Jan Fujer. Sevgi izhori.

004
Хоним эслашга уриниб, меҳмоннинг чеҳрасига синчиклаб қаради. Йиллар унинг юзини ўзгартириб юборганди. Бироқ бу ғамгин кўзлар Лунъан хонимга нотаниш эмасди. Бирдан хонимнинг лабларига меҳмоннинг исми келди. Жильбер Мессонье… Луньан хоним хушмуомалалик билан ўзининг ниҳоятда таажубланганини кўрсатмасликка ҳаракат қилди.

002
ЖАН ФУЖЕР
СЕВГИ ИЗҲОРИ
Француз тилидан Саидғани Мусаев,Хосият Холматова таржимаси
001

0012Бу иморат бир вақтлар, шаҳарнинг энг муҳташам уйларидан эди. Янгигина қурилиб, тошлари ҳали оппоқ бўлган пайтда кўчанинг ҳуснига ҳусн қўшиб турарди. Кейинчалик ҳамма нарса секин-аста ўзгариб кетди. Эндиликда бино замона руҳига, машиналар ва одамларнинг кийим-бошларига мос тушмай, қандайдир бегонага ўхшаб қолганди. Уйнинг деворлари аста-секин нураб борар, бу ерда туғилган болалар ҳам аллақачон улғайиб, бирин-кетин ўзга маконларга жўнаб кетишган, эндиликда бошқа шаҳарларда, бошқа уйларда яшашарди. Фақат аҳён-аҳён улар фарзандларини етаклаб, кекса хонимни кўриш учун бу ерга қадам ранжида қилишарди.

Қўшнилар «кекса хоним» деб атайдиган бу аёл эндиликда бутун бошли уйда оқсоч билан ёлғиз қолганди.

Ўша оқшом хоним овқатдан сўнг меҳмонхонасида чой ичиб ўтирар, телевизор кўришга ҳам, хат ёзишга ҳам иштиёқи йўқ, ҳеч ким билан гаплашгиси келмас, хуллас, тушкун бир кайфиятда эди. Баъзан ҳаётда шундай ҳоллар бўладики, киши танҳоликни қўмсаб қолади. Лунъан хонимни қамраб олган хаёллар аслида унчалик қайғули эмасди. Лекин ҳозир у китоб ўқиш ва мусиқа тинглашдан кўра ёлғиз қолиб, нозик ҳис-туйғуларга берилишга кўпроқ мойил эди.

У худди одамлар орасида ўтиргандек қаддини тик тутган, гарчи ҳеч кимни кутмаётган бўлса-да, ўз кўнглини кўтариш учун чиройли кўйлагини кийиб олганди.

Хоним анча вақтгача ўй-хаёлларга чўмиб ўтирди. Ниҳоят, унга зина томондан кимдир юриб келаётгандек туюлди. «Хизматкор аёл ухлаш учун юқорига чиқиб кетаётган бўлса керак»… — деб ўйлади хоним. Йўқ, бу оғир ва судраб босилаётган қадам товушлари эди. Хоним хизматкор аёл Кармен бирор кимсанинг келгани ҳақида хабар бермаганидан ажабланди. Сўнгра меҳмонни кутиб олиш учун ўрнидан туриб, ойнага бир қур назар солди. Пардоз-андози жойида эди…

Эшик тақиллаб, кекса бир киши кириб келди. Меҳмоннинг қомати букчайган, у зўрға қадам ташларди.
— Биламан,— деди у деярли шивирлаб,— менинг бу кечки ташрифим сизга жуда ҳам ғалати кўринаётган бўлса керак.
— Бахтга қарши, қисматдан қутулиб бўлмайди,— деди хоним.
— Кўриб турибман, сиз мени танимаяпсиз.

Хоним эслашга уриниб, меҳмоннинг чеҳрасига синчиклаб қаради. Йиллар унинг юзини ўзгартириб юборганди. Бироқ бу ғамгин кўзлар Лунъан хонимга нотаниш эмасди. Бирдан хонимнинг лабларига меҳмоннинг исми келди. Жильбер Мессонье…

Луньан хоним хушмуомалалик билан ўзининг ниҳоятда таажубланганини кўрсатмасликка ҳаракат қилди.
— О! Сизни шунча йиллар ўтгандан кейин яна кўрганимдан жуда бахтлиман. Нега қўнғироқ қилмадингиз? Тўғридан-тўғри овқатланишга келаверган бўлардингиз. Тик турманг. Илтимос, мана бу ўриндиққа ўтиринг.

