Muhammad Rahmon. She’rlar & Bahodir Sodiqov. She’riyatning ona tili & Abadiy nido.Audiodoston

045     Покиза поэтик юксакликда шоирлар иккига: бевосита ва бавосита шоирларга ажраладилар. Муҳаммаджон Раҳмонов — бевосита шоир. Бу дегани, унинг юраги шоир демак. Унинг кўпгина ва ҳал қилувчи шеърлари бевосита шеърлар бўлиб, улар шеъриятнинг она тилида ёзилган.

Баҳодир Содиқов
ШЕЪРИЯТНИНГ ОНА ТИЛИ
07

Эътироз билдиришга ҳақлисиз: билишимизча, ҳар бир миллату элатнинг она тили бўлар эди; шеъриятнинг она тили — бу нимаси энди? Эҳтимол, барча соҳаларга наср, фалсафа, санъат, физика, математика, борингки, қишлоқ хўжалигига ўз “она тиллари”ни бериб чиқарсиз…

051 Ушбу эҳтимол — эътирозга ҳурмат сақлаган ҳолда эътироз билдиришимиз мумкин.чунки, юрагимиз осмони-кўзларимизда порлаётган бир китоб бизга шундай имконият беради.Бу китоб ёш ва ажойиб шоир Муҳаммаджон Раҳмоновнинг (1979 йил) Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Яшил дарё” шеърлар тўпламидир. Китоб табиатнинг она тили — яшиллик нисбати билан номланганлигиёқ бизда тўпламга эътибор уйғотди.

Эътиборимизнинг поэтик эътироф даражасига кўтарилиши “Ҳайратимнинг тили” шеърини ўқиш давомида юз беради. Ҳайрат — табиат инсонга бахш этган энг ноёб туҳфа бўлмиш эшитиш ва кўриш қувончининг безабон ва гўзал исёнидир, унинг Ватани — юрак чегараси — кўзлардир.Шоир ҳайратининг тили эса шеъриятнинг она тили демак!

Агар шоир ҳайратининг тили бўлсайди, бўғзига тиқилган ҳаяжонини бир йўла айтиб қутуларди: бошидан турналар сузиб ўтганида, улар ортидан қўлларини телбаларча чўзиб девоналарча югурмасди: кўзини узолмай қараб қолгани, пурвиқор тоғлар унинг юксак ва мунаввар юлдузларга,бари-барига бир сўз айтган бўларди. Қисқаси ҳайрат хотирага айланмасидан бурун ўз она тилига — шеърият тилига кўчиши керак:

Ҳофиз дарёларим, мени қийнаманг,
Кезмай соҳилларда бесўз, бекалом.

Ҳофиз дарёларда оқар экансиз, санъат билан мунаввар юксакликда мувозанатга кирган ҳайратомуз ҳайратга қониб борасиз. Мувозанатлашган бу санъат ўз суратига кирар экан, қонуний шаклни бир мисра қадар ёриб чиқади ва тўрдан қутилган оҳудек гўзаллик ва учқурлик билан ҳайрат саҳросининг сарҳадларига сингиб кетади:

Оймисан, тун аро бокира, латиф, ё
Кунмисан, қаролмай қамашар кўзим.
Гулим на тараф бор сенга,на таъриф.
Топиб айтар эдим уни мен ўзим
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар.

Лирик қаҳрамон тилсиз ва бениҳоя нафосатга — ҳайратга бирда шукрона айтади, бирда ундан мадад сўрайди, руҳ олади. Демак, унинг бахти ҳам, мен буни орбитал бахт дер эдим, гўзал ва интиҳо билмасдир. Яъни, ушбу гўзалликка нисбатан муносабат эҳтиёжи унинг бири бирини тақозо этувчи ҳолат — фасллари бўлади.

Тўпламда мантиқан юқоридаги шеъридан илдиз отиб, маълум айёмгача унинг ички давоми бўладиган ва ривожи мобайнида уни инкор қила борувчи “Пантомима учун сюжет” шеъри бор.Бунда она қорнида ундан бир талай ўхшашликлар мероси билан ўз суратига кириб, умрининг бир парчасини она қўли ва қучоғида ўтказиб улғаяр экан, онасини чин дилдан севсада, унинг қайсидир бир маънода табиий давом — инкорига айлана борадиган ўғил болага ўхшашлик бор.

Ошиқ гунг ўз севгиси ва армон-шикоятини дўсти билан “ ишоралашади”. У маъшуқасини таърифлар экан, унинг гўзаллигини ишоралар билан жисмоний сифатлайди. Мана бундай, мана бундай деб юзлари, кўзлари ва лабларининг уфқ, осмон ва гулғунчаларга ўхшашлигини кўрсатмоқчи бўлади. Бу тилсиз, ишоралар билан таъкидланган гўзалликдир.

Шеърларни солиштирамиз: тилсиз ҳайрат ва тилсиз ошиқ. Буларнинг ўртасидаги умумийлик ҳар иккаласи ҳам истак-эътирофини сўз билан айтолмасликларида:

…Бор оламда шундай бир туйғу,
Тил билан ҳам бўлмайди айтиб.

Ажралиш нуқтаси ҳам шу умумийликнинг ўзида: биринчиси тилига муносиб сўз тополмайди, иккинчисининг эса энг оддий “севаман» сўзини айтишига тили йўқ:

Балки сийлар мени ҳам тақдир,
Бир куни номин айтурман дадил.
Жон чиқарда қайтармиш ,ахир,
Сўқирга кўз, соқовларга тил!

Поэзия — юракнинг табиат билан, инсоният билан ва ўз-ўзи билан гапиришадиган универсал тилидир. У -тошларнинг сув тилидаги қўшиқлари: у — даралардан учган гулдуроснинг суюлиб оқиши: у – осмонда ўт бўлиб, ерда сув бўлган чақмоғу мавҳумликдан сув шаклига кирган гулдирмомодир. Ниҳоят шеърият — табиатнинг  она тилидир. Табиат эса бизни доимо ҳайратлар билан сийлайди. Шунинг учун ҳам у хизирпўш тили билан шеър айтади:

…Нақ куз билан қиш ўртасида,
Боладек адашиб юрибди баҳор.

Ҳа, хизирпўш тилли шеърият — баҳор фақат боладеккина адашиши мумкин. Унинг АДАШУВИ ЙЎЛИНИ ЙЎҚОТИШ ЭМАС, БАЛКИ ЧОРЛОВ, ЭСЛАТИШ, ҲАТТО КЎПЛАРГА ЙЎЛ КЎРСАТИШДИР. У ҳам бўлса маъсулият, бурч ва қарздорликдан бошқа нарса эмас.

Покиза поэтик юксакликда шоирлар иккига: бевосита ва бавосита шоирларга ажраладилар. Муҳаммаджон Раҳмонов — бевосита шоир. Бу дегани, унинг юраги шоир демак. Унинг кўпгина ва ҳал қилувчи шеърлари бевосита шеърлар бўлиб, улар шеъриятининг она тилида ёзилган. Бундай шеърлар сирасига юқорида таҳлил қилинган иккитасидан ташқари “Якшанбалар”, “Юлдузлар оқиб келаяпти”, “Нима гап, шаббода…” каби шеърлари ҳам киради.

Шунингдек, “Шифт”, “Кинокамера”, “Шовқинлар”, “Оқ каптарга айланган бола” сингари бевосита шеърлар ҳам муваффақиятли чиққанки, бу шоир шеъриятининг иккинчи она тилидаги ижодига ҳайриҳоҳлигимизга ҳам сабаб бўлади.

Тўпламда муваффақият ҳамширалари — бир қатор жузъий ножоизликлар ҳам бор. Улар, асосан, вазн бузилишида,баъзан сўзларнинг мисраларда ёйилиб кетмаслиги ва ҳижо сақланмаган ҳолда туроқ бузилишига олиб кетишида кўринади. Булар албатта , поэтик камчиликлар эмас. Шундай бўлса ҳам, поэзия энг яхши интизомдаги энг яхши сўзлар қўшини эканини эслатиб ўтишга ҳақлимиз.

Хуллас, Муҳаммад Раҳмоннинг учинчи китоби “Яшил дарё” ўқувчи қалбида ҳам из қолдиради, ҳам унга ҳамроҳ бўлиб узоқ замонларга етади.

003 Муаллиф ҳақида

images.jpgБаҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида Хоразм вилояти, Шовот туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган. 1980 йилда фожиали ҳалок бўлди.
Ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди. Вафотида сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» алманахларида босилди. Шунингдек, шеърлари ҳам баёзда ёритилган.

Муҳаммад РАҲМОН
ШЕЪРЛАР
07

Муҳаммад Раҳмон 1949 йилнинг 18 ноябрида Қашкадарё вилояти, Китоб туманидаги Паландара қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2003). ТошДУнинг журналистика факултетида тахсил олган (1967— 72). «Мувозанат» (1976), «Яшил дарё» (1979), «Юрагимнинг дастхати» (1986), «Ижобат» (1984), «Асраганим, авайлаганим» (1987) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Болалар учун ҳам асарлар ёзган («Момоқаймоқ», 1978; «Ерга тушган камалак», 1981; «Қанотли тушлар», 1989). К. Чуковский, А. Л. Барто шеърларини, Лизолетта Велскоф-Генрихнинг «Токей Ито» романини ўзбек тилига таржима қилган.
Муҳаммад Раҳмон 2010 йил 31 январь куни вафот этган.

07

БИНАФША

Ҳаволарга сочилмоқда
Оромижон бир атр.
Бинафшалар очилмоқда
Тупроқ ёриб қайдадир.

Очилмоқда титраб-титраб,
Рангпаргина, нафармон.
Биз болалар уни излаб
Боғ кезамиз андармон.

— Бинафшажон, қайдасан, айт,
Кўрсатақол юзингни.
Кўмгандирсан балки бу пайт
Хору хасга ўзингни.

Ҳатлаб-ҳатлаб юргандирсан
Ариқларни ёқалаб.
Хилватларда тургандирсан
Кўзгинангни уқалаб.

Киргандирсан балки секин,
Халал бермай тинчгина,
Баҳоргача ерга кўксин
Босган токлар пинжига.

