Aleksandr Kuprin. Minnatli non. Hikoya & Yoqut ko’zli bilaguzuk. Radioqissa

02   Таниқли рус ёзувчиси Александр Купринга бағишланган саҳифада адибнинг «Миннатли нон» номли ҳикояси ва рус адабиётидаги муҳаббат қиссаларининг гултожларидан бири сифатида тан олинган «Ёқут кўзли билагузук» қиссаси асосида тайёрланган аудиокитоб билан танишасиз.

Александр КУПРИН
МИННАТЛИ НОН
008

kuprin    Александр Иванович Куприн [1870.26.8 (7.9), Варовчат шаҳри — 1938.25.8, Ленинград] — рус ёзувчиси. Дастлабки асарларида камбағаллар ҳаётини, кишиларнинг оғир турмуш тарзини реалистик тасвирлаган («Офат» қиссаси,1896). Ижодида ижтимоий-танқидий кайфиятларнинг кучайиши «Яккама-якка олишув» (1905), «Ўра» (1909—15) қиссаларида акс этган. Нафис ифодаланган образларнинг хилма-хиллиги, лирик ҳолатлари «Олеся» (1898), «Гамбринус» (1907), «Ёқут кўзли билагузук» (1911) каби қисса ва ҳикояларида мужассамлашган. «Листригонлар» очерклар туркуми (1907— 11) бор. 1919—37 йилларда муҳожирликда (асосан, Парижда) яшаб,«Юнкерлар» (1928-32), «Жанета» (1932-33) қиссаларини, бир қанча очерк ва ҳикояларни яратди. Уларнинг кўпчилиги эсдаликлар асосида ёзилган. Унинг кўпгина асарлари бўйича сценарийлар ёзилиб, экранлаштирилган. Асарлари чет тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

008

– Судланувчи, сизга қонунга биноан охирги сўз берилади, – деди суд раиси толиққан кўзларини аранг очиб, лоқайд бир оҳангда, – ўз қилмишингизга ойдинлик киритиш ёки ўзингизни оқлаш учун яна нималарни қўшимча қила оласиз?

Айбланувчи бу мурожаатдан сўнг бехос ўрнидан сапчиб турди ва асабий бир ҳолатда ингичка, узун бармоқлари билан судланувчи курсисини тўсиб турган панжарани маҳкам ушлаб олди. У кўримсизгина, озғин киши эди, ҳадиксирар, кўзларида акс этаётган қўрқувни яширишга ҳаракат қиларди. Оқ оралаб қолган сийрак соч-соқоли ва оппоқ киприги бўздек оқарган рангини худди камқонлик касалига чалинган бемор каби янада хастаҳол қилиб қўйган эди…

У узоқ қариндоши граф Венцепольскийнинг уйида яшаб, 23 январдан 24 январга ўтар кечаси олдиндан ўйланган режа асосида унинг хонадонига қасддан ўт қўйганликда айбланмоқда эди. Тиббий экспертиза айбланувчининг ақлий ва руҳий ҳолатини ўрганиб, ҳаммаси жойида деб хулоса чиқарди. Шунингдек, унинг асаб тизимидаги баъзи ўзгаришлар, яъни ички ҳиссиётларини тутиб туриш ҳолатининг заифлиги, кутилмаганда кўз ёш қилишга мойиллиги борлиги каби жиҳатлар қайд этилган эди.

Айбланувчи шу пайтгача давом этаётган айблов ишининг муҳокамасига аралашолмай, бепарво, худди бу жараёнда иштирок ҳам этмаётгандек жим ўтирган эди. Ўта расмий тарзда олиб борилаётган суд йиғилишидаги дабдабали вазият, судяларнинг ўзига хос либослари, судя столининг тилла попукли қизил мовути, икки хил рангда тантанавор безатилган кенг, иссиқ зал ва унинг деворларига осиб қўйилган маҳобатли портретлар, суд залига йиғилганларнинг махсус тўсиқ орқасини тўлдириб ўтиришлари, ҳовлиқма нозирлар, киборли суд маслаҳатчилари, совуққон прокурорнинг салобати, ҳимоя чининг бемазмун қилиқлари – буларнинг барча-барчаси айбланувчини янада эсанкиратиб қўйган эди. У гўё баҳайбат, қўрқинчли машинанинг тишлари орасида қолиб кетган-у, бу махлуқни бир нафас бўлса-да тўхтатишга бирор-бир инсон ва бирор-бир куч қодир эмасдек эди.

чин-8.jpgУ ҳимоячиси нутқ сўзлаётган пайтда бир неча бор шарт ўрнидан туриб: “Жаноби адвокат, сиз умуман бошқа нарса ҳақида гапиряпсиз. Воқеа аслида ундай бўлган эмас. Менга имкон беринг, қилган айбим ҳақида ўзим гапириб берай”, дейишга чоғланди, аммо айтолмади. Унга сўз бериб қолишларини ҳам кутди. Мабодо сўз берилса, шу заҳоти барча воқеани, ўзининг ўша пайтдаги руҳий изтироблари, ўй-хаёллари, бошқа биров тасаввур қилиши қийин бўлган барча ички кечинмаларини аниқ ва тушунарли қилиб сўзлаб бермоқчи бўлди. Лекин ҳаракатга тушиб кетган бу беаёв машинанинг тинимсиз, бефарқ айланаётган ғилдиракларини тўхтатишга унинг журъати етмади.

