Shodmon Otabek. So’nggi darvish

018
Юқори босқичда ўқийдиган, бўйи ўртадан пастроқ, жиккаккина, хушрўй, истарали, ҳамиша негадир бир хил – қора кўйлак кийиб юрадиган бир йигит кўпинча хонамизни тақиллатиб, сигарет сўрар, биз чекмаслигимизни айтардик, у эса узр сўраб қайтиб кетар, аммо бир неча кундан кейин яна ўша илтимосини такрорлар, шунда жонимизга тегар, намунча хира бўлмаса, дея орқасидан тўнғиллаб қўяр эдик.

013

Шодмон Отабек
СЎНГГИ ДАРВЕШ

Янглишмасам, ўшанда биринчи курсда эдик. Ётоқхонада биздан уч-тўрт босқич юқорида ўқийдиган талабалар ҳам бор эди. Аралаш-қуралаш яшаганимиз учун бутун туриш-турмушимиз ўртада, ошкора, ўзаро кирди-чиқди, қўшничилик одатий ҳол эди. Шундай бир ҳолат сира эсимдан чиқмайди. Юқори босқичда ўқийдиган, бўйи ўртадан пастроқ, жиккаккина, хушрўй, истарали, ҳамиша негадир бир хил – қора кўйлак кийиб юрадиган бир йигит кўпинча хонамизни тақиллатиб, сигарет сўрар, биз чекмаслигимизни айтардик, у эса узр сўраб қайтиб кетар, аммо бир неча кундан кейин яна ўша илтимосини такрорлар, шунда жонимизга тегар, намунча хира бўлмаса, дея орқасидан тўнғиллаб қўяр эдик.
Орадан қанча кунлар, ойлар ўтди, билмайман, бир куни «Шарқ юлдузи» журналининг янги сонида атоқли адиб Асқад Мухторнинг «Оқ йўл»и билан Рауф Парфи деган номини биз ҳали эшитмаган бир ҳаваскорнинг туркум шеърлари босилди. Фотосурати ҳам берилган эди, бундоқ қарасак, ўша – биздан сигарет сўраб юрадиган «хира» йигит!.. «Ё тавба!» дея шеърларини талашиб-тортишиб ўқий кетдик. Айниқса, ёмғир ҳақидаги шеъри шундоққина юрагимизга қуйилиб қолди.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.

Мен бу шеърни ҳозир шоирнинг китобларига қарамай, ёддан тиклаяпман. Ҳа, у бир ўқишда эсда қоладиган, биз шу пайтгача ўқиган, билган шеърларга мутлақо ўхшамас эди. Атоқли адиб Рауф Парфи ҳеч кимникига ўхшамаган бир овоз билан куйлаб юборганини бежиз таъкидламаганди. Раҳматли кейинчалик, орадан кўп йиллар ўтиб, Рауф Парфи таниқли шоир бўлгач, шогирдини асоссиз танқидлардан ҳимоя қилиб катта таҳлилий мақола ҳам ёзган эди.
Кейинчалик қўшиқ қилиб куйланган яна бир шеъри тилга тушиб, оммалашиб кетганига гувоҳ бўлганмиз. Бу – ҳозир хонанда Илҳом Фармонов суйиб куйлаётган ўша машҳур қўшиқ:

Балки ўчган эдим ёдингдан
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?

