпроқ ташқи кўринишига қараб баҳо бериладиган айни замонда ҳам унутилмаганди. Бироқ, аввалги даврлардан фарқли равишда бугунги даврда бирор ижодкорни умумий маънода “муҳаббат шоири” деб атамоқ осон эмас… Нусрат Кесеменли ҳақида эса ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин-ки, у Озарбайжоннинг энг буюк муҳаббат шоирларидан биридир. Таассуф-ки, ўқувчи севимли шоиридан айрилмоқ баробарида, муҳаббатнинг энг гўзал таржмонидан ҳам айрилди…

Қўйвор қўлларимни энди,
Қўлим қўлингдан музлади.
Айрилиқ замони келди,
Бу ҳам Аллоҳнинг қисмати.

Сен юзимга боқа-боқа,
Дема гуноҳкор ишидир.
Қўлларингдан учди энди,
Севги бир фурсат қушидир.

Озарбайжон поэзияси ўз гўзалларини (ва гўзалликларини) бир бора Нусрат Кесеменлининг оташин ва эҳтиросли юраги билан севди…

Озарбайжон ёшларининг бутун бир насли севгилиларига унинг шеърларини ўқимоқ-ла, ўз ҳисларини, туйғуларини ифода этдилар… Шоир тақдири юзларча, мингларча инсоннинг тақдирида бот-бот… намоён бўлди. Ижодкор учун бундан буюк бахт йўқ-ки, ҳали ҳаётлик пайтингда сени танисинлар, яратган қаҳрамонларинг ҳаётда кимларнингдир тақлид манбаига айлансин, сенинг шеърларингнинг ғоявий-эстетик таъсири ила гўзал муҳаббат қўшиқлари яралсин.

Мен булоқ каби қуриб,
Сен гулдайин сўларсан.
Сенсиз менга ҳаёт йўқ,
Ё сен телба бўларсан…

Ўшал севги туш эди,
Кошки эврилмасайдик.
Биз шундай учрашгандик,
Кошки айрилмасайдик…

“Ўчоқдан тутун қочар, ўчоқдан тафти қочар; мен-чи қолурман, кулинг бўлурман сенинг” – дея ҳасрат этган Нусрат Кесеменлининг муҳаббати қанчалик қоидасиз, қанчалик қолипсиз муҳаббат бўлса, шу қадар қалбнинг туб-тубидан отилиб чиққандир, шу қадар жонлидир. Шоирнинг ҳароратли севги нағмаларини тингларкан, буюк Ўлжас Сулаймоновнинг қуйидаги фикрини эслайман: “Мен ахмоқни Ҳайём десайдилар, мен лаънатланган хофиз бўлсайдим, қандай ажойиб бўларди… Тоғларда, чўлларда қаҳ-қаҳ отиб, йиғлаб-йиғлаб, қандай севган бўлсалар барининг шеърлари ёзиб бўлинди.
Яна қандай севиш мумкин!? Мен эса сени ўзим билганча севаман…”
Ўзи билгани каби севган, ўзигагина оид бўлган “гуноҳларга ботган” ва “гуноҳини” ҳам фақатгина ўзига хос жасорат билан эътироф этган Нусрат Кесеменли учун, ҳатто “Менинг сўнг умидим, сўнгги орзумсан, Хаёлингла ухлаб-уйғонгайдурман. Бир умр изладим, сени топсам гар, Фақат сенинг умрингда қолгайдурман” – деса ҳам, муҳаббатнинг сўнг манзили йўқдир, ҳар отган тонг, ҳар кулган бахт ўзи билан янги бир севги, янги бир шавқ, эҳтирос олиб келади. Ҳар туғилган муҳаббат ҳали-ҳануз кўникилмаган бир фидокорлик истар:

Кул бўлиб ёнардим тўз истасайдинг,
Бир нағма бўлардим сўз истасайдинг,
Мени кўрмоқ учун кўз истасайдинг,
Кўр бўлиб берардим кўзимни сенга…

Нусрат Кесеменлининг эҳтиросли фидокорлиги, мажнунвор самимияти, тавозекор муҳаббати ва умуман бетакрор ижодиёти адабиётимизнинг маънавий бойлигидир.

Гулбаҳор Сатторова таржимаси

828590.jpgНусрат КЕСЕМЕНЛИ
ШЕЪРЛАР
007

ЮЗИМНИ ТАНИШГА ҚИЙНАЛДИМ, ОНА!

Танидим дунёнинг ҳар юзини мен,
Қўрқоқ кечаси-ю, кундузини мен,
Ажратдим инжусин, қундузини мен,
Ўзимни танишга қийналдим, она!

Пешонамга ёзган тақдирни кўрдим,
Бошимда айланган ғалвирни кўрдим,
Сузмоққа шайланган сигирни кўрдим,
Кўзимни танишга қийналдим, она!

Неча ғофилларни уйғотди сўзим,
Ниҳолни чинордай улғайтди сўзим,
Сўнгра гуллаб ўзимга қайтди сўзим,
Сўзимни танишга қийналдим, она!

Йўқсилни сақладим кўзларим узра,
Кўпларга жой бердим тизларим узра,
Шу қадар из тушди изларим узра,
Изимни танишга қийналдим, она!

Кадар-ла, андуҳ-ла сирлашди кўзим
Мен жимман,
Ўрнимга сўзлашди кўзим,
Мингюзли боқишга мослашди кўзим,
Юзимни танишга қийналдим, она!..

НАЙЛАЙИН

Бу табассум гул-чечакнинг изидир,
Шаҳло кўзинг булоқларнинг кўзидир,
Тинчим бузган муҳаббатнинг ўзидир,
Юрагимга амр этолмам, найлайин?

Ҳар ишоранг бир тилсимни очарди,
Тил билсайди тош ҳам дардин сочарди.
Ақлим сендан узоқлашар, қочарди,
Юрагимга амр этолмам, найлайин?

Бу дийдорнинг сўнги ҳижрон эдими?
Сўз тополмам, қалбимдагин дедимми?
Сенга бошлар йўлларимни эгдимми?
Юрагимга амр этолмам, найлайин?

Кутавергум…
Ҳар дақиқам йил бўлур,
Мудом келсанг, босган изинг гул бўлур.
Дилим ҳамон қўли боғлиқ қул бўлур,
Юрагимга амр этолмам, найлайин?

Болаликнинг ҳавоси бор бошингда,
Айрилиқнинг ҳанжари бор қошингда,
Ўзинг айт, севайми энди бу ёшимда?
Юрагимга амр этолмам, найлайин?

СЎНГГИ СЎЗИНГ…

Кошки, бу ҳолимни кўрсайдинг ўзинг,
Ҳасратинг ғарқ қилди ёшларим узра.
Дайди ўқдай тешиб айтган сўнг сўзинг
Айланар тўфони бошларим узра.

Бу сўз – тинчлигимга кўз тиккан ғаним,
На қора булутдир,
На-да бир элчи.
Илк сўзинг,
Илк севги дунёим маним,
Энди сўнг сўзингни қандайин ўлчай?

Қачон ўз ўтида қоврилган кўрсам,
Қалбимга оловли ҳасрат туташар.
Бирор-бир йигитни гар ғамгин кўрсам,
Ўйлайман-ки, шўрлик сўнг сўз эшитган…

Қалбим ўз савҳида ёнгайму абад,
Мен нечун қийматинг билмадим, гулим?!
Ниҳоят қадрингга етиб мен минбад,
Сендан айрилгандим, англаган куним…

Ҳар юрак бир ўчоқ,
Ҳар юрак қўшиқ,
Қўшиғим ўт олиб, тутунланмишдир.
Гўёки, куйланган ҳар ҳазин қўшиқ
Сенинг сўнг сўзингга басталанмишдир.

Кетдинг…
Қиёматлар қўпганди менга,
Бўзласам фарёдим бўғзимдан қайтди.
Илк сўзни дудоғинг айтганди менга,
Сўнг сўзни ёш тўла кўзларинг айтди.

Энди муҳаббатим – ҳасрат денгизи,
Денгиз-ки, долғалар пойгани хушлар.
Эҳтирослар кўкнинг мовий чизгиси,
Сўнгра сўнги сўзнинг ёмғири бошлар.

