Burobiya Rajabova. Navoiy yashagan uy & Umid Bekmuhammad. Bobur hazrat Navoiyning hovlisida yashagan.

Ashampoo_Snap_2017.02.08_00h26m11s_001_.png    Ҳирот шаҳрида ҳазрат Алишер Навоий яшаган уйга тарихий манбаларда, жумладан, “Бобурнома”да ҳам “Унсия” (“унсия” арабча сўз бўлиб, улфат, чин дўст деган маънони билдиради.) деб ном берилгани зикр этилади. Яъни бу қутлуғ даргоҳ дўстлар, ижод аҳли, устоз ва шогирдлар суҳбат қурадиган эзгулик, хайру эҳсон ҳамда илм-маърифат маскани ҳисобланган. ..

НАВОИЙ ЯШАГАН УЙ
Буробия Ражабова
филология фанлари номзоди
004

047Ҳирот шаҳрида ҳазрат Алишер Навоий яшаган уйга тарихий манбаларда, жумладан, “Бобурнома”да ҳам “Унсия” (“унсия” арабча сўз бўлиб, улфат, чин дўст деган маънони билдиради — Б.Р.) деб ном берилгани зикр этилади. Яъни бу қутлуғ даргоҳ дўстлар, ижод аҳли, устоз ва шогирдлар суҳбат қурадиган эзгулик, хайру эҳсон ҳамда илм-маърифат маскани ҳисобланган. Улуғ шоир ўзининг “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” номли ҳасби ҳол характеридаги асарида “ота масобасидаги” устози Саййид Ҳасан Ардашернинг ўн тўрт ёшдаги ёлғиз фарзанди Саййид Муҳаммад вафотидан кейин анча руҳий тушкун кайфиятга тушганда унга маънавий фарзанд мақомида ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиб, ўз ҳовлиси — Унсиясидан алоҳида турар жой қилиб бергани ҳақида шундай қимматли маълумотни ёзиб қолдирган: “…илтифоти зотийси бу фақир била бор эрди ва фарзанд, деб эрдиларким, ўз ҳавлим гўшасида алар учун бир мухтасар маскане алоҳида тартиб қилиб эрдим, гоҳики муфрит риёзатлардин таъблариға калоле (хасталик, заифлик, чарчоқ маъносида — Б.Р.) воқеъ бўлса эрди, хотирлари ташхизи учун ул маскан­ға келиб бир кун-икки кун туруб, яна хонақоҳға ўз хилватлариға борурлар эрди”. Бир томондан, бу бетакрор эътироф туфайли Навоийнинг устозига кўрсатган ҳимматидан “Унсия” мисолида хабардор бўлсак, иккинчи томондан эса, ушбу лирик чекиниш билан улуғ шоир ўзининг “Жаҳондин, кўрки, кимлар ком (баҳра) олибдур, Бу эски дайр кимлардин қолибдур”, деган ҳикматга йўғрилган байтини бизга эслатадики, бу даъват фақат касбу коримиздагина эмас, балки ўз уйимизда ҳам бағрикенглик бўлиши лозимлигини уқтиради.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” номли тазкирасининг хотима қисмида фозил ва амирлардан олти кишининг зикри келтирилади, жумладан, амир Алишер Навоий ҳақидаги зикрда у ёзган олий даргоҳ ҳақидаги маълумоту тасвир билан танишар эканмиз, бу “Унсия” ҳақидаги ишончли тасвир ва хабар эканлигига амин бўламиз. Чунончи: “Шу кунларда бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ва миллат пушти паноҳидир. Замон подшоси (Султон Ҳусайн мирзо — Б.А.) унинг фойдали насиҳатларидан баҳра олмоқда. Муносиб дўстлари, (баланд) мартабали арбоблар унинг ёқимли суҳбатидан миннатдор ҳам розидирлар. Унинг ҳимматли мажлислари фозиллар тилаги, олий даргоҳи (Унсияси — Б.Р.) фуқаронинг мурожаатгоҳи, дастурхони ҳижронзадалар учун турли нозу неъматларга тўла, эшиги муҳтожларга ҳамма вақт очиқдир”.