Меҳмон жуда чарчаган экан, секин чўкди. У хонимникига келиш учун анчагина масофани босиб ўтганидан ҳарсилларди. Хонимга гап қотиш учун меҳмонда мажол ҳам йўқ эди.
— Бир пиёла чой ичасизми? Ҳозиргина дамлашганди.

Меҳмон чойни рад этиб, стол устидаги графинга ишора қилди:
— Рухсат этсангиз, бироз сув ичсам.

Хоним стаканга сув қуйиб узатди. Меҳмон бир неча қултум ҳўплаб, сал ўзига келгандек бўлди. Луньан хоним нима дейишини билмасди. Чунки, у бир пайтлари яхши таниган навқирон йигит билан бу қария ўртасида жуда ҳам катта тафовут бор эди. «Нима учун келди экан», деб ажабланди.

— Сиз менга кўп нарсалар ҳақида гапириб берсангиз керак. Табиийки, уйлангансиз. Бу савдо ҳамманинг бошида бор. Шубҳасиз, болаларингиз ҳам бордир, улар ҳам меникиларга ўхшаб турмуш қуришган бўлса керак. Берарларни тез-тез кўриб турасизми? Бетакрор, ажойиб инсонлар… Маргаританинг шимпанзесини эслайсизми? Бир куни у тоққа қочиб кетганди. Жаноб Берар ушламоқчи бўлганда, уни тишлаб олганди. Ўшанда шунақаям қизиқ бўлгандики…

Хоним зўрма-зўраки кула бошлади-ю, меҳмоннинг жиддий ўтирганини кўриб, дарҳол ўзини тутиб олди.
— Саволларингизга жавоб бермаётганим учун кечиринг,— деди меҳмон бўшгина.— Бошқа пайт бўлганда мен буни жоним билан айтиб берардим. Лекин ҳозир вақтим жуда зиқ. Мен бу ерга асосий нарса ҳақида, яъни сиз ҳақингизда гаплашгани келганман.

Хоним «ҳожати йўқ» дегандек, имо билан қаршилик кўрсатиб деди:
— Шунчалик узоқ айрилиқдан сўнг ҳам мен билан қизиқаётганингиздан мамнунман.
— Мен сизни ҳеч қачон унутганим йўқ,— давом этди меҳмон.

— Шунақа ҳам илтифотлисизки…
— Мен ҳеч ҳам ундай деб ўйламайман. Арманда, охирги учрашувимизни эслайсизми?
— Ҳа, биз унда жуда ёш эдик. Бироқ мен унутганим йўқ. Ўшанда сиз бир оз тентакроқ эдингиз, ғалати гапларни гапирардингиз.

— Мен тўғрисини айтгандим. Сизни севаман, биз ҳаётимизни албатта бирга ўтказишимиз керак, деб қайта-қайта такрорлагандим. Сиз эса ишонмасдингиз, ҳайрон бўлардингиз. Тахминимча, мендан чўчирдингиз, шекилли. Эндиликда бир-биримиздан йироқда ўтказган ҳаётимиз сўнгида, мен сизни яна бир бор кўриш истагида бу ерга келдим. Сизни ҳали ҳам севишимни, ҳаётимнинг энг сўнгги дақиқаларигача фикру хаёлим фақат сизда бўлишини айтиш истагида келдим.

У олдинга букилганича хастаҳол ўтирарди. Меҳмон бу сўзларни айтаётганида хоним тўсатдан унинг қарашларида илгариги, ўша пайтлардаги эҳтиросни ҳис этди. Хонимга унинг бўйинбоғи ўша охирги учрашув чоғида тақилган бўйинбоғ бўлиб туюлди.

Жаноб паст овозда гапирар, унинг овози борган сари янада пасайиб, қандайдир тушуниб бўлмайдиган шивирлашга айланиб борарди. Сўзлари ҳали аниқроқ эшитилиб турганда, у хонимнинг номини тўхтовсиз такрорлаётганини илғаш мумкин эди.