Суд раисининг кутилмаганда айтган охирги гапи умидсизлик ҳолатидан уйғотиб, унга ғайриоддий дадиллик бахш этди. Шу пайт ўзини тутиши худди ўлимга маҳкум этилган кимсанинг ўлими олдидан жаллод кундасига бош қўйиш ёки ўлим сиртмоғини бўйнига солишга қаршилик кўрсатиб, жазавага тушаётган ҳолатини эслатиб юборди.

У бирдан, ялинганга ўхшаш баланд овозда:
– Ҳа, жаноби раис!.. Худо ҳаққи, мени эшитинг… Ҳамма нарсани ўзим гапириб, тушунтириб беришимга рухсат этинг!.. – деди.

Уни эшитган суд маслаҳатчиларининг қиёфаси худди диққат-эътиборини унга қаратгандек ўзгарди, судялар бирин-кетин олдидаги варақларга энгашдилар, йиғилганлар эса унинг нима дейишини кутиб, диққат билан жимиб қолишди. Айбланувчи сўзлай бошлади:

– Мен ўтган йилнинг бошида бу шаҳарга келганимда келажак ҳаётим борасида бирор-бир режам йўқ эди. Чунки мен бу дунёга фақат омадсизлик учун келган бўлсам керак, деган фикрда эдим. Аслида ҳам шундай, ҳаётим давомида менга ҳеч қачон ҳеч нарсада омад кулиб боқмаган. Ҳаттоки ҳозир ҳам қирқ ёшга кирганимга қарамай, худди ёшлигимдаги каби нотавон ва тажрибасизлигимча қолиб кетганимга асло шубҳам йўқ.

Ўшанда Граф Венцепольскийдан жой топишимда ёрдам беришини сўрадим. Чунки у киши марҳума онамнинг узоқ қариндоши эди. Сахий, очиққўл, ўзгалардан ёрдамини аямайдиган граф эса негадир ўша пайтда мени ҳеч қаерга жойлаштира олмади, аммо бирор қулай шароит туғилиб қолгунича ўзининг уйида яшаб туришимни таклиф қилди. Мен унинг уйига кўчиб келдим. Дастлаб у менга қандайдир эътибор кўрсатгандек бўлди. Аммо тезда унинг кўнглига урдим, шекилли, борманми-йўқманми-парво ҳам қилмай қўйди. Ҳатто баъзан мендан умуман хижолат ҳам бўлмасди. Уйида юрганимга шунчалар тез кўникдики, назаримда, мени буюм қаторида санай бошлади. Айнан ўша пайт дан бошлаб менинг ночор, аччиқ ва қайғули, сиғиндиликда топталган ҳаётим бошланди. Итоатгўйларча сўзлаш ва илжайиб туришдан бошқа иложим йўқ эди.

Ўша пайтдаги азобли кечмишимни ўз танидан ўтказмаган инсон тушуна олмайди. Ўзига тўқ, мағрур инсонлар тоифаси ночорлар, уларнинг тили билан айтганда “текинхўр, сиғиндилар” ҳақоратлардан йиғлаганини, таҳқирлардан титраганидаги заифлигини кўриб, буларни истаганча хўрлаш, топташ мумкин, улар кўникиб кетаверади, деб ўйлайдилар. Аммо, ишонинг, текинхўр ёки сиғинди эканимни киноя қилишганида мен мутлақо кўниколмадим, аксинча, бундай сўзлардан жуда ёмон таъсирланганман, уларни ўта оғир олганман. Ўша кезлар бундай муносабатлардан менинг қалбим қанчалар топталганини билсангиз эди. Ҳар бир айтилаётган сўз, муомала қалбимни баттар эзар, яралар, худди қиздирилган темир каби жизиллатиб куйдирарди, таърифлашга бундан ортиқ сўз тополмайман. Аммо вақт ўтгани сайин бундай хўрликлардан қутулишимга ишонмай қўйдим, чунки кучим етмаслигини сезардим, ўта ночор ва қўрқоқ эканимни билиб турардим. Графнинг уйидаги тўқ ҳаёт ва ундаги мен тушиб қолган муҳит мени буткул бўшанг қилиб қўйганди, у иродамнинг қолганини ҳам худди занг каби кемириб, еб битирди. Баъзи пайтлар уйқуга кетишдан олдин кундузи хўрланганим алам қилиб, ғазабим қайнар, шундан сўнг ўз-ўзимга: “Йўқ, бўлди етар, эртага буларнинг барчасига чек қўяман! Кетаман, Графнинг сурбетлигию қўполлигини юзига айтиб, кетаман. Бундай пасткашларча кун кўргандан кўра юпун ки­­йимда бўлса-да, совуқда, очликда қолиб бўлса-да, эркин яшаган афзал”, дердим.

Аммо мен айтган ўша “эртага” ҳам келар, қарорим ўз-ўзидан сўнарди. Лабимни мажбуран қийшайтириб, илжайиб кўринишга ҳаракат қилардим. Ҳар кунгидек ҳижолатдан ўзимни ўнглай олмасдим, режалаштирганим каби тушлик пайтида столга қўлимни шарт қўйиб, ичимдагини тўкиб-сололмасдим. Унинг ўрнига аҳволим ўта ночор ва аянчли эканидан яна озор чекардим, холос.