Бобур ўз мемуарида бу қутлуғ масканни икки ўринда ҳурмат билан тилга олади. Биринчидан, у 1506 йилда Ҳиротга келганида устози Навоийнинг “Унсия”сида бир муддат яшаганини, фаолияти ҳамда ижоди билан яқиндан танишганини, унинг ўзига хос руҳий оламидан куч-қувват, файзу барака олганини фахр ва чексиз эҳтиром билан шундай хотиралайди: “Тонгласи келиб Боғи Навда туштум. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар, Ҳиридин чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим”. Иккинчидан эса “Йигирма кунким, Ҳирида эрдим, ҳар кунда кўрмаган ерларни сайр қилур эдим. Ажзчимиз бу сайрларда Юсуф Али кўкалдош эди”, деб Ҳирот сайри ва сафари ҳақида батафсил ёзади. Шаҳарнинг олтмишдан зиёд машҳур тарихий, маданий обидалари, масжиду мадраса, боғ ва боғчалари билан яқиндан танишганини бирма-бир санаб, изоҳлайди ҳамда шулардан шахсан Алишер Навоий барпо қилган Алишербек боғчасини, тахти Навоийни, “Қудсия” номли мақбара масжидини, “Халосия” ва “Ихлосия” хонақоҳини, “Сафоия” ва “Шифоия” номли ҳамом ва дорушшифосини диққат билан кўрганини ёзади ва “…Алишербекнинг ўлтурур уйларини “Унсия” дерлар”, деб китобхон учун яна бир бор алоҳида изоҳ ва тушунтириш беради. Ишончли манбалардан, жумладан, “Бобурнома”дан маълумки, Бобур Мирзо улуғ шоир билан мактуб ёзишган: “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди.

Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим. Жавоб келгунча тафриқа ва ғавғо бўлди”.

Демак, Алишер Навоий ҳаётлигида бир-икки бора мактуб ёзишган Бобур учун “Унсия”да яшаш фавқулодда тарихий, маданий ва маърифий ҳодиса эди. Бобур бу масканда Алишер Навоий ижоди ва фаолияти билан янада яқиндан танишиш бахтига, имкониятига муяссар бўлган. Муҳими, у ўз асарида келажак авлод учун Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, ижтимоий фаолияти тўғрисида: “Яна Алишербек Навоий эди, беги эмас эди, балки мусоҳиби эди…”, “Алишербек назири йўқ киши эди”, “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай…” каби хулосаю хабарларни изоҳлари, ­шарҳлари билан ёзиб қолдирди. Демак, Бобурнинг Алишер Навоийнинг “Унсия”си боис битган бундай далилга бой тарихий маълумотларини бугун ҳайрат ва шукроналик ҳисси билан нафақат биз, балки бутун олам аҳли ўқиб-ўрганмоқда, рамзий маънода, увайсий ҳолатда “Унсия”ни зиёрат қилмоқда.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 46-сон

МИРЗО БОБУР ҲАЗРАТ НАВОИЙНИНГ
ҲОВЛИСИДА ЯШАГАН…

Умид Бекмуҳаммад
004

08

 Жангу жадаллар ичида юрган ёш ҳукмдор Ҳиротдан келган мактубни ҳаяжонланиб, севиниб қўлига олди. Ушбу мактубни Самарқандга Навоий ҳазратлари ёзиб юборган эдилар, унда буюк шоирнинг Бобур Мирзога билдирган тилаклари акс этганди…

Заҳириддин Бобур бу муборак номани Мовароуннаҳрда кечаётган курашларда Самарқандни қўлга олган кунлари олар экан, севинчи ичига сиғмасди. Боиси, у ҳам эндигина шеърлар ёза бошлаган, гоҳида тахт учун курашлар билан бўлиб, ижод нечанчидир даражага тушиб қоларди. Ана шундай дамларда Бобур фақат сўзнинг боқийлигини ҳис этиб, ҳазрат Навоийнинг давлат амалдорлигидан бежиз истеъфога чиқмаганликларини англагандек бўлди. Бироқ тақдир ёзиғи уни Андижондан Самарқанд тахтига бошлаб келган, бу йўлда кўп қурбонликлар берилганди. Қолаверса, иккинчи бор Самарқандни қўлга киритиб турибди…

«Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим. Орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим», — деб ёзади Бобур.

Хуллас, улар китобат — мактуб орқали сўзлашдилар. Бу пайтда Хуросон пойтахти бўлмиш Ҳиротда яшаётган Навоий ҳазратлари «Мажолис ун-нафоис» тазкирасига хуросонлигу мовароуннаҳрлик шоирлар ижодидан шеърлар тўплаётгандилар.