Айрим мисралари кейинчалик қайта ишланган бу шеърни биринчи марта Рауф Парфининг Фозил Усмон деган ногирон курсдоши қўшиқ қилиб, жўшиб-ёниб куйлаган. Илк бор раҳматли ёзувчи Рустам Раҳмон ва журналист, ҳажвчи шоир Тўлан Қўзибоевларнинг саъй-ҳаракати билан «Ёшлик» радиостанцияси орқали эфирга берилган.
Рауф Парфининг ҳамма асарлари ҳам юқорида қайд этилган шеърлари каби содда, тушунарли эмас. У хос шоир эди. Кутилмаган, беқиёс, бетакрор образлиликка асосланган, турли рамзлар, мажозлар, мураккаб тимсолларга йўғрилган шеърларини тушуниш учун шунчаки дидли-фаросатли китобхон бўлишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун алоҳида бир тайёргарлик, малака, қобилият ва шеъриятни нозик тушунадиган бадиий дид ҳам керак. Рауф Парфи айнан худди шундай шеърхонни кўз олдига келтириб ёзарди. Бундай китобхонлар эса ҳамиша саноқлидир. Шу ўринда атоқли рус шоири Пастернакнинг: «Буюк китобхонлар пайдо бўлгандагина буюк адабиёт пайдо бўлади», деган ибратли гапи эсга тушади. Рауф Парфи бундай китобхонлар кўпайишини кутолмасди. Шу боис у инсоннинг армони ва андуҳи ҳақидаги аламли битикларини имкони борида қоғозга тўкиб қолиш учун интиларди.
Рауф Парфи шеъриятида Туркистон қайғуси, турк бирлиги ғояси устивор йўналиш касб этди. Ижодидаги бу қутлуғ, ўзак масалага истиқлол соғинчи оҳанглари ҳамоҳанг бўлиб, шеъриятини ичдан нурлантирди, юксак бир чўққига кўтарди. Шоирнинг «Сабр дарахти» китобида шундай сатрлар бор: «Ў, сабр дарахти – қутлуғ Туркистон». Шоир матбуотдаги бир суҳбатида фикр-мулоҳазаларини янада куйинчаклик билан, очиқ баён этади: «Миср-Бобил, Хитой-Ҳиндистон, Рум, Эрон, Оврупо, Америка сингари Турон-Туркистон, Турк дунёси жаҳон илму фани, маданияти, адабиёти ва санъати хазинасига муносиб мерос берди ва беражакдир. Шоирларимиз Туркистон руҳини, ўзбек руҳини куйладилар. Зеро, ўзбек руҳи ўлмасдир, ўзбек руҳи бутун Турк дунёсининг меросидир. Ўзбек миллати бу олтин мероснинг эгаси, бу мерос бутун жаҳон учун, бутун инсоният учун аллоҳ инояти-ла гўзал армуғондир. Ўзбек миллати жаҳон тамаддунини бир поғона баланд кўтарган буюк миллатдир. Ўзбек бўлиб туғилган, ўзбек деган номни муқаддас билиб, тану руҳида асраган инсон нақадар бахтли инсондир».
Шоир кўнглининг туб-тубидан отилиб чиққан бу залворли эътироф, бу ички нидони хотиржам, ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас. Зеро, кўп асрлар давом этган истилолар, зулмлар, қатағонлар туфайли миллий ғурури топталган, қадди букилган, ўзлигини унутаёзган, онгу шуурига қуллик психологияси сингдирилган халқининг озод бўлишини, ўзлигини танишини, рўшнолик кўришини истаган, ўз миллатини чин юракдан севган, миллати билан фахрланган, миллатига юкинган, миллатининг бағри бутун бўлишини астойдил хоҳлаган миллий шоиргина шундай дея оларди. Бу дил изҳори шоирнинг эзгу орзулари, дарду армонлари инъикоси бўлмиш ўлмас шеърияти моҳиятига янада теранроқ, сергакроқ назар ташлашга ундайди. Шунда сиз устоз Иброҳим Ғафуров «Рауф» деган мансурасида «Кўзи – Туркистоннинг кўзи, Сўзи – Туркистоннинг сўзи, ўзи – Туркистоннинг ўзи» дея бежиз ёзмаганини англайсиз…
Рауф Парфи шеърияти осонгина, бир ўқишда ҳазм қилинадиган битиклар эмас. Унинг шеъриятидаги мураккабликлар, образли ташбеҳлар, коса тагидаги нимкосалардан ҳадиксирайдиганлар аввал сувни лойқалатишга уриниб кўришди. Гоҳо ҳассос шоирни тушкунликда айблашди, айрим сатрларини матндан узиб олиб, бўлакча талқин қилишди. Шоир ўз вақтида бунга муносиб жавоб берган эди: «Мозор сукунат, жимлик билан руҳни тарбиялайди, санъат эса мунг ёрдамида кўнгилдаги касал туйғуларни даволайди».
Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмидаги ўзбек шеъриятида биронта шоир изланишлари Рауф Парфи ижоди каби кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлмаган. Бу баҳсларда шоир ижоди жиддий қайта синовдан ўтди, шеърияти «забт этилмаган чўққи» (Улуғбек Ҳамдам) дея эътироф этилди. Хайриятки, 37-йиллар ортда қолган эди, соғлом фикр ғолиб чиқди. Донишманд адиб Асқад Мухтор, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққул каби зукко олимлар шоир ижодини тўғри, холис таҳлил ва талқин этдилар.
Муҳими – Рауф Парфи ижоди ўзбек шеъриятида янги тўлқин, янгича бир йўналиш пайдо бўлишига йўл очди. Устоз кулбасидаги (кўпинча кулбанинг ўзи бўлмасди) шеърхонликлар, адабиёт ҳақидаги тонготар, дилкаш гурунглар ҳеч қачон унутилмайди, соғинч билан эсланади. Тилак Жўра, Назар Шукур, Чори Аваз, Аъзам Ўктам (аллоҳ уларни ўз раҳматига олган бўлсин) ва Тўра Мирзо, Чоршаъм, Турсун Али, Рустам Мусурмон, Баҳром Рўзимуҳаммад, Муҳаммад Ғаффор, Носиржон Тошматов каби шоирлар Рауф Парфига астойдил ихлос қўйган, устоз ижодидан руҳланган, илҳомланган.
Рауф Парфи (турли йилларда чоп этилган «Карвон йўли», «Акс садо», «Тасвир», «Хотирот», «Кўзлар», «Қайтиш», «Сабр дарахти», «Сукунат», «Товба», «Сўнгги видо» каби ихчам китобларига киритилган шеърлар жамланса, битта салмоқли «Сайланма» бўлар экан) ҳаётлигида шоирлик шон-шуҳратининг нашъу намосидан андак баҳраманд бўлса-да, айрим номдор, донгдор ижодкорлар каби оммабоп ва ҳаммабоп шоир бўлмаган, бунга ўзи ҳам интилмаган. (Зеро, оммавийлик санъатнинг бош мезони ҳам эмас). Улуғбек Ҳамдам таъкидлаганидек, «Унинг учун шоирлик ТИРИКЧИЛИК ЭМАС, ТИРИКЛИК, Борлик ва Йўқлик, Аввал ва Охирдир!»
Рауф Парфи ҳаётлигида ўз қўли билан тартиб берган охирги китоби «Сўнгги видо» деб аталади. Ўз-ўзидан бу ном энди рамзий маъно касб этган. Китоб муқовасида шоирнинг яхлит фотосурати берилган. Сочлари қордай оппоқ, ўзига ярашган соқол-мўйлови қиров боғлаган шоир кўзлари туб-тубида чексиз бир маҳзунлик, адоқсиз бир ғусса зоҳир. Тўйиб-тўйиб йиғлаб, эндигина юпанган, тин олган болакай кўзларини эслатади. Бу кўзларга хотиржам тикилиб бўлмайди. Мен ҳаётда уни кўп кузатганман. Негадир, ўзи кулиб турганда ҳам кўзларидаги ўша мунгли ифода сўнмасди.
Рауф аканинг шеърлари нимаси биландир ўзига ўхшайди, ўзини эслатади, ўзи ҳақида ҳикоя қилаётган мунгли, адоқсиз бир куйга ўхшайди. Агар унга қулоқ тутсак, уни тинглай ва англай билсак, шоир ҳақидаги энг муҳим, энг керакли, энг ҳаяжонли кечинмалардан огоҳ бўламиз. Шоир дил изҳори бағоят самимий. Дарвоқе, шоир ҳаётда ҳам самимий, кўнгли очиқ, дилкаш инсон эди. Машҳур шоир бўлиб танилганда ҳам болаларча соддалиги, беғуборлигини сақлаб қололди. Шу боис ҳамиша атрофида дўстлари, мухлислари гирдикапалак эди, атай уни кўргани узоқ-узоқлардан келишар эди. Уни устоз санаган, унга пирга сиғингандай ихлос қўйган ёшлар, улфатлар ҳам кўп эди. Бундай мулоқотлар кўпинча ичкиликсиз ўтмасди. Афсуски, шоир кўпларнинг бошига етган бу иллатдан бир умр қутулолмади. Балки ҳаётдан эрта кўз юмишига ҳам қисман шу одати сабаб бўлгандир.
Ҳамма нарса қатъий ҳисоб-китоб асосига қурилган, дарвешликни мутлақо кўтармайдиган замонда Рауф Парфи беғараз, ҳокисоргина, дарвешона яшаб ўтди. Осон бўлмаса-да, шу мушкулотнинг уддасидан чиқа олди. Ҳа, у янги замондаги СЎНГГИ ДАРВЕШ эди. Шоирнинг ҳаёт тарзи, туриш-турмуши билан яхши таниш бўлган одамнинг хаёлига беихтиёр шу тушунча келади.
Сархушлик, мастоналик, телбаворлик, ошиқоналик фидойиликка эш бўлиб, ижодкорлик салоҳиятини юксакликка олиб чиқиш чиндан ҳам бир мўъжизадир. Ҳаётда ўзидан кечиб, дарвешликни, «Бир оз гўдак, бир оз…шоир, бир озгина девона»ликни (Эркин Воҳидов), «Соғлар орасида ўгай»ликни (Абдулла Орипов) ихтиёр этган шоирлар камдан кам учрайди. Тақдирнинг бу залворли юки ва заҳматини кўтармоққа ҳамма ҳам қодир эмас. Рауф Парфи эса бу машаққатга тоб берди.
Рауф Парфининг жамики фазилату нуқсонлари, дарвешона ҳаёт тарзи, ҳамма-ҳаммаси яхлит ҳолда унинг туғма шоир эканлигини эслатиб, таъкидлаб турганга ўхшарди. Шахсиятида оддий сўзлар билан тушунтириш қийин бўлган қандайдир бир жозиба бор эдики, шу нарса муслислари ва дўстларини оҳанграбо янглиғ мудом ўзига тортарди.