Бир куни гарфга унинг мени қаергадир жойлаштириб қўйишни ваъда қилганини эслатмоқчи бўлганимда, доимгидай қаттиқ нигоҳ қадаб эътироз билдирди:

– Қаерга шошиляпсиз, азизим?.. Менинг уйимда ёмон кун кечиряпсизми?.. Ҳозирча тура туринг-чи, кейин бир ўйлаб кўрармиз…

Унинг бу жавобидан кейин мен яна жим бўлиб қолдим. Иродамни букиб, итоаткорлик қилишга шунчалар мажбур эдимки, граф бирорта эски кийимини совға қилганида, кийимлари менга катта ва кенг келса-да, ҳеч қандай эътироз билдира олмай кияр эдим. Бир куни графнинг уйига келган меҳмонлардан бири эгнимдаги кўйлагим тоғаваччамники билан бир хил эканини айтиб қолди. Буни эшитган бир исқирт ва сурбет жаноб, уни муттаҳам дейишар эди, мендан безбетларча сўради:

– Федоров, янглишмасак, сиз либослари­нгизни граф билан битта тикувчига буюртма қилсангиз керак?

Уларнинг бирортаси мени Фалончи Пистончаевич деб чақирмасдилар. Граф эса мени таништиришни ҳар доим ёдидан чиқариб қўярди. Аслини олганда, йиғилганларнинг кўп­члиги текинхўр ва сиғиндилардан бошқа ҳеч ҳеч ким эмас эди. Аммо улар сурбетларча графнинг атрофида гирдикапалак бўлишар, унга ўзларини тенг қилиб кўрсатишга, ўзларини унга яқин ва муносиб санашга ҳаракат қилишар эди. Мен эса улардан фарқли ўлароқ, ўзимни четга олардим, журъатсиз ва итоатгўй эдим. Улар менга шундай ўткир нафрат билан қарардики, бундай ёмон кўриш хўжайиннинг меҳри учун курашадиган одамлар орасидагина бўлади, холос.

Графнинг хизматкори ҳам шу касб эгалари сингари калондимоғлик билан сурбетларча муомала қиларди. Менга атаб ҳам дастурхонга ош-овқат, ичимлик келтиришга одатланишган бўлса-да, уларнинг малайларга хос сўзлари ва қарашларидан менга нисбатан текинхўр хизматчига қараган каби ижирғанишларини сезар эдим. Мен тураржойим, кўрпа-тўшакларимни ўзим йиғиштирар ва кийимларимни ҳам ўзим тозалар эдим.

Кечалари баъзан гарфнинг уйида “винт” деган карта ўйини ташкил қилинар эди. Ўйинга шерик етишмай қолган пайтлар, граф менга ҳам карта узатар эди. Мен эса ҳар доим пулсиз, аммо ҳар гал ютиш тўғрисидаги катта истак билан ўйинга киришар эдим. Ҳар доим, баъзан эса ич-ичимдан Худога илтижо қилар, ютишимни сўраб, иштиёқ билан ўйинар эдим. Аммо мен ҳар доимгидек ютқазиб қўярдим.

Ўйин тугаб, шериклар ўзаро бир-бирлари билан ҳисоблашаётган пайтда уятдан бошимни кўтаролмай, ўлгудай қизариб, титраб, бармоғимни қайириб ўтирардим. Бу ҳолат узоқ давом этаверса, чидолмай, ўзимнинг хижолатимни билдириш учун ғўлдираб:

– Илтимос… Граф… Ҳозирча пул масаласида қийналиб турганимдан хабарингиз бор. Менинг ютқазганимни ўзингиз тўлаб туринг… Мен сизга эртага қайтараман… – дердим.

Албатта, бу ваъдани ёлғон эмас, чиндан берардим. Аммо бу қарзимни эртага ҳам, индинга ҳам қайтара олмаслигим ҳаммага аён эди.

Бир куни кечаси гарф ва унинг уйига йиғилган меҳмонлар аввал ресторанга, кейин эса аёллар билан учрашувга бормоқчи бўлишди. Мени ҳам шунчаки тил учида таклиф қилишди. Мен албатта рад жавобини бермоқчи бўлдим. Чунки “йўқ” деган жавобим уларнинг ҳаммасига жуда маъқул тушишини билар эдим. Аммо, Худо ҳаққи, ҳанузгача тушунолмайман, ўшанда қандайдир бир куч мени пальтомни шоша-пиша кийиб олишга ва уларга қўшилиб жўнашга мажбур қилган эди.

