Ушбу рисолада қиз болаю аёлларнинг кундалик ҳаётларида зарур бўлган гўзал хулқ ва атвор, оила мустаҳкамлиги, шунингдек, иймону дунёларининг саодатлари учун риоя қилишлари лозим бўлган муҳим вазифалар ибратомуз ҳикоялар орқали баён этилади. Рисолада умр йўлдошини танлаш, низом ва итоат, тангрига қуллуқ, ота-она ҳурмати, эзгулик, зийнат, гўзал ахлоқ, саломатликни сақлаш, юрт тарбияси, никоҳ, эр билан хотин ўртасидаги бирлик ва дўстлик каби ҳар бир оила билиши шарт бўлган зарурий билимлар ҳақида гап боради.
РИЗОУДДИН ИБН ФАХРУДДИН
АҲЛУ АЁЛ
Таржимон Тешавой Зиёев
Инсонларнинг дину дунёларини тузатмак матлуб бўлса, энг аввал гўзал хулққа эга бўлмоқ ила оилаларни тузатингиз. Оилалар тузалганидан сўнг дин ҳам, дунё ҳам тузалур.
РИЗОУДДИН ИБН ФАХРУДДИН
ЙЎЛДОШ
Эй, болалар! Денгизлардаги кемаларда, қуруқликдаги темир йўлларда, араваю машиналарда юрувчилар ел каби учиб — ошиқиб борурлар. Лекин ушбу равишда тез юрсалар-да, еюрлар, чой ичурлар, ётурлар, турурлар ва ухларлар, ўйнарлар, кулурлар, қайғурурлар ва кўз ёши тўкурлар.
Бундай ҳолларни жуда кўпингиз ўз кўзларингиз ила кўргандирсиз, кўрмаганларингиз кишилардан эшитиб билгандирсиз.
Бу кунда шаҳарлардагина эмас, қишлоқларда ҳам темир йўлларда, кемаларда юрмаган одамлар оздир. Жуда кўп хотун-қизлар, ёш болалар кўпми-озми бўлса-да, юрурлар.
Йироқ сафарларга чиққан одамлар ўзларига қулай бўлган бир йўлдош ила биргаликда чиқурлар. Агарда уйдан чиққанда қулай йўлдош топилмаган бўлса, пароход ва темир йўл вагонига кирганларидан сўнг бирор йўлдош топарлар ва шунинг ила биргаликда борурлар.
Темир йўл вагонларида, кемаларда юрувчи одамлар кўп вақт ўзлари юруб-боруб турувларидан ғофил бўлурлар, юриб турганликлари — дарахтларнинг, тоғларнинг ортда қолганларини кўрибгина хотирларига тушадир.
Биз йўлда эканмиз деюрлар. Қирларда, саҳроларда от-арава ила юрган вақтларида ҳам бундай ҳол бўладир. Синаб кўрган бўлсангиз ўзингиз ҳам билурсиз.
ДУНЁ САФАРИ
Дунёда яшаб турувчи халқлар ҳам сафар ҳолидадирлар. Ер юзида яшовчи одамлар, шунингдек ҳайвонлар ҳам, ҳар бири бир ёқға қараб сафарга чиқарлар ва ҳеч тўхтовсиз бориб турадурлар. Бу халқлар керак еб-ичмакда ўтурсинлар, керак уйғоқ, керак уйқуда бўлсинлар, кема ва темир йўл вагонларида бўлғанлар мисолида ҳамиша сафардадирлар, борурлар, олдиларида жуда йироқ кўрилган нарсалар соат сайин яқин келиб турадир. Янгигина ортларида қолған нарсалар жуда йироқ кетган бўладир.
Темир йўллар вагонлари ила сувда сузиб юрган кемаларда ошиқиб борганлари каби дунё сафарида ҳам халқлар жуда ошиқиб бормақдадирлар.
Ўзларининг дунё сафарида эканларини билмаган ва ошиқиб кетганларини сезмаган кишилар атрофларига қарасинлар. Шул вақт ўзларининг олдинма-кетин юриб турмакда эканларини очиқ билурлар; ёшлар кекса бўлганлар, кексалар дунёдан ўтганлар, йўқлар дунёга келганлар, дунёга келганлар ўсиб, мактабларга бора бошлаганлар.
Болалар дунёга келганларида ҳеч нарса билмаслар, бир ишга ҳам кучлари етмас. Сўнгра ўтира бошлайдир, куладир, еядир, ўйнайдир ва оёқларида юрадирлар. Тишлари чиқиб, мактабларга борадирлар, ўқиш, ёзишни ўрганадир. Уйланадирлар, ота-она, сўнгра буви ва бува бўладирлар. Сочлари оқариб, тишлари тушадир. Беллари букчаяр, кучлари тугар. Демак, бу нарсалар дунё сафарининг ёмлари (“ ём”- чопар отлари учун бекат ), темир йўл, сув йўлларининг охирги бекати бўлур.
ДУНЁ САФАРИДА ЙЎЛДОШ
Темир йўл вагонларида, кемаларда юрувчиларнинг бирор йўлдошга муҳтож эканликларини билдик. Шунингдек, дунё сафарида бўлган одамларда ўзлари учун бирор йўлдошга муҳтож бўладирлар. Ўзларига бир йўлдош топадирлар. Бу йўлдошга «тириклик йўлдоши» деюрлар.
Болалар ўсиб, киши бўлганларидан бошқаларнинг тарбияларидан қутулиб, одам қаторига кирганларидан сўнг бир «тириклик йўлдоши» сайламак одатдир. Тириклик йўлдоши эрлар учун хотун ва хотунлар учун эр бўладирлар. Бу дунёнинг низоми қадимдан ушбу равишда келмиш, бундан сўнг ҳам шундай бўлажакдир.
Демак, ушбу йўлдош тутмоқни уйланмак, хотун олмак ва эрга тегмак деюрлар. Хотун олмак ва эрга тсгмак дунё сафари учу тириклик йўлдошини сайлаб олмак демак бўладир.
Темир йўл вагонларида, кемаларда бўлган йўлдошлар ила тириклик йўлдошлари орасида айирма жуда каттадир. Аввалгиси вақтли йўлдошгинадир. Аммо сўнгғиси бир жону бир тан бўлажак йўлдошдир. Тириклик йўлдоши умрлик йўлдош бўладир. Ҳар турли қайғулар, ҳар турли шодликлар унинг ила бирга ва ўртоқ бўладир.
НИЗОМ ВА ИТОАТ
Дунёда низомсиз ва тартибсиз бир иш йўқдир; қушлар ўзлари учун уя ясайдирлар. Бу вақт она қушларга ота қушлар ёрдам берадир.Она қуш уяда ўтириб бола чиқарган вақтда ота қуш четдан ризқ ташиб, уни тўйдирадир. Болалар чиққанидан сўнг ота қуш ила она қуш бирликда болаларини тарбия қиладирлар, бирликда учишга ўргатурлар. Бу эса бир низомдир.
Қумурсқани кўрмаган ва билмаган бола бўлмас. Ушбу жуда кичик бўлган махлуқ қиш куни учун озуқни ёз куни ҳозирлаб қўядир. Бунинг озуқи ҳар турли донлардир. Қиш бўйича етарлик этиб, уясига донлар йиғадир. Донларга сув тегса, кўкарур, бузиладур. Шунинг учун қумурсқалар қиш учун ҳозирлаган донларини жуда қуруқ асрашга, нам тегмасликка тиришурлар. Агарла бир офат бўлиб, нам тегса, иссиқ ва қуруқ кунларда уядан ташиб, қуёш нури тушиб турган ерга ёйиб қуритадирлар.
Қуриб битганидан сўнг уялари ичида бўлган омборларига ташиб қўядирлар.
Овқат бўлажак донларни биргина қумурсқа судраб олишга кучи етмаса бошқаларини ёрдамга чақирадур. Қумурсқалар ҳеч қайсарлик қилиб турмай ёрдамга борадилар. Донни биргалашиб бошоқдан тортиб олурлар-да, уяларига олиб кетадирлар. Қайси бири бошоқ устига чиқиб дон тушириб турадир, қайси бири пастдан шу донларни уяга ташийдир.
Қумурсқалар оғочларда турувчи майда ҳашоратларни ташиб, уялариға олиб кетадирлар, улардан ҳам ўзлари учун бол ясайдурлар. Бу ҳам низом. Қумурсқалар низомға итоат қилмаклари урядник (“урядник”— чор Россиясида уезд полициясидаги энг кичик унвон), становой (“становой”— уезд полиция бошлиғи), городовойларнинг (“городовой”— миршаб) қамчи, милтиқ ва зиндонларидан қўрқиб эмас, балки низом ҳурматли бўлгани учундир. Ақлли ва илмли махлуқлар ҳар вақт низомни ҳурмат қиладирлар ва ҳурматли бўлгани учун унга итоат қиладирлар.
АҲЛУ АЁЛ
Сизнинг ота-онангиз, бобо-бувингиз Ислом дини ўргатган равишда бир-бирига тириклик йўлдоши — эр-хотун бўлмишдирлар. Улар дунё сафарида бир-бирига ёрдам этишиб борадирлар. Қайғую ҳасрат вақтларида бир-бирини юпатадирлар. Сабр қилишга, Оллоҳ таолонинг раҳматига сиғинишга бир-бирини ундайдирлар. Шодлик бўлса, бирга баҳам кўрадирлар. Бошқа болаларнинг ота-оналари ҳам, буви-бувалари ҳам шундайдир. Боболару оталар тарбиясида турувчиларга «аҳлу аёл» деюрлар.
Қушлар, қумурсқалар ва бошқа махлуқлар дунёда низом ила турганлари каби аҳлу аёл ҳам бир низом бўйича турадир. Низомни юритиш учун аҳлу аёл ичида урядниклар, становойлар бўлмас, лекин улар ўз инсофлари ила аҳлу аёл низомларини ўрнига келтирурлар. Илмлию ақлли халқлар низомларни бошқалардан қўрқиб эмас, балки низом ҳурматли бўлгани учун унинг ҳузурида бош букиб, бўйсуниб турадирлар.
Низомларга итоат қилмоқ учун керакли бўлған хизматларни вазифаларни билиб туриш лозим. Ўз вазифасини ўзи билмаган одам нақадар тиришса-да, низомларни ўрнига келтира олмас. Шунинг учун бу китобда ёш қиз болалар, катта қизлар ва хотунларнинг вазифалари баён қилинадир. Шуларни билган ва ўринларига келтирганлар ҳам аҳлу аёл низоми бўлур. Гўзал ҳаёт кечирилур.
ОЛЛОҲ ТАОЛОГА ҚУЛЛУҚ
Энг кичик вақтидан бошлаб болаларнинг вазифалари Оллоҳ таоло ҳазратини суймак ва унга қуллуқ қилмакни ўрганмакдир. Оллоҳ таоло қилишга буюрган ишларни ўрнига келтириб, қилмасликка буюрган нарсалардан тийилиб турмак қуллуқ қилмак бўладир.
Оллоҳ таолони суйган ва қуллуқ этган аҳлу аёл ичида низомлар тузук бўладир, умрлар баракали ва фойдали бўладир.
Бандаларнинг қуллуқ этганларидан Оллоҳ таоло ҳазратига бир фойда йўқ, қуллуқ этмасалар, зарар ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, қуллуқ этув банданинг устидаги бурчдир. Ҳар ким ўзининг устида бўлган бурчини вақтида ўташи лозим. Қуллуқ этув сабабидан одам боласи ўзининг «банда” эканини, Оллоҳ таолонинг хўжа бўлганини кўрсатган бўладир.