Рауф аканинг ғаройиб, беҳаловат туриш-турмушини кузатган одам унинг қачон шеър ёзишга вақт топишини тасаввур қилолмасди. Дарҳақиқат, улфатчилик, сарҳушлик, ит ётиш, мирзо туриш қабилидаги хокисор, дарвешона ҳаёт тарзини ихтиёр этган шоирнинг кўнглига яна шеър сиғишини тасаввур қилиш қийин эди. Балки шунинг учун ҳам Рауф ака айрим ижодкорлар каби сермаҳсул бўлмагандир. Озгинаю созгина ёзгани яхши бўлгандир.
Рауф Парфи минбар шоири эмасди. Шу боис расмий давраларга интилмас, юксак минбарлардан шеър ўқишни унчалик суймас эди. Мен унинг турли учрашув, анжуман, расмий тадбирларда (уни камдан кам таклиф этишарди) шеър ўқиганини бир-икки бор кўрганман, холос. Мабодо шеър ўқишга тўғри келиб қолса, замонасозлик қилиб, оммабоп ва ҳаммабоп эмас, ўзига маъқул бўлган шеърларини ҳавола этарди. Шеър ўқиганда ширали, титроқ, айни чоғда ҳазин овозида ажиб бир улуғворлик оҳанги пайдо бўлар, шу асно ўзи ҳам бутунлай бошқа одамга айланиб қоларди. Шунда уни тинглаш кўп мароқли эди. Гоҳо ўзи эътиқод қўйган суюкли шоирлари – Чўлпон ва Нозим Ҳикмат (баъзан туркча ҳам ўқирди) шеърларидан ҳам ўқиб берарди. Адабий жараённи, айниқса шеъриятни синчиклаб кузатар, бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашар, кутилмаган кузатиш-хулосалари билан кўпчиликни ҳайратлантирар эди. Масалан, замона зайли билан бизда ТАМА АДАБИЁТИ пайдо бўлганини афсус билан таъкидларди. Шоирнинг бир оғиз лутфи билан мўлжалга бехато урувчи ушбу ибора адабий муҳитда истифодага кириб оммалашди.
Шоир ҳадди сиғадиган, дилтортар давраларда яйраб-қувнаб, тинимсиз ҳазил-ҳузул қилиб ўтирар, ажойиб, бетакрор лутфлари, ҳазил-мутоибаларини эшитган киши уни ҳаётда ҳеч қандай ташвиши йўқ, бахтиёр одам деб ўйлаши мумкин эди. Шу ўринда бир шоирнинг «Қаҳ-қаҳ уриб куламан нечун, ўзгалар ғамгинлигим билмасин учун» деган мисраси хаёлга келади. Рауф ака ҳам кўпинча кўнгил тубидаги асл дарду ҳасратларини пинҳон тутаётганга ўхшарди. У гапирганда ҳамма жон қулоғи билан, берилиб тингларди. Чунки унинг воқеликка муносабати ҳам ўзига хос эди, диққатни тортарди, теша тегмаган гаплари гоҳ кулгили, гоҳ шеърлари каби образли-рамзли бўларди. Жиддий тарзда ҳазил қилар, ҳазил ила жиддий гапирар эди. Буни тушунган тушунар, тушунмаган талмовсираб ўтираверарди.
Эсимда, 1995 йилнинг авжи қиш палласи шоир билан ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйида бирга яшаганмиз. Ошхона ёнида бир эски кутубхона бўларди. Ўша кунлари кутубхонани тартибга солишаётганди шекилли, бир четда чанг босган эски китоблар уюлиб ётарди. Рауф ака улар орасидан анча-мунча нодир китобларни топиб, хонасига олиб чиқиб бир четга чиройли тахлаб қўяди. Бир гал хонасига чиқсам Нобел мукофотини олган Кнут Гамсунгнинг китобини ўқиётган экан. Шоир китобни танлаб, саралаб ўқир, унга анча-мунча асар ёқмас, адабиётга талаби жуда юксак эди. Шарқ ва Ғарб бадиий тафаккурини пухта ўзлаштириб, омухта қилган эди. Ижодида бу яққол сезиларди. Унинг наздида, адабиёт ҳаётнинг жўн изҳори эмас, абадиятга дахлдор илоҳий мўъжиза эди.
Рауф Парфи ўзбекнинг буюк шоири Чўлпоннинг астойдил чин мухлиси эди. Чўлпон меросини яхши ўзлаштирганди, ундан илҳомланарди, таъсирланарди. Унинг ижодида «Қачон тонг отадир менинг юртимда, Қачон адо бўлар ғамга ботган ғам», «Агар юрак ютиб қилсам ошкор – Сўзларим зулмга отилган ўқдир» каби Чўлпонга ҳамоҳанг сатрлар кўплаб учрайди. Юқорида таъкидлаганимдек, Рауф ака шеърни ниҳоятда таъсирчан ўқирди, овозида бетакрор бир жозиба бор эди. Чўлпоннинг ўша машҳур «Тириксан, ўлмагансан, Сен-да одам, сен-да инсонсан, Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсан!..» деган шоҳ сатрларини ички бир титроқ, ҳаяжон билан ўқиганда беихтиёр кўзларига ёш қалқиб