Қалбим ўз савҳида ёнгайму абад,
Мен нечун қийматинг билмадим, гулим?!
Ниҳоят қадрингга етиб мен минбад,
Сендан айрилгандим, англаган куним…

БИР ОНА КЕЛТИРДИК

Шамоллар бу оқшом айлади ғазот,
Кадарнинг фарёдин туйди ер-очун.
Бир она тобутин келтирдик, ҳайҳот!
Келтирдик, тупроққа топширмоқ учун.
Йўллар эгри-бугри,
Узуқ-юлуқ, ғам,
Йўллар юрак каби бўшалур, тўлур.
Қуёшли кунда ҳам, қорли кунда ҳам,
Қабристон йўллари ёмғирли бўлур.
Воҳ! Умр саройидан бир ғишти тушди,
Ким тасалли берар,
Ким қувар ғамни?!
Елкалар устига бир кўприк тушди
Синди,
“Худофарин” * кўприги каби…
Бир она тобутин келтирдик, ҳайҳот!
Бир ўғил кўзига ўкинчли дунё.
Қуёш ҳам бекинар етмади сабот,
Балки ҳижолатдир ўткинчи дунё…
Бир ўғил йиғлайди, оҳ, ёна-ёна,
Ёнғин сўндирмоқ-чун булоққа келмиш.
Бу ҳолга тобутдан туражак она
Деяжак:
— Болам-а, онангми ўлмиш?
На-да сабрга ер бор,
На-да ниятга,
Қароғида қайғу қотибдир қошлар.
Бир она келибдир абадиятга
Таъзим-ла оёққа турибдир тошлар.
Кетармиз…
Мадорсиз йўлларда хориб,
Бу янги тошга ҳам ғариблик инди.
Тош эмас,
Бизлардан ҳавотирланиб
Оналар йўлларга кўз тикар энди…

* “Худофарин” кўприги – Жанубий (Эрон ҳудуди) ва Шимолий Озарбайжонни бирлаштирган қадимий-афсонавий кўприк.

СИНИҚ ДЕРАЗА

Бу ойналар энди тўзди,
Бу ойнага бу ҳам оздир,
Агар очиқ қолмасайди
Ҳар шамолга у синмасди…
Артма,
Деразани артма,
Қўлларингни кесар, гулим,
Синиқдир бу деразалар,
Биласанми, қўлларингдан
Ранжибдир бу деразалар.

Бу хонада шамол кезар,
Бу хонадан шамол безар,
Муштлаб ўтар деразани,
Бу ғазабдан ойна тўзар.
Деворлардан сизар энди
Бир ҳижроннинг муз нафаси,
Деворларнинг хотирида
Парчаланган шиша саси…
Келма,
Совқотарсан, келма,
Синиқдир бу деразалар,
Наҳот, сенинг қўлларинг-ла
Синибдир бу деразалар?

Деразалар кенгайибдир
Қорачиқдай,
Қарашлардай…
Кўнглим эса парча-парча,
Мисли синиқ деразадай.
Кўзларимга капалакдай
Қўнибдир бу деразалар,
Бу қанотла учолмагай,
Синиқдир бу деразалар.

ТЕТАПОЯ
Ўғлим Рашадга

Оёққа турибсан,
Одим отяпсан,
Не бахтки, сурунмоқ бездирмиш сени.
Девордан-деворга аранг етяпсан,
Ҳар одим янгидир,
Ҳар севинч янги…
Ҳаргиз кўмак излаб ётга боқмагил,
Ҳар одим отганда
Янгидан туғил.
Тизларинг тилинсин, майлига, йиқил,
Этакдан тутмоққа ўрганма ўғил!
Яхши-ю, ёмоннинг фарқин билсанг гар,
Ўғлим,
Қанотли қуш кўксиз қолмагай.
Денгиз бор,
Тоқ қўл-ла суза олсанг гар,
Дарё кўпригига ҳожат бўлмагай…
Ўғлонсан…
Шаънингга ярашмас қўрқмоқ,
Сарбаланд чўққилар жасорат олур.
Елкасида дунё айланган тупроқ,
Баъзан арқонлардан ноумид бўлур.
Вақт келар,
Қаршингда тоғлар ҳам чўкар,
Олис юлдузларга етгайдир қўлинг.
Ватанга бир найза отилса агар
Одим от,
Сийнангга қадалсин сенинг!
Ораз сувларининг баётин туйгил,
Беллашар,
Мақомда овози соҳир…
Жонингдан кечмоққа илгари юргил,
Тупроқдан кечмоққа
чекинма зинҳор!..
Яхшилар ёнида бўлмоқ истасанг,
Қалбинг оташ мисол
ёқмоғи керак,
Ватан тупроғини
Ўпсин
Изларинг,
Аммо Ватан нонин топтамоқлик шак!..

ОҚИЗМА ЁШИНГНИ, ҚУРБОНИНГ БЎЛАЙ!

Оқизма ёшингни, қурбонинг бўлай,
Йиғлама кўрганинг ўйинчоқ учун.
Оқизма ёшингни, қурбонинг бўлай,
Майлига йиғлагин ўт-ўчоқ учун.
Кўрганинг мошинлар
Бу филлар, отлар…
Ҳаммаси ёлғончи,
Ҳаммаси бекор.
Сариқ чақага тенг
ёлғон соатлар,
Музлаган чаёндир,
Жилмагай, афкор.
Сен ҳали билмайсан телба айғирлар
Пойга ўйнамоғи,
Югурмоғи бор.
Сен ҳали билмайсан филлар эскирар,
Энди одамларни ейди мошинлар.
Кетсин жаҳаннамга ҳар қора мошин,
Йиғлоқи бўлмагин, тик тутгил бошинг.
Йиғласанг, қалбингга оқсин кўз ёшинг,
Бировлар сезмасин,
Биров кўрмасин.
Сенсан келажакка чўзилган йўлим,
Сен менинг қанотим,
Сен менинг қўлим.
Ғам – менинг кўзёшим, қурбонинг бўлай,
Ғам бу – устимиздан ётлар кулмасин.
Бу элнинг Орази,
Чет-қирғоғи бор,
Элнинг сўз-ҳикмати,
Сўз-яроғи бор,
Бу ота юртингнинг бир чироғи бор –
Асра тўзонлардан ўти сўнмасин.
Улғай, орзуларинг ушалсин сенинг,
Қилган амалингла эшилсин сенинг,
Сийнангга бир Ватан тўшалсин сенинг
Қалбинг бу савдодан асло тинмасин.
Қайғуни яшириб, кулмоқни ўрган,
Йиғлаган кўзларни артмоқни ўрган,
Бу Ватан йўлида ўлмоқни ўрган,
Ватан оёқ ости бўлиб ўлмасин…
Оқизма ёшингни, қурбонинг бўлай,
Майлига йиғлагин ўт-ўчоқ учун.
Оқизма ёшингни, қурбонинг бўлай,
Йиғлама кўрганинг ўйинчоқ учун.

САҲАР ВА ОҚШОМ

Ҳар саҳар кўз ёши кузатар мени,
Кузатар эшикдан чиққуним қадар.
Ўғлим дод солади
Бузиб оламни
Мени ҳатто деворлардан сўроқлар.
Билмас, бу ҳарҳаша беҳуда, бекор…
Шундай бошланади “Боғча”да тонглар,
У мендан айрилар кўз ёши билан.
Овутамиз уни амаллаб, дерлар,
Сусса ҳам сўроқлар нигоҳи билан.
Сўнг эса
Алданар ўйинчоқларга,
Ишқи йўлбарсгами,
Отгами тушар?
Қўшилар ўзидек кўз-қароқларга,
Эҳ, бола ёдига отами тушар?!
…Кетарман,
кўз ёши кузатар мени,
Кетмас қулоғимдан бу сас, бу садо.
Телефон,
Дўст-улфат қаршилар мени
Таърифлар, табриклар… яна не савдо…
Шу тақлид кун ўтар
Оқшомга довур.
Гоҳ сувга ботарман,
Гоҳ ўтда адо.
Эшикни ёпарман,
Ортида қолур
Таърифлар, табриклар… яна не савдо…
Келарман,
Боғчадан ёғду сочилар,
Саҳар кўз ёши-ла ёпилган эшик,
Оқшом қўшиқлару,
Гулга очилар.
Умрим –
Кун янчиган сув тегирмони,
Ҳар саҳар кўз ёши кузатар нолон,
Шомда табассумлар қаршилар мени…

ҚОРГУЛИМ

Қор каби оқ келдим,
Ғуборсиз келдим,
Оҳиста ёққандим йўлларингга мен.
Мен сенинг умрингга “кибор”сиз келдим
Йиғилдинг куч бўлиб қўлларимга сен…

Битди боқишларнинг нағма, каломи,
Сукут қўлларида кездирди бизни…
Совудик қор каби…
Тақдирми номи?
— Эҳтимол, совуқлик бездирди бизни…

Энди хотиринг-ла ёнадурман мен,
Кулсанг кулишингга сингиб кетарман.
Қор каби кафтингга ёғадурман мен,
Қор каби кафтингда эриб битарман.