Ё биз билан бекинмачоқ
Ўйнаяпсан тутдирмай.
Жўнар кимдир тоқати тоқ,
Сени кутиб ўтирмай.

— Қиш заҳри бор ҳали ерда,
Ерда, — дер у хўрсиниб,
— Алданибмиз, ҳали эрта,
Эрта, — дер у хўрсиниб.

Дўстим, сўниб ҳавасларинг
Чалинибсан тумовга.
Бинафшанинг нафаслари
Урилмоқда димоққа.

Жонсаракдир қалбда ҳислар,
Яна олға чопамиз.
Кетаверсин умидсизлар,
Биз, барибир, топамиз,

Бинафшажон, ўтди баҳор,
Ўтди ёзлар, ўтди куз.
Келдим бир кун дунё билан
Шундай яқин, юзма-юз.

Ишонч менга сабот берди,
Сабоқ берди тўзимдан.
Юрагимга кураш кирди,
Қочди уйқу кўзимдан.

Бинафшажон, бугун яна,
Туйғулар тирик, зийрак.
Чорлаяпсан бизни, ана,
Бўлиб ёруғ келажак.

Этигимда лойи қат-қат
Қишнинг шалтоқ йўлларин,
Кетмоқдаман сенга фақат
Узатганча қўлларим.

Кундан-кунга яқинроқсан,
Нафасларинг жонимда —
«Ҳали эрта…»  — Кимдир баъзан
Минғирлайди ёнимда.

Тўхтамаймиз аммо бизлар,
Яна олға чопамиз.
Кетаверсин умидсизлар,
Биз, барибир, топамиз!

* * *

Онам Иқбол Шербобоева хотирасига.

Эриётир муздек бу бағир,
Тўкаяпман аста ёшимни.
Дайдиб кетган болангман, ахир,
Онажоним, кўтар бошингни.

Паландара шамоли яна
Югурмоқда ўнгу сўлимдан.
Келдим бугун қошингга, мана,
Етаклади соғинч қўлимдан-

Танимассан ўғлингни рости,
Танимассан балки, онажон.
Одам бўлди, у қанча ўсди,
Сен оламдан ўтгандан буён.

Иқбол эди номинг ва лекин —
Иқбол сенга боқмади кулиб.
Қирқ ёшингда ҳаётинг секин,
Сариқ гулдек қолди-ку сўлиб.

Ич-ичига чўккан кўзингни
Васса шифтга тикканча у кун
Шивирладинг сўзингни:
— Болагинам, йетимлик қурсин!..

Энди сизни ким ювиб-тарар,
Бошингизни силар қайси қўл?
Болаларим, борингиз шаҳар,
Шаҳар боринг, шудир тўғри йўл.

Сағирхона эшиги фақат,
Сизлар учун очиқдир доим.
Еганингиз бўлар беминнат,
Умр кўринг узоқ, илойим…

Эй, сен менинг меҳрибон онам,
Эй кўнглимнинг умид матлаби,
Содда эдинг, доно эдинг ҳам,
Шарқнинг ҳамма аёли каби!

Бу жумбоқли оламнинг сенга
Кўп томони бўлган қоронғи.
Доим турган лекин эсингда
Шу Ватаннинг оқил йўриғи!

Кунимизга у қолди яраб,
Ишончларинг оқланди, она.
Айтганингдек, “оқ ювиб, тараб”,
Катта қилди ўзи замона!

Эриётир муздек бу бағир,
Тўкаяпман аста ёшимни.
Кўп соғинган болангман, ахир,
Кўтара қол, она, бошингни.

Ўксима, қўй, фақат ўксима,
Қилмадим, деб сизларга шафқат.
Ер шамоли урар кўксима,
Шунинг ўзи зотан катта бахт.

Уятдаман, удда қилмадим,
Ҳеч нарсани, она, у маҳал.
Энди ўша ўғиллик қарзим,
Ватанимдан узсам лоақал.

Зиммамдаким доимо шу юк,
Она,хайр,энди кетаман.
Мени кутар ўзингдек буюк,
Ўзинг каби суюк шу Ватан!

* * *

Ухламадим тун бўйи,
Қулоқ тутдим ўлтириб:
Турналар ўтди бу кеч.
Осмонларни тўлдириб.

Чақмоқ чақиб қолди гоҳ,
Гоҳ гулдирак ўкириб.
Турналар ўтаверди
Осмонларни тўлдириб.

…Яна қанча баҳорни
Қаршилайман ўй суриб,
Неча бор ўтар турна
Осмонларни тўлдириб.

Учар юлдузим бир кун,
Учар умрим сўлдириб-
Турналар ўтаверар
Осмонларни тўлдириб…

* * *

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар
Бўғзимга тиқилган ҳаяжонимни
Қутулардим айтиб бир йўла,
Қийнамасдим бунча жонимни.

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар
Турналар ўтганда бошимдан сузиб
Югурмасдим, йўқ, телба-девона —
Мен улар ортидан қўлимни чўзиб.

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар
Қўзимни узолмай лол қолган чоғлар
Титратмасди кўксимни ҳайқириқ бўлиб
Шу пурвиқор тоғлар, шу баланд тоғлар.

Армондай ич-ичдан келар хўрсиниқ:
Бунчалар юксаксиз, бунча мунаввар.
Юлдузлар, мен сизга бир сўз айтардим
Ҳайратимнннг тили бўлсайди агар.

Тўлғанар ўзанда жоду бир оҳанг,
Оқар мангуликдай, бўлмас ҳеч тамом.
Ҳофиз дарёларим, мени қийнаманг,
Кезмай соҳилларда бесўз, бекалом,

Оймисан, тун аро бокира, латиф,
Қунмисан, қаролмай қамашар кўзим.
Гулим, на тараф бор сенга, на таъриф.
Топиб айтар эдим уни мен ўзим.

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар.
Малулман, борурман сиғиниб такрор,
Билмас бу гўзаллик ҳеч интиҳони
Ва мен бахтиёрман: ҳар кунимда бор
Ўртаниш, завқланиш, севиш имкони!

* * *

Юлдузлар оқиб келяпти,
Ой оқиб келяпти қалқиб-қалқиб,
Салқин-салқин боғлар нафаси,
Даралардан учган гулдурос
Оқиб келяпти…

Сув тилига кўчган тош қўшиқлари,
Исмсиз ўтларнинг бўйлари
Оқиб келяпти.
Қайердадир қиз турар
Соҳилдаги дарахтга суяниб,
Паришон ўй-хаёллар
Оқиб келяпти.

Мен шуларнинг ҳаммасини сипқормоқчиман,
Тумшуғидан отимнинг томчилайди сув,
Отим бўлса пишқирар бетоқат: —
Тўймадингми ҳали ҳам, кеч бўлди…

ХАЛҚ ОҲАНГЛАРИДА

Севар ёрим, саломат бўл!
(халқ қўшиқларидан)

Дилда кир йўқ, кин ҳам йўқ,
Сендан менинг гинам йўқ.
Қўл кўтарсам қўл синсин,
Санчадиган нинам йўқ.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!

Ишқ роҳи  ўйдим-ўйдим,
Телбараб суйдим, суйдим.
У кунларим қайтмагай,
Бир куйдиринг, бир куйдим.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!

Ошно бўлдим сен билан,
Рўшно бўлдим сен билан,
Икки олам дастимда-
Подшо бўлдим сен билан.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!

Карамлар учун қуллуқ,
Хуш дамлар учун қуллуқ.
Ситаминг ҳатто роҳат,
Аламлар учун қуллуқ.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!

Ишқ дегани омонлик,
Гоҳ ранг-рўйи сомонлик.
Соғинсин-у ҳар кимса,
Соғинмасин ёмонлик.
Ошиқ ўйга айлансин,
Ғазал, куйга айлансин.
Ҳеч бўлмаса мен каби
Дуогўйга айлансин:
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!

ТАҚВИМ ВАРАҚЛАЁТГАН ОДАМ

Тақвим варақлаётган одам
Хомуш тортиши керак:
Умр ўтяпти, умр!
Тақвим варақлаётган одам
Ўйга толиши керак:
Рози қила олдимми ота-онамни?
Фарзандларим тарбияси нечук?
Тиқ этса эшикка термилиб,
Кўзлари йўлимга тўрт бўлмадими
Ўсал ётган биродаримнинг?
Учмадимми шайтон васвасасига,
Иймоним саломатми?
Сўнгти манзилимга қўйиб қайтсалар,
Йўлда биров астойдил куйиб,
Хўрсиниб-хўрсиниб айта оларми:
«Кетган — қайтар,
Кетмонлаган қайтмайди!»
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Ўзгачароқ ўйлаши ҳам мумкин
Тақвим варақлаётган одам:
Тушликни қаердан қилсам экан,
Эрта кимнинг йилоши эди?
Ўтириб қолмадимми бир жойда узоқ,
Кимнинг тагига сув қуйсам экан?..
Пойабзал қалашиб ётар остонасида нуқул,
Худонинг берган куни уйида меҳмон —
Ёмби топиб олганми ялангоёқ қўшним?!
Чапқанот қўшнимиз — ёлғиз аёлнинг
Эшик дастбандига кеча аллаким
Илиб кетди бир сават оқ гул! —
Сабаби 8 мартмикан фақат?..
…Ватан учун осилиб кетиш,
Ватанга «осилиб» ҳам яшаш мумкин…
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Дейлик, гарчи Улуғбек эмас,
Ал-Беруний ёки Галилей,
Валекин мунажжим иштиёқи-ла
Кузатиб бориши мумкин у
Буржларда қуёшнинг ҳаракатини.
Тақвим варақларидан
Кунма-кун, соатма-соат
Кузатиб бориш мумкин!
Масалан, жавзонинг йигирманчиси:
Қуёш чиқиши — роппа-роса беш.
Бир ярим — авжи камоли,
Вақти заволи — етти ярим…
Етказган кунига шукур қилиш керак,
Тасаннолар айтиши керак
Ҳисобдон инсоннинг заковатига
Тақвим варақлаётган одам.
Лекин…
Хулосаси бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин.
Айтдим-ку, сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Хусусан, қалбини ўраган бўлса
Кулча илон каби ҳасад ва ғараз,
Кибру ҳаво ўраган бўлса.
Ҳамма ва ҳамма нарсага,
Борингки, Қуёшга ҳам
Мефистофел назари ила боқса:
«Биламиз, ҳозиру нозирсиз қаерда, қачон —
Босган қадамингиз ўлчоқли!»