Ресторанда овқат пайти ҳамма яйраб, ўзаро ҳазил-ҳузул қилиб ўтирди. Мен эса худди ўргатилган кучук каби тинмай қийқириб кулар эдимки, бу менга беҳисоб ҳузур бахш этарди. Аммо хаёлимга бирор-бир қизиқ ёки кулгили фикр келиб қолса, мен уни айтиб берай десам, ҳеч ким менга эътибор қилмасди. Мен қанчалик оғиз жуфтлашга уринмай, шу заҳотиёқ сўзимни бўлишар эди. Бир сўзни ўнинчи бор айтишга ҳаракат қилиб, ҳамсуҳбатларимнинг кўзларига бирин-кетин қарар эканман, бирортасининг ҳам нигоҳи нигоҳимга қадалмасди…

Айниқса, менга кечаси даҳшатлироқ эди. Худди коридорга ўхшаш, ҳамма кириб-чиқадиган тор хонада ухлар эдим. Тўшагим пружиналари чўкиб, ўртаси қийшайиб қолган, толаси титилиб, ташқарига чиқиб ётган эски узун курси – кушетка эди. Олдиндаги икки оёғининг йўқлиги учун ўрнига чамадонимни қўйиб олгандим. Бу ўриндиқни қанчалик ёмон кўришимни тасаввур ҳам қилолмайсиз! Уни ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман. Эски нарсаларга ўта ўч бўлган ашаддий эскифуруш ҳам бундай расво, эски нарсанинг баҳридан аллақачон кечган бўлар эди. Навбатдаги узун кечалар ҳар куни такрорланар, чидаб бўлмас азобли, уйқусиз тун ўз бағрига чорлар эди. Ниҳоят мен ўша кеч ҳам жойимга ётдим. Ётоқ курсининг букчайган қийшиқ жойи елкамга ботиб, қаддимни тобора бука бошлади. Чиқиб турган пружиналар икки ёнимдан танимга ботар, ёстиғим жуда кичкина бўлгани учун бошимда турмай, сурилиб кетаверар эди. Беш дақиқа вақт ўтгач, ҳар доимгидек белим ва елкамда оғриқ сездим. Бошим қизиб, бечора миямда турли ўй-хаёллар айланиб, гўёки талваса ўпқонида чарх ура бошладим… Шунда ақл бовар қилмайдиган, ҳеч қачон рўёбга чиқмайдиган, ушалмайдиган режалар бирма-бир миямга кела бошлади. Негадир тунда бу каби хаёлий режаларга ишонардим, аммо тонг ёришиши билан улар мени худди иситма аралаш алаҳсираш каби даҳшатга соларди.

Кундузги ҳодисаларнинг таассуротлари, ўзим ва бошқаларнинг айтган сўзлари, кечган ҳар бир дилсиёҳлик, камситиш ва ҳақоратлар қайта-қайта хотирамда жонланарди. Мени қийноққа солиб, бирин-кетин ёдимга тушаётган бу каби даҳшатли кечинмалар, изтироблар ичида борлиғимни жизиллатиб куйдиргувчи азоблардан ёниб, кул бўлардим. Бу ҳолатимни фақатгина ёлғизликка маҳкум ва хўрланган инсонгина тасаввур қилиши мумкин, холос. Бундай ярамас ўйларни хаёлга келтирар эканман, гўё қалбимнинг туб-тубидан жирканч балчиқ кавлаб олаётгандай ҳис этардим ўзимни… Йўқ… бундай нарсалар ҳақида суд залида, ҳатто ўзинг ни ҳимоя қилиш учун ҳам гапириб бўлмайди…

Гарфнинг дўстлари мен ётган қийшиқ курсининг ёнидан ўтаверишда масхара қилишни ёқтирарди. Улар кушеткамни “қийноқ курсиси” деб атардилар.

Ўша мен жиноят содир этган куним графнинг танишларидан бири жаноб Лбов барча улфатларни ресторанга таклиф қилган эди. Чунки у меросга эга бўлганди. Мен ҳам кийина бошладим. Зинага чиқаётган пайтда жаноб Лбовга нохос туртиниб кетдим ва дарҳол узр сўрадим. У эса:

– Ҳечқиси йўқ, аҳамият берманг… – деди. Сўнг тўсатдан қўшиб қўйди: – Ҳа, айтганча, Федоров, бекорга овора бўляпсиз, сизни ҳеч ким таклиф қилгани йўқ.

Бу аёвсиз сўзлардан довдираб, нима қилишимни билмай, пиллапояда тўхтаб қолдим. Меҳмонлар шовқин солиб, бирин-кетин эшикка чиқаётган эдилар. Улардан кимдир менга қараб:

– Бора қолинг, ўзингизнинг ўша қийноқ курсингизга, – дея қичқирди.

Унинг гапини бошқаси илиб кетди:
– Роҳатижон курсингизга, деса­нгиз-чи!

Улар яйраб кулишганча, ресторанга жўнаб кетишди. Мен қайтиб келиб, ўрнимга чўзилдим. Ич-ичимда эса нимагадир дамба-дам “Улар айтган гапларидан афсусланишади, мени олиб кетиш учун кимнидир юборишади”, деган хаёл ўтарди. Аммо ҳеч ким келмади. Шундан сўнг ноилож, аламимдан икки-уч соатча аччиқ кўзёш тўкдим. “Роҳатижон курси”нинг азблари устига устак бўлди. Секин ўрнимдан турдим. Юрагим ана шу курсига нисбатан нафрат билан тўлганди. Шляпамдан бир неча бўлак картон суғуриб олдим, уни эски газетага ўраб, керосинга ботирдим ва курсининг тагига қўйиб, ўт ёқдим. Ўша пайтда менинг ҳушим, ихтиёрим умуман ўзимда эмас эди.

