Oydin Hojiyeva. She’rlar & Shom shu’lalari & Abdug’afur Rasulov. Oydin she’riyat & Shoira tavallud kuniga bag’ishlangan «Bugun» radiodasturi

0_14c226_e9a72ac9_orig.png22 апрел — Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева таваллуд топган куннинг 80 йиллиги

    Ҳеч ким қўлламаган қиёс, тимсолни кўриш, тасвирлаш – шоирликнинг муҳим синовларидан. Ўзбек шеъриятида нозик дидли, бетакрор кўриш қобилиятига эга шоирлар кўп. Шулардан бири ҳозирги ўзбек шеъриятининг истеъдодли вакиласи Ойдин Ҳожиевадир…

Абдуғафур Расулов
ОЙДИН ШЕЪРИЯТ
033

5b_orig.jpg Асл шеър назмнинг тоза, сара таърифини кашф этади, бойитиб боради. Шеърни кўриш, таниш, англаш, фарқлаш, қиёслаш, солиштириш учун зурафога ўнларча ҳар хил кўз керак бўлади. Бундан ўттиз йиллар муқаддам истеъдодли, авангард рассомларимиздан бирининг танадаги ўндан ортиқ кўз тасвирланган асарини кўриб ҳайрон қолгандим. Ҳозир шеър бўстонига кирган шеърхонга табиий кўзнинг ўзи камлик қилиб қолди. Шеър ортида турган шоирни англаш, тушуниш, солиштириш учун ҳар хил кўзлар даркор бўлмоқда. Шеър космос аломатларини, хаос мураккабликларини, “тирик сайёра” руҳидаги ингичка тебранишларни ҳам тасвирлайди. Талқин, таҳлил, баҳолаш, саралаш учун ақл элчилари – кўплаб кўзлар зарур.

Ҳеч ким қўлламаган қиёс, тимсолни кўриш, тасвирлаш – шоирликнинг муҳим синовларидан. Ўзбек шеъриятида нозик дидли, бетакрор кўриш қобилиятига эга шоирлар кўп. Шулардан бири ҳозирги ўзбек шеъриятининг истеъдодли вакиласи Ойдин Ҳожиевадир.

Ойдин Ҳожиева шу пайтгача “Шабнам” (1970), “Манзиллар” (1971), “Мен севган қўшиқ” (1972), “Заркокил қиз ва қуёш” (1972), “Орзу гули” (1975), “Наво” (1977), “Тароват” (1978), “Достонлар” (1980), “Тамал тоши” (1980), “Мушфиқ онажон” (1982), “Чашмаларни излайман” (1987), “Ишонч юлдузлари” (1989), “Кўзимнинг оқу қораси” (1996), “Паноҳим” (1998) сингари тўпламларни нашр эттирган. Ярим асрдирки, унинг қўлидан қалам тушмайди: мақолалар ёзади, шеърий, насрий асарлар яратади, бош муҳаррир сифатида юзлаб қўлёзмаларни саралайди, “Саодат”, “Гулчеҳралар”га илинади. Шоира толмас тарғиботчи: адабий учрашувларда қатнашади, Ёзувчилар уюшмаси тадбирларида иштирок этади. Юрт кезади. Истиқлол самараларини кўзи билан кўради, замондошлар билан суҳбат қуради.

Шоиранинг “Шом шуълалари” сайланмаси – умр китоби, юзлаб тақдирларнинг нозик портрети, оҳанглар олами, ранглар жилолари, яқин-йироқ воқеа-ҳодисаларнинг шеър шаклида намоён бўлиши, Истиқлол, Истиқбол, шўро замонининг жабрдийда Сиймолари асосий қаҳрамон бўлган чўнг китоб.

Шоира одамлар ҳолати, бўрон учирган юрт кўринишини топиб-топиб, ўхшатиб-ўхшатиб тасвирлайди. “Йиғлай-йиғлай сўқир бўлди булоқлар”, “Гуллаб-гуллаб тақир бўлди гулбоғлар”, “Қирғоқлар ҳижрон хатини ўқийди” (251-бет). Сўқир булоқ, тақир гулбоғ, сувидан жудо бўлган қирғоқ…

Донишмандлик шеъриятида вақт, замон, он, фурсатга ҳамиша эътибор берилган. Замон – катта тушунча. У миллиардлаб йилларни қамрайди. Унинг махсус атамалари, …дан …гача чегараси бор. Шоира донишмандлик шеъриятига ўз улушини қўшади:

Фурсат – олтин чиғириқ,
Замон момо ип эшар.
Минг йилларнинг нуқтаси
Урчуғида туташар.

“Момо” деган сўз замонга, фурсатга аниқлик киритади. Чиғириқ, урчуқда мангу ҳаракат жараёни акс этади. Замон момо ҳеч қачон ҳаракат билан боғлиқ тушунчалар (чиғириқ, урчуқ, эшмоқ)дан воз кечмайди. “Олтин”, “нуқта”, “минг йил” – замон бекатлари. Ойдин ёзади:

Қиз тушган маконга дилдан йўл қолур,
Бешикда гувраниб она тил қолур,
Ва ишонч қўрғони – хуш манзил қолур,
Ёр кўкси қиз учун бир Қуддус экан…

Аёл руҳияти – миллий бетакрорлик билан узвий боғлиқ. Шоира атайин муқаддас Қуддус номини таъкидлади. Қуддус кўплаб пайғамбарлар яшаган, мангу макон топган маскан. Бу ерда динлар, олиҳиммат қарашлар туташиб кетган.

