Oydin Hojiyeva. Malikaday ulug’vor, onaday mehrli (Zulfiya haqida xoiralar)

Ashampoo_Snap_2017.01.05_22h34m19s_002_.png    Мен уни юрагимда шеър куртаклаган кезлари топгандайман. Кенг пешонали, жайрон кўзли, сочлари чиройли турмакланган мулойим нигоҳли сиймо — китобдаги Зулфия сурати мени сеҳрлаб олган эди. Барча қизиқувчан, содда, беғубор ўсмирларга ўхшаб унга ҳавас қилганман, хаёлан хатлар битганман. Уни бирор марта кўриш насиб этармикин, деб орзулаганман.

090ОЙДИН ҲОЖИЕВА
ЗУЛФИЯ ОПА ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР
012

МАСЪУД ОНЛАР

006Мен уни юрагимда шеър куртаклаган кезлари топгандайман. Кенг пешонали, жайрон кўзли, сочлари чиройли турмакланган мулойим нигоҳли сиймо — китобдаги Зулфия сурати мени сеҳрлаб олган эди. Барча қизиқувчан, содда, беғубор ўсмирларга ўхшаб унга ҳавас қилганман, хаёлан хатлар битганман. Уни бирор марта кўриш насиб этармикин, деб орзулаганман.

Зулфиянинг шеърияти, шахсияти, унинг шуҳратга ва халқ меҳрига чулғанган умри не боис бу қадар мафтункор? Шу ҳақда кўп ўйлайман.

Ноёб чашмаларнинг сувидан бир ҳовуч ичсангиз, таьми оғзингизда қолади, қайта-қайта унинг зилолидан баҳраманд бўлсам, дейсиз. Зулфия поэзияси шундай чашмага ўхшайди. Ундаги бахтнинг олий замзамаси сизни юксакларга олиб учади. Инсон дардининг ларзали, долғали лаҳзалари қалбингизни остин-устун қилиб юборади. Бахтини ўзингизники каби қабул қиласиз, бошингиз қувончдан айланиб кетади. Дардидан маҳзун хаёлларга ботасиз-у, лекин аста-аста жонингиз исий бошлайди, унинг кечинмаларида яшай бошлайсиз. Юрагингизнинг аллақаерларида ёнмаган чироқлар ногоҳ порлаб кетади. Жаҳонингиз ёришади. У куйлаган дардда некбинлик, ҳаётга, одамларга муҳаббат бор. У — сизнинг қачон-қачонлардир кечирган ғалаёнли дамларингиз ифодаси. Ҳижрон кечаларида унинг сувратига топиниб, шеърларидан таскин топган, матонат дарсини олганлар бу шоирани «Садоқат куйчиси», деб эъзозлайдилар. Зулфия лирикасидаги самимият, ростгўйлик, ўқувчига нисбатан эҳтиром туйғуси бениҳоя кучли, шу боис муҳаббат ҳақида у не деса, ҳаммаси ярашиқли. Унинг қалами сўйлаганларига ўқувчи ишонади, ўзиники каби қабул қилади.

Бир пайтлар «Меҳру ишқинг» номли туркум лирик шеърларимни тинимсиз эълон қила бошладим. Улар орасида майда, ўткинчи, маҳдуд ҳис-туйғулар ифодаси бўлганлари кўп эди. Бир нечасини «Саодат»га олиб келдим.

— Биласизми, Ойдинжон, шеърдаги туйғу бир лаҳзалик, оний бўлса ҳам, у узоқ йилларнинг башорати бўлиши зарур. Катга, ёрқин гапларни қоғозга туширмак даркор. Шеър зинҳор бир киши учун ёзилмайдм. У фақат ўз «ҳасратнома»нгиз бўлиб қолса, бу энди поэзия эмас-да! Хафа бўлманг, сизга тўғрисини мен айтмасам, ким айтади? Сильва Капутикянни ўқинг. Кимларнингдир изтироби, ўйлари, ўртанишини хаёлингизга пайванд қилиб юбормасангиз, у кўпчиликнинг дардига айланолмайди. Инсон келажак учун яшайди. Меҳнат қилади. Шеър эса олдинда юриши керак. Яшашга, меҳнат қилишга, йўлда учраган машаққат ва тўсиқларни енгиб ўтишга ўргатиши лозим!

Бу гапдан кўнглим оғримади, аксинча, жуда зарур маслаҳатни устоздан ўз пайтида зшитганим мени теран фикрлашга ўргатди. «Етти ўлчаб бир кесадиган» бўлишга ҳаракат қила бошладим.

Шеърият инсондан кучли маънавиятни, бардошу чидамни талаб килар экан. Шошма-шошарлик, ёзилган нарсанинг сиёҳи қуримасдан туриб, нашрма-нашр югуриш аввало ижодкорнинг ўзи учун зарар экан. Шоиранинг шеър дафтарига кўзим тушганда шу маънода катта бир ибрат кўраман. Мажлисларнинг президиумларида, ишхона, шифохоналар, саёҳатларда битилган шеърлар. Оддийгина идора дафтарида қайта ёзилган, ўчирилган, тузатилган, устидан чизиқ тортилиб, саҳифа орқасида қайта тикланган, дафтар ҳошияларига тизилган бандлар… У шеърлар бошланган кун билан сўнгги нуқта қўйилган вақт орасида баъзан йиллаб масофа ётади. Ниҳоят шеър оққа кўчирилади. Шунда шоиранинг чарақлаб кетган кўзларида ҳали ҳам илҳомнинг олови, файзи мафтункор бир жозиба бағишлаб турганини кўп кўрганман. Бундай кунлар у: «Юринглар, шеър ўқиймиз», дейди. Барчамизни хонасига таклиф этади…

Шеър! Сен бунча моҳир элчисан! Бунча дилкаш суҳбатдошсан! Бунча қадрдон дўстсан! Зулфия опа янги шеърини ўқиган кезлари оҳанрабо хушҳаво кайфият кезади ишхонамизда. У шеър ўқиб бўлгач, имтиҳон олдидаги ўқувчидай ҳаммамизни беҳад камтаринлик билан кузатади, фикримизни сўрайди…

Қулоғимда унинг «Рашк» шеъридаги мардона, самимий саволи жаранглайди:

Халқ қалбидай бир гўзал шеърга
Етармикан ҳеч қачон кучим!

Қанийди, бу савол ҳаммамизнинг ҳам дилимизда бот-бот такрорланиб турса! Шунда биз эълон қилаётган шеърлар орасида хом-хатала, икки томчи сувдек бир-бирига ўхшашлари камроқ бўлармиди…

— Ҳар бир ўқувчи қалбида бир шоир яшайди. Ҳар бир инсон ўзича шоирона оламга эга. У қўлига қалам олиб, бирор сатр шеър ёзмаган эса-да, адабиётни, сўзни нозик тушунади. Шунинг учун ҳам бундай мухлисларга ҳар қандай пала-партиш тизмаларни тақдим этиш одобдан эмас. Бу масъулиятсизлик ва ўзини иззат қилмасликдир. Масъулият, талабчанлик — санъаткор учун бош мезон, — дердилар устоз.

Зулфиянинг матбуот юзини кўраётган асарлари мана шу ақидага биноангина нашрга тавсия этиларди.

Хизмат юзасидан, ҳам бурч эътиборан кўпинча ёш шоираларнинг асарларини устоз билан биргаликда ўқиймиз. Бир-икки сўз билан шеърнинг руҳи, йўналиши ўзгариб, чақнаб кетади. Қутлибека, Муҳтарама, Дилбар Ҳамзахўжаеванинг туркум шеърларини тайёрлашда шундай чақнаб кетган мисраларга гувоҳ бўлганман.

— Мана бу шеърни мен шоира сифатида қабул қиламан. Лекин, муҳаррир сифатида — йўқ. Образлари жуда чиройли. Аммо жуда маҳзун, ғамгин. Ўқувчига, халққа тақдим этилажак шеърларни зийрак кўз билан таҳрир қилиш зарур. Шоир аввало ўз Ватанининг бир фарзанди. Курашчан гражданин. Унга сўз айтиш ҳуқуқи берилгани — мислсиз шараф. Катта жавобгарлик ҳам. Сен билан сукунатда яккама-якка қоладиган китобхоннинг синчков кўзларини унутмаслик керак! Албатта, китобхон энг яқин сирдош, дилдош, лекин унинг олдида майдалашиб кетмаслик керак, — дейдилар Зулфия опа ҳар галги суҳбатларида, — Гинаю аразлар, ишқий можароларни элга достон қилаверишдан тийилиш даркор. Ёшлардан гражданликни талаб қилаверинг. Ҳар бир босилган шеър ижод йўлини танлашда сабоқ бўлсин. Менинг шундай шеърларим борки, уларни ўқисам, ўзимга ачиниб кетаман. Уларни ҳеч кимга кўрсатганим ҳам йўқ… Ишларман… Кейин эълон қиларман… — Унинг кўзларида хаёл титрайди. Боқишларида шеърий олов тафти живирлагандай…

Шундай дақиқаларда унинг Ҳамид Олимжон билан бирга тушган суврати кўз ўнгимда жонланади. Палак. Палакнинг кашталари чодир-чаман. Ҳамид Олимжон оппоқ кителда. Бир қўлини тиззага тираган. Мағрур, хиёл жилмайган. Ижоди, ҳаёти барқ уриб гуллаган камолот ёшида. Гўё ҳозир гумбурлатиб шеър ўқий бошлайди. У билан елкама-елка атласдай сочлари силлиқ таралган, навниҳолдай Зулфия турибди. Хаёлчан. Маъсум. У сўзнинг инжа хаёлларига ғарқ. Рафиқининг овозини тинглаётгандай… Шу нозик елкаларга қулаган ҳижрон тоғи қанчалар залворли эди! Даҳшатли эди! Бу баҳайбат, қора ҳижрон тоғи юк кўрмаган елкаларни эзиб ташлай олмади! Бу ғам-андуҳ билмаган соз кимдан қувват олди? Бу елкаларга қандай улуғ қудрат мадад бўлган эди?

Бахтиёр севгини куйларди созим,
Ўлим ханжарига тегдию синди.
Ҳижрон фарёдидай совуқ овозим,
Наҳот, лириканинг ёлқини тинди!

Зулфиянинг таянч тоғи — халқи, устозлари, сафдошлари, дўстлари. Унинг бардоши «Куяман-у, бўлмайман адо», деб ёзганида қанчалар ҳақ, қанчалар севимли, қанчалар ардоқли…

Шоира ёшлар шеъриятини диққат билан ўқийди. Уларнинг кашфиёт даражасидаги гўзал мисраларини қайта-қайта такрорлашни ёқтиради:

«Мақсуда Эгамбердиеванинг китобчаси чиқибди. Ўқидим. Тасвирлари бирам нозик. Гаплари лўнда-лўнда. Майин қалами менга жуда ёқди. Мириқиб ўқидим».

Яхши шеър ўқиганида ҳаяжонланиб кетади у. Умуман, ёш авлод билимдон, катта нафас билан келаётганидан суюниб гапиради.

Ёзувчилар уюшмасида шоиранинг дўстлари, сафдошлари, шогирдлари йиғилишди. Унга «Меҳнат Қаҳрамони» унвони берилгани муносабати билан қутлашди. Шунда Зулфия ёш ижодкорлар ҳақида шундай қимматли фикрлар айтдилар:

— Мен ёзувчиларнинг бахтиёр авлодига мансубман. Мен кириб келган адабиётда Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Уйғун, Собир Абдулла, Ғайратий, Миртемир каби сўз заргарлари тер тўкиб меҳнат қилаётган эдилар. Усмон Носир, Амин Умарий, Султон Жўра, Зафар Диёр каби таниқли шоирлар билан бир сафда хизмат қилганим — менинг бахтим. Ана шу эътиборли, янги, курашчан адабиёт майдонида устозларим, дўстларим меҳрига суяниб, ишониб ижод қилдим, камол топдим. Менинг ишончимга, меҳримга устозларим, дўстларимнинг бирортаси заррача раҳна солган эмас. Устозларнинг ҳар сўзи бизлар учун муқаддас бўлган. Уларнинг мақтовини, сийловини ҳам, койишини ҳам жон деб тинглардик. Биз улардан энг яхши анъаналарни ўзлаштирдик, уларнинг йўлини давом эттирдик. Устозлар билан шогирдлар, бугунги ёшлар ўртасида шундай яқинлик, меҳрибонлик, давомийлик бўлишини истайман.

Мен ўзим кўтарилган ҳар бир зинада устозлар назари барҳаёт деб ҳис этаман. Бугунги ёшларга ҳам шу туйғу ҳамроҳ бўлишини истайман…

Устозлик шогирд шеърларига «оқ йўл» ёзиб бериш, матбуотда чиқаришда кўмаклашишгина эмас. Бир томонлама бундай ёрдам шогирдни мўрт қилиб қўяди.

Зулфия опа мақтовини ҳам, тўғри маслаҳатини ҳам аямайди.

Яхши шеър билан кўринган шогирди сатрларини фахр билан такрорлаб, кўзлари билан эркалашни ёқтиради: «Умри узоқ бўлсин!» Онага ўхшаб юракдан алқаб қўйишни ҳам билади.

«Нега Хосият жим бўлиб кетди? Хат ёзинг, шеър сўранг», дейди безовталаниб. Мақсуда Эргашеванинг «Эзгуликнинг оппоқ қушлари» шеърини қайта-қайта ўқиб, севинч билан таъкидлайди.

Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Оғир дамларда инсон яхши-ёмоннинг, оқу қоранинг фарқига етади. Машаққатли кунларимда доимо Зулфия опанинг меҳрибон қўлини ҳис қилганман.

1969 йил ёзида умрим «фойда»га қолган. Кунлар ўтиб, ўзимга келгач, шифокор Людмила Петровна Шиманская сўраб қолди:

— Зулфиянинг қариндошимисиз?
— Йўқ… Шогирди бўламан.
— Устознинг бундай жонкуярини кам кўрганман. Устозингизнинг меҳри ҳақи омон қолдингиз…

Шундагина бошимдан кечган бетобликнинг бутун даҳшатию Зулфия опа сўзининг қудратини англадим. Шоирлик Инсон учун қайғуриш, инсонга ҳаёт бахш этиш, мушкул чоғларда унинг қаддини тиклаб қўйиш ҳам экан… Шоиранинг «ҳамма билан бор менинг ишим», деб ёзганлари замирида қанчалар меҳру оқибат мужассам!..

Зулфия опа шодлигингизни ҳам, қайғунгизни ҳам ўзиникидай тез қабул қилади. У инсон тақдирига бефарқ, лоқайд қаролмайди. «Ҳа, энди бир кўнглига келиб, хат ёзибди-да», деб қўл силтаб қўйиш у кишига бегона. Яқинда Зулфия опани қутлагани сўлимгина бир аёл кириб келди:

— Неварангиз Баҳриддинжонни дадасига топшириб, Сизни табриклагани келдим. Оиламиз номидан Сизга гул келтирдим, опажон!

Опа бениҳоя шод бўлдилар. Бу шодликнинг боиси — Мавлудахонни бахтиёр кўрганлари, унинг севгилиси билан қовушиб, бахтиёр турмуш кечираётгани… Мавлуда кўнгил қўйган йигит кўзи ожиз эди. Тасаввур қилинг, бундай ҳолларда тўрт мучаси соғ қизнинг фидойилигини тушунмайдиганлар кўп бўллади. Икки ёш Жиззахдан тўғри Зулфия опанинг уйига келишди. Шоира уларга самимий сўз билан, доно маслаҳатлар билан, тегишли ташкилотлар орқали ёрдам берди — бахтли оила вужудга келди. Энди бу оилада жасоратли севги ниҳоли — Баҳриддинжон улғаймоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Онасидан айрилган қизчага она бўлиб, хасталик чангалидан азоб чекаётган аёлга шоира: «Менинг севимли Дилоромгинам!» дея ҳамшира бўлиб малҳам сўзларини битади. Шунда у инсон сифатида юксалиб кетади. Шунда, баъзан сендан бир оғизгина илиқ сўз кутиб, кўзи йўлда жовдираб турганлар олдида ўзингни хижолат сезасан киши…

Ижтимоий фаолият, кўпчилик учун ўзини аямай меҳнат қилиш шоир шахсини етук, олийжаноб қилади. Жамиятнинг фаол курашчисига айлантиради. Буни Зулфия опанинг бош муҳаррирлик фаолиятида яққол кўриш мумкин.

«Саодат» журналида янги ишлай бошлаган чоғларим. Навбатдаги сонни тайёрлаб, босмахонага топширдик. Бир пайт ҳаммамизни муҳаррир хонасига чақиришди. Зулфия опа хурсанд:

— Раҳмат! Бу сонни тайёрлашда ҳамма ходимлар виждонан ишлади. Кўнгил тўладиган яхши материаллар кўп бўлди. Кейинги сонда ҳам шундай ғайрат тилайман!

Бундай қувончли кунлар ўшандан бери кўп такрорланди. Ходимлар таҳриридан ўтган материаллар ҳошиясига қайд қилинган бўлади: «Ташаккур!» «Барака топинг! Яхши таҳрир килибсиз!» «Сиз бундан тузукроқ таҳрирга қобилиятлисиз. Яна бир кўрасизми?» «Нега саёз асарга ўз имзоингизни раво кўрасиз?»

Мен унинг иш юзасидан аниқ-тиниқ маслаҳатларини, масалани тез ва оқилона ҳал килишини яхши кўраман. Ундаги иш интизоми, маданияти, муомала-муносабатдаги назокат, қатъият, куйди-пишдилик шоиралигига кўрк қўшади. Таҳрирда эса сўзини, меҳнатини қизғанмайди.

— Ойдин опа Собирова, шоир ўз сўзини қизғанмаслиги керак, у яна янги-янгиларини топади, дегувчи эдилар. У киши журналимизга муҳаррирлик қилган даврларда бизни шунга ўргатганлар. Муҳаррир зиммасига асар учун ҳам, муаллиф такдири учун ҳам жавобгарлик ҳаммадан кўра кўпроқ тушади. Яхши таҳрир асарни бойитади, — деб кўп айтадилар Зулфия опа бизларга.

Умуман, матбуот этикаси, журналистика маданиятида Зулфия опа ўзига бениҳоя талабчан. Бирор газета ёки журнал таҳририятига иккинчи нусхада асар топширишни одобга хилоф билади. Опа таҳририят ходимлари билан ҳамфикр ишлашни яхши кўради. Холисона фикр-истакларни бажонидил, қувониб қабул қилади. Ўрнига тушган таҳрирлар учун ташаккур айтади. «Қалам урмасдан чиқарасиз», деган сўзини эшитган эмасман. Эсимда, «Шарқ юлдузи» журналига бир туркум шеър бериб, «фикрингиз бўлса, бемалол айтинг, кишининг нуқси четдан яхшироқ кўринади», дедилар устоз қўнғироқ қилиб.

Кийганим ипакми, читми ё зарбофт,
Юрак бойлигидан қилмабман парво,
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқталаб унда ҳар сабоҳ.

«Биринчи сатрдаги «зарбофт» сўзини «кимхобга айлантирсак-чи», деб фикр билдирдим. Хурсанд бўлдилар:

— Жуда яхши. Учинчи сатрдаги «офтоб»га ҳам яхши кофия экан.

Шундай қилиб, бу сатр «Кийганим ипакми, читми ё кимхоб» бўлиб қолди. Устознинг бу гўзал шеърида менинг ҳам битта сўзим борлиги билан фахрланиб юраман. Жаҳонга машҳур шоиранинг бу камтарлиги ҳозиргача ҳам асло ўзгарган эмас. Камтаринлик унга улуғлик бахш этиб туради.

Зулфия опа шахсиятидаги барча қирралар борлиғича асарларига кўчган. Шоира Светлана Сомова: «Зулфияда ўзбек халқининг бутун назокати, эзгу феъли жамулжам», деб таърифлайди.

Зулфия шеърияти яхши инсонларга Ватан бўлган тупроққа қасида. Унинг ёзганлари эзгуликка тўла ёруғ оламнинг қўшиғи. Унинг ғурури, сурури, бутун изтироби, дардлари, куюнчи, суюнчи, осуда хаёллари, долғали туйғулари балқиб ётган бетакрор ижодиёти халқимиз меҳнати, ҳаёти, келажагининг ажралмас бир парчаси. Унинг бедорлиги, беоромлиги, илҳоми, ҳижрони, ўчмас муҳаббати — ўз халқининг юрак забтига, томир уришига ҳамоҳанг. У ўқувчиларига, шогирдларига, унинг номи, шуҳрати билан дунё кезган Ўзбекистонга кўп-кўп байрамларни бахш этди.

Тошкент шаҳридаги Композиторлар кўчасидаги чоққина боғ ҳовли. Бунда ҳаёт қайнайди. Шеър туғилади. Неваралар кунба-кун камолга етади. Ҳамид Олимжон ўз қўли билан ўтказган дарахтлар ҳар баҳорда чаппор уриб гуллайди. Бу хонадонга дунёнинг турли бурчакларидан табрикномалар, хатлар, дил сўзлари оқиб келади. Катта-катта адабий анжуманларда номдор ёзувчилар, шоирлар бу меҳмондўст хонадон дастурхони атрофида жам бўладилар. Олима қизи Ҳулкар Олимжонова ҳам, келини Риояхон ҳам меҳмоннавозлик билан хизмат қиладилар. Тўрда — Зулфия опа дўстлар жамолидан, юрагидан қувват олиб беҳад бахтиёр. Ёнидаги стулда (бу Ҳамид Олимжоннинг ўрни) энг азиз меҳмон, одатий кунларда эса ўғли — ҳуқуқшунос олим Омон Олимжонов ўтиради. Жажжи Темурбекни эргаштириб набираси Лола чарақлаб келади. Ҳар байрамда шундай. Ҳар сафарги қувончли дақиқаларда шундай. У дўстлари йиғилган кунларни дунёга бергусиз саодат, дейди. Шеър ўқиган, шеър тинглаган дамларини масъуд онлар, дейди.

Шеър тинглаган масъуд онлар!

Бу дамларнинг умри узун бўлсин! Ўзингиз айтганингиздек, умр вафо қилса, ёзилажак шеърларингиз кўп, жуда кўп. Сиздан шеър тинглаган масъуд онлар бардавом бўлсин!

МАЛИКАДАЙ УЛУҒВОР,ОНАДАЙ МЕҲРЛИ

Ён дафтарлар вақти келиб ҳаётингнинг бир бўлагига, умринг кўзгусига айланиб қолар экан. Суҳбатлар, учрашувлар, мушоиралар, анжуманларда дўстларинг, устозларинг, дугоналарингнинг чеҳралари ён дафтарнинг саҳифаларидан чиқиб келаверади. Улар юрагингга нур бағишлайди, кўнглингни тўлдиради, ўтган йўлларингга ёруғлик сочиб туради. Устоз Зулфия билан ёнма-ён ишлаган йилларим, дилдан суҳбатлар, сирлашувлар менинг учун ана шундай ноёб бир туҳфа бўлиб қолган. Кундалик дафтаримни варақлайман. Зулфияхонимнинг иссиқ чеҳраси, самимий сўзлари, аслзода қиёфаси, меҳрибон нигоҳлари жонимга малҳам бўлади.

1982 йил 8 июн. Ҳар йили буюк рус шоири Пушкиннинг таваллуд кунларига бағишланган шеърият кечалари бўлиб ўтади. 7 июн куни «Баҳор» концерт залида устоз Зулфияхоним пушкинхонлик кечасини бошқардилар. Зал одамлар билан тўлган, саҳна чиройли безатилган, улуғвор ва сипо либосларда Зулфия анжуманнинг маликасига ўхшардилар. Ўзбекча ва русча олиб борилган пушкинхонлик кечаси жуда файзли, мароқли ўтди. Шоиралардан Гулчеҳра Жўраева ва Ҳалимахон Пушкин шеърларидан ўқишди. Ҳар бир шоирга сўз бераркан, ниҳоятда гўзал лутфлар билан уларни саҳнага чорлар эди Зулфия опа. Ўша куни тишлари оғриса ҳам оғриқли кайфиятларини мутлақо сездирмай, пушкинхонлик кечасини бошқардилар. Эртаси куни ишга келдилар ва хоналарга ўтаётиб, менинг хонамга мўраладилар. Гулчеҳра Жўраева ва Шаҳодат Исахоновалар билан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Зулфия опа биз билан сўрашдилар, киринглар, соғиниб кетдим сизларни, дедилар. Устоз ҳузурида анча гаплашиб ўтирдик, шеърлар ўқидик, ҳаммамиздан ҳол-аҳвол сўрадилар. Мен зарур бир дорини тополмаётганимни айтдим. Дарҳол дорихоналар бош­қармасига телефон қилдилар. Чуқурсойдаги дорихонада бор экан, машиналарини юбориб, олиб келтириб бердилар. Энди яхши бўлиб кетасиз, деб тасалли бердилар. Мен устознинг бу меҳрибончилигидан кўнглим ийиб, аллақандай бир туйғу аро раҳмат дейишимни ҳам, қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмай анча муддат жимиб қолдим. Узоқ тополмай юрган доридан муолажа бошлаб, ўзимни анча яхши сеза бошладим.

1982 йил 10 июн. Зулфия опа эрталаб ишхонага келиб, беларус шоираси Эди Огнецветдан таржима қилган «Тасаввур этмам» сарлавҳали шеърни кўчиртирдилар. Кейин Максим Танкдан ўзлари ўзбек тилига ўгирган «Янка Купала ҳайкали қаршисида» шеърини ҳам кўчиртириб, қайта кўриб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бердилар. Тишлари безовта қилаётган экан, боғга бориш олдидан докторга борсаммикин, деб отландилар. Озгина дам олай, мана бу кунлар (пушкинхонлик) мени анча толиқтирди, дедилар. Зулфия опа ҳар куни боғдан тарам-тарам чиройли олмаларни саватчага солиб, биз учун олиб келардилар. Бизни хурсанд, бахтиёр, чиройли кўрсалар, суюниб, мақтаб, кўнгиллари тўлиб хурсанд бўлиб юрардилар. Кўп шеърларини саҳарда ёзганларини айтардилар. Аслида Зулфия опа қуш уйқу эдилар. Кўпинча уйқу дори билан ухлардилар. Яхши ухламасалар ҳам доимо ўктам ва кўркам қиёфада ишга келардилар.

— Маним барча дардларим, қайғуларим — ҳаммаси уйда қолади. Остонадан қадам босиб чиқишим биланоқ мен бош­қа Зулфияга айланаман, — дердилар.

Бетобликларини, нохуш кайфиятларини атрофдагилар сезишини хоҳламасдилар.

Зулфия опа андак ғамгин, нохуш кўринсалар, биз дарров Ҳамид Олимжондан сўз очардик. Унинг шеърларини ёд айта бошласам, Зулфия опа Ҳамид Олимжон шеърларидан ёд айтиб, суҳбатимизни қизитардилар, кайфиятлари кўтарилиб, жаннатмакон шоиримиз Ҳамид Олимжон ҳақида яйраб-яшнаб сўз очардилар. Бир куни ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг «Сарвиноз» ҳикоясини тайёрлаб олиб кирдим. Зулфия опа ҳикояни ўқиб маъқулладилар. Ундаги йигит образининг нимасинидир Ҳамид Олимжонга ўхшатган эдилар.

— Биз Ойдин опа ва Ҳамид Олимжон билан бирга театрга ёки учрашувларга борсак, у кишига эшиттириб: «Ҳозир Ҳамид Олимжон эшикни очиб, бизни ичкарига ўтказиб юборадилар… Ҳозир Ҳамид Олимжон пальтоларимизни кийдириб қўядилар…», − дер эдик. Ҳамид Олимжон ёш боладай қувониб, оппоқ тишлари чарақлаб куларди-да, бизни олдинга ўтказиб юборар, пальтоларимизни кийдириб қўярди. Одамлар Ҳамид Олимжондай мағрур йигит шунчалар мулойим тортиб, гапга кирадиган бўлиб қолганига ҳайрон бўлишарди…

Қиш кунлари эди. Яхмалак отишга чиқдик. Ўшанда Ҳулкар туғилишига озгина қолган. Яхмалак учай десам, учолмайман. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, ўтиринг, менинг пальтоимдан ушланг, мен сизни чана тортгандай яхмалак учираман, дер эди. Қийқириб, шодон бўлиб яхмалак учар эдик. Ҳамид Олимжон жуда меҳрли, сезгир ва ниҳоятда топқир инсон эди. Бир куни зиёфатга бордик. Баланд пошнали туфли кийиб олганман. Юришга қийналаман. Қайтаётганимизда юриш яна ҳам машаққат бўлиб кетди. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, туфлингизни ечиб менга беринг, мана буни кийиб олинг деб, туфлисини ечиб оёғимга кийдириб қўйди. Мен Ҳамид Олимжоннинг катта туфлисини кийиб, у эса ялангоёқ уйга қайтганмиз…

Ҳаётининг бу қувончли, завқли лаҳзаларини у кўзлари ёниб, юзлари ёришиб, худди ўша ҳолатни қайта бошидан кечираётгандек ҳузурланиб сўзларди. Балки, мана шу лаҳзаларнинг сўнмас ёди Зулфияга то сўнгги нафасигача куч-қувват, мадор, сабр-тоқат бергандир…

1983 йил 1 июл. Республикамизнинг жуда кўп жойларида шоира Жаҳон отин Увайсийнинг 200 йиллик юбилейи тадбирлари бўлиб ўтди. Зулфия опа юбилей комиссияси раиси эдилар. Фарғонада, Шоҳимардонда, Марғилонда бўлиб ўтган увайсийхонлик кунлари файзи, шукуҳи Тошкентга кўчди. «Баҳор» концерт зали саҳнасида халқимизнинг суюкли, таниқли олиму шоиралари жам бўлганлар. Зулфияхоним худди юлдузлар буржидаги энг ёрқин юлдуздай чарақлаб тўрда ўтирарди. У малла рангли, ҳошиялари сариқ ипак билан тикилган каштали кўйлакда маликаларга ўхшаб кўринарди. Опанинг теграсида булбул овозли Ҳалима Носирова, таниқли олималар Музайяна Алавия, Суюма Ғаниева, Маҳбуба Қодирова, Эътиборхон Иброҳимовалар чиройли бўлиб тизилишган. Кечанинг раисаси Зулфия шоираларга, хонанда қизларга илтифот ва назокат билан сўз берар, ғазаллар шеърларга, ашулаларга, сўзларга уланарди. Кеча файзга, сурурга тўлиб борарди. Мен ҳам ушбу кечада Жаҳон отин Увайсийнинг «Мандин ўрганди» радифли ғазалини ўқигандим. Устоз аруз вазнида жуда кам ёзсалар-да, бу кеча Увайсийнинг «Замона кулфатидин бу кўнгил доғ ўлди, доғ ўлди» ғазалига татаббу қилиб ёзган «Тоғ ўлди, тоғ ўлди» радифли мухаммасни ўқиб бердилар. Мухлислар ҳаяжон билан тинглашди, узоқ олқишлашди. Азиз ҳофизамиз Ҳалима Носирова кеча бошланиши олдидан шогирди Мақсадхон Юнусовага Увайсийнинг «Забонингни кетургил, эй шакарлаб тўти, гуфтора» матлаи билан бошланувчи ғазалини ўргатдилар. Мақсадхон бу ашулани шунчалар маромига етказиб куйладики, «Баҳор» концерт залининг шифтлари зириллаб кетди. Мақсадхон ашула айтаркан, Ҳалимахоним ҳам бармоқларини қарсиллатиб унга қўшилиб, ўтирган жойларида хиргойи қилиб бердилар. Назаримда, ўша ғазалхонлик кечасида нафақат Увайсий, балки Зебунисобегим, Нодирабегим, Анбар отин ва Дилшод Барноларнинг руҳлари шод бўлди. Ғазал ва куйнинг оҳангидан диллар сел бўлди. Кўнгилларга ҳаёт шавқи ва завқи тўлган эди. Зулфия­хоним бошқарган ҳар бир анжуман, шеърият кечаси шундай мароқли, бетакрор ва файзли ўтар эди.

Зулфияхоним дўстларига, устозларига, яқинларига ниҳоятда меҳрибон ва садоқатли эди. Уларнинг қийин-қаттиқ кунларида, яхши-ёмон лаҳзаларида ёнида бўлишни, кўнглини кўтаришни яхши кўрарди.

1983 йил 31 октябр. Жамоат арбоби Шароф Рашидов вафот этдилар. Зулфия опа ўша куниёқ Шароф отанинг уйларига кетдилар. Кутилмаган нохуш хабар опани жуда изтиробга солди. 2 ноябр куни дафн маросими бўлиб ўтди. Биз муҳаррир хонасида телевизор кўраётган эдик. Зулфия опа ҳорғин кириб келдилар.

— Охирги дақиқаларда юрагим кўтармади. Қабрга тупроқ ташлашларини кўришга чидамим етмади. Омонжон олиб келиб қўйди, — дедилар.

Ўша кунлари биринчи маротаба бошларига қора рўмол ўраганларини айтдилар. Зулфия опа Шароф Рашидовнинг азасида оиласига икки кун ҳамдард, ҳамсуҳбат бўлиб турганларини сўзлаб бердилар. Хурсанд Ғафуровна тушларида туфлисини йўқотганини, ҳеч ким топиб беролмаганини айтибди. Нуқул жиззахликлар йиғилиб, чапак чалишди, ўртада нима бўлаётганини билмайман, эртасига мана шу иш бўлди, дебдилар Хурсандой опа.

— Шароф Рашидовнинг қариндошларидан бири, укажонгинам, Шарофиддинжон, деб йиғласа, Хурсанд Ғафуровна, «Шарофиддин» деган тилларингиздан ўргилайин-а, — дерди…

… Зулфия опа шу гаплардан сўнг диванда бир соатча дам олдилар, чой ичдилар, тил остига дори ташладилар. Ҳамид Олимжоннинг вафоти кунларини яна бир карра эсладилар.

— Шароф Рашидович Ҳамид Олимжоннинг видолашувида доимо бирга бўлганди. Ёнма-ён юриб, таскин берганди. Тушларимни айтиб бергандим у кишига. Дунё шу экан-да, энди бўлса Хурсанд Ғафуровнага мен мадад бўлиб турдим. Ҳеч қачон ўзини бундай ғариб, ёлғиз сезмаган бўлса керак, — дедилар.

Бир оз ўзларига келгач, уйга телефон қилинг, дедилар. Ҳулкар опа уйда экан, хавотирланиб, “ойим қалайлар?”, − деб сўради. Яхши, дедим. Зулфия опа йўл анча тескари бўлса ҳам машинада мени уйга ташлаб, сўнг ўзлари ўтиб кетдилар. Кўпинча ишдан кетаётганларида фариштадай бўлиб хонамга кирар, суҳбатлашиб ўтирар ва “Ойдинжон, кетасизми?”, − деб сўрардилар. Мен ийманиб жавоб бермасам, қани бўлинг, мен сизни уйингизга ташлаб, кейин ўтиб кетаман, дердилар оналарча меҳрибонлик билан. Бундай меҳрибонлик, лутф шунчалар самимий, шунчалар инсоний эдики, беихтиёр онанинг меҳри, куюнчаклигини ҳис қиларди киши.

1984 йил 14 сентябр. Ойбек таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Наим Каримов опанинг ҳузурига келганида, Ойбек ҳақида суҳбат бўлди. Зулфияхоним Абдулла Қаҳҳор, Ойбек ва Шайхзодаларни ниҳоятда ҳурмат қилар, ўзларини уларга шогирд ҳисоблар, эҳтиром билан улардан сўзларди. Ойбекнинг сўнгги сафари ҳақида сўзладилар. Суҳбатнинг бир учи Шайхзодага уланди.

— Шайх аканинг вафоти менга қаттиқ таъсир қилди. Бордим. Сакина хоним маҳзун бўлиб қолган. Шайх акага тикилиб бутун фикр, бутун даҳолик унинг пешонасига йиғилганми, деган хаёл ўтди. Ҳайратга тушдим ўшанда. Муздек пешоналаридан ўпдим. Бетобликларида саватчага чиройли мевалар териб, Шайх акага юбориб турардим. Жуда меҳрибон аёл экансиз, деб ёзган хатлари бор. Агар умрим етса, ўша хатга жавоб ёзаман. «Кечиккан мактуб» бўлади сарлавҳаси. Ажабо, доно одамларнинг ақли шу ерга (пешонага) йиғилар экан-да. Одамлар ўлгандан кейин энг ноёб нарсамизни йўқотганимизни билиб қоламиз, — дедилар Зулфия опа ўкинч билан.

Зулфия опа қардош мамлакатларда, жаҳоннинг барча давлатларида катта анжуманларда қатнашар, минбарларда сўз айтар, шеър ўқирди. Ҳамиша ёнларида Шарқнинг буюк олимлари, шоирлари азим чинордай уни паноҳида олиб юришарди. Ғафур Ғулом, Мирзо Турсунзода, Мустай Карим, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир… Уларни Зулфияхоним катта оғаларидай ҳурмат қилар, эъзозлар, муҳаббат ва эҳтиром тўла сўзлари билан алқар эди.

Ўзи улуғларга ҳурмат кўрсатиб, иззатини жойига қўйган одамларгина эл ичра обрў-эътибор, шону шуҳрат топадилар ва шогирдларининг меҳри, соғинчида яшайдилар. Зулфияхоним ҳам ана шундай буюк устоз мақомига эришган, шону шуҳрат аршига кўтарилган ва мангуликка дахлдор бўлиб қолган ёрқин сиймолардан биридир.

Манба: http://zulfiyaxonim.uz

011Суратда: Зулфия, Миртемир, Музайяна Алавия,Туроб Тўла ва Ойдин Ҳожиева / Suratda: Zulfiya, Mirtemir, Muzayyana Alaviya,Turob To’la va Oydin Hojieva

OYDIN HOJIYEVA
ZULFIYA OPA HAQIDA XOTIRALAR
012

MAS’UD ONLAR

006Men uni yuragimda she’r kurtaklagan kezlari topgandayman. Keng peshonali, jayron ko‘zli, sochlari chiroyli turmaklangan muloyim nigohli siymo — kitobdagi Zulfiya surati meni sehrlab olgan edi. Barcha qiziquvchan, sodda, beg‘ubor o‘smirlarga o‘xshab unga havas qilganman, xayolan xatlar bitganman. Uni biror marta ko‘rish nasib etarmikin, deb orzulaganman.

Zulfiyaning she’riyati, shaxsiyati, uning shuhratga va xalq mehriga chulg‘angan umri ne bois bu qadar maftunkor? Shu haqda ko‘p o‘ylayman.

Noyob chashmalarning suvidan bir hovuch ichsangiz, tami og‘zingizda qoladi, qayta-qayta uning zilolidan bahramand bo‘lsam, deysiz. Zulfiya poeziyasi shunday chashmaga o‘xshaydi. Undagi baxtning oliy zamzamasi sizni yuksaklarga olib uchadi. Inson dardining larzali, dolg‘ali lahzalari qalbingizni ostin-ustun qilib yuboradi. Baxtini o‘zingizniki kabi qabul qilasiz, boshingiz quvonchdan aylanib ketadi. Dardidan mahzun xayollarga botasiz-u, lekin asta-asta joningiz isiy boshlaydi, uning kechinmalarida yashay boshlaysiz. Yuragingizning allaqayerlarida yonmagan chiroqlar nogoh porlab ketadi. Jahoningiz yorishadi. U kuylagan dardda nekbinlik, hayotga, odamlarga muhabbat bor. U — sizning qachon-qachonlardir kechirgan g‘alayonli damlaringiz ifodasi. Hijron kechalarida uning suvratiga topinib, she’rlaridan taskin topgan, matonat darsini olganlar bu shoirani «Sadoqat kuychisi», deb e’zozlaydilar. Zulfiya lirikasidagi samimiyat, rostgo‘ylik, o‘quvchiga nisbatan ehtirom tuyg‘usi benihoya kuchli, shu bois muhabbat haqida u ne desa, hammasi yarashiqli. Uning qalami so‘ylaganlariga o‘quvchi ishonadi, o‘ziniki kabi qabul qiladi.

Bir paytlar «Mehru ishqing» nomli turkum lirik she’rlarimni tinimsiz e’lon qila boshladim. Ular orasida mayda, o‘tkinchi, mahdud his-tuyg‘ular ifodasi bo‘lganlari ko‘p edi. Bir nechasini «Saodat»ga olib keldim.

— Bilasizmi, Oydinjon, she’rdagi tuyg‘u bir lahzalik, oniy bo‘lsa ham, u uzoq yillarning bashorati bo‘lishi zarur. Katga, yorqin gaplarni qog‘ozga tushirmak darkor. She’r zinhor bir kishi uchun yozilmaydm. U faqat o‘z «hasratnoma»ngiz bo‘lib qolsa, bu endi poeziya emas-da! Xafa bo‘lmang, sizga to‘g‘risini men aytmasam, kim aytadi? Silva Kaputikyanni o‘qing. Kimlarningdir iztirobi, o‘ylari, o‘rtanishini xayolingizga payvand qilib yubormasangiz, u ko‘pchilikning dardiga aylanolmaydi. Inson kelajak uchun yashaydi. Mehnat qiladi. She’r esa oldinda yurishi kerak. Yashashga, mehnat qilishga, yo‘lda uchragan mashaqqat va to‘siqlarni yengib o‘tishga o‘rgatishi lozim!

Bu gapdan ko‘nglim og‘rimadi, aksincha, juda zarur maslahatni ustozdan o‘z paytida zshitganim meni teran fikrlashga o‘rgatdi. «Yetti o‘lchab bir kesadigan» bo‘lishga harakat qila boshladim.

She’riyat insondan kuchli ma’naviyatni, bardoshu chidamni talab kilar ekan. Shoshma-shosharlik, yozilgan narsaning siyohi qurimasdan turib, nashrma-nashr yugurish avvalo ijodkorning o‘zi uchun zarar ekan. Shoiraning she’r daftariga ko‘zim tushganda shu ma’noda katta bir ibrat ko‘raman. Majlislarning prezidiumlarida, ishxona, shifoxonalar, sayohatlarda bitilgan she’rlar. Oddiygina idora daftarida qayta yozilgan, o‘chirilgan, tuzatilgan, ustidan chiziq tortilib, sahifa orqasida qayta tiklangan, daftar hoshiyalariga tizilgan bandlar… U she’rlar boshlangan kun bilan so‘nggi nuqta qo‘yilgan vaqt orasida ba’zan yillab masofa yotadi. Nihoyat she’r oqqa ko‘chiriladi. Shunda shoiraning charaqlab ketgan ko‘zlarida hali ham ilhomning olovi, fayzi maftunkor bir joziba bag‘ishlab turganini ko‘p ko‘rganman. Bunday kunlar u: «Yuringlar, she’r o‘qiymiz», deydi. Barchamizni xonasiga taklif etadi…

She’r! Sen buncha mohir elchisan! Buncha dilkash suhbatdoshsan! Buncha qadrdon do‘stsan! Zulfiya opa yangi she’rini o‘qigan kezlari ohanrabo xushhavo kayfiyat kezadi ishxonamizda. U she’r o‘qib bo‘lgach, imtihon oldidagi o‘quvchiday hammamizni behad kamtarinlik bilan kuzatadi, fikrimizni so‘raydi…

Qulog‘imda uning «Rashk» she’ridagi mardona, samimiy savoli jaranglaydi:

Xalq qalbiday bir go‘zal she’rga
Yetarmikan hech qachon kuchim!

Qaniydi, bu savol hammamizning ham dilimizda bot-bot takrorlanib tursa! Shunda biz e’lon qilayotgan she’rlar orasida xom-xatala, ikki tomchi suvdek bir-biriga o‘xshashlari kamroq bo‘larmidi…

— Har bir o‘quvchi qalbida bir shoir yashaydi. Har bir inson o‘zicha shoirona olamga ega. U qo‘liga qalam olib, biror satr she’r yozmagan esa-da, adabiyotni, so‘zni nozik tushunadi. Shuning uchun ham bunday muxlislarga har qanday pala-partish tizmalarni taqdim etish odobdan emas. Bu mas’uliyatsizlik va o‘zini izzat qilmaslikdir. Mas’uliyat, talabchanlik — san’atkor uchun bosh mezon, — derdilar ustoz.

Zulfiyaning matbuot yuzini ko‘rayotgan asarlari mana shu aqidaga binoangina nashrga tavsiya etilardi.

Xizmat yuzasidan, ham burch e’tiboran ko‘pincha yosh shoiralarning asarlarini ustoz bilan birgalikda o‘qiymiz. Bir-ikki so‘z bilan she’rning ruhi, yo‘nalishi o‘zgarib, chaqnab ketadi. Qutlibeka, Muhtarama, Dilbar Hamzaxo‘jayevaning turkum she’rlarini tayyorlashda shunday chaqnab ketgan misralarga guvoh bo‘lganman.

— Mana bu she’rni men shoira sifatida qabul qilaman. Lekin, muharrir sifatida — yo‘q. Obrazlari juda chiroyli. Ammo juda mahzun, g‘amgin. O‘quvchiga, xalqqa taqdim etilajak she’rlarni ziyrak ko‘z bilan tahrir qilish zarur. Shoir avvalo o‘z Vatanining bir farzandi. Kurashchan grajdanin. Unga so‘z aytish huquqi berilgani — mislsiz sharaf. Katta javobgarlik ham. Sen bilan sukunatda yakkama-yakka qoladigan kitobxonning sinchkov ko‘zlarini unutmaslik kerak! Albatta, kitobxon eng yaqin sirdosh, dildosh, lekin uning oldida maydalashib ketmaslik kerak, — deydilar Zulfiya opa har galgi suhbatlarida, — Ginayu arazlar, ishqiy mojarolarni elga doston qilaverishdan tiyilish darkor. Yoshlardan grajdanlikni talab qilavering. Har bir bosilgan she’r ijod yo‘lini tanlashda saboq bo‘lsin. Mening shunday she’rlarim borki, ularni o‘qisam, o‘zimga achinib ketaman. Ularni hech kimga ko‘rsatganim ham yo‘q… Ishlarman… Keyin e’lon qilarman… — Uning ko‘zlarida xayol titraydi. Boqishlarida she’riy olov tafti jivirlaganday…

Shunday daqiqalarda uning Hamid Olimjon bilan birga tushgan suvrati ko‘z o‘ngimda jonlanadi. Palak. Palakning kashtalari chodir-chaman. Hamid Olimjon oppoq kitelda. Bir qo‘lini tizzaga tiragan. Mag‘rur, xiyol jilmaygan. Ijodi, hayoti barq urib gullagan kamolot yoshida. Go‘yo hozir gumburlatib she’r o‘qiy boshlaydi. U bilan yelkama-yelka atlasday sochlari silliq taralgan, navniholday Zulfiya turibdi. Xayolchan. Ma’sum. U so‘zning inja xayollariga g‘arq. Rafiqining ovozini tinglayotganday… Shu nozik yelkalarga qulagan hijron tog‘i qanchalar zalvorli edi! Dahshatli edi! Bu bahaybat, qora hijron tog‘i yuk ko‘rmagan yelkalarni ezib tashlay olmadi! Bu g‘am-anduh bilmagan soz kimdan quvvat oldi? Bu yelkalarga qanday ulug‘ qudrat madad bo‘lgan edi?

Baxtiyor sevgini kuylardi sozim,
O‘lim xanjariga tegdiyu sindi.
Hijron faryodiday sovuq ovozim,
Nahot, lirikaning yolqini tindi!

Zulfiyaning tayanch tog‘i — xalqi, ustozlari, safdoshlari, do‘stlari. Uning bardoshi «Kuyaman-u, bo‘lmayman ado», deb yozganida qanchalar haq, qanchalar sevimli, qanchalar ardoqli…

Shoira yoshlar she’riyatini diqqat bilan o‘qiydi. Ularning kashfiyot darajasidagi go‘zal misralarini qayta-qayta takrorlashni yoqtiradi:

«Maqsuda Egamberdiyevaning kitobchasi chiqibdi. O‘qidim. Tasvirlari biram nozik. Gaplari lo‘nda-lo‘nda. Mayin qalami menga juda yoqdi. Miriqib o‘qidim».

Yaxshi she’r o‘qiganida hayajonlanib ketadi u. Umuman, yosh avlod bilimdon, katta nafas bilan kelayotganidan suyunib gapiradi.

Yozuvchilar uyushmasida shoiraning do‘stlari, safdoshlari, shogirdlari yig‘ilishdi. Unga «Mehnat Qahramoni» unvoni berilgani munosabati bilan qutlashdi. Shunda Zulfiya yosh ijodkorlar haqida shunday qimmatli fikrlar aytdilar:

— Men yozuvchilarning baxtiyor avlodiga mansubman. Men kirib kelgan adabiyotda Hamid Olimjon, Oybek, G‘afur G‘ulom, Abdulla Qahhor, Shayxzoda, Uyg‘un, Sobir Abdulla, G‘ayratiy, Mirtemir kabi so‘z zargarlari ter to‘kib mehnat qilayotgan edilar. Usmon Nosir, Amin Umariy, Sulton Jo‘ra, Zafar Diyor kabi taniqli shoirlar bilan bir safda xizmat qilganim — mening baxtim. Ana shu e’tiborli, yangi, kurashchan adabiyot maydonida ustozlarim, do‘stlarim mehriga suyanib, ishonib ijod qildim, kamol topdim. Mening ishonchimga, mehrimga ustozlarim, do‘stlarimning birortasi zarracha rahna solgan emas. Ustozlarning har so‘zi bizlar uchun muqaddas bo‘lgan. Ularning maqtovini, siylovini ham, koyishini ham jon deb tinglardik. Biz ulardan eng yaxshi an’analarni o‘zlashtirdik, ularning yo‘lini davom ettirdik. Ustozlar bilan shogirdlar, bugungi yoshlar o‘rtasida shunday yaqinlik, mehribonlik, davomiylik bo‘lishini istayman.

Men o‘zim ko‘tarilgan har bir zinada ustozlar nazari barhayot deb his etaman. Bugungi yoshlarga ham shu tuyg‘u hamroh bo‘lishini istayman…

Ustozlik shogird she’rlariga «oq yo‘l» yozib berish, matbuotda chiqarishda ko‘maklashishgina emas. Bir tomonlama bunday yordam shogirdni mo‘rt qilib qo‘yadi.

Zulfiya opa maqtovini ham, to‘g‘ri maslahatini ham ayamaydi.

Yaxshi she’r bilan ko‘ringan shogirdi satrlarini faxr bilan takrorlab, ko‘zlari bilan erkalashni yoqtiradi: «Umri uzoq bo‘lsin!» Onaga o‘xshab yurakdan alqab qo‘yishni ham biladi.

«Nega Xosiyat jim bo‘lib ketdi? Xat yozing, she’r so‘rang», deydi bezovtalanib. Maqsuda Ergashevaning «Ezgulikning oppoq qushlari» she’rini qayta-qayta o‘qib, sevinch bilan ta’kidlaydi.

Hayotda nimalar bo‘lmaydi, deysiz. Og‘ir damlarda inson yaxshi-yomonning, oqu qoraning farqiga yetadi. Mashaqqatli kunlarimda doimo Zulfiya opaning mehribon qo‘lini his qilganman.

1969 yil yozida umrim «foyda»ga qolgan. Kunlar o‘tib, o‘zimga kelgach, shifokor Lyudmila Petrovna Shimanskaya so‘rab qoldi:

— Zulfiyaning qarindoshimisiz?
— Yo‘q… Shogirdi bo‘laman.
— Ustozning bunday jonkuyarini kam ko‘rganman. Ustozingizning mehri haqi omon qoldingiz…

Shundagina boshimdan kechgan betoblikning butun dahshatiyu Zulfiya opa so‘zining qudratini angladim. Shoirlik Inson uchun qayg‘urish, insonga hayot baxsh etish, mushkul chog‘larda uning qaddini tiklab qo‘yish ham ekan… Shoiraning «hamma bilan bor mening ishim», deb yozganlari zamirida qanchalar mehru oqibat mujassam!..

Zulfiya opa shodligingizni ham, qayg‘ungizni ham o‘zinikiday tez qabul qiladi. U inson taqdiriga befarq, loqayd qarolmaydi. «Ha, endi bir ko‘ngliga kelib, xat yozibdi-da», deb qo‘l siltab qo‘yish u kishiga begona. Yaqinda Zulfiya opani qutlagani so‘limgina bir ayol kirib keldi:

— Nevarangiz Bahriddinjonni dadasiga topshirib, Sizni tabriklagani keldim. Oilamiz nomidan Sizga gul keltirdim, opajon!

Opa benihoya shod bo‘ldilar. Bu shodlikning boisi — Mavludaxonni baxtiyor ko‘rganlari, uning sevgilisi bilan qovushib, baxtiyor turmush kechirayotgani… Mavluda ko‘ngil qo‘ygan yigit ko‘zi ojiz edi. Tasavvur qiling, bunday hollarda to‘rt muchasi sog‘ qizning fidoyiligini tushunmaydiganlar ko‘p bo‘lladi. Ikki yosh Jizzaxdan to‘g‘ri Zulfiya opaning uyiga kelishdi. Shoira ularga samimiy so‘z bilan, dono maslahatlar bilan, tegishli tashkilotlar orqali yordam berdi — baxtli oila vujudga keldi. Endi bu oilada jasoratli sevgi niholi — Bahriddinjon ulg‘aymoqda. Bunday misollarni ko‘plab keltirish mumkin. Onasidan ayrilgan qizchaga ona bo‘lib, xastalik changalidan azob chekayotgan ayolga shoira: «Mening sevimli Diloromginam!» deya hamshira bo‘lib malham so‘zlarini bitadi. Shunda u inson sifatida yuksalib ketadi. Shunda, ba’zan sendan bir og‘izgina iliq so‘z kutib, ko‘zi yo‘lda jovdirab turganlar oldida o‘zingni xijolat sezasan kishi…

Ijtimoiy faoliyat, ko‘pchilik uchun o‘zini ayamay mehnat qilish shoir shaxsini yetuk, oliyjanob qiladi. Jamiyatning faol kurashchisiga aylantiradi. Buni Zulfiya opaning bosh muharrirlik faoliyatida yaqqol ko‘rish mumkin.

«Saodat» jurnalida yangi ishlay boshlagan chog‘larim. Navbatdagi sonni tayyorlab, bosmaxonaga topshirdik. Bir payt hammamizni muharrir xonasiga chaqirishdi. Zulfiya opa xursand:

— Rahmat! Bu sonni tayyorlashda hamma xodimlar vijdonan ishladi. Ko‘ngil to‘ladigan yaxshi materiallar ko‘p bo‘ldi. Keyingi sonda ham shunday g‘ayrat tilayman!

Bunday quvonchli kunlar o‘shandan beri ko‘p takrorlandi. Xodimlar tahriridan o‘tgan materiallar hoshiyasiga qayd qilingan bo‘ladi: «Tashakkur!» «Baraka toping! Yaxshi tahrir kilibsiz!» «Siz bundan tuzukroq tahrirga qobiliyatlisiz. Yana bir ko‘rasizmi?» «Nega sayoz asarga o‘z imzoingizni ravo ko‘rasiz?»

Men uning ish yuzasidan aniq-tiniq maslahatlarini, masalani tez va oqilona hal kilishini yaxshi ko‘raman. Undagi ish intizomi, madaniyati, muomala-munosabatdagi nazokat, qat’iyat, kuydi-pishdilik shoiraligiga ko‘rk qo‘shadi. Tahrirda esa so‘zini, mehnatini qizg‘anmaydi.

— Oydin opa Sobirova, shoir o‘z so‘zini qizg‘anmasligi kerak, u yana yangi-yangilarini topadi, deguvchi edilar. U kishi jurnalimizga muharrirlik qilgan davrlarda bizni shunga o‘rgatganlar. Muharrir zimmasiga asar uchun ham, muallif takdiri uchun ham javobgarlik hammadan ko‘ra ko‘proq tushadi. Yaxshi tahrir asarni boyitadi, — deb ko‘p aytadilar Zulfiya opa bizlarga.

Umuman, matbuot etikasi, jurnalistika madaniyatida Zulfiya opa o‘ziga benihoya talabchan. Biror gazeta yoki jurnal tahririyatiga ikkinchi nusxada asar topshirishni odobga xilof biladi. Opa tahririyat xodimlari bilan hamfikr ishlashni yaxshi ko‘radi. Xolisona fikr-istaklarni bajonidil, quvonib qabul qiladi. O‘rniga tushgan tahrirlar uchun tashakkur aytadi. «Qalam urmasdan chiqarasiz», degan so‘zini eshitgan emasman. Esimda, «Sharq yulduzi» jurnaliga bir turkum she’r berib, «fikringiz bo‘lsa, bemalol ayting, kishining nuqsi chetdan yaxshiroq ko‘rinadi», dedilar ustoz qo‘ng‘iroq qilib.

Kiyganim ipakmi, chitmi yo zarboft,
Yurak boyligidan qilmabman parvo,
Meni og‘ushlagan hayot naq oftob,
Yangi qo‘shiqtalab unda har saboh.

«Birinchi satrdagi «zarboft» so‘zini «kimxobga aylantirsak-chi», deb fikr bildirdim. Xursand bo‘ldilar:

— Juda yaxshi. Uchinchi satrdagi «oftob»ga ham yaxshi kofiya ekan.

Shunday qilib, bu satr «Kiyganim ipakmi, chitmi yo kimxob» bo‘lib qoldi. Ustozning bu go‘zal she’rida mening ham bitta so‘zim borligi bilan faxrlanib yuraman. Jahonga mashhur shoiraning bu kamtarligi hozirgacha ham aslo o‘zgargan emas. Kamtarinlik unga ulug‘lik baxsh etib turadi.

Zulfiya opa shaxsiyatidagi barcha qirralar borlig‘icha asarlariga ko‘chgan. Shoira Svetlana Somova: «Zulfiyada o‘zbek xalqining butun nazokati, ezgu fe’li jamuljam», deb ta’riflaydi.

Zulfiya she’riyati yaxshi insonlarga Vatan bo‘lgan tuproqqa qasida. Uning yozganlari ezgulikka to‘la yorug‘ olamning qo‘shig‘i. Uning g‘ururi, sururi, butun iztirobi, dardlari, kuyunchi, suyunchi, osuda xayollari, dolg‘ali tuyg‘ulari balqib yotgan betakror ijodiyoti xalqimiz mehnati, hayoti, kelajagining ajralmas bir parchasi. Uning bedorligi, beoromligi, ilhomi, hijroni, o‘chmas muhabbati — o‘z xalqining yurak zabtiga, tomir urishiga hamohang. U o‘quvchilariga, shogirdlariga, uning nomi, shuhrati bilan dunyo kezgan O‘zbekistonga ko‘p-ko‘p bayramlarni baxsh etdi.

Toshkent shahridagi Kompozitorlar ko‘chasidagi choqqina bog‘ hovli. Bunda hayot qaynaydi. She’r tug‘iladi. Nevaralar kunba-kun kamolga yetadi. Hamid Olimjon o‘z qo‘li bilan o‘tkazgan daraxtlar har bahorda chappor urib gullaydi. Bu xonadonga dunyoning turli burchaklaridan tabriknomalar, xatlar, dil so‘zlari oqib keladi. Katta-katta adabiy anjumanlarda nomdor yozuvchilar, shoirlar bu mehmondo‘st xonadon dasturxoni atrofida jam bo‘ladilar. Olima qizi Hulkar Olimjonova ham, kelini Rioyaxon ham mehmonnavozlik bilan xizmat qiladilar. To‘rda — Zulfiya opa do‘stlar jamolidan, yuragidan quvvat olib behad baxtiyor. Yonidagi stulda (bu Hamid Olimjonning o‘rni) eng aziz mehmon, odatiy kunlarda esa o‘g‘li — huquqshunos olim Omon Olimjonov o‘tiradi. Jajji Temurbekni ergashtirib nabirasi Lola charaqlab keladi. Har bayramda shunday. Har safargi quvonchli daqiqalarda shunday. U do‘stlari yig‘ilgan kunlarni dunyoga bergusiz saodat, deydi. She’r o‘qigan, she’r tinglagan damlarini mas’ud onlar, deydi.

She’r tinglagan mas’ud onlar!

Bu damlarning umri uzun bo‘lsin! O‘zingiz aytganingizdek, umr vafo qilsa, yozilajak she’rlaringiz ko‘p, juda ko‘p. Sizdan she’r tinglagan mas’ud onlar bardavom bo‘lsin!

MALIKADAY ULUG‘VOR,ONADAY MЕHRLI

Yon daftarlar vaqti kelib hayotingning bir bo‘lagiga, umring ko‘zgusiga aylanib qolar ekan. Suhbatlar, uchrashuvlar, mushoiralar, anjumanlarda do‘stlaring, ustozlaring, dugonalaringning chehralari yon daftarning sahifalaridan chiqib kelaveradi. Ular yuragingga nur bag‘ishlaydi, ko‘nglingni to‘ldiradi, o‘tgan yo‘llaringga yorug‘lik sochib turadi. Ustoz Zulfiya bilan yonma-yon ishlagan yillarim, dildan suhbatlar, sirlashuvlar mening uchun ana shunday noyob bir tuhfa bo‘lib qolgan. Kundalik daftarimni varaqlayman. Zulfiyaxonimning issiq chehrasi, samimiy so‘zlari, aslzoda qiyofasi, mehribon nigohlari jonimga malham bo‘ladi.

1982 yil 8 iyun. Har yili buyuk rus shoiri Pushkinning tavallud kunlariga bag‘ishlangan she’riyat kechalari bo‘lib o‘tadi. 7 iyun kuni «Bahor» konsert zalida ustoz Zulfiyaxonim pushkinxonlik kechasini boshqardilar. Zal odamlar bilan to‘lgan, sahna chiroyli bezatilgan, ulug‘vor va sipo liboslarda Zulfiya anjumanning malikasiga o‘xshardilar. O‘zbekcha va ruscha olib borilgan pushkinxonlik kechasi juda fayzli, maroqli o‘tdi. Shoiralardan Gulchehra Jo‘rayeva va Halimaxon Pushkin she’rlaridan o‘qishdi. Har bir shoirga so‘z berarkan, nihoyatda go‘zal lutflar bilan ularni sahnaga chorlar edi Zulfiya opa. O‘sha kuni tishlari og‘risa ham og‘riqli kayfiyatlarini mutlaqo sezdirmay, pushkinxonlik kechasini boshqardilar. Ertasi kuni ishga keldilar va xonalarga o‘tayotib, mening xonamga mo‘raladilar. Gulchehra Jo‘rayeva va Shahodat Isaxonovalar bilan suhbatlashib o‘tirgan edik. Zulfiya opa biz bilan so‘rashdilar, kiringlar, sog‘inib ketdim sizlarni, dedilar. Ustoz huzurida ancha gaplashib o‘tirdik, she’rlar o‘qidik, hammamizdan hol-ahvol so‘radilar. Men zarur bir dorini topolmayotganimni aytdim. Darhol dorixonalar bosh­qarmasiga telefon qildilar. Chuqursoydagi dorixonada bor ekan, mashinalarini yuborib, olib keltirib berdilar. Endi yaxshi bo‘lib ketasiz, deb tasalli berdilar. Men ustozning bu mehribonchiligidan ko‘nglim iyib, allaqanday bir tuyg‘u aro rahmat deyishimni ham, qanday minnatdorchilik bildirishni ham bilmay ancha muddat jimib qoldim. Uzoq topolmay yurgan doridan muolaja boshlab, o‘zimni ancha yaxshi seza boshladim.

1982 yil 10 iyun. Zulfiya opa ertalab ishxonaga kelib, belarus shoirasi Edi Ognesvetdan tarjima qilgan «Tasavvur etmam» sarlavhali she’rni ko‘chirtirdilar. Keyin Maksim Tankdan o‘zlari o‘zbek tiliga o‘girgan «Yanka Kupala haykali qarshisida» she’rini ham ko‘chirtirib, qayta ko‘rib, «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasiga berdilar. Tishlari bezovta qilayotgan ekan, bog‘ga borish oldidan doktorga borsammikin, deb otlandilar. Ozgina dam olay, mana bu kunlar (pushkinxonlik) meni ancha toliqtirdi, dedilar. Zulfiya opa har kuni bog‘dan taram-taram chiroyli olmalarni savatchaga solib, biz uchun olib kelardilar. Bizni xursand, baxtiyor, chiroyli ko‘rsalar, suyunib, maqtab, ko‘ngillari to‘lib xursand bo‘lib yurardilar. Ko‘p she’rlarini saharda yozganlarini aytardilar. Aslida Zulfiya opa qush uyqu edilar. Ko‘pincha uyqu dori bilan uxlardilar. Yaxshi uxlamasalar ham doimo o‘ktam va ko‘rkam qiyofada ishga kelardilar.

— Manim barcha dardlarim, qayg‘ularim — hammasi uyda qoladi. Ostonadan qadam bosib chiqishim bilanoq men bosh­qa Zulfiyaga aylanaman, — derdilar.

Betobliklarini, noxush kayfiyatlarini atrofdagilar sezishini xohlamasdilar.

Zulfiya opa andak g‘amgin, noxush ko‘rinsalar, biz darrov Hamid Olimjondan so‘z ochardik. Uning she’rlarini yod ayta boshlasam, Zulfiya opa Hamid Olimjon she’rlaridan yod aytib, suhbatimizni qizitardilar, kayfiyatlari ko‘tarilib, jannatmakon shoirimiz Hamid Olimjon haqida yayrab-yashnab so‘z ochardilar. Bir kuni yozuvchi Sa’dulla Siyoyevning «Sarvinoz» hikoyasini tayyorlab olib kirdim. Zulfiya opa hikoyani o‘qib ma’qulladilar. Undagi yigit obrazining nimasinidir Hamid Olimjonga o‘xshatgan edilar.

— Biz Oydin opa va Hamid Olimjon bilan birga teatrga yoki uchrashuvlarga borsak, u kishiga eshittirib: «Hozir Hamid Olimjon eshikni ochib, bizni ichkariga o‘tkazib yuboradilar… Hozir Hamid Olimjon paltolarimizni kiydirib qo‘yadilar…», − der edik. Hamid Olimjon yosh boladay quvonib, oppoq tishlari charaqlab kulardi-da, bizni oldinga o‘tkazib yuborar, paltolarimizni kiydirib qo‘yardi. Odamlar Hamid Olimjonday mag‘rur yigit shunchalar muloyim tortib, gapga kiradigan bo‘lib qolganiga hayron bo‘lishardi…

Qish kunlari edi. Yaxmalak otishga chiqdik. O‘shanda Hulkar tug‘ilishiga ozgina qolgan. Yaxmalak uchay desam, ucholmayman. Shunda Hamid Olimjon, qani, xonim, o‘tiring, mening paltoimdan ushlang, men sizni chana tortganday yaxmalak uchiraman, der edi. Qiyqirib, shodon bo‘lib yaxmalak uchar edik. Hamid Olimjon juda mehrli, sezgir va nihoyatda topqir inson edi. Bir kuni ziyofatga bordik. Baland poshnali tufli kiyib olganman. Yurishga qiynalaman. Qaytayotganimizda yurish yana ham mashaqqat bo‘lib ketdi. Shunda Hamid Olimjon, qani, xonim, tuflingizni yechib menga bering, mana buni kiyib oling deb, tuflisini yechib oyog‘imga kiydirib qo‘ydi. Men Hamid Olimjonning katta tuflisini kiyib, u esa yalangoyoq uyga qaytganmiz…

Hayotining bu quvonchli, zavqli lahzalarini u ko‘zlari yonib, yuzlari yorishib, xuddi o‘sha holatni qayta boshidan kechirayotgandek huzurlanib so‘zlardi. Balki, mana shu lahzalarning so‘nmas yodi Zulfiyaga to so‘nggi nafasigacha kuch-quvvat, mador, sabr-toqat bergandir…

1983 yil 1 iyul. Respublikamizning juda ko‘p joylarida shoira Jahon otin Uvaysiyning 200 yillik yubileyi tadbirlari bo‘lib o‘tdi. Zulfiya opa yubiley komissiyasi raisi edilar. Farg‘onada, Shohimardonda, Marg‘ilonda bo‘lib o‘tgan uvaysiyxonlik kunlari fayzi, shukuhi Toshkentga ko‘chdi. «Bahor» konsert zali sahnasida xalqimizning suyukli, taniqli olimu shoiralari jam bo‘lganlar. Zulfiyaxonim xuddi yulduzlar burjidagi eng yorqin yulduzday charaqlab to‘rda o‘tirardi. U malla rangli, hoshiyalari sariq ipak bilan tikilgan kashtali ko‘ylakda malikalarga o‘xshab ko‘rinardi. Opaning tegrasida bulbul ovozli Halima Nosirova, taniqli olimalar Muzayyana Alaviya, Suyuma G‘aniyeva, Mahbuba Qodirova, E’tiborxon Ibrohimovalar chiroyli bo‘lib tizilishgan. Kechaning raisasi Zulfiya shoiralarga, xonanda qizlarga iltifot va nazokat bilan so‘z berar, g‘azallar she’rlarga, ashulalarga, so‘zlarga ulanardi. Kecha fayzga, sururga to‘lib borardi. Men ham ushbu kechada Jahon otin Uvaysiyning «Mandin o‘rgandi» radifli g‘azalini o‘qigandim. Ustoz aruz vaznida juda kam yozsalar-da, bu kecha Uvaysiyning «Zamona kulfatidin bu ko‘ngil dog‘ o‘ldi, dog‘ o‘ldi» g‘azaliga tatabbu qilib yozgan «Tog‘ o‘ldi, tog‘ o‘ldi» radifli muxammasni o‘qib berdilar. Muxlislar hayajon bilan tinglashdi, uzoq olqishlashdi. Aziz hofizamiz Halima Nosirova kecha boshlanishi oldidan shogirdi Maqsadxon Yunusovaga Uvaysiyning «Zaboningni keturgil, ey shakarlab to‘ti, guftora» matlai bilan boshlanuvchi g‘azalini o‘rgatdilar. Maqsadxon bu ashulani shunchalar maromiga yetkazib kuyladiki, «Bahor» konsert zalining shiftlari zirillab ketdi. Maqsadxon ashula aytarkan, Halimaxonim ham barmoqlarini qarsillatib unga qo‘shilib, o‘tirgan joylarida xirgoyi qilib berdilar. Nazarimda, o‘sha g‘azalxonlik kechasida nafaqat Uvaysiy, balki Zebunisobegim, Nodirabegim, Anbar otin va Dilshod Barnolarning ruhlari shod bo‘ldi. G‘azal va kuyning ohangidan dillar sel bo‘ldi. Ko‘ngillarga hayot shavqi va zavqi to‘lgan edi. Zulfiya­xonim boshqargan har bir anjuman, she’riyat kechasi shunday maroqli, betakror va fayzli o‘tar edi.

Zulfiyaxonim do‘stlariga, ustozlariga, yaqinlariga nihoyatda mehribon va sadoqatli edi. Ularning qiyin-qattiq kunlarida, yaxshi-yomon lahzalarida yonida bo‘lishni, ko‘nglini ko‘tarishni yaxshi ko‘rardi.

1983 yil 31 oktyabr. Jamoat arbobi Sharof Rashidov vafot etdilar. Zulfiya opa o‘sha kuniyoq Sharof otaning uylariga ketdilar. Kutilmagan noxush xabar opani juda iztirobga soldi. 2 noyabr kuni dafn marosimi bo‘lib o‘tdi. Biz muharrir xonasida televizor ko‘rayotgan edik. Zulfiya opa horg‘in kirib keldilar.

— Oxirgi daqiqalarda yuragim ko‘tarmadi. Qabrga tuproq tashlashlarini ko‘rishga chidamim yetmadi. Omonjon olib kelib qo‘ydi, — dedilar.

O‘sha kunlari birinchi marotaba boshlariga qora ro‘mol o‘raganlarini aytdilar. Zulfiya opa Sharof Rashidovning azasida oilasiga ikki kun hamdard, hamsuhbat bo‘lib turganlarini so‘zlab berdilar. Xursand G‘afurovna tushlarida tuflisini yo‘qotganini, hech kim topib berolmaganini aytibdi. Nuqul jizzaxliklar yig‘ilib, chapak chalishdi, o‘rtada nima bo‘layotganini bilmayman, ertasiga mana shu ish bo‘ldi, debdilar Xursandoy opa.

— Sharof Rashidovning qarindoshlaridan biri, ukajonginam, Sharofiddinjon, deb yig‘lasa, Xursand G‘afurovna, «Sharofiddin» degan tillaringizdan o‘rgilayin-a, — derdi…

… Zulfiya opa shu gaplardan so‘ng divanda bir soatcha dam oldilar, choy ichdilar, til ostiga dori tashladilar. Hamid Olimjonning vafoti kunlarini yana bir karra esladilar.

— Sharof Rashidovich Hamid Olimjonning vidolashuvida doimo birga bo‘lgandi. Yonma-yon yurib, taskin bergandi. Tushlarimni aytib bergandim u kishiga. Dunyo shu ekan-da, endi bo‘lsa Xursand G‘afurovnaga men madad bo‘lib turdim. Hech qachon o‘zini bunday g‘arib, yolg‘iz sezmagan bo‘lsa kerak, — dedilar.

Bir oz o‘zlariga kelgach, uyga telefon qiling, dedilar. Hulkar opa uyda ekan, xavotirlanib, “oyim qalaylar?”, − deb so‘radi. Yaxshi, dedim. Zulfiya opa yo‘l ancha teskari bo‘lsa ham mashinada meni uyga tashlab, so‘ng o‘zlari o‘tib ketdilar. Ko‘pincha ishdan ketayotganlarida farishtaday bo‘lib xonamga kirar, suhbatlashib o‘tirar va “Oydinjon, ketasizmi?”, − deb so‘rardilar. Men iymanib javob bermasam, qani bo‘ling, men sizni uyingizga tashlab, keyin o‘tib ketaman, derdilar onalarcha mehribonlik bilan. Bunday mehribonlik, lutf shunchalar samimiy, shunchalar insoniy ediki, beixtiyor onaning mehri, kuyunchakligini his qilardi kishi.

1984 yil 14 sentyabr. Oybek tavalludining 80 yilligi munosabati bilan Naim Karimov opaning huzuriga kelganida, Oybek haqida suhbat bo‘ldi. Zulfiyaxonim Abdulla Qahhor, Oybek va Shayxzodalarni nihoyatda hurmat qilar, o‘zlarini ularga shogird hisoblar, ehtirom bilan ulardan so‘zlardi. Oybekning so‘nggi safari haqida so‘zladilar. Suhbatning bir uchi Shayxzodaga ulandi.

— Shayx akaning vafoti menga qattiq ta’sir qildi. Bordim. Sakina xonim mahzun bo‘lib qolgan. Shayx akaga tikilib butun fikr, butun daholik uning peshonasiga yig‘ilganmi, degan xayol o‘tdi. Hayratga tushdim o‘shanda. Muzdek peshonalaridan o‘pdim. Betobliklarida savatchaga chiroyli mevalar terib, Shayx akaga yuborib turardim. Juda mehribon ayol ekansiz, deb yozgan xatlari bor. Agar umrim yetsa, o‘sha xatga javob yozaman. «Kechikkan maktub» bo‘ladi sarlavhasi. Ajabo, dono odamlarning aqli shu yerga (peshonaga) yig‘ilar ekan-da. Odamlar o‘lgandan keyin eng noyob narsamizni yo‘qotganimizni bilib qolamiz, — dedilar Zulfiya opa o‘kinch bilan.

Zulfiya opa qardosh mamlakatlarda, jahonning barcha davlatlarida katta anjumanlarda qatnashar, minbarlarda so‘z aytar, she’r o‘qirdi. Hamisha yonlarida Sharqning buyuk olimlari, shoirlari azim chinorday uni panohida olib yurishardi. G‘afur G‘ulom, Mirzo Tursunzoda, Mustay Karim, Oybek, Abdulla Qahhor, Mirtemir… Ularni Zulfiyaxonim katta og‘alariday hurmat qilar, e’zozlar, muhabbat va ehtirom to‘la so‘zlari bilan alqar edi.

O‘zi ulug‘larga hurmat ko‘rsatib, izzatini joyiga qo‘ygan odamlargina el ichra obro‘-e’tibor, shonu shuhrat topadilar va shogirdlarining mehri, sog‘inchida yashaydilar. Zulfiyaxonim ham ana shunday buyuk ustoz maqomiga erishgan, shonu shuhrat arshiga ko‘tarilgan va mangulikka daxldor bo‘lib qolgan yorqin siymolardan biridir.

Manba: http://zulfiyaxonim.uz

03

(Tashriflar: umumiy 1 903, bugungi 1)

Izoh qoldiring