Ўша ёз кунининг ёрқин ранглари, хушбўй ҳидлари, унинг ўшанда таққан бўйинбоғи, буларнинг ҳаммаси хонимнинг кўз олдида худди ҳозиргидек гавдаландики, гўё ҳаёт яна қайтадан бошланаётгандек эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмагандек туюларди. Ўша кун Луньан хонимнинг хотирасида ҳайратомуз тарзда қайта жонланди. Чунки меҳмоннинг паст овози уни узоқ ўтмишга олиб кетганди. Меҳмоннинг овози кучайиб, сўзлари аниқлашганда хоним бир чўчиб тушди.

— Ростдан ҳам ҳеч нарсага муҳтож эмасмисиз? Агар илтифотсизлик қилган бўлсам кечирасиз, чамаси мазангиз йўққа ўхшайди, дўхтир чақирайми?

Меҳмон бош тебратиб, «йўқ» ишорасини қилди. У яна тетиклашгандек кўринарди. Хоним кекса жаноб яна ўз дил изҳорини бошламоқчи бўлаётганини сезди.

— Йўқ! — қичқирди бирдан Луньан хоним.— Илтимос, бас қилинг! — Меҳмон зўрға ўрнидан турганида, хоним шоша-пиша деди:
— Кечирасиз, мен сизни ҳайдаётганим йўқ. Фақат айтинг-чи, нима учун орадан шунча йиллар ўтгач, кекса бир аёлга ўтмишни эслатиб, тинчини бузишга рағбат этдингиз?

— Сиз тез орада ташрифимнинг сабабини билиб оласиз,— деди меҳмон ва эшикка йўналди.

Ҳайратланган ва титраётган Луньан хоним меҳмонхона ўртасида қотиб турар, узоқлашиб бораётган меҳмонни кузатиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмас эди.

Индинига Луньан хоним газеталарни варақлаётганда сўнгги саҳифада босилган хунук хабарга кўзи тушди. Унда айтилишича, жаноб Жильбер Мессонье ўзининг Париждаги уйида вафот этибди.

001

09Жан Фужер (Jean Fougère, 1914 -11.03.2005 ) — ҳикоя ва эссенавис француз адиби. Илк романи «Flo» 1939 йили босилган. Француз адиблари жамияти вице-президенти (1958-1960), «Le Figaro» газетаси шарҳловчиси сифатида фаолият юритган. 1968 йили Француз адиблари жамияти мукофотига сазовор бўлган. Унинг «Ғаройиботлар боғи», «Кичкина жаноб»,»Янги сигир» каби асарлари нашр этилган.

Jan Fujer (Jean Fougere, 1914 -11.03.2005 ) — hikoya va essenavis frantsuz adibi. Ilk romani «Flo» 1939 yili bosilgan. Frantsuz adiblari jamiyati vitse-prezidenti (1958-1960), «Le Figaro» gazetasi sharhlovchisi sifatida faoliyat yuritgan. 1968 yili Frantsuz adiblari jamiyati mukofotiga sazovor bo’lgan. Uning «G’aroyibotlar bog’i», «Kichkina janob»,»Yangi sigir» kabi asarlari nashr etilgan.

002
JAN FUJER
SEVGI IZHORI
Frantsuz tilidan Saidg’ani Musaev,Xosiyat Xolmatova tarjimasi
001

001Bu imorat bir vaqtlar, shaharning eng muhtasham uylaridan edi. Yangigina qurilib, toshlari hali oppoq bo’lgan paytda ko’chaning husniga husn qo’shib turardi. Keyinchalik hamma narsa sekin-asta o’zgarib ketdi. Endilikda bino zamona ruhiga, mashinalar va odamlarning kiyim-boshlariga mos tushmay, qandaydir begonaga o’xshab qolgandi. Uyning devorlari asta-sekin nurab borar, bu yerda tug’ilgan bolalar ham allaqachon ulg’ayib, birin-ketin o’zga makonlarga jo’nab ketishgan, endilikda boshqa shaharlarda, boshqa uylarda yashashardi. Faqat ahyon-ahyon ular farzandlarini yetaklab, keksa xonimni ko’rish uchun bu yerga qadam ranjida qilishardi.

Qo’shnilar «keksa xonim» deb ataydigan bu ayol endilikda butun boshli uyda oqsoch bilan yolg’iz qolgandi.