“Шом шуълалари” сайланмасидаги лирик қаҳрамонларнинг аксарияти сал кам ярим аср шўро ҳукмронлиги даврида яшади. Хўрлик, қадрсизлик, қарамлик азобини торта-торта халқнинг суяклари оқара борди. Ватанда беватанлик туйғуси инсонни ич-ичидан емирарди. Элнинг ардоқли сиймолари – санъаткорлар, арбоблар, олимлар, мангу музлик билан қопланган жойларга бадарға қилиндилар:

Кўзлари кўр замона,
Қулоғи кар замона,
Қурбонлик сўраб ўтган
Қизил аждар замона…

Шоира ижодида чақмоқдай чақнаган, момогулдуракдай гумбирлаган, селдай тошиб келган шеърлар кўп. Уларни ўқиркан, шеърхон лирик қаҳрамон руҳиятидаги изтироб, зиддиятларни дилдан ҳис қилади, кўзларида ўт чақнайди:

Нега қайчи орасида
Қолаверар менинг жоним?
Изтироблар қўрасида
Ловуллайди устухоним.
Қулоғим кар, кўзларим кўр
Бўла олмай чингилтобман,
Кўрдим магар бир бешуур,
Бедорхобману бетобман.
Нега ростин айтсам, бот-бот
Тилим куяр, қўлим куяр?
Гоҳ соддадил мен бесавод
Ўтга уриб, қўлим куяр?

Ойдин Ҳожиеванинг аксарият лирик қаҳрамони Аёл. Аёл-ҳаёт тиргаги; урф-одатларни давом эттиради; алласи биланоқ ўғлини Алпомишдай бўлишга даъват қилади; оиласини, эл-юртини балолардан ҳимоя қилади. Жасоратли, ақл-ҳушли аёллари кўп бўлган халқ ҳамиша ўсади, улғаяди:

Тоғлар сендан ўрганар
Сукунатни, бардошни,
Дуоингдан эл кўкарар,
Қарғишинг ёрар тошни.
Миллатнинг жон томири
Сен Ватанга тимсолсан.
Юртнинг ўчмас чироғи
Момо Ҳаво – Аёлсан..

Шоира наздида аёл борлиқ – уч туғишган (жамодот, наботот, ҳайвонот)нинг бошланиши, асл манбаи. Аёл таърифини айтиб адо қилиб бўлмайди. Лекин Аёл ва гўзаллик эгизак тушунча. Бири иккинчисини тақозо этади:

Қизнинг нозик ҳовучларида
Гул кулади қиқир-қиқир.
Юзидаги кулгичларида
Шуъла берар икки тутам нур.
Осмон тиниқ кўзгусин тутиб
Кутиб турар қизни йўлакда,
Маст қилади оламни тутиб,
Райҳон иси хазончинакда.

“Шом шуълалари” – оҳанглар жамулжам бўлган сайланма. Унда “Ишқ майин ичдим, ишқпараст бўлдим” (274-бет) сингари машрабона айтимлар; “Сандиқчада оқ рўмол! Рўмолчанинг эгаси Очилмаган гул мисол…” (113-бет) сингари ўланлар; “Дупур-дупур келса от, қиз қўшиқ бошлар ношод. Ёнмади олтин пичоқ, занглаб ҳам қолмас бироқ…” (16-бет) тоифасидаги қўшиқлар; “Етти пуштига салом! Хелу хуштига салом! Қўни қўшнига салом! Келин салом! (355-бет) тарзидаги келин-саломлар; “Кимдир азон айтур янтоқ шохида. Равон йўлда тойган пешонадирман” (264-бет) сингари байтлар; “Ялтираб ётибди кузнинг гуллари” (331-бет) деб бошланадиган оғир карвон мисралар бор. Оҳанг маъно, кайфият, шоир руҳияти билан омухта. Оҳанг – шеърнинг тавсияномаси. Оҳанг мазмунни ҳам белгилайди. Аниқроғи, маъно монанд оҳангни излайди.

