Habibullo Said G’ani. She’rlar, tarjimalar & Osmon kabi mangu (Saylanma)

Ashampoo_Snap_2016.11.28_22h53m58s_001_.png10 декабрь — Шоир Ҳабибулло Саид Ғани  таваллуд топган кун

   Бу дунёга келиб нафақат адабиётда, балки ҳаётдаям учратган ажойиб Шахслардан бири Ҳабибулло ака эди, десам хато қилмайман. Бу ҳақда олдин ҳам мухтасар хотираларимда ёзганман. Унинг сиймоси ҳанузгача кўз ўнгимдан кетмайди. Ҳар эслаганда юрагим ёришади. Яратгандан шоир ва самимий инсон бўлмиш акамни охиратларини обод қилишини сўрайман. Илоҳим, раҳмдил Аллоҳим ғариқи раҳмат, шойистаи жаннат ато этган бўлсин…

Ҳабибулло САИД  ҒАНИ
ШЕЪРЛАР, ТАРЖИМАЛАР
099

   Ҳабибулло Саид Ғани (Саидғаниев) 1944 йил 10 декабрда Қўқон шаҳрининг Шайхулислом гузарида китобхон оилададунёга келди. У Қўқон Давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини ҳамда Тошкент Халқ хўжалиги институтининг савдо экономикаси факультетини тугаллаган.
“Менинг оппоқ далам” (1980) “Овознинг шакли” (1984) “Қўқон ушшоғи” (1986) шеърий тўпламлари босилиб чиққан.. Таржимон сифатида Самуил Маршак, Александр Файнберг, Борис Пастернак, Геворг Агаджанян, Расул Ҳамзатов, Евгений Евтушенко, Жак Превер, Николай Лукашов, Михаил Чарний, Илмер Назаров, шунингдек, Ҳазрат Навоийнинг “Девони Фоний” тўпламидаги талай шеърларни ўзбек тилига ўгирган.
Шоир 2007 йили вафот этган.

099

* * *0-Haibulla aka.jpg

Ўлим нималигин билмайди одам,
Худди осмон каби яшайди мангу.
Сен унга қайғу-ла тутмагил мотам,
Ҳар баҳор гул бўлиб қайтиб келар у.

1992

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Шамси анвар шуъласидин ҳар тараф рангин наво,
Олама ҳар жилвасидин ёғилур ҳамду сано.
Тебратур нурларни бода, субҳидам некбин ҳаво,
Ашрақат мин акси шамсил каҳси анворул ҳудо,
Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо.

Жом тўла май ишқидин ён, шодумонлиқдир карам,
Соқиё, қай севгидин йиғлаб адо бўлгай бу шам?
Кимки ошиқ ўлди, андин бош олиб кетгай ситам,
Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

Қай тараф тушса нигоҳинг кўринур ҳар ён сафол,
Ваҳки кўнгил давлатидин ўзгаси ёлғон, сафол.
Асли олам ичра олам не ажаб вайрон сафол,
Эй хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синғон сафол,
Жом ўлур гетинамо, Жамшид ани ичган гадо.

Кўнгил ичра ёширин ишқ мавжи уммон ичра дур,
Қанчалар эрса зимистон, шунча равшан кўринур.
Минг жаҳондин минг хабар жом ичраким санчилса нур,
Жому май гар буйладир, ул жом учун қилмоқ бўлур
Юз жаҳон ҳар дам нисор, ул май учун минг жон фидо.

Май учун эл борму даъво бўлғали, эй муғбача,
Жомда май йўқ эрса ғавғо бўлғали, эй муғбача.
Бир майи икромга маҳво бўлғали, эй муғбача,
Дайр аро ҳуш аҳли расво бўлғали, эй муғбача,
Жому май тутсанг мене девонадин қил ибтидо.

Қатра майда жамҳ эрурким ою юлдуз кечалар,
То саҳар кўз юммагай майдин тотиб ул чеҳралар.
Беҳуш эрмас майпарастдек завқи майдин нечалар,
Токи ул майдин кўнгул жомида бўлғач жилвагар
Чеҳраи мақсуд, маҳв ўлғай ҳамул дам моадо.

Оразин кўйида ичмакдин йўқ ўзга чораким,
Жоми ишқдин аҳли ориф шодумон май ичсаким.
Юз очар гетинамода ҳар саҳар гулчеҳраким,
Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичраким,
Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо.

Ҳар кангул майхона бўлса жом анга маҳбуд эрур,
Ювса кўнгил зангини май бирла ким масҳуд эрур?
Бу фано дунёсида майсиз ҳаёт не суд эрур,
Сен гумон қилғондин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

Эй Ҳабиб, ошуфта дил майгун азал соқийсидин,
Май харобот аҳли-чун очун азал соқийсидин.
Тутмиш олам сатҳини не ун азал соқийсидин,
Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин:
« Ишрабу ё айюҳал атшон!» келур ҳар дам нидо.