чиқарди. Мавриди келганда Чўлпон ижодини тарғиб қилишдан эринмасди. Бир замонлар Болтиқбўйи мамлакатларига сафар қилиб, дарвешлиги боис, у ерда тўрт-беш ой қолиб кетганида Чўлпон шеърларини ўзи баҳоли қудрат русчага таглама (подстрочник, яъни сўзма сўз ўгириш) қилиб, шу ерлик шоир дўстларининг она тилида таржима қилдириб чоп эттиради, натижада Чўлпон ижоди Болтиқбўйи халқларида катта қизиқиш уйғотади. Афсуски, бу ноёб воқеадан ҳатто аксарият адабиёт мухлислари ҳам хабардор эмаслар. Рауф ака матбуотдаги суҳбатида шундай ёзганди: «Абдулҳамид Чўлпон зулмга қарши, сталинизмга қарши, озодлик учун, дунёвий шеърият учун, ҳуқуқи учун курашаётганларнинг сардорларидан биридир. Халқ шундай шоирини кўп замонлардан буён кутган эди. У келди ва кураш майдонига чиқди. Ҳақ ва Ҳақиқат йўлида қурбон бўлди.»
Дўрмондаги дилтортар суҳбатларда ҳам Рауф ака Чўлпон ҳақида кўп гапирарди. Бу файзли маскан айниқса қиш палласи ижодкорлар билан жуда гавжум бўлар, у ердаги самимий, дилкаш, бетакрор гурунгларнинг нашъу намосини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмас эди. (Уч карра нашр этилган «Дўрмон ҳангомалари» деган китобимнинг хамиртуруши ҳам ана ўша ерда қорилган). Адиблар бу ерда ҳаммага ҳам айтавермайдиган сир-асрори, ижодий режалари билан ўзаро ўртоқлашар, адабиёт ҳақида тўйиб-тўйиб гурунглашар, ўртадаги дўстлик, хайрихоҳлик ришталари янада мустаҳкамланар эди. Мен бу мулоқотларни ғанимат билиб, «Замондошлардан эсдалик-дастхатлар» (ижодкорнинг дастхатини жуда қадрлайман, дастхат билан совға қилинган китобларни алоҳида, авайлаб сақлайман) деган бир дафтар тутган эдим. Дўрмонда яшаётган шоирлар бир-иккитадан шеърини ўз қўли билан ўша дафтаримга ёзиб беришган. Унда Азиз Абдураззоқ, Тўра Сулаймон, Усмон Азим, Абдулла Шер, Ориф Одилхонов, Ихтиёр Ризо, Ошиқ Эркин, Шукур Қурбон, Муҳаммад Раҳмон, Азим Суюн, Ҳабибулло Саид Ғани, Қамчибек Кенжа, Фарид Усмон каби шоирлар қатори Рауф Парфининг ҳам қимматли дастхати бор. Шоир ёмғир ва Лайло ҳақидаги шеърини лотин алифбосида битган, дафтар ҳошиясига худди Пушкин ўз қўлёзмалари четига чизгандек, ёмғир ва қиз тасвирини ҳам туширган, ҳатто «Лайло» қўшиғи нотасининг (шоир нотани билармиди – хабарим йўқ) аввали ҳам акс этган эди. Аслида Рауф ака билан батафсилроқ бир суҳбат қилишни кўпдан ўйлаб юрган эдим. Режамга кўра, бу суҳбат фақат қоғоз эмас, видеотасвирга ҳам муҳрланиши, авлодларга яхши, қимматли бир хотира бўлиб қолиши лозим эди. Мақсадимни ўзига айтганимда шоир хурсанд бўлиб, бажонудил бунга рози бўлган ва суҳбатга жиддий тайёргарлик кўра бошлаган, ўзимча муҳим деб билган саволларни қоғозга тушира бошлаган эдим. Афсус-надоматлар бўлсинки, кейинчалик бошқа ишларга чалғиб кетиб, бу эзгу ниятни амалга оширишга улгуролмадим. Бандасининг умри аллоҳ омонати эканини кўпинча унутиб қўямиз…
Катта истеъдодларнинг ҳаёт ва адабиёт ҳақидаги қимматли фикр-мулоҳазалари ҳамиша юксак қадрият ҳисобланган. (Афсуски, атоқли адибларимизнинг ҳар хил муносабат билан турли жойларда айтган эътиборли фикрларини Гётенинг котиби Эккерман каби ёзиб борадиганлар йўқ). Энди Рауф ака билан хаёлий суҳбат қилмоқдан ўзга чора тополмаймиз. Ҳа, хаёлий суҳбат… Шоирнинг дунёқараши, фикрлаш тарзи, истеъдодининг йўналиши ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, жавобларни тахминлаш мумкин. Шоир билан юзма-юз ўтириб қилинган гурунгнинг нашъу намосини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ижодкор, агар у ШАХС бўлса, унинг ўрнини ҳеч ким, ҳеч нарса босолмайди. Демак, жўнгина, аммо бирдан бир тўғри хулоса-сабоқ шу – ҳамма ишни ўз вақти-соатида қилиш, истеъдодларни ҳаётлигида қадрига етиш керак экан!..
Яхшиямки саволлар қайд этилган дафтарнинг бошқа бир саҳифаларига Рауф ака ўзаро суҳбатимизда айтган айрим фикрларни ёзиб қўйган эканман. Уларни ютоқиб, кўзимга суртиб, қайта-қайта ўқийман:

