Тонг шукуҳидан маст чўпон бола кунгайда ўтлаётган қўйларга бир кўз ташлади-да, белбоғини ёзди, китобини олиб, нонни қайта ўраб қўйди. Тун ярмидан оғиб уйдан чиққан бола шу лаҳазаларни, қуёш чиқишини қанчалар кутганди. Аввалига ой ёруғида ҳам китоб варақлаб кўрди, бўлмади. Кеча ойдин бўлса-ку, ўзи биларди-я, эски лампанинг ичини олиб ташлаб, сув тўлдириб, ясаб олган лупасини ой нурига тутар, ундан йиғилиб ўтган ёруғлик китобнинг тугмадек жойини ёритар, шунда эртакларни бемалол ўқийверса бўларди.
Фаррух Жабборов
ОЙ НУРИДА МУТОЛАА
Бадиа
Фаррух Жабборов 1985 йили Жиззах тумани Шариллоқ қишлоғида туғилган. 2007-йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетининг бакалавриатурасини, 2012-йили Ўзбекистон миллий университети журналистика факултетининг магистратурасини тамомлаган. 2006-йили “Ҳуррият” газетасида иш бошлаган. Ҳозирда “Маърифат”- “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририятида хизмат қилади.“Мен қайтиб келаман” (Тоғай Мурод замондошлари хотирасида) китоби, “Олтин кўприк” ёш ижодкорлар тўпламини нашрга тайёрлашда иштирок этган.
Оппоқ тўшларини осмонга бериб ётган тоғлар этагига қўй-қўзилар ёйилиб кетган. Қуёшнинг илк заррин нурлари қорли чўққиларга тушиб, тоғ бошини яшнатиб юборади, азим арчаларнинг учларини ёритади. Сўнг дам ўтмай, нур Қашқабулоқнинг жилғаларида жилваланади, тонг саҳардан муздек сувни сипқораётган болакайнинг кўзларида акс этади. Бир учига тугун илинган, силлиқланиб кетган ирғай таёқ ҳам қуёшда ялтирайди.
Тонг шукуҳидан маст чўпон бола кунгайда ўтлаётган қўйларга бир кўз ташлади-да, белбоғини ёзди, китобини олиб, нонни қайта ўраб қўйди. Тун ярмидан оғиб уйдан чиққан бола шу лаҳазаларни, қуёш чиқишини қанчалар кутганди. Аввалига ой ёруғида ҳам китоб варақлаб кўрди, бўлмади. Кеча ойдин бўлса-ку, ўзи биларди-я, эски лампанинг ичини олиб ташлаб, сув тўлдириб, ясаб олган лупасини ой нурига тутар, ундан йиғилиб ўтган ёруғлик китобнинг тугмадек жойини ёритар, шунда эртакларни бемалол ўқийверса бўларди. Қўй ювош жонивор, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа югуравермайди, бош-бошига ҳар тарафга сочилиб кетмайди, бир жойда айланиб, уюшиб ўтлайди. Шу боис қўй боқиш китоб ўқиш учун зўр имконият.
Ҳадемай адирни қий-чув тутади, тенгдошларининг ўйинқароқ шовқини тоғларда акс-садо беради. Чиллик, қулоқчўзма, пиёда кўпкари, футбол — ўйиннинг ҳам тури кўп-да! У эса нуқул китоб ўқигани-ўқиган. Ундан кўра, тенгқурларига қўшилиб эшакминди ўйнаса бўлмайдими? Ўзи, бу болага ҳеч ким тушунмайди.
— Кўп ўқима, Донишга ўхшаб жинни бўлиб қоласан, — дейди опалари.
— Китобдан бошингни кўтармайсан. Ишдан қочасан-да! Молнинг тагини тозаласанг, шу фойдамасми сенга, — дейди акалари.
Бутун қишлоққа Дониш жинни намуна, унга ўхшаб қолишдан қўрқиб болалар қўлига китоб олмайди. Лекин бу болакай мутолаага муккасидан кетган.
* * *
У доим уйига шошади, гузар олдидаги сада тагида ҳаммаёққа кўлоблатиб сув септириб, пишқириб оқаётган ариққа уч-тўрт пиво ташлатиб, сўрида ёнбошлаб ётган қишлоқдошлари билан ҳам тез-тез ҳол-аҳвол сўрашади-да, таклифларини бир баҳона билан рад этиб, ўнгдаги кўчага бурилади. Ҳалиги одамлар эса ортидан: “Алишер ҳеч элга қўшилмади-қўшилмади-да, одамгарчиликдан чиқиб кетган”, деб бошини сарак-сарак қилиб қолишади.