1991

* * *

Ватансиз ҳисларимни сен ватан эт,
Биёбон ўйларимни кел, чаман эт.

Муҳаббат ғунчасин кўнглимда ўстир,
Ғанимлар кўксига гулни тикан эт.

Бу ишқ савдосидин юлдуз ки ашким,
Кўзим юлдузларини ёсуман эт.

Гуноҳим- ла кўриб қолса гули ишқ,
Хаёлингдан мени қув, майли, манъ эт.

Абас бўлсин қаро ўйлар юзингдин,
Умид янглиғ бу тунни гулбадан эт. 1978

* * *

Қалдирғочнин бўлганида қаноти қоғоз
Турналарнинг қанотида келганида ёз
Юрагимда умидларим битганда баёз,
— Сизни ҳеч ҳам ўйламадим, — дединг кулганча,
Ўлди булбул сўлиб қолгач дафъатан ғунча.

Қиймалардим тушларимни тун-ла эринмай,
Тушларимда қийнар эдим сени ҳам нетай.
Қўлларимга лола тутдинг сабабин айтмай,
— Сизни ҳеч ҳам ўйламадим, —дединг бемалол,
Қонлироқдир лолаларнинг рангидан хаёл.

Қор ёғарди: этак-этак жонсиз капалак,
Менинг севгим таранг турган хавфли камалак.
Мен на сайёд, сен ҳам на сайд, ўртада фалак.
— Сизни ҳеч ҳам ўйламадим, —дединг гуноҳкор,
Куз ўтганди, қиш ўтганди, ўтганди баҳор…

1969

* * *

«Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар»
Фузулий

Эсмеральда!
Не қиларди севиб қўя қолсанг
Квазимодони.
Ахир,
Ойнинг нурларидан момиқроқ эди унинг севгиси.
Эсмеральда!

У-ку билар эди хунуклигини тошбақадан ҳам,
Шунинг учун
У тайёр эди
Дунёдаги жамики кўзгуларни
Чил-чил синдирмоққа бирма-бир,
У тасаввур эта олмас эди башарасини
Сенинг мукаммал ҳусну жамолинг олдида.
Эсмеральда!
Агар сен сева олганингда Квазимодони.
Сенинг бир гул умридек
Муборак ўлиминг арафасида,
Биби Марьям ибодатхонасининг тош деворлари ортида
Зулайҳонинг хаёлларин ром этган
Юсуф бўлиб уйғонар эди Квазимодо,
Агар сен уни сева олганингда,
Эсмеральда!

Чунки сен унга
Туғма кўр
Умрида бир марта
Тушида йиғлаб топган ёруғлик каби
Мўъжиза эдинг!

1971

МАРВАРИД ДАЛАЛАР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Бугун кузнинг руҳи қалбимда ҳоким,
Кўзни қамаштирар олтин хазонлар.
Тун бўйи юлдузлар ёғару сокин,
Уйғониб кетаман бирдан азонлар.

Ҳислар ёмғирида қоламан бирдан,
Марварид далалар чорлар бағрига.
Ҳидлари жарангли жийда-гулбадан
Елларга тутқазмай тутар баридан.

Анҳорлар бўйида тераклар чўчиб,
Олисга йўл олган мисли турналар.
Толлар ҳам турмаклар сочин жунжикиб,
Олисда осмоннинг бағри тирналар.

Мен эса шабнамдан ичарман тўйиб,
Заъфарон гулларга босиб лабимни.
Ватан деганларин янгидан туйиб
Яна далаларга очгум қалбимни.

1975

* * *

Жаҳондек асли вайрон ҳам ўзимдирман,
Бу вайрон ичра ҳайрон ҳам ўзимдирман.

Кўнгулга сиғмаги осон жаҳонларнинг,
Жаҳонга сиғмаган жон ҳам ўзимдирман.

Парирўлар макон этмиш чаманларни,
Фано даштида нолон ҳам ўзимдирман.

Само сиррин билолмас асти гумроҳлар,
Топиб асрорга имкон ҳам ўзимдирман.

Кўниб юрмак фалак измига душвордир,
Қади дол, қасди исён ҳам ўзимдирман.

Ҳабибга нораво балким, онинг ишқи,
Бу ишқсиз оҳу афғон ҳам ўзимдирман.

2005

* * *

Моҳитоб! Ойдек юзинг ойлаб мени қилди хароб,
Ким кўнгил қўйди чунон охир хароб айлар шароб.

Қақшаган оғоч каби мен йўл четида хокисор,
Бир назар солсанг дегил девонага қилдим савоб.

Қайга боқсам кўзларимга сарви қомат кўринур,
Даштда гирён йиғлаганга рўбарў бўлгай сароб.

Мен кўнгил қумрисига номингни хўб машқ айласам,
Кўзларида мунг билан кўрдим азобу изтироб.

Мен талаб водийсида қолдимми ё раб, сарсари,
Сен бақо осмонида порлаб турувчи Моҳитоб.