Ўзимга келганимда бутун хона олов ичида эди. Қилган ишимдан қаттиқ даҳшатга тушдим ва одамларни ёрдамга чақирдим. Қолган гап сизга маълум, жаноб суд маслаҳатчилари…

Дилором Муродова таржимаси

Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

  Taniqli rus yozuvchisi Aleksandr Kupringa bagʻishlangan sahifada adibning “Minnatli non” nomli hikoyasi va rus adabiyotidagi muhabbat qissalarining gultojlaridan biri sifatida tan olingan “Yoqut koʻzli bilaguzuk” qissasining  audionusxasi bilan tanishasiz.

Aleksandr KUPRIN
MINNATLI NON
008

005 Aleksandr Ivanovich Kuprin [1870.26.8 (7.9), Varovchat shahri — 1938.25.8, Leningrad] — rus yozuvchisi. Dastlabki asarlarida kambag’allar hayotini, kishilarning og’ir turmush tarzini realistik tasvirlagan («Ofat» qissasi,1896). Ijodida ijtimoiy-tanqidiy kayfiyatlarning kuchayishi «Yakkama-yakka olishuv» (1905), «O’ra» (1909—15) qissalarida aks etgan. Nafis ifodalangan obrazlarning xilma-xilligi, lirik holatlari «Olesya» (1898), «Gambrinus» (1907), «Yoqut ko’zli bilaguzuk» (1911) kabi qissa va hikoyalarida mujassamlashgan. «Listrigonlar» ocherklar turkumi (1907— 11) bor. 1919—37 yillarda muhojirlikda (asosan, Parijda) yashab,«Yunkerlar» (1928-32), «Janeta» (1932-33) qissalarini, bir qancha ocherk va hikoyalarni yaratdi. Ularning ko’pchiligi esdaliklar asosida yozilgan. Uning ko’pgina asarlari bo’yicha stsenariylar yozilib, ekranlashtirilgan. Asarlari chet tillarga, shu jumladan, o’zbek tiliga ham tarjima qilingan.

008

– Sudlanuvchi, sizga qonunga binoan oxirgi so’z beriladi, – dedi sud raisi toliqqan ko’zlarini arang ochib, loqayd bir ohangda, – o’z qilmishingizga oydinlik kiritish yoki o’zingizni oqlash uchun yana nimalarni qo’shimcha qila olasiz?

Ayblanuvchi bu murojaatdan so’ng bexos o’rnidan sapchib turdi va asabiy bir holatda ingichka, uzun barmoqlari bilan sudlanuvchi kursisini to’sib turgan panjarani mahkam ushlab oldi. U ko’rimsizgina, ozg’in kishi edi, hadiksirar, ko’zlarida aks etayotgan qo’rquvni yashirishga harakat qilardi. Oq oralab qolgan siyrak soch-soqoli va oppoq kiprigi bo’zdek oqargan rangini xuddi kamqonlik kasaliga chalingan bemor kabi yanada xastahol qilib qo’ygan edi…

U uzoq qarindoshi graf Ventsepol`skiyning uyida yashab, 23 yanvardan 24 yanvarga o’tar kechasi oldindan o’ylangan reja asosida uning xonadoniga qasddan o’t qo’yganlikda ayblanmoqda edi. Tibbiy ekspertiza ayblanuvchining aqliy va ruhiy holatini o’rganib, hammasi joyida deb xulosa chiqardi. Shuningdek, uning asab tizimidagi ba’zi o’zgarishlar, ya’ni ichki hissiyotlarini tutib turish holatining zaifligi, kutilmaganda ko’z yosh qilishga moyilligi borligi kabi jihatlar qayd etilgan edi.

Ayblanuvchi shu paytgacha davom etayotgan ayblov ishining muhokamasiga aralasholmay, beparvo, xuddi bu jarayonda ishtirok ham etmayotgandek jim o’tirgan edi. O’ta rasmiy tarzda olib borilayotgan sud yig’ilishidagi dabdabali vaziyat, sudyalarning o’ziga xos liboslari, sudya stolining tilla popukli qizil movuti, ikki xil rangda tantanavor bezatilgan keng, issiq zal va uning devorlariga osib qo’yilgan mahobatli portretlar, sud zaliga yig’ilganlarning maxsus to’siq orqasini to’ldirib o’tirishlari, hovliqma nozirlar, kiborli sud maslahatchilari, sovuqqon prokurorning salobati, himoya chining bemazmun qiliqlari – bularning barcha-barchasi ayblanuvchini yanada esankiratib qo’ygan edi. U go’yo bahaybat, qo’rqinchli mashinaning tishlari orasida qolib ketgan-u, bu maxluqni bir nafas bo’lsa-da to’xtatishga biror-bir inson va biror-bir kuch qodir emasdek edi.

U himoyachisi nutq so’zlayotgan paytda bir necha bor shart o’rnidan turib: “Janobi advokat, siz umuman boshqa narsa haqida gapiryapsiz. Voqea aslida unday bo’lgan emas. Menga imkon bering, qilgan aybim haqida o’zim gapirib beray”, deyishga chog’landi, ammo aytolmadi. Unga so’z berib qolishlarini ham kutdi. Mabodo so’z berilsa, shu zahoti barcha voqeani, o’zining o’sha paytdagi ruhiy iztiroblari, o’y-xayollari, boshqa birov tasavvur qilishi qiyin bo’lgan barcha ichki kechinmalarini aniq va tushunarli qilib so’zlab bermoqchi bo’ldi. Lekin harakatga tushib ketgan bu beayov mashinaning tinimsiz, befarq aylanayotgan g’ildiraklarini to’xtatishga uning jur’ati yetmadi.