Ҳасратинг қалбимда тингай тор каби
Нағма – денгиз, васлинг – кемами, айтгил.
Сен ҳам, ай севгилим,
кетдинг қор каби
Қайтсанг гар,
Қордайин ғуборсиз қайтгил!

ҲАЛИ…

Ҳали гуллар очилажак,
Узилиб, ҳидланиб, сўлажак.
Боши эгик бинафшаларга
Маҳзун хотиралар қолажак…
Йилларнинг қўл етмас олисларида
Қачондир алданган гўзалнинг
кўзлари ёшланажак.
Оқарган сочларнинг ёдгорликлари
Хотирада илиниб қолган
қора сочларини юлажак.
Ҳеч кимса хомтаъма бўлмасин
Дунё – қайтар дунёдир!
Ердаги малакларнинг интиқомин
Кўкдаги малаклар олажак…

ВАТАН ТУПРОҒИДА ИСИМ БОР МАНИМ

Ватан бир бутоқдир,
Ям-яшил бутоқ,
Унинг бир парчаси – япроқдирман мен,
Оёғим остида ястанар тупроқ,
Юргувчи,
Туйгувчи тупроқдирман мен…

Уммонлар қавариб,
Дарё тўкилур,
Ороллар сувларда бўғилсин дея.
Менинг кўк Ҳазарим ортга чекинур,
Азиз тупроғимиз чўзилсин дея.

Денгизга ёғолмас фироқларимиз,
Кимлардир куч берди билагимизга.
Не ажаб, нам бўлмас қароқларимиз,
Ёмғирлар сингибдир юрагимизга.

Томчидан яралди не-не уммонлар,
Булутлар тарқади ёмғир ёғдирмай.
Ҳазарга ул икки томчи, ёронлар,
Бувимнинг кўзидан томди, ё пирай!

Ғариблик жонимдан ўтар бўлса, гар
Ватан ҳамдард эрур,
Ватан – дармоним.
Илҳомнинг қаноти булут бўлса, гар
Ватан тупроғида исим бор маним.

Номи ўчиб кетар отлар ичинда,
Ватансизга бордир
На шуҳрат, на тож?
Ғариблар ўлурлар ётлар ичинда,
Жон берар бир ҳовуч тупроққа муҳтож…

Ғариб ҳасратининг уйқулари тош,
Тупроғи уйғонмас.
Тоши уйғонмас.
Йўлу сарҳадларга етса-да бардош,
Оқар кўзларидан ёши, чидолмас.

Юзланар симларга, синиқдир саси,
На ҳаёт, на баёт завқ бермас, кулмас.
Ватансизга ҳатто бу ер курраси
Ватандан бир сиқим тупроқча бўлмас.

Тупроқнинг кўксида аждод маёғи,
Тупроқда буғланган иссиқни туйинг.
Нондек кўзга сурай мен бу тупроқни.
Гар ўлсам,
Кўзимнинг устига қўйинг!..

УМРНИНГ БИР КУНИ…

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл…
Ярми уйқу эрур,
Ярми уйғоқ он.
Туйғулар чулғаган кеча — фузайл
Кимнингдир умрига кўчгай бегумон.

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Бир кеча, бир кундуз пул каби битти,
Бир гўзал пушаймон, енгибдир майл,
Ўзини бир қалбда ўлдириб кетди…

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Гўё туман ичра уйқудир, бирров,
Эҳтимол, ҳеч кимса қолмагай қойил,
Эҳтимол, ёзганим ўқиди биров…

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Кетди…
Бир умидга илинж озайди.
Бир хаста билди-ки, келар Азроил,
Мўъжиза кутмоққа ишонч озайди.

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Қабристон йўлига янги из тушди.
Онанинг қоронғу бачадонидан
Тўшакча устига бир кундуз тушди.

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Ёш бир балиқ каби сузадир кунлар,
Яна бир юлдуздан оқди шамойил,
Яна янги Кун-ла куладир кунлар.

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Бир буқа шохига қаранг, не тўлди?!
Кимнидир сузди-ю, ҳақ этди ажал,
Бир бақа чаноғи зўр кулдон бўлди.

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Умр китобида варақ битмоқда
Бу кўча соямдан безгандир хиёл
Соямни йўлаклар олиб кетмоқда…

Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл –
Кечалари ўйчан,
Тонги сарафроз.
Умрнинг бир куни ўтди, шу зайл…
Билмассан, қаршингда қандай кун пешвоз?!

ЕТАР, ЙИҒЛАМА, ЙИҒЛАМА!

Яна нечун, бу ғам, кадар?
Юрак, оғрима, оғрима!
Воҳ, бу яшил пичанзорни
Босай бағрима, бағрима!

Ўпай чашма дудоғини,
Эгай жийда бутоғини,
Бир жуфт ялпиз япроғини
Қўяй оғрима, оғрима.

Кетсам сени ҳасрат ёқар,
Тоғлар-ки, маънодор боқар,
Хайрлидир қолсам агар,
Яроғима, яроғима.

Балки ёддан чиқди отим,
Чўққиларга чиқолмадим,
Бу юрт менга боқолмади,
Боқсин ўғлима, ўғлима.

Айт, бу юртга борми сўзинг?
Гўзалликни жамлаб кўзинг,
Тоғларга босганча юзинг,
Етар, йиғлама, йиғлама…

ОЗОД ҚИЛ КЎЗЛАРИНГ ҲИБСИДАН МЕНИ

Дордир бу жонима, аён, кўзларинг,
Элтадир руҳимни қаён кўзларинг,
Шунчалар қаро-ки, зиндон кўзларинг,
Озод қил кўзларинг ҳибсидан мени!

Ёндирар, ёқмоқда ўт қудрати бор,
Фақат мен билурман не шиддати бор,
Ахир жазонинг ҳам бир муддати бор,
Озод қил кўзларинг ҳибсидан мени!

Маҳв этди жамолинг, гўё бехушман,
Марҳамат истаган мунгли боқишман,
Қафасга солинган банди бир қушман,
Озод қил кўзларинг ҳибсидан мени!

Ҳар оним дастингдан шикоят бўлди,
Бу севги бир достон, ҳикоят бўлди.
Муҳаббат қачондан жиноят бўлди?
Озод қил кўзларинг ҳибсидан мени!

Зиндонга кўнгилли отдим ўзимни,
Майлига, хазонга ботир жавзомни,
Мен-ку, гуноҳкорман, орттир жазомни,
Сақлагил кўзларинг ҳибсида мени!