То қиёмат бир хабар кутсам-да сендин йўқ илинж,
Офату, ранжу балолар келмаги бўлди шитоб.

Эй Ҳабиб, қўй, васлин истаб хотиринг инжитмагил,
Касби кори ул парининг ҳам балову ҳам итоб.

2005

* * *

Мен бугун дилимга дарахтнинг сувратин чиздим,
У эса ўрмонга айланиб қолди субҳидам.
Субҳидам қушлари келди ўрмоннинг
Сайроқи, ранг-баранг.
Ва қушлар қанотида олиб келди
Ложувард осмонимни.
Баъзилар дилимга тош отар…
Мен эса қайтадан
Дарахтнинг сувратин чизарман,
У эса қайтадан ўрмонга айланар субҳидам.
Ва қушлар қанотида олиб кетажак
Ложувард осмонимни.

1974

УСМОН НОСИРГА

Кабутарга ўхшар Усмон шеърлари,
Парвозда шиддатли, мисоли ёғду.
Бокира сўзларга тўймайди лаби,
Умрининг офтоби йўқликка оғди.

Юртнинг қуёшидан яшар бебаҳра,
Фарғона боғлари беролмас салқин.
Қушлар куйлар экан ҳар кун саҳарда,
Ўзбекистон бўлиб туюлар тағин.

Вужудини босиб келади титроқ,
Энасой тарафнинг маъвоси совуқ.
Ҳеч қачон у бўлмас жўнгина тупроқ,
Дўстлар йироқда-ю, қисматдир ёвуқ.

Тонглар этагига шеърларин битар,
Энг сўнгги дуога очган каби лаб.
Соғинчлари бўлиб учар кабутар,
Қўқон музофотин кўзига жойлаб…

1975

ЁМҒИРЛИ КУНДА БЕҲЗОДНИНГ СУВРАТИДАГИ МАЛИКА

Ёмғир шивалайди яна бетиним,
Хира ялтирайди нохуш новдалар.
Босириқ хаёллар ювиб бетини,
Кўз очган бойчечак каби товланар.

Шу хаёл ичинда бўлурсан пайдо,
Рутубатли кунда балқиган куёш.
Рангин туйғуларга тўлади дунё,
Ёмғирда ҳисларим тортади ювош.

Сувратдан боқурсан маъюс ва мовий.
Мусаввир хаёлин банд этган сиймо.
Сенинг муҳаббатинг балким самовий,
Менинг муҳаббатим ўзингмидинг ё?

Менман толеингда кулмаган юлдуз,
Сен ҳам менга насиб этмаган тақдир.
Агар мард бўлганда бу дунё, сўзсиз,
Йиллар-ла ажратиб қўймасди, ахир.

Ёмғир шивалайди яна бетиним,
Хира ялтирайди нохуш новдалар.
Босириқ хаёллар ювар бетини,
Босириқ хаёллар фақат овунар.

1976

ЛОРКАНИНГ СЎНГГИ ТУШИ

Осмон айланарди,
Осмон айланарди,
Осмон айланарди
Қузғунга.

1977

АМАДЕО МОДИЛЬЯНИ

Шу кунда Модильяни суратлари миллион сўмлаб туради.

У
Катталарнинг суратини кўзсиз чизарди.

У
Катталарда кўз бўлишини қилмас эди тасаввур.
Унинг суратларини ҳеч ким сотиб олмади
Минг тўққиз юзу йигирманчи йил…

У
Етимхонада очликдан ўлди.

Зангор кўзли суратларни чизишни
Орзулаб ўлди,
Энди
Бир умрга
Зангор кўзли сувратларни
Орзулаб яшар
Монпарнас хиёбони..

1985

КУМУШБИБИ

Осмонда қолди юлдузлар
Ёш бўлиб.
Бир дарддан хилқат қотмишдир
Тош бўлиб.
Яқосин чок этиб
Тонг отибди.
Оқ кафан ичра
Ойжамол
Ётибди.

1977

ҚЎҚОН УШШОҒИ

Беисм насимлар маскани юртим,
Кўзимдаги ёшдек беғубор Ватан.
Агар сендан айро бирор кун юрдим,
Жисмим жонсиз қолиб ўлаётган тан.

Сенинг осмонинг ҳам шеърият қадар,
Тупроғингда гуллаб ётган шеър дедим.
Сен- ла яшайвердим билмасдан кадар,
Яшайвердим ва лек соғинавердим…

Бу соғинч макони дилгир дилимда,
Нигоҳимда эрур муҳаббат рамзи.
Сени куйлайвердим она тилимда,
Сен рост ҳисларимдан туғилган назмим.

Тикилиб қарарга юрак бетламас,
Оғир ботмасин-да дейман нигоҳим.
Гоҳ оҳим сабоси измимга кирмас,
Мунаввар сийратинг сийпалаб гоҳи.

