Alixonto‘ra Sog‘uniy. Turkiston Qayg’usi

Ashampoo_Snap_2017.12.04_15h08m25s_001_.png   Ушбу китоб улуғ бобокалонларимиздан бўлган аллома Алихонтўра Соғуний қаламларига мансуб нодир бир асардир. Муаллиф «Туркистон қайғуси» (1966—1973) номли бу асарида халқимиз қандай қилиб босқинчиларга қарам бўлиб қолгани ва динни, Ватанни, миллатни асраш кераклиги, мустақилликни қўлга киритиш учун нималар қилмоқ зарур эканлиги тўғрисида ўша мустабид совет тузуми даврида етук сиёсий арбоб сифатида чуқур сиёсий-ижтимоий мантиқ асосида мукаммал баён этади. Шу билан бирга, бу асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан то XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, Амир Темур ҳақида, туркий халқлар этнографиясига оид қимматли маълумотлар ҳам бор.

УЛУҒ БОБОМ ВА
«ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ» АСАРИ ҲАҚИДА

Увайсхонтўра Шокиров
021

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм

Муҳтарам ўқувчи! Маълумдирки, инсон боласи ўз падари бузрукворига қараб қад ростлайди. Лекин миллатни жаҳон миқёсида шуҳратлантирадиган буюк шахслар ҳақида ёзиш ҳамиша шарафли, масъулиятли ва бир вақтда ўта мураккаб вазифадир. Мазкур вазифанинг қўшимча оғирлиги ўз бобонгиз ҳақида ёзишдир, чунки «ҳиссиётларга берилиб, мавзу холисона ёритилмаган» дейилиши мумкин гумонларга асос бўлмаслиги керак. Шу сабабли бошқалар ёзишади деган умидда кўп йиллар ўтди. Кейинги йилларда босилиб чиқаётган мақолаларнинг кўпи бир томонлама бўлиб, Алихонтўрани ўз даврининг сиёсий, мафкуравий тузумини қабул қилган, унинг ғояларига ишониб алданган олимлар қаторида ифода этишга уринишлар бўлди. Бу, албатта, шу даврнинг ёзувчилари учун қулай, чунки бу инсон ҳам ўзимиздан эдилар демоқчи бўлишади. Лекин ҳақиқат ундай эмас эканлигини ушбу китобдан билиб оласиз. Шу боис бу ҳақда батафсилроқ маълумот бериш зарур деб билдим.
Улуғ бобомиз Алихонтўра Соғуний (1885 — 1976), Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин, комил инсон бўлиб, замонамизнинг кўп илмларни мукаммал эгаллаган буюк алломаларидан эдилар. Биринчинавбатда у киши диний илм теология соҳасида катта билимга эга бўлганлиги ва машҳурлиги ҳозирги кунда кўпчиликка маълумдир. Хусусан, «Тарихи Муҳаммадий» асари нашрдан чиққандан кейин (Т.,1991) у киши нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида шуҳрат қозонди. Шу билан бирга бобомиз ўткир зеҳн соҳиби, тарих илмининг, айниқса ислом тарихи ва Туркистон тарихининг зукко билимдонларидан эди.
Сермазмун ҳаётининг охирги 30 йили давомида Алихонтўра ёзиб қолдирган улкан илмий мерос ичида «Туркистон қайғуси» тарихий асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарда у кишининг йигитлик ва камолотга етган даври хотиралари асосида ўз эътиқоди, дунёқараши, қайси ғоялар учун жонфидо бўлиб курашганлари, нималарга Ватан аҳлини даъват қилганликлари, суюкли Ватанимиз тарихи сабоқлари, келажак бўғинлар улардан қандай хулосалар чиқармоқлари кераклиги, Ватанимиз мустақиллиги муқаррар равишда қўлга келиши башорати, уни мустаҳкамлаш учун нималар қилмоқ зарур эканлиги тўғрисида чуқур ўй-фикрлар ўз ифодасини топган ва баён этилган. Бу асардан айрим парчалар «Ёшлик» журналида (1992 йил, 3 —4-сонлари) ва шу йили «Ўзбегим» китобида чоп этилган бўлиб, тўлиқ ҳолда у энди биринчи марта китоб шаклида кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
«Туркистон қайғуси» асари 1966 1973 йилларда Тошкентда ёзилади. Бу даврда совет мустабид тузуми куч қудратга тўлган, ўз сиёсатини зўравонлик билан нафақат мамлакат ичкарисида, балки унинг узоқ ташқарисида ҳам ўтказиб турган пайт эди. Шу сабабли кўпчилик зиёлиларимиз ҳукмрон маслакка қаттиқ ишониб, кечаю кундуз унинг хизматида бўлдилар. Қанчадан қанча юксак қобилият эгалари, истеъдодли шоир ва ёзувчиларимиз бу сохта мафкура куйчилари, ташвиқот ва тарғиботчилари эди.

Улар тузумга тўғри бўлмаган бир оғиз сиёсий сўз, мустақил фикр айтиш у ёқда турсин, бу тўғрида ўйлашнинг ўзи нотўғри, телбалик, ақлдан эмас деб билишар, бошқаларни ҳам бунга ишонтириш учун барча минбарлардан бор рас-мий, норасмий усуллар ва жонфидойилик билан ҳаракат қилишар эди. Бошқа миллат вакиллари бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, умуминсоний қадриятлар тарғиботчилари академик А.Сахаров, ёзувчи А.Солженицин ва шулар сафидаги бошқа мустабид тузумнинг зулмини кўрган ҳақиқат ва адолат курашчилари тарих саҳнасига энди биринчи қадамларини қўймоқда эди.
Мана шундай муҳитда, яъни юртимизда ҳукм сураётган ихтиёрий қуллик даврида, собиқ қизил империя ҳудудида биринчилардан бўлиб, бобомиз бу тузум ва мафкура туб негизи ва моҳияти билан инсон табиатига, умуминсоний қадриятларга зид, инсоният тараққиёти йўлининг хато кўчаси эканлигини асослаб шундай ёзадилар: «Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармоғидир. …Маданият қаерда, қайси миллатда бўлсин, инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чоғдагина бутун халқ ҳақиқий маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳатда турмуш кечира олади. Бунинг натижасида
инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк-ихтиёри ўз қўлида сақланади. Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди».
«Асримиз бошида чиққан сиёсий фирқалар ичида коммунизм каби ақлдан йироқ, хаёлий бир маслак аҳли бўлган эмас. Мана шу хаёлий маслак эгалари 50 йилдан бери ақлдан ташқари тузумларини қурол кучи билан халқ устида юргизиб келадилар».
«…Инсоният оламининг офати, куфрнифоқ маданиятининг заҳарлик меваси ҳисобланган коммунистлар бозори қандай ерда қизиди? Сўзга тушунмаган, ҳеч нарса билмаган, айниқса, йўқсиллик-камбағалликда яшаётган гумроҳ, Ватан, миллат нима эканлигини билмайдиган онгсиз нодонлар кўп бўлса, мана шулар ичидагина ривожланиб, тездан ишлари авж олди». «… Ҳеч даврда кўрилмаган бузуқ, жирканчли тузумини большевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак ,ичмак, озиқ-овқатларига осилиб, бирор киши уйида дон уруғидан ортиқча ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни оч ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар. …Чунки 6у каби боши туюқ, қоронғу кўчага халқни киргизиш фақат иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир».
Ўша даврда, Тошкентда яшаб туриб, махфий уй назорати остида бўлишига қарамай, инсонлар ҳақ- ҳуқуқи, совет тузуми ва мафкураси устида шу каби ҳақиқатни қайғуриб сўзлаш учун қандай иймон эътиқод, маслак ва иродага эга бўлмоқ керак эди? Қайси қудрат ва ғоя у кишини бундай жасоратга бошлаган? Нега бошқа зиёлиларимиз шу пайтда бу тўғрида фикр юритишга журъат этолмаганлар? Улар ўз бошларини асраб, турмуш роҳатини кўзлаб, қандай қулликда, мутеликда, кимларнинг тобелигида ҳаёт кечираётганликларини англашни истамадилар.
Булардан фарқли ўлароқ, бобомлардаги биринчи қувват уммони ҳақиқий исломий иймон этиқоди ва ҳаққоний ҳур фикрлиги бўлса, иккинчи улуғ манба ул зотнинг Ватан ва миллатга бўлган чексиз муҳаббатидир. Бобомлар ёзадилар: «Умрим ичида қанчалик оғир ишларни, кўп қўрқинчлик кунларни бошимдан кечирдим. У чоғда кўнглимдаги иймон эътиқодим, Аллоҳга ва унинг ҳақ пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатим, мен учун энг кучлик ишончим ва энг ортиқ суянчим эди….Иймонлик кишиларга ҳар вақт бу улуғ давлат насиб бўлғусидир».
«Ҳозирги маданият даврида диёнат билан тараққиёт бирга яшолмайди деган хато фикр оқиллар олдида эмас, жаҳон бўйича жоҳиллар орасида тарқалмишдур. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Ҳозирги тараққиёт ислом ахлоқи асосида олиб борилса, инсонлар учун энг фойдалик маданият бўлишида шак йўқдир. Умуминсоний ҳақ ҳуқуқлар бутун халқ олдида, айниқса, ҳукумат доираларида қонуний равишда ҳимояланиб сақланар экан, ўшандагина маданияти фозилага эришилади. Шу кунларда устимизда ҳукмрон бўлган динсизлар маданияти эрса фосиқ маданият дейилади. Бундай маданият инсонларни ҳам ахлоқий, ҳам руҳоний фазилатларидан бутунлай ажратади».
Ватанимиз, миллатимиз юз йилдан ортиқ босқинчилар қўлида, мустамлака зулми остида ётганининг асосий сабаблари хонликлар даврида Туркистон ўлкасида юзага келган иттифоқсизлик; динни асоси билан тушунмаган илм маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлиши; мамлакат мудофаа қувватига аҳамият берилмагани; халқимизнинг хурофот зулмати ва жаҳолат ботқоғига бутунлай ботганлиги; замонавий фан илмларини ўқиш ва ўқитиш ишларига эътибор бўлмаганлиги ҳақида бобомлар куйиниб гапирадилар.

«Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур». «Булар Ватан ва миллат олдида энг кечирилмас жиноятчи одамлар, чунки давлатларини инқирозга, миллатларини қулликка, Ватанларини хорликка олиб келдилар».
«Ҳозирги маданият оламида миллатнинг ўз хуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина боғланмишдир. Шунинг учун тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хўрлик билан яшамоққа мажбурдирлар». «Шунга кўра, Ватан болалари олдимиздаги келажак кунларни эскариб, замонавий илм ўқишга чин кўнгиллари билан киришиб, ҳалол мерос ўз Ватанларини эгаллаш учун мудофаа қуввати тайёрлашга тиш-тирноқлари
билан ёпишсинлар».
Китобда ҳозирги замон илм-фанини тиришиб ўқиш, замонавий техника ва технология ҳунарларини яхши ўзлаштириш билан бир қаторда, халқнинг миллий ҳиссиётини кўтариш, ўз она тилини сақлаш, адабиётини юксалтириш бизни миллат сифатида ютилиб кетишдан тўғон каби асрайдиган зарурат эканлиги уқтирилади: «Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқаргандек, ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган ватан ўғилларининг қўллари билан ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдиp.

«…Миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр-қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақланғусидир. Агар бундай бўлмай, балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чоғда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Бундай бўлди демак, улуғ Туркистон улуси Турон насли босқинчилар тилагича, қурбон бўлган ҳолда инқирозга учраб, Аллоҳ сақласин, тарих саҳифаларидаги шон шарафлик ном нишонлари ўчирилади демакдир».

Алихонтўра умр бўйи Туркистон халқининг озодлиги ва миллий мустақиллиги учун курашган, ёшлигида чор Русиясига қарши кўтарилган қўзғолонларда фаол иштирок этган, Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг 1-Президенти ва маршал бўлган, мустабид совет тузумининг бутун кирдикорларини илк кунларидан бошлаб танқид қилган ва унга қарши турган, унинг мустамлака сиёсатини қабул қилмаган фидойи инсон эди. Умрининг кўп қисмини қувғинда, қамоқхоналарда, тазйиқ ва таъқиб остида ўтказди.

Ҳар даврда «саховатли» совет ҳукумати томонидан таклиф этилган ҳар хил «инъомларни», жумладан, у кишига умрбод тайинланган катта нафақани, оиласи билан яшаш учун ажратилган катта ҳовлини, Фанлар Академиясига аъзо бўлиш таклифини рад этиб, ўз иймон-эътиқодига ҳар доим содиқ бўлиб қолганлар. У киши оддий халқ ичида танилиб, катта обрў эътиборга эга бўлганлиги учун совет тузумининг махфий идоралари тазйиқ ўтказиб турган бўлса ҳам, маҳкамага тортиш, қамаш чораларини қўллашга журъат этмаганлар.
Ул зотнинг метиндай мустаҳкам иймон-эътиқодини, Ватанимизга, миллатимизга бўлган чуқур муҳаббатини, истиқлолнинг қўлга келишига, миллий давлатчилигимизнинг тикланишига бўлган улуғ ишончини ҳеч нарса бука олмаган. «Биз, Ўзбекистон халқи, ҳақиқатда шу ватан аҳлларимиз. Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Узбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота- боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон Туркистон бизнинг ўз она ватанимиздир.

Энди биз шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, такдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғи-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз, боз устига мол-дунёмиз, ахлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк ихтиёримизни мажбурий равишда қўлимиздан кимлар тортиб олди?».
«Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир». «Ватанимизни озод қилиш, ўз давлатимизни қўлга келтириш ва уни сақлаш учун, ҳар даврнинг ўзига яраша бутун сабабларини қилиш, Қуръонда айтилган Аллоҳ амри деб билишимиз керак».
«…Пайғамбаримизнинг ғойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳозирги жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуғ воқеалар бўлиши шубҳасиздир. Мана шу каби буюк воқеалар бўлар экан, дунё бўйича умумий ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин эмас. Шу ўзгаришлар натижасида мустабид тузумнинг темир қўрғонлари тор мор қилиниб, асрлар бўйи золимлар асорати остида ётган бечора ватан аҳллари ўзларининг ҳалол мерослари она ватанлари бўлган Туркистон ўлкасига шунда, албатта, эга бўладилар».

Умумжаҳон сиёсатининг ўзгариши, миллатларнинг миллий уйғонишлари кучайиши натижасида мазлум халқларнинг ўз миллий етакчилари ҳам етишиб чиқишини бобомлар орзу қилиб айтадилар: «Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир-кўмирлари кўп бўлғандек, олтин-олмослари ҳам оз эмасдир.
…Агар шундоқ кунлар тўғри келар экан сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони-қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади».
Асарда келажакда қуриладиган миллий давлат ва жамият асослари ҳақида ҳам фикр билдирилган. Ислом дини билимдони Алихонтўра Соғуний қарашларича, улар умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлар ҳимояланиб сақланадиган, дин эркинлиги кафолатланадиган, ислом ахлоқи ва маданиятига таянадиган, кучли илмий, аскарий қувватга эга бўлган дунёвий давлат ва жамиятдир. Шундай бўлганда кейинги асрларда Туркистон халқи бошига тушган қўрқувпараст руҳий муҳитдан қутилмоқ, қудратли қўшни давлатлар сиёсатининг қурбони бўлишдан сақланмоқ, замонавий тараққиёт тўғри йўлида тез ривожланмоқ имкониятлари яратилади. «Энди шуни билмак керакким, дейди Алихонтўра, Қуръоннинг ҳукмига, Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, ўз Ватанини бошқалар тасарруфига қолдириб, икки дунёсидан ажраб хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм, фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур».
Китобда Туркистон халқларининг иттифоқи масаласи ҳам ҳар томонлама кенг ёритилган. «Мустамлака зулми остига тушиб қолишимиз сабабларининг биринчиси хонликлар вақтида юзага келган иттифоқсизлик шумлигидир. Хозирги даврда миллатимиз манфаатини дунё сиёсати даражасида тўла ҳимоя қилиш учун Туркистон халқлари, давлатлари, биринчи навбатда, минтақавий иттифоққа бирлашмоқлари зарур. Шундагина бу иттифоқнинг яратадиган қудратли сиёсий ва иқтисодий салоҳияти дунё сиёсатдонларини ундаги давлатлар манфаатини ҳурмат қилишга мажбур қилиши мумкин. Бўлмаса маълум бир тарихий шароитда қудратсиз давлатлар яна кучли давлатларнинг қурбони бўлади. Туркистон давлатлари бирлашишлари учун табиий асос мавжуд. Бу тарих, юрт ва маданият бирлиги, умумий дин ва тил борлигидур. Қуръон мўминларни бирлик, иттифоқликка қаттиқ ундайди».
Шу билан бирга, бу асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, соҳибқирон Амир Темур ҳақида, туркий халқлар маданияти, турмуши, этнографиясига оид қимматли тарихий, илмий маълумотлар мавжуд. Айниқса Шарқий Туркистон ўлкасида шу пайтдаги ижтимоий-сиёсий вазият, миллий мустақиллик учун уйғур халқининг олиб борган кураш тарихи кенг ёритилган. Миллий тарихимизни қоралаб совет даврида «босмачилар ҳаракати» деб номланган, аслида Ватан озодлиги учун курашган миллат қаҳрамонлари тўғрисида ҳам фикр билдирилган. Албатта, муаллиф бу ҳаракатга ўзининг шахсий муносабатини билдиради ва улар мағлубиятининг асосий сабабларидан бири буюк озодлик ғояси атрофида миллатни бирлаштирган,
замон сиёсатини яхши тушунган, онгли раҳбарият ёки миллат етакчиси бўлмаганлигини кўрсатади.
Китоб ниҳоятда тиниқ, бадиий гўзал, равшан тилда ёзилган. Жумладан, табиат манзараларининг тасвирлари ўқувчи қалбида она Ватанимизга чуқур муҳаббат ва меҳр уйғотади.

«…Бу тарихий сўзларни ёзишдан кўзлаган менинг тубги мақсадим, дейди Алихонтўра, ўз Ватанида туриб ғариб бўлган Туркистон халқини, айниқса, ҳозирги ва келажак Ватан ёшларини огоҳлантириб, ўлим уйқусидан уйғотишдир. Кўнглимдаги мунглик қайғуларимни қалам тумшуғидан тўкиб ёзган бу китобимни ўқувчи ва ҳам эшитувчи ватанпарвар, миллатсевар қаҳрамон болаларимизга менинг топшириғим шулки, тилим учидан эмас, дардлик дилим ичидан чиқариб ёзган ёлқинлик сўзларимни фақат уқибгина ўтмасдан ҳар бир оғиз сўзини текшириб, унинг устида фикр юритсинлар. Инсоният тараққиёти эмас, маданият тараққиёти бўлмиш XX асримиздаги инсонлар миллий, ватаний, диний ҳуқуқларини сақлаш учун қайси нарсаларни қўлга келтириши зарур эканлигини яхши тушуниб, унинг чорасига киришсинлар».

Ўзининг бу сўзларига амал қилиб, Алихонтўра Соғуний 1962 йилдаёқ улуғ соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» номли китобини эски форсийдан ўзбек тилига таржима қиладилар. Дастлаб «Гулистон» ойномаси саҳифасида бу китобнинг кўп қисми 1967 йили у кишининг журъатли кириш сўзи билан босилиб чиқади. Ўша даврда «қонхўр Темур»ни оқлаб ёзиш катта жасоратни талаб қилар эди. Ваҳоланки, бобомиз соҳибқирон Амир Темурни ўзбек халқига тирилтириб бериб кетган эдилар. Шундан бир йил кейин, яъни 1968 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг виқе президенти И.М. Мўминов кўпчилик тарихчи олимлар муҳокамасидан ўтказган ҳолда «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» рисоласида эҳтиётлик билан у кишига ижобий баҳо беришга ҳаракат қилади. Шундан кейин Ўзбекистон матбуотида деярли 25 йил давомида бу мавзуда маълумот берилмайди. Ажабланарли ҳол шундаки, 1991 йили «Темур тузуклари» қайтадан китоб шаклида чоп этилиб, таржимон бобомизнинг ёнига яна бир кишининг исми-шарифи қўшиб қўйилди. Унга кириш сўзи ёзган тарихчи олимнинг фикрича, бу «асарнинг муаллифи маълум эмас»миш. «Темур тузуклари» феодализм, ҳукмрон синфнинг мақсад ва манфаатларини кўзлаб ёзилган …» асармиш. Ўша олимнинг кейинги йилларда Амир Темур ҳақида ёзган асарларини ўқиб, бу каби кўз-қарашлари анча ўзгарганидан хурсанд бўласан киши. Мустабид тузумнинг емирилган даврида ҳам тарихчи олимларимиз Алихонтўранинг биринчи бўлиб улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темурни ва унинг шон-шуҳратини ҳимоя қилиб кўрсатган бу жасорати тўғрисида очиқ гапиришдан, тарихий ҳақиқатни тиклашдан бироз ҳайиқдилар.

Мустаҳкам иймон, буюк эътиқод, ҳаққоний маслак эгаси бўлган, Ватаним Туркистоним деб қайғуриб йиғлаган, унинг озодлиги, истиқболи учун умр бўйи курашган, давр тузумининг сиёсий, иқтисодий тазйиқларига бардош берган инсонларни одатда миллатнинг виждони деб билишади. Шу нуқтаи назардан қараганда Алихонтўра Соғуний 1960—1980 йилларда ана шундай инсонлардан бўлган эди, дейишга тўла ҳақлимиз. У кишининг таълимоти замонамиз ёшларини юксак маънавият, ахлоқ, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш имконини яратади. Шундай экан, умид қиламизки, миннатдор авлод ўзининг буюк бобокалонларидан бўлган Алихонтўранинг Ватанимиз, миллатимиз олдидаги хизматларини муносиб тақдирлайди, ҳаёти ва кўп қиррали ижодини чуқур ўрганади, миллий тарихимиз ва адабиётимиз саҳифаларида ул зотнинг ўз муносиб ўрни бўлади, иншоаллоҳ!

Ўтмиш тарихимиздаги буюк бобокалонларимизга уй музейлари ташкил қилиш имконияти бўлмаган бўлса ҳам, яқин йилларда яшаб ўтган бу кишига шарафли ҳаёти, ибратли таълимоти ҳақида тўла маълумот берадиган уй-музейи ташкил қилинса яхши бўлур эди. Бу музей у зот қандай шароитда яшаб миллат озодлиги учун курашган, дилида миллат ва Ватан ишқи ёнган ҳақиқий инсон нималарга қодир эканини билдирадиган, келажак авлод ўғил-қизларимиз тарбияси учун олий ибрат мактаби бўлиб хизмат қиладиган бир табаррук жой бўлур эди.
Бобомлар биз фарзандлари учун бир вақтда устоз ҳам бўлганлар. Менинг ёшлик, йигитлик даврим у кишининг ёнида, умрларининг охиригача тарбиясида бўлиш бахти билан ўтган. 1964 — 1967 йиллари у кишининг қошида норасмий «Онг ўстириш тўгараги» мавжуд бўлиб, бу ерда биз ёшлар ҳар ҳафтада икки марта йиғилар эдик. Араб тили ва ислом дини асосларидан сабоқни, миллий тарихимиздан дарсларни, ахлоқ-одоб, инсон ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида биринчи тушунча ва маълумотларни у кишидан шу пайтда уққан эдик. Бобомиз биз учун маънавият, тарих ва миллий қадриятларимизнинг тирик қомуси; ҳар қандай мушкулот ечимини топа оладиган доно мураббий замонамиз тузуми, сиёсати ҳақида бор ҳақиқатни тўғри сўзловчи ботир инсон эдилар. Ул зот ислом дини, ўтган улуғларимиз, миллий қадриятларимиз, Ватан ва миллат ҳақида гап кетганда ғоятда тўлқинланиб, беҳад ғурур билан сўзлардилар. Нотиқликда олдига тушадигани кам топиларди. Сўзлаганларида нуроний юзларидан ҳамиша ёғду таралиб турар эди. Дарсларда бизга ниҳоятда самимий мулоқотлари оҳанграбодек таъсир этарди ва ҳаяжонли таассурот қолдирарди. Ёшликдан илмни қунт билан ўрганиш лозимлигини айтиб,

«Ёшликда эгалланган билим тошга ўйилган нақшдур», «Онг йўқ жойда жасорат бўлмайди», «Бу дунёда ҳеч нарса тан-соғлиққа етмас» каби шиорларни кўп эшитар эдик. Миллий тарих дарсларидан бирида шундай деганлар: «Инсонлар ўз ҳаётларини онгли равишда тушуниб туришлари учун дунё илмлари ичида бошқалардан кўра тарих илмига ҳожатлари айниқса кўпдур. Шунинг учун ҳар даврнинг доно олимлари тарафидан бу тўғрида бек (кўп) китоблар ёзилмиш экандур. Тарих демак, ўқувчиларнинг кўз олдиларига қўйилган бир кўзгу каби бўлиб, унга қараган кишилар эса юз-кўзларига юққан ёмон нарсаларни кўрар эканлар, албатта, ундан ўзларини тозалайдилар.

Шунга ўхшаш, ўтмишдаги ота-боболарнинг ойнакларини кейинги болалари қўлларига олиб қарасалар, ўзларининг ким эканликларини, энди ким бўлғонликларини шу кўзгуда очиқ кўрадилар. Меҳрибон она Ватанлари босқинчи оёқлар остида депсалиб, инграб ётқонлиғини кўргач, унинг сабабларини текширишга киришадилар. Онгсизлик ўлим уйқусида ётган бир миллатни уйғотиш учун ўтмишдаги ота-боболарининг шонлик тарихини билишдан ортиқ нарса йўқдир.
Бу илмдан кутилган асосий мақсадлар бир давлат қурилгандан сўнгра, у қайси ишлар билан тараққий топиб ривожланмишдур, ёки инқирозга учраб завол топиши нима сабабдан бўлишидур. Чунки дунёда ўтган, ё ўтмоқда бўлган яхши-ёмон ишлар пайдо бўлишининг, албатта, сабаблари бордур. Ҳаёт оламида ҳеч нарса сабабсиз юзага чиқиши мумкин эмасдур. Масалан, илгари бутун дунёга номи чиққан, тилларда достон шу Ўзбекистон бизнинг суюкли она Ватанимиз нега қўлимиздан чиқди? Биз Туркистон халқи ўз давлатимиздан нега ажрадик? Мана буларнинг сабабларини кўрсатиш тарих илмининг асосий вазифасидур.
Яна бир дарсда айтганлари: Келажакка фақат ўтмиш йўл кўрсатади. Тарих шуни билдирадики, икки буюк қўшни давлат билан олиб бориладиган яхши, ўзаро манфаатли сиёсат етарли эмас. Чунки улар ҳар доим Туркистонга ўз манфаатлари бўлган муҳим ўлка сифатида қараб иш юритишган. Шу сабабли асосий масалаларда ҳамиша тил топишиб, Туркистон тақдирини ўз манфаатлари йўлида ҳал қилишган. Масалан, Шарқий Туркистон халқининг озодлик учун олиб борган кураши бу давлатлар манфаатига зид бўлганлиги сабабли қурбон қилинди. Ёки Туркистон халқи ўзининг қайси туб манфаатларини кўзлаб, Иккинчи жаҳон урушида шунча кўп қурбонлар берди?
Ер куррасининг имконияти чекли бўлишига қарамай моддий эҳтиёж кескин ўсиб бораётган XX асрда миллатлар тараққиёти ва тақдири кўпроқ қудратли давлатлар сиёсати ва манфаатига боғлиқ бўлади. Шу сабабли Туркистон ўлкасида учинчи бир буюк давлат манфаатини яратиш зарурати бор. Равшанки, муҳим масалаларда уч давлатнинг ҳеч бири бирортасининг бир томонлама манфаатдор бўлишига йўл қўймайди. Шунда тадбирли сиёсат юргизувчи кичик давлат, албатта, унинг манфаатини кўпроқ кўзлаб иш тутаётган давлат томонида бўлади».
Шу тартибда биз бобомизнинг «Тарихи Муҳаммадий» қўлёзма асари орқали ислом дини ва тарихи билан танишдик, ўзлари форс тилидан таржима қилган машҳур Ҳерман Вамберининг «Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи» асарини ва улуғ соҳибқирон Амир Темур «Тузуклари»нинг биринчи таржимасини қўлёзма ҳолатда у кишининг иштирокида ўқиб ўргандик. Ислом фалсафаси нималарга кўпроқ урғу беради деган саволга: «Шарқ фалсафаси аввал бошидан бошлабоқ асосан инсон руҳиятини, унинг маънавий оламини билишга, одамларнинг ўзаро муносабатларини англашга эътибор берган. Бу таълимотда одам қалбини ҳайвоний ҳирслардан озод этиш, уни Аллоҳга ишонч, иймон нури билан ёритиш, комил инсон масалалари устида кўпроқ фикр юритилади», деганларини уққанмиз.
Ҳар доим 3 — 4 соатдан кам давом этмайдиган мароқли дарсларимизда кўп тарихий воқеаларга ул зотнинг ажойиб мукаммал, сиёсий-ижтимоий мантиқ қонунларига асосланган шарҳларини эшитишга муяссар бўлганмиз. Масалан, Ватанимиз мустақиллиги ва эркининг йўқолишига нобоп кишиларнинг ҳокимият тепасига чиқиб қолиши ҳам сабаб бўлганлиги тўғрисида гапириб, айтганларини эслайман:

«Ҳар бир давлат арбоби сиёсатда билимдонлик, сезгирлик, изчиллик ва жасорат каби фазилатларни ўзида мужассамлаштирмоғи керак. Бу тоифадаги ҳукмдорлар ўзлари кучли бўлганлиги учун атрофига мард ва очиқча сўзлаша оладиган кишиларни тўплаб иш юритади. Улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темур шундай зотлардан эди. Темур султон таърифича, ҳукмдорга ўз фикрини ва мулоҳазаларини айтишга ботина олмайдиган ҳамда ўз соясидан чўчийдиган, қул табиатли мансабдорлар салтанатнинг энг хавфли душманларидур. Чунки улар ўзларининг ожизлиги ва жасоратсизлиги орқасида иккиюзламачилик билан иш юритадилар, кези келганда эса ўз ҳукмдорига ва ҳатто ватанига хиёнат қилишдан тоймайдилар. Шу боисдан буюк Амир Темур қул табиатли амалдорларни ёқтирмай, ўз қадру- қиммати, виждони, ор-номуси ва ғурурини сақлай оладиган кишиларни давлатнинг устуни деб ҳисоблаган».
Ул зот яна шундай деганлар: «Агар мўмин-мусулмон бир ноҳақ ишни кўрса, албатта, ул ишга қўли билан қарши турсин. Агар бунга қудрати етмаса, тили билан қайтарсин, бунга ҳам ярай олмаса, ҳеч бўлмаса кўнгли билан норози бўлсин. Бу сўнггиси иймоннинг энг кучсиз бўлишидандур. Агар кўнгли билан ҳам ул ишга норози бўлганин сезмас эрса, бундин Аллоҳ сақласинким, бу ҳол иймонсиз кишиларнинг белгисидур. Уларни пайғамбаримиз тириклар ўлиги деб айтганлар.
Пайғамбар Мусо алайҳиссалом уммати вужудига сингдирилган қуллик асоратини сиқиб чиқариш учун ўз қавмини қирқ йил Саҳройи Кабирда олиб юрган экан. Чунки бу иллат миллатнинг жасадларига ёпишган вабо микроблари кабидир. Агар унга қарши чора кўрилмас экан, кўп узоқламаёқ ҳаёт оламидан оти ўчирилиб, у миллат туб томири билан ютилиб юборилади.

Инсоннинг энг севган қадрлик, қимматлик тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Аларнинг энг биринчиси шулдурким, ҳар одам ўз эрк ва ихтиёрига эга бўлмокдур. Ўзида эрки йўқ, қўлида ихтиёри йўқ одамларнинг ҳайвондан нима фарқлари бор?
Иккинчиси — шаръий ёки қонуний касблари орқали топган молу дунёси, қилган меҳнатининг меваси шул топгувчининг ўз ҳаққи бўлган хос мулкидур.
Учинчиси — ҳар бир миллатнинг ҳақиқий онаси, у миллатнинг туғилиб ўсган, ота-бобосидан мерос қолган Ватанидур. Она Ватанни бошқалар тасарруфига қолдирмоқ Ватан авлодларининг кечирилмас оғир жиноятларидур, балки инсон ҳуқуқларига қилган хиёнатидур.
Тўртинчиси — ҳар мамлакат халқининг асрлар бўйи асралиб келаётган муқаддас динларидур».

Бобомизнинг Нақшбандия таълимотига эътиқод қўйганлари ҳам маълумдир. «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд тариқатлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланади. Ул зотнинг «Дил ба ёру даст ба кор!», яъни кўнгил Аллоҳ ёди билан, қўл эса иш билан банд бўлсин, деган шиорлари бутун мусулмон оламига машҳурдир. Соҳибқирон Амир Темур ҳам бу тариқатга амал қилган. Раият равнақини кўзлаб, «Кам енглар — очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар — доно бўласизлар!» деб бу кишининг насиҳатларини таъкидлаганлар.
Аллоҳни севиш, унинг висолига етиш учун оғир, машаққатли покланиш йўлини босиб ўтишимиз лозимдир. Ҳар бир киши ўз вақтини сарҳисоб қилиб туриши, чунки вақт бойлиқдур, бир касбни эгаллаши, ўз қўл кучи билан ҳалол луқма топмоқлиги бу таълимот асосларидандир», деганларини эшитганмиз. Ўз ҳаётлари давомида шунга амал қилиб доришунослик, тиббиёт илмларини мукаммал эгаллаганлар ва ҳожатбарор шифокорлиги туфайли кўпчилик ўртасида катта обрў-эътиборга эга эдилар. Кичкина ҳовлининг ташқарисида доимо соғин сигир билан бир тана боқилар эди. Ёшлигимда уларга ем-хашак ва ивитилган сомонга кепакни ихлос билан ўзлари қориштириб бераётган иш устида бобомларни кўп марта кўрганман.
Эрта баҳор кунлари эди. Саҳарда бир қариндошнинг тўй ошига бобомлар билан бирга бордик. Кун совуқ, энди тонг отмоқда эди. Кўпчилик айтилган бўлса керак, кўчада саф тортиб, ош ейишга навбат кутиб, одоб билан бобомларни олдинга кузатаётган туманат одамларни кўриб, ҳассага икки қўлини қўйган ҳолда тўхтадилар. «Бай, бай, бай! Қани эди бу ўзбек ўғлонлари шу тартибда, шундай ғайрат ва ихлос билан Ватан озодлиги учун жангга кирса!» деб, тизилиб турган узун сафга завқ билан узоқ тикилиб қолганларини эслайман. Шунда бу манзара тўқсонни қоралаб қолганига қарамай, қоматини мағрур тикка тутиб турган собиқ маршалнинг Ватан озодлиги учун олиб борган шиддатли муқаддас жангларининг қайси ёлқинли дамларини кўнглига солган экан, деб ўйладим.
Алихонтўра кенг билимлар эгаси, чинакамига қомусий олим эди. Юқорида тилга олинган асарларидан, таржима қилган китобларидан ташқари у кишининг қаламига мансуб «Шифо ул-илал», яъни «Иллатлар шифоси» асари ҳам мавжуд. Унда икки юздан кўп касалликлар баёни, ташхиси ва даволаш усуллари берилган. Кўп тилларни чуқур билганлиги боис шу тилларда шеърлар ҳам ёзганлар.
«Девони Соғуний» номли девон соҳиби ҳамдир. Шу давр ичида бобомиз томонидан яна Аҳмад Донишнинг «Наводир ул-вақое» асари, Дарвеш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи» асари ўзбек тилига таржима қилинган.
Аллома Соғунийнинг обрў-эътибори оддий халқ орасида ниҳоятда юқори эди. Ул зот фақатгина исломпарвар бўлмай, балки том маънода инсонпарвар бўлгани сабабли олдига узоқ-яқин жойлардан жуда кўп кишилар ўз дардлари ва ташвишларига даво, маслаҳат излаб келишар эди. Айниқса «Темур тузуклари» ойномада босилиб чиққандан кейин машҳурлиги янада ошди. Кўплар форс, араб, туркий тилларида босилган, турли соҳаларга мансуб қадимги нодир асарларнинг таржима ва шарҳларига ёрдам сўрасалар, бошқалар илм излаб келганини, табобат, миллий тарих, диний илм соҳаларида билим олиш учун шогирд бўлиш ниятида эканини билдирардилар. Кўп ўзбек шогирдлари уйдан қатнаб илм олсалар, узоқ юртлардан келган тожик, қирғиз, қозоқ, тунгон, кавказ халқларига мансуб шогирдлари ташқари ҳовлидаги болохонада ётиб дарс олардилар. Ҳар пайшанба кун ифторликларига кўпчилик қатнашишга интилар эди, чунки бу ерда бўладиган ажойиб мароқли суҳбат ва мажлисларда улуғ эътиқод, миллий қадриятларимиз, шон-шавкатли тарихимиз, диний масалалар юзасидан фикр ва шарҳлар айтилар эди. Кейинчалик бу суҳбатлар кенгайиб, жумладан, муборак рамазон ойи ифторликлари меҳмонга чақириладиган катта ҳовлиларда, дала боғларида ўтказиладиган бўлди. Бу кишининг иштирокидаги мажлис ва суҳбатларга катта илм соҳиблари, айрим шоир ва ёзувчилар, дин арбоблари, олимлар ва бошқа обрўйли кишилар жуда катта ҳурмат ва эҳтиром, ҳақиқий маънавиятга чанқоқлик билан қатнашар эдилар. Кундалик ҳаётимиздаги ўзгариш ва ҳодисаларга у киши катта қизиқиш ва халқ манфаати нуқтаи-назаридан қарар эдилар. Улар миллатимизнинг эрки, тинчлиги ва келажаги учун фойдали бўлса бутун вужуди билан хурсанд бўлиб, олқишлар эди. «Ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари ҳозирги кунда инсон олами юзига бутунлай очиқдур. Шу сабабдан тушунган Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдур» деганларини биламан.

1976 йил февраль ойининг охирги кунлари, мен Ленинград шаҳрида хизмат сафарида эдим. Бобомларнинг аҳволи оғир эканлиги тўғрисида хабар келди. Тезда Тошкентга учдим. Самолётдан тушиб тўғри бобомларнинг Тахтапулдаги ҳовлисига йўл олдим. Қариндош-уруғ, яқинлар билан тўлган ҳовлига киришим билан отамнинг «Ўғлим, тезроқ кир, бобонг кетмоқда», деган нидосини эшитдим. Уйга киришим билан мусаффо сокинликда кўзлари юмуқ ётган бобомларга кўзим тушди. Атроф-ёнларида фарзандлари. Кўзларига термулиб отам ниҳоятда паст, мунгли товуш билан Қуръондан «Ёсин» сурасини тиловат қилиб турарди. Кўзларидаги ёш билан шошилинч ҳолатда менга сув тутиб, «Отамга сув томиз», дедилар. Йиғлаб туриб муборак лабларига докада секин сув тутдим. Оҳиста кўзларини очдилар. Отам бобомга тикилиб туриб, ниҳоятда паст овоз билан «Ўғлингиз Увайсхон етиб келди», дедилар.

Бобомнинг кўз қорачиқлари мен томонга ялт этиб ўгирилди. Бир «уф» тортдилар, муборак, хотиржам юзларига икки томчи ёш думалаб тушди. Кўзларини аста юмдилар ва шу заҳоти калимаи шаҳодат устида жон уздилар. Ҳаётларининг охирги сонияларида ул зотнинг олдида бўлиш ва муборак лабларига охирги сувни томизмоқ менга насиб этганидан Аллоҳга кўп шукроналар қиламан. Бу неъматни ҳаётлигида қилган улуғ дуоларининг ижобати, ул кишига бўлган чексиз муҳаббатимнинг бир белгиси деб биламан.

Ўзбекистоннинг ҳар жойидан ва Марказий Осиё республикаларидан етиб келишган кўп сонли кишилар билан бирга бутун Тошкент аҳли ул зотнинг тобутларини Тахтапул маҳалласидан елкаларида кўтариб, васиятига кўра Кўкча даҳасидаги сўнгги маскани бўлган Шайх Зайниддин бобо қабристонига
обориб қўйди. У кишининг жанозасини васиятига биноан тақво биродарлари Темурхонтўра ўқишлари лозим эди. Аммо асрлар бўйи золимлар томонидан халқимиз қалбига сингдириб келинган қуллик асорати бўлмиш журъатсизлик оқибатида жанозани Кўкча жомеъ масжидида марҳум Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон муфти ҳазратлари ўқидилар.
Ҳазрат Имом ал-Бухорий наслига мансублигимиз билан ҳурматдамиз, Темур авлодидан эканлигимиз билан фахрланамиз, Алихонтўра Соғуний ватандошимиз бўлганлиги билан ғурурланамиз. Мана шундай буюк сиймолар шу Ватандан чиққанлиги учун, улар умуминсоний қадриятлар асосчилари ва тарғиботчилари бўлганликлари учун ва биз ҳам шу миллат аҳлидан эканлигимиз учун бу Ватанни севамиз! Уни миллий маданият, дин, ахлоқ гўзалликларининг мажмуаси бўлганлиги учун, ўзликни англаш ғурурини қалбларда уйғотгани учун яна ҳам кўпроқ севамиз! Ёш авлод шу муқаддас Ватанимизга, улуғ аждодларимизга муносиб бўлиб фикр юритмоғи, меҳнат қилмоғи ва ҳеч кимдан кам бўлмасликни мақсад қилиб келажакка интилмоғи керак! Шунда улуғ боболаримиз руҳлари шод ва Ватан келажагидан хотиржам бўлади.
Шундай экан «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» деб номланган 700 бетлик янги тарих китобида 1960-1980 йилларда ўзбек халқининг мустабид совет тузумига қарши олиб борган курашига бағишлаб муҳтарам тарихчи олимларимиз жуда оз маълумот берганини қандай изоҳлаш мумкин! Бундан шу жаннатмакон Ватанни бизга мерос қолдирган улуғ аждодларимиз руҳлари изтироб чекиши, қолаверса мустақил Ўзбекистон тарихининг бу саҳифаларини ўқийдиган ёш авлодда ота-боболаримиз мустабид тузумга қарши етарлича курашмаган деган нотўғри фикр туғилмайдими?
Ахир, бу тузумдан норози бўлиб, унга қарши ҳаракат қилган бошқа шахслар ҳам бўлган. Масалан, миллий энқиклопедияда номлари келтирилиб, фаолияти бошқа китоб ва журналларда ҳам кенг ёритилган, асарлари олий ўқув юртларида дарслик қаторида ўрганилаётган, мактаб, маҳалла ва кўчаларга номлари қўйилган Алихонтўра Соғуний ва унинг сингари кўплаб алломаларнинг ҳар томонлама чуқур асосланган Ватан озодлиги, миллий мустақиллик учун кураш ғояларини тарих китобларида келтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўзбек тили ва адабиёти дарсликларига Алихонтўра Соғунийнинг Ватанни, илмни, ўзлигимизни улуғлайдиган шеър ва достонларидан парчалар ҳам киритилса фарзандларимиз тарбияси учун фойдали 6ўларди.
Ўзбек миллатига мансуб эканмиз, унинг келажаги учун ҳаммамиз масъулмиз. Шу сабабли миллатимизнинг истиқбол томон ҳаракатида йўл кўрсаткич шамчироқларидан бўлган Алихонтўра Соғуний ҳақида жамиятимиз, биринчи навбатда, унинг онгли қисми зиёлиларимиз умумий, асосли бир фикрни билдирганларида нур устига аъло нур бўлур эди.
Асарда ёзилишича, отамлар бобомларни жаллодлар қўлидан тун қоронғусида қочирган эканлар ва ул зотнинг васиятига биноан тарих китобининг давомини ёзишга муяссар бўлдилар. Бизга бундай улуғ шарафли ишлар насиб қилмаган бўлса ҳам, бу китобни нашрга тайёрладим ва уни тўлалигача компьютерга киритдим. Ўз хотираларим, муаллиф ва асар тўғрисидаги айрим таассуротларим ҳақида ожиз фикримни бу ерда билдирдим.
Яна шуни айтишим керакки, муаллифнинг ўзи мазкур асарини қисм ёки бобларга бўлмаган. Асарни синчиклаб ўрганиш ва нашрга тайёрлаш жараёнида унинг мундарижасини бериш лозим деб, уни тахминан 13 қисмга бўлиб номладим. Асарда кўрсатилган курсив ажратмалар, тушунилиши қийин сўзлар, айрим шахс ва жой номлари учун изоҳлар ҳам биз томондан берилган. Китоб муқовасидаги манзара ҳам муаллифнинг асосий ғоясини ифодалайди. Ҳаётбахш Туронзаминда улуғ Туркистон эли қадим чинорининг кейинги бўғин миллатлари каллаклангани кўрсатилган. Бу заминга тахдид солиб булутли осмон тагида икки буюк давлат манфаатлари қоя бўлиб турибди. Уфқда озодлик қуёши тонг отмоқда. Унинг нурларида кесилган бўғинлар, албатта, кўкариб ўсишига улуғ ишонч рамзий билдирилган.
Бу китобни босмага тайёрлаш ва чиқаришда менга ёрдам берган, кўмаклашган кишиларга миннатдорчилик изҳор этишни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан. Биринчидан, 6у китобдан парчалар тайёрлаб олдинроқ халқимизни у билан таништирган ва бобомиз илмий меросларини дунёга тинимсиз тарғибот қилувчи амакимиз Қутлуғхонтўранинг хизматлари каттадир. У кишига чуқур миннатдорчилик билдираман. Ҳозирги кунда бу китобнинг туркча таржимаси Туркияда у кишининг бошчилигида амалга оширилмокда. Иккинчидан, қариб қолган чоғларида ғайрат қилиб, бу асарни араб имлосидан кириллга ўтказган ва уни укамиз Абдуллахон, жиянимиз Маъруфхонлар билан биргаликда хатоларини тўғрилаб қайта босган акамиз Аҳадхонтўрага катта миннатдорчилик билдираман. У кишининг бу ташаббуси китобнинг тезроқ босилишига туртки бўлди. Ўғиллари қишлоқ хўжалик фанлари доктори Фурқатхон бобомизнинг бош эвараси бу китобнинг босилишига биринчи фидойилардан бўлди. Китобни чиқариш учун зарур бўлган барча молиявий масалаларда жонкуярлик билдириб, ёрдамини аямади. Жиянимнинг бу ҳиммати ва ғайрати учун унга кўп ташаккурлар айтаман. Барча амакиларим, укаларим, жиянларим, ўғлим ва ўртоғи Саидумар отамиз бошлиқ бу ишнинг ҳар хил жараёнида ўз маслаҳат ва ёрдамларини кўрсатдилар. Уларга ва бу ерда номлари айтилмай қолган бошқа биродарларимизга ўз ташаккурларимни айтурман.
Алоҳида миннатдорчилигимни қўлёзмани кўриб чиқиб, тақриз ёзиб ўзларининг қимматли маслаҳатларини билдирган Ўзбекистон ФА Тарих институти директори, профессор Д.Алимовага, тарих фанлари доктори С.Аъзамхўжаевга, архитектура фанлари доктори П.Зоҳидовга ва Тарих институтининг етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Қ.Ражабовга билдираман.
Тарихимизнинг қоронғу йилларида Ватанимиз озодлиги, миллатимиз ҳақ-қуқуқи учун курашган бу улуғ зотнинг келажак авлод учун васият қилиб айтган ёлқинли сўзлари халқимизнинг ўзлигини англаши, Ватан туйғусининг шаклланиши, ғуруримизнинг тикланишига хизмат қилар деган умидда бу китобни чоп қилдирдим. Шу кичик бир хизматимиз халқимизга хушнуд тушса бобомиз васиятларини ва фарзандлик бурчимизни қисман бўлса ҳам бажардик ва у кишининг руҳларини шод этдик, деб умид қилган бўлур эдик.

Алихонтўра Соғуний
ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ
Матнни нашрга тайёрловчилар:
Аҳадхонтўра Ғаффоров, Увайсхонтўра Шокиров
021

СЎЗ БОШИ

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм

Улуғ руҳлик, тўлиқ ақллик кишиларнинг айтишларича, ҳар одам ўзида бор яхшиликларидан, ундаги илм-ҳунар фазилатларидан бошқаларга фойда еткудек, кейингилар ибрат олғудек бир асар ёзиб қолдириши, албатта, унга лозимдир.
Мен, Али Соғуний, ёшлик-йигитлик кунларимдан бошлабоқ арабий, форсий тилларини тўлиқ равишда ўзлаштирдим. Замоннинг менга кўрсатган тўсқинликларига қарамай, Тангри ёрдамида кенг кўламда диний, тиббий, айниқса, тарихий маълумотларга эга бўлдим. Арабча, форсийчаларни ёзиш- сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар.

Юқорида оқиллар тилидан айтилган сўзга қараб, ўзимда топилган фазилатлардан тарих илмини танлаб олдим, чунки шу ҳозирги давримиз 1966 йилда, ўз Ватанларида туриб ғариб бўлган халқимиз учун, тарих илми балиққа сув ўрнида бўлиши кўпдан бери менга сезилмиш эди. Ўтмишдаги тарихини унитиб, эндиги тарихини туймаган бир миллат, қоронғуда қолган қўлида таёғи йўқ кўр киши каби қаёққа оёқ қўйишини билмаганлигидан душман етакчиси кейнидан кетишга мажбур бўлади. Очиқ фикрли, сезгир Ватан ўғиллари тарихнинг қандай зарур эканлигини менинг шу сўзларимдан илҳом олиб, чуқур тушунишлари керак.
Энди, Ватаним мени суймас экан, мен уни севганлигимдан, улусим мени танимас экан, мен уни таниганлигимдан, Ватан устида бўлаётган тарихий ўзгаришларни ва ҳам бунинг келажакдаги яхши-ёмон натижаларини кўрсатиб, Ватан болаларига улгу (намуна) бўлгудек, бошқалар бундан ибрат олгудек тарихий бир асар ёзишга киришдим. Бироқ, мен ёлгизгина исломпараст эмас эдим, балки яралишимдаёқ инсонпараст эдим. Халққа қайси йўллиқ яхшилик қила олгайман деб, ёшлик-йигитлик даврларимни ғам-ғусса кунлари билан ўтказдим. Энди эса соч-соқолим оқариб, қарилигим етди. Ёшим саксонга эришиб, ички-ташқи кучларим орқага чекинди, қарилик юки остида букула туриб, олдимизда кўрина бошлаган ҳалокат чуқури яқинлашаётганига чидаёлмай, келажак бўғин наслларимиз ғамхўрлиги учун, ҳар ёқлама қийинчиликлар бўлса ҳам, шу тарихни ёзишга бошладим. Қаламим тилидан дардлик сўзларим қонлик кўз ёшима қўшилиб, бу китоб варақлари юзига тўкилмиш эди. Шунинг учун бунинг отини «ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ» қўйдим.

Мен бу асаримни, бундаги тарихий сўзларимни ҳозирги Ўзбекистон аталган ўз Ватаним улуғ Туркистон номига ёзишим керак эди. Бироқ бу ерларда бўлиб ўтган сўнгги кунлардаги энг оғир ҳодисалар, даҳшатли воқеалар, тубсиз денгиз каби туганмас достон бўлғонлиқдан вақтинча бўлса ҳам уларни қўятуриб, шу кунларда аждарҳо оғзига келиб, биздан ҳам илгарироқ ютилиш олдида турган Шарқий Туркистон устидан ёзмоқни ортиқроқ кўрдим. Чунки бу ерда 1931 йилдан 1946 йилгача бўлиб ўтган улуғ тарихий воқеаларга ўзим бошчилик қилиб эмгаким (меҳнатим) сингган, кўзим кўрган эди. Бошқа виждонсизлар каби тарих юзини қоралашдан сақланиб, ўтган ҳодисаларда бўлган воқеаларни ҳеч ёққа бурмасдан, бўлганича тўғри ёзишни ўзимга лозим тутдим. Лекин, бу икки ўлканинг тарихи, сиёсий ҳоллари бир-бирларига қаттиқ боғланган эди ва ҳам бутун дунёга майдон1 ўқиган совет ҳокимиятининг, 1917 йили қурилган кунидан бошла 1931 йилгача ўтган даҳшат ваҳшатлик кунларни хирмондан бир дона, балки денгиздан бир қатра бўлса ҳам, ёзиб ўтмоқни тарихий вазифам деб билдим. Шунинг учун чексиз қудратли улуғ Тангрига сиғинган ҳолда Шарқий Туркистонга ўткунимча кўрганларимни, қилган ишларимни баён қилмоқчи бўлиб сўзга киришдим.

777ULUG’ BOBOM VA
«TURKISTON QAYG’USI» ASARI HAQIDA

Uvaysxonto‘ra Shokirov — Alixonto‘ra Sog‘uniy nabirasi.

01

Bismillohir rohmanir rohiym

Muhtaram o‘quvchi! Ma’lumdirki, inson bolasi o‘z padari buzrukvoriga qarab qad rostlaydi. Lekin millatni jahon miqyosida shuhratlantiradigan buyuk shaxslar haqida yozish hamisha sharafli, mas’uliyatli va bir vaqtda o‘ta murakkab vazifadir. Mazkur vazifaning qo‘shimcha og‘irligi o‘z bobongiz haqida yozishdir, chunki «hissiyotlarga berilib, mavzu xolisona yoritilmagan» deyilishi mumkin gumonlarga asos bo‘lmasligi kerak. Shu sababli boshqalar yozishadi degan umidda ko‘p yillar o‘tdi. Keyingi yillarda bosilib chiqayotgan maqolalarning ko‘pi bir tomonlama bo‘lib, Alixonto‘rani o‘z davrining siyosiy, mafkuraviy tuzumini qabul qilgan, uning g‘oyalariga ishonib aldangan olimlar qatorida ifoda etishga urinishlar bo‘ldi. Bu, albatta, shu davrning yozuvchilari uchun qulay, chunki bu inson ham o‘zimizdan edilar demoqchi bo‘lishadi. Lekin haqiqat unday emas ekanligini ushbu kitobdan bilib olasiz. Shu bois bu haqda batafsilroq ma’lumot berish zarur deb bildim.
Ulug‘ bobomiz Alixonto‘ra Sog‘uniy (1885 — 1976), Alloh u kishini rahmat qilgan bo‘lsin, komil inson bo‘lib, zamonamizning ko‘p ilmlarni mukammal egallagan buyuk allomalaridan edilar. Birinchi navbatda u kishi diniy ilm teologiya sohasida katta bilimga ega bo‘lganligi va mashhurligi hozirgi kunda ko‘pchilikka ma’lumdir. Xususan, «Tarixi Muhammadiy» asari nashrdan chiqqandan keyin (T., 1991) u kishi nafaqat yurtimizda, balki butun islom olamida shuhrat qozondi. Shu bilan birga bobomiz o‘tkir zehn sohibi, tarix ilmining, ayniqsa islom tarixi va Turkiston tarixining zukko bilimdonlaridan edi.
Sermazmun hayotining oxirgi 30 yili davomida Alixonto‘ra yozib qoldirgan ulkan ilmiy meros ichida «Turkiston qayg‘usi» tarixiy asari alohida o‘rin egallaydi. Bu asarda u kishining yigitlik va kamolotga yetgan davri xotiralari asosida o‘z e’tiqodi, dunyoqarashi, qaysi g‘oyalar uchun jonfido bo‘lib kurashganlari, nimalarga Vatan ahlini da’vat qilganliklari, suyukli Vatanimiz tarixi saboqlari, kelajak bo‘g‘inlar ulardan qanday xulosalar chiqarmoqlari kerakligi, Vatanimiz mustaqilligi muqarrar ravishda qo‘lga kelishi bashorati, uni mustahkamlash uchun nimalar qilmoq zarur ekanligi to‘g‘risida chuqur o‘y-fikrlar o‘z ifodasini topgan va bayon etilgan.
Bu asardan ayrim parchalar «Yoshlik» jurnalida (1992 yil, 3 —4-sonlari) va shu yili
«O’zbegim» kitobida chop etilgan bo‘lib, to‘liq holda u endi birinchi marta kitob shaklida keng jamoatchilikka taqdim etilmoqda.

«Turkiston qayg‘usi» asari 1966 1973 yillarda Toshkentda yoziladi. Bu davrda sovet mustabid tuzumi kuch qudratga to‘lgan, o‘z siyosatini zo‘ravonlik bilan nafaqat mamlakat ichkarisida, balki uning uzoq tashqarisida ham o‘tkazib turgan payt edi. Shu sababli ko‘pchilik ziyolilarimiz hukmron maslakka qattiq ishonib, kechayu kunduz uning xizmatida bo‘ldilar. Qanchadan qancha yuksak qobiliyat egalari, iste’dodli shoir va yozuvchilarimiz bu soxta mafkura kuychilari, tashviqot va targ‘ibotchilari edi. Ular tuzumga to‘g‘ri bo‘lmagan bir og‘iz siyosiy so‘z, mustaqil fikr aytish u yoqda tursin, bu to‘g‘rida o‘ylashning o‘zi noto‘g‘ri, telbalik, aqldan emas deb bilishar, boshqalarni ham bunga ishontirish uchun barcha minbarlardan bor ras-miy, norasmiy usullar va jonfidoyilik bilan harakat qilishar edi.
Boshqa millat vakillari bo‘lgan inson huquqlari himoyachilari, umuminsoniy qadriyatlar targ‘ibotchilari akademik A.Saharov, yozuvchi A.Soljeniqin va shular safidagi boshqa mustabid tuzumning zulmini ko‘rgan haqiqat va adolat kurashchilari tarix sahnasiga endi birinchi qadamlarini qo‘ymoqda edi.
Mana shunday muhitda, ya’ni yurtimizda hukm surayotgan ixtiyoriy qullik davrida, sobiq qizil imperiya hududida birinchilardan bo‘lib, bobomiz bu tuzum va mafkura tub negizi va mohiyati bilan inson tabiatiga, umuminsoniy qadriyatlarga zid, insoniyat taraqqiyoti yo‘lining xato ko‘chasi ekanligini asoslab shunday yozadilar: «Hayot olamida eng ulug‘, oliy darajalik yaratilgan narsa shubhasiz shu insondir. Shuning uchun inson huquqlarini eng yuqori darajada saqlash haqiqiy madaniyatning ayrilmas bir tarmog‘idir.
…Madaniyat qaerda, qaysi millatda bo‘lsin, insoniyat haqlarini saqlash uchun hukumat qo‘lida adolat quroli bo‘lib turar ekan, ana shu chog‘dagina butun xalq haqiqiy madaniyatga erishib, tinchlik bilan rohatda turmush kechira oladi. Buning natijasida insoniyat xususiyati bo‘lgan har kimning erk-ixtiyori o‘z qo‘lida saqlanadi. Yer yuzining qaysi o‘lkasida bo‘lishni kim tilar ekan, hech qanday to‘sqinlik ko‘rmaydi».
«Asrimiz boshida chiqqan siyosiy firqalar ichida kommunizm kabi aqldan yiroq, xayoliy bir maslak ahli bo‘lgan emas. Mana shu xayoliy maslak egalari 50 yildan beri aqldan tashqari tuzumlarini qurol kuchi bilan xalq ustida yurgizib keladilar».
«…Insoniyat olamining ofati, kufrnifoq madaniyatining zaharlik mevasi hisoblangan kommunistlar bozori qanday yerda qizidi? So‘zga tushunmagan, hech narsa bilmagan, ayniqsa, yo‘qsillik-kambag‘allikda yashayotgan gumroh, Vatan, millat nima ekanligini bilmaydigan ongsiz nodonlar ko‘p bo‘lsa, mana shular ichidagina rivojlanib, tezdan ishlari avj oldi».
«… Hech davrda ko‘rilmagan buzuq, jirkanchli tuzumini bolsheviklar hech kimga qabul qildirolmagach, insonning hayotiy yemak ,ichmak, oziq-ovqatlariga osilib, biror kishi uyida don urug‘idan ortiqcha hech narsa qoldirmay yig‘ib olishdi. Shu orqalik xalqni och o‘ldirish qo‘rqinchi bilan o‘zlariga bo‘ysundirmoqchi bo‘ldilar. …Chunki 6u kabi boshi tuyuq, qorong‘u ko‘chaga xalqni kirgizish faqat iqtisodiy, siyosiy majburlik orqaligina bo‘lishi mumkindir».
O’sha davrda, Toshkentda yashab turib, maxfiy uy nazorati ostida bo‘lishiga qaramay, insonlar haq-huquqi, sovet tuzumi va mafkurasi ustida shu kabi haqiqatni qayg‘urib so‘zlash uchun qanday iymon e’tiqod, maslak va irodaga ega bo‘lmoq kerak edi? Qaysi qudrat va g‘oya u kishini bunday jasoratga boshlagan? Nega boshqa ziyolilarimiz shu paytda bu to‘g‘rida fikr yuritishga jur’at etolmaganlar? Ular o‘z boshlarini asrab, turmush rohatini ko‘zlab, qanday qullikda, mutelikda, kimlarning tobeligida hayot kechirayotganliklarini anglashni istamadilar.
Bulardan farqli o‘laroq, bobomlardagi birinchi quvvat ummoni haqiqiy islomiy iymon etiqodi va haqqoniy hur fikrligi bo‘lsa, ikkinchi ulug‘ manba ul zotning Vatan va millatga bo‘lgan cheksiz muhabbatidir.
Bobomlar yozadilar: «Umrim ichida qanchalik og‘ir ishlarni, ko‘p qo‘rqinchlik kunlarni boshimdan kechirdim. U chog‘da ko‘nglimdagi iymon e’tiqodim, Allohga va uning haq payg‘ambari Muhammad alayhissalomga bo‘lgan muhabbatim, men uchun eng kuchlik ishonchim va eng ortiq suyanchim edi. …Iymonlik kishilarga har vaqt bu ulug‘ davlat nasib bo‘lg‘usidir».
«Hozirgi madaniyat davrida diyonat bilan taraqqiyot birga yasholmaydi degan xato fikr oqillar oldida emas, jahon bo‘yicha johillar orasida tarqalmishdur. Haqiqatda esa, din poklikdur. Poklikka qurilgan axloqdur. Dinimizning asli aqldur, quroli ilmdur. Hozirgi taraqqiyot islom axloqi asosida olib borilsa, insonlar uchun eng foydalik madaniyat bo‘lishida shak yo‘qdir. Umuminsoniy haq huquqlar butun xalq oldida, ayniqsa, hukumat doiralarida qonuniy ravishda himoyalanib saqlanar ekan, o‘shandagina madaniyati fozilaga erishiladi. Shu kunlarda ustimizda hukmron bo‘lgan dinsizlar madaniyati ersa fosiq madaniyat deyiladi. Bunday madaniyat insonlarni ham axloqiy, ham ruhoniy fazilatlaridan butunlay ajratadi».
Vatanimiz, millatimiz yuz yildan ortiq bosqinchilar qo‘lida, mustamlaka zulmi ostida yotganining asosiy sabablari xonliklar davrida Turkiston o‘lkasida yuzaga kelgan ittifoqsizlik; dinni asosi bilan tushunmagan ilm madaniyat dushmanlari hokimiyat tepasida bo‘lishi; mamlakat mudofaa quvvatiga ahamiyat berilmagani; xalqimizning xurofot zulmati va jaholat botqog‘iga butunlay botganligi; zamonaviy fan ilmlarini o‘qish va o‘qitish ishlariga e’tibor bo‘lmaganligi haqida bobomlar kuyinib gapiradilar.
«Nima uchun keyingi asrlarda Turkiston xalqi bunday johiliyat botqog‘iga botdi? Buning bosh sababi dinni asosi bilan tushunmagan ilm madaniyat dushmanlari hokimiyat tepasida bo‘ldilar. O’zlarini din homiylari deb e’lon qilib, xalqni ma’rifat nuridan mahrum, zamonaviy fanniy ilmlardan butunlay yiroq tutdilar. Chet davlatlar bilan aloqa bog‘lamadilar, o‘qish o‘qitish ishlariga hech qanday ahamiyat bermadilar. Shuning uchun Turkiston xalqining ichida uyg‘onish, fikr ochilish va bor sharoitdan foydalanish imkoniyatlari bo‘lmadi. Davlatning inqirozi, millatning ongsizligiga shu johillar sababchidur». «Bular Vatan va millat oldida eng kechirilmas jinoyatchi odamlar, chunki davlatlarini inqirozga, millatlarini qullikka, Vatanlarini xorlikka olib keldilar».
«Hozirgi madaniyat olamida millatning o‘z xuquqini saqlash sharafi uning qurol kuchigagina bog‘lanmishdir. Shuning uchun to‘liq mudofaa kuchiga ega bo‘lmagan millatlar insoniy huquqlaridan butunlay ajrab, hayvonlar qatorida xo‘rlik bilan yashamoqqa majburdirlar». «Shunga ko‘ra, Vatan bolalari oldimizdagi kelajak kunlarni eskarib, zamonaviy ilm o‘qishga chin ko‘ngillari bilan kirishib, halol meros o‘z Vatanlarini egallash uchun mudofaa quvvati tayyorlashga tish-tirnoqlari bilan yopishsinlar».
Kitobda hozirgi zamon ilm-fanini tirishib o‘qish, zamonaviy texnika va texnologiya hunarlarini yaxshi o‘zlashtirish bilan bir qatorda, xalqning milliy hissiyotini ko‘tarish, o‘z ona tilini saqlash, adabiyotini yuksaltirish bizni millat sifatida yutilib ketishdan to‘g‘on kabi asraydigan zarurat ekanligi uqtiriladi: «Hozirgi o‘qimishlik, tushungan Vatan bolalarimiz, agar milliy hislik bo‘lmas ekanlar, ulardan bizga, ya’ni o‘z xalqiga foyda yetishi hech vaqt mumkin emasdir. Balki bolta sopini o‘zimizdan chiqargandek, yov qo‘lida tub ildizimiz bilan kesib quritishga qurol bo‘ladilar. U holda esa o‘zlaridan umid etilgan vatan o‘g‘illarining qo‘llari bilan vatan ahllarini ko‘mishga chuqur qaziladi demakdip.
«…Milliy hokimiyatimizdan hozircha ajrab turgan bo‘lsak ham, milliy hissiyotimizdan ajramay, uni saqlay olsak, kelajakda dushmanlarga yutilishdan o‘zimizni qutqara olamiz. Endi bu maqsadga yetish uchun qo‘yilgan masalalarning eng birinchi sharti til masalasidir. Agar biz til adabiyotimizni kengaytirib, uning qadr-qimmatini oshirib, boshqa madaniy tillar darajasiga yetqizur ekanmiz, mana bu chog‘da millatimiz, milliy hissiyotlarimiz doimiy ravishda o‘sib saqlang‘usidir. Agar bunday bo‘lmay, balki, aksincha, o‘z ona tili qadriga yetmasdan unga ahamiyat bermas ekanlar, u chog‘da ko‘p uzoqlamayoq alvido aytib, o‘z tillaridan abadiy ajragan bo‘ladilar. Shundoq bo‘lib o‘z ona tilidan ajramoqlik, milliy hissiyotlarini yo‘qotish natijasidir. Bu ish esa insoniyat olami oldida ulug‘ xiyonat, kechirilmas jinoyat hisoblanadi. Bunday bo‘ldi demak, ulug‘ Turkiston ulusi Turon nasli bosqinchilar tilagicha, qurbon bo‘lgan holda inqirozga uchrab, Alloh saqlasin, tarix sahifalaridagi shon sharaflik nom nishonlari o‘chiriladi demakdir».
Alixonto‘ra umr bo‘yi Turkiston xalqining ozodligi va milliy mustaqilligi uchun kurashgan, yoshligida chor Rusiyasiga qarshi ko‘tarilgan qo‘zg‘olonlarda faol ishtirok etgan, Sharqiy Turkiston islom jumhuriyatining 1-Prezidenti va marshal bo‘lgan, mustabid sovet tuzumining butun kirdikorlarini ilk kunlaridan boshlab tanqid qilgan va unga qarshi turgan, uning mustamlaka siyosatini qabul qilmagan fidoyi inson edi. Umrining ko‘p qismini quvg‘inda, qamoqxonalarda, tazyiq va ta’qib ostida o‘tkazdi.
Har davrda «saxovatli» sovet hukumati tomonidan taklif etilgan har xil «in’omlarni», jumladan, u kishiga umrbod tayinlangan katta nafaqani, oilasi bilan yashash uchun ajratilgan katta hovlini, Fanlar Akademiyasiga a’zo bo‘lish taklifini rad etib, o‘z iymon- e’tiqodiga har doim sodiq bo‘lib qolganlar. U kishi oddiy xalq ichida tanilib, katta obro‘ e’tiborga ega bo‘lganligi uchun sovet tuzumining maxfiy idoralari tazyiq o‘tkazib turgan bo‘lsa ham, mahkamaga tortish, qamash choralarini qo‘llashga jur’at etmaganlar.
Ul zotning metinday mustahkam iymon-e’tiqodini, Vatanimizga, millatimizga bo‘lgan chuqur muhabbatini, istiqlolning qo‘lga kelishiga, milliy davlatchiligimizning tiklanishiga bo‘lgan ulug‘ ishonchini hech narsa buka olmagan. «Biz, O’zbekiston xalqi, haqiqatda shu vatan ahllarimiz. Inson nasli yaratilib, yer ustiga qadam qo‘ygan kundan boshlab, bizning ota bobolarimiz shu O’zbekiston o‘lkasida yashab kelgan ekanlar shu kunlargacha tiriklarimizni bo‘ynida ko‘tarib, o‘liklarimizni qo‘ynida saqlamishdir. Bu Uzbekiston Vatanimizning bir qatlami biz o‘zbek xalqi ota-bobolarimizning suyaklari bilan ko‘tarilmishdir. Bo‘ynida ko‘targan, qo‘ynida saqlab oq sut berib tarbiyat qilgan bu O’zbekiston Turkiston bizning o‘z ona vatanimizdir.
Endi biz shu kungi holimizni yuzaki emas, chuqurroq tekshirib ko‘raylik. Qaysi holda turamiz, qanday xorlik ostida yashaymiz, hayotimiz ustidan kimlar hukm yurgizib, takdirimiz kimlar qo‘liga topshirilmishdir? Jannat kabi bog‘i-bo‘ston, noz-ne’matlik Vatanimizga kimlar ega bo‘lib, ul joylarda kimlar o‘ltiradi? Vatanimiz, boz ustiga mol- dunyomiz, axloq-odoblarimizdan bizni kim ajratdi? Butun hayot, hosilot, erk ixtiyorimizni majburiy ravishda qo‘limizdan kimlar tortib oldi?».
«Kerakligicha din ilmini o‘qish hammaga farz bo‘lganidek, o‘z hukumatini, Vatanini va millatini saqlash uchun zamonaviy fan ilmini o‘qib bilishlik ham farzdir». «Vatanimizni ozod qilish, o‘z davlatimizni qo‘lga keltirish va uni saqlash uchun, har davrning o‘ziga yarasha butun sabablarini qilish, Qur’onda aytilgan Alloh amri deb bilishimiz kerak».
«…Payg‘ambarimizning g‘oyibdan xabar bergan mo‘‘jiza so‘zlariga qaraganda va hozirgi jahon siyosatining ketishicha, oldimizda ulug‘ voqealar bo‘lishi shubhasizdir. Mana shu kabi buyuk voqealar bo‘lar ekan, dunyo bo‘yicha umumiy o‘zgarishlar bo‘lmay qolishi mumkin emas. Shu o‘zgarishlar natijasida mustabid tuzumning temir qo‘rg‘onlari tor mor qilinib, asrlar bo‘yi zolimlar asorati ostida yotgan bechora vatan ahllari o‘zlarining halol meroslari ona vatanlari bo‘lgan Turkiston o‘lkasiga shunda, albatta, ega bo‘ladilar».
Umumjahon siyosatining o‘zgarishi, millatlarning milliy uyg‘onishlari kuchayishi natijasida mazlum xalqlarning o‘z milliy yetakchilari ham yetishib chiqishini bobomlar orzu qilib aytadilar: «Yer usti insonlari yer osti ma’danlari kabi turlikcha yaratilganlikdan har qaysilari har turlik qobiliyatga egadurlar. Bular ichida temir-ko‘mirlari ko‘p bo‘lg‘andek, oltin-olmoslari ham oz emasdir. …Agar shundoq kunlar to‘g‘ri kelar ekan siyosat maydoniga millat yetakchilari, albatta, chiqadi va shunda Turkiston xalqi o‘z hukumatini birinchi navbatdayoq qurib olishi, albatta, lozimdir. Har millatning o‘z hukumati o‘z qo‘lida bo‘lmas ekan, cho‘poni-qo‘ychiboni yo‘q bir to‘da qo‘y kabi yirtqich qushlarga, och bo‘rilarga yem bo‘lib, oxiri inqirozga uchrab yo‘qoladi».
Asarda kelajakda quriladigan milliy davlat va jamiyat asoslari haqida ham fikr bildirilgan. Islom dini bilimdoni Alixonto‘ra Sog‘uniy qarashlaricha, ular umuminsoniy haq-huquqlar himoyalanib saqlanadigan, din erkinligi kafolatlanadigan, islom axloqi va madaniyatiga tayanadigan, kuchli ilmiy, askariy quvvatga ega bo‘lgan dunyoviy davlat va jamiyatdir. Shunday bo‘lganda keyingi asrlarda Turkiston xalqi boshiga tushgan qo‘rquvparast ruhiy muhitdan qutilmoq, qudratli qo‘shni davlatlar siyosatining qurboni bo‘lishdan saqlanmoq, zamonaviy taraqqiyot to‘g‘ri yo‘lida tez rivojlanmoq imkoniyatlari yaratiladi. «Endi shuni bilmak kerakkim, deydi Alixonto‘ra, Qur’onning hukmiga, Rasulullohning yo‘liga yaxshi tushunmay dinga xiyonat qilgan, o‘z Vatanini boshqalar tasarrufiga qoldirib, ikki dunyosidan ajrab xorlik bilan yashagan yolg‘on musulmonlardan ilm, fan, madaniyatni o‘zlashtirib, butun huquqlariga ega bo‘lgan kofirlar, albatta, ortiqdur».
Kitobda Turkiston xalqlarining ittifoqi masalasi ham har tomonlama keng yoritilgan. «Mustamlaka zulmi ostiga tushib qolishimiz sabablarining birinchisi xonliklar vaqtida yuzaga kelgan ittifoqsizlik shumligidir. Xozirgi davrda millatimiz manfaatini dunyo siyosati darajasida to‘la himoya qilish uchun Turkiston xalqlari, davlatlari, birinchi navbatda, mintaqaviy ittifoqqa birlashmoqlari zarur. Shundagina bu ittifoqning yaratadigan qudratli siyosiy va iqtisodiy salohiyati dunyo siyosatdonlarini undagi davlatlar manfaatini hurmat qilishga majbur qilishi mumkin. Bo‘lmasa ma’lum bir tarixiy sharoitda qudratsiz davlatlar yana kuchli davlatlarning qurboni bo‘ladi. Turkiston davlatlari birlashishlari uchun tabiiy asos mavjud. Bu tarix, yurt va madaniyat birligi, umumiy din va til borligidur. Qur’on mo‘minlarni birlik, ittifoqlikka qattiq undaydi».
Shu bilan birga, bu asarda Markaziy Osiyo xalqlarining eng qadimgi davrlardan XIX asr oxirigacha bo‘lgan davr ichida qurgan davlatlari, sohibqiron Amir Temur haqida, turkiy xalqlar madaniyati, turmushi, etnografiyasiga oid qimmatli tarixiy, ilmiy ma’lumotlar mavjud. Ayniqsa Sharqiy Turkiston o‘lkasida shu paytdagi ijtimoiy-siyosiy vaziyat, milliy mustaqillik uchun uyg‘ur xalqining olib borgan kurash tarixi keng yoritilgan. Milliy tariximizni qoralab sovet davrida «bosmachilar harakati» deb nomlangan, aslida Vatan ozodligi uchun kurashgan millat qahramonlari to‘g‘risida ham fikr bildirilgan. Albatta, muallif bu harakatga o‘zining shaxsiy munosabatini bildiradi va ular mag‘lubiyatining asosiy sabablaridan biri buyuk ozodlik g‘oyasi atrofida millatni birlashtirgan, zamon siyosatini yaxshi tushungan, ongli rahbariyat yoki millat yetakchisi bo‘lmaganligini ko‘rsatadi.
Kitob nihoyatda tiniq, badiiy go‘zal, ravshan tilda yozilgan. Jumladan, tabiat manzaralarining tasvirlari o‘quvchi qalbida ona Vatanimizga chuqur muhabbat va mehr uyg‘otadi.
«…Bu tarixiy so‘zlarni yozishdan ko‘zlagan mening tubgi maqsadim, deydi Alixonto‘ra, o‘z Vatanida turib g‘arib bo‘lgan Turkiston xalqini, ayniqsa, hozirgi va kelajak Vatan yoshlarini ogohlantirib, o‘lim uyqusidan uyg‘otishdir. Ko‘nglimdagi munglik qayg‘ularimni qalam tumshug‘idan to‘kib yozgan bu kitobimni o‘quvchi va ham eshituvchi vatanparvar, millatsevar qahramon bolalarimizga mening topshirig‘im shulki, tilim uchidan emas, dardlik dilim ichidan chiqarib yozgan yolqinlik so‘zlarimni faqat uqibgina o‘tmasdan har bir og‘iz so‘zini tekshirib, uning ustida fikr yuritsinlar. Insoniyat taraqqiyoti emas, madaniyat taraqqiyoti bo‘lmish XX asrimizdagi insonlar milliy, vataniy, diniy huquqlarini saqlash uchun qaysi narsalarni qo‘lga keltirishi zarur ekanligini yaxshi tushunib, uning chorasiga kirishsinlar».
O’zining bu so‘zlariga amal qilib, Alixonto‘ra Sog‘uniy 1962 yildayoq ulug‘ sohibqiron Amir Temurning «Temur tuzuklari» nomli kitobini eski forsiydan o‘zbek tiliga tarjima qiladilar. Dastlab «Guliston» oynomasi sahifasida bu kitobning ko‘p qismi 1967 yili u kishining jur’atli kirish so‘zi bilan bosilib chiqadi. O’sha davrda «qonxo‘r Temur»ni oqlab yozish katta jasoratni talab qilar edi. Vaholanki, bobomiz sohibqiron Amir Temurni o‘zbek xalqiga tiriltirib berib ketgan edilar. Shundan bir yil keyin, ya’ni 1968 yili O’zbekiston Fanlar akademiyasining viqe prezidenti I.M. Mo‘minov ko‘pchilik tarixchi olimlar muhokamasidan o‘tkazgan holda «Amir Temurning O’rta Osiyo tarixida tutgan o‘rni va roli» risolasida ehtiyotlik bilan u kishiga ijobiy baho berishga harakat qiladi. Shundan keyin O’zbekiston matbuotida deyarli 25 yil davomida bu mavzuda ma’lumot berilmaydi. Ajablanarli hol shundaki, 1991 yili «Temur tuzuklari» qaytadan kitob shaklida chop etilib, tarjimon bobomizning yoniga yana bir kishining ismi-sharifi qo‘shib qo‘yildi. Unga kirish so‘zi yozgan tarixchi olimning fikricha, bu «asarning muallifi ma’lum emas»mish. «Temur tuzuklari» feodalizm, hukmron sinfning maqsad va manfaatlarini ko‘zlab yozilgan …» asarmish. O’sha olimning keyingi yillarda Amir Temur haqida yozgan asarlarini o‘qib, bu kabi ko‘z-qarashlari ancha o‘zgarganidan xursand bo‘lasan kishi. Mustabid tuzumning yemirilgan davrida ham tarixchi olimlarimiz Alixonto‘raning birinchi bo‘lib ulug‘ bobomiz sohibqiron Amir Temurni va uning shon-shuhratini himoya qilib ko‘rsatgan bu jasorati to‘g‘risida ochiq gapirishdan, tarixiy haqiqatni tiklashdan biroz hayiqdilar.
Mustahkam iymon, buyuk e’tiqod, haqqoniy maslak egasi bo‘lgan, Vatanim Turkistonim deb qayg‘urib yig‘lagan, uning ozodligi, istiqboli uchun umr bo‘yi kurashgan, davr tuzumining siyosiy, iqtisodiy tazyiqlariga bardosh bergan insonlarni odatda millatning vijdoni deb bilishadi. Shu nuqtai nazardan qaraganda Alixonto‘ra Sog‘uniy 1960—1980 yillarda ana shunday insonlardan bo‘lgan edi, deyishga to‘la haqlimiz. U kishining ta’limoti zamonamiz yoshlarini yuksak ma’naviyat, axloq, Vatanga muhabbat ruhida tarbiyalash imkonini yaratadi. Shunday ekan, umid qilamizki, minnatdor avlod o‘zining buyuk bobokalonlaridan bo‘lgan Alixonto‘raning Vatanimiz, millatimiz oldidagi xizmatlarini munosib taqdirlaydi, hayoti va ko‘p qirrali ijodini chuqur o‘rganadi, milliy tariximiz va adabiyotimiz sahifalarida ul zotning o‘z munosib o‘rni bo‘ladi, inshoalloh!
O’tmish tariximizdagi buyuk bobokalonlarimizga uy muzeylari tashkil qilish imkoniyati bo‘lmagan bo‘lsa ham, yaqin yillarda yashab o‘tgan bu kishiga sharafli hayoti, ibratli ta’limoti haqida to‘la ma’lumot beradigan uy-muzeyi tashkil qilinsa yaxshi bo‘lur edi. Bu muzey u zot qanday sharoitda yashab millat ozodligi uchun kurashgan, dilida millat va Vatan ishqi yongan haqiqiy inson nimalarga qodir ekanini bildiradigan, kelajak avlod o‘g‘il-qizlarimiz tarbiyasi uchun oliy ibrat maktabi bo‘lib xizmat qiladigan bir tabarruk joy bo‘lur edi.
Bobomlar biz farzandlari uchun bir vaqtda ustoz ham bo‘lganlar. Mening yoshlik, yigitlik davrim u kishining yonida, umrlarining oxirigacha tarbiyasida bo‘lish baxti bilan o‘tgan. 1964 — 1967 yillari u kishining qoshida norasmiy «Ong o‘stirish to‘garagi» mavjud bo‘lib, bu yerda biz yoshlar har haftada ikki marta yig‘ilar edik. Arab tili va islom dini asoslaridan saboqni, milliy tariximizdan darslarni, axloq-odob, inson haq-huquqlari to‘g‘risida birinchi tushuncha va ma’lumotlarni u kishidan shu paytda uqqan edik. Bobomiz biz uchun ma’naviyat, tarix va milliy qadriyatlarimizning tirik qomusi; har qanday mushkulot yechimini topa oladigan dono murabbiy zamonamiz tuzumi, siyosati haqida bor haqiqatni to‘g‘ri so‘zlovchi botir inson edilar. Ul zot islom dini, o‘tgan ulug‘larimiz, milliy qadriyatlarimiz, Vatan va millat haqida gap ketganda g‘oyatda to‘lqinlanib, behad g‘urur bilan so‘zlardilar. Notiqlikda oldiga tushadigani kam topilardi. So‘zlaganlarida nuroniy yuzlaridan hamisha yog‘du taralib turar edi. Darslarda bizga nihoyatda samimiy muloqotlari ohangrabodek ta’sir etardi va hayajonli taassurot qoldirardi. Yoshlikdan ilmni qunt bilan o‘rganish lozimligini aytib, «Yoshlikda egallangan bilim toshga o‘yilgan naqshdur», «Ong yo‘q joyda jasorat bo‘lmaydi», «Bu dunyoda hech narsa tan-sog‘liqqa yetmas» kabi shiorlarni ko‘p eshitar edik.
Milliy tarix darslaridan birida shunday deganlar: «Insonlar o‘z hayotlarini ongli ravishda tushunib turishlari uchun dunyo ilmlari ichida boshqalardan ko‘ra tarix ilmiga hojatlari ayniqsa ko‘pdur. Shuning uchun har davrning dono olimlari tarafidan bu to‘g‘rida bek (ko‘p) kitoblar yozilmish ekandur. Tarix demak, o‘quvchilarning ko‘z oldilariga qo‘yilgan bir ko‘zgu kabi bo‘lib, unga qaragan kishilar esa yuz-ko‘zlariga yuqqan yomon narsalarni ko‘rar ekanlar, albatta, undan o‘zlarini tozalaydilar.
Shunga o‘xshash, o‘tmishdagi ota-bobolarning oynaklarini keyingi bolalari qo‘llariga olib qarasalar, o‘zlarining kim ekanliklarini, endi kim bo‘lg‘onliklarini shu ko‘zguda ochiq ko‘radilar. Mehribon ona Vatanlari bosqinchi oyoqlar ostida depsalib, ingrab yotqonlig‘ini ko‘rgach, uning sabablarini tekshirishga kirishadilar. Ongsizlik o‘lim uyqusida yotgan bir millatni uyg‘otish uchun o‘tmishdagi ota-bobolarining shonlik tarixini bilishdan ortiq narsa yo‘qdir.
Bu ilmdan kutilgan asosiy maqsadlar bir davlat qurilgandan so‘ngra, u qaysi ishlar bilan taraqqiy topib rivojlanmishdur, yoki inqirozga uchrab zavol topishi nima sababdan bo‘lishidur. Chunki dunyoda o‘tgan, yo o‘tmoqda bo‘lgan yaxshi-yomon ishlar paydo bo‘lishining, albatta, sabablari bordur. Hayot olamida hech narsa sababsiz yuzaga chiqishi mumkin emasdur. Masalan, ilgari butun dunyoga nomi chiqqan, tillarda doston shu O’zbekiston bizning suyukli ona Vatanimiz nega qo‘limizdan chiqdi? Biz Turkiston xalqi o‘z davlatimizdan nega ajradik? Mana bularning sabablarini ko‘rsatish tarix ilmining asosiy vazifasidur.
Yana bir darsda aytganlari: Kelajakka faqat o‘tmish yo‘l ko‘rsatadi. Tarix shuni bildiradiki, ikki buyuk qo‘shni davlat bilan olib boriladigan yaxshi, o‘zaro manfaatli siyosat yetarli emas. Chunki ular har doim Turkistonga o‘z manfaatlari bo‘lgan muhim o‘lka sifatida qarab ish yuritishgan. Shu sababli asosiy masalalarda hamisha til topishib, Turkiston taqdirini o‘z manfaatlari yo‘lida hal qilishgan. Masalan, Sharqiy Turkiston xalqining ozodlik uchun olib borgan kurashi bu davlatlar manfaatiga zid bo‘lganligi sababli qurbon qilindi. Yoki Turkiston xalqi o‘zining qaysi tub manfaatlarini ko‘zlab, Ikkinchi jahon urushida shuncha ko‘p qurbonlar berdi?
Yer kurrasining imkoniyati chekli bo‘lishiga qaramay moddiy ehtiyoj keskin o‘sib borayotgan XX asrda millatlar taraqqiyoti va taqdiri ko‘proq qudratli davlatlar siyosati va manfaatiga bog‘liq bo‘ladi. Shu sababli Turkiston o‘lkasida uchinchi bir buyuk davlat manfaatini yaratish zarurati bor. Ravshanki, muhim masalalarda uch davlatning hech biri birortasining bir tomonlama manfaatdor bo‘lishiga yo‘l qo‘ymaydi. Shunda tadbirli siyosat yurgizuvchi kichik davlat, albatta, uning manfaatini ko‘proq ko‘zlab ish tutayotgan davlat tomonida bo‘ladi».
Shu tartibda biz bobomizning «Tarixi Muhammadiy» qo‘lyozma asari orqali islom dini va tarixi bilan tanishdik, o‘zlari fors tilidan tarjima qilgan mashhur Herman Vamberining «Buxoro yoki Movarounnahr tarixi» asarini va ulug‘ sohibqiron Amir Temur «Tuzuklari»ning birinchi tarjimasini qo‘lyozma holatda u kishining ishtirokida o‘qib o‘rgandik. Islom falsafasi nimalarga ko‘proq urg‘u beradi degan savolga: «Sharq falsafasi avval boshidan boshlaboq asosan inson ruhiyatini, uning ma’naviy olamini bilishga, odamlarning o‘zaro munosabatlarini anglashga e’tibor bergan. Bu ta’limotda odam qalbini hayvoniy hirslardan ozod etish, uni Allohga ishonch, iymon nuri bilan yoritish, komil inson masalalari ustida ko‘proq fikr yuritiladi», deganlarini uqqanmiz.
Har doim 3 — 4 soatdan kam davom etmaydigan maroqli darslarimizda ko‘p tarixiy voqealarga ul zotning ajoyib mukammal, siyosiy-ijtimoiy mantiq qonunlariga asoslangan sharhlarini eshitishga muyassar bo‘lganmiz. Masalan, Vatanimiz mustaqilligi va erkining yo‘qolishiga nobop kishilarning hokimiyat tepasiga chiqib qolishi ham sabab bo‘lganligi to‘g‘risida gapirib, aytganlarini eslayman: «Har bir davlat arbobi siyosatda bilimdonlik, sezgirlik, izchillik va jasorat kabi fazilatlarni o‘zida mujassamlashtirmog‘i kerak. Bu toifadagi hukmdorlar o‘zlari kuchli bo‘lganligi uchun atrofiga mard va ochiqcha so‘zlasha oladigan kishilarni to‘plab ish yuritadi. Ulug‘ bobomiz sohibqiron Amir Temur shunday zotlardan edi. Temur sulton ta’rificha, hukmdorga o‘z fikrini va mulohazalarini aytishga botina olmaydigan hamda o‘z soyasidan cho‘chiydigan, qul tabiatli mansabdorlar saltanatning eng xavfli dushmanlaridur. Chunki ular o‘zlarining ojizligi va jasoratsizligi orqasida ikkiyuzlamachilik bilan ish yuritadilar, kezi kelganda esa o‘z hukmdoriga va hatto vataniga xiyonat qilishdan toymaydilar. Shu boisdan buyuk Amir Temur qul tabiatli amaldorlarni yoqtirmay, o‘z qadru-qimmati, vijdoni, or-nomusi va g‘ururini saqlay oladigan kishilarni davlatning ustuni deb hisoblagan».
Ul zot yana shunday deganlar: «Agar mo‘min-musulmon bir nohaq ishni ko‘rsa, albatta, ul ishga qo‘li bilan qarshi tursin. Agar bunga qudrati yetmasa, tili bilan qaytarsin, bunga ham yaray olmasa, hech bo‘lmasa ko‘ngli bilan norozi bo‘lsin. Bu so‘nggisi iymonning eng kuchsiz bo‘lishidandur. Agar ko‘ngli bilan ham ul ishga norozi bo‘lganin sezmas ersa, bundin Alloh saqlasinkim, bu hol iymonsiz kishilarning belgisidur. Ularni payg‘ambarimiz tiriklar o‘ligi deb aytganlar.
Payg‘ambar Muso alayhissalom ummati vujudiga singdirilgan qullik asoratini siqib chiqarish uchun o‘z qavmini qirq yil Sahroyi Kabirda olib yurgan ekan. Chunki bu illat millatning jasadlariga yopishgan vabo mikroblari kabidir. Agar unga qarshi chora ko‘rilmas ekan, ko‘p uzoqlamayoq hayot olamidan oti o‘chirilib, u millat tub tomiri bilan yutilib yuboriladi.
Insonning eng sevgan qadrlik, qimmatlik to‘rt narsasi bordur. Bu to‘rt narsaga ega bo‘lmagan kishilar insonlik sharafidan mahrum bo‘ladilar.
Alarning eng birinchisi shuldurkim, har odam o‘z erk va ixtiyoriga ega bo‘lmokdur. O’zida erki yo‘q, qo‘lida ixtiyori yo‘q odamlarning hayvondan nima farqlari bor?
Ikkinchisi — shar’iy yoki qonuniy kasblari orqali topgan molu dunyosi, qilgan mehnatining mevasi shul topguvchining o‘z haqqi bo‘lgan xos mulkidur.
Uchinchisi — har bir millatning haqiqiy onasi, u millatning tug‘ilib o‘sgan, ota- bobosidan meros qolgan Vatanidur. Ona Vatanni boshqalar tasarrufiga qoldirmoq Vatan avlodlarining kechirilmas og‘ir jinoyatlaridur, balki inson huquqlariga qilgan xiyonatidur.
To‘rtinchisi — har mamlakat xalqining asrlar bo‘yi asralib kelayotgan muqaddas dinlaridur».
Bobomizning Naqshbandiya ta’limotiga e’tiqod qo‘yganlari ham ma’lumdir. «Hazrat Bahouddin Naqshband tariqatlari Qur’oni karim va Hadisi sharifga asoslanadi. Ul zotning «Dil ba yoru dast ba kor!», ya’ni ko‘ngil Alloh yodi bilan, qo‘l esa ish bilan band bo‘lsin, degan shiorlari butun musulmon olamiga mashhurdir. Sohibqiron Amir Temur ham bu tariqatga amal qilgan. Raiyat ravnaqini ko‘zlab, «Kam yenglar — ocharchilik ko‘rmasdan boy-badavlat yashaysizlar, kam uxlanglar — mukammallikka erishasizlar, kam gapiringlar — dono bo‘lasizlar!» deb bu kishining nasihatlarini ta’kidlaganlar. Allohni sevish, uning visoliga yetish uchun og‘ir, mashaqqatli poklanish yo‘lini bosib o‘tishimiz lozimdir. Har bir kishi o‘z vaqtini sarhisob qilib turishi, chunki vaqt boyliqdur, bir kasbni egallashi, o‘z qo‘l kuchi bilan halol luqma topmoqligi bu ta’limot asoslaridandir», deganlarini eshitganmiz. O’z hayotlari davomida shunga amal qilib dorishunoslik, tibbiyot ilmlarini mukammal egallaganlar va hojatbaror shifokorligi tufayli ko‘pchilik o‘rtasida katta obro‘-e’tiborga ega edilar. Kichkina hovlining tashqarisida doimo sog‘in sigir bilan bir tana boqilar edi. Yoshligimda ularga yem-xashak va ivitilgan somonga kepakni ixlos bilan o‘zlari qorishtirib berayotgan ish ustida bobomlarni ko‘p marta ko‘rganman.
Erta bahor kunlari edi. Saharda bir qarindoshning to‘y oshiga bobomlar bilan birga bordik. Kun sovuq, endi tong otmoqda edi. Ko‘pchilik aytilgan bo‘lsa kerak, ko‘chada saf tortib, osh yeyishga navbat kutib, odob bilan bobomlarni oldinga kuzatayotgan tumanat odamlarni ko‘rib, hassaga ikki qo‘lini qo‘ygan holda to‘xtadilar. «Bay, bay, bay! Qani edi bu o‘zbek o‘g‘lonlari shu tartibda, shunday g‘ayrat va ixlos bilan Vatan ozodligi uchun jangga kirsa!» deb, tizilib turgan uzun safga zavq bilan uzoq tikilib qolganlarini eslayman. Shunda bu manzara to‘qsonni qoralab qolganiga qaramay, qomatini mag‘rur tikka tutib turgan sobiq marshalning Vatan ozodligi uchun olib borgan shiddatli muqaddas janglarining qaysi yolqinli damlarini ko‘ngliga solgan ekan, deb o‘yladim.
Alixonto‘ra keng bilimlar egasi, chinakamiga qomusiy olim edi. Yuqorida tilga olingan asarlaridan, tarjima qilgan kitoblaridan tashqari u kishining qalamiga mansub «Shifo ul- ilal», ya’ni «Illatlar shifosi» asari ham mavjud. Unda ikki yuzdan ko‘p kasalliklar bayoni, tashxisi va davolash usullari berilgan. Ko‘p tillarni chuqur bilganligi bois shu tillarda she’rlar ham yozganlar. «Devoni Sog‘uniy» nomli devon sohibi hamdir. Shu davr ichida bobomiz tomonidan yana Ahmad Donishning «Navodir ul-vaqoe» asari, Darvesh Ali Changiyning «Musiqa risolasi» asari o‘zbek tiliga tarjima qilingan.
Alloma Sog‘uniyning obro‘-e’tibori oddiy xalq orasida nihoyatda yuqori edi. Ul zot faqatgina islomparvar bo‘lmay, balki tom ma’noda insonparvar bo‘lgani sababli oldiga uzoq-yaqin joylardan juda ko‘p kishilar o‘z dardlari va tashvishlariga davo, maslahat izlab kelishar edi. Ayniqsa «Temur tuzuklari» oynomada bosilib chiqqandan keyin mashhurligi yanada oshdi. Ko‘plar fors, arab, turkiy tillarida bosilgan, turli sohalarga mansub qadimgi nodir asarlarning tarjima va sharhlariga yordam so‘rasalar, boshqalar ilm izlab kelganini, tabobat, milliy tarix, diniy ilm sohalarida bilim olish uchun shogird bo‘lish niyatida ekanini bildirardilar. Ko‘p o‘zbek shogirdlari uydan qatnab ilm olsalar, uzoq yurtlardan kelgan tojik, qirg‘iz, qozoq, tungon, kavkaz xalqlariga mansub shogirdlari tashqari hovlidagi boloxonada yotib dars olardilar. Har payshanba kun iftorliklariga ko‘pchilik qatnashishga intilar edi, chunki bu yerda bo‘ladigan ajoyib maroqli suhbat va majlislarda ulug‘ e’tiqod, milliy qadriyatlarimiz, shon-shavkatli tariximiz, diniy masalalar yuzasidan fikr va sharhlar aytilar edi. Keyinchalik bu suhbatlar kengayib, jumladan, muborak ramazon oyi iftorliklari mehmonga chaqiriladigan katta hovlilarda, dala bog‘larida o‘tkaziladigan bo‘ldi. Bu kishining ishtirokidagi majlis va suhbatlarga katta ilm sohiblari, ayrim shoir va yozuvchilar, din arboblari, olimlar va boshqa obro‘yli kishilar juda katta hurmat va ehtirom, haqiqiy ma’naviyatga chanqoqlik bilan qatnashar edilar. Kundalik hayotimizdagi o‘zgarish va hodisalarga u kishi katta qiziqish va xalq manfaati nuqtai-nazaridan qarar edilar. Ular millatimizning erki, tinchligi va kelajagi uchun foydali bo‘lsa butun vujudi bilan xursand bo‘lib, olqishlar edi.
«Huquqlar himoyasining eng kuchlik quroli hisoblangan ilm-hunar, maorif eshiklari  hozirgi kunda inson olami yuziga butunlay ochiqdur. Shu sababdan tushungan Vatan o‘g‘lon-qizlarimiz zamonaviy har ilm-hunarni asosi bilan yaxshi tushunib, imkoniyat boricha bilib o‘zlashtirishga boshqalardan ortiqroq kirishmoqlari lozimdur» deganlarini bilaman.
1976 yil fevral oyining oxirgi kunlari, men Leningrad shahrida xizmat safarida edim. Bobomlarning ahvoli og‘ir ekanligi to‘g‘risida xabar keldi. Tezda Toshkentga uchdim. Samolyotdan tushib to‘g‘ri bobomlarning Taxtapuldagi hovlisiga yo‘l oldim. Qarindosh- urug‘, yaqinlar bilan to‘lgan hovliga kirishim bilan otamning «O’g‘lim, tezroq kir, bobong ketmoqda», degan nidosini eshitdim. Uyga kirishim bilan musaffo sokinlikda ko‘zlari yumuq yotgan bobomlarga ko‘zim tushdi. Atrof-yonlarida farzandlari. Ko‘zlariga termulib otam nihoyatda past, mungli tovush bilan Qur’ondan «Yosin» surasini tilovat qilib turardi. Ko‘zlaridagi yosh bilan shoshilinch holatda menga suv tutib, «Otamga suv tomiz», dedilar. Yig‘lab turib muborak lablariga dokada sekin suv tutdim. Ohista ko‘zlarini ochdilar. Otam bobomga tikilib turib, nihoyatda past ovoz bilan «O’g‘lingiz Uvaysxon yetib keldi», dedilar.
Bobomning ko‘z qorachiqlari men tomonga yalt etib o‘girildi. Bir «uf» tortdilar, muborak, xotirjam yuzlariga ikki tomchi yosh dumalab tushdi. Ko‘zlarini asta yumdilar va shu zahoti kalimai shahodat ustida jon uzdilar. Hayotlarining oxirgi soniyalarida ul zotning oldida bo‘lish va muborak lablariga oxirgi suvni tomizmoq menga nasib etganidan Allohga ko‘p shukronalar qilaman. Bu ne’matni hayotligida qilgan ulug‘ duolarining ijobati, ul kishiga bo‘lgan cheksiz muhabbatimning bir belgisi deb bilaman.
O’zbekistonning har joyidan va Markaziy Osiyo respublikalaridan yetib kelishgan ko‘p sonli kishilar bilan birga butun Toshkent ahli ul zotning tobutlarini Taxtapul mahallasidan yelkalarida ko‘tarib, vasiyatiga ko‘ra Ko‘kcha dahasidagi so‘nggi maskani bo‘lgan Shayx Zayniddin bobo qabristoniga oborib qo‘ydi. U kishining janozasini vasiyatiga binoan taqvo birodarlari Temurxonto‘ra o‘qishlari lozim edi. Ammo asrlar bo‘yi zolimlar tomonidan xalqimiz qalbiga singdirib kelingan qullik asorati bo‘lmish jur’atsizlik oqibatida janozani Ko‘kcha jome’ masjidida marhum Shayx Ziyovuddinxon ibn Eshon Boboxon mufti hazratlari o‘qidilar.
Hazrat Imom al-Buxoriy nasliga mansubligimiz bilan hurmatdamiz, Temur avlodidan ekanligimiz bilan faxrlanamiz, Alixonto‘ra Sog‘uniy vatandoshimiz bo‘lganligi bilan g‘ururlanamiz. Mana shunday buyuk siymolar shu Vatandan chiqqanligi uchun, ular umuminsoniy qadriyatlar asoschilari va targ‘ibotchilari bo‘lganliklari uchun va biz ham shu millat ahlidan ekanligimiz uchun bu Vatanni sevamiz! Uni milliy madaniyat, din, axloq go‘zalliklarining majmuasi bo‘lganligi uchun, o‘zlikni anglash g‘ururini qalblarda
uyg‘otgani uchun yana ham ko‘proq sevamiz! Yosh avlod shu muqaddas Vatanimizga, ulug‘ ajdodlarimizga munosib bo‘lib fikr yuritmog‘i, mehnat qilmog‘i va hech kimdan kam bo‘lmaslikni maqsad qilib kelajakka intilmog‘i kerak! Shunda ulug‘ bobolarimiz ruhlari shod va Vatan kelajagidan xotirjam bo‘ladi.
Shunday ekan «O’zbekiston sovet mustamlakachiligi davrida» deb nomlangan 700 betlik yangi tarix kitobida 1960-1980 yillarda o‘zbek xalqining mustabid sovet tuzumiga qarshi olib borgan kurashiga bag‘ishlab muhtaram tarixchi olimlarimiz juda oz ma’lumot berganini qanday izohlash mumkin! Bundan shu jannatmakon Vatanni bizga meros qoldirgan ulug‘ ajdodlarimiz ruhlari iztirob chekishi, qolaversa mustaqil O’zbekiston tarixining bu sahifalarini o‘qiydigan yosh avlodda ota-bobolarimiz mustabid tuzumga qarshi yetarlicha kurashmagan degan noto‘g‘ri fikr tug‘ilmaydimi?
Axir, bu tuzumdan norozi bo‘lib, unga qarshi harakat qilgan boshqa shaxslar ham bo‘lgan. Masalan, milliy enqiklopediyada nomlari keltirilib, faoliyati boshqa kitob va jurnallarda ham keng yoritilgan, asarlari oliy o‘quv yurtlarida darslik qatorida o‘rganilayotgan, maktab, mahalla va ko‘chalarga nomlari qo‘yilgan Alixonto‘ra Sog‘uniy va uning singari ko‘plab allomalarning har tomonlama chuqur asoslangan Vatan ozodligi, milliy mustaqillik uchun kurash g‘oyalarini tarix kitoblarida keltirish maqsadga muvofiq bo‘lar edi. O’zbek tili va adabiyoti darsliklariga Alixonto‘ra Sog‘uniyning Vatanni, ilmni, o‘zligimizni ulug‘laydigan she’r va dostonlaridan parchalar ham kiritilsa farzandlarimiz tarbiyasi uchun foydali bo‘lardi.
O’zbek millatiga mansub ekanmiz, uning kelajagi uchun hammamiz mas’ulmiz. Shu sababli millatimizning istiqbol tomon harakatida yo‘l ko‘rsatkich shamchiroqlaridan bo‘lgan Alixonto‘ra Sog‘uniy haqida jamiyatimiz, birinchi navbatda, uning ongli qismi ziyolilarimiz umumiy, asosli bir fikrni bildirganlarida nur ustiga a’lo nur bo‘lur edi.
Asarda yozilishicha, otamlar bobomlarni jallodlar qo‘lidan tun qorong‘usida qochirgan ekanlar va ul zotning vasiyatiga binoan tarix kitobining davomini yozishga muyassar bo‘ldilar. Bizga bunday ulug‘ sharafli ishlar nasib qilmagan bo‘lsa ham, bu kitobni nashrga tayyorladim va uni to‘laligacha kompyuterga kiritdim. O’z xotiralarim, muallif va asar to‘g‘risidagi ayrim taassurotlarim haqida ojiz fikrimni bu yerda bildirdim.
Yana shuni aytishim kerakki, muallifning o‘zi mazkur asarini qism yoki boblarga bo‘lmagan. Asarni sinchiklab o‘rganish va nashrga tayyorlash jarayonida uning mundarijasini berish lozim deb, uni taxminan 13 qismga bo‘lib nomladim. Asarda ko‘rsatilgan kursiv ajratmalar, tushunilishi qiyin so‘zlar, ayrim shaxs va joy nomlari uchun izohlar ham biz tomondan berilgan. Kitob muqovasidagi manzara ham muallifning asosiy g‘oyasini ifodalaydi. Hayotbaxsh Turonzaminda ulug‘ Turkiston eli qadim chinorining keyingi bo‘g‘in millatlari kallaklangani ko‘rsatilgan. Bu zaminga taxdid solib bulutli osmon tagida ikki buyuk davlat manfaatlari qoya bo‘lib turibdi. Ufqda ozodlik quyoshi tong otmoqda. Uning nurlarida kesilgan bo‘g‘inlar, albatta, ko‘karib o‘sishiga ulug‘ ishonch ramziy bildirilgan.
Bu kitobni bosmaga tayyorlash va chiqarishda menga yordam bergan, ko‘maklashgan kishilarga minnatdorchilik izhor etishni o‘zimning muqaddas burchim deb bilaman. Birinchidan, 6u kitobdan parchalar tayyorlab oldinroq xalqimizni u bilan tanishtirgan va bobomiz ilmiy meroslarini dunyoga tinimsiz targ‘ibot qiluvchi amakimiz Qutlug‘xonto‘raning xizmatlari kattadir. U kishiga chuqur minnatdorchilik bildiraman. Hozirgi kunda bu kitobning turkcha tarjimasi Turkiyada u kishining boshchiligida amalga oshirilmokda. Ikkinchidan, qarib qolgan chog‘larida g‘ayrat qilib, bu asarni arab imlosidan kirillga o‘tkazgan va uni ukamiz Abdullaxon, jiyanimiz Ma’rufxonlar bilan birgalikda xatolarini to‘g‘rilab qayta bosgan akamiz Ahadxonto‘raga katta minnatdorchilik bildiraman. U kishining bu tashabbusi kitobning tezroq bosilishiga turtki bo‘ldi. O’g‘illari qishloq xo‘jalik fanlari doktori Furqatxon bobomizning bosh evarasi bu kitobning bosilishiga birinchi fidoyilardan bo‘ldi. Kitobni chiqarish uchun zarur bo‘lgan barcha moliyaviy masalalarda jonkuyarlik bildirib, yordamini ayamadi. Jiyanimning bu himmati va g‘ayrati uchun unga ko‘p tashakkurlar aytaman. Barcha amakilarim, ukalarim, jiyanlarim, o‘g‘lim va o‘rtog‘i Saidumar otamiz boshliq bu ishning har xil jarayonida o‘z maslahat va yordamlarini ko‘rsatdilar. Ularga va bu yerda nomlari aytilmay qolgan boshqa birodarlarimizga o‘z tashakkurlarimni ayturman.
Alohida minnatdorchiligimni qo‘lyozmani ko‘rib chiqib, taqriz yozib o‘zlarining qimmatli maslahatlarini bildirgan O’zbekiston FA Tarix instituti direktori, professor D.Alimovaga, tarix fanlari doktori S.A’zamxo‘jaevga, arxitektura fanlari doktori P.Zohidovga va Tarix institutining yetakchi ilmiy xodimi, tarix fanlari nomzodi Q.Rajabovga bildiraman.
Tariximizning qorong‘u yillarida Vatanimiz ozodligi, millatimiz haq-ququqi uchun kurashgan bu ulug‘ zotning kelajak avlod uchun vasiyat qilib aytgan yolqinli so‘zlari xalqimizning o‘zligini anglashi, Vatan tuyg‘usining shakllanishi, g‘ururimizning tiklanishiga xizmat qilar degan umidda bu kitobni chop qildirdim. Shu kichik bir xizmatimiz xalqimizga xushnud tushsa bobomiz vasiyatlarini va farzandlik burchimizni qisman bo‘lsa ham bajardik va u kishining ruhlarini shod etdik, deb umid qilgan bo‘lur edik.

 
03Alixonto‘ra Sog‘uniy
TURKISTON QAYG’USI
04

SO’Z BOSHI

Bismillohir rohmanir rohiym

Ulug‘ ruhlik, to‘liq aqllik kishilarning aytishlaricha, har odam o‘zida bor yaxshiliklaridan, undagi ilm-hunar fazilatlaridan boshqalarga foyda yetkudek, keyingilar ibrat olg‘udek bir asar yozib qoldirishi, albatta, unga lozimdir.
Men, Ali Sog‘uniy, yoshlik-yigitlik kunlarimdan boshlaboq arabiy, forsiy tillarini to‘liq ravishda o‘zlashtirdim. Zamonning menga ko‘rsatgan to‘sqinliklariga qaramay, Tangri yordamida keng ko‘lamda diniy, tibbiy, ayniqsa, tarixiy ma’lumotlarga ega bo‘ldim. Arabcha, forsiychalarni yozish-so‘zlashgina emas, balki, bu ikki tilda kitob yozish, she’r aytish qobiliyati menda bo‘lsa ham, o‘z turkiy ona tilimni boshqa tillardan ortiqroq ko‘rdim. Chunki, qaysi bir millatning ona tili o‘z hojatini o‘tayolmay, boshqa yot tillar oldida mag‘lubiyatga uchrab tiz bukar ekan, unday millat ko‘p uzoqlamayoq, insoniy huquqlaridan ajragan holda hayot daftari ustiga inqiroz qalami chekilishi shubhasizdir. Unday millatlar yolg‘izgina Vatanlaridan emas, balki butun borlig‘i bilan tarix yuzidan yo‘qolishga majbur bo‘ladilar.
Yuqorida oqillar tilidan aytilgan so‘zga qarab, o‘zimda topilgan fazilatlardan tarix ilmini tanlab oldim, chunki shu hozirgi davrimiz 1966 yilda, o‘z Vatanlarida turib g‘arib bo‘lgan xalqimiz uchun, tarix ilmi baliqqa suv o‘rnida bo‘lishi ko‘pdan beri menga sezilmish edi. O’tmishdagi tarixini unitib, endigi tarixini tuymagan bir millat, qorong‘uda qolgan qo‘lida tayog‘i yo‘q ko‘r kishi kabi qayoqqa oyoq qo‘yishini bilmaganligidan dushman yetakchisi keynidan ketishga majbur bo‘ladi. Ochiq fikrli, sezgir Vatan o‘g‘illari tarixning qanday zarur ekanligini mening shu so‘zlarimdan ilhom olib, chuqur tushunishlari kerak.
Endi, Vatanim meni suymas ekan, men uni sevganligimdan, ulusim meni tanimas ekan, men uni taniganligimdan, Vatan ustida bo‘layotgan tarixiy o‘zgarishlarni va ham buning kelajakdagi yaxshi-yomon natijalarini ko‘rsatib, Vatan bolalariga ulgu (namuna) bo‘lgudek, boshqalar bundan ibrat olgudek tarixiy bir asar yozishga kirishdim. Biroq, men yolgizgina islomparast emas edim, balki yaralishimdayoq insonparast edim. Xalqqa qaysi yo‘lliq yaxshilik qila olgayman deb, yoshlik-yigitlik davrlarimni g‘am-g‘ussa kunlari bilan o‘tkazdim. Endi esa soch-soqolim oqarib, qariligim yetdi. Yoshim saksonga erishib, ichki-tashqi kuchlarim orqaga chekindi, qarilik yuki ostida bukula turib, oldimizda ko‘rina boshlagan halokat chuquri yaqinlashayotganiga chidayolmay, kelajak bo‘g‘in nasllarimiz g‘amxo‘rligi uchun, har yoqlama qiyinchiliklar bo‘lsa ham, shu tarixni yozishga boshladim. Qalamim tilidan dardlik so‘zlarim qonlik ko‘z yoshima qo‘shilib, bu kitob varaqlari yuziga to‘kilmish edi. Shuning uchun buning otini «TURKISTON QAYG’USI» qo‘ydim.
Men bu asarimni, bundagi tarixiy so‘zlarimni hozirgi O’zbekiston atalgan o‘z Vatanim ulug‘ Turkiston nomiga yozishim kerak edi. Biroq bu yerlarda bo‘lib o‘tgan so‘nggi kunlardagi eng og‘ir hodisalar, dahshatli voqealar, tubsiz dengiz kabi tuganmas doston bo‘lg‘onliqdan vaqtincha bo‘lsa ham ularni qo‘yaturib, shu kunlarda ajdarho og‘ziga kelib, bizdan ham ilgariroq yutilish oldida turgan Sharqiy Turkiston ustidan yozmoqni ortiqroq ko‘rdim. Chunki bu yerda 1931 yildan 1946 yilgacha bo‘lib o‘tgan ulug‘ tarixiy voqealarga o‘zim boshchilik qilib emgakim (mehnatim) singgan, ko‘zim ko‘rgan edi. Boshqa vijdonsizlar kabi tarix yuzini qoralashdan saqlanib, o‘tgan hodisalarda bo‘lgan voqealarni hech yoqqa burmasdan, bo‘lganicha to‘g‘ri yozishni o‘zimga lozim tutdim. Lekin, bu ikki o‘lkaning tarixi, siyosiy hollari bir-birlariga qattiq bog‘langan edi va ham butun dunyoga maydon1 o‘qigan sovet hokimiyatining, 1917 yili qurilgan kunidan boshla 1931 yilgacha o‘tgan dahshat vahshatlik kunlarni xirmondan bir dona, balki dengizdan bir qatra bo‘lsa ham, yozib o‘tmoqni tarixiy vazifam deb bildim. Shuning uchun cheksiz qudratli ulug‘ Tangriga sig‘ingan holda Sharqiy Turkistonga o‘tkunimcha ko‘rganlarimni, qilgan ishlarimni bayon qilmoqchi bo‘lib so‘zga kirishdim.

KOSHG’ARGA O’TISHIM

Hayot tarixi insonlarning sinfiy kurashlaridangina iborat degan xato fikr Karl Marks tomonidan o‘rtaga yetishgan kunidan boshlaboq, xalqaro yopirilib yotgan hasad o‘ti qo‘zg‘alib, inson olamiga fitna-fasodlar eshigi ochilmish edi. Bu fikrni ko‘rlarcha qabul qilguvchi odamlar qo‘liga hukumat o‘tgandan so‘ngra, xalq o‘rtasida sinfiy ayirmachilikni va ham xususiy mulkni yo‘qotish uchun, ishchilar hokimiyati otidan dahshatli qonunlar chiqardilar.
Uning natijasida qora ishchi, nodon dehqonlardan boshqa xalq ichida haqlik, haqsiz degan fitna g‘avg‘osi boshlandi. Dindorlarcha Alloh odati, dahriylarcha tabiat qonuniga qarshi turishib, hayot olamida bir tekis haqli yaratilgan insonlar ichidan bir qismini, o‘zlari chiqazgan xayoliy qonunlariga asoslanib, hayot huquqlaridan butunlay mahrum qildilar. Bu orqali otilgan-chopilgan gunohsiz kishilar hisobi yo‘q edi. Ulardan oshib qolgan haqsizlar va ham qochibpisib yurib qo‘lga tushmagan kishilar haqida har turli jazo belgiladilar. Ba’zilarning borliq narsalari yorg‘u (musodara qilish) qilinib, bola- chaqalari ko‘chalarga haydalib, o‘zlari uzoq yerlarga surgun qilindi; ko‘plari esa, uzun muddatli qamoqqa olinib, og‘ir xizmatlarga solindi. Xalq o‘rtasidagi ba’zi bir odamlarni qo‘rqitish va aldash yo‘llari bilan yoshirin xizmatlarga bog‘ladilar.
Urush-so‘kish va qiynashlar dahshatidan imonlik-imonsiz, vijdonlik-vijdonsiz kishilar, bu mansabparast jallodlar oldida bir tekis turishga majbur edilar. Chunki topshiriqlari to‘liq ravishda bajarilmas ekan, ular uchun belgilangan og‘ir jazolar darhol amalga oshmog‘i shubhasiz edi. Hech qanday gunohsiz, o‘zlariga qarshi deb bilgan kishilarni tovush chiqmas yer osti uylariga kirgizib, qiynov ostida o‘ldirish kabi vahshiyliklari odatdagi ishlaridan edi. Bu jallodlar qo‘liga tushgan baxtsiz mazlumlar, qiynovning qattiqlig‘idan ko‘ngillaridagi so‘zlari, ko‘milgan mollarini yoshirib qolish buyon tursin, umrlarida eshitmagan, kishi xayoliga ham kelmaydigan siyosiy tuhmat so‘zlarini iqror qilishga majbur bo‘lganliklaridan, ko‘plari fojiali halok bo‘ldilar.
Inqilob boshlanish davrida ko‘zga ko‘rinarli kishilar o‘z uylariga sig‘maganligidan, men ham o‘z Vatanim To‘qmoq (Qirg‘izistondagi Chuy viloyati markazi) shahrida turolmay, bizdan yuz chaqirim yiroqdagi So‘quluq degan joyda, tungonlar ichida kun kechirishga majbur bo‘ldim; chunki Buxoro o‘qishini shu zamon odaticha bitirib qaytganim so‘nggida, diniy ilm o‘quvchilari oz bo‘lsa ham shular ichidan topilur edi. Buning ustiga ular boshqalarga qaraganda, har to‘g‘riliq bizga yordamchi edilar. Tungon xalqining kelib chiqishi, tarixini o‘rni kelganda albatta yozishimiz bizning vazifamizdir.
1919 yil oxirlarida Pishpekga (Qirg‘iziston poytaxti Bishkek shahri) qarashli Qora- bolta, Oqsuv kabi 18 rus qishloqlari birlashgan holda bolsheviklarga qarshi qo‘zg‘olon ko‘tarishdi. Boylikka botib yotgan Pishpek, So‘quluq tungonlari ham tushunmasliqdan bu ishga qo‘shilib qoldilar Natijada tortquluq (tortqiliq, ko‘rgulik, zulm) butunlay ular ustilariga tushib, eng og‘ir zarbalik kaltaklar bular boshlarida ushatildi. Shundoqki, besh yuz uylikka yetmagan So‘quluq tungonlaridan sakkiz yuz kishini haydab kelib, bozor o‘rtasida pulemyotga tutdilar. Ular ichidan o‘q tegmay qolgan yoki yarador bo‘lib, joni chiqmay turganlarni qizil askarlar oralab yurib, nayzalab o‘ltirdi. Qo‘zg‘olonchilar markazi bo‘lgan besh ming chamali Oqsuvlik ruslardan ilgari-keyin bo‘lib, o‘lim jazosi ko‘rganlari o‘ttizdan oshmagan edi.
Alloh saqlasa balo yo‘q deganday, shu yili So‘quluqga borishdan meni saqlab, bu kabi natijasiz qonlik qo‘zg‘olon ofatlaridan o‘zi asramishdir. Shu voqea bo‘lishida men To‘qmoqdan sakkiz chaqirim shimol tarafidagi tungon qishlog‘i Qoraqo‘ng‘iz masjidida edim. Pishpek, So‘quluq qochoqlari qilich, miltiq kabi borliq qurollarini osingan holda tanigan, tanimagan aralash meni qora tortib ustima tushdilar. Buni ko‘rishgan masjid qavmlari o‘z boshlaridan qo‘rqishib va yana meni ayashganliklaridan, ularni bu yerda qo‘ndirmaslik uchun maslahat ko‘rsatgan bo‘lsalar ham, men bunga rozilik bildirmadim. Bu kabi ulug‘ ofatlardan meni necha martabalar asrab o‘tgan mehribon Tangrim iltifotiga ishonganligimdan, bu mazlumlarni erlarcha ochiq yuz bilan qarshi olib, siniq ko‘ngillarini ko‘tardim. Bu yerda yoshirinib olish imkoniyati yo‘qligidan, bosh-oyog‘i ikki-uch kun turishganidan so‘ng, Olmota, Yorkent chegaralari orqali G’uljaga o‘tmoqchi bo‘lib ketdilar.
So‘quluq tungonlarining tuzlarini tatib, yaxshiliklarini ko‘p ko‘rgan edim, ularning ichida ishonimlik shogirdlarim va do‘stlarim ko‘p edi. Bunday vaqtlarda borish xatarlik bo‘lsa ham, chidab turolmay uch-to‘rt shogirdim bilan bir arava kishi bo‘lib, So‘quluq tomonga yo‘l tortdik. Pishpekga kelgach, tungon qal’asi yo‘l ustida bo‘lganlikdan uni oralab o‘tishga to‘g‘ri kelmish edi yaqinlashib borgan sayin bundagi ko‘z ko‘rgan ko‘ngilsiz narsalarni til so‘zlab, qalam yozib chidayolmaydi. Intizomlik askarlarga, qurollik kuchga, tili bo‘lak, dini bo‘lak bir qancha yig‘indi qo‘li quruq, qora kuch kishilar qanday qarshi tura olsinlar?
Tabiat olamiga Ilohiy tomonidan yuborilgan ulug‘ payg‘ambarlar ham, shu tabiat qonunlariga bo‘yinsunmasdan boshqa hech choralari yo‘qdir. Urush fanlarining qonuni bo‘yicha askarlarning son-sanoqlari, qurol-jabduq va askari intizomlari, eng bo‘lmaganda, dushmannikidan tuban va oz bo‘lmasligi birinchi shartdir. Agar shu sharoit qo‘lga kelar ekan, u holda diniy, milliy haqoratga bo‘ysunmasdan, dushmanga qarshi qurolga qo‘l sunush albatta, farz bo‘lur. Bunday imkoniyat bo‘lmagan takdirda, o‘zini o‘rinsiz o‘tga urushdan saqlanib, vaqtincha sabr qilishdan boshqa chora yo‘qdir.
Biz hozir shunday sharoitsiz, og‘ir ahvol ustida turibmiz. Mahalla ko‘chasidan o‘tayotganimizda yo‘l bo‘ylab, talan-bulan qoldiqlari, chochilib yotgan narsalar, kuydirib- yondirilgan imoratlar ichida vayron-talqoni chiqib, yiqilib yotgan tomlari ko‘zga tashlanmoqda edi. Bularni ko‘rgach, ko‘z yoshimiz qurimasdan, shu yurganimizcha mazlumlar qonlari bilan bo‘yolgan So‘quluq qishlog‘iga kirdik. Bu voqea o‘tib, ortidangina borganimiz uchun, musulmonlar otilgan-chopilgan ko‘cha qonlari tozalangan bo‘lsa ham, qirg‘inning boshqa belgilari yo‘qolmagan edi. Soqchi kishilari bizning boshqa yokdan kelganimizni ko‘rib, oldimizdan to‘sib, idoralariga boshladilar. O’lganlarning xotin-qiz, yetim bolalariga atalgan bir qancha kiyim-boshlarni ko‘rsatib, yordam uchun kelganimizni bildirdik. So‘ngra, yo‘l xatlarimizni tekshirib, bizga ruxsat qilgan bo‘lsalar ham, yana oramizda ishonmaslik paydo bo‘lib, anchagina so‘z o‘tmish edi.
Ma’lumdirki, mahkumiyatda ezilgan, qurolsiz, duduq tillar g‘olibiyat zulmi bilan g‘ururlanib turgan, har birining tumshug‘idan to‘ng‘iz qurti tushgan qurollik, shahdam tillar oldida nima deya oladilar? Shu bilan g‘olib dushman oldidan, qandaydir qutulib chiqqanimizdan so‘ngra, yordamga kelturgan ozdir ko‘pdir narsalarimizni tarqatdik. O’lganlar oilalariga ko‘z yoshimiz bilan qiroat o‘qib, ko‘ngil aytdik. Bu foydasiz fitnada manim o‘z shogirdlarimdan yigirmadan ortiqroq kishi shahid bo‘lmish edilar. Bulardan eng kattalarining yoshi o‘ttizdan oshmagan edi. Shunday qilib, bu joyda ikki-uch kun turganimizdan keyin yana To‘qmoqqa qaytib keldik.
Qish o‘tishi yaqinlashib, yerdan ko‘katlar yangigina bosh ko‘tarmish edi. Bir kuni ertalab ko‘cha eshigimizdan kishi chaqirgan tovush eshitildi. Qarasam, o‘z mahallamizdagi Mirzaboy degan kishi ekan. U meni ko‘rgach, ko‘ziga yosh olib: «Sizga yaxshilikdan boshqani tilamaymiz. Hozirgi hukumat oldida, eshitishim bo‘yicha, ustingizdan har turli xabarlar borga o‘xshaydi. Endigi maslahat shulki, manavu ishlar yuz bosti bo‘lguncha, o‘rin o‘zgartib, boshqaroq yerda turishingiz yaxshiroq ko‘rinadi», dedi. Uning bu so‘zidan o‘ylanib, qandaydir ehtiyot yuzasidan, yot bir hukumat tuprog‘iga o‘tmoqchi bo‘lib, safar jamolg‘osiga kirishdim. Lekin boshqa chegaralar bizdan yiroq bo‘lganlikdan, Koshg‘ar tomoniga o‘tishni ma’qulroq ko‘rdim. Jonfido shogirdlarimdan tungon Dovudhoji safar yo‘ldoshim bo‘lib, yo‘lga tushdik.
Bolosog‘un To‘qmoq bilan Koshg‘ar oralig‘i otliq o‘rtacha yurishda o‘n-o‘n bir kunlik yo‘ldir. Bolosog‘un shahrining eski turkcha nomi Moqul bolig‘ bo‘lib, moqul yaxshi, bolig‘ shahar demakdir. Islomdan ko‘p yillar ilgari Issiqko‘l bo‘ylaridagi Beshbolig‘ bilan Bolosog‘un shaharlarida uyg‘urlarga o‘xshash o‘troq madaniy turklaridan o‘g‘uz turklari yashagan edi. Rum podshohlarining laqabi Qaysar, eroniylarniki Xisrov bo‘lganidek, Beshbolig‘, Bolosog‘unga kim podshoh bo‘lar ekan, unga Ediqut laqabi qo‘yulur edi. Aslida, Turkiston beshigi va poytahti Beshbolig‘-Bolosog‘un shahridir. Hozir ham Issiqko‘lning kungay (janub), terskay (shimol) tomonlariga suv ichida qayiq bilan yurgan kishilarga Beshbolig‘ harobalari ko‘rinib turadi. Biz bola vaqtimizda ko‘lning sayozroq yeridan bir hammom binosi topilmish edi undan chiqqan pishiq g‘ishtlardan qirg‘izlar olishib, ulkan manaplar (aslzoda, oq suyaklar) qabrlari ustiga bir necha gumbazlar yasatganlari hali esimizda bordir. Ko‘lning to‘lqinlari bilan chet yoqaga surilib chiqib qolgan o‘sha zamonning uy asboblari, dehqonchilik saymonlarini (ish qurollari, asbob- uskunalari) shu kungacha ham topib oladilar. Bu Beshbolig‘ shahrining harob bo‘lishiga kelsak, biz ko‘rgan tarixlarning hech birovida buning bayoni ko‘zimizga tushmadi. O’tmishdagi tabiat o‘zgarishlari orqali, yer tebranishi bilan shahar o‘rinlari ko‘lga aylanib, suv ostida qolgan bo‘lishi ham mumkindir. Qanday bo‘lsa ham, Beshbolig‘ obidalaridan topilgan asarlar eskidan beri o‘troq turklarida ilm, madaniyat bor bo‘lganligini bildiradi. Bolosog‘un miloddan ikki ming yillar ilgari o‘tgan Erondagi Qiyoniy podshohlaridan Kaykovuz, Kayxisrovlar zamondoshi eroncha Afrosiyob, turkcha Do‘kuxon atalgan turk hoqonining uchinchi poytaxti bo‘lgan ekan. Uning birinchi poytaxti Samarqand bo‘lishini eski tarixchilar shubha qilishadilar. Biroq shahar chetidagi keng maydon harobasi, yerlik xalq og‘zida, Afrosiyob atalishi va bu yaqinlarda u yerdan miloddan eski davr asarlari topilishi, turk hoqoni poytaxti Afrosiyob bo‘lganligini quvvatlaydi. Bunga ko‘ra Samarqand shahri jahongir Iskandar Makedoniy tomonidan qurilgan degan, ba’zi tarixlarda yozilgan so‘z asossiz bo‘lib qoladi, chunki Iskandar Afrosiyob davridan ko‘p keyin kelganligi hammaga ma’lumdir.
Tarix hijratning 536 yili qoraxitoy xoni Gurxon bilan sulton Sanjar Binokand (Sirdaryoning o‘ng qirg‘og‘ida Ohangaron suvining quyilish joyida bo‘lgan o‘rta asr shahri. Keyingi nomi Shohruhiya bo‘lgan) yaqinida to‘qnashib, sulton Sanjar qattiq yengilmish edi. Bu urushda Sanjar askaridan 30 ming kishi qurbon bo‘lmishdir. Shu bilan butun Movarounnahr Sanjar qo‘lidan chiqib, 71 yil qoraxitoy Gurxon qo‘lida qoladi. So‘ngra xorazmlik sulton Muhammad Gurxon askarini Buxoro, Samarqand, Farg‘onadan haydab chiqaradi. Taroz Talasda (hozirgi Jambul) bo‘lgan urushda Gurxon tarafdorlari qattiq yengilib, bosh qo‘mondoni Toyangu asir olinmishdir. Buni anglagach, Gurxon Olmalig‘ (hozirgi G’ulja shahri), Beshbolig‘ turklaridan o‘z qo‘mondasida kuchlik qo‘shin tuzib, ketgan yerlarni qaytarib olish uchun yo‘lga chiqadi. Taroz g‘alabasidan so‘ngra sulton Muhammad Toyangu boshliq butun asirlarni olib Xorazmga qaytmish edi. Gurxon bu xabarni eshitishi bilan butun borliq askarini unga qarshi keltirib, yana Binokand yaqinida ikki hukmdor qo‘mondonlig‘i ostidagi turk askarlari eng qattiq jang qiladilar. Bu urushda Gurxon tarafdorlari ochiq yengilgan bo‘lmasalar ham, uning askarlari orqaga chekinishga majbur bo‘la-dilar; chunki bu orada Oltoydagi Nayman turklaridan Toyanguxon o‘g‘li Kushlukxon Gurxonga qarshi orqa tomondan hujum boshlab, Olmalig‘ni olib, Bolosog‘unga kelayotgan xabari onglanmish edi. Bu chekinishda xorazmiylar orqadan taqamish (ta’qib qilish, izma-iz quvmoq) berib, Tarozga yetguncha quvg‘in qiladilar. Bu yerda ham Gurxon to‘xtab qarshilik ko‘rsatmagach, bu chekinish urush aldovi bo‘lmasin deb, sulton Muhammad shu yerda to‘xtalib qoladi.
Gurxon shu yurganicha yurib Bolosog‘unga kelmishdir. Qarasa, qal’a qapqoqlari uning yuziga yopilmish edi, chunki bu yerdagi o‘g‘uz musulmonlari Xorazmshohning Gurxon ustidan g‘alaba qozonganligini onglashib, uning tomonidan qo‘yilgan shahar bosqoqlarini (hokimlarini) o‘ziga qarashli kishilari bilan qoldirmay o‘ldirishib, Sulton askarining kelishini kutishmoqda edilar. Lekin ularning Gurxon ortidan yeta kelib, dushmanga eng so‘nggi zarbani bergudek kuchlari yo‘q edi. Shuning uchun yordamsiz qolgan Bolosog‘un muculmonlarini, ko‘chmanchi turk uluslarining har turidan to‘plangan qo‘shin bilan kelgan Gurxon qattiq qamal ostiga oladi. Qurol-jabduqlari to‘liq, urush ustidan qaytgan, qiziqqon, o‘ljalariga yetolmagan, qo‘llari quruq, oz bo‘lganda yuz ming chamalik askar qarshisida u zamon sharoitiga ko‘ra bir shahar xalqi qanday chidab tura olsin?
Qamaldan o‘n olti kun o‘tgandan so‘ngra, och bo‘ridek ochiqqan ko‘p askar kuch bilan kirib shaharni oladilar. O’lja asirlardan boshqa bu urushda musulmonlardan 70 ming kishi o‘ldirilmish edi. Shu bilan O’g‘uzxondan qolgan eski madaniyatdan namuna bo‘lgan, o‘troq o‘g‘uz turklarining markazi sanalgan qutlug‘ Bolosog‘un shahri hayot olamidan ko‘z yummishdir. Chingiz davriga kelguncha, Turkiston xalqi ichida bunday qirg‘in bo‘lib, ko‘p qon to‘kilmagan edi. Bu shahar hozirgi vaqtgacha (1966 yil) o‘zining o‘tmishdagi shonlik sharafining taniqli belgilari bo‘lgan Oqpeshin, To‘rtko‘l, Burona harobalarini qoldirmishdir. Bu yerda. nohaq to‘kilgan qonlar egalari Burona minorasi orqali hanuz shahodat barmog‘ini ko‘tarib, o‘zlarining islomiyatlarini so‘ngg‘ilariga bildirib turadilar.
Butun turk ulusining eng eski madaniyatli adabiy tili hisoblangan «Qutadg‘u bilik» (Qut otliq bilim) kitobini yozgan Yusuf Xos Hojib shu Bolosog‘unlik edi. Islom olamida shuhrat qozongan mashhur lug‘at kitobi «Sixox Javhari»ni arabchadan forschaga tarjima qilguvchi Jamol Qarshiy ham shu Bolosog‘unliqdir. «Tarixi Rashidiy»ning egasi Mirzo Muhammad Haydar ko‘ragon, bir vaqtlar Bolosog‘unda yuzlab kitob tasnif qilguvchilar bo‘lganligini shu tarix kitobida yozmishdir.
1908 yili Bolosog‘un harobatidan o‘n besh chaqirimcha shimolda, hozirgi To‘qmoq shahrida bir qabr tosh topilgan edi. Undagi arabcha xatni yoshligimda o‘zim o‘qib chiqargan edim. Oradan 60 yillik uzoq vaqt o‘tgan bo‘lsa ham, mazmuni yodimda qolmishdir. Shu qabr egasi o‘z zamonasida eng ulug‘ olimlardan bo‘lib, bir necha kitoblar tasnif qilganligi, yoshi o‘ttizga yetmay turib, 500-hijriyda shahid bo‘lganligi ma’lum bo‘ladi. Bu toshdagi butun xatlarni yozib olishga qiziqqan bo‘lsam ham, unga ulgurolmay qoldim, chunki u tosh To‘qmoqdagi tungon boylaridan bo‘lgan Mahammadjon Pisango‘y uyida saqlanur edi. Odat bo‘yicha, musulmonlarning bayram kunlari ularni tabriklash uchun ruslardan bir necha shahar boshliqlari kelmish ekanlar. Kishi ko‘ngliga qiziqarlik, ko‘rinishi haykal misolliq bo‘lib, uyning tokchasida turgan bu toshga ularning och ko‘zlari tushgach: «U nima?» deb so‘raydilar. Ma’lumot topgandan so‘ngra: «Buni biz oq podshohning muzeyiga yuboramiz», deb olib chiqib ketgan ekanlar. Shunday qilib, boshqa narsalarimizdan ajralganimizday, bundan ham ajrab qolganmiz. Yo‘q esa, toshning bosh oyog‘igacha bo‘sh o‘rin qoldirmay, anchagina tarixiy so‘zlar yozilmish edi.
Har holda, boshi Issiqko‘l, oyog‘i Merki, yetti-sakkiz kunlik yo‘l bo‘ylab tutashgan harobalar, uzun yillardan beri bulardan chiqayotgan eskilik tarixiy asarlar, o‘z davrida bu yerlar madaniy o‘troq o‘g‘uz turklarining obodon shaharlari bo‘lganligini isbotlaydi. 1960 yillargacha sovet hukumatining eskilik izlovchi qazuvchilari ko‘p narsalar topgan, jumladan, Oqpeshin harobasidan bir xum to‘la kitob, yana Burona atrofida bir quduq ichidan islomdan ilgari eng eski turkiy xati bilan yozilgan bir kitob va ham bir necha tarixiy asarlar topganlarini shu yerlik ko‘rgan kishilar bizga so‘zladilar. 1965 yili To‘qmoqqa borganimda o‘tganlarni eskarib ruhiga duo qilish uchun Bolosog‘un harobasiga chiqdim. Yerlik kishilarning aytishlaricha, shu yili kolxozchilar yer haydab yurganlarida bir xum oltin topmish ekanlar, o‘zaro kelisholmasdan, barini hukumat olib o‘zlari quruq qolibdilar. Yana, To‘qmoq bozorining qarshisida, Chuy suvining u tomoni Sho‘rtepada, Gurxon qoraxitoydan qolgan bir sapil (tuproq qo‘rgon, qal’a) bordir. Ikkinchisi, bundan kun botish tarafiga qirq chaqirimcha tubanroq, cho‘ngligi (kattaligi) unga necha barobar kelgudek yana bir sapil bo‘lib, o‘z vaqtida shahar qo‘rg‘oni ekanligi ochiq ko‘rinib turadi. Manimcha, bosqinchi Gurxondan qolgan yerlik asarlardan Ediqut o‘lkasida shu ikki sapil harobalaridan boshqa biror narsa qolganligi ma’lum emas. Biroq o‘zlari bilmasalar ham, shu kunga davr xalq og‘zida ikki og‘iz xitoy so‘zi birisi domla, ikkinchisi shiypong saqlanib qolmishdir. Avvalgisi cho‘ng mulla, keyingisi ziyofat uyi demakdir.
Shu kunlarda bu o‘lkaning janubiy tomonida qirg‘iz, shimoliy tomonida qozoq turklari yashaydilar. «Tarix al-Komil»da qirg‘iz turklari arabcha tag‘arg‘ar atalmishdir. Bu kitobning aytishicha, islomdan taxminan bir ikki yuz yilgina keyin shimoldagi mo‘g‘ul va buryat kabi kuchlik turk urug‘larining chopullariga (hujumlariga) chidayolmay qirg‘izlar janub tomonga chekinib, Ediqut o‘lkasi Bolosog‘un tog‘lariga tarqalmish edilar. So‘nggi kunlarda ularning urug‘lari o‘sib, sonlari ko‘paygach, ko‘chmanchilik odati qo‘zg‘alib, shimoldan quvg‘in yeb kelganlari esidan chiqib, o‘troq va zamonasiga ko‘ra madaniy hisoblangan o‘g‘uz turklari ustiga ko‘z ochirmay chopul qilgali turdilar. Kuchlik qurolga ega bo‘lmagan shahar xalqi urush maydonlarida har vaqt dala ko‘chmanchilaridan yengilishlari odat hukmini olmishdur. Buning sabablari har kimga tushunarlik bo‘lganlikdan, yozib o‘tirishni loyiq ko‘rmadim. Shuning uchun Bolosog‘un xalqi o‘zlarini qirg‘izlardan mudofaa qilolmay yangidan otog‘i el ichida tarqalayotgan Olmalig‘dagi qoraxitoy Gurxonga tobun (fuqarosi, tobe) bo‘lishib, uni chaqirishga majbur bo‘ldilar. Xitoy xalqidan adolat uzulmaydi degan xalq og‘zidagi yolg‘on dovruqqa aldanishgan Bolosog‘un xalqi bo‘ridan qochib, qassobga yo‘liqqan qo‘y kabi bo‘lmish edilar. Chunki qirg‘izlar qanday bo‘lsa ham o‘z qarindoshlari edi, bular bilan yarash choralarini izlashning o‘rniga, boshqa bir yot millatni chaqirishlari o‘z Vatanlariga xiyonat qilmoq demakdir. Bunday yanglish siyosatlar natijasida o‘z hokimiyatlaridan ajrab, qullik zanjiriga giriftor bo‘lgan xalqlar tarihda ko‘plab uchraydi.
Mo‘g‘ulcha Moqul bolig‘ atalgan Bolosog‘un shahri to‘g‘rilik bu kungacha men ko‘rgan tarixlarning hech birida biror og‘iz so‘z bo‘lsa ham uchratolmadim. Turk beshigi atalgan bu o‘lka uyg‘ur o‘g‘uz elini o‘z quchog‘ida saklab butun dunyoga tanitgan edi. Shunday qutlug‘ ona Vatanimizni, jaholat orqali o‘z bolalari yotlarga bostirib, uning shonlik sharafini eslaridan butunlay chiqargan edilar. Yuzlarcha emas, minglarcha yil o‘tgan so‘nggida bo‘lsa ham, men uning eng kenja o‘g‘loni bo‘lganligimdan, o‘z ulusi tomonidan butunlay unutilgan onamizni eskardim. Uzundan beri ko‘nglimda yig‘ilib yotgan bu haqdagi tarixiy so‘zlarimni, ko‘p yillar davomida to‘plagan ma’lumotlarimni kelajak bo‘g‘inlarimizga bildirish uchun, bu o‘rinda yozdim va she’riyat so‘zlarimga shior qilib Sog‘uniyni tanladim. Qobusi (payti, fursati, o‘rni, vaqti) kelar ekan, yot dushmanlar oyog‘i ostida depsalib yotgan ona Vatanlarini eskarsinlar!
Shunday qilib, Bolosog‘un voqeasidan so‘ngra, Gurxon o‘zi ham ko‘p yashayolmadi. Davlatni saqlash uchun o‘z dushmani Kushlukxonga qizini berib, uni kuyov qilgan bo‘lsa ham, yana maqsadiga yetolmadi. Uning poytaxti Olmalig‘ o‘lkasini atrofi bilan Kushlukxon eli Nayman turklari buzib, yorib, o‘ldirib, chopib, yer bilan bir tekis choldevor qildilar. So‘ngra Kushlukxon askari bilan Uyg‘uristonga o‘tib, Yorkent, Xo‘tangacha hukmini o‘rnatgan bo‘lsa ham, so‘nggi kunlari Chingizxon yurishiga to‘g‘ri kelganliqdan uning amribuyrug‘i bilan o‘ldirilib, davlati shu bilan tugamish edi.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. To‘qmoqdan chiqqach, to‘g‘ri sharqqa qarab Chimqo‘rg‘on, Burolsoy, Yelariq, Toyg‘oq, Maydontol, Quvoqi orqali yurib Qorag‘ov Qo‘chqorga tushdik. Bu yerdan yurganimizcha orada bir necha qo‘nolg‘ular (safarda yotib yoki dam olib o‘tadigan joylar) bosib, Do‘lan dovonidan oshib, Norin suvi bo‘yidagi Norin shahriga kirib bordik. Bu esa to‘rt tomoni ulug‘ tog‘lar bilan o‘ralgan bir eldir. Ruslar Turkistonni bosib olganlaridan so‘ngra, Sharqiy Turkistonga kirish qasdida tayyorgarlik ko‘rish uchun, Norin suvi bo‘yiga bir qal’a bino qilmish edilar. Olatou va Tyan-Shan tizma tog‘larining eng qalinlashgan o‘rni va ko‘chmanchi qirg‘iz turklarining qaynagan joyi g‘arbi janubiy O’zbekiston, sharqi janubiy Uyg‘uriston bo‘lganligidan buning siyosiy ahamiyati ortiqdir. Bu yerdan chiqib, orasi qirq besh chaqirim chamasidagi Otboshi qishlog‘iga yetib, toshkentlik Tuyoqboyhoji uyiga mehmon bo‘lib tushdik. U kishi esa To‘qmokda uzun turgan, o‘z mahallamizdan ketgan kishi edi. Bu yerning to‘rt tomoni egiz tog‘lar bilan o‘ralgan bo‘lsa ham, dalasi keng, o‘tlov yaylovlari ko‘pdir. Ular ichida Orpa, Oqsuv degan yerlarning cho‘pi kuchlik, qimizi ortuq bo‘lishida atog‘i chiqmishdir. Otboshida ikki kun turganimizdan so‘ngra shu yerda qo‘shilgan Qo‘shmoq hojim bilan uch kishi yo‘ldosh bo‘lib yo‘lga tushdik.
Oldimizda bir qo‘nolg‘ulik Toshrabod chegara to‘sq ovullari qirg‘iz Shomirqon, rus Chudir boshliq bir necha askar borlig‘ini bilgan edik. Bular oldidan o‘tishga yo‘lxatimiz yo‘qligidan, Qo‘shmoq hojim maslahaticha, to‘g‘ri yo‘lni qoldirib, Beloshuv degan o‘g‘ri yo‘l bilan ketmoqchi bo‘ldik. Yo‘lda ketayotganimizda uzokda ot yetaklab kelayotgan bir kishining qorasi ko‘rinmish edi. Qachonki, cho‘ng yo‘ldan u yo‘lga buruldik esa, oldimizdan kelayotgan kishi uzoqqan ishora bilan bizni chaqirdi. Uning bu chaqirishidan oddiy kishi bo‘lmasa kerak deb oldiga bordik. Qarasak, chegara soqchilari boshlig‘i qirg‘iz Shomirqon ekan. Bizni ko‘rishi bilan: «Hay, sizlar qanday kishisizlar? Ochiq cho‘ng yo‘lni qo‘yib, yopiq kichik yo‘lga kirasizlar? Qani bu yoqqa yuringlar!», deb bizni boshlaganicha, yo‘l ustidagi karvon saroyga tushurdi. Shu orada qayoqdandir ikki uch qirg‘iz yigitlari bilan ilgargi sipohiylardek beliga kumush bellik, yoniga egri qilich osgan shu yerlik qirg‘izlarning boshlig‘i ham kelib, ustimizga tushdi. Buni ko‘rgan Qo‘shmoq hojimning ko‘zlari alang jalang bo‘lib: «Hay attang, ishimiz qanday bo‘lar ekan, so‘rab qolsa yo‘lxatimiz yo‘q? Alloh saqlasin! Bizni qaytarib, Norindagi jallodlarga topshirsa, vaqt yomon, og‘ir kunlarga qolmagay edik», dedi.
To‘g‘ri, buning deganidek u kunlarda ishchi kambag‘allar hokimiyati qurilganliqdan, arzimagan narsa bahonasi bilan o‘ldirish tirgizish ishlarini, insonning eng ulug‘ huquqlarini inkor qilib, o‘ng so‘lini ajrata olmagan ishchi qo‘shchi qo‘llariga topshirmish edilar. Xalq ichida oz ko‘p tushunarlik, ko‘zga ko‘rinarlik, borliq kishilar inqilob dushmanlari hisoblanur edi. Ularcha haqsiz deb tanilgan odamlar jazoga tortilishi uchun, u kundagi hokimlar oldida u bechoralarning o‘zlaridan boshqa hech qanday guvoh-isbot kerak emas edi. Mana shuning uchun uning so‘zidan menga ham biroz tashvish tushgan bo‘lsa ham, es topgan kunimdan boshlab, har ish Allohdan iznsiz bo‘lmaydi degan ishonchim borlig‘idan o‘ziga topshirib, bu ishning sababiga kirishdim. Shundoqki, choy qaynashi bilan: «Qani, mirzalar, choy ichib olaylik, biz bo‘lsak qo‘lingizda turibmiz», degan bo‘lib, darhol xurjundagi yog‘liq kulcha, moyliq qazi, meva chevalarni chiqarib dasturxonga to‘qdim.
Ilik uzilgan ko‘klam vaqti edi. O’zlari och bo‘lsa kerak, bo‘ri qo‘yga tekkandek taomga hujum boshlab yeyishgani turdilar. Qonishgandan so‘ngra: «Xo‘sh, endi so‘rashib- tanishaylik, qayoqdan chiqdingiz, qayoqqa bormoqchisizlar?», deyishdi. Men ham to‘g‘risini so‘zlab:
«Qo‘limizda hech qanday qog‘ozimiz yo‘q, hozirgi zamonni ko‘rib turasiz, o‘zimizdan cho‘chigan kishilarmiz, chegaradan o‘tib, Koshg‘arga bormoqchi bo‘lamiz», dedim. Mening bu so‘zlarimga ishonib, boshqa gumon qilmagan bo‘lsa ham, otkaz mollar bormi xayoli bilan bizga qarab: «Mehmonlar, xafa bo‘lmanglar, qonun bo‘yicha xurjunlarni qarashimiz kerak», deb menikidan boshlab qaragan edi, qo‘liga kitob chiqdi. Boshqalarnikini ham ko‘rganday bo‘lib, so‘ngra aytdi: «Sizlar yaxshi kishi ko‘rinasizlar, barimiz musulmon bolasimiz, buning ustiga qo‘linglardan non yeb, tuz tatib qoldik. Bizning boshchimiz o‘ris, sizlarni ko‘rib qolsa, Noringa qaytarib haydashdan tortinmaydi. Endigi bizning yordamimiz shulki, bu cho‘ng yo‘lni qo‘yib, haligi yo‘linglarga kirsanglar Beloshuv orqali o‘tib, chegara soqchilaridan besh chaqirim yuqori Toshrabotga tushasizlar», deyishdi.
Biz uchun 6u kabi g‘amxo‘rlik qilishini undan kutmagan edik. Bu so‘zni anglashimiz bilan uni olqishlagan holda orqaga qaytib, Qo‘shmoq hojim boshchiligi ostida yo‘lga tushdik. U yerda peshin nomozini o‘qib otlangan edik. Ikki tog‘ orasidan suv bo‘ylab yurganimizcha uch to‘rt soatlardan keyin Beloshuv dovoniga yetib keldik. Qarasak, dovon o‘rtasida bir chaqirimcha yer oppoq qor bilan qoplangan bo‘lsa ham, narigi kun chiqar tomoni ko‘rinib turardi. Biroq ko‘klam vaqti kelib, qor yumshab qolganlikdan, qaerga ot solsak, qulog‘igacha qorga ko‘milib, bir bosim olg‘a yurishga yo‘l topolmadik. Endi bir yokdan kechqurungi tog‘ izg‘irin sovug‘i suyagimizdan o‘tib borayotgan bo‘lsa, ikkinchi tomondan, tun qorong‘usi yaqinlashmoqda edi.
Buni ko‘rgan men: «Bu yo‘limiz kelishmadi, tun bo‘yi qorong‘uda sovuqqa qolib, bir xatarga uchramaylik, qaytsak qanday bo‘lar?», desam, Qo‘shmoqhojim: «Hay taqsir, hammadan qaytishimiz xatarlikdir, tog‘ to‘lgan yo‘lto‘sarlar ichidan o‘tishimiz kerak. Har qanday bo‘lsa ham orqaga qaytmaylik», deb so‘z talashib, ko‘z jaldirashi ustida turgan chog‘imizda, dovonning tepasidan bizga qarab kelayotgan bir kishining qorasi ko‘rindi. Hizr ko‘rganday, uni intizorlik bilan kutib turdik. U kishi bilan ko‘rishib holimizni aytdik. Agar yo‘l topib bizni dovondan o‘tkazib qo‘yar ekan, ellik so‘m berishga va’da berdik. Bu kishi o‘zi yayov bo‘lgani ustiga, kech kirib tun qorong‘usi tushkanlikdan: «Borar joyim olis edi, yo‘lda qiynalib qolaman», deb ijirg‘angan bo‘lsa ham, aylanib-o‘rgilib uni ko‘ndirdik. «Qani bo‘lmasa turinglar!», deb bir otni yetaklaganicha, oldimizga tushdi.
«Qayoqdan yo‘l topar ekan?», deb qarab tursak, qor ustidagi eski yo‘lni qo‘yib, tog‘ bag‘ridagi yalama muzga ot solgan edi, oyog‘i toyib yumalagancha besh o‘n quloch tubanroqda yotgan qalin qorga ko‘mildi. Ming turlik mashaqqat bilan uni chiqarib olgandan so‘ngra, boshqaroq yerdan yo‘l topib barimiz salomat o‘tdik. Qo‘lidagi tayog‘ini sancha sancha eski yo‘l iziga tushdi. Bizni ergashtirganicha o‘zi yayov, biz otliq yurganimizcha eson omon dovondan oshirib qo‘ydi. Suyinganimizdan va’dalashgan aqchani oshig‘i bilan berib, uni qaytardik.
Tun qorong‘usi bosib, yurar yo‘limiz anchagina qo-rong‘ulashib qoldi. Dovondan qutilgach bel oshib, ikki tog‘ orasidagi uzun o‘zanga tushdik. Usti qor, muz bilan qoplangan bo‘lsa ham, ostida suv oqayotganligi sezilib turardi. Tun qorong‘usida yo‘lboshchimiz yo‘qligidan dahshatga tushib, izg‘irin sovuqqa qolib ketayotganimizda, «yilt» etib uch to‘rt yerdan o‘t yorug‘i ko‘rinishga boshladi. Ko‘zimiz unga tushishi bilan yo‘qolgan moli oldidan chiqqan kishiday barimiz quvonishib ketayotganimizda, birdaniga muz yorilib, belimdan suvga botib qoldim. Yo‘ldoshlarim hay-haylashib yurib, meni suvdan chiqarib oldilar. Qo‘njimga suv to‘lib, egin boshlarim butunlay ho‘l bo‘lgan edi. Yaxshiyamki, qo‘nolg‘uga kelib qolgan ekanmiz.
Chiroq yonib turgan uy ustiga kelib: «Mehmon keldi, kishi bormi?», deyishimiz bilan uch to‘rt odam yugirishib chiqishdi. Qarasam, o‘z mahallamiz Beshkaram saroyidagi tanish savdogar yigitlar ekan. Meni ko‘rishlari bilan shoshilishgan holda o‘t ustiga kirgizib, ho‘l kiyimlarimni yechirishganlaridan so‘ngra, pishib turgan taomlarini qo‘ydilar. O’z uyimizda o‘tirgandek suyunishib, Toshrabod saroy qoshida tikilgan ko‘chmanchi qora uyda, o‘rtada osilgan cho‘ng qozon ostga yoqilgan ulug‘ olov gir to‘garagida, turk ulusidan tiniq ko‘ngilli, kular yuzli, to‘g‘ri so‘zli qirg‘iz, uyg‘ur yigitlaridan qo‘shma bir to‘p kishi bo‘lib o‘ltir-dik. Kun sovuq, qornimiz och. Hay, o‘sha kuni yegan tamoqning totig‘i, oradan 46 yil o‘tibdir, haligacha ko‘nglimda saqlanib turibdi. Shunday qilib, u kechani do‘st uyida yotganday ko‘ngil xushi bilan o‘tkazdik.
Ertalab turganimizda qarasam, eskidan qolgan Toshrabod degan tarixiy saroy oldiga qo‘ngan ekanmiz. Buning birinchi binosi Koshg‘ar hokimi Muhammadxon tomonidan qurilmish edi. Bunisi esa, shayboniylardan 1006 hijriyda vafot topgan Buxoro podshohi mashhur Abdullaxonning zamondoshidir. Sharqiy va G’arbiy Turkiston savdo tijorat
karvonlarini qaroqchilar hujumlaridan saqlash uchun, har ikki hukmdor o‘zaro kelishib, shu o‘rinda kuzatuvchi askar qo‘ymish edilar. Buning qanday natija berganligi ma’lum emasdir. Bu yerdan men o‘tgan vaqtda hech nar-sa qolmagan bo‘lsa ham, oldi tomonidan kirish eshigi ustiga bir ikki gazlik taxta toshlar qo‘yilgan va o‘rtadagi uzun yo‘lkaning har ikki yog‘iga solingan qirqtacha kelgudek gumbazli uylarning belgilari bo‘lib, qibla tomonida yuz kishi yotqudek mehroblik uy, usti o‘yilgan katta gumbazi bilan turgan edi. Shularga qaraganda, bu bino o‘z vaqtida anchagina hashamatli qurilish bo‘lgan bo‘lsa kerak.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Ertasi barimiz, o‘n kishicha bo‘lib, Toshrabod dovonidan oshib, Chodirko‘l bo‘yiga tushdik. Bu bosh oyog‘i ko‘rinib turgan, aylanasi o‘ttiz-qirq chaqirim kelgudek, kichikroq ko‘l ekan. Yo‘l yaqiniga qarab yangidan eriy boshlagan ko‘l muzini kesib o‘tib, To‘raqot saroyiga tushdik. Bu yerda, saroychi bir uylik uyg‘urdan boshqa, hitoy hukumati tomonidan qo‘yilgan hech kishi yo‘q edi. Bir kecha yotib, ertasi Koshg‘ar chegarasida To‘yuntepa degan joyga kelganimizda yo‘limiz ikkiga ajradi. To‘g‘ri ketsak Chaqmoq qorovul o‘rni bo‘lib, yo‘l tekshiruvchi xitoylar shu yerda turar ekanlar.
Shuning uchun biz uch kishi boshqa yo‘ldoshlarimiz maslahatlaricha, so‘l qo‘l tomonga burilib, Qoratepa dovoniga qarab yo‘l ol-dik. Dovon ostiga kelganimizda, 1800 yillarda Koshg‘ar hokimi marhum Yoqubbekdan qolgan qorovul qo‘rg‘oni yonidan o‘tishga to‘g‘ri keldi. Oradan uzoq davr o‘tmaganlikdan qal’a binolari hali ko‘p buzulmagan edi. Bu haroba ko‘zimga ko‘rinishi bilan ikki Turkistonning ilgarigi tarixini ko‘nglimdan kechirib, endigi qayg‘ulik hollari ustida uzoq o‘ylanib to‘xtaldim. Ko‘ring o‘g‘uz, uyg‘ur kabi qahramon turk ulusi bolalarini! Ongsizlik, bilimsizliklaridan bugungi kunda qo‘loyoqlariga qullik asirlik kishanlari solingan holda, insoniy huquqlaridan butunlay ajragandirlar. Bosqinchi dushmanlari hisobiga, o‘z ona Vatanlarida turib, qandayin xor zorlik bilan hayvonlarcha erk ixtiyorsiz, majburiyat qamchisi ostida ishlab turibdilar.
Ulug‘ qudrat egasi Allohdek xudosi bor, butun olamga rahmat keltirgan Muhammad alayhissalomdek yo‘lboshchisi bor, xudo qonuni bo‘lgan Islom dinidek dini bor musulmonlarning bu kabi xorlikka qolishlari, Qur’on hukmiga ko‘ra mumkin emasdir. Chunki Qur’onning aytishicha, Islom dini ilohiy bir qonundirkim, buni to‘lig‘i bilan amalga oshiruvchi musulmonlar har ikki dunyo davlatiga, albatta, ega bo‘ladilar. Bu so‘zning haqligiga hech shak yo‘kdir. Islom davlatining avvali, ayniqsa, hazrat Umar davridagi islomning shon shavkati bu so‘zni aniq isbotlaydi. Turkiya sultonlaridan Sulton Sulaymon davrida deyarlik butun Ovrupo hukumatlari islom podshohining buyrug‘iga bo‘ysunmish edilar. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam: «Bu ummatim avvalda nima bilan ko‘tarilgan bo‘lsa, oxirida ham shu bilan ko‘tariladi», dedilar. Ma’lumdirki, Rasululloh davridan boshlab, islom taraqqiyoti davomida islom podshohlari oldida, Qur’on hukmi birinchi qo‘llanma bo‘lmish edi.
Endi yuqoridagi so‘zlardan ochiq ma’lum bo‘ldiki, ilm-hunardan orqada qolib, boshqalar oyoq ostida ezilgan musulmonlar Kur’on hukmini amalga oshi-rolmay, haqiqiy islomiyatdan bahra topmagan ekanlar. Yo‘q esa, Qur’on hukmlari, asosan, uch ishga to‘xtalmish:
1. ittifoqlik;
2.zamonaviy ilm-hunarni o‘rganib, har ishning sabablarini imkoniyat boricha to‘liqlash;
3. dushman qarshisida o‘limdan qo‘rqmaslik.
Mana shu uch narsaga hayot olamida har kim ega bo‘lar ekan, o‘z Vatanlarini, butun insoniy huquqlarini bosqinchi dushmanlar hujumlaridan, albatta, saqlay oladilar.
Afsuski, biz yaqin o‘tmishimizda ham jirkanchli ittifoqsizlik sababli o‘z davlatimizdan ajradik. 1840 yillardan boshlab ruslar O’rta Osiyoni istilo qila boshladilar. Bu yerda uchta xonlik bor edi: Buxoro amirligi, Xo‘qand va Xiva xonliklari. Ovrupoda ilm madaniyat taraqqiy qilib, butun insoniyat olamiga uygonish yoedusini socha boshlagan bir davrda bu xonliklar xurofot botqogiga botib, johiliyatning nihoyatiga yetgan edilar. Ne qobiliyatlik Vatan o‘glonlari o‘zlarining aziz umrlarini Buxoroning qadimgi eski madrasalarida arabiy, forsiy tillarni o‘rganish bilangina o‘tkazdilar.
Forobiylar, Ibn Sinolar chiqqan bu ulug Vatanning va millatning kelgusi istiqboli uchun hech kim qaygurmas edi. Shunday ahvolda bo‘lishlariga qaramay, ittifoqsizlik balosining eng yuqori bosqichiga yetganliklarini ko‘rsatib, dushmanga qarshi birlashish o‘rniga doimo o‘zaro nizo va qon to‘kishlar bilan shugullanib keldilar. Inqiroz bo‘lish oldida turishlariga qaramay, ilmsizlik natijasida, buning oldini olish uchun qo‘llarida bor imkoniyatdan ham foydalanolmadilar, keraklik sabablarini qilmadilar. O’qish o‘qitish ishlari o‘rta asrdagidan farqi yo‘q edi. Yetarlik iqtisodiy boylik mavjud bo‘la turib, davlatning mudofaa ishlariga hech qanday ahamiyat bermadilar. Askariy tartib shu eski usulda bo‘lib, nizomiy tartib kirgizilmagan va zamonaviy qurollar yo‘q edi. Bunday ongsiz hukumatning inqi-roz bo‘lishi tabiiydur. Bular Vatan va millat ol-dida eng kechirilmas jinoyatchi odamlar, chunqi davlatlarini inqirozga, millatlarini qullikka, Vatanlarini xorlikka olib keldilar. Qani, Kur’on hukmiga ularning amal qilganliklari?
Yana o‘z so‘zimizga qaytaylik. Shu bilan Qorate-pa qo‘rg‘onidan o‘tgandan so‘ngra dovon ustiga qarab tirmashdik. Ba’zi bir tog‘larda tutaklik (ciyrak, kislorodi kam) havo borligini xalq og‘zidan eshitgan bo‘lsam ham, o‘zim ko‘rmagan edim. Yo‘lning qiyinligi, tog‘ning tikli-gidan ot ustida turolmay, hammamiz otlarimizdan tushib, yayov yurishga majbur bo‘ldik. Biroz yurganimizdan keyin yuragimiz urib, suvlig‘imiz (tomog‘imiz) qisila boshladi. U tog‘larda tutak borlig‘idan xabarimiz bo‘lmagani uchun tibbiy tomondan uning chorasini oldinroq ko‘rmagan ekanmiz. Yigitligim to‘liq, tanim sog‘ tutagi yo‘q tog‘larda takadek sakrab yurgan kishi edim. Bu yerda esa bir qadam yuqori bosishga hech qaysimizda quvvat qolmaganligidan ot quyrug‘iga osilishib, ming turli qiyinchiliklar bilan zo‘rg‘a dovon ustiga chiqdik. Qarasak, dushmanga qar-shilik ko‘rsatish uchun tog‘ cho‘qqisidagi qisiq joyga ilgari ham cheb (chegara, post) bog‘lamish ekanlar. Dovon oshib, tutakdan qutilgach, tog‘ tagida ko‘rinib turgan qirg‘iz Solmirza saroyiga kelib qo‘ndiq. Ertasi bu yerdan otlanib, shu yurganimizcha yuz chaqirim kelgudek Oyoq, Chanaq, Azg‘an cho‘llaridan o‘tib, kun bota Og‘u kentining to‘shiga keldik. Yo‘l usti bo‘lmagach, u joyni oralab o‘tish bizga to‘g‘ri kelmadi. Bu yerdan o‘tib, bir oz yurganimizdan so‘ngra yiroqdan quyuq qora daraxtlar ichida ko‘ringan Ostinortish yurtining eng boshidagi Chitolcha kentiga kirdik. Biriga biri tutashgan kentlarni oralab yurib, tun o‘rtasi bilan yo‘ldoshimiz Qo‘shmoq hojim uyiga yetdik.
Koshg‘ar, Yorkent, Xo‘tan shaharlari va Xitoy tuprog‘idan Gansu o‘lkasi ham, 95 96chi hijriyda xalifa tomonidan yuborilgan islom mujohidlaridan Qutayba ibn Muslim qo‘lida fath bo‘lib, islom diniga kirmish edilar. Lekin islom dini hali Oltishahar o‘lkasida butunlay o‘rnashmay turib, islom askari teskari qaytishga majbur bo‘ldi, chunki Bag‘doddagi ibn Abdul Malik xalifa bilan Qutayba ibn Muslim oralari buzilmish edi. Shuning natijasida qaytgan askar Farg‘onaga kelgach, urush boshlanib Andijon shahridan 25 chaqirim kun chiqish tomondagi So‘pi qishloq yaqinida, ilgarigi Farg‘ona markazi Xalich shahri oldida, o‘z askari tomonidan Qutayba ibn Muslim o‘ldiriladi. Shu kunlarda ham yerlik kishilar Xalichni Qutayba mozori (Qilich mozori) deb ataydilar.
Rasululloh tomonidan Sayfulloh Alloh Qilichi nomini ko‘targan islom qo‘mondonlarining eng birinchisi mashhur Holid ibn Validdan so‘ngra birinchi darajali atoqlik fotih Xuroson, Buxoro, Samarqand, Farg‘ona, Koshg‘ar, Xo‘tan, Gansu, to Chin markazigacha islom futuxotini yetkazgan shundayin qahramon qo‘mondon Qutayba, ittifoqsizlik shumligidan shu kabi fojiaga uchradi. Muso ibn Nasr, Toriq ibn Ziyod (Milodiy 710 yilda bu buyuk islom qo‘mondonlari o‘z askarlari bilan Gibraltar bo‘g‘ozi orqali o‘tib Ispaniya, Portugaliya va Janubiy Frantsiyani zabt etadilar. Keyinchalik bu ikki qo‘mondon o‘zaro hasadlashib qolib ittifoqlari buzilishi natijasida g‘arbdagi islom futuxoti to‘xtab qoladi) 6u qo‘mondonlarning hasaddan chiqqan ixtiloflari, g‘arbdagi islom futuxotlariga qanday to‘siqlik qilgan bo‘lsa, bularning ham o‘zaro hasadlik yog‘iy bo‘lishlari sharqda islom dini tarqalishiga undan ham ortiqroq zarba yetkazgan edi. Uning natijasida markaziy shaharlarda yangidan tarqalmoqda bo‘lgan islom dini to‘sqinlikka uchrab, bir ikki asr orqaga chekindi.
Bu orada Movarounnahr o‘lkasida adolatli Somoniylar davlati qurilib, bu muborak davrda ilm madaniyat, islomiya yangidan rivojga kirishib, buning soyasida Forobiy, Beruniy, Ibn Sino kabi asarlari butun dunyoga tarqalgan olimlar vujudga chiqdilar. Ana shu davrda Erondagi islomdan ilgarigi Qiyoniy podshohlaridan Kaykovuz, Xisrovlar zamondoshi Do‘kuxon naslidan Sotuq Bo‘g‘roxon Koshg‘ar, Bolosog‘un va umumiy Turkistonga xon bo‘lmish edi. Somoniylarga, ya’ni ulardan Nasr Somoniy davlatiga chegaradosh bo‘lganlikdan, u otasidan yoshirincha islom diniga kiradi. So‘ngra Xo‘tan
o‘lkasi atrofi bilan butun Uyg‘uriston xalqi, bu xonning himmati orqalik islom dinini qaytadan qabul qiladilar. Birinchi islom ochgan Qutayba ibn Muslim bo‘lsa ham, ikkinchi islom ochib, uni o‘rnatuvchi Sotuq Bo‘g‘roxon bo‘ldi. Tarix hijriyaning taxminan 380 yillarida vafot topib Ostinortishda ko‘milmishdir.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Shunday qilib, Ostinortishda yo‘ldoshimiz Qo‘shmoq hojim uyida ikki kun dam olgandan keyin Koshg‘ar shahriga tushmoqchi bo‘lib yo‘lga chiqdik. Kun issig‘i ustiga chang tuproq ichida qirq besh chaqirimcha yo‘l yurib, shahar ichiga kirib bordik. Bu yerlik kishilardan To‘qmoqka qatnab turgan savdogarlar ko‘p bo‘lganligidan tanish bilishlarimiz ko‘p bo‘lsa ham, ular uyiga tushmasdan Yorbog‘ darvozasi saroyida bizni kutishib turgan To‘qmoqlik yo‘ldoshlarimiz ustilariga tushdik.
Shu kunlarda, ya’ni 1920 milodiy yili, ichki, tashqi dahriylar birlashib, chirigan amir davlatiny ag‘darib, Buxoroni bosib olmish edilar. Farg‘ona shaharlarining har birida butun qishloq xalqlari qo‘zg‘alib, «bosmachi»lar nomidagi qo‘zg‘olonchilar bosh ko‘tardilar. Natijada begunoh xalq boshiga qiyomat qo‘pmish edi. Bulardan vatanparvar, ongli va ilg‘or fikrlik boylar otilib, chopilib, o‘liklari ohak suviga tashlandi. Qolganlarning ko‘p qismi o‘limdan ortiq qiynov turmalarida uzoq yotqizilgandan so‘ngra, yiroq yerlarga surgunga yuborilib, eng og‘ir ishlarda ushlanmish edilar. Ularning oldi yigirma besh, eng keyini o‘n yilga surgun bo‘lganlikdan, yuzdan biri qaytib kelgan bo‘lsalar ham, u yerda salomatliklari buzulganligi sababli, kelgan so‘nggida yashovchilar soni juda oz ko‘rinmish edi.
Rusiya tuprog‘idan ko‘tarilgan fitna vulqonlari butun mamlakat bo‘ylab alanga olib, uning uchqunlari chegara tashqarisiga ham tushgan edi. Men shundayin og‘ir ahvol, qiyin kunlarda chuqur fikr, katta umidlar bilan Koshg‘arga kelmish edim. Qarasam, bu yerdagi ongsizlik, ilmsizlik balosi bizdan yuz daraja ortiq ekan. Buni ko‘rgach, o‘ylagan rejam buzilib, o‘zim hayronlikda qoldim. Bo‘lmasa shu kunlari, Koshg‘arda oyat hadis tafsiri, har turli diniy ilm o‘qituvchilari yuzlab, o‘quvchilar esa necha minglab topilur edi. Butun O’zbekiston, Qirg‘iziston shaharlarini qoplagan uyg‘ur savdogarlari bu yerlarda bo‘lib o‘tgan, bo‘layotgan xalq ustidagi dahshatli ishlarni ko‘zlari ko‘rib, o‘zlari ham tortmish edilar. Minglab eshitgandan, bir marta ko‘rganning ta’siri ortiq bo‘lishi kerak edi.
Endi shunisi qiziq, eng hayron qolurlik ishdurki, uyg‘urlar qon qarindoshlari o‘zbeklar boshiga kelgan shundayin ulug‘ ofat balolarni ko‘ra-bila turib ongsizlik, ilmsizlik kasofati sababli bundan ta’sirlanib qilchalik ibrat olmagan edilar. Chunki, bu shum maslak rivojlanishiga ikki narsa, ya’ni kambagallik va ongsizlik bo‘lishi, albatta, shartdur. Bular esa Rusiya tuprogida, ayniqsa Sharqiy Turkistpon va Xitoyda to‘lshi bilan topilganlikdan, dahriylar bundan foydalanib, shu buzuq maslaklarini bu joylarda rivojlantira oldilar. Natijada qurol kuchi bilan majburiyat orqali xalq bo‘yniga yuklanib, shu kungacha tushurolmas ogir yuk bo‘lib ortilib qoldi. Endi bu yerda qancha turgan bo‘lsam, menga hamkor bo‘lgudek, kelajak uchun qaygurgan bir kishini bo‘lsa ham ko‘rolmadim.
Onggi ochilmagan, bilimsiz bir millat o‘z dushmanlari oldida qushxonaga haydalayotgan bir to‘p hayvondan hech qanday ayirmasi yo‘qdir. Insonning o‘ziga eng yaqin halokatlik dushmani ongsizlik, ilmsizlikdir. Shunga ko‘ra Alloh taolo Qur’onning birinchi surasini o‘qish, uqish, bildirish, yozish kalimasi bilan boshlamish edi. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam erkak ayol, o‘gil qiz demay butun ummatlarini ilm o‘qishga buyurdilar. Kerakligicha din ilmini o‘qish hammaga farz bo‘lganidek, o‘z hukumatini, Vatanini va millatini saqlash uchun zamonaviy fan ilmini o‘qib bilishlik ham farzdir. Bu esa Kur’onda xudo tomonidan «Va a’iddu va lahum man quvvatin mastata’tum» oyati bilan ochiq buyurilmishdir. Ma’nosi: «Dushmanlarga qarshi qo‘linglardan kelguncha qurol kuchi tayyor qilinglar», demakdir. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam: «Alo innal quvvata arramyu», deb uch qaytarib aytdilar. Ya’ni, «hushyor bo‘linglarkim, albatta kuch quvvat dushmanga o‘q otmoqdir», dedilar.
Bundan 1380 cha yillar ilgari aytgan so‘zlari qanday to‘gri ekanligini hozirgi fan ilmi ochiq isbotlab, o‘z ustimizda tajriba o‘tkazdilar. Endi o‘tmishdagi ishlarimizdan o‘kinib o‘ltirish o‘rniga, ulardan ibrat olib, kelajagimiz uchun hozirlik ko‘rishimiz kerakdir. Chunki ikki Turkiston bolalari ikki ajdarho ogziga yutilish oldida turibdilar. Bundan qutulishning birdan bir chorasi esa zamonaviy ilm fan bilan to‘liq qurollanib, buning ustiga milliy hislaridan ajralmay o‘z ona tillarini jon o‘rnida asrashlari lozimdir. Bu o‘rinda nega «milliy his» dedik, «diniy his» demadik? Buning sababi esa dahriylar hukumati qurilgandan boshlab butun diniy maktab va madrasalar yo‘qotilib, keyingi ta’lim-tarbiya ishlari dinsizlik asosiga qurilmish edi. Shundan buyongi maktab bolalarimiz diniy tarbiya ko‘rmaganlikdan musulmonchilik yo‘llarini yaxshi taniyolmay qoldilar. Shunga ko‘ra Vatan bolalariga diniy tarbiyat to‘silgan bo‘lsa ham, endi o‘z milliyatlarini saqlash uchun til tarbiyatlaridan sira ajramasliklari kerakdir. Chunki har qanday bir millat o‘z dinidan ajragani ustiga o‘z tilidan ham quruq qolar ekan, uning milliyati yutilib, hayoti munqariz (inqirozga uchragan, inqirozli) bo‘ldi demakdir. Bunga qaraganda shu kunlardagi Chiqish (Sharqiy) va Botish (G’arbiy) Turkiston bolalarining, ayniqsa Uyguristonning kelajagi shu dahshat ostiga tushganligi shubhasiz ko‘z oldimizda ko‘rinib turibdi.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Men Koshg‘arga kelgan kunlarimda sovet hukumatining yangi boshlang‘ich davri bo‘lib, dunyo hukumatlari oldida tanilmaganligidan hali bu yerda elchixonasi ochilmagan edi. Lekin bu mamlakatning ilgaridan beri Chotrol dovoni, Tibet orqalik Hindiston, Afg‘oniston bilan savdo aloqalari borligi ma’lumdir. Yorkent, Xo‘tan viloyatlarida turg‘un ozu ko‘p ingliz tobunlari ham bor edi. Shuning uchun bular bahonasi bilan Koshg‘arda bu davlatning elchixonasi ham uzun yillardan beri faoliyat ko‘rsatib kelmishdir. Ma’lumdirki, inglizlar qaysi joyga qadam qo‘ysalar, «madaniyatsiz» yerlik xalq g‘amxo‘rligi uchun kelganliklarini bildiradilar. Agar bu so‘z haqiqat bo‘lganda Sharqiy Turkiston xalqini bolshevizm balosidan qutqarish sharoiti ularga oson topulur edi. Biroq haqiqati bilan insoniyat g‘amxo‘rligini qiladigan payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalomdan va ham uning chinakam ummatlaridan boshqa birovning bu kabi ulug‘ sharafga erishmog‘i mumkin emasdir. Shu kunlari Oltishahar Uyg‘uristondagi Xitoy hukumati esa qog‘oz yuzi, til uchi bilan davlat markazi Pekinga bog‘langan bo‘lsa ham, o‘rta asr Xitoy xonligi davridan qolgan esdalik bir haykal ko‘rinishida edi.
Demak, har ikki Turkiston xalqi ongsizlik, ilmsizlik kasofatidan shu kabi qulay sharoitlar bo‘la turib ham, bulardan o‘z vaqtida foydalanish yo‘llarini topolmadilar. Ochiq bir maqsadni o‘z oldilariga shart qilib qo‘yib, tashkiliy ravishda ish olib borish uchun harakat qilgudek birorta odam yo‘q edi. O’zlarining kelgusi istiqbollari uchun hech kim qaygurmas edi. Chunki, bu bechora xalq xurofot zulmati, johiliyat botqogiga butunlay botgan edi. Bunga o‘sha davrdagi muhit aybdordir. K,ur’onning «Qul hal yastavillazina ya’lamuna vallazina la ya’lamun», ya’ni «Bilganlar bilan bilmaganlar har to‘grida teng kelolmaydilar» degan hikmatlik so‘zini, albatta, amalga oshirish kerak edi.
Nima uchun keyingi asrlarda Turkiston xalqi bunday johiliyat botqogiga botdi? Buning bosh sababi dinni asosi bilan tushunmagan ilm-madaniyat dushmanlari hokimiyat tepasida bo‘ldilar. O’zlarini din homiylari deb e’lon qilib, xalqni ma’rifat nuridan mahrum, zamonaviy fanniy ilmlardan butunlay yiroq tutdilar. Chet davlatlar bilan aloqa boglamadilar, o‘qish o‘qitish ishlariga hech qanday ahamiyat bermadilar. Shuning uchun Turkiston xalqining ichida uygonish, fikr ochilish va bor sharoitdan foydalanish imkoniyatlari bo‘lmadi. Davlatning inqirozi, millatning ongsizligiga shu johillar sababchidur.
Endi bu umidsizlanganim so‘shtida Afg‘oniston, Hindiston chegaralari bo‘shligidan foydalanib, u tomonlarga o‘tishimni o‘ylagan bo‘lsam ham, yolg‘iz bosh qayg‘usida bola chaqalardan ajrab, suyukli Vatanimni dushman qo‘liga tashlab ketishni o‘zimga loyiq topmadim. Ayniqsa, yo‘ldoshlarim tungonlar ichida jonfido shogirdim Dovudhoji mendan ajramasga shart qilib, qolishimga qattiq qarshilik ko‘rsatmish edi. Buning ustiga, Vaqtli Kerenskiy hukumati qurilgan so‘nggida Farg‘onaga muxtoriyat berilib, uning o‘n ikki kishidan iborat Muvaqqat hukumati tarkibiga polyak musulmonlaridan bo‘lgan Og‘aev ismli bir yurist ham a’zo saylanmish edi. Muxtoriyat Millat majlisi a’zolaridan biri esa akamiz Olimxonto‘ra janoblari edi. Bu ishga tishtirnog‘i bilan qarshi turishgan bolsheviklar, musulmonlarning eng kekchil dushmanlari sanalgan armanilardan to‘plangan askarlarni to‘liq qurollantirib, xalq ustiga keltirdilar. Bularning boshchi qo‘mondonlari esa turk qoniga chanqagan, qonichkich Dashnoq firqasining a’zolari bo‘lganlikdan Xo‘qand shahri ustida ko‘rsatgan vahshiyliklari o‘rta asr yirtqichlaridan Chingiz dahshatlarini unuttipmish edi. Ongsiz xalq buni unutgan bo‘lsalar ham, dushman suqqon nayzalarining zarbalaridan yuraklari parchalanmish, ko‘z qonlari bilan ko‘ngil sahifalariga dahshatli zulm xatlarini yozmish tarixchilar, bu kabi fojialarni hech qachon unutmaydilar. Xalq ko‘zini qo‘rqitib, ularga dahshat solish uchun, bir tomondan, otish chopish boshlangan bo‘lsa, ikkinchi yoqdan, o‘t qo‘yib, butun shahar bozor rastalarini kuydirmish edilar. Bu voqeadan besh olti yil keyin Xo‘qandga borganimizda buzilib vayron,>talqoni chiqqan ko‘p imoratlarni, kuydirilgan bozor rastalari o‘rnida to‘dalanib yotgan hisobsiz kultepalarni ko‘zimiz ko‘rdi.
Mana shu Ho‘qand (Turkiston) muxtoriyat hukumati a’zosi Og‘aev, yuqorida aytganimizdek, polyak musulmonlaridan edi. Chor hukumati yiqilgan so‘nggida Polsha boshliq butun Boltiqbo‘yi millatlari o‘z huquqlariga ega bo‘lib, muxtoriyat olmish edilar. Bunga tushunib haq talab qiluvchi va ham bu ishni boshqaruvchi bizning o‘lkamizda kishilar kamligini bilgan musulmon ziyolilarining.diniy hislari qo‘zg‘alib, Turkistonda qardoshlarining birinchi martaba yangidan qurilayotgan yosh davlatlariga yordam yetkazish uchun u kishini yubormish edilar. O’zi yurist bo‘lib, chor hukumatiga qarshi musulmon polyaklarining milliy inqilobchilaridan edi. Ho‘qandga kelishi bilanoq oz ko‘p tushungan kishilar buni takdirlab, yangi qurilayotgan milliy muxtoriyat hukumati raisining o‘rinbosari saylamish edilar.
Bu kishi butun ishlarni tartibga solib endigina ishga kirishayotgan chog‘ida, balo qazodek kelib bolsheviklar bosdilar. Qochishga ulgurgan kishilar qutulgan bo‘lsa ham, ulgurolmagan a’zolardan qo‘lga tushgan baxtsizlar ham oz emas edi. Ana shu biz baxtsizlarga yordam berish uchun oilasi, Vatani, balki butun baxti taxtidan kechib kelgan polshalik din qardoshimiz yerlik baxtsizlar qatorida qo‘lga tushib, biz uchun qurbon bo‘ldi.
Eshitishimcha, bularning vahshiylik maslagidan xabari yo‘q bo‘lishi kerak. «Butun dunyo bo‘ylab har yerdagi insonlar o‘z huquqlariga erishayotgan XX asr davrida o‘tgan vahshiylarcha otish chopish bilangina ish olib bormasalar kerak, bular bilan ko‘rishib so‘zlashaylikchi, maqsadlari nimadur? Uni bilaylik», deb yuristlik qilib, huquqshunoslik yo‘li bilan bu yirtqichlarga so‘z o‘tkazmoqchi bo‘lib, qo‘lga tushmishdir. Yo‘q esa, boshqa jon qutqazgan «botir»lar kabi fursatdan foydalansa, qochib qutulishi mumkin edi.
Bu qahramon qo‘lga olingandan so‘ngra shundayin xorlik, zulm ostida turishdan o‘limni ortiq ko‘rib, ochlik bildirmishki, bu kabi eng so‘nggi dahshatlik choradan insoniyat olamida foyda berishi kutilur edi. Bular oldida e’tiborsiz bo‘lganlikdan o‘n besh kunlab och qoldirilmishdur. Aqli ozib, o‘lar holga kelganda boshqa yoqqa olib ketganlar. Undan keyingi taqdiri bizga noma’lumdir. Insonlar huquqi himoyasi uchun qurbon bo‘lib, shundayin olijanoblik ko‘rsatgan bu qardoshimizga butun insoniyat tomonidan yolqinlik ko‘nglimdan chiqargan tashakkurimni bildirgan so‘nggida, uning muqaddas ruhiga
abadiy rahmatlarimni yo‘llayman. Bu kabi insoniyat qahramoni, haqlik qurboni bo‘lmish kishining xizmati ko‘milib ketmasligi uchun, vijdonim talabicha bu o‘rinda oz bo‘lsa ham yozib qoldirishni burchim deb bildim.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Endi shuni bilmak kerakkim, Kur’onning hukmiga, Rasulullohning yo‘liga yaxshi tushunmay dinga xiyonat qilgan, o‘z Vatanini boshqalar tasarrufiga qoldirib, ikki dunyosidan ajrab xorlik bilan yashagan yolgon musulmonlardan ilm, fan, madaniyatni o‘zlashtirib, butun huquqlariga ega bo‘lgan kofirlar, albatta, ortiqdur.
Butun Uyg‘uristonni qoplagan shu o‘xshash ongsizlik ofatini ko‘rgach, u yerdan umidim uzilib, nochor, yangidan o‘t olayotgan fitna o‘chog‘i ichidagi o‘z yurtim To‘qmoqqa qaytib keldim. Qarasam soyasidan qo‘rqqan quyondek har yerda qochib pisib yurib kun ko‘rayotgan haqsiz kishilar ham oz emas ekanlar. Shular qatorida men ham shahardan chetroq Sho‘rtepa degan tungonlar qishlog‘ida turib, dehqonchilik bilan kun kechirmoqchi bo‘ldim. Marhum otamiz nasihatlaricha imom bo‘lishdan saqlanib, bir ikki yil o‘z ishim bilan shu yerda kuymanib yurdim. Lekin bu o‘lkada qora savodlik yoki savodsiz masjid imomlari bo‘lsa ham, dinga asosi bilan tushungan olimlardan birortasi ham yo‘q edi. Buning ustiga bolshevik hukumati dinsizlik asosiga qurilganlikdan xudosizlar jamiyati tomonidan har joyda dinga qarshi tashviqot tarqalib, dindorlarga hujum boshladilar.
Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam aytishlaricha, bunday vaqtda olimning sukut qilib qarab turishi o‘z diniga xiyonat qilishi demakdir. Bundan saqlanish uchun marhum otamizning «Imom bo‘la ko‘rma», degan vasiyatlariga qaramay, xalq talabini qabul qilib, To‘qmoq shahri katta masjidiga imom bo‘ldim. Shu birinchi jum’adayoq minbar ustidan oz deganda bir ming kishiga qarata aqliy naqliy dalillar keltirib, dinsizlikka qarshi o‘tkir bir va’z so‘zladim. Masjid xalqi bundan ta’sirlangach, dillari erib, ko‘zlari yoshlandi. Har joyda «oh voh» tovushlari ko‘tarilib, yig‘i sig‘i boshlangani turdi. Albatta, bunday ulug‘ diniy jamiyat majlislarida u vaqtning rahmsiz jallodlari uch harflik GPU kuydurgi josuslaridan so‘z tinglovchi bir necha kishilar borlig‘i ma’lum edi. Shunday bo‘lsa ham biror tomondan bu ishga ochiq ravishda to‘sqinlik ko‘rilmagach, diniy ruh qizg‘inligi bilan o‘z ishimda davom etib turdim.
Shu orada 1922 yillar Otboshi Norin qozoq ruslari (kazaklar) tomonidan Bonduruf (aniqrog‘i Bondaryov)2 qo‘l ostida qattiq bir qo‘zg‘olon ko‘tarilmish edi. Darhol bularga qarshi otlansa otasini ayamaydigan qora turkmanlardan bir bo‘luk (polk) qurollik askar keltirildi. Yordam olg‘udek tayanchilari bo‘lmagan qo‘zg‘olonchilar bularga qarshi turisholmay, Koshg‘ar tomonga chekinishib qochdilar. Bularning kasofatiga To‘qmoq, Pishpekdagi boy savdogar va xalq ichida ko‘zga ko‘rinarlik sakson necha kishini bir kechada bosib, tekshirish surishtirish yo‘q, shu kechaning o‘zidayoq qo‘llarini sim bilan orqalariga bog‘lagan holda shahar tashqarisidagi Qorayog‘chilik bog‘iga olib borib otdilar. Bu gunohsiz mazlumlarni o‘ldirish uchun qazilgan chuqur chetiga keltirilgach, otib chopib tashlay berganliqdan ko‘plari chalajon edi. Shu yerlik ko‘rgan kishilar aytishlaricha, bularning ustilariga jonlari chiqmay turib tortilgan tuproq usti uch kungacha to‘xtovsiz lo‘millab (lo‘mbillab, ko‘tarilib-tushib) yotmishdir. Bu kabi yuraklar titrab, jonlar achinarlik, so‘zlashga til seskanib, yozishga qalam jirkanarlik bu madaniy yirtqichlarning qilgan vahshiyliklarini yozib qoldirishga majburmiz. Chunki tarixda ko‘rilgan ishlarning yaxshi yomoni demay, ko‘rgan bilgan narsalarning barini qoldirmay qalamga olish tarixchi ustiga yuklangan muqaddas vazifa hisoblanadi. Bu esa dinsiz dahriylar hokimiyatining boshlang‘ich davrlariga xirmondan bir hovuch, dengizdan bir cho‘mich kabi ko‘rsatgichdir. Bundan maqsad quruq so‘z dostoni so‘qib (so‘zlab, aytib, yozib), hikoya-voqea to‘plami yozish emas, balki asl maqsad kelgusi Vatan bolalarimiz bundan ibrat olib, endi kelajakda qanday yashamoq kerak ekanligini bilishlaridur.

VATAN AHLLARIGA DEGANLARIM

Tarixning aytishicha, shu Vatanimiz O’zbekiston o‘lkasini sharqdan, shimoldan chiqqan balo sellari qoplab, necha martaba harob qilinganligi ma’lumdir. Shuning uchun bizning ilgari porloq madaniyatimiz vayronlikka uchrab, nasllarimiz ham tabiiy o‘sishdan to‘xtalganligi ko‘z oldimizda turadi. Chunki bizga chegaradosh Xitoy xalqi so‘nggi hisob bo‘yicha yetti yuz millionga yetgan holda biz Turkiston xalqi bularga zamondosh bo‘lsak ham, nega bularning yuzdan biricha bo‘lib, shu kunga dovur o‘n millionga yeta olmadik? Buning sabablarini har yoqlama tekshirib ko‘rilganda turlicha bo‘lib chiqishi ko‘ngilga keladi.
Lekin o‘tgan ulug faylasuflarning aytishlaricha hamda tarixiy tajribalarning ko‘rsatishicha, qaysi bir millat o‘z milliy davlatidan ajrab, uning hukumati yo‘qolar ekan, hukumat egasi bo‘lgan kelgindilar hisobiga yil sayin nasllari ozayib borib, eng so‘nggida butunlay yutilib ketishi tajribada ko‘rilmishdur. O’z hokimiyatidan ajradi demak inqirozga yuz tutdi demakdir. Shu sabablik dunyodagi onglik, madaniy millatlar o‘z hokimiyatlarini saqlash uchun necha millionlab qurbon berishga tayyordirlar. Holbuki, har bir millatga Iymon islomini saqlash Kur’on hukmicha qanday farz bo‘lsa, shu o‘xshash o‘zligini va o‘z millatini saqlash undan ham farzroqdir. Chunki payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam qaysi bir kishi o‘z otasini tashlab, boshqa birovning bolasiman desa yoki bir millat tili, dini, rasm odati boshqacha ikkinchi bir millatga yutilsa, mana shunday ishga norozilik bildirib, ularga la’nat o‘qidilar. Milliy hissini yo‘qotib, o‘z millatidan ajrash Qur’on hukmi bo‘yicha haromdir.
Yer usti uchmohi (jannati) bo‘lgudek, jannat kabi noz ne’matlik, yaylovlari ko‘p, oqar suvlari mo‘l, bog bo‘stonlik go‘zal Vatanimiz O’zbekiston o‘lkasi atrofimizdagi ochko‘z ganimlar tomonidan har vaqt hujum ostida bo‘lib turganligi mashhur tarix kitoblarida yozilmishdir. Xozirgi kunimizdan 780 yillarcha avval dunyoga dahshat solgan o‘rta asr yirtqichlari, quyundek qoplagan Chingiz askarining birinchi zarbasi biz Turkiston ulusining ustiga tushgan edi. Yer yuzi insonlari uchun yaxshilik kutilgan yigirmanchi asrda chiqqan bolsheviklarning birinchi navbatdagi ogir zarbalariga yana biz Turkiston musulmonlari uchradik. Chunki, yuqorida aytilganicha, bu madaniyat davrining totliq yemishlaridan foydalanib, dunyo insonlari o‘z huquqlariga butunlay ega bo‘ldilar. Va ham bu orqalik ilm, madaniyat, hunar-sanoat yer yuziga tarqalib, Afrika cho‘llarigacha kira boshladi. Bizlardan boshqa har yerdagi ozu ko‘p millatlar esa Vatan bosqinchila-ridan qutulib, o‘z erklik milliy hukumatlarini qurib oldilar.
Biz bo‘lsak, haqiqatda bol’sheviklar hukumati qurilgan kundan boshlab yolgiz milliy, diniy, vataniy haqlarimiz emas, balki insoniy huquqlarimizdan ham butunlay ajragan so‘nggida erksiz hayvonlar qatorida ishlamoqqa majbur bo‘ldik. Bir millatning o‘z^ huquqlari butunlay o‘z qo‘liga topshirilmagach, O’zbekiston oti qogoz ustida yozilishi bilan yoki boshqalarning yukini ko‘targan, aravasini tortgan eshak otlardek birmuncha o‘zbek nomidagi vijdonsiz, quruq haykallarni o‘z maqsadlarini qo‘lga keltirish uchun o‘rindiq ustiga o‘ltirgizib qo‘yish bilan u millat qanday ozodlikka chiqdik deya oladi? Balki, bunday millatlar shu kabi xiyonat pardalari ostida butun hissiyotlaridan ajragan holda yem bo‘lib yutilib, oxiri inqiroz chuquriga yuztuban yiqilib halok bo‘lishlari shubhasizdir.
O’tmishdagi O’zbekiston o‘lkasida ming yillar davom etgan mustaqil davlatimizdan 1865 yili chor Rusiyasining bosqinchiligi natijasida ajragan bo‘lsak ham, boshqa ishlarimiz o‘z qo‘limizda edi. Buning ustiga Buxoro, Xiva hukumatlari 1920 yil o‘rtalarigacha saqlanib qolmish edilar. Butun sharoit qo‘llarida bo‘laturib, ongsizlik ofati, siyosat ko‘rligidan yuzlarcha yillab kutilmoqda bo‘lgan bu kabi qulay fursatni bekorga qo‘ldan chiqardilar. Yo‘q esa bu ikki o‘lka birlashib, uning ustiga xalq boyligi va yer boyligi qo‘shilar ekan, Vatanimiz Turkistonda milliy va madaniy kuchlik bir davlat qurish qobusi kelmish edi. Biroq baxtimizga qarshi bizda mudofaa quvvati yo‘qligidan o‘z yerimizda garib bo‘lib, o‘z merosimizga ega bo‘lolmadik.
Endi bu o‘rindagi mudofaa quvvati nimadan iborat ekanligini o‘quvchilarga bildirib o‘tishimiz lozim bo‘ladi. Bosqinchilarga qarshi qo‘yilgan mudofaa quvvati ersa shu hozirgi zamonaviy ilmfan, qurol jabduqqa ega bo‘lishdan boshqa narsa emasdir. Yalinib yolvorib bulardan shafqat marhamat tilamak shaytondan insof-tavfiq umid etmak kabidir. Shunga ko‘ra, Vatan bolalari oldimizdagi kelajak kunlarni eskarib, zamonaviy ilm o‘qishga chin ko‘ngillari bilan kirishib, halol meros o‘z Vatanlarini egallash uchun mudofaa quvvati tayyorlashga tish tirnoqlari bilan yopishsinlar.

Yana o‘z so‘zimizga qaytaylik. Koshg‘ar safaridan kelganim so‘nggida marhum otamiz Shokirxonto‘ra hoji nasihatlaricha yozda dehqonchilik qilib, qishda tungonlar aro diniy xizmatda umr o‘tkazdim. «Har oqil odam o‘z zamonasiga yaxshi tushunishi va shunga qarab ish qilishi kerak», degan payg‘ambarimiz Muhammad alayhi vasallamning hikmatlik so‘zlaridan ilhomlangach, zamonamizda yangidan chiqa boshlagan kommunizm asoslarini chuqur tekshirib, hammadan ilgariroq unga yaxshi tushundim. Bu maslak butun dunyo bo‘yicha borliq dinlarga, ayniqsa islom diniga o‘t bilan suv, tun bilan kun kabi qarama qarshi ekanligini aniq bildim. Shunday bo‘lsa ham chin so‘zlab, to‘g‘ri tushunishga o‘rganganim uchun boshlang‘ich davrining aldov siyosatlarini chin chog‘lab (bilib, o‘ylab, tushunib), unga ishonmish edim. Shundoqki, taxminan 1921 yili Ulyanov Lenin tilidan tubandagilar yozilmish edi: «Agar O’rta Osiyo musulmonlari o‘z turmushimiz uchun Qur’on hukmi yetarlidur, Qur’on rahbarligi ostida yashovni istaymiz desalar biz buni, albatta, qabul qilishimiz kerak».
Musulmonlarga yoqimlik bunday yaxshi so‘z Lenin tilidan aytilib, gazetada bosilganligidan ta’sirlanib, bular haqida o‘ylagan fikrlarim bir oz o‘zgara boshladi. Shuning uchun boshqaga qaramay, To‘qmoq jome’ masjidida har juma eng ozi bilan minglab xalq ichida va’z majlisi ochib dinsizlikka qarshi kurash boshladim. Yuqorigi Lenin so‘zidan foydalanmoqchi bo‘lib boshlagan bu ishimni 3 4 yil uzluksiz davom etmish edim. Bu ishdan ko‘zlagan maqsadim esa, Ibrohim xalilullohni kuydirish uchun yondirilgan Namrudning’ ulug‘ olovini o‘chirmoqchi bo‘lib, tumshug‘ida suv tashigan qaldirg‘och kabi, ilohiy qonun deb o‘zim ishongan Islom diniga ko‘nglimdagi sadoqatimni bildirish edi. Shunga ko‘ra ko‘ngildan chiqqan so‘z yurakka yetar deganday, manim bu diniy va’zlarim xalq ko‘ngliga to‘liq ta’sir qilayotganligini ko‘rgach, temir qo‘lliq siyosiy idoralar meni o‘zlarining o‘nglanmas dushmani hisobladilar. Ana shu kundan boshlaboq aytgan so‘zlarim kundan kunga tekshirish ostig‘a olindi. Oxiri 22 yili GPU (Glavnoe politicheskoe upravlenie — Bosh siyosiy boshqarma, chekistlar idorasining o‘sha vaqtdagi nomi) jallodlari tomonidan qo‘lga olinib, hozirgi Qirg‘iziston markazi Pishpek shahrining yer osti qamoqxonasida yotdim. Bu kabi dahshatlik ishni birinchi ko‘rib, bundayin vahshiylik o‘ringa dastlab kirganligimdan, 6u joyda ko‘p yotmagan bo‘lsam ham, bu zulm zarbasidan ko‘nglimning ichki tashqi hissiyoti yaxshigina yaralanmish edi. Yuqorigi Lenin tomonidan aytilib, gazetada yozilgan so‘zlar bari yolg‘on bo‘lib, aldov tuzog‘i ekanligi keyin bilindi.
Ilgari o‘tgan payg‘ambarlardan Yusuf alayhissalom Fir’avn vazirining xotini Zulayho boshliq qilingan fitnalar ostida bir rivoyatda 7 yil, ikkinchi rivoyatda 12 yil zindonda qolmish edilar. So‘ngra Misr podshohi Fir’avn ko‘rgan tushining ta’birini hech kim chiqarolmay turganida uni Yusuf alayhissalom yo‘yib: 7 yil to‘qchilik, 7 yil ocharchilik bo‘lishidan xabar berib, agar vazirlik xizmati o‘ziga topshirilar ekan, bunga yaxshi choralar ko‘rib, xalqni bu balodan saqlay olishini bildirmishdir. Shu bahona zindondan qutulib chiqar chog‘ida eshigi ustiga uch og‘iz so‘z yozib qoldirmish edi. «Bu joy tiriklarning qabridur, dushmanlarni suyundirur, do‘stlar sinalg‘usidur».
Hazrat Umar roziyallohu anhu imkoniyat boricha musulmonlarni qamoq qilmasga buyurmish edi. Shuning uchun Islom shariatida bu jazoning uch yildan ortiq bo‘lishiga ko‘pincha yo‘l qo‘yilmaydir. Chunki bundan uzayib ketar ekan, insonlar har to-monlama zararlanishi, ayniqsa oilaviy turmushlari vayronlikka uchrab, harob bo‘lishi shubhasizdir. Agar bir kishi men bu dunyoda turmayman deb qasam ichgan bo‘lib zindonband bo‘lsa, shariat bo‘yicha uning qasami buzilmaydi. Bu esa, zindon ichi shariat oldida dunyo yeridan emasligini ko‘rsatadi. Islom qonuni hukmida butun dunyo davlati nohaq to‘kilgan bir kishining qoniga arzimaydi. Hozirgi dinsizlar hokimiyati oldida esa kishi o‘limi eshak o‘limicha ham qadri qolmaganligini ko‘rib turamiz. O’zlaricha siyosiy jinoyat hisoblagan bir og‘iz so‘zni amalga oshirish bu yokda tursin, og‘zidan chiqar chiqmas javobga tortilib, jallodlar qo‘lida yo‘qotilgan kishilar hisobsizdirlar.
Shunday qilib meni qamashdan bularning maqsadlari qo‘rqitib boshqalar kabi majburiy xizmat topshirish edi, chunki u davrda xalq ko‘ziga ko‘rinarli obro‘ylik kishilar haqida shunday siyosat qo‘llab ikki yoqlama foydalanmoqchi bo‘lishardi. Ular deganlarini qildirib, qilmaganlar uchun belgilangan og‘ir jazolarni amalga oshirar edilar. Shunday bo‘lsa ham mehribon Tangri yordami bilan bir oy to‘lmay turib, turmadan bo‘shanib chiqishim bilan ular o‘ylaganlari-dek o‘z ishimni yumshatib, orqaga chekinish o‘rniga yana ham qattiqroq kirishdim. Shunga ko‘ra dunyoni bosayotgan balo seliga to‘qnashib, 30 yillargacha dinsizlikka qarshi har vaqt tashviqot yurgizib keldim. Tajribasizlik natijasi bo‘lsa kerak, o‘z ko‘nglimda «hech bir musulmon dunyolik shaxsiy foydasi uchun oxiratini buzib o‘z diniga xiyonat qilmaydi», deb o‘ylar ekanman. Keyin ma’lum bo‘ldiki, bunday odamlar millat ichida qo‘l bilan sanalg‘udek topilishiga ham ishonolmay qoldim.
Hozirgi madaniyat olamida millatning o‘z xuquqini saqlash sharafi uning qurol kuchigagina boglanmishdir. Shuning uchun to‘liq mudofaa kuchiga ega bo‘lmagan millatlar insoniy huquqlaridan butunlay ajrab, hayvonlar qatorida xo‘rlik bilan yashamoqqa majburdirlar. Ayniqsa dinsizlik olamining markazi hisoblangan bir davlatga chegaradosh bo‘lgan millat, o‘z huquqiga ega bo‘lishi uchun ham moddiy, ham ma’naviy kuch quvvatini, ya’ni zamonaviy qurol, zamonaviy ilmni qo‘lga keltirishidan boshqa chorasi yo‘qdir.
Endi bu o‘rinda shu kungi Ovrupo madaniyati ustida to‘xtalib, Vatan bolalariga bu haqda eng muhim tushunchalar berib o‘tamiz. Shuni bilishlari kerakki, madaniyat demak nimadan iborat bo‘lib, qanday bo‘lishi kerak. Mana bu so‘zning haqiqati bilan javobiga kim tushunar ekan, asl tuzuk madaniyatni ziyondosh, buzuq madaniyatdan ajrata oladi. Agar madaniyat deb ko‘rinishda obodon, haqiqatda harob, shu dinsizlar, odob- axloqsizlar madaniyatini aytadigan bo‘lsak, ulug xato qilgan bo‘lamiz. Chunki dunyodagi borliq narsalar inson turmushiga yordam yetkazish uchun yaratilmishdir. Buzuq madaniyatda esa, aksincha, insonlar ul narsalar uchun qurbon qilinadi. Madaniyat taraqqiyotining ilgari-keyin chiqara-yotgan butun yangiliklari inson hayotini yaxshilash uchun xizmat qilishi lozimdir. Xayot olamida eng ulug, oliy darajalik yaratilgan narsa shubhasiz shu insondir. Shuning uchun inson huquqlarini eng yuqori darajada saqlash haqiqiy madaniyatning ayrilmas bir tarmogidir.
Ma’lumdirki, dunyoda yashagan har bir kishining eng ayamlik, qizganib saqlaydigan besh narsasi bordir. Birinchi joni, keyingilari dini, moli, oilasi, ona Vatanidir. Mana bu besh narsani saqlash uchun onglik insonlar qanday jonbozlik qiladilar! Dunyoning har bir yerida to‘kilgan va to‘kilayotgan inson qonlari ko‘z oldimizda ko‘rinib turadi. Bu fojianing birdan bir sababi shu yuqorida aytilgan narsadan boshqa emasdir. Shunday bo‘lgach qaraymiz: madaniyat qaerda, qaysi millatda bo‘lsin, shu yuqorida aytilgan insoniyat haqlarini saqlash uchun hukumat qo‘lida adolat quroli bo‘lib turar ekan, ana shu chogdagina butun xalq haqiqiy madaniyatga erishib, tinchlik bilan rohatda turmush kechira oladilar. Buning natijasida insoniyat xususiyati bo‘lgan har kimning erk ixtiyori o‘z qo‘lida saqlanadi. Yer yuzining qaysi o‘lkasida bo‘lishni kim tilar ekan, hech qanday to‘sqinlik ko‘rmaydi. Agar madaniyat shu yuqorida aytilganicha foydalik bo‘lsa, Sharq faylasufi Forobiyning aytishicha, bunday madaniyatni «Madaniyati Islomiya» yoki «Fozila» deydilar. Mana shundagina butun madaniy taraqqiyotni yolgiz inson foydasi uchun ishlatish mumkindir.
Yo‘q esa, hozirgi ustimizdagi madaniyat kabi, buni qo‘llanuvchilar xato ketganliklaridan, yolgiz jinoyatchilarni emas, balki butun inson olamini halokat chuquriga tushurishi shubhasizdir. Chunki shu kunlardagi dinsizlar madaniyatlari ta’siri ostida insonlarning axloqi butunlay buzulganlikdan, moddiy, ma’naviy bo‘lsin har yoqlama ziyon ko‘rayotganlari ko‘z oldimizda turadi. Bular esa o‘z maslaklarini boshqalarga qabul qildirish uchun xalqning tuzalish-buzulishlari, ularning har qanday ziyon zahmatga uchrashlari bilan hisoblashmaydilar. Balki, butkul qurol kuchi ishlatib, har qanday majburi-yat ostida bo‘lsa ham xalqni o‘z yo‘llariga kirgiza olsalar, tilaklariga yetgan bo‘ladilar. Madaniyatning ilm, fazl, hunar, sanoatlarini insonlar hojatini chiqarish, ular foydasi uchun ishlatish emas, balki o‘zlarining ko‘rlarcha ushlab yopishgan buzuq yo‘llariga kirgizish quroli qiladilar. Mana bunday madaniyatga buzuqlar boshligi bir firqapalidlar ega bo‘lgach, bular qo‘lida butun xalq erk ixtiyoridan ajrab eng tubangi hayvonlar qatorida yashamoqqa majbur bo‘ladilar. Bu kabi madaniyatlar oqillar, faylasuflar oldida «Zollata, fosiqa madaniyat», ya’ni «Ko‘rlar, adashganlar madaniyati» deb ataladi.
Buning ochiq ko‘ringan nusxasi shu kunlari ustimizda hukmron bo‘lib turgan bol’sheviklar keltirgan sharmandalar madaniyatidir. Chunki 50 yildan beri mustabidlar oyogi ostida ezilayotgan 15 yolgon jumhuriyat xalqlari, ayniqsa O’zbekiston musulmonlari milliy, diniy, vataniy huquqlaridan butunlay ajradilar. Yer yaratilgandan beri ota-bobolaridan qolgan halol meroslari gulguliston, bog bo‘stonlik ona Vatanlaridan haydab chiqarilib, ko‘z oldilarida kelgindi bosqinchilarga bo‘lib berilmoqdadir. Mana bularning keltirgan iflos bosqinchilar madaniyatlaridan biz O’zbekiston musulmonlari olgan hosilotimiz hozircha shu darajaga yetdi. Yana kelajak kunlari ustimizdan qanday rejalar qurilib, nima choralar ko‘rayotganlarini zamonga tushungan Vatan ahllari yaxshi bilsalar kerak. Endi yuqoridan boshlab shu joyga kelguncha yozgan so‘zlarimiz xozircha madaniyat taraqqiyotdan insonlar uchun qanday foydalanish kerakligini ajratish uchun har qanday odamga tushunarlik bo‘lgandir, deb o‘ylaymiz.
Dahriylar davlatining boshlang‘ich davri 1918 yildan 1925 yil orasida butun O’zbekiston o‘lkalari bo‘yicha «bosmachi»lar otida chiqqan qo‘zg‘olonchilar ko‘paymish edi. Bularning eng mashhurlari esa Xo‘qanddan Ergash; Marg‘ilondan Madaminbek, Shermatbek; Andijon, O’sh, O’zgan tomonlardan Xolxo‘ja, Oxunjon, Abdurazzoq; Namangandan Omon Polvon va boshqalar edi. Bularning barilari qorong‘i xalq ichidan chiqqan qora botirlardan bo‘lib, «O’ris kofirlarni yo‘qotib, Islom ochamiz», deyishdan boshqani bilmas edilar. Yuqorida nomlari yozilmish qo‘rboshilar qo‘l ostilarida yonar o‘tdek botir yurakli jon fido o‘zbek yigitlaridan oz deganda 10 mingdan ortiq kishi borligi ma’lum edi. Afsuski, bu qahramon bolalarimizning onglarini ochib ishga solg‘udek, har ishga yaramlik siyosiy rahbar bo‘lg‘udek birorta kishimizning yo‘qligidan, tashkiliy ravishda ochiq bir maqsadni olg‘a qo‘yib ish olib borisholmaganlikdan mamlakatimizning baxtsiz eng botir o‘g‘illari har yerlarda dushman qo‘llari bilan otilib chopilib, bekorga yo‘qotildilar.
Bu kabi ilgari keyin o‘tgan butun dard hasrat, g‘am qayg‘ulik ishlarimizning borliq sabablari, islom diniga tub negizi bilan tushunmasdan, zamonaviy ilm hunarlardan quruq qolmishimizdir. Shuning uchun payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam «Nodonlik, tushunmaslik ko‘rlikdan yomonrokdir», dedilar. Qur’on hukmicha, iymon islomni bilib olgandan keyin har bir musulmonga o‘z zamonasi ilmini o‘qib tushunishi va zamonaviy hunarlarni o‘rganishi birinchi zaruratdir.

ANDIJON SAFARI

Yuqorida yozilmish ediki, Millat majlisi a’zolaridan biri akamiz Olimxonto‘ra bo‘lgan Ho‘qand (Turkiston) muxtoriyat hukumati saylanmish edi. Bu ish boshlanib 2 oy o‘tar o‘tmas, ochiq vagonlarga to‘pzambaraklar qurgan holda kelishgan bolsheviklar askarlari Ho‘qandni to‘pga tutishib, ko‘p harob qilganliklarini ham yozgan edik. Albatta bunday kunlari eng og‘ir qo‘rqinchli ishlar hukumat a’zolari ustida bo‘lishi hammaga ma’lumdir. Shuning uchun akamizdan ochiq bir xabar kelmagach, jigarchilik ekan, chidab turolmay, jonfido do‘stlarimizdan marhum tungon Ibiloxunni yo‘ldosh olib, Andijon safariga chiqdim.
U kunlari esa inqilobning boshlang‘ich davri bo‘lg‘anlikdan, safar yo‘llarimiz ham anchagina qo‘rqinchlik edi. Shunday bo‘lishiga qaramay safar toati bo‘lg‘och Tangriga tavakkal aylab yo‘lga tushdik. Pishpek, So‘quluq, Oqsuv, Qorabolta, Oshmorodan o‘tib, to‘rtinchi qo‘noqqa Merkiga yetdik. Bu, Bolosog‘un shahri kabi islomdan ilgarikeyin Turkiston tuprog‘ida yashagan madaniy o‘troq o‘g‘uz turklarining shahri ekanligi atrofdagi harobalardan ochiq bilinib turardi. Endi esa ilgari ota bobolarimiz o‘g‘uz turklari yashagan ona Vatanimiz yerlariga boshi Issiqko‘l, oyog‘i O’trordan o‘tib, Sirdaryo bo‘ylarigacha yerlik xalqdan ko‘proq ruslar ega bo‘lib o‘tiribdilar. Shu bilan Merkida bir qo‘nib, ertasi tog‘ yo‘li bilan yurmoqchi bo‘lib kun yurish tomondagi Tyan-Shan tog‘lari ichidagi Jarg‘ard dovoniga qarab jo‘nadik. Bu oshuv esa orqa Turkiston bilan Farg‘ona vodiysi oralig‘idagi Olatou tog‘lari ichida eng egiz dovonlardan hisoblanadi. Buni oshib o‘tgach, ikki tomoni baland tog‘lar bilan qurshalgan qalin to‘qaylik Sochqansoy degan tor o‘zanga tushdik.
Bu tog‘li yaylov yerlarida turk uluslaridan Sayaq, Jetigan qirg‘izlari yashar ekanlar. El yaylovdan ko‘chib qishlovga tushgan kunlariga to‘g‘ri kelganimizdan, ko‘ch oralab yurguncha xufton vaqtida soy o‘rtasiga yetdik. Bu o‘rtada yo‘lovchilar uchun belgilangan qo‘nolg‘u o‘rinlari yo‘q ekan. Kech kirib gugum (g‘ira-shira, qorong‘i) tushib qosh qoraygach yo‘ldan chekkaroqqa chiqib, atrofi ochiq bir tog‘ betida yotdik. Chunki kechqurun yo‘l kelayotqanimizda ko‘rishgan ko‘chmanchilar ko‘zlari bizga tushib, shu yaqin orada qo‘nib qolishimizni payqagan edilar. Har ikki tomoni olislashgan uzun tizma tog‘lar orasida kelayotgan yaxshi otliq qurolsiz ikki yo‘ldoshga bu tog‘ qashqirlarining ko‘zlari tushgach, qiziqib qolmasinlar deb shu kechani uyg‘oqlik bilan o‘tkazmoqchi bo‘ldik.
Tong oshiradigan otlarimizni qalmoqchasiga olishtira (almashtirib, sodda-mustahkam) bog‘lab, oyoqlariga chiydar (ot tushovi) solingan holda ko‘z oldimizga keltirib qo‘ydik. Shu kecha tun qorovullig‘ini o‘zim olmoqchi edim, biroq yo‘ldoshim Ibiloxun meni qo‘ymasdan bu xizmatni yolg‘iz o‘zi bajarmoqchi bo‘ldi. Shunday bo‘lsa ham, men unga ko‘p ishonolmay, tun yarmi o‘tgach meni o‘yg‘atib o‘zi uxlashi sharti bilan yotdim. Ot ustida o‘n soatlab uzun yo‘l yurib charchaganimdan shunday bosh qo‘yishim bilan qattiq uyquga ketibman. Bir vaqt uyg‘anib qarasam Ibiloxun dang qotib uxlab yotibdi. Otlar ikkovi ham yo‘q. «Hay, senga nima bo‘ldi?» deb qattiq qichqirishim bilan u ham uyg‘ondi. Nima qilishimizni bilolmay ikkalamiz ham bek shoshqinliqqa tushdik, chunki bu yerning har ikki tomoni ham yayov yurishga uch-to‘rt kundan kam bo‘lmagan, xatarlik yo‘l edi. Xurjun-xalashlarimizni ko‘tarishib, oziq ovqatsiz bir necha kunlab yo‘l yurishga to‘g‘ri kelar edi.
Shuning uchun Rasululloh sallallohu alayhi vasallam safar xatarlaridan saqlanish uchun uydan chiqar oldida ikki rakat safar nomozini o‘tab, «Al-hamdu» surasi so‘nggida «Oyatal kursiy» yoki ikki marta «Qul’auzu» surasini o‘qib, nomozdan so‘ngra shu duoni qilishni buyurdilar: «Allohumma inni auvzu bika min va asoissafari va kaobatil munqolabi va suvil manzari fil moli val ahli val vald». Ma’nosi: «Ey bor xudoyo, safar xatarlaridan saqla! Qaytib kelishda mol, jon yoki oila ichida ko‘ngilsiz, yomon ishlar ustiga chiqishdan asra» demakdir.
Qarasak, vaqt yarim kechadan og‘mish edi. Bizlarga ko‘zlari tushgan ko‘chmanchilar ataylab kelib o‘g‘irladilarmi, yoki ochiqqan, chanqagan otlar qandaydir bo‘shanib olgan bo‘lsalar, suv tovushiga ergashib, to‘qay ichiga tushdilarmikin, deb chidab turolmay, ko‘zga sanchisa ko‘rinmas qop qora tun ichida timirskilashib, har ikkovimiz ot qaramoqchi bo‘lib ikki yoqdagi to‘qay ichiga kirdik. Bunday joylarda bo‘ri, ayiq kabi yirtqich hayvonlarning bo‘lishi belgilikdur. Soqliq yuzasidan pichog‘imni qo‘limga olib, to‘qay ichida turtinib yakin ikki soat qidirganim so‘nggida, ot sharpasi bilinmagach qaytib chiqishga majbur bo‘ldim. Hay, shu kechaning uzunligi jonga botdi! Har ikkovimiz zoriqa oriqa telmurganimizcha o‘ltirib, arang tong otqizdik. Yo‘ldoshim Ibiloxun o‘z qilmishidan xijolatga qolib, bosh ko‘tara olmagan bo‘lsa ham, uyg‘urlar «Mullam, duoga zo‘rlang» deganday, men o‘z odatimcha duoga kirishib «Solotan tunajjiyno»ni o‘qish bilan tong ottirdim. Tong otishi bilan nomozimizni o‘qib olgach, yana izlashga kirishdik. Kun ko‘tarilgan chog‘i edi. Chuqur soy bo‘yidagi to‘qay ichida «Hay, ot buyoqda ekan!» deb yiroqdan qichqirgan yo‘ldoshimning uni eshitildi. Shu bilan bir zumda boshimizdan g‘am tog‘i ko‘tarilib, bu kabi qo‘rqinchlik yerlarda safar xatarlarining qayg‘ulik, qorong‘i tuni qoplagan tutiq ko‘nglimiz bir damda ochildi. Yaxshi, xudo o‘nglab boshqa harom qo‘l tegmagan ekan, tezdan otlarimizni keltirdik, yemo‘p yegizib qondirganimizdan so‘ngra, yana yo‘limizga tushdik.
Biroz vaqt yurganimizdan keyin Ketmontepa tomonidan qochib kelayotgan bola aqalik ruslar, manzilga yetgunimizcha uzulmay oldimizdan o‘tkani turdilar. Nima bo‘ldi ekan desak, O’sh atrofidan bosh ko‘tarib chiqqan Xolxo‘ja degan qurboshi qurollik-qurolsiz yuz chamali yigitlari bilan kelib, Ketmontepa qishlog‘ida tinch yotgan ruslarni qamab qo‘rqitgan ekan. Orada bir qo‘nib, ertasi Ketmontepaga yetdik. Bu esa orqa Turkiston bilan Farg‘ona tizma tog‘lari orasiga tushgan Ora yaylov qatorida mashhur Susamir yaylovining oyog‘i bo‘lib, obxaci rtacha, yeri keng, suvlari mo‘l, kelishgan go‘zal bir yerdir. Ekinchilik ishlari bek unumli bo‘lib, ayniqsa har turlik don o‘simliklari boshqa yerlarga ko‘ra bu yerda to‘lig‘i bilan yetishadi. Bug‘doy nonlari juda ham tamlik bo‘lg‘anlikdan, chet yoqadan keluvchi yo‘lovchilar buning oldida boshqa narsani ko‘p qo‘msamaydilar. Shuning uchun chor hukumati zamonidayoq bu joylarga qiziqish boshlanib yerlik qirg‘izlar emas, rus kelgindilari bilan keraklik bari o‘rinlar to‘ldirilmish edi.
Shunday qilib otushlik savdogarlardan birining uyiga qo‘nib, bir kun dam olganimizdan so‘ngra, bu yerdan chiqib yurganimizcha Ichinsoy degan uzun bir o‘zanga tushdik. Bosh oyog‘i ko‘rinmaydigan uzun soy ichi to‘lgan pista, bodom, yong‘oq kabi qalin mevali daraxtlarni oralab yurganimizcha, Norin daryosi bo‘yiga chiqdik. U kunlari bu daryo ikki qisiq tog‘ oralig‘ida oqayotganligidan, tikka tog‘ belidagi yolg‘iz oyoq tor yo‘ldan otliq yurish anchagina xatarlik edi. Shu kungi qo‘nolg‘idan o‘tgach orada yana bir qo‘nib, Norin suvidan Xo‘ja ko‘prigi orqalik o‘tib, Uchqo‘rg‘on qishlog‘iga kirdik. Bu esa, yo‘lovchilar shimoliy tizma tog‘lardan o‘tib, Farg‘ona vodiysiga tushgach, birinchi navbatda uchraydigan qishloqdir. Namangan, Andijon va boshqa Farg‘ona shaharlariga shu yerdan tarqaladilar.
Bizning bu safarimiz 1921 yili bo‘lganlikdan «bosmachi» nomidagi xalq qo‘zg‘olonchilarining eng ku-chab yotgan vaqti edi. Bir qishloqda bolsheviklar, ikkinchisida «bosmachi»lar turib, oralarida otish-ma-chopishmalardan chiqqan miltiq tovushlari uzulmas edi. Mingan otlarimizni ko‘rgan kishilar: «Hay, qanday bo‘lar ekan, bu o‘xshash yaxshi otlarga ko‘zlari tushgaqda, hech qachon qutilolmaysizlar. Oriq otlarin berib, bu otlaringizni tortib olmasalar», deb bizni vahimaga soldilar. Shundoq bo‘lsa ham, Andijon shahriga yetkanimizcha biriga biri tutashishgan qalin daraxtlik qishloqlar oralab ketdik. Ko‘cha boshlarida o‘ltirishgan odamlar, «Hali shu yoqqa ketgan «bosmachi» beklar sizlarga qaerda yo‘liqishdi?» deb so‘rashar edi. Alloh saqlagan bo‘lg‘aykim, hech narsa ko‘rmay, yaxshi eomonlarga yo‘liqmay, to‘g‘ri yo‘limizda ketaverdik.
Urganch qishlog‘idan chiqib, Andijonga yaqinlashgan sayin urush alomatlari ko‘rina boshladi. Shundoqki Andijon, Namangan poezdlari butunlay to‘xtalgan, temir yo‘llari buzilib, stanqiyalari kuydirilgan ekan. Shu kabi alomatlar ichida yurganimizcha omon son Andijonga yetdik. Shahar ichiga kirgach qarasak, butun ko‘chalarda chuvalib ochilib yotgan paxta toylari hisobsiz edi. So‘rasak, biz kelishdan uch o‘rt kun ilgari Madaminbek shaharga hujum qilib kirganida, har ikki tomon askarlari paxta toylarini o‘zlariga qalqon qilib otishishgan ekanlar. So‘ngra bularni shahardan chiqarish uchun qal’aga qamalgan bolshevik askarlari tomonidan otilgan to‘p ambaraklaridan shahar xalqi, xonadon uylar, bozor rastado‘konlari anchagina zararlanmishdir.
Shu vaqtlarda Rusiya mamlakati bo‘ylab boshqa joylarda ham bolsheviklarga qarshi xalq ko‘tarilmish edi. Ichki Rusiyada Kolchak, Vrangel kabi harbiy kishilar, O’rinburg kazaklaridan Duto‘v, Aninkovga o‘xshash generallar bosh ko‘tarmish edilar. Mamlakat bo‘yicha har joydagi qurollangan harbiy kuchlar uchun kerakli bo‘lgan narsalar, iqtisodiy ishlar vayrongarchilikka uchraganligidan, hojatga yetarlik emas edi. Yoqulg‘ular esa yo‘qolishga yetib, temir yo‘l parovozlariga ko‘mir yo‘qligidan o‘tin yoqishga majbur edilar. Yana u kunlari O’zbekistondagi butun ruslarning soni hozirgi sonidan yuzdan biricha ham kelmas edi. Buning ustiga uzun Dashti qipchoq cho‘llap orqali oramiz ajralganligi tufayli, vatanimiz O’zbekiston Ovrupo bosqinchilari markazidan yiroq turishi; yana 6u kunga qaraganda ozu o‘p diniy, milliy hissiyotimizning borlig‘i kabi narsalar u kunlari biz uchun kerakli bo‘lgan butun ishlarimizni qulaylashtirishga yo‘l ochmish edi.
Qisqasi, Vatanimiz O’zbekistonni bosqinchi qizil askarlar qo‘lidan qutqazib olish sharoiti shu chogda tugilmish edi. Ulardan foydalanish yo‘llarini nega topolmadilar? Buning birdan bir sababi u kunlari xalqimiz ichida siyosat olamiga tushungan, oz bo‘lsa ham zamonaviy ilm o‘qib bilgan kishilarimiz yo‘q hisobida bo‘lishidir. Buning misoli shulkim, qurilish va binokorlik asbob-uskunalari agar to‘ligi bilan topilar ekan, unga rahbarlik qiluvchi muhandislar, tajribalik usta shchilar bo‘lmasa u binoning qurilishi, albatta, mumkin emasdir. Shunga o‘xshash bir millat o‘z milliy davlatini qurib olishi uchun zamonasiga loyiq butun asbob skunalarni qo‘lga keltirgan taqdirda ham, shu narsalarni o‘z o‘rnida ishlata bilgudek, milliy hissiyotlik siyosiy arboblarga, albatta, muhtojdir.
Hozirgi o‘qimishlik, tushungan Vatan bolalarimiz, agar milliy hislik bo‘lmas ekanlar, ulardan bizga, ya’ni o‘z xalqiga foyda yetishi hech vaqt mumkin emasdir. Balki bolta sopini o‘zimizdan chiqargak yov qo‘lida tub ildizimiz bilan kesib quritishga qurol bo‘ladilar. U holda esa o‘zlaridan umid etilgan vatan o‘gillarining qo‘llari bilan vatan ahllarini ko‘mishga chuqur qaziladi demakdir. Endi milliy hissiyotlarini saqlash uchun o‘zlarida ikki narsaning bo‘lishi, albatta, shartdir. Birovi din, ikkinchisi esa har millatning o‘ziga xos ona tilidur. Bolsheviklar hokimiyati qurilgan kundan boshlaboq, diniy marosimlarimizni asosi bilan yo‘qotishga kirishganlikdan hozirgi bolalarimizning diniy hissiyotlari yo‘q hisobida qolmishdur. Buning ustiga yana o‘z ona tillaridan ham ajrar ekanlar, u chogda diniy va milliy hissiyotlari butunlay yo‘qolib, ko‘p uzoqlamayoq ruslarga yutilib ketishlari shubhasizdir. Bu esa ota-bobolarining suyaklari bilan bir qatlami ko‘tarilgan go‘zal O’zbekiston ona vatanlarini bosqinchilarga qoldirib, o‘zlari inqiroz chuquriga yuz tuban yiqilgan holda, tarix yuzidan abadiy o‘chiriladi demakdir. Bunday odamlar shu millat oldida eng katta jinoyatchi, olchoq odamlardir. O’z ota obolarini unutib, boshqalarga qo‘shilgan bunday kishilar haqida pashambarimiz Muhammad alayhissalom norozilik bildirib la’nat o‘qidilar.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Shunday qilib, shahar ichiga kirgach ruhi o‘chgan kishilarni, ko‘ngilsiz kuyalarni oralagancha Xo‘tan ariq bo‘yida ota mahallamizdagi pochchamiz Abdullahoji uyiga tushdik. U kecha orom olib, ertasiga Olimxonto‘ra akamiz bilan ko‘rishgandan keyin, bu yerda haftao‘n kunlab turishga to‘g‘ri keldi. Shu muddat ichida ko‘pgina kishilar bilan so‘zlashgan bo‘lsam ham, u kunlarda dushmanlar tomonidan qo‘llanilayotgan siyosat sehriga tuvalik (asosi bilan, tag-tugi bilan, chuqur) tushungan birorta kishini uchratolmadim. Shundoqqi, Maskov sehrchilari «bosmachi» nomida chiqqan qo‘zg‘olonchilarni hech kimga tuydirmay (bildirmay, sezdirmay) o‘zlarining eng yaqin qurollik askarlari qatoriga qo‘yib, ulardan foydalanmoqda edilar. Chunki, inson nasli yer ustiga taqalgandan beri hech davrda ko‘rilmagan buzuq, jirkanchli tuzumini bolsheviklar hech kimga qabul qildirolmagach, insonning hayotiy yemak-ichmak oziq-oqatlariga osilib, biror kishi uyida don urug‘idan ortiqcha hech narsa qoldirmay yig‘ib olishdi. Shu orqalik xalqni och o‘ldirish qo‘rqinchi bilan o‘zlariga bo‘ysundirmoqchi bo‘ldilar. Lekin bu zulmlarini shahar ichlarida qamov dov kabi har turlik vahshiyliklar orqali tezda bajara olgan bo‘lsalar ham, shahar atrofi qishloqlarda sharoiti to‘g‘ri kelmagach, bu siyosatni yurgiza olmadilar. Chunki, bu kabi boshi tuyuq (berk), qorong‘u ko‘chaga xalqni kirgizish faqat iqtisodiy, siyosiy majburlik orqaligina bo‘lishi mumkindir. Shuning uchun bolsheviklar atrofdagi o‘zlariga qarshi bosh ko‘tarishgan nodon dushmanlarga ostirtdan (yashirincha, pinhona) qurol yetkazib turish siyosatini qo‘lladilar.
O’lka bo‘yicha o‘n mingdan oshiq taxminlangan qo‘zg‘olonchilar askarlarini bir maqsad, bir nuqtaga kelti-rib, bir tug‘ ostiga to‘plagudek yerliklar ichidan ishga yaramlik birorta odam chiqmaganliqdan, bu qora botirlar nima qilishlarini bilmagach, o‘zlarini ta’minlash uchun xalq boyligini talashga kirishdilar. Natijada butun xalq borliq boyliklaridan ajrab, qanot-quy-rug‘i yulingan qarg‘adek och-yalang‘och, bir tishlam nonga zor bo‘lgan holda «gah» desa qo‘lga qo‘ng‘udek bo‘ldi. Zamonga tushunmagan u qora botirlarga xalqning naf-rati oshdi va ular bosmachi degan nomni oldi.
Bularning ichida bir oz bo‘lsa ham zamonasiga tushungan, xalq oldida hurmati bor, ishonchligi ortgan Madaminbekni o‘rtadan ko‘tarish zarur bo‘ldi. Qandaydirki, 6u masalani qurol kuchi bilan emas, balki makr-hiyla orqalik hal qilishga kirishganlikdan tubandagi moddalarni qabul qilgan bo‘lib, u bilan 6itim tuzmish edilar:
1. Farg‘ona muxtoriyatini tasdiqlash.
2. Sharoitga qarab o‘n mingdan qirq minggacha Madaminbek qo‘l ostida milliy askar saqlash va bularning qurol-yaroqlarini markaziy hukumat tomonidan ta’minlash.
3. O’quv-o‘qituv ishlari yerlik hukumat ixtiyorida bo‘lib, o‘z ona tillarida yurgazish.
4. Musulmonlarning diniy va o‘zaro da’vo ichki ishlari butunlay o‘z qo‘llarida bo‘lish va shariat buyrug‘icha amalga oshirish.
Mana shular kabi eshitishga ancha foydalik ko‘ringan ishlar bilan kelishim tuzilgan so‘nggida (1920 yillar) Madaminbek Toshkentga chaqiriladi. Uning kelish hurmati uchun, chet davlatdan kelayotgan hukmdorlarga qilgandek, ko‘chalar bezatilgan holda tantana bilan qarshi olinib, katta marosim o‘tkazilmish edi. Buni ko‘rgan musulmonlarning ruhlari ko‘tarilib, tarixiy an’analari qo‘zg‘olganlikdan milliy ozodlik umidi bilan milliy hukumatlarini eskarmish (eslamish, yodiga tushirmish) edilar. Bundan foydalangan Vatan bosqinchilari o‘zlarining oldindan o‘ylab qo‘ygan makr-hiylalik rejalarini tezlik bilan amalga oshirish siyosatiga kirishdi. Yo‘q esa har ikki tomon rizoligicha to‘xtam qilingan bitim moddalarini xalqaro qonun bo‘yicha amalga oshirishlari lozim edi.
Bunga qaramay bekka iltimos qilgan bo‘lib, Farg‘onada qolgan Ko‘rshermat, Xolxo‘ja kabi qo‘zg‘olonchilarni ham Toshkentga keltirishni unga taklif qildilar. Bu ham «Ular mening so‘zimdan chiqmaydi» deb, ishonganlikdan ehtiyot yo‘lini o‘ylamay to‘g‘ri bular oldiga kelmishdir. Holbuki, makkorlar allaqachon o‘z qo‘llari bilan chuqurlar tayyorlab qo‘ymish edilar. Shundoqki, «Mana, sizlar ishongan Madaminbeginglar kofirga sotilib, o‘z foydasi uchun sizlarni tutib bermoqchi bo‘ldi. Bu ishni bajarish vazifasi unga topshirilmishdir. Yaqin orada kelib qolsa, shunga qarab chora ko‘rish kerak», degan yolg‘on fitna so‘zlarni tarqatib, u ongsiz qora botirlarni ishontirib turgani ustiga, Madaminbek ham kelmishdir. Haqiqatan ham ko‘krak kerib ot chopishdan boshqa hech ishni bilmagan, maslaksiz qora botirlar ko‘zlari unga tushishi bilanoq gapirtirmasdan «Hoy, sen bizlarni kofir bolsheviklar qo‘liga bermoqchimisan?» — deb uni o‘ldiradilar.
Bu ulug‘ jinoyatni bajarishgan so‘nggida ozu ko‘p kutilgan umidlar uzilib, ko‘z tutilgan ishlar butunlay o‘zgardi. Bosqinchilarga haybat ko‘rsatgan Madaminbekning qo‘zg‘olonchilar qo‘lida o‘lishi, musulmonlar uchun har holda foydalik ko‘ringan yuqorigi bitimning buzilib ketishi kelajakda kutilgan yerlik xalqlar manfaatiga qattiq zarba bermish edi. Bu fojialik voqeadan Vatan bosqinchilari o‘zlari tilagandek ikki taraflama foydalanib xiyonat maqsadlariga erishdilar.
Mana shundan keyin o‘lka bo‘ylab tarqalgan qo‘zg‘olonchilarning qo‘ri tugab, jamiyatlari buzildi; ruhlari tushib, to‘plari tarqashga boshladi. Yolg‘iz bolsheviklar emas, balki o‘z xalqlari oldida ham o‘g‘ri — bosmachi nomini ko‘tardilar. U ishda rejalari to‘g‘ri chiqqach, bundan bu bosqinchilar necha yoqlama foydalanishga kirishgani turdilar. Xalqni talash-bulashda, o‘ldirish-kuydirishda bosmachi nomida chiqqanlar ularning oldingi safdagi qurollik askarlari xizmatini bajardilar. Ko‘zlagan maqsadlari qo‘l kelib, rejalari to‘lgunchalik mahalliy xalq ustida o‘tkazish lozim bo‘lgan har turlik vahshiyliklarni nodon bosmachilar qo‘li bilan bajarish siyosatini tutdilar. Ularning qurollari esa bular tomondan ta’minlanib turmoqda edi. Ish ortini o‘ylamagan, do‘st- dushmanning kimligini bilmagan bir to‘da yasama vahshiylar orqalik o‘ylagan rejalari to‘lib, ko‘zlagan ishlari bajarilib bo‘lguncha butun ko‘pchilik xalq jonlaridan to‘yib, qanot- quyrug‘i yulingan, tumshug‘i bilan yer tirnagan qush kabi nima desa bo‘yinsunishga tayyor bo‘lgan edi.
Makkor, hiylagar Maskov sehrchilarining tubgi (asl) tutgan siyosatlari esa butun yerlik xalqlarni, yuqorida aytilgandek, o‘z qo‘llari bilan bo‘g‘izlash, iqtisodiy bo‘lgunlikka (inqiroz) tayyorlash edi. Telba, majnunlar qo‘llariga qurol ushlatib, shu orqali ishlari baja-rilib, rejalari to‘lgan so‘nggidagina iblis Kalinin (KPSS va sovet davlati arboblaridan, bolalarga qarshi dunyoda birinchi chiqarilgan vahshiyona «Uch boshoq qonuni»ning bosh muallifi sifatida ham «mashhur») 1925 yili Maskovdan keldi. Buning kelishini, har yoqlama iskanja azobi ostiga olinib, eng oxirgi da-mini arang olayotgan bechora musulmonlar o‘zlari uchun najot bayrami hisoblab, tantana bilan uni qarshi oldilar. Haqiqatda esa, bu jallodlarning maqsadi bo‘ri og‘zidan qutqarib olib, o‘zlariga qurbon qilish edi. Harholda bosmachilik plani to‘lib, bu hakdagi siyosat o‘zgarganlikdan Kalinin va uning hay’atlari kelishi bilan har joyda qurilgan zulm-sudlari ishga kirishib, butun bosmachilarni o‘limga buyurdilar. Shu bahona bilan o‘zlariga to‘g‘ri kelmagan ko‘p yerlik, o‘z Vatani uchun qayg‘urgan kishilar otilib-chopilib, qolganlari surgun qilindi. «Dushman qo‘li bilan ilon boshini yanch» degan maqolimiz o‘z ustimizda ishlatilib, o‘z qo‘limiz bilan o‘zimizni bo‘g‘izlatdilar. Shunday bo‘lib, 6 — 7 yil davom etgan qo‘zg‘olonchilar hara-kati ongli ravishda ilmiy-siyosiy asosga qurilmaganlikdan oxiri achinarlik holga aylanib, butun ishlari natijasiz bo‘lib chiqdi. Yo‘q esa, qancha xalqimiz qonlari o‘rinsiz to‘kilgani ustiga ne qahramon yigitlarimiz, Vatan o‘g‘lonlari bu yo‘lda qurbon bo‘lmas edilar.
Eshitishimcha, Kalinin 1922-1925 yillari bu O’zbekiston-Turkiston o‘lkasida o‘zlari tilaganday bajarilgan butun ishlarni yakunlab Maskovga qaytib borgach, uni yigirma mingdan ortiq odam qarshi olib, kutib chiqmishdir. Shu chog‘da ularga qaratib Kalininning birinchi aytgan so‘zi: «O’rtoqlar! Bog‘-bo‘stonga o‘ralgan, noz-ne’matga to‘lgan O’zbekistondan partiyamiz sizlar uchun, butun rus xalqi uchun oliy joylar tayyorladi. Birinchi sizlarni shu bilan tabriklayman», — demishdir. Hozirgi tarixdan qirq necha yillar ilgari aytilgan uning bu sovuq so‘zi aytilgancha qolmay, balki kun sayin amalga oshayotganlikdan, u kunlarda 10% ga yetmagan ruslarning soni shu kunlarda tezdan oshib borayotgani ko‘z oldimizda turibdi.
Endi boshdan-oyoq bu kabi fojialik tarixiy so‘zlarni yozishimdan ko‘zlagan mening tubgi maqsa-dim esa quruq dostonchilik emas, balki butun insoniy huquqlaridan mahrum etilgan, o‘z Vatanida tu-rib garib bo‘lgan Turkiston xalqini, ayniqsa, hozir-gi va kelajakdagi Vatan yoshlarini ogohlantirib, o‘lim uyqusidan uygotishdir. Ko‘nglimdagi munglik qaygularimni qalam tumshugidan to‘kib yozgan bu ki-tobimni o‘quvchi va ham eshituvchi vatanparvar, mil-latsevar qahramon bolalarimizga mening topshiri-gim shulki, tilim uchidan emas, dardlik dilim ichidan chiqarib yozgan yolqinlik so‘zlarimni faqat uqib- gina o‘tmasdan har bir otz so‘zini tekshirib1, uning ustida fikr yuritsinlar. Insoniyat taraqqiyoti emas, madaniyat taraqqiyoti bo‘lmish XX asrimizda-gi insonlar milliy, vataniy, diniy huquqlarini saqlash uchun qaysi narsalarni qo‘lga keltirishi za-rur ekanligini yaxshi tushunib, uning chorasiga ki-rishsinlar.
Xaqiqatda esa, erklik Vatan hokimiyati o‘z qo‘limizda bo‘lmagach, boshqalar foydasiga butun huquqla-rimiz oyoq ostiga tushib depsalmoqda. Lekin huquqlar himoyasining eng kuchlik quroli hisoblangan ilm-hunar, maorif eshiklari hozirgi kunda inson olami yuziga butunlay ochiqdur. Shu sababdan tushungan Vatan o‘glon-qizlarimiz zamonaviy har ilm- hunarni asosi bilan yaxshi tushunib, imkoniyat boricha bilib o‘zlashtirishga boshqalardan ortiqroq kirishmoqlari lozimdur. Chunki, «Ish — bilganniki, qilich — urganniki» degan hikmatli otalar so‘zini amalga oshirar ekanlar, albatta, Vatan ahllari, ayniqsa, zamonaviy o‘qishib yetishgan o‘gil-qizlarimiz o‘z ishlarini bajarib, munosib o‘rinlariga ega bo‘la ola- dilar.
Agar qo‘lida sharoit bo‘la turib, bir qonuniy mamlakatda o‘z qonuniy haqqiga ega bo‘lolmaganlar kishilik sharafidan ajragan, insoniyat haqqini tanimagan, odam suratlik hayvonlardir. Chunki sharo-iti topilsa ham, o‘z haqqiga yetolmaslik esa ojizlik ustiga ishga yaramaslik demakdir. Bunday odamlarni o‘tgan donishmandlar misol keltirib, ogzida-gi nonini itga oldirgan, qo‘l-oyogi sog, qurollik ki-shiga o‘xshatadilar.
Mana shuning uchun payg‘ambarimiz Muhammad alay-hissalom ummatlarini tubandagi uch narsadan bek saqlanishga buyurmishdir:
1. Ojizlik,
2. Qo‘rqoqlik,
3. Dangasalik-ho‘rinlik.
Sharoiti bo‘la turib, o‘z haqqiga ega bo‘la olmagan kishini arabchada «ojiz» deyiladi. Kishi nima narsadan qo‘rqsa, shu narsa qo‘rquvchi boshiga balo bo‘lib, aning oldida maglubiyatga uchray-di. Ko‘rqoqlar ko‘p yaxshiliklardan quruq qoladilar.
Dangasalik-ho‘rinlik — bu esa ishchanlikka qarshi bo‘lib, hayot olamida insonlar uchun eng ziyonlik yomon sifatlardandir. Shuning uchun payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam: «Tani sog bekorchi, dangasa odamlardan Xudo bezor», — dedilar. Yana payg‘ambarimiz aytishlaricha, har bir aqli bor odamlar o‘z holatlarini tekshirib turishlari, o‘z zamonasiga to‘liq, yaxshi tushunishlari, albatta, lozimdir.
Biz, O’zbekiston xalqi, haqiqatda shu vatan ahllarimiz. Inson nasli yaratilib, yer ustiga qadam qo‘ygan kundan boshlab, bizning ota-bobolarimiz shu O’zbekiston o‘lkasida yashab kelgan ekanlar, shu kunlargacha tiriklarimizni bo‘ynida ko‘tarib, o‘liklarimizni qo‘ynida saqlamishdir. Bu O’zbekiston Vatanimizning bir qatlami biz o‘zbek xalqi ota- bobolarimizning suyaklari bilan ko‘tarilmishdir. Demak, bo‘ynida ko‘targan, qo‘ynida saqlab oq sut berib tarbiyat qilgan bu O’zbekiston — Turkiston bizning o‘z ona vatanimizdir.

Endi yuqoridagi so‘zga ko‘ra biz o‘zbeklar shu kun-gi holimizni yuzaki emas, chuqurroq tekshirib ko‘raylik. Qaysi holda turamiz, qanday xorlik ostida yashaymiz, hayotimiz ustidan kimlar hukm yurgizib, taqdirimiz kimlar qo‘liga topshirilmishdir? Jannat kabi bog‘i-bo‘ston, noz-ne’matlik Vatanimizga kimlar ega bo‘lib, ul joylarda kimlar o‘ltiradi? Vatanimiz, boz ustiga mol-dunyomiz, axloq-odoblarimizdan bizni kim ajratdi? Butun hayot, hosi-lot, erk-ixtiyorimizni majburiy ravishda qo‘limizdan kimlar tortib oldi?
O’zbekiston, ayniqsa Qirgiziston, Qozogiston o‘lkalarida o‘z ahllaridan necha barobar bosqinchilar ko‘payib, butun yerlarimiz ruslashtirildi. Boshqalarga ko‘z bo‘yov uchun qogoz ustida «O’zbekiston», «Faloniston» degan nomlar berib, ish ustida Maskov tomonidan tayinlangan bir qancha Vatan xoinlari, amalparast, vijdonsiz, maslaksiz odamlarni yerlik xalqlar nomidan qo‘ygan bo‘lib, iqtisodiy, siyosiy, harbiy ishlarni o‘z qo‘llarida tutmoqdalar. Xalqimiz o‘z mehnatlari bilan topgan iqtisodiy boyliklarni va Vatanimizdagi tabiiy boyliklarni uyatsizliklarcha talamoqda.
Xrzir yigirmanchi asrning ikkinchi yarmida butun dunyo bo‘yicha mustamlakachilik davri yo‘qolish oldida turishiga qaramay, biz Turkiston xalqi sovet bos-qinchilarining ajoyib bir mustamlakachilik davrida turibmiz, hatto xalqimiz ruslashtirilib, yo‘qolib ketish xavfi bor. Bizlar butun huquqlarimizdan ajragan holda, bog-bo‘ston, noz-ne’matlik Va- tanimiz, ota merosi halol mollarimiz ko‘z oldimiz-da, baqraytib turib, bosqinchi dushmanlarimizga bo‘lib berilmoqdadir. Unumlik Vatanlaridan necha million tonnalab «oq oltin» — paxta chiqarib berayotgan baxtsiz dehqonlarimizning xo‘jaliklari bo‘lgunlikka tushib, shu kunlari qanday ogirchiliklar bilan kun kechiradilar.
O’z eli, o‘z yerida garib bo‘lgan bu bechoralarga gamxo‘rlik qiluvchilar, bularni qaygurib eskaruvchilar bormi? Bu uyatsizlar «Itingni och saqla, or tingdan ergashsin», degan maqolni tilga keltirma-salar ham amalga oshirdilar. Haqiqatda Vatan qadrini bilmagan hozirgi (1960 yillardagi) O’zbekiston hukumati boshliglari kabi bir necha mansabparast, ochko‘z ki-shilarni orqaga ergashtirib, shular orqali o‘z maqsadlarini bajarmoqdalar. Zilzila bahonasi bilan (1966 yil 26 aprel Toshkent zilzilasi) bizga yordam yetkazmoqchi bo‘lib sel kabi qoplab kelayotgan bosqinchilar kimlar hisobiga yayrashib, kimlarning Vataniga ega bo‘ldilar? Yerlik xalqlarni shahardan chetga haydab, bularning joylariga necha qavatlagan imoratlar solinib, bu imoratlarga butunlay ruszabonlarni ko‘chirib keldilar. Uyidan ajragan bechora yerlik xalq yosh bolalari bilan ko‘chalarda diydirab yurib, arangina bir oshyona solish imkoniga ega bo‘ldilar.
Mana bu fojialarga umumiy Vatan ahllari — o‘zbek xalqimiz, ayniqsa yangi hayot egalari, zamonaviy o‘qimishlik Vatan bolalarimiz, siyosatshunos vatanparvar, zamonaviy buyuk olimlarimiz ahamiyat berib qattiq qaygurishlari, albatta, lozimdir. Chunki bir millatning Vataniga tushgan ofatlar esa u millatning jasadlariga yopishgan vabo mikroblari kabidir. Agar unga qarshi chora ko‘rilmas ekan, ko‘p uzoqlamayoq hayot olamidan oti o‘chirilib, u millat tub tomiri bilan yulinib tashlanadi. Hozirda esa bizga qarshi qo‘yilgan bosqinchilar kuchi boshlangich davrga qaraganda yuz barobar oshganlikdan, biz Vatan ahllari ular oldida tog ostida qolgan chigirtkachalik ham kuchga ega emasdurmiz.
Lekin bunga qarshi toglarni agdargudek kuchga ega bo‘lgan ularning dushmanlari esa payt poylab qarshilarida qarab turibdilar. Endi bizga bularning temir changallaridan qutulish uchun zamonaviy ilm-hunarlarni qo‘lga keltirib, vaqt kutib tayyorgarlik ko‘rishdan boshqa chora mumkin emasdir.

B a y t:
 Sabr qil, boglar zamon dushman qo‘lin orqasiga,
Vaqtin o‘tkazma o‘shanda, dushmanni ur boshiga.

Chunki bir davlatning qurilishi uchun misoli bir zavod binosining qurilishi kabi shunga yetarlik har xil asbob-uskunalar tayyorlash, albatta, lozimdir. Unga keraklik yaroq jabduqlar, quruvchi usta-ishchilar, boshqaruvchi o‘tkir ko‘zlik muhandislar hozirlangan so‘nggida vaqti yetib sharoiti kelar ekan, davlat binosi shaksiz quriladi demakdir. Endi bu maqsadni qo‘lga keltirishga zamonaviy ilm-hunarni to‘liq ravishda o‘zlashtirib, tarixiy an’analarimizdan ajramasdan diniy ruhimiz, milliy hissimizni qo‘ldan bermasligimiz eng birinchi shartdir.
Yana o‘z so‘zimizga qaytaylik. Akamiz boshliq qarindosh-urug‘lar bilan ko‘rishib, zamona ahvoli bilan tanishganimizdan so‘ngra, o‘z joyimiz Bolosog‘un-To‘qmoq shahriga qaytmoqchi bo‘ldik. Kelgan yo‘limiz tog‘ safarining xatarlaridan saqlanib, poezd bilan Toshkent orqali ketmoqchi bo‘lsak ham, u kunlardagi tartibsizliklar sababli bir hafta, o‘n kunlab poezd bileti ololmay yurgan kishilarni ko‘rgach, yana tog‘ yo‘li bilan qaytishga to‘xtaldik. Qaytish kunlarimizda bosmachilar joylashgan qishloqlarni oralab o‘tishga to‘g‘ri kelganlikdan otlarimizdan ajralib qolish qo‘rquvi bo‘lsa ham, xatarli joylardan salomat o‘tib, tog‘ ichiga kirdik. Ketman dovonidan o‘tib, yo‘l o‘rtalanib qolgach, qarasak, bosmachilar sababli o‘tkinchilarni tekshirish uchun yo‘l bo‘yiga soqchi askarlar qo‘yilmish ekan. Ularga uchrashishlik ham, uchrashmaslik ham xa-tardan xoli bo‘lmaganlikdan, dushman yuzini ko‘rmaslikni ortiqroq ko‘rib, yo‘l chalg‘itib qutulib ketdik. Ular bizni qanday qilib ko‘zlaridan yo‘qotib qo‘yganliklarini o‘zlari ham bilmay qoldilar. Ular ko‘zidan uzab olgach, o‘y-qirlik dalalari ko‘p tog‘ orasidan tizgin tortmay chopganimizcha, keng bir tekis yaylovga chikdik.
Tun qorong‘usi emas, to‘liq oydin kechasi bo‘lganlikdan, yirokdan bizga qarshi kelayotgan bir to‘p otliq kishilarning qorasi ko‘rindi. Oldimda ot tosqog‘i (elishi) bilan ketayotgan yo‘ldoshim Ibiloxun qanday qilamiz deganday qilchayib (bezovtalanib) menga qaray bergach: «Shu yurishingni buzma, yo‘ldan chiqmay, shu chopg‘aningcha yuraber», dedim. Oramiz bir-ikki chaqirimcha qolgan edikim, biz tortinmay to‘g‘ri kelayotganimizdan cho‘chishgan bo‘lishlari kerak, to‘g‘ri yo‘ldan tog‘ tomonga burilishib, ko‘zimizdan g‘oyib bo‘ldilar. Bularning bizdan qochqaniga qaraganda, ular Qirg‘izistondan O’zbe-kistonga yoshirincha qatnovchi savdogarlar deb o‘yladik. Shu bilan orada bir qo‘nib, Qalmoqoshuv orqali Merki shahriga tushib, undan uch qo‘nib To‘qmoqqa yetdik. Bu safarimizning borish-kelishi yaqin bir oy chamali bo‘lmish edi.

QORAKO’L SHAHRI

Shu bilan To‘qmoqqa kelib ming turli tashvishlar orqali biror yil o‘tkarib edim, shu orada o‘ntacha shogirdlarini ergashtirgan holda mashhur Lo‘liqori laqablik Ro‘ziqori domla biznikiga mehmon bo‘lib Andijondan kelib qoldi. Bu kishi biz bilan Buxoroda bir pir, bir ustoz bo‘lg‘onlikdan, eng hurmatlik sanalgan aziz mehmonimiz edi. Imkoniyat boricha besh-o‘n kunlab mehmonnavozlik xizmatimizni bajo keltirdik. Qarasam, bu yerning ob-havosi mijozlariga to‘g‘ri kelib qoldi. Asli maqsadlari esa Qorako‘l (Hozirgi Qirg‘iziston shahri) orqali Yorkentga, u yerdan G’uljaga o‘tmoqchi ekanlar. Yo‘lboshchilari u tomondan xabar kelturguncha shu yerda turmoqchi bo‘ldilar. Darhol o‘z istaklaricha, To‘qmoqdan o‘n ikki chaqirimlik tog‘ ichidagi Bektoshota mozo-riga chiqarib qo‘ydim.
Bektoshota — hozirgi tarixdan 900 yil ilgari o‘tgan Turkiston hoqonlaridan Jambuldagi Avliyoota laqablik Qoraxon podshoh bilan zamondoshdir. Bek-toshota u kishining laqablari bo‘lib, nomlari esa Abdulaziz bobodir. Mehmonlarimiz bu mozorga chiqa- rilgach, ixloslik musulmonlar bular uchun har to‘g‘rida yordamlarini ayamadilar. Orada
30 — 40 kun o‘tgandan keyin bularni G’ulja tomonga kuzatib qo‘ydik.
Shu kunlar dahriylar davlatining boshlang‘ich davri bo‘lganliqdan GPU jallodlarining dahshatli hara-katlari avj olmish edi. Bular ketib 5 — 10 kun o‘tar-o‘tmas meni Pishpekka chaqirib so‘roqka olg‘andin so‘ngra qamoqqa buyurdilar. Ketganlar ustidan necha qayta so‘roq o‘tkazib ilintira olmagach, uch oy chamaliq qamoqda yotib, yana bo‘shanib chiqdim. Bu esa to‘rtinchi yo‘l qamalishim edi.
Shu sababli safar taraddudini ko‘rib, To‘qmoqdan 250 chaqirim chamali sharq tomondagi Qorako‘l shahriga bormoqchi bo‘lib, yo‘lga chiqdim. To‘qmoqda turgan otushlik Abdurahmon tuyachi safar yo‘ldoshim bo‘ldi. Uydan chiqqach, orada bir qo‘nib Issiqko‘lga yetdik. U kunlari eng ko‘ngilli, manzarali bo‘lgan ko‘lni bo‘ylab yurganimizcha To‘qmoqdan chiqib beshinchi qo‘nalg‘uda sha-harda bo‘ldik. Qorako‘l shahrining qurilgan o‘rni — go‘zal manzarali, ko‘rkli bo‘lib bir yog‘i ko‘m-ko‘k shi-shadek ko‘karib turgan ko‘l qo‘ltig‘iga, ikkinchi tomoni, to‘g‘ri ko‘chalar bo‘lib, cho‘zilg‘anicha yam-yashil qara-g‘ayli toqqa borib tutashgan edi. Biz borgan kunlari may oyiga to‘g‘ri kelganlikdan havo ochig‘ida ko‘l ko‘kday ko‘rinib, dala, tog‘-toshlari yam-yashil bo‘lib ko‘zga tash-lanur edi. Shaharga kirgach, marhum otamiz qadrdonlaridan otushlik Ro‘zioxun hojim uyiga tushdik.
Qorako‘l shahri necha tomondan tarixiy ahamiyatga ega bo‘lgan bir yer ustiga qurilmishdir. Birinchidan, bu joylarni butun tarixiy kitoblarda Turkiston beshigi, turk otasi O’g‘uzxon poytaxti deb ataydilar. Ikkinchidan, islomdan ilgari madaniyatli o‘g‘uz turklari bo‘lgan Ediqut elining tupki vatanlari bo‘lib, Bolosog‘un esa turk hoqonlarining poytaxti edi. Uchinchidan, Movarounnahr (Turon) mamlakatlarida mo‘g‘ullar hokimiyati Temur sulton tomonidan zarbaga uch-ragach, To‘g‘luq Temirxon o‘g‘li Ilyosxo‘ja qo‘shinini taqamish qilib yuz ming askar bilan kelayotgan Amir Temur Issiqko‘l bo‘ylab Qorako‘l, Qorqora, Tekas, Ko‘ksuv, O’g‘uz orqali o‘tib, cho‘ng Yulduzga tushmish edi.
U yerdagi mo‘g‘ul qoldiqlari ham yengilgach, Ilyosxo‘ja o‘g‘li O’g‘lonxon o‘z askari bilan Oltoy orqali Qoraqurum Mong‘uliyaga qochmishdir. Bular ortidan Mirzo Ulug‘bek bobosi Temur sulton buyrug‘i bilan o‘n ming otliq askar olib quvgan bo‘lsa ham, qochqinlarga yetolmay, Ertish suvidan quvib o‘tkazib ortga qaytmish edi. So‘ngra Ulug‘bekga yetarlik askar qo‘shib Muzdovon orqali Oltishaharga o‘tish, u yerlardagi mo‘g‘ullar hokimiyatini bitirgach, Koshg‘ar orqali An-dijonga borishni buyurdi. O’zi bo‘lsa bor lashkari bilan g‘olibiyat zafar bayrog‘ini ko‘targanicha Yulduzdan qaytib Toyoshuv, Dog‘ut, Kunas orqali To‘g‘luq Temirxon poytaxti Olmalig‘ga, hozirgi Qo‘rg‘osga kir-di. Bu yerdagi xon xazinalaridan qoldiqlarini sipi-rib olgandan so‘ngra, hoqon oilasiga ega bo‘lib, xon qizini o‘ziga nikohga olgach, mo‘g‘ullar uni ko‘ragon (kuyov) deb atadilar. O’z rasmlaricha ulug‘lab, xon qizi tarog‘ini yuz mo‘g‘ul, sirg‘asini yana yuz mo‘g‘ul oltin qutilarga solishib boshlarida ko‘tarishganlaricha Sa-marqandga keltirdilar. Shular urug‘idan Taramochi, Sirg‘ali nomida ikki qabila o‘zbeklashib, Samarqand, Shahrisabz atrofida hozirgi kunga dovur yashab kel-moqdalar. Temur sulton shu safarida mo‘g‘ullarga eng so‘nggi qahshatqich zarba berib, Turon-Turkiston elidan ularning hokimiyatini tub-tomiri bilan yulib tashlamishdir. Chingiziylar davlatining so‘nggi hoqoni To‘g‘luq Temirxonning Samarqandga keltirilgan xazi-nasi ichida yashil toshdan yasalgan birovi ko‘k, ikkinchisi — oq tusli kattaroq taxt toshlari ham bor edi. Samarqandda «Xitoydan kelgan ko‘ktosh» degan xalq og‘zidagi so‘z asli shundan chiqqan bo‘lishi kerak. Ko‘rganlardan eshitishimizcha, bu toshlarning to‘rt puch-mog‘ida kosa og‘zidek to‘rt o‘yig‘i bor ekan.
Turkiston xalqi o‘zlariga bir kishini xon ko‘tar-moqchi bo‘lsalar, rasm odatlaricha shu o‘yiqlarga tilla to‘ldirib qo‘yar ekanlar. So‘ngra, yuz kishi sig‘ib o‘ltur-g‘udek, katta bir oq kiygiz ustiga xon bo‘lmish kishini o‘ltirg‘izib, to‘qson ikki bovli (unvonli) o‘zbek-turk urug‘idan kelgan to‘qson ikki ulus beklari ko‘ta-rishib, taxt toshi ustiga qo‘yar ekanlar. Palonchini xon ko‘tardik degan so‘z asli shundan chiqmishdir. Bu esa butun xalq uning xonligiga rozilik bildirib, unga bergan bayatlari o‘rnida qo‘llanib kelingan turk tuzuklarining birisidir. Shunda taxt toshi puchmog‘laridagi uymalangan tillani atrofdan kelgan ulus vakillari — beklar bo‘lishib olur ekanlar. Mana, madaniyat vahshiylari Vatanimizga qadam qo‘ymasdan ilgari, Turon ahlining xon saylash usullari shu asosga qurilmish edi. Bunga ko‘ra butun xalq roziligini olish bu ishda shart qilinganligi bilinadi. Haqiqiy saylov shunday, xalq roziligi bilan bo‘lishi kerakdir. Yo‘q esa o‘zlarini xalq hukumati atagan madaniyat vahshiylari ko‘zbo‘yov, yolg‘on saylovlarini ellik yillardan beri kino ko‘rsatgandek qilib o‘tkazmokdalar, lekin qog‘ozni bir teshikdan olib ikkinchisiga tash-lashdan boshqani hech kim bilmaydi va ham bilish haqiga ega emasdir.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Shunday qilib, Qo-rako‘l shahrida bir oy chamali turdim, bu yerdagi mu-sulmonlarning ko‘pchiligi uyg‘urlar bo‘lib, qolg‘anlari — o‘zbek, no‘g‘oy, tungon va sart qalmoq (mo‘g‘ul musulmonlari) edilar. Borgan kunimdan boshlab, kecha- kundiz demay xalq bosa boshladi. U kunlari musul-monlar mening oldimga kirishib diniy masalalar, axloqiy va’z-nasihat anglashga ortiq qiziqar edilar. Birinchi jum’a No‘g‘oy katta masjidida, ikkinchi jum’a tungon jome’sida oyat, hadislardan ma’nilar bayon qilib, iymon-islom asoslarini tushuntir-dim. Dardlik ko‘nglimdan chiqqan ruhoniy va’zlar so‘zlaganimda, masjid to‘la necha minglagan musulmonlardan chiqqan yig‘i zori tovushlari bilan jome’ bi-nolari larzaga kelmish edi. Bu kabi ruhiy tomondan lazzatlanib, botiniy sezgularining qo‘zg‘olish xususi-yatlari ko‘pincha diniy va’z majlislaridagina ko‘ri- nadi.
«Odam o‘g‘lining yaxshilari farishtalardan ham or-tikdir», — deb payg‘ambarimiz Muhammad alayhissa-lom boshliq o‘tgan barcha yalovchi-payg‘ambarlar bu so‘zning chinligiga to‘nuqlik (guvohlik) beradilar. Ularning yovuz-yomonlari esa, yirtqichlarni yo‘lda qoldirib, shay-tonlarga dars beradi. Hozirgi bizning davrimizda (1967 yil) G’arbiy, Sharqiy Turkiston bosqinchila-rining qilayotgan cheksiz zulmlari esa, buning jonlik guvohidir. Inson yaratilgandan beri ikki Tur-kiston musulmonlari uchun bu kabi ziyoni tuganmas, zarbasi uzulmas uzun ofat — qizil balo hech vaqt, hech qachon ko‘rilmagandir. Negakim, dunyo borlig‘idan beri xudosiz-dinsizlar qo‘liga qurol o‘tib, hoki-miyat ustiga minmagan edilar. Bu yirtqichlar insonlarni yolg‘izgina diniy, vataniy, shaxsiy huquqlaridan emas, balki insoniy haqlaridan ham butunlay ajratib, hayvonlar qatorida ishlatmoqdadir.
Asrimiz boshida chiqqan siyosiy firqalar ichida kommunizm kabi aqldan yiroq, xayoliy bir maslak ahli bo‘lgan emas. Mana shu xayoliy maslak egalari 50 yildan beri aqldan tashqari tuzumlarini qurol kuchi bilan xalq ustida yurgizib keladilar. Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalomdan qiyomat alomati so‘ral-mish edi: «Unda haromzodaning o‘g‘li — haromzodalar hukumat egasi bo‘lib, xalq ustida zulm hukmini yurg‘izadi», — dedilar. Hozirda esa, naqd shu kunlar ustida turibmiz. Endi bu firqadan qanday yaxshilik umidi bo‘lurkim, bularning asosiy tuzumlari — xu-dosizlik, dinsizlikka, o‘zlaridan boshqa hech narsaga ishonmaslikka qurilgan bo‘lsa. Chunki, dinsizlik har bir yomonlikka yo‘l ochadi, insonni insonlik sifatida tutib turadigan, har bir yaxshilikka boshlaydigan narsa — dindur.
Qorako‘l shahrida qancha turgan bo‘lsam ham, uyqi vaqtlaridan boshqa chog‘lari kelim-ketimdan bo‘shanol-madim. Shunday bo‘lsa ham vaqt topib, mashhur shved sayyohi Vanxidinning «Taklamakon» asarini va «Ti-bet» sayohatnoma kitoblarini o‘qib chiqdim, ulardin ko‘p foydalandim. O’zgarish oldida talanga uchragan Qorako‘l kutubxonasi tatarcha, usmonli turkchadan tar-jima qilingan nodir asarlar ko‘pligi bilan mash-hur edi. Inqilob boshlangan davrda qonunsiz qora kuch, nodon odamlar hokimiyati qurilganlikdan sha-harlardagi kutubxonalar va boshqa madaniy asarlarning ko‘plari zoi bo‘lmishdir.

O’rta asr vahshiylari — mo‘g‘ul askarlari o‘z vaqtida islom markazi bo‘lgan Bag‘dod shahriga bosib kirganlarida, ular nazdida o‘ljaga arzimas, g‘oyat qimmatbaho, nafis, nodir kitoblar Dajla daryosiga tushganlikdan, olti oylab daryo suvi qorayib oqqanligi tarixlarda yozilmishdir. Undan ham jirkanchli ishlarga yigirmanchi asrda madaniy yirtqichlar hoki-miyati davrida yo‘l qo‘yilganlikdan, anchagina tarixiy asarlarimizni, xalq qo‘lida saqlanib yotgan qimmat-baho, nodir qo‘lyozma kitoblarimizni egalari qo‘rqqanlaridan o‘tta yoqtirib, suvga oqizishga majbur bo‘lmish edilar. Yolg‘iz o‘zimning To‘qmoq, So‘qulukdagi biror arava kelgudek har turli kitoblarim esa, shu ko‘milganicha chirib yer ostida qolmishdir. Bu kabi fojialar yolg‘iz chet o‘lkalardagina emas, balki hukumat mar-kazi Petrograd kutubxonalarida ham bo‘lmish edi. Shundoqqi, butun islom olami ko‘z tikkan, 1300 yildan ortiq tarixiy sharafga ega bo‘lgan Mushaf Usmoniy, ya’ni hazrat Usmon ustida shahodat topgan Qur’-on, shu kutubxonada saqlanib kelar edi. Oti musul-mon bir necha gumrohlar tomonidan uning anchagina varaqlari olinmishdir. Marhum Tatariston muftiysi hazrati Rizafahriy boshliq Musohazrat va boshqa olimlar bu fojiadan xabar topgach, darhol chorasiga kirishib, bu ulug‘ tarixiy Qur’on shu kunga davr saqlanib qolinishiga sababchi bo‘ldilar. Alloh ularni rahmat qilsin! Hozirda esa bu Qur’on Toshkent muzeyxonasida saqlanib, chetdan kelgan sayohatchilarga, ayniqsa musulmonlar uchun bek hurmatli nodir estalik hisoblanadi.
Shunday qilib, Qorako‘l shahrida bir oy — qirq kun chamali turg‘anim so‘nggida, u yerdan qaytib To‘qmoqqa keldim va yana bir voqea ustidan chiqdim. Shundoqki, hozirgi kunlarda Arabistonda turishgan Oltinxon, Mubashshirxonlarning ustozi, asli Koson zodagonlaridan, Farg‘ona viloyatida obro‘yi baland bo‘lgan, zamonasiga ko‘ra ulug‘ olimlardan sanalgan, marhum Nosirxon to‘ra kommunistlarga qarshi qo‘zg‘o-lon ko‘tarmish edi. Nima qilishlarini bilolmay, suvga oqqan kishiday hayronlikda turgan musulmonlar, o‘z diniy olimlarini ilohiy kuchdan xoli bo‘lmasa kerak deb gumon qilganliklaridan, mol-jonlarini ayamay, u kishiga qo‘shiluvchilar o‘lka bo‘ylab ko‘paymish edi.
Biroq, ish vaqtidan o‘tgan, ne fursatlar qo‘ldan ketgan edi. Uzoq-yaqindagi bolsheviklarga qarshi ko‘tarilgan qo‘zg‘olonlar butunlay bostirilib, ishlari markazga bog‘lanmish edi. Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalomning «Har oqil kishi o‘z zamonasiga tushungan bo‘lsin», degan hikmatlik so‘zlariga amal qilish va payg‘ambarimizning 23 yillik nubuvat davridagi ibratlik tarjimai holidan xabardor bo‘lish hammadan ko‘proq islom olimlariga lozim edi. Zamonaviy siyosat olamidan xabarsiz bo‘lganlikdan u kishining butun ishlari teskarisiga aylandi. Yolg‘iz qo‘zg‘olonchilargina emas, shular bahona o‘zlariga to‘g‘ri kelmagan, ikki kishiga so‘zi o‘tarlik odamlardan Namangan, Koson atroflari bilan hech joyda qoldirmay, otib-chopib o‘ldirdilar. Qolgan qo‘lga tushganlari qattiq qamoqda yoki uzoq surgunlarga yuborilib, yo‘qotildi. Bechora Nosirxonto‘ra qochib yurgan yeridan ikki o‘spirin o‘g‘li bilan ushlanib, Toshkentga keltirilgan so‘nggida, eng qattiq, yer osti, qorong‘u zindonda yotqonlig‘ini eshitgan edik. So‘ngra ikki o‘g‘li bilan birlikda o‘lim jazosi berilib, dunyodan yo‘qotilmishdir. Agar 6u kishi o‘rnida siyosat olamidan xabardor, onglik boshqa birov bo‘lganida, ishni boshqacha tashkiliy ravishda olib borar edi. Bu qadar ulug‘ qo‘zg‘olon maydonida to‘kilgan yerlik xalq qonlari bekorga ketmas edi. Chunki, janubiy tomondagi Afg‘on va Hindiston chegaralari qo‘lga keltirilsa, u yoqdan yordam yetkazish imkoniyati tug‘ilmish edi; ongsizlik shumligidan shu ishni bajara olmadilar.

SHARQIY TURKISTONGA O’TISHGA HARAKAT

Bu ish (Nosirxonto‘ra qo‘zg‘oloni) boshlanish oldidan Qirg‘iziston atrofiga va boshqa joylarga maxsus kishilar yuborilmish ekan. Xudo saqlab, u kunlari men Qorako‘lda bo‘lganim uchun hech ishdan xabarim yo‘q edi. Shunday bo‘lsa ham uyga kelib, hafta o‘tmay, shu chog‘dagi vahshiylik odatlari-cha, shirin uyqu, tun yarimida GPU jallodlari tomdan tushib, meni bosdilar. Kecha qorong‘usida qurollik harbiy kishilarga tuyuqsizdan ko‘zlari tushib, qo‘rqqanlikdan mo‘ltirashib turgan xotin-bolalar hollarini nima deb aytishga to‘g‘ri keladi? Shuning uchun bu kabi dahshatlik ko‘rinish ko‘rmagan ko‘p kishilar yurak o‘ynaq kasalliklariga yo‘liqmish edi. So‘ngra ko‘zga ko‘ringan yozuvchizuvlarni yig‘ishtirib, meni hay-daganlaricha, Pishpekga keltirgach, hech nima so‘ramasdan yer osti uyi — zindonga kirgizib qamab qo‘yish-di. Bu yo‘li ushlanib, uch oy chamali yotganim ichida har yoqlama qattiq tekshirish o‘tkazgan so‘nggida, bu ishdan mening xabarim yo‘qligi bular oldida aniq-lanmish edi. Shu bahona bo‘ldi, haqiqatda esa, g‘oyi-biy kuch yordami yetti bo‘lg‘aykim, bu kabi dahshatlik qamoq balosidan ko‘p uzoqlamay yana qutulib chiqdim.
Endi bundan buyon bu yerda turishim o‘z boshim yoki dinim uchun xatarlik ekanligini aniq tushunmish edim. Shuning uchun G’ulja tomon ketmoqchi bo‘layotgan do‘st kishilardan Abish degan qirg‘izga yo‘liqib, u bilan safar yo‘ldoshi bo‘lishga va’dalashib, ikkovimiz qo‘l olishdik. So‘ngra bek soqlik bilan safar jamalg‘asini qilishga kirishdim. Ot- uloq, oziq-ovqat tayyorlangach, 1930 yili sentyabr oyi boshlarida qo‘l olishgan yo‘ldoshim Abish keldi. Men shu kunlarda esa To‘qmoqdan olti chaqirim bo‘lgan Sho‘rtepadagi yerimda deh-qonchilik ishlari bilan quymalashib yotgan edim. Ishlarim chala bo‘lsada mo‘ljalim buzilmasligi uchun, borlig‘in Tangriga topshirib, oqshom nomozi o‘tagan so‘nggida chalaqozoq tog‘alardan Abdurashid xo‘ja, tun-gon Mokemir, yo‘ldoshchi qirg‘iz Abish — to‘rt kishi otlanib el yota To‘qmoqdagi qo‘roga keldik.
So‘zim shu yerga yetgach ko‘nglim munglanib, ko‘zim yoshlandi, chunki yuqorigi yo‘ldoshlarim va bulardan boshqa ko‘p sonli mungdoshlarimdan endi hayot olamida birorta ham kishi qolmapti. Yoshlik — yigitlik chog‘larimdan beri xalq uchun boshlangan g‘am-qayg‘ulik kunlarim esa, umrim davomicha uzilmay shu hozirgi dav-riga erishdi.
Ko‘z ochkan kunimdan boshlab ko‘zlagan maqsadim — Sharqiy Turkiston ozodligi — qanchalik to‘kilgan Vatan bolalarining muqaddas yosh qonlari hisobiga qo‘lga kelmish edi. Nachoraki, o‘zini ezilgan-yanchilgan xalqlarni zolimlardan qutqazuvchi, dunyo bo‘yicha haqsiz-mazlumlarga yordam beruvchi hisoblagan aldamchi, kazzob Stalin hukumati olti million uygur musulmonlarini o‘z foydasi uchun qurbon qildi. Ko‘yni qashqir ogzidan qutqardi, lekin kechqurun qo‘l-oyogini boglab qassobga topshirdi. Ko‘ring, endi shu kunlarda (1967 yil) bu bechora mazlum qardoshlarimiz Xitoy bosqinchilari, yirtqich kommunistlar tish-tirnoqlari orasida chaynalib; diniy, milliy huquqlari buyon tursin, insoniy huquqlaridan ham butunlay ajrab, yutilish oldida turibdilar. Agar biror ba-hona bo‘lib, umumiy dunyo siyosati o‘zgarmas ekan, Chiqish, Botish — ikki Turkiston ahllari ko‘p uzoqlamayoq bosqinchilar to‘lqinlari ostida ko‘milib ketishlari mumkindir.
Yana o‘z so‘zimizga kelaylik. Shu kecha oilam ustiga tuyuqsizdan kelib, ulardan uzilib chiqishimdagi tortgan ruhiy-vijdoniy azoblarimni eslasam, oradan 40 yil o‘tgan bo‘lsa ham, o‘sha fojia zarbasidan ko‘nglim yarasi hali ham bitmaganlikdan, qalamim uchidan oqqan qora siyoh u kunni eskarib qonga aylanur edi. Chunki, hech ishdan xabari yo‘q marhuma onalari boshliq u kunda barisi yosh, uyg‘oq — uyquluq o‘g‘il, qizlarim ustilariga tun qorong‘usida eshikdan kirib kelishim bilan, barilari ko‘zimga jaldirashib qarab turishdi. Endi sizlarni Allohga topshirdim. Yer usti tor ko‘rinib, hech joyga sig‘may qoldim, yo‘ldoshlarim ko‘chada qarashib turibdi. «Omin» denglar deyishim bilan, cho‘ng- kichik demay uvvos tortqonlaricha qo‘l-oyoqlarimni quchoqlashib, «Bizni kimga tashlab ketasiz?» — deb yig‘lashgani turdilar. Ko‘nglim buzilib boshimga tog‘ ag‘darildi, nima qilishimni bilolmay, hayronlikda qoldim. Shundoq bo‘lsa ham rahmatul-olamin payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom boshlariga kelgan kulfatlarni ko‘z oldimga keltirib, bir oz o‘zimni bosib olganim so‘nggida, yaxshi so‘zlar bilan bolalarni ham biroz yupantirganday bo‘ldim. Shuning bilan ularga bilgan vasiyat-nasihatlarimni aytib, qolganini Allohga topshirib, yo‘lga chiqdim.
Shu kecha yurganimizcha saharga yaqin Qorabuloqdan o‘tib, Burolsoy og‘zidagi bir qora saroyga tushib, kun bo‘yi kishiga ko‘rinmay, bir uy ichiga kirib yotdik. Chunki, bu to‘rt yo‘ldosh o‘rtamizda bir beshotar miltiq, uch bardanka va boshqa qurollarimiz bo‘lganlikdan, kunduz kuni ko‘rinib yurishimiz xatarlik edi.
Shunga ko‘ra oqshom nomozini o‘tab olib, ko‘z qorg‘ulang‘och otlanib yo‘lga tushdik. Ichimizda yo‘lboshchimiz Abish qirg‘iz bo‘lg‘onidek, dovyurak bahodir yigitimiz tungoni Mokemir edi. Agar dushman to‘sqovullari (chegara, yo‘l zobitlari, posbonlari) bilan uchrashib qolgudek bo‘lsak, ulardan qutulish chorasi topilmagan taqdirda qurol qo‘llash ishini unga topshirdik. Shu bilan Kemen suvini bo‘ylab yurganimizcha tongga yaqin Shodmon botir hojining qishlovi — Cho‘ng Kemen ko‘prigi ostiga yetdik.
Bu kishi esa qirg‘izlar ichida ota-bobolaridan beri el so‘rab, yurt kutib kelgan Shodmon botir, Jantay botir o‘g‘li, Qorabek botir o‘g‘li, Ataka botir o‘g‘li, Tinay botir o‘g‘li bo‘lib to‘qqiz ota-bobolarigacha el ustida o‘tgan, o‘z zamonasida qozoq, qirg‘iz xoni atalgan zo‘r manaplardan edi. Marhum otamiz bilan do‘stlik aloqasi bo‘lganlikdan o‘zi bilan hayotligida ham ko‘rishib, xizmatida ham bo‘lgan edim. Insonga yoqimli yaxshi xislatlarning ko‘piga ega edi, Alloh rahmat qilsin! Kishi hayron qolgudek darajada uning qilgan bahodirliklarini shu kunlarga davr qirg‘iz qariyalari qizg‘inlik bilan o‘zaro doston qiladilar. O’zim ko‘rganday, eshitganlarimdan bir-ikkovini estalik uchun bu o‘rinda yozib qoldirishni lozim ko‘rdim.
Ma’lum bo‘lg‘ayki, Shodmon hojining ilgaridan beri yerlab kelgan qishloq joylarini Cho‘ng Kemen, Kichik Kemen deb ataydilar. Bular esa Tyan-Shan tog‘larining qalin tarmoqlari orasida joylashgan bo‘lib, Kichik Kemenni Shodmon hojim qishloq tutmish edi. O’z davrida Ediqut eli — Bolosog‘un o‘lkasini sug‘o-rib qondirgan Chuy daryosining yarim qismi shu qishloq o‘rtasidan oqib o‘tardi. Bu suv, toshqin vaqtlarida ot-ulog‘ga kechik bermas edi. Suvning kelish tomoni yuqori bo‘lg‘onliqdan tez oqarligi ustiga, suv osti ko‘ram (ko‘rinadigan) toshlari bilan to‘liqdir. Bunday suvdan kechib o‘tish ko‘p xatarlik bo‘lur. Mana shunday toshqin kunlardan birida, suv hayqirib oqayotganida, mol boqib yurgan bir qirg‘iz choli oqib ketib, jon talvasasi bilan suv o‘rtasida ko‘rinib turgan bir yo‘g‘on tosh ustiga chiqib olmish edi. Shu atrofdagi qirg‘iz yi-gitlaridan hech bir kishi uni bu halokatlik suvdan qutqarib olib chiqishga jur’at qilolmagach, «Botir Shodmon qo‘lidan kelmaydigan ish yo‘q, Hizr nazar solgan kishi», deb ishongan qirg‘izlar, bu dahshatli xabarni unga bildiradilar. Buni anglashi bilan chovitga (tashlanishga tayyorlanib turgan) turgan yo‘lborsday turqi buzilib, o‘ngi o‘zga-rib: «Hay, attang! Ingragir zamon bizga yomon bolla-rin qoldirgan ekan; tort to‘r ayg‘ir otimni», deb hayqirmishdir.
Bolalik kunidan tortib, bir aytgan so‘zidan qayt-maslig‘ini bilgan xizmatchi-tobunlari ilojisiz bo‘lib, u aytgan otini keltirishga majbur bo‘lg‘anlar. Shu orada cho‘ng kishilardan o‘zining teng-tushlari keli-shib qolib: «Hay, botir, tilsiz yovga qarshi chiqib, botirlik qilish qanday bo‘lar ekin? Ko‘pchilik el yig‘ilsa boshqa bir ilojin qilar edik», deyishib, har qancha yolvorishsa ham, qaramay, otlanib suv to-monga qarab jo‘nabdi. Buni ko‘rgach, nima qilishlarini bilolmay, yo uni bu ishdan qaytarolmay, butun xalq qo‘rqinchga tushib, hayronliqda qolibdi. Mukush, Kamol degan otoqliq o‘g‘illarining onasi, uning oldida eng suyuklik, el ichida qadri ulug‘ Lakabaybiche degan xotini yig‘lab-yolvorib: «Hay, botir, bu ishni qo‘ying, sizdan so‘rardim», deb o‘zini ot ostiga tashlaganiga qaramay, otaka-o‘rani qishqirg‘anicha, suv yuqorisi tomon ot qo‘ymishdur.
Bunday dahshatli xabar tarqalishi bilan har yokdan ot chopishib kelgan qirg‘izlar suv bo‘ylarida to‘planishib, hayronlik holda qarashib turg‘an edilar. Ko‘rib turgan kishilarning aytishlaricha, shundayin dahshatlik o‘lim xatarlik, tilsiz yov ustiga kelganida yana bahodirligi bilinib, o‘zida hech qanday o‘zgarish sezilmagan edi. Balki o‘zini, payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam Allohdan panoh tilagan ko‘zsiz-tilsiz suv balosi oldida turganini ko‘rib, bu kabi dahshatlik xatarga duchor bo‘lgan bir bechorani qutqazishga himmat qilg‘onini bilgach, o‘z tilicha: «O qudoyay, qo‘ldoy ko‘r!» na’rasini tortganicha, suv o‘rtasidagi tosh ustida baqadek chaplashib yotgan cholni mo‘ljallab anchagina yuqorndan «Alloh» deb ot solmishdur.
Uylardek o‘rkashlab-ko‘pirib yotgan dahshatlik suv to‘lqini ichida belidan botgan holda toshdan toshga urilib, «O xudo»lab kelayotgan Shodmon botirga suv bo‘yida qarashib turgan qalin xalqning ko‘zlari tushgach, «O xudo, o‘zing saqlay ko‘r», deb qichqirg‘an tovushlari ko‘kka ko‘tarilmish edi. Oila jonkuyarlari har yoqdan «O quday» deb qichqurur edilar. Shundayin haybatli-dahshatlik suv ichida jon hovuchlagan holda yopishib yotgan chala o‘lik chol ustiga yeta kelib, «Joning bo‘lsa, uzat qo‘lingni!» deb qattiq qichqirgan bo‘lsa ham, esi oqqanliqdin qo‘l uzatol-mag‘ach, botir qo‘liga ilinmay o‘qdek oqayotgan suv sirpandisi (suv tezligi ma’nosida) bilan o‘tib ketmishdur. Buni ko‘rgan butun xalq suron solishib: «Endi ish tugadi, bahodirlik o‘z chekidan o‘tdi, sizday kishi bizga qaydan topiladi. Bunday chollarning necha minglari sizning bir tol tirnog‘ingizga teng kelmaydi!» deyishib, qichqirishgan bo‘lsalar ham, bularga qarab qo‘ymay, suvdan chiqishi bilan yana «Alloh» sadosini ko‘tarib, ikkinchi yo‘li bilan suvga kirganida payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam «Bahodirlarni Alloh do‘st tutqay, tilaklarini xudo qaytarmag‘ay. Har ishda chidamlik-sabotliklarni maqsadlariga yetkazgay» deganlaridek, Alloh yordami yetti bo‘lg‘aykim, ul chalajon cholni o‘lim og‘zidan qutqarib, ot oldiga o‘ngarganicha (ustiga mindirganicha, opochlaganicha), bu kabi dahshatli suvdan salomat chiqmishdur.
Yana bir kuni Oq O’rkavda qurdoshlari bilan qimiz ichib o‘ltirib ekan, yirokdan chiqqan shov-qin-suron tovushi eshitilmishdur. «Bu nima gap?» deb so‘rasa: «Hay, botir, suv yoqasidagi qalin chirg‘anak ichida bir yo‘lbars yotqanlig‘ini el bilishib qolib, merganlari bilan kelgan ko‘pchilik xalq uni yotqan yeridan qo‘zg‘atib ochiqqa chiqarolmay yotadilar», deganlarida: «Hay, ingragirlar, ko‘pchilik hech ish qilolmaydi, har vaqt xalqi ortida turgan bahodir, yetuk bir kishi ko‘p ish qila oladi», deb yurtovul (yurtda, ovulda, el ichida) kunlaridagi kiyim-boshlarini kiyib, qilich osilgan holda otlanmishdur.
Botirning odati, kirishgan ishidan qaytmaslig‘i el ichida ma’lum bo‘lg‘anlikdan, bu ishdan qaytarish to‘g‘risida hech kim og‘iz ochalmagan edi. Shundoq bo‘lsa ham yer usti hayvonlari ichida oti ulug‘, haybati zo‘r, changali dahshatli yirtqich-yo‘lbarsga to‘qnashuvni o‘ylashib, ko‘z otar mergan inisi Mo-mutjon yo‘ldoshi bo‘lmishdur. Shu yurganicha ergashgan tomoshachi kishilar birgaligida ko‘pchilik xalq o‘rashib olg‘an qalin chirg‘anaq yaqiniga kelganida: «Hay jonivor, sen — hayvondan chiqqan yo‘lbars bo‘lsang, men insondan tug‘ilgan arslonmen!», deb yaroqlagan yalang qilichi bilan oning ustiga otil-mish ekan, botir hujumiga yo‘lbars chidayolmay, yotgan yeridan qochib chiqayotganida inisi Momut otgan o‘qdan qattiq yaralanmish edi. Buni ko‘rgach: «Hay, endi yog‘iy yaralandi, yaralang‘an yovni xotin olg‘ay», — deb uyiga qaytmishdur.
Uchinchi voqea. Haj safariga ketayotganida mozorlarni ziyorat qilmoqchi bo‘lib, Samarqandga tushmush ekan. Amir Temur qabriga kirganida qarasa, sayohat uchun kelgan rus zobit (ofiqer) laridan birovi Temur sulton qabriga oyog‘ini tirab xat yozayotganini ko‘ribdur. Buni ko‘rgach bahodirligi qo‘zg‘alib: «Hay, puting (oyog‘ing) kesilgur junbosh (boshi junli, sochli), er qadrini bilmagan, tort oyog‘ingni!», deb hayqirgan ekan, qo‘rqqanidan sapchib turib kechirim so‘ramishdur.

Bolalik kunidan boshlab ko‘rsatgan bu bahodirning shu kabi kishi hayron qolarlik ishlari juda ko‘pdir. Buning bahodirligi, saxiyligi ustidan boshqa emas, o‘zim ko‘rgan- bilganlarimni yozar ekan-man, o‘z oldiga bir kitobcha bo‘lishi mumkindur.
Inson yaxshiligi ko‘milib ketmasin, xudo xush ko‘rgan fazilat bo‘lgan turk ulusining bahodirligidan kelajak bo‘g‘inlarimizga o‘rnak bo‘lib, ibrat ol-g‘o‘dek so‘zlarni bu o‘rinda kelturdim.

B a y t:
 Tilim turk xalqimga ko‘p ofarin qil,
Nayongliq maxtasang ozdur aniq bil!
Yarash chog‘ida mehmondek o‘tirg‘ay,
Urush kunlarda arslondek otilg‘ay.

Biroq payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam aytganlaridek, har odam o‘z zamonasiga yaxshi tushunishi kerak. O’tmishdagi ko‘krak kerib ot chopgan, nayza solib yov olgan, ota-bobolarimiz o‘z zamonalariga yarasha ustilariga yuklangan diniy, milliy burchlarini o‘taganliklari uchun Vatanlarini bosqinchilardan saqlab, o‘z hokimiyatlarini qo‘llaridan chiqarmagan edilar. Keyingi uch yuz yilda jaholat, xurofot balchig‘iga botib, nodonlik, tushunmaslik ofatiga yo‘liqqanlik natijasida ruslar Vatanimizga zo‘rlik, qurol kuchi bilan bosib kirib, erklik hokimiyatimizni qo‘limizdan tortib olganiga shu kunlari to‘g‘ri yuz yil to‘lmishdur.
Vatanimizga birinchi bostirib kirgan shum oyoq chor hukumati ellik yillik davrida Turkiston xalqini butunlay qorong‘ilikda, ilm-ma’rifatdan uzoq tutib kelgan bo‘lsa ham, surbetlarcha ruslarni ko‘plab ko‘chirib kelmagan edi. Yerlik xalqning erki o‘zida, Vatani qo‘lida bo‘lib, diniy marosimlari, maktab madrasalari, har turli jamoat ishlari o‘z ixtiyorlarida edi. Qachonki, xalq g‘amini qayg‘urgan bo‘lib ko‘ringan yolg‘onchi aldamchi, ustal oshig‘i, mansabparast kommunistlar, qurol kuchi bilan va ham o‘ng so‘lini, foyda ziyonini ajratmagan, tushunmagan, vijdonsiz, qoraqurov nodonlardan foydalanib, o‘z hokimiyatlarini o‘rnatib olgandan so‘ngra, butun ishlarni o‘zgartirishga kirishdilar. Shundoqki, bularning hokimiyatlari dinsizlik xudosizlik asosiga qurilganlikdan, birinchi kundan boshlaboq, butun diniy ishlarni, shariat hukmlarini yo‘qqa chiqarib, maktab madrasalar, masjid xonaqolardan buzilmay qolganlarini choyxona, o‘yinxonalarga o‘xshash o‘zlari uchun keraklik o‘rinlarga aylantirdilar.
Ma’lumdirki, dunyo yaratilgandan beri yer ustidagi insonlar o‘z erklaricha ishlab, tilagan joylarida o‘z ixtiyorlaricha yashab kelmish edilar. Chunki, inson bolasi asli yaratilishidayoq, o‘z erk-ixtiyoriga ega bo‘lishi sifatida tugilib, boshqa hayvonlardan shu orqali farqli bo‘lmishdur. Hayot olami ichra hech bir zamon, hech bir mamlakatda insonlarni erk ixtiyorlaridan ajratib, tilsiz hayvonlar qatorida majburiy ishlatish kishi xayoliga kelmagan edi. Endi bu xayoliy tuzimni qo‘llanuvchilar, xayolparast Lenin boshliq, qurol kuchi bilan shu kabi sharmandachiliklarni amalga oshirib, 50 yildan beri xalqni qiynab keladilar.

B a y t:

 Qayg‘ulik tunlar uzaydi, tong otar kun bormikin?

Biz qamaldik bu temir qo‘rg‘on ichida ingranib.
Bu zulm qo‘rg‘on qobig‘in sindirar kun bormikin?

Barcha olam yo‘llari ochiq erur bizga yopib.
Ey, xudo, haj yo‘li bizga ochilur kun bormikin?

Barcha olam ahli o‘z maqsadlarini toptilar.
Uzbekiston xalqiga 6u ish bo‘lar kun bormikin?

Ruslar bosti Vatanni, qopladi seldek kelib,
Bu falokatdin, xudoyo, qutilar kun bormikin?

Sog‘uniy, bag‘ring ezildi, bu Vatanning dardida
Kim bilur, bu dardima darmon topar kun bormikin?

Qog‘oz ustida o‘n olti erklik jumhuriyat hukumati deb yozilgan bo‘lsa ham, bularning hech birovida haqiqatan qilchalik ham ixtiyorlari yo‘qdir. Bu mamlakatlarning asosiy ishlari esa butunlay Maskovga bog‘langanligi uchun katta kichik har qanday ishlarini Maskovdan buyruqsiz qilolmaydilar. Ayniqsa, O’zbekiston jumhuriyati boshqa jumhuriyatlarga qaraganda har bir ish to‘g‘rilik eng tubangi holga tushganlikdan xalqi diniy, milliy, shaxsiy, hatto insoniy huquqlaridan butunlay mahrumdirlar.
Xalq dushmani degan yolg‘on tuhmatni taqib, 1936-1937 yillarda necha minglagan millatimiz ziyolilari, siyosatga tushungan Vatan yigitlari yo‘q qilingan kundan boshlab, Maskov nima desa bosh ustiga deydigan, xalq tanimagan suymagan, lekin o‘ziga sodiq kimsalarni, Maskov o‘z tilaganlaricha O’zbekiston qo‘g‘irchoq hukumati boshlig‘i qilib belgilab, shular orqalik o‘z maqsadlarini bajarishga kirishgani gurdilar. Buning ustiga 1966 yili 26 aprelda Toshkent shahrida bo‘lgan zilzila bahonasi bilan, uylari buzilgan o‘zbeklarga yordam yetkazish degan bo‘lib, barcha jumhuriyatlardan kishi chaqirdilar. Haqiqatda esa zilziladan vayronlikka uchragan markaziy yangi shahar binolari edi. Yerlik xalq ofatdan omon edilar. Shundoq bo‘lsa ham, buni shiltov (bahona) qilib, necha minglagan o‘zbeklarni majburiy ravishda ko‘chirib, shahar tashqarisiga chiqazdilar. Ayniqsa, Toshkentning eng tarixiy joyi hisoblangan Shayxontohur mahallasi butunlay buzilib, undan nom nishona ham qolmadi. Shahar tashqarisiga chiqarilgan bechoralarni Qurb-qaobod degan qiy dalaga oborib tashladi. Uylarini buzishda yetarlik moddiy yordam berilmadi. Bu bechoralar yosh go‘dak bolalari bilan shu kunlarda ham qiynalmoqdalar. XX asrga kelib o‘z Vatanlarida o‘zlari xor bo‘ldilar.
Bosqinchilarning birinchisi chor hukumati davridan 50 yil o‘tgach, kofirlar aksi urib, ba’zi bir o‘zgarishlar boshlagan bo‘lsa ham, u kunga davr diniy-milliy, ayniqsa til o‘zgarishlari bo‘lmagan edi. Endi esa, bu dinsiz kommunistlar davridan 50 yil unga qo‘shilib, bosqinchilarning kelganiga 100 yil to‘lmishdur. Bularning asli maqsadlari butun dunyoga dinsizlik tarqatish, o‘zlarining jirkanch sassiq tuzumlarini o‘rnatish bo‘lganlikdan, butkul ishlarini o‘zlarining buzuq siyosatlariga boglab, har narsa kommunistlar rahbarligi ostidagina bo‘lishi majburiy ravishda shart qilinmishdur. Shuning natijasida bular har ishga aralashvolib, hushyorlariga esiriklar (mastlar, behushlar), sog‘lariga telbalar yo‘lboshchilik qilgandek, butun mamlakatda bu majnunlarning aralashmagan ishlari yo‘qdir.
Xalqda ixtiyoriy hayot kechirish yo‘qolgani uchun ularning jon harakatlari, halol mehnatlari bi-lan chiqqan yer hosilotining yuzdan biriga ham o‘zlari ega bo‘lolmadilar.
Oziq ovqat, yemaq ichmaq mahsulotlari bularning o‘z omborlarida saqlanib, xalqqa tilagan o‘lchamlarida berib turish kommunistlarning buzilmas qonunidir. Agar uch kun bermay to‘xtatar ekanlar, xalq boshiga qiyomat qo‘pib, shu kuniyoq ocharchilik boshlanishi ko‘rinib turadi.
Mana shunday bo‘lib, hozirgi kunda ilgari tarixlarda yarqirab ko‘ringan, tillarda doston bo‘lgan Turkiston ulusi Turon musulmonlari yolgiz diniy huquqlaridangina emas, insoniy huquqlaridan ham ajrab, yutilish oldida turibdi. Kelajakda biz uchun eng qo‘rqinchlik ish esa, yo‘q bahonalar bilan o‘n minglab, yuz minglab seldek kelayotgan bosqinchilarning Vatanimizda o‘rnasha yotqanlaridur va ba’zi bir milliy hisi yo‘q vijdonsizlar ko‘z oldimizda yutulayotganligi ochiq ko‘rinib turibdi. Bular avlod oldida eng jinoyatchi odamlardir. Tarixlarda bosqinchilar doim shunday amalparast sotqinlardan keng ravishda foydalangan. Hozirgi kunlarda esa xitoy bosqinchilari internaqional niqobi ostida Saypiddin Aziziy, Burhon Shahidiy kabi vijdonsizlardan shu tariqa foydalanmoqda. Bu balolardan qutulish chorasini izlash har bir Vatan bolasining muqaddas vazifasidir. Buning uchun bizlar diniy va milliy hissiyotlarimizni saqlash bilan bir qatorda, birlik-ittifoqligimizni kuchaytirib, eng avval ilm qurolini qo‘lga kiritishimiz kerakdur. Havodan boshqa, o‘t-suvdan boshlab inson hayotiga kerakli barcha narsalarni qulf-kalit qilib, o‘z omborlariga qamab oldilar. Ming turli qilgan hunar-tadbirlari, har kuyga solib o‘qigan baytgazallari bilan, vaqti kelganda odam bolasini bir parcha non oldida bosh egishga maj-bur qildilar. «Uldirmay olar jonimni, bo‘gizlamay ichar qonimni, o‘lchab berar nonimni», deb bundan necha yuz yillar ilgari aytgan qozoq shoirining so‘zi hozir bizning ustimizga kelib o‘rnashdi.
Dinsizlik tufayli o‘girlik, odob axloqsizlik, bir biriga hurmatsizlik, vijdonsizlik ko‘paydi. Hozirgi madaniyat davrida diyonat bilan taraqqiyot birga yasholmaydi degan xato fikr oqillar oldida emas, jahon bo‘yicha johillar orasida tarqalmishdur. Haqiqatda esa, din poklikdur. Poklikka qurilgan axloqdur. Dinimizning asli aqldur, quroli ilmdur. Hozirgi taraqqiyot islom axloqi asosida olib borilsa, insonlar uchun eng foydalik madaniyat bo‘lishida shak yo‘qdir. Umuminsoniy haq huquqlar butun xalq oldida, ayniqsa, hukumat doiralarida qonuniy ravishda himoyalanib saqlanar ekan, o‘shandagina madaniyati fozilaga erishiladi.
Shu kunlarda ustimizda hukmron bo‘lgan dinsizlar madaniyati ersa fosiq madaniyat deyiladi. Bunday madaniyat insonlarni ham axloqiy, ham ruhoniy fazilatlaridan butunlay ajratadi. Kommunistlarning mustabid hukmronligi ostida yashayotgan hamma, insonlik huquqlaridan butunlay mahrum bo‘lib, hayvonlar qatorida erksiz ishlayotganligini ko‘rib turibmiz.
Hozirgi davrda qaysi yo‘l bilan bo‘lsa ham, kundan kunga ilm o‘sayotganligi ko‘riladi. Buning rahbarligi orqasida, insoniyat olami kommunistlar ofatidan qutilar kun bo‘lar degan xayoliy umidlar ham ko‘ngilga keladi. Lekin markaziy arboblardan boshlab, tubandagi tabaqaga kelguncha, hamma ish ustida o‘ltirgan hukumat xizmatchilari shaxsiyatparast, vijdonsiz odamlardangina iborat bo‘lsa, bu umidning vujudga chiqishi mumkin emasdir. Chunki, ilmga agar aql chirogi rahbarlik qilmas ekan, har kim uni o‘z qobiliyatiga qarata ishlatadi. Shuning uchun yomonlar ilmidan hozirgidek doimiy yomonlikdan boshqa natija chiqmaydi.
Buning yana bir sababi ersa, ko‘pincha ish boshida o‘ltiruvchilar ikki guruh kishilaridangina iboratdir. Birinchisi ko‘rlarcha yetakchisi orqasidan ketayotgan, qizil belatidan boshqa ishonadigani yo‘q, mansabparast kommunistlardir. Ikkinchisi esa hozirgi madaniyat sohasidagi fanlardan yetarlik darajada o‘zlashtirib, ilmiy jihatdan xalq uchun foyda yetkuzarlik ma’lumotni egallagan bo‘lsa ham, o‘z nafsi uchun hamma narsani qurbon qiladigan odamlar, ayniqsa, iqtisodiy o‘rinlarni egallagan, ko‘proq shu vijdonsiz kishilardir.
Endi ish shunday bo‘lgach, ilm ma’rifat rivojlangan sari fikrlar o‘zgarib, o‘z ichidan o‘nglanib qolishga ko‘z tutish xayoliy umiddan boshqa narsa emas. Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalomdan «Qiyomat qachon bo‘ladi?», deb so‘raganda: «Xukumat ishlari yomon odamlar qo‘liga o‘tganda bo‘ladi. Men ko‘rsatgan oydan yoriq, to‘gri yo‘ldan ummatlarim chetga chiqqanlarida, xalq boshiga shunday fitnalar kelgusidirkim, o‘sha zamonning eng dono bilgichlari ham chora topolmay, hayronlikda qoladi», dedilar. Bundan 1360 yil ilgari bergan shu xabarlarini hozirgi kunda ko‘zimiz bilan ko‘rib turibmiz. Qur’on nima degan bo‘lsa, Rasululloh alayhi vasallam nima xabar bergan bo‘lsalar, uning haq rostligida hech gumonimiz yo‘qdir. Ko‘ngliga gumon kelganlar ko‘zlari ko‘rganda, albatta, ishonadilar.
Inson yaratilgandan beri yer ustiga har turlik ofat-balolar kelganligi yolgiz tarixdagina emas, bal-ki, Tangri tomonidan payg‘ambarlarga tushib, bizgacha yetgan Tavrot, Injil, Qur’on kabi ilohiy kitoblarda ham xabar berilmishdir. Lekin bu dunyo ahli qanchalik ko‘p balo ofatlarni ko‘rib, boshidan kechirgan bo‘lsalar ham, shu kunlarda bizlarning bosh ustimizga kelib o‘rnashgan dinsizlik balosini ko‘rmagan edilar. Ayniqsa, bu balodan boshqalarga qaraganda eng qat-tiq zararlanganlar biz Turon Turkiston musulmonlari bo‘ldik. Chunki, chor bosqinchilarining shum qadamlari yetgan kundan boshlaboq o‘z hukumatimizdan ajragan bo‘lsak ham, diniy, milliy, vataniy huquqlarimiz o‘z qo‘limizda edi, qachonki bu madaniy yo‘qsillar qo‘liga hukumat o‘tdi ersa, shu kundan bosh-lab yuqoridagi huquqlarimizdan ham ajradik.
Nega bunday bo‘ldik? deganimizda, Qur’onning aytishicha, bandaga berilgan ne’matlarning zavoliga o‘zi sababchi bo‘lur. Hech vaqt qaytarib olmagay, berganini qaytarib olishdan Alloh o‘z bandalariga nahiy qilib, ularga bu ishni loyiq ko‘rmas ekan, o‘ziga qanday loyiq ko‘radi? Xudo Qur’onda «Sizlarga bergan ne’matlarimga qanchalik shukr qilsanglar, men ham shunchalik orttiraman. Agar qadriga yetmasanglar, u ne’matlardan ajraysizlar, yana qattiq azoblik javobga tortilasizlar», deydi. Vatanimizni, dinimizni dushmanlardan saqlash, Kuron hukmicha, hamma musulmonlarga farzdir. Chunki, xudo Qur’onda: «Dushmaninglarga qarshi imkoniyat boricha qurol tayyor qilinglar», deydi.
Rasululloh zamonlaridagi musulmonlarga o‘sha zamon qurollarini tayyorlamoq farz bo‘lmish edi. Bizlarga esa, o‘z Vatanimizni ozod qilish va uni saqlash uchun zamon qurol jabduqlarini qo‘llamoq va zamonaviy ilmlarni o‘qimoq farzdir. Agar buni qilmas ekanmiz, Qur’ondagi Alloh amriga tushunmagan bo‘lamiz. Vatanimizni ozod qilish, o‘z davlatimizni qo‘lga keltirish va uni saqlash uchun, har davrning o‘ziga yarasha butun sabablarini qilish, Kur’onda aytilgan Alloh amri deb bilishimiz kerak. Ba’zi bir johillarning aytganlaridek, Kur’onda: «Bu dunyo kofirlarniki, oxirat-sizlarniki», deyilgan emas, balki «Islom hammani yengadi, hech kimdan yengilmaydi, hammaning ustida bo‘ladi, ostiga tushmaydi. Har ikki dunyo yaxshiligini Allohdan so‘ranglar», deyilgandir va ham bularni qo‘lga keltirish choralarini ko‘rsatib, butun sabablarini to‘liqlab qilishga buyurmishdir. Endi xudo va payg‘ambar so‘zlarida hech shak yo‘qdir. Nima bo‘lguluq, ko‘rguluklar boshimizga tushdi ersa, undan ibrat olib, kelajagimizni o‘nglashimizdan boshqa uning chorasi yo‘qdir.
B a y t:
 Borlig‘im saqlay desang ilm hunardan qil yaroq!
Yo‘q esa olg‘ay boringni qilmay hech kim so‘roq.

Yer yuzi o‘zgardi ammo, o‘zgarishdan bizda yo‘q,
Sindi Turkiston elining boshida yuz ming tayoq.

Och ko‘zing Turon eli, zing‘irt bo‘lurmu qo‘ychibon,
Bormu bu yongliq bulon, payqab qara boshdin oyoq!

Har o‘g‘il voris bo‘lur qolgan otaning moliga,
Bo‘ldi Turkiston elining vorisi yuzsiz qaroq.

Mol egasidur qaroqchilar bu ajoyib ishga boq!
Baxt ochilmas ul kishilar, kim erurlar ilmsiz,
Ilmsizlar xor bo‘lur xohi qarodur, xohi oq.
Qaysu millat ustidin hokimlik etsa boshqalar,
Bu kabi xorlik hayotdin o‘lganidir yaxshiroq.

Ilmu iymon ikkisidin bahralik bo‘l ey o‘g‘il!
Bu ikkovlon birla olg‘aysan qo‘lingga shamchiroq.

JILAQARAG’AY DOVONI

Yana o‘z so‘zimizga qaytaylik. Yuqorida aytilganicha Shodmon hojim qishlog‘i Kichik Kemenga kelganimizda, kutishib turgan qirg‘izlar bizni qarshi oldilar. Yaylovdan qaytgan qalin el oralab, tun bo‘yi yurganimizcha tongga yaqin bir yerga kelib tushdik. Biroz uxlab es olgan so‘nggida, u yerdan otlanib kun bo‘yi yurganimizcha, axir peshin kezida qalin qarag‘ay ichida tikilgan bir qirg‘izning uyiga keldik. Bu esa bizni kutib turgan Nazarqul degan safar yo‘ldoshimizning uyi ekan. Bizni bu yerga qo‘ndirib, o‘zi orqada qolmish uylarni ko‘chirib kelmoqchi bo‘lib, uch to‘rt yigitlar bilan tun qator qilib ketdi. Ertasi quyosh ko‘tarilgan kezda edikim, biror yuz oilalik qirg‘izlar bola chaqalari bilan yengil yuklarini olgan, boshqa mol chorvalarini, tikilgan uylarini qoldirib, yolg‘izgina uyurlari bilan yilqilarini haydashgan holda yetib keldilar. Xitoy yerlarida pul bo‘lg‘udek narsalar bilan hurjin xalashlari to‘ldirilmish edi. Ko‘pchiligi bola chaqa, xotin qizlardan to‘plangan edi. Qanday ham bo‘lsa, safar sunnatiga muvofiq Nazarqulni safar amiri qilib, o‘zim boshliq olti odamni unga kengashchi saylagan so‘nggida, oldi orqamizga mergan yigitlardan soqchilar belgilab, yo‘lga tushdik.
Ichimizda ikki besh otar, uch to‘rt bardanka, qolgani ov miltiqlari bo‘lib, yigirmadan oshiqroq qurolimiz bor edi. Shu yurganimizcha Ko‘kquyruq o‘zanini bo‘ylab o‘ltirib, orada uch qo‘nib, Chuy daryosining boshi Oqsuv, Chelak degan ikki oshuv ayrilishiga yetdik. Bu yurgan yerimiz yo‘lsiz bo‘lib, bo‘ri yurmagan tog‘u tosh oralab yurishga to‘g‘ri kelganlikdan, tog‘ safarlarida ko‘p yurib ko‘zi pishgan yetuk yo‘lboshchi kerak edi, baxtimizga qarshi, va’dalashgan qolovuz (yo‘lboshchi) kishimiz kelmay qoldi. Kelayotgan yo‘limizda biz bilan qochgan qirg‘izlarning qo‘rada yotgan qo‘ylari, egasiz qolgan moltovarlari, uskunalariga ko‘zimiz tushdi. Inson turmushiga kommunistlarning zulmi shundayin haroblik keltirganini ko‘rib, ko‘nglimiz vayron bo‘lganlikdan ko‘z yoshlarimizni artib ulgirolmadik.
Qochgan xabarimiz el ichiga tarqalgach, bizni qo‘lga tushirish uchun oldimizdan chegara soqchilarini to‘stirib, ortimizdan qirg‘iz kommunist otryadlarini yubormish edilar. Biz qochqunlar uch kun o‘zan bo‘ylab yurganimizcha, Oqsuv oshuvi ostiga kelganimizda ketimizdan yuborilgan qirg‘iz kommunistlar askarlarining qorasi yiroqdan ko‘rinib qoldi. Oramizda bir oz otishuvlar bo‘lib, shu kechani soqlik bilan o‘tkazdik. Yetgan yerimiz ulug‘ tog‘larga taqalgan, o‘ng qo‘limiz Chelak dovoni edi. Lekin bu dovonlarni oshib, yo‘llarini ko‘rgan boshchimiz bo‘lmag‘anlikdan qaysi biriga kirishimizni bilmay orsor (hayronlikda) qolganimiz ustiga, quvg‘inchi to‘sqinchilar oldi orqamizdan o‘ramish edi. «Ikki yo‘l kelib, qaysi biriga kirishni bilmay qolgan kishi o‘ng qo‘liga yursin», degan Rasululloh so‘zini maslahat berdim ersa, boshqa sabablar chiqib bunga yurishga to‘g‘ri kelmadi. Oxiri, so‘l qo‘ldagi Chelak dovonidan oshib olsak, qozoq yeriga tushib, bulardan qutulib ketishimizni o‘ylab, shunga kirishni to‘xtam qildik.
Ertasi saharlab ostidan bir daryo suvi toshib chiqayotgan ulug‘ tog‘ beli ustiga chiqib, shu yerga uch to‘rt qurollik qirg‘iz bolalaridan qo‘ydik, o‘zimiz ko‘pchilik qo‘sh qulonlarimiz (ko‘chgandagi yukimiz va yilqilarimiz) bilan bel (tog‘ bag‘ridan o‘tib) oshib, yolg‘iztuyoq kiyiklar izi orqali yurganimizcha bulutga tiralgan to‘rt tog‘ orasidagi suv g‘aznasi (ombori) Ko‘kko‘l degan joyga tushdik. U yerdan o‘tib, ko‘k muz oq qordan boshqa hech narsa ko‘rinmagan, bosh oyog‘i bulutlar bilan o‘ralgan Chelak dovoni ostiga kelib qo‘ndik. Kuz havosi sovuq, qattiq qor uchqunlab turardi. Qor o‘rtalarida ko‘rinib qolgan qora toshlar orasida boshi chiqib turgan bir turlik o‘simliklardan boshqa o‘tin topilmaydigan shunday qismchilik joylarda qirg‘iz xotinlari osh ovqat tayyor qilishdi. Bularning epchilligi meni hayratda qoldirdi.
Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallamning «Har kim ersa bir narsaga bog‘lanib yaratilganlikdan ul narsa unga osonlashadi, har ishni o‘z egasiga topshiringlarkim, ishinglar yengillashadi», degan hikmatlik so‘zlarining sirlarini shunda tushungan edim.

Ayniqsa, o‘z do‘stlarimizdan Abish, Haydarali ularning xotinlari Oysha, Oyqon bu er xotinlarning bu kabi og‘ir yo‘llar, mashaqqatlik safarlarda menga ko‘rsatgan hurmatlari, qilgan xizmatlarini eskarib, hayotim boricha ularga rahmatlar aytib duo qilurman. Alloh ularni rahmat qilib, joylari jannatda bo‘lsin! Qandag‘ ham bo‘lsa, shu kechani qor-muzlar orasidagi qora toshlar ustida tong ottirdik. Ertasi oyna ustiga tushgan yog‘du kabi, qor muz ustida yaltirab turgan quyosh ko‘tarildi. Yo‘l bilgan, yuz ko‘rgan yo‘lboshchi kishimiz bo‘lmagach, endi nima qilishimiz kerak?
Xotin bolalardan boshqa qariyosh demay butun er kishilar barimiz otlanib, toqqa tirmashdik. Ming mashaqqat bilan tog‘ tepasiga chiqib qarasak, mo‘ljali uch chaqirim kelguday, tog‘ teskayini qor muz qoplamish edi. Mana shu yerda biror yuz kishi yayov, otliq bo‘lib, bizdan ilgari qochgan kishilar yo‘l solgan bo‘lsalar, shular izidan yurib o‘tarmiz, degan umid bilan shu kuni ertadan kechgacha yo‘l izlab iz qidirdik. Biroq baxtimizga qarshi tuyoq yoki oyoq izi tushgan biror nishon topolmagach, kechki sovuqqa qolib, bo‘ron chopqunga uchramaylik deb, nochorlik bilan or-timizga qaytdik.
Xudo o‘nglab, Ko‘kko‘l beli ustiga uch to‘rt qurollik qorovul qo‘yib o‘tgan edik, yo‘q ersa orqamizdan quvib kelayotganlar izimizga tushib ustimizdan bosar ekanlar. Iz quvib kelganlar bel ustiga chiqqanda bizning qorovullarimizdan qarshilik ko‘rib, ketiga qaytmish edilar. Shu bilan ikki qo‘nib muz tog‘lar orasida yo‘l topolmay, ovora bo‘lgan so‘nggida yana orqamizga qaytib keldik. Ot ulovlarimiz charchab, o‘zimiz qiynalganimizdan bel ustida bir ikki kun eruv (dam olish, hordiq chiqarish) qilib, shu orada ikki kishini yer chorlab (atrofni bilib kelish, razvedka qilish) kelish uchun Oqsuv dovoni tomonga yubordik. Ketgan kishilarimiz ikkinchi kuni tinchlik xabarini keltirgach, bu yo‘lning ikki kunlik olisligi bo‘lsa ham, boshqa iloji bo‘lmaganlikdan shunga kirishga majbur bo‘ldik.
El yaylovdan ko‘chgan kezi, yo‘llar jimjit, issiq sovuq orasida havo ochiq bo‘lib, tinchlik bilan Oqsuv dovonini oshib, kelishgan keng bir yaylovga tushdik. Bu yerga kirgach qirga, tevarak to‘rt tomonga ko‘z soldim ersa, o‘tmishdagi erkinlik qo‘ynida kun kechirgan o‘rozlik o‘g‘uz urig‘i Ediqut eli u tog‘dan bu tog‘ga, u soydan bu soyga yer tanlab, ko‘chib yurganlari esimga tushib xayol dengiziga cho‘mdim. Keng yuzlik sabolarda (yog‘och tog‘oralarda, idishlarda) ko‘pirib yotgan qimizni qizil ko‘karlarga (yog‘och bokallarga) quyib ichganlari, qo‘y qo‘zi etlari ko‘ngillariga tekkach, qulun (biya bolasi) so‘yib yeyishga kirishgan kunlari ko‘z oldimga kelib, hayronlikda qoldim. Bir oz bo‘lsa ham erkinlik olamiga chiqqandek bo‘lib, hordiq chiqarish uchun bu o‘rinda ikki kun eruv qilib to‘xtagandan so‘ngra, Toysovrun, Boysovrun degan yaylovlardan hali el ko‘chmagan ekan, kechalab tun qoron-g‘usida u yerdan o‘tib, Jilaqarag‘ay dovoni ostidagi qalin qarag‘ayzor ichiga kirib qo‘ndik.
Bizning bu yurgan yerlarimiz Turkiston beshigi, O’g‘uzxon poytaxti atalgan Issiqko‘l o‘lkasining shimol tomonidagi Tyan-Shan tog‘larining tarmoqlari edi. Bu yerga kelish oldida yog‘a boshlagan qor, yomg‘ir tun bo‘yi to‘xtamay yoqqan bo‘lsa ham, har tup qarag‘ay bir qirg‘iz o‘tovidek bo‘lib, tubiga tushgan musofir mehmonlarni qor yomg‘ir hujumlaridan o‘z oilasidek asramish edi. Ertasi havo ochilib kun ko‘tarilgach, bu yerdan ko‘chib shimol tomonga qarab, tog‘dan tog‘ga osha ot tortib yurganimizcha, boshi ko‘rinmay tuman bilan chirmalgan, bir ulug‘ tog‘ tubiga yetdik. Shu yerga kelganimizda havo buzilib qor ura boshlab, yolg‘izoyoq kelayotgan yo‘limiz yuzi yopilib, qayoqka yurishimizni bilolmay to‘xtalib qoldik. Qirg‘iz yigitlari esa yayovlab, tog‘ yuziga tirmashib, yo‘l izlashgani turdilar. Borgan sayin qor yog‘ishi qattiqlashganlikdan ko‘z qoplagan burosha (bo‘ron, qattiq shamol) bo‘lib, yo‘l izlashgan yigitlarimiz bir birlarini ko‘rolmay qolishdi. Buning ustiga yolg‘izoyoq yo‘l ustida uzundan uzun turib qolganimizdan, otlarimizning beli tolib yota boshladi. Qarasak, kun tushdan og‘ib boradi. Agar shu o‘rtalarda kechalab qolar ekanmiz, o‘zimiz va ot ulovimiz uchun qattiq qiyinchiliklar tug‘ilishini o‘ylab, safarda orqaga yurish yaxshi bo‘lmasa ham, boshqa iloji topilmagach, nochor keri (orqaga) qaytishga majbur bo‘ldik. Bosgan izimizga qaytib, qorbo‘ron ichida olti soat chamasi yurganimiz so‘nggida ko‘z qorayib, gugum tushgandan keyin horib- charchab, zo‘rg‘a ertalabki ko‘chgan qalin qarag‘ay ostiga kirib omon qoldik.
Bu kabi ko‘rilmagan ulug‘ dovon yo‘llarini oshib o‘tishga yetuk yo‘lboshchi lozim ekan. Shunday odamni topib keltirish uchun shu yerlik elga aloqalik bir kishini ularga kechalab yubordik. Ertasi kuni havo ochiq bo‘lib, ko‘zgudek ko‘ringan bulutga tiralgan buyuk qor tog‘larini yaltiratgan holda quyosh ko‘tarilmish edi. Shu chog‘da qolovuz ham yetib kelgani uchun barimiz suyunganimizcha unga ergashib yo‘lga tushdik. Kechagi adashgan joylarimizdan olib o‘tib, ot tizzasiga kelgan qor ichida ko‘ram toshlar oralagan holda sinchiklab yurib, yo‘l topgan yo‘lboshchimiz qirg‘iz cholga ofarinlar aytib, uni bek olqishlar edik. Shunday qilib, Jilaqarag‘ay dovonidagi qor tog‘larini omonlik bilan oshib, u tomoni Chelak, Tolg‘or yaylovlariga tushib, ikki kun eruv qildik.
Shu yerga kelganimizda otaqli qolovuzlardan qirg‘iz Qo‘ychi botir qochoqlarga yordam yetkazish uchun G’uljadan chiqib, oldimizda ikki kunlik Qudurg‘u degan yerga kelgan xabarini angladik. Bu kishi esa besh-o‘n qurollik yigitlari bilan yo‘l topolmay yurgan qochqunlarni G’ulja tomoniga o‘tkazib, shu kasb orqalik foydalanib yurgan qora botirlardan ekan. «Qorako‘l shahar soqchilari xabar topmay turib, chegaradan o‘tishimiz kerak, kechikkanning xatari ko‘p, tezlik bilan yetkazib kelinglar», deb qurollik ikki yigitni bizga yubormish edi. Yo‘lda qo‘shilgan qirg‘iz yo‘ldoshlarimizning orqada kelayotganlarini kutishga to‘g‘ri kelganlikdan shu yerda ikki kun turishga majbur bo‘ldik. Shunga ko‘ra Qo‘ychi botirdan biz borgunimizcha kutib turishni o‘tinib so‘rab, tortuq yo‘sinida unga bir semiz biya yubordik. Qudurg‘u tog‘i betida to‘p qarag‘ay tagida bizni kutib olishga qattiq va’da berishib, biya yetaklagan holda bu ikki yigit bizga xo‘sh aytib qaytdi. Shu bilan ikki tun o‘tkazib ular ortidan biz ham yo‘lga tushdik.
Rahmsiz, kuchlik dushmanlar changaliga tushishdan qo‘rqib, ulug‘ tog‘larga sig‘ingan yig‘indi bir to‘da mazlum ojizlar qatorida o‘zimning ketayotganimni ko‘rib, bu xunuk manzaradan qattiq ta’sirlanmish edim. Bir davrlarda butun dunyoni nayzasi uchida o‘ynatgan turk o‘g‘lonlari, bugunki kunda burgutdan qochgan tulkiga o‘xshab qoldilar. Qochar joyini, kirar teshigini topolmaydilar. Burun nega unday ekanmiz? Endi nega bunday bo‘ldik? Mana buning sabablarini tekshirib, aniqlab bilganimizdan keyin, uning chorasiga kirishmog‘imiz kerak. Bizning ishonchimiz 6u dunyo, u dunyo bo‘lib, oxirat kuniga iymon keltiramiz.
Endi shuni bilmoq lozimdirkim, bu dunyo ishlarini Alloh taolo butunlay sababga boglamishdir. U dunyo ishlari bo‘lsa, Qur’onning aytishicha, sababsiz, xudo qudrati bilangina paydo bo‘lur. Hayot olamidagi dunyo ishlari zarradan Quyoshgacha, barcha narsalarning bo‘lishi va bo‘lmasligi bari sababga bogliqir. Tavakkal qilish, ya’ni, Allohga topshirishni ersa, inson toqatidan tashqari, qo‘lidan kelmaydigan ishlardagina shariat buyuradi. Shundoqki, dehqon yerni tanlab haydaydi, butun sharoitlarini bajargan so‘nggida tuproqqa urug ko‘madi. Ammo tuproq ichidan uni undirib chiqarish uning ishi emas. Bu to‘grida tavakkal qilib turishdan boshqa chorasi yo‘qdir. Bizning bu so‘zimiz hammaga tushunarlik bo‘lganlikdan, dunyo ishlarini musulmonlar, albatta, shunga taqqos qilishlari lozimdir. Payg‘ambarimiz aytdilar: «Musulmonlar dunyoda yaxshilik ko‘rsalar Allohga hamd aytsin. Agar yomonlik ko‘rar ekanlar, o‘zlaridan ko‘rsin, qilmishlari ularga qaytarilmishdir».
Oyat, hadis, xudo, payg‘ambar so‘zi mazmunicha to‘xtalgan hukm shulki, islomiyat sharoitlarini 6utun bajarish sharti bilan dunyo ishlarida moddiy, ma’naviy tomondan zamonaviy asboblarini to‘liqlab qo‘lga keltirish musulmonlar uchun farzdir. Agar bu ishni yuzaga chiqarish uchun yuz sharti bo‘lar ekan, shulardan to‘qson to‘qqizini bajarib, biriga kelganda uzrsiz uni qoldirsa, shariat oldida xiyonat qilgan bo‘lib, shu ishda jinoyatchi hisoblanadi. Chunki, hayot olamiga qurgan Alloh qonunini buzib, yaxshi saqlamagan bo‘ladi. Qaysi narsaning salbiy, ijobiy bo‘lishi bo‘lmasligi sabablari to‘liqlanar ekan, kimning qo‘lidan bo‘lsa ham, u narsaning yuzaga chiqishi aniqlanmishdir. Biz musulmonlarga ham shunday ishonish lozimdir. Chunki, bir ishning paydo bo‘lishi uchun, uning sabablari to‘liq qo‘lga kelar ekan, uni yuzaga chiqarish Allohning hayot olamiga qo‘ygan qonunidir. Qur’on tilida buni «odatillo, sunnatillo», ya’ni «Alloh odati, Alloh yo‘li» deb aytiladi.
Pashambarlardan boshlab butun dunyoda yashaydirganlar shu qonunga bo‘ysunishga majburdirlar. Bunga misol Uhud urushida shu qonun yaxshi saqlanmagan edi. Bir zumda ahvol o‘zgarib, ish mo‘minlar ziyoniga aylandi. Bunga tushunmagan bir necha kishilar:
«Muhammadni Xudo yuborgan bo‘lsa edi, biz shunday kunga qolarmidik, o‘zining tishi sinib, boshi yorildi, yo‘ldoshlaridan qancha kishilar dushmanlari qo‘lida o‘ldirildi», deb xato fikrga ketdilar. Haqiqatda esa bu ishga o‘zlari sababchi bo‘lmish edilar. Xudo Qur’onda ko‘rsatgan urush qonunlarini buzib, Rasululloh buyruqlarini bajarmagach, zafar bulardan yuz o‘girmish edi. Bu qonun dunyo boricha davom etajakdir.
Endi, biz musulmonlar, ayniqsa, ikki Turkiston turkiy xalqlari: barcha o‘zbek, uygurlar hayot olamida qurilgan Alloh odatiga yaxshi tushunib, dinimiz, Qur’onimiz buyrugini amalga oshirolmadik. Shuning uchun hozirgi hayotimizda dushmanlar qo‘lida erk ixtiyorimizdan butunlay ajralib, burnimiz yerga ishqalangan holda hayvondek ishlab, qullardek qiynalib, kun kechirmoqdamiz. Yana shunday bo‘lsa ham, kelajakda ko‘zda tutilgan umidlar asosi ko‘rinib, uygonish tuygusi o‘qimishlik yoshlarimiz orasida sezila boshlanmishdir. Fikr uygonishi ortidan ish o‘zga-rish natija berishi burundan beri siyosat olamida bo‘lib kelgan ishdir. Tarix sahifalarida bunday hollarni ko‘p uchratamiz.
Kofirlik yomonmi, bilmaslik tushunmaslik yomonmi? Bu savolga dunyoning eng uluglari pashambarlardan boshlab, barcha bilimlik donishmandlar: «Bilmaslik va tushunmaslik kufrdan ham yomonroq», deb javob bermishdurlar. Chunki, o‘z zamoniga tushunmagan musulmonlar shariat oldida islom asoslarini bilmagan bo‘ladilar.
O’z milliy hukumatidan ajragan insonlar, o‘z va-tanida turgan bo‘lsalar ham, biz Turkiston xalqi kabi butun huquqlaridan ajrab, xor zorliqqa qolishlari shubhasizdir. Biz esa o‘z merosimiz ona vatanimizga ega bo‘lolmay mol-boshlarimizdan, dinimizdan borliq narsalarimizdan butunlay ajramoqdamiz.
XX asr madaniyati orqalik dunyo bo‘yicha ilm tarqalib, buning natijasida Ovrupo ajdarholarining mustamlakalarida qulchilikda yashayotgan insonlar ozodlikka chiqib, o‘z milliy hukumatlariga ega bo‘ldilar va bo‘lmoqdalar. Shu bilan barobar ikkinchi tomondan o‘zlarini «mehnatchilar gamxo‘ri» deb pardalagan kommunist qizil ajdarholar tushunilmas, buzuq tuzulmalari ostida butun xalqni qutulmas qulchilikka solib, hayvonlarcha ishlatmoqdadirlar. Ayniqsa, biz ikki Turkiston o‘zbek uygur musulmonlari ikki ajdarho ogziga taqashib, yutilish oldida turibmiz. Endi ish shundayin fojialik holga yetganda bundan qutulish uchun qandaycha choralar ko‘rishimiz mumkin va qandaycha choralar ko‘rishimiz kerak! Chunki, hayot olamidagi butun ishlar sababga bogliq ekanligini, qachon bir ishning sababi topilar ekan, uni yuzaga chiqarish, Qur’on hukmicha, Allohning buzilmas odati ekanligini aniq bildik. Bunday bo‘lshch, bu fursatni ham ganimat bilib, yutilib ketmasdan boldirroq (oldinroq, ilgariroq), undan qutulish chorala-riga kirishimiz lozimdir.
Yer usti insonlari yer osti ma’danlari kabi turlikcha yaratilganlikdan, har qaysilari har turlik qobiliyatga egadurlar. Bular ichida temir ko‘mirlari ko‘p bo‘lgandek, oltin olmoslari ham oz emasdir. Endi esa kelajak kunlarda biz uchun yaxshi sharoit lar tugilib, qobusi kelar ekan, tog boskandek ustimizda bosib yotgan bosqinchilar qo‘lidan vatanimiz Turkistonni, albatta, qutqara olamiz. Chunki, bizlar hozirgi holda tog tagiga tushgan chumolidek ojizlikda yotgan bo‘lsak ham, bunga qarshi ko‘z oldimizda toglarni qo‘morgidek (ag‘dargudek, ko‘chirib, yulib tashlagudek), dahshatlik kuch quvvatlar fursat kutib turibdilar. Agar shundoq kunlar to‘gri kelar ekan, siyosat maydoniga millat yetakchilari, albatta, chiqadi va shunda Turkiston xalqi o‘z hukumatini birinchi navbatdayoq qurib olishi, albatta, lozimdir. Har millatning o‘z hukumati o‘z qo‘lida bo‘lmas ekan, cho‘poni qo‘ychiboni yo‘q bir to‘da qo‘y kabi yirtqich qushlarga, och bo‘rilarga yem bo‘lib, oxiri inqirozga uchrab yo‘qoladi.
Endi maqsadga yetmoq uchun davlatimiz qo‘limizdan ketgan bo‘lsa ham, millatimizni yutilishdan saqlab qolish kerak. Buning birdan bir chorasi esa, diniy va ham milliy hislarimizdan ajramaslik edi. Biroq bu hiylagar bosqinchilar o‘zlarining zulm-istibdod hokimiyatlari ostida diniy milliy hislarimizni yo‘qo tish uchun, tish-tirnoqlari bilan qattiq kirishganliklari natijasida, Turkiston xalqining diniy hislari ko‘ngillaridan ko‘tarilib qoldi. Nechuk ko‘tarilmagaykim, din ilmi, din tarbiyati birinchi navbatdayoq maktab madrasalardan chiqarilib tashlab, o‘quv o‘qituv ishlari butunlay dinsizlik asosiga qurilmish edi. Shundan beri 50 yil o‘tdi. Sovet hukumati kommunistik istibdod ostida diniy milliy hislarini butunlay xalq ko‘nglidan chiqarish uchun, moddiy va ma’naviy kuchlari bilan dinga qarshi butun choralarini ko‘rmoqda. Buning ta’siri orqalik hozirgi yoshlarimizning din haqidagi tushunchalari o‘zgarib, diniy hislari yo‘qolishi boshlandi. Uning ustiga baynalmilal pardasi ostida yoshirinib olib, millatchilik yo‘q desa ham, boshqalarni yutish qonunini amalga oshirish bilan bizni yutmoqchi bo‘ladilar. Endi bu yolmogizlarga yutilishdan o‘zimizni qutiltirish uchun, diniy, milliy hislarimizni saqlab, zamonaviy fan ilmlarini egallashdan boshqa chora topilishi mumkin emasdir.
Xulosa shuldirki, milliy hokimiyatimizdan hozircha ajrab turgan bo‘lsak ham, milliy hissiyotimizdan ajramay, uni saqlay olsak, kelajakda dushmanlarga yutilishdan o‘zimizni qutqara olamiz. Endi bu maqsadga yetish uchun qo‘yilgan masalalarning eng birinchi sharti til masalasidir. Agar biz til adabiyotimizni kengaytirib, uning qadr qimmatini oshirib, boshqa madaniy tillar darajasiga yetqizur ekanmiz, mana bu chogda millatimiz, milliy hissiyotlarimiz doimiy ravishda o‘sib saqlangusidir. Agar bunday bo‘lmay balki, aksincha, o‘z ona tili qadriga yetmasdan unga ahamiyat bermas ekanlar, u chogda ko‘p uzoqlamayoq alvido aytib, o‘z tillaridan abadiy ajragan bo‘ladilar. Shundoq bo‘lib, o‘z ona tilidan ajramoqlik, milliy hissiyotlarini yo‘qotish natijasidir. Bu ish esa insoniyat olami oldida ulug xiyonat, kechirilmas jinoyat hisoblanadi. Bunday bo‘ldi demak, ulug Turkiston ulusi Turon nasli bosqinchilar tilagicha, qurbon bo‘lgan holda inqirozga uchrab, Alloh saqlasin, tarix sahifalaridagi shon-sharaflik nom nishonlari o‘chiriladi demakdir.
«Xonligingdan ajrasang dagi, ulusingdan ajrama», degan eskidan qolgan maqol eng hikmatli so‘zdir. Chunki, bizning ishimiz va biz o‘xshash boshqalarning ham ishlari shu hozirda talashib-tortishib yotgan dunyo siyosatiga bogliqdir. Shunga davr til adabiyotimizdan adashmay, milliy hissiyotimizdan ajramagan holda, zamonaviy ilmlarni egallashimiz kelajakda ko‘z tutilgan ulug maqsadlarimizning birinchi shartidur.
Yana o‘z so‘zimizga qaytaylik. Shunday qilib, tog‘dan toqqa, dovondan dovonga osha ikki kun yurganimizcha, bizni kutib olishga mo‘ljal qilishgan tog‘ga yetib keldik. Qarasak, biz va’dalashgan kishilardan bu yerda hech kimni ko‘rolmadik. Bu ishdan o‘ylanib gumonga tushgach, sog‘lik bilan olg‘a tomon yurib, kun tush vaqtida Qudurg‘u tog‘iga yetib keldik. Bizni kutib turmoqchi bo‘lgan Qo‘ychi botirning yoshiringan joyi to‘p qarag‘ay, qarshimizdagi tog‘ betida ko‘rinib turmoqda edi. Ko‘z tutgan yerimizdan hech kim ko‘rinmay, jim-jit bo‘lganligi uchun hayron qolib turganimizda, birdaniga uch otliq kishi tog‘ cho‘qqisidan chiqdilar. Bizning kishilarimiz bo‘lsalar kerak deb, Hizrni  ko‘rgandek barimiz quvnashgan holda chuvqon (baqirish) solishib, yog‘liqlarimizni (qo‘l ro‘moli) aylantirib ularni chorlagani turdik. Bizga qarshi ular ham do‘stlik belgisi bildirib, javob qaytargan bo‘ldilar. Biz pastda, ular tog‘ ustida ikki o‘rta uzoqroq bo‘lib, tovush yetar lik emas edi. Oradan biror soat o‘tar o‘tmas tog‘dan tushib, to‘p qarag‘ay ichiga kirganlaricha, ikki uch soat kutdik, u yerdan chiqmadilar. Bu ishdan gumon olib, bizga qo‘rqinchlik tushgach, buni payqab kelish uchun ikki kishini yubordik. Bular yoshirincha borib qarasalar, bizni tutishga Qorako‘l shahridan yuborilgan o‘ttizcha askar bo‘lib yotmish ekanlar. Buni ko‘rib shoshilinch bilan qaytib kelayotganlarida yo‘lda ular tomonidan o‘ldirilgan Qo‘ychi botirning ikki yigitini ko‘rmish edilar.
Shu bilan ishning qanday ekanligi bizga ma’lum bo‘lg‘ach, darhol qurolli kishilarimizni tog‘ betidagi yoshirin o‘rinlarga joylab, shu kuni bir-birlarimizni poylashib yotdik. Kech yaqinlashgan sayin, havo buzilib, qor yog‘ib, tun qorong‘uligi bosti. Biz kelayotgan yolg‘izoyoq yo‘limizni dushman to‘sib turg‘onlikdan, otishib-chopishib bo‘lsa ham, shular oldidan o‘tishimiz yoki orqamizga qaytishimiz kerak, bundan boshqa choramiz yo‘q edi. Ko‘pchilik yo‘ldoshlarimiz qo‘shqulon, xotin bolalik bo‘lganliklari uchun, dushman oldidan kesib o‘tishga jur’at qilolmadilar. Buning ustiga qor qattiq yog‘ib, oldi-orqa yo‘limiz butunlay yo‘qoldi. Ulug‘ tog‘lar oralab yo‘lboshchisiz yolg‘izoyoq yo‘l bilan qo‘rqinch ostida kelayotib, har tomondan dushman bilan o‘ralgan holda, bu kabi og‘ir kunga qolishimiz bizni eng qattiq dahshatga tushirmish edi. Axiri, o‘zaro kengashgandan so‘ngra, oldimizdagi dushman qo‘liga tushmaslik chorasini o‘ylab, orqamizga qaytdik. Ko‘z ko‘rmas qorong‘u kechasi, ming turlik mashaqqat bilan tog‘dan tog‘ga oshib o‘ltirib, tongga yaqin bir soy ichiga kelib tushdik. Shu kecha har qancha mashaqqat tortgan bo‘lsak ham, hozircha rahmsiz dushman qo‘lidan qutilgan hisob bo‘ldik.
Agar bu vahshiylar qo‘liga tushar ekanmiz, xotin bolalar bilan bir qatorda birortamizni qoldipmay, otib chopib yo‘qotib yuborish, bularning odatlari edi. Xudo saqlab, shu tuni qalin qor yoqqanlikdan ertalab izimizni topisholmay, boshqa yo‘l bilan o‘tib ketgan deb gumon qilib, ketlariga qaytgan ekanlar. Shu bahona bo‘lib ularning nohaq zulmlaridan bizlarni xudo qutqarmish edi. Ikkinchi kuni esa, u soydan ko‘chib, Chelak dovoni tuyug‘idagi qalin qarag‘ay ichiga kirib, omon olmoqchi bo‘lib ketayotganimizda, Issiqko‘l bo‘yidagi qirg‘izlarning oqsoqollaridan bir necha kishilar oq bayroq ko‘tarishib oldimizda ko‘rindilar. Qarasak, bular bizni yo‘ldan qaytarish uchun byr qancha aldov yolg‘on va’dalar bilan hukumat tomonidan yuborilmish kishilar ekan. Qochoqlar ichidagi chog‘aylarga (kambag‘allarga) tarqatish uchun bir muncha tayinlangan narsalar ham bor. Bularning sirti totliq, ichi zahar so‘zlariga besh olti odamdan boshqa ko‘pchiligi aldanib, qaytishga moyil bo‘ldilar.
Shu bilan kelgan yo‘limizni qoldirib, Suttibuloq oshuvi orqalik ikkinchi yo‘l bilan, otlarimiz oriqlagan, o‘zimiz xorib charchagan holda, Issiqko‘l usti Boysovrun yayloviga qaytib keldik. Bu yerda sayaq urug‘i qirg‘izlardan ota qadrdonlarimiz ko‘p edi. Har qaysilari bizni chaqirib, ziyofat qilgani turishdi. Tanimiz sog‘ bo‘lsa ham, ko‘nglimiz tinchsiz bo‘lg‘anlikdan, yemak ichmagimiz o‘zimizga tatimas edi. Shu yerda uch to‘rt kun turganimiz so‘nggida, qirg‘iz yo‘ldoshlarimiz har qaysilari o‘z el-yurtlariga tarqalib ketdilar. Bular ichida ko‘zga ko‘ringan besh olti kishi boshimizga tog‘ ag‘darilgandek, nima qilishimizni bilmay hayronlikda qoldik.
Axiri, maslahat bilan To‘qmoqqa qaytmoqchi bo‘lganimizda o‘zim yo‘ldoshlarimdan ajrab, falon joyda topishaylik deb, ularni kechalab yo‘lga soldim. Bu yer bilan To‘qmoqning oralig‘i ikki yuz chaqirimcha bor edi. So‘ngra qadrdon qirg‘izlardan bir yo‘lboshchi olib, ko‘l bo‘ylab yolg‘izoyoq, yoshirin yo‘l bilan uch kun yurganimizda Issiqko‘ldan 30 chaqirimcha yiroqlikdagi Maydontol degan qalin to‘qay ichidagi Irisbek qirg‘izning uyiga kelib tushdik. Bu kishi ersa, xudo rahmat qilsin, bizning eng ishonimlik do‘stlarimizdan bo‘lib, buning qo‘lida 200 dan ortiqroq tul qo‘yimiz bor edi. Musulmonchilikka ixloslik, xiyonati yo‘q, bizga muhabbatlik yaxshi kishi edi. Bizdan ilgari ko‘rishgan yo‘ldoshlarimizdan bo‘lgan voqeani eshitgach, kelishimiz uchun tayyorgarlik ko‘rib, hech kimga tuydirmay, qalin to‘qay ichida yolg‘iz uy tikib, bizni kutib yotmoqda ekan. Bu yerda uch to‘rt kun yotib hordiq olg‘animiz so‘nggida, kishi yo‘q tog‘ yo‘llari orqali yurganimizcha, orada bir qo‘nib, ertasi tongga yaqin To‘qmoqqa keldik.
1930 yili sentyabr oyining o‘n beshlarida shu xatarlik safarga chiqib, 20 kundan oshiqroq tog‘u tosh, qoru muzlar orasida mehnat mashaqqatlarga qolib, axiri qazodan qochib qutulish imkoniyati yo‘qligidan, taqdirga bo‘yinsunishdan boshqa chora topolmadik. Bu rahmsiz zolimlar zulmidan qochib, suyumlik ona Vatanimizni tashlab va ham butun hayotimiz hosili o‘z oilamizdan ajrab, hasratlik ko‘zlarimizdan qon yoshlarimizni oqizgan holda ketgan bo‘lsak ham, oldimizdagi erkin ozodlik olamiga chiqish umidi bilan ulug‘ tog‘lar ustida anchagina ko‘nglimiz ochilib, ruhimiz ko‘tarilmish edi.

ZULMXONA

Bu yo‘ldan (Sharqiy Turkistonga o‘tolmasdan) qaytib kelgach, hozircha, dushman qo‘liga tushmagan bo‘lsak ham, ko‘z tutqan umidlarimiz bo‘shqa (bo‘shliqqa, yo‘qqa, bekorga) ketganlikdan o‘z vatanimiz dushman qafasiday ko‘rinmish edi. Shunday bo‘lsa ham, boshqa chora topolmagach, hech kimga tuydirmay, qirq kuncha shu yerda turdim. So‘ngra So‘quluqdagi tungon shogirdlarimiz xabar topishib, yoshirincha meni olib ketdilar. Tungon xalqining bizga ko‘rsatgan yaxshiliklari ko‘p edi. Bunga qarshi ular uchun Alloxdan yaxshilik so‘rashdan boshqa hech narsa qilolmadim. Bular ichida o‘z oilamda turganimdan ortiqroq bo‘lib, ikki-uch oy o‘tkazganimdan keyin qayoqdan anglamishdir sovet davlatining uch harflik GPU jallodlari marhum Olimxon to‘ra akamizni chaqirib: «Ukangiz Alixonto‘ra chegaradan o‘tolmay qaytib kelib, So‘quluq tungonlari ichida yoshirinib yotgan emish. Bizdan kishi qochib qutulolmaydi. Siz borib birga olib keling, unga yaxshilik qilamiz», deb yubormishdir. Kelmasga choralari yo‘q, kelib ko‘rishgan so‘nggida yana qochib qutulishim mumkin bo‘lsa ham, akamni ayaganimdan nima bo‘lsa ham, o‘zim ko‘ray deb birgalikda Pishpekga keldim.
Ertasi kuni ko‘zimizga jallodxonadek ko‘ringan idoralariga majburiy ravishda kirib ko‘rishganim so‘nggida, o‘zlaridan hech kutulmas darajada yumshoq muomala ko‘rsatgan bo‘lishib, meni tuzoqqa tushurmoqchi bo‘ldilar. Shu idora makkorlaridan biri bizning safarimizda bo‘lgan voqealarni boshdan oyoq qoldirmay so‘zlab berishni mendan so‘radi. Men ham «An najotu fissidqi», ya’ni «najot chinlikda» degan hadisga muvofiq, bir oylik safar ichida uydan chiqqan kunimizdan boshlab o‘tgan ishlarni gapirib berdim. Shundoq bo‘lsa ham og‘izdagi so‘zimga qanoat qilmay, shularni bir ikki kun ichida yozib keltirishimni topshirib, menga ruxsat qildi. Uning degan kunidan qoldirmay, aytgan so‘zlarimning barini yozib keltirganim so‘nggida, uyga borib oilam oldida 15 kun dam olib, qaytib kelishga buyurdi.
Biroq meni o‘z xizmatlariga ko‘ndirmoqchi bo‘lib, qirg‘izlar qishlog‘i Chiyqo‘rg‘on degan yerdagi kishilar ustidan yoshirin ma’lumot to‘plab keltirishimni menga topshirdilar. Endi bu mal’unlarning topshiriqlarini bajarganimda, o‘zim ishongan muqaddas Qur’on hukmiga qarshi ishlashga to‘g‘ri kelar edi. Shunga ko‘ra bu yo‘lda har qanday og‘irchiliklar bo‘lar ekan, islom hurmatini saqlash uchun, bu zolim vahshiylar topshiriqlarining birortasini ham o‘rinlatmasdan (bajarmasdan) qaytib keldim. Ertasi kuni u bilan ko‘rishganimda xizmati bajarilmaganini anglashi bilan, u kofirning tusi o‘zgarib, g‘azabi qo‘zg‘algan bo‘lsa ham, xudo saqlab, boshqalarga qiladurg‘on urush-qiynash odatlarini menga qilishga jur’at etmadi. Shu bilan ahvol o‘zgarganicha ikkinchi bo‘limga chiqib, bizning ustimizdan zulm qarorini yurg‘izish kengashini o‘tkazib, bir oy vaqt o‘tgandan so‘ngra, uch qavat binoning eng ostqi qavatida, yer ustidan to‘rt metrcha chuqurlikda bo‘lgan, yolg‘iz yotoq kameraga meni tushirib qamab qo‘ydilar.
Chirqillagan qish kunining chilla sovug‘ida, osti usti muzday yaltirab yotgan yer osti zindoniga kirgach, o‘zimni hayot olamidan boshqa bir dunyoda turganday bo‘lib sezdim. Bu kabi dahshatlik o‘ringa qish chillasi ramazon oyida, ro‘za og‘iz kirgan edim. Shu kundan boshlab turma qozonidan osh ichmasga shart bog‘lab, og‘iz ocharda, saharda quruq non, qaynoq suvga qanoat qildim. O’t ko‘rmay, issiq ichmay, ro‘za tutib, yolg‘iz yotar uyda shu kabi qiyinchiliklar bilan 13 kun o‘tkazganim so‘nggida, leningradlik bir rus yigitini kechasi mening ustimga kirgizib qamadilar.
Qish kunining sovig‘i, yotoq to‘shak yetishmasligi, buning ustiga ko‘ndalang yotsak oyoq uzalmaydi, uzuniga yotganda ikki kishi sig‘maydi, qish chillasi bo‘lib, oyoq sovuqqa chidamaydi. Bu dahshatli ahvolni ko‘rgach, o‘zi ham qiyinchilik ko‘rmagan boy bolasi bo‘lishi kerak, achingan ko‘zi bilan menga qaragan holda: «Bu azobxonada turganingga necha kun bo‘ldi?», deb mendan so‘radi. «13 kun bo‘ldi», deganimda boshini chayqab, menga ichi og‘riganini bildirdi. Shu bilan qish kuni uzun kechalari sovug‘iga chidamay, yarim tungacha kamera ichida ikkovimiz navbatlashib yurib turdik. Bunga o‘xshagan xo‘rlik azobini ko‘rganiga chidayolmagan bo‘lsa kerak, choy o‘ragan bir parcha qog‘ozga xat yozib, qorovul askarga topshirdi. Menga qarab: «Bunday og‘ir ahvolda turganimizdan o‘lganimiz yaxshi. Men ochdan o‘lishga rozilik bildirib, ariza berdim», dedi. Bir ikki soat o‘tar o‘tmas kameraga komendant burutini (mo‘ylovini) shoptay (tikka) qilib, «Kim ochlik bildirgan kishi?», deb haybat bilan ustimizga kirib keldi. «Men edim» deb o‘rnidan turgach, shu o‘xshash kishilarga atalgan yolg‘iz yotoq uyga uni chiqarmoqchi bo‘ldi. Mening yotqanimga ham 13 kun bo‘lmish edi. Bunday og‘ir o‘rinda 10 kundan ortiq ushlamasligini eshitgan edim. Shunga ko‘ra, sovuq qattiqligidan tan sog‘lig‘im buzila boshladi. Shuni ko‘rsatib: «Meni ko‘pchilikka qo‘shsanglar», deb komendantdan iltimos qildim. «Yuqoridagi seni qamagan kishilar bilan so‘zlashib, so‘ngra javobini beraman», dedi. Shu bilan bir kechalik yo‘ldoshimni olib chiqib ketdilar. Oz bo‘lsa ham g‘amxo‘rlik ko‘rsatgan qayg‘udoshimdan ajrab, yana sovuq xonada yolg‘iz qoldim. «Ha, endi, bir bahona so‘z aytib chiqib ketgan kishi meni qaydan eslasin», deb o‘ylagan bo‘lsam ham, xiyol o‘tmay kelib, ko‘pchilik ichi sakkizinchi kameraga chiqazib qo‘ydi. Qarasam, 6u yer ko‘zimga boshqa bir olam ko‘rinib, muz xonadan mo‘nchaga (hammomga) kirganday bo‘lib qoldim. Bu kamerada menga yo‘ldosh bo‘lg‘udek bir qirg‘iz, ikki rus bo‘lib, To‘qmoqlik bo‘lganliklari uchun meni yaxshi tanir ekanlar. Ular bilan so‘zlashib o‘ltirdik. Shu kuni iftor vaqti og‘iz ocharimda, topganimni oldimga qo‘yib, qaynoq choy, yumshoq non keltirgach, «Hay, dunyoda bunday joyni ham ko‘rar kunimiz ham bor ekanku», deb shu g‘urbatda rohatlangan bo‘lib o‘ltirdik. Bir necha kun o‘tgandan so‘ng meni yon qo‘shni kameraga ko‘chirdilar. Qarasam, bu yerda o‘zimning safar yo‘ldoshlarimdan to‘rt qirg‘iz o‘ltirishgan ekan. Bir birlarimizga ko‘zimiz tushgach, tug‘ishgan qardoshlarcha quvonib ko‘rishdik. Chunki bular qor, muzlik tog‘lar, toshlar orasida qochib yurgan kunlarimizdagi qayg‘u qardoshlarimiz edi.

B a y t:
Zoti yaxshi unutmas hech qachon,
Qayg‘ulik kunlardagi yo‘ldoshlarin.

Bizning safardosh ekanligimizni bu zolimlar bilmagan edilar. Shuning uchun bular bilan biror oycha birga turishib, ro‘za kunlarini o‘tkazdik. Boshqa hamsafarlarimizdan ko‘zga ko‘ringanlarini qoldirmay, qamoqqa olmish ekanlar.
So‘ngra, Otboshi Norin, Qo‘chqor, Jumg‘ol tomonlardagi qirg‘izlardan boymanap bahonasi bilan, ko‘zga ko‘rinarli kishilarni qo‘ymay, qamag‘ali turdi. Ko‘p bo‘lsa, olti yetti kishilik kameraga yigirmadan oshig‘roq odam kirgizdi. Bular ichida umr bo‘yi bozor ko‘rmagan, ulug‘ tog‘lar ustida yurib mol boqishdan boshqani bilmagan, yoshlari saksondan o‘tgan, bir necha qirg‘iz chollari bo‘lg‘anlaridek, 16 yoshlik bir qirg‘iz bolasi ham bor edi. Tog‘ toshlarda ot chopib yurgan o‘yin bolasi birdaniga bunday dahshatlik kunga qolishdan qattiq ta’sirlanib, sochiga oq tushib qolmishdir. Odam ko‘pligi, joy torligidan kechasi ikki taraflama yotishga majbur bo‘lamiz. Oyoqlarimiz toliqqanida uzatib yuborur bo‘lsak, bir birlarimizning ko‘kragimiz, qo‘ltiqlarimizga kirganidan uyqimiz qochadi. Bu o‘rinning qiyinchiligini ko‘rib, achchig‘ini tatimagan kishilar qaydin bilsunlar buning azobini! «U dunyodagi yaxshi yomon ishlarning nusxasi, bu dunyoda ham bor», degan so‘zlar diniy kitoblarimizda yozilmishdir. Shunga ko‘ra, oqil odamlar bundagi turlik yomon muomalalarni, yomon axloqsiz kishilarni ko‘rgach, u dunyoda bandalar uchun tayyorlangan Tomug‘ (do‘zax) azobini eskarib, ibrat olishlari kerakdir.

B a y t:
 Oqil odam har ishdan ibrat olur,
Qaysi hol ichra tursa foydalanur.

Turma tartibi bo‘yicha har kuni kamerani supurish, parash ko‘tarish kabi xizmatlarni navbati bilan bir odam bajarib turishi lozimdir. Keksa, qari odamlarning kezigi (o‘rni, navbati) kelganda ularning xizmatlarini ko‘pincha o‘zim qilib turdim. Odam bolasi har ishga chidayolsa ham, bekorchilikga chidayolmaydi. Shuning uchun payg‘ambarimiz:
«Bekorchi, sog‘lom yigitlarni Alloh dushman tutadi, ishchan qarilarni do‘st ko‘radi. Buzuqchilik, fitna fasod ishlar ko‘pincha bekorchilardan chiqadi», dedilar. Ayniqsa, tog‘ tosh, dalatuzdan (tekislik, pastlik joy) kelgan qirg‘iz qozoqlar diniy etiqodlari bo‘sh, o‘zlari ochiq havo, keng dalalarda unib o‘sganligi uchun bunday og‘irchiliklarni ko‘p ko‘rmagan, turma mashaqqatlariga chidami yo‘q bo‘ladilar. Shu sababdan vaqtlik bo‘lsa ham, orti nima bo‘lishiga qaramay, imkoniyat boricha qutulish chorasiga kirishadilar.
Mana shu holdan foydalanib, xalq ichidagi o‘ng-so‘lini payqaydigan, ko‘zga ko‘rinarli kishilarning ko‘plarini bu makkorlar o‘zlariga josus qilib, burunlaridan bog‘lamish edilar.
«Dushman qo‘li bilan ilon boshini yanchi, o‘lsa ham sening foydang, chaqsa ham sening foydang», degan maqol so‘zi bularning shiorlari edi. Bu vijdonsizlarning ba’zi bir qo‘rqoqlari o‘z himoyalari uchun boshqalar ustidan nohaq so‘zlar keltirib, ko‘p odamlarning yostig‘i qurishiga sabab bo‘ldilar. Yolg‘iz shahar, qishloq, mahalla ko‘ylarida emas, balki har bir oilada ham, josuslik balosi boshlanmish edi. Bundan chiqayotgan
fitna fasod ishlar, har tomonlama xalqqa bo‘layotgan jabr zulmlar ko‘pligining haddi hisobi yo‘q edi. Shuning uchun bu Turkiston xalqlaridan, ayniqsa, ko‘pchiligi mazlum musulmonlardan yer osti, yer ustidagi butun turmalarini to‘ldirmish edilar.
Bu kabi hech bir davrda ko‘rilmagan vahshatli dahshatli azoblar sovet hokimiyati qurilgan kunidan boshlaboq davom etmoqda edi. Shunday qilib, ortig‘i bilan 6 kishi sig‘arlik kamerada 20 chog‘li kishi eng og‘ir ahvolda bir oydan oshiqroq yotdik. So‘ngra turma odati bo‘yicha kamera almashtirish ishi boshlanib, mani to‘qqizinchi uyga ko‘chirdi. Qarasak, bundagi ko‘pchilik ilgarigiga qaraganda necha barobar ortiqroq edi. Shu joyga chiqqan kunimizdan boshlab, To‘qmoq, Pishpekka qaraganda uzoq yaqindagi qirg‘izlarning boy manaplarini qoldirmay keltirib, bizning ustimizga qamadilar. Bular ichida Sayaq urug‘idan yoshi saksondan oshgan turkman oqsoqoli boshliq, yoshlari yetayozgan Kukumboy, Qurmon deganlar bo‘lib va ham shular qatorida har urug‘ qirg‘izlaridan ismi chiqqan, atoqlik manaplari ko‘p edi. Bular esa, yer osti kameralarida ko‘pchilik bilan besh o‘n kun yotkandan keyinoq, havoning buzuqligiga chidayolmay ishigali turdi. Oxiri bulardan yuqorg‘i sakson yoshlik turkman oqsoqol boshliq qancha ko‘p kishilar shu g‘ariblik turma azobida vafot topdilar. Alloh ularni rahmat qilsin!
Shuncha ko‘p qirg‘izlar ichida sakson to‘rt yoshlik bir chol kishi qutulib ketdi. Bu esa Otboshi Norin tomonidan kelgan, mol boqishdan boshqani bilmagan, xudo yaratganicha qolgan, bir mo‘min edi. Undan kim so‘z so‘rasa, o‘z tilicha aytib «Barm ishti so‘pom ile biletqu», deb qo‘yar edi. Bu so‘ziga mendan boshqa kim quloq solsin! Bir kuni yana shu yuqorg‘i so‘zini gapirganida «so‘pom» degani nima degani ekan, «subuhona» degani bo‘lmasin, deb o‘ylanib qoldim. Har kuni erta kech turma odaticha ikki vaqt havo yangilash uchun butun qamokdagilarni turma sahniga chiqaradilar. Chiqarish vaqti bo‘lib, eshiklar sharaqlab ochilishi bilan, tor qo‘roda qamalib yotgan hayvonlar kabi, o‘zlarini eshikka urib, tashqariga chiqishga intiladilar. Boshqa nima qilish kerak, bir nafas bo‘lsa ham kamera sassiqligidan qutulib, quyosh yuzini ko‘rish, sof toza havoda o‘ltirib, boshqa kameradan chiqqan mungdoshlarimiz bilan ko‘rishish biz uchun eng kerakli narsa hisoblanur edi. Chunki, ortig‘i bilan 15 kishilik o‘ringa 50 kishini qamagandilar. Hammaning yuragi g‘am qayg‘u bilan to‘lgan, buning ustiga turma tozalig‘i nochor, ba’zi odamlarning tan salomatligi yaxshi kutilmagan. Shu xil sabablarga ko‘ra sassiqchilik, if- loschilik qo‘pganlikdan hammani bit bosgan edi.
Shunday qilib, kameradagilar shoshilinch bilan chiqayotganlarida har kishi o‘zi bilan bo‘lib, yolg‘iz qolayotganini ko‘rgach boyagi «so‘pom»chi chol: «Hay baldar, mendag‘i qudaydin jarig‘in ko‘rayin, meni tashtamangdar», deb qattiq qichqirdi. Qarasam, shuncha ko‘p qirg‘izlardan birorta odam unga qayrilib qaramagach, men kelib qo‘ltiqlab tashqariga olib chikdim. «So‘pom»ning hurmati uchun boshqa kunlari ham «so‘pom»chiga qo‘limdan kelgan yordamimni ayamadim. Shu bilan uch to‘rt kun o‘tgach, buning ham sog‘lig‘i buzilib, salomatligi yo‘qola boshladi. Qo‘l oyog‘i tulumday (dum-dumaloq) bo‘lib ishigani turgach, o‘z oyog‘i bilan tashqariga chiqolmay qoldi. Bir kuni kamerada navbatchilik gali menga kelmish edi, qarasam, kamerani supurayotganimda cholim yig‘ini boshlab: «Aylanayin so‘pom, meni tashlab qo‘ydingmi», deb qayg‘ulik ko‘zlaridan yosh to‘kib, shu so‘zni ikki-uch qaytardi. Shunda aniq bildim, uning «so‘pom» degani «subhon» degani ekan.
Oradan 10 minut o‘tar o‘tmay, yuqorida o‘tirgan jallodlar boshlig‘idan birovi tezdan tusha kelib, qo‘lidagi qog‘ozga qarab, hammani tekshirib bo‘lg‘ach, yugurganicha yuqoriga chiqib ketdi. Xiyol o‘tmay yana qaytib tushib, hammamizni qayta boshdan so‘rag‘ali turdi. Kimning falokati arib, iqboli ochildi ekan deyishib, mendan boshqa hammalari jaldirashgan holda qarashib turardilar. Mening ko‘nglimda esa, bu cholning boyagi qilgan xudoga nolasi, otgan o‘qdek yetgan bo‘lishi kerak edi. Shuning uchun «Kimni istaysiz, oti nima?», deb undan tortinmay so‘ra-dim. Boshqalar esa, jallod oldiga kelgan o‘lim kishisidek termilgan holda qarab turardilar. Haligi odamni istagan ekan. «So‘pom»chi chol shunday qilib bo‘shanib chiqib ketdi.
Har bir musulmon odamga Alloh farz kilgan iymon taqlidiy emas, balki haqiqiy iymon ekanligini aniq bilishlari kerak. Haqiqiy iymonlik odamlar haq yo‘lda chidamliq bilan turadilar, har ishga haqqoniyat ko‘zi bilan qaraydilar va shu yo‘lda hech narsadan qo‘rqmaydilar. Dinsiz dahriylar davrida o‘z ko‘zimiz bilan ko‘rib o‘tgan tajribalarimiz ham, taqlidiy yuzaki musulmonlarning hech ishga yaramasligini ko‘rsatdi. Bunday odamlar jonlariga emas, balki turmushlariga ozgina zarar yetgudek bir ish bo‘lib qolish ehtimoli bo‘lar ekan, bunga qarshi diniy va milliy hissiyotlarini butunlay qurbon qilib yuborishdan tortinmaydilar. Bu dunyo shaytonlariga qarshi turolmagan taqlidiy iymon, oxirat shaytoni, mal’un iblisga qanday bardosh beroladi? Shunga ko‘ra, har ikki olam davlatini qo‘lga keltirish uchun yuzaki emas, haqiqiy iymonga ega bo‘lishlik, har bir musulmonga Alloh tarafidan buyurilgan farzdir.

Dunyo yaralgandan boshlab, hech bir davrda hozirgi zamonamizdek yer yuzini qoplagan ulug ofatlik balolar xalq boshiga tushgan emasdir. Chunki, inson nasi yaratilgandan beri, hech bir zamonda xudoga ishonmagan dinsizlar qo‘liga hukumat o‘tmagan edi. Endi esa, butun dunyoning teng yarim xalqi hech narsaga ishonmaydigan dahriylar hukmiga o‘tdi. Bularning eng yomon ko‘rgan narsalari xudoga ishonmoq va xudo qonuni bo‘lgan haqiqiy insoniy qonunlarga bo‘ysunmoqdir. Shuning uchun kommunistlar hokimiyatni qo‘lga olgan birinchi kunidan boshlaboq, diniy maktab va madrasalarni butunlay yo‘qotdilar. Shundan beri birinchi sinf bolalaridan boshlab, eng oliy yuqori darajaga yetkuncha dinga qarshi tashviqot darslari uzulmay o‘qitilib kelinmoqda. O’z maqsadlariga erishmoq va boshqalarni ruslashtirish uchun chiqargan baynalmilal qonuni Krzogiston, Qirgiziston, O’zbekiston va umumiy O’rta Osiyo xalqlari ustida yuzda yuz bajarilmoqdadir.
Buning birdan bir sababi esa, Maskov makkorlari o‘z davlatini mustahkamlash uchun bu o‘lkalarning, ayniqsa, O’zbekistonning naqadar buyuk ahamiyatga ega ekanligini yaxshi tushunishidur. Sovetga qarashlik butun o‘lkalar davlat tarkibida gavda misoli bo‘lsalar, ular oldida O’zbekiston hayot beruvchi jon hukmida bo‘lib hisoblanadi. Bizning bu Vatanimizdan nimalar chiqmaydi? Bu boyliklar qayoqqa ketayotganligi hammaga ma’lum edi. Birni berib, mingni oladilar, shunga ko‘ra o‘tgan chor hukumati davridan boshlaboq Turkiston o‘lkasini doimiy ravishda qo‘ldan chiqarmaslik, balki, imkoniyat topilar ekan, bu o‘lkalarni to‘la mustamlaka qilish siyosati boshlanmish edi.
Birinchi dunyo urushi chiqishi bilan olam siyosati o‘zgardi. O’sha zamon podshohlari taxtlaridan ajragach, Rusiyada kommunistlar firqasi shlaba qozondilar. Buning natijasida sovet hukumati qurilib, unga qarashli butun o‘lkalarda dinsizlik, xudosizlik boshlandi. Endi bu ajdarhodan qutulish uchun qanday chora qo‘llanilishi kerak degan masalaning vaqti o‘tkanligidan bu haqda fikr yuritib o‘tirishning hech hojati yo‘qdir.
Biroq payg‘ambarimizning goyibdan xabar bergan mo‘‘jiza so‘zlariga qaraganda va ham hozirgi jahon siyosatining ketishicha, oldimizda ulug voqealar bo‘lishi shubhasizdir. Mana shu kabi buyuk voqealar bo‘lar ekan, dunyo bo‘yicha umumiy o‘zgarishlar bo‘lmay qolishi mumkin emas. Shu o‘zgarishlar natijasida mustabid tuzumning temir qo‘rgonlari tor mor qilinib, asrlar bo‘yi zolimlar asorati ostida yotgan bechora vatan ahllari o‘zlarining halol meroslari ona vatanlari bo‘lgan Turkiston o‘lkasiga shunda, albatta, ega bo‘ladilar.
Lekin bu muborak kunga yetkunchalik bu ajdarhodan qutulish emas, balki unga yutilib ketishdan saq-lanish choralarini imkoniyat boricha qilib turishimiz lozimdir. Yo‘q esa butun dunyoni titratgan Temur kabi shon-shavkatpli hoqonlar mamlakati bo‘lgan ulug Turkiston o‘lkalarini bu yalmogizlar yutib singdirib ketishlari ko‘p uzoq emas. Chunki, Ovrupo davlatlari tomonidan asrlardan beri butun dunyo bo‘yicha qo‘llanib kelingan mustamlakachilik siyosati, ikkinchi dunyo urushi tugashi bilan o‘zgarib, har millat o‘z vatanla-riga ega bo‘lib, o‘z hukumatlarini qo‘lga oldilar. O’sha kundan boshlab, yolgiz Angliya davlati Osiyo, Afrikadagi mustamlakalaridan 30 dan ortiq mamlakat halqiga ozodlik berib, yana yangi usulda hukumatlarini qurib o‘zlariga topshirdi.
Endi butun olamda mustamlakachilik yo‘qolib, ozodlik davri boshlanganiga qaramay, sovet imperiyasi bir tomondan o‘z qo‘li ostidagi o‘n olti o‘lkalik xalqqa til uchida qogoz ustida ozodlik bergan bo‘lib, ikkinchi tomondan, sharmandalarcha mustamlakachilikdan ham yomonroq siyosat qo‘llab, butun xalqni, ayniqsa, Turkiston xalqini qul qilib, hayvondek ishlatmoqdadir.
Bunga ham qanoat qilmasdan yerlik xalqni yutib singdirish, vatanlarini esa ruslantirish qastiga tushdi. Turli bahonalar bilan Rusiyadan sel oqqandek kishilarni keltirib, vatanimizning eng go‘zal joylarini bular bilan to‘ldirishga kirishdi. Qirgiziston, Krzogiston o‘lkalaridagi yerlik musulmonlar ustida, agar siyosat shu hozirgi ketishicha davom etsa, ko‘p uzoqlamayoq bu ikki turk urugi o‘z tillaridan va ham vatanlaridan ajragan holda, hammadan ilgari ruslashib, yutilishga tayyor bo‘lib qoldilar. Chunki ikkinchi dunyo urushi to‘xtagan kunidan boshlab, hozirgi tarix 1968 yilga davr bu ikki o‘lkada yerlik xalqlarga ko‘ra rus zabonlarning soni tez ko‘payganligi shuni isbotlaydi. Shuning uchun hozir qutulish mumkin bo‘lmaganlikdan, uning vaqti kelguncha o‘zimizni yutilishdan saqlashimiz kerak. Qaysi yo‘l bilan bo‘lsa ham o‘zini saqlagan millat, vaqti kelganda sabablarni to‘liqlab, chidamlik bilan ishga kirishar ekan, albatta, maqsadni qo‘lga keltira oladi.
Endi dushmanga yutilishdan saqlanishning eng kuchlik quroli esa, shu ikki narsadan iborat: birinchisi diniy ixlos, ikkinchisi milliy hisdir. Qaysi millat bu hislarga halal yetkizmay yaxshi saqlar ekanlar, unday millat dushman tomonidan yutilib ketilishi mumkin emasdir. Kommunistlar hukymati dinga qarshi ellik yillik kurashi davomida O’zbekiston musulmonlarini, ayniqsa, o‘qituvchi va o‘quvchilarni o‘z dinlaridan anchagina yiroqlashtirib, diniy hissiyotlarini yo‘qota oldi. Lekin bularning milliy hissiyotlari har qancha tortishuvlar ostida bo‘lsa ham, shu kunlargacha ozmi ko‘pmi saqlanib kelmoqdadir. Endi bu hissiyotimizni doimiy ravishda saqlab qolishimiz uchun, keraklikzarur tillarni o‘zlashtirganimiz ustiga, o‘z ona tilimizga qattiq ahamiyat berib, milliy adabiyotimizni yuqori ko‘tarib, ilm va madaniyat tillari darajasiga yetkazishimiz lozim. Mana shundagina bizlar oldimizda ogiz ochib tayyorlanib yotgan qizil ajdarhoning yutishidan o‘zimizni saqlay olamiz. Til-adabiyotimiz qanchalik o‘sib, taraqqiy topar ekan, ilm ma’rifat ham shunchalik kengayaveradi.
U holda quruq otliq O’zbekiston bo‘lmay,. tilimiz qatorga kirgach, adabiyotimiz sohasi kengayib uning obro‘yi oshgan sayin, millatimiz hurmati ko‘tariladi. Bu esa milliy hissiyotimizni saqlab qolish uchun eng kuchlik qurollardan bo‘lib hisoblanadi. Shunga ko‘ra diniy hisdan ajraganlari ustiga milliy hislaridan ham ajramoq, XX asr madaniyat ajdarhosi ogziga tushib yutildi demakdir. Shuning uchun yosh qari demay vatanparvar, millatsevar o‘zbek olimlari o‘zlarining kelajak avlodlari oldidagi eng muqaddas vazifasi deb bilib, bu xizmatni eslaridan sira chiqarmasinlar!
Bir millat o‘z hayotiy huquqlarini kerakli sharoiti bilan qo‘lga keltirishi uchun, u millatning oliy himmat o‘gillari fidoyilarcha mol-jonini ayamay, bu yo‘lda har qancha qiyinchilik chiqar ekan unga qarshi ko‘krak kerib, chidamliq bilan ish olib borar ekanlar, ana shundagina haqiqatni yuzaga chiqarib, o‘z maqsadlariga erisha oladilar. Himmati o‘zidan oshmagan olimlarning butun qilgan harakatlari hayvonlarcha qorin to‘ygazishgagina boglangan bo‘lib, ular irodasiz, inson suratlik janivor lardir. O’z tillarini unitib, muqaddas dinlarini hammadan ilgari tashlagan holda, ular ilon ogziga kelgan quyondek yutilishga yaqin turadilar.
Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom «Kishi qaysi xalq tilini o‘rganib, ilmini olsa, uning tuzogiga tushmay, ziyon zahmatdan o‘zini qutqara oladi», dedilar. Bunday bo‘lgach, til o‘rganib, o‘quv o‘qituvdan kutilgan bizning birinchi maqsadimiz: butun dunyoga tanilgan Vatanimiz Turon Turkiston tarixini qoralashlardan saqlab va ham kelajakdagi avlod nasllarimizni seldek kelayotgan bosqinchilarga yutilishidan qutqarishdir. Agar shunday qilinmas ekan, iymonliklar xudo oldida javobga tortilib, boshqalar esa, so‘nggi avlod bolalarimiz tilida tuganmas la’natga qoladilar.
Yana o‘z so‘zimizga qaytaylik. Zolimlar tomonidan nohaq olingan shuncha ko‘p qirg‘izlardan yolg‘iz «so‘pochi choldan boshqa hech kim qutilolmadi. Ayniqsa, betoblikga uchragan yoshi ulug‘ kishilardan hech kim qolmadi. Buning ustiga o‘zlariga qarshi gumon qilib, yer osti kameralarida saqlanmish mazlumlardan qorong‘u tunlari, oldindan qazib tayyorlab qo‘yilgan chuqurlarning labiga keltirib, otilgan chopilganlar ham oz emas edi. Shu kabi og‘ir kunlar boshga tushganida yaxshi yomon ko‘zga ko‘rinib, do‘st dushman shunda ajraydi. Er kerakkim, shunday og‘irchilik kunlari torchilik yerlarida kishilikni yo‘qotmay o‘zini tuta bilsin.

B a y t:
Yaxshilik kunlarda barcha do‘st bo‘lur,

Qora kun tushganda kimdir ojiz o‘lur.

Shundoq qiyinchilik bilan Pishpek yer

osti turmasida yotqanimda menga jon kuydirib, vafodorlik bilan xizmat ko‘rsatuvchilar So‘quluq tungonlaridan Dovudhoji, Ma’sudhoji, Ma’sudoxun boshliq shogirdlarim edi. Bu tarix yozilgan kunlari qarasam ul vokeadan 38 yil o‘tmishdir. Hozirgi 1968 yil tarixida esa, o‘sha sadoqatlik do‘st shogirdlarimizdan ikki uch kishigina qolib, boshqalari foniy dunyodan o‘tib, marhum bo‘lmishdirlar. Biz uchun mol jonini ayamagan, xudo uchun do‘st tutingan, vafolik shogirdlarimiz edilar. Alloh ulardan rozi bo‘lsin!
O’sha vaqt turma tartibi bo‘yicha har o‘n kunda bir yo‘li yemak olishga ruxsat berur edi. Shu kuni bo‘lganida uch to‘rt yerdan ovqat kelgani ustiga, birovi oz deganda o‘n kishiga yetarlik qilib kirgizur edilar. Ayniqsa, tungonlarning manti, manpar, suyuqosh kabi boshqalarnikidan ortiqcha lazzatli taomlari ko‘pdir. Shunga ko‘ra butun kameradagilar shu kunning kelishini kutib turishardi. Ayniqsa, ichki Rusiyadan qochib kelgan ruslar ichida soqoli ko‘ksiga tushgan xristian ruhoniylaridan bir pop bor edikim, unga shuncha ko‘p ruslar ichidan birontasi ham yaxshi ko‘z bilan qaramas edi.
Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom aytgan ekanlar: «Uch turlik kishilarga rahm qilmoq kerak birovi shulki, avvalda, bir qavmning hurmatlik kishilaridan edi, so‘ngra xorlikka tushib qoldi. Ikkinchisi bir kishi boy edi, davlati qo‘lidan ketib, chag‘ay bo‘lib qoldi. Uchinchisi shunday olimdirki, zamonasida uning ilmini taqdirlaydigan odamlar, olimlar yo‘q bo‘lib, sof johillar ichida qoldi. Mana shunday odamlarga rahim qilinglar»,deydilar. Shuning uchun kelgan osh ovqatlarni yetganicha kamera ahllariga tarqatganimda hammadan ilgari o‘sha popga berar edim.
Yerlik nemislardan o‘qimishlik injener bir yigit ham bor edi. Shuncha ko‘pchilik ichida boshqaga qaramay, men bilangina so‘zlashar edi. Uning aytishicha, Parij dorilfununini bitirib, boshqa Ovrupo tillaridan ham ikki uch xil til bilgan holda, oliy ma’lumotga ega bo‘lmish ekandur. Erta kech tashqariga chiqqanimizda qo‘ltiqlashib yurar, kameraga kirganimizcha mendan ajramas edi. Bir kuni menga qarab: «Hay do‘stim, bu yirtqichlardan qutilsak kishi go‘shtini yeydigan yer bo‘lsa ham borar edik, bu vahshiylar qadamlari yetmagan pok joylarda ikkovimiz shu kabi qo‘ltiqlashib yurar bo‘lsak, bu kabi vijdon azobidan qutulib, eng ulug‘ davlatga erishgan bo‘lur edik»,deb oh tortardi. Buning bu so‘zidan qattiq ta’sirlangan bo‘lishim kerakkim, oradan shuncha davr, 38 yil o‘tgan bo‘lsa ham ko‘nglimdan ko‘tarilgani yo‘qdir.
Shunday qilib, 1931 yili butun qishni shu kabi yer osti kamera azobida o‘tkazdik. O’limdan surgundan qolganlarimiz zo‘rg‘a yozga ulashib chiqqach, qurilish ishlari boshlanib ketdi. Hafta o‘n kunda bir marta tashqaridan kelgan halol ovqatga qanoat qilib, turmaning harom taomlaridan totinmay, quruq nonchoy bilangina turdim. Buning ustiga kecha kunduzlab yer osti buzuq havoda yotganimizdan bo‘lishi kerak, kundan kunga kuchsizlanib, sog‘lig‘im nochorlashishga boshladi. Shunga ko‘ra ish so‘rab, tashqariga chiqishga ariza berib edim, xudo o‘nglab, ishga ruxsat qildilar.
Bahor kunlari qorong‘u kameralardan tashqari chiqib, ochiq quyosh, sof havo, keng maydonda turgach, o‘zimni yangidan hayot topib, boshqa bir olamga kelganday sezar edim. «Va in taudduv nematolloh la tuhsuvxo», yani «Sizlarga bergan Allohning ne’matlarini sanab tugatolmaysizlar», degan oyatni o‘qigan bo‘lsak ham, buning asli ma’nosini shundagina tushundim. Shundoqkim, insonning har bir nafasida ikki ne’mat bordir. U ham bo‘lsa toza havoning kirishi, buzuq havoning chiqishidir. Bunday bo‘lgach, boshqa ne’matlarning hisobiga qanday yetgali bo‘lg‘ay? Shu bilan qurilish ishlarida bir qancha vaqt xizmat qilib yurdim. Xizmatga chiqish yarim qutulishday bo‘lib, eshitgan og‘aynilar deyarlik har kuni yo‘qlab turishdilar. Ayniqsa, uyg‘ur Ibrohimoxun novvoy, o‘lgan bo‘lsa xudo rahmat qilsin, uning haftalik bir savat yog‘liq kulchasi bilan, bir chora (idish, tog‘ora) mantisi, yo bir tavoqda palov oshi uzulmay kelib turdi.
Bir kuni kechqurun xizmatdan qaytib kelganimda turmadagilardan bir kishi qo‘limni ushlab turib, «Sening paloni nemis do‘sting sud bo‘lib, uzoq yerga 10 yilga surgun bo‘lmishdir. Menga topshirdikim, «O’zbek do‘stimning qo‘lini tutqan holda, mening yolqunliq salomimni yetkur. Dushman ko‘lida uzoq safarga ketdim», demish ekan va yana: «Qayg‘ulik ko‘nglim ostidan o‘rin olgan uning muhabbatini umr bo‘yi saqlashga va’da beraman», demish edi. Men ham 6u voqeadan 37 yil keyin, ya’ni 1968 yili uning so‘zini eskarib, tarix yuzida qoldirishim bilan muhabbat ahli kim bo‘lsa ham, mening oldimda naqadar ulug‘ hurmatga ega ekanligini ochiq ko‘rsatdim.

B a y t:
Muhabbatdan ko‘ngullar nurg‘a to‘lg‘ay,

Sakkiz jannat oningdin hosil o‘lg‘ay.

Undan ajragan so‘nggida uch to‘rt oylab o‘z odatim bo‘yicha ishchanlik bilan turlik xizmatlarda bo‘ldim. Qamalgan kunimdan boshlab, biror marta bo‘lsin meni so‘roqqa chaqirmadilar. Birga qamalgan safar yo‘ldoshlarimni urib so‘kib, turli qiynovlar bilan so‘ragan bo‘lsalar ham, ilgari keyin Alloh meni bunday ishlardan asramish edi. Lekin ishning qattig‘ligidan haftada bir kun dam olishdan boshqa kunlarda ish vaqti 12 soatdan kam emas edi. Shunday og‘ir mehnatlar ostida 4 5 oy ishlatgan so‘nggida birdaniga bizni siyosiy idora qaramog‘idan katta turmaga ko‘chirmoqchi bo‘ldi. Bizni ishga chaqirishgan kundan boshlab, qo‘ra ichiga tikilgan kiygiz o‘tovlarda yotardik. Yana shularni o‘zimizga ko‘chirgizib, turma qo‘rasiga tiktirgach, bizni kameraga kirgizmasdan ularni yotoqxona qilib berdilar. Bu yerning qiyinchilik ahvolini ko‘rganimizdan keyin ilgari ko‘rgan mehnat mashaqqatlarimiz biz uchun rohat ko‘rilmish edi. Chunki, payg‘ambarimiz aytishlaricha:«Kimga bir musibat yetsa, unga sabr qilmoq kerak, undan yomonrog‘i bo‘lmagani uchun shukr kilish lozimdir». Shu bilan 6u joyda ham ishga borib kelib yurib, bir ikki oy o‘tkazgan bo‘lsak ham, odam ko‘pligidan ko‘p qiyinchilik ostida turib edik.
Shu orada bizning ustimizdan hukm chiqardilar. Shundoqki, hamsafarlardan men bilan boshlig‘imiz Nazirqulga 10 yildan, yana birovimizga yetti yil, qolganlar esa bo‘shatilmish edi. Bo‘shaganlar suyunishgan, qolganlari, ayniqsa, bizga o‘xshab og‘ir kesilganlar ichida yig‘laganlar ham bor edi. Kesim (jazo, hukm qarori) qog‘ozini qo‘limizga bergach, o‘qitib qarasak, jazoni ijro qilish ishi Toshkentdagi konqlager ixtiyoriga topshirilmishdir. U yerda esa qirq besh mingdan ortiq odam borlig‘ini onglamish edik. Kelgan mazlumlar har qanday yiroq surgunga ketar ekanlar, shu lager orqaliqgina yuborilar ekan. Sibirning eng yiroq, eng sovuq yerlari Slavka va Arxangelsk kabi joylariga hukm bo‘lgan kishilar ham shu o‘rindan uzatilur ekan. Bu joylarning haybati quloqqa ko‘p kiravergach, insonchilik ko‘nglimga turlik xayollar kelib, bundan qutulish chorasiga kirishdim. Toqatdan tashqari ishlardan qochish payg‘ambarlar sunnati bo‘lsa ham, qutulib ketish qiyin bo‘lganlikdan uzoq o‘ylanib qoldim. O’z o‘zimga:
«Mening nima gunohim uchun o‘n yil berdilar», der edim.

(Davomini o’qing)   

(Tashriflar: umumiy 12 556, bugungi 1)

Izoh qoldiring