20 ЙИЛДАН СЎНГ…

Агар, омон бўлсак,
20 йилдан сўнг кўришсак,
Сенинг юзингда йилларнинг лол харитаси,
Менинг юзимда ҳам айни чизгилар.
Икки бели букчайган қария
дарахтга суяниб,
йилларча олисдаги
ёшлигига бўйланар.
Томирлари бўртган қўлларимиз
Жуфтлашар икки ўргимчак каби.
Чирмашармиз кексаликнинг тўрида,
Қўлларимиз айрилар
Икки хорғин ўргимчак каби.
Ёнимиздан гулдай қизлар,
Чинордек навқиронлар ўтар.
Сен мени изларсан,
Мен сени – уларнинг орасидан.
Ёритмоқ истармиз
Бир муддат зулматимизни.
Сен менинг юзимда,
Мен сенинг кўзингда кўргайман
Йиллар соя солган навқиронликни.
Вақт ўтсин дея
Қўшармиз сўзни-сўзга.
Ўксиб-ўксиб йиғлармиз
Бу тишсиз кулишимизга.
Агар омон бўлсак,
20 йилданг сўнг кўришсак
Ё кўчада, ё ҳиёбонда
Бизни кўрганлар
ачиниб жилмаяр.
Бир оёқ ўзимизники,
бир оёқ — ҳасса –
Бир оёғимиз гўрда…
Вақтни чалғитмоқ-чун кинога борармиз
Фильмни эмас,
Орқа қаторда ўтириб ўпишаётган
ёшларни томоша қилармиз.
Бир зум экранда
Ўпишар нигоҳларимиз,
Кўзимизда кўлмак бўлар
хотира ёмғирларимиз.
Пайқамай қолармиз уйқу
қай пайт бизни элтганин.
Хизматчининг сасидан уйғониб кетармиз:
— Туринг, сезмадингиз кино битганин!..

Озарбайжончадан Гулбаҳор САТТОРОВА таржималари

gokyuzu_bulut_gunes_2.jpgNizomiy JA’FAROV
NUSRAT KЕSЕMЕNLI: SЕVGAN SHOIR,
SЕVILGAN SHOIR
007

8dca8082bf5314601694745aae767f61.jpgNusrat Kesemenli she’riyat olamiga juda yoshligidanoq, ulkan yaratuvchanlik shijoati va hayratlanarli darajadagi samimiyati bilan kirib keldi. Albatta, yoshlik payti insonning xoh hayotda, xoh san’atda samimiy, ochiq qalbli bo‘lishi unchalik katta qahramonlik sanalmasligi tayin. Ammo, Nusrat Kesemenlining inson va san’atkor o‘laroq qahramonligi shunda-ki, u yoshlik samimiyatini umrining oxiriga qadar saqlab qola oldi. Yigirma-o‘ttiz yoshlarida qilgan “gunoh”larining qirq-ellik yoshlarida ham takrorlanishidan qo‘rqmadi, hayoti va ijodining hech bir bosqichida iste’dodidan, ma’naviy quvvatidan shaxsiy manfaatlari yo‘lida foydalanishni xayol qilmadi. Dunyoga shoir bo‘lib keldi, dunyodan shoir bo‘lib ketdi.

Nusrat Kesemenlining samimiyligi uning ruhan kuchliligidan, ichki dunyosining boyligidan, intellektual salohiyatining yuqoriligidan dalolat berardi. U nafratini, hatto muhabbatini ham qat’iylik bilan madh etishdan chekinmasdi. Nusrat Kesemenli shaxsiyatidagi bu inson-shoir ziddiyatlari ba’zan u munosib bo‘lgan lavozimlarni egallashiga monelik qilgan bo‘lsa-da, zamonaviy Ozarbayjon poeziyasining eng go‘zal namunalarini yaratishida ko‘mak berdi. Va u, turmush tarzida, ijtimoiy borlig‘ida “shoir taqdiri”ga munosib bo‘lmagan neki mavjud bo‘lsa, barchasini ichki bir g‘ayri oddiy ehtiros bilan uloqtirdi. Alalxusus, Nusrat Kesemenli she’rlari faqatgina uning zohiriy olamining emas, ayni paytda, keng ma’noda botiniy olamining ham ifodasidir:

Sensiz kechalarim uyqu bilmadi,
Ichimdan o‘tganni tuyg‘u bilmadi.
Men bildim, sen bilding, u-ku bilmadi,
Xayfdir bu sevgiga, bu muhabbatga.

Men Nusrat Kesemenlining deyarli har bir she’rida faqatgina unga xos bo‘lgan hayajonni, ruhiy holatni, faqatgina u his qila oladigan yashamoq va to‘zmoq iztiroblarini ko‘raman. Va aminmanki, bu darhol ko‘zga tashlanadigan iste’dodni yolg‘iz men e’tirof etayotganim yo‘q.

Umuman olganda, Ozarbayjon poeziyasida buyuk Mulla Panoh Voqifdan so‘ng o‘z poetik fizionomiyasini bu qadar qat’iylik va jasorat bilan, o‘z tarjimai holini bu qadar samimiy bir haqqoniyat bilan taqdim eta olgan ikkinchi bir shoir bo‘lsa, u ham Nusrat Kesemenlidir. U – o‘z “insoniy sevgisi”dan, “insoniy nafrati”dan, “insoniy soddaligi”dan qo‘rqib, ortga chekinmagan, hislarini tuyg‘ularini, tushunchalarini yolg‘iz Alloh dargohida aytiladigan hayajonli bir tafsilotni o‘quvchiga yetkazib bera olgan Nusrat Kesemenli…

Ortingga qaytibsan ko‘zlari yoshli,
Aytarsan: hech qachon so‘kkan emassan.
Qani u viqoring, keng fe’lliliging?!
Yo‘q, bu sen emassan, bu sen emassan!

…Suvga ayt, dard keldi deya boshimga,
Past ketib, ko‘z tikma mening oshimga.
Faraz qil, tilanchi keldi qoshingga,
Yo‘q, bu sen emassan, bu sen emassan!..

Nusrat Kesemenli ijodiga faqat zamonaviy adabiyotshunoslik nuqtai nazaridan izoh berish qiyin. Chunki, ma’lum bir qoidalar ijodkor salohiyatini qamrab olishga qodir emas. Uning she’rlari shu qadar qaynoq, haroratli-ki, lirik qahramonlari shu qadar o‘ziga xos-ki, hech qaysi munaqqid-adabiyotshunos vazminlik va sovuqqonlik bilan munosabat bildirishga, Nusrat Kesemenli ijodiy ruhiga dahl qilishga botina olmaydi. Buning uchun birgina misolni esga olmoq kifoyadir: ayniqsa, 70-80 yillarda Ozarbayjonda eng mashhur shoirlardan bo‘lishiga qaramay, adabiy tanqid Nusrat Kesemenli haqida deyarli lom-lim demadi. Albatta, bu sukutning sababi, eng ko‘p o‘qilgan, eng ko‘p sevilgan shoirga qarshi umumiy loqaydlik emas, hozirga qadar kashf etilmagan bir samimiyat-la o‘zini ifoda va tortiq eta olgan bu badiiy uslubni idealogik-estetik talablar asosida tadqiq etib baho berish mexanizmining mavjud emasligida edi. Bunday jarayonning hanuz yaratilmaganligiga qaraganda, men Nusrat Kesemenli ijodining g‘ayri-oddiyligini ilmiy mulohazalar bilan sharhlashim joiz bo‘lgani holda, faqatgina bu g‘ayri-oddiy san’at qarshisida hayratimni ifodalashdan boshqasini uddalay olmaganligimdan hijolatdaman. Lekin menga taskin bergan narsa – dunyoda shunday mo‘’jaz matlablar bor-ki, aql uning mohiyatiga yetmoq imkoniga qodir emas. Ularni faqatgina eshitmoq, his qilmoq, ming yillar davomida qanday bo‘lgan bo‘lsa, shunday qabul qilmoq lozimdir.