Сен менинг оламда топганим, борим.
Мунис хислатларинг ўзимгадир тан.
Сен менинг беқиёс маҳбубам, ёрим,
Сен менинг нигорон боламсан, Ватан!

1980

КЕЧ КУЗДА ОЧИЛГАН ГУЛ

Севгим!
Кеч кузда адашиб очилган гулсиз,
Эрта қор остида маъво, нур, наҳр.
Осмон тепангизда ҳиссиз, ғулувсиз,
Боласиз бешикдек совуган бағир.

Сизни
Юракнинг тубида асраб келгандим,
Кўрмасин дегандим кўзи оғирлар.
Исмингиз такрорлар гезариб лабим
Баргларин тўкарда заъфарон боғлар.

Севгим,
Само ютиб борар заминни мутлақ,
Қабариқ ойнадан иборат осмон.
Бизни тутиб турар бўшлиқда фақат
Кеч кузда очилган севги- гулсимон…

Севгим,
Эрта совуқ келар тутиб яроқлар,
Сиз эса адашиб очилган гулсиз.
Энди лабингизда эримас қорлар,
Ётар кўзингизда юлдузлар сўлиб…

1981

* * *

Ўтлиғ бир сатрда туғилмоқни истайман,
Дардли бир сатрда ўлмоқликни истайман.
Бу сен ҳақингда бўлса агар, Ватаним.

1975

ТАРЖИМАЛАР

ТУШ
Борис Пастернакдан

Тушимга куз кирмиш. Ним ранг ойнадан
Улфатлар ичинда мени сени кўрдим.
Қонга ташна сордек юрагим кўкдан
Ташланиб қўлингга беозор қўнди.

Вақт ўтаверар ва қарир, бўлар кар,
Мезон-ла ромларни кумушга белаб.
Шафақлар боғлардан ойнани пуркар
Сунбуланинг қонли ёшлари билан.

Вақт ўтаверар ва қарир. Рамахта
Муз каби ўриндиқ шойиси синди.
Сен бирдан, жарангдор, тутилдинг карахт,
Қўнғироқ бонгидек тушларим тинди.

Уйғондим. Куз қадар солиқ қабоғи
Тонгнинг. Шамол олиб кетар хотиржам
Аробага илаш сомонлар каби
Кўкда чопаётган қайинларни ҳам.

АФСУН
Евг. Евтушенкодан

Баҳорнинг тунида ёдингга олгил,
Ва ёзнинг тунида ёдингга олгил.

Кузакнинг тунида ёдингга олгил,
Ва қишнинг тунида ёдингга олгил.

Майлига, мен сендан бўлсам йироқда,
Шунчалар йироқки худди Ирокда.

Узун ва салқин шу якандозда
Чалқанча дам олгил, гўё денгизда.

Ўзингни шу момиқ тўлқинга топшир,
Мен билан денгизда қолиб бирма- бир.

Ёдингга олмагил кундузи асло,
Кундузи тўполон, кундузи ғавғо.

Дудларга тўйдириб кўмадир майга,
Ўзга нарсаларни солиб майлингга.

Неники ўйласанг кундуз- марҳамат,
Тунда эса мени ўйлагил фақат.

Эшит, паровознинг фарёди аро
Шамолдан булутлар йиртганда яқо,

Исканжада қолгач не қилмоқ даркор?
Ахир бу хонанинг деворлари тор.

Сенинг бахт, армондан тинсайди кўзинг,
Кафтинг-ла бошингни сиқсайдинг ўзинг.

Тинчликда тинчгина қилай илтижо,
Тўкаркан ёмғирин шовуллаб само.

Ёки қор ойнада этганида акс,
Хобимда, ҳар ҳолда хобимда эмас.

Баҳорнинг тунида ёдингга олгил,
Ва ёзнинг тунида ёдингга олгил.

Кузакнинг тунида ёдингга олгил,
Ва қишнинг тунида ёдингга олгил…

ЖАК ПРЕВЕРДАН

Мен бозорга бордим,
Гул бозорига.
Ва сенга атаб сотиб олдим гуллардан
Менинг севгилим.
Мен бозорга бордим,
Қуш бозорига.
Ва сенга атаб сотиб олдим қушлардан
Менинг севгилим.
Мен бозорга бордим,
Темир растасига.
Ва сотиб олдим занжирдан,
Оғир занжирдан,
Менинг севгилим.
Мен бозорга бордим,
Қул бозорига.
Ва сени узоқ ахтардим,
Аммо тополмадим изингни,
Менинг севгилим…

10 dekabr — Shoir Habibullo Said G’ani tavallud topgan kun

Bu dunyoga kelib nafaqat adabiyotda, balki hayot uchratgan ajoyib Shaxslardan biri Habibullo aka edi, desam xato qilmayman. Bu haqda oldin ham muxtasar xotiralarimda yozganman. Uning siymosi hanuzgacha ko’z o’ngimdan ketmaydi. Har eslaganda yuragim yorishadi. Yaratgandan shoir va samimiy inson bo’lmish akamni oxiratlarini obod qilishini so’rayman. Ilohim, rahmdil Allohim g’ariqi rahmat, shoyistai jannat ato etgan bo’lsin…