Sud raisining kutilmaganda aytgan oxirgi gapi umidsizlik holatidan uyg’otib, unga g’ayrioddiy dadillik baxsh etdi. Shu payt o’zini tutishi xuddi o’limga mahkum etilgan kimsaning o’limi oldidan jallod kundasiga bosh qo’yish yoki o’lim sirtmog’ini bo’yniga solishga qarshilik ko’rsatib, jazavaga tushayotgan holatini eslatib yubordi.

U birdan, yalinganga o’xshash baland ovozda:
– Ha, janobi rais!.. Xudo haqqi, meni eshiting… Hamma narsani o’zim gapirib, tushuntirib berishimga ruxsat eting!.. – dedi.

Uni eshitgan sud maslahatchilarining qiyofasi xuddi diqqat-e’tiborini unga qaratgandek o’zgardi, sudyalar birin-ketin oldidagi varaqlarga engashdilar, yig’ilganlar esa uning nima deyishini kutib, diqqat bilan jimib qolishdi. Ayblanuvchi so’zlay boshladi:

– Men o’tgan yilning boshida bu shaharga kelganimda kelajak hayotim borasida biror-bir rejam yo’q edi. Chunki men bu dunyoga faqat omadsizlik uchun kelgan bo’lsam kerak, degan fikrda edim. Aslida ham shunday, hayotim davomida menga hech qachon hech narsada omad kulib boqmagan. Hattoki hozir ham qirq yoshga kirganimga qaramay, xuddi yoshligimdagi kabi notavon va tajribasizligimcha qolib ketganimga aslo shubham yo’q.

O’shanda Graf Ventsepol`skiydan joy topishimda yordam berishini so’radim. Chunki u kishi marhuma onamning uzoq qarindoshi edi. Saxiy, ochiqqo’l, o’zgalardan yordamini ayamaydigan graf esa negadir o’sha paytda meni hech qaerga joylashtira olmadi, ammo biror qulay sharoit tug’ilib qolgunicha o’zining uyida yashab turishimni taklif qildi. Men uning uyiga ko’chib keldim. Dastlab u menga qandaydir e’tibor ko’rsatgandek bo’ldi. Ammo tezda uning ko’ngliga urdim, shekilli, bormanmi-yo’qmanmi-parvo ham qilmay qo’ydi. Hatto ba’zan mendan umuman xijolat ham bo’lmasdi. Uyida yurganimga shunchalar tez ko’nikdiki, nazarimda, meni buyum qatorida sanay boshladi. Aynan o’sha payt dan boshlab mening nochor, achchiq va qayg’uli, sig’indilikda toptalgan hayotim boshlandi. Itoatgo’ylarcha so’zlash va iljayib turishdan boshqa ilojim yo’q edi.

O’sha paytdagi azobli kechmishimni o’z tanidan o’tkazmagan inson tushuna olmaydi. O’ziga to’q, mag’rur insonlar toifasi nochorlar, ularning tili bilan aytganda “tekinxo’r, sig’indilar” haqoratlardan yig’laganini, tahqirlardan titraganidagi zaifligini ko’rib, bularni istagancha xo’rlash, toptash mumkin, ular ko’nikib ketaveradi, deb o’ylaydilar. Ammo, ishoning, tekinxo’r yoki sig’indi ekanimni kinoya qilishganida men mutlaqo ko’nikolmadim, aksincha, bunday so’zlardan juda yomon ta’sirlanganman, ularni o’ta og’ir olganman. O’sha kezlar bunday munosabatlardan mening qalbim qanchalar toptalganini bilsangiz edi. Har bir aytilayotgan so’z, muomala qalbimni battar ezar, yaralar, xuddi qizdirilgan temir kabi jizillatib kuydirardi, ta’riflashga bundan ortiq so’z topolmayman. Ammo vaqt o’tgani sayin bunday xo’rliklardan qutulishimga ishonmay qo’ydim, chunki kuchim yetmasligini sezardim, o’ta nochor va qo’rqoq ekanimni bilib turardim. Grafning uyidagi to’q hayot va undagi men tushib qolgan muhit meni butkul bo’shang qilib qo’ygandi, u irodamning qolganini ham xuddi zang kabi kemirib, yeb bitirdi. Ba’zi paytlar uyquga ketishdan oldin kunduzi xo’rlanganim alam qilib, g’azabim qaynar, shundan so’ng o’z-o’zimga: “Yo’q, bo’ldi yetar, ertaga bularning barchasiga chek qo’yaman! Ketaman, Grafning surbetligiyu qo’polligini yuziga aytib, ketaman. Bunday pastkashlarcha kun ko’rgandan ko’ra yupun ki­­yimda bo’lsa-da, sovuqda, ochlikda qolib bo’lsa-da, erkin yashagan afzal”, derdim.

Ammo men aytgan o’sha “ertaga” ham kelar, qarorim o’z-o’zidan so’nardi. Labimni majburan qiyshaytirib, iljayib ko’rinishga harakat qilardim. Har kungidek hijolatdan o’zimni o’nglay olmasdim, rejalashtirganim kabi tushlik paytida stolga qo’limni shart qo’yib, ichimdagini to’kib-sololmasdim. Uning o’rniga ahvolim o’ta nochor va ayanchli ekanidan yana ozor chekardim, xolos.