«Ижодкор ўз шахсини, шахсининг бутунлигини сақлаб қолиши керак. Мен ҳамиша шунга интиламан. Айримларга ўхшаб гоҳо валдирайверишим мумкин, лекин ботинан, ички бутунлигимни, шахсимни сақлашга интиламан».
«Робиндранат Тагор жуда буюк шоир, ҳайронман, негадир уни ўқишмайди, билишмайди. Ахир Чўлпонлар унга суянишган. Тагор бир умр инглизларнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши курашган бўлса, Чўлпон чоризм зулмига қарши исён қилган».
«Мумтоз адабиётимизни, тилимиз асосчиси Алишер Навоийни кўпчилик ўқимайди, тушунмайди, ҳатто шоирларимиз ҳам уни яхши билмайди. Луғатларга Навоий сўзларини киритиш керак, ҳеч бўлмаса Х асрдан кейинги сўзларни киритиш лозим. Луғатимиз ғариб, у тилимиз бойлигини акс эттира олмайди».

Рауф ака санъатнинг бошқа турлари билан жиддий қизиқар, айниқса, қўшиқчилик ҳақида, айрим ҳофизлар қўшиқ матнини яхши англамаслиги борасида куйиниб гапирарди. Рангтасвирга алоҳида меҳр қўйганди, рассомлар ҳаётига бағишланган китобларни топиб ўқир, дафтарлари ҳошиясига бежирим суратлар чизиб юрарди. Аксарият таниқли рассомлар билан яқин дўст эди. Уйсиз-жойсиз қийналиб юрганда маълум муддат кандакор дўсти Омон Азизнинг ертўладаги устахонасида яшади.