Habibullo SAID G’ANI
SHE’RLAR, TARJIMALAR
099

Habibullo Said G’ani (Saidg’aniev) 1944 yil 10 dekabrda Qo’qon shahrining Shayxulislom guzarida kitobxon oiladadunyoga keldi. U Qo’qon Davlat pedagogika institutining rus tili va adabiyoti fakul`tetini hamda Toshkent Xalq xo’jaligi institutining savdo ekonomikasi fakul`tetini tugallagan.
“Mening oppoq dalam” (1980) “Ovozning shakli” (1984) “Qo’qon ushshog’i” (1986) she’riy to’plamlari bosilib chiqqan.. Tarjimon sifatida Samuil Marshak, Aleksandr Faynberg, Boris Pasternak, Gevorg Agadjanyan, Rasul Hamzatov, Yevgeniy Yevtushenko, Jak Prever, Nikolay Lukashov, Mixail Charniy, Ilmer Nazarov, shuningdek, Hazrat Navoiyning “Devoni Foniy” to’plamidagi talay she’rlarni o’zbek tiliga o’girgan.
Shoir 2007 yili vafot etgan.

099

* * *0-HS.jpg

O‘lim nimaligin bilmaydi odam,
Xuddi osmon kabi yashaydi mangu.
Sen unga qayg‘u-la tutmagil motam,
Har bahor gul bo‘lib qaytib kelar u.

1992

NAVOIY G‘AZALIGA MUXAMMAS

Shamsi anvar shu’lasidin har taraf rangin navo,
Olama har jilvasidin yog‘ilur hamdu sano.
Tebratur nurlarni boda, subhidam nekbin havo,
Ashraqat min aksi shamsil kahsi anvorul hudo,
Yor aksin mayda ko‘r deb jomdin chiqdi sado.

Jom to‘la may ishqidin yon, shodumonliqdir karam,
Soqiyo, qay sevgidin yig‘lab ado bo‘lgay bu sham?
Kimki oshiq o‘ldi, andin bosh olib ketgay sitam,
G‘ayr naqshidin ko‘ngil jomida bo‘lsa zangi g‘am,
Yo‘qtur, ey soqiy, mayi vahdat masallik g‘amzudo.

Qay taraf tushsa nigohing ko‘rinur har yon safol,
Vahki ko‘ngil davlatidin o‘zgasi yolg‘on, safol.
Asli olam ichra olam ne ajab vayron safol,
Ey xush ul maykim, anga zarf o‘lsa bir sing‘on safol,
Jom o‘lur getinamo, Jamshid ani ichgan gado.

Ko‘ngil ichra yoshirin ishq mavji ummon ichra dur,
Qanchalar ersa zimiston, shuncha ravshan ko‘rinur.
Ming jahondin ming xabar jom ichrakim sanchilsa nur,
Jomu may gar buyladir, ul jom uchun qilmoq bo‘lur
Yuz jahon har dam nisor, ul may uchun ming jon fido.

May uchun el bormu da’vo bo‘lg‘ali, ey mug‘bacha,
Jomda may yo‘q ersa g‘avg‘o bo‘lg‘ali, ey mug‘bacha.
Bir mayi ikromga mahvo bo‘lg‘ali, ey mug‘bacha,
Dayr aro hush ahli rasvo bo‘lg‘ali, ey mug‘bacha,
Jomu may tutsang mene devonadin qil ibtido.

Qatra mayda jamh erurkim oyu yulduz kechalar,
To sahar ko‘z yummagay maydin totib ul chehralar.
Behush ermas mayparastdek zavqi maydin nechalar,
Toki ul maydin ko‘ngul jomida bo‘lg‘ach jilvagar
Chehrai maqsud, mahv o‘lg‘ay hamul dam moado.

Orazin ko‘yida ichmakdin yo‘q o‘zga chorakim,
Jomi ishqdin ahli orif shodumon may ichsakim.
Yuz ochar getinamoda har sahar gulchehrakim,
Vahdate bo‘lg‘ay muyassar may bila jom ichrakim,
Jomu may lafzin degan bir ism ila qilg‘ay ado.

Har kangul mayxona bo‘lsa jom anga mahbud erur,
Yuvsa ko‘ngil zangini may birla kim mas’hud erur?
Bu fano dunyosida maysiz hayot ne sud erur,
Sen gumon qilg‘ondin o‘zga jomu may mavjud erur,
Bilmayin nafy etma bu mayxona ahlin, zohido.

Ey Habib, oshufta dil maygun azal soqiysidin,
May xarobot ahli-chun ochun azal soqiysidin.
Tutmish olam sathini ne un azal soqiysidin,
Tashnalab o‘lma, Navoiy, chun azal soqiysidin:
« Ishrabu yo ayyuhal atshon!» kelur har dam nido.