ОТА-ОНАГА ҲУРМАТ
Ота-онага итоат этмак ва уларга ҳар вақт ҳурмат кўрсатмак энг улуғ бир вазифадир. Ота-оналарига ҳурмат этувчилар дунёда бахтли ва охиратда савобли бўладирлар. Шунинг учун ота-онага итоат этмак ва ҳурмат ила бўлмақни Оллоҳ таоло ҳазрати фарз қилмишдир. Ота-онасига ҳурмат этган болаларнинг, бир кун келур, ўзлари ота- она бўлганларидан сўнг ўз болалари ҳам итоат қилурлар, ўз болаларидан ҳурмат кўрурлар. Ота-онасига ҳурмат қилмаган болалар кимларни ҳурмат қилурлар?
Нақадар бахтга ва буюк мартабаларга эришган бўлсангиз-да, ота-оналарингизни ҳеч бир вақт унутмангиз! Уларға итоатли бўлиб, ҳурмат қилингиз! Насиҳатларини тинглаб,ризоликларини олингиз, муҳтожлиқларини, ҳасрату қайғуларини тугатишга тиришингиз! Йироқ ерда бўлсалар, ҳар вақт хат ёзиб юбориб турингиз! Мумкин бўлганда зиёрат қилингиз! Вафот қилган бўлсалар, хайру дуо айлангиз, Қуръони шариф ўқиб садақалар бериб, уларга бағишлангиз!
Ота-онанинг болаларининг ёрдамларига энг муҳтож бўлғон кунлари қарулиқ вақтлари бўладир. Шундай қилиб, бу вақт ота- оналарга яна ортиқ сувратда ҳурмат қўрсатмак керак. Ота-онани ҳар вақт ҳурмат этмак вазифа бўлса-да, қари бўлган ота-оналарнинг ҳурматлари яна улуғдир. Оллоҳ таоло буларға ҳурмат этмак тўғрисида Қуръони шарифда алоҳида насиҳат қиладир.
Ота-онани ҳурмат қилмак вазифа бўлғанидек, ҳар бир қариндош- уруғларни, муаллиму мураббийларни, улуғу қариларни ҳам ҳурмат қилмак ҳам вазифадир. Бу вазифа тўғрисида камчилик этмаслик лозим. Ўзидан улуғларга ҳурмат кўрсатган одамларга ўзидан кичиклар ҳурмат кўрсатадурлар. Одам нима экса шуни ўрадир.
Ота-онага итоатсизлик, қариндош, қабила ва улуғларга ҳурматсизлик болаларнинг ҳар бири учун айб бўлса-да, бу ишлар қиз болалар учун кўпроқ катта айбдир.
ЭЗГУЛИК ҚИЛМАК
Дунёда роҳат қилиб яшамакни истаган одамлар эзгу кўнгилли ва бошқаларга эзгулик қилувчи бўладир. Эзгу кўнгилли ва халқларга эзгулик қилувчиларнинг ичи қайғули бўлмас, доим роҳатда бўлиб дунё сурадирлар.
Эзгу кўнгилли одамлар Оллоҳ таоло олдида ва бандалар олдида бўлған бурчларини адо қиладирлар. Шунинг учун кўнгиллари азобланмас.
Одам болаларини суймак ва қўлдан келгани қадар уларға ёрдам қилмакни шарафли динимиз буюрадур. Бу равишда бўлганларга охиратда савоблар ваъда этилгандир.
Танда бўлган аъзоларнинг бири оғриса, бутун бадан хаста бўлур. Шунингдек, одам болаларидан бирига қайғу ва ҳасрат келганини билған одамларнинг ҳар бири бирликда қайғуруви, ҳасратларини ўртоқлашуви лозим. Чунки дунёда бўлган одамлар-да, бир танда бўлғон аъзолар равишиндадир. Бу эса, эзгулик этмак бўлур.
Халқларға суюкли бўлмақни ҳар ким истар, бунда бўлған лаззатни ҳар ким сезар. Лекин суюкли бўлмак учун биргина йўл бордир. У ҳам бўлса, бошқаларға эзгулик этмакдир. Эзгулик этувчиларни ҳар ким севар ва уларга маҳаббат қўюр.
МАКТАБ ВА ЎҚИМАК
Ўқишни, ёзишни билган кишиларни мевали дарахтларга ўхшатурлар. Мевали дарахт мевалари ила халқларни ризқлантируб турганлари каби ўқиш-ёзишни билган одамлар ҳам ўзларининг илмлари ила халқларни ризқлантируб турадирлар. Шунинг учун ўқиш-ёзишни ёш бола вақтидан бошлаб ўрганиш лозим.
Ўтган умрни қайтариб бўлмас. Умр энг қимматли бир давлатдир. Демак бу қимматли бўлган давлатнинг қадрини билиш керак. Одам учун ишончли бўлган камолат фақат илмдир. Илмдан бошқа камолатларнинг ҳеч бири ишончли эмасдир. Бугун бор, эртага йўқ.
Ўқиган нарсаларни яхши англаш, англаган нарсаларни гўзал хотирлаш лозим. Ўқимоқнинг фойдаси фақат шул вақтдагина бўлур. Йўқса, англар-англамас ўқимакдан маъно чиқмас.
Одам ҳам, ҳайвон ҳам инсондир, лекин ҳайвонлиги емак ила, инсонлиги эса, ўқимак ила бўлур. Ўқимаган кимсаларнинг тўрт оёқли ҳайвонлардан айирмалари йўқдир. Буни эса, ҳар ким биладир.
Ўқимак ўрунлари мактаблардир. Мактабларда ўқиш-ёзишга, Оллоҳ таоло ҳазратига қуллуқ этишга ўргатурлар. Халқлар ила қатнаша билув, улар ила муомала қилув равишлари ҳам мактабларда ўргатиладир. Ўқитувчилар, яъни муаллиму муаллималар болаларни ҳайвонликдан чиқариб инсон қилиш учун тиришувчилардир. Шунинг учун мактабни ҳам муаллиму муаллимларни суймак ва кўнгил қўйиб ўқимак керак.
НАЗОФАТ — ПОКЛИК
Қўл, юз, кийим-кечак, китоб, ёзув ва бошқа ҳар турли нарсаларни кирсиз, чангсиз тутмак назофату поклик бўлур. Бу нарсалари кир бўлған кимсалардан одамлар нафрат қилурлар, безурлар.
Пок бўлмак, пок юрмакни Ислом дини буюрур. Одамлар-да, пок бўлган ва пок юрганларни севарлар. Шунинг учун назофату покликка ёш вақтдан ўрганиш ва одатланиш лозим.
Покликка ўрганув ва одат қилув кўпроқ қиз болалар учун кераклидир. Чунки қизлар вақти келиб, катта бўлуб юрт хизматлари ила шуғулланажаклар, аҳлу аёл бутунлай буларнинг тарбияларида бўлажакдирлар.
Назофату поклик энг мақтовли бир сифат экани маълумдир. Энг жирканчу ифлос одамлар-да, назофату покликни севадирлар, ифлосу нажис кишилардан ирганадирлар.
Назофатсизу ифлос одамларнинг гўзалликлари ҳам кўзга кўринмас. Нақадар гўзал бўлса ҳам ифлос одамлардан халқлар нафрат қиладирлар. Уларнинг яқинларида юришни ҳам ёқтирмаслар.
Қизлар учун энг зўр жиҳоз ва энг улуғ бойдик назофату покликдир. Буни ҳар вақт хотирда тутиш ва ҳар вақт шунга амал қилиш лозим.
Поклик соат сайин сабун ила ювиниб турмак эмас, ҳар кун кирларни, пол ва бошқа юрт (уй) нарсаларини кетма-кет ювмак ҳам эмас, балки ҳар нарсани ўзининг ҳожат вақтида ювмак, ювилган аъзо ва нарсаларни соф ҳолича тутмақдир. Бўлмаса, ўрдак сифат бир ёқдан ювинуб, иккинчи ёқдан ифлослануб турмак поклик бўлмас.
ЗИЙНАТ
Қиз болалар ва хотунлар учун зийнатларнинг энг яхшиси, юқорида сўзлаганимиз, поклик ҳам назофатдур. Бунга ҳар вақт эътибор қилиб туриш керак. Такаббурлик қилиш нияти ила бўлмаса, бошқа турли зийнатлардан-да, шариат манъ этмайдир. Шундай бўлса ҳам баъзи бир зийнатлар бордирки, мусулмон қизлари ва хотунлари учун мувофиқ бўлмас.
Бошқа бир хотун-қизнинг сочини бошида чамбарак қилмоқ, бету қўлларни упа-эликлар билан бўяб юрмак, тишларга тиш қорасини суртмақ, сочларни бор бўйича ёйиб юрмак мувофиқ бўлмаған зийнатлардандир. (Улама) сочлар касал одамлардан ва ўлган хотун-қизлардан кесилиб олингандир, баъзи вақт овқат топа олмай юрган фақир хотун-қизлар ўз сочларини очдан ўлмаслик учун сотадурлар.
Касалларнинг сочларини тақиб, касал юқиши ва шунинг сабабларидан касал бўлиши мумкин. Оч, ўлар даражасига келган фақирларнинг сочларини тақиб чиройли бўлиб юрмак одамгарчиликдан бўлмас.
Упа-эликларга ва бошқа бўёқларга кўпинча заҳарли нарсалар қўшилған бўладир. Бу оғулар танга ва ақлга зарар келтирадир. Шунинг учун ҳам бету қўлларни бўяб юрмакдан сақланиш лозим.
Тиш учун энг фойдали нарса ўзларининг тишларида бўлған ялтироқларидир. Тиш қароси ва бошқа нарсалар суртиш сабабидан бу ялтироқлик битадир-да, тиш бузилар, тузимсизга айланади. Тишнинг хизмати энг кўп бўлгани учун мумкин қадар, уни сақламоқ, тишларида бўлған ялтироқларини саломат тутиш керак бўладир.
Соч ўримларига тангалар тизиб қўймоқ, катта чўлпилар’ (чўлпи — зийнат учун соч ўрумларига осиб қўйиладиган кумуш ёки олтин танга ) осмоқ, бўйинга кумуш тангадан бўйинтуруқ (хасила) тақмоқ, тор куйлак ва бошқа кийимлар кийиб юрмак, белларини қисиб боғламак зарарли нарсалардир.
ГЎЗАЛ АХЛОҚ
Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқиға қараб билинур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўътабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадур. Шунинг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак.
Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун керакли бўлса-да, қиз болалар учун кўпроқ кераклидир. Аҳлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас.
Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, хулқларнинг ҳар бири бўладир.
Такаббур бўлмоқ, ёлғон сўзламоқ, сўз юртмоқ, орсизу номуссиз бўлмоқ, Ислом адабларини эътиборсиз тутмоқ ҳам ҳаёсизлик, ҳам иффатсизлик бўладир.
САЛОМАТЛИКНИ САҚЛАМОҚ
Одам боласининг энг зўр бойлиги ўзининг тани-жонининг саломат бўлмоғидир. Одам боласи ушбу зўр бойлиқнинг қадрини кўп вақт билмай ўтказадир. Тани саломат бўлмаган одам бутун дунёга хожа бўлса-да, кўзига кўринмас, озгина бўлса ҳам роҳат кўрмас. Энг кўп касалликлар нимадан келиб чиқиши маълумдир. Шуларни билиб, ўзини эҳтиёт қилувчилар кўп вақт саломат кун ўтказадирлар. Шунинг учун касалликларга сабаб бўла турган нарсалардан сақланмоқ лозим.
Тан қизиган ҳолда совуқ сув ичмоқ, терлаган ҳолда совуқ ҳавога чиқмоқ, кўмир иси бор ерда ўтирмак, ёғли нарсаларни, ҳам гўшт кўп емоқ, арақ ичмоқ, кўкнори чекмоқ касаллик келтирувчи сабаблар бўлгани маълумдир.
Ўшандоқ тану кийимларни покиза юритмоқ, ўринларни пок тутмоқ, таҳорат олмоқ ва ғусл қилмоқ (ғусл қилмоқ — чўмилмоқ),фарз намозларни, фарз рўзаларни тутмоқ, уй ичида бўлган хизматларни бошқармақ саломатликнинг энг зўр сабабларидандир.