Hali gullar ochilajak,
Uzilib, hidlanib, so‘lajak.
Boshi egik binafshalarga
Mahzun xotiralar qolajak…
Yillarning qo‘l yetmas olislarida
Qachondir aldangan go‘zalning
ko‘zlari yoshlanajak.
Oqargan sochlarning yodgorliklari
Xotirada ilinib qolgan
qora sochlarini yulajak.
Hech kimsa xomta’ma bo‘lmasin
Dunyo – qaytar dunyodir!
Yerdagi malaklarning intiqomin
Ko‘kdagi malaklar olajak…

Nusrat Kesemenli Ozarbayjon insonining hislaridan, tuyg‘ularidan, o‘ziga xos ichki tug‘yonlaridan, ifodalash qiyin bo‘lgan ehtirosli fidoyiliklaridan anchayin uzoqlashgan Ozarbayjon lirikasini tavozekor bir jasorat bilan uning o‘ziga qaytardi. Shoirning bu jasorati borasida o‘ylar ekanman, Mirza Jalilning bir oz farqli (lekin ruhan yaqin) bir voqea bilan bog‘liq fikrlari yodimga tushdi: “Biz haqiqatni yozishdan andisha qilmadik…” Nusrat Kesemenli inson haqiqatlarini adabiyotga, poeziyaga bor bo‘yicha, qanday bo‘lsa shunday olib kirdi: totli azoblar, bebosh hislar, har tarafdan yomg‘ir kabi yoqqan nigohlar, gunohkor kechalar, oniy sevgilar, sohta san’at misoli sohta muhabbat, ma’naviy qashshoqliklar… haqida yozdi. Ko‘pchilik zamondoshlaridan farqli o‘laroq, “kelib chiqishi noma’lum” qahramonlar yaratish payiga tushmadi. Xudbin “muhandis-biolog” yozuvchilar kabi yangi inson yaratmadi… Chunki Nusrat Kesemenli Tangrining mo‘’jizasi hisoblanmish inson zoti botinan o‘ta murakkab xazina ekanligini allaqachon anglab yetgandi.

U adabiyotga 60-yillarning oxiri, 70- yillarning boshlarida kirib keldi. Ozarbayjon (hozirgi Boku) Davlat Universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olarkan, ayni paytda “Boku” gazetasida ham ishladi. O‘qishni tamomlagandan so‘ng, Ozarbayjon Yozuvchilar uyushmasida faoliyat yuritdi, 80-yillarning o‘rtalarida “Ozarbayjonfilm” kinostudiyasida bosh direktor lavozimida ishlab yurgan paytlari Ozarbayjon televideniyesida tomoshabinlarning katta qiziqishiga sazovor bo‘lgan, mashhur “Dunyoga darcha” nomli mualliflik ko‘rsatuvi orqali ko‘plab ijtimoiy muammolarning yechimiga hissa qo‘shgandi.

Nusrat Kesemenli 70-yillarda chop etilgan “Sevsang gar” (1971), “Qorachig‘im” (1975), “O‘zligimga qaytganim kunlar” (1979) nomli kitoblari, turli adabiy uchrashuvlarda, davralarda boshqacha hayajon bilan o‘qigan she’rlari tufayli butun Ozarbayjon yoshlarining eng sevimli shoiriga aylangandi. Inson (uning hayoti, muhabbati, nafrati…) haqidagi asl haqiqatni eshitishga jon-jahdi bilan oshiqqan 70-yillar yoshlari ijodda o‘zining ilk buyuk odimlarini otgan shoir uchun har qanday mashhur shaxs hasad qiladigan darajadagi ulkan bir auditoriya edi. Nusrat Kesemenli bu auditoriyada o‘zini muallim-tarbiyachi kabi tutmas, lof aytib ommani laqillatmasdi. O‘zini, o‘zligini ochiq bayon qilardi!.. “Bizning uyda biri bo‘lsa, biri yo‘q…” Yoshi yigirmadan o‘ttizga qarab ketayotgan yosh shoirning adabiyot olamida bunchalik obro‘ qozinishiga birinchi sabab, qayd etib o‘tganimdek, she’rlarining nihoyatda samimiyligida bo‘lsa, ikkinchi sabab, ana shu samimiyatda dastavval o‘zligini namoyon qila olishi edi. U tirik yetimlik haqida, buvisining qo‘lida ulg‘ayganligi haqida, azob-uqubatlarga to‘la bolaligi haqida va hech qachon hech kimdan marhamat kutmasligi haqida to‘lib-toshib so‘ylardi. Ammo u bunda hech kimni ayblamas, peshonasiga bitilgan taqdirdan aslo nolimasdi. O‘z taqdiriga bunday mardonavor tarzda egalik qilish, tarjimai holini asl holicha (buzmasdan) ko‘rsatish jasorati Nusrat Kesemenlining poetik iste’dodi qarshisida shunchalik keng bir maydon ochardi-ki, bu maydonda inson psixologiyasining eng murakkab qirralarini kashf qilmoq, insonni inson qilgan (yohud uni insonlikdan chiqargan) dalillarni injalamoq mumkin bo‘lardi…

Men seni unuta olmasman, hecham,
Unutsam: nelarni unutmam lozim?
Ko‘kka termulgandik yulduzli kecha,
Unutsam, ko‘klarni unutmam lozim.

Unutay dengizni, yo dolg‘alarni?
Xotiring yodimdan ketmagay nari,
Kuzda xazonrezni, qish kelsa qorni,
Unutsam, ko‘klamni unutmam lozim…

Nusrat Kesemenli insonni hayotda orttirgan tajribalarning, ijtimoiy diplomatiyaning yakuni emas, favqulodda energiyaning hosili bo‘lgan betakror “men” sifatida, ma’naviy va ruhiy unsur sifatida ifodalaydi. Har narsani o‘lchab kesadigan, ichki olami ziddiyatlarga to‘la inson uning poetik qiziqishlari doirasiga dohil emas. “Yo telbalarcha sevib, yoki telbalarcha nafrat etib” yozadigan shoir uchun bu mutlaqo tabiiy holdir.
Ozarbayjon poeziyasi tarixida muhabbat mavzusida yozmagan biror-bir shoirni topish amri mahol. “Ishq erur mehrobi baland ko‘klarning, Ishq bitsa, ey dunyo, nedir aytaring” degan Nizomiydan, “Ishqdir ne-ki bor olamda, ilm safsatadir bor-yo‘g‘i” deya e’tirof etgan Fuzuliydan, “Kecha-kunduz men diydorga oshiqman” deya kuylagan Voqifdan keyingi Ozarbayjon shoirlari ham jo‘shqin ehtiros bilan muhabbat mavzusini davom ettirganlar. Va bu boy an’ana adabiyotning ideallashganligi, insonga ichki dunyosidan ko‘ra, ko‘proq tashqi ko‘rinishiga qarab baho beriladigan ayni zamonda ham unutilmagandi. Biroq, avvalgi davrlardan farqli ravishda bugungi davrda biror ijodkorni umumiy ma’noda “muhabbat shoiri” deb atamoq oson emas… Nusrat Kesemenli haqida esa hech ikkilanmasdan aytish mumkin-ki, u Ozarbayjonning eng buyuk muhabbat shoirlaridan biridir. Taassuf-ki, o‘quvchi sevimli shoiridan ayrilmoq barobarida, muhabbatning eng go‘zal tarjmonidan ham ayrildi…

Qo‘yvor qo‘llarimni endi,
Qo‘lim qo‘lingdan muzladi.
Ayriliq zamoni keldi,
Bu ham Allohning qismati.

Sen yuzimga boqa-boqa,
Dema gunohkor ishidir.
Qo‘llaringdan uchdi endi,
Sevgi bir fursat qushidir.

Ozarbayjon poeziyasi o‘z go‘zallarini (va go‘zalliklarini) bir bora Nusrat Kesemenlining otashin va ehtirosli yuragi bilan sevdi…

Ozarbayjon yoshlarining butun bir nasli sevgililariga uning she’rlarini o‘qimoq-la, o‘z hislarini, tuyg‘ularini ifoda etdilar… Shoir taqdiri yuzlarcha, minglarcha insonning taqdirida bot-bot… namoyon bo‘ldi. Ijodkor uchun bundan buyuk baxt yo‘q-ki, hali hayotlik paytingda seni tanisinlar, yaratgan qahramonlaring hayotda kimlarningdir taqlid manbaiga aylansin, sening she’rlaringning g‘oyaviy-estetik ta’siri ila go‘zal muhabbat qo‘shiqlari yaralsin.