Ойдиннинг сўнгги йигирма йиллик ижодидаги асосий мавзу – истиқлол. Унинг “Шом шуълалари” сайланмасининг тагсарлавҳаси, менимча, “Истиқлол илҳомлари”дир. Шоира достон ва қасидалари, асосан, истиқлол, мустақиллик учун жон фидо қилганлар, курашганлар ҳақида. Муаллиф шу кунлар юксаклигидан узоқ тарихга назар ташлайди. Буюк боболаримиз, истеъдодли шоиру олимларимиз фаолияти махражида ҳамиша истиқлол ғояси бўлган. “Зиёрат” достонини шоира ўз оиласидаги воқеадан бошлайди. Акаси Неъматжон урушга кетган. Она қирқ йил бўзлади, ўғлидан дарак излади. Ота қадди дол бўлди, дард уни йиқитди. Ака қайтмади. Она бедарак кетган ўғлига аза очолмади, андуҳларини тўкиб сололмади. Мустақиллик майдонидаги мотамсаро Онада барча аёллар, хусусан, Неъматжон онасининг алами акс этган. “Озод сўз ёлқинлари” – шоира қалбининг нидоси, айтилиши зарур бўлган фикрлари. Унда биографик тасвир, ҳолатлар кўп. “Истиқлолга қасида” – босиб ўтилган йўлга шоирона нигоҳ. Истиқлолга хизмат қилганларга ҳурмат ифодаси. Йўлнинг баланд-пастликлари, курашу йўқотишлари, қувончу ташвишларининг шоирона тасвири.

“Шом шуълалари” – саралаб, сайлаб олинган шеърлар тўплами. Уларни нозик, синчковлик билан ўрганиш, қўлланилган санъатларни баҳолаш, янги сўз, тимсолий ибораларни, оҳорли ташбеҳларнинг ҳаётийлигини, онтологик моҳиятини руҳ тарозусида ўлчаш жоиз. Бошқача айтганда, шеършунос ҳар хил, олмоси лазерли кўзларга эга бўлиши керак. “Шом шуълалари”ни модерн шоир кўзи, диди билан бирров назардан ўтказсак қандай бўларкин? Модерн асарларда сиртмас, судур; мавзуни ёритишга ўта масъулият билан ёндашиш кўзга ташланади. Уларда қаҳрамонлар номи, уларни эринмай санаш сира маъқулланмайди. Ном, исм – ўзига хос белги, холос. Лекин увоқ персонаж билан номларни санаб кетавериш бошқа-бошқа нарса. Увоқ тимсол – кичкина олмос, ақиқ, тилла парчадай гап. Ойдинхон “2003 йил қор хати” ҳазил, енгилгина шеърида Гулчеҳрани “бир қўлида қалам, бир қўлида бола, тилида “ёр-ёр” билан тасвирлаб” мўъжазгина образ яратган.

Истиқлол онгимиз, руҳимизга чуқур кириб бораётган умри узоқ тушунча. Ойдин Ҳожиева ҳам бора-бора Истиқлолни янгиланаётган дунёқараш самараси сифатида тиниқ ранг, тоза оҳангларда мукаммал, гўзал, мангу яшовчан қилиб тасвирлашига ишончим комил.

“Шом шуълалари” – истеъдодли шоиранинг асл қўшиқлари, тансиқ ўланлари, жўшиб айтган алёрлари, шеърхонни ўйлашга, ширин азоблар дунёсига олиб кирадиган асарлари сайланмаси. Шеър шайдоси бўлган ҳозирги ўқувчи Ойдин шоиранинг бетакрор, самимий овозига ўрганган. Бу ўктам, жўшқин овоз узоқ-узоқ замонларда ҳам янграб турсин.

Ойдин ҲОЖИЕВА
СИРЛАР КЎНГИЛ ТУБИДА ҚОЛДИ
065

   Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Хожайи Бўстон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1960—65). Биринчи шеърий китоби — «Шабнам» (1971). «Манзиллар» (1971), «Онам севган қўшиқ» (1972), «Орзу гули» (1974), «Тароват» (1976), «Достонлар» (1980), «Мушфиқ онажон», «Хушхабар» (1983), «Чашмаларни излайман» (1986), «Тамал тоши» (1988), «Ишонч юлдузлари» (1989), «Кўзимнинг оқу қораси» (1996), «Паноҳим» (1998) каби асарлар муаллифи. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (1999).

065

* * *

1d707f217bcdf480404c40230788d9fd.jpg

Шағирлайди ҳаёт бетиним,
Чаппар урар айланиб қорга.
Сайёҳ каби билмайди қўним,
Йўли тушар чўлга, гулзорга.

Гоҳ чавандоз йигитдай гуррос
Солиб ўтар дарчанг ёнидан.
Гоҳ донишманд чолдай беғараз
Дур сочади фикр конидан.

Барқут гилам тўшар даштларга,
Туғён бўлар сокин сойларга.
Мангуликнинг муҳрини босар
Гувоҳ бўлиб йиллар, ойларга.

Ажал очган дарвозаларни
Ҳаёт-элчи танбалаб ташлар.
Ғариб, унут қабрларда ҳам
Қизғалдоқдай ловиллаб яшар.

Йиллар букиб кетган қадларга
Қувват, ёшлик бергандир ҳаёт.
Узангиси кумуш эгарда
Кийик қувган мергандир ҳаёт.

* * *

Сизни десам, лабларимда гул очилар,
Сизни десам, дарёларда дур сочилар,
Сизни десам, қадамларим ер муччилар,
Гул сочилар, дур сочилар!

Сизни десам, кўнгилда юлдузлар ёнар,
Сизни десам, қаҳратонда музлар ёнар,
Сандиғидан тилла сочиб, кузлар ёнар,
Гул сочилар, дур сочилар!

Сизни десам, зоғлар қочар саҳро сари,
Зулмат сўнар, ойдин бўлар дунёларим,
Сизни десам, сизни десам!..