Самарқанд тахтига чиққан ёш подшоҳ Заҳириддин Бобур ана шу зайл ҳазрат Навоий эътиборини тортган. Аммо… аммо Ҳиротдан «жавоб келгунча тафрика (ғалаён, парокандалик) ва ғавғо бўлди», дея «Бобурнома»да куюниб ёзган эди муаллиф. Чунки, Бобур Мирзо иккинчи бор Самарқандни Шайбонийхонга топширишга мажбур бўлган эди. Бу орада Навоий ҳазратлари ҳам вафот этдилар…

Орадан кўп вақт ўтмай, Бобур Мирзо салтанат учун кечган курашларда мағлублик аламини чекиб, Ҳиротга кетишга мажбур бўлади. Уни Хуросоннинг ўша вақтдаги ҳукмдори, Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон яхши кутиб олди. «Бобурнома»да 1506-1507 йил воқеаларини ёзар экан, муаллиф бу ҳақида шундай эслайди: «Аввал менга Боғи Навда юрт тайин қилиб эдилар. Тонгласи келиб, Боғи Навда туштум. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим».

Инжил анҳорининг ўнг тарафидаги Навоий ҳазратлари яшаган ҳашаматли ҳовли Бобур Мирзога Алишербекнинг нозик дидли меъмор бўлганларини ҳам англатди. Айниқса, девор бўйлаб экилган Самарқанднинг оқ тераклари унга Навоийдан мактуб олган 1499 йилни ёдга солди. Ўшанда у бу мактубни ажиб бир ҳаяжон билан ўқиган эди…

Навоий ҳазратлари Самарқандга йўллаган мактубларини ана шу ҳовлида, қўш табақали эшикдан кириб бориладиган, нодир китобларга тўла, нурафшон меҳмонхонада битганларини Бобур сезиб турарди. Етти-саккиз йилдирки, ҳовли ва ундаги хоналар ҳазрат Навоий ҳаёт бўлганларида қандай бўлган бўлса, шундай сақланиб келинарди. Бобур Мирзо ҳазрат Навоийнинг кўркам ҳовлиларида яшаб, у зот эккан мевали, манзарали дарахтлар оралаб юраркан, Алишербекнинг ғазалларини ёдига келтирар, ўзи ҳам рубоийлар битарди.

Шу тахлит у Ҳиротдалик пайтида Музаффар Мирзо, Бадиуззамон Мирзолар яратиб берган шарт-шароитлар туфайли азим шаҳарни зиёрат қилди. «Бу йигирма кунда машҳур сайргоҳлардин бир Султон Ҳусайн Мирзонинг хонақоҳидин ўзга ер кўрулмаган шояд қолмади экин. Гозургоҳ ва Алишербекнинг боғчаси ва жувози қоғоз ва Алишербекнинг ўлтурур уйлариким, «Унсия» дерлар, мақбара ва масжиди жомеъниким, «Қудсия» дерлар», дея Бобур Мирзо Ҳиротда Алишер Навоий барпо эттирган масканларни бир-бир санаб, уларни зиёрат қилганини айтади.

Мирзо Бобур Навоий ҳазратлари ҳақида шундай битик ҳам ёзган: «Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўб айтқон эмас. Алишербекнинг мизожи нозук била машҳурдир. Эл назокатини давлатнинг ғуруридан тасаввур қилур эрдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандта эканда ҳам ушмундоқ нозук мизож экандур».

Бу пайтга келиб, Мовароуннаҳрни забт этган, Самарқанд тахтини Бобур Мирзо қўлидан тортиб олган Шайбонийхон Хуросонга ҳам зарба ҳозирлаётган эди. Рақибига қарши куч тўплаш ниятидаги Бобур бундай таҳликали вақтда Ҳиротда ортиқ қололмасди.