Хотин-қизлар юрт қаровчилари бўлганликларидан касал бўлиб қолганларни тарбия этмак хизмати ҳам кўп вақт улар устида бўладир. Юрт ичида тўсатдан бир одам касал бўлиб қолса, касалларни тарбия қилишга ўрганмаган хотин-қизлар довдираб қоладирлар.
Шунинг учун касалликларнинг сабабларини бир оз билмоқ керак бўлгани каби, касал бўлиб ётувчиларни тарбия қилмоқ равишларини кўпроқ қиз болалар билмоғи лозим.
ЮРТ ТАРБИЯСИ
Юртларни, уйларни тарбия этиб тутмоқ хотунлар устидаги хизматдир. Юрт тарбияси энг зўр ва машаққатли хизмат бўлгани учун уни ёш чоғида, бола вақтида билиб ўргана бошлаш керак. Бола чоғида, қиз вақтида юрт тарбия қилишга ўрганмаган киши хотун бўлгач ўлгунча тиришса-да, ўрганиб ололмас.
Пичоқ, очқич, гугурт, қайчи, лампа, қалам, сиёҳ, қоғоз каби нарсалар, хусусан ошхона асбобларининг ҳар бири ўзига бир белгили ўринда бўлиши, керак вақтлар-да шу нарсаларни ўринларидан олиб, ўринларига қўйиш керак.
Самовару чойнак, пичоқу сочиқ, қошиқу коса каби емоқ-ичмоқ нарсаларининг соф ва ошхона ҳам уйнинг бошқа ўринлари пок бўлмағи шул юртда бўлған хотун-қизларнинг уқувларини билдириб турадир.
Юрт тарбияси илмини билмоқ, ишлар учунгина эмас, балки ишлата билмоқ учун ҳам керакдир. Ўзлари юрт тарбияси илмини билмаган хотунлар нақадар кўп хизматчи хотунларни тутсалар-да, уйларида тартиб бўлмас.
Ҳар бир юрт тарбия эта билмак илмини қиз вақтида ва бола чоғида билмоғи лозимдир.
Фарз ва ҳаромларни, макруҳу суннатларни ўрганганликларидан сўнг қизлар учун билиш лозим бўлган илмлар: тикувчилик, кашта тикмоқ, кир юва билмоқ, ош пишира билмоқ, чой ҳозирламоқ, уй йиғиштира билмоқ илмларидир.
Ҳар бир қиз энг аввал ўз кийимларини ўзи бичиб, ўзи тикиши, ўзи тикиб гул солиши лозим. Эр кишилар учун «кийим тикиб берсангиз» деб, бошқаларга ялиниб юришлари айб бўлмаса-да, қизлар учун бу иш зўр айбдир. Тикув-бичувни билмаган қизларни одамлар ҳисобидан чиқариб, ҳайвонлар дафтарига ёзарлар.
Ош пишириш, чой ҳозирлаш, уй йиғиштиришни билмак ҳам қизлар учун керакли илмлардир. Келажак кунларда ўзларига керакли бўлғуси илмларни ҳар ким ёш вақтида билмоғи лозим. Қизларнинг келажак кунда ўзлари учун керакли ҳунарлари тикув, бичув, пиширув, уй йиғиштирув каби нарсалар бўлажакдир.
Ушбу ҳунарларни билув тўғрисида бой болалари ила фақир болалари, бой хотунлари ила фақир хотунлари бир текис бўлиб, ораларида айирма йўқдир.
Эй, қизлар! Юрт кутмоқ, тикмоқ-бичмоқ, қиём пиширмоқ, ҳар турли овқатлар пиширмоқ, уй йиғиштириб, кир ювишга ўрганиб ўсингиз! Бу нарсалар ўзингиз учун энг улуғ ҳунар бўладир. Буларнинг фойдаларини ўзингиз кўрурсиз. Бу ишлар тўғрисида бошқаларга ялиниб юришлардан қутулурсиз. Бу ишларни камбағал бўлсангиз ҳам, бой бўлсангиз ҳам ўзингиз қилурсиз. Ишламоқ айб эмас, саломат бўла туриб тек (фақат) ётмоқ айбдир, буни яхши билингиз!
Бу ерга қадар ёзганларимизнинг кўпи қизлариинг бола, гўдак вақтларига махсус ҳоллар эди. Аммо бундан сўнг ёзажакларимиз қизларнинг ўсиб, улғайганларидан сўнг бўлажак ҳоллар ҳақида бўладир.
ИЗДИВОЖ- НИКОҲ
Дунёда яшовчи одамлар агар танлари саломат бўлса, ўзлари учун тириклик йўлдоши сайлашга, издивожу никоҳ қилурға мажбур бўладирлар. Бу эса, ҳар кимга маълумдир.
Халқлар бозорға борган вақтларида ҳам ўзларининг йўлдошлари яхши, ўзларига ярарлик равишда бўлмоғини орзу қиладурлар, кўнгилларига ёқмаган одамлар ила бирликда юрувдан сақланадирлар. Ҳолбуки, тириклик йўлдоши беш-ўн чақирим ердаги бозорга бориш учун ёки уч тўрт товлик (товлик — бир кеча-кундуз) бирликда юриш учун сайланган йўлдош эмас, балки умр борича бирликда туруб, бирликда кун ўтказажак йўлдош бўладир. Йўлдошнинг яхши бўлувини текширмоқ етмас. Балки йўлдошларнинг хулқини, феълини билишга тиришмоқ лозим бўлгани каби, ўзининг унга йўлдош яраб, ярамаганини-да текшириш лозим.
Ушбу сабабдан эрга тегувчи қиз эрининг ўзига мувофиқ бўлиб- бўлмаслигини ҳамда ўзининг шул эрга мувофиқ бўлиб-бўлмаслигини ҳисобга олмоғи керакдир.
Эрга тегувчи қизлар учун керак бўлган текширувлар, хотин олувчи эрларса ҳам керак бўладир. Шунинг учун хотун ила эрнинг ким эканликларини ва буларнинг бир бири ҳақида бўлған вазифалари бу ерда сўзланур.
ХОТУН КИМ?
Хотун, шаръий шариф бўйинча, бир эрнинг тириклик йўлдошидир. Эрининг уйига ва юртига хожа бўлиб турувчидир.
Хотун эрининг молларини сақловчи, пулини оз харажат қилишга ижтиҳод қилувчи, эрининг, болаларининг танларини ва кўнгилларини тарбиялаб ўстирувчи, эрида бўлган бузуқ хулқларни, бузуқ феълларни битиришга сабаб бўлувчидир.
Хотун эрининг қаттиқ кўнглини юмшатувчи, бутун аҳлу аёлни бир ерда бирлаштириб турувчи, эрининг молидан қисиб қолиб аҳлу аёл бошига келажак қора кунлар учун озми-кўпми мол йиғувчидир, Хотун қўғирчоқ эмасдурки, ўйнаб-ўйнаб турилса, хотун кийим эмасдурки, бугун кийилиб эртага ечилса. Хотун ҳайвон эмасдурки, ёқса асраб, ёқмаса бозорга олиб бориб сотилса. Хотун ходима эмасдурки, яхши хизмат қилса, асраб, яхши хизмат қилмаса, қувиб юборилса. Балки хотун умрлик бир йўлдошдир.
ЭР КИМ?
Эр, шаръий шариф бўйинча, хотунни ўзига йўлдош бўлиш учун қабул этиб олувчидир. Ота-онасидан, қариндошу қабиласидан, туғилган, ўсган ерларидан айрилиб ўзига ёр бўлган хотунини шариат буюрган равишда ҳурмат қилувчи ва гўзал тарбия этувчидир.
Эр хотунни машаққатлардан, заҳматлардан ҳимоя этувчидир. Хотунининг янгилишиб қилган ишларини кечириб, яхши насиҳатлар берувчи ва ҳар вақт хотунини шафқат қаноатлари остида тарбия этиб турувчидир.
Эр хотунига қарши ҳар вақт марҳаматли бўлур. Хотунининг кучи етмаган ҳизматларни бажаришга зўрламас. Хотунига қарши қаттиқ кўнгилли бўлмоқдан ва уйдан чиқиб кетганида, қаерга кетганини айтмай ва билдирмай юрмакдан сақланадир.
Эр ўзининг хожа билиб, ҳар вақт ўз муродини амалға оширишга тиришувчи бўлмай, балки шариату ақлға хилоф бўлмаган ерларда хотунларининг муродларини ҳам ўрнига келтирувчидир. Бор-йўқ нарсалар ҳақида хотунини безовта қилувчи эмасдур.
Эр ила хотуннинг кимлар эканликларини билгандан сўнг, никоҳ адабларини билмоқ керак. Эр ила хотуннинг ўзлари ва болалари учун фойдали бўлажак никоҳларда икки тарафдан рағбат, хулқ ва табиатда мувофақат (мувофақат — мувофиқлик) ёшларда муносабат, куфвлик (куфвлик — тенглик, баробарлик) шахсий ҳолларда бир-биридан йироқлиқ бўлиш керакдир. Ушбу беш турли нарса ҳақида айрим-айрим- сувратда баҳс этилади.
РАҒБАТ
Эр ила хотун никоҳни орзу этсалар ва ўзлари учун керакли бир нарса деб билсаларгина издивож бўлмоғи лозим. Йўқса, ҳар иккиси ёки иккисидан бири ўзи учун никоҳни зарур топмаса ва унинг ҳақларини ўрнига келтурурлик бўлмаса, ул вақт никоҳдан фойда кўрилмас.
Бунинг устига издивож этувчи йигит ила қиз бир-бирига рағбатлари ва кўнгиллари ила бир-бирини ёқтириб орзу қилишлари лозим. Ҳар иккиси ёки бири иккинчисини кўнгли ила севмаса, ул никоҳдан фойда бўлмас. Ораларида бир-бирига рағбат ва бир-бирига муҳаббат бўлмаган қиз ила йигитни никоҳ ила бир ерга йиғиб қўймоқ, бир-бирига душман бўлган икки одамни бир хонага қамаб қўймоқ шаклидаги бир ишдир.
Каптар ила қарчиғай, чумчуқ ила япалоққуш (япалоққуш — бойўғли) бир қафасда яшай олмаслар, ит ила тулки, мушук ила кирпи бир хонада кун кўра олмаслар. Ораларида ҳар икки тарафдан бир- бирига рағбату муҳаббат бўлмаган эр ила хотун ҳам тириклик эта олмаслар. Тириклик этсалар ҳам роҳат юзин кўрмаслар, балки бутун умрлари зору мунгли, қайғую ҳасрат ила ўтар.
Юзнинг гўзал ва қиёфанинг мулойим бўлмоқлари муҳаббату рағбат тушувга сабаб бўлгани учун издивож этажак қизу йигит бир- бирларининг юз-қўлларини, сочларини қандай ҳолда бўлса-да қарамак ва кўрмаклари учун шаръий шариф изн бергандир. Агарда кўрмак мумкин бўлмаса, ул вақт ишончли бўлған билувчилардан, кўрувчилардан сўраш, билиш лозим. Буни енгил ҳисобламақ яхши эмас.
Ўзлари эшитмаган, билмаган, ўзлари орзу этмаган ва муҳаббати тушмаган йигитларга қизларни зўрлаб беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Қизларни зўрлаб никоҳловчилар, бир-бирига мувофиқ эмасликларини била туриб, икки орада душманлик қилиб, икки тарафни алдаб келиштирувчилар, никоҳ ақд (ақд — боғлаш) ларини юритувчилар шаръий шариф ҳукмига кўра энг улуғ золимлару хоиндирлар. Дунёда бўлмаса ҳам ушбу гуноҳларнинг оғирлигини охиратда Оллоҳ таоло ҳузурида кўражакдирлар.