Алишер кўчага бурилиши билан Субҳонқул бобонинг тути тагига қарайди: бу ерда ҳам шу аҳвол,қўни-қўшни тўпланиб олишиб, қарта ташлашмоқда. Ҳамма уни кўриб бошини кўтаради:
— Э-э, Алишербой, Алишербой!
— Э-э, Алишер ака, Алишер ака!
Даврада отаси қатори ҳам бор, боласи қатори ҳам. Улар хира пашша бўлмайди. Фақат ортидан бир-бирига гап уқтиради:
— Шу ҳам ҳаётми? Китоб қўлтиқлаб ишга шошади, китоб қўлтиқлаб уйга шошади. Яшашнинг завқини билмайди!
— Тўғри-тўғри…
У кечки овқатдан сўнг фарзандлари билан ярим соат-ярим соатдан дарс тайёрлайди. Болалар ухлагач, китобнинг хатчўп солинган бетини очиб, мутолаани келган жойидан давом эттиради…
Унга нима зарил китоб ўқиб?! Абитуриент ёки студент эмаски, имтиҳонларга тайёрланса. Ўқитувчи ҳам эмас, дарсларга ҳозирлик кўрмайди. Умуман, касб-кори китоб билан боғлиқ эмас. Шундай экан, ишдан чарчаб қайтгач, қишлоқдошлари билан муздек ариққа оёқни тиқиб шалоплатиб, муздек пиводан симириб, ўтган-кетган одамларни ғийбат қилиб ўтирса, тунги ўн бир-ўн иккиларда уйга келса, яхши эмасми? Чарчоқлар ёзиларди! Ёки қўшнилари билан қарта ўйнаб, у ёқдан-бу ёққа олиб, ўтган-кетган жувонларга кўз ташлаб ўтириб, вақтни ўтказса? Ёки… хуллас, йўли кўпда-ей! Қирққа кириб, қирчиллама ёшида китобга мук тушиб ўтирса-я?! Мақсади нима ўзи? Шундан завқ оладими? Дунёқарашини кенгайтириб, билимини бойитиб, мартабасини юксалтирмоқчими? У нима учун мутолаа қилишини ўзи ҳам билмаса кераг-ов…
* * *
Бир кишини танийман, ёши етмишга етиб, саксонга сакраган. Лекин икки жойда ишлаб, пенсия олиб, ойига етти юз, саккиз юз минг сўм атрофида топса керак. Буниси бизга қоронғу, аниғи шуки, ҳар ой юз минг сўмга китоб сотиб олади. Ўзимизники-да қолмайди, чет элники-да. Ҳамма сотувчилар уни танийди, хушмуомала қилади. Фақат уларгина китобхон чолнинг “хобби”сини ҳурмат қилишади, бошқаларга эса фарқи йўқ. Шундай бўлса ҳам, кошки эди, лекин бировнинг ишига бурнини тиқадиганлар кўпайиб кетган. «Эрингиз китоб йиққунча, бошқа фойдалироқ нарса йиғса бўлмайдими», дейди қўшни хотинлар кампирига. “Дадангга қойилман-ей, эгнига кийим, қорнига овқат эмас, нуқул китоб олади-я”, деб ҳайратланади болаларининг танишлари. Орқаваротдан эса бу кишим уйланганларида, келинни “ошхона”га туширган, уч хонали уйда китоблардан жой ортмаган-да, дея хохолашади. Бу гаплар эллик йил бирга яшаган олий маълумотли, ойдеккина хотинига-да таъсир қилади: ўт тушсин, касаллик ҳам кўпайиб кетди. Библиофилия дегани бор экан. Шунга чалинганмикин чолим, дея хавотирга тушади.
* * *
Ер юзидаги турфа воқеаларни кўравериб толиққан қуёш бошини хобгоҳига қўйди. Шу пайт у ҳам бир сумка китоб билан кўп қаватли уйларни оралаб ишдан қайтди. Сув эмас, чиқинди тўла ариқлар “соҳил”ида ўтирган, ҳали ёшу, бироқ қариликни бўйнига олиб, бу ёғи нима бўлса бўлди энди, дея таслим бўлган “барра қариялар” серғайрат чолни кўриб, ҳайрат ёқаларини ушлайди.
— Шунга нима экан-а? Қарилик гаштини билмайди. Қачон қарама, типир-типир.
— Китоб жинниси эканлиги аниқ. Шунча ишлаб топганига бир ўрам қоғоз олиб, пулларини ҳавога совуради.