Men buloq kabi qurib,
Sen guldayin so‘larsan.
Sensiz menga hayot yo‘q,
Yo sen telba bo‘larsan…

O‘shal sevgi tush edi,
Koshki evrilmasaydik.
Biz shunday uchrashgandik,
Koshki ayrilmasaydik…

“O‘choqdan tutun qochar, o‘choqdan tafti qochar; men-chi qolurman, kuling bo‘lurman sening” – deya hasrat etgan Nusrat Kesemenlining muhabbati qanchalik qoidasiz, qanchalik qolipsiz muhabbat bo‘lsa, shu qadar qalbning tub-tubidan otilib chiqqandir, shu qadar jonlidir. Shoirning haroratli sevgi nag‘malarini tinglarkan, buyuk O‘ljas Sulaymonovning quyidagi fikrini eslayman: “Men axmoqni Hayyom desaydilar, men la’natlangan xofiz bo‘lsaydim, qanday ajoyib bo‘lardi… Tog‘larda, cho‘llarda qah-qah otib, yig‘lab-yig‘lab, qanday sevgan bo‘lsalar barining she’rlari yozib bo‘lindi.
Yana qanday sevish mumkin!? Men esa seni o‘zim bilgancha sevaman…”
O‘zi bilgani kabi sevgan, o‘zigagina oid bo‘lgan “gunohlarga botgan” va “gunohini” ham faqatgina o‘ziga xos jasorat bilan e’tirof etgan Nusrat Kesemenli uchun, hatto “Mening so‘ng umidim, so‘nggi orzumsan, Xayolingla uxlab-uyg‘ongaydurman. Bir umr izladim, seni topsam gar, Faqat sening umringda qolgaydurman” – desa ham, muhabbatning so‘ng manzili yo‘qdir, har otgan tong, har kulgan baxt o‘zi bilan yangi bir sevgi, yangi bir shavq, ehtiros olib keladi. Har tug‘ilgan muhabbat hali-hanuz ko‘nikilmagan bir fidokorlik istar:

Kul bo‘lib yonardim to‘z istasayding,
Bir nag‘ma bo‘lardim so‘z istasayding,
Meni ko‘rmoq uchun ko‘z istasayding,
Ko‘r bo‘lib berardim ko‘zimni senga…

Nusrat Kesemenlining ehtirosli fidokorligi, majnunvor samimiyati, tavozekor muhabbati va umuman betakror ijodiyoti adabiyotimizning ma’naviy boyligidir.

Gulbahor Sattorova tarjimasi

4 70.jpgNusrat KЕSЕMЕNLI
SHE’RLAR
007

YUZIMNI TANISHGA QIYNALDIM, ONA!

Tanidim dunyoning har yuzini men,
Qo‘rqoq kechasi-yu, kunduzini men,
Ajratdim injusin, qunduzini men,
O‘zimni tanishga qiynaldim, ona!

Peshonamga yozgan taqdirni ko‘rdim,
Boshimda aylangan g‘alvirni ko‘rdim,
Suzmoqqa shaylangan sigirni ko‘rdim,
Ko‘zimni tanishga qiynaldim, ona!

Necha g‘ofillarni uyg‘otdi so‘zim,
Niholni chinorday ulg‘aytdi so‘zim,
So‘ngra gullab o‘zimga qaytdi so‘zim,
So‘zimni tanishga qiynaldim, ona!

Yo‘qsilni saqladim ko‘zlarim uzra,
Ko‘plarga joy berdim tizlarim uzra,
Shu qadar iz tushdi izlarim uzra,
Izimni tanishga qiynaldim, ona!

Kadar-la, anduh-la sirlashdi ko‘zim
Men jimman,
O‘rnimga so‘zlashdi ko‘zim,
Mingyuzli boqishga moslashdi ko‘zim,
Yuzimni tanishga qiynaldim, ona!..

NAYLAYIN

Bu tabassum gul-chechakning izidir,
Shahlo ko‘zing buloqlarning ko‘zidir,
Tinchim buzgan muhabbatning o‘zidir,
Yuragimga amr etolmam, naylayin?

Har ishorang bir tilsimni ochardi,
Til bilsaydi tosh ham dardin sochardi.
Aqlim sendan uzoqlashar, qochardi,
Yuragimga amr etolmam, naylayin?

Bu diydorning so‘ngi hijron edimi?
So‘z topolmam, qalbimdagin dedimmi?
Senga boshlar yo‘llarimni egdimmi?
Yuragimga amr etolmam, naylayin?

Kutavergum…
Har daqiqam yil bo‘lur,
Mudom kelsang, bosgan izing gul bo‘lur.
Dilim hamon qo‘li bog‘liq qul bo‘lur,
Yuragimga amr etolmam, naylayin?

Bolalikning havosi bor boshingda,
Ayriliqning hanjari bor qoshingda,
O‘zing ayt, sevaymi endi bu yoshimda?
Yuragimga amr etolmam, naylayin?

SO‘NGGI SO‘ZING…

Koshki, bu holimni ko‘rsayding o‘zing,
Hasrating g‘arq qildi yoshlarim uzra.
Daydi o‘qday teshib aytgan so‘ng so‘zing
Aylanar to‘foni boshlarim uzra.

Bu so‘z – tinchligimga ko‘z tikkan g‘anim,
Na qora bulutdir,
Na-da bir elchi.
Ilk so‘zing,
Ilk sevgi dunyoim manim,
Endi so‘ng so‘zingni qandayin o‘lchay?

Qachon o‘z o‘tida qovrilgan ko‘rsam,
Qalbimga olovli hasrat tutashar.
Biror-bir yigitni gar g‘amgin ko‘rsam,
O‘ylayman-ki, sho‘rlik so‘ng so‘z eshitgan…

Qalbim o‘z savhida yongaymu abad,
Men nechun qiymating bilmadim, gulim?!
Nihoyat qadringga yetib men minbad,
Sendan ayrilgandim, anglagan kunim…

Har yurak bir o‘choq,
Har yurak qo‘shiq,
Qo‘shig‘im o‘t olib, tutunlanmishdir.
Go‘yoki, kuylangan har hazin qo‘shiq
Sening so‘ng so‘zingga bastalanmishdir.

Ketding…
Qiyomatlar qo‘pgandi menga,
Bo‘zlasam faryodim bo‘g‘zimdan qaytdi.
Ilk so‘zni dudog‘ing aytgandi menga,
So‘ng so‘zni yosh to‘la ko‘zlaring aytdi.

Endi muhabbatim – hasrat dengizi,
Dengiz-ki, dolg‘alar poygani xushlar.
Ehtiroslar ko‘kning moviy chizgisi,
So‘ngra so‘ngi so‘zning yomg‘iri boshlar.

Qalbim o‘z savhida yongaymu abad,
Men nechun qiymating bilmadim, gulim?!
Nihoyat qadringga yetib men minbad,
Sendan ayrilgandim, anglagan kunim…

BIR ONA KЕLTIRDIK

Shamollar bu oqshom ayladi g‘azot,
Kadarning faryodin tuydi yer-ochun.
Bir ona tobutin keltirdik, hayhot!
Keltirdik, tuproqqa topshirmoq uchun.
Yo‘llar egri-bugri,
Uzuq-yuluq, g‘am,
Yo‘llar yurak kabi bo‘shalur, to‘lur.
Quyoshli kunda ham, qorli kunda ham,
Qabriston yo‘llari yomg‘irli bo‘lur.
Voh! Umr saroyidan bir g‘ishti tushdi,
Kim tasalli berar,
Kim quvar g‘amni?!
Yelkalar ustiga bir ko‘prik tushdi
Sindi,
“Xudofarin” * ko‘prigi kabi…
Bir ona tobutin keltirdik, hayhot!
Bir o‘g‘il ko‘ziga o‘kinchli dunyo.
Quyosh ham bekinar yetmadi sabot,
Balki hijolatdir o‘tkinchi dunyo…
Bir o‘g‘il yig‘laydi, oh, yona-yona,
Yong‘in so‘ndirmoq-chun buloqqa kelmish.
Bu holga tobutdan turajak ona
Deyajak:
— Bolam-a, onangmi o‘lmish?
Na-da sabrga yer bor,
Na-da niyatga,
Qarog‘ida qayg‘u qotibdir qoshlar.
Bir ona kelibdir abadiyatga
Ta’zim-la oyoqqa turibdir toshlar.
Ketarmiz…
Madorsiz yo‘llarda xorib,
Bu yangi toshga ham g‘ariblik indi.
Tosh emas,
Bizlardan havotirlanib
Onalar yo‘llarga ko‘z tikar endi…

* “Xudofarin” ko‘prigi – Janubiy (Eron hududi) va Shimoliy Ozarbayjonni birlashtirgan qadimiy-afsonaviy ko‘prik.