…Бир кифтимда раҳмон,
Бир кифтимда шайтон –
Ўзинг инсоф бергил бандаларингга.

КЎҲИ ПАДАРКУШ

Тутаб ётар кўҳи Падаркуш*,
Шамол увлар мағораларида.
Кўрган каби хатарли бир туш
Жилғалар тўлганар жарларда.

Чўзилган ҳу, уфққа қадар
Қизғалдоқлар — узун қонли из.
Бунда мунгли қиссалар айтар
Ҳар бир сўқмоқ, ҳар майса, ялпиз.

Кўринмайди юлдуз-да, ой-да,
Таҳликали кишнаган отлар…
Улуғбекни худди шу жойда
Қувиб етган эмиш жаллодлар!

Ўғил — нонкўр, қисмат — беомон,
Ёзиқда ёзгани ўқилган:
Бу жойларда бир вақт, бир замон
Улуғбекнинг қони тўқилган!

…Тикиламан зирваларга жим,
Юрак-бағрим ғуссаларга ғарқ…
Шарқ, ростдан ҳам нозиксан, тилсим,
Билиб бўлмас сени бирдан, Шарқ!

Ҳиммат деган бўлар-да шунча,
Неклик борми бундан ҳам ортиқ –
Зеру забар подшоларингга
Ҳаж сафарин айлабсан тортиқ!

Йиғлабсиқтаб ком, анжом билан
Олис йўлга кузатганинг дам, —
Унутмабсан улар ортидан
Ҳатто… қотил жўнатишни ҳам!..
____________
*Ҳисор тизмаларидан бирининг номи, Ургут ва Китоб туманлари чегарасида.

* * *

Сен ҳам эслайсанми гоҳ қолиб холи,
Қўмсайсанми кўнгил кўчаларини…
Мунаввар айлади ойдин хаёлинг
Савдоли бу умрим кечаларини!

Сен ҳам эслайсанми ёшлигингни — шаън,
Ранги, ифорини — нечук эди ул?
Мени маст қилади қирқ йил наридан
Китобинг қатига қистирилган гул…

Обу оташидан дунёни ўтдинг,
Бекарам, бир кам деб қарғарсан ёмон…
Севги-чи, илк севги… наҳот, унутдинг,
Мен эса соғиниб яшайман ҳамон.

Номалар битардим сенга бир талай,
Қоғозга ишониб сирларнинг сирин.
Хатжилдни ёпардим ширачин ялаб –
Хатжилдлар ўзингдек, сўзингдек ширин!

Тонмайман бўғзимга ботса ҳам тиши,
Эслаб хўрсингулик ёзим, кишим бор.
Йўкдир дунёсининг мен билан иши,
Менинг бу дунёда йўқлар кишим бор!
Сен ҳам эслайсанми…

ҲАЗРАТИ БИШИР ҲИКМАТЛАРИ

* * *

Бу боғ хазон сипоҳи, куздан ҳам қолар бир кун,
Баҳор келса, қорлару муздан ҳам қолар бир кун.
Пешоб билан ўзига ер хатлаган қашқирлар,
Биздан қолганди бу боғ, сиздан ҳам қолар бир кун.

* * *

Пайғомдек чўп бўлиб чойимга келмиш,
Бир ҳикмат йиллару ойимга келмиш…
Фано даштининг мен тупроғи бўлдим,
Подшолар бош эгиб пойимга келмиш.

* * *

Чақув бозорида чопиб бердилар,
Ит бўлиб бағримни қопиб бердилар.
Бўлди назаркардам улуғлар охир,
Нокаслар менга дўст топиб бердилар.

* * *

Зулмат бошқа-бошқа, нур бошқа-бошқа,
Тош – бошқа, мис – бошқа, дур – бошқа-бошқа.
Мен тавба қиламан фосиқлар учун,
Гарчи сўроқ бошқа, гўр бошқа-бошқа.

* * *

Баайни кумуш зар, тиллага келди,
Йил моҳи рамазон паллага келди.
Худоё , етказган кунингга шукур,
Аждаҳо нафслар чиллага келди.

* * *

Келдиму кўп хотири малол бўлдим,
Дунё, ишларингдан гангу лол бўлдим.
Нега ўт эмасман, пода еб кетса,
Нега мен соҳиби илми ҳол бўлдим.

* * *

Нега бунча биғиллар пуккамас чикка бола,
Туғилибоқ кимга зор, кимга ичиккан бола?!
…Қиёмат кунигача йиғлармиш отасини –
Кўриб қолишга бир кун, б-и-р кун кечиккан бола!

* * *

Фитна, ғавғосидан дор ухламайди…
Неча тул, етимлар зор ухламайди.
Ҳаттоки илонлар ухлайди қишда,
Лекин қўш оёқ бу мор ухламайди.

* * *

Биби Малокатдан туғилган эрман,
Хом сут ҳам эммаган бандаман, ерман…
Сендан ком бўлмади қари онамдек,
Дунё, беширдирман, ҳам беширман.¹

¹ Сут эммай ўсганлигига ишора

* * *

Хуш агар нозу адоси қоши қаролар яхшидир,
Топса малҳам дил яроси савти наволар яхшидир.
Якка қол, ўртанма ҳаргиз маҳрами дил бўлмаса,
Мардуми ғайблар билан махфилоролар яхшидир.

* * *

Ҳимматинг ҳам, миннатинг ҳам тожи сарим, кулоҳимдир,
Фалак тоқига чирмашган тутун эрмас, ул оҳимдир.
Билганлари таъқиб ўлди, ҳама манга рақиб ўлди,
Сенга дўст-ёр тутинганим манинг бор-йўқ гуноҳимдир.

* * *

Тоғлар гўзал, боғларни сарафроз кўрадирман,
Юлдузлар порлоқ, баланд – хўб ва соз кўрадирман.
Суратим, сийратимдан дам урарға заъф йўқ –
Қачон ўзимни комил ҳам мумтоз кўрадирман?!

* * *

Югурик вақт дарвозада қабза урар,
Ухлама, деб, ҳар сония, лаҳза урар:
То бир силаб олгунингча соқолингни,
Неварангнинг мўйлови ҳам сабза урар…

* * *

Саркаш дарё бўлиб оқ, йўлинг бандлиғ бўлмағай,
Очилиб кул гул каби, заҳархандлиғ бўлмағай.
Унутма, бу дунёда етим ҳам бор, хор-зор бор,
То бу шодмонлиғ сенга гиёвандлиғ бўлмағай.

* * *

Қўш тақимда бир улоқ, учар оқ, қора тулпор,
Хирқирар чавандозлар: — Қўйвор-а, қўйвор, қўйвор!..
Тушгиси йўқ шаштидан на унинг ва на бунинг,
Олдда эса – алҳазар! – жаҳаннам бор, жарлик бор!

* * *

Кетма, дўст, тун қоронғу, дўнг, чуқур, пастлик ёмон,
Ҳар қадамда дайди ит – захму шикастлик ёмон,
Ҳазир ўл, дейман, нега титраб кетяпман ўзим? –
Қолмоқдаман кулбамда ёлғиз – бекаслик ёмон.

* * *

Ҳассасин дўқиллатиб келар эди бу гадо,
Ҳар уйдан хайр-эҳсон тилар эди бу гадо.
Тўхтаб ўтмасди фақат бойларнинг эшигида,
Чамамда, бир нарсани билар эди бу гадо.

* * *

Комилликка қалб йўл бўлғай – Саидаҳмат,
Сафар иста, мақбул бўлғай – Саидаҳмат.
Минг ранж ила ўз қалбингга етолсанг,
Зиёратинг қабул бўлғай, Саидаҳмат.

* * *

Сиз – шаҳри азимдансиз, мен – кўҳи баланддаман,
Лекин аҳли дил қайда бўлса мен ҳам андаман.
Султонманми гадоман, саидманми ё ғулом,
Куням, унвоним банда, бандадирман бандаман!

* * *

Қалъайи иймоннинг посбони эдим,
Ишқу муҳаббатнинг достони эдим.
Ваҳ, мардум билмади жон фидо қилсам,
Балки, мен ердан-мас, осмони эдим.

* * *

Янграгин ҳам ярагин дил кориға, рақси само,
Мен борай ўздин яна ҳар сориға, рақси само.
Қўл эмас қўллар – қанот, ёздим, мана, парвоз учун,
Восили эт холиқо дийдориға, рақси само.

* * *

Бандайи ғофил, кўзинг оч, мен дилингни дил қилай,
Ҳам тариқат, ҳам ҳақиқат шевасин тадбил қилай.
Сен учун дунёйи дун шароб тўла хумдир магар,
Мен ўшал дунёни тошға урибон чил-чил қилай.

* * *

Менда сўз йўқ дегали, очгали – сенда қучоқ,
Ўт эдик, оташ эдик, энди – кул босган ўчоқ.
Дўст, дўст, не сир-синоат, бу фаромушлик надир:
Олмадинг, кесгач анор, ўртада қолди пичоқ…

* * *

Борсан сонда бугун, саноқда борсан,
Эрта ким билади, бекассан, хорсан.
Кафанлик қайғуси бошимда салла, —
Ё фалак, бунчалар шумсан, ғаддорсан!

* * *

Сўнгги пушаймон бу! Ол, ақл пешлаб:
Бекорга боқишмас ем ташлаб, қашлаб, —
Бўрдоқи калласи танидан жудо,
Ётар пештахтада тилини тишлаб!

* * *

Санамо, бу ишқни мен байт айласам,
Ҳар кўнгил авроғига қайд айласам.
Ётсангиз ойдинда сиз ойдек бўлиб,
Ойни мен баркаш қилиб савт айласам!

* * *

Ёлғонни қўймадинг, бўлди, десак ҳам,
Сабримиз косаси тўлди, десак ҳам.
Энди тобутингни ким кўтаради,
Кимса ишонмайди, ўлди, десак ҳам.

* * *

Эгри мўрикондан эгри тутун чиққан,
Асл нав деганлари гоҳ ўтин чиққан.
Сен бу сувга тупурмагин, ризқинг учун,
Новдан ташлаб, тегирмондан бутун чиққан!..