— Энг алам қиладигани бир оёғи гўрда, эрта-индин пақ этиб кетиб қолса, шунча йиққан китобларини болалари шартта мошинга ортади-да, макулатурага топширади-келади.
— Бу одам нима учун китоб ўқир экан-а, ўзи?!
Шивир-шивир, минғир-минғир гапларни у ҳам эшитади. Йўлда учраган ҳар ким билан беҳуда гап талашсанг, умринг қандай ўтганини билмай қоласан, деб ўйлаб, индамай кетаверади. Лекин бу гал майда гаплар ҳам негадир баданини найзадек тешиб ўтди. Тўғри-да, қарийб чорак кам бир аср китоб ўқиди-я. Нима мақсадда? Нега? Нима учун? Жавоб топишга ҳам улгурмади, қўлига илинган китобни олиб, очилган бетига кўз югуртирди. Одати шу, бирор нарсадан юраги сиқилса, тўғри келган китобни тўғри келган жойидан ўқиб кетаверади.
Бирдан сергакланди, муқовага қаради: “Жалолиддин Румий”. Бу асарни неча марта ўқиб чиққан бўлса-да, аммо манави мисраларни Мавлоно худди ҳозир келиб ёзиб қўйгандек, илгари ҳеч қачон учратмагандек, жуда қаттиқ таъсир қилди. Пурҳикмат сўзларни шошмасдан оқ қоғозга чиройли ҳуснихат билан кўчирди. Кўнглига тасалли бериш учунми, ё бутун умр жиғига тегиб келган китобсевмаслар кўрсин, дедими, кўзга ташланиб турадиган жойга, зичлаб китоб терилган жавон ойнасига ҳазрат Румийнинг фикрлари битилган қоғозни ёпиштириб қўйди: “Тан ва руҳ хушхабар ила манзилга ошиққан от ва суворийдек айрилмасдир. Аммо от озиғи суворийга овқат бўлмайди. Ҳар бирининг ўз емиши, ўз насибаси бор. Суворий отни ўз изига сололмаса, у эгасини манзилга эмас, охурга элтади”.
Birdan sergaklandi, muqovaga qaradi: “Jaloliddin Rumiy”. Bu asarni necha marta o’qib chiqqan bo’lsa-da, ammo manavi misralarni Mavlono xuddi hozir kelib yozib qo’ygandek, ilgari hech qachon uchratmagandek, juda qattiq ta’sir qildi.
Farrux Jabborov
OY NURIDA MUTOLAA
Badia
Farrux Jabborov 1985 yili Jizzax tumani Sharilloq qishlog’ida tug’ilgan. 2007-yili O’zbekiston davlat jahon tillari universiteti xalqaro jurnalistika fakultetining bakalavriaturasini, 2012-yili O’zbekiston milliy universiteti jurnalistika fakultetining magistraturasini tamomlagan.2006-yili “Hurriyat” gazetasida ish boshlagan. Hozirda “Ma’rifat”-“Uchitel Uzbekistana” gazetalari tahririyatida xizmat qiladi.“Men qaytib kelaman” (Tog’ay Murod zamondoshlari xotirasida) kitobi, “Oltin ko’prik” yosh ijodkorlar to’plamini nashrga tayyorlashda ishtirok etgan.
Oppoq to’shlarini osmonga berib yotgan tog’lar etagiga qo’y-qo’zilar yoyilib ketgan. Quyoshning ilk zarrin nurlari qorli cho’qqilarga tushib, tog’ boshini yashnatib yuboradi, azim archalarning uchlarini yoritadi. So’ng dam o’tmay, nur Qashqabuloqning jilg’alarida jilvalanadi, tong sahardan muzdek suvni sipqorayotgan bolakayning ko’zlarida aks etadi. Bir uchiga tugun ilingan, silliqlanib ketgan irg’ay tayoq ham quyoshda yaltiraydi.