Бир қизни ўзи орзу этмаган одамига зўралаб бермак, шу қизни ўлдирмак баробарида қаттиқ кўнгиллилик бўладир. Ўлдирмак қайғуси бир соатда бўлиб ўтадир, аммо бу равишда зўрлаб бермак сабабли қиз болалардан умр бўйича ўлим қайғусини татиб турувчилари кўп бўладир.
МУВОФАҚАТ
Издивож этажак қизу йигит хулқу табиатда бир-бирига мувофиқ бўлиши керак. Бир-бирининг хулқу табиатларини ёқтирмаган кимсалар бир чақирим ерга-да, бирга бора олмаслар. Энди хулқу табиатлари бир-бирига мувофиқ бўлмаган қиз ила йигит, дунё сафарида қандай қилиб бирликда бўла олсунлар ва қандай қилиб бир жону бир тан бўла олсунлар?
Бир мартаба юзларини, бўйларини кўрмак ила йигиту қиз бир- бирининг хулқу феълларини бутунлай билиб ва синаб ололмаслар. Шунинг учун бу тўғрида билганлардан яхши ва узоқ вақтлар сўрашишга, устига устак билиб олишга тиришиш лозим.
Сутини соғиб ичажак бир сигир олганларида одамлар узоқ вақт шу сигир ҳақида билганлардан сўрашурлар, юртларига қоровул бўлиб ёлланувчиларни юрт хожалари мазкур одамни текширурлар, энди умр борича бирликда туражак ва бирликда дунё кутажак одам ҳақида сўрамоқ ва ҳолини очиқ билмак учун ижтиҳод қилмоқ кўпроқ лозимдир.
Хулқу феълларнинг бирлигини кўриш ўрнига эр бўлажак йигитнинг молини, кийиму жиҳозларини, ота-онасини текширувигагина қаноат қилса, охири умри бўйича ўкинур ва ўз- ўзини қарғаб ўтадир.
Ҳулқу табиатлари мувофиқ кўрилмаган ҳолда ёлғиз молу бойликларга қизиқиб, шуҳрату даражани назарга олиб издивож этувчилар ва қизларини никоҳ этувчилар одам боласи ила савдо қилувчилардир. Чунки бу каби никоҳлар дуруст маъноси ила никоҳу издивож эмасдир.
ЁШЛАРДА МУНОСАБАТ
Никоҳ қилажак кимсалар жуда қари ёки жуда ёш бўлмаслиги, бунинг ила баробар ораларида издивож бўлажак қиз ила йигит ёшлари бир-бирига мувофиқ бўлмоғи керак. Никоҳ қилинажак қиз ила йигит ёшлари орасида муносабат бўлмағини табиатнинг ўзи мажбур қиладир. Табиатга ҳилоф бўлган никоҳлар ишончли никоҳлар эмасдир.
Фан аҳллари ва табиблар никоҳ вақтини қизлар учун 18 ила 30 орасида, йигитлар учун 25 ила 37 орасида бўлған ёшларни белгиламишлар. Буларга кўра қизларга 19, йигитларга 25 га етмасдан олдин ҳамда қизларга 31 дан, йигитларга-да 37 дан сўнг бўлган никоҳлар вақтсиздир. Ушбу ёшлари етмаган ёки ўтган кимса-лар, жуда катта зарурат бўлмаганда издивож қилмасликлари керак.
Аммо издивож қилажак йигит ила қиз орасидаги ёшларнинг муносабатларини фан аҳли ва табиблар хотун бўлиб боражак қиз ўзига эр бўлажак йигитдан олти ёш миқдорида кичик бўлуви лозим, аммо ўн ёшдан ортиқ айирма ҳеч мувофиқ эмасдир дейдилар.
КУФВЛИК (ТЕНГЛИК,БАРОБАРЛИК)
Тириклик йўлдошлари, яъни эр ила хотун орасида шул вақт бирлик ва дўстлик бўладир, қачонки улар бир-бирига тенг бўлсалар.
Бўлмаса юқори бўлган тараф паст тарафни камситиб турур-да, бунинг сабабидан ора бузилур. Шунинг учун бойлик, насл, илму тарбия тўғрисида йигит ила қиз бир ўлчовда бўлмоғи керак. Лекин тарбияли,илмли, гўзал хулқли бўлган қиз ила йигитни тенг санамасга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир.
Тарбияли, илмли ва гўзал хулқли қизларга фаҳшхоналарда юрувчи, унда-бунда маст бўлиб ётувчи бой болалари куфв бўлмаслар. Ёлғиз бойлигига қизиқиб, адаблию тарбияли қизларни бойларга бермоқ зулм бўладир. Дунёнинг роҳати бойликда эмас. Лекин ёшлик янглиши ўлароқ баъзи қизларнинг ўзларига куфв бўлган кимсаларни куфв кўрмасликлари, куфв бўлмаганларни куфв санамоқлари-да мумкин. Шунинг учун никоҳ тўғрисида қизлару йигитлар катталар ҳамда тажриба аҳлларнинг ҳар бир сўзларини жуда яхши тинглаши, маҳорат ила тафтиш қилмағи керак.
ШАХСИЙ ҲОЛЛАРДА ЙИРОҚЛИҚ
Яқин қариндошлар орасида бўлган никоҳлар қиз ила йигитнинг ўзлари учун ҳам, болалари учун ҳам зарарлидир. Бундай никоҳлардан кўпроқ вақт болалар заиф, аъзоларида камчилик ёки хаста бўлажаклари синаб кўрилмишдир. Шунинг учун никоҳ этилажак эр ила қиз қариндошлик, мамлакат, иқлим жиҳатларидан мумкин қадар бир-биридан йироқ бўлувлари лозим.
АҚЛЛИ БИР ХОТУННИНГ НАСИҲАТИ
Қизини куёвга бергандан сўнг араб хотунларидан ақлли бири қизига ушбу равишда насиҳат қилмишдир:
«Эй қизим! Бу кундан бошлаб бизнинг қўлимиздан кетдинг, иккинчи бир бегона одамга ёру йўлдош бўлдинг! Сенинг учун бахту тавфиқ тиловчи онанг тарафидан сўзланажак ушбу насиҳатларни шояд тингларсан ва мумкин бўлганида ўрнига қўюрсан.
Қизим! Эринг дунё сафарида ўзига йўлдош, қайғуларида бирга қайғурувчи, шодликларида бирга шодланувчи йўлдош бўлмоқ умиди ила сени қабул этди. Зинҳор унинг умидини пучга чиқарма! Ҳар вақт: «Шукрлар бўлсин, мақсудим бўлди»,— деб сўзласин ва сендан ризо бўлиб юрсин!
Қизим! Тез кунда дунё кутмоққа киришажаксан. Дунё кутувда кўп эътиборга олиш керак бўлган нарсалар бор. Эрингнинг яқинларини, кўпроқ қайнонанг, қайнотангни ҳурмат қил! Уларни ўз отанг, ўз онанг мисолида кўр! Уларнинг болаларини,туғишганларини ҳукмида ҳисоб эт. Қайнонанг ва қайнотанг тарафидан бўлган насиҳатларни ўрнига келтир! Ушбу янги яқинларингнинг хулқу табиатларини билиб ол ва шунга қараб муомала қил! Булар ила оранг бузулувидан сақлан! Чунки бунинг оғирлиги эринг устига тушар. Сенинг томондан бўлса, ўз яқинларинг хотирлари қолур, улар томондан бўлса, сени қизғанадир, бунинг қайғуси ила эринг емоқ-ичмоқдан қоладир ва бир кун касал бўлиб тўшакда ётиб қоладир. Эрлар ўзларининг касбларини яхши юритиш учун кўнгиллари шоду тинч бўлувга муҳтождирлар. Юрт ичида озгина қайғу бўлса-да, уларнинг касбларига зарар қиладир.
Қизим! Эрингдан ҳеч бир сирингни яширма! Эрингдан бошқа кишига сир айтма. Киши кўз ўнгида эрингга қарши бир ҳарф сўз айтма, чеҳрангни бузма. Эрлар хотунлари тарафидан бўлган энг зўр камчиликларни кечира оладирлар, аммо киши олдида озгина нарсани ҳам ҳазм қила олмаслар. Бу нарса уларнинг табиатларига хилоф бир ишдир. Шунинг учун бу тўғрида улар айбли бўлмаслар. Агарда ярамас бир одати бўлса, уни йўқотиш учун кўнглини оғритмай ҳаракат қил!
Қизим! Эринг хуш кўрмаган ишлардан, кўнглига ботадиган одатлардан йироқ бўл. Унинг рашкини келтиражак ҳеч бир нарса қилма, кўрсатма. Эрингнинг молини сақлаб тут, исроф қилма!
Қизим! Уйинг тартибли ва ҳар бир нарса ўз ўрнида бўлсин. Болаларингни эрингга суюкли этишга, эрингни ҳам болаларинга севдиришга тириш. Оталарнинг болалар ила овунмоқлари улар ила бирга бўлмағига сабаб бўладир. Болаларини севгучи эрлар кўп вақт тавфиқли бўлурлар ва болалари ила овуниб, бошқа тегишсиз ерларга кўз солмаслар, бормаслар.
Қизим! Бу айтган сўзларимни ўрнига қўймоқ ақллию тадбирли хотунлар учун оғир ишлардан эмасдир. Ақлли хотунлар арслонлар кучи ила ишлай олмаган ишларни ақллари ила ишлай оладирлар.
Қизим! Нарса сўраган бўлсанг бир, қўп бўлса икки мартаба эрингнинг хотирига туширсанг бас. Шундаи ортиқ қийнама, безовта қилма!
Қизим! Эрларнинг энг севган нарсалари хотунларининг шод ўлароқ уй хизматларини қилиб юрган вақтларидир. Эри ёнида юрувчи ва ҳар вақт хизмат этувчи ва эрига-да шод кўринувчи хотунларни эрларига ёмон кўрсатишга ҳеч кимнинг кучи етмас. Эринг ишига кетганида кузатиб қўй, қайтиб келганида кутиб ол! Эрингдан кеч қолмай уйқуга ёт, ундан олдин тур!
Қизим! Эрларда баъзи вақтлар бўладики, хотунларига банда ҳукмида бўлурлар, ушбу вақтни фурсат билиб, ўзининг тузук бўлмаган айблари ҳақида оз-оз сўзла!
Қизим! Дунё ҳар вақт неъмат бўлиб турмас, баъзи вақт оғулари, тиканлари, найзалари ҳам бўладир. Эринг ила орангизга хилофлик тушса, совуққонлик ила сўзла, қизим, юзингни ва товушингни ўзгартирма! Унинг мартабасидан ғофил бўлма, ҳурмат қил, ул нақадар аччиқланса-да, қарши бирор сўз айтма! Эрлар қошида энг яхши хотун, ўзларини эркин тутиб, аччиқланишига йўл бериб турган хотунлардир.
Қизим! Агарда Оллоҳ таоло болалар берса, уларнинг танларини ўзинг тарбия қил! Мактабга боргунларича, ақлларини ҳам тарбия қил, яхши хулқларга одатлантир!
Қизим! Ҳар ишда ишонганинг Оллоҳ таоло бўлсун! Ҳар бир умидинг Оллоҳ таоло ҳазратидан бўлсун! Оллоҳ таоло буюкдир, ҳар нарсани биладир, кариму раҳимдир.
Ushbu risolada qiz bolayu ayollarning kundalik hayotlarida zarur bo’lgan go’zal xulq va atvor, oila mustahkamligi, shuningdek, iymonu dunyolarining saodatlari uchun rioya qilishlari lozim bo’lgan muhim vazifalar ibratomuz hikoyalar orqali bayon etiladi. Risolada umr yo’ldoshini tanlash, nizom va itoat, tangriga qulluq, ota-ona hurmati, ezgulik, ziynat, go’zal axloq, salomatlikni saqlash, yurt tarbiyasi, nikoh, er bilan xotin o’rtasidagi birlik va do’stlik kabi har bir oila bilishi shart bo’lgan zaruriy bilimlar haqida gap boradi.