1991

* * *

Vatansiz hislarimni sen vatan et,
Biyobon o‘ylarimni kel, chaman et.

Muhabbat g‘unchasin ko‘nglimda o‘stir,
G‘animlar ko‘ksiga gulni tikan et.

Bu ishq savdosidin yulduz ki ashkim,
Ko‘zim yulduzlarini yosuman et.

Gunohim- la ko‘rib qolsa guli ishq,
Xayolingdan meni quv, mayli, man’ et.

Abas bo‘lsin qaro o‘ylar yuzingdin,
Umid yanglig‘ bu tunni gulbadan et. 1978

* * *

Qaldirg‘ochnin bo‘lganida qanoti qog‘oz
Turnalarning qanotida kelganida yoz
Yuragimda umidlarim bitganda bayoz,
— Sizni hech ham o‘ylamadim, — deding kulgancha,
O‘ldi bulbul so‘lib qolgach daf’atan g‘uncha.

Qiymalardim tushlarimni tun-la erinmay,
Tushlarimda qiynar edim seni ham netay.
Qo‘llarimga lola tutding sababin aytmay,
— Sizni hech ham o‘ylamadim, —deding bemalol,
Qonliroqdir lolalarning rangidan xayol.

Qor yog‘ardi: etak-etak jonsiz kapalak,
Mening sevgim tarang turgan xavfli kamalak.
Men na sayyod, sen ham na sayd, o‘rtada falak.
— Sizni hech ham o‘ylamadim, —deding gunohkor,
Kuz o‘tgandi, qish o‘tgandi, o‘tgandi bahor…

1969

* * *

«Azal kotiblari ushshoq baxtin qora yozmishlar»
Fuzuliy

Esmeralda!
Ne qilardi sevib qo‘ya qolsang
Kvazimodoni.
Axir,
Oyning nurlaridan momiqroq edi uning sevgisi.
Esmeralda!

U-ku bilar edi xunukligini toshbaqadan ham,
Shuning uchun
U tayyor edi
Dunyodagi jamiki ko‘zgularni
Chil-chil sindirmoqqa birma-bir,
U tasavvur eta olmas edi basharasini
Sening mukammal husnu jamoling oldida.
Esmeralda!
Agar sen seva olganingda Kvazimodoni.
Sening bir gul umridek
Muborak o‘liming arafasida,
Bibi Maryam ibodatxonasining tosh devorlari ortida
Zulayhoning xayollarin rom etgan
Yusuf bo‘lib uyg‘onar edi Kvazimodo,
Agar sen uni seva olganingda,
Esmeralda!

Chunki sen unga
Tug‘ma ko‘r
Umrida bir marta
Tushida yig‘lab topgan yorug‘lik kabi
Mo‘’jiza eding!

1971

MARVARID DALALAR HAQIDA QO‘SHIQ

Bugun kuzning ruhi qalbimda hokim,
Ko‘zni qamashtirar oltin xazonlar.
Tun bo‘yi yulduzlar yog‘aru sokin,
Uyg‘onib ketaman birdan azonlar.

Hislar yomg‘irida qolaman birdan,
Marvarid dalalar chorlar bag‘riga.
Hidlari jarangli jiyda-gulbadan
Yellarga tutqazmay tutar baridan.

Anhorlar bo‘yida teraklar cho‘chib,
Olisga yo‘l olgan misli turnalar.
Tollar ham turmaklar sochin junjikib,
Olisda osmonning bag‘ri tirnalar.

Men esa shabnamdan icharman to‘yib,
Za’faron gullarga bosib labimni.
Vatan deganlarin yangidan tuyib
Yana dalalarga ochgum qalbimni.

1975

* * *

Jahondek asli vayron ham o‘zimdirman,
Bu vayron ichra hayron ham o‘zimdirman.

Ko‘ngulga sig‘magi oson jahonlarning,
Jahonga sig‘magan jon ham o‘zimdirman.

Pariro‘lar makon etmish chamanlarni,
Fano dashtida nolon ham o‘zimdirman.

Samo sirrin bilolmas asti gumrohlar,
Topib asrorga imkon ham o‘zimdirman.

Ko‘nib yurmak falak izmiga dushvordir,
Qadi dol, qasdi isyon ham o‘zimdirman.

Habibga noravo balkim, oning ishqi,
Bu ishqsiz ohu afg‘on ham o‘zimdirman.

2005

* * *

Mohitob! Oydek yuzing oylab meni qildi xarob,
Kim ko‘ngil qo‘ydi chunon oxir xarob aylar sharob.

Qaqshagan og‘och kabi men yo‘l chetida xokisor,
Bir nazar solsang degil devonaga qildim savob.

Qayga boqsam ko‘zlarimga sarvi qomat ko‘rinur,
Dashtda giryon yig‘laganga ro‘baro‘ bo‘lgay sarob.

