Mahsatiy Ganjaviy. Ruboiylar.Ikkinchi bo’lak

055
(Давоми. Боши мана бу саҳифада) Озарбайжон мумтоз адабиёт тарихида жуда кўп истеъдодли шоиралар номи учрайди. Аммо, улар орасида Маҳсатий Ганжавий, Ҳайрон хоним ва Хуршидбону Нотавонлар алоҳида мавқега эгадир. Бу уч шоира созида инсон гўзаллиги, юрак туғёнлари ва ҳаёт завқлари ажиб оҳангларда янграйди. Биз икки ойча аввал Маҳсатий Ганжавий рубоийларидан бир бўлагини, кейин таваллуд куни муносабати билан Хуршид Бону Нотавон ғазалларидан  айрим намуналарни  атоқли шоира Ойдин Ҳожиева  таржимасида  эълон қилган эдик. Бугун шоиранинг рубоийларини сизга тақдим этишда давом этамиз. Яқин кунларда эса Ҳайрон хоним ғазаллари билан ҳам сизни таништириш режамиз бор.

011

XII аср озар шоиралари орасида Маҳсатий (“Моҳ асти” – “Ойсан” дегани) фазлу камол соҳибаси бўлиб, тарихий манбалар унинг илмпарвар хонадонда туғилгани, мукаммал таҳсил кўргани, истеъдодли рубоийнавис бўлиб етишганидан гувоҳлик беради. Отаси махсус мусиқашунос ёллаб, қизига мусиқа ва рақс илмидан ҳам сабоқ олишига шароит яратиб берган. Маҳсатий отадан барвақт айрилади. Ганжа хатибининг ўғли Амир Аҳмадга турмушга чиққунча саргардонлик ташвишларини бошидан кечиради. Унинг муҳаббати элга достон бўлади.
Ровийларга кўра, Маҳсатий хоним Хўжанд, Зинжан, Машҳад, Мариф, Балх шаҳарларида бўлган, Умар Хайём, Низомий каби устозлар билан ижодий мулоқотлар қилган. Тадқиқотчилар унинг “Амир Аҳмад” достонидаги Амир Аҳмад тилидан айтилган рубоийлари Умар Хайёмга тегишли деган гапни айтишади.

Шоира ҳақидаги маълумотлар навоийшунос олима, филология фанлари доктори, ўзбек адабиётининг муҳиби ва тарғиботчиси Жаннатхоним Нағиеванинг “Ўтли созлар, оташин сўзлар” мақоласидан олинди. Таржималар эса бу азиз инсоннинг менга совға қилган китоблари орқали амалга оширилди. Раҳматли Жаннатхонимдан миннатдорман. Аллоҳ ундан рози бўлсин!

Таржимон

094
МАҲСАТИЙ ГАНЖАВИЙ
РУБОИЙЛАР
Ойдин Ҳожиева таржимаси
08

* * *

Шам ёнар бошидан, кўз ёши тўкар,
Сўхтасин дарчадан биров ирғитар.
Бошинг-ла мақтанма, шамдан сабоқ ол:
Маҳв  ўлар бошидан оёққа қадар.

 

* * *

Не боис жисмингни ёндирдилар, шам,
Йўлдан оздирдилар бунда бир оқшом ?
Сен ўзинг сўйлагил, найласин агар
Куйиб кул бўлмоқ-чун яралса одам?

 

* * *

Сеники бўлса Чин, Мисру Румо ҳам,
Билки, сенинг бўлур бутун дунё ҳам.
Имонинг пок сақла, ўн аршин кафан,
Уч аршин ер охир  қисматинг, одам!

 

* * *

Эй дўст, муҳаббатинг — жонима тузоқ.
Сенинг бир висолинг — минг бир иштиёқ.
Аҳлу қароримни олмиш  нозларинг,
Сабр деганлари кўнгилдан узоқ.

 

* * *

Хароботга  кўнглинг бўлмаса, кирма,
Дарвешлик тариқин билмасанг, кирма.
Бошидан ўтганнинг йўлидир бу кўй,
Бу йўлда жон қурбон  қилмасанг, кирма!

 

* * *

Харобот — манзили жўмард эрларнинг,
Бунда ўрни йўқдир бадкирдорларнинг!
Ихлос-ла қадам қўй бу жойга, билки
Хадди йўқдир бунда ҳийлакорларнинг!

 

* * *

Эй, сен ишвалари гўзалдан гўзал,
Ноз этма, инжима, раҳм эт лоақал!
Эй, сен қошларидай ваьдаси эгри,
Эҳсон де бу жомни, тўкмагил бир гал!