* * *

Балки ўғридирсан, балки тўғрисан,
Иснодсан ё шараф, тагли-туглисан.
Кимсан, деб сўрашмас зурриёдингдан,
Сўрашар аввало:
Кимнинг ўғлисан?..

* * *

Макрдан бехабар, кўзида хоби,
Бадмаст май тилади, келмасдан тоби.
Нўхатдек тош отдим, тешилди хумлар,
Тизиллаб отилди Шайтон пешоби…

* * *

Тириклик ташвиши бор, азизим, тирик жонда,
Балиқлар сувда ҳалак, шер, оҳулар – ўрмонда.
Оқармоқда соч-соқол ун чангида қолгандек,
Ўтар бизнинг умримиз баайни тегирмонда.

* * *

Кўчадан бош эгиб юриб борарди,
Балки қилмишидан кўриб борарди:
Шамолда парпираб қўлсиз бир енги
Ўғрининг юзига уриб борарди!

* * *

Шайтон қутқу солар, гоҳ баланд дасти,
Бор унинг азалдан бандага қасди.
Барҳақ барҳақлигин тасдиғи учун
Ойни муҳр қилиб фалакка босди.

* * *

Бугун бу ердамиз, эрта андамиз,
Ҳамиша бири кам, омад кандамиз.
Осмон тўнтарилган қозондир, Эгам,
Тўқ ўтгач тўйингга келган бандамиз.

* * *

Қўрқув ва итоат надир, — ўйлагин,
Мен айтмай – эшитма, девор бўйлагин:
Ичида қарғаниб кир ювар аёл,
Муштлар жомашовда эрнинг кўйлагин!

* * *

Дашти фаносида югурдим, елдим,
Бегона эканман мен бунда, билдим.
Худойим, изн бер бир зум дам олай,
Ниҳоят, ўзимнинг уйимга келдим.

* * *

Шундоқ ҳам кўнглимда бор эди чега,
Нега ишин қилдинг бедил ғанимни…
Нега кексаликдан гап очдинг, нега,
Сенсиз ҳам билардим қартайганимни!..

* * *

Айт, қачон йилдирим Ғирот сўрадим,
Самарқанд, Бухоро, Ҳирот сўрадим.
Уйинг, бола-чақанг, жонинг соғ бўлсин! –
Сендан ҳам ушмундоқ мурод сўрадим.

* * *

Иддао устага, эгасигами:
Сачрар учқун бўлиб фарёди, ғами.
Кесганнинг ҳолини кесилганда кўр:
Чархда чириллайди пичоқнинг дами.

* * *

Мен кўҳи баланддан энар эдим, дўст,
Сен шаҳри азимдан келар эдинг, дўст.
Агарчи йўлимиз тескари эди,
Асли бир манзилга кетар эдик, дўст.

* * *

Қулоқ — гўш¹ ўртанмас, ўйга толмайди,
Неча бор чўзилган, эсга олмайди.
Бошқадир, ҳа, юзнинг йўриғи бошқа:
Битта тарсакини унутолмайди!

¹ Қулоқнинг форсийча номи.

* * *

— Ҳақ дея ҳайқирган айбдор топилган:
Ким дорга тортилган, кимдир чопилган…
Нега индамайсан, сен жимсан нега?
— Оғзимда ноним бор… оғзим ёпилган!..

* * *

Гуноҳкор бандангман, шу экан борим:
Қусурдан холимас амалим, корим.
Кечиргин бир лаҳза унутган бўлсам,
Сен мени унутма, Парвардигорим!

* * *

Туёғидаги “хат”ни оч бўрига “ўқитган”
От ёлларин шамоллар ҳали-ҳамон тарайди.
Эминликдир, ҳушёрлик ёвузликни йиқитган,
Тушовдаги тулпорни итпашша ҳам талайди!

* * *

Кўп кўрганман жазавангни, шовушингни,
Кўтармасанг бўлармиди товушингни.
Насиҳатинг учун қуллуқ…
Ўнгу терсдир,
Тўғри кийиб олгин, болам, кавушингни.

* * *

Кўклам – кечалари ёп-ёруғ тушдир,
Кундузи руҳимда сайраган қушдир.
Елда чайқаламан қизғалдоқ каби,
Ёраб, нафасларинг бунчалар хушдир!

* * *

Аё замон, сенми бу нав тарз берган,
Ажиб бир ҳол мантиғини йўқлайди:
Шифтга қараб уф тортади қарз берган,
Қарз кўтарган хуррак отиб ухлайди!

* * *

Гулу гулшанга оро райҳонларни севарлар,
Руҳафзо қумриларни – сайронларни севарлар.
Илму аъмолинг нима? Ўзинг, ўзлигинг надир? –
Кўзи учун, бил, фақат жайронларни севарлар!

* * *

Эй, шоҳ, демасман, ғариб-ғурабо бандани қўй,
Сен алар кўзига боқ – шум надим, гандани қўй.
Ҳасби ҳол билмак учун шартми гадолик суврати,
Хуфиёна сайри шаб, кулоҳу жандани қўй!

* * *

Кўзларингга дунёни аломат кўрсатайму?
Олиб дардларинг яна саломат кўрсатайму?
Қайтсаму аслиға у мардумсиёқ газандалар –
Каромат устиға боз каромат кўрсатайму?!

* * *

Ажаб нусхалар кўрдим – дўст-ёр, танишни хушламас,
Кимса қоқмас эшигин – бориш-келишни хушламас.
Меҳмон-ку – сеники, у бўйлаб деворни чимрилар,
Остонангда ечилган кавуш, калишни хушламас!

* * *

Пайкалда ажабтовур кураш эди, жанг эди,
Бир-бирига ўралиб аҳволлари танг эди…
Ер талашган бу икки нодон, билсанг, аслида
Қачондир кетмоқ бўлган битта чувалчанг эди!

* * *

Чоку чок бағрим яна тилиндими, дейман-ов,
Беш кунлигинг, эй дунё, билиндими, дейман-ов,
Мен юз йил яшамадим, сайёд қувган оҳунинг
Соясида бир лаҳза кўз илинди, дейман-ов.

* * *

То саҳар қон ютиб зикрида бўлдик,
Анга қурбон бўлмак фикрида бўлдик.
Ўлмадик оёқдир осиб ҳам ўзни, —
Хисби-ҳимояти, илкида бўлдик!

* * *

Юлдузлар оқиб келяпти,
Ой оқиб келяпти қалқиб-қалқиб,
Салқин-салқин боғлар нафаси,
Даралардан учган гулдурос
Оқиб келяпти…

Сув тилига кўчган тош қўшиқлари,
Исмсиз ўтларнинг бўйлари
Оқиб келяпти.

Қаердадир қиз турар
Соҳилдаги дарахтга суяниб,
Паришон ўй-хаёллар
Оқиб келяпти.

Мен шуларнинг ҳаммасини сипқормоқчиман,
Тумшуғидан отимнинг томчилайди сув,
Отим бўлса пишқирар бетоқат:
— Тўймадингми ҳали ҳам, кеч бўлди…

ОЙБЕК

Бўлолса ҳам қалбингга тилмоч
Қўл — қўл экан, кўз ҳам кўз экан.
Яшар кимдир лутфингга муҳтож,
Сўз ҳам асли ризқу рўз экан.

Изҳор истар муҳаббат, меҳр,
Изҳор истар мендан бу юрак.
Иссиқ нондек уларни ҳозир
Сизга узиб беришим керак.

Кўзларимда унсиз бир нидо,
Ҳаяжонлар жоним қасдида.
Ўлтирибман тилимдан жудо
Бўғриққан қалб рўпарасида.

Менда қолди ҳаққингиз, дўстлар,
Рози бўлинг, дўстларим, энди.
Ёнаяпти ичимда сўзлар,
Димоғимда куйган нон ҳиди!..

* * *

Нима гап, шаббода?
Тинчликми, қуёш?
Учрамовдим ҳали бунақасига:
Келиб қолди қаердан ўжар ва бебош
Бу майсалар йўл ёқасига?

Нега улар бунча хотиржам, вазмин,
Ҳавода қамчидек ўйнар мезонлар…
Ҳозир устларига жонсиз гавдасин
Ташлаб юборади хазонлар.

Оҳ, бу ҳавонинг ҳам авзойи ёмон…
Шоирлар қайдасиз, ошиқлар, келинг.
Минг йиллик севгингиз бўлмаса ёлғон
Қўлидан етакланг, бошпана беринг.

Қолиб кетмасин, йўқ, хазон остида,
Заиф жуссасини эзвормасин қор.
…Нақ куз билан қиш ўртасида
Боладек адашиб юрибди баҳор!

* * *

Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Қўл-оёқсиз, ўжар чўққигир —
Чирмовуқгулларнинг тунлар арқондан
Юқорига ўрмалагани.
Забт этиб уйларни қаватма-қават
Балконлардан ичкарига мўралагани…

Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Муздек бетон деворлар аро
Қафасларда саъваларнинг,
Тўтиларнинг, беданаларнинг
Пайдо бўлгани.
Тасодифмас уларнинг субҳи содиқда
Ҳаволарга рақиялардай
Гоҳ узуқ, гоҳ чўзиқ товушлар отгани…

Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Идорада гулибеорнинг

Девордаги тувакдан ўзини ташлаб
Елкам узра боққани қоғозларимга…

Мен энди сезяпман,
Йўҳ, улар шунчаки гул эмас.
Қуш эмас,
Уйимизга, ўйларимизга
Билдирмай, сездирмай суқилиб кирган
Табиатнинг уста «айғоқчилари».

Интиқом яқин!
Қайлардадир тоғлар ортида
Асабий чайқалмоқда адл-адл дарахтлар,
Зангори қўшин.
Улар фармон кутмоқда!
Бошла!
Бошла юришингни ТАБИАТ!