Рауф ака ўзаро гурунгларда бир куни рангтасвир санъати ҳақида шундай деган эди:

«Рассомнинг кўнглида бир дарди бўлмаса барибир асари яхши чиқмайди. Техниканинг ўзи билан бирон натижага эришиб бўлмайди. Агар дарди бўлса, одамлар, халқ ичига кирса, унинг оғриқ-дардларини ҳис этса, асаридаги ранглар гапира бошлайди».

Рауф ака ҳар қандай одам билан осонгина тил топишар, нотаниш одамлар билан кўришаётганда ҳам юзларига самимий табассум ёйилар, муомала-мулоқотда жуда содда, ўта ишонувчан эди, шу боис кўпинча панд еб юрарди. Одамларга баҳо берганда уларга яхши ёки ёмон дея жўнгина таъриф бериб ўтирмасди. Кутилмаганда шундай бир ғалати ўхшатиш ёки қиёслаш қилардики, ўша одамнинг бутун характери, сохт-сумбати шундоққина киши кўз ўнгида яққол гавдаланарди. Масалан, бир куни Дўрмонда сайр қилиб юрганимизда илгари юқоридаги суянган тоғлари туфайли катта мансабларга эришган, аммо замона зайли билан мансаб-мавқелардан мосуво бўлса-да, ҳали-ҳамон эгардан тушгиси келмаётган ўртамиёна бир ёзувчи ҳақида ачиниб шундай деган эди: «Фалончи боёқиш ўзи яхши йигит, лекин ичида бир стержен-хода борга ўхшайди, кўнглида мен доимо баланд мавқеда юришим керак дегандек бир тушунча бор, шу боис ҳамиша отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмай, ғўдайиб юради».
Сир эмас, ҳаётда кўп жабру жафо чеккан одамлар кўпинча дийдаси қотиб, аламзада бўлиб қолади, мавриди келганда чекилган изтироб-аламларнинг ҳиссасини чиқариб олишга уринади. Рауф акага бундай одатлар ёт эди. У кўнглида ғубор сақламайдиган, боладек беғубор, кечиримли инсон эди. «Менга зуғум қилганларнинг ҳаммасини кечириб юборавераман, – деган эди шоир бир суҳбатимизда, – шунда ўзимни улардан халос этаману енгил тортаман, акс ҳолда ҳар қадамда бўладиган зуғумлардан ўлиб кетишинг ҳеч гап эмас».
Афсуски, шоир барибир зуғумлардан тўла-тўкис қутулолмади. Биз уни асрай олмадик. Замондошлари уни тўлиқ тушуна олмадилар, шундоқ ёнларида буюк бир шоир яшаб ўтганини англаб етмадилар. Аксарият буюкларнинг қисмати шундай якунланган. Беихтиёр хаёлга қуйидаги сатрлар келади:

