Turob Niyoz. She’rlar

044 Ўтган асрнинг 90-йилларида ўзбек шеъриятига кириб келган шоирлардан бири Туроб Ниёздир. Шу пайтгача унинг “Муҳаббат осмони”, “Гуллаган боғлар”, “Муҳаббат гуллари”, “Очиқ юрак”, «Кўнгилга мурожаат», «Уммон юрак» ва бошқа бир қатор шеърий китоблари нашр этилган. Бугун шоирнинг сўнгги йилларда ёзган шеърлари билан таништирамиз.

03
Туроб НИЁЗ
ШЕЪРЛАР
04

09 Туроб Ниёз 1959 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Қоратош қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Муҳаббат осмони”, “Гуллаган боғлар”, “Муҳаббат гуллари”, “Очиқ юрак”, «Кўнгилга мурожаат», «Уммон юрак» номли шеърий китоблар муаллифи.

04

ЮРТИМ

“Дунёдан юртингдек юртни излама,
Барибир топмассан, бўласан ҳалак.
Бегона юртлардан бахтни кўзлама!..”
Тингласам, шу гапни айтади юрак.

Ҳа, Ўзбекистонсиз яшай олмайман,
Унингсиз ўтмайди ҳатто дақиқам.
Ўзга ўлкаларга ҳавас қилмайман,
Оғзидан бол томиб мақтасалар ҳам.

ҚАЛДИРҒОЧНИНГ УЯСИ

Менда зарра қолмади гумон –
Зўр ишлайди қушлар мияси.
Ҳайратларга солади ҳамон,
Қалдирғочнинг лойли уяси.

Қаранг, қандай ишланган пухта,
Қуш – меъморнинг буюк ғояси.
Бирлашибди юз минглаб нуқта –
Қалдирғочнинг лойли уяси.

Болаликни ёдимга солар,
Ортаверар қалбим ҳаваси.
Ҳаётимни нурга тўлдирар,
Қалдирғочнинг лойли уяси.

КЎЗЛАРИНГ

Кўзинг мунча қора, мунча нурлидир?!
Вужудим ёндириб юборай дейди.
Кўзинг мунча чексиз, мунча сирлидир?!
Бу савол жавобин ҳеч ким билмайди.

Кўзларингга қараб, термулиб туриб,
Қуёшнинг ёнида тургандай бўлдим.
Ерда шунча яшаб, шунча йил юриб,
Гўзалликни энди кўргандай бўлдим.

ЮРАГИНГНИ КЕНГ ҚИЛ

Менга асло қарама бундай,
Арпангни ҳеч хом ўрмаганман.
Ўзинга ҳам аёндир кундай,
Сенга ёв деб қарамаганман.
Юрагингни кенг қил, биродар,
Шубҳаларга берилма ортиқ.
Насибангни, Яратган зинҳор,
Бировларга қилмагай тортиқ.

КЎНГЛИМ

1

Кўнглим!
Гоҳо соя-салқин боғни қўмсайсан,
Гоҳида пурвиқор тоғни қўмсайсан.
Баъзида сиғмайсан бу кенг дунёга,
Кўкдаги кимсасиз моҳни қўмсайсан.

2

Кўнглим!
Асло тушунмайман ҳаёт сирини,
Гоҳида у ширинларнинг ширини,
Баъзида ҳаттоки заҳардан аччиқ,
Аяб ўтирмайди ёшу қарини.

3

Кўнглим!
Йўриғингга юрсам агарда сенинг,
Обрўйим қолмасди заррача менинг.
Ахир нималарни истамайсан сен,
Шайдоси эмассан дунёда ненинг?!

4

Кўнглим!
Айт, ёмонлик ўзи недан туғилар,
Ғазабданми ё ҳасаддан туғилар?
Аммо яхшиликдан аълоси йўқдир,
У соф ният, пок мақсаддан туғилар.

5

Кўнглим!
Таъмаси бор одам яхшилик қилмас,
Дарди йўқ, моли кўп бахшилик қилмас.
Муҳаббат оромдан кечмоқ демакдир,
Оромни истаган ошиқлик қилмас.

6

Кўнглим!
Ўзга дилни тиғлаб, шод бўлганлар бор.
Ўз туғишганига ёт бўлганлар бор.
Умр бўйи ғолибликка интилиб,
Охир-оқибат мот бўлганлар бор.

7

Кўнглим!
Гоҳида ўрмонга чиққим келади,
Олишиб, арслонни йиққим келади.
Кейин суҳбатлашиб у билан узоқ,
Мағрурлик сирини уққим келади.

8

Кўнглим!
Яхшилик, меҳрдан ўсдинг тоғ каби,
Ёмонлик, қаҳрдан чўкдинг чоҳ каби.
Шунданми, гоҳ ярим, гоҳо бутунсан,
Ҳар ўн беш кунда ўзгарган моҳ каби.

9

Кўнглим!
Бировнинг кўнглини олмоқ осонмас,
Юрагига шодлик солмоқ осонмас.
Лекин жуда осон кўнглин қолдирмоқ,
Яхши инсон бўлиб қолмоқ осонмас.

10

Кўнглим!
Мен сени англадим, жуда нозиксан,
Энди очилаётган гулдан нозиксан.
Гоҳо зимистонсан, ёруғсан гоҳо,
Одам бунёд бўлган гилдан нозиксан.

11

Кўнглим!
Бўрини ов этиш осон иш эмас,
Болани овутиш осон иш эмас.
Ялқовнинг наздида, агарда билсанг,
Чойни ҳам совутиш осон иш эмас.

13

Кўнглим!
Шоир шеър ёзмайди шуҳрат, пул учун
Ёки олқиш учун ёки гул учун.
«Ватан гўзал бўлсин,
гўзал бўлсин қалб!» —
Шоир шеър ёзади фақат шул учун.

14

Кўнглим!
Бу дунёнинг жумбоқ, саволлари кўп,
Завқли чоғлари кўп, малоллари кўп.
Ҳар битта одамни десак бир орол,
Кашф этилмаган ороллари кўп.

15

Кўнглим!
Йигитга қирқ ҳунар озлик қилади,
Чиниққанга қиш ҳам ёзлик қилади.
Куйлагиси келган одамга ҳатто,
Шовуллаган дарё созлик қилади.

16

Кўнглим!
Сенда ҳам доғлар бор худди ой каби,
Жарлик бор, тоғлар бор,
оддий жой каби.
Ҳеч тиним билмайсан бу кўксим аро,
Эртаю кеч оққан қадим сой каби.

17

Кўнглим!
Роҳатда бўлсин деб қийнарлар жонни,
Бегона қиларлар қалбдан виждонни.
Олислаб борарлар инсонийликдан,
Унутиб қўярлар инсоф, имонни.

18

Кўнглим!
Баъзан ўзимга ҳам етмайди кучим,
Ожизликдан ёнар вужудим, ичим.
Ўзини енголган чинакам марддир,
Шундай инсон бўлиш муқаддас бурчим.

19

Кўнглим!
Бу тил деганлари жуда ғалати,
У инсон зийнати, инсон иллати.
Уни ақли билан бошқармаса ким,
Бошига минг турли кулфат келади.

20

Кўнглим!
Аёл бор — ўликка ҳаёт бахш этар,
Аёл бор — умрга бахтни нақш этар.
Аёл бор — тавба деб ёқа ушлайсан,
Битмас яра каби жонни қақшатар.

21

Кўнглим!
Лаҳзани қадрла— кунинг шод ўтгай,
Кунларни қадрла— умринг шод ўтгай.
Демакким, қадрига етсанг умрнинг,
Сени унутмаслар — юртинг ёд этгай.

22

Кўнглим!
Ёритса тунни ой, кундузни қуёш,
Қалбимни ёритар муҳаббат-оташ.
Шу оташ туфайли тирикдирман мен,
Ҳаёт синовига берарман бардош.

23

Кўнглим!
«У ёмон», «Бу ёмон» демасман сира,
Ахир инсон бўлмас беайб, бокира.
Дўстлар даврасида юрмоқ яхшидир,
Ола қарға бўлиб юргандан кўра.

24

Кўнглим!
Содиқ дўстни қандай топмоқ керакдир,
Одамларга қандай ёқмоқ керакдир?
Ушбу саволларга жавобим битта:
Одамга одамдай боқмоқ керакдир.

25

Кўнглим!
Агар дўстим мени ўйламай қўйса,
Хабар олмай қўйса, йўқламай қўйса,
Шунда ҳам уни йўқлашим керак,
Чинакам дўст бўлсам, чин инсон бўлсам.

26

Кўнглим!
Кўзингга тик қараб ёлғон сўзларлар,
Шундай қилиб алдамоқни кўзларлар.
Ёлғон умри қисқа — билмаслар наҳот,
Оқибатда афсус чекиб, бўзларлар.

УЧЛИКЛАР

Сени менга худо етказди,
Сени мендан кимлар кетказди?
Билмайман, гулим.

* * *

Кўзларингдан меҳр қидирдим,
Кўзларингдан қидирдим севги,
Лекин тўла эди сирга кўзларинг.

* * *

Дарахтларнинг тили бўлсайди,
Вафосизлар кам бўлармиди,
Бўлармиди ёлғонлар камроқ?

* * *

Алангламай кўзимга қара,
Гуноҳкор бўлмасанг,
Бўлмаса айбинг.

* * *

Дунёда ҳамма нарса бўйсунар,
Итоат этади инсонга,
Юракдан бошқа.

* * *

Шамол – меҳнаткаш шоир, мовий денгиз –
Қоғозга нималарнидир ёзар, кейин ўчирар,
Яна ёзар, ўчирар яна…

* * *

Унинг кучи бор: тоғни ҳам талқон қилгудек,
лекин ғайрати йўқ, шижоати йўқ.
Эсиз куч, уйғонмаган куч…

* * *

Енгил шамол
оғир булутни
ҳайдайди қўйдай…

* * *

Айтилган сўз учар қулоққа,
кейин юракка учар,
из қолдирар: оқ ё қора.

* * *

Тупроқ сонсиз зарралардан
иборат – мўъжиза,
мўъжизалар ибтидоси.

* * *

Ватан – бу нафас,
усиз яшаб бўлмас
бир сония ҳам.

ТЎРТЛИКЛАР

Туғилган маскани чўлми ё бўстон,
Инсон учун бунинг йўқ асло фарқи.
Муҳими – ватандир шу еру осмон,
Унинг баҳоси йўқ, йўқ унинг нархи.

* * *

Фақат ўзни ўйлаш – ярамас иллат,
Бир-бирин қўллашдан юксалар миллат.
Аҳил, иноқ бўлиб яшаган халқдан,
Зулмат чекинади, чекинар зиллат.

* * *

Кимга иссиқ ёқар, кимгадир совуқ,
Кимгадир гул ёқар, кимга чирмовуқ.
Ҳар кимнинг ўз таъби, қараши бордир,
Меники тўғри деб ураверма дўқ.

* * *

Кимдир Аллоҳ тараф, ким шайтон тараф,
Ким разолат тараф, ким имон тараф.
Иккита тарафга бўлинган дунё,
Кетиб бораётир қаёққа қараб?!

* * *

Орзулар кўп бўлар болалик чоғи,
Санасанг, кўринмас улар адоғи.
Бизларни олдинга чорлар тўхтовсиз,
Орзулар аслида умр байроғи.

* * *

Соғлигимиз дурдир – тенгсиз, бебаҳо,
Лек унинг қадрига етмаймиз гоҳо.
Оқибат чанг босиб, тортгайдир хира,
Энди уни ҳеч ким дур демас сира.

* * *

Сўзи билан иши бошқа, қарасанг,
Юзи тиниқ, ичи қашқа, қарасанг.
Бир қарашда билиб бўлмас ҳеч нени,
Олмосдай товланар, тошга қарасанг.

045

Turob NIYOZ
SHE’RLAR
04

Turob Niyoz 1959 yilda Jizzax viloyatining G’allaorol tumanidagi Qoratosh qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. “Muhabbat osmoni”, “Gullagan bog’lar”, “Muhabbat gullari”, “Ochiq yurak”, «Ko’ngilga murojaat», «Ummon yurak» nomli she’riy kitoblar muallifi.

04

YURTIM

“Dunyodan yurtingdek yurtni izlama,
Baribir topmassan, bo’lasan halak.
Begona yurtlardan baxtni ko’zlama!..”
Tinglasam, shu gapni aytadi yurak.

Ha, O’zbekistonsiz yashay olmayman,
Uningsiz o’tmaydi hatto daqiqam.
O’zga o’lkalarga havas qilmayman,
Og’zidan bol tomib maqtasalar ham.

QALDIRG’OCHNING UYASI

Menda zarra qolmadi gumon –
Zo’r ishlaydi qushlar miyasi.
Hayratlarga soladi hamon,
Qaldirg’ochning loyli uyasi.

Qarang, qanday ishlangan puxta,
Qush – me’morning buyuk g’oyasi.
Birlashibdi yuz minglab nuqta –
Qaldirg’ochning loyli uyasi.

Bolalikni yodimga solar,
Ortaverar qalbim havasi.
Hayotimni nurga to’ldirar,
Qaldirg’ochning loyli uyasi.

KO’ZLARING

Ko’zing muncha qora, muncha nurlidir?!
Vujudim yondirib yuboray deydi.
Ko’zing muncha cheksiz, muncha sirlidir?!
Bu savol javobin hech kim bilmaydi.

Ko’zlaringga qarab, termulib turib,
Quyoshning yonida turganday bo’ldim.
Yerda shuncha yashab, shuncha yil yurib,
Go’zallikni endi ko’rganday bo’ldim.

YURAGINGNI KENG QIL

Menga aslo qarama bunday,
Arpangni hech xom o’rmaganman.
O’zinga ham ayondir kunday,
Senga yov deb qaramaganman.
Yuragingni keng qil, birodar,
Shubhalarga berilma ortiq.
Nasibangni, Yaratgan zinhor,
Birovlarga qilmagay tortiq.

KO’NGLIM

1

Ko’nglim!
Goho soya-salqin bog’ni qo’msaysan,
Gohida purviqor tog’ni qo’msaysan.
Ba’zida sig’maysan bu keng dunyoga,
Ko’kdagi kimsasiz mohni qo’msaysan.

2

Ko’nglim!
Aslo tushunmayman hayot sirini,
Gohida u shirinlarning shirini,
Ba’zida hattoki zahardan achchiq,
Ayab o’tirmaydi yoshu qarini.

3

Ko’nglim!
Yo’rig’ingga yursam agarda sening,
Obro’yim qolmasdi zarracha mening.
Axir nimalarni istamaysan sen,
Shaydosi emassan dunyoda nening?!

4

Ko’nglim!
Ayt, yomonlik o’zi nedan tug’ilar,
G’azabdanmi yo hasaddan tug’ilar?
Ammo yaxshilikdan a’losi yo’qdir,
U sof niyat, pok maqsaddan tug’ilar.

5

Ko’nglim!
Ta’masi bor odam yaxshilik qilmas,
Dardi yo’q, moli ko’p baxshilik qilmas.
Muhabbat oromdan kechmoq demakdir,
Oromni istagan oshiqlik qilmas.

6

Ko’nglim!
O’zga dilni tig’lab, shod bo’lganlar bor.
O’z tug’ishganiga yot bo’lganlar bor.
Umr bo’yi g’oliblikka intilib,
Oxir-oqibat mot bo’lganlar bor.

7

Ko’nglim!
Gohida o’rmonga chiqqim keladi,
Olishib, arslonni yiqqim keladi.
Keyin suhbatlashib u bilan uzoq,
Mag’rurlik sirini uqqim keladi.

8

Ko’nglim!
Yaxshilik, mehrdan o’sding tog’ kabi,
Yomonlik, qahrdan cho’kding choh kabi.
Shundanmi, goh yarim, goho butunsan,
Har o’n besh kunda o’zgargan moh kabi.

9

Ko’nglim!
Birovning ko’nglini olmoq osonmas,
Yuragiga shodlik solmoq osonmas.
Lekin juda oson ko’nglin qoldirmoq,
Yaxshi inson bo’lib qolmoq osonmas.

10

Ko’nglim!
Men seni angladim, juda noziksan,
Endi ochilayotgan guldan noziksan.
Goho zimistonsan, yorug’san goho,
Odam bunyod bo’lgan gildan noziksan.

11

Ko’nglim!
Bo’rini ov etish oson ish emas,
Bolani ovutish oson ish emas.
Yalqovning nazdida, agarda bilsang,
Choyni ham sovutish oson ish emas.

13

Ko’nglim!
Shoir she’r yozmaydi shuhrat, pul uchun
Yoki olqish uchun yoki gul uchun.
«Vatan go’zal bo’lsin,
go’zal bo’lsin qalb!» —
Shoir she’r yozadi faqat shul uchun.

14

Ko’nglim!
Bu dunyoning jumboq, savollari ko’p,
Zavqli chog’lari ko’p, malollari ko’p.
Har bitta odamni desak bir orol,
Kashf etilmagan orollari ko’p.

15

Ko’nglim!
Yigitga qirq hunar ozlik qiladi,
Chiniqqanga qish ham yozlik qiladi.
Kuylagisi kelgan odamga hatto,
Shovullagan daryo sozlik qiladi.

16

Ko’nglim!
Senda ham dog’lar bor xuddi oy kabi,
Jarlik bor, tog’lar bor,
oddiy joy kabi.
Hech tinim bilmaysan bu ko’ksim aro,
Ertayu kech oqqan qadim soy kabi.

17

Ko’nglim!
Rohatda bo’lsin deb qiynarlar jonni,
Begona qilarlar qalbdan vijdonni.
Olislab borarlar insoniylikdan,
Unutib qo’yarlar insof, imonni.

18

Ko’nglim!
Ba’zan o’zimga ham yetmaydi kuchim,
Ojizlikdan yonar vujudim, ichim.
O’zini yengolgan chinakam marddir,
Shunday inson bo’lish muqaddas burchim.

19

Ko’nglim!
Bu til deganlari juda g’alati,
U inson ziynati, inson illati.
Uni aqli bilan boshqarmasa kim,
Boshiga ming turli kulfat keladi.

20

Ko’nglim!
Ayol bor — o’likka hayot baxsh etar,
Ayol bor — umrga baxtni naqsh etar.
Ayol bor — tavba deb yoqa ushlaysan,
Bitmas yara kabi jonni qaqshatar.

21

Ko’nglim!
Lahzani qadrla— kuning shod o’tgay,
Kunlarni qadrla— umring shod o’tgay.
Demakkim, qadriga yetsang umrning,
Seni unutmaslar — yurting yod etgay.

22

Ko’nglim!
Yoritsa tunni oy, kunduzni quyosh,
Qalbimni yoritar muhabbat-otash.
Shu otash tufayli tirikdirman men,
Hayot sinoviga berarman bardosh.

23

Ko’nglim!
«U yomon», «Bu yomon» demasman sira,
Axir inson bo’lmas beayb, bokira.
Do’stlar davrasida yurmoq yaxshidir,
Ola qarg’a bo’lib yurgandan ko’ra.

24

Ko’nglim!
Sodiq do’stni qanday topmoq kerakdir,
Odamlarga qanday yoqmoq kerakdir?
Ushbu savollarga javobim bitta:
Odamga odamday boqmoq kerakdir.

25

Ko’nglim!
Agar do’stim meni o’ylamay qo’ysa,
Xabar olmay qo’ysa, yo’qlamay qo’ysa,
Shunda ham uni yo’qlashim kerak,
Chinakam do’st bo’lsam, chin inson bo’lsam.

26

Ko’nglim!
Ko’zingga tik qarab yolg’on so’zlarlar,
Shunday qilib aldamoqni ko’zlarlar.
Yolg’on umri qisqa — bilmaslar nahot,
Oqibatda afsus chekib, bo’zlarlar.

UCHLIKLAR

Seni menga xudo yetkazdi,
Seni mendan kimlar ketkazdi?
Bilmayman, gulim.

* * *

Ko’zlaringdan mehr qidirdim,
Ko’zlaringdan qidirdim sevgi,
Lekin to’la edi sirga ko’zlaring.

* * *

Daraxtlarning tili bo’lsaydi,
Vafosizlar kam bo’larmidi,
Bo’larmidi yolg’onlar kamroq?

* * *

Alanglamay ko’zimga qara,
Gunohkor bo’lmasang,
Bo’lmasa aybing.

* * *

Dunyoda hamma narsa bo’ysunar,
Itoat etadi insonga,
Yurakdan boshqa.

* * *

Shamol – mehnatkash shoir, moviy dengiz –
Qog’ozga nimalarnidir yozar, keyin o’chirar,
Yana yozar, o’chirar yana…

* * *

Uning kuchi bor: tog’ni ham talqon qilgudek,
lekin g’ayrati yo’q, shijoati yo’q.
Esiz kuch, uyg’onmagan kuch…

* * *

Yengil shamol
og’ir bulutni
haydaydi qo’yday…

* * *

Aytilgan so’z uchar quloqqa,
keyin yurakka uchar,
iz qoldirar: oq yo qora.

* * *

Tuproq sonsiz zarralardan
iborat – mo»jiza,
mo»jizalar ibtidosi.

* * *

Vatan – bu nafas,
usiz yashab bo’lmas
bir soniya ham.

TO’RTLIKLAR

Tug’ilgan maskani cho’lmi yo bo’ston,
Inson uchun buning yo’q aslo farqi.
Muhimi – vatandir shu yeru osmon,
Uning bahosi yo’q, yo’q uning narxi.

* * *

Faqat o’zni o’ylash – yaramas illat,
Bir-birin qo’llashdan yuksalar millat.
Ahil, inoq bo’lib yashagan xalqdan,
Zulmat chekinadi, chekinar zillat.

* * *

Kimga issiq yoqar, kimgadir sovuq,
Kimgadir gul yoqar, kimga chirmovuq.
Har kimning o’z ta’bi, qarashi bordir,
Meniki to’g’ri deb uraverma do’q.

* * *

Kimdir Alloh taraf, kim shayton taraf,
Kim razolat taraf, kim imon taraf.
Ikkita tarafga bo’lingan dunyo,
Ketib borayotir qayoqqa qarab?!

* * *

Orzular ko’p bo’lar bolalik chog’i,
Sanasang, ko’rinmas ular adog’i.
Bizlarni oldinga chorlar to’xtovsiz,
Orzular aslida umr bayrog’i.

* * *

Sog’ligimiz durdir – tengsiz, bebaho,
Lek uning qadriga yetmaymiz goho.
Oqibat chang bosib, tortgaydir xira,
Endi uni hech kim dur demas sira.

* * *

So’zi bilan ishi boshqa, qarasang,
Yuzi tiniq, ichi qashqa, qarasang.
Bir qarashda bilib bo’lmas hech neni,
Olmosday tovlanar, toshga qarasang.

045

(Tashriflar: umumiy 607, bugungi 1)

Izoh qoldiring