Bahodir Sodiqov
SHE’RIYATNING ONA TILI
07

E’tiroz bildirishga haqlisiz: bilishimizcha, har bir millatu elatning ona tili bo’lar edi; she’riyatning ona tili — bu nimasi endi? Ehtimol, barcha sohalarga nasr, falsafa, san’at, fizika, matematika, boringki, qishloq xo’jaligiga o’z “ona tillari”ni berib chiqarsiz…

 Ushbu ehtimol — e’tirozga hurmat saqlagan holda e’tiroz bildirishimiz mumkin.chunki, yuragimiz osmoni-ko’zlarimizda porlayotgan bir kitob bizga shunday imkoniyat beradi.Bu kitob yosh va ajoyib shoir Muhammadjon Rahmonovning (1979 yil) G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida chop etilgan “Yashil daryo” she’rlar to’plamidir. Kitob tabiatning ona tili — yashillik nisbati bilan nomlanganligiyoq bizda to’plamga e’tibor uyg’otdi.

E’tiborimizning poetik e’tirof darajasiga ko’tarilishi “Hayratimning tili” she’rini o’qish davomida yuz beradi. Hayrat — tabiat insonga baxsh etgan eng noyob tuhfa bo’lmish eshitish va ko’rish quvonchining bezabon va go’zal isyonidir, uning Vatani — yurak chegarasi — ko’zlardir.Shoir hayratining tili esa she’riyatning ona tili demak!

Agar shoir hayratining tili bo’lsaydi, bo’g’ziga tiqilgan hayajonini bir yo’la aytib qutulardi: boshidan turnalar suzib o’tganida, ular ortidan qo’llarini telbalarcha cho’zib devonalarcha yugurmasdi: ko’zini uzolmay qarab qolgani, purviqor tog’lar uning yuksak va munavvar yulduzlarga,bari-bariga bir so’z aytgan bo’lardi. Qisqasi hayrat xotiraga aylanmasidan burun o’z ona tiliga — she’riyat tiliga ko’chishi kerak:

Hofiz daryolarim, meni qiynamang,
Kezmay sohillarda beso’z, bekalom.

Hofiz daryolarda oqar ekansiz, san’at bilan munavvar yuksaklikda muvozanatga kirgan hayratomuz hayratga qonib borasiz. Muvozanatlashgan bu san’at o’z suratiga kirar ekan, qonuniy shaklni bir misra qadar yorib chiqadi va to’rdan qutilgan ohudek go’zallik va uchqurlik bilan hayrat sahrosining sarhadlariga singib ketadi:

Oymisan, tun aro bokira, latif, yo
Kunmisan, qarolmay qamashar ko’zim.
Gulim na taraf bor senga,na ta’rif.
Topib aytar edim uni men o’zim
Hayratimning tili bo’lsaydi agar.

Lirik qahramon tilsiz va benihoya nafosatga — hayratga birda shukrona aytadi, birda undan madad so’raydi, ruh oladi. Demak, uning baxti ham, men buni orbital baxt der edim, go’zal va intiho bilmasdir. Ya’ni, ushbu go’zallikka nisbatan munosabat ehtiyoji uning biri birini taqozo etuvchi holat — fasllari bo’ladi.

To’plamda mantiqan yuqoridagi she’ridan ildiz otib, ma’lum ayyomgacha uning ichki davomi bo’ladigan va rivoji mobaynida uni inkor qila boruvchi “Pantomima uchun syujet” she’ri bor.Bunda ona qornida undan bir talay o’xshashliklar merosi bilan o’z suratiga kirib, umrining bir parchasini ona qo’li va quchog’ida o’tkazib ulg’ayar ekan, onasini chin dildan sevsada, uning qaysidir bir ma’noda tabiiy davom — inkoriga aylana boradigan o’g’il bolaga o’xshashlik bor.

Oshiq gung o’z sevgisi va armon-shikoyatini do’sti bilan “ ishoralashadi”. U ma’shuqasini ta’riflar ekan, uning go’zalligini ishoralar bilan jismoniy sifatlaydi. Mana bunday, mana bunday deb yuzlari, ko’zlari va lablarining ufq, osmon va gulg’unchalarga o’xshashligini ko’rsatmoqchi bo’ladi. Bu tilsiz, ishoralar bilan ta’kidlangan go’zallikdir.

She’rlarni solishtiramiz: tilsiz hayrat va tilsiz oshiq. Bularning o’rtasidagi umumiylik har ikkalasi ham istak-e’tirofini so’z bilan aytolmasliklarida:

…Bor olamda shunday bir tuyg’u,
Til bilan ham bo’lmaydi aytib.

Ajralish nuqtasi ham shu umumiylikning o’zida: birinchisi tiliga munosib so’z topolmaydi, ikkinchisining esa eng oddiy “sevaman» so’zini aytishiga tili yo’q:

Balki siylar meni ham taqdir,
Bir kuni nomin ayturman dadil.
Jon chiqarda qaytarmish ,axir,
So’qirga ko’z, soqovlarga til!

Poeziya — yurakning tabiat bilan, insoniyat bilan va o’z-o’zi bilan gapirishadigan universal tilidir. U -toshlarning suv tilidagi qo’shiqlari: u — daralardan uchgan guldurosning suyulib oqishi: u – osmonda o’t bo’lib, yerda suv bo’lgan chaqmog’u mavhumlikdan suv shakliga kirgan guldirmomodir. Nihoyat she’riyat — tabiatning ona tilidir. Tabiat esa bizni doimo hayratlar bilan siylaydi. Shuning uchun ham u xizirpo’sh tili bilan she’r aytadi:

…Naq kuz bilan qish o’rtasida,
Boladek adashib yuribdi bahor.

Ha, xizirpo’sh tilli she’riyat — bahor faqat boladekkina adashishi mumkin. Uning ADASHUVI YO’LINI YO’QOTISH EMAS, BALKI CHORLOV, ESLATISH, HATTO KO’PLARGA YO’L KO’RSATISHDIR. U ham bo’lsa ma’suliyat, burch va qarzdorlikdan boshqa narsa emas.

Pokiza poetik yuksaklikda shoirlar ikkiga: bevosita va bavosita shoirlarga ajraladilar. Muhammadjon Rahmonov — bevosita shoir. Bu degani, uning yuragi shoir demak. Uning ko’pgina va hal qiluvchi she’rlari bevosita she’rlar bo’lib, ular she’riyatining ona tilida yozilgan. Bunday she’rlar sirasiga yuqorida tahlil qilingan ikkitasidan tashqari “Yakshanbalar”, “Yulduzlar oqib kelayapti”, “Nima gap, shabboda…” kabi she’rlari ham kiradi.

Shuningdek, “Shift”, “Kinokamera”, “Shovqinlar”, “Oq kaptarga aylangan bola” singari bevosita she’rlar ham muvaffaqiyatli chiqqanki, bu shoir she’riyatining ikkinchi ona tilidagi ijodiga hayrihohligimizga ham sabab bo’ladi.

To’plamda muvaffaqiyat hamshiralari — bir qator juz’iy nojoizliklar ham bor. Ular, asosan, vazn buzilishida,ba’zan so’zlarning misralarda yoyilib ketmasligi va hijo saqlanmagan holda turoq buzilishiga olib ketishida ko’rinadi. Bular albatta , poetik kamchiliklar emas. Shunday bo’lsa ham, poeziya eng yaxshi intizomdagi eng yaxshi so’zlar qo’shini ekanini eslatib o’tishga haqlimiz.

Xullas, Muhammad Rahmonning uchinchi kitobi “Yashil daryo” o’quvchi qalbida ham iz qoldiradi, ham unga hamroh bo’lib uzoq zamonlarga yetadi.

003 Muallif haqida

Bahodir Sodiqov 1959 yilning 19 aprelida Xorazm viloyati, Shovot tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakultetida o’qib yurgan kezlaridayoq o’zbek zamonaviy she’riyati xususidagi adabiy — tanqidiy maqolalari matbuotda e’lon qilingan. 1980 yilda fojiali halok bo’ldi.
Hayotlik chog’larida so’fiy shoirlar ijodiga doir tadqiqotlarining matbuotda yoritilishiga hukmron mafkura monelik qildi. Vafotida so’ng «Insonni sevmoq kerak» kitobi yorug’lik yuzini ko’rdi. Tadqiqotlari «Sharq yulduzi». «Yoshlik» jurnallarida, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftaligida, «Kamalak», «Shovot mavjlari» almanaxlarida bosildi. Shuningdek, she’rlari ham bayozda yoritilgan.

Muhammad RAHMON
SHE’RLAR
07

 Muhammad Rahmon 1949 yilning 18 noyabrida Qashkadaryo viloyati, Kitob tumanidagi Palandara qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (2003). ToshDUning jurnalistika  fakultetida taxsil olgan (1967— 72). «Muvozanat» (1976), «Yashil daryo» (1979), «Yuragimning dastxati» (1986), «Ijobat» (1984), «Asraganim, avaylaganim» (1987) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Bolalar uchun ham asarlar yozgan  («Momoqaymoq», 1978; «Yerga tushgan kamalak», 1981; «Qanotli tushlar», 1989). K. Chukovskiy, A. L. Barto she’rlarini, Lizoletta Velskof-Genrixning «Tokey Ito» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Muhammad Rahmon 2010 yil 31 yanvar` kuni vafot etgan.

07

BINAFSHA

Havolarga sochilmoqda
Oromijon bir atr.muhammad_rahmon-640x400.jpg Binafshalar ochilmoqda
Tuproq yorib qaydadir.

Ochilmoqda titrab-titrab,
Rangpargina, nafarmon.
Biz bolalar uni izlab
Bog’ kezamiz andarmon.

— Binafshajon, qaydasan, ayt,
Ko’rsataqol yuzingni.
Ko’mgandirsan balki bu payt
Xoru xasga o’zingni.

Hatlab-hatlab yurgandirsan
Ariqlarni yoqalab.
Xilvatlarda turgandirsan
Ko’zginangni uqalab.

Kirgandirsan balki sekin,
Xalal bermay tinchgina,
Bahorgacha yerga ko’ksin
Bosgan toklar pinjiga.

YO biz bilan bekinmachoq
O’ynayapsan tutdirmay.
Jo’nar kimdir toqati toq,
Seni kutib o’tirmay.

— Qish zahri bor hali yerda,
Yerda, — der u xo’rsinib,
— Aldanibmiz, hali erta,
Erta, — der u xo’rsinib.

Do’stim, so’nib havaslaring
Chalinibsan tumovga.
Binafshaning nafaslari
Urilmoqda dimoqqa.