 

* * *

Кўзимдан сочилди қатра-қатра қон,
Кўкларга совурдим тупроқни, инон.
Кимнинг дуоси бу, билмасман, эй дўст,
Ки дарё ғамингдан тирик қолди жон.

 

* * *

Иқбол келиб бу кун кошонамизга,
Дунё, қулингман, деб киради сўзга.
Давлатки, донони излаб келибди,
Кулиб боқар энди толе ҳам бизга!

 

* * *

Аҳду банд этилса эр билан хотин,
Шариат иши дер, йўл беради дин.
Никоҳ этилганман рубоийга мен,
Борми бу никоҳни қўлловчи ойин?

 

* * *

Ёнар тош бўлсанг-да, эй соқий, магар,
Ажал ёмғирлари бир кун сўндирар.
Бу дунё — бир кафт хок, мутриб, ғазал айт,
Соқий, давра айлан, бода сун, етар!

 

* * *

Сенга жон бағишлай гул дудоғимдан,
Қора зулфларимдан, ол ёноғимдан.
Шод-хандон, мастона рақсга тушай
Чанг чалиб шод этай висол боғида.

 

* * *

Ойу Зуҳромудир юзинг ва кўзинг,
Юсуф чоҳи эрур хол бирла юзинг.
Сен буғдои, мен сомонпоядек сариқ,
Сомонсиз буғдой ҳеч кўрдингми ўзинг!

 

* * *

Дудоғинг-ла мени асир қил, жонон,
Макка тошига элт, айлагил қурбон.
Гуноҳим бор эса, қўй, зиндон ўлсун —
Мендек гуноҳкорга чоҳи занаҳдон.

 

* * *

Ернинг томирига шох қўйган замон
Ҳазир бўл, инжитма, табиб, ногаҳон.
Ахир ёр қўлига урган ништаринг
Бир учи қалбимга санчилур, ишон!

 

* * *

Сен ариқ бўйида сархуш саҳар пайт,
Ой юзли жононим, эй сарви қомат!
Мен кўза кўтариб келурман бу ён,
Сув — асли баҳона, дийдор — ғанимат!

* * *

Бул кеча дилбарим меҳмон ниҳоят,
Ёлғиз тушларидан айлар шикоят.
Эй, кеча, дард-қайғу бўлсанг-да кетма,
Отма, тонг, бўлсанг-да бахту саодат!

 

* * *
Ёрим бармоғида узук бўлсайдим,
Унинг қўлларида кошки, ёнсайдим.
Ҳар гал ёр камондан ўт отган чоғи
Гулдай дудоғидан ўпич олсайдим…

 

* * *

Гул деди: «Очмадим қийғос  ғунчалар,
Термадим саодат боғидан самар.
Гулоб қилмоқ учун мени узган қўл
Бандимдай кесилгай бир кун муқаррар!»

 

* * *
Ям-яшил чаманда товланади гул,
Булбул завқи жўшиб айлар арзи дил.
Ажаб, ҳар иккиси мафтун, маҳлиё:
Гул — қисқа умрига, тоқлиққа — булбул!

 

* * *

Мажлиснинг кўркидир гул била чечак,
Гул — гўё кўйлаги тўзғиган гўдак.
Кўрдим: қизармишдир ҳаёли ғунча,
Лабларида дуру гавҳар тутгандак.

 

* * *

Гулнинг ватанидир чаман мудомо,
Кўйлаги йиртилмиш этаккача то.
Дедим: ким тўзитди сабр пардани?
«Мен» деди шивирлаб саҳархез сабо.

 

* * *

Уйғон, икки юзли ишвакор ўғлон,
Лутфу қилиқлари фитнакор ўғлон.
Берган ваъдаларинг узум сувидек
Қадаҳдан тўкмагил, айла ор, ўғлон.

 

* * *

Ташналаб ўлдим мен, қақради кўзим,
Золим ўқларига йўқ тобу тўзим.
Ишқнинг оловинда сувдай эридим,
Ғарқу ғарқоб бўлдим селида ўзим.

 

* * *

Висолинг-ла тўлин кечалар кетди,
Киприкдан узилиб инжулар кетди.
Дилимнинг роҳати, мунисим, ҳар не —
Сен кетдинг, сенинг-ла баробар кетди!

 

* * *

Эй, сабо, сасингга бўлайин қурбон,
Малак авлодига этсанг-чи аён:
Кўрдим, интизоринг бўлиб бечора
Маҳсатий йўл узра бермоқдадир жон!