«Яна Ҳирийниким рубъ маскунда андоқ шаҳар йўқтур ва Султон Ҳусайн Мирзонинг замонида мирзонинг тасарруфидин ва такаллуфидин Ҳирийнинг зеб ва зийнати бирга ўн, балки йигирма тараққий қилиб эди…» Мирзо Бобур ана шу тараққий этган шаҳарда атиги йигирма кун бўлганидан афсусланса-да, ҳазрат Навоийнинг ҳовлиларида яшаганидан қалби ғурурга тўлган, у зотнинг руҳи поклари ўзига мададкор бўлишидан умидвор эди. Шу умид билан у Кобулга кетиб, ўксик кўнглини кўтариш мақсадида турли жойларда бўлди. Бу ҳақида у шундай ёзган: «Чанор боғининг эшигида солғон суратхонанинг шарқи-жануб сари ёнида кичикроқ оққина уй тикилиб эди, гоҳи анда ўлтурур эдим, анда мажлис бўлди. Сўнгра Ғиёс масхара келди, неча қатла мажлисдан мутояба тарийқи била буюрилдиким, ихрож қилдилар. Охир шалойин бўлуб, масхаралиқ била мажлисда йўл топди». Яъни, Мирзо Бобур бу ерда Кобул яқинидаги Чинор боғида бўлиб ўтган Ғиёс масхарабоз иштирокидаги машварат тўғрисида тўхталган. Бобур Кобулда 1505 йилда бўлган. Навоий ҳазратлари эса 1497-98 йилларда яратилган «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида ҳам (Сайид Ғиёсиддин) Ғиёс масхарабоз иштирокидаги сайллар ҳақида ёзган эдилар.

Хуллас, Мирзо Бобур тақдир тақозоси билан Ҳирот ва Кобулга Навоий ҳазратларининг вафотларидан сўнг келган, у зот билан дийдорлашиш бахтига мушарраф бўлолмаган эса-да, Алишербекни кўрган, у киши билан суҳбатдош бўлган кишилар билан дийдорлашди. Бироқ бу дийдорлашувлар ҳам кўпга бормади — бу томонларга рақиби от суриб келаётган эди. Бобур Мирзо Ҳиндистон томон кетди…

NAVOIY YASHAGAN UY
Burobiya Rajabova
filologiya fanlari nomzodi
004

Ashampoo_Snap_2017.02.08_00h26m11s_001_a.pngHirot shahrida hazrat Alisher Navoiy yashagan uyga tarixiy manbalarda, jumladan, “Boburnoma”da ham “Unsiya” (“unsiya” arabcha so‘z bo‘lib, ulfat, chin do‘st degan ma’noni bildiradi — B.R.) deb nom berilgani zikr etiladi. Ya’ni bu qutlug‘ dargoh do‘stlar, ijod ahli, ustoz va shogirdlar suhbat quradigan ezgulik, xayru ehson hamda ilm-ma’rifat maskani hisoblangan. Ulug‘ shoir o‘zining “Holoti Sayyid Hasan Ardasher” nomli hasbi hol xarakteridagi asarida “ota masobasidagi” ustozi Sayyid Hasan Ardasherning o‘n to‘rt yoshdagi yolg‘iz farzandi Sayyid Muhammad vafotidan keyin ancha ruhiy tushkun kayfiyatga tushganda unga ma’naviy farzand maqomida har doimgidan ham ko‘proq e’tibor qaratib, o‘z hovlisi — Unsiyasidan alohida turar joy qilib bergani haqida shunday qimmatli ma’lumotni yozib qoldirgan: “…iltifoti zotiysi bu faqir bila bor erdi va farzand, deb erdilarkim, o‘z havlim go‘shasida alar uchun bir muxtasar maskane alohida tartib qilib erdim, gohiki mufrit riyozatlardin ta’blarig‘a kalole (xastalik, zaiflik, charchoq ma’nosida — B.R.) voqe’ bo‘lsa erdi, xotirlari tashxizi uchun ul maskan­g‘a kelib bir kun-ikki kun turub, yana xonaqohg‘a o‘z xilvatlarig‘a borurlar erdi”. Bir tomondan, bu betakror e’tirof tufayli Navoiyning ustoziga ko‘rsatgan himmatidan “Unsiya” misolida xabardor bo‘lsak, ikkinchi tomondan esa, ushbu lirik chekinish bilan ulug‘ shoir o‘zining “Jahondin, ko‘rki, kimlar kom (bahra) olibdur, Bu eski dayr kimlardin qolibdur”, degan hikmatga yo‘g‘rilgan baytini bizga eslatadiki, bu da’vat faqat kasbu korimizdagina emas, balki o‘z uyimizda ham bag‘rikenglik bo‘lishi lozimligini uqtiradi.