Jonsarakdir qalbda hislar,
Yana olg’a chopamiz.
Ketaversin umidsizlar,
Biz, baribir, topamiz,

Binafshajon, o’tdi bahor,
O’tdi yozlar, o’tdi kuz.
Keldim bir kun dunyo bilan
Shunday yaqin, yuzma-yuz.

Ishonch menga sabot berdi,
Saboq berdi to’zimdan.
Yuragimga kurash kirdi,
Qochdi uyqu ko’zimdan.

Binafshajon, bugun yana,
Tuyg’ular tirik, ziyrak.
Chorlayapsan bizni, ana,
Bo’lib yorug’ kelajak.

Etigimda loyi qat-qat
Qishning shaltoq yo’llarin,
Ketmoqdaman senga faqat
Uzatgancha qo’llarim.

Kundan-kunga yaqinroqsan,
Nafaslaring jonimda —
Hali erta… — Kimdir ba’zan
Ming’irlaydi yonimda.

To’xtamaymiz ammo bizlar,
Yana olg’a chopamiz.
Ketaversin umidsizlar,
Biz, baribir, topamiz!

* * *

Onam Iqbol Sherboboeva xotirasiga.

Eriyotir muzdek bu bag’ir,
To’kayapman asta yoshimni.
Daydib ketgan bolangman, axir,
Onajonim, ko’tar boshingni.

Palandara shamoli yana
Yugurmoqda o’ngu so’limdan.
Keldim bugun qoshingga, mana,
Yetakladi sog’inch qo’limdan-

Tanimassan o’g’lingni rosti,
Tanimassan balki, onajon.
Odam bo’ldi, u qancha o’sdi,
Sen olamdan o’tgandan buyon.

Iqbol edi noming va lekin —
Iqbol senga boqmadi kulib.
Qirq yoshingda hayoting sekin,
Sariq guldek qoldi-ku so’lib.

Ich-ichiga cho’kkan ko’zingni
Vassa shiftga tikkancha u kun
Shivirlading so’zingni:
— Bolaginam, yetimlik qursin!..

Endi sizni kim yuvib-tarar,
Boshingizni silar qaysi qo’l?
Bolalarim, boringiz shahar,
Shahar boring, shudir to’g’ri yo’l.

Sag’irxona eshigi faqat,
Sizlar uchun ochiqdir doim.
Yeganingiz bo’lar beminnat,
Umr ko’ring uzoq, iloyim…

Ey, sen mening mehribon onam,
Ey ko’nglimning umid matlabi,
Sodda eding, dono eding ham,
Sharqning hamma ayoli kabi!

Bu jumboqli olamning senga
Ko’p tomoni bo’lgan qorong’i.
Doim turgan lekin esingda
Shu Vatanning oqil yo’rig’i!

Kunimizga u qoldi yarab,
Ishonchlaring oqlandi, ona.
Aytganingdek, “oq yuvib, tarab”,
Katta qildi o’zi zamona!

Eriyotir muzdek bu bag’ir,
To’kayapman asta yoshimni.
Ko’p sog’ingan bolangman, axir,
Ko’tara qol, ona, boshingni.

O’ksima, qo’y, faqat o’ksima,
Qilmadim, deb sizlarga shafqat.
Yer shamoli urar ko’ksima,
Shuning o’zi zotan katta baxt.

Uyatdaman, udda qilmadim,
Hech narsani, ona, u mahal.
Endi o’sha o’g’illik qarzim,
Vatanimdan uzsam loaqal.

Zimmamdakim doimo shu yuk,
Ona,xayr,endi ketaman.
Meni kutar o’zingdek buyuk,
O’zing kabi suyuk shu Vatan!

* * *

Uxlamadim tun bo’yi,
Quloq tutdim o’ltirib:
Turnalar o’tdi bu kech.
Osmonlarni to’ldirib.

Chaqmoq chaqib qoldi goh,
Goh guldirak o’kirib.
Turnalar o’taverdi
Osmonlarni to’ldirib.

…Yana qancha bahorni
Qarshilayman o’y surib,
Necha bor o’tar turna
Osmonlarni to’ldirib.

Uchar yulduzim bir kun,
Uchar umrim so’ldirib-
Turnalar o’taverar
Osmonlarni to’ldirib…

* * *

Hayratimning tili bo’lsaydi agar
Bo’g’zimga tiqilgan hayajonimni
Qutulardim aytib bir yo’la,
Qiynamasdim buncha jonimni.

Hayratimning tili bo’lsaydi agar
Turnalar o’tganda boshimdan suzib
Yugurmasdim, yo’q, telba-devona —
Men ular ortidan qo’limni cho’zib.

Hayratimning tili bo’lsaydi agar
Qo’zimni uzolmay lol qolgan chog’lar
Titratmasdi ko’ksimni hayqiriq bo’lib
Shu purviqor tog’lar, shu baland tog’lar.

Armonday ich-ichdan kelar xo’rsiniq:
Bunchalar yuksaksiz, buncha munavvar.
Yulduzlar, men sizga bir so’z aytardim
Hayratimnnng tili bo’lsaydi agar.

To’lg’anar o’zanda jodu bir ohang,
Oqar mangulikday, bo’lmas hech tamom.
Hofiz daryolarim, meni qiynamang,
Kezmay sohillarda beso’z, bekalom,

Oymisan, tun aro bokira, latif,
Qunmisan, qarolmay qamashar ko’zim.
Gulim, na taraf bor senga, na ta’rif.
Topib aytar edim uni men o’zim.

Hayratimning tili bo’lsaydi agar.
Malulman, borurman sig’inib takror,
Bilmas bu go’zallik hech intihoni
Va men baxtiyorman: har kunimda bor
O’rtanish, zavqlanish, sevish imkoni!

* * *

Yulduzlar oqib kelyapti,
Oy oqib kelyapti qalqib-qalqib,
Salqin-salqin bog’lar nafasi,
Daralardan uchgan gulduros
Oqib kelyapti…

Suv tiliga ko’chgan tosh qo’shiqlari,
Ismsiz o’tlarning bo’ylari
Oqib kelyapti.
Qayerdadir qiz turar
Sohildagi daraxtga suyanib,
Parishon o’y-xayollar
Oqib kelyapti.

Men shularning hammasini sipqormoqchiman,
Tumshug’idan otimning tomchilaydi suv,
Otim bo’lsa pishqirar betoqat: —
To’ymadingmi hali ham, kech bo’ldi…

XALQ OHANGLARIDA

Sevar yorim, salomat bo’l!
(xalq qo’shiqlaridan)

Dilda kir yo’q, kin ham yo’q,
Sendan mening ginam yo’q.
Qo’l ko’tarsam qo’l sinsin,
Sanchadigan ninam yo’q.
Sevar yorim, salomat bo’l!
Sevar yorim, salomat bo’l!

Ishq rohi  o’ydim-o’ydim,
Telbarab suydim, suydim.
U kunlarim qaytmagay,
Bir kuydiring, bir kuydim.
Sevar yorim, salomat bo’l!
Sevar yorim, salomat bo’l!

Oshno bo’ldim sen bilan,
Ro’shno bo’ldim sen bilan,
Ikki olam dastimda-
Podsho bo’ldim sen bilan.
Sevar yorim, salomat bo’l!
Sevar yorim, salomat bo’l!

Karamlar uchun qulluq,
Xush damlar uchun qulluq.
Sitaming hatto rohat,
Alamlar uchun qulluq.
Sevar yorim, salomat bo’l!
Sevar yorim, salomat bo’l!

Ishq degani omonlik,
Goh rang-ro’yi somonlik.
Sog’insin-u har kimsa,
Sog’inmasin yomonlik.
Oshiq o’yga aylansin,
G’azal, kuyga aylansin.
Hech bo’lmasa men kabi
Duogo’yga aylansin:
Sevar yorim, salomat bo’l!
Sevar yorim, salomat bo’l!

TAQVIM VARAQLAYOTGAN ODAM

Taqvim varaqlayotgan odam
Xomush tortishi kerak:
Umr o’tyapti, umr!
Taqvim varaqlayotgan odam
O’yga tolishi kerak:
Rozi qila oldimmi ota-onamni?
Farzandlarim tarbiyasi nechuk?
Tiq etsa eshikka termilib,
Ko’zlari yo’limga to’rt bo’lmadimi
O’sal yotgan birodarimning?
Uchmadimmi shayton vasvasasiga,
Iymonim salomatmi?
So’ngti manzilimga qo’yib qaytsalar,
Yo’lda birov astoydil kuyib,
Xo’rsinib-xo’rsinib ayta olarmi:
«Ketgan — qaytar,
Ketmonlagan qaytmaydi!»
…Men hali hammasini aytmadim, shoshmang,
O’zgacharoq o’ylashi ham mumkin
Taqvim varaqlayotgan odam:
Tushlikni qaerdan qilsam ekan,
Erta kimning yiloshi edi?
O’tirib qolmadimmi bir joyda uzoq,
Kimning tagiga suv quysam ekan?..
Poyabzal qalashib yotar ostonasida nuqul,
Xudoning bergan kuni uyida mehmon —
Yombi topib olganmi yalangoyoq qo’shnim?!
Chapqanot qo’shnimiz — yolg’iz ayolning
Eshik dastbandiga kecha allakim
Ilib ketdi bir savat oq gul! —
Sababi 8 martmikan faqat?..
…Vatan uchun osilib ketish,
Vatanga «osilib» ham yashash mumkin…
…Men hali hammasini aytmadim, shoshmang,
Sermulohaza bo’ladi
Taqvim varaqlayotgan odam.
Deylik, garchi Ulug’bek emas,
Al-Beruniy yoki Galiley,
Valekin munajjim ishtiyoqi-la
Kuzatib borishi mumkin u
Burjlarda quyoshning harakatini.
Taqvim varaqlaridan
Kunma-kun, soatma-soat
Kuzatib borish mumkin!
Masalan, javzoning yigirmanchisi:
Quyosh chiqishi — roppa-rosa besh.
Bir yarim — avji kamoli,
Vaqti zavoli — yetti yarim…
Yetkazgan kuniga shukur qilish kerak,
Tasannolar aytishi kerak
Hisobdon insonning zakovatiga
Taqvim varaqlayotgan odam.
Lekin…
Xulosasi boshqacharoq bo’lishi ham mumkin.
Aytdim-ku, sermulohaza bo’ladi
Taqvim varaqlayotgan odam.
Xususan, qalbini o’ragan bo’lsa
Kulcha ilon kabi hasad va g’araz,
Kibru havo o’ragan bo’lsa.
Hamma va hamma narsaga,
Boringki, Quyoshga ham
Mefistofel nazari ila boqsa:
«Bilamiz, hoziru nozirsiz qaerda, qachon —
Bosgan qadamingiz o’lchoqli!»