Men ko‘ngil qumrisiga nomingni xo‘b mashq aylasam,
Ko‘zlarida mung bilan ko‘rdim azobu iztirob.

Men talab vodiysida qoldimmi yo rab, sarsari,
Sen baqo osmonida porlab turuvchi Mohitob.

To qiyomat bir xabar kutsam-da sendin yo‘q ilinj,
Ofatu, ranju balolar kelmagi bo‘ldi shitob.

Ey Habib, qo‘y, vaslin istab xotiring injitmagil,
Kasbi kori ul parining ham balovu ham itob.

2005

* * *

Men bugun dilimga daraxtning suvratin chizdim,
U esa o‘rmonga aylanib qoldi subhidam.
Subhidam qushlari keldi o‘rmonning
Sayroqi, rang-barang.
Va qushlar qanotida olib keldi
Lojuvard osmonimni.
Ba’zilar dilimga tosh otar…
Men esa qaytadan
Daraxtning suvratin chizarman,
U esa qaytadan o‘rmonga aylanar subhidam.
Va qushlar qanotida olib ketajak
Lojuvard osmonimni.

1974

USMON NOSIRGA

Kabutarga o‘xshar Usmon she’rlari,
Parvozda shiddatli, misoli yog‘du.
Bokira so‘zlarga to‘ymaydi labi,
Umrining oftobi yo‘qlikka og‘di.

Yurtning quyoshidan yashar bebahra,
Farg‘ona bog‘lari berolmas salqin.
Qushlar kuylar ekan har kun saharda,
O‘zbekiston bo‘lib tuyular tag‘in.

Vujudini bosib keladi titroq,
Enasoy tarafning ma’vosi sovuq.
Hech qachon u bo‘lmas jo‘ngina tuproq,
Do‘stlar yiroqda-yu, qismatdir yovuq.

Tonglar etagiga she’rlarin bitar,
Eng so‘nggi duoga ochgan kabi lab.
Sog‘inchlari bo‘lib uchar kabutar,
Qo‘qon muzofotin ko‘ziga joylab…

1975

YOMG‘IRLI KUNDA BЕHZODNING SUVRATIDAGI MALIKA

Yomg‘ir shivalaydi yana betinim,
Xira yaltiraydi noxush novdalar.
Bosiriq xayollar yuvib betini,
Ko‘z ochgan boychechak kabi tovlanar.

Shu xayol ichinda bo‘lursan paydo,
Rutubatli kunda balqigan kuyosh.
Rangin tuyg‘ularga to‘ladi dunyo,
Yomg‘irda hislarim tortadi yuvosh.

Suvratdan boqursan ma’yus va moviy.
Musavvir xayolin band etgan siymo.
Sening muhabbating balkim samoviy,
Mening muhabbatim o‘zingmiding yo?

Menman toleingda kulmagan yulduz,
Sen ham menga nasib etmagan taqdir.
Agar mard bo‘lganda bu dunyo, so‘zsiz,
Yillar-la ajratib qo‘ymasdi, axir.

Yomg‘ir shivalaydi yana betinim,
Xira yaltiraydi noxush novdalar.
Bosiriq xayollar yuvar betini,
Bosiriq xayollar faqat ovunar.

1976

LORKANING SO‘NGGI TUSHI

Osmon aylanardi,
Osmon aylanardi,
Osmon aylanardi
Quzg‘unga.

1977

AMADЕO MODILYANI

Shu kunda Modilyani suratlari million so‘mlab turadi.

U
Kattalarning suratini ko‘zsiz chizardi.

U
Kattalarda ko‘z bo‘lishini qilmas edi tasavvur.
Uning suratlarini hech kim sotib olmadi
Ming to‘qqiz yuzu yigirmanchi yil…

U
Yetimxonada ochlikdan o‘ldi.

Zangor ko‘zli suratlarni chizishni
Orzulab o‘ldi,
Endi
Bir umrga
Zangor ko‘zli suvratlarni
Orzulab yashar
Monparnas xiyoboni..

1985

KUMUSHBIBI

Osmonda qoldi yulduzlar
Yosh bo‘lib.
Bir darddan xilqat qotmishdir
Tosh bo‘lib.
Yaqosin chok etib
Tong otibdi.
Oq kafan ichra
Oyjamol
Yotibdi.

1977

QO‘QON USHSHOG‘I

Beism nasimlar maskani yurtim,
Ko‘zimdagi yoshdek beg‘ubor Vatan.
Agar sendan ayro biror kun yurdim,
Jismim jonsiz qolib o‘layotgan tan.

Sening osmoning ham she’riyat qadar,
Tuprog‘ingda gullab yotgan she’r dedim.
Sen- la yashayverdim bilmasdan kadar,
Yashayverdim va lek sog‘inaverdim…

Bu sog‘inch makoni dilgir dilimda,
Nigohimda erur muhabbat ramzi.
Seni kuylayverdim ona tilimda,
Sen rost hislarimdan tug‘ilgan nazmim.