Davlatshoh Samarqandiyning “Tazkirat ush-shuaro” nomli tazkirasining xotima qismida fozil va amirlardan olti kishining zikri keltiriladi, jumladan, amir Alisher Navoiy haqidagi zikrda u yozgan oliy dargoh haqidagi ma’lumotu tasvir bilan tanishar ekanmiz, bu “Unsiya” haqidagi ishonchli tasvir va xabar ekanligiga amin bo‘lamiz. Chunonchi: “Shu kunlarda bu ulug‘ amir dinu davlat homiysi, shariat va millat pushti panohidir. Zamon podshosi (Sulton Husayn mirzo — B.A.) uning foydali nasihatlaridan bahra olmoqda. Munosib do‘stlari, (baland) martabali arboblar uning yoqimli suhbatidan minnatdor ham rozidirlar. Uning himmatli majlislari fozillar tilagi, oliy dargohi (Unsiyasi — B.R.) fuqaroning murojaatgohi, dasturxoni hijronzadalar uchun turli nozu ne’matlarga to‘la, eshigi muhtojlarga hamma vaqt ochiqdir”.

Bobur o‘z memuarida bu qutlug‘ maskanni ikki o‘rinda hurmat bilan tilga oladi. Birinchidan, u 1506 yilda Hirotga kelganida ustozi Navoiyning “Unsiya”sida bir muddat yashaganini, faoliyati hamda ijodi bilan yaqindan tanishganini, uning o‘ziga xos ruhiy olamidan kuch-quvvat, fayzu baraka olganini faxr va cheksiz ehtirom bilan shunday xotiralaydi: “Tonglasi kelib Bog‘i Navda tushtum. Bog‘i Navda bir kecha bo‘ldum, ani munosib ko‘rmay Alisherbekning uylarini tayin qildilar, Hiridin chiqquncha Alisherbekning uylarida edim”. Ikkinchidan esa “Yigirma kunkim, Hirida erdim, har kunda ko‘rmagan yerlarni sayr qilur edim. Ajzchimiz bu sayrlarda Yusuf Ali ko‘kaldosh edi”, deb Hirot sayri va safari haqida batafsil yozadi. Shaharning oltmishdan ziyod mashhur tarixiy, madaniy obidalari, masjidu madrasa, bog‘ va bog‘chalari bilan yaqindan tanishganini birma-bir sanab, izohlaydi hamda shulardan shaxsan Alisher Navoiy barpo qilgan Alisherbek bog‘chasini, taxti Navoiyni, “Qudsiya” nomli maqbara masjidini, “Xalosiya” va “Ixlosiya” xonaqohini, “Safoiya” va “Shifoiya” nomli hamom va dorushshifosini diqqat bilan ko‘rganini yozadi va “…Alisherbekning o‘lturur uylarini “Unsiya” derlar”, deb kitobxon uchun yana bir bor alohida izoh va tushuntirish beradi. Ishonchli manbalardan, jumladan, “Boburnoma”dan ma’lumki, Bobur Mirzo ulug‘ shoir bilan maktub yozishgan: “Bu ikkinchi navbat Samarqandni olg‘onda, Alisherbek tirik edi. Bir navbat manga kitobati ham kelib edi.

Men ham bir kitobat yiborib edim, orqasida turkiy bayt aytib, bitib yiborib edim. Javob kelguncha tafriqa va g‘avg‘o bo‘ldi”.

Demak, Alisher Navoiy hayotligida bir-ikki bora maktub yozishgan Bobur uchun “Unsiya”da yashash favqulodda tarixiy, madaniy va ma’rifiy hodisa edi. Bobur bu maskanda Alisher Navoiy ijodi va faoliyati bilan yanada yaqindan tanishish baxtiga, imkoniyatiga muyassar bo‘lgan. Muhimi, u o‘z asarida kelajak avlod uchun Alisher Navoiyning hayoti, ijodi, ijtimoiy faoliyati to‘g‘risida: “Yana Alisherbek Navoiy edi, begi emas edi, balki musohibi edi…”, “Alisherbek naziri yo‘q kishi edi”, “Ahli fazl va ahli hunarg‘a Alisherbekcha murabbiy va muqavviy ma’lum emaskim, hargiz paydo bo‘lmish bo‘lg‘ay…” kabi xulosayu xabarlarni izohlari, ­sharhlari bilan yozib qoldirdi. Demak, Boburning Alisher Navoiyning “Unsiya”si bois bitgan bunday dalilga boy tarixiy ma’lumotlarini bugun hayrat va shukronalik hissi bilan nafaqat biz, balki butun olam ahli o‘qib-o‘rganmoqda, ramziy ma’noda, uvaysiy holatda “Unsiya”ni ziyorat qilmoqda.

