Xurshid Davron. «Shahardagi olma daraxti» to’plamidan & Kamola Botirova. Poetik obrazlar jilosi

Ashampoo_Snap_2017.07.12_12h36m21s_005_.png     Шеърият туйғулар гулшанидир. Биз Хуршид Давроннинг Ватан, табиат, жамият, садоқат, ишқ ҳақидаги шеърларини ўқиганимизда қалбимиз шу гулшандан таралган нафосат ифори билан тўйингандай бўлади…

Камола Ботирова
ПОЭТИК ОБРАЗЛАР ЖИЛОСИ
011

Ashampoo_Snap_2017.07.12_12h44m21s_006_.png  Ўтган асрнинг 80-йилларида замонавий ўзбек шеърияти гуркираб ўсди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи каби забардаст ижодкорлар қаторига Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Йўлдош Эшбек, Тилак Жўра каби оташқалб шоирлар кириб келишди. Албатта улар орасида Хуршид Даврон ўз овози, ўз сози билан ажралиб туради.

Шеърият туйғулар гулшанидир. Биз Хуршид Давроннинг Ватан, табиат, жамият, садоқат, ишқ ҳақидаги шеърларини ўқиганимизда қалбимиз шу гулшандан таралган нафосат ифори билан тўйингандай бўлади. Боиси, Хуршид Даврон образ яратишда ўзига хос услубга эга. Шоир ўз шеърларини нафис ташбеҳлар билан безатиб, уларга ўзгача сайқал беришга астойдил ҳаракат қилади. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламини ноёб поэтик топилмалар ва тасвир воситалари ёрдамида ифодалайди.

Хуршид Даврон яратган образлар орасида Ватан образи алоҳида ўрин тутади. Шоир Ватан образига энг вазмин, Истиқлол дарди, давр юкини юклайди. Шоирнинг “Мовий рангли осмонга боқдим” шеърига назар ташлайлик. Таниқли адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам таърифлагандек, бу битикдаги образнинг кучи, жозибаси шундаки, у шоир ифодаламоқчи бўлган фикр, ҳис-туйғу ва кечинмани маъно жиҳатидан товлантириб беради.

Дастлаб шеърни ўқиган китобхонда шоир таевирлаган табиат манзараларига қизиқиш пайдо бўлади. Шоир ўқувчини мовий рангли осмон, “зумрад дала” гўзалликлари билан ошно қилади, “пишиб ётган боғлар” сари чорлайди. Тонг нурларинингтўлқинларини кўрган шоирнинг юрагида юлдуз чақнайди. Унинг бағри шамолларга айланади. Шоир “Ҳаётни ёниб куйладим” дея эътироф этади. Айтмоқчи бўлган асосий фикрини эса шеърнинг энг сўнгги қаторларига жойлайди:

Ҳар кимнинг ҳам бўлсин осмони,
Ўз гуллари бўлсин қалбининг.
Эркдай улуғ Ўзбекистони,
Чексизлиги бўлсин ҳар кимнинг.

Агар ушбу шеърнинг 1973 йилда ёзилганлигини ҳисобга олсак, ўша турғунлик йилларида “Эркдай улуғ Ўзбекистон” дейиш учун шоирга қанчалик жасорат керак бўлганлигини тасаввур этиш қийин эмас. Шоир рамз орқали эрк ва Ватан образини ишонарли ифодалай олган.

Ashampoo_Snap_2017.07.12_12h27m23s_002_.pngИстиқлол орзуси шоирга тинчлик бермаганлигини Хуршид Давроннинг “Шундай яшил менинг Ватаним” шеърида ҳам кўриш мумкин. Шеър 1976 йилда ёзилган. Шеърнинг ҳали юртимиз мустақилликка эришмаган бир тарихий паллада ёзилганлигини қайд этадиган бўлсак, масаланинг моҳиятини янада теранроқ англаймиз. Боиси ўша даврларда буюк оғалар эътироф этган ватандан бошқа ватан йўқлигини уқтирувчиларни ҳисобга олсак, шоир “баҳорнинг илк баргидай яшил”, “гул атридек ёш Ватан” ҳақида куйлаши, унинг тимсолини яратишининг ўзи шеъриятимиз тарихида катта бир воқеа эди:

Ватан, сенсан бағримга монанд,
Бағрим каби мусаффо, ёруғ.
Сен онамга ўхшайсан, Ватан,
Онам каби табаррук, улуғ.
Шундай ёруғ менинг Ватаним,
“Мен севаман» сўзидек ёруғ.

Шоир назарида дунёдаги энг ёруғ маскан, “она каби табаррук, улуғ” гўша бу Ватандир. Шунинг учун ҳам шоир Ватанини жонидан ортиқ севади. Унинг учун ҳар нарсага тайёр. Мана шу тарзда Хуршид Даврон шеъриятида Ватан бир улкан поэтик образ, муқаддас гўша, улуғ саждагоҳ сифатида бўй кўрсатди.

Хуршид Даврон шеъриятида баҳор, гул, куз ва қиш, қор каби ранг-баранг образлар учрайди. Шоирнинг “Деразамнинг рахидан қорни…” шеъри бунга мисол бўла олади. Дераза рахида турган қорни ҳаммамиз ҳам кўрганмиз. Лекин шоир уни бошқача нигоҳ билан кўради. Шеърда тувакдаги гул ва қор образлари бор. Дераза рахидаги қорни тувакдаги гул кузатганини кўрганмисиз? Шоир китобхоннинг эътиборини шу воқеага тортади.

Қандай яхши кузатмоқ тўйиб
Ташқарида ёққан оқ қорни,
Ҳеч бўлмаса олдингга қўйиб
Ўткир шароб, бир бурда нонни.

Бироқ нечун чидамас юрак,
Кийинаман аста, бемадор —
Қийин экан уйда ўтирмоқ
Ташқарида ёққанида қор.

Энди лирик қаҳрамонни на уйдаги иссиқ жой, на тувакдаги гул, на тинчгина китоб ўқиш, на ташқаридаги қорни кузатиш қизиқтиради. У кийиниб ташқарига отилади. Табиат гўзаллигидан, қор ёғишидан завқланади. Сизни ҳам бирга қор бўронига, қиш завқидан сармаст бўлишга даъват этади. Шоир шеърининг таъсир кучи ҳам худди мана шундадир.

Шоирнинг “Бўлди, етар, термулманг ойга…” деган шеърида “мен”и ва ой образи бор. Шоирнинг лирик қаҳрамони “Бўлди, етар, термулманг ойга, ҳа, биламан, ой жуда гўзал — Тўйиб бўлмас бундай чиройга” дея хитоб қилади.

Ерга боқинг: худди шу чоғда
Юлдузлардан улкан майсалар
Бош кўтариб чиқиб келмоқда, —

дея ўқувчига мурожаат қилади. Бу фикрда шундай рамз бор: Ой қанчалар гўзал бўлмасин, у лирик қаҳрамоннинг истиқлол, озодлик, ҳаёт ҳақидаги эҳтиёжларини қондира олмайди. Лекин она замин бағридан кўтарилаётган майсаларда эса ҳаёт бор, гўзаллик бор. Боиси майсалар ердан бош кўтариб келмоқда. Улар табиатни гўзалликка буркаб, инсонга ва борлиққа ҳаёт бахш этади.

Шоирнинг “Шукур Бурҳон ҳақида қўшиқ” шеърида халқимизнинг севикли санъаткори, бетакрор истеъдод соҳиби Шукур Бурҳон тимсоли ёрқин бўёқларда чизилган. Хуршид Даврон Шукур Бурҳонни таърифлар экан, унинг ҳақиқий санъат фидоийси эканлиги ҳақида “Чўккан девор қаддин тиклайди, Шукур Бурхон чиққач саҳнага”, дейди. Шукур Бурхоннинг кучли санъаткорлиги “Энди ундан кучли одам йўқ, Енгар ман-ман деган йигитни” сатрларида яққол намоён бўлади.

Танаффусда яна ҳорғинлик
Елкасига ташлайди кучин,
Юрагида ухлар Улуғбек
Сўнг саҳнада ҳайқирмоқ учун.

Бу сатрларни ўқиган китобхон кўз ўнгида Шукур Бурхоннинг танаффусда ўтирган кўйи куч йиғаётганлиги, унинг юрагида Улуғбекдек улуғ зотлар ором олаётганлиги гавдаланади.

Болалик! Инсон умрининг гултожи, бетакрор баҳори. Ким ҳам болалигини соғинмайди дейсиз. Шоир ҳам болалик ҳақидаги битикларида йиллар унинг болалигини ўғирлаб кетганлигини, дўстлари сочларидаги “оқ толаларга ҳайрон боққанлигини” тасвирларкан, гоҳ йилларни койиса, гоҳо боғлар томон юз буради. Шоир болалик ҳақидаги туйғуларини шундай ифодалайди:

Кунлар хазон каби сарғарди,
Учиб кетди япроқлар каби.
Ул кун қалбга дунё сиғарди,
Бугун сиғмас ўзимнинг дардим.

О, болалик, менинг қувончим,
Эй, кўз ёши тўймаган очун.
Кеча дўстлар билан мен ичдим,
Сенинг боқий қудратинг учун.

Шоир ёшлик ва болаликнинг ўтиб кетганлигини “Кунлар хазон каби сарғарди” сатрлари орқали ифодалайди. У “сарғайди” сўзини “сарғарди” деб қўллаши билан шеърдаги маъно янада кучайиб, унинг таъсирчанлиги ортади. “Учиб кетди япроқлар каби” деган ўхшатишдан моҳирона фойдаланади. Болалигида шоир қаҳрамонининг қалбига бутун дунё сиққан бўлса, бугун унинг ичида ҳатто тариқ айланмайди. Шунданми, ўзининг дарди ҳам юрагига сиғмайди. Бироқ болалик қанчалар йироқлашиб кетган бўлмасин, инсон доимо ўз болалигини қўмсайди, бола бўлиб қолгиси келади. Болалик ана шундай бетакрор туйғу.

Хуршид Даврон ўз туйғуларини кўз-кўз қилмайди. Ўқувчини ҳаётий ҳақиқат билан юзма-юз қилиб, ундаги таъсирланиш, муносабат билдириш ва хулоса чиқаришни кўпроқ ўқувчининг ўзига қолдиради. Туйғулар чинлиги, ҳолатнинг самимийлиги, кечинмалар табиийлиги мисраларга жозиба бахш этади. Шоир ифодалаётган тимсоллар унинг ижодий мақсади йўлида хизмат қилади.

Хуршид Даврон ўзи яратган ранг-баранг образларни ўқувчига мажбурлаб тиқиштирмайди, уни ҳамдардликка чорламайди. У битикларида гўё ўз руҳиятини ўзи ташқаридан кузатаётгандай бўлади. Бу ҳолат ўқувчига шеърдан дилига яқин бўлган сезимларни туйиш, улардан завқланиш имконини беради. Шу билан бирга ўқувчини мушоҳада юритишга, баҳсга чорлайди.

Манба: «Ёшлик» журнали, 11/2014

Хуршид ДАВРОН
«ШАҲАРДАГИ ОЛМА ДАРАХТИ»
КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
011

* * *

Мовий рангли осмонга боқдим,
Осмонимга айланди осмон.
Зумрад дала меники бўлди
Боққанимда чексизлик томон.

Пишиб ётган боғларга боқдим
Ва кўксимга бошин қўйди куз.
Тонг нурининг тўлқинида жим
Юрагимга киради юлдуз.

Ичдим ўтли шамолларни мен,
Шамолларга айланди бағрим.
Севдим гулу аёлларни мен
Ва ҳаётни ёниб куйладим.

Ҳар кимнинг ҳам бўлсин осмони,
Ўт гуллари бўлсин қалбининг.
Эркдай улуғ Ўзбекистони,
Чексизлиги бўлсин ҳар кимнинг…

1973

* * *

Океан ёқасида ўтларга кўмилиб,
Чўзилиб ётган ўлка – Пабло Неруда.
У гўё ҳозиргина уммондан чиқиб
Қуёшда тобланган буюк Эстебан¹
Тўлқинлар урилар оёқларига,
Сочларида ухлар чағалай.
Қўлларининг қадоқларида
Қуёш нури қуш каби ўйнар…

Мен Чили ҳақида ўйлаганимда
Шу манзара кўзни йиртади
Ва кўзимга сиғмаган қисми
Сингиб кетади юрагимга.

Узоқ-узоқларда сув ёқасида
Чўзилиб ётар Пабло Неруда –
Зиндонларга сиғмаган орзу –
Армонларни
жамлаган Ватан…

1978

¹ Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Уни Эстебан деб атардилар” ҳикоясининг қаҳрамони

* * *

Табиатдир менинг давомим,
Туташ эрур бағрим бағрига.
Умрим боғлиқ ою офтоби
Дарё, дала, дарахтларига.

Ялпизларни қучоқлаб сархуш,
Муҳаббатга чулғанар қалбим.
Бошим узра учиб ўтар қуш,
Хаёлимнинг давоми каби.

Тунлар нафас олмай ётаман,
Мени қучар қувончу алам…
Дарахт кулгусини кўрганман,
Кўрганман кўз ёшларини ҳам.

1978

* * *

Ҳаммани унутиб қўйибман…
Ҳеч кимни танимай ва билмай
Қишлоқни мен кезиб юрибман.

Бу мен-ку, қадрдон жўралар!
Бу мен-ку, онажон, дадажон!
Овоз йўқ… Кўксимда йиғлар қон.

Ва шунда бошимда айланиб,
Ярми кўк, ярми оқ ва қора,
Қўлимга талпинди битта барг.

“Мен сени танийман”, деди у.
Кўзимда тирқираб кетди ёш,
Бағримга босдим мен энтикиб…

1977

* * *
Бу дунёда орзу қилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳайратни қучоқлаб ётганда.

Бу дунёда азобланиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳасратни қучоқлаб ётганда.

Бу дунёда севиш, севилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Хаёлни қучоқлаб ётганда,
Ҳаётни қучоқлаб ётганда,
Аёлни қучоқлаб ётганда.

1976

* * *

Эшиклар тўсатдан бир қучоқ нурни
Сочиб юборади туннинг кўксига.
Эшикни ёпаман, тинч кўчаларни
Кезиб термиламан ойнинг рақсига.

Кейин далаларга чиқиб кетаман,
Мен билан боғларда тентирайди тун.
Булутлар оқади. Кўзни тутаман,
Пойимда майсалар шивирлар афсун.

Тун шаҳарни қучган.
Бахтли аёллар
Эркаклар кўксига қўядилар бош –
Ухлар чойшабларга ўралган гуллар,
Кўрпани тоблашиб мушукдай юввош.

Фақат узоқларда, тунги қирларда
Кўзлари қора қиз, қоши қора қиз
Йигитнинг кўксига эмас, далада
Уватга бош қўйиб ухлайди ёлғиз.

1977

* * *

Сен келасан…
Сел келганда
Тошган дарё бўламан.
Беда ортган аравадай
Хушбўйдирман сен билан.

Сен кетасан…
Ортингдан мен
Боқарман чўл йўлида
Аравадан тушиб қолган
Хушбўй беда гулидай…

1978

* * *

Туш кўраман олис қишлоқни,
Тун сутини ичар у мудраб
Ва тишланган, ярим пишлоқни –
Ойни ўпар дарахтлар титраб.

Ҳали жуда олисда Зуҳра,
Аммо бу дам титрар мисли қуш
Супадаги беланчак узра
Ҳилол сочган олтин ва кумуш.

Мен ухлайман хотиржам, ёлғиз,
Юрак эса бўлади карахт –
Тушларимга киради ялпиз,
Қўриқлайди тушимни дарахт.

1978

МИРТЕМИР ХОТИРАСИГА

Шаҳар узра ёғиларди қор,
Туяр эдик муз нафасини.
Узоқларда кезарди баҳор,
Биз йўқотиб қўйганда сени.

Йиғилишдик. Жиддий ва маҳзун –
Улғайганин сездим дўстларни.
Куй оқарди ғам каби узун,
Қўзғатганча дилда ҳисларни.

Дафндан сўнг қайтдик букчайиб,
Эзар эди кўринмас тобут.
Қор сувида юзларни чайиб
Шивирладик: юрак, ёдда тут!

Шаҳар узра ёғиларди қор,
Туяр эдик муз нафасини.
Узоқларда кезарди баҳор,
Биз йўқотиб қўйганда сени.

Шунда кимдир, ким у, эсда йўқ,
Деди ғамгин эгганича бош:
“Тобутини кўтарган чоғим
Қабоғида кўрдим томчи ёш.

Оҳ, дўстларим, юрагим сезди –
У кузатар эди бизларни.
Қабоқда ёш, у йиғлар эди,
Қийнаб қўйдим дея сизларни”.

1978

* * *

Шеърият – бу қийин иш эмас,
Ёзсанг агар юракни асраб.
Бироқ шеърнинг бир сатрини деб
Қон тупирган тунлари Машраб.

Шеърият – бу қийин иш эмас,
Етар топсанг қофия: “ёз”, “соз”.
Шеърда баъзан ҳаводек зарур
“Эрк” сўзига қофия “қасос”.

Сен қўрқувни қанчалик яшир,
Шеър қилади бари бир ошкор.
Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър,
Мардман, деб жар солмоғинг бекор.

Она  юртни куйламоқ учун
Худди шеърга бергандек юрак,
Уни юртга бермоқ учун ҳам
Доим тайёр турмоғинг керак.

Тўмарисдек аёл қўлларин
Қадоқлари тиларкан кеч куз,
Қоғоздаги шеърим йўллари
Юрагимда қон қолдирган из.

Заҳар ичиб ўлган актёрдек
Пардадан сўнг тирилмоқ бекор.
Шоир шеърнинг олдидан тирик,
Шеър сўнгида ўлмоғи даркор.

Шеър – туймоқдир ногоҳон дилдан,
Сен қўлингга олганда нонни,
Буғдой дони ердан симирган
Эрк деб жангда тўкилган қонни.

1979

СЎНГГИ ХАТ

Қор кечиб, боғчани кезаман,
Кўзимни яшириб ёруғдан.
Мен балки қочишни истайман,
Юракда уйғонган оғриқдан.

Боғчага очилган дераза
Таратар навони – ёғдуни.
Мен эса тушаман ларзага,
Йўқотиб қадрдон туйғуни.

Қўлимда сен ёзган сўнгги хат,
Вужудда кезади қалтироқ.
Мактубинг шу қадар қисқаки,
Оғриқнинг азоби узунроқ…

1976

Рассом Шуҳрат Абдурашидовга

Биз шундай яшаймиз!
Севиб май, чоғир,
Қонуну расмга телба-тескари.
Биз минг кутишга розимиз, ахир,
Дарахт шохларида баргдек ўсгани…

Сапчиб туради у
Кеч куз ярим тун,
Соғинчми, армонми юракни қийнар.
Кўзини очганча ётади маҳзун,
Юракни қийнайди безовта ўйлар.

“Сизни тушунмайман” – дейди хотини,
У жавоб бермайди, шошмай қимирлар,
Елкасига илар ёмғирпўшини,
Остонада тўхтаб ғамгин шивирлар:

“Кечиргин, ўртанар юрак неча кун,
Неча кун-ки, ахир, мен қийналаман.
Албатта, боришим керак. Мен бугун
Хайрлашмоғим шарт турналар билан”.

1978

* * *

Саҳна узра порлади чироқ,
Ноталардан қўзғалди Моцарт
Ва актёрнинг қўлида титроқ
Кўзин очди.
Энди ўлмоқ шарт…

Ёш режиссёр худодай якка,
Душман каби бешафқат, беқалб.
У актёрни тираб деворга
“Ишонтиргин”, — деб қилар талаб.

“Шундай ўлмоқ керакки…” Қўлин
Силкиб-силкиб уқтирди у.
Саҳна узра бошланди ўлим –
Саҳна каби золим, бетуйғу.

Яна Моцарт ва яна ўлим
Такрорланар, ўнми, ўн учми.
Актёр фақат сезар вужудда
Совиётган қўлларин учин.

Сўнг равоқда бармоқларини
Тоблар экан қуёшда бир-бир,
Актёр секин шивирлаб дейди:
“Қўрқинчлидир ўлмоқ бари бир”.

1978

* * *

Қора мавр ўғли – телба Отелло
Буюк садоқатдан бермоқда сабоқ.
Қўлини артди у: “Мадад бер, Оллоҳ…”
Бутун зал гўёки улкан бир қабоқ.

Уят бу! Даҳшат бу! Ютолмай нафас,
Аёллар юлади зар мунчоғини.
Эркаклар чангаллар… Йўқ, аёлнимас,
Курсиларнинг илиқ суянчиғини.

“Уят бу! Даҳшат бу! Наҳот, азизим,
Ажойиб муҳаббат деганлари шу?!” –
Уйга қайтиб энди юмолмай кўзин
Неча аёлларнинг бузилар туши.

Фақат зал четида йиғлайди бир қиз,
Оппоқ рўмолчани юзига босиб.
Узилган япроқдек қийнайди бир ҳис,
Шабнамлар балқийди кўзини тўсиб.

Энди у бир умр – тонгу шом пайти
Шивирлар, қизариб ичган каби май:
“Мени ҳам бир йигит шундай севсайди,
Севиб ўлдирсайди мени ҳам шундай”.

1978

 

ҚИЗ ВА ШАМОЛ ҲАҚИДА ЭРТАК

Дарддай узун-узун кўчани
Оёқларинг саси ўпади.
Ухлаб қолган ойдин кечани
Уйғотади сочларинг ҳиди.

Узоқлардан сенга изма-из
Шамол секин сирғалиб келар,
Ёлворади у сенга унсиз,
Ёлворади тунги майсалар.

Кўзларингга ой боқар қониб,
Кўзларинг ой нуридай тоза.
Мана келдинг. Бўғилиб, ёниб
Сени ютар кўҳна дарвоза.

Шамол эса кўчада қолар,
Қилт этмайди, қанотлари тинч.
Парча-парча бўлиб синади,
У кўтариб югурган севинч

Ва лабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.

1976

ЧЮРЛЁНИС ¹

Денгиз бўлса… Денгиз…
Ярим тунда бўлса…
Юлдузлар қўлларинг етгудай яқин.
Чидолмасанг, тўлиб куйлагинг келса,
Ўкириб йиғлагинг келса… Ва тағин…

Қуёшни қўлингга олсанг тонг пайти,
Унинг кўзларига тикилиб, алқаб,
Дўстим деб, атасанг қайта ва қайта,
Денгизда чўмилса сўнг қуёш ва қалб.

Мовий кўзли сукут ва ой йўлингга
Тўшаса тилларанг сочлар ўримин.
…Мен ишонмайман ўлимга,
Мен ёмон кўраман ўлимни.

1978

¹ Машҳур литвалик рассом

* * *

Боғ кезаман.
Борми бунда сир,
Бирор афсун борми ё, бунда
Ҳаяжонга тўлган мусаввир
Уйғонади менинг қалбимда.

Қоп-қорайган боғларни кезиб
Чекинаркан кузнинг қўшини,
Ранг излайди мусаввир кўзи,
Дарахтзорга баргдек қўшилиб.

Заъфар хазон қуш каби учар,
Ва рутубат – кеч куз чалган соз.
Унинг кўзи гоҳ титраб тушар,
Гоҳ қувонар мисли олтин ёз.

У Левитан сезмаган рангни
Танийди-ю, кўзи жавдираб,
Юрагида кечган оҳангни
Бўяй бошлар шу рангга қараб.

Сезар – япроқ юракка ўхшар,
Ҳа, шу оддий асалранг япроқ
Тош йўлакка айланиб тушар,
Қўзғатганча юракда титроқ

Ва шу титроқ уйғонган маҳал,
Нимагадир бўлиб мунтазир,
Кечган умрин этмоқчидек ҳал
Уйғонади кўксимда шоир.
1978

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ОДДИЙ САТРЛАР

Жамшидга

Мен биламан,
У мени жуда яхши кўради.
У менинг тушларимга кирмоқ истайди,
У мени бағрига босмоқ истайди,
Кўрмоқ бўлар менинг соғинчимни.

У боболарим тушини сўйлаб бермоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.
У менинг барча орзуларимни билмоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.

У менинг онамга ўхшайди –
Кўзлари хаёлчан унинг ҳам.
У менинг болалигимга ўхшайди –
У ҳам менга ёзолмайди хат.

1978

* * *

Руҳимда бир соғиниш кезар,
Юрак дардга бормоқда тўлиб.
Тошойнага тикилди кўзлар,
Ўз дардини кўрмоқчи бўлиб.

Кўзларимда бир ун: “Омонми,
Бугун у қиз кимнинг юлдузи?”
…Синдиришдан олдин ойнани
Мен жилмайдим ўзимга ўзим.

* * *

Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа, гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

1978

ШУКУР БУРҲОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Шукур Бурҳон ҳам қариб қолди,
Ўхшаб қолди қадим қалъага.
Чўккан девор қаддин тиклайди,
Шукур Бурҳон чиққач саҳнага.

Энди ундан кучли одам йўқ,
Енгар ман-ман деган йигитни.
У куйлади мисоли қўшиқ
Сўзлараро ётган сукутни.

Танаффусда яна ҳорғинлик
Елкасига ташлайди кучин.
Юрагида ухлар Улуғбек,
Сўнг саҳнада ҳайқирмоқ учун.

…Шукур Бурҳон тунда туш кўрар,
Тонгга қадар чўзилади туш.
Хўжа Аҳрор тасбеҳ ўгирар,
Аббос ханжар ўқталар эмиш.

Ёлғиз фонус нур тарар синиқ,
Тўкилармиш юлдузлар ғужғон.
Юрагидан қайғудек тиниқ
Сочилармиш зах тупроққа қон.

Шукур Бурҳон чўчиб уйғонар,
Босолмайди у ҳаяжонни
Ва бақувват қўллари билан
Кўкрагидан артади қонни.

1978

ЙЎҚОТГАН ДЎСТИМ ҲАҚИДА ҲИКОЯ

Ҳаво очиқ эди қучоғим каби,
Боғларда мудрарди қари саратон.
Соғиндимми ёки кўргим келдими,
Йўл олдим дўстимнинг кўчаси томон.
Дўстимни анча вақт кўрмаган эдим.
Мен жуда севардим, ахир, дўстимни.
Мен уни хаёлан кўп бор йўқотдим,
Хаёлан қайтадан кўп топдим уни.
Балки у ҳам қўмсар, ташнадир менга,
Балки юрак сўзи бордир мен учун.
Мана шундай ўйлар билан зинадан
Кўтарилиб борар эди қувончим.
Эшик очиқ эди. Мен қолдим ҳайрон.
Чақирдим, ҳеч кимса бермади овоз.
Дўстимнинг уйи-ку, қўрқмасдан кирдим
Кирдиму йўлакда тўхтадим бехос.
Шундоқ ёнгинамда – оппоқ деворга
Ван Гогнинг қулоғи михланган эди
Ва унда бамисли илгакли дорга
Осилиб ётарди авто калити.
Деворда бир сурат: мармар ҳовузда
Оққушлар сузади йиғлаб қайғули
Оққушга ўхшамас эди аслида,
Балки хонаки бир рассом маҳсули.
Меҳмонхона эди кейинги хона,
Саранжом буюмлар қотиб турарди.
Оёқ босмоқликнинг ўзи ваҳима,
Паркет ҳам ойнадай ялтирар эди.
Рангли телевизор узра беқайғу
Ганч мушук дам олар, тортганча хуррак.
Ичи тўла танга. Бефарқ боқар у,
Бўм-бўш чўнтагимни қилгандай мазах.
Жавондан термулар жавон қуллар –
Концлагернинг беҳол маҳбусидай оқ,
Энг тоза хрусталь, гўдак қўллари
Ҳеч қачон тегмаган маъсум қўғирчоқ.
Не учундир уни бағримга олиб,
Қучоқлаб, эркалаб кўтаргим келди
Ва лекин юрагим кетди-ку тўлиб.
Кўзимдан бир томчи армон тўкилди.
Энди мен дўсимни кўргим келмади
Ортимга бурилиб чиқдим хонадан.
Қарсиллаб ёпилди ортимда эшик –
Гўё уни кимдир ёпди зарб билан.
Дўстим эдими у?
Билмадим, чунки
Мен ўзим дўстимни топа олмадим.
Ё уни кўрмасдан қолдимми?
Балки…
Хуллас қолган ишлар бари номаълум.
Қоронғи йўлакдан кўчага чиқдим,
Ҳаво очиқ эди, яшириб кўзни
Энг яқин боғ томон шошмай жўнадим
Елкамда кўтариб кўнган юлдузни.
Ва лекин мен ҳозир қайтиб кираман,
Шошиб чиқаман-да мармар зинадан,
Бостириб кираман ва ҳайқираман,
Ван Гог қулоғидан қонни артаман.
Тўқмоқдек кўтариб олиб муштимни
Кираман безовта, ёниқ қалб билан.
Ичи тўла танга безбет мушукни
Уриб парчалайман кучли зарб билан.
Жавонинг ойнасин синдириб у чоқ
Қутқаргандай эркка ташна маҳбусни,
Қутқараман сени, гўзал ҚЎҒИРЧОҚ,
Болаларга элтиб бераман сени.

 

* * *

Қачон бўлар, билмайман, бироқ,
Кетганимни сезмай қолар боғ.
Менинг совуқ хонамга эса
Ўзга келиб яшайди хурсанд.

У ҳам балки мен севган гўша –
Боғ тўрини севиб қолади.
Маъюс тортиб қолганда ўша
Бурчакларда йиғлаб олади.

Балки мендан эслироқ чиқиб
Мебель билан безар хонасин.
Балки мендек тунлар ичикиб,
Соғинади қари онасин.

Ё мендан ҳам ботир чиқар у –
Қоровул ҳам сезмас, тун пайти
Маъшуқасин олиб келару
Лабларидан ўпиб тўймайди.

Балки ёлғиз михга осилган,
Мен севган ул ялпиз гулларин
Улоқтирар қорнинг устига
Унинг бахтдан кучли қўллари.

1977

Dome-of-Tillya-Kari-Registan-Samarkand.jpg She’riyat tuyg‘ular gulshanidir. Biz Xurshid Davronning Vatan, tabiat, jamiyat, sadoqat, ishq haqidagi she’rlarini o‘qiganimizda qalbimiz shu  gulshandan taralgan nafosat ifori bilan to‘yinganday bo‘ladi…

Kamola Botirova
POETIK OBRAZLAR JILOSI
011

001Kamola Botirova 1987 yilda Andijon viloyatining Paxtaobod tumanida tavallud topgan. Andijon davlat universitetining filologiya fakultetini tamomlagan. Ayni paytda ushbu oliy o‘quv yurti magistranti. Adabiy-ilmiy maqolalari respublika matbuotida chop etilgan.

011

0-anigif.gifO‘tgan asrning 80-yillarida zamonaviy o‘zbek she’riyati gurkirab o‘sdi. Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Rauf Parfi kabi zabardast ijodkorlar qatoriga Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Yo‘ldosh Eshbek, Tilak Jo‘ra kabi otashqalb shoirlar kirib kelishdi. Albatta ular orasida Xurshid Davron o‘z ovozi, o‘z sozi bilan ajralib turadi.

She’riyat tuyg‘ular gulshanidir. Biz Xurshid Davronning Vatan, tabiat, jamiyat, sadoqat, ishq haqidagi she’rlarini o‘qiganimizda qalbimiz shu gulshandan taralgan nafosat ifori bilan to‘yinganday bo‘ladi. Boisi, Xurshid Davron obraz yaratishda o‘ziga xos uslubga ega. Shoir o‘z she’rlarini nafis tashbehlar bilan bezatib, ularga o‘zgacha sayqal berishga astoydil harakat qiladi. Lirik qahramonning ruhiy olamini noyob poetik topilmalar va tasvir vositalari yordamida ifodalaydi.

Xurshid Davron yaratgan obrazlar orasida Vatan obrazi alohida o‘rin tutadi. Shoir Vatan obraziga eng vazmin, Istiqlol dardi, davr yukini yuklaydi. Shoirning “Moviy rangli osmonga boqdim” she’riga nazar tashlaylik. Taniqli adabiyotshunos Ulug‘bek Hamdam ta’riflagandek, bu bitikdagi obrazning kuchi, jozibasi shundaki, u shoir ifodalamoqchi bo‘lgan fikr, his-tuyg‘u va kechinmani ma’no jihatidan tovlantirib beradi.

Dastlab she’rni o‘qigan kitobxonda shoir tayevirlagan tabiat manzaralariga qiziqish paydo bo‘ladi. Shoir o‘quvchini moviy rangli osmon, “zumrad dala” go‘zalliklari bilan oshno qiladi, “pishib yotgan bog‘lar” sari chorlaydi. Tong nurlariningto‘lqinlarini ko‘rgan shoirning yuragida yulduz chaqnaydi. Uning bag‘ri shamollarga aylanadi. Shoir “Hayotni yonib kuyladim” deya e’tirof etadi. Aytmoqchi bo‘lgan asosiy fikrini esa she’rning eng so‘nggi qatorlariga joylaydi:

Har kimning ham bo‘lsin osmoni,
O‘z gullari bo‘lsin qalbining.
Erkday ulug‘ O‘zbekistoni,
Cheksizligi bo‘lsin har kimning.

Agar ushbu she’rning 1973 yilda yozilganligini hisobga olsak, o‘sha turg‘unlik yillarida “Erkday ulug‘ O‘zbekiston” deyish uchun shoirga qanchalik jasorat kerak bo‘lganligini tasavvur etish qiyin emas. Shoir ramz orqali erk va Vatan obrazini ishonarli ifodalay olgan.

Istiqlol orzusi shoirga tinchlik bermaganligini Xurshid Davronning “Shunday yashil mening Vatanim” she’rida ham ko‘rish mumkin. She’r 1976 yilda yozilgan. She’rning hali yurtimiz mustaqillikka erishmagan bir tarixiy pallada yozilganligini qayd etadigan bo‘lsak, masalaning mohiyatini yanada teranroq anglaymiz. Boisi o‘sha davrlarda buyuk og‘alar e’tirof etgan vatandan boshqa vatan yo‘qligini uqtiruvchilarni hisobga olsak, shoir “bahorning ilk bargiday yashil”, “gul atridek yosh Vatan” haqida kuylashi, uning timsolini yaratishining o‘zi she’riyatimiz tarixida katta bir voqea edi:

Vatan, sensan bag‘rimga monand,
Bag‘rim kabi musaffo, yorug‘.
Sen onamga o‘xshaysan, Vatan,
Onam kabi tabarruk, ulug‘.
Shunday yorug‘ mening Vatanim,
“Men sevaman» so‘zidek yorug‘.

Shoir nazarida dunyodagi eng yorug‘ maskan, “ona kabi tabarruk, ulug‘” go‘sha bu Vatandir. Shuning uchun ham shoir Vatanini jonidan ortiq sevadi. Uning uchun har narsaga tayyor. Mana shu tarzda Xurshid Davron she’riyatida Vatan bir ulkan poetik obraz, muqaddas go‘sha, ulug‘ sajdagoh sifatida bo‘y ko‘rsatdi.

Xurshid Davron she’riyatida bahor, gul, kuz va qish, qor kabi rang-barang obrazlar uchraydi. Shoirning “Derazamning raxidan qorni…” she’ri bunga misol bo‘la oladi. Deraza raxida turgan qorni hammamiz ham ko‘rganmiz. Lekin shoir uni boshqacha nigoh bilan ko‘radi. She’rda tuvakdagi gul va qor obrazlari bor. Deraza raxidagi qorni tuvakdagi gul kuzatganini ko‘rganmisiz? Shoir kitobxonning e’tiborini shu voqeaga tortadi.

Qanday yaxshi kuzatmoq to‘yib
Tashqarida yoqqan oq qorni,
Hech bo‘lmasa oldingga qo‘yib
O‘tkir sharob, bir burda nonni.

Biroq nechun chidamas yurak,
Kiyinaman asta, bemador —
Qiyin ekan uyda o‘tirmoq
Tashqarida yoqqanida qor.

Endi lirik qahramonni na uydagi issiq joy, na tuvakdagi gul, na tinchgina kitob o‘qish, na tashqaridagi qorni kuzatish qiziqtiradi. U kiyinib tashqariga otiladi. Tabiat go‘zalligidan, qor yog‘ishidan zavqlanadi. Sizni ham birga qor bo‘roniga, qish zavqidan sarmast bo‘lishga da’vat etadi. Shoir she’rining ta’sir kuchi ham xuddi mana shundadir.

Shoirning “Bo‘ldi, yetar, termulmang oyga…” degan she’rida “men”i va oy obrazi bor. Shoirning lirik qahramoni “Bo‘ldi, yetar, termulmang oyga, ha, bilaman, oy juda go‘zal — To‘yib bo‘lmas bunday chiroyga” deya xitob qiladi.

Yerga boqing: xuddi shu chog‘da
Yulduzlardan ulkan maysalar
Bosh ko‘tarib chiqib kelmoqda, —

deya o‘quvchiga murojaat qiladi. Bu fikrda shunday ramz bor: Oy qanchalar go‘zal bo‘lmasin, u lirik qahramonning istiqlol, ozodlik, hayot haqidagi ehtiyojlarini qondira olmaydi. Lekin ona zamin bag‘ridan ko‘tarilayotgan maysalarda esa hayot bor, go‘zallik bor. Boisi maysalar yerdan bosh ko‘tarib kelmoqda. Ular tabiatni go‘zallikka burkab, insonga va borliqqa hayot baxsh etadi.

Shoirning “Shukur Burhon haqida qo‘shiq” she’rida xalqimizning sevikli san’atkori, betakror iste’dod sohibi Shukur Burhon timsoli yorqin bo‘yoqlarda chizilgan. Xurshid Davron Shukur Burhonni ta’riflar ekan, uning haqiqiy san’at fidoiysi ekanligi haqida “Cho‘kkan devor qaddin tiklaydi, Shukur Burxon chiqqach sahnaga”, deydi. Shukur Burxonning kuchli san’atkorligi “Endi undan kuchli odam yo‘q, Yengar man-man degan yigitni” satrlarida yaqqol namoyon bo‘ladi.

Tanaffusda yana horg‘inlik
Yelkasiga tashlaydi kuchin,
Yuragida uxlar Ulug‘bek
So‘ng sahnada hayqirmoq uchun.

Bu satrlarni o‘qigan kitobxon ko‘z o‘ngida Shukur Burxonning tanaffusda o‘tirgan ko‘yi kuch yig‘ayotganligi, uning yuragida Ulug‘bekdek ulug‘ zotlar orom olayotganligi gavdalanadi.

Bolalik! Inson umrining gultoji, betakror bahori. Kim ham bolaligini sog‘inmaydi deysiz. Shoir ham bolalik haqidagi bitiklarida yillar uning bolaligini o‘g‘irlab ketganligini, do‘stlari sochlaridagi “oq tolalarga hayron boqqanligini” tasvirlarkan, goh yillarni koyisa, goho bog‘lar tomon yuz buradi. Shoir bolalik haqidagi tuyg‘ularini shunday ifodalaydi:

Kunlar xazon kabi sarg‘ardi,
Uchib ketdi yaproqlar kabi.
Ul kun qalbga dunyo sig‘ardi,
Bugun sig‘mas o‘zimning dardim.

O, bolalik, mening quvonchim,
Ey, ko‘z yoshi to‘ymagan ochun.
Kecha do‘stlar bilan men ichdim,
Sening boqiy qudrating uchun.

Shoir yoshlik va bolalikning o‘tib ketganligini “Kunlar xazon kabi sarg‘ardi” satrlari orqali ifodalaydi. U “sarg‘aydi” so‘zini “sarg‘ardi” deb qo‘llashi bilan she’rdagi ma’no yanada kuchayib, uning ta’sirchanligi ortadi. “Uchib ketdi yaproqlar kabi” degan o‘xshatishdan mohirona foydalanadi. Bolaligida shoir qahramonining qalbiga butun dunyo siqqan bo‘lsa, bugun uning ichida hatto tariq aylanmaydi. Shundanmi, o‘zining dardi ham yuragiga sig‘maydi. Biroq bolalik qanchalar yiroqlashib ketgan bo‘lmasin, inson doimo o‘z bolaligini qo‘msaydi, bola bo‘lib qolgisi keladi. Bolalik ana shunday betakror tuyg‘u.

Xurshid Davron o‘z tuyg‘ularini ko‘z-ko‘z qilmaydi. O‘quvchini hayotiy haqiqat bilan yuzma-yuz qilib, undagi ta’sirlanish, munosabat bildirish va xulosa chiqarishni ko‘proq o‘quvchining o‘ziga qoldiradi. Tuyg‘ular chinligi, holatning samimiyligi, kechinmalar tabiiyligi misralarga joziba baxsh etadi. Shoir ifodalayotgan timsollar uning ijodiy maqsadi yo‘lida xizmat qiladi.

Xurshid Davron o‘zi yaratgan rang-barang obrazlarni o‘quvchiga majburlab tiqishtirmaydi, uni hamdardlikka chorlamaydi. U bitiklarida go‘yo o‘z ruhiyatini o‘zi tashqaridan kuzatayotganday bo‘ladi. Bu holat o‘quvchiga she’rdan diliga yaqin bo‘lgan sezimlarni tuyish, ulardan zavqlanish imkonini beradi. Shu bilan birga o‘quvchini mushohada yuritishga, bahsga chorlaydi.

Manba: “Yoshlik” jurnali, 11/2014

Xurshid DAVRON
“SHAHARDAGI OLMA DARAXTI”
KITOBIDAN SHE’RLAR
011

* * *

Moviy rangli osmonga boqdim,
Osmonimga aylandi osmon.
Zumrad dala meniki bo‘ldi
Boqqanimda cheksizlik tomon.

Pishib yotgan bog‘larga boqdim
Va ko‘ksimga boshin qo‘ydi kuz.
Tong nurining to‘lqinida jim
Yuragimga kiradi yulduz.

Ichdim o‘tli shamollarni men,
Shamollarga aylandi bag‘rim.
Sevdim gulu ayollarni men
Va hayotni yonib kuyladim.

Har kimning ham bo‘lsin osmoni,
O‘t gullari bo‘lsin qalbining.
Erkday ulug‘ O‘zbekistoni,
Cheksizligi bo‘lsin har kimning…

1973

* * *

Okean yoqasida o‘tlarga ko‘milib,
Cho‘zilib yotgan o‘lka – Pablo Neruda.
U go‘yo hozirgina ummondan chiqib
Quyoshda toblangan buyuk Esteban¹
To‘lqinlar urilar oyoqlariga,
Sochlarida uxlar chag‘alay.
Qo‘llarining qadoqlarida
Quyosh nuri qush kabi o‘ynar…

Men Chili haqida o‘ylaganimda
Shu manzara ko‘zni yirtadi
Va ko‘zimga sig‘magan qismi
Singib ketadi yuragimga.

Uzoq-uzoqlarda suv yoqasida
Cho‘zilib yotar Pablo Neruda –
Zindonlarga sig‘magan orzu –
Armonlarni
jamlagan Vatan…

1978

¹ Gabriel Garsia Markesning “Uni Esteban deb atardilar” hikoyasining qahramoni

* * *

Tabiatdir mening davomim,
Tutash erur bag‘rim bag‘riga.
Umrim bog‘liq oyu oftobi
Daryo, dala, daraxtlariga.

Yalpizlarni quchoqlab sarxush,
Muhabbatga chulg‘anar qalbim.
Boshim uzra uchib o‘tar qush,
Xayolimning davomi kabi.

Tunlar nafas olmay yotaman,
Meni quchar quvonchu alam…
Daraxt kulgusini ko‘rganman,
Ko‘rganman ko‘z yoshlarini ham.

1978

* * *

Hammani unutib qo‘yibman…
Hech kimni tanimay va bilmay
Qishloqni men kezib yuribman.

Bu men-ku, qadrdon jo‘ralar!
Bu men-ku, onajon, dadajon!
Ovoz yo‘q… Ko‘ksimda yig‘lar qon.

Va shunda boshimda aylanib,
Yarmi ko‘k, yarmi oq va qora,
Qo‘limga talpindi bitta barg.

“Men seni taniyman”, dedi u.
Ko‘zimda tirqirab ketdi yosh,
Bag‘rimga bosdim men entikib…

1977

* * *
Bu dunyoda orzu qilish soatlari bor,
Ayniqsa, tunda, yulduzlar ostida,
Yashilgina sayhonlikda, o‘tlar ustida
Hayratni quchoqlab yotganda.

Bu dunyoda azoblanish soatlari bor,
Ayniqsa, tunda, yulduzlar ostida,
Yashilgina sayhonlikda, o‘tlar ustida
Hasratni quchoqlab yotganda.

Bu dunyoda sevish, sevilish soatlari bor,
Ayniqsa, tunda, yulduzlar ostida,
Yashilgina sayhonlikda, o‘tlar ustida
Xayolni quchoqlab yotganda,
Hayotni quchoqlab yotganda,
Ayolni quchoqlab yotganda.

1976

* * *

Eshiklar to‘satdan bir quchoq nurni
Sochib yuboradi tunning ko‘ksiga.
Eshikni yopaman, tinch ko‘chalarni
Kezib termilaman oyning raqsiga.

Keyin dalalarga chiqib ketaman,
Men bilan bog‘larda tentiraydi tun.
Bulutlar oqadi. Ko‘zni tutaman,
Poyimda maysalar shivirlar afsun.

Tun shaharni quchgan.
Baxtli ayollar
Erkaklar ko‘ksiga qo‘yadilar bosh –
Uxlar choyshablarga o‘ralgan gullar,
Ko‘rpani toblashib mushukday yuvvosh.

Faqat uzoqlarda, tungi qirlarda
Ko‘zlari qora qiz, qoshi qora qiz
Yigitning ko‘ksiga emas, dalada
Uvatga bosh qo‘yib uxlaydi yolg‘iz.

1977

* * *

Sen kelasan…
Sel kelganda
Toshgan daryo bo‘laman.
Beda ortgan aravaday
Xushbo‘ydirman sen bilan.

Sen ketasan…
Ortingdan men
Boqarman cho‘l yo‘lida
Aravadan tushib qolgan
Xushbo‘y beda guliday…

1978

* * *

Tush ko‘raman olis qishloqni,
Tun sutini ichar u mudrab
Va tishlangan, yarim pishloqni –
Oyni o‘par daraxtlar titrab.

Hali juda olisda Zuhra,
Ammo bu dam titrar misli qush
Supadagi belanchak uzra
Hilol sochgan oltin va kumush.

Men uxlayman xotirjam, yolg‘iz,
Yurak esa bo‘ladi karaxt –
Tushlarimga kiradi yalpiz,
Qo‘riqlaydi tushimni daraxt.

1978

MIRTЕMIR XOTIRASIGA

Shahar uzra yog‘ilardi qor,
Tuyar edik muz nafasini.
Uzoqlarda kezardi bahor,
Biz yo‘qotib qo‘yganda seni.

Yig‘ilishdik. Jiddiy va mahzun –
Ulg‘ayganin sezdim do‘stlarni.
Kuy oqardi g‘am kabi uzun,
Qo‘zg‘atgancha dilda hislarni.

Dafndan so‘ng qaytdik bukchayib,
Ezar edi ko‘rinmas tobut.
Qor suvida yuzlarni chayib
Shivirladik: yurak, yodda tut!

Shahar uzra yog‘ilardi qor,
Tuyar edik muz nafasini.
Uzoqlarda kezardi bahor,
Biz yo‘qotib qo‘yganda seni.

Shunda kimdir, kim u, esda yo‘q,
Dedi g‘amgin egganicha bosh:
“Tobutini ko‘targan chog‘im
Qabog‘ida ko‘rdim tomchi yosh.

Oh, do‘stlarim, yuragim sezdi –
U kuzatar edi bizlarni.
Qaboqda yosh, u yig‘lar edi,
Qiynab qo‘ydim deya sizlarni”.

1978

* * *

She’riyat – bu qiyin ish emas,
Yozsang agar yurakni asrab.
Biroq she’rning bir satrini deb
Qon tupirgan tunlari Mashrab.

She’riyat – bu qiyin ish emas,
Yetar topsang qofiya: “yoz”, “soz”.
She’rda ba’zan havodek zarur
“Erk” so‘ziga qofiya “qasos”.

Sen qo‘rquvni qanchalik yashir,
She’r qiladi bari bir oshkor.
Qo‘rqoq bo‘lsang, qo‘rqoq bo‘lar she’r,
Mardman, deb jar solmog‘ing bekor.

Ona yurtni kuylamoq uchun
Xuddi she’rga bergandek yurak,
Uni yurtga bermoq uchun ham
Doim tayyor turmog‘ing kerak.

To‘marisdek ayol qo‘llarin
Qadoqlari tilarkan kech kuz,
Qog‘ozdagi she’rim yo‘llari
Yuragimda qon qoldirgan iz.

Zahar ichib o‘lgan aktyordek
Pardadan so‘ng tirilmoq bekor.
Shoir she’rning oldidan tirik,
She’r so‘ngida o‘lmog‘i darkor.

She’r – tuymoqdir nogohon dildan,
Sen qo‘lingga olganda nonni,
Bug‘doy doni yerdan simirgan
Erk deb jangda to‘kilgan qonni.

1979

SO‘NGGI XAT

Qor kechib, bog‘chani kezaman,
Ko‘zimni yashirib yorug‘dan.
Men balki qochishni istayman,
Yurakda uyg‘ongan og‘riqdan.

Bog‘chaga ochilgan deraza
Taratar navoni – yog‘duni.
Men esa tushaman larzaga,
Yo‘qotib qadrdon tuyg‘uni.

Qo‘limda sen yozgan so‘nggi xat,
Vujudda kezadi qaltiroq.
Maktubing shu qadar qisqaki,
Og‘riqning azobi uzunroq…

1976

Rassom Shuhrat Abdurashidovga

Biz shunday yashaymiz!
Sevib may, chog‘ir,
Qonunu rasmga telba-teskari.
Biz ming kutishga rozimiz, axir,
Daraxt shoxlarida bargdek o‘sgani…

Sapchib turadi u
Kech kuz yarim tun,
Sog‘inchmi, armonmi yurakni qiynar.
Ko‘zini ochgancha yotadi mahzun,
Yurakni qiynaydi bezovta o‘ylar.

“Sizni tushunmayman” – deydi xotini,
U javob bermaydi, shoshmay qimirlar,
Yelkasiga ilar yomg‘irpo‘shini,
Ostonada to‘xtab g‘amgin shivirlar:

“Kechirgin, o‘rtanar yurak necha kun,
Necha kun-ki, axir, men qiynalaman.
Albatta, borishim kerak. Men bugun
Xayrlashmog‘im shart turnalar bilan”.

1978

* * *

Sahna uzra porladi chiroq,
Notalardan qo‘zg‘aldi Motsart
Va aktyorning qo‘lida titroq
Ko‘zin ochdi.
Endi o‘lmoq shart…

Yosh rejissyor xudoday yakka,
Dushman kabi beshafqat, beqalb.
U aktyorni tirab devorga
“Ishontirgin”, — deb qilar talab.

“Shunday o‘lmoq kerakki…” Qo‘lin
Silkib-silkib uqtirdi u.
Sahna uzra boshlandi o‘lim –
Sahna kabi zolim, betuyg‘u.

Yana Motsart va yana o‘lim
Takrorlanar, o‘nmi, o‘n uchmi.
Aktyor faqat sezar vujudda
Soviyotgan qo‘llarin uchin.

So‘ng ravoqda barmoqlarini
Toblar ekan quyoshda bir-bir,
Aktyor sekin shivirlab deydi:
“Qo‘rqinchlidir o‘lmoq bari bir”.

1978

* * *

Qora mavr o‘g‘li – telba Otello
Buyuk sadoqatdan bermoqda saboq.
Qo‘lini artdi u: “Madad ber, Olloh…”
Butun zal go‘yoki ulkan bir qaboq.

Uyat bu! Dahshat bu! Yutolmay nafas,
Ayollar yuladi zar munchog‘ini.
Erkaklar changallar… Yo‘q, ayolnimas,
Kursilarning iliq suyanchig‘ini.

“Uyat bu! Dahshat bu! Nahot, azizim,
Ajoyib muhabbat deganlari shu?!” –
Uyga qaytib endi yumolmay ko‘zin
Necha ayollarning buzilar tushi.

Faqat zal chetida yig‘laydi bir qiz,
Oppoq ro‘molchani yuziga bosib.
Uzilgan yaproqdek qiynaydi bir his,
Shabnamlar balqiydi ko‘zini to‘sib.

Endi u bir umr – tongu shom payti
Shivirlar, qizarib ichgan kabi may:
“Meni ham bir yigit shunday sevsaydi,
Sevib o‘ldirsaydi meni ham shunday”.

1978

QIZ VA SHAMOL HAQIDA ERTAK

Dardday uzun-uzun ko‘chani
Oyoqlaring sasi o‘padi.
Uxlab qolgan oydin kechani
Uyg‘otadi sochlaring hidi.

Uzoqlardan senga izma-iz
Shamol sekin sirg‘alib kelar,
Yolvoradi u senga unsiz,
Yolvoradi tungi maysalar.

Ko‘zlaringga oy boqar qonib,
Ko‘zlaring oy nuriday toza.
Mana kelding. Bo‘g‘ilib, yonib
Seni yutar ko‘hna darvoza.

Shamol esa ko‘chada qolar,
Qilt etmaydi, qanotlari tinch.
Parcha-parcha bo‘lib sinadi,
U ko‘tarib yugurgan sevinch

Va labdagi bo‘sa hididan
Mast bo‘lgancha chayqalib behol,
Qayrag‘ochga ko‘ksini bosib,
To‘lib-to‘lib yig‘laydi shamol.

1976

ChYURLYONIS ¹

Dengiz bo‘lsa… Dengiz…
Yarim tunda bo‘lsa…
Yulduzlar qo‘llaring yetguday yaqin.
Chidolmasang, to‘lib kuylaging kelsa,
O‘kirib yig‘laging kelsa… Va tag‘in…

Quyoshni qo‘lingga olsang tong payti,
Uning ko‘zlariga tikilib, alqab,
Do‘stim deb, atasang qayta va qayta,
Dengizda cho‘milsa so‘ng quyosh va qalb.

Moviy ko‘zli sukut va oy yo‘lingga
To‘shasa tillarang sochlar o‘rimin.
…Men ishonmayman o‘limga,
Men yomon ko‘raman o‘limni.

1978

¹ Mashhur litvalik rassom

* * *

Bog‘ kezaman.
Bormi bunda sir,
Biror afsun bormi yo, bunda
Hayajonga to‘lgan musavvir
Uyg‘onadi mening qalbimda.

Qop-qoraygan bog‘larni kezib
Chekinarkan kuzning qo‘shini,
Rang izlaydi musavvir ko‘zi,
Daraxtzorga bargdek qo‘shilib.

Za’far xazon qush kabi uchar,
Va rutubat – kech kuz chalgan soz.
Uning ko‘zi goh titrab tushar,
Goh quvonar misli oltin yoz.

U Levitan sezmagan rangni
Taniydi-yu, ko‘zi javdirab,
Yuragida kechgan ohangni
Bo‘yay boshlar shu rangga qarab.

Sezar – yaproq yurakka o‘xshar,
Ha, shu oddiy asalrang yaproq
Tosh yo‘lakka aylanib tushar,
Qo‘zg‘atgancha yurakda titroq

Va shu titroq uyg‘ongan mahal,
Nimagadir bo‘lib muntazir,
Kechgan umrin etmoqchidek hal
Uyg‘onadi ko‘ksimda shoir.
1978

SAMARQAND HAQIDA ODDIY SATRLAR

Jamshidga

Men bilaman,
U meni juda yaxshi ko‘radi.
U mening tushlarimga kirmoq istaydi,
U meni bag‘riga bosmoq istaydi,
Ko‘rmoq bo‘lar mening sog‘inchimni.

U bobolarim tushini so‘ylab bermoqchi,
Faqat qo‘rqar sig‘armikan ular bag‘riga.
U mening barcha orzularimni bilmoqchi,
Faqat qo‘rqar sig‘armikan ular bag‘riga.

U mening onamga o‘xshaydi –
Ko‘zlari xayolchan uning ham.
U mening bolaligimga o‘xshaydi –
U ham menga yozolmaydi xat.

1978

* * *

Ruhimda bir sog‘inish kezar,
Yurak dardga bormoqda to‘lib.
Toshoynaga tikildi ko‘zlar,
O‘z dardini ko‘rmoqchi bo‘lib.

Ko‘zlarimda bir un: “Omonmi,
Bugun u qiz kimning yulduzi?”
…Sindirishdan oldin oynani
Men jilmaydim o‘zimga o‘zim.

* * *

Tunda silkitarkan daraxtni shamol,
Daraxtlar titrarkan mahzun, bukchayib,
Daraxtzor qoshiga kelar bir ayol,
Nozik oyoqlarin shabnamga chayib.

U gullar sochadi hovuch-hovuchlab,
Hayratga to‘ladi armonli bog‘lar.
U kuylay boshlasa, gullarni tishlab
Uyg‘ona boshlaydi qurigan shoxlar.

1978

SHUKUR BURHON HAQIDA QO‘SHIQ

Shukur Burhon ham qarib qoldi,
O‘xshab qoldi qadim qal’aga.
Cho‘kkan devor qaddin tiklaydi,
Shukur Burhon chiqqach sahnaga.

Endi undan kuchli odam yo‘q,
Yengar man-man degan yigitni.
U kuyladi misoli qo‘shiq
So‘zlararo yotgan sukutni.

Tanaffusda yana horg‘inlik
Yelkasiga tashlaydi kuchin.
Yuragida uxlar Ulug‘bek,
So‘ng sahnada hayqirmoq uchun.

…Shukur Burhon tunda tush ko‘rar,
Tongga qadar cho‘ziladi tush.
Xo‘ja Ahror tasbeh o‘girar,
Abbos xanjar o‘qtalar emish.

Yolg‘iz fonus nur tarar siniq,
To‘kilarmish yulduzlar g‘ujg‘on.
Yuragidan qayg‘udek tiniq
Sochilarmish zax tuproqqa qon.

Shukur Burhon cho‘chib uyg‘onar,
Bosolmaydi u hayajonni
Va baquvvat qo‘llari bilan
Ko‘kragidan artadi qonni.

1978

YO‘QOTGAN DO‘STIM HAQIDA HIKOYA

Havo ochiq edi quchog‘im kabi,
Bog‘larda mudrardi qari saraton.
Sog‘indimmi yoki ko‘rgim keldimi,
Yo‘l oldim do‘stimning ko‘chasi tomon.
Do‘stimni ancha vaqt ko‘rmagan edim.
Men juda sevardim, axir, do‘stimni.
Men uni xayolan ko‘p bor yo‘qotdim,
Xayolan qaytadan ko‘p topdim uni.
Balki u ham qo‘msar, tashnadir menga,
Balki yurak so‘zi bordir men uchun.
Mana shunday o‘ylar bilan zinadan
Ko‘tarilib borar edi quvonchim.
Eshik ochiq edi. Men qoldim hayron.
Chaqirdim, hech kimsa bermadi ovoz.
Do‘stimning uyi-ku, qo‘rqmasdan kirdim
Kirdimu yo‘lakda to‘xtadim bexos.
Shundoq yonginamda – oppoq devorga
Van Gogning qulog‘i mixlangan edi
Va unda bamisli ilgakli dorga
Osilib yotardi avto kaliti.
Devorda bir surat: marmar hovuzda
Oqqushlar suzadi yig‘lab qayg‘uli
Oqqushga o‘xshamas edi aslida,
Balki xonaki bir rassom mahsuli.
Mehmonxona edi keyingi xona,
Saranjom buyumlar qotib turardi.
Oyoq bosmoqlikning o‘zi vahima,
Parket ham oynaday yaltirar edi.
Rangli televizor uzra beqayg‘u
Ganch mushuk dam olar, tortgancha xurrak.
Ichi to‘la tanga. Befarq boqar u,
Bo‘m-bo‘sh cho‘ntagimni qilganday mazax.
Javondan termular javon qullar –
Konslagerning behol mahbusiday oq,
Eng toza xrustal, go‘dak qo‘llari
Hech qachon tegmagan ma’sum qo‘g‘irchoq.
Ne uchundir uni bag‘rimga olib,
Quchoqlab, erkalab ko‘targim keldi
Va lekin yuragim ketdi-ku to‘lib.
Ko‘zimdan bir tomchi armon to‘kildi.
Endi men do‘simni ko‘rgim kelmadi
Ortimga burilib chiqdim xonadan.
Qarsillab yopildi ortimda eshik –
Go‘yo uni kimdir yopdi zarb bilan.
Do‘stim edimi u?
Bilmadim, chunki
Men o‘zim do‘stimni topa olmadim.
Yo uni ko‘rmasdan qoldimmi?
Balki…
Xullas qolgan ishlar bari noma’lum.
Qorong‘i yo‘lakdan ko‘chaga chiqdim,
Havo ochiq edi, yashirib ko‘zni
Eng yaqin bog‘ tomon shoshmay jo‘nadim
Yelkamda ko‘tarib ko‘ngan yulduzni.
Va lekin men hozir qaytib kiraman,
Shoshib chiqaman-da marmar zinadan,
Bostirib kiraman va hayqiraman,
Van Gog qulog‘idan qonni artaman.
To‘qmoqdek ko‘tarib olib mushtimni
Kiraman bezovta, yoniq qalb bilan.
Ichi to‘la tanga bezbet mushukni
Urib parchalayman kuchli zarb bilan.
Javoning oynasin sindirib u choq
Qutqarganday erkka tashna mahbusni,
Qutqaraman seni, go‘zal QO‘G‘IRCHOQ,
Bolalarga eltib beraman seni.

* * *

Qachon bo‘lar, bilmayman, biroq,
Ketganimni sezmay qolar bog‘.
Mening sovuq xonamga esa
O‘zga kelib yashaydi xursand.

U ham balki men sevgan go‘sha –
Bog‘ to‘rini sevib qoladi.
Ma’yus tortib qolganda o‘sha
Burchaklarda yig‘lab oladi.

Balki mendan esliroq chiqib
Mebel bilan bezar xonasin.
Balki mendek tunlar ichikib,
Sog‘inadi qari onasin.

Yo mendan ham botir chiqar u –
Qorovul ham sezmas, tun payti
Ma’shuqasin olib kelaru
Lablaridan o‘pib to‘ymaydi.

Balki yolg‘iz mixga osilgan,
Men sevgan ul yalpiz gullarin
Uloqtirar qorning ustiga
Uning baxtdan kuchli qo‘llari.

1977

09

(Tashriflar: umumiy 605, bugungi 1)

Izoh qoldiring