Bir kuni garfga uning meni qaergadir joylashtirib qo’yishni va’da qilganini eslatmoqchi bo’lganimda, doimgiday qattiq nigoh qadab e’tiroz bildirdi:

– Qaerga shoshilyapsiz, azizim?.. Mening uyimda yomon kun kechiryapsizmi?.. Hozircha tura turing-chi, keyin bir o’ylab ko’rarmiz…

Uning bu javobidan keyin men yana jim bo’lib qoldim. Irodamni bukib, itoatkorlik qilishga shunchalar majbur edimki, graf birorta eski kiyimini sovg’a qilganida, kiyimlari menga katta va keng kelsa-da, hech qanday e’tiroz bildira olmay kiyar edim. Bir kuni grafning uyiga kelgan mehmonlardan biri egnimdagi ko’ylagim tog’avachchamniki bilan bir xil ekanini aytib qoldi. Buni eshitgan bir isqirt va surbet janob, uni muttaham deyishar edi, mendan bezbetlarcha so’radi:

– Fedorov, yanglishmasak, siz liboslari­ngizni graf bilan bitta tikuvchiga buyurtma qilsangiz kerak?

Ularning birortasi meni Falonchi Pistonchaevich deb chaqirmasdilar. Graf esa meni tanishtirishni har doim yodidan chiqarib qo’yardi. Aslini olganda, yig’ilganlarning ko’p­chligi tekinxo’r va sig’indilardan boshqa hech hech kim emas edi. Ammo ular surbetlarcha grafning atrofida girdikapalak bo’lishar, unga o’zlarini teng qilib ko’rsatishga, o’zlarini unga yaqin va munosib sanashga harakat qilishar edi. Men esa ulardan farqli o’laroq, o’zimni chetga olardim, jur’atsiz va itoatgo’y edim. Ular menga shunday o’tkir nafrat bilan qarardiki, bunday yomon ko’rish xo’jayinning mehri uchun kurashadigan odamlar orasidagina bo’ladi, xolos.

Grafning xizmatkori ham shu kasb egalari singari kalondimog’lik bilan surbetlarcha muomala qilardi. Menga atab ham dasturxonga osh-ovqat, ichimlik keltirishga odatlanishgan bo’lsa-da, ularning malaylarga xos so’zlari va qarashlaridan menga nisbatan tekinxo’r xizmatchiga qaragan kabi ijirg’anishlarini sezar edim. Men turarjoyim, ko’rpa-to’shaklarimni o’zim yig’ishtirar va kiyimlarimni ham o’zim tozalar edim.

Kechalari ba’zan garfning uyida “vint” degan karta o’yini tashkil qilinar edi. O’yinga sherik yetishmay qolgan paytlar, graf menga ham karta uzatar edi. Men esa har doim pulsiz, ammo har gal yutish to’g’risidagi katta istak bilan o’yinga kirishar edim. Har doim, ba’zan esa ich-ichimdan Xudoga iltijo qilar, yutishimni so’rab, ishtiyoq bilan o’yinar edim. Ammo men har doimgidek yutqazib qo’yardim.

O’yin tugab, sheriklar o’zaro bir-birlari bilan hisoblashayotgan paytda uyatdan boshimni ko’tarolmay, o’lguday qizarib, titrab, barmog’imni qayirib o’tirardim. Bu holat uzoq davom etaversa, chidolmay, o’zimning xijolatimni bildirish uchun g’o’ldirab:

– Iltimos… Graf… Hozircha pul masalasida qiynalib turganimdan xabaringiz bor. Mening yutqazganimni o’zingiz to’lab turing… Men sizga ertaga qaytaraman… – derdim.

Albatta, bu va’dani yolg’on emas, chindan berardim. Ammo bu qarzimni ertaga ham, indinga ham qaytara olmasligim hammaga ayon edi.

Bir kuni kechasi garf va uning uyiga yig’ilgan mehmonlar avval restoranga, keyin esa ayollar bilan uchrashuvga bormoqchi bo’lishdi. Meni ham shunchaki til uchida taklif qilishdi. Men albatta rad javobini bermoqchi bo’ldim. Chunki “yo’q” degan javobim ularning hammasiga juda ma’qul tushishini bilar edim. Ammo, Xudo haqqi, hanuzgacha tushunolmayman, o’shanda qandaydir bir kuch meni pal`tomni shosha-pisha kiyib olishga va ularga qo’shilib jo’nashga majbur qilgan edi.