…Bir kiftimda rahmon,
Bir kiftimda shayton –
O’zing insof bergil bandalaringga.

KO’HI PADARKUSH

Tutab yotar ko’hi Padarkush*,
Shamol uvlar mag’oralarida.
Ko’rgan kabi xatarli bir tush
Jilg’alar to’lganar jarlarda.

Cho’zilgan hu, ufqqa qadar
Qizg’aldoqlar — uzun qonli iz.
Bunda mungli qissalar aytar
Har bir so’qmoq, har maysa, yalpiz.

Ko’rinmaydi yulduz-da, oy-da,
Tahlikali kishnagan otlar…
Ulug’bekni xuddi shu joyda
Quvib yetgan emish jallodlar!

O’g’il — nonko’r, qismat — beomon,
Yoziqda yozgani o’qilgan:
Bu joylarda bir vaqt, bir zamon
Ulug’bekning qoni to’qilgan!

…Tikilaman zirvalarga jim,
Yurak-bag’rim g’ussalarga g’arq…
Sharq, rostdan ham noziksan, tilsim,
Bilib bo’lmas seni birdan, Sharq!

Himmat degan bo’lar-da shuncha,
Neklik bormi bundan ham ortiq –
Zeru zabar podsholaringga
Haj safarin aylabsan tortiq!

Yig’labsiqtab kom, anjom bilan
Olis yo’lga kuzatganing dam, —
Unutmabsan ular ortidan
Hatto… qotil jo’natishni ham!..
____________
*Hisor tizmalaridan birining nomi, Urgut va Kitob tumanlari chegarasida.

* * *

Sen ham eslaysanmi goh qolib xoli,
Qo’msaysanmi ko’ngil ko’chalarini…
Munavvar ayladi oydin xayoling
Savdoli bu umrim kechalarini!

Sen ham eslaysanmi yoshligingni — sha’n,
Rangi, iforini — nechuk edi ul?
Meni mast qiladi qirq yil naridan
Kitobing qatiga qistirilgan gul…

Obu otashidan dunyoni o’tding,
Bekaram, bir kam deb qarg’arsan yomon…
Sevgi-chi, ilk sevgi… nahot, unutding,
Men esa sog’inib yashayman hamon.

Nomalar bitardim senga bir talay,
Qog’ozga ishonib sirlarning sirin.
Xatjildni yopardim shirachin yalab –
Xatjildlar o’zingdek, so’zingdek shirin!

Tonmayman bo’g’zimga botsa ham tishi,
Eslab xo’rsingulik yozim, kishim bor.
Yo’kdir dunyosining men bilan ishi,
Mening bu dunyoda yo’qlar kishim bor!
Sen ham eslaysanmi…

HAZRATI BISHIR HIKMATLARI

* * *

Bu bog’ xazon sipohi, kuzdan ham qolar bir kun,
Bahor kelsa, qorlaru muzdan ham qolar bir kun.
Peshob bilan o’ziga yer xatlagan qashqirlar,
Bizdan qolgandi bu bog’, sizdan ham qolar bir kun.

* * *

Payg’omdek cho’p bo’lib choyimga kelmish,
Bir hikmat yillaru oyimga kelmish…
Fano dashtining men tuprog’i bo’ldim,
Podsholar bosh egib poyimga kelmish.

* * *

Chaquv bozorida chopib berdilar,
It bo’lib bag’rimni qopib berdilar.
Bo’ldi nazarkardam ulug’lar oxir,
Nokaslar menga do’st topib berdilar.

* * *

Zulmat boshqa-boshqa, nur boshqa-boshqa,
Tosh – boshqa, mis – boshqa, dur – boshqa-boshqa.
Men tavba qilaman fosiqlar uchun,
Garchi so’roq boshqa, go’r boshqa-boshqa.

* * *

Baayni kumush zar, tillaga keldi,
Yil mohi ramazon pallaga keldi.
Xudoyo , yetkazgan kuningga shukur,
Ajdaho nafslar chillaga keldi.

* * *

Keldimu ko’p xotiri malol bo’ldim,
Dunyo, ishlaringdan gangu lol bo’ldim.
Nega o’t emasman, poda yeb ketsa,
Nega men sohibi ilmi hol bo’ldim.

* * *

Nega buncha big’illar pukkamas chikka bola,
Tug’iliboq kimga zor, kimga ichikkan bola?!
…Qiyomat kunigacha yig’larmish otasini –
Ko’rib qolishga bir kun, b-i-r kun kechikkan bola!

* * *

Fitna, g’avg’osidan dor uxlamaydi…
Necha tul, yetimlar zor uxlamaydi.
Hattoki ilonlar uxlaydi qishda,
Lekin qo’sh oyoq bu mor uxlamaydi.

* * *

Bibi Malokatdan tug’ilgan erman,
Xom sut ham emmagan bandaman, yerman…
Sendan kom bo’lmadi qari onamdek,
Dunyo, beshirdirman, ham beshirman.?
(? Sut emmay o’sganligiga ishora)

* * *

Xush agar nozu adosi qoshi qarolar yaxshidir,
Topsa malham dil yarosi savti navolar yaxshidir.
Yakka qol, o’rtanma hargiz mahrami dil bo’lmasa,
Mardumi g’ayblar bilan maxfilorolar yaxshidir.

* * *

Himmating ham, minnating ham toji sarim, kulohimdir,
Falak toqiga chirmashgan tutun ermas, ul ohimdir.
Bilganlari ta’qib o’ldi, hama manga raqib o’ldi,
Senga do’st-yor tutinganim maning bor-yo’q gunohimdir.

* * *

Tog’lar go’zal, bog’larni sarafroz ko’radirman,
Yulduzlar porloq, baland – xo’b va soz ko’radirman.
Suratim, siyratimdan dam urarg’a za’f yo’q –
Qachon o’zimni komil ham mumtoz ko’radirman?!

* * *

Yugurik vaqt darvozada qabza urar,
Uxlama, deb, har soniya, lahza urar:
To bir silab olguningcha soqolingni,
Nevarangning mo’ylovi ham sabza urar…

* * *

Sarkash daryo bo’lib oq, yo’ling bandlig’ bo’lmag’ay,
Ochilib kul gul kabi, zaharxandlig’ bo’lmag’ay.
Unutma, bu dunyoda yetim ham bor, xor-zor bor,
To bu shodmonlig’ senga giyovandlig’ bo’lmag’ay.

* * *

Qo’sh taqimda bir uloq, uchar oq, qora tulpor,
Xirqirar chavandozlar: — Qo’yvor-a, qo’yvor, qo’yvor!..
Tushgisi yo’q shashtidan na uning va na buning,
Oldda esa – alhazar! – jahannam bor, jarlik bor!

* * *

Ketma, do’st, tun qorong’u, do’ng, chuqur, pastlik yomon,
Har qadamda daydi it – zaxmu shikastlik yomon,
Hazir o’l, deyman, nega titrab ketyapman o’zim? –
Qolmoqdaman kulbamda yolg’iz – bekaslik yomon.

* * *

Hassasin do’qillatib kelar edi bu gado,
Har uydan xayr-ehson tilar edi bu gado.
To’xtab o’tmasdi faqat boylarning eshigida,
Chamamda, bir narsani bilar edi bu gado.

* * *

Komillikka qalb yo’l bo’lg’ay – Saidahmat,
Safar ista, maqbul bo’lg’ay – Saidahmat.
Ming ranj ila o’z qalbingga yetolsang,
Ziyorating qabul bo’lg’ay, Saidahmat.

* * *

Siz – shahri azimdansiz, men – ko’hi balanddaman,
Lekin ahli dil qayda bo’lsa men ham andaman.
Sultonmanmi gadoman, saidmanmi yo g’ulom,
Kunyam, unvonim banda, bandadirman bandaman!

* * *

Qal’ayi iymonning posboni edim,
Ishqu muhabbatning dostoni edim.
Vah, mardum bilmadi jon fido qilsam,
Balki, men yerdan-mas, osmoni edim.

* * *

Yangragin ham yaragin dil korig’a, raqsi samo,
Men boray o’zdin yana har sorig’a, raqsi samo.
Qo’l emas qo’llar – qanot, yozdim, mana, parvoz uchun,
Vosili et xoliqo diydorig’a, raqsi samo.

* * *

Bandayi g’ofil, ko’zing och, men dilingni dil qilay,
Ham tariqat, ham haqiqat shevasin tadbil qilay.
Sen uchun dunyoyi dun sharob to’la xumdir magar,
Men o’shal dunyoni toshg’a uribon chil-chil qilay.

* * *

Menda so’z yo’q degali, ochgali – senda quchoq,
O’t edik, otash edik, endi – kul bosgan o’choq.
Do’st, do’st, ne sir-sinoat, bu faromushlik nadir:
Olmading, kesgach anor, o’rtada qoldi pichoq…

* * *

Borsan sonda bugun, sanoqda borsan,
Erta kim biladi, bekassan, xorsan.
Kafanlik qayg’usi boshimda salla, —
YO falak, bunchalar shumsan, g’addorsan!

* * *

So’nggi pushaymon bu! Ol, aql peshlab:
Bekorga boqishmas yem tashlab, qashlab, —
Bo’rdoqi kallasi tanidan judo,
Yotar peshtaxtada tilini tishlab!

* * *

Sanamo, bu ishqni men bayt aylasam,
Har ko’ngil avrog’iga qayd aylasam.
Yotsangiz oydinda siz oydek bo’lib,
Oyni men barkash qilib savt aylasam!

* * *

Yolg’onni qo’ymading, bo’ldi, desak ham,
Sabrimiz kosasi to’ldi, desak ham.
Endi tobutingni kim ko’taradi,
Kimsa ishonmaydi, o’ldi, desak ham.

