Zulfiya. Jur’atli qizg’aldoq & Qutlibeka. E’tiqodim Haqiqat,Haqdir!

012

   Бугунгидай эсимда: соддагина қишлоқ қизи рўпарамга дадил келиб ўтирди. Саволларимга жонли-жонли жавоб қайтарди. Бутун суҳбат давомида кўзимга тик қараб ўтирди. Унинг менга қолдириб кетган шеърлари ҳам эсимда бор. Биз бу туркумни ўша ойда тайёрланаётган сондаёқ эълон қилганмиз. Бу шеърлар «Қуёшнинг ҳарорати оз туюлиб, ғўзага ўз қалбини иккинчи қуёш қилиб тутқазмоқчи» бўлган пахтакор келинойижон, «Болалиги, йигитлиги, кексалиги ерда қолган» деҳқон ота ҳақидаги шеърлар эди.

90
022
ЗУЛФИЯ
ЖУРЪАТЛИ ҚИЗҒАЛДОҚ
011

Қутлибеканинг «Ўзбекистон. Баҳор» сарлавҳали шеърида шундай сатрлар бор:

Қизғалдоқ
Журъатли:
томларнинг устига югуриб чиқиб,
шамолда йиқилмай, турибди кулиб…

Қутлибеканинг ўзини эсласам доим шу мисралар ҳам ёдимга келаверади…

У жуда кўп шоира қизларимизга ўхшаб илк машқларини менга конвертларда йўлламади. Ёзнинг жазирама бир кунида узоқ Туркманистоннинг Тошовуз районидан келиб, «Саодат» журнали редакцияси эшигини журъат билан очиб кирди. Бу пайтларда Қутлибеканинг бирорта шеъри марказий матбуотда эълон қилинмаган, ўз сўзи билан айтганда, унга «тирик шоирнинг нигоҳи тушмаган» эди.

Бугунгидай эсимда: соддагина қишлоқ қизи рўпарамга дадил келиб ўтирди. Саволларимга жонли-жонли жавоб қайтарди. Бутун суҳбат давомида кўзимга тик қараб ўтирди. Унинг менга қолдириб кетган шеърлари ҳам эсимда бор. Биз бу туркумни ўша ойда тайёрланаётган сондаёқ эълон қилганмиз. Бу шеърлар «Қуёшнинг ҳарорати оз туюлиб, ғўзага ўз қалбини иккинчи қуёш қилиб тутқазмоқчи» бўлган пахтакор келинойижон, «Болалиги, йигитлиги, кексалиги ерда қолган» деҳқон ота ҳақидаги шеърлар эди. Тўғри, ёш шоирада одамни ҳайратга соладиган фавқулодда кашфиёт йўқ эди, албатта. Бироқ унинг самимияти чуқур-чуқур эди. У ўзи жуда яхши билган, илк қувончлар, илк оғриқларни уйғотган кишилари ҳақида ёзарди. Мен Қутлибеканинг қаламига ўшандаёқ умид билан қараб, чин юракдан оқ йўл тилаган эдим.

Қутлибека ҳамон ўшандай самимий ёзади. Энди шоиранинг мавзу доираси кенгайди, лирик қаҳрамони янада фаоллашди. Энди унинг қаҳрамони урушда ўғли-жигарбандидан ажралиб, тош ҳайкал ёнида:

Ўтдай бағрим очдим, нечун шошмайсан,
Тананг гулдай эди, қучдим: тошдайсан.
Ноилож кўндим: арслонимга ўхшайсан,
Уйга юргин, бўйингдан ўргулайин,
Жон берганман, яна жоним берайин,—

деб ҳасрат қилаётган она;

Кўринг: эрксиз яқинларимиз,
Кўринг: хоин яқинларимиз;
Бунда ҳақнинг қарори учун
Беринг юрак чақинларингиз!—

деб ҳинд юртига кетаётган шоҳ Бобурни йўлдан қайтармоқ бўлиб илтижо қилиб турган малика Моҳимбону ва яна:

Қайтинг: бугун бўлмаса, азон
Доҳий туғар бир ҳинди келин.
Ёғийларин ул этиб яксон,
Кўнглига ёз элтади элин,—

деб бошқа халқлар тақдирига босқинчилик бахт келтирмаслигини айтаётган ўша Моҳимбону:

Нечун пичирлайсиз?
Баҳодир сўзларни,
Ботир сўзларни;
Курашиб енгмоққа
Қодир сўзларни
Нимага пичирлаб айтасиз?!—

деб шоирларга хитоб қилаётган замондошимиз;

Сизга аскарингиз хиёнат этди,
Заминга чатишган, томири чатиш —
Бир жон-жигарингиз хиёнат этди,
Бир ватан бағрида яшаган одам.
Сўзлари сўзингга ўхшаган одам
Хоинлик қиларми, демак, хатар бор,
Демак, бахт ярадор, ишонч ярадор.
Демак, соғаймайди бугун ҳам олам.
Мен шунга йиғладим азангиз куни,—

деб дунёнинг буюк аёли, мустақиллик, эрк учун кураш тимсолларидан бири Индира Ганди ҳалокатидан қайғуриб турган қалб…

Мен бу шеърлардаги гапларнинг ҳаммасига ишонаман. Чунки шоира воқеалар ўз туйғуларига қўшилиб кетганда, қалбининг бир парчасига айлангандагина сўзда сувратлантиради. Дарвоқе, сўз…

Н. А. Добролюбовнинг шундай бир гапи бор: «Бизга юракни чучмал орзулар билан тўлатувчи, мамнун мудроқларга кўмувчи чирик ва беҳуда сўз керак эмас, балки, юракни ватандошлик журъати билан қайнатадиган, кенг кўламли ва мустақил фаолиятга жалб этадиган янги ва мағрур сўз керак». Қутлибека буни ўқиганми, йўқми, лекин шу масъулиятни у теран англайди. Шеърларини ўқиганимда, бирор сўз ғашимни келтирмайди, ғадир-будир бўлиб туюлмайди. Ўз ўрнида, мустаҳкам тургандек туюлади. Ҳолбуки, улар ҳар куни эшитиб, айтиб юрадиган сўзларимиз, содда, оддий сўзлар. Қутлибека шу сўзлардан чиройли, кутилмаган бадиий образлар яратади:

Ҳозир икки кўзим — икки дона чўғ
Ва бошдан оёғим оташхонадир.

Бошқа бир шеърида эса:

Сўнг лойли сўқмоқдан уйга қайтаман,
Музларнинг остидан жилмаяр сувлар.
Тўнган дарахтларга таскин айтаман,
Таниб, шохларини силкитар улар.

Ёки мана бу мисраларга қаранг:

Бағрингга қаттиқроқ босасан қизчанг,
Руҳингга қайтади бошқа тантана.
Кўксингда потирлаб ҳориган қушча —
Орзунг қанотларин йиғади яна.

Нақадар табиий ва жонли тасвирлар!

Мен юқорида ёш шоиранинг исми билан ёдимга «Журъатли қизғалдоқ» ибораси келишини айтган эдим. Бу бежиз эмас, албатта. Қутлибеканинг фикрлари журъатли. Унинг ҳаётга ўз нигоҳи бор. Бу ҳаққоний нигоҳ. Дунё безовталиги, ёруғ ҳаётимиздаги соялар шу нигоҳдан ўтиб, шеърга айланади. Шуниси қувонарлики, бу шеърларнинг бирортаси ўқувчида маъюслик уйғотмайди, балки куч, шиддат туғдиради.

Сен ёлғон сўйлама кўрганинг фақат,
Сўйласанг, жонланган тошдайман.
Эшитмаган бўлиб кетмайман лоқайд,
Қаршингда гулдирай бошлайман!

Шоиранинг позицияси ана шундай: муросасиз, курашчан.

Иш борми? Буюринг, энг зарур дамда,
Етган манзилларим қолар. Тушаман.
Қўрқманг узун кўйлак, ушоқ жуссамдан,
Юрт юкин Сиз билан тенг тортишаман.

Қутлибеканинг шеърларида «Халқ», «Ватан», «Эл», «Ер» тушунчалари кўп учрайди, Булар атайлаб олиб кирилган сўзлар эмас. У ўзи бир марта менга «Ерда ялангоёқ юришни яхши кўраман»,— деган. Ватанга муҳаббат туйғуси — ерга, шу қорамтир тусли тупроқ ерга, бағрида гул, дарахт ундиргувчи ерга, бизнинг тиригимиз ва хокимизни бағрида кўтариб турувчи ерга муҳаббатдан бошланади. Оёғи тупроққа текканда танасига ҳарорат югурмаган, чўкка тушиб гиёҳларни қучгиси келмаган одам қашшоқ бўлади, муҳаббатсиз бўлади, ундан шоир чиқиши қийин.

Юролмайман.
Ўсган ўтлар бағрига чўкдим,
Ўтлар нам, салқин.
Мендан ҳам олдин
Шунчалар кўп гўзалликка чидай олмасдан
Тўйиб-тўйиб йиғлаганга ўхшайди кимдир…

Шоиранинг бу сатрлари менга табиат манзаралари эмас, меҳр-муҳаббат сувратлари бўлиб туюлади.

Қутлибека Раҳимбоеванинг ҳозиргача иккита китобчаси нашрдан чиқди. «Юрагимда кўрганларим» ва «Узун кундузлар» деб атабди уларни. Бир туркум шеърлари учун Тошкент область Ленин комсомоли мукофоти лауреати бўлди. 1984 йил Москвада бўлиб ўтган ижодкор ёшларнинг Бутуниттифоқ семинар кенгашида иштирок этди. Ҳозир республикамиз хотин-қизларининг «Саодат» журналида адабиёт ва санъат бўлимини бошқаради. Шеърлари эълон қилиниб турибди.

Мен эндигина иккита китобча чиқарган ёш шоирани керагидан ортиқ мақтаб юбормадимми? Агар шундай бўлса ҳам, мен бундан чўчимайман. Қутлибека бу мақтовларнинг қайси бири ўз ижодига берилган ҳаққоний баҳо, қайси бири менинг устозлик меҳримнинг жўш урган жойлари — яққол кўриб туради. Мен унинг кўпроқ ёзишини истайман. Шиддатли давримиз, заҳматкаш кишиларимизнинг ўзи айтганидек «рост» сувратларини каттароқ кўламдаги асарларида чизишини истайман. Шеърият йўли олис, шу билан бирга текис ҳам эмас. Ўзини унинг ғадир-будир жойларига уриб, ушатиб юбормаслигини ҳам истайман. Қалбидаги бутун қудрати, бутун журъати, бутун нақшини адабиётимиз равнақи учун сарфлашини хоҳлайман. Шундай деяпман-у, бу истагимга унинг тўла қўшилмаслигини ҳам билиб турибман. Гўё ҳозир ҳам кўзимга тик қараб: «Зулфия опа, инсон халқ бахт-саодати, ҳақиқат ғалабаси учун шеърсиз ҳам, шеър билан ҳам курашиши керак», деб тургандай бўляпти.

Ҳақиқий шоирлик шундай бўлиши керакдир, балки. Нима бўлса ҳам, ундан умидим катта.

1983

022

ЭЪТИҚОДИМ ҲАҚИҚАТ,ҲАҚДИР!
Қутлибека Раҳимбоева

Адашмасам, саксонинчи йиллар охирлари эди. Матбуотда устоз Миртемир ҳақида шогирдлари Отаёрнинг хотиралари эълон қилинди.

Зулфия опам буни ўқиб:

— Шу йигитнинг эсдалик ёзиш учун танлаган услуби менга ёқди. Миртемир аканинг шеъриятига нигоҳ ташлаш орқали унинг шахсини очишга, шахсини кўрсатишга ҳаракат қилган. Аслида ижодкор ҳақидаги ёдномалар шундай ёзилиши керак. Шоир шеърисиз ким? Ҳеч ким! — деган эдилар.

Ҳар гал жаннатмакон устоз Зулфияхоним ҳақида ёзишга чоғланар эканман, хотирам кенгликларида опанинг ўктам, самимий овозлари акс-садо бера бошлайди:

Ўлтирибман бўрон ичра сервиқор,
Мен суянган токнинг сирқирар занги.
Иккимизда бир хил пўлат чидам бор:
Изтироб меваси, шодликнинг ранги…

Ёки:

…Етим муҳаббатнинг ўчмаган чўғи…

Ёки:

…Очинг деразани, “гу-гу”лашсин ҳур,
Қуш шодлигин англаш ўзи ҳам бир бахт…

Ёки:

Не-не наштарларга чидам берганман,
Гоҳо зако тиғи ҳам ларза.
Бўронида хўп соврилганмен,
Ўзим ўлиб, ўзим тутганман аза…

Ҳа, чинакам шоирлик — шу: Гоҳ мағрурлар қошида ҳам мағрур, гоҳ “шит” этган товуш ҳам юрагига тегиб кетиб, майда-майда бўлади. Баъзан кучлилардан ҳам кучли, баъзан баҳорнинг илк офтобини “Илиқ кунлар бошланди”, дея суюниб очилиб юборган митти бинафшанинг қор остида қолганини кўриб кўзи ёшланади…

Шоира Зулфияга ҳам бу туйғулар бегона эмас эди. Уларнинг ҳам катта жасоратларга чоғланган шахд-шиддатли онлари, айни дамларда куз шамолидан титраниб, узилиш изтиробини кечираётган япроқдек заиф онлари бор эди.

Шундай экан, нима учун муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарларида шоирамизни ҳаммамизга идеал бўлиб яшаган ва яшаб келаётган маънавий жасорат эгалари саноғида тилга оладилар?

Бизнингча, Зулфия жасорати ҳамиша қалби, эътиқоди, ўзи сиғиниб яшайдиган эътиқодлари йўлига чиққан тўсиқларни енгиб яшаганликларида!

Ҳар қандай инсон, у қанчалар тўғри, ростгўй, камтар, ҳалол, пок киши бўлмасин, унинг ҳам иккиланган дамлари бўлади. Кўнглида нималаргадир қизиқиш, майл уйғонади, икки йўл орасида тебранади… “Нима қилсам экан?” деган сўроқ исканжасида қийналади. Зулфияхоним ҳам ер аёли, замин фарзанди бўлгани учун бундай лаҳзаларни қалбларидан кечирган, албатта. Лекин ҳамма гап шундаки, шоира ҳамиша бундай онларда ўша сўроқлар, ўша изтироблардан ғолиб келган.

Ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафотидан сўнг у билан бор-йўғи тўққиз йил бирга умр кечирган Зулфияхоним қаламининг ҳижрон нолишларини эслайлик:

Ишққа маскан юрагим,
Топиб бер, деб қистайди.
Нима қилай, бераҳм —
Руҳим сени истайди…

Бу истакнинг аламини, бу истак қийноғини турмушдоши билан севиб, севилиб яшаб, кейин бехос ундан жудо бўлганлар яхши билади. Бу азобга чидаш, чил-чил бўлиб синган бахт қўрғонининг ҳар тошини териб қайта бутлаш, тиклаш учун қанчалар кучли ирода керак! Зулфия опа ўзида бундай иродани яратди! Мен “Яратди” деб онгли равишда айтаяпман. Чунки Зулфия опа йигирма тўққиз ёшида бева қолди. У ота-онаси, акалари, сўнг Ҳамид Олимжоннинг меҳр-муҳаббатига суяниб, қад ростлаб келаётган бир маъсума аёл эди.

Одамга бирданига куч-қудрат қуюлиб келмайди, ирода осмондан тушмайди. Уни меҳнат билан, жисмоний меҳнатдан минг карра оғирроқ руҳий меҳнат билан одамлар қалбида ўзлари тарбиялаб, ўзлари яратадилар.

Биз бугун ҳавас, эҳтиром билан айтаётганимиз, ёш қизларимиз, аёлларимизга ўрнак қилиб кўрсатаётганимиз Зулфияча вафо-садоқат, Зулфияга хос, ҳаё, ибо аслида опанинг иродаси, матонатига қўйилган ҳайкалдир, десак, хато қилмаган бўламиз:

Шоира:

Тоғдай бор деб билган юрагим,
Қуш бошича қолмади чоғи…

….

Бирдан қолдим кексариб,
Қон ҳам қочди юзимдан…

каби кўнглида юз бераётган азобларни енгиб:

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

— дея қилган хитобларига содиқ қолди.

Фақат севги-вафо бобида эмас, шоира ҳаёт китобининг қайси саҳифасини варақласак, улар шеъриятининг шахси билан уйғунлигини кўрамиз. Зулфияхонимнинг бутун ҳаёти, ижоди баъзи давраларда юрадиган: “Ҳа, энди ижодкорнинг фақат асарини ўқиш керак, шахсини таҳлил қилиб ўтириш тўғри эмас”, деган бир ёқлама фикрни рад этади. Бир галги суҳбатимизда Зулфия опанинг ўзлари (ижодкор шахси ҳақида “бўлаверади, унга мумкин”, тарзида фикр айтилганида):

— Шоир дегани телба, дегани эмас. Шоирлик энг аввало бурч ва масъулият, — деган эдилар.

Шу маънода олиб қарасак, опанинг оддийгина қизларга дил изҳори сифатида ёзилган “… Эй тоза қалбимнинг ошнолари, куйларим илҳоми, севарим қизлар…” сатрларини ёдга олайлик. Шоира бир умр ҳаётда ҳам қизларни севди, улардаги истеъдодни қадрлади. Ҳар бир кишининг ичида “мен”и бўлади. У, айниқса, ижодкорда кучлироқ намоён экани сир эмас. Баъзан, айниқса, кўпнинг олдига чиққанда бу “мен” ўзининг борлигини кўрсатгиси келади. Лекин, наздимда, Зулфия опа ўша “мен”ни ҳам кўп бор енггандек туюлади. Ахир, қанча қизларни давраларга олиб чиқдилар. “Бу — истеъдодли шоира, истеъдодли рассом, бастакор, адиба”, дея одамларга суюнчилади, “оқ йўл” тилади. Истеъдодли қизларнинг фақат ижодларининг камол топишигагина эмас, баъзиларининг уйли, баъзиларининг оилали бўлиб, тиниб-тинчиб кетишига ҳам бош-қош бўлдилар.

Ёки устознинг:

Она қалби оёққа турса,
Ўғлим, сира бўлмайди уруш…

Хитобларига эътибор қаратайлик. Ҳиндшунос, Неру мукофоти лауреати Фотиҳ Тешабоевнинг опа ҳақидаги эсдаликларида шундай воқеа бор:

“…1972 йили Деҳлида Осиё ва Африка ёзувчиларининг халқаро анжумани бўлиб ўтган эди. Юзга яқин мамлакатлар вакиллари халқаро “Нилуфар” мукофотининг Зулфияга берилиши учун якдиллик билан овоз бердилар. Мен табриклагани борганимда у киши беҳад тўлқинланиб:

— Бу мукофот менга эмас, Ватанимга берилган мукофотдир. Бу мукофот эвазига Осиё ва Африка ёзувчилари ташкилоти нимани ажратса, ҳаммасини Тинчлик фондига ўтказаман, деди…”

Албатта, мен устоз билан жуда кўп бор мулоқотда бўлган, уларни яқиндан билган бир шогирд сифатида шундай бўлганига, Зулфияхоним ўзига берилган мукофот пулини тўлалигича тинчлик фондига ўтказганига ишонаман.

Чунки устоз ҳеч қачон ҳавойи гап айтмасдилар. Барча гапларининг илдизлари кўнглида, юрагида бўларди.

Зулфиянинг шеърларини аёл қалбида кечаётган барча ҳиссиётларнинг кўп овозли симфонияси, деса бўлади. Шоиранинг:

Аёлликни бўлмас унутиб…

каби бетакрор сатрлари бу фикримизни исботлайди. Меҳнат фахрийси Маҳкам Камоловнинг “Сийратию суврати гўзал” мақолаларида эса шоиранинг аёл билан боғлиқ ҳаётининг яна бир унутилмас манзарасини кўрамиз:

“… Зулфия опанинг депутатликка номзоди Назарбек сайлов округидан кўрсатилди. Сайловчилар билан бошланган учрашувлар тушда бошланиб, кечгача давом этарди. …Шоира, айниқса, аёллар ҳаёти билан қизиқар, уларнинг меҳнатини енгиллаштириш, уларга қулайликлар яратиш ҳақида кўп қайғурардилар. Бир гал 8 март байрами арафасида Зулфия опа менга туман раҳбарларининг бири сифатида шундай талаб қўйдилар:

— Биласизу қишлоқ аёлнинг иши кўп бўлади. Бир кир ювишга тушиб кетса, кунни кеч қилади. Байрамда кўплашиб, уларга кир ювиш машинасини совға қилсак, дегандим. Шунда уларнинг вақти тежалиб, шеър ўқишгаям етар-а, Маҳкамбой…”

Шоира ойда бир марта сайловчилар олдига ташриф буюрар, болаларга кейим-кечаклар, китоблар, аёлларга рўзғор анжомлари олиб келардилар…”

Аёлни улуғлаб ҳар ким ҳам шеър ёзиши мумкин, лекин ўзларининг ҳисобидан уларга зарур бўлган анжомларни олиб бориш учун Зулфия опадай инсон бўлиш керак.

Зебу зийнатларга ўч бўлмадим ҳеч…

— дейдилар шоира “Узугим сирғалиб тушди” шеърларида. Дарҳақиқат, устоз ҳаётда ҳам шеъриятларидагидек сипо, камтар эдилар. Зару зеварларга бурканиб юриш имкониятлари бўлатуриб, ўзларига яраштириб, лекин оддий кийинардилар. Кўзга ташланадиган безак таққанларини эслай олмайман. Бармоқларида бир дона феруза кўзли узуклари бўларди…

…Шеъриятию шахслари билан боғлиқ хотиралар аро кезинар эканман, устознинг:

Йиллар қанча олис кетса, шунча яқинман…

деган сатрларини эслайман.

Ҳа, устоз фидойи, садоқатли қалблари ва ўша қалб сувратланган, овозланган ижоди билан вафони яшаш шарти билган, эътиқодни юрак устуни ҳисоблаган халқимизга барча замонларда замондош бўлиб қолаверади.

Манба: http://zulfiyaxonim.uz

04

(Tashriflar: umumiy 568, bugungi 1)

Izoh qoldiring