Лавҳа

Боғимнинг гўзал маликаси –
Анор уйғонмади бу баҳор.

Булутдай кўпирди оппоқ наъматак,
Булбул уя қурди бағрида.

Мастона сайради ёз туни,
Булбул бола очди хотиржам.

Палапонлар бўлди учирма,
Ҳувиллаб қолди гавжум уяси.

Наъматак қизил маржон тақди,
Алвон юлдуз каби ғужғон мевалар.

Шамол шўх боладай арғимчоқ учар
Наъматакнинг яшил ўрамларида.

* * *

Мен – сенингман, зулматга отма
Бир кераксиз матоҳ сингари.
Оғир тошдек кўнгилга ботма.

Мен – сенингман, узлатга отма
Ёниб битган бир шам сингари.
Қонда ёнар ишқ оташлари.

Мен cенингман, ғурбатга отма
Қуриб битган булоқ сингари.
Танда қайнар ишқ оташлари.
Мен – сенингман, борки ҳаётим –
Умидларим, орзу, нажотим,
Дилда сайрар ишқ булбуллари.

Сотма мени ишқ бозорида,
Сендан ўзга йўқ харидорим.
Бу дунёнинг кори борида
Сендан ўзга йўқ харидорим.
Бу дунёнинг бозорида…

* * *

Опа-сингил борлиги яхши,
Оро кирар ширин жонингга.
Дардларингга ёрлиги яхши,
Ҳасад қилмас иссиқ нонингга.

Оғирингни қилади енгил,
Мушкулингни этади осон.
Онанг бўлиб опаю сингил
Ҳаётингни қилади бўстон.

Кўзларида яшайди онанг,
Сўзларида яшайди онанг.
Ғамгузоринг, сирдош, ғамхонанг
Изларида яшайди онанг.

Райҳонлардан сўрайман гоҳи
Кўзмунчоғим – опаларимни.
Ҳижронлардан дув-дув ёш оқиб,
Ҳўл қилади ёқаларимни.

Бир гул бўлиб унсалар агар,
Тақиб олсам чаккаларимга.
Учратсайдим қайтадан агар,
Кўтарардим елкаларимга
Жаннатмакон опаларимни.

* * *

Кузнинг тиниқ осмони
Каби хаёлим вазмин.
Қуёшнинг чилдирмаси
Қиздирмас ёзнинг базмин.

Боғлар – кўкқарға бозор,
Беҳилар – ёмби олтин.
Шамол чертади дутор
Тераклар чайқар бошин.
Чўпонларнинг найидай
Куйлаб ётар жилғалар.
Боқсанг кўзни олгудай
Кузак таққан жиғалар.

Шалдир-шулдур балдоқлар –
Қайрағочлар ўйини.
Хонанда зарғалдоқлар
Хиндда қилар тўйини.

* * *

У туйғулар гўзал эди,
Чеккангга тақсанг бўларди.
Дарё каби тошқин эди,
Мавжида оқсанг бўларди.
Гулхан каби жўшқин эди,
Тафтида олов ёқсанг бўларди.

У бир саҳро эди, кўксини
Бинафшалар қоплаб ётарди.
У бир дарахт эди, арчадай
Қишин-ёзин кўклаб ётарди.

У бир қоронғи ғор эди,
Мўмиё туғилар деворларида.
Лайлининг тилидан учган зор эди,
Мажнунга муҳаббат изҳорларидай.

Олис хотиранинг садоси эди,
Бахшиларнинг ёниқ овози эди,
Кўнгилнинг нидоси эди,
Англолмадинг…
Тинглолмадинг…
Тан олмадинг сен…

* * *

Чақмоқдирман, кўкни ёндирган,
Тупроқдирман, буғдой ундирган.
Чироқдирман, гоҳ капалакнинг
Қанотлари тегиб, сўндирган.

* * *

Бу дунёда сенинг севгинг
Менинг қимматли ганжимдир.
Сенинг кўнглинг – менинг кўзгум,
Қадр тоғим, таянчимдир…

* * *

Ёнмоқдан топдим ҳаловат,
Куймоқдан топдим фароғат.
Не толедур, майса бўлдим,
Пойингда айтдим саловат.

* * *

Болалигим ўт чақнаган йилларди
Қадамимда бўз тиканлар гулларди.
Мен хиргойи қилиб ўтган қирларда
Қизғалдоқлар пари қиздай куларди.

* * *

Заррадурман сенинг мулкингда,
Қатрадурман сенинг мулкингда.
Болдан ширин гоҳо ҳаётим,
Какрадурман гоҳо мулкингда.

* * *

Хотирани ёқолмайсан хазон каби,
Хотирани элолмайсан сомон каби…

* * *

Жисм ёнди, танамдан кунда қолди,
Қанча сирлар кўнгил тубинда қолди…

22 aprel — O’zbekiston xalq shoirasi Oydin Hojieva tavallud topgan kunning 80 yilligi

Abdug‘afur Rasulov
OYDIN SHE’RIYAT
033

Ойдин-Ҳожиева.jpg Asl she’r nazmning toza, sara ta’rifini kashf etadi, boyitib boradi. She’rni ko‘rish, tanish, anglash, farqlash, qiyoslash, solishtirish uchun zurafoga o‘nlarcha har xil ko‘z kerak bo‘ladi. Bundan o‘ttiz yillar muqaddam iste’dodli, avangard rassomlarimizdan birining tanadagi o‘ndan ortiq ko‘z tasvirlangan asarini ko‘rib hayron qolgandim. Hozir she’r bo‘stoniga kirgan she’rxonga tabiiy ko‘zning o‘zi kamlik qilib qoldi. She’r ortida turgan shoirni anglash, tushunish, solishtirish uchun har xil ko‘zlar darkor bo‘lmoqda. She’r kosmos alomatlarini, xaos murakkabliklarini, “tirik sayyora” ruhidagi ingichka tebranishlarni ham tasvirlaydi. Talqin, tahlil, baholash, saralash uchun aql elchilari – ko‘plab ko‘zlar zarur.

Hech kim qo‘llamagan qiyos, timsolni ko‘rish, tasvirlash – shoirlikning muhim sinovlaridan. O‘zbek she’riyatida nozik didli, betakror ko‘rish qobiliyatiga ega shoirlar ko‘p. Shulardan biri hozirgi o‘zbek she’riyatining iste’dodli vakilasi Oydin Hojiyevadir.

Oydin Hojiyeva shu paytgacha “Shabnam” (1970), “Manzillar” (1971), “Men sevgan qo‘shiq” (1972), “Zarkokil qiz va quyosh” (1972), “Orzu guli” (1975), “Navo” (1977), “Tarovat” (1978), “Dostonlar” (1980), “Tamal toshi” (1980), “Mushfiq onajon” (1982), “Chashmalarni izlayman” (1987), “Ishonch yulduzlari” (1989), “Ko‘zimning oqu qorasi” (1996), “Panohim” (1998) singari to‘plamlarni nashr ettirgan. Yarim asrdirki, uning qo‘lidan qalam tushmaydi: maqolalar yozadi, she’riy, nasriy asarlar yaratadi, bosh muharrir sifatida yuzlab qo‘lyozmalarni saralaydi, “Saodat”, “Gulchehralar”ga ilinadi. Shoira tolmas targ‘ibotchi: adabiy uchrashuvlarda qatnashadi, Yozuvchilar uyushmasi tadbirlarida ishtirok etadi. Yurt kezadi. Istiqlol samaralarini ko‘zi bilan ko‘radi, zamondoshlar bilan suhbat quradi.

Shoiraning “Shom shu’lalari” saylanmasi – umr kitobi, yuzlab taqdirlarning nozik portreti, ohanglar olami, ranglar jilolari, yaqin-yiroq voqea-hodisalarning she’r shaklida namoyon bo‘lishi, Istiqlol, Istiqbol, sho‘ro zamonining jabrdiyda Siymolari asosiy qahramon bo‘lgan cho‘ng kitob.

Shoira odamlar holati, bo‘ron uchirgan yurt ko‘rinishini topib-topib, o‘xshatib-o‘xshatib tasvirlaydi. “Yig‘lay-yig‘lay so‘qir bo‘ldi buloqlar”, “Gullab-gullab taqir bo‘ldi gulbog‘lar”, “Qirg‘oqlar hijron xatini o‘qiydi” (251-bet). So‘qir buloq, taqir gulbog‘, suvidan judo bo‘lgan qirg‘oq…

Donishmandlik she’riyatida vaqt, zamon, on, fursatga hamisha e’tibor berilgan. Zamon – katta tushuncha. U milliardlab yillarni qamraydi. Uning maxsus atamalari, …dan …gacha chegarasi bor. Shoira donishmandlik she’riyatiga o‘z ulushini qo‘shadi:

Fursat – oltin chig‘iriq,
Zamon momo ip eshar.
Ming yillarning nuqtasi
Urchug‘ida tutashar.

“Momo” degan so‘z zamonga, fursatga aniqlik kiritadi. Chig‘iriq, urchuqda mangu harakat jarayoni aks etadi. Zamon momo hech qachon harakat bilan bog‘liq tushunchalar (chig‘iriq, urchuq, eshmoq)dan voz kechmaydi. “Oltin”, “nuqta”, “ming yil” – zamon bekatlari. Oydin yozadi:

Qiz tushgan makonga dildan yo‘l qolur,
Beshikda guvranib ona til qolur,
Va ishonch qo‘rg‘oni – xush manzil qolur,
Yor ko‘ksi qiz uchun bir Quddus ekan…

Ayol ruhiyati – milliy betakrorlik bilan uzviy bog‘liq. Shoira atayin muqaddas Quddus nomini ta’kidladi. Quddus ko‘plab payg‘ambarlar yashagan, mangu makon topgan maskan. Bu yerda dinlar, olihimmat qarashlar tutashib ketgan.

“Shom shu’lalari” saylanmasidagi lirik qahramonlarning aksariyati sal kam yarim asr sho‘ro hukmronligi davrida yashadi. Xo‘rlik, qadrsizlik, qaramlik azobini torta-torta xalqning suyaklari oqara bordi. Vatanda bevatanlik tuyg‘usi insonni ich-ichidan yemirardi. Elning ardoqli siymolari – san’atkorlar, arboblar, olimlar, mangu muzlik bilan qoplangan joylarga badarg‘a qilindilar:

Ko‘zlari ko‘r zamona,
Qulog‘i kar zamona,
Qurbonlik so‘rab o‘tgan
Qizil ajdar zamona…

Shoira ijodida chaqmoqday chaqnagan, momoguldurakday gumbirlagan, selday toshib kelgan she’rlar ko‘p. Ularni o‘qirkan, she’rxon lirik qahramon ruhiyatidagi iztirob, ziddiyatlarni dildan his qiladi, ko‘zlarida o‘t chaqnaydi:

Nega qaychi orasida
Qolaverar mening jonim?
Iztiroblar qo‘rasida
Lovullaydi ustuxonim.
Qulog‘im kar, ko‘zlarim ko‘r
Bo‘la olmay chingiltobman,
Ko‘rdim magar bir beshuur,
Bedorxobmanu betobman.
Nega rostin aytsam, bot-bot
Tilim kuyar, qo‘lim kuyar?
Goh soddadil men besavod
O‘tga urib, qo‘lim kuyar?

Oydin Hojiyevaning aksariyat lirik qahramoni Ayol. Ayol-hayot tirgagi; urf-odatlarni davom ettiradi; allasi bilanoq o‘g‘lini Alpomishday bo‘lishga da’vat qiladi; oilasini, el-yurtini balolardan himoya qiladi. Jasoratli, aql-hushli ayollari ko‘p bo‘lgan xalq hamisha o‘sadi, ulg‘ayadi:

Tog‘lar sendan o‘rganar
Sukunatni, bardoshni,
Duoingdan el ko‘karar,
Qarg‘ishing yorar toshni.
Millatning jon tomiri
Sen Vatanga timsolsan.
Yurtning o‘chmas chirog‘i
Momo Havo – Ayolsan..

Shoira nazdida ayol borliq – uch tug‘ishgan (jamodot, nabotot, hayvonot)ning boshlanishi, asl manbai. Ayol ta’rifini aytib ado qilib bo‘lmaydi. Lekin Ayol va go‘zallik egizak tushuncha. Biri ikkinchisini taqozo etadi:

Qizning nozik hovuchlarida
Gul kuladi qiqir-qiqir.
Yuzidagi kulgichlarida
Shu’la berar ikki tutam nur.
Osmon tiniq ko‘zgusin tutib
Kutib turar qizni yo‘lakda,
Mast qiladi olamni tutib,
Rayhon isi xazonchinakda.

“Shom shu’lalari” – ohanglar jamuljam bo‘lgan saylanma. Unda “Ishq mayin ichdim, ishqparast bo‘ldim” (274-bet) singari mashrabona aytimlar; “Sandiqchada oq ro‘mol! Ro‘molchaning egasi Ochilmagan gul misol…” (113-bet) singari o‘lanlar; “Dupur-dupur kelsa ot, qiz qo‘shiq boshlar noshod. Yonmadi oltin pichoq, zanglab ham qolmas biroq…” (16-bet) toifasidagi qo‘shiqlar; “Yetti pushtiga salom! Xelu xushtiga salom! Qo‘ni qo‘shniga salom! Kelin salom! (355-bet) tarzidagi kelin-salomlar; “Kimdir azon aytur yantoq shoxida. Ravon yo‘lda toygan peshonadirman” (264-bet) singari baytlar; “Yaltirab yotibdi kuzning gullari” (331-bet) deb boshlanadigan og‘ir karvon misralar bor. Ohang ma’no, kayfiyat, shoir ruhiyati bilan omuxta. Ohang – she’rning tavsiyanomasi. Ohang mazmunni ham belgilaydi. Aniqrog‘i, ma’no monand ohangni izlaydi.

Oydinning so‘nggi yigirma yillik ijodidagi asosiy mavzu – istiqlol. Uning “Shom shu’lalari” saylanmasining tagsarlavhasi, menimcha, “Istiqlol ilhomlari”dir. Shoira doston va qasidalari, asosan, istiqlol, mustaqillik uchun jon fido qilganlar, kurashganlar haqida. Muallif shu kunlar yuksakligidan uzoq tarixga nazar tashlaydi. Buyuk bobolarimiz, iste’dodli shoiru olimlarimiz faoliyati maxrajida hamisha istiqlol g‘oyasi bo‘lgan. “Ziyorat” dostonini shoira o‘z oilasidagi voqeadan boshlaydi. Akasi Ne’matjon urushga ketgan. Ona qirq yil bo‘zladi, o‘g‘lidan darak izladi. Ota qaddi dol bo‘ldi, dard uni yiqitdi. Aka qaytmadi. Ona bedarak ketgan o‘g‘liga aza ocholmadi, anduhlarini to‘kib sololmadi. Mustaqillik maydonidagi motamsaro Onada barcha ayollar, xususan, Ne’matjon onasining alami aks etgan. “Ozod so‘z yolqinlari” – shoira qalbining nidosi, aytilishi zarur bo‘lgan fikrlari. Unda biografik tasvir, holatlar ko‘p. “Istiqlolga qasida” – bosib o‘tilgan yo‘lga shoirona nigoh. Istiqlolga xizmat qilganlarga hurmat ifodasi. Yo‘lning baland-pastliklari, kurashu yo‘qotishlari, quvonchu tashvishlarining shoirona tasviri.

“Shom shu’lalari” – saralab, saylab olingan she’rlar to‘plami. Ularni nozik, sinchkovlik bilan o‘rganish, qo‘llanilgan san’atlarni baholash, yangi so‘z, timsoliy iboralarni, ohorli tashbehlarning hayotiyligini, ontologik mohiyatini ruh tarozusida o‘lchash joiz. Boshqacha aytganda, she’rshunos har xil, olmosi lazerli ko‘zlarga ega bo‘lishi kerak. “Shom shu’lalari”ni modern shoir ko‘zi, didi bilan birrov nazardan o‘tkazsak qanday bo‘larkin? Modern asarlarda sirtmas, sudur; mavzuni yoritishga o‘ta mas’uliyat bilan yondashish ko‘zga tashlanadi. Ularda qahramonlar nomi, ularni erinmay sanash sira ma’qullanmaydi. Nom, ism – o‘ziga xos belgi, xolos. Lekin uvoq personaj bilan nomlarni sanab ketaverish boshqa-boshqa narsa. Uvoq timsol – kichkina olmos, aqiq, tilla parchaday gap. Oydinxon “2003 yil qor xati” hazil, yengilgina she’rida Gulchehrani “bir qo‘lida qalam, bir qo‘lida bola, tilida “yor-yor” bilan tasvirlab” mo‘’jazgina obraz yaratgan.

Istiqlol ongimiz, ruhimizga chuqur kirib borayotgan umri uzoq tushuncha. Oydin Hojiyeva ham bora-bora Istiqlolni yangilanayotgan dunyoqarash samarasi sifatida tiniq rang, toza ohanglarda mukammal, go‘zal, mangu yashovchan qilib tasvirlashiga ishonchim komil.

“Shom shu’lalari” – iste’dodli shoiraning asl qo‘shiqlari, tansiq o‘lanlari, jo‘shib aytgan alyorlari, she’rxonni o‘ylashga, shirin azoblar dunyosiga olib kiradigan asarlari saylanmasi. She’r shaydosi bo‘lgan hozirgi o‘quvchi Oydin shoiraning betakror, samimiy ovoziga o‘rgangan. Bu o‘ktam, jo‘shqin ovoz uzoq-uzoq zamonlarda ham yangrab tursin.

Oydin HOJIYEVA
SIRLAR KO‘NGIL TUBIDA QOLDI
065

   Oydin Hojiyeva 1942 yil 22 aprelda Buxoro (hozirgi Navoiy) viloyatining Qiziltepa tumanidagi Xojayi Bo‘ston qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston xalq shoiri (1992). ToshDUning filologiya fakultetini tamomlagan (1960—65). Birinchi she’riy kitobi — «Shabnam» (1971). «Manzillar» (1971), «Onam sevgan qo‘shiq» (1972), «Orzu guli» (1974), «Tarovat» (1976), «Dostonlar» (1980), «Mushfiq onajon», «Xushxabar» (1983), «Chashmalarni izlayman» (1986), «Tamal toshi» (1988), «Ishonch yulduzlari» (1989), «Ko‘zimning oqu qorasi» (1996), «Panohim» (1998) kabi asarlar muallifi. «El-yurt hurmati» ordeni bilan taqdirlangan (1999).

065

* * *

fdc5a293499fcd0e6497fe2f20f4e5df.png

Shag‘irlaydi hayot betinim,
Chappar urar aylanib qorga.
Sayyoh kabi bilmaydi qo‘nim,
Yo‘li tushar cho‘lga, gulzorga.

Goh chavandoz yigitday gurros
Solib o‘tar darchang yonidan.
Goh donishmand cholday beg‘araz
Dur sochadi fikr konidan.

Barqut gilam to‘shar dashtlarga,
Tug‘yon bo‘lar sokin soylarga.
Mangulikning muhrini bosar
Guvoh bo‘lib yillar, oylarga.

Ajal ochgan darvozalarni
Hayot-elchi tanbalab tashlar.
G‘arib, unut qabrlarda ham
Qizg‘aldoqday lovillab yashar.

Yillar bukib ketgan qadlarga
Quvvat, yoshlik bergandir hayot.
Uzangisi kumush egarda
Kiyik quvgan mergandir hayot.

* * *

Sizni desam, lablarimda gul ochilar,
Sizni desam, daryolarda dur sochilar,
Sizni desam, qadamlarim yer muchchilar,
Gul sochilar, dur sochilar!

Sizni desam, ko‘ngilda yulduzlar yonar,
Sizni desam, qahratonda muzlar yonar,
Sandig‘idan tilla sochib, kuzlar yonar,
Gul sochilar, dur sochilar!

Sizni desam, zog‘lar qochar sahro sari,
Zulmat so‘nar, oydin bo‘lar dunyolarim,
Sizni desam, sizni desam!..

Lavha

Bog‘imning go‘zal malikasi –
Anor uyg‘onmadi bu bahor.

Bulutday ko‘pirdi oppoq na’matak,
Bulbul uya qurdi bag‘rida.

Mastona sayradi yoz tuni,
Bulbul bola ochdi xotirjam.

Palaponlar bo‘ldi uchirma,
Huvillab qoldi gavjum uyasi.

Na’matak qizil marjon taqdi,
Alvon yulduz kabi g‘ujg‘on mevalar.

Shamol sho‘x boladay arg‘imchoq uchar
Na’matakning yashil o‘ramlarida.

* * *

Men – seningman, zulmatga otma
Bir keraksiz matoh singari.
Og‘ir toshdek ko‘ngilga botma.

Men – seningman, uzlatga otma
Yonib bitgan bir sham singari.
Qonda yonar ishq otashlari.

Men ceningman, g‘urbatga otma
Qurib bitgan buloq singari.
Tanda qaynar ishq otashlari.
Men – seningman, borki hayotim –
Umidlarim, orzu, najotim,
Dilda sayrar ishq bulbullari.

Sotma meni ishq bozorida,
Sendan o‘zga yo‘q xaridorim.
Bu dunyoning kori borida
Sendan o‘zga yo‘q xaridorim.
Bu dunyoning bozorida…

* * *

Opa-singil borligi yaxshi,
Oro kirar shirin joningga.
Dardlaringga yorligi yaxshi,
Hasad qilmas issiq noningga.

Og‘iringni qiladi yengil,
Mushkulingni etadi oson.
Onang bo‘lib opayu singil
Hayotingni qiladi bo‘ston.

Ko‘zlarida yashaydi onang,
So‘zlarida yashaydi onang.
G‘amguzoring, sirdosh, g‘amxonang
Izlarida yashaydi onang.

Rayhonlardan so‘rayman gohi
Ko‘zmunchog‘im – opalarimni.
Hijronlardan duv-duv yosh oqib,
Ho‘l qiladi yoqalarimni.

Bir gul bo‘lib unsalar agar,
Taqib olsam chakkalarimga.
Uchratsaydim qaytadan agar,
Ko‘tarardim yelkalarimga
Jannatmakon opalarimni.

* * *

Kuzning tiniq osmoni
Kabi xayolim vazmin.
Quyoshning childirmasi
Qizdirmas yozning bazmin.

Bog‘lar – ko‘kqarg‘a bozor,
Behilar – yombi oltin.
Shamol chertadi dutor
Teraklar chayqar boshin.
Cho‘ponlarning nayiday
Kuylab yotar jilg‘alar.
Boqsang ko‘zni olguday
Kuzak taqqan jig‘alar.

Shaldir-shuldur baldoqlar –
Qayrag‘ochlar o‘yini.
Xonanda zarg‘aldoqlar
Xindda qilar to‘yini.

* * *

U tuyg‘ular go‘zal edi,
Chekkangga taqsang bo‘lardi.
Daryo kabi toshqin edi,
Mavjida oqsang bo‘lardi.
Gulxan kabi jo‘shqin edi,
Taftida olov yoqsang bo‘lardi.

U bir sahro edi, ko‘ksini
Binafshalar qoplab yotardi.
U bir daraxt edi, archaday
Qishin-yozin ko‘klab yotardi.

U bir qorong‘i g‘or edi,
Mo‘miyo tug‘ilar devorlarida.
Laylining tilidan uchgan zor edi,
Majnunga muhabbat izhorlariday.

Olis xotiraning sadosi edi,
Baxshilarning yoniq ovozi edi,
Ko‘ngilning nidosi edi,
Anglolmading…
Tinglolmading…
Tan olmading sen…

* * *

Chaqmoqdirman, ko‘kni yondirgan,
Tuproqdirman, bug‘doy undirgan.
Chiroqdirman, goh kapalakning
Qanotlari tegib, so‘ndirgan.

* * *

Bu dunyoda sening sevging
Mening qimmatli ganjimdir.
Sening ko‘ngling – mening ko‘zgum,
Qadr tog‘im, tayanchimdir…

* * *

Yonmoqdan topdim halovat,
Kuymoqdan topdim farog‘at.
Ne toledur, maysa bo‘ldim,
Poyingda aytdim salovat.

* * *

Bolaligim o‘t chaqnagan yillardi
Qadamimda bo‘z tikanlar gullardi.
Men xirgoyi qilib o‘tgan qirlarda
Qizg‘aldoqlar pari qizday kulardi.

* * *

Zarradurman sening mulkingda,
Qatradurman sening mulkingda.
Boldan shirin goho hayotim,
Kakradurman goho mulkingda.

* * *

Xotirani yoqolmaysan xazon kabi,
Xotirani elolmaysan somon kabi…

* * *

Jism yondi, tanamdan kunda qoldi,
Qancha sirlar ko‘ngil tubinda qoldi…

005

(Tashriflar: umumiy 8 623, bugungi 1)

Izoh qoldiring