Tikilib qararga yurak betlamas,
Og‘ir botmasin-da deyman nigohim.
Goh ohim sabosi izmimga kirmas,
Munavvar siyrating siypalab gohi.

Sen mening olamda topganim, borim.
Munis xislatlaring o‘zimgadir tan.
Sen mening beqiyos mahbubam, yorim,
Sen mening nigoron bolamsan, Vatan!

1980

KЕCh KUZDA OCHILGAN GUL

Sevgim!
Kech kuzda adashib ochilgan gulsiz,
Erta qor ostida ma’vo, nur, nahr.
Osmon tepangizda hissiz, g‘uluvsiz,
Bolasiz beshikdek sovugan bag‘ir.

Sizni
Yurakning tubida asrab kelgandim,
Ko‘rmasin degandim ko‘zi og‘irlar.
Ismingiz takrorlar gezarib labim
Barglarin to‘karda za’faron bog‘lar.

Sevgim,
Samo yutib borar zaminni mutlaq,
Qabariq oynadan iborat osmon.
Bizni tutib turar bo‘shliqda faqat
Kech kuzda ochilgan sevgi- gulsimon…

Sevgim,
Erta sovuq kelar tutib yaroqlar,
Siz esa adashib ochilgan gulsiz.
Endi labingizda erimas qorlar,
Yotar ko‘zingizda yulduzlar so‘lib…

1981

* * *

O‘tlig‘ bir satrda tug‘ilmoqni istayman,
Dardli bir satrda o‘lmoqlikni istayman.
Bu sen haqingda bo‘lsa agar, Vatanim.

1975

TARJIMALAR

TUSH
Boris Pasternakdan

Tushimga kuz kirmish. Nim rang oynadan
Ulfatlar ichinda meni seni ko‘rdim.
Qonga tashna sordek yuragim ko‘kdan
Tashlanib qo‘lingga beozor qo‘ndi.

Vaqt o‘taverar va qarir, bo‘lar kar,
Mezon-la romlarni kumushga belab.
Shafaqlar bog‘lardan oynani purkar
Sunbulaning qonli yoshlari bilan.

Vaqt o‘taverar va qarir. Ramaxta
Muz kabi o‘rindiq shoyisi sindi.
Sen birdan, jarangdor, tutilding karaxt,
Qo‘ng‘iroq bongidek tushlarim tindi.

Uyg‘ondim. Kuz qadar soliq qabog‘i
Tongning. Shamol olib ketar xotirjam
Arobaga ilash somonlar kabi
Ko‘kda chopayotgan qayinlarni ham.

AFSUN
Yevg. Yevtushenkodan

Bahorning tunida yodingga olgil,
Va yozning tunida yodingga olgil.

Kuzakning tunida yodingga olgil,
Va qishning tunida yodingga olgil.

Mayliga, men sendan bo‘lsam yiroqda,
Shunchalar yiroqki xuddi Irokda.

Uzun va salqin shu yakandozda
Chalqancha dam olgil, go‘yo dengizda.

O‘zingni shu momiq to‘lqinga topshir,
Men bilan dengizda qolib birma- bir.

Yodingga olmagil kunduzi aslo,
Kunduzi to‘polon, kunduzi g‘avg‘o.

Dudlarga to‘ydirib ko‘madir mayga,
O‘zga narsalarni solib maylingga.

Neniki o‘ylasang kunduz- marhamat,
Tunda esa meni o‘ylagil faqat.

Eshit, parovozning faryodi aro
Shamoldan bulutlar yirtganda yaqo,

Iskanjada qolgach ne qilmoq darkor?
Axir bu xonaning devorlari tor.

Sening baxt, armondan tinsaydi ko‘zing,
Kafting-la boshingni siqsayding o‘zing.

Tinchlikda tinchgina qilay iltijo,
To‘karkan yomg‘irin shovullab samo.

Yoki qor oynada etganida aks,
Xobimda, har holda xobimda emas.

Bahorning tunida yodingga olgil,
Va yozning tunida yodingga olgil.

Kuzakning tunida yodingga olgil,
Va qishning tunida yodingga olgil…

JAK PRЕVЕRDAN

Men bozorga bordim,
Gul bozoriga.
Va senga atab sotib oldim gullardan
Mening sevgilim.
Men bozorga bordim,
Qush bozoriga.
Va senga atab sotib oldim qushlardan
Mening sevgilim.
Men bozorga bordim,
Temir rastasiga.
Va sotib oldim zanjirdan,
Og‘ir zanjirdan,
Mening sevgilim.
Men bozorga bordim,
Qul bozoriga.
Va seni uzoq axtardim,
Ammo topolmadim izingni,
Mening sevgilim…

09

(Tashriflar: umumiy 552, bugungi 1)

Izoh qoldiring