RIZOUDDIN IBN FAXRUDDIN
AHLU AYOL
Tarjimon Teshavoy Ziyoev
Insonlarning dinu dunyolarini tuzatmak matlub bo’lsa, eng avval go’zal xulqqa ega bo’lmoq ila oilalarni tuzatingiz. Oilalar tuzalganidan so’ng din ham, dunyo ham tuzalur.
RIZOUDDIN IBN FAXRUDDIN
YO’LDOSH
Ey, bolalar! Dengizlardagi kemalarda, quruqlikdagi temir yo’llarda, aravayu mashinalarda yuruvchilar yel kabi uchib — oshiqib borurlar. Lekin ushbu ravishda tez yursalar-da, yeyurlar, choy ichurlar, yoturlar, tururlar va uxlarlar, o’ynarlar, kulurlar, qayg’ururlar va ko’z yoshi to’kurlar.
Bunday hollarni juda ko’pingiz o’z ko’zlaringiz ila ko’rgandirsiz, ko’rmaganlaringiz kishilardan eshitib bilgandirsiz.
Bu kunda shaharlardagina emas, qishloqlarda ham temir yo’llarda, kemalarda yurmagan odamlar ozdir. Juda ko’p xotun-qizlar, yosh bolalar ko’pmi-ozmi bo’lsa-da, yururlar.
Yiroq safarlarga chiqqan odamlar o’zlariga qulay bo’lgan bir yo’ldosh ila birgalikda chiqurlar. Agarda uydan chiqqanda qulay yo’ldosh topilmagan bo’lsa, paroxod va temir yo’l vagoniga kirganlaridan so’ng biror yo’ldosh toparlar va shuning ila birgalikda borurlar.
Temir yo’l vagonlarida, kemalarda yuruvchi odamlar ko’p vaqt o’zlari yurub-borub turuvlaridan g’ofil bo’lurlar, yurib turganliklari — daraxtlarning, tog’larning ortda qolganlarini ko’ribgina xotirlariga tushadir.
Biz yo’lda ekanmiz deyurlar. Qirlarda, sahrolarda ot-arava ila yurgan vaqtlarida ham bunday hol bo’ladir. Sinab ko’rgan bo’lsangiz o’zingiz ham bilursiz.
DUNYO SAFARI
Dunyoda yashab turuvchi xalqlar ham safar holidadirlar. Yer yuzida yashovchi odamlar, shuningdek hayvonlar ham, har biri bir yoqg’a qarab safarga chiqarlar va hech to’xtovsiz borib turadurlar. Bu xalqlar kerak yeb-ichmakda o’tursinlar, kerak uyg’oq, kerak uyquda bo’lsinlar, kema va temir yo’l vagonlarida bo’lg’anlar misolida hamisha safardadirlar, borurlar, oldilarida juda yiroq ko’rilgan narsalar soat sayin yaqin kelib turadir. Yangigina ortlarida qolg’an narsalar juda yiroq ketgan bo’ladir.
Temir yo’llar vagonlari ila suvda suzib yurgan kemalarda oshiqib borganlari kabi dunyo safarida ham xalqlar juda oshiqib bormaqdadirlar.
O’zlarining dunyo safarida ekanlarini bilmagan va oshiqib ketganlarini sezmagan kishilar atroflariga qarasinlar. Shul vaqt o’zlarining oldinma-ketin yurib turmakda ekanlarini ochiq bilurlar; yoshlar keksa bo’lganlar, keksalar dunyodan o’tganlar, yo’qlar dunyoga kelganlar, dunyoga kelganlar o’sib, maktablarga bora boshlaganlar.
Bolalar dunyoga kelganlarida hech narsa bilmaslar, bir ishga ham kuchlari yetmas. So’ngra o’tira boshlaydir, kuladir, yeyadir, o’ynaydir va oyoqlarida yuradirlar. Tishlari chiqib, maktablarga boradirlar, o’qish, yozishni o’rganadir. Uylanadirlar, ota-ona, so’ngra buvi va buva bo’ladirlar. Sochlari oqarib, tishlari tushadir. Bellari bukchayar, kuchlari tugar. Demak, bu narsalar dunyo safarining yomlari (“ yom”- chopar otlari uchun bekat ), temir yo’l, suv yo’llarining oxirgi bekati bo’lur.
DUNYO SAFARIDA YO’LDOSH
Temir yo’l vagonlarida, kemalarda yuruvchilarning biror yo’ldoshga muhtoj ekanliklarini bildik. Shuningdek, dunyo safarida bo’lgan odamlarda o’zlari uchun biror yo’ldoshga muhtoj bo’ladirlar. O’zlariga bir yo’ldosh topadirlar. Bu yo’ldoshga «tiriklik yo’ldoshi» deyurlar.
Bolalar o’sib, kishi bo’lganlaridan boshqalarning tarbiyalaridan qutulib, odam qatoriga kirganlaridan so’ng bir «tiriklik yo’ldoshi» saylamak odatdir. Tiriklik yo’ldoshi erlar uchun xotun va xotunlar uchun er bo’ladirlar. Bu dunyoning nizomi qadimdan ushbu ravishda kelmish, bundan so’ng ham shunday bo’lajakdir.
Demak, ushbu yo’ldosh tutmoqni uylanmak, xotun olmak va erga tegmak deyurlar. Xotun olmak va erga tsgmak dunyo safari uchu tiriklik yo’ldoshini saylab olmak demak bo’ladir.
Temir yo’l vagonlarida, kemalarda bo’lgan yo’ldoshlar ila tiriklik yo’ldoshlari orasida ayirma juda kattadir. Avvalgisi vaqtli yo’ldoshginadir. Ammo so’ngg’isi bir jonu bir tan bo’lajak yo’ldoshdir. Tiriklik yo’ldoshi umrlik yo’ldosh bo’ladir. Har turli qayg’ular, har turli shodliklar uning ila birga va o’rtoq bo’ladir.
NIZOM VA ITOAT
Dunyoda nizomsiz va tartibsiz bir ish yo’qdir; qushlar o’zlari uchun uya yasaydirlar. Bu vaqt ona qushlarga ota qushlar yordam beradir.Ona qush uyada o’tirib bola chiqargan vaqtda ota qush chetdan rizq tashib, uni to’ydiradir. Bolalar chiqqanidan so’ng ota qush ila ona qush birlikda bolalarini tarbiya qiladirlar, birlikda uchishga o’rgaturlar. Bu esa bir nizomdir.
Qumursqani ko’rmagan va bilmagan bola bo’lmas. Ushbu juda kichik bo’lgan maxluq qish kuni uchun ozuqni yoz kuni hozirlab qo’yadir. Buning ozuqi har turli donlardir. Qish bo’yicha yetarlik etib, uyasiga donlar yig’adir. Donlarga suv tegsa, ko’karur, buziladur. Shuning uchun qumursqalar qish uchun hozirlagan donlarini juda quruq asrashga, nam tegmaslikka tirishurlar. Agarla bir ofat bo’lib, nam tegsa, issiq va quruq kunlarda uyadan tashib, quyosh nuri tushib turgan yerga yoyib quritadirlar.
Qurib bitganidan so’ng uyalari ichida bo’lgan omborlariga tashib qo’yadirlar.
Ovqat bo’lajak donlarni birgina qumursqa sudrab olishga kuchi yetmasa boshqalarini yordamga chaqiradur. Qumursqalar hech qaysarlik qilib turmay yordamga boradilar. Donni birgalashib boshoqdan tortib olurlar-da, uyalariga olib ketadirlar. Qaysi biri boshoq ustiga chiqib don tushirib turadir, qaysi biri pastdan shu donlarni uyaga tashiydir.
Qumursqalar og’ochlarda turuvchi mayda hashoratlarni tashib, uyalarig’a olib ketadirlar, ulardan ham o’zlari uchun bol yasaydurlar. Bu ham nizom. Qumursqalar nizomg’a itoat qilmaklari uryadnik (“uryadnik”— chor Rossiyasida uezd politsiyasidagi eng kichik unvon), stanovoy (“stanovoy”— uezd politsiya boshlig’i), gorodovoylarning (“gorodovoy”— mirshab) qamchi, miltiq va zindonlaridan qo’rqib emas, balki nizom hurmatli bo’lgani uchundir. Aqlli va ilmli maxluqlar har vaqt nizomni hurmat qiladirlar va hurmatli bo’lgani uchun unga itoat qiladirlar.
AHLU AYOL
Sizning ota-onangiz, bobo-buvingiz Islom dini o’rgatgan ravishda bir-biriga tiriklik yo’ldoshi — er-xotun bo’lmishdirlar. Ular dunyo safarida bir-biriga yordam etishib boradirlar. Qayg’uyu hasrat vaqtlarida bir-birini yupatadirlar. Sabr qilishga, Olloh taoloning rahmatiga sig’inishga bir-birini undaydirlar. Shodlik bo’lsa, birga baham ko’radirlar. Boshqa bolalarning ota-onalari ham, buvi-buvalari ham shundaydir. Bobolaru otalar tarbiyasida turuvchilarga «ahlu ayol» deyurlar.
Qushlar, qumursqalar va boshqa maxluqlar dunyoda nizom ila turganlari kabi ahlu ayol ham bir nizom bo’yicha turadir. Nizomni yuritish uchun ahlu ayol ichida uryadniklar, stanovoylar bo’lmas, lekin ular o’z insoflari ila ahlu ayol nizomlarini o’rniga keltirurlar. Ilmliyu aqlli xalqlar nizomlarni boshqalardan qo’rqib emas, balki nizom hurmatli bo’lgani uchun uning huzurida bosh bukib, bo’ysunib turadirlar.
Nizomlarga itoat qilmoq uchun kerakli bo’lg’an xizmatlarni vazifalarni bilib turish lozim. O’z vazifasini o’zi bilmagan odam naqadar tirishsa-da, nizomlarni o’rniga keltira olmas. Shuning uchun bu kitobda yosh qiz bolalar, katta qizlar va xotunlarning vazifalari bayon qilinadir. Shularni bilgan va o’rinlariga keltirganlar ham ahlu ayol nizomi bo’lur. Go’zal hayot kechirilur.
OLLOH TAOLOGA QULLUQ
Eng kichik vaqtidan boshlab bolalarning vazifalari Olloh taolo hazratini suymak va unga qulluq qilmakni o’rganmakdir. Olloh taolo qilishga buyurgan ishlarni o’rniga keltirib, qilmaslikka buyurgan narsalardan tiyilib turmak qulluq qilmak bo’ladir.
Olloh taoloni suygan va qulluq etgan ahlu ayol ichida nizomlar tuzuk bo’ladir, umrlar barakali va foydali bo’ladir.
Bandalarning qulluq etganlaridan Olloh taolo hazratiga bir foyda yo’q, qulluq etmasalar, zarar ham yo’q. Shunday bo’lsa-da, qulluq etuv bandaning ustidagi burchdir. Har kim o’zining ustida bo’lgan burchini vaqtida o’tashi lozim. Qulluq etuv sababidan odam bolasi o’zining «banda” ekanini, Olloh taoloning xo’ja bo’lganini ko’rsatgan bo’ladir.
OTA-ONAGA HURMAT
Ota-onaga itoat etmak va ularga har vaqt hurmat ko’rsatmak eng ulug’ bir vazifadir. Ota-onalariga hurmat etuvchilar dunyoda baxtli va oxiratda savobli bo’ladirlar. Shuning uchun ota-onaga itoat etmak va hurmat ila bo’lmaqni Olloh taolo hazrati farz qilmishdir. Ota-onasiga hurmat etgan bolalarning, bir kun kelur, o’zlari ota- ona bo’lganlaridan so’ng o’z bolalari ham itoat qilurlar,
o’z bolalaridan hurmat ko’rurlar. Ota-onasiga hurmat qilmagan bolalar kimlarni hurmat qilurlar?