SINIQ DЕRAZA

Bu oynalar endi to‘zdi,
Bu oynaga bu ham ozdir,
Agar ochiq qolmasaydi
Har shamolga u sinmasdi…
Artma,
Derazani artma,
Qo‘llaringni kesar, gulim,
Siniqdir bu derazalar,
Bilasanmi, qo‘llaringdan
Ranjibdir bu derazalar.

Bu xonada shamol kezar,
Bu xonadan shamol bezar,
Mushtlab o‘tar derazani,
Bu g‘azabdan oyna to‘zar.
Devorlardan sizar endi
Bir hijronning muz nafasi,
Devorlarning xotirida
Parchalangan shisha sasi…
Kelma,
Sovqotarsan, kelma,
Siniqdir bu derazalar,
Nahot, sening qo‘llaring-la
Sinibdir bu derazalar?

Derazalar kengayibdir
Qorachiqday,
Qarashlarday…
Ko‘nglim esa parcha-parcha,
Misli siniq derazaday.
Ko‘zlarimga kapalakday
Qo‘nibdir bu derazalar,
Bu qanotla ucholmagay,
Siniqdir bu derazalar.

TЕTAPOYA
O‘g‘lim Rashadga

Oyoqqa turibsan,
Odim otyapsan,
Ne baxtki, surunmoq bezdirmish seni.
Devordan-devorga arang yetyapsan,
Har odim yangidir,
Har sevinch yangi…
Hargiz ko‘mak izlab yotga boqmagil,
Har odim otganda
Yangidan tug‘il.
Tizlaring tilinsin, mayliga, yiqil,
Etakdan tutmoqqa o‘rganma o‘g‘il!
Yaxshi-yu, yomonning farqin bilsang gar,
O‘g‘lim,
Qanotli qush ko‘ksiz qolmagay.
Dengiz bor,
Toq qo‘l-la suza olsang gar,
Daryo ko‘prigiga hojat bo‘lmagay…
O‘g‘lonsan…
Sha’ningga yarashmas qo‘rqmoq,
Sarbaland cho‘qqilar jasorat olur.
Yelkasida dunyo aylangan tuproq,
Ba’zan arqonlardan noumid bo‘lur.
Vaqt kelar,
Qarshingda tog‘lar ham cho‘kar,
Olis yulduzlarga yetgaydir qo‘ling.
Vatanga bir nayza otilsa agar
Odim ot,
Siynangga qadalsin sening!
Oraz suvlarining bayotin tuygil,
Bellashar,
Maqomda ovozi sohir…
Joningdan kechmoqqa ilgari yurgil,
Tuproqdan kechmoqqa
chekinma zinhor!..
Yaxshilar yonida bo‘lmoq istasang,
Qalbing otash misol
yoqmog‘i kerak,
Vatan tuprog‘ini
O‘psin
Izlaring,
Ammo Vatan nonin toptamoqlik shak!..

OQIZMA YoSHINGNI, QURBONING BO‘LAY!

Oqizma yoshingni, qurboning bo‘lay,
Yig‘lama ko‘rganing o‘yinchoq uchun.
Oqizma yoshingni, qurboning bo‘lay,
Mayliga yig‘lagin o‘t-o‘choq uchun.
Ko‘rganing moshinlar
Bu fillar, otlar…
Hammasi yolg‘onchi,
Hammasi bekor.
Sariq chaqaga teng
yolg‘on soatlar,
Muzlagan chayondir,
Jilmagay, afkor.
Sen hali bilmaysan telba ayg‘irlar
Poyga o‘ynamog‘i,
Yugurmog‘i bor.
Sen hali bilmaysan fillar eskirar,
Endi odamlarni yeydi moshinlar.
Ketsin jahannamga har qora moshin,
Yig‘loqi bo‘lmagin, tik tutgil boshing.
Yig‘lasang, qalbingga oqsin ko‘z yoshing,
Birovlar sezmasin,
Birov ko‘rmasin.
Sensan kelajakka cho‘zilgan yo‘lim,
Sen mening qanotim,
Sen mening qo‘lim.
G‘am – mening ko‘zyoshim, qurboning bo‘lay,
G‘am bu – ustimizdan yotlar kulmasin.
Bu elning Orazi,
Chet-qirg‘og‘i bor,
Elning so‘z-hikmati,
So‘z-yarog‘i bor,
Bu ota yurtingning bir chirog‘i bor –
Asra to‘zonlardan o‘ti so‘nmasin.
Ulg‘ay, orzularing ushalsin sening,
Qilgan amalingla eshilsin sening,
Siynangga bir Vatan to‘shalsin sening
Qalbing bu savdodan aslo tinmasin.
Qayg‘uni yashirib, kulmoqni o‘rgan,
Yig‘lagan ko‘zlarni artmoqni o‘rgan,
Bu Vatan yo‘lida o‘lmoqni o‘rgan,
Vatan oyoq osti bo‘lib o‘lmasin…
Oqizma yoshingni, qurboning bo‘lay,
Mayliga yig‘lagin o‘t-o‘choq uchun.
Oqizma yoshingni, qurboning bo‘lay,
Yig‘lama ko‘rganing o‘yinchoq uchun.

SAHAR VA OQSHOM

Har sahar ko‘z yoshi kuzatar meni,
Kuzatar eshikdan chiqqunim qadar.
O‘g‘lim dod soladi
Buzib olamni
Meni hatto devorlardan so‘roqlar.
Bilmas, bu harhasha behuda, bekor…
Shunday boshlanadi “Bog‘cha”da tonglar,
U mendan ayrilar ko‘z yoshi bilan.
Ovutamiz uni amallab, derlar,
Sussa ham so‘roqlar nigohi bilan.
So‘ng esa
Aldanar o‘yinchoqlarga,
Ishqi yo‘lbarsgami,
Otgami tushar?
Qo‘shilar o‘zidek ko‘z-qaroqlarga,
Eh, bola yodiga otami tushar?!
…Ketarman,
ko‘z yoshi kuzatar meni,
Ketmas qulog‘imdan bu sas, bu sado.
Telefon,
Do‘st-ulfat qarshilar meni
Ta’riflar, tabriklar… yana ne savdo…
Shu taqlid kun o‘tar
Oqshomga dovur.
Goh suvga botarman,
Goh o‘tda ado.
Eshikni yoparman,
Ortida qolur
Ta’riflar, tabriklar… yana ne savdo…
Kelarman,
Bog‘chadan yog‘du sochilar,
Sahar ko‘z yoshi-la yopilgan eshik,
Oqshom qo‘shiqlaru,
Gulga ochilar.
Umrim –
Kun yanchigan suv tegirmoni,
Har sahar ko‘z yoshi kuzatar nolon,
Shomda tabassumlar qarshilar meni…

QORGULIM

Qor kabi oq keldim,
G‘uborsiz keldim,
Ohista yoqqandim yo‘llaringga men.
Men sening umringga “kibor”siz keldim
Yig‘ilding kuch bo‘lib qo‘llarimga sen…

Bitdi boqishlarning nag‘ma, kalomi,
Sukut qo‘llarida kezdirdi bizni…
Sovudik qor kabi…
Taqdirmi nomi?
— Ehtimol, sovuqlik bezdirdi bizni…

Endi xotiring-la yonadurman men,
Kulsang kulishingga singib ketarman.
Qor kabi kaftingga yog‘adurman men,
Qor kabi kaftingda erib bitarman.

Hasrating qalbimda tingay tor kabi
Nag‘ma – dengiz, vasling – kemami, aytgil.
Sen ham, ay sevgilim,
ketding qor kabi
Qaytsang gar,
Qordayin g‘uborsiz qaytgil!