Restoranda ovqat payti hamma yayrab, o’zaro hazil-huzul qilib o’tirdi. Men esa xuddi o’rgatilgan kuchuk kabi tinmay qiyqirib kular edimki, bu menga behisob huzur baxsh etardi. Ammo xayolimga biror-bir qiziq yoki kulgili fikr kelib qolsa, men uni aytib beray desam, hech kim menga e’tibor qilmasdi. Men qanchalik og’iz juftlashga urinmay, shu zahotiyoq so’zimni bo’lishar edi. Bir so’zni o’ninchi bor aytishga harakat qilib, hamsuhbatlarimning ko’zlariga birin-ketin qarar ekanman, birortasining ham nigohi nigohimga qadalmasdi…

Ayniqsa, menga kechasi dahshatliroq edi. Xuddi koridorga o’xshash, hamma kirib-chiqadigan tor xonada uxlar edim. To’shagim prujinalari cho’kib, o’rtasi qiyshayib qolgan, tolasi titilib, tashqariga chiqib yotgan eski uzun kursi – kushetka edi. Oldindagi ikki oyog’ining yo’qligi uchun o’rniga chamadonimni qo’yib olgandim. Bu o’rindiqni qanchalik yomon ko’rishimni tasavvur ham qilolmaysiz! Uni hatto dushmanimga ham ravo ko’rmayman. Eski narsalarga o’ta o’ch bo’lgan ashaddiy eskifurush ham bunday rasvo, eski narsaning bahridan allaqachon kechgan bo’lar edi. Navbatdagi uzun kechalar har kuni takrorlanar, chidab bo’lmas azobli, uyqusiz tun o’z bag’riga chorlar edi. Nihoyat men o’sha kech ham joyimga yotdim. Yotoq kursining bukchaygan qiyshiq joyi yelkamga botib, qaddimni tobora buka boshladi. Chiqib turgan prujinalar ikki yonimdan tanimga botar, yostig’im juda kichkina bo’lgani uchun boshimda turmay, surilib ketaverar edi. Besh daqiqa vaqt o’tgach, har doimgidek belim va yelkamda og’riq sezdim. Boshim qizib, bechora miyamda turli o’y-xayollar aylanib, go’yoki talvasa o’pqonida charx ura boshladim… Shunda aql bovar qilmaydigan, hech qachon ro’yobga chiqmaydigan, ushalmaydigan rejalar birma-bir miyamga kela boshladi. Negadir tunda bu kabi xayoliy rejalarga ishonardim, ammo tong yorishishi bilan ular meni xuddi isitma aralash alahsirash kabi dahshatga solardi.

Kunduzgi hodisalarning taassurotlari, o’zim va boshqalarning aytgan so’zlari, kechgan har bir dilsiyohlik, kamsitish va haqoratlar qayta-qayta xotiramda jonlanardi. Meni qiynoqqa solib, birin-ketin yodimga tushayotgan bu kabi dahshatli kechinmalar, iztiroblar ichida borlig’imni jizillatib kuydirguvchi azoblardan yonib, kul bo’lardim. Bu holatimni faqatgina yolg’izlikka mahkum va xo’rlangan insongina tasavvur qilishi mumkin, xolos. Bunday yaramas o’ylarni xayolga keltirar ekanman, go’yo qalbimning tub-tubidan jirkanch balchiq kavlab olayotganday his etardim o’zimni… Yo’q… bunday narsalar haqida sud zalida, hatto o’zing ni himoya qilish uchun ham gapirib bo’lmaydi…

Garfning do’stlari men yotgan qiyshiq kursining yonidan o’taverishda masxara qilishni yoqtirardi. Ular kushetkamni “qiynoq kursisi” deb atardilar.

O’sha men jinoyat sodir etgan kunim grafning tanishlaridan biri janob Lbov barcha ulfatlarni restoranga taklif qilgan edi. Chunki u merosga ega bo’lgandi. Men ham kiyina boshladim. Zinaga chiqayotgan paytda janob Lbovga noxos turtinib ketdim va darhol uzr so’radim. U esa:

– Hechqisi yo’q, ahamiyat bermang… – dedi. So’ng to’satdan qo’shib qo’ydi: – Ha, aytgancha, Fedorov, bekorga ovora bo’lyapsiz, sizni hech kim taklif qilgani yo’q.

Bu ayovsiz so’zlardan dovdirab, nima qilishimni bilmay, pillapoyada to’xtab qoldim. Mehmonlar shovqin solib, birin-ketin eshikka chiqayotgan edilar. Ulardan kimdir menga qarab:

– Bora qoling, o’zingizning o’sha qiynoq kursingizga, – deya qichqirdi.

Uning gapini boshqasi ilib ketdi:
– Rohatijon kursingizga, desa­ngiz-chi!

Ular yayrab kulishgancha, restoranga jo’nab ketishdi. Men qaytib kelib, o’rnimga cho’zildim. Ich-ichimda esa nimagadir damba-dam “Ular aytgan gaplaridan afsuslanishadi, meni olib ketish uchun kimnidir yuborishadi”, degan xayol o’tardi. Ammo hech kim kelmadi. Shundan so’ng noiloj, alamimdan ikki-uch soatcha achchiq ko’zyosh to’kdim. “Rohatijon kursi”ning azblari ustiga ustak bo’ldi. Sekin o’rnimdan turdim. Yuragim ana shu kursiga nisbatan nafrat bilan to’lgandi. Shlyapamdan bir necha bo’lak karton sug’urib oldim, uni eski gazetaga o’rab, kerosinga botirdim va kursining tagiga qo’yib, o’t yoqdim. O’sha paytda mening hushim, ixtiyorim umuman o’zimda emas edi.

O’zimga kelganimda butun xona olov ichida edi. Qilgan ishimdan qattiq dahshatga tushdim va odamlarni yordamga chaqirdim. Qolgan gap sizga ma’lum, janob sud maslahatchilari…

Dilorom Murodova tarjimasi

Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi

 

004

(Tashriflar: umumiy 7 960, bugungi 1)

Izoh qoldiring