Naqadar baxtga va buyuk martabalarga erishgan bo’lsangiz-da, ota-onalaringizni hech bir vaqt unutmangiz! Ularg’a itoatli bo’lib, hurmat qilingiz! Nasihatlarini tinglab,rizoliklarini olingiz, muhtojliqlarini, hasratu qayg’ularini tugatishga tirishingiz! Yiroq yerda bo’lsalar, har vaqt xat yozib yuborib turingiz! Mumkin bo’lganda ziyorat qilingiz! Vafot qilgan bo’lsalar, xayru duo aylangiz, Qur’oni sharif o’qib sadaqalar berib, ularga bag’ishlangiz!
Ota-onaning bolalarining yordamlariga eng muhtoj bo’lg’on kunlari qaruliq vaqtlari bo’ladir. Shunday qilib, bu vaqt ota- onalarga yana ortiq suvratda hurmat qo’rsatmak kerak. Ota-onani har vaqt hurmat etmak vazifa bo’lsa-da, qari bo’lgan ota-onalarning hurmatlari yana ulug’dir. Olloh taolo bularg’a hurmat etmak to’g’risida Qur’oni sharifda alohida nasihat qiladir.
Ota-onani hurmat qilmak vazifa bo’lg’anidek, har bir qarindosh- urug’larni, muallimu murabbiylarni, ulug’u qarilarni ham hurmat qilmak ham vazifadir. Bu vazifa to’g’risida kamchilik etmaslik lozim. O’zidan ulug’larga hurmat ko’rsatgan odamlarga o’zidan kichiklar hurmat ko’rsatadurlar. Odam nima eksa shuni o’radir.
Ota-onaga itoatsizlik, qarindosh, qabila va ulug’larga hurmatsizlik bolalarning har biri uchun ayb bo’lsa-da, bu ishlar qiz bolalar uchun ko’proq katta aybdir.
EZGULIK QILMAK
Dunyoda rohat qilib yashamakni istagan odamlar ezgu ko’ngilli va boshqalarga ezgulik qiluvchi bo’ladir. Ezgu ko’ngilli va xalqlarga ezgulik qiluvchilarning ichi qayg’uli bo’lmas, doim rohatda bo’lib dunyo suradirlar.
Ezgu ko’ngilli odamlar Olloh taolo oldida va bandalar oldida bo’lg’an burchlarini ado qiladirlar. Shuning uchun ko’ngillari azoblanmas.
Odam bolalarini suymak va qo’ldan kelgani qadar ularg’a yordam qilmakni sharafli dinimiz buyuradur. Bu ravishda bo’lganlarga oxiratda savoblar va’da etilgandir.
Tanda bo’lgan a’zolarning biri og’risa, butun badan xasta bo’lur. Shuningdek, odam bolalaridan biriga qayg’u va hasrat kelganini bilg’an odamlarning har biri birlikda qayg’uruvi, hasratlarini o’rtoqlashuvi lozim. Chunki dunyoda bo’lgan odamlar-da, bir tanda bo’lg’on a’zolar ravishindadir. Bu esa, ezgulik etmak bo’lur.
Xalqlarg’a suyukli bo’lmaqni har kim istar, bunda bo’lg’an lazzatni har kim sezar. Lekin suyukli bo’lmak uchun birgina yo’l bordir. U ham bo’lsa, boshqalarg’a ezgulik etmakdir. Ezgulik etuvchilarni har kim sevar va ularga mahabbat qo’yur.
MAKTAB VA O’QIMAK
O’qishni, yozishni bilgan kishilarni mevali daraxtlarga o’xshaturlar. Mevali daraxt mevalari ila xalqlarni rizqlantirub turganlari kabi o’qish-yozishni bilgan odamlar ham o’zlarining ilmlari ila xalqlarni rizqlantirub turadirlar. Shuning uchun o’qish-yozishni yosh bola vaqtidan boshlab o’rganish lozim.
O’tgan umrni qaytarib bo’lmas. Umr eng qimmatli bir davlatdir. Demak bu qimmatli bo’lgan davlatning qadrini bilish kerak. Odam uchun ishonchli bo’lgan kamolat faqat ilmdir. Ilmdan boshqa kamolatlarning hech biri ishonchli emasdir. Bugun bor, ertaga yo’q.
O’qigan narsalarni yaxshi anglash, anglagan narsalarni go’zal xotirlash lozim. O’qimoqning foydasi faqat shul vaqtdagina bo’lur. Yo’qsa, anglar-anglamas o’qimakdan ma’no chiqmas.
Odam ham, hayvon ham insondir, lekin hayvonligi yemak ila, insonligi esa, o’qimak ila bo’lur. O’qimagan kimsalarning to’rt oyoqli hayvonlardan ayirmalari yo’qdir. Buni esa, har kim biladir.
O’qimak o’runlari maktablardir. Maktablarda o’qish-yozishga, Olloh taolo hazratiga qulluq etishga o’rgaturlar. Xalqlar ila qatnasha biluv, ular ila muomala qiluv ravishlari ham maktablarda o’rgatiladir. O’qituvchilar, ya’ni muallimu muallimalar bolalarni hayvonlikdan chiqarib inson qilish uchun tirishuvchilardir. Shuning uchun maktabni ham muallimu muallimlarni suymak va ko’ngil qo’yib o’qimak kerak.
NAZOFAT — POKLIK
Qo’l, yuz, kiyim-kechak, kitob, yozuv va boshqa har turli narsalarni kirsiz, changsiz tutmak nazofatu poklik bo’lur. Bu narsalari kir bo’lg’an kimsalardan odamlar nafrat qilurlar, bezurlar.
Pok bo’lmak, pok yurmakni Islom dini buyurur. Odamlar-da, pok bo’lgan va pok yurganlarni sevarlar. Shuning uchun nazofatu poklikka yosh vaqtdan o’rganish va odatlanish lozim.
Poklikka o’rganuv va odat qiluv ko’proq qiz bolalar uchun keraklidir. Chunki qizlar vaqti kelib, katta bo’lub yurt xizmatlari ila shug’ullanajaklar, ahlu ayol butunlay bularning tarbiyalarida bo’lajakdirlar.
Nazofatu poklik eng maqtovli bir sifat ekani ma’lumdir. Eng jirkanchu iflos odamlar-da, nazofatu poklikni sevadirlar, iflosu najis kishilardan irganadirlar.
Nazofatsizu iflos odamlarning go’zalliklari ham ko’zga ko’rinmas. Naqadar go’zal bo’lsa ham iflos odamlardan xalqlar nafrat qiladirlar. Ularning yaqinlarida yurishni ham yoqtirmaslar.
Qizlar uchun eng zo’r jihoz va eng ulug’ boydik nazofatu poklikdir. Buni har vaqt xotirda tutish va har vaqt shunga amal qilish lozim.
Poklik soat sayin sabun ila yuvinib turmak emas, har kun kirlarni, pol va boshqa yurt (uy) narsalarini ketma-ket yuvmak ham emas, balki har narsani o’zining hojat vaqtida yuvmak, yuvilgan a’zo va narsalarni sof holicha tutmaqdir. Bo’lmasa, o’rdak sifat bir yoqdan yuvinub, ikkinchi yoqdan ifloslanub turmak poklik bo’lmas.
ZIYNAT
Qiz bolalar va xotunlar uchun ziynatlarning eng yaxshisi, yuqorida so’zlaganimiz, poklik ham nazofatdur. Bunga har vaqt e’tibor qilib turish kerak. Takabburlik qilish niyati ila bo’lmasa, boshqa turli ziynatlardan-da, shariat man’ etmaydir. Shunday bo’lsa ham ba’zi bir ziynatlar bordirki, musulmon qizlari va xotunlari uchun muvofiq bo’lmas.
Boshqa bir xotun-qizning sochini boshida chambarak qilmoq, betu qo’llarni upa-eliklar bilan bo’yab yurmak, tishlarga tish qorasini surtmaq, sochlarni bor bo’yicha yoyib yurmak muvofiq bo’lmag’an ziynatlardandir. (Ulama) sochlar kasal odamlardan va o’lgan xotun-qizlardan kesilib olingandir, ba’zi vaqt ovqat topa olmay yurgan faqir xotun-qizlar o’z sochlarini ochdan o’lmaslik uchun sotadurlar.
Kasallarning sochlarini taqib, kasal yuqishi va shuning sabablaridan kasal bo’lishi mumkin. Och, o’lar darajasiga kelgan faqirlarning sochlarini taqib chiroyli bo’lib yurmak odamgarchilikdan bo’lmas.
Upa-eliklarga va boshqa bo’yoqlarga ko’pincha zaharli narsalar qo’shilg’an bo’ladir. Bu og’ular tanga va aqlga zarar keltiradir. Shuning uchun ham betu qo’llarni bo’yab yurmakdan saqlanish lozim.
Tish uchun eng foydali narsa o’zlarining tishlarida bo’lg’an yaltiroqlaridir. Tish qarosi va boshqa narsalar surtish sababidan bu yaltiroqlik bitadir-da, tish buzilar, tuzimsizga aylanadi. Tishning xizmati eng ko’p bo’lgani uchun mumkin qadar, uni saqlamoq, tishlarida bo’lg’an yaltiroqlarini salomat tutish kerak bo’ladir.
Soch o’rimlariga tangalar tizib qo’ymoq, katta cho’lpilar’ (cho’lpi — ziynat uchun soch o’rumlariga osib qo’yiladigan kumush yoki oltin tanga ) osmoq, bo’yinga kumush tangadan bo’yinturuq (xasila) taqmoq, tor kuylak va boshqa kiyimlar kiyib yurmak, bellarini qisib bog’lamak zararli narsalardir.
GO’ZAL AXLOQ
Odam bolasining bahosi, qadru hurmati axloqig’a qarab bilinur. Go’zal axloqli kimsalar eng mo»tabar bo’lib, axloqsizlar esa xalq qoshida qadrsiz bo’lurlar. Odam bolasining yosh chog’ida o’rgangan odobi qabriga qadar birga yo’ldosh bo’lib boradur. Shuning uchun go’zal axloqni yosh vaqtida o’rgatish kerak.
Go’zal axloq har bir kishi uchun kerakli bo’lsa-da, qiz bolalar uchun ko’proq keraklidir. Ahloqsiz qizlar xalq orasida yaxshi ism chiqara olmaslar, e’tiborlari ham bo’lmas.
Go’zal xulqlarning onasi hayo ila iffatdir. Bir qizda agar hayo ila iffat bo’lsa, xulqlarning har biri bo’ladir.
Takabbur bo’lmoq, yolg’on so’zlamoq, so’z yurtmoq, orsizu nomussiz bo’lmoq, Islom adablarini e’tiborsiz tutmoq ham hayosizlik, ham iffatsizlik bo’ladir.
SALOMATLIKNI SAQLAMOQ
Odam bolasining eng zo’r boyligi o’zining tani-jonining salomat bo’lmog’idir. Odam bolasi ushbu zo’r boyliqning qadrini ko’p vaqt bilmay o’tkazadir. Tani salomat bo’lmagan odam butun dunyoga xoja bo’lsa-da, ko’ziga ko’rinmas, ozgina bo’lsa ham rohat ko’rmas. Eng ko’p kasalliklar nimadan kelib chiqishi ma’lumdir. Shularni bilib, o’zini ehtiyot qiluvchilar ko’p vaqt salomat kun o’tkazadirlar. Shuning uchun kasalliklarga sabab bo’la turgan narsalardan saqlanmoq lozim.
Tan qizigan holda sovuq suv ichmoq, terlagan holda sovuq havoga chiqmoq, ko’mir isi bor yerda o’tirmak, yog’li narsalarni, ham go’sht ko’p yemoq, araq ichmoq, ko’knori chekmoq kasallik keltiruvchi sabablar bo’lgani ma’lumdir.