O’sha oqshom xonim ovqatdan so’ng mehmonxonasida choy ichib o’tirar, televizor ko’rishga ham, xat yozishga ham ishtiyoqi yo’q, hech kim bilan gaplashgisi kelmas, xullas, tushkun bir kayfiyatda edi. Ba’zan hayotda shunday hollar bo’ladiki, kishi tanholikni qo’msab qoladi. Lun’an xonimni qamrab olgan xayollar aslida unchalik qayg’uli emasdi. Lekin hozir u kitob o’qish va musiqa tinglashdan ko’ra yolg’iz qolib, nozik his-tuyg’ularga berilishga ko’proq moyil edi.

U xuddi odamlar orasida o’tirgandek qaddini tik tutgan, garchi hech kimni kutmayotgan bo’lsa-da, o’z ko’nglini ko’tarish uchun chiroyli ko’ylagini kiyib olgandi.

Xonim ancha vaqtgacha o’y-xayollarga cho’mib o’tirdi. Nihoyat, unga zina tomondan kimdir yurib kelayotgandek tuyuldi. «Xizmatkor ayol uxlash uchun yuqoriga chiqib ketayotgan bo’lsa kerak»… — deb o’yladi xonim. Yo’q, bu og’ir va sudrab bosilayotgan qadam tovushlari edi. Xonim xizmatkor ayol Karmen biror kimsaning kelgani haqida xabar bermaganidan ajablandi. So’ngra mehmonni kutib olish uchun o’rnidan turib, oynaga bir qur nazar soldi. Pardoz-andozi joyida edi…

Eshik taqillab, keksa bir kishi kirib keldi. Mehmonning qomati bukchaygan, u zo’rg’a qadam tashlardi.
— Bilaman,— dedi u deyarli shivirlab,— mening bu kechki tashrifim sizga juda ham g’alati ko’rinayotgan bo’lsa kerak.
— Baxtga qarshi, qismatdan qutulib bo’lmaydi,— dedi xonim.
— Ko’rib turibman, siz meni tanimayapsiz.

Xonim eslashga urinib, mehmonning chehrasiga sinchiklab qaradi. Yillar uning yuzini o’zgartirib yuborgandi. Biroq bu g’amgin ko’zlar Lun’an xonimga notanish emasdi. Birdan xonimning lablariga mehmonning ismi keldi. Jil`ber Messon`e…

Lun`an xonim xushmuomalalik bilan o’zining nihoyatda taajublanganini ko’rsatmaslikka harakat qildi.
— O! Sizni shuncha yillar o’tgandan keyin yana ko’rganimdan juda baxtliman. Nega qo’ng’iroq qilmadingiz? To’g’ridan-to’g’ri ovqatlanishga kelavergan bo’lardingiz. Tik turmang. Iltimos, mana bu o’rindiqqa o’tiring.

Mehmon juda charchagan ekan, sekin cho’kdi. U xonimnikiga kelish uchun anchagina masofani bosib o’tganidan harsillardi. Xonimga gap qotish uchun mehmonda majol ham yo’q edi.
— Bir piyola choy ichasizmi? Hozirgina damlashgandi.

Mehmon choyni rad etib, stol ustidagi grafinga ishora qildi:
— Ruxsat etsangiz, biroz suv ichsam.

Xonim stakanga suv quyib uzatdi. Mehmon bir necha qultum ho’plab, sal o’ziga kelgandek bo’ldi. Lun`an xonim nima deyishini bilmasdi. Chunki, u bir paytlari yaxshi tanigan navqiron yigit bilan bu qariya o’rtasida juda ham katta tafovut bor edi. «Nima uchun keldi ekan», deb ajablandi.

— Siz menga ko’p narsalar haqida gapirib bersangiz kerak. Tabiiyki, uylangansiz. Bu savdo hammaning boshida bor. Shubhasiz, bolalaringiz ham bordir, ular ham menikilarga o’xshab turmush qurishgan bo’lsa kerak. Berarlarni tez-tez ko’rib turasizmi? Betakror, ajoyib insonlar… Margaritaning shimpanzesini eslaysizmi? Bir kuni u toqqa qochib ketgandi. Janob Berar ushlamoqchi bo’lganda, uni tishlab olgandi. O’shanda shunaqayam qiziq bo’lgandiki…

Xonim zo’rma-zo’raki kula boshladi-yu, mehmonning jiddiy o’tirganini ko’rib, darhol o’zini tutib oldi.
— Savollaringizga javob bermayotganim uchun kechiring,— dedi mehmon bo’shgina.— Boshqa payt bo’lganda men buni jonim bilan aytib berardim. Lekin hozir vaqtim juda ziq. Men bu yerga asosiy narsa haqida, ya’ni siz haqingizda gaplashgani kelganman.