Оҳ, шоир қисмати ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, Бир Сўзни излар,
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Фаришталар яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам омин дермиш. Ҳаётдан эрта кетган айрим шоирлар гўё ўз тақдирини башорат қилгандек, негадир ўлимни тез-тез тилга олишади. Ҳар гал шунақа шеърларга кўзим тушганда ички бир титроқдан ларзага тушиб, сергак тортаман. Рауф акада ҳам шундай шеърлар бор эди. «Мен сизни севаман, аллоҳ кечирсин, Мен сизни севиб ўлганман, Кечирингиз ўлган одамни» деб ёзади шоир 1994 йили бир шеърида.
Рауф Парфининг маъракасида садоқатли шогирди, шоир Тўра Мирзо Қуръони каримнинг Ёсин сурасини узоқ ўқиди. Ҳаммамиз сомеъ бўлиб, бош эгдик. Бундоқ разм солсам айримларнинг кўзида ёш халқаланди. Мен ҳам мижжаларимга қалқиб чиққан ёшларимни тиёлмай мутаасир бўлдим. Хаёлимга «Бу дунёда рўшнолик кўрмаган шоир эрта кетди, (раҳматли ёшини сўраганларга «Мен йигирма беш ёшимда тўхтаб қолганман» дея ҳазил қилар, кўринишдан соч-соқоли барвақт оқарган беғубор гўдакка ўхшарди), аллоҳ раҳматига олган бўлсин, ҳали яшаса бўларди» деган аламли фикр қайта-қайта урилди. Кейин, Шайхзоданинг машҳур сатрларини эсладим:

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,
Уни тиригида бир соат йўқланг…

Биз уни тиригида йўқлай олдикми? Қадрига етолдикми?.. Бу оғриқли саволлар беғам яшашимизга ҳали кўп ҳалақит беради…
Рауф Парфидек сўнгги дарвеш шоир эса қайта дунёга келмайди…

 

(Tashriflar: umumiy 116, bugungi 2)

Izoh qoldiring