Tong shukuhidan mast cho’pon bola kungayda o’tlayotgan qo’ylarga bir ko’z tashladi-da, belbog’ini yozdi, kitobini olib, nonni qayta o’rab qo’ydi. Tun yarmidan og’ib uydan chiqqan bola shu lahazalarni, quyosh chiqishini qanchalar kutgandi. Avvaliga oy yorug’ida ham kitob varaqlab ko’rdi, bo’lmadi. Kecha oydin bo’lsa-ku, o’zi bilardi-ya, eski lampaning ichini olib tashlab, suv to’ldirib, yasab olgan lupasini oy nuriga tutar, undan yig’ilib o’tgan yorug’lik kitobning tugmadek joyini yoritar, shunda ertaklarni bemalol o’qiyversa bo’lardi. Qo’y yuvosh jonivor, hali u yoqqa, hali bu yoqqa yuguravermaydi, bosh-boshiga har tarafga sochilib ketmaydi, bir joyda aylanib, uyushib o’tlaydi. Shu bois qo’y boqish kitob o’qish uchun zo’r imkoniyat.Hademay adirni qiy-chuv tutadi, tengdoshlarining o’yinqaroq shovqini tog’larda aks-sado beradi. Chillik, quloqcho’zma, piyoda ko’pkari, futbol — o’yinning ham turi ko’p-da! U esa nuqul kitob o’qigani-o’qigan. Undan ko’ra, tengqurlariga qo’shilib eshakmindi o’ynasa bo’lmaydimi? O’zi, bu bolaga hech kim tushunmaydi.
— Ko’p o’qima, Donishga o’xshab jinni bo’lib qolasan, — deydi opalari.
— Kitobdan boshingni ko’tarmaysan. Ishdan qochasan-da! Molning tagini tozalasang, shu foydamasmi senga, — deydi akalari.
Butun qishloqqa Donish jinni namuna, unga o’xshab qolishdan qo’rqib bolalar qo’liga kitob olmaydi. Lekin bu bolakay mutolaaga mukkasidan ketgan.
* * *
U doim uyiga shoshadi, guzar oldidagi sada tagida hammayoqqa ko’loblatib suv septirib, pishqirib oqayotgan ariqqa uch-to’rt pivo tashlatib, so’rida yonboshlab yotgan qishloqdoshlari bilan ham tez-tez hol-ahvol so’rashadi-da, takliflarini bir bahona bilan rad etib, o’ngdagi ko’chaga buriladi. Haligi odamlar esa ortidan: “Alisher hech elga qo’shilmadi-qo’shilmadi-da, odamgarchilikdan chiqib ketgan”, deb boshini sarak-sarak qilib qolishadi.
Alisher ko’chaga burilishi bilan Subhonqul boboning tuti tagiga qaraydi: bu yerda ham shu ahvol, qo’ni-qo’shni to’planib olishib, qarta tashlashmoqda. Hamma uni ko’rib boshini ko’taradi:
— E-e, Alisherboy, Alisherboy!
— E-e, Alisher aka, Alisher aka!
Davrada otasi qatori ham bor, bolasi qatori ham. Ular xira pashsha bo’lmaydi. Faqat ortidan bir-biriga gap uqtiradi:
— Shu ham hayotmi? Kitob qo’ltiqlab ishga shoshadi, kitob qo’ltiqlab uyga shoshadi. Yashashning zavqini bilmaydi!
— To’g’ri-to’g’ri…
U kechki ovqatdan so’ng farzandlari bilan yarim soat-yarim soatdan dars tayyorlaydi. Bolalar uxlagach, kitobning xatcho’p solingan betini ochib, mutolaani kelgan
joyidan davom ettiradi…
Unga nima zaril kitob o’qib?! Abiturient yoki student emaski, imtihonlarga tayyorlansa. O’qituvchi ham emas, darslarga hozirlik ko’rmaydi. Umuman, kasb-kori kitob bilan bog’liq emas. Shunday ekan, ishdan charchab qaytgach, qishloqdoshlari bilan muzdek ariqqa oyoqni tiqib shaloplatib, muzdek pivodan simirib, o’tgan-ketgan odamlarni g’iybat qilib o’tirsa, tungi o’n bir-o’n ikkilarda uyga kelsa, yaxshi emasmi? Charchoqlar yozilardi! O’ki qo’shnilari bilan qarta o’ynab, u yoqdan-bu yoqqa olib, o’tgan-ketgan juvonlarga ko’z tashlab o’tirib, vaqtni o’tkazsa? O’ki… xullas, yo’li ko’pda-yey! Qirqqa kirib, qirchillama yoshida kitobga muk tushib o’tirsa-ya?! Maqsadi nima o’zi? Shundan zavq oladimi? Dunyoqarashini kengaytirib, bilimini boyitib, martabasini yuksaltirmoqchimi? U nima uchun mutolaa qilishini o’zi ham bilmasa kerag-ov…