 

* * *

Уйқу йўқ, сенингсиз ғариб кечалар,
Уйқусиз кўзимдан оташ сочилар.
Зулфингдек тўзғигай тушларим менинг
Баногоҳ кўзларим илинса саҳар.

 

* * *

Май берки, бу фалак ғамларга макон,
Эй ёрим, жонимдан тўйдирди ҳижрон.
Мен каби шодликни севганни нечун
Бодасиз, жононсиз хўрлайди даврон?

 

* * *

Бир заҳри ботилдир, какрадур фироқ,
У жонни ёққучи шавқу иштиёқ.
Ўлим — жон халоси, ўлимдан ёмон —
Бу ёруғ дунёда ёрдан айрилмоқ.

 

* * *

Ёримдан айирди бу маккор фалак,
Кўзим жоласига дўст қилди юрак.
Васлига муяссар бўлмадим бир бор,
Айрилиқ жафоси айлади ҳалак!

 

* * *

Онт ичайки офтоб жамолинг ҳақи,
Анбар сочларингнинг шамоли ҳақи,
Паришон кўнглимнинг чаманзорини
Ҳар кеча суғоргай кўз ёшим оқиб.

 

* * *

Қалбим ошиқларнинг сардафтаридир,
Ишқинг азобига бир муштарийдир.
Тошдан ҳам қаттиқсан бағри тошликда,
Жабрингга дош бермоқ зўр ҳунаримдур.

 

* * *

Истадим: Ажамдан бир нома битсам,
Қалбим қон бўлдию бўғди мени ғам.
Юрагим хуни-ла битдим хатимни,
Йиғладик ҳам мактуб, ҳам мен, ҳам қалам.

 

* * *

Мактубим ивитди кўзларим нами,
Қон рангида ёнар ҳар бир рақами.
Қалам ҳам мен каби ғамбода эрди,
Боши-ла йиғларди ёзгунча ғамни.

 

* * *

Ёзар эсам севгим минг йил етмагай,
Ишқинг ҳикояти ҳаргиз битмагай!
Сиғмас бу ҳикоят қогоз-қаламга,
Минг нома бир суҳбат ўрнин тутмагай!

 

* * *

Кўрдим: Жума бозор йўлнинг рошида
Каклик сайрар эди бургут бошида.
Какарлаб дердики: «Жафокор бир кун
Шундай марг топади фалак тошидан!»

 

* * *

Қассобсан, қурбонинг ўхшайман бу чоқ,
Дош бергум суякка етса-да пичоқ.
Қассобнинг ишидир кесганни сотмоқ,
Сен мени ўлдиру  сотмагил бироқ!

 

* * *

Менга атаганин у новвой дилбар
Кошу қовоқ қилмас, ноз ила тутар.
Хамирдай ийлади ишқида мени,
Қўрқаман, нон каби куймасам саҳар…

 

* * *

Ой юзлисан, ажаб тикувчи ўғлон,
Сенга юз Маҳсатий чокардир, инон.
Хар қатим тортганда шаккар лабингга
Ипакдай тегинсам, йўқ эди армон.

 

* * *

Мен қум эловчига бўламан ҳайрон,
Тилим лол сиримни этгали баён.
У-ку тупроқ элаб ахтарар олтин,
Кафтимда тиллою уни излайман.

 

* * *

Эй, шоҳи дилором, яша минг йиллар,
Соянгда бахтиёр кун кўрсин эллар.
Ҳар йил минг ой бўлсин, ҳар ойда минг кун,
Ҳар соат минг кунга бўлсин баробар.

 

* * *

Тулпоринг фалакка урарди туёқ,
Сендан жудо қилди уни ҳам фироқ.
Бошини кесдилар арғумоғингни,
Қуйруғига ҳеч ким тегмади бироқ.

 

* * *

Эй, шоҳим, шоҳлардан аълою мумтоз,
Сенга бахт дулдули — толедан ниёз.
Олтин туёқлари ботмасин дея,
Тупроққа  кумушдан солди поёндоз!

 

* * *

Шоҳнинг лашкарига филингдан қирон,
Вазирингга асир минг қайсар, ҳоқон.
Рухингга садаға бўлсин бу жоним,
Шоҳларни тахтидан туширдинг, жонон!

 

* * *

Эмишки: пистанинг оғзи бўлар тор;
Сенинг қаторингда турса — писта хор.
Писта даҳонингга ўхшайман деса,
Демак, адабсиздир, чақиб қўйгил, ёр!

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,№ 3, 2013 йил, март

08

067Ozarbayjon mumtoz adabiyot tarixida juda ko’p iste’dodli shoiralar nomi uchraydi. Ammo, ular orasida Mahsatiy Ganjaviy, Hayron xonim va Xurshidbonu Notavonlar alohida mavqega egadir. Bu uch shoira sozida inson go’zalligi, yurak tug’yonlari va hayot zavqlari ajib ohanglarda yangraydi. Biz ikki oycha avval Mahsatiy Ganjaviy ruboiylaridan bir bo’lagini, keyin tavallud kuni munosabati bilan Xurshid Bonu Notavon g’azallaridan  ayrim namunalarni  atoqli shoira Oydin Hojieva  tarjimasida  e’lon qilgan edik. Bugun shoiraning ruboiylarini sizga taqdim etishda davom etamiz. Yaqin kunlarda esa Hayron xonim g’azallari bilan ham sizni tanishtirish rejamiz bor..

XII asr ozar shoiralari orasida Mahsatiy (“Moh asti” – “Oysan” degani) fazlu kamol sohibasi bo’lib, tarixiy manbalar uning ilmparvar xonadonda tug’ilgani, mukammal tahsil ko’rgani, iste’dodli ruboiynavis bo’lib yetish- ganidan guvohlik beradi. Otasi maxsus musiqashunos yollab, qiziga musiqa va raqs ilmidan ham saboq olishiga sharoit yaratib bergan. Mahsatiy otadan barvaqt ayriladi. Ganja xatibining o’g’li Amir Ahmadga turmushga chiqquncha sargardonlik tashvishlarini boshidan kechiradi. Uning muhabbati elga doston bo’ladi.
Roviylarga ko’ra, Mahsatiy xonim Xo’jand, Zinjan, Mashhad, Marif, Balx shaharlarida bo’lgan, Umar Xayyom, Nizomiy kabi ustozlar bilan ijodiy muloqotlar qilgan. Tadqiqotchilar uning “Amir Ahmad” dostonidagi Amir Ahmad tilidan aytilgan ruboiylari Umar Xayyomga tegishli degan gapni aytishadi.Shoira haqidagi ma’lumotlar navoiyshunos olima, filologiya fanlari doktori, o’zbek adabiyotining muhibi va targ’ibotchisi Jannatxonim Nag’ievaning “O’tli sozlar, otashin so’zlar” maqolasidan olindi. Tarjimalar esa bu aziz insonning menga sovg’a qilgan kitoblari orqali amalga oshirildi. Rahmatli Jannatxonimdan minnatdorman. Alloh undan rozi bo’lsin!

Tarjimon

094
MAHSATIY GANJAVIY
RUBOIYLAR
Oydin Hojieva tarjimasi
08

* * *

Sham yonar boshidan, ko’z yoshi to’kar,
So’xtasin darchadan birov irg’itar.
Boshing-la maqtanma, shamdan saboq ol:
Mahv o’lar boshidan oyoqqa qadar.

 

* * *

Ne bois jismingni yondirdilar, sham,
Yo’ldan ozdirdilar bunda bir oqshom ?
Sen o’zing so’ylagil, naylasin agar
Kuyib kul bo’lmoq-chun yaralsa odam?

 

* * *

Seniki bo’lsa Chin, Misru Rumo ham,
Bilki, sening bo’lur butun dunyo ham.
Imoning pok saqla, o’n arshin kafan,
Uch arshin yer oxir qismating, odam!

 

* * *

Ey do’st, muhabbating — jonima tuzoq.
Sening bir visoling — ming bir ishtiyoq.
Ahlu qarorimni olmish nozlaring,
Sabr deganlari ko’ngildan uzoq.

 

* * *

Xarobotga ko’ngling bo’lmasa, kirma,
Darveshlik tariqin bilmasang, kirma.
Boshidan o’tganning yo’lidir bu ko’y,
Bu yo’lda jon qurbon qilmasang, kirma!

 

* * *

Xarobot — manzili jo’mard erlarning,
Bunda o’rni yo’qdir badkirdorlarning!
Ixlos-la qadam qo’y bu joyga, bilki
Xaddi yo’qdir bunda hiylakorlarning!

 

* * *

Ey, sen ishvalari go’zaldan go’zal,
Noz etma, injima, rahm et loaqal!
Ey, sen qoshlariday va`dasi egri,
Ehson de bu jomni, to’kmagil bir gal!

 

* * *

Ko’zimdan sochildi qatra-qatra qon,
Ko’klarga sovurdim tuproqni, inon.
Kimning duosi bu, bilmasman, ey do’st,
Ki daryo g’amingdan tirik qoldi jon.

 

* * *

Iqbol kelib bu kun koshonamizga,
Dunyo, qulingman, deb kiradi so’zga.
Davlatki, dononi izlab kelibdi,
Kulib boqar endi tole ham bizga!

 

* * *

Ahdu band etilsa er bilan xotin,
Shariat ishi der, yo’l beradi din.
Nikoh etilganman ruboiyga men,
Bormi bu nikohni qo’llovchi oyin?

 

* * *

Yonar tosh bo’lsang-da, ey soqiy, magar,
Ajal yomg’irlari bir kun so’ndirar.
Bu dunyo — bir kaft xok, mutrib, g’azal ayt,
Soqiy, davra aylan, boda sun, yetar!

 

* * *

Senga jon bag’ishlay gul dudog’imdan,
Qora zulflarimdan, ol yonog’imdan.
Shod-xandon, mastona raqsga tushay
Chang chalib shod etay visol bog’ida.

 

* * *

Oyu Zuhromudir yuzing va ko’zing,
Yusuf chohi erur xol birla yuzing.
Sen bug’doi, men somonpoyadek sariq,
Somonsiz bug’doy hech ko’rdingmi o’zing!

 

* * *

Dudog’ing-la meni asir qil, jonon,
Makka toshiga elt, aylagil qurbon.
Gunohim bor esa, qo’y, zindon o’lsun —
Mendek gunohkorga chohi zanahdon.

 

* * *

Yerning tomiriga shox qo’ygan zamon
Hazir bo’l, injitma, tabib, nogahon.
Axir yor qo’liga urgan nishtaring
Bir uchi qalbimga sanchilur, ishon!

 

* * *

Sen ariq bo’yida sarxush sahar payt,
Oy yuzli jononim, ey sarvi qomat!
Men ko’za ko’tarib kelurman bu yon,
Suv — asli bahona, diydor — g’animat!

* * *

Bul kecha dilbarim mehmon nihoyat,
Yolg’iz tushlaridan aylar shikoyat.
Ey, kecha, dard-qayg’u bo’lsang-da ketma,
Otma, tong, bo’lsang-da baxtu saodat!

 

* * *
Yorim barmog’ida uzuk bo’lsaydim,
Uning qo’llarida koshki, yonsaydim.
Har gal yor kamondan o’t otgan chog’i
Gulday dudog’idan o’pich olsaydim…

 

* * *

Gul dedi: «Ochmadim qiyg’os g’unchalar,
Termadim saodat bog’idan samar.
Gulob qilmoq uchun meni uzgan qo’l
Bandimday kesilgay bir kun muqarrar!»

 

* * *
Yam-yashil chamanda tovlanadi gul,
Bulbul zavqi jo’shib aylar arzi dil.
Ajab, har ikkisi maftun, mahliyo:
Gul — qisqa umriga, toqliqqa — bulbul!

 

* * *

Majlisning ko’rkidir gul bila chechak,
Gul — go’yo ko’ylagi to’zg’igan go’dak.
Ko’rdim: qizarmishdir hayoli g’uncha,
Lablarida duru gavhar tutgandak.

 

* * *

Gulning vatanidir chaman mudomo,
Ko’ylagi yirtilmish etakkacha to.
Dedim: kim to’zitdi sabr pardani?
«Men» dedi shivirlab saharxez sabo.

 

* * *

Uyg’on, ikki yuzli ishvakor o’g’lon,
Lutfu qiliqlari fitnakor o’g’lon.
Bergan va’dalaring uzum suvidek
Qadahdan to’kmagil, ayla or, o’g’lon.

 

* * *

Tashnalab o’ldim men, qaqradi ko’zim,
Zolim o’qlariga yo’q tobu to’zim.
Ishqning olovinda suvday eridim,
G’arqu g’arqob bo’ldim selida o’zim.

 

* * *

Visoling-la to’lin kechalar ketdi,
Kiprikdan uzilib injular ketdi.
Dilimning rohati, munisim, har ne —
Sen ketding, sening-la barobar ketdi!

 

* * *

Ey, sabo, sasingga bo’layin qurbon,
Malak avlodiga etsang-chi ayon:
Ko’rdim, intizoring bo’lib bechora
Mahsatiy yo’l uzra bermoqdadir jon!

 

* * *

Uyqu yo’q, seningsiz g’arib kechalar,
Uyqusiz ko’zimdan otash sochilar.
Zulfingdek to’zg’igay tushlarim mening
Banogoh ko’zlarim ilinsa sahar.

 

* * *

May berki, bu falak g’amlarga makon,
Ey yorim, jonimdan to’ydirdi hijron.
Men kabi shodlikni sevganni nechun
Bodasiz, jononsiz xo’rlaydi davron?

 

* * *

Bir zahri botildir, kakradur firoq,
U jonni yoqquchi shavqu ishtiyoq.
O’lim — jon xalosi, o’limdan yomon —
Bu yorug’ dunyoda yordan ayrilmoq.

 

* * *

Yorimdan ayirdi bu makkor falak,
Ko’zim jolasiga do’st qildi yurak.
Vasliga muyassar bo’lmadim bir bor,
Ayriliq jafosi ayladi halak!

 

* * *

Ont ichayki oftob jamoling haqi,
Anbar sochlaringning shamoli haqi,
Parishon ko’nglimning chamanzorini
Har kecha sug’orgay ko’z yoshim oqib.

 

* * *

Qalbim oshiqlarning sardaftaridir,
Ishqing azobiga bir mushtariydir.
Toshdan ham qattiqsan bag’ri toshlikda,
Jabringga dosh bermoq zo’r hunarimdur.

 

* * *

Istadim: Ajamdan bir noma bitsam,
Qalbim qon bo’ldiyu bo’g’di meni g’am.
Yuragim xuni-la bitdim xatimni,
Yig’ladik ham maktub, ham men, ham qalam.

 

* * *

Maktubim ivitdi ko’zlarim nami,
Qon rangida yonar har bir raqami.
Qalam ham men kabi g’amboda erdi,
Boshi-la yig’lardi yozguncha g’amni.

 

* * *

Yozar esam sevgim ming yil yetmagay,
Ishqing hikoyati hargiz bitmagay!
Sig’mas bu hikoyat qogoz-qalamga,
Ming noma bir suhbat o’rnin tutmagay!

 

* * *

Ko’rdim: Juma bozor yo’lning roshida
Kaklik sayrar edi burgut boshida.
Kakarlab derdiki: «Jafokor bir kun
Shunday marg topadi falak toshidan!»

 

* * *

Qassobsan, qurboning o’xshayman bu choq,
Dosh bergum suyakka yetsa-da pichoq.
Qassobning ishidir kesganni sotmoq,
Sen meni o’ldiru sotmagil biroq!

 

* * *

Menga ataganin u novvoy dilbar
Koshu qovoq qilmas, noz ila tutar.
Xamirday iyladi ishqida meni,
Qo’rqaman, non kabi kuymasam sahar…

 

* * *

Oy yuzlisan, ajab tikuvchi o’g’lon,
Senga yuz Mahsatiy chokardir, inon.
Xar qatim tortganda shakkar labingga
Ipakday teginsam, yo’q edi armon.

 

* * *

Men qum elovchiga bo’laman hayron,
Tilim lol sirimni etgali bayon.
U-ku tuproq elab axtarar oltin,
Kaftimda tilloyu uni izlayman.

 

* * *

Ey, shohi dilorom, yasha ming yillar,
Soyangda baxtiyor kun ko’rsin ellar.
Har yil ming oy bo’lsin, har oyda ming kun,
Har soat ming kunga bo’lsin barobar.

 

* * *

Tulporing falakka urardi tuyoq,
Sendan judo qildi uni ham firoq.
Boshini kesdilar arg’umog’ingni,
Quyrug’iga hech kim tegmadi biroq.

 

* * *

Ey, shohim, shohlardan a’loyu mumtoz,
Senga baxt dulduli — toledan niyoz.
Oltin tuyoqlari botmasin deya,
Tuproqqa kumushdan soldi poyondoz!

* * *

Shohning lashkariga filingdan qiron,
Vaziringga asir ming qaysar, hoqon.
Ruxingga sadag’a bo’lsin bu jonim,
Shohlarni taxtidan tushirding, jonon!

 

* * *

Emishki: pistaning og’zi bo’lar tor;
Sening qatoringda tursa — pista xor.
Pista dahoningga o’xshayman desa,
Demak, adabsizdir, chaqib qo’ygil, yor!

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali,№ 3, 2013 yil, mart

001

(Tashriflar: umumiy 867, bugungi 1)

Izoh qoldiring