Xonim «hojati yo’q» degandek, imo bilan qarshilik ko’rsatib dedi:
— Shunchalik uzoq ayriliqdan so’ng ham men bilan qiziqayotganingizdan mamnunman.
— Men sizni hech qachon unutganim yo’q,— davom etdi mehmon.

— Shunaqa ham iltifotlisizki…
— Men hech ham unday deb o’ylamayman. Armanda, oxirgi uchrashuvimizni eslaysizmi?
— Ha, biz unda juda yosh edik. Biroq men unutganim yo’q. O’shanda siz bir oz tentakroq edingiz, g’alati gaplarni gapirardingiz.

— Men to’g’risini aytgandim. Sizni sevaman, biz hayotimizni albatta birga o’tkazishimiz kerak, deb qayta-qayta takrorlagandim. Siz esa ishonmasdingiz, hayron bo’lardingiz. Taxminimcha, mendan cho’chirdingiz, shekilli. Endilikda bir-birimizdan yiroqda o’tkazgan hayotimiz so’ngida, men sizni yana bir bor ko’rish istagida bu yerga keldim. Sizni hali ham sevishimni, hayotimning eng so’nggi daqiqalarigacha fikru xayolim faqat sizda bo’lishini aytish istagida keldim.

U oldinga bukilganicha xastahol o’tirardi. Mehmon bu so’zlarni aytayotganida xonim to’satdan uning qarashlarida ilgarigi, o’sha paytlardagi ehtirosni his etdi. Xonimga uning bo’yinbog’i o’sha oxirgi uchrashuv chog’ida taqilgan bo’yinbog’ bo’lib tuyuldi.

Janob past ovozda gapirar, uning ovozi borgan sari yanada pasayib, qandaydir tushunib bo’lmaydigan shivirlashga aylanib borardi. So’zlari hali aniqroq eshitilib turganda, u xonimning nomini to’xtovsiz takrorlayotganini ilg’ash mumkin edi.

O’sha yoz kunining yorqin ranglari, xushbo’y hidlari, uning o’shanda taqqan bo’yinbog’i, bularning hammasi xonimning ko’z oldida xuddi hozirgidek gavdalandiki, go’yo
hayot yana qaytadan boshlanayotgandek edi. Oradan hech qancha vaqt o’tmagandek tuyulardi. O’sha kun Lun`an xonimning xotirasida hayratomuz tarzda qayta jonlandi.
Chunki mehmonning past ovozi uni uzoq o’tmishga olib ketgandi. Mehmonning ovozi kuchayib, so’zlari aniqlashganda xonim bir cho’chib tushdi.

— Rostdan ham hech narsaga muhtoj emasmisiz? Agar iltifotsizlik qilgan bo’lsam kechirasiz, chamasi mazangiz yo’qqa o’xshaydi, do’xtir chaqiraymi?

Mehmon bosh tebratib, «yo’q» ishorasini qildi. U yana tetiklashgandek ko’rinardi. Xonim keksa janob yana o’z dil izhorini boshlamoqchi bo’layotganini sezdi.

— Yo’q! — qichqirdi birdan Lun`an xonim.— Iltimos, bas qiling! — Mehmon zo’rg’a o’rnidan turganida, xonim shosha-pisha dedi:
— Kechirasiz, men sizni haydayotganim yo’q. Faqat ayting-chi, nima uchun oradan shuncha yillar o’tgach, keksa bir ayolga o’tmishni eslatib, tinchini buzishga rag’bat etdingiz?

— Siz tez orada tashrifimning sababini bilib olasiz,— dedi mehmon va eshikka yo’naldi.

Hayratlangan va titrayotgan Lun`an xonim mehmonxona o’rtasida qotib turar, uzoqlashib borayotgan mehmonni kuzatib qo’yishni xayoliga ham keltirmas edi.

Indiniga Lun`an xonim gazetalarni varaqlayotganda so’nggi sahifada bosilgan xunuk xabarga ko’zi tushdi. Unda aytilishicha, janob Jil`ber Messon`e o’zining Parijdagi uyida vafot etibdi.

003

(Tashriflar: umumiy 188, bugungi 1)

Izoh qoldiring