* * *

Egri mo’rikondan egri tutun chiqqan,
Asl nav deganlari goh o’tin chiqqan.
Sen bu suvga tupurmagin, rizqing uchun,
Novdan tashlab, tegirmondan butun chiqqan!..

* * *

Balki o’g’ridirsan, balki to’g’risan,
Isnodsan yo sharaf, tagli-tuglisan.
Kimsan, deb so’rashmas zurriyodingdan,
So’rashar avvalo:
Kimning o’g’lisan?..

* * *

Makrdan bexabar, ko’zida xobi,
Badmast may tiladi, kelmasdan tobi.
No’xatdek tosh otdim, teshildi xumlar,
Tizillab otildi Shayton peshobi…

* * *

Tiriklik tashvishi bor, azizim, tirik jonda,
Baliqlar suvda halak, sher, ohular – o’rmonda.
Oqarmoqda soch-soqol un changida qolgandek,
O’tar bizning umrimiz baayni tegirmonda.

* * *

Ko’chadan bosh egib yurib borardi,
Balki qilmishidan ko’rib borardi:
Shamolda parpirab qo’lsiz bir yengi
O’g’rining yuziga urib borardi!

* * *

Shayton qutqu solar, goh baland dasti,
Bor uning azaldan bandaga qasdi.
Barhaq barhaqligin tasdig’i uchun
Oyni muhr qilib falakka bosdi.

* * *

Bugun bu yerdamiz, erta andamiz,
Hamisha biri kam, omad kandamiz.
Osmon to’ntarilgan qozondir, Egam,
To’q o’tgach to’yingga kelgan bandamiz.

* * *

Qo’rquv va itoat nadir, — o’ylagin,
Men aytmay – eshitma, devor bo’ylagin:
Ichida qarg’anib kir yuvar ayol,
Mushtlar jomashovda erning ko’ylagin!

* * *

Dashti fanosida yugurdim, yeldim,
Begona ekanman men bunda, bildim.
Xudoyim, izn ber bir zum dam olay,
Nihoyat, o’zimning uyimga keldim.

* * *

Shundoq ham ko’nglimda bor edi chega,
Nega ishin qilding bedil g’animni…
Nega keksalikdan gap ochding, nega,
Sensiz ham bilardim qartayganimni!..

* * *

Ayt, qachon yildirim G’irot so’radim,
Samarqand, Buxoro, Hirot so’radim.
Uying, bola-chaqang, joning sog’ bo’lsin! –
Sendan ham ushmundoq murod so’radim.

* * *

Iddao ustaga, egasigami:
Sachrar uchqun bo’lib faryodi, g’ami.
Kesganning holini kesilganda ko’r:
Charxda chirillaydi pichoqning dami.

* * *

Men ko’hi balanddan enar edim, do’st,
Sen shahri azimdan kelar eding, do’st.
Agarchi yo’limiz teskari edi,
Asli bir manzilga ketar edik, do’st.

* * *

Quloq — go’sh? o’rtanmas, o’yga tolmaydi,
Necha bor cho’zilgan, esga olmaydi.
Boshqadir, ha, yuzning yo’rig’i boshqa:
Bitta tarsakini unutolmaydi!

(? Quloqning forsiycha nomi).

* * *

— Haq deya hayqirgan aybdor topilgan:
Kim dorga tortilgan, kimdir chopilgan…
Nega indamaysan, sen jimsan nega?
— Og’zimda nonim bor… og’zim yopilgan!..

* * *

Gunohkor bandangman, shu ekan borim:
Qusurdan xolimas amalim, korim.
Kechirgin bir lahza unutgan bo’lsam,
Sen meni unutma, Parvardigorim!

* * *

Tuyog’idagi “xat”ni och bo’riga “o’qitgan”
Ot yollarin shamollar hali-hamon taraydi.
Eminlikdir, hushyorlik yovuzlikni yiqitgan,
Tushovdagi tulporni itpashsha ham talaydi!

* * *

Ko’p ko’rganman jazavangni, shovushingni,
Ko’tarmasang bo’larmidi tovushingni.
Nasihating uchun qulluq…
O’ngu tersdir,
To’g’ri kiyib olgin, bolam, kavushingni.

* * *

Ko’klam – kechalari yop-yorug’ tushdir,
Kunduzi ruhimda sayragan qushdir.
Yelda chayqalaman qizg’aldoq kabi,
Yorab, nafaslaring bunchalar xushdir!

* * *

Ayo zamon, senmi bu nav tarz bergan,
Ajib bir hol mantig’ini yo’qlaydi:
Shiftga qarab uf tortadi qarz bergan,
Qarz ko’targan xurrak otib uxlaydi!

* * *

Gulu gulshanga oro rayhonlarni sevarlar,
Ruhafzo qumrilarni – sayronlarni sevarlar.
Ilmu a’moling nima? O’zing, o’zliging nadir? –
Ko’zi uchun, bil, faqat jayronlarni sevarlar!

* * *

Ey, shoh, demasman, g’arib-g’urabo bandani qo’y,
Sen alar ko’ziga boq – shum nadim, gandani qo’y.
Hasbi hol bilmak uchun shartmi gadolik suvrati,
Xufiyona sayri shab, kulohu jandani qo’y!

* * *

Ko’zlaringga dunyoni alomat ko’rsataymu?
Olib dardlaring yana salomat ko’rsataymu?
Qaytsamu aslig’a u mardumsiyoq gazandalar –
Karomat ustig’a boz karomat ko’rsataymu?!

* * *

Ajab nusxalar ko’rdim – do’st-yor, tanishni xushlamas,
Kimsa qoqmas eshigin – borish-kelishni xushlamas.
Mehmon-ku – seniki, u bo’ylab devorni chimrilar,
Ostonangda yechilgan kavush, kalishni xushlamas!

* * *

Paykalda ajabtovur kurash edi, jang edi,
Bir-biriga o’ralib ahvollari tang edi…
Yer talashgan bu ikki nodon, bilsang, aslida
Qachondir ketmoq bo’lgan bitta chuvalchang edi!

* * *

Choku chok bag’rim yana tilindimi, deyman-ov,
Besh kunliging, ey dunyo, bilindimi, deyman-ov,
Men yuz yil yashamadim, sayyod quvgan ohuning
Soyasida bir lahza ko’z ilindi, deyman-ov.

* * *

To sahar qon yutib zikrida bo’ldik,
Anga qurbon bo’lmak fikrida bo’ldik.
O’lmadik oyoqdir osib ham o’zni, —
Xisbi-himoyati, ilkida bo’ldik!

* * *

Yulduzlar oqib kelyapti,
Oy oqib kelyapti qalqib-qalqib,
Salqin-salqin bog’lar nafasi,
Daralardan uchgan gulduros
Oqib kelyapti…

Suv tiliga ko’chgan tosh qo’shiqlari,
Ismsiz o’tlarning bo’ylari
Oqib kelyapti.

Qaerdadir qiz turar
Sohildagi daraxtga suyanib,
Parishon o’y-xayollar
Oqib kelyapti.

Men shularning hammasini sipqormoqchiman,
Tumshug’idan otimning tomchilaydi suv,
Otim bo’lsa pishqirar betoqat:
— To’ymadingmi hali ham, kech bo’ldi…

OYBEK

Bo’lolsa ham qalbingga tilmoch
Qo’l — qo’l ekan, ko’z ham ko’z ekan.
Yashar kimdir lutfingga muhtoj,
So’z ham asli rizqu ro’z ekan.

Izhor istar muhabbat, mehr,
Izhor istar mendan bu yurak.
Issiq nondek ularni hozir
Sizga uzib berishim kerak.

Ko’zlarimda unsiz bir nido,
Hayajonlar jonim qasdida.
O’ltiribman tilimdan judo
Bo’g’riqqan qalb ro’parasida.

Menda qoldi haqqingiz, do’stlar,
Rozi bo’ling, do’stlarim, endi.
Yonayapti ichimda so’zlar,
Dimog’imda kuygan non hidi!..

* * *

Nima gap, shabboda?
Tinchlikmi, quyosh?
Uchramovdim hali bunaqasiga:
Kelib qoldi qaerdan o’jar va bebosh
Bu maysalar yo’l yoqasiga?

Nega ular buncha xotirjam, vazmin,
Havoda qamchidek o’ynar mezonlar…
Hozir ustlariga jonsiz gavdasin
Tashlab yuboradi xazonlar.

Oh, bu havoning ham avzoyi yomon…
Shoirlar qaydasiz, oshiqlar, keling.
Ming yillik sevgingiz bo’lmasa yolg’on
Qo’lidan yetaklang, boshpana bering.

Qolib ketmasin, yo’q, xazon ostida,
Zaif jussasini ezvormasin qor.
…Naq kuz bilan qish o’rtasida
Boladek adashib yuribdi bahor!

* * *

Men endi sezyapman,
Tasodif emas
Qo’l-oyoqsiz, o’jar cho’qqigir —
Chirmovuqgullarning tunlar arqondan
Yuqoriga o’rmalagani.
Zabt etib uylarni qavatma-qavat
Balkonlardan ichkariga mo’ralagani…

Men endi sezyapman,
Tasodif emas
Muzdek beton devorlar aro
Qafaslarda sa’valarning,
To’tilarning, bedanalarning
Paydo bo’lgani.
Tasodifmas ularning subhi sodiqda
Havolarga raqiyalarday
Goh uzuq, goh cho’ziq tovushlar otgani…

Men endi sezyapman,
Tasodif emas
Idorada gulibeorning

Devordagi tuvakdan o’zini tashlab
Yelkam uzra boqqani qog’ozlarimga…

Men endi sezyapman,
Yo’h, ular shunchaki gul emas.
Qush emas,
Uyimizga, o’ylarimizga
Bildirmay, sezdirmay suqilib kirgan
Tabiatning usta «ayg’oqchilari».

Intiqom yaqin!
Qaylardadir tog’lar ortida
Asabiy chayqalmoqda adl-adl daraxtlar,
Zangori qo’shin.
Ular farmon kutmoqda!
Boshla!
Boshla yurishingni TABIAT!

065

(Tashriflar: umumiy 8 150, bugungi 1)

Izoh qoldiring