* * *
Bir kishini taniyman, yoshi yetmishga yetib, saksonga sakragan. Lekin ikki joyda ishlab, pensiya olib, oyiga yetti yuz, sakkiz yuz ming so’m atrofida topsa kerak. Bunisi bizga qorong’u, anig’i shuki, har oy yuz ming so’mga kitob sotib oladi. O’zimizniki-da qolmaydi, chet elniki-da. Hamma sotuvchilar uni taniydi, xushmuomala qiladi. Faqat ulargina kitobxon cholning “xobbi”sini hurmat qilishadi, boshqalarga esa farqi yo’q. Shunday bo’lsa ham, koshki edi, lekin birovning ishiga burnini tiqadiganlar ko’payib ketgan. Eringiz kitob yiqquncha, boshqa foydaliroq narsa yig’sa bo’lmaydimi, deydi qo’shni xotinlar kampiriga. “Dadangga qoyilman-yey, egniga kiyim, qorniga ovqat emas, nuqul kitob oladi-ya”, deb hayratlanadi bolalarining tanishlari. Orqavarotdan esa bu kishim uylanganlarida, kelinni “oshxona”ga tushirgan, uch xonali uyda kitoblardan joy ortmagan-da, deya xoxolashadi. Bu gaplar ellik yil birga yashagan oliy ma’lumotli, oydekkina xotiniga-da ta’sir qiladi: o’t tushsin, kasallik ham ko’payib ketdi. Bibliofiliya degani bor ekan. Shunga chalinganmikin cholim, deya xavotirga tushadi.
* * *
Yer yuzidagi turfa voqealarni ko’raverib toliqqan quyosh boshini xobgohiga qo’ydi. Shu payt u ham bir sumka kitob bilan ko’p qavatli uylarni oralab ishdan qaytdi. Suv emas, chiqindi to’la ariqlar “sohil”ida o’tirgan, hali yoshu, biroq qarilikni bo’yniga olib, bu yog’i nima bo’lsa bo’ldi endi, deya taslim bo’lgan “barra qariyalar” serg’ayrat cholni ko’rib, hayrat yoqalarini ushlaydi.
— Shunga nima ekan-a? Qarilik gashtini bilmaydi. Qachon qarama, tipir-tipir.
— Kitob jinnisi ekanligi aniq. Shuncha ishlab topganiga bir o’ram qog’oz olib, pullarini havoga sovuradi.
— Eng alam qiladigani bir oyog’i go’rda, erta-indin paq etib ketib qolsa, shuncha yiqqan kitoblarini bolalari shartta moshinga ortadi-da, makulaturaga topshiradi-keladi.
— Bu odam nima uchun kitob o’qir ekan-a, o’zi?!
Shivir-shivir, ming’ir-ming’ir gaplarni u ham eshitadi. Yo’lda uchragan har kim bilan behuda gap talashsang, umring qanday o’tganini bilmay qolasan, deb o’ylab, indamay ketaveradi. Lekin bu gal mayda gaplar ham negadir badanini nayzadek teshib o’tdi. To’g’ri-da, qariyb chorak kam bir asr kitob o’qidi-ya. Nima maqsadda? Nega? Nima uchun? Javob topishga ham ulgurmadi, qo’liga ilingan kitobni olib, ochilgan betiga ko’z yugurtirdi. Odati shu, biror narsadan yuragi siqilsa, to’g’ri kelgan kitobni to’g’ri kelgan joyidan o’qib ketaveradi.
Birdan sergaklandi, muqovaga qaradi: “Jaloliddin Rumiy”. Bu asarni necha marta o’qib chiqqan bo’lsa-da, ammo manavi misralarni Mavlono xuddi hozir kelib yozib qo’ygandek, ilgari hech qachon uchratmagandek, juda qattiq ta’sir qildi. Purhikmat so’zlarni shoshmasdan oq qog’ozga chiroyli husnixat bilan ko’chirdi. Ko’ngliga tasalli berish uchunmi, yo butun umr jig’iga tegib kelgan kitobsevmaslar ko’rsin, dedimi, ko’zga tashlanib turadigan joyga, zichlab kitob terilgan javon oynasiga hazrat Rumiyning fikrlari bitilgan qog’ozni yopishtirib qo’ydi: “Tan va ruh xushxabar ila manzilga oshiqqan ot va suvoriydek ayrilmasdir. Ammo ot ozig’i suvoriyga ovqat bo’lmaydi. Har birining o’z yemishi, o’z nasibasi bor. Suvoriy otni o’z iziga sololmasa, u egasini manzilga emas, oxurga eltadi”.
OY NURIDA MUTOLAA badiasi. Har qanday Kitobxonga yoqadi deb o’ylayman…