HALI…

Hali gullar ochilajak,
Uzilib, hidlanib, so‘lajak.
Boshi egik binafshalarga
Mahzun xotiralar qolajak…
Yillarning qo‘l yetmas olislarida
Qachondir aldangan go‘zalning
ko‘zlari yoshlanajak.
Oqargan sochlarning yodgorliklari
Xotirada ilinib qolgan
qora sochlarini yulajak.
Hech kimsa xomta’ma bo‘lmasin
Dunyo – qaytar dunyodir!
Yerdagi malaklarning intiqomin
Ko‘kdagi malaklar olajak…

VATAN TUPROG‘IDA ISIM BOR MANIM

Vatan bir butoqdir,
Yam-yashil butoq,
Uning bir parchasi – yaproqdirman men,
Oyog‘im ostida yastanar tuproq,
Yurguvchi,
Tuyguvchi tuproqdirman men…

Ummonlar qavarib,
Daryo to‘kilur,
Orollar suvlarda bo‘g‘ilsin deya.
Mening ko‘k Hazarim ortga chekinur,
Aziz tuprog‘imiz cho‘zilsin deya.

Dengizga yog‘olmas firoqlarimiz,
Kimlardir kuch berdi bilagimizga.
Ne ajab, nam bo‘lmas qaroqlarimiz,
Yomg‘irlar singibdir yuragimizga.

Tomchidan yaraldi ne-ne ummonlar,
Bulutlar tarqadi yomg‘ir yog‘dirmay.
Hazarga ul ikki tomchi, yoronlar,
Buvimning ko‘zidan tomdi, yo piray!

G‘ariblik jonimdan o‘tar bo‘lsa, gar
Vatan hamdard erur,
Vatan – darmonim.
Ilhomning qanoti bulut bo‘lsa, gar
Vatan tuprog‘ida isim bor manim.

Nomi o‘chib ketar otlar ichinda,
Vatansizga bordir
Na shuhrat, na toj?
G‘ariblar o‘lurlar yotlar ichinda,
Jon berar bir hovuch tuproqqa muhtoj…

G‘arib hasratining uyqulari tosh,
Tuprog‘i uyg‘onmas.
Toshi uyg‘onmas.
Yo‘lu sarhadlarga yetsa-da bardosh,
Oqar ko‘zlaridan yoshi, chidolmas.

Yuzlanar simlarga, siniqdir sasi,
Na hayot, na bayot zavq bermas, kulmas.
Vatansizga hatto bu yer kurrasi
Vatandan bir siqim tuproqcha bo‘lmas.

Tuproqning ko‘ksida ajdod mayog‘i,
Tuproqda bug‘langan issiqni tuying.
Nondek ko‘zga suray men bu tuproqni.
Gar o‘lsam,
Ko‘zimning ustiga qo‘ying!..

UMRNING BIR KUNI…

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl…
Yarmi uyqu erur,
Yarmi uyg‘oq on.
Tuyg‘ular chulg‘agan kecha — fuzayl
Kimningdir umriga ko‘chgay begumon.

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Bir kecha, bir kunduz pul kabi bitti,
Bir go‘zal pushaymon, yengibdir mayl,
O‘zini bir qalbda o‘ldirib ketdi…

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Go‘yo tuman ichra uyqudir, birrov,
Ehtimol, hech kimsa qolmagay qoyil,
Ehtimol, yozganim o‘qidi birov…

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Ketdi…
Bir umidga ilinj ozaydi.
Bir xasta bildi-ki, kelar Azroil,
Mo‘’jiza kutmoqqa ishonch ozaydi.

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Qabriston yo‘liga yangi iz tushdi.
Onaning qorong‘u bachadonidan
To‘shakcha ustiga bir kunduz tushdi.

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Yosh bir baliq kabi suzadir kunlar,
Yana bir yulduzdan oqdi shamoyil,
Yana yangi Kun-la kuladir kunlar.

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Bir buqa shoxiga qarang, ne to‘ldi?!
Kimnidir suzdi-yu, haq etdi ajal,
Bir baqa chanog‘i zo‘r kuldon bo‘ldi.

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Umr kitobida varaq bitmoqda
Bu ko‘cha soyamdan bezgandir xiyol
Soyamni yo‘laklar olib ketmoqda…

Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl –
Kechalari o‘ychan,
Tongi sarafroz.
Umrning bir kuni o‘tdi, shu zayl…
Bilmassan, qarshingda qanday kun peshvoz?!

YETAR, YIG‘LAMA, YIG‘LAMA!

Yana nechun, bu g‘am, kadar?
Yurak, og‘rima, og‘rima!
Voh, bu yashil pichanzorni
Bosay bag‘rima, bag‘rima!

O‘pay chashma dudog‘ini,
Egay jiyda butog‘ini,
Bir juft yalpiz yaprog‘ini
Qo‘yay og‘rima, og‘rima.

Ketsam seni hasrat yoqar,
Tog‘lar-ki, ma’nodor boqar,
Xayrlidir qolsam agar,
Yarog‘ima, yarog‘ima.

Balki yoddan chiqdi otim,
Cho‘qqilarga chiqolmadim,
Bu yurt menga boqolmadi,
Boqsin o‘g‘lima, o‘g‘lima.

Ayt, bu yurtga bormi so‘zing?
Go‘zallikni jamlab ko‘zing,
Tog‘larga bosgancha yuzing,
Yetar, yig‘lama, yig‘lama…

OZOD QIL KO‘ZLARING HIBSIDAN MЕNI

Dordir bu jonima, ayon, ko‘zlaring,
Eltadir ruhimni qayon ko‘zlaring,
Shunchalar qaro-ki, zindon ko‘zlaring,
Ozod qil ko‘zlaring hibsidan meni!

Yondirar, yoqmoqda o‘t qudrati bor,
Faqat men bilurman ne shiddati bor,
Axir jazoning ham bir muddati bor,
Ozod qil ko‘zlaring hibsidan meni!

Mahv etdi jamoling, go‘yo bexushman,
Marhamat istagan mungli boqishman,
Qafasga solingan bandi bir qushman,
Ozod qil ko‘zlaring hibsidan meni!

Har onim dastingdan shikoyat bo‘ldi,
Bu sevgi bir doston, hikoyat bo‘ldi.
Muhabbat qachondan jinoyat bo‘ldi?
Ozod qil ko‘zlaring hibsidan meni!

Zindonga ko‘ngilli otdim o‘zimni,
Mayliga, xazonga botir javzomni,
Men-ku, gunohkorman, orttir jazomni,
Saqlagil ko‘zlaring hibsida meni!

20 YILDAN SO‘NG…

Agar, omon bo‘lsak,
20 yildan so‘ng ko‘rishsak,
Sening yuzingda yillarning lol xaritasi,
Mening yuzimda ham ayni chizgilar.
Ikki beli bukchaygan qariya
daraxtga suyanib,
yillarcha olisdagi
yoshligiga bo‘ylanar.
Tomirlari bo‘rtgan qo‘llarimiz
Juftlashar ikki o‘rgimchak kabi.
Chirmasharmiz keksalikning to‘rida,
Qo‘llarimiz ayrilar
Ikki xorg‘in o‘rgimchak kabi.
Yonimizdan gulday qizlar,
Chinordek navqironlar o‘tar.
Sen meni izlarsan,
Men seni – ularning orasidan.
Yoritmoq istarmiz
Bir muddat zulmatimizni.
Sen mening yuzimda,
Men sening ko‘zingda ko‘rgayman
Yillar soya solgan navqironlikni.
Vaqt o‘tsin deya
Qo‘sharmiz so‘zni-so‘zga.
O‘ksib-o‘ksib yig‘larmiz
Bu tishsiz kulishimizga.
Agar omon bo‘lsak,
20 yildang so‘ng ko‘rishsak
Yo ko‘chada, yo hiyobonda
Bizni ko‘rganlar
achinib jilmayar.
Bir oyoq o‘zimizniki,
bir oyoq — hassa –
Bir oyog‘imiz go‘rda…
Vaqtni chalg‘itmoq-chun kinoga borarmiz
Filmni emas,
Orqa qatorda o‘tirib o‘pishayotgan
yoshlarni tomosha qilarmiz.
Bir zum ekranda
O‘pishar nigohlarimiz,
Ko‘zimizda ko‘lmak bo‘lar
xotira yomg‘irlarimiz.
Payqamay qolarmiz uyqu
qay payt bizni eltganin.
Xizmatchining sasidan uyg‘onib ketarmiz:
— Turing, sezmadingiz kino bitganin!..

Ozarbayjonchadan Gulbahor SATTOROVA tarjimalari

006

(Tashriflar: umumiy 415, bugungi 1)

Izoh qoldiring