O’shandoq tanu kiyimlarni pokiza yuritmoq, o’rinlarni pok tutmoq, tahorat olmoq va g’usl qilmoq (g’usl qilmoq — cho’milmoq),farz namozlarni, farz ro’zalarni tutmoq, uy ichida bo’lgan xizmatlarni boshqarmaq salomatlikning eng zo’r sabablaridandir.
Xotin-qizlar yurt qarovchilari bo’lganliklaridan kasal bo’lib qolganlarni tarbiya etmak xizmati ham ko’p vaqt ular ustida bo’ladir. Yurt ichida to’satdan bir odam kasal bo’lib qolsa, kasallarni tarbiya qilishga o’rganmagan xotin-qizlar dovdirab qoladirlar.
Shuning uchun kasalliklarning sabablarini bir oz bilmoq kerak bo’lgani kabi, kasal bo’lib yotuvchilarni tarbiya qilmoq ravishlarini ko’proq qiz bolalar bilmog’i lozim.
YURT TARBIYASI
Yurtlarni, uylarni tarbiya etib tutmoq xotunlar ustidagi xizmatdir. Yurt tarbiyasi eng zo’r va mashaqqatli xizmat bo’lgani uchun uni yosh chog’ida, bola vaqtida bilib o’rgana boshlash kerak. Bola chog’ida, qiz vaqtida yurt tarbiya qilishga o’rganmagan kishi xotun bo’lgach o’lguncha tirishsa-da, o’rganib ololmas.
Pichoq, ochqich, gugurt, qaychi, lampa, qalam, siyoh, qog’oz kabi narsalar, xususan oshxona asboblarining har biri o’ziga bir belgili o’rinda bo’lishi, kerak vaqtlar-da shu narsalarni o’rinlaridan olib, o’rinlariga qo’yish kerak.
Samovaru choynak, pichoqu sochiq, qoshiqu kosa kabi yemoq-ichmoq narsalarining sof va oshxona ham uyning boshqa o’rinlari pok bo’lmag’i shul yurtda bo’lg’an xotun-qizlarning uquvlarini bildirib turadir.
Yurt tarbiyasi ilmini bilmoq, ishlar uchungina emas, balki ishlata bilmoq uchun ham kerakdir. O’zlari yurt tarbiyasi ilmini bilmagan xotunlar naqadar ko’p xizmatchi xotunlarni tutsalar-da, uylarida tartib bo’lmas.
Har bir yurt tarbiya eta bilmak ilmini qiz vaqtida va bola chog’ida bilmog’i lozimdir.
Farz va haromlarni, makruhu sunnatlarni o’rganganliklaridan so’ng qizlar uchun bilish lozim bo’lgan ilmlar: tikuvchilik, kashta tikmoq, kir yuva bilmoq, osh pishira bilmoq, choy hozirlamoq, uy yig’ishtira bilmoq ilmlaridir.
Har bir qiz eng avval o’z kiyimlarini o’zi bichib, o’zi tikishi, o’zi tikib gul solishi lozim. Er kishilar uchun «kiyim tikib bersangiz» deb, boshqalarga yalinib yurishlari ayb bo’lmasa-da, qizlar uchun bu ish zo’r aybdir. Tikuv-bichuvni bilmagan qizlarni odamlar hisobidan chiqarib, hayvonlar daftariga yozarlar.
Osh pishirish, choy hozirlash, uy yig’ishtirishni bilmak ham qizlar uchun kerakli ilmlardir. Kelajak kunlarda o’zlariga kerakli bo’lg’usi ilmlarni har kim yosh vaqtida bilmog’i lozim. Qizlarning kelajak kunda o’zlari uchun kerakli hunarlari tikuv, bichuv, pishiruv, uy yig’ishtiruv kabi narsalar bo’lajakdir. Ushbu hunarlarni biluv to’g’risida boy bolalari ila faqir bolalari, boy xotunlari ila faqir xotunlari bir tekis bo’lib, oralarida ayirma yo’qdir.
Ey, qizlar! Yurt kutmoq, tikmoq-bichmoq, qiyom pishirmoq, har turli ovqatlar pishirmoq, uy yig’ishtirib, kir yuvishga o’rganib o’singiz! Bu narsalar o’zingiz uchun eng ulug’ hunar bo’ladir. Bularning foydalarini o’zingiz ko’rursiz. Bu ishlar to’g’risida boshqalarga yalinib yurishlardan qutulursiz. Bu ishlarni kambag’al bo’lsangiz ham, boy bo’lsangiz ham o’zingiz qilursiz. Ishlamoq ayb emas, salomat bo’la turib tek (faqat) yotmoq aybdir, buni yaxshi bilingiz!
Bu yerga qadar yozganlarimizning ko’pi qizlariing bola, go’dak vaqtlariga maxsus hollar edi. Ammo bundan so’ng yozajaklarimiz qizlarning o’sib, ulg’ayganlaridan so’ng bo’lajak hollar haqida bo’ladir.
IZDIVOJ- NIKOH
Dunyoda yashovchi odamlar agar tanlari salomat bo’lsa, o’zlari uchun tiriklik yo’ldoshi saylashga, izdivoju nikoh qilurg’a majbur bo’ladirlar. Bu esa, har kimga ma’lumdir.
Xalqlar bozorg’a borgan vaqtlarida ham o’zlarining yo’ldoshlari yaxshi, o’zlariga yararlik ravishda bo’lmog’ini orzu qiladurlar, ko’ngillariga yoqmagan odamlar ila birlikda yuruvdan saqlanadirlar. Holbuki, tiriklik yo’ldoshi besh-o’n chaqirim yerdagi bozorga borish uchun yoki uch to’rt tovlik (tovlik — bir kecha-kunduz) birlikda yurish uchun saylangan yo’ldosh emas, balki umr boricha birlikda turub, birlikda kun o’tkazajak yo’ldosh bo’ladir. Yo’ldoshning yaxshi bo’luvini tekshirmoq yetmas. Balki yo’ldoshlarning xulqini, fe’lini bilishga tirishmoq lozim bo’lgani kabi, o’zining unga yo’ldosh yarab, yaramaganini-da tekshirish lozim.
Ushbu sababdan erga teguvchi qiz erining o’ziga muvofiq bo’lib- bo’lmasligini hamda o’zining shul erga muvofiq bo’lib-bo’lmasligini hisobga olmog’i kerakdir.
Erga teguvchi qizlar uchun kerak bo’lgan tekshiruvlar, xotin oluvchi erlarsa ham kerak bo’ladir. Shuning uchun xotun ila erning kim ekanliklarini va bularning bir biri haqida bo’lg’an vazifalari bu yerda so’zlanur.
XOTUN KIM?
Xotun, shar’iy sharif bo’yincha, bir erning tiriklik yo’ldoshidir. Erining uyiga va yurtiga xoja bo’lib turuvchidir.
Xotun erining mollarini saqlovchi, pulini oz xarajat qilishga ijtihod qiluvchi, erining, bolalarining tanlarini va ko’ngillarini tarbiyalab o’stiruvchi, erida bo’lgan buzuq xulqlarni, buzuq fe’llarni bitirishga sabab bo’luvchidir.
Xotun erining qattiq ko’nglini yumshatuvchi, butun ahlu ayolni bir yerda birlashtirib turuvchi, erining molidan qisib qolib ahlu ayol boshiga kelajak qora kunlar uchun ozmi-ko’pmi mol yig’uvchidir, Xotun qo’g’irchoq emasdurki, o’ynab-o’ynab turilsa, xotun kiyim emasdurki, bugun kiyilib ertaga yechilsa. Xotun hayvon emasdurki, yoqsa asrab, yoqmasa bozorga olib borib sotilsa. Xotun xodima emasdurki, yaxshi xizmat qilsa, asrab, yaxshi xizmat qilmasa, quvib yuborilsa. Balki xotun umrlik bir yo’ldoshdir.
ER KIM?
Er, shar’iy sharif bo’yincha, xotunni o’ziga yo’ldosh bo’lish uchun qabul etib oluvchidir. Ota-onasidan, qarindoshu qabilasidan, tug’ilgan, o’sgan yerlaridan ayrilib o’ziga yor bo’lgan xotunini shariat buyurgan ravishda hurmat qiluvchi va go’zal tarbiya etuvchidir.
Er xotunni mashaqqatlardan, zahmatlardan himoya etuvchidir. Xotunining yangilishib qilgan ishlarini kechirib, yaxshi nasihatlar beruvchi va har vaqt xotunini shafqat qanoatlari ostida tarbiya etib turuvchidir.
Er xotuniga qarshi har vaqt marhamatli bo’lur. Xotunining kuchi yetmagan hizmatlarni bajarishga zo’rlamas. Xotuniga qarshi qattiq ko’ngilli bo’lmoqdan va uydan chiqib ketganida, qaerga ketganini aytmay va bildirmay yurmakdan saqlanadir.
Er o’zining xoja bilib, har vaqt o’z murodini amalg’a oshirishga tirishuvchi bo’lmay, balki shariatu aqlg’a xilof bo’lmagan yerlarda xotunlarining murodlarini ham o’rniga keltiruvchidir. Bor-yo’q narsalar haqida xotunini bezovta qiluvchi emasdur.
Er ila xotunning kimlar ekanliklarini bilgandan so’ng, nikoh adablarini bilmoq kerak. Er ila xotunning o’zlari va bolalari uchun foydali bo’lajak nikohlarda ikki tarafdan rag’bat, xulq va tabiatda muvofaqat (muvofaqat — muvofiqlik) yoshlarda munosabat, kufvlik (kufvlik — tenglik, barobarlik) shaxsiy hollarda bir-biridan yiroqliq bo’lish kerakdir. Ushbu besh turli narsa haqida ayrim-ayrim- suvratda bahs etiladi.
RAG’BAT
Er ila xotun nikohni orzu etsalar va o’zlari uchun kerakli bir narsa deb bilsalargina izdivoj bo’lmog’i lozim. Yo’qsa, har ikkisi yoki ikkisidan biri o’zi uchun nikohni zarur topmasa va uning haqlarini o’rniga keltururlik bo’lmasa, ul vaqt nikohdan foyda ko’rilmas.
Buning ustiga izdivoj etuvchi yigit ila qiz bir-biriga rag’batlari va ko’ngillari ila bir-birini yoqtirib orzu qilishlari lozim. Har ikkisi yoki biri ikkinchisini ko’ngli ila sevmasa, ul nikohdan foyda bo’lmas. Oralarida bir-biriga rag’bat va bir-biriga muhabbat bo’lmagan qiz ila yigitni nikoh ila bir yerga yig’ib qo’ymoq, bir-biriga dushman bo’lgan ikki odamni bir xonaga qamab qo’ymoq shaklidagi bir ishdir.
Kaptar ila qarchig’ay, chumchuq ila yapaloqqush (yapaloqqush — boyo’g’li) bir qafasda yashay olmaslar, it ila tulki, mushuk ila kirpi bir xonada kun ko’ra olmaslar. Oralarida har ikki tarafdan bir- biriga rag’batu muhabbat bo’lmagan er ila xotun ham tiriklik eta olmaslar. Tiriklik etsalar ham rohat yuzin ko’rmaslar, balki butun umrlari zoru mungli, qayg’uyu hasrat ila o’tar.
Yuzning go’zal va qiyofaning muloyim bo’lmoqlari muhabbatu rag’bat tushuvga sabab bo’lgani uchun izdivoj etajak qizu yigit bir- birlarining yuz-qo’llarini, sochlarini qanday holda bo’lsa-da qaramak va ko’rmaklari uchun shar’iy sharif izn bergandir. Agarda ko’rmak mumkin bo’lmasa, ul vaqt ishonchli bo’lg’an biluvchilardan, ko’ruvchilardan so’rash, bilish lozim. Buni yengil hisoblamaq yaxshi emas.
O’zlari eshitmagan, bilmagan, o’zlari orzu etmagan va muhabbati tushmagan yigitlarga qizlarni zo’rlab berishga hech kimning haqqi yo’qdir. Qizlarni zo’rlab nikohlovchilar, bir-biriga muvofiq emasliklarini bila turib, ikki orada dushmanlik qilib, ikki tarafni aldab kelishtiruvchilar, nikoh aqd (aqd — bog’lash) larini yurituvchilar shar’iy sharif hukmiga ko’ra eng ulug’ zolimlaru xoindirlar. Dunyoda bo’lmasa ham ushbu gunohlarning og’irligini oxiratda Olloh taolo huzurida ko’rajakdirlar.
Bir qizni o’zi orzu etmagan odamiga zo’ralab bermak, shu qizni o’ldirmak barobarida qattiq ko’ngillilik bo’ladir. O’ldirmak qayg’usi bir soatda bo’lib o’tadir, ammo bu ravishda zo’rlab bermak sababli qiz bolalardan umr bo’yicha o’lim qayg’usini tatib turuvchilari ko’p bo’ladir.
MUVOFAQAT
Izdivoj etajak qizu yigit xulqu tabiatda bir-biriga muvofiq bo’lishi kerak. Bir-birining xulqu tabiatlarini yoqtirmagan kimsalar bir chaqirim yerga-da, birga bora olmaslar. Endi xulqu tabiatlari bir-biriga muvofiq bo’lmagan qiz ila yigit, dunyo safarida qanday qilib birlikda bo’la olsunlar va qanday qilib bir jonu bir tan bo’la olsunlar?
Bir martaba yuzlarini, bo’ylarini ko’rmak ila yigitu qiz bir- birining xulqu fe’llarini butunlay bilib va sinab ololmaslar. Shuning uchun bu to’g’rida bilganlardan yaxshi va uzoq vaqtlar so’rashishga, ustiga ustak bilib olishga tirishish lozim.
Sutini sog’ib ichajak bir sigir olganlarida odamlar uzoq vaqt shu sigir haqida bilganlardan so’rashurlar, yurtlariga qorovul bo’lib yollanuvchilarni yurt xojalari mazkur odamni tekshirurlar, endi umr boricha birlikda turajak va birlikda dunyo kutajak odam haqida so’ramoq va holini ochiq bilmak uchun ijtihod qilmoq ko’proq lozimdir.
Xulqu fe’llarning birligini ko’rish o’rniga er bo’lajak yigitning molini, kiyimu jihozlarini, ota-onasini tekshiruvigagina qanoat qilsa, oxiri umri bo’yicha o’kinur va o’z- o’zini qarg’ab o’tadir.
Hulqu tabiatlari muvofiq ko’rilmagan holda yolg’iz molu boyliklarga qiziqib, shuhratu darajani nazarga olib izdivoj etuvchilar va qizlarini nikoh etuvchilar odam bolasi ila savdo qiluvchilardir. Chunki bu kabi nikohlar durust ma’nosi ila nikohu izdivoj emasdir.
YOSHLARDA MUNOSABAT
Nikoh qilajak kimsalar juda qari yoki juda yosh bo’lmasligi, buning ila barobar oralarida izdivoj bo’lajak qiz ila yigit yoshlari bir-biriga muvofiq bo’lmog’i kerak. Nikoh qilinajak qiz ila yigit yoshlari orasida munosabat bo’lmag’ini tabiatning o’zi majbur qiladir. Tabiatga hilof bo’lgan nikohlar ishonchli nikohlar emasdir.
Fan ahllari va tabiblar nikoh vaqtini qizlar uchun 18 ila 30 orasida, yigitlar uchun 25 ila 37 orasida bo’lg’an yoshlarni belgilamishlar. Bularga ko’ra qizlarga 19, yigitlarga 25 ga yetmasdan oldin hamda qizlarga 31 dan, yigitlarga-da 37 dan so’ng bo’lgan nikohlar vaqtsizdir. Ushbu yoshlari yetmagan yoki o’tgan kimsa-lar, juda katta zarurat bo’lmaganda izdivoj qilmasliklari kerak.
Ammo izdivoj qilajak yigit ila qiz orasidagi yoshlarning munosabatlarini fan ahli va tabiblar xotun bo’lib borajak qiz o’ziga er bo’lajak yigitdan olti yosh miqdorida kichik bo’luvi lozim, ammo o’n yoshdan ortiq ayirma hech muvofiq emasdir deydilar.
KUFVLIK (TENGLIK,BAROBARLIK)
Tiriklik yo’ldoshlari, ya’ni er ila xotun orasida shul vaqt birlik va do’stlik bo’ladir, qachonki ular bir-biriga teng bo’lsalar.
Bo’lmasa yuqori bo’lgan taraf past tarafni kamsitib turur-da, buning sababidan ora buzilur. Shuning uchun boylik, nasl, ilmu tarbiya to’g’risida yigit ila qiz bir o’lchovda bo’lmog’i kerak. Lekin tarbiyali,ilmli, go’zal xulqli bo’lgan qiz ila yigitni teng sanamasga hech kimning haqqi yo’qdir.
Tarbiyali, ilmli va go’zal xulqli qizlarga fahshxonalarda yuruvchi, unda-bunda mast bo’lib yotuvchi boy bolalari kufv bo’lmaslar. Yolg’iz boyligiga qiziqib, adabliyu tarbiyali qizlarni boylarga bermoq zulm bo’ladir. Dunyoning rohati boylikda emas. Lekin yoshlik yanglishi o’laroq ba’zi qizlarning o’zlariga kufv bo’lgan kimsalarni kufv ko’rmasliklari, kufv bo’lmaganlarni kufv sanamoqlari-da mumkin. Shuning uchun nikoh to’g’risida qizlaru yigitlar kattalar hamda tajriba ahllarning har bir so’zlarini juda yaxshi tinglashi, mahorat ila taftish qilmag’i kerak.
SHAXSIY HOLLARDA YIROQLIQ
Yaqin qarindoshlar orasida bo’lgan nikohlar qiz ila yigitning o’zlari uchun ham, bolalari uchun ham zararlidir. Bunday nikohlardan ko’proq vaqt bolalar zaif, a’zolarida kamchilik yoki xasta bo’lajaklari sinab ko’rilmishdir. Shuning uchun nikoh etilajak er ila qiz qarindoshlik, mamlakat, iqlim jihatlaridan mumkin qadar bir-biridan yiroq bo’luvlari lozim.
AQLLI BIR XOTUNNING NASIHATI
Qizini kuyovga bergandan so’ng arab xotunlaridan aqlli biri qiziga ushbu ravishda nasihat qilmishdir:
«Ey qizim! Bu kundan boshlab bizning qo’limizdan ketding, ikkinchi bir begona odamga yoru yo’ldosh bo’lding! Sening uchun baxtu tavfiq tilovchi onang tarafidan so’zlanajak ushbu nasihatlarni shoyad tinglarsan va mumkin bo’lganida o’rniga qo’yursan.
Qizim! Ering dunyo safarida o’ziga yo’ldosh, qayg’ularida birga qayg’uruvchi, shodliklarida birga shodlanuvchi yo’ldosh bo’lmoq umidi ila seni qabul etdi. Zinhor uning umidini puchga chiqarma! Har vaqt: «Shukrlar bo’lsin, maqsudim bo’ldi»,— deb so’zlasin va sendan rizo bo’lib yursin!
Qizim! Tez kunda dunyo kutmoqqa kirishajaksan. Dunyo kutuvda ko’p e’tiborga olish kerak bo’lgan narsalar bor. Eringning yaqinlarini, ko’proq qaynonang, qaynotangni hurmat qil! Ularni o’z otang, o’z onang misolida ko’r! Ularning bolalarini,tug’ishganlarini hukmida hisob et. Qaynonang va qaynotang tarafidan bo’lgan nasihatlarni o’rniga keltir! Ushbu yangi yaqinlaringning xulqu tabiatlarini bilib ol va shunga qarab muomala qil! Bular ila orang buzuluvidan saqlan! Chunki buning og’irligi ering ustiga tushar. Sening tomondan bo’lsa, o’z yaqinlaring xotirlari qolur, ular tomondan bo’lsa, seni qizg’anadir, buning qayg’usi ila ering yemoq-ichmoqdan qoladir va bir kun kasal bo’lib to’shakda yotib qoladir. Erlar o’zlarining kasblarini yaxshi yuritish uchun ko’ngillari shodu tinch bo’luvga muhtojdirlar. Yurt ichida ozgina qayg’u bo’lsa-da, ularning kasblariga zarar qiladir.
Qizim! Eringdan hech bir siringni yashirma! Eringdan boshqa kishiga sir aytma. Kishi ko’z o’ngida eringga qarshi bir harf so’z aytma, chehrangni buzma. Erlar xotunlari tarafidan bo’lgan eng zo’r kamchiliklarni kechira oladirlar, ammo kishi oldida ozgina narsani ham hazm qila olmaslar. Bu narsa ularning tabiatlariga xilof bir ishdir. Shuning uchun bu to’g’rida ular aybli bo’lmaslar. Agarda yaramas bir odati bo’lsa, uni yo’qotish uchun ko’nglini og’ritmay harakat qil!
Qizim! Ering xush ko’rmagan ishlardan, ko’ngliga botadigan odatlardan yiroq bo’l. Uning rashkini keltirajak hech bir narsa qilma, ko’rsatma. Eringning molini saqlab tut, isrof qilma!
Qizim! Uying tartibli va har bir narsa o’z o’rnida bo’lsin. Bolalaringni eringga suyukli etishga, eringni ham bolalaringa sevdirishga tirish. Otalarning bolalar ila ovunmoqlari ular ila birga bo’lmag’iga sabab bo’ladir. Bolalarini sevguchi erlar ko’p vaqt tavfiqli bo’lurlar va bolalari ila ovunib, boshqa tegishsiz yerlarga ko’z solmaslar, bormaslar.
Qizim! Bu aytgan so’zlarimni o’rniga qo’ymoq aqlliyu tadbirli xotunlar uchun og’ir ishlardan emasdir. Aqlli xotunlar arslonlar kuchi ila ishlay olmagan ishlarni aqllari ila ishlay oladirlar.
Qizim! Narsa so’ragan bo’lsang bir, qo’p bo’lsa ikki martaba eringning xotiriga tushirsang bas. Shundai ortiq qiynama, bezovta qilma!
Qizim! Erlarning eng sevgan narsalari xotunlarining shod o’laroq uy xizmatlarini qilib yurgan vaqtlaridir. Eri yonida yuruvchi va har vaqt xizmat etuvchi va eriga-da shod ko’rinuvchi xotunlarni erlariga yomon ko’rsatishga hech kimning kuchi yetmas. Ering ishiga ketganida kuzatib qo’y, qaytib kelganida kutib ol! Eringdan kech qolmay uyquga yot, undan oldin tur!
Qizim! Erlarda ba’zi vaqtlar bo’ladiki, xotunlariga banda hukmida bo’lurlar, ushbu vaqtni fursat bilib, o’zining tuzuk bo’lmagan ayblari haqida oz-oz so’zla!
Qizim! Dunyo har vaqt ne’mat bo’lib turmas, ba’zi vaqt og’ulari, tikanlari, nayzalari ham bo’ladir. Ering ila orangizga xiloflik tushsa, sovuqqonlik ila so’zla, qizim, yuzingni va tovushingni o’zgartirma! Uning martabasidan g’ofil bo’lma, hurmat qil, ul naqadar achchiqlansa-da, qarshi biror so’z aytma! Erlar qoshida eng yaxshi xotun, o’zlarini erkin tutib, achchiqlanishiga yo’l berib turgan xotunlardir.
Qizim! Agarda Olloh taolo bolalar bersa, ularning tanlarini o’zing tarbiya qil! Maktabga borgunlaricha, aqllarini ham tarbiya qil, yaxshi xulqlarga odatlantir!
Qizim! Har ishda ishonganing Olloh taolo bo’lsun! Har bir umiding Olloh taolo hazratidan bo’lsun! Olloh taolo buyukdir, har narsani biladir, karimu rahimdir.