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2015 yil 46-son

MIRZO BOBUR HAZRAT NAVOIYNING
HOVLISIDA YASHAGAN…
Umid Bekmuhammad
004

7а.jpgJangu jadallar ichida yurgan yosh hukmdor Hirotdan kelgan maktubni hayajonlanib, sevinib qo‘liga oldi. Ushbu maktubni Samarqandga Navoiy hazratlari yozib yuborgan edilar, unda buyuk shoirning Bobur Mirzoga bildirgan tilaklari aks etgandi…

Zahiriddin Bobur bu muborak nomani Movarounnahrda kechayotgan kurashlarda Samarqandni qo‘lga olgan kunlari olar ekan, sevinchi ichiga sig‘masdi. Boisi, u ham endigina she’rlar yoza boshlagan, gohida taxt uchun kurashlar bilan bo‘lib, ijod nechanchidir darajaga tushib qolardi. Ana shunday damlarda Bobur faqat so‘zning boqiyligini his etib, hazrat Navoiyning davlat amaldorligidan bejiz iste’foga chiqmaganliklarini anglagandek bo‘ldi. Biroq taqdir yozig‘i uni Andijondan Samarqand taxtiga boshlab kelgan, bu yo‘lda ko‘p qurbonliklar berilgandi. Qolaversa, ikkinchi bor Samarqandni qo‘lga kiritib turibdi…

«Bu ikkinchi navbat Samarqandni olg‘onda Alisherbek tirik edi. Bir navbat manga kitobati ham kelib edi. Men ham bir kitobat yiborib edim. Orqasida turkiy bayt aytib, bitib yiborib edim», — deb yozadi Bobur.

Xullas, ular kitobat — maktub orqali so‘zlashdilar. Bu paytda Xuroson poytaxti bo‘lmish Hirotda yashayotgan Navoiy hazratlari «Majolis un-nafois» tazkirasiga xurosonligu movarounnahrlik shoirlar ijodidan she’rlar to‘playotgandilar.

Samarqand taxtiga chiqqan yosh podshoh Zahiriddin Bobur ana shu zayl hazrat Navoiy e’tiborini tortgan. Ammo… ammo Hirotdan «javob kelguncha tafrika (g‘alayon, parokandalik) va g‘avg‘o bo‘ldi», deya «Boburnoma»da kuyunib yozgan edi muallif. Chunki, Bobur Mirzo ikkinchi bor Samarqandni Shayboniyxonga topshirishga majbur bo‘lgan edi. Bu orada Navoiy hazratlari ham vafot etdilar…

Oradan ko‘p vaqt o‘tmay, Bobur Mirzo saltanat uchun kechgan kurashlarda mag‘lublik alamini chekib, Hirotga ketishga majbur bo‘ladi. Uni Xurosonning o‘sha vaqtdagi hukmdori, Boyqaroning o‘g‘li Badiuzzamon yaxshi kutib oldi. «Boburnoma»da 1506-1507 yil voqealarini yozar ekan, muallif bu haqida shunday eslaydi: «Avval menga Bog‘i Navda yurt tayin qilib edilar. Tonglasi kelib, Bog‘i Navda tushtum. Bog‘i Navda bir kecha bo‘ldum, ani munosib ko‘rmay, Alisherbekning uylarini tayin qildilar. Hiriydan chiqquncha Alisherbekning uylarida edim».

Injil anhorining o‘ng tarafidagi Navoiy hazratlari yashagan hashamatli hovli Bobur Mirzoga Alisherbekning nozik didli me’mor bo‘lganlarini ham anglatdi. Ayniqsa, devor bo‘ylab ekilgan Samarqandning oq teraklari unga Navoiydan maktub olgan 1499 yilni yodga soldi. O‘shanda u bu maktubni ajib bir hayajon bilan o‘qigan edi…

Navoiy hazratlari Samarqandga yo‘llagan maktublarini ana shu hovlida, qo‘sh tabaqali eshikdan kirib boriladigan, nodir kitoblarga to‘la, nurafshon mehmonxonada bitganlarini Bobur sezib turardi. Yetti-sakkiz yildirki, hovli va undagi xonalar hazrat Navoiy hayot bo‘lganlarida qanday bo‘lgan bo‘lsa, shunday saqlanib kelinardi. Bobur Mirzo hazrat Navoiyning ko‘rkam hovlilarida yashab, u zot ekkan mevali, manzarali daraxtlar oralab yurarkan, Alisherbekning g‘azallarini yodiga keltirar, o‘zi ham ruboiylar bitardi.

Shu taxlit u Hirotdalik paytida Muzaffar Mirzo, Badiuzzamon Mirzolar yaratib bergan shart-sharoitlar tufayli azim shaharni ziyorat qildi. «Bu yigirma kunda mashhur sayrgohlardin bir Sulton Husayn Mirzoning xonaqohidin o‘zga yer ko‘rulmagan shoyad qolmadi ekin. Gozurgoh va Alisherbekning bog‘chasi va juvozi qog‘oz va Alisherbekning o‘lturur uylarikim, «Unsiya» derlar, maqbara va masjidi jome’nikim, «Qudsiya» derlar», deya Bobur Mirzo Hirotda Alisher Navoiy barpo ettirgan maskanlarni bir-bir sanab, ularni ziyorat qilganini aytadi.

Mirzo Bobur Navoiy hazratlari haqida shunday bitik ham yozgan: «Alisherbek naziri yo‘q kishi edi. Turkiy til bila to she’r aytubturlar, hech kim oncha ko‘b va xo‘b aytqon emas. Alisherbekning mizoji nozuk bila mashhurdir. El nazokatini davlatning g‘ururidan tasavvur qilur erdilar. Andoq emas ekandur, bu sifat anga jibilliy ekandur. Samarqandta ekanda ham ushmundoq nozuk mizoj ekandur».

Bu paytga kelib, Movarounnahrni zabt etgan, Samarqand taxtini Bobur Mirzo qo‘lidan tortib olgan Shayboniyxon Xurosonga ham zarba hozirlayotgan edi. Raqibiga qarshi kuch to‘plash niyatidagi Bobur bunday tahlikali vaqtda Hirotda ortiq qololmasdi.

«Yana Hiriynikim rub’ maskunda andoq shahar yo‘qtur va Sulton Husayn Mirzoning zamonida mirzoning tasarrufidin va takallufidin Hiriyning zeb va ziynati birga o‘n, balki yigirma taraqqiy qilib edi…» Mirzo Bobur ana shu taraqqiy etgan shaharda atigi yigirma kun bo‘lganidan afsuslansa-da, hazrat Navoiyning hovlilarida yashaganidan qalbi g‘ururga to‘lgan, u zotning ruhi poklari o‘ziga madadkor bo‘lishidan umidvor edi. Shu umid bilan u Kobulga ketib, o‘ksik ko‘nglini ko‘tarish maqsadida turli joylarda bo‘ldi. Bu haqida u shunday yozgan: «Chanor bog‘ining eshigida solg‘on suratxonaning sharqi-janub sari yonida kichikroq oqqina uy tikilib edi, gohi anda o‘lturur edim, anda majlis bo‘ldi. So‘ngra G‘iyos masxara keldi, necha qatla majlisdan mutoyaba tariyqi bila buyurildikim, ixroj qildilar. Oxir shaloyin bo‘lub, masxaraliq bila majlisda yo‘l topdi». Ya’ni, Mirzo Bobur bu yerda Kobul yaqinidagi Chinor bog‘ida bo‘lib o‘tgan G‘iyos masxaraboz ishtirokidagi mashvarat to‘g‘risida to‘xtalgan. Bobur Kobulda 1505 yilda bo‘lgan. Navoiy hazratlari esa 1497-98 yillarda yaratilgan «Majolis un-nafois» tazkirasida ham (Sayid G‘iyosiddin) G‘iyos masxaraboz ishtirokidagi sayllar haqida yozgan edilar.

Xullas, Mirzo Bobur taqdir taqozosi bilan Hirot va Kobulga Navoiy hazratlarining vafotlaridan so‘ng kelgan, u zot bilan diydorlashish baxtiga musharraf bo‘lolmagan esa-da, Alisherbekni ko‘rgan, u kishi bilan suhbatdosh bo‘lgan kishilar bilan diydorlashdi. Biroq bu diydorlashuvlar ham ko‘pga bormadi — bu tomonlarga raqibi ot surib kelayotgan edi. Bobur Mirzo Hindiston tomon ketdi…

065

(Tashriflar: umumiy 2 473, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ажойиб! XY аср кўчаларида кезгандек бўлдим.

Izoh qoldiring