Ishoqxon To’ra Ibrat. Tarixi Farg’ona & Rasulbek Ummatov. Ibratning ijodiy faoliyati

Ashampoo_Snap_2018.03.26_20h51m43s_002_.pngИсҳоқхон Тўра Ибратнинг «Тарихи Фарғона» номли асари нафақат Қўқон хонлиги, балки, Ўрта Осиё халқлари тарихини ёритишда муҳим ва ишончли манба эканлиги билан ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

ИБРАТНИНГ ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТИ
Расулбек Умматов
09

ummatov4.jpgИсҳоқхон тўра серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”, 1912 йил), “Тарихи Фарғона” (1916), “Тарихи маданият” , “Мезон уз-замон” (Замон тарозуси), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ тилшуносликка оид, илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар муаллифидир. Шунингдек, Ибрат назм бобида ҳам сермаҳсул ижод қилди. Ибрат шеърларини ва бошқа асарларини уч тилда (ўзбек, форс, араб) ёзган. Муҳсиний уни “соҳиби девон” деб сифатлайди. Лекин девон ҳозиргача топилган эмас. Умид қиламизки, ўзбек адабиёти келажакда яна бир нодир девон билан бойийди. Унинг эълон қилинган шеърлари вақтли матбуот саҳифаларида, турли тўпламларда талайгина. Шоирнинг ўғли Аббосхон 1910 йилда тузган баёзга отасининг 17 та шеърини киритган.

Эсимизда, зарбулмасалдай гап бор: бир рус генерали XIX асрда деган эканки, ерли халқ бизнинг тамаки ва ароқни ичишга ўргангач, Туркистонни бемалол бўйсундириш мумкин. Ибрат эса бу оғуларга муккасидан кетаётганларни кўриб, “Бўлубдур” радифли ғазалида назмий таассуф билдиради.

Алҳол муҳтасиб йўқ, бир-икки қилса ул дўқ,
Ичкуга халқ роғиб, дойим фиён бўлубдур.

Ушбу замон онлар, топди ривож ямонлар,
Йўқ эмди нуктадонлар, қандай замон бўлубдур?

Ҳар ерда ошкора фоҳиш иши-ла луъбат,
Носиҳ муҳтасиблар баста даҳон бўлубдур.

Бой ила камбағал йўқ, йўқ занларини фарқи,
Барча либоси ҳафтранг, бир ногаҳон бўлубдур.

Халқ ўлди эмди тартиб, рўмолга бурнин артиб,
Мошина айламасдан, киймас чофон бўлубдур.

Маҳбуби нахшихонлар, кўзи қаро жувонлар
Гастинсаларда юриб, сарфи зиён бўлубдур.

Манзума соли тарих, бу дахри инқилоби,
Минг икки юз тўқсон икки баён бўлубдур.

Ибрат, бу ерда турма, бунлар била ўлтурма,
Бу халқи феъли-ҳуйи сенга аён бўлубдур.

Ибратнинг замонга ҳамнафас шоирлигини шеърларининг сарлавҳасидан ҳам англамоқ осон: “Тарихи трактур”, “Тарихи чопхона”, “Ислоҳи миллат”, “Тарихи вагон”, “Қарз”, “Ариза”, “Шикояти замона”, “Қозийи қотил”…

Эрк идеалини тараннум этишда, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилишда, ижтимоий муҳитга халқчиллик ва кузатувчанлик билан қарашда, мустамлака зулми туфайли кучайган иллатларни қоралашда Ибрат ўз замондошлари Муқимий, Фурқат ва Завқийларга ҳамфикр, маслакдош эди.

Шунинг учун ҳам Ибрат ижодида маърифатпарварлик ва ҳажв уйғунлашгани яққол сезилади. Аслида бу икки йўналиш орасида мутлақо зиддият йўқ, аксинча, уларнинг бири бошқасини тўлдириб туради. Аниқроқ айтганда, Ибратдаги бу хусусият ягона эзгу мақсадга икки томонлама ёндошув, холос. Негаки, ёмонликни инкор қилишнинг ўзи эзгуликнинг тасдиғини англатади ёки яхшиликни мадҳ этиш жаҳолатни қоралашдир.

Исҳоқхон тўра Ибрат “Олти тилли луғат”ига форс, араб, ўзбек, ҳинд ва русча сўзларни жойлаштирган бўлса, “Хатлар мажмуаси”да қадимий финикия, яҳудий, сурёний, юнон, славян, санскрит, лотин, арман, грузин ва яна бошқа бир қатор ёзувлар ҳақида қимматли маълумотлар беради ва илмий хулосалар чиқаради.

“Луғати ситта ал-сина” – 53 бет, “Жомеъ ул-хутут” эса – 132 саҳифа ҳажмида китобат қилинган. Ибрат тил ўрганувчиларга қулай бўлиши учун луғат китобини икки қисмга ажратади.

Ибратнинг ўша пайтда “Туркистон вилоятининг газети”да босилган “Эски мактаблар хусусида” (1907), “Наманганда маҳаллий лавозимларга ўтказилган сайловлар хусусида” (1910 йил 21 март), “Фарғона вилоятидаги кўҳна шаҳар – Ахсикент тарихи” (1913 йил 23 июнь), “Тўрақўрғондан мактуб” (1914 йил 2 март), “Тошкент сафаридаги маълумотларим” (1914 йил апрель) каби мақолалари «ziyouz. com» сайтига жойлаштирилганки, уларнинг ҳар бири биттадан тарих. Чунончи, “Открытие Коканд–Наманганской железной дороги” (“Туркистон вилоятининг газети”даги қатъий қоидага кўра, сарлавҳалар русча ёзилган) “Қўқон–Наманган темир йўлининг очилиши” мақоласи ҳам бағоят қимматли тарихий манба эканлиги билан аҳамиятли: “Ушбу 7 июлда Наманган оташ ароба йўли битиб, они очилганлигиға шукрона байрами бўлубдур… ўшал аснода фотографлар ва ҳам алоҳида чақирилган кинимотограф ўшал ерда ҳозир бўлуб, тасвирларини олиб турибдур. Ул поез Чуст истансиясиға расми юришда юруб бориб, андин кейин Сирдарёға кўп харажатлар билан бино қилган ёғоч кўфрикдин ўтуб, …Наманганға келгандин кейин истансаға ниҳоятда кўп сардиялар йиғилиб, атрофдин, қишлоқлардин умрида оташ аробани кўрмаган одамлар келиб, ул оташ аробани биринчи маротаба кўруб ҳайрон қолиб, поез келаётган вақтда оқ саллалик одамлар адади ниҳоятда кўб – 25000-30000га етибдур”. Мақола газетанинг 1912 йил 15 июль сонида чоп этилган. Демак, Наманган темир йўли 1912 йил 7 июлда ишга туширилганки, бунинг манбаси жуда ишончли ва у журналист Ибрат қаламига мансубдир. Баъзи манбаларда Наманган темир йўли ишга туширилган сана – 1906 йил деб янглиш кўрсатилган, у ҳолда Ибрат 1907 йилнинг кузида литографик машинани поездда Оренгбургдан Қўқонгача олиб келгач, бу ёғига дастгоҳни от-арава ва туяларга ортиб машаққат чекмасди.

Исҳоқхон Ибрат ўзининг тугалланмай қолган асари – “Замон тарозуси”да ўша пайтдаги салбий ўзгаришларнинг халқ руҳиятига таъсири ва миллатни емираётган иллатлар хусусида куюниб ёзади. Асарни тўққиз мезонга бўлиб, уларда бир-биридан муҳим масалаларга тўхталади.

Масалан, адиб иккинчи мезонда одамларни гуруҳбозликка берилмасдан, бирлашиб яшашга чақиради. Бу тўғрида марҳум ва машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳам: “Ўзбекни ўлдирар маҳаллийчилик”, дея назмий таассуф билдирганди. Табиийки, миллатнинг гули бўлган ўткир қалам соҳиблари бу каби нуқсонларга бефарқ бўлишмаган.

Судхўрлик ҳам жамият ривожига ғов бўладики, бу тўғрида учинчи мезонда гап боради. Ибратнинг замондоши Садриддин Айний (1878–1954)нинг “Судхўрнинг ўлими” асари ҳам айни шу масалага бағишланганки, ўша пайтда халқ бу иллатдан нечоғли зада бўлганини англаш қийин эмас.

Олтинчи мезон бидъатнинг зарари ҳақида. Бидъатга берилган бандага бойлик буюрмайди. Чунки, бидъат дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг отасидир. Ибрат бундай беҳуда сарф-харажатлардан наф йўқлигини қуйидагича талқин қилади: “Ва ҳам жамъияти никоҳ тўйида булар қиладурғон исрофлари бир киши ўғлини тааллуқ қилдурмоқ бўлганда, фотиҳа тўй деган бир катта тўй бўладур… Ҳоли булки, шул фотиҳага беш юз сарф бўлса, никоҳ тўй куни албатта икки минг сарф бўлур. Бу сарфларни(нг) ўғлига ва қизига бирон тийин нафъи йўқ, ўртадаги кишилар ейдур, ичадур, киядур. …Сиф-сидирға балоси қалмоқдан қолган одат. Мана бу балолар устимизда оғир бир юкдур. Буни кўтаруб, мақсадга етиш бисёр қийиндур”.
Буни қарангки, маросимларни камчиқим қилиб ўтказиш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу асар ана шу жиҳатлари билан айни замонда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ…

Ибратнинг уйида махфий ғаладон бўлиб, 1937 йил 14 март тунидаги тинтувда унинг сири очилмаган ва Исҳоқхон тўра қаламига мансуб бир қатор битиклар, жумладан, “Тарихи Фарғона” асарининг қўлёзмаси ҳам НКВД чангалига тушмаган. Ибрат қизи Зарифахонга тайинлаган эканки:
– Ўша қоғозларни атлас кўйлагингдай асрагин…

Бу гапни бизга Ибратнинг набираси Жамилахон Низомова (Зарифахоннинг қизи) айтиб берди. Зарифахон арабий ёзувдаги “Фарғона тарихи”ни аввал лотин, кейин кирилл ёзувига кўчирган.

“Тарихи Фарғона” асари аввалида “Аммо баъд, бу бандаи Худо ва уммати Мустафо алкан ул-лисони, нотавон, аъно Қози Исҳоқхон сокини қалъаи Хон, аъно Тўрақўрғон мин музофоти Фарғона ва аз иқлими Туркистон, бу тариқа аён ва бу тарзда баён қилур…” жумласини ўқиймизки, демак, Ибрат бу асарни қозилик даврида (у 27 йил Тўрақўрғон қозиси бўлган) ёзган. Бу тарихий асарда асосан ўзбек давлатчилиги ривожининг оқсаган босқичи, яъни хонликларнинг таназзулга юз тутиши, рус босқинчилиги кулфатлари кенг тасвирланади.

Тарих шундай: Наманган шаҳри ва атрофи 1875 йил октябрь ойида Чор Россияси томонидан истило қилинган. Босқинчиларнинг ўта шафқатсизлиги “Тарихи Фарғона”да рўй-рост кўрсатилган. Ибратнинг ёзишича, Тўрақўрғонга кирган рус солдатлари қочганларни ҳам, қочолмай қолганларни ҳам отаверган. Ёки Головачев бошлиқ аскарлар Наманган шаҳрида бир кун қатли ом қилган, хатто масжид ва хонақоҳдагиларни ҳам қириб ташлашган. Исҳоқхон Ибрат халқимиз бошига тушган ўша кунларнинг жонли шоҳиди эди. У ўз кўзи билан кўрганларини шундай ёзади:

“Муаллифи китоб ул вақтда ўн беш ёшимда хату саводим чиққан талаба эдим, бирдан қоч-қоч бўлуб, ҳар ким ўз ҳолиға овора бўлуб, қиблагоҳимиз ўз ҳоллариға бўлуб, қаён кетдилар, билмадук. Бизлар ўз маҳалламиздаги хотунлар ва болалар илан қочиб бир боғда ётдук, то шомғача бу тўпу милтиқ овози ўқлар бошимиздан овоз бирла ўтуб тургани ваҳмида ҳеч ерга чиқолмай, боғда эдик, … “Кечаси сизларни бир киши чақирди” дедилар. “Ким экан?” деб боғдан чиқсам, қиблагоҳимиздан келган одам экан. Ул киши Муллакудинг (Наманган туманидаги қишлоқ. Муаллиф изоҳи – Р.У.) да эканлар. Боруб, болалар асир бўлдиму ёки отилиб ўлдиму, эсон-омон кўрмак муяссар бўлса эди, деб Юсуфхўжа ва Муҳаммад Зоҳид деган кишиларни юборган эканлар. Алар бизларни олуб, кеча илан жўнадук.

Бу муҳораба Ботур Тўра аскар йиққандан бўлғон эди, ўзлари қочиб кетиб, Тўрақўрғон фуқаросини бадном қилдилар. Мунда эски сипоҳлардан бир неча ададлари анча-мунча етушуб, Муҳаммад Мусо безанжир деган киши бош бўлуб, нодон кишилар ҳар ердан ўқ чиқаруб, Тўрақўрғонни ҳам икки кун отув қилдилар. Охируламр… эртаси жумъа куни юрт катталари маслаҳат қилиб, мусолаҳа сўрамоқға… борганларида Гловачўб қаттиқ сиёсат қилиб, сўзлашибдурлар. Айтибдурки: “Нимага эртароқ чиқмадинглар ёки тезроқ келмадинглар, мунча одам ўлмас эди… Русия катта подшоҳдур, сизлар урушолмайсизлар, яхши туруб фуқаролик қилсаларингиз, сизларни бой қиладур, агар жанжал қилсаларинг мана шунга ўхшаган отув қиладур…

Валҳосил, ўша отувдан сўнг Наманган тинчиди. Ўшал вақт куз вақти ҳижрий 1293-инчи, 94-инчисида эди, қавс чилласи бўлса керак. Наманган тамом Русия давлатига ўтди. Бу ишларики, яъни беҳуда фасод ишлар сабаб ўз аҳлимизни беилм ва бефикрлигидан бўлди”.

“Тарихи Фарғона” Қўқон хонлиги ҳақидаги асарлар орасида холислиги билан мўътабар, китобхон қалбига ҳам шу жиҳатдан яқиндир. Негаки, 1991 йилгача яратилган тарих дарсликларида ягона хулоса хукмрон. Яъни, биздаги бир-иккита хону хоқондан ўзга ҳамма подшолар илмсиз, жоҳил, золим, муттасил фуқаросининг қонини ичган ва эзилган халқ эса йил ўн икки ой қўзғолон билан банд бўлган. Айтинг-чи, у ҳолда миллий давлатларимизни ким бошқарган, тарих ва тараққиёт чархини ким айлантирган? Буюк ўтмишимиз фақат зулм, қон ва исёндан иборат бўлса, ўзбекнинг буюк тамаддуни осмондан тушганми? Людовиклар, Пётрлар, Елизаветалар, ҳатто Екатериналар буюк бўлганда, нега энди бизнинг ҳукмдорлар қип-қизил аҳмоқ деб сифатланиши керак?..

“Тарихи Фарғона”да Ибрат гўё ана шундай саволларга жавоб беради, юқоридаги бирёқлама қарашлар пойдеворига зарба уради. Ва муаллиф алоҳида айтмаса-да, уқмоқ мумкинки, ҳукмдор ҳам хом сут эмган бир банда ва табиийки, янглишади-да. Бинобарин, Ибрат қайси бир хонни ҳаққоний танқид қиларкан, айни чоғда унинг ижобий ишларини ҳам унутмайди: “Бу Фарғона ва Туркистон хонларидан икки киши фуқаро ва дину миллат учун ҳаракат этган эди. Бири бу амирлашкар (Алимқул. Муаллиф изоҳи – Р. У.) ва бири марҳумий Маллахон. Тўплар қуйдуруб, милтиқлар ясаб, корхоналар қилиб, тўплар узрасига кумушлар била ёзувлар ёзуб, яхши диққат эткан эди”. Шунинг учун ҳам бу асар нафақат Қўқон хонлиги, балки, Ўрта Осиё халқлари тарихини ёритишда муҳим ва ишончли манба эканлиги билан ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

ИСҲОҚХОН ТЎРА ИБРАТ
ТАРИХИ ФАРҒОНА
05

Миллий уйғониш даврининг ёрқин намояндаларидан бири, маърифатпарвар шоир, олим, сайёҳ, матбаачи ва муаллим Исҳоқхон Тўра Ибрат 1862 йили Наманган вилоятининг Тўрақўрғон қишлоғида зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Жунайдулла хўжа ва онаси Ҳурибибилар хат-саводли кишилардан бўлиб, мактабдорлик ҳам қилганлар. Исҳоқхон она-отаси қўлида савод чиқариб, кейинчалик турли мактаб ва мадрасаларда таълим олган.

Ибрат 1886 йилда Қўқон мадрасасини тугатгач, она қишлоғи Тўрақўрғонга қайтади. Ўз фаолиятини маърифат тарқатишга қаратади. «Усули қадим» қабилидаги мактабларни ислоҳ этиб, жадид мактабларини очишга киришади, меҳнаткаш халқ болаларини мактабга тортади. Аммо кўп ўтмай, мутаассиб кимсалар бу мактабларни «кофирлар мактаби» деб ёпиб қўйишади.

Шундан сўнг у 1887 йилда, яъни 25 ёшларида онаси Ҳурибибини ҳажга олиб бориш баҳонасида Жидда шаҳрига йўл олади. Аммо онаси ўпка шамоллаши орқасида вафот этгач, у Шарқ ва Ғарб мамлакатларига сафар қилиб, Истамбул, София, Афина, Рим, шунингдек, Қобул, Макка, Калкутта, Бомбей каби шаҳарларда бўлади. Сафар давомида араб, форс, ҳинди, урду, инглиз тилларини мукаммал ўрганади. 

Ибрат 1896 йили Ҳиндистон, Бирма, Хитой, Қашқар орқали ўз ватани Наманганга келади. Сафар натижаси ўлароқ, унинг «Луғати ситта ал-сина» асари майдонга келади.

Асар 1901 йилда нашр этилиб, у ўзбекча-русча ва кўп тиллик луғат яратишда муҳим тажриба ролини ўтайди. Муаллифнинг «Жомеъ ус-хутут» асари эса 1912 йилда яратилган, у дунёдаги қирқдан ортиқ тиллар ва ёзувлар ҳақида маълумот беради. У тарихчи олим сифатида «Тарихи Фарғона» (1916) асарини яратади. Унда Қўқон хонлиги ва, умуман, Туркистондаги хонликларнинг инқирози, мустамлакачилик зулми, энг муҳими, ўз халқининг ёрқин келажагига ишонч руҳи ўз ифодасини топган. Шунингдек, 1928 йилда унинг яна бир асари — «Мезон ул-замон» юзага келди.

Исҳоқхон Ибрат матбаачи сифатида 1908 йилдаёқ Наманганда «Матбааи Исҳоқия»ни ташкил этиб, китоб нашрига киришган эди. Бу ерда у кўплаб илмий, тарихий, бадиий асарлар билан бирга, замонавий мавзулардаги китобларни ҳам нашр этиб, илм-маърифат ва маънавият ривожи йўлида хизмат қилган.

Ибратнинг шоир сифатида ҳам кўплаб шеърлар яратгани маълум. У махсус девон тузганлиги ҳақида маълумотлар бор бўлса-да, улар бизгача етиб келмаган. Аммо кўп шеърлари матбуот саҳифаларида сақланиб қолган бўлиб улар ҳаётнинг турли жабҳаларидан ҳикоя қилади.

Ибратнинг миллий кутубхона, китобхонлик ишларининг илк ташкилотчиси ва тарғиботчиси сифатида ҳам хизматлари беқиёсдир. У асос солган «Кутубхонаи Исҳоқия» фонди бу жиҳатдан анча бой бўлиб, унда китоб бериш ва олиш маълум тартиб-қоидага мослашган эди.

1937 йилга келиб унинг барча фаолиятига чек қўйилди, китоблари ёқиб, йўқ қилиб юборилди. Ўзи эса қатағонга учради. Фақат истиқлол даврига келиб унинг номи ва ижоди асл қадр-қимматини топди. Китоблари чоп этилиб, ўзи туғилиб ўсган Тўрақўрғонда музей ҳам ташкил этилди.

Манбалар: Исҳоқxон Ибрат. «Тариxи Фарғона». Тошкент, 1992; Ибрат, Ажзий, Сўфизода. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1999; Исҳоқxон Ибрат. Тариxи Фарғона. Қўлёзма, ЎзМУ проф. Ғ. Каримов фондида сақланади; Исҳоқxон Ибрат. Жомеъ ул-xутут. Наманган, 1912.

05

БИСМИЛЛАҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ

5008446-kaleidoscopic-floral-tatoo-mandala-in-black-and.jpgҲамдимиз ул зоти вожиб ул-вужудғаким, мавжудоту махлуқотларини «кун» ибораси илан вужудға чиқоруб, холиқ ул-халқ вас-само ва сониъ ул-кавокиб вал-ҳаво ул зоти пок ақдас эконин зул-уқулларга аён ва ошкора этиб, алар маишати ва фойдасиға анвоъи фавокиҳот ва ниъамотларни курраи арзда халқ этиб, муждаи «халақа лакум ма фил-арзи жамиъан» оятин юборди.

Ва дуруди номаъдуд ўтмиш анбиёи изомларинаким, барчалари ҳодиййи умам ва набиййи муҳтарамдурлар. Алал-хусус салавоту салом набиййуно саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларинаким, шофиъи жами умам ўлуб, «лав лока ламо холақтул-афлок» муждасига ноил ўлуб, «ва-ласавфа юътика роббука фатарзо» ояти каримаси ҳақларида нозил ўлмишдур.
Ва дуруди номаъдуд чаҳор ёри изом ва хулафойи киромларинаким, миллати ислом учун сидқу эҳсон ва базли жон этмишлар.

Аммо баъд, бу бандаи Худо ва уммати Мустафо алкан ул-лисон, нотавон, аъни Қози Исҳоқхон, сокини қалъаи Хон, аъни Тўрақўрғон мин музофоти Фарғон ва аз иқлими Туркистон, бу тариқа аён ва бу тарзда баён қилурки, банда илмия муҳаббатинда умрум сарф ўлуб, гоҳ-гоҳи тафосир ва аҳодислар ила мутолаада бўлуб ва баъзи вақтларда таворихлар иштиғолинда бўлуб, бу олами фонийдан ўтмишлар сурати ҳол ва тааййуши афъоллари табодули замон ва инқилоби овондан табдил бўлуши мани ҳайратга солиб, олам таърихларин кўруб, илми таърих бир илми шариф ва бир фанни ажиблиги маълум ўлиб, ҳам «наҳну нақуссу алайка аҳсан ал-қасос» мазмунича ҳодисоти олам ва маишати одамдан воқиф ўлмаган инсонлар воридоти ва зуҳуроти замондин бехабар ўлиб, Каломи қадим мафҳуминча «ҳал яставий аллазийна яъламуна вал-лазийна ла яъламун» мантиқинча билмагон асфал, балки кал-анъом, бал ҳам азал ўлуб, мавжудот ва мукаввинот холиқи парвардигори олами оламиённи ўн сакиз минг оламиндан бирини билмай, билса ҳам комил эътиқод қилмай, илмдан мосуво ва дангасаи даргоҳ бўлиб, ҳайвони нотиқлик исмила машҳур ва бу лақабға мағрур ўтар экан, чунончи, Исломбул шуароларидан Исмоил Сафо айтур. Дерки:

Налар таҳсил эдар бир аср ичинда бузурги одам,
Ёзуқдур жаҳл ила кечмиш ўлан бир умр сад сола.

Юз йил умр кўруб, маснуъоти илоҳий ва махлуқоти ломутаноҳийларини мушоҳада қилмай, хоби ғафлатда ҳусну қабиҳ ашёни имтиёзидан орий ўтар экан зул-уқул ва увл ул-абсорларга мафҳум ва маълумдурки, таҳт ас-самоуд-дунёда ва курраи арзда мавжудот ва махлуқотларини анвоъ ва авзоълари ҳар бири мушоҳидин ва муваҳҳидиндурки «фаъъолун лима юрид» иродасига марбут ва бу даврда мазбутдур. Ва ҳам ақолими асбаъадаги махлуқларин хавос ва афъоллари ҳаво ва эътидоллари фоили мухторни камоли қудратига шоҳиддур. Оламни тамом кўрмак ва кезмак бир бандага муяссар ва мумкинотдан эмас учун ойоти қуръония «ла ратбин ва ла йабисин илла фий китабин мубин» буюрмишдур.

Ҳосил ул-калом ал-муддао ва-л-маром инсон анча-мунча бақадри илм башарият таворихидан билмак лобуд ўлмоқи маълумдур. Лоақал киши ўз мутаваттин ерини билмак заруриятдандур. Билмаса, тафосир ва аҳодисларда ва таворихларда мубаййиндур: кўрмак ва билмак илмдандур. Чунончи, бу бизни мутаваттин бўлуб турган Туркистон музофотида Фарғона деб машҳур ва бу лафз илан мазкурдур, муни таърихи қадимияларда бўлса ҳамки кимлар ўтган ва кимлар тарафидан бино бўлғонлиги ҳеч кимни маълуми бўлмай, Фарғона исми илан иктифо қилганлар. Бинобарин, бу адим ул-иститоъат Фарғона аҳлидан бўлиб, бу Фарғона аҳлига ўз иқлим ва мамлакатларин таърихини билдурмак бўлиб ва ҳам ман ваззаҳа муъминан факааннама аҳйаҳу мўжибинча бир таърих қолдирмоқ мақсадим бўлиб, таърихлар жамъ қилиб, миллатга ёдгор қолдурдум. Ва ҳам сиёсий тарафига бу китоб муносиб забон ва асбоби овон бўлиб, зарурлиги маълум ўлди. Бинобарин, бир неча вақт умрни тарихларга масруф этдим ва бу ерга етдим. Фарғона бир шаҳри қадим ва аҳолийи надимдурки, аввали Искандари Румийдан ва Қубод ва Афросиёбдан қолгандур. Муни атиййул баён равшан қилинур. Ҳоло исмини таҳқиқ қилиб бўлиб, сўнгра бино ва ободонининг ёзамиз. «Ажойиб ул-булдон» таърихида мазкурдурки, Искандари Румий Ақсои шарифда зулумотга борган вақтларида Фарғона баҳодир деган умароларидан бирини қўйиб кетиб, ул киши обод қилган экан. Ул киши номига мусаммо бўлган дейдур. Аммоки, «Равзат ус-сафо» да Нўширавон отаси Қубод подшоҳ вақти вафотига яқин Туркистон мамлакатининг Нўширавон ўғлига таъйин қилиб, Фарғонани аксар жойларини ул обод қилгон экан. Қубони Қубод ўзи бино қилган экон. Фарғона пойтахти ул вақтда Қубо экон. Ва баъзи вақтларда Ахсикент пойтахти бўлгон экон… воқеаси минбаъд ёзиладур. Валҳосил Фарғонага тарихларда кўб сўзлар ёзилгон экон. Бу жумладан, «Тарихи мулҳиқоту-с-сароҳ»да иборати арабий илан бул тариқа ёзадур: «Билод ул-Фарғона дийорун хасибун восиъатун. Ва бақоу ниам рийозуҳо мариъатун ва аросуҳо васиъатун. Ва мин атйаби амакиниҳа ҳаввон ва аъзобиҳа маъан ва асроъуҳа наман ва адрокиҳа симоран ва аброкуҳа мазоран балдату Уш ва биҳа жабалани мутабаррикани. Барокатун ва Ҳанафун. Ва ҳаволай Барокатин мазорот ул-аброр ва-с-сулоҳо ва қабру Асаф бин Бурхайо ва вазир Сулаймон бин Довуд алайҳиссалом ва биҳа индан-набси машҳад Қутайбата бин Муслим биқарйати Гулжа. Ва машҳадани машҳаду-р-руус ва машҳаду-н-нуфус Бописид силон. Ва йуқолу биҳа алфон ва сабъа миа мин ас-саҳобати ва-т-тобиъийн жаа ва иззату арсилҳиҳим амир ул-муъминин Усмон бин Аффон розийаллоҳу анҳум ва амри алайҳим Муҳаммад бин Жарир. Фасташҳиду ва исматуҳу жамиъан ва-л-қиссату маъруфатун. Ва машҳаду Абдуллоҳ бин Жабал байнал Қубо вал-Уш ва шаҳри Нав. Ва машҳаду Абдуллоҳ бин Али бин Ҳусайн бин Али бин Аби Толиб каррамаҳуллоҳу важҳаҳу ба Хўқанд қарийбун мин Сайҳун машҳур. Машҳад майдонун биҳи Бешариқ ва машҳаду Элик Нажр ал-мозий тоййибаллоҳу қурраҳу бо Вузжанд», — деб Фарғона атроф ва акнофлариндаги саҳобаи изом ва авлиёи киромларни баён қилгон экон. Ва лекин «Тарихи табақот ут-тоҳирий»16да мастурдурки: «Дар Фарғона зилзилаи азим воқе шуде дар санаи 1035 ҳижрий дар пойтахте Фарғона ке дар он ҳин Ахси буде аст. Бар наҳаж вайрон гардида ке чандин ҳазор мардумон дар зире иморат монде. Дар рўзи аввал беҳафтод нуубат ҳаракаташ расида то муддате шаш моҳ имтидод ёфте», — деган экон. Ул вақтда Фарғона пойтахти Ахси экон, яъни 579 милодийда. Бу Фарғонани шаҳарларидан кўҳналари Қубо ва Ахси бўлиб, ҳар бир подшоҳлар духули илан бир-бир пойтахт бўлиб, сўнгра бўлак подшоҳ духулида бўлак ерни пойтахт қилиб, ҳар бир вақтда бир жой пойтахт, бир жой шаҳар бўлиб, аввало пойтахт Қубод экан. «Қомус» да мазкурдурки: «Қубоддан кўп машоҳир шуаро чиққан экон. Чунончи булардан шуародан Рукниддин Қубойи асли Мовароуннаҳрда Қубо шаҳридан чиқиб, Исфаҳонға саёҳат этуб, Бадриддин Чочийми илан мушоарада бўлиб, Асириддиннинг шогирдидур. Уламои изомдан амир ул-имом шамс ул-миллати ва-д-дин Муҳаммад бин Муҳаммад ал-Қубодий салламаҳуллоҳу чиқмиш экон. Қубодни биноси ҳар мамлакатда кўб бўлиб, баёни иншааллоҳ ёзиладур. Қубодни ўғли Нўширавон Туркистон музофотида кўб ерни обод қилгон экон». Машҳурдурки, Кайқубодни пойтахти Қубод экон. Сўз аммоки, «Тарихи Табарий»нинг учинчи жилдида ҳадис подшоҳ Нўширавон песар Қубод деб қилғон зикрида Қубод вафотидан сўнг Нўширавон тож кийиб, тахтга ўлтургонда, ҳамма умаро ва уқало хурсанд бўлгон экон. Суҳбати подшоҳга роғиб, на учунки, отосини ҳаётидаги ақл ва каёсат ва адолати маълум бўларга муайян экон. Аноси хурсандлик изҳор қилгони ҳам «Табарий» ва «Равзат ус-сафо»да машҳурдур. Шул подшоҳлигини аввалида ҳамма мамлакатларга номлар юборуб, ҳаммани мутиъу мунқод қилиб, кўб шаҳарларни обод қилиб, ҳеч асари зулм қолмай, замони адл экон. Ҳаётилла деган Балх подшоси тобе бўлмай, урушмакчи бўлиб, Балх, андан ўтиб Туркистон ва Фарғона ва Мовароуннаҳр шаҳарларига келган экон. Андин яна подшоҳлигига кетган экон. Бул тариқа подшоҳ бўлиб, қирқ саккиз йил туруб, ўшал асрларда Туркистон ва Мовароуннаҳрда неча-неча ерларни обод қилгонини Ахсидаги воқеаси минбаъд ёзиладур. Бу Нўширавон Қубод ўғли, буни асри, Муҳаммад алайҳиссаломни таваллудлари Нўширавон вақтида экон. Таваллуди набиййинони тўртинчисинда Нўширавон вафот қилгон экон.

«Ажойиб ул-булдон»да мастурдурки, Фарғона иборати ҳар хонадур. Ҳазрат Искандар замонларида Ақсои шарифга боргонларида Фарғона ерида бир-икки адад форсисондин муҳожир бўлиб келиб, ўлтургон бечора деҳқони бодиянишинлар бор экон. Подшоҳга арзи аҳвол қилмоқ бўлиб, пешкаш учун нон-туз ўрниға бисотларидаги товуқларини пишуруб нон илан ҳазрат Искандарга тутгон эконлар. Анда ҳазрат Искандар савол қилибдурларки: «Бу нимадур?» деб. Анда арз қилгувчи форсийлар жавоб берибдурларки: «Мурғу нон». Яъни товуқ илан нон деганларида, подшоҳ Искандар: «Арзларингиз нимадур?» деганда, «Арзимиз: бул тургон жойимизни шаҳар қилиб берсангиз экон» дегонларида умаролари ичиндан бир бофаросат соҳиби ақл кишини таъйин қилиб, шаҳар қилмоққа амр қилгон эконлар. Ул кишини оти Фарғона баҳодир экон. Ул киши неча йиллар ҳаракат қилиб, ҳар шаҳардан, ҳар хонадан одам олиб ўтқузуб, отини Ҳар хона деб қўйуб, Ҳар хонани Парғона деб ўқуб ва ҳам ул муассис кишини исми(ни) қўймоқ бўлиб, Фарғона шуҳрат топган, аммоки алҳолда Марғинон дерлар. Ўшал товуқ илан нон тутган ердур Марғинон шаҳри исми бўлиб, Фарғона умумий иқлимига исмдур. Чунончи, мунга далил Марғинонда подшоҳ Искандар деган ийдгоҳ мазор бордур. Ул киши тушган ерлар будур.

«Тарихи шоҳи Жарир» да ёзибдур: «Исломдан қадим Қубод подшоҳ замонида маркази ҳукумат Қубо шаҳри бўлиб, анда мўғулиялар подшоҳларидан Хушдод дегон қалмоқ ҳукумат суруб, мажуслар қўлинда эди. Андин неча овон ўтиб туруб, сўнгги вақтда Каъб ул-Ахбор розияллоҳу анҳу неча минг араблар ила келиб, муҳораба қилиб, охируламр қалмоқ ғалаба қилиб, арабларни намозда қириб, мағлуб қилгондан сўнг улар кетиб, ҳазрат Усмон замонларида Муҳаммад бин Абдуллоҳ Жарир келиб, улар ҳам кўб ерларни исломобод қилиб, Қубода Хушдодни ўлдуруб, андин ўтуб Ахсидаги Ҳурмузни ўлдуруб, андин Косонда бўлган Ахшид дегонни қочуруб, Карвонбас дегон тобеъ бўлуб, ялғон байъат қилиб, охири ул ҳам кўб қалмоқ қўшини илан арабларни қириб, қолгонлари Арабистон кетгонларидан сўнг ҳижрий 96-97-йилларда ислом тарафидан футуҳот ўлуб, Имом Қутайба бин Муслим келиб, Бухоро тарафда бу мамлакатни бутун исломобод қилиб, бу шаҳарлардан кўб уламо ва фузалолар чиқмиш экон.
Булардан соҳиби «Ҳидояи шариф» , Марғинондан мошоҳир, Сўфийундан Абу Исҳоқ ибн Иброҳим Қубодий чиқиб, султон Маҳмуд Сабуктегин замонида Қубо шаҳри обод бўлиб, Байғу бин Туғон ҳукм суруб, адлу ҳаққоният ила машҳур, сўнгра манғулия қайтадан фитна чиқоруб, хароб бўлгон экон. Анинг кейинги исломобод бўлиши Имом Қутайба бин Муслим тарафларидан бўлгон. Бу зоти шариф марқадлари Марғинонда Гулж қишлоғидадур. Ул киши фатҳ қилгонлар мужмалан ёзилиб ўтди, муфассалан ёзамиз.
Чунончи, аввало арабларни ҳазрат Али замонларида Каъб ул-Ахбор маноқибларида мастурдурки: «Ҳазрат Каъб ул-Ахбор бош бўлиб, неча минг саҳобалар илан келганларида Фарғона шаҳарларида мўғулиялар илан муҳораба қилиб, қалмоқлар ғолиб бўлиб, қайтиб кетгон эконлар. Сўнгра ҳазрат Усмон замонларида Жарир бин Абдуллоҳ воқеалари бул эконки, Туркистон шаҳарлари аксари исломобод бўлиб, қалмоқ қўлидан давлат арабларга ўтганда, пойтахт йироқ учун ҳар доим қалмоқлар талон-торож қилиб, мусулмонларни бесаранжом қилиб турар экон. Ул вақтларда бу шаҳардин икки киши Арабистонға арзга боргон эконки: «Биз — аҳли исломни мажусийлардин халос килсалар» деб.
Анда ҳазрат Усмон тарафларидан Жарир бин Абдуллоҳ ном зотни — ҳазрат Усмон набираларини амирлашкар қилиб юбориб эконлар. Икки минг саккиз юз саҳоба илан Фарғона тарафларға келиб, Қубода бўлмиш Хушдод деган мўғул подшосиға нома киргузгонларида тобеъ бўлмай, муҳораба қилмоқчи бўлган экон. Сўнгра муҳораба қилишиб, Хушдод подшоҳни араблар қатл қилишуб, Қубо шаҳрига бир қози ва бир волий насб қилишиб, андин қойтуб, Ахсида бўлмиш Ҳурмуз подшоҳга келган эконлар. Нома киргузганларида ул ҳам тобеъ бўлмай, толиби муҳораба бўлуб, Ахси биёбонида икки кун муҳораба бўлиб, учинчи кунида ани ҳам
олиб, бир волий ва бир қози қўйуб, ўзлари Косонда бўлмиш Ахшид подшоҳи илан муҳораба учун борган эконлар. Араб аскарлари чандовул экон. Ерга тушуб, икки саҳоба илан нома киргузгон эконлар. Анда Ахшид элчиларни имтиҳон қилиб, сўнгра уч кун фурсат сўрагон экон. Булар фурсат берганда араблар илан уруш қилмоқға қодир бўлмай, Ўнғор ҳокими Карвонбас дегонға қочуб бориб, маслаҳат сўрагон. Карвонбас маслаҳат берибдурки, Зарканддаги боғинга бориб, яшунуб ётгил. Арабларни ишини ўзум саранжом қилурман, деб. Ул қочиб ётуб, араблар Косонни мусулмон қилиб, сўнгра Ўнғорга боруб, Карвонбасга нома киргузгонларида ялғондан иймон келтуруб, мусулмон бўлуб, истиқболларига чиқиб, ўрдасига таклиф қилиб, неча кунлар зиёфат қилиб, бир соҳибжамол қизини бериб, ҳадя қилиб, неча вақтдан сўнг махфий муҳораба асбобларини тайёрлаб, ўттуз минг қалмоқлар илан Сафид салол мазорида намози жумъада турганларида арабларни қириб, кўб саҳоба ва тобиъаларни шаҳид қилиб, қочиргон экон. Андаги муҳорабада шаҳид бўлгонлар бунга шоҳид. Ул ерларда шаҳидлар мазорларида тошларга ёзилган тарихи вафотлар ва манқабалари бордур. Ул ерлардин аксар кишилар ерлардан тилло ва танга ва чақа топарлар. Ҳамма араб саккалари тавҳид ёзилгон бўлур. Бу вақтларда ҳам кўб «Мулҳиқот ус-сароҳ» ибораси аввалда ёзилиб ўтди. Мунга нотиқдур. Чунончи муни мушоҳада қилмоқ бўлсалар, ўз асаримиздан «Жомиъ ул-хутут»23 тарихида бу тангалар сурати айнан босилгон эди.
«Матбааи Исҳоқия»дан ёки мусанниф ўзидин сўралса бўлур. Ҳоло биз ёзиб турган тарих «Тарихи Жарир»дандурки, ул назм экон, они биз насран ёздук. Бу китоби Фарғонада кўбдур, алалхусус Косонда кўбдур. На учунки, майдони ҳарб ул ер бўлгон учун уларда кўб ёзилгон. Аксар кишида бўлур. Валҳосил биз Фарғонани бақадри илм бир ерга еткуруб, сўнгра Фарғонада бўлгон шаҳарларни алоҳидатан ёзамиз.
Яна «Ажойиб ул-булдон»да мастурдурки, Фарғонани иккинчи дафъада Эрон подшоҳларидан Нўширавон 531-милодийда қилгон биноси дебдур. Бу қавлга далил будурки, Фарғонада бўлмиш Қубо шаҳрининг аввали биноси Нўширавон отаси Қубод бино қилган деб аввалда ёзилиб ўтди. Қубодни ўз исмига Қубод қўйуб, ҳоло долни тархим қилиб, Қубо ёзарлар. Авом ун-нос бўлса, оғизда Қуво дерлар. Қувони ҳеч маъниси йўқ.

Қубо тўғрисида «Қомус ул-аълом» қавлини ҳам ёзилди. Қубодан чиқмиш уламо ва шуароларни тиъдод қилиб эдук. Ҳосилул-калом Фарғона шаҳри қадимийси Қубо бўлуб, Чингизия ва Темурия хуружларида хароб бўлгон экон. Охиран ўзбеклар қўлина тушуб, бадавлат ўзбакия ташкил бўлиб, бунинг инқизосиндан ниҳояти Бухоро ва Хива хонлари эди. Хўқанд хонлиғи Кошғар ва Помир, яъни Шағнон ҳудудиғача Ўрол кўлина муттасил ўлуб, бутун Сайҳун дарёсини комилан шомил ўлуб, 1876 милодийда Русия қўлиға ўтуб, ҳоло давлати Русияда яшамоқдадурлар. Бу Фарғонага араблардан уч маротаба аскар келиб, учинчиси Имом Қутайба ибн Муслим бўлиб экон. Чунончи «Тарихи Табарий»да мастурдур ва бир фазл ила мазкурдурки: «94-ҳижрийларда Шом подшоҳи Абдулмалик бин Марвон бўлиб, Ҳижозга, яъни Маккаи Мадинага Ҳажжож бин Юсуфни волий қилган эди. Аҳмақ учун Бухоро ва Самарқанд ва Нахшаб ва Кеш ва Суғдга келиб, андин бир фазл қилиб, зақан Қутайба бин Муслим бағаррои жоҳ Фарғона деб равшан қилгон экон. Яъни Фарғонага келиб, анда бўлган мўғуллар илан муҳораба қилиб, Хоразм ва Нахшаб ва Кеш одамларидан мадад талаб қилгонда, улар миқдори йигирма минг одам жанги тайёрлаб бериб, Зарафшон, яъни Суғдга келгонда йўл йигирма минг одамни ҳажга жўнатиб, ўзи Фарғонага борган экон. Хўжандга келганда Фарғона одамлари асбоби ҳарб тайёрлаб, урушмакчи бўлуб, муҳораба қилган эконлар. Ҳеч кун урушдан холи турмай, охируламр Имом Қутайба амирлашкар эрдилар, шаҳарни ҳамма тарафдан муҳосара қилганда шаҳар аҳли мағлуб бўлмоқларини билиб, толиби сулҳ бўлиб, сулҳ қилиб, ҳар йили бир миқдор хирож бермак бўлиб, Имом Қутайба ислом лашкарини олуб қайтган эконлар. Ул вақтларда Нахшаб деб Насафни айтур экон. Насаф бўлса, алҳолда Қаршидур. Кеш деб Шаҳрисабздур. Исм табодил бўлиб кетган. Аммоки Фарғона музофотининг исми бўлиб, ҳар асрда маркази ҳукумат, яъни пойтахт бир ерда махсус бўлиб, ўзгалари анго тобеъ бўлур экон. Чунончи, мўғуллар асрида Қубо ва Ахси пойтахт бўлиб, мусулмония асрида Марғинон пойтахти Ёрмазор бўлиб, Андижон пойтахти Асака бўлиб, Намангон пойтахти Тўрақўрғон бўлиб, ҳар ерда ҳавоси тоза, суви покиза ерларни ҳокимлар маркази ҳукумат иттиҳод қилиб, ўтар эконлар. Ёзги ўрда, қишки ўрда дегандек».
Хайр, ҳосил ул-калом бугунги Марғинон гоҳ пойтахт ва гоҳи исми шаҳар бўлиб, Искандардан ва Нўширавондан, Қубоддан ва Афросиёбдан қолгон бир эски шаҳар ўлиб, эмдиги вақтларда Русия давлатига тобе бир волийлик ер бўлиб, Туркистон вилоятининг музофотга тақсим қилгонда тўрт ўблустнинг бири Фарғона ўблусти бўлиб, бир военной губернатур идорасида бўлур. Бу Фарғона уезига тақсим қилганда беш уез ўлиб, Хўқанд, Марғинон, Андижон, Намангон, Ўш шаҳарлари бўлиб, улар Фарғонаға тааллуқ шаҳарлардур. Фарғона Туркистонда бир катта музофот ўлуб, илгари вақтларда мусулмония ҳукуматида Хўқанд хонлари тарафидин идора қилинадургон бир ҳукумати мустақала эди. Бу кунларда Ўрта Озиё қитъасидаги шаҳарлардан ҳисоб бўлиб, бир губирналик музофотдур. Фарғона губирнаси шимоли шарқий тарафидан Самарчин, шимоли ғарбий тарафидан Сирдарё ёки Туркистон, ғарби жануб тарафидин Бухоро хонлиғи маҳкуми топойир. Яъни Шағнон ҳукумати мустақаласига муттасилдур. Жануби шарқи Чинға тобеъ Туркистони Шарқий, эски Кошғар маҳкумиға муттасилдур.
Фарғона аҳолиси аксариятда ўзбек, сорт, тожик, қорақалпоқ, қипчоқ тоғ тарафларинда … қирғиз — ерли халқлар булардин иборатдур. Ақлият ила ажнабалар тижорат ила мухталитдур. Булардин жуҳуд, ҳинди, арман, пирсиён, гурзин ва бўлак халқлар ақлиятдадурлар.
Фарғонани суви сероб, ҳавоси тоза, меваси покиза. Ерлар маҳсулдор ўлуб, Русия давлатида бўлгандан буён нечанд даража тижорат ва зироат ишлари муравваж бўлиб, темир йўллар иншоси ва воситаси илан ҳамма ишлари осон ўлуб, даҳоқинлари аксариятда пахта зироати илан ривожлануб, пахта тижорати бўлак ишлардан ривожда бўлиб, муни фойдасига алдануб, зироати миллийлари: буғдой ва жувари, арфа экмоқ йўқ бўлиб, эсларидан чиқаруб, 1913 милодийда пахта зироат ва тижоратига ўрганган кишилар қарз дарёсига ғарқ бўлганларини мушоҳада қилиб, эмди ақлият илан аввалги экинларига муҳаббат қилиб, авқоти экмакка тушдилар. Ҳатто ҳукуматдан авқот экмак учун неча мартабадин тарғиб бўлса ҳам пахтани ақчаси буларни авқоти экмақдин қўйди. Алҳолда авқотларини ва ҳайвонот авқотини сотиб олмакка мажбур бўлганлари буларни яна эски экинлари яхши эканин билдурди. Аллоҳумма, минбаъд аҳоли фикру андишадин йироқ бўлмасун. Омин.

Мунда бир оз иловаи калом бўлди. Хайр ул-калом, Фарғона бир мамлакати қадим ва аҳолийи надим ўлиб, аввали вақтларда мўғулиядан сўнг эдики, ҳар санада неча минг сўмлик мансуҳот ифак, атлас ва адрас ва беқасаб ва шоҳи атроф-акнофга торқолмоқда эди. Бухородан то Ҳиндустон ва Арабистонгача бу Фарғона ашёлари жорий эди. Бу Фарғона аҳлида бир хил калимлари бўлурки, исмини хидир шоҳи дерлар. Қийматда, рангда, маҳкамликда ва тозаликда Кошғару Қипчоқий, Қирғизий ва Қорақалпоқий калимлардан икки чанд баҳода сотилур. Русия давлатига ўтгандан сўнг бу ишлар ҳам чандон ривожда бўлиб, тижорати тараққий топти. Бу мамлакат фавокиҳот жиҳатида ҳаммадан яхши. Аммоки бунга аҳамият беруб, боғдорликни ривожландурадургон кишилар аҳолида кам, балки йўқ деса бўлур. 1334 ҳижрийда боғдорлар кўрган манфаат ва фойдаларини билиб, эмди янадан боғдорликка туштилар. Бўлмаса, узумни чиқориб, пахта эккон эди. Ерлари зархез, Ҳиндустон ва Арабистон меваларидан бўлак ҳамма мева мавжуддур.
1312 йилларда бу ерларга темир йўл иншо ўлуб, савдо ишлари янадан ривожга кириб, тараққий топти. Аммоки илмия тўғрисида биз халқда чандони аҳамият йўқ, таназзулда турур.
Бўлак фирқаларни илмдан топган даража ва маданиятларини кўриб туруб, ҳеч ҳаракат қилмайлар. Илмни асоси маишат эконин таҳқиқ ила билганлари йўқ. Бу сабабдин олимлари чўқ, ишларинда аҳамият йўқ. Таваккал илан қорунлари тўқ. Маданият учун ҳар қайси вақтдаги ўз илмини, яъни замона илмини қайси ривожда бўлса, они билмак зарурдур. Мунга ҳукумат мониъ эмас. Балкит ҳукуматдин бул тўғрида мактаблар очилуб, халқни тарғиб этар. Булар қочарлар. Умрларини ерга сочарлар. Билмам, қачон кўзларин очарлар. Валҳосилки буларда илмга аҳамиятлари бўлмоқлик учун бу халқимиз нодон, омиларимиз кўб бўлиб, авлодлари ўйун-кулгига машғул бўлуб, умрни арзон ўйунга сарф этуб, бовужуд бу мамлакатга жойдор мусофир бўлмасалар ҳам мусофирларидан маишатда ноқисдурлар. Ва аксар аҳолини аҳволи қарз балосига мубталодурлар. Шояд мундан буён саодат ва фазилат қадрини билсалар! Ажаб эмас, эмди, Фарғонани шул ерга келтуруб қўйдук, таҳқиқ қилиб қўйдук, энди Фарғонада бўлгон шаҳарларни зикри вожиби зиммамиз бўлган эди. Бу шаҳарларни бақадри илм баёнини этамиз.

ХЎҚАНД ШАҲРИ БИНОСИ

Хўқанд шаҳри Фарғонада бир катта шаҳар ўлуб, ислом подшоҳларини мақарри салтанати учун ибтидо Хўқанддан баён қилинадур. Важҳи тасмияи Хўқанд будурки, хавоқини Хўқанддан ул шаҳар бўлмаган вақтда Хўқанд ўрни тўқай ва қамушзор ерлар бўлуб, ул вақтда Чодак хожалари-тожиклар сўрар эканлар. Ул вақтда бул тўқайларда ҳар хил хўклар, тўнғузлар юрар экан. Алар ерларни ковлаб, ҳар хил овқат топиб ер эканлар, бу жиҳатдан тожик хожалар келганда неча ерлар ковлаган экан. Алар бу чуқурлар нима, деган. Ким ковлаган деганда, тожик жавоб бериб: «Хўк канд» деганда, яъни тўнғуз ковлаган деганда ул ерларни(нг) исми «Хўк канд» бўлуб, хўк канд айтмоқда қийин бўлуб, бизни(нг) туркийда «қоф» ҳарфи қавий учун Хўқанд бўлган, форсий «коф»ни туркий «қоф»га бадал қилганлар, туркийлар лафзидур. Мана, энди, яна бир бадал бўлди, русча айтмоқда «қоф» йўқ «Кўканд» бўлди. Шунга ўхшаш ҳар вақтда, ҳар қабила лисонлари илан табодил ўлуб, шевалари ўзгарган. Муни баъзи хўқандий яхши таъвил ила Хўйи қанд дерлар, яъни феъли-хўйи қанд деган эмиш.
Хўқанд хонларини(нг) ибтидоси Олтин бешик деб «Таърихи Шоҳрухий»да баён қиладур. Ул вақтда Хўқанд йўқ, атрофда Тирғов деган ва Чинкат деган ва Сарой қишлоқлари бўлуб, Тирғовда бир мудаббир киши бу халқни(нг) хонзодаси бўлмаса инқиёд қилмасликларини билиб, ўшал вақтда Андижон хонларидан Бобурхон ибн Умаршайхни(нг) Андижондан қочиб кетиб турган вақти экан. Ул киши ўз оиласиндан бир бачаси ва бир марзиаи ғабийни неча хил олтун ва кумушлар билан тазйин қилиб, анинг бешикларини кимхоб ва атласларға ўраб, Бобурхонни(нг) қочуб ўтуб тургон ериға махфий ташлаб, анга посбонлар қўюб, тофуб олмоқ учун бўлак халқларни(нг) муояна билмаки лозим. Неча кундан сўнг уч қишлоқдин сув очмоқ учун одамлар чиққанда ҳаммалари бешикни кўруб, бирдан талаш қилиб, охири ичларидан бириси чек қилмоқ бўлганда уч тақсим қилиб, чек солиб, бешик саройликларға, ёвуғлари чинкатликларга, бола тирғовга тушганда, ҳар қайсилари ўз чекларига тушган нимарсаларни олиб кетиб, болани тирғоваликлар тарбият қилиб, ани(нг) отини Олтун бешик деб, андин неча қарн ўтуб аввали тўққуз юз ўн тўққизинчи ҳижрийдан Олтун бешикдан Шоҳруххон ўртаси икки юз йилдан зиёдароқ ўтуб, ўн ато билан бир минг бир юз йигирманчи санаси Шоҳруххон жулус этиб, муфассал ёзилиб келган таърихлари ҳам бор эди. Тахтгоҳлари Хўқанд шаҳри бўлуб, мазкур наслдан йигирма саккиз зот тахтга ўлтуруб, Шаҳрихондан юқориси бий исминда, андин қуйиси хон исмини олмишдурлар. Буларни(нг) охири Худоёрхон ўлуб, ани ақабинда бир-икки зоти бесабот хон исмини кўторуб, 1292-нчи сана Хўқанд шаҳри Русия давлатига ўтгандан сўнг бири маъзул ва бир неча кундан сўнг бири мақтул 1293-нчи санасинда хон исми Фарғонадан маъдум ва давлатлари номаълум ўлуб, жамъи ҳукуматлари уч юз етмиш тўрт йилга еткандур. Бу Олтун бешикни(нг) халқға хонзода эканин равшан қилмоқда неча илова сўзлар қўшулуб, болани(нг) бошида булут соя қилган экан, кийик эмизуб турган экан ва қуш соя солган экан, деб халқни(нг) қулоғиға ўрнатуб, то ангача йигит бўлуб, ҳурмати ва эҳсони зиёда бўлуб, хушахлоқ ва хушмурувват бўлса ҳам Тирғова қишлоғидан бўлак халқ инқиёд қилмай, ҳар қайси жамоада бир бий бўлуб келса ҳам, Олтун бешикни(нг) бийлиғи шуҳратлироқ бўлуб, мундан олти авлод бу суратда ўтуб, еттинчи авлодига келганда бул киши бонийи Хўқанд бўлуб, Шаҳмастбий исмини хон лақабига чиқоруб, ниҳоятда сўзи нуфузли бўлуб, хон исмини ривожлатиб, Шоҳруххон деб шуҳрат тофган экан. Мундин муқаддам ихтилоф этсалар ҳам Шоҳруххон асрида хонлик шуҳрати бутун бўлуб, Хўқанд пойтахт ўлуб, ўзидан ҳазрати Одамғача насабини исбот қилуб, муассиси салтанат бўлуб, аждоди хавоқини Хўқанд катта муаассаи тибён бўлган экан.
Шоҳруххон минг бир юз йигирмада тахтга ўлтуруб, комил ўн икки йил подшоҳлик қилиб, ўн учинчи йили вафот этган. Абдураҳимбек, Абдулкарим исминда Шодибек деган уч ўғли бўлуб, отаси маснадида Абдураҳимбек жулус этиб, бул ҳам ўн икки йил хонлик қилиб, минг бир юз қирқ олтинчи ҳижрийда вафот бўлуб, биродари Абдулкаримбек тахтга ўлтуруб, бул ўн саккиз йил хонлик қилди. Бул ҳам бир минг бир юз олтмиш тўртинчи йилда вафот бўлди. Ўғли Абдураҳмон жойина ўтурди. Тўқуз ой зарфинда бул ҳам чиқорилуб, ўрниға амакибаччаси Эрдонахон ибн Абдулкаримхон жулус этди. Абдураҳмонхонни Марғинонда ҳоким қўйди. Бир санадан сўнг Эрдонахонни ҳам чиқорилуб, ўрнина Бобобек ибн Абдураҳимхон ўлтурди. Бир йил ичинда Бобобек қатл қилинуб, Эрдонахон иккинчи хонлик тахтина ўтурди. Бир йил ила жамъи ўн икки йил жулус этуб, бир минг бир юз етмиш олтинчи санаси вафот этди.
Баъдаҳу жамоаи сардийя ва ўзбакия жамъ бўлуб дедиларки, Шоҳруххоннинг икки ўғли Абдулкаримхон, Абдураҳимхонларнинг навбати ўтуб, учунчи ўғли Шодибекка етди, буни ҳақидур, деб 1177 йили Сулаймонбек ибн Шодибекни хон кўтаруб, олти ой байнинда азл ва баъдаҳу қатл этилди.

АСРИ НОРБЎТАХОН

Норбўтахон ибн Абдураҳмонхон ибн Абдулкаримхон ибн Норбўтахон тахтга жулус этди. Ўн тўрт ёшинда ўтуз олти йил ҳукумат суруб, 1213 йилда вафот этди. Фарғона хонлари ичинда бу зот узоқ давлат кўруб, бул кишидан кўб салтанат сурган киши йўқ. Бу кишини Борбўта валломий дер эканлар. Валломий «валийи уммий»дан бўлур, яъни подшоҳи оми (яъни бутун омма ҳукмдори — изоҳ нашрга тайёрловчиларга тегишли) деган сўз, сардия маънода «соҳиби ҳиммат» фаҳм қилурлар. Бу валломийдан Олимхон ва Умархон ва бир хотундан Рустамбек номинда ўғуллари бўлуб ва Ҳожи номинда бир биродари қолибдур. Бу Ҳожибек Шералихоннинг атоси Худоёрхоннинг бобосидур. Биродари Норбўтахон ила ароларинда муддати мадид мухолафат пайдо ўлуб, Норбўтахон вафотидан сўнг мазкур уч ўғул ва Ҳожибек -бу тўртовларини(нг) бир-бирини хон қилмоқда аҳолийи Фарғона ихтилофда қолуб, ҳар тоифа бирини хоҳдаб, оқибат жамоийяи мингия ғолиб, бўлаклар солиб бўлуб Олимхони соҳибқиронни тахтга чиқордилар.

АСРИ ОЛИМХОН ИБН НОРБЎТАХОН

Бу Олимхонни(нг) лақаби Золимхон эди. Бунинг амакиси Ҳожибекни қатл қилиб, кўб зулмлар чиқарган эдики, ғазабиндан, зулминдан Золимхон машҳур ва маъруф, мункири аҳли тасаввуф эди. Маъа мофийҳи ўзини муташарриъ билиб, ижрои шаръ иддаоси-ла кўб зулмлар қилур экан. Чунончи, бул жумладан ўзини(нг) қўл берган пирини дарраға ётқузуб эди. Сабаби шул эканки, Фарғонада бир шаҳарға неча маротаба аскар юборуб, қўшун илан ололмаган экан. Пирига айтганки: «Тақсир, дуо қилинг, фалон шаҳарни олмоқ тўғрисида. Кўб молу жон сарф қилдим, фатҳи муяссар бўлмади, бир қанча аскар талаф ўлди, шояд дуонгиз хосияти бу шаҳарни олсам», — деса пирлари муроқабага бориб, бошларини кўтаруб деган эканки: «Фалон ой, фалон кунда унда аскар юборсанг олурсан», деганда амри пир мўжибинча ул вақтда аскар юборуб, ул шаҳарни олган экан. Хурсанд бўлуб, пирларини чақируб, изҳори миннатдорлик этуб айтубдурки: «Тақсир, фалон ой фалон кун дедингиз, алҳамдулиллоҳ, дуолари барокатидин фатҳ муяссар бўлди, муддаоға етдим», — деб хурсанд бўлуб, пирларидин сўраган эканки: «Тақсир, тарки вожибни. жазоси нимадур?» деганда пирлари жавоб берубдурларки: «Етмиш қамчи» деганда, дарҳол пирларини ётқуздуруб, етмиш қамчи урдургон экан. Пирлари: «Мандин нима гуноҳ ўтдики, таъзир бердинг» деганда, «Авлиёға каромат сатри вожиб эди, сиз кароматни ошкор қилдингиз. Тарки вожиб жазоси етмиш қамчи экан, ўз қавлингизда бинобарин етмиш қамчи едингиз», — деган экан. Буни(нг) замонида эшон исми йўқ бўлуб, қайда сулукдан сўз очган киши бўлса, дарҳол тутуб, ҳавзи чуқурни(нг) тефасиға арқон тортуб: «Эшон, сиротдин муридларни ўткарсанг, аввал бул арқондан ўтгил», — деб кўб эшонларни ҳавзға пишуб ва баъзиларини зиёфат қилиб, мишиқни пишуруб, ошга қўюб, қуён гўшти, ов қилганда сайримизға қуён тушти деб, билмаган эшонлар еб, балоға қолуб ва баъзилари баилми каромат билиб: «Эй жонвор, сен маъкулот эмассан», — деб, «пишт» деб ошдан тушиб, қочуб кетиб булар халос қилиб олган эканлар. Бул хил зулмлар не, иниси Рустамбекни ўлдуруб, саркардалардин қанча ўлдуруб, охири бу зулмларини(нг) мукофотига умароларидин бўлуб, ўғли Шоҳруххон илан ҳар иккисини биёбонда ўлдуруб, жасадни Хўқанд олиб келуб, дафн қилган эканлар. Мустақил ҳукумати ўн йил ўлуб, музоҳамат ва мунозаати илан ўн икки йилға еткан экан. Бу тарзда оламдин кетган экан.

АСРИ УМАРХОН ЖАННАТМАКОН ИБН НОРБЎТАХОН

Умархоннинг жулуси Олимхондан, яъни қатлиндин муқаддам бўлиб, Олимхон фавтидан кейин иккинчи дафъа хон кўтарилиб, уламойи аср иттифоқ этган эканлар. Умархон аъдал ул-азмон, аълам ул-ақрон фазл жиҳатиндан банийи Шоҳрухни(нг) жумласиндан фоиқ, шоири фасҳи баён ва балиғи аён ва сухансанжи овон, форсий ва туркийда беҳамто ўлиб, аҳли балоғатлар баъзи шеърларини кутуби маъонийда ирод этган эканлар ва манфаати омма учун мусораъат ва аҳкоми шариъатда базлу муъованат ҳусни тадбирлик ва сиёсатга саъйи ва мубодаратлик бир хони номдор ва бир подшоҳи комкор эди. Аҳли камол комил муҳаббати ила ва аҳли ҳунар тамоми муваддати ила ўлиб, айёми ҳангомида Бухоро ва Хива ва Хоразм хонларидан ва Ҳиндистон ва Курдистон каби мамолики баъидадан аҳли фазллар келиб, хизматинда бўлган эканлар ва имтиҳон этган эканлар. Ул асрда шоирлик ривожда бўлуб, шуъ-аролар кўпайган эканлар. Булардан Хотиф, Машраб, Фитрат, Адоий, Акмалхон тўра, Намангандан Мавлоно Фазлий ва шоиралардан ҳам неча адад фозила хотунлар бор экан. Буларни(нг) ашъорлари «Мажмаът уш-шуъаро»ларида мастурдур. Чунончи, хонни(нг) боргоҳи олийинда бир кун шуъаролар мажлиси экан, тўрт адад маҳрамлар аёғ устида туруб хизмат қилиб, чой қуйиб турган экан, хон маҳрамларга қараганда ҳаммаси одоби тамом илан тургани манзур бўлуб, Мавлоно Фазлий Намангонийга қараб хон буюрган эканки: «Бул гулрухларға бир нима сўз айтинг», — деганда Мавлоно Фазлий било таваққуф бу тўрт адад маҳрамларга қараб деган эканки, биринчисини(нг) оти Зулфиқорхон экан, иккинчисини(нг) оти Сайфиддинхон, учинчисини(нг) оти Содиқхон экан, тўртин-чисини(нг) оти Қулмуҳаммадхон экан. Фазлий дафъатан:

Зулфиқорхон: Тилим гўё бараҳна Зулфиқори наъти Аҳмаддур,
Сайфиддинхон: Кесарга риштаи ботилни Сайфиддин мушаддаддур,
Содиқхон: Етушса муниси Содиқ ҳама козиб бўлур барҳам,
Қулмуҳаммадхон: Ҳама олам умид эткучи яхши Қулмуҳаммаддур,

— деганда, хонга манзур бўлуб, устида кийиб ўлтургон беш юз тиллолик пўстунни(нг) енгини тутуб, Мавлоно Фазлийга кийгузуб, яна неча юз тилло эҳсон қилган экан. Бошидин бир лаганд танга чочган, деб машҳур Умархон асринда мадраса қилмоқ, илмга ривож бермоқ, шариат аҳкомини жорий қилмоқ расм ўрнинда бўлуб, хон ўзи бошлаб, мадрасаи жомиъни(нг) биносига урунуб, асосга тош қўймоқ бўлганда уламо ва фузалолар ва умароларни(нг) акобири вилояти Хўқанд жам бўлганда: «Асос тош қўядургон киши балоғатдан буён тарки мустаҳаб содир бўлмаган киши тош қўёдур», деганда, бу уламою фузалолардан ҳеч ким қодир бўлмай, ожиз бўлганда хон ўзи: «Алҳамдулиллоҳ, ман тарки мустаҳаб қилмаганман умрумда!» — деб асос тошни ўзи қўйганда, уламойи аср иттифоқ илан «жаннатмакон» лақабини берган экан.
Бу жаннатмакон асринда уламою талаба ва аҳли илм ривож бўлуб, шоирият мўътабар экан. Ўзи шеърда беназир ўлуб, «Жамъ уш-шуъаро»синда фасоҳати баён ва балоғати аёндур. Чунончи, ул вақтда Бухоро амиридан амир Ҳайдардан элчи келиб, тобеъ қилмоқда амирдан иноятнома олиб келиб экан, Умархон ўзи жавобиға бир мисраъ жавоб ёзуб, қайтарган экан. Ул вақтда Хива хони Абдураҳимхондин ҳам элчи келиб, ҳар иккиси ўзига тобе қилмоқда эканлар. Амирга назман муни ёзган:

Сазад, ки мири Бухоро мутеи ман гардад,
Умар ба вақти хилофат муқаддам аз Ҳайдар.

Яъни, амири Бухоро манга тобе ўлмақ лозимдур, на учунки, мартабаи хилофат ҳазрати Умарга тобе бўлуб, сўнгра ҳазрати Ҳайдари каррор Алийу-л-Муртазоға келадур, деган мазмун бўлуб, бу ўртада Хива хонидан келган элчи назман муни деган экан:
Муҳаммад Раҳим олдида тобса жой, Умар тобе ўлмазми, Ҳайдар мутеъ?— деганда, бу назм мақбул бўлуб, муҳрина ўйдургон экан, яъни Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Борий таоло олдида мартаба топганда ҳар иккиларингиз тобеу матбуълик иддаосидан кечиб, Муҳаммад Раҳимхонға итоатлар алиқ ва ансабдур, деган экан.
Жаннатмакон асринда ўзина бамисли шоиру шоиралар бўлуб, бир кун сайри бўстон қилиб кетиб турганда бир мастураи зебо заифаға тўғри келиб, анда хон назман:

Зери домони тў пинҳон чист, эй гул пираҳан? —
(Эй гуллибосли, домонинг тагида недир пинҳон?)
деганда,

мастура жавобан деган эканки:
Нақши сўмми оҳуйи Чин аст дар барги суман.
(Чин оҳуси туёғининг суман баргида қолган нақши)

деб айтганда, хон яна назман айтган:

Боз ташбеҳи дигар кун, эй бигардам аз сарат, —
(Ўзга бир ташбеҳ эт, эй, бошингдин ўргулай)

деганда, шоира деган эканки:

Ғунчаи серобро монад, ки нашгуфта даҳан,
(Ҳали очилмаган бир тоза ва тар гунча) деган экан.

Бу тариқа бадиҳагўй шоиралар бор экан.
Бу хон асрида уламоға ривож бериб ҳар ишни уламо фатвоси илан қилур экан. Бир асокири шонаҳу илан ўтуб боруб турур экан, бир ҳаммомдан оби мустаъмал чиқиб, навдан оқиб турган экан. Уламоларга хитоб қилибдурки: «Бул сув ҳукми шариъатда нимадур?» деб. Уламо айтибдурки: «Тақсир, шариъатда ҳалоли жорий, аммоки, табиат тортмас!» дегонида: «Шариат ҳукмиға қарамаган табиатни ташламоқ лозим!» деб ҳурмати шариъат деб бир овуч ичган экан.
Бу зот ҳам ўн икки йил хон бўлуб, 1237 ҳижрийда ҳавори раҳматга восил бўлган экан. Бу жаннатмакон асринда ҳамсуҳбат мусоҳиб уламолардан, чунончи, Зокирхўжа эшон, Шайх ул-ислом Намангоний ва Мавлавий Намангоний ва домла Мирзойи Қозикалон ва ҳазрати домла Мўъминжон ва ҳазрати домла Абдураҳим ва ҳазрати домла Маҳдумзард ва ҳазрати Мавлавий Кобулий ва домла Пискатий ва умаролардан ҳамжулуслари Амир Шоҳмуродхон марҳумнинг ўғли ва амир Ҳайдар подшоҳи Бухоронинг биродари Исҳоқбек тўра ва Султонхон тўра Аҳрорий ва Маҳмудхон тўра Аҳрорий ва Маъсумхон тўра Аъзамий ва Эшонхон тўра ва Тўрахон тўра ва Жаҳонгирхон тўра ва Саййид Офоқийлар бўлуб, подшоҳликка тааллуқ ҳар иш ва ҳукм бўлса, буларнинг фатволари илан амал экан.
Ул асрни(нг) шуъароларидан кўб кишилар марсия ва таърих қилган экан. Ул жумладан Хотиф бу марсияи таърихни айтган экан.

ТАЪРИХИ ВАФОТИ УМАРХОН ВА ЖУЛУСИ МУХАММАД АЛИХОН

Хотиф

Хусрави анжум сипоҳи ман, ки нури ҳукми ў,
Буд чун хуршиди давру дар мамолик комрон.

Даст додгар аз оғуши арусони чаман,
Кард холий то ниҳад бор душ ҳурони жинон.

Шоҳиди айём баҳри мотамаш болойи ҳам,
Жомаи нилий ба дўш афканд бар нуҳ осмон.

Он сухансанжи, ки азҳон дошт лаълаш иҳтироз,
Гашта аст имрўз хоки тийрааш муҳри даҳон.

Ҳалқаи чашмаш, ки аз кўҳл ул-жавоҳир ор дошт,
Гашт аз дасти қазо хоки сияҳиро равон.

Бар сараш вай афсари зар буд чатри сарвари,
Ин замонаш хок бар фарқ аст хешташ соябон.

Дог шав, эй табъи савдо, беша дар бозори фикр,
Ба қалам чанд аст ажноси маъоний аз дўкон.

Баъд аз ин хун кард, эй андишаи маъни бараст,
Фурсати мазмун гузашту хатм шуд даври баён.

Нест жўз ин маънийи рангин, ки охир гашт хун,
Инки ашки сўрх мебини зи чашми мо равон.

Маҳфили фазл аз баёнаш сад шабистон нур дошт,
Шуд хамуш он шамъи нури ў з-мо шуд нурфишон.

Шукри ў чун дийда пушид аз назаргоҳи вужуд,
Нури чашмаш чун, нигаҳ болид дар чашми жаҳон.

Баҳри фавти шоҳ нисфи хон ҳашмат дастгоҳ,
Дошт Хотиф сайри таърихе ба табъи нуктадон.

Гашт машҳуд замираш ин ки бо фанни неку,
«Шаҳ Умар аз тахт рафт жойи ў бигрифт Хон».

М а з м у н и:

УМАРХОННИНГ ВАФОТИ ВА МУҲАММАД АЛИХОННИНГ ТАХТГА ЎТИРИШИ ТАРИХИ

Сипоҳи юлдузлар қадар кўп подшоҳимки, унинг фармон нури
Худди айланувчи қуёшдек барча мамлакатларда ҳоким эди.

Чаман келинлари оғушидан адолатли қўлини тортди,
Жаннат ҳурларига елкасини тутишга кетди.

Айём шоҳиди унинг мотами туфайли,
Тўққиз осмон елкасига кўк жома ёпди.

Оғзидан лаъл сочадиган ул сухандоннинг,
Бугун оғзига қора тупроқдан муҳр босилган.

Унинг ҳатто жавоҳир тенглашолмайдиган кўз қорачиғи
Қазо дастидан қора тупроқ сари равона бўлди.

Бошидаги заррин салла сарварлик соябони эди,
Бу замонда бошида тупроқ ва ғишт унга соябон.

Қизигин, эй табъ савдоси, фикр бозорида жавлон қил,
Қалам билан маънолар дўконидан бир қанча матони олиб чиқ.

Бу дилни хун қилувчи воқеадан кейин маъно йўқолди,
Мазмун фурсати ўтди, баён даври охирига етди.

Фақат шу охири қонга айланган рангин маъно (мато),
Яъни бизнинг кўзимиздан оқаётган қонли ёшдан бошқаси йўқ.

Донишмандлар мажлиси тунда унинг нутқидан ёруғ бўларди,
Энди у шамъ сўнди, аммо унинг нури (яъни фарзанди) ҳамон бизга ёғду беради.

Ундан миннатдорлик ҳисси вужуд назаргоҳидаги кўзга сурма кабидир,
Унинг кўзининг оқу қораси (фарзанди) туфайли жаҳоннинг кўзи равшан бўлди.

Шоҳнинг вафоти ва баланд мартабали хон учун
Хотиф нуктадон табъи билан таърих излади.

Бу гўзал фан (яъни таърих) туфайли шу аён бўлди:
«Шоҳ Умар тахтдан тушди ва унинг жойини Хон эгаллади».

Бу Умархон асрида ҳеч муҳораба ва муқотала бўлмай, аҳёнан Истравшан, Ўротепа умаролари илан ораларида воқеалар бўлуб, катта муҳораба бўлмай, осойишта ўтган экан.
Вафотинда жанозасиға ва қабр устиға уламо ва фузало ва умаро ва фуқаролар банаҳже жам бўлган эканки, уларни гаря ва зорлари таъбирга мумкин эмас экан. Кўб гариву фиғон бўлуб, Хўқанд Дахмаи шоҳонда катта гўристонда дафн қилиб, кўб адад қорилар тиловати Қуръон этиб, хатми Қуръон доимий бўлур. Мазкур Дахмаи шоҳонда вақфларидан авқот қилиб, алар хавоқини Хўқанд ҳаммалари ул ерда мадфундурлар, раҳматуллоҳи алайҳи раҳматан восиъатан!

АСРИ МУХАММАД АЛИХОН ИБН УМАРХОН

Умархон вафотиндан сўнг Муҳаммад Алихон ўғли ўн беш ёшларинда тахтга жулус этди. Халқ муни сифати мадҳ илан Маъдалихон деб, яъни манбаи адлу адолат деб зикр килур эрдилар. Бул вақтда Жаҳонгирхўжа ғалабасида бул киши ҳам Кошғарға Хитой илан ғазот қилмоқ бўлуб боруб, Гулбоғ деган мавзеъда Хитой илан муҳораба қилиб, ғозийлик лақабига содиқ бўлубдурки, Хўқанд хонларидан мундан бўлак ҳеч киши куффор илан муҳораба қилмай, ғозийлик лақабига ноил ўлмағон экан. Ҳаттоки Амир Темур бовужуди шунча муқотала ва муҳорабалар илан ғозийлик унвониға ноил ўлмай, хутбаларда, туғроларда соҳибқирон деб васф қилурлар, аммо, ғозий демаслар.
Муҳаммад Алихон умрини ортуқ жориялар ва маҳрамлар, ўйин-кулги илан кечуруб, ҳавою ҳавасга нақдини сарф этуб, мамлакат бўлса атосини(нг) солиб кетган йўлида ва қоидаси илан барпо бўлуб, бир давр осудаҳол ва бир аср фориғбол бўлуб, охири ҳолларинда халқ бу кишини(нг) шароратидан озурда бўлуб, бало ва фитна остида қолуб, суратда аҳсан ва баданда ажсам, кўзга босавлат ва кўрарга боҳайбат, сиймину муаззам ва бир шахси беғам, сайри шикор ва сафари бекорга юруб, калта сафарға кўб аскар илан арғумоқ отлар ва исковуч итлар, посбон беклар, чодири чиммат қирон қушлар, соч қўйган маҳрамлар, ҳар ерда юрса ойимларни олуб юруб, хонлиқ салтанатини изҳор ва аҳолини бу баҳона ила иғфол этуб ва бу сиёсат ила иҳмол этган бир зот эди дер. Мушори илайҳ Муҳаммад Алихон Хўқанд ила Бухоро ўртасида Лашғар ном қалъа хусусида Бухоро амири Насруллоҳ баҳодир ила ўрталарида бурудат тушуб, амир бунга бир гўшмол бермак бўлуб, Муҳаммад Алихон атосини(нг) манкуҳасини олди, балки ҳаромни ҳалол деди, кофир бўлди, неча-неча бидъатларни жорий қилди деб, таъдиб қилмоқға Хўқандга келмоқда эди. Муҳаммад Алихон андан қочиб, Ўш тарафинда тоғга кетиб, ҳар кеча юруб, тонг отгунча юруб, эртаси кўрсаларки бир фарсахдан ортуқ юрмагон эканлар. Мундан шом қилиб, мани қон тортиб келган экан, эмди мани то амирга олуб боринглар, ҳар на қилса қилсун деганда, бир неча маслаҳатчилар хонни амирга боғлаб борсак, шоядки хунларидан ўтарлар, тавба берурлар деб, хонни боғлаб, амирга олуб борганда, амир дарҳол қатлға ҳукм қилганда, ўз ва-зирларидан Абдусамад нойиб деган ҳушманд киши амирга: «Жаноби олийлариға малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам» деганда, амир: «Нима сўздур?» деган экан. Дебдурки: «Ҳоло Хўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскар ва сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда Русияни келмаги маҳаллий хавфдур. Агарда марҳамат қилиб, хонни онти акид беруб, тавба қилдуруб, Хўқандға қўйуб, Бухорога тобеъ қилиб, бир мулк бўлуб, бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эди» деганда, сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзига кафш билан урдургон экан. Муҳаммад Алихон Муҳаммад Амин деган муроҳиқ ўғли ва завжаси ва ойимини ва яқин жорияларини — ҳаммасини сўйдуруб, аввалда Муҳаммад Алихонни сўйиб, андин сўнг Муҳаммад Амин деган ўғлини сўйганда, муроҳиқ, балоғатга етмаган хонзодага аноси бетоқат бўлуб, бунга қараб, аносига видолашуб, оҳу фиғонда турганда, мазлума онаси сўйиладургон ерга боруб, бир кўзи ўғлида ва бир кўзи амирни тарафига ҳақорат қилиб:
«Эй, золим, атоси санга осий бўлган бу муроҳиқи бегуноҳ нима гуноҳ қилди?! Бераҳм золим, қизил қонга бўядинг, Худонинг олдида сенинг ила мурофаа қиламан, сен ҳам нури чашмингдан ажраб, хонавайрон бўлуб, қизил қонингға бўял, хонадонингдан ажраб, хароб бўл!» деб алфози қабиҳа, шаниъалар илан оғзиға нима келса қайтармай, амирни ҳеч писанд қилмай турганда, яқинларини(нг) ҳаммасини сўйдурган экан. Бул тўғрида кўб шоирлар марсия қилган. Ҳаммасини ёзмоқ татвили калом бўлур. Бир мухаммаси туркийсини намуна ўрнига ёзамиз. Назм:

Сўйдурмоққа хонни амр этуб қолди,
Ўшал дамда жаллод қиличин олди,
Раҳм айламай хонни(нг) бўйнига солди,
Қаро сақол қизил қонга бўёлди,
Аҳли ҳарамлари фигон айлади.

Кўб шуаролар таърих ва марсия айткан. Ул аср шоирлариндан Фитрат жанобларидан бир форсий таърих айтилган экан, ёздук.

ФИТРАТ

Ҳаст равшан ба назди ў қобил,
Ки дарин хобгоҳи вайрона.

Натавон зистан касе жовид,
Хоҳ наздик, хоҳ бегона.

Шуд Муҳаммад Али покнажод,
Хони ғозий, амири Фарғона.

Аз фарохий ба даври ў гашти,
Муфлисон бар русуми шоҳона.

Баски дар сар ҳавойи ишқ дошт,
Бигзаронид умр мастона.

Садафи мулки тождориро,
Ҳамчу ў кас надид дурдона.

Марқадаш пур зи раҳмати Ҳақ бод,
Анзалаллоҳу фийҳи гуфрона.

Шаб, ки таърихи фавти он шаҳро,
Хост Фитрат зи табъи фарзона.

Аз сари ҳуш гўфт, ки:
«Кунун нест, фараҳе дар диёри Фарғона».

М а з м у н и:

Унинг наздида яққол равшандир,
Ки бу вайрона ётоқда (яъни дунёда).

Ҳеч ким мангу яшолмайди,
У хоҳ қариндош, хоҳ бегона бўлсин.

Пок насабли Муҳаммад Алихон,
Ғозий хон, Фаргона амири оламдан ўтди.

Унинг даврида фаровонлик туфайли,
Қашшоклар (турмуши) шоҳона тус олди.

Бошида ишқ ҳаваси бўлгани учун
Мастона умр кечирди.

Тождорлик мулки садафида
Ҳеч ким у янглиғ дурдонани кўрмаган.

Қабрига Ҳақ раҳмати ёғилсин,
Аллоҳ гуноҳларини кечирсин.

Кечқурун бу шоҳ вафоти тарихини
Фитрат ўз нозик табъидан истади.

Мулоҳазакорлик билан деди: «Энди қолмади,
Фарғона диёрида шоду хуррамлик» .

Муҳаммад Алихон икки юз ўттуз еттида тахтга ўлтуруб, йигирма бир йил подшоҳлик қилиб, 1258 ҳижрийда мақтул бўлган экан.
Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз афвоҳи носда жорий бўлса ҳам, бул сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилган қабиҳаларини тавжиҳига чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умархон оламан деган Подшоҳхон ойимни(нг) ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамоли ўлуб, муни анга сабаб қилиб келган. Асл висол муддао бўлса ҳам, зоҳирда Муҳаммад Алихонни халқни(нг) кўзига осий, гунаҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзода ва мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилуб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосига етиб, Бухороға олиб кетиб, Иброҳим хаёл деган бир манғити тарёкийни Муҳаммад Алихон ўрнига қўйуб кетиб, бир неча ойлардан кейин ахли Фарғона бухорийларни шундоқ душман тутубдурларки, хонзода ва ҳаримлар ва жорияларни сўйуб килган хуни бағайри ҳақларини Фарғона аҳлини димоғиға маҳкам ўтуруб, бу шиноъат ва шақоватни(нг) алами булардан ҳеч чиқмай, манғитиядан бир киши ўлдурса, етмиш ғайри мужоҳирни қатли ила баробар, деб, афвоҳи носда жорий эди. Бу адоватларини бир ерга еткурмоқ учун Таласда Уйчин деган қирғизияда уйлануб қолган Шералихонни олиб келиб, Тўрақўрғонда русуми қадима ила оқ кигизға солиб, хон кўтариб, Хўқандга кирмасдан аввал манғитияни қириб, аҳадини қўймай, Тўрақўрғондан талабгорлар чиқиб, дарёдан ўтуб, Султонбаёзға қўнуб, анда неча минг қўшун бўлуб, эртаси Хўқандга кирмақда эканлар. Иброҳим хаёл эшитиб, Хўжандға қочиб, андан Бухорога андак одами илан кетди. Шералихон Хўқандга хон бўлди. Бухоро амирини бу қатли ноҳақ қилгани учун баҳодирликдан хўқандийлар лақабин Ботур қассоб атадилар. Ўзи бўлмаса, ниҳоятда қўрқоқ киши экан. Охируламр бу Умархон ва Муҳаммад Алихонларни(нг) бошига келган мубталолик буларга ҳам келиб, ул ойими манҳус бир хотун ҳуснига хону хонзода, амир нисор бўлуб, агарчандики, ҳусну жамолда мусаллам бўлса ҳам, шумқадам, афъоли надам бир заифа экан. Фарғона бекларидан Маҳмудбек исминдаги бир кишини(нг) қизи экан, кўрган киши, ани деган хонлар бошини еган бир ойими манҳус сўзлаган киши маҳбуси фалокатшиор, бадкирдор ўлуб, ул амирни(нг) бошини еган экан. Бул ҳодиса такдирийдур, лекин сабаби зоҳирийси Муҳаммад Алихон фуқародин бепарво бўлуб, мусоҳиблари уламо ва фузалолардан бўлмай, панду насиҳат эшитмай, эшитса ҳам қулоқға олмай, хусус, кейинги асрида лаҳву лаъаб илан бўлуб, уламою фузало ва аъёнлардан панду насиҳат қилсалар, баъзиларини ўлдуруб ва баъзиларини Фарғонадан чиқариб, Бухорога бадарға қилиб, насиҳат олмай қолган экан.
Чунончи, булардан жулусини(нг) учинчи йили Умархоннинг ҳамшираси Ойчучук ойимни эри Тўрақўрғон ҳокими Исҳоқхон тўрани Фарғонадан Бухоро ихрож қилган. Тўртинчи йили Умархон ҳамшираси Офтоб ойимни(нг) эри Маъсумхон тўрани мамлакатдан ихрож қилибдур. Бешинчи йили Ёрмазор Марғинон ҳокими Юсуф мингбошини Ёрмазордан ихрож қилиб, ҳажга юборган экан. Еттинчи йили Эрназарбек девонбегини ва Хушвақт Қушбеги юзни ўлдурубдур. Тўққизинчи йили Бузругхон тўрани, Жаҳонгир тўра ўғлини қанча одамлари илан, хўқандлик ва кошғарликлар Кошғарға қочубдур. Ўнунчи йили Исобек меҳтар ҳам қочиб, Кошғар борубдур. Бузругхон тўра илан биргалашиб, Хитойни(нг) Гулбоғини муҳосара қилибдурлар. Ўн еттинчи йили Ҳақли мингбошини ўлдурубдур. Ушбу йил ичинда Хўжа Қушбегини ихрож қилибдур. Ўн саккизинчи йилда Соҳибзода ҳазратни ҳам ҳаж тарафига ихрож қилибдур. Шул хил маслаҳат чиқадургон одамларни мамлакатдан чиқаруб ёки ўлдуруб, хусусан, Соҳибзода ҳазратни ихрож қилгандин кейин халқ Муҳаммад Алихондан озурда бўлуб турганлиги амири Бухорога маълум бўлуб, беҳисоб Бухоро қўшуни илан келиб, жулусни(нг) йигирманчи йили баҳор фасли амири Бухоро Хўжанддан ўтуб, Бешариғ мавзеиға тушганда Муҳаммад Алихонни(нг) кичик биродари Маҳмудхон Тошканд қўшуни илан келиб, амири Бухоро қўшуни Хўқандни қамаб, охири олуб, Муҳаммад Алихон ва Маҳмудхонларни ўлдуруб, Хўқанддаги ҳамма уламо ва фузало, содоти киром ва умаройи зулэҳтиромларни оқ уйлук қилиб, Бухороға юборуб ва жамики асбоби ҳарб ва аслаҳа, тўпу тўпхонани Бухорога олиб кетуб, амир Хўқандда ўн етти кун туруб, сўнгра Хўқандга аввалда ёзилиб ўтган бўлғон Иброҳим хаёлни ҳоким қўюб, ўзи Бухорога кетган экан. Муҳаммад Алихон яхши кишиларни мусоҳиб қилмай, беҳуда кишиларни ҳамсуҳбат қилуб, охири таъсири суҳбатдан натижаи бад чиқиб, оқибат натижасини кўрубдур. Аммоки, атоси Умархон мусоҳибларини алами мукофоти бадға учраб экан, Умархон мусоҳиблари ўз бобида ёзилиб ўтти, ҳожати баён эмас.
Муҳаммад Алихон атоси хилофида иш қилган эди, дейдурлар. Ал аҳду ала-р-ровий!
Бундан кейинги Шералихонда эди. Сўзимиз иловаи калом ўлди. Шералихон Хўқандга кириб, сарири салтанатга ўлтургандан неча вакт ўтуб, Тошкандда Муҳаммад Шариф атолиқни амири Тошкандга қўйган эди, анга тобе бўлсун деб киши юборди. Муддаолари бухорийлардан халос бўлмоқ ва амирга қарамаслиқда эди. Элчи борганда Муҳаммад Шариф атолиқ жавоб айтубдурки: «Мани(нг) амирим Бухорода, ман Шералихон одами эмасман, ҳар ким мандан шаҳар олса, қуввати шамшир ва зўри бозу илан олур!» деган экан. Бу қаттиғ жавоби буларга айни муддао бўлуб, бутун Хўқанд қўшунларини жамлаб, Тошканд устиға юрганда Шералихон «Қил қуйруқ» деган бир қоида жорий қилган экан, яъни от минган кишидан қолмай урушга борур экан, қил қуйруқ ул вақтда чиққан экан. Булар Хўқанддан жўнаб, Кандир довонидан ўтиб, Тамакручини олуб, ондан Улоқни олуб, Тошкандга кирмоқ бўлганда Чирчиқ лабига қўнуб, Тошкандга махфий киши киргузуб, аҳвол олганда алар ичидан бўлуб, хонни беистиҳола келсунлар деб, тил берганлигидан кейин, булар жўнаганда Тошканддан Тошканд қўшуни ҳам чиқиб, Чирчиқ лабида уруш бўлуб, Мусулмонқули хонни жиловлаб қайтмоқчи бўлганда, тошкандийлар хонни жиловидан олуб, Мусулмонқулига югуруб қочурубдурлар. Орқасидан қовлаб боруб Мусулмонқули баҳазор машаққат қочуб, Фаркатда ва ани(нг) усти илан Овлуқга боруб, андан Чодак йўли илан тоғдан ошуб ўтуб, марғзордан ўтуб, Намангон усти илан Учқўрғонға, андин ўтуб, қайнотаси Ирисқулибек қирғизни жойи бўлган Кетмонтефага атосини(нг) жойига боруб бекинди. Аммоки, Шералихон қўшуни Чирчиқдан ўтканда Тошканддан атолиқни(нг) қўшуни чиқуб, Хўқанд галаботурлари бирдан от қўйуб юборганда Тошканд қўшуни қочиб ва ҳам ўзлари тил берган эди, Тошкандга кирдилар. Атолиқ кўрдики, иш бўлак, дарҳол ўрдани бўшатуб, ўзи бўлак ерга чиқиб турди. Шералихон ўрдага қўнди. Атолиқ одам юборуб, қанча узрлар айтиб: «Ман ҳар чанд беадаблик қилдим, сипоҳгарчиликдур, ман эски қул бул хонадонга», деб кўб тавбалар қилса ҳам, амирни(нг) одами деб, Хўқандга олуб боруб, Абдулали ўғли илан иккисини сўйдурди.
Шералихон аввало бемеҳнат хон бўлуб, жулусини(нг) учинчи йили 1261 ҳижрийда иноқлар қўлида шаҳодат топди. Шералихондан беш ўғул қолуб, бир хотундан Саримсоқбек, Султонмуродбек, Худоёрхон эди. Иккинчи хотунидан Маллахон ва Сўфибек эди. Хотунлари ҳар иккиси ҳам қирғиз қизи эди. Шерали вафотиндан сўнг жулусга ўлтурди.

МУРОДХОН ИБН ОЛИМХОН

Муродхонни(нг) отаси Олимхон қатлидан сўнг Умархондан қочуб, Бухорога борган эди. Шералихонни(нг) музандаблигини эшитуб, амирни ишораси илан махфий Хўқандга келган эди. Иноқ вазирлар буни илан иттифоқ қилиб, Шералихонни шаҳид қилдилар, билофасл мунга байъат қилдилар.
Бу аснода Мусулмонқули чўлоқ қипчоқ, қирғиз илан Шералихонни хон қилган эди. Бул ҳолда Худоёрхон илан бирга эди, бу воқеани эшитиб асокири азим илан Хўқандга кирди. Кирган ҳамон Муродхонға байъат этди. «Замон-замони Мурод» деб мунодо қилдурди. Фириб илан барчани ташвишдан чиқоруб, фориғ этуб туруб, икки кундан кейин Муродхонни ўлдурди, ўрниға Худоёрхонни хон қилди. Муродхонни ҳукумати бир ҳафтага етди, олами фонийдан кетди, бақо мулкига етди, раҳматуллоҳи алайҳ!

ХУДОЁРХОН ИБН ШЕРАЛИХОН

Худоёрхон тўрт мартаба тахтга жулус этган. Аввали 1261 йили ҳижрийда, ўн тўрт ёшинда экан, Мусулмонқули иъонати отоси жойгири ўлуб, бул ҳийнда катта иниси Саримсоқбек Тошкандга ҳоким эди. Мусулмонқули муни тадбир ила олдуруб, Саримсоқбекка хат қилдики: «Уканг Худоёр мунда ёшдур, Хўқандни ўзунг келуб босиб турмасанг бўлмайдур, дарҳол келгил!»—деганда Тошкандға Азизбачча деган кишини ҳоким қўйуб, Хўқандға келди, Саримсоқбекни ҳам ўлдурди. Хонлик можаросидан қутулди. Худоёрхон мустақил бўлиб, инон ихтиёр ҳамма Мусулмонқули қўлида бўлди. Хон, агарчанд Мусулмонқулиға домод, ани соясинда дунёси обод бўлуб, фақат курсисина соҳиб эди. Аммоки, жамоаи сардия ва ўзбакиялар бу ишдан хурсанд бўлмай, бесаранжом эдилар. Сирран иттифоқ қилиб, қипчоқия ва қирғизияни суруб, Билқиллама деган жойгача қувуб, шаҳардан чиқардилар. Ул жойда қитоли азим ва ҳарби алим қилиб, охири кор Мусулмонқулини асир қилиб олуб, темир қафасга солиб, дарвозага осиб қўйуб, Худоёрхон жулусини(нг) ўн иккинчи санасинда муни қатл қилдилар. Сўнгра хоннинг ҳукумати баистиқлол бўлди.

ХУДОЁРХОННИ(НГ) ИККИНЧИ ЖУЛУСИ

Бул воқеа шундоқ эканки, Шералихон жулусиндан 1273 санаси қарийб ўн беш йил ичинда қирғиз, қипчоқ, сардия, ўзбакия банаҳжи жабру зулм қилган эканларки, буларни намуна — хонлар қатли кўруб турубсиз, фуқароға мундан неча мартаба зиёда зулм қилган экан. Бинобарин, бу жабру зулмлариндан халос бўлмоқ учун Мусулмонқули зиддиға иш қила бошлаганлар. Муни мабдаъу маншаъи шулдурки, Тошкандда атолиқни урушига борганда ихтилоф чиқиб, хўқандийлар Тошканд кирмоқчи бўлуб, Мусулмонқули Чирчиқ лабида қўнмоқ бўлганда Мусулмонқул: «Хон мани раъйимга юрмади, манга қараган бўлсанг қайт», деб Чирчиқ лабидан қайтди. Орқасидан одам бормади. Хонни Тошкандда олуб кируб иззату икром илан ҳамма баиттифоқ байъат қилиб, Тошкандда сақладилар. Мусулмонқули бўлса қочуб, тоғлардан ошиб, тўғри Андижон музофотида бўлган қипчоқия маъвоси Билқилламага келди. Анда қўшун жамълаб, Худоёрхон ила урушмак бўлуб турганда булар ҳам Хўқанд қўшуни илан Мусулмонқули тепасига келиб, Билқилламада қитоли азим бўлуб, Мусулмонқули қўшуни ғолиб бўлуб, икки тараф овқатга машғул бўлуб, муторака бўлганда, Худоёрхон катта акалари Маллахон қўшунга насиҳат қилиб: «Эй мусулмонлар, Худоёр ёш, кўнглида Хўқанд қўрғонини беркитиб ётаман дейдур, ваҳоланки, биз бу мағлубиятда қолсак, эртага ҳаммамизни(нг) жасадимиз Хўқандни Чорсуларида сўйилиб, хору бемиқдор бўлурмиз. Келинглар, бир ҳаракат қилолук, мардни(нг) ўлуги майдонда қолур, Чорсуда сўйилгандан майдони ҳарбда ўлганимиз авлодур!»—деганда, Хўқанд қўшуни бирдан оч бўридек қипчоқ қўшунига урганларида ҳамма бирдан қоч-қоч бўлуб, кўб асиру ўлжалар олиб, Мусулмонқулини ўз катталари тутуб берганда дарҳол ўлдурмай, темир қафасға солуб, Хўқандга олуб келган экан. Азбаройи ибрат учун дарвозаларга осуб қўйуб, кўб кишилар — зулмидан озурдалар: «Ҳой чўлоқ, қалайсан, фалонни — бежаримани ўлдирдинг, Саримсоқбек нима қилди, эмди қалайсан?»—деганда: «Алҳамдулиллаҳ, ҳоло ҳам сизлардан юқоридаман!»—дер экан. Мусулмонқулини(нг) юртига қилган ишлари Чинобод ариғини чиқарган. Хўқандда Худоёрхон исмига мадрасаи олийни бино қилган. Ул ер аввалги ўтган хавоқини Хўқанд ўрда арки эди. 1272 ҳижрийда бино бўлди. Ул вақтда Мусулмонқулига уламо ва машойихлардан насиҳат қилганларни(нг) ҳаммаларини бирин-бирин ўлдуруб, Фарғона ҳукумати ўз қўлида бўлуб, зулмга ўтган. Чунончи, булардан шайхулислом Намангоний ва халифа Сафо эшон ва домла Холмуҳаммад ва раис домла ва мулла Хожамқули аълам, булардан бўлак яна кўб-кўб уламо ва фузалоларни қатл қилган эди. Бу зулмларни(нг) натижасини кўрди ҳаётида. Аҳволи собиқаларидан маълумдур.
Алҳосил, бу тариқа жабру зулмларидан зикр қилинган Билқиллама урушидур. Бул урушда Маллахон қипчоқияни олиб, мусаххар қилгандан сўнг урушдан муддаоға ноил ўлуб, дор ул-аморага қайтганда Худоёрхон эшитиб дарҳол акаларини истиқбол қилиб, акалариға Хўқандни тутуб: «Ман олдингизда турай, Хўқандни ўзингиз тасарруф қилинг!» деганда, Маллахон: «Ман хон қасдида эмасман, мамлакат истеҳкоми ва истиқболи мани(нг) матлабим эмас. Аммоки, сани(нг) бу тариқа ўйин-кулгиға машғул бўлмоқинг бизга ва фуқароларга катта зарардур, ишни билиб ва билганларни(нг) маслаҳати илан иш қилмоқинг зарур. Мундоғ бўлсанг, бизлар хароб бўлуб, душманларға муҳтож бўлурмиз, мамлакат қўлдан кетар, бўлак подшоларға кулги бўлармиз!»—деб хонга қилган Маллахонни(нг) на-сиҳатини Шавқий шоир назм қилган экан, ани(нг) даржи лозим бўлди:

Улуғ ёш оғо эрдилар Маллахон,
Насиҳат қилур эрдилар ҳар замон.

Бу хон анга кўб ғамни ер эрдилар,
Фасиҳ тил била гоҳи дер эрдилар.

— Ука, бу насиҳатни дарк айлагил,
Бу бачкана ишларни тарк айлагил.

Эрур шаҳ иши элга дамсозлик,
Муносиб эмас хонга сакбозлик.

Қаён борди сандаги бу ақлу ҳуш,
Егай ҳар итинг кунда бир нимта гўш.

Таажжуб сани элга бу қилмишинг,
Муносибму санга бу қилган ишинг!

Неча сафшикан эр баҳодир йигит,
Булар барча оч бўлса, тўқ бўлса ит.

Йигит қадри ит қадридин бўлса кам,
Бўлурму яна мундин ортуқ алам.

Бу на хон ишидур, на қилганинг,
Бериб от баҳосин ит олганинг?!

Эрур сипаҳ қаноти йигит бирла от,
Агар хон эсанг қил они эҳтиёт!

Қулоқга насиҳат дурин тақмасанг,
Йигитларни аҳволига боқмасанг.

Насиҳат санга бўлмаса коргар,
Сани бу ишинг барчамизга зарар.

Бу беҳуда иш хон ишидин эмас,
Хушомад эли санга бу сўзни демас.

Қошингга келиб бир неча аҳли жоҳ,
Бори ўзларин кўрсатур некхоҳ.

Ўзини ҳийлалар бирла айлаб қариб,
Бериб санга ҳар бир куни юз фириб.

Сани бу маишатга мағрур этиб,
Бори аждаҳодек ўзин зўр этиб.

Ҳукуматга атрофдин қўл солиб,
Ичиб-еб бори олғонга олиб,

Бори ҳукм ишини қилиб поймол,
Буларга ғараз олса беркитсалар мол.

Бўлубсан шикору ўйун бирла ғарқ,
Билиб қилмадинг дўсту душманни фарқ.

Киши жон чекиб қилса хизмат агар,
Аярму анингдин киши молу зар.

Кўруб хизмат инъомини қилмасанг,
Чапон қадрига жонини кўрмасанг,

Билиб сан тутуб зарфи аклингни кенг,
Сув бергану кўза ушатганни тенг.

Етиб келса бошингга душман агар,
Бу ғофил ишингдин етушгай зарар.

Бўлуб масту беҳуда иш этмагил,
Хазина йигиб, они беркитмагил.

Йиғилса бисотингда аз онча мол,
Ани ҳар замон сарфи илгингга ол!

Хазинангда мол ўлса очгил ани,
Карам панжаси бирла сочгил ани.

Йигитга ани ўз қўлинг бирла бер,
Масалдур: «Емас молни бегона ер».

Киши арзи бўлса ўз олдингда сўр,
Ҳар ишни ўзинг қил, кўзинг бирла кўр,

Бу янглиғ ишинг бўлса анжом қил,
Сипоҳ жабдуғини саранжом қил!

Бу янглиғ насиҳат, бу янглиғ рамуз,
Неча десалар ёқмас эрур бу сўз!

Бу тариқа сиёсатомиз ва ҳикматангиз сўзларни десалар ҳам маъқул бўлмай, охируламр Маллахонни ўлдурмак бўлуб, Маллахон Худоёрхонни номашруъ ишларидан кўрсатиб, азл қилиб, ўзи хон бўлмоқчи деб, иғво ва фитналар чиқоруб, Маллахон буларни фикри хадиъа билиб, элатияга кетиб, бир неча кундин сўнг етти-саккиз минг қирғиз-қипчоқиялар илан Марғинонга келиб кириб, бемуҳораба аҳолийи Марғинон Маллахонга тобе ўлуб, унлардан неча минг одам жамъ бўлуб, уламо ва фузалоларини ёнига олиб, Хўқандга юрди. Худоёрхон ҳам бори аскар илан чиқиб, буларни(нг) олдини олиб, шул тўғридадурки, Хўқанд аскари қирғиз, қипчоқ ўлжасини устидан жой олиб, бир тахта чойға бир байталдан ваъда қилиб, Билқиллама урушидагидек бу сафар ҳам ғанимат қилиб, ўлжа қилмоқчи экан. Хомтама сипоҳлар дўконлардан нася қилиб байтал берур эмишлар, ўзларининг минганлари арғумоқ, қирғиз-қипчоқияники байтал эмиш. Бу тариқа масхара қилиб, охируламр байталлар айғир бўлуб, қувуб қочируб, хонларини шошируб, натижаи кор, Худоёрхон мунҳазим ўлуб, Хўқандға қайтуб, қамалгандан сўнг, кечаси чиқиб, Бухорога кетди.
Маллахон шаҳарга кириб, сарири салтанатга ўлтурди. Атоси Шералихон замонидагидек шариат жорий бўлуб, зимоми ихтиёри ҳукумат қирғиз-қипчоқ қўлида эди. Аз жумла, мулла Олимқул сувратан вазир, сийратан ба шер назир эди. Беҳаё бодиянишинлар бу мусоадага қаноат қилмай, Маллахон бир кун бир сипоҳдан (қипчоқия эди) койиб, бекларга итобомиз сўз айтса, саркардалар талашга тушуб, хон булардин бадгумон ўлуб, булар яна қорачапон ила иттифоқ қилиб, Мусулмонқули фожиаси каби бир ҳодиса қилурлар деб, аҳли илмға фавқулодда ривож бериб, уламо ва фузало ва талабалар доирадан чиқсалар, ҳаддан ошсалар ҳам авоми инсондан демай, фузало аскару сипоҳларни таҳқир қилиб, одат қилдилар. Баъзи юзбошилар, мингбошилар бемаврид ижройи шаръ адосила зарбу ситам қилиб, мазбур ишларни хонга арз этсалар, хон илтифот этмай, муллаларни(нг) урган еридан қиёматда гул кўкарур, ўтда куймас, қамчи теккан ери оғримас деб мусоҳала қилиб, тафтишидан ибо ва ҳақиқатидин имтиноъ этмишлар экан. Булар сардия билағгиттифоқдеб, буни панд билиб, ҳар на бўлса, бу хонни йўқотиб, ўзи-мизға қулай кишини хон килиб олмасак бўлмайдур деб, жулусни(нг) учунчи йили 1278 ҳижрийда эди, вазирлари мулла Олимқул ва Олимбек қирғизлар ва неча иноқлар қўлида Маллахон ўлдурулди. Бу ишга мулла Олимқул бош экан. Нима тазвирлар ила бўлса бўлсун, бу ишга ўзини аралашмаган кўрсатиб, қатлга иттифоқ қилган саркардаларни бирин-бирин ўлдуруб, адо қилди.
Одамлар Маллахон замонида шариат жорий деганлари бу ишдан иборат эмас, асли аҳолини(нг) комил диндорлиғидурки, мунча тааддийларни ҳазм этиб, ўзларини сўккан ва урган хонларини, уламони мадҳ ва бесўроғ қўйганнинг мадҳ этарлар, вассалом!

ШОҲМУРОДХОННИНГ ЖУЛУСИ ВА АЗЛИ. ХУДОЁРХОННИНГ ТАКРОР ХОНЛИҒИ БУДУР

Маллахоннинг қатлиндан сўнг мазкур мулла Олимқул ўзи машварат қилдики, ихтиёридаги хоинлар илан иттифоқ қилиб, Шоҳмуродхон ибн Саримсоқбек ибн Шералихонни ўн беш ёшинда тахтга чиқариб, хон қилдилар. Бул ҳийнда Қаноатшоҳ қўшунлари Тошканд ва неча фирқа қурама лашкари ила Туркистонда эди. Маллахон воқеасини эшитуб, аскарға эълом қилдики, мулла Олимқул мундог хиёнат қилибдур, ўз раъйига мувофиқ бир муроҳиқни хон қилиб, унвон бериб, муддаоси бу ила аҳолини алдаб, ҳукуматни ўзи қилмоқдур. Бу тарафда Русия ила ишимиз бу тариқа, ул тарафда юртни саришта қиладурғон кишини(нг) аҳволи бул деб, ўртаға маслаҳат солди. Анда жумла саркарда ва сипоҳлар якдил, бир тил бўлуб дедилар: «Инон-ихтиёримиз сизга бердук, қайси тараф мувофиқи маром ва манфаати аном бўлса қилсунлар, амр сиздадур», деб жавоб бердилар. Қаноат аларга дедики: «Маъқул бўлса, Бухородан Худоёрхонни олдурўб, жамъи қўшун ила боруб, пойтахтни олуб, Худоёрхонни хон қилиб, ани(нг) амринда бўлмоқ керак. Ва, илло, бир хони норасидани(нг) бенуфуз сўзи ва бир бодиянишин тадбирсиз сўзи ва маслаҳати илан иш ўнгига келмас», деди.
Жумла сипоҳу сипоҳсолорлар бу маслаҳатни мустаҳсан кўруб, иттифоқ ила Худоёрхонга киши юбордилар. Худоёрхон Маллахон воқеасини эшитиб, амирнинг ишорати илан Жиззах қалъасиға келган экан. Йўлда бир хабарчига йўлуқуб, суръат ила йўл юруб, Тошкандға кирдилар. Тошканд аҳли ва жами лашкар Худоёрхонға байъат этдилар. Хон Шоҳға атолиқ амал беруб, вазири аъзам қилди. Атолиқ мансаби атобек мансабидурки, Шайх Саъдийни(нг) мамдуҳи эди, яъни ёши хондан катта бўлуб, хизмат ила вазирлик мартабасиға етса, атолиқ амали берилур экан. Ёрлиқда муҳри хонни(нг) муҳри баробар экан, лофарқ нойибдек.
Қаноатшоҳни(нг) муҳри аввалда бу эди, назм экан:

Амал фармоначи, номам Қаноат,
Ба ҳукми подшоҳи бо адолат.

Сўнгра муни ўйдурди:

Зи лутфи шоҳи одил, зилли Холиқ,
«Қаноатшоҳи гозий шуд атолиқ».

Валҳосил, атолиқ ва Худоёрхон бор қўшуни илан Тошканддан чиқиб, Хўжандга кирдилар. Бул тўғрида амир ҳам, яъни Амир Музаффари Бухоро Хўжандга келди, Амирга йўлуқтилар, Амир Худоёрхонни(нг) Хўқандга бормоқига ижозат берди. Агар Шоҳмурод ила Мусулмонқул моне бўлсалар, ман санга муъинман, деди.
Мулла Олимқул бу шуҳратдан қўрқуб, ўзини паноҳиға тортмоқ бўлуб, бор қўшуни илан элатия тарафига кетди. Сардия қўшуни илан ул Шоҳмуродни Хўқандга қўйди. Худоёрхон бетаваққуф Хўқандга кирди. Шоҳмуродхон муқовамат қилолмай, Худоёрхон Хўқандға кириши илан Шоҳмурод Марғинонға чиқиб кетди, қочди. 1279-йилда Худоёрхон дохили доруссалтанат бўлди. Учунчи хонлиги будур. Сўнгра Шоҳмуродни орқасидан етиб тутуб келдилар. Худоёрхон они ёшлиғиға шафқат қилиб, ўлдурмади. Шоҳмуродни(нг) хонлиғи икки ой миқдорида бўлди.
Худоёрхонни(нг) Хўқандга кирганини кўруб, Амир Музаффар хотиржам бўлуб, Хўжанддин Бухороға қайтди. Орқасидан бир оз ҳадоё илан тортуқ юборуб, миннатдорлик, ташаккур қилиб, Қаноат фармоначини юборди. Амир Қаноатни борган ҳамон ўлдурди. Сабаби на экан деган саволларга қатлға Худоёрхондан ишорат бор экан, дедилар.
Бу кунларда мулла Олимқул элатияда юрди, Худоёрхонга итоат қилмади, кўб тутқунлар ўлди. Ичиндан гоҳ Белбоқчихон ва гоҳ Шоҳруххон исминда хонлар чиқоруб, оз кунда ҳаммасини йўқотди. Фарғонада фитна-фасод ҳаддан ошти. Муни Амир эшитиб, Худоёрхонға имдод бермак учун Хўқандға келди. Қирғиз, қипчоқни қувуб, тоқға борди. Анда мулла Олимқул тоғда бир қулай ерда эди. Амирни ўртаға олди, муҳосара қилди. Амир бундан ғоятда хавфу ҳаросда эдики, мулла Олимқул элчи юборди, дедики: «Ҳазрати Амир бу бир қулнинг орқасидан мунча эргашмак на лозим эди, эмди аҳвол бу ерга келди, фикр этсунлар, мани(нг) қўлумдан қутулмак қийин, мани(нг) қочганим Амирни(нг) овозаларини чиқармак эди, қувват ва катталикка бир далил эдики, Амирни(нг) ҳайбатидан қочди демакдан иборат, ҳар иккимиз адуви акбарларимизга сиёсат эди. Агар муҳорабага толиб бўлсалар, мана майдон, кўрамиз. Ва илло кейинга қайтсунлар. Хўқанддан Худоёрхонни олиб, жонни ғанимат билиб, соғ-саломат Бухорога борсунлар», дегани Амирнинг жониға миннат ўлуб, дарҳол қабул қилиб, мулло Олимқулға офаринлар айтиб, Бухорога Худоёрхонни олиб кетди.
Хўқандга Шоҳмуродни такрор хон қилиб кетди. Аъёни мамлакат. Амирни(нг) бу ишидан беҳузур бўлуб, Шоҳмуродни Олимқулни(нг) олдиға чиқардилар, бу фикр илаки Олимқул ўзи қўли илан қўйган хон эди, хонлигиға рози бўлсун ёки бир тадбирини қилсун, деб Шоҳ боргани ила ани ўлдурди.
Ровийларни(нг) қавли, Шоҳмурод бу дафъа икки кун бўлди, бир кун саломға бордук, деди. Амирнинг талбис фикри Шоҳмуродни хон қилмоқдан мақсади Олимқулни(нг) сайди экан. Бу талбис аксига юрди, бу мулла Олимқул Хўқандға кирди. Жамъи қўшуни Марғинонға боруб, анда Султон Саййид аъражни хон кўтарди. Ани воқеаси анқариб ёзилур.
Ул вақтда Фарғонада тўлқуни тамаввуж бесаранжомликда эдики, гоҳ Худоёрхон ва гоҳ Султон Саййид ва гоҳ Шоҳмурод бири кетиб, бири келиб, бири кириб, бири чиқуб Хўқанд ўрдаси арини(нг) уясига ўхшаб кирди-чиқди замон бўлуб, фалон ердан хон чиқди, фалон хонзода бош кўтарди, оқ кигизга солди, қора кигизга солди бўлуб, бетартиб овозаси қулоғларни гунг ва ақлларни танг қилур эди. Хонлик салтанати гўёки болатарни(нг) ўйуниға ўхшаб кетти. Ул вақгни(нг) болалари мундан бир ўйун чиқаруб, бир баланд тепага чиқиб, икки тараф бўлуб, ул тепани(нг) отини Ўратепа қўйуб, талошиб, Ўратепа сеникиму мени-ки, деган ўйун анда чиққан. Ул вақтни(нг) бечора фуқаролари кўрқуб, кўзларини(нг) косаси ёшга тўлуб, нима жарима илан ўлдурар экан деб, қайси хон келса мулозамат, хушомаддан ташқари илож топмай, қўл қовуштуруб турар эдилар. Амири Бухоро бўлса бечора Шоҳмуродни(нг) қатлидан бўлак ишга сабаб бўлмай, фитнани босмоқ у ёнда турсун, аввалгидан ҳам ямонроқ фитналар қўзғолди, ҳеч даф бўлмади.

ВОҚЕАИ СУЛТОН САЙЙИД ИБН МАЛЛАХОН

Бул воқеани(нг) ичинда юрган кишиларни(нг) қавли шулки, ҳазрати амир Шоҳмуродни Хўқандға хон қилиб, Худоёрхонни Бухорога олиб кетди. Хўқанд дуогўйлари: «Барчамиз амирни узатиб, Шоҳмуродхон ва мулла Олимқулни(нг) олдиға боруб эдук, амирдан ажраганда биз Шоҳмуродни(нг) қатлини эшитуб, мулла Олимқулға мулозамат(дан) бўлак чорамиз қолмай, мурожаатдан иборат эди. Мулла Олимқул қипчоқ қўшуни илан экан. Амир ила буни(нг) ораси бир манзил йўл эди. Мулла Олимқул бизларни(нг) келуримизни билиб экан, истиқболға чиқди, эъзозу икром қилди, чодирина олиб тушурди. Бир кўҳна лагандга нон ва бир яғоч табақ ила узум ке(л)туруб, суфраға қўйди, мусофирликдур — айб қилмайсизлар, деб эътизор қилди ва илтифотлар этди. Ҳам айтди: «Ҳазрати амирни саломат жўнатдилармусизлар, барчамизга баробар дуогўйларимиз сизлар, амирни ҳақида ва биз ҳақда дуо қилмоқ лозимдур, келганларингизга хурсанд бўлдим», деди. Мулойим, икроми камолда бўлса ҳам бизларни ипсиз боғлаб, Хўқандға қайтмоқға жавоб бермади. Шиғовулни чақируб, анга топшурди ва дедики: «Бул жаноблардан вокиф бўласан, қўш чодир бер, от чими бер, сув, бичан бер, бир махсус ходим қўй, ўз ёнимизда яқин қўндур, аҳволлариндан ҳар вақт хабардор бўл», деб кўчуб Марғинона жўнадук. Манзил-баманзил кўрунуш қилиб, салом бериб, Марғинона қарийб Ёрмазорға қўндук. Шаҳарнинг уламо ва фузало, аъёнлари истиқбол қилдилар, чиқдилар. Ул жойда зиёфат бўлди. Адойи зиёфатдан сўнг мулла Олимқул сўз очиб дедики: «Мамлакатимизда бул хил бесаранжомликдур, муни сабаби бир кишига инқиёдимиз йўқлигидур,— деди. — Лозимдурки, баиттифоқ бир хон насб қилиб, анга муте, мунқод бўлсак, кимни хохларсизлар?» деганда, Хўқанд уламолариндан Зиёвуддин маҳдум дедиларки: «Бу хизматга ўзингиздан алйақ одам кўрунмайдур»—деганларида Олимқул(га) маъқул бўлмай, эшитмаган бўлуб, яна дедики: «Бир одамни таъйин қилмоқ керакдур!»—деганда мазкур махдум яна аввалги сўзларини иъода қилдилар. Олимқул Зиёвуддин қозига хитоб қилиб дедики: «Сиз мани дерсиз, мани(нг) ниятим хон бўлмоқ эмас, ман хизматда бел боғлаган киши, хонзодаларингизни(нг) бирортасини насб қилинглар!» деб.
Хонзодалар(ни) бирин-бирин зикр қилиб, охирида Султон Саййидни зикр қилиб дедики: «Атоси Маллахон кўбнинг йўлинда шаҳид бўлди, етимчадур!» деганда, халқ мулла Олимқулни(нг) ғаразини фаҳмлаб, ҳамма: «Бу ўрунға Султон Саййид аҳақдур!» дедилар. Филҳол оқ кигизга солиб, русуми собиқада уламо ва фузало, аъёнлар кўтардилар, тахтга чиқардилар, (у) ҳадди булуғга етмаган муроҳиқ эди, русуми қадим уламо ва фузало ва аъёнға сарупо бермак экан, мулла Олимқул дедики; «Тақсирлар ўзимизники, сарупони аввали Марғинон уламолариндан берсак!» деганда Ҳасанхўжа қозикалон мулла Олимқулға қараб: «Ўзлари билсунлар!» дебдур.
Мулла Олимқул алҳол: «Дорулмулк Марғинондур, Хўқанд дуогўйи ҳаммамизга баробар меҳмондурлар!» деб, яна бу сўзи меҳмонлар(га) шофий бўлмагандек кўрунуб, ҳар икки тарафдан баробар сарупо бериб, кимхоб-атлас, қимматбаҳо ашёдан хоннинг хизматида шиғовулни ва ҳудайчи ва неча ходим лавозимотини тайёрлаб, аскар ва саркардаларга саросар оқ сарупо бериб, барчасини фариштадек қилиб чиқарди. Бу уч-тўрт соат ичинда мунча беш-ўн минг кишига мундоғ саруполарни қайдан тайёр қилди ёки аввалдан муҳайё эдиму, деб ҳамма бу ишга офаринлар айтиб, таажжубга қолдилар.
Бул воқеа 1285-санада эди. Анда мулла Олимқул сар-аскар бўлуб, таждиди унвон берилуб, амирлашкар лақаб бўлуб, мундин сўнг Олимқул исми матрук қолди, амир-лашкар бўлди. Султон Саййид фақат санад илайҳ курсиға соҳиб бўлуб, ҳамма инон ихтиёри жузвий ва куллий амирлашкар қўлида эди. Хонлик ишини бартараф эткандан сўнг кўб турмай, Хўқандга борди. Юртни саранжомға солиб, фурсат ўткузмай, Русия Туркистонға келди, деб хабар келди. Амирлашкар Тошкандга келди. Шодмонхўжани ўддурди. Ўрниға Нормуҳаммад додхоҳни волийи Тошканд қилди. Давлат тожик деган кишини Туркистонға ҳоким қилиб юборди. Ўзи Хўқандга қайтди. Мазкур тожик Туркистонға келиши илан атрофдаги элатияни ғорат қилиб, талон-тарож этиб, чопди. Бу бадафъол шумлиғидан жамъи қазоқия Русияга тобеъ бўдди, келмакни хохлади. Оз муддатда, озгина ўтмай Русия Туркистонга кирди. Бу тўғрида ҳазрати султон Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон(га) айтган кароматлари тўғри келди. Мундан саккиз юз йиллар илгари айтган эканлар:

Минг икки юз саксон бирда ўрус келгай,
Туркистон(ни) атрофини қамсаб олгай.

Мунга мувофиқ 1281-йилда Туркистон ва Авлиёота Русия тасарруфига (ўтди). Андан Чимкандга қасд этгани амирлашкарға эшитилди. Хўқанд аскари илан қиш вақтида Чимкандга келди. Анда Русия аскари Туркистондан чиққон йўқ экан. Чимкандда атрофга одам юбориб, катталарни чақирди, чунончи, булардан Сиддиқ тўра туркистонлик ва Қазоқиядан Бойзоқ бийни чоқирди. Амир-лашкар Бойзоқ бийни ўтқузуб айди: «Бойзоқ, сан аввалдан ислом аскарина закот берар эдинг, нега эмди бизга бермай, Русияга бердинг?» деганда, Бойзоқ бий амир-лашкарга айтибдурки: «Мен сизгада бир амин ҳам Русияга» деганда, «Нега?» деса, Бойзоқ айтубдурки: «Тақсир, мен авлод(ли) киши, бир юз йигирма бий атосимен, буларга жайлов деб Русиядан тўрт тош ер, яъни йигирма беш чақурум ерни ижарага олганман, ани ижоросини бераман, сизга закот бераман» деганда, амирлашкар: «Сен икки марра аҳд қилдинг, яна буздинг!» деб «Жомадор, муни ғамбаракға солиб откил!» деса, бечора Бойзоқ чол қари, ёши юздан ўтган киши, айтубдур: «Ҳой, амирлашкар, мени буйла қилма, кўзимни кўр қилиб, Хўқандға жубор, мен Русияга дафъ бўламан, мени(нг) ўлганим болаларим бийларга етса, санга ёв бўлурлар, Русияни санга бошлаб келар, ҳар иш қилиб, мени ўлдурма!» деса ҳам амирлашкар қулоқ солмай, «кафил хат берайин» деса ҳам қулоқ солмай, охири юз пайса доруни ғамбаракға солуб, кичкина одам экан, ёнига икки боғ қуруғ беда тиқиб отдурубдур. Осмонга кетиб, на ўлуги ва на суяги кўрунмади. Бойзоқни(нг) авлоди эшитиб, Русияга тобе бўлди. Ана уруш бошланди. Амирлашкар Туркистон(га) бориб, уруш қилмоқ бўлуб, Иқонга борди. Туркистондан Русия аскари чиқди. Ул вақтда сартия уруши Русияга ҳеч писанд эмас, аҳамияти бир оз аскар соддат ила урушга кирди. Мусулмониялар ҳамма отлиқ, пиёда сарбоз йўқ, амирлашкарни(нг) ғайратидан қўрқуб, сипоҳларни(нг) орқага қайтганини чопуб туруб, қор катта, қорабўра деган дарахтлар шохларини боғлаб юмалатуб отушуб, мусулмониядан кўб кирилиб, кўб ярадор  бўлди. Душавой фармоначини(нг) ўғли Муҳаммаджон Мирзо деган ўн саккиз ёшинда юзбоши экан. Русия тарафида бир катта лашкарбоши дурбин солиб турганда, амирлашкар тепасига келиб қолуб, ўшал дурбин солганни от, деб буюрганда отган экан. Алҳолда Иқонда фомит нишон этмишлар, ким бўлсун. Бул урушда мусулмон аскари учун хийли мақоматлик уруш бўлуб, Русия аскари(га) янги аскар келмай, булар мудофаага қодир бўлуб, охири ҳол Русия солдатлари Туркистондан қайтуб кетиб турганда янги солдатлар Ўрунбур тарафидан келиб, қувват топиб, мусулмониядан кўб қирилиб, сўнгра амирлашкар қайтганда булар арқосидан келиб, Чимкандда яна катта муҳораба бўлуб, Иқондан Чимкандда одам кўб қирилди, дейдур. Алҳолда ҳам ул вақтдаги урушда бўлган кишилар кўб муояна биладурлар. Буларни ўз оғизларидан эшитуб, ўн кишини(нг) сўзини таққослаб, ўртасини олинди. Бўлмаса, муболағалик бўлса керак.
Бу Туркистон муҳорабасиндан қайтуб келиб, Чимкандда уруш бўлган, бу Чимканд муҳорабаси, деб қиш ичинда бўлган Иқон Туркистон ила Чимканд аросида бул тўғрида эканки, Мингбой додхоҳ икки еридан ярадор бўлуб, қўшга тушуб ётқузуб кўйган экан, амирлашкарни қўшига чақирди. Амирлашкарга айди: «Эй Олимқул, кичик эдинг, катта бўлдинг, мунча иш, қанча мусулмонлар ҳалок бўлди, эмди иш қўлдан кетадур, Давлат тожик ўлди, қурама қипчоқ каттаси ман бўлсам, бир ярим соат умрим қолди, эмди санга бир насиҳатим бор, қулоғингга олсанг, жами оқ туғ, қора туғ аскарингни ол, Бухороға боруб, амирга қўшул, амир ила хоҳ муҳораба, хоҳ мусолаҳа, бирга қилинглар, бўлмаса иш қўлдан кетди!» деганда, амирлашкар айтубдурки: «Ака, жон ширин, қўрқуб қолубсиз!» деганда, Мингвой додхоҳ алфози қабиҳа илан сўкуб: «Бу мусулмонларни(нг) ўлугини хоҳлаган ерингға ур!» деб қўшида турган амирлашкар кетган экан, амирлашкар чодирига етган ҳамон додхоҳ оламдан ўгтилар, деб киши келди. Боруб жанозасини ўқуб, Чимканд мазориға дафн қилинган экан, раҳматуллоҳи алайҳ.
Бул тўғрида амирлашкарни(нг) ғайратидан кўб сипоҳлар қўрқуб: «Бизни совуқда ҳам оч қўйуб ўлдурур экан, муни деб амирлашкарни саранжом қилмасак бўлмайдур» деб умаролар маслаҳати илан бир сағира қул отубдур, ўлуги анда қолди. Лашкар фатарот бўлди, бузулди. Ҳамма қочиб, Тошканд келди.
Амирлашкар ҳукумати Маллахон фавтиндан сўнг Хўқандда ва четда гоҳи бутун ва гоҳи ярим мутафарриқалик илан уч йилга етди. Ҳар на бўлса бу зот мамлакатдорликка бир оз аҳамиятга ҳаракат қилиб муқовамат этди. Бу Фарғона ва Туркистон хонларидан икки киши фуқаро ва дину миллат учун ҳаракат этган эди. Бири бу амирлашкар ва бири марҳумий Маллахон. Тўплар қуйдуруб, милтиқлар ясаб, корхоналар қилиб, тўплар узрасига кумушлар илан ёзувлар ёзуб, яхши диққат эткан эди. Чунончи, бу назмлар:

Амирлашкари гозий карда нишон,
Жаллоди тўпи пурчашми оташфишон.

Бузругхон тўра ва Яъқуббекларни(нг) келгани бул тарихларда эди.
Бул ҳикояни айтгувчи Ҳожи Муҳаммаджон Мирзо Душабой фармоначи ўғли эдики, Иқонда амирлашкар илан бирга бўлуб, белидан ўқ еб ётганда Русия тарафидан отилган бир тўбни(нг) ўқи буларга яқин тушуб, ёрилиб, бул бечора ярадорни(нг) ётган ерида ёрилган ўқни(нг) бир бўлаги жағига тегиб, паст жағи тушуб, неча кунлар ҳакимлар муолажа қилиб, сўнгра навъи тузалган экан. Нуқсонлари ровийни(нг) гарданига ҳомилдур, эшитилганча ёзилди.

ХУДОЁРХОННИНГ ТУРТИНЧИ ХОНЛИҒИ

Амирлашкар қатлиндан сўнгра Султон Саййид Тошкандда қолмади. Амир Худоёрхонни олиб, вақтни ғанимат билиб, Хўжандга келди. Аҳолийи Тошканд амирга: «Фарёд, одам юбориб, бизга имдод қилсунлар», (деб) илтижо қилдилар. Ул зот на имдод ва на маслаҳат қўрсатди. Худоёрхонни олиб Хўқандға кетти. Олиб боруб ўз қавлиндан хон қилиб қўйди. Худоёрхон хутбани амир исмига ўқутди, тобе ҳукминда бўлди. Баногоҳ Русия илан муҳораба очсалар, бир-бириға имдод бўлмоқ қасди экан. Ароларинда ахду паймонлар этдилар. Бовужуди золик Амир хўқандийларнинг узриндан амин бўлмай, Хўқандни Худоёрхонга, Тошкандни Русияга ташлаб кетди.
Ровийлар қавлинча, Тошкандда олтмиш кун ва баъзи қавлда саксон кун муҳосара бўлуб, ичиндан мухобара, тошиндан муҳосара ва муҳораба бўлуб, ҳижрийнинг минг икки юз саксон иккисинда, милодни(нг) минг саккиз юз олтмиш бешинчида ёз, май ойинда Русия қўлига ўтди. Бу тўғрида султон ул-орифин сўзлари тўғри чиқди:

Дар соли «гураф» агар бимони, бини,
Мулку малику миллату дин баргардад
,—

деганлари муояна бўлди. Аммоки, Тошканд ташинда муҳосарасиндаги Русия аскари икки минг миқдоринда бўлуб, қирғиз-қазоқ қўшулуб кўб эди. Бу муҳорабада исломдан кўб одам нобуд бўлуб, Русиядан талофот бир юзга етмас эди, дейдилар. Аҳолийи Бухоро бу сафарда ҳазрати амир Русия илан бир иш қилиб, биз фуқароларни роҳатландуруб қўяр, деб умид қилган эдилар. Амирни, боруб, тарғиб қилиб, фарзияти жиҳодни уламолар айтганда, амирни(нг) тоби бўлмай, ноилож бу ғавғони босмоқ учун ҳаракат қилди. Русияга тўғри келмоқға Бухородан чиқиб, Майдаюлғун деган ерға Бухоро аскари қўнган эди, олтмиш минг миқдор аскар эди. Кўплигига ишониб, мағрур бўлуб, боҳузур бокира қучуб ёттилар. Русия аскари буларни(нг) бепарволигидан истифода қилиб, оз аскар ила баъзилар беш юз, баъзилар минг миқдорда эди, дейдилар, кечаси дарёйи Сайҳундан ўтуб, тўб отғони ҳамон лашкари ислом, зилзилаға тушуб, тўф-тўфанг, ўқ-дори ва асбобу адвотларини ташлаб, Бухороға кетдилар. Булар Русияни(нг) бир отган тўбини(нг) қўшун ўртасида ёрилганини кўруб бузилдилар. Қолган нимарсалар Русияга ўлжа бўлди. Ғафлатни эрликдан билмак бухороликларни(нг) иши эмиш. Ҳаракат этсалар, ўз сипоҳийларига ваҳм тушар эмиш ва ҳам хасмни писанд қилмаган эмиш, деб кичкина болаларни(нг) фикрига иктифо қилиб, номус ва эрликни қўлдан бердилар. Русияға аскар жам (қилиб) муҳораба қилгани сабабидан ва мухолафат изҳор қилгани иллат бўлиб, Хўжанд, Ўратепа ва Жиззах қўлдан кетди, Русия забт этди. Бундан сўнгра Русия илан ўзлашиб, мусолаҳа бўлдилар. Русия илан бартараф бўлгандан сўнг Бухоро музофотига қўл узатиб, минг икки юз саксон бешинчи ҳижрийда Самарқандни олди. Андан Каттақўрғон олинди. Сўнгра ўртада Амир ила мусолаҳа бўлуб, ислоҳот жорий бўлди.
Худоёрхон Русиядан хотиржам бўлуб, вақтини ўйин-кулги илан ўткаруб, қуш солмак ва кўкбўри чопмоқ йўлларинда уламо ва фузало насиҳатларига амал қилмай, зулм ва жабр тарафига ўтуб турганда, раия, халқ юз ўгуруб турганида Мусулмонқулни(нг) ўғли офтобачи мулла Абдураҳмон вақт ғанимат деб, атосини(нг) интиқомини олмоқ қалбиндан чиққан йўқ эди, ароларинда мухосамат пайдо бўлуб, хоннинг аскарлари офтобачи қўлида эди, хоннинг муқобала қилмоқға қодир бўлмай, фуқарони(нг) берағбатлиги, анинг устиға Русия тарафидан Хўқанд ўтган бир савдогарни(нг) моли Маҳрам деган ерда талон бўлуб, хонни чек аросида учун ани(нг) жавобгарлиги учун Тошкандда Фон Кауфман генерал губернатордан саволлар келиб туруб, ул саволларга жавоб ёзмоқға комил вазир йўқлигидан, яна мулла Абдураҳмон офтобачиға мурожаат қилиб, бу саволларга нима жавоб қилса бўлур деганда, офтобачи ёзубдурки: «Қаттиқ рад жавоби берилсун» деб. Ани(нг) маслаҳати хонға маъқул бўлмай, Русияга боруб, жавоб қилмоқ бўлуб ва ҳам ўзидан чиққан фитнани(нг) дафъиға Русиядан имдод сўрамоқ бўлуб турганда, мазкур савдогар молини тўғрисида генерал губернатор Тошкандға хонни чақирган эди. Олтмиш адад қозоқ аскари юбориб, Тошкандға ноилож бўлуб бормоқда бўлуб, уч тарафдан сиқилиб, охируламр саксон ароба кўч хазина ва оимлар, беклар, етти ароба танга илан Хўқанддан Тошкандға жўнади. Атобек нойиб деган Наманган ҳокимини Хўқандға қўйди.
Хоннинг катта халафи Насриддин бек эди. Хўқандга Андижондан келиб, фуқарони(нг) атворини кўруб, офтобачи тарғиби илан Хўжанд тарафига жўнади. Маҳрамда бир оз муҳораба қилдилар, қилсалар ҳам ҳеч иш қилмай, Марғинонға қочди. Насриддинхон Хўқандда туруб, Русия келиши илан истиқбол қилиб олди. Бу сабабдан Хўқандни Насриддинхонга берди. Уруш бошлаган офтобачи экан, ани тутмоқ қасдида бўлуб, Русия аскари Марғинонға борди, Марғинон халқига неча минг тилло лак пули солди. Иштирофни сартияда лак дерлар.
Валҳосил, ҳамма фасодни(нг) мабдаи офтобачи бўлуб, хон Русия илан мусолаҳа қилмак бўлганда умаро ва фуқароларни(нг) кўнглини бузуб, хон Русия(га) тобе бўладур, ғазот қилмайдур, тил берган, деб хон(нинг) ўзи бирла урушмак керак, деб, Марғинонда Султон Муродбекни Хўқандга хон қилмоқчи бўлуб аҳду паймон қилиб турганда Насриддинхон боруб, офтобачиға эллик минг тиллоға шарт қилиб, Насриддинхонни хон қилмоқ муддаосида бўлуб, зоҳири ғазот, ботини фасод Насриддинхонни Хўқандга ўрда ўтқузуб, хон қилиб қўйуб, ўзи Русияға урушмоқчи бўлуб, Маҳрамга боруб, андан Хўжандни муҳосара қилмоқ бўлуб, ҳеч иш қилмай, неча минг одам дарёға кетиб, Маҳрамдан қочиб Марғинонга кетди. Русия Маҳрамдан ўтуб келиб, андин Намангонни одди. Хўқанд келди, онда Насриддин қаршу олуб, ўрдуга тушуруб, офтобачини охтаруб, Хўқандни Насриддинхонга беруб, офтобачи орқасидан Марғинон борди. Марғинондан офтобачи қочган экан, фуқарога топиб беринглар, сизларга ҳеч сўз йўқ, ва илло қийин бўладур, деб панд-насиҳат қилиб турганда, Балиқчи қишлоқда қўшун бор, деб хабар берилиб, тўғри анга қараб юрганда, йўлда Тўда қишлоқда боргувчи анча-мунча сипоҳлар бор экан. Аларни(нг) ҳаммасини қочируб, сипоҳ қаторида бозорчилар отидди. Андин Намангон ўтуб, Намангонда бир неча вақт Русия аскари туруб, сўнгра Валихон тўра деган Марғинондин келиб, Балиқчида бўлган Валихон тўра Марғинон келиб, неча ғазот қиламан, деб қочган сипохларни жамлаб, Марғинондан Намангонни олмоқчи бўлуб, Балиқчи деган қасабага келиб ётганда Намангондан Русия аскари чиқиб, дарё лабига боруб, кечаси дарёдан ўтуб туруб, Валихон тўрага Русия келди, деб бир мусулмон хабар берган экан, анинг ушлаб, боғлатиб қўйуб, агар Русия мунда келса сани(нг) сўзинг рост, деб ўзлари ўйинга машғул бўлуб, то саҳарғача кокил ўйнатуб, сўнгра ухлаб қотуб қолуб, субҳца Русия бирдан тўб қўйганда уйқудаги бечоралар туруб қочгани, овора бўлуб, баъзи нодон одамлар Русия қочганни отар эмиш, деган сўзларга ишонуб, қочмасдан отилуб ва қолганлари қочуб, бечора хабарчи сутунда боғлануб қолганича ул иморатга ўт қўюлуб, иҳроқ биннор бўлуб ўлди. Бу тарафда Намангонда Ботур тўра деган киши чиқиб, эски сипохлардан йиғиб, муҳораба қилмоқ бўлуб, уч-тўрт минг одамни жамлаб, Тўрақўрғонни(нг) ғарб тарафидаги Сарсончап деган қирга аскар йиғиб, уламолар сўзларига қулоқ солмай, ҳаракатда эрдилар. Баногоҳи Русия сараскари Гловачуб деган экан, Искобилуф женерал амри илан Тўрақўрғонда ёв чиқибдур, деб дашт илан Русия аскари Намангондан чиқиб, Ботур тўрага юруб келганда ўшал кун панжшанба куни Тўрақўрғон бозори эди, қиблагоҳимга меҳмон бўлуб келган Султон понсад ва Саримсоқ деган кишилар қипчоқия катталаридан эдилар, аларни меҳмон қилиб, тўъма меҳмони бўлуб, нонуштадан кейин эди, шавла қилган эканлар, олуб чиқуб еб, ярмидан ўтган эди, бирдан шимол тарафдаги қирдан тўб овози чиқиб қолди. Меҳмонлар дарҳол асбобларини белларига боғлаб, қўшунларига чопдилар.
Муаллифи китоб ул вақтда ўн беш ёшимда хату саводим чиққан талаба эдим, бирдан қоч-қоч бўлуб, ҳар ким ўз ҳолиға овора бўлуб, қиблагоҳимиз ўз ҳолларига қаён кетдилар, билмадук. Бизлар ўз маҳалламиздаги хотунлар, болалар илан қочиб, бир боғда ётдук, то шомғача бу тўпу милтиқ овози, ўқларни бошимиздан овоз илан ўтуб тургани ваҳмида ҳеч ерга чиқолмай, боғда эдик, баногоҳ, намози шомда катта кўчаға, дарвозамиз олдиға хабар олмоқда чиқиб эдим, кўчада уюлган қон тупроқ ўртасида ётибдур. Ҳайрон бўлуб туруб эдим, Уста Йўлдош деган киши келиб қолди, Айди: «Ҳой тўрам, қочинг, мана яна отуб келуб турубдур, бул қон Назар панжабошини(нг) отини қони, тез қочинг!» деганда, яна қочиб турган боғимизга борсам: «Кечаси сизларни бир киши чақирди» дедилар. «Ким экан?» деб боғдан чиқсам, қиблагоҳимиздан келган одам экан. Ул киши Муллакудунгда эканлар. Боруб, болалар асир бўлдиму ёки отилиб ўлдиму, эсон-омон кўрмак муяссар бўлса эди, деб Юсуфхўжа ва Муҳаммад Зоҳид деган кишиларни юборган эканлар. Алар бизларни олуб, кеча илан жўнадук. Қарийб юз адад жон, икки волидамиз, икки ҳамшираларимиз, булар кичик, етти-олти ёшларинда эди, кечалаб бордукки, қиблагоҳимиз Муҳаммад Раҳим Ҳофиз деган халифаларимиз янгида кўча оғзига катта ўт қўюб, хабарга қараб оқ хабар ё қора хабарму ёки ҳаёт кўрмак муяссар бўлур, деб турганларида, бирдан кўчадан чиқиб бордук, ана кўринг, йиғи-сиғи, ҳар ким ўз боласига қулочини ёзуб йиғламоқ, қарийб бир ярим соат йиғлашуб, сўнгра бизларни ва бирга борганларни тўйдуруб, фарси аҳвол бўлди. Гўёки биз муҳорабадан келганбиз.
Бу муҳораба Ботур Тўрани(нг) аскар йиққандан бўлғон эди, ўзлари қочиб кетиб, Тўрақўрғон фуқаросини бадном қилдилар. Мунда эски сипоҳлардан бир неча ададлари анча-мунча етушуб, Муҳаммад Мусо безанжир деган киши бош бўлуб, нодон кишилар ҳар ердан ўқ чиқаруб, Тўрақўрғонни ҳам икки кун отув қилдилар. Охируламр ҳар кўчада неча-неча кишилар шаҳид бўлуб, эртаси жумъа куни юрт катталари маслаҳат қилиб, мусолаҳа сўрамоқға Гловачўбга боруб, бир ҳўкуз, бир сабад нон қилиб, уламодан мулла Абдулвоҳид қози, бойлардан Раҳматуллоҳ бой, фуқародан Ашурбобо оқсоқол — булар чиқиб, Ўрдада турган сараскарга борганда Гловачўб буларга қаттиқ сиёсат қилиб, онда тилмоч илан сўзлашиб, дебдурки: «Нимага эртароқ чиқмадинг ёки тезроқ келмадинг, мунча одам ўлмас эди» деганда, жаноби қози дебдурларки: «Кеча бизни фуқаролар қўймади, ўзимизча чиқмоқ бўлсак, фуқаролар бизларни ўлдурур эди, мана ўзлари толиби сулҳ бўлдилар, эмди келдук» деганда, айри соқол тўра жаҳлдан тушуб, насиҳатга ўтуб: «Русия катта подшоҳдур, сизлар урушолмайсизлар, яхши туруб фуқаролик қилсаларингиз, сизларни бой қиладур, агар жанжал чиқарсаларингиз мана шунга ўхшаган отув қиладур. Фуқароларга айтинглар, сиз(га) подшоҳдан инъом бериладур» деб, ярошиб, Тўрақўрғонға беш юзча солдатни қўюб, ўзи Намангонга кетган эди. Намангон халқи ҳам бузулуб, атрофдан келган мусофирлар кўб бўлуб, яқин бир ой бекорга ҳужум-ҳужум (бўлуб), бул тўғрида Гловочўб қўлидаги солдатлар Андижонда Фўлодхон деган чиқиб, юртни ғалва қилиб эди. Ани босмоқ учун кетган эди. Намангонда озроқ муҳофаза соддат бор эди. Бу фуқароларни эски нодон сипоҳлар машварат қилиб, ҳужум қилган эди. Охируламр Гловочўб Андижондан ярадор бўлуб, Намангонга келган эди. Кўрдики, халқни(нг) атвори бузуқ, бекор ғалва, муни босмоқ учун хабар чиқардики, эрта отув бўладур, кўчага бола чиқмасун, деб. Эртаси бирдан чиқуб кўчада кўрунганни отмоқ бўлдилар. Ҳамма қоч-қоч, кўб мусофирлар хонақоҳ, масжидда эрдилар, кўча одамлари анда кирганда арқодан кируб, кўб кишиларни отдилар. Ул вақтда ҳеч ким уламою уқалони(нг) сўзини олмай, ҳар ким ўз олдиға маст кишидек ўзига ўзи бир иш қиладургон кўрунуб, Намангон кўб бефойда ҳужум остида турган, уламолар қози мулла Турсун, Муҳаммад Охунд отланиб чиқиб: «Эй мусулмонлар, сизларга нима бўлди, оят, ҳадисга қаранглар, китоб бу қилган ишларингни савоб демайдур, бизда подшоҳ йўқ, асбоб йўқ, бул ғазот эмас!» деб насиҳат қилсалар, мастдек муштини кўтарган тўқмоқ, чўянбош кўтарган жуҳалолар бирдан: «Урунглар, бул киши Русиядан ришва олган!» деб қозикалон домлани отдан йиқитиб шаҳид қилдилар. Муни кўрган уламолар бу фуқароларни ала ҳолиҳим қўюб юбордилар.
Валҳосил, ўша отувдан сўнг Намангон тинчиди. Ўшал вақт куз вакти ҳижрий 1293—94 эди, қавс чилласи бўлса керак. Намангон тамом Русия давлатига ўтди. Бу ишлар, яъни беҳуда фасодлар сабаб ўз аҳлимизни(нг) беилм ва бефикрлигидан бўлди.
Тарихлар ғамни тоза қилур, ва лекин мундан ахли андиша кишилар ибрат олурлар. «Хайр ул-калом қаллиҳи» деб яна ўз мақсадимизға боролук. Сўз Худоёрхон чиқиши, Фарғона Русия давлатига ўтуши эди. Насриддинхон Хўқандда мустақиллан бўлуб турган эдики, баногоҳ, Марғинон тарафдан Фўлодхон деган киши бош кўтаруб, шуҳрати чиқди. Бул киши Муродхон деганни(нг) ўғли эмиш.

ФЎЛОДХОН ИБН МУРОДХОН

Атоси Муродхон, бир ҳафта хон бўлуб, Мусулмонқули қўлида ўлган эди. Кўрдиларки, Хўқанд хонсиз, бир жасади жонсиз қолди. Кирғиз, қипчоқдарҳол хонзода бўлмаса ҳам отини хонзода қўюб, мақсадлари фасод, оқибатлари биъс ал-миҳод, атрофу акнофдаги талабгорларни йиғиб, уч-тўрт кун ичинда инқилобчи халқлардан кўб бўлуб, шаҳар катта бўлуб, Насриддинхон ҳам буларни(нг) фитнасидан хавф қилуб турган эдики, мулла Абдураҳмон офтобачи муқовала илан боруб, Фўлодхонға муъинлик тариқида боруб айдики: «Эмди ишимиз қийин бўлди, бул сафар Русия илан уруш ихтиёрини манга бергил, мундан Ўрунбурға суруб боруб, шуҳратим чиқсун ёки майдони ҳарбда ўлугумни бир чуқурга тиқсун!» деганда, Фўлодхон кўзидан ёш чиқиб, бажонидил қабул қилиб, хазинасида бор ақчасини чиқоруб жўнатди. Марғинондан офтобачи Хўқандга Насриддинхонни(нг) олдига келди. «Хўқандда устувор турунг, ман урушга кетдим!» деб мундан жўнади. Фўлодхон уруш тўғрисида онти акид ва қасами шадид ичиб, урушмоқ бўлуб, Хўжандга келди. Анда ҳеч иш қилмай, балки бутушуб, Фўлодхонни тутуб бермак бўлуб, Хўжанддан қайтуб Марғинонга келди.
Офтобачи сўнгидан Русия келди. Офтобачи Марғинон катталаридан кўб кишини(нг) исмини ёзиб: «Фўлодхонни тутуб берсангизлар, сизларга ҳеч гап, ва илло, отулурсизлар!» деган хатни тутуб олуб, Фўлодхон хатга исми ёзилган ким бўлса, бирин-бирин тутуб келтуруб сўйди. Мана, бор хазинасини бериб ишонган кишини(нг) аҳволию қилган мукофоти!
Валҳосил, офтобачи қочиб тоғларда юрди. Русия Хўжандга кирганда Насриддинхон истиқбол қилиб олди. Хўқандға олиб кирди. Байъат қилган сабабдан Насриддинхонни жойида қўюб, Марғинона жўнади. Анда, Фўлодхон деган кишини манга тутуб беринглар, деб бир атосини Фўлодхон ўлдурган сипоҳни эҳсон ила буюрди. Ани тоғдан тутуб келдилар. Марғинонда баланд дор қилиб осди. Офтобачи, агарчандики, шунча фасод қилган бўлса ҳам, Русия илан урушмаган сабабдин Ўринбурғ тарафига юборди. Бу ўртада Валихон тўра деган бир девона киши чиқиб, Намангонға Русия кирибдур, ғазот қилурман, деб Балиқчи қалъасига келиб, фуқарони беҳуда поймол қилди. Намангонда Ботур тўра деган киши чиқуб, Тўрақўрғонни оттурди. Фўлодхон фитнаси тўғрисидин Исқоблуф лак пули солди, яъни иштароф Марғинонға содди. Булар ҳаммаси ўзларини бефикр, беилмлик, сиёсати аскариядан бехабарлигимиздан. Ахлоқ йўқ, тадбирсиз ҳукумати мусулмонияда қонуни аскарий йўқлиги сабаб, зоҳирий ва ботиний ирода Аллоҳға марбут.
Валҳосил, Хўқанд хонлари маҳв бўлуши Саййид Муҳаммад Худоёрхонни(нг) ўз фуқароларини беихлослиги, иккинчи, умароларни(нг) мухолафати, чунончи, офтобачи, учунчи, Русия илан ўрталариндаги савдогарни(нг) моли йўқолганликни жавобгарлиги сабаб бўлуб, Тошкандға Кауфман генерал губернатур олтмиш адад отлик қазоқ аскар юборуб чақирганлиги, бу сабаблар илан Хўқанддан жўна-моқ муқаррар бўлуб, кўчлар юклаб, етти ароба танга, асбобу адавот, беклар ва ойимлар, жами саксон ароба кўч илан жўнади. Бу сўзлар ровийси хонни(нг) хуфяси ва ҳам маҳрами асроридур, Мулла Ориф мулаққаби ба Рикобдан ва ҳам хон илан бирга борган маҳрамлардан.

ҲИКОЯ

Хўқанддан чиқуб, Маҳрамга бордук. Анда ўрдага тушдук, Мулла Маъруф додхоҳ бирга хонга жой қилиб бердук. Биз илан эллик адад маҳрамлар бирга ва қазоқ аскарлар алоҳида қўндилар. Кечаси хон ухламади, хафаликдан таом ҳам емади, сўздан бир калима сўзламади.
Олдига чой олиб кирдим: «Тақсир, тақдир, нима қиламиз, хафалик ва ғамга солманг ўзунгизни!» десам, хон: «Эй нодон, сан ўз ишингға машғул бўл, мани хонликдан ажраб, хафа бўлган дерсан. Ман фуқарони(нг) оёқ ости бўлгани учун хафаман. Мани(нг) ниятим бўлак эди, муяссар бўлмади!» деб таом емадилар.
Кеча ўтуб эрта билан кўчуб, Маҳрамдин жўнадук. Исфисорга қўндук. Кеча ётуб, эртаси жумъа куни Хўжандга боридди. Уламо ва фузало истиқбол қилдилар. Хўжанд дарвозасида икки адад Русия либосида кишилар турган экан, тўхталди. Бири хонга салом қилиб дедики: «Ассалому алайкум, хон ҳазрат, қалайсиз, омонмисиз, эмди сиз ҳам биз тушган йўлга тушдингиз, эмди аҳволингиз шул экан-ку! Биз бир вақг сиздан паноҳ сўраб келганда бизни яқомиздан тутуб, Русияга бердингиз, ўлганимиз йўқ, алҳамдулиллоҳ, ҳукуматдамиз!» деди. «Мусулмон мусулмонға паноҳ берур деб, сўраб эдук, мана, эмди сиз ҳам кўрарсиз!» деди.
Хон ғайратга кириб: «Сан қандоғ муртадсан?» деди. Ул ҳам: «Муртад деб сани айтурлар, юртингни поймол қилиб, мусулмонларни аёғ ости қилдинг!» деганда, хон қилич суғуруб, ул ҳам қилич олганда қазоқ аскарлар хонни муҳофазат қилиб, жўнатуб юборди34.
Хўжандга кирдук, дарё лабида Гулбоғ деган жойга қўндук. Ҳукумат тарафидан жой тайёрланган экан. Анда бир кун туруб, кечроқ Камолхон тўрани(нг) ҳовлиларига қўндук. Анда ул кун турдук. Акрамхон тўра илан Мирзо Ҳаким Тошкандга кетган эканлар. Алар келгунларича таваққуф қилунди.
Рикоб айтур: «Хон мани хилват қилиб дедики: «Дарҳол отлан, бир маҳрам ол, Тошканд(га) бор, олти минг танга пул ол, мундан Пискатга бор. Оллоқулга хатни бер, янги от берсун, Тошканд(га) боруб, Саййид Азимбойға айтгил, биз боруб турибмиз, бизга бир маслаҳат берсунки, жавоби муомала учун шофий сўз керак».
Анда ман жўнадим. Кечалаб бир маҳрам илан жўнаб, Пискатга бордим. Кечаси тун ярми эди. Яъқуббек ўғли Ҳаққулибек ҳовлисига қўндим. Эшикни базўр очдуруб кирдим… Ҳаққулибек уйқуда экан, дарҳол уйғониб чиқди, хонни(нг) хатини қўлига бердим. «Тезлаб жўнатинг» деган экан. Дарҳол ошга буюруб, тўйдуруб, янги от бирла отлануб, Пискатдан жўнаб, Тўйтепага боруб, бир дўконда чой ичиб, яна отланиб, намози асрда шитоб бирлан Саййид Азимбой ҳовлисига келдим. Бой ҳовлида экан. Омонлашиб: «Хўш, нима гап?» деди. Хонни(нг) хатини қўлига бердим. «Хон ҳазрат келиб турубдурлар, — дедим. — Сизга илтимослари бор» деб хонни(нг) хатини бердим. Кўруб, афсус қилди. Кўз ёши қилди, дедики: «Сад ҳайф, ислом ҳукумати тамомға етадур?» деди. Дарҳол хизматкорлариға буюрди: «Ароба қўш!» Каласкасини қўшуб, қани юрунг, деб яна сўради: «Ҳеч нима борму?» деб. Ман дедим: «Олти минг танга пул бор эди». «Хўқанд тангаси бўлмайдур!» деб тангани жавонға қўйдук. Беш юз сўм ақча олди. Русия ичига бордук. Бир тўрани(нг) ҳовлисига кирдук. Хизматчиси хабар қилди, ичкари кирдук. Бой илан омонлашиб бўлуб, бир неча калима бой русча сўзлашда тўра ўрнидан туруб, жавондан бир китоб олиб, варағлади. Охири бир сатра сўз ёзди. Саййид Азимбой манга айди: «Мусулмонча ёзинг!» деб. Ёздим. Сўз шул эканки, хон келур, генерал губернатур хонни кўргани келур, омонлашур, сўнгра айтурки: «Государ импературни бориб кўруб келасиз!» дер. Зинҳор хўб демай айтсунки: «Ман юртимга боруб, мамлакатни тинчитиб, ўрнумға нойиб қўиуб, сўнгра борурман», десун, деган сўз экан. Ёзиб олдим. Хонга чопдим. Келсам, хон Пискатда Юнус мингбошини(нг) ҳовлисида экан. Дарҳол кириб, салом бердим. Хилват қилиб, сўзлашдим, хатни бердим. Хон дедиларки: «Биз Тошканд боргунча яна боруб, бир яхшироқ сўз бўлмасмикин» деб яна жўнатдилар. Ул куни отланиб, Тошкандга чопдим. Яна аввалғи йўлимда юруб бойға келдим. Яна хон аҳволиға афсус деб, ароба илан бир бўлак адвокатга олиб, закунчи уйига олиб боруб, анга уч юз сўм берди. Ул ҳам китоблар кўруб, ўшал аввалги сўзлар мазмунини ёзуб берди. Жўнадим. Хон Тўйтепадан чиққан экан. Отдан тушуб, салом бердим. «Отлан!» дедилар. Отландим. Тўғри келиб Арфа бозорида бир боққа қўндук. Икки кеча анда турганимизда Тошканд фуқаролари сайлға чиққандек бизни кўргали келур эрдилар. Хон булардан сиқилиб, бир бўлак жой хоҳлаганда Гловочўб боғига қўндурдилар. Ул ерда уч кун турдук. Мажмуъи беш кун Тошкандда бўлуб, тўртинчи куни ярим подшоҳ, яъни Кауфман келур эрмиш, деб шуҳрат бўлди. Хон бир уйда каравотда ўлтуруб эрдилар. Оқ чой ичар эрдилар. Маҳрамлари чой олиб кирди, ичмадилар. Бир уйда кароватда ўлтуруб эрдилар, танҳо ҳеч кимга гапирмай, бул тариқада тонг оттурди.
Эрта(си) қиём вақти эди, губернатур келур деган сўз бўлди. Замоне ўтуб эдики, бир қанча отлиқ қазоқ аскарлари илан губернатур келди. Келиб турганда хонга кирдим: «Ярим подшоҳ келиб турубдур!» дедим. Хон ҳеч индамай, кароватда ўлтуриб эрди. Ярим подшоҳ келди, эшикдан кирди. Бир тилмоч илан кириб, хонга салом қилдилар. Ярим подшоҳ қўл узатди. Хон қўл берди. Хонни қўлини ушлаб туруб, анча сўзлар гапурди. Тилмоч перовод (таржима) қилди: «Губернатур, хон ҳазрат, сиздан илтимос қиладур, бизни государ импературни кўруб келмоқингизни» деди. Хон билотаваққуф хўб деди. Шул ҳолда губернатур ёнидан қилични ўшал хон ўлтургон уйни деразасини(нг) ойнасига секингина урди, ёнига солди. Хайр-хўш қилди, қайтди-кетди. Бу ҳолда хон олдида ҳозир кишидан мулло Маъруф додхоҳ, Мирзо ҳоким фармоначи бирла ман эшикни ташида туруб эдим. Ман дедим: «Э-вой, қани ул қанча ҳаракат илан топган сўзларимиз, нимага демадингиз?» десам, хон: «Ўшал сўзлар такрор эди, аммоки мани тилим мухолафат этди, тилим хўб дегандин кейин билдим, — деди. —Иш қўлдан кетадурган бўлганда фуқаро мухолиф бўлганда кишини ўз аъзойи жавораси ҳам мухолиф бўлур экан, ўзим ҳам ҳайрон бўлдим!»
Ҳаммамиз бирдан хафа бўддук. Йиғи-сиғи, кўз ёши бўлди, фойдасиз. Ўшал кун генерал губернатур дарҳол қоғоз буйруқ чиқарди: «Эртага хон Ўринбурға жўнасунлар!» деб. Хон тақдирга тан қўймоқ, эмди ҳаракат маслаҳат бўлди. Хонни раъйи бекзодалар ва ойимларни Тошкандда қўйуб кетмоқ маъқул бўлмади, на учунки, анда ишончлик одам бўлмади. Туркистонда ўзларига қараган эътимодлик кишилар бўлгани учун аҳли аёлларни Туркистонда қўйуб кетмоқ муқаррар бўлди.
Эртаси қиёмда жўнадук. Хон илан етмиш киши эди. Мундан Атобек нойиб қўлида олти юз эллик адад сипоҳлар ҳам бор эди. Тошканддан жўнаб, бир қўнуб, Чимканд борганимизда, анда бу хафаликларимиз устига хон Атобек нойибга бир нима деди. Нойиб хонга бир нима деди. Гина ва афсус тўғрисида бир-бировлари илан ороз бўлуб, олти юз эллик сипоҳни олиб, Атобек нойиб Чимканддан Хўқандға қайтди. Хон илан қолган кишилар бирга кетди. Туркистон борилди. Хон Мусо Али мингбоши ҳовлисига тушти. Бекзодалар ва аёлларга алоҳида ҳовли тайёрлаб бердилар. Анда хон беш кун аҳли аёллари илан видолашиб, Туркистондан жўнадук. Маҳрамлар (билан) бирга эдук. Туркистондан чиқуб, бир қўнуб, Сурон деган ерга борилди. Анда ётиб, эртаси хон маҳрамларга жавоб бериб айт-дики: «Боринг эмди. Ҳар қайсиларингни(нг) аҳли аёлларинг бор, алар олдида бўлунглар. Бизни(нг) бошимиздаги тақдирга ўзимиз мубтало, сизлар овора бўлманглар!» Ҳар қайсиларимизға бирмунчадан танга берди, фотиҳа берди. Бизлар қайтдук.
Хон илан бирга кетган кишилар булар эдики, чунончи, мулла Маъруф додхоҳ, иккинчи — Қосим тўқсаба, учинчи — Жамил хазиначи, тўртинчи — Муҳаммад шарбатдор, бешинчи — Хурсанд деган қул, олтинчи — Муллача деган қул, еттинчи — Мирзабой деган сағира, саккизинчи — Тожи маҳрам деган, биз илан йиғлашиб, бу саккиз адад киши бирга кетдилар, биз қайтдук деб.
Мулла Муҳаммад Умарбек Андижоний хон маҳрамлариндан, бул киши ҳикоят қилдилар андан уёнги ҳолларни.
Ҳаж сафариға боргонда Жиддада бир киши бир неча кун ҳамқўш бўлуб, неча кун мусоҳабат бўлган, Худоёрхонни хизматчиси Ҳожи Муҳаммаджон деган баён килди. Кобилдан то вафотиғача бўлғон ҳолларни ровийси ул эди. Нурмуҳаммад шарбатдор ўзи ҳам хонни Маккада қўймай, мамлакатга борайлуқ, деб бирга олиб келган киши эди. Бу таърихдан ўн саналар муқаддам вафот қилди. Бул воқеа шундоғ эканки, офтобачи ҳажга бормоқ бўлиб жўнаганда хон айткан эканки: «Ўшал тарафдан бир тадбирлик, истеъдодлик одам олуб келғил, Макка ва Мадинага такя солдурамиз», деган экан. Мулла Абдураҳмон офтобачи Жидда шаҳридаги Ҳожи Содиқбой Конибодомийни олиб келган экан. Ҳамма ишларини қўюб, хон йўқлаган, деб ул киши келганда хонни(нг) давлатлари авжида экан, Ҳожи Содиқ афандини чақируб, хонга манзур қилганда зиёфат қилиб, сарупо беруб, қуруқ хизмат буюрмай, жўнатган экан. Хон хизмат буюрмаганларида боис нима деганда, кўб кўрумсиз, бенамуд кичкина одам экан эмиш. Хон: «Бой, Худо хохдаса, хизмат буюрамиз» деб жўнатган экан.
Ҳожи Содиқ Жиддага жўнаб кетгандан кейин офтобачи: «Тақсир кўб катта бой экан, манга бир такя бино қилиб, сарфини манга маълум қилинг деганда дарҳол қилур эди, такяга боб жойни ҳам олуб келган экан» деса, хон яна айтубдурки: «Кўрумсиз киши экан, манга унча писанд бўлмади» деган экан. Бу такяга тайинланган ақчани масковчилардан Иброхимжонбой дарҳол эшитиб, хонга келиб: «Тақсир, бир сўз эшитдим, рост бўлса, муни(нг) йўли бор» деганда, хон: «Хўш, нима сўз?» деса, айтубдурки: «Маккага такя солмоқ учун бирмунча маблағ тайинланган экан, рост бўлса, ани бир йил тижоратга қўйуб, икки чанд қилиб, сўнгра юборуб қилдириш даркор эди» деганда, хон: «Ани ким киладур?» деса, мазкур Иброҳимжон бой: «Одам кўб бу хизматга, агар киши бўлмаса, мана, биз ҳам бажо қиламиз» деган экан. Хонга бойнинг бу сўзи маъқул бўлуб, дарҳол икки минг тиллони чиқаруб, Иброҳимжон бойға таслим қилубдур. Ул киши бу ақча билан Масков боруб, боҳузур айш қилиб ётган эканлар, хон Хўқанддан чиқиб, Ўринбурга боруб, анда туруб қолганда, ўзлари алоҳида қўра олиб: «Маккаға борсак, бизга бир такя солмоқ учун ақча лозимдур, Иброхимжон бойдаги пулни олиб борсак» деб одам юбориб, олдуруб, сўзлашуб ўтириб, хон сўз очуб: «Бой, эмди бул хил бўдци, мамлакатдан келдук, ҳажга борсак, эмди, ўшал такяни ўзимиз солсак, ўшал амонат пулни берсангиз» деганда хонга жавоб берибдурки: «Эмди ул бенизом шаҳарда ҳар иш ва ҳар маслаҳат сўз қилмоқ анда қолди, сиз мандан ақча талаб қилганда бир ҳужжат даркор, тегишли ерга кўрсатинг, мана судялар бор, топшуринг, — дебдур. — Ҳужжат бўлмаса, бу бекорчи сўзни айтмоқни фойдаси йўқ» деганда хон айтубдурки: «Ҳоло гап шулму?» деганда: «Ҳов, гап шул» дебдур. Хон: «Хўб-хўб, бой, бўлди, бале бизни эшитган амин кишидан чиққан сўз бул» деб, дубора ҳеч кимға индамабдур. «Худо билсун» деган экан. Сўнгра Ўринбурғда баъзи вақтларда сайри шикорга эски одати бўлуб, шикорга боруб, бир неча кунлар шикорда қолиб, яна келиб, неча вақт ўтгандан кейин боруб шикорга уч кун-тўрт кун, бир ҳафта юруб бориб-келиб юриб бир куни овда бир қазоқ ёфисга кира қилиб, Русия тупроғидан йигирма тўрт соатда чиқармак бўлиб уч юз сўмға шарт айтиб жўнаб, бир суткада Эрон ҳудудига ўтқузган экан. Анда шоҳ Амир Насриддиншоҳ экан. Анга хат юборуб, сўзлашганда хонни кирмакиға қабул қилмай, тўғри Афғон тупроғига ўтуб, афғон амири Абдураҳмонхон ҳам олмай, тўғри Ҳиндистон тарафиға ўтган экан. Бир кичкина бош катта ер юзига сиғмай, эмди Худо ва пайғамбарни(нг) даргоҳидан умид этуб, тўғри Афғонистон ичи илан Пишовар тарафига юруб, Пишоварга кирганда ҳамшаҳарлари истиқбол (қилиб), тўғри Пишоварга кириб, Гўрканд деган эски ўрдага тушган экан. Анда неча ҳамшаҳарлар зиёфат қилиб, сўнгра Лот тарафидан бир маъмур келиб, Худоёрхон аҳволларини сўраганда, оддидаги нодон бефикрлар маслаҳати илан, мазкур маъмурга нима муомала қиламиз, деганда бири дебдурки: «Насоро улуғларидан ҳеч имдод ёки ҳуқуқи маъош сўраш даркор эмас» деб, маъмурни саволига ҳеч талаб ва ҳеч арз йўқ деганда, маъмур бул киши «Фарғонанинг хони эмас, бир ваҳший киши» деб, Лотға ропурт ёзуб қайтарган экан.
Пишоварда хон тушурган ўрдани тамошо қилдук, Абдулкаримбек ўрдасини(нг) олдида гулзор, яхши жой эди. Пишовардан Бўмбайга жўнайдургон бўлуб, ҳожибошилар Бўмбайдаги ҳамшаҳарларга тилигром юборуб, хонни истиқболиға ҳожибошилар чиқиб, Аҳмадобод деган шаҳарга чиқиб, хонни олиб келиб тушургон ҳожибошини ўз оғзидан эшитилди. Ҳожи Муҳйиддин Бухорий, Ҳожи Юсуф Али Марғиноний, қори Абдулҳаким Марғиноний, Ҳожи Абдулкарим Ғузорий ва неча ададлари хонни олиб боруб, алоҳида уч ошиёналик бир қўноқи банголага тушурган экан. Сўнгра Бўмбайда неча кунлар тамошо қилдуруб, сўнгра хон жўнамоқ бўлганда, Жиддага тилигром беруб, хонни истиқбол қилиб олмоққа эълом этганларида, Жиддада ҳамшаҳарлар каттаси Ҳожи Содиқ Афанди бўлуб, ул киши ҳамма гумашта ва одамларига амр қилиб, хонни Яламлам деган эҳромгоҳга боруб, олиб келмоқ учун буюрган экан. Хонни Бўмбайдаги ҳожибошилар бир минг рупия жамлаб беруб жўнатуб, неча кун дарёда юруб эҳромгоҳга йигирма адад киши Яламламга истиқбол қилиб, кичкина ўт ёпурға тушуб, дарё ичинда хон тушган ёпурга боруб, қоғозларини кўрсатуб, копитанлар шоти қўюб, ёпурга олганларида, хон буларни кўруб, таажжуб қилуб, бу дарёни(нг) ичинда бухорий ҳожилар қайдин чиқдилар, деб турганда, ҳаммалари юқорига чиқиб, хон илан мулоқий бўлуб омонлашганда, хон сўрубдурки: «Сизлар қайдин чиқдиларингиз?» деб. Булар жавоб дебдурларки: «Тақсир, Жиддадан чиқдук» деганда: «Жидда яқинму?» десалар: «Тақсир, бир ярим соатда кўринур» деб, чой ичиб ўлтурганларида йироқдан баланду паст оқ иморатлар кўруна бошлаб, «мана Жидда кўрунди» деб, яқин борганда ёпур йироқда лангар ташлаб ҳожилар хонни заврақға солуб олуб сўзлашибдурларки: «Сизлар қайдин, мунда нима ишда?» Булар жавоб берибдурларки: «Тақсир, биз ўз қулларидан Хўқанддан, Марғинондан ва Андижондан, ҳаммамиз фарғоналик, мунда тижоратда машғулбиз» деб, гумрук, яъни дарё лабидаги божхонага борганда, Ҳожи Содиқ афанди хонни(нг) гувоҳномаларини олиб тайёрлаб турган экан. Дарё лабида гумрукхонада хон илан мулоқот бўлиб, турк маъмурлари Фарғона хони насли эмиш, «боқалам» деб тамошо қилиб турганда Ҳожи Содиқ афанди тўрт адад файтунларни тайёрлаб, файтунға хон бирлан Ҳожи Муҳаммад Содиқ афанди ўлтуруб, тўғри Жидда растаси илан юруб, ўзини қўноғига қўндурган экан. Анда неча кун туруб, кўб хурсанд қилиб, охируламр бир кун кечаси чой ичиб ўлтуруб, хон мезбон Ҳожи Содиқ афандидан сўрайдурки: «Бой афанди, Хўқандға борганмусиз?» деганда, Ҳожи Муҳаммад Содиқ айтубдурки: «Тақсир, камина аслим фарғоналик, Конибодомдан бўлурман» деганда, хон: «Яқинда Хўқандга борганмусиз?» деса, Ҳожи жавоб берубдур: «Ҳов, офтобачи ҳажга келганда мани олиб борган эдилар, хизматлариға бордим, фурсати хизмат бўлмади, буюрилмади, қариндошларни кўруб келганман, хизматлариға борганман» деганда, хонни ўшал, «Пакана, кўрумсиз экан» деб, оқчани савлатлик Иброҳимжон бойға беруб, ололмай, хафа бўлганлари ёдларига тушуб, бир қанча фикрга кетиб, сўнгра деган эканки: «Афанди, ҳукумат экан, одамни сувратидан билиб бўлмас экан, бизни(нг) амин билган кишиларимиз хоин ва қаллоб кишилар экан, бизга маъқул бўлмаган кишилар амину мусулмони комил кишилар эканлар, қўлиға иш бериб, имтиҳон қилмай, чунончи, мана бизни(нг) бошимизға келдики, Иброҳимжон бой масковчи сизга юбориб, такя солмоқ бўлганда, тадбир илан икки минг тиллони олиб, охири инкор қилди, тонди, мана, эшитган одамларимиз, ