Шоирлар наслнинг жавҳари, миллатнинг таянчи, элнинг обрўси, юртнинг шарафи, даврнинг кўзгусидир. Уларнинг сўзи атомдан зўр қувватга эга бўлади. Шоирига қараб , элни тасаввур қилса бўлади. Элига боқиб, шоирига баҳо бериш эса ҳақиқатга жуда мос келади. Эшқобил Шукурнинг ижоди миллионлаб кишиларнинг қалбидан жой олгани шундан далолат беради.
СЎЗЛАРНИНГ КУЙЛАРИДА КЎРИНГАН ШОИР
Шоир Эшқобил Шукур ижодига чизгилар
Абдулла Улуғов
Ҳар бир кишининг қиёфаси, кўриниши, феъл-атвори туғилиб-ўсган манзил-макони, вақти-замонига мос бўлади. Чунки одам ўзи яшаган жойнинг об-ҳавоси, шу манзилда умргузаронлик қилаётган кишиларнинг турмуш тарзи, қизиқишларига мослашиб улғаяди. Одамнинг феъл-атворидаги аксарият хусусиятлар беш ёшигача шаклланади. Ҳар бир киши болалигида нимага астойдил қизиқса, шу истак, ана шу хоҳиш уни умрининг охири-сўнгги нафасигача тарк этмайди. Шу боис шоирнинг шеърлари, адибнинг ҳикоя, романлари билан танишиш асносида ўз-ўзидан кўнгилда унинг таржимаи ҳолига қизиқиш туғилади. Чунки ижодкорни вояга етказган замон ва макон унинг мақсади, ниятини, асарларининг мазмуни-моҳиятини теранроқ тушунишга имкон беради.
Эллик ёшини қаршилаётган (мақола 2012 йили ёзилган) Эшқобил Шукурни халқимиз ўзининг асл шоири сифатида ардоқлайди. Чунки у сўзни суядиган, шеърга муҳаббат қўйган, шоирига бўлакча ҳурмат-эътибор кўрсатадиган элда туғилиб- улғайди. Эшқобил Шукурнинг қавм-қариндошлари, қишлоқдошлари шеърни ғоятда севади. Адабиётга аввалги эҳтиром эртакка айланиб бораётган, глобаллашиш жараёни сиёсатни ҳам, иқтисодни ҳам, санъатни ҳам ўз домига тортиб кетаётган, оммабоп маданият асл санъатга, миллий маданиятга зуғум ўтказиб, зўрлик қилаётган ҳозирги ахборот асрида Ер шарининг игнанинг учича бир нуқтасида шеърни севадиган, шоирини ардоқлайдиган эл яшаётгани чинакам ноёб ҳодиса.
Эшқобилнинг отаси Жўра бобо ғоят камгап эдилар. Лекин радио тўлқинларида Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Комилжон Отаниёзов сингари оташнафас ҳофизларнинг қўшиқлари янграганида дарҳол мутаассир бўлиб, кўзига ёш оларди. ўзбекнинг бу содда, хокисори дунёнинг бир четида уруш ёки сув тошқини бўлаётгани ҳақидаги хабардан ҳам изтиробга тушиб, ғамгин бўлиб қоларди. Унинг вазмин юришлари, катталар билан ҳам, ёш болалар билан ҳам оҳиста оҳангда сўрашишлари «юрак кишиси» эканини билдирарди. Умри меҳнат билан кечган, қўллари қадоқ, ўғлининг шеър битишидан ич-ичидан қувонар, аммо буни фарзандига ҳам, бошқаларга ҳам асло билдирмасди. У Эшқобилининг шоирлигидан севинишини ҳеч кимга мутлақо сездирмасдан оламдан ўтди.
Одам қайғусини яшириш учун жуда иродали бўлиши керак, қувончини пинҳон тутиш учун эса, киши бениҳоя матонатли бўлиши зарур. Эшқобил Шукурнинг отаси ғоятда камсуқум, хокисор ва бениҳоя матонатли инсон эдилар. Ундаги меҳнатсеварлик, вазминлик, босиқлик отасидан ўтган. Онасидан эса ҳар қандай даврани маҳлиё қилиб, мазмунли гапириш-салмоқлаб сўзлаш хусусияти юққан.
Эшқобилнинг онаси Тожихол момо сўзга жуда чечан. Момонинг суҳбатидан дил яйрайди. У киши суҳбати билан ҳар қандай сўзамолни қойил қолдиради. Чунки Тожихол момо адабиётшуносликдаги терминни қўллаб айтганда «образли» гапиради. Шоирнинг онаси шунчаки гаплашганда, ҳол-аҳвол сўраганида ҳам ўхшатиш, сифатлаш, жонлантиришни қаторлаштириб ташлайди. Саволлари ҳам, жавоблари ҳам, маъқуллаши, инкор этишлари ҳам ўз-ўзидан жарангдош сўзлар билан бошланиб, қофиядош сўзлар билан тугайди. Тожихол момога дуч келиб, суҳбатини эшитган ҳар қандай киши беихтиёр «Эшқобил шоир бўлмаслиги мумкин эмас эди» деган хаёлга боради.
Момони бир кўрган киши, албатта: «Шу аёл Эшқобил Шукурнинг онаси» дейди. Чунки Эшқобил қиёфаси, кўриниши, бўй-бастига кўра ҳам, салмоқлаб, сўзларнинг оҳангини келиштириб гапириши жиҳатидан ҳам онасига қўйиб қўйгандай ўхшайди. Момо юракка етказиб гапиради.
Эшқобил Шукур ҳам сўзларни юракдан ўтказиб шеър битади. Шу боисдан унинг шеърларидан каттаю кичик, оддий одамлару нозиктаъб киборлар ҳам бирдай таъсирланади. Эшқобил шеър ўқиганида барча тингловчилар мутаассир бўлиб қолади. Унинг шеърларини ҳеч бир киши бефарқ эшитиб, лоқайд мутолаа қила олмайди.
Эшқобил ўрта мактабда ўқиган кезларида битган шеърларини ўқиганида синфдошлари, мактабдошлари эмас, ёши катталар ҳам завқланганидан қарсак чалиб юборишарди. Адабий учрашув, йиғинларда тўпламлари чиқиб, сочи оқарган шоирлар эмас, мактаб ўқувчиси Эшқобил Шукур кўп олқиш оларди. Чунки унинг шеърлари маънодор эди. Сўзлари жаранглаб, юракларни тўлқинлантириб юборарди. Чунки у :
Боймоқлида майса ниш урар,
Оқшом йўлни чангитар пода.
Дарахтларда гуллар гуркирар,
Тўлқинлар тирилар дарёда.
Боймоқлида, қирлар остида,
Кўз очади минг-минг қўзичоқ,
Яшилланган томлар остида,
Келинлардай титрар қизғалдоқ.
Сингилларнинг сочини ўйнаб,
Енгил-енгил елар шамоллар.
Кечалари ўтмиши бўйлаб
Юриб чиқар ўтовда чоллар.
«Боймоқлида баҳор! Бўлинглар!»-
Чорлайдилар бир-бирларини.
Боймоқлида туғар келинлар
Ўзбекистон шоирларини,
— дея сўзларини салмоқлаб шеър ўқирди.
Ўшанда ўттиздан ошиб, қирқ ёшини қоралаган Янгибой Шойимардонов, Болтажон Ёриев мактаб ўқувчиси Эшқобилнинг даврадаги барча шоирлардан ўтказиб шеър битганидан чексиз қувонарди. Менгнор Олламуродов, Нортожи Зиеёв қойил қолиб, ҳайратга тушишарди. Синфдоши Иброҳим Мардаев шеър битишда Эшқобил билан мусобақага киришарди.
Тенгқурлари Менгкамол, Қодир, Турсунбой, Турғунбой эса шеър ёдлашда унга тенглашишга тиришарди. Эшқобилнинг қўшнилари ҳам каттаю кичик-барчаси дунёга шеър кўзи билан қарарди, бири биридан ўтказиб, қофияли қилиб гапиришдан завқланишарди. Менгнор ака Саъдий, Ҳофиз, Умар Хайёмдан, Ғафур Ғулом, Ойбек шеърларини жўшиб ўқирди. Боймоқли ёшлари Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфининг янги шеърларини Ўзбекистонда биринчи бўлиб ёд оларди. Менгзиё Сафаров шеърият давраларида улоқни олиб кетаётган Боймоқлининг бу боласи, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг катта шоири бўлиб етишишини доимо эътироф этарди.
Шундай шоирлар борки, оддий одамларнинг ҳурмат-эҳтиромини назар-писанд қилмай, тумшуғини баланд кўтариб, олдидан ўтиб кетади, фақат казо-казо амалдорлар даврасига интилади. Бундай такаббур кимсалар ўзини обрўсизлантиргани камдай, шеъриятни ҳам қадрсиз қилиб қўяди. Лекин буни хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки улар Сўз улуғ ҳодиса эканини чуқур ҳис қилмайди, шеър илоҳий неъмат эканлигини тушуниб етмайди.
«Ҳамал айвони» тўпламидаги шеърларда инсоният учун сўз муқаддаслиги, шеър бебаҳо бойлик экани яққол кўрсатилади. Уларда сўзлар авж пардада чалинган куйдай жаранглайди, табиатнинг энг ёрқин рангларидай товланиб жилоланади. Кўнгилга сизиб кирган бу оҳанг ранглардан тасаввурда ажиб манзаралар намоён бўлади, ҳаёт гўзал кўринади, кишининг кўнглида яшаш, бошқаларга яхшилик, соғиниш ҳисси жўш уради. Шунда ҳар бир одам ўз ичида яна бир олам борлигини ҳис қилади.
«Ҳамал айвони» даги шеърлар ёғдуси ичимиздаги зулмат босиб ётган дунёни бир зумга бўлса-да, ёриштириб юборади. Шунда кўнглимизда кутилмаган ойдинлик, юз-кўзларимизда нур пайдо бўлади. Бу лаҳзаларда ҳар биримизнинг чеҳрамиз ёришиб кетади, атрофимиздагиларга, ҳаётга мамнунлик билан қарай бошлаймиз.
Чунки шоир бизга қарата :
Тингла, қандай оҳанг басталар бўшлик,
Ва қандай табассум қилади зулмат.
Хазон рутубати қорайтирган ер
Юзига майсадан тортади чиммат.
…лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани…
Барини, барини кўзларингда жамла,
Сен бу тирикликни , тингла ва англа. …
лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани…
Сен сувни тинглаб кўр, англаб кўр сувни,
Гунгларнинг тилида музлаган овоз,
Кўрларнинг кўзига кўмилган ранглар —
Сувнинг ранги билан товушига мос.
…лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани.
… Дарахтларни тингла ва англа,
Бир айтган қўшиғин такрор айтмаслар —
Ям-яшил оҳанглар, ям-яшил сўзлар
Мовий чексизликда яшил рақс тузар…
— дея ҳаётга қасида айтади.
Шеърни суйган элнинг шоиригина сўзларни ана шундай жаранглатади. Азалдан давраларида шеър янграган элнинг шоиригина минглаб одамларни маҳлиё қилиб, шеър ўқийди. Эшқобил Шукурнинг шеърлари эндиликда Ўзбекистон халқининг қалбига кириб борди. У телеэкранда шеър ўқиганида миллионлаб кишилар юмушини тўхтатиб эшитади, тортишувларига чек қўйишади, бизнес дунёсидаги уддабуронликлар, алдов, фириб беришлар ҳақида эмас, адабиёт тўғрисида, шеърият хусусида суҳбат бошлашади ва давраларда аллақандай илиқлик, ўзаро яқинлик муҳити юзага келади.
Эшқобил Шукур ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасига ҳикмат манбаи деб қарайди. Шунинг учун замондошларига, келгуси авлодларга «лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани» деб илтижо қилади. Ўзи эса:
Мен тўйларнинг куйларида кўринай,
Мен куйларнинг тўйларида кўринай.
Мен кўзларнинг кўзларида кўринай,
Мен сўзларнинг куйларида кўринай…
— деб ният қилади. Шоирнинг шеърлари мамлакатнинг энг улуғ байрами тадбирларида, элдошлари тўй-тантаналарида янграётгани унинг орзулари ушалганини билдиради.
«Ҳамал айвони»даги шеърларда катта-ю кичикнинг кўнглидаги кечинмалари, ҳаётдан тилаклари, орзу-армонлари акс этади. Шоир ҳеч кимга, ҳатто, киши ўзига ҳам овоз чиқариб айтолмайдиган, кўнгил тубида турган кечинмаларни жаранглаган сўзларда ифода қилади. Унинг шеърларида сўзлардан «Шашмақом»даги, Бетховен, Шопен, Шостакович куйларидаги турфа хил оҳанг таралади, Рафаэл, Беҳзод, Рўзи Чорининг картиналаридаги рангин бўёқлар, жозибадор манзаралар кўринади. Шунинг учун унинг шеърлари дунёнинг турли тилларига таржима қилинди.
У шеърни оламдаги барча нарсадан азиз, деб билади, жонидан ҳам ортиқ кўради, ҳаётнинг асл маъноси шеърда, деб қарайди. «Тўққизинчи февраль» шеъри бунга исбот бўла олади. У ушбу шеърдаги «Мен эртага ўламан, она, Агар сен бу кеча бошимда, Ўзбек тилидаги қўшиқларни айтиб турмасанг. Мен эртага ўламан, она, Агар сенинг келинларинг бу кеча, Буюк шоирларни туғмаса агар» деган сатрларни битганида ҳали ўн саккиз ёшга ҳам тўлмаган эди.
Эшқобил Шукур бошқа шеърларида ҳам сўзларни ана шундай тирилтириб, салмоқлаб, кафтида тутиб, тақдим этади. Унинг шеърларида бемажол сўзлар, салқи сатрлар кўринмайди. «Ҳамал айвони»да ҳам «Ибтидо хатоси», «Нақшбанд» достонларида ҳам, «Кўҳна боғ ривоятлари»даги мўъжаз ҳикояларда ҳам, «Оқибат оқшомлари», каби қиссаларида ҳам сўзлардан ҳарорат таралиб, тафти қулоқдан, кўздан ўтиб, юракка етиб боради. Шеърпараст эл шоирининг қалбидан қувват олган сўзлардан вужуддаги миллионлаб ҳужайралар яйрайди.
Эшқобил Шукур сўзларни барчадан кўпроқ суйгани, уларни ҳаммадан кўпроқ тушуниб, чуқурроқ ҳис қила олгани, сув, тупроқ, оловни кўргандек кўра олгани учун, унинг шеърларида ҳеч бир шоир, адиб ишлатмаган сўзлар учрайди. У «Тугалланмайдиган шеър»ида :
О, сиз бу юракнинг ватандошлари,
Ҳаводошларию тупроқдошлари,
Очинг эшикларни, деразаларни,
Ахир, бу юракнинг севгиси келар,
Янада қаттиқроқ севгиси келар.
Унинг томирлари гуллаб боради,
Деворлари нурдан тикланиб борар.
Очинг чеҳраларни, очинг кўзларни,
Бойланган тилларин очинг сўзларнинг,
Ахир, бу юракнинг севгиси келар.
О, сиз, бу юракнинг туйғудошлари,
Хаёлдошларию осмондошлари ,
— дейди.
Нутқимизда «ватандош», «тупроқдош» сўзлари қўлланади. Лекин одамлар бир-бирига «ҳаводош», «туйғудош», «хаёлдош», «осмондош» эканлигини шу пайтгача ҳеч ким айтмаган эди. Буни биринчи бўлиб Эшқобил Шукур англади, кашф этди. Тўғрироғи, у тилимиздаги мавжуд сўзларга янги маъно, янги ҳаёт бахш этди.
«Ибтидо хатоси»ни ёзган шоир шеърларининг энг муҳим жиҳати шундаки, улар одамни ўзи ҳақида ўйлатади, кўнгилга умид олиб киради, ҳаётни севдиради, жўшиб яшашга, тўхтамасдан интилишга ундайди. Кўп шоирларнинг шеърларида худди шу хусусият етишмайди. Эшқобил Шукурнинг шеър, достонлари ҳам, турли мавзудаги мақолалари ҳам бу жиҳатдан адабиётдаги ноёб ҳодисалар сирасига киради.
Эшқобил Шукур энг яхши шеърлари, ҳикоя, қисса, мақолаларини асосан кузда ва қишда ёзади. Пушкин каби даҳо шоирлар ҳам кузда жўшиб ижод қилгани таъкидланади. «Маълумки», «ташвиш», «бахт» каби сўзлар билан сирлашган шоирнинг илҳоми кечаси, тунда то саҳаргача жўшади. Кечаси унинг кўнглига Коинотдан турфа туҳфалар тушади.
Умуман барчамизнинг қалбимиз Коинотдан туҳфалар олиб туради. Улуғ ҳинд мутафаккири Рабиндранат Тагор шундай деган. Форс тилидаги «Қуръон» деб таърифланган «Маснавий мааънавий» муаллифи Мавлоно Жалолиддин Румий эса: «Ҳар замон келгай фалакдан карвон, Ортига қайтур тижорат айлабон», деб ёзган.
Эшқобил ижод қилаётганда қалбига қуюлиб келган сўзларни қоғозга туширишда, ўхшатиш, жонлантириш, сифатлашларга тўла образли фикрларни ёзишда шошиб қолади. Эшқобил бу пайтда шеър оламида яшайди. Сўз сеҳридан ёнган юрак, шеър завқидан жўшган шоир ўз ҳолатини:
Шу тоғлар, дарёлар мен учун етар,
Манглайимни силайди момо офтобим.
Ажаб саодатли тунлар бағрида,
Кўнглим юлдузларин сочмоқ истадим.
Ҳаёт гуллаётган меҳр боғида,
Сизга юрагимни очмоқ истадим,
— деб ифода қилади.
Шоирлар наслнинг жавҳари, миллатнинг таянчи, элнинг обрўси, юртнинг шарафи, даврнинг кўзгусидир. Уларнинг сўзи атомдан зўр қувватга эга бўлади. Шоирига қараб , элни тасаввур қилса бўлади. Элига боқиб, шоирига баҳо бериш эса ҳақиқатга жуда мос келади. Эшқобил Шукурнинг ижоди миллионлаб кишиларнинг қалбидан жой олгани шундан далолат беради. Шеърпараст Боймоқли фарзанди Эшқобил Шукур эндиликда Ўзбекистоннинг энг севимли шоирларидан бирига айланди.
SO’ZLARNING KUYLARIDA KO’RINGAN SHOIR
Shoir Eshqobil Shukur ijodiga chizgilar
Abdulla Ulug’ov
Har bir kishining qiyofasi, ko’rinishi, fe’l-atvori tug’ilib-o’sgan manzil-makoni, vaqti-zamoniga mos bo’ladi. Chunki odam o’zi yashagan joyning ob-havosi, shu manzilda umrguzaronlik qilayotgan kishilarning turmush tarzi, qiziqishlariga moslashib ulg’ayadi. Odamning fe’l-atvoridagi aksariyat xususiyatlar besh yoshigacha shakllanadi. Har bir kishi bolaligida nimaga astoydil qiziqsa, shu istak, ana shu xohish uni umrining oxiri-so’nggi nafasigacha tark etmaydi. Shu bois shoirning she’rlari, adibning hikoya, romanlari bilan tanishish asnosida o’z-o’zidan ko’ngilda uning tarjimai holiga qiziqish tug’iladi. Chunki ijodkorni voyaga yetkazgan zamon va makon uning maqsadi, niyatini, asarlarining mazmuni-mohiyatini teranroq tushunishga imkon beradi.
Ellik yoshini qarshilayotgan (maqola 2012 yili yozilgan) Eshqobil Shukurni xalqimiz o’zining asl shoiri sifatida ardoqlaydi. Chunki u so’zni suyadigan, she’rga muhabbat qo’ygan, shoiriga bo’lakcha hurmat-e’tibor ko’rsatadigan elda tug’ilib- ulg’aydi. Eshqobil Shukurning qavm-qarindoshlari, qishloqdoshlari she’rni g’oyatda sevadi. Adabiyotga avvalgi ehtirom ertakka aylanib borayotgan, globallashish jarayoni siyosatni ham, iqtisodni ham, san’atni ham o’z domiga tortib ketayotgan, ommabop madaniyat asl san’atga, milliy madaniyatga zug’um o’tkazib, zo’rlik qilayotgan hozirgi axborot asrida Yer sharining ignaning uchicha bir nuqtasida she’rni sevadigan, shoirini ardoqlaydigan el yashayotgani chinakam noyob hodisa.
Eshqobilning otasi Jo’ra bobo g’oyat kamgap edilar. Lekin radio to’lqinlarida Ma’murjon Uzoqov, Jo’raxon Sultonov, Komiljon Otaniyozov singari otashnafas hofizlarning qo’shiqlari yangraganida darhol mutaassir bo’lib, ko’ziga yosh olardi. o’zbekning bu sodda, xokisori dunyoning bir chetida urush yoki suv toshqini bo’layotgani haqidagi xabardan ham iztirobga tushib, g’amgin bo’lib qolardi. Uning vazmin yurishlari, kattalar bilan ham, yosh bolalar bilan ham ohista ohangda so’rashishlari «yurak kishisi» ekanini bildirardi. Umri mehnat bilan kechgan, qo’llari qadoq, o’g’lining she’r bitishidan ich-ichidan quvonar, ammo buni farzandiga ham, boshqalarga ham aslo bildirmasdi. U Eshqobilining shoirligidan sevinishini hech kimga mutlaqo sezdirmasdan olamdan o’tdi.
Odam qayg’usini yashirish uchun juda irodali bo’lishi kerak, quvonchini pinhon tutish uchun esa, kishi benihoya matonatli bo’lishi zarur. Eshqobil Shukurning otasi g’oyatda kamsuqum, xokisor va benihoya matonatli inson edilar. Undagi mehnatsevarlik, vazminlik, bosiqlik otasidan o’tgan. Onasidan esa har qanday davrani mahliyo qilib, mazmunli gapirish-salmoqlab so’zlash xususiyati yuqqan.
Eshqobilning onasi Tojixol momo so’zga juda chechan. Momoning suhbatidan dil yayraydi. U kishi suhbati bilan har qanday so’zamolni qoyil qoldiradi. Chunki Tojixol momo adabiyotshunoslikdagi terminni qo’llab aytganda «obrazli» gapiradi. Shoirning onasi shunchaki gaplashganda, hol-ahvol so’raganida ham o’xshatish, sifatlash, jonlantirishni qatorlashtirib tashlaydi. Savollari ham, javoblari ham, ma’qullashi, inkor etishlari ham o’z-o’zidan jarangdosh so’zlar bilan boshlanib, qofiyadosh so’zlar bilan tugaydi. Tojixol momoga duch kelib, suhbatini eshitgan har qanday kishi beixtiyor «Eshqobil shoir bo’lmasligi mumkin emas edi» degan xayolga boradi.
Momoni bir ko’rgan kishi, albatta: «Shu ayol Eshqobil Shukurning onasi» deydi. Chunki Eshqobil qiyofasi, ko’rinishi, bo’y-bastiga ko’ra ham, salmoqlab, so’zlarning ohangini kelishtirib gapirishi jihatidan ham onasiga qo’yib qo’yganday o’xshaydi. Momo yurakka yetkazib gapiradi.
Eshqobil Shukur ham so’zlarni yurakdan o’tkazib she’r bitadi. Shu boisdan uning she’rlaridan kattayu kichik, oddiy odamlaru nozikta’b kiborlar ham birday ta’sirlanadi. Eshqobil she’r o’qiganida barcha tinglovchilar mutaassir bo’lib qoladi. Uning she’rlarini hech bir kishi befarq eshitib, loqayd mutolaa qila olmaydi.
Eshqobil o’rta maktabda o’qigan kezlarida bitgan she’rlarini o’qiganida sinfdoshlari, maktabdoshlari emas, yoshi kattalar ham zavqlanganidan qarsak chalib yuborishardi. Adabiy uchrashuv, yig’inlarda to’plamlari chiqib, sochi oqargan shoirlar emas, maktab o’quvchisi Eshqobil Shukur ko’p olqish olardi. Chunki uning she’rlari ma’nodor edi. So’zlari jaranglab, yuraklarni to’lqinlantirib yuborardi. Chunki u :
Boymoqlida maysa nish urar,
Oqshom yo’lni changitar poda.
Daraxtlarda gullar gurkirar,
To’lqinlar tirilar daryoda.
Boymoqlida, qirlar ostida,
Ko’z ochadi ming-ming qo’zichoq,
Yashillangan tomlar ostida,
Kelinlarday titrar qizg’aldoq.
Singillarning sochini o’ynab,
Yengil-yengil yelar shamollar.
Kechalari o’tmishi bo’ylab
Yurib chiqar o’tovda chollar.
«Boymoqlida bahor! Bo’linglar!»-
Chorlaydilar bir-birlarini.
Boymoqlida tug’ar kelinlar
O’zbekiston shoirlarini,
— deya so’zlarini salmoqlab she’r o’qirdi.
O’shanda o’ttizdan oshib, qirq yoshini qoralagan Yangiboy Shoyimardonov, Boltajon Yoriev maktab o’quvchisi Eshqobilning davradagi barcha shoirlardan o’tkazib she’r
bitganidan cheksiz quvonardi. Mengnor Ollamurodov, Nortoji Zieyov qoyil qolib, hayratga tushishardi. Sinfdoshi Ibrohim Mardaev she’r bitishda Eshqobil bilan musobaqaga kirishardi.
Tengqurlari Mengkamol, Qodir, Tursunboy, Turg’unboy esa she’r yodlashda unga tenglashishga tirishardi. Eshqobilning qo’shnilari ham kattayu kichik-barchasi dunyoga she’r ko’zi bilan qarardi, biri biridan o’tkazib, qofiyali qilib gapirishdan zavqlanishardi. Mengnor aka Sa’diy, Hofiz, Umar Xayyomdan, G’afur G’ulom, Oybek she’rlarini jo’shib o’qirdi. Boymoqli yoshlari Abdulla Oripov, Omon Matjon, Rauf Parfining yangi she’rlarini O’zbekistonda birinchi bo’lib yod olardi. Mengziyo Safarov she’riyat davralarida uloqni olib ketayotgan Boymoqlining bu bolasi, shubhasiz, O’zbekistonning katta shoiri bo’lib yetishishini doimo e’tirof etardi.
Shunday shoirlar borki, oddiy odamlarning hurmat-ehtiromini nazar-pisand qilmay, tumshug’ini baland ko’tarib, oldidan o’tib ketadi, faqat kazo-kazo amaldorlar davrasiga intiladi. Bunday takabbur kimsalar o’zini obro’sizlantirgani kamday, she’riyatni ham qadrsiz qilib qo’yadi. Lekin buni xayoliga ham keltirmaydi. Chunki ular So’z ulug’ hodisa ekanini chuqur his qilmaydi, she’r ilohiy ne’mat ekanligini tushunib yetmaydi.
«Hamal ayvoni» to’plamidagi she’rlarda insoniyat uchun so’z muqaddasligi, she’r bebaho boylik ekani yaqqol ko’rsatiladi. Ularda so’zlar avj pardada chalingan kuyday jaranglaydi, tabiatning eng yorqin ranglariday tovlanib jilolanadi. Ko’ngilga sizib kirgan bu ohang ranglardan tasavvurda ajib manzaralar namoyon bo’ladi, hayot go’zal ko’rinadi, kishining ko’nglida yashash, boshqalarga yaxshilik, sog’inish hissi jo’sh uradi. Shunda har bir odam o’z ichida yana bir olam borligini his qiladi.
«Hamal ayvoni» dagi she’rlar yog’dusi ichimizdagi zulmat bosib yotgan dunyoni bir zumga bo’lsa-da, yorishtirib yuboradi. Shunda ko’nglimizda kutilmagan oydinlik, yuz-ko’zlarimizda nur paydo bo’ladi. Bu lahzalarda har birimizning chehramiz yorishib ketadi, atrofimizdagilarga, hayotga mamnunlik bilan qaray boshlaymiz.
Chunki shoir bizga qarata :
Tingla, qanday ohang bastalar bo’shlik,
Va qanday tabassum qiladi zulmat.
Xazon rutubati qoraytirgan yer
Yuziga maysadan tortadi chimmat.
…lahzani ushlab qol, yashab o’t lahzani…
Barini, barini ko’zlaringda jamla,
Sen bu tiriklikni , tingla va angla. …
lahzani ushlab qol, yashab o’t lahzani…
Sen suvni tinglab ko’r, anglab ko’r suvni,
Gunglarning tilida muzlagan ovoz,
Ko’rlarning ko’ziga ko’milgan ranglar —
Suvning rangi bilan tovushiga mos.
…lahzani ushlab qol, yashab o’t lahzani.
… Daraxtlarni tingla va angla,
Bir aytgan qo’shig’in takror aytmaslar —
Yam-yashil ohanglar, yam-yashil so’zlar
Moviy cheksizlikda yashil raqs tuzar…
— deya hayotga qasida aytadi.
She’rni suygan elning shoirigina so’zlarni ana shunday jaranglatadi. Azaldan davralarida she’r yangragan elning shoirigina minglab odamlarni mahliyo qilib, she’r o’qiydi. Eshqobil Shukurning she’rlari endilikda O’zbekiston xalqining qalbiga kirib bordi. U teleekranda she’r o’qiganida millionlab kishilar yumushini to’xtatib eshitadi, tortishuvlariga chek qo’yishadi, biznes dunyosidagi uddaburonliklar, aldov, firib berishlar haqida emas, adabiyot to’g’risida, she’riyat xususida suhbat boshlashadi va davralarda allaqanday iliqlik, o’zaro yaqinlik muhiti yuzaga keladi.
Eshqobil Shukur hayotning har bir lahzasiga hikmat manbai deb qaraydi. Shuning uchun zamondoshlariga, kelgusi avlodlarga «lahzani ushlab qol, yashab o’t lahzani» deb iltijo qiladi. O’zi esa:
Men to’ylarning kuylarida ko’rinay,
Men kuylarning to’ylarida ko’rinay.
Men ko’zlarning ko’zlarida ko’rinay,
Men so’zlarning kuylarida ko’rinay…
— deb niyat qiladi. Shoirning she’rlari mamlakatning eng ulug’ bayrami tadbirlarida, eldoshlari to’y-tantanalarida yangrayotgani uning orzulari ushalganini bildiradi.
«Hamal ayvoni»dagi she’rlarda katta-yu kichikning ko’nglidagi kechinmalari, hayotdan tilaklari, orzu-armonlari aks etadi. Shoir hech kimga, hatto, kishi o’ziga ham ovoz chiqarib aytolmaydigan, ko’ngil tubida turgan kechinmalarni jaranglagan so’zlarda ifoda qiladi. Uning she’rlarida so’zlardan «Shashmaqom»dagi, Betxoven, Shopen, Shostakovich kuylaridagi turfa xil ohang taraladi, Rafael, Behzod, Ro’zi Chorining kartinalaridagi rangin bo’yoqlar, jozibador manzaralar ko’rinadi. Shuning uchun uning she’rlari dunyoning turli tillariga tarjima qilindi.
U she’rni olamdagi barcha narsadan aziz, deb biladi, jonidan ham ortiq ko’radi, hayotning asl ma’nosi she’rda, deb qaraydi. «To’qqizinchi fevral`» she’ri bunga isbot bo’la oladi. U ushbu she’rdagi «Men ertaga o’laman, ona, Agar sen bu kecha boshimda, O’zbek tilidagi qo’shiqlarni aytib turmasang. Men ertaga o’laman, ona, Agar sening kelinlaring bu kecha, Buyuk shoirlarni tug’masa agar» degan satrlarni bitganida hali o’n sakkiz yoshga ham to’lmagan edi.
Eshqobil Shukur boshqa she’rlarida ham so’zlarni ana shunday tiriltirib, salmoqlab, kaftida tutib, taqdim etadi. Uning she’rlarida bemajol so’zlar, salqi satrlar ko’rinmaydi. «Hamal ayvoni»da ham «Ibtido xatosi», «Naqshband» dostonlarida ham, «Ko’hna bog’ rivoyatlari»dagi mo»jaz hikoyalarda ham, «Oqibat oqshomlari», kabi qissalarida ham so’zlardan harorat taralib, tafti quloqdan, ko’zdan o’tib, yurakka yetib boradi. She’rparast el shoirining qalbidan quvvat olgan so’zlardan vujuddagi millionlab hujayralar yayraydi.
Eshqobil Shukur so’zlarni barchadan ko’proq suygani, ularni hammadan ko’proq tushunib, chuqurroq his qila olgani, suv, tuproq, olovni ko’rgandek ko’ra olgani uchun, uning she’rlarida hech bir shoir, adib ishlatmagan so’zlar uchraydi. U «Tugallanmaydigan she’r»ida :
O, siz bu yurakning vatandoshlari,
Havodoshlariyu tuproqdoshlari,
Oching eshiklarni, derazalarni,
Axir, bu yurakning sevgisi kelar,
Yanada qattiqroq sevgisi kelar.
Uning tomirlari gullab boradi,
Devorlari nurdan tiklanib borar.
Oching chehralarni, oching ko’zlarni,
Boylangan tillarin oching so’zlarning,
Axir, bu yurakning sevgisi kelar.
O, siz, bu yurakning tuyg’udoshlari,
Xayoldoshlariyu osmondoshlari», —
deydi.
Nutqimizda «vatandosh», «tuproqdosh» so’zlari qo’llanadi. Lekin odamlar bir-biriga «havodosh», «tuyg’udosh», «xayoldosh», «osmondosh» ekanligini shu paytgacha hech kim aytmagan edi. Buni birinchi bo’lib Eshqobil Shukur angladi, kashf etdi. To’g’rirog’i, u tilimizdagi mavjud so’zlarga yangi ma’no, yangi hayot baxsh etdi.
«Ibtido xatosi»ni yozgan shoir she’rlarining eng muhim jihati shundaki, ular odamni o’zi haqida o’ylatadi, ko’ngilga umid olib kiradi, hayotni sevdiradi, jo’shib yashashga, to’xtamasdan intilishga undaydi. Ko’p shoirlarning she’rlarida xuddi shu xususiyat yetishmaydi. Eshqobil Shukurning she’r, dostonlari ham, turli mavzudagi maqolalari ham bu jihatdan adabiyotdagi noyob hodisalar sirasiga kiradi.
Eshqobil Shukur eng yaxshi she’rlari, hikoya, qissa, maqolalarini asosan kuzda va qishda yozadi. Pushkin kabi daho shoirlar ham kuzda jo’shib ijod qilgani ta’kidlanadi. «Ma’lumki», «tashvish», «baxt» kabi so’zlar bilan sirlashgan shoirning ilhomi kechasi, tunda to sahargacha jo’shadi. Kechasi uning ko’ngliga Koinotdan turfa tuhfalar tushadi.
Umuman barchamizning qalbimiz Koinotdan tuhfalar olib turadi. Ulug’ hind mutafakkiri Rabindranat Tagor shunday degan. Fors tilidagi «Qur’on» deb ta’riflangan «Masnaviy maa’naviy» muallifi Mavlono Jaloliddin Rumiy esa: «Har zamon kelgay falakdan karvon, Ortiga qaytur tijorat aylabon», deb yozgan.
Eshqobil ijod qilayotganda qalbiga quyulib kelgan so’zlarni qog’ozga tushirishda, o’xshatish, jonlantirish, sifatlashlarga to’la obrazli fikrlarni yozishda shoshib qoladi. Eshqobil bu paytda she’r olamida yashaydi. So’z sehridan yongan yurak, she’r zavqidan jo’shgan shoir o’z holatini:
Shu tog’lar, daryolar men uchun yetar,
Manglayimni silaydi momo oftobim.
Ajab saodatli tunlar bag’rida,
Ko’nglim yulduzlarin sochmoq istadim.
Hayot gullayotgan mehr bog’ida,
Sizga yuragimni ochmoq istadim»,
— deb ifoda qiladi.
Shoirlar naslning javhari, millatning tayanchi, elning obro’si, yurtning sharafi, davrning ko’zgusidir. Ularning so’zi atomdan zo’r quvvatga ega bo’ladi. Shoiriga qarab , elni tasavvur qilsa bo’ladi. Eliga boqib, shoiriga baho berish esa haqiqatga juda mos keladi. Eshqobil Shukurning ijodi millionlab kishilarning qalbidan joy olgani shundan dalolat beradi. She’rparast Boymoqli farzandi Eshqobil Shukur endilikda O’zbekistonning eng sevimli shoirlaridan biriga aylandi.
Таниқли адабиётшунос олим Абдулла Улуғов Сурхондарё вилоятида туғилган. Олим адабий-бадиий жараёнларнинг фаол кузатувчиси, қолаверса, иштирокчиси сифатида адабий-танқидий, илмий-назарий, публицистик мақолалари, эсселари билан ҳам бугунги адабиётшуносликка муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг «Ҳозирги ўзбек қиссачилиги», «Қиссачилигимиз қирралари», «Адабиётшуносликка кириш», «Инсон ибратга интилади», «Асл асарлар сеҳри», «Ватан — жон ва тан», «Қалб қандили» каби китоблари эътиборга лойиқ. Олим узоқ йиллардан буён Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талабаларга сабоқ бериб келмоқда. Абдулла Улуғов «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Taniqli adabiyotshunos olim Abdulla Ulug’ov Surxondaryo viloyatida tug’ilgan. Olim adabiy-badiiy jarayonlarning faol kuzatuvchisi, qolaversa, ishtirokchisi sifatida adabiy-tanqidiy, ilmiy-nazariy, publitsistik maqolalari, esselari bilan ham bugungi adabiyotshunoslikka munosib hissa qo’shib kelmoqda. Uning «Hozirgi o’zbek qissachiligi», «Qissachiligimiz qirralari», «Adabiyotshunoslikka kirish», «Inson ibratga intiladi», «Asl asarlar sehri», «Vatan — jon va tan», «Qalb qandili» kabi kitoblari e’tiborga loyiq. Olim uzoq yillardan buyon Mirzo Ulug’bek nomidagi O’zbekiston Milliy universitetida talabalarga saboq berib kelmoqda. Abdulla Ulug’ov «Do’stlik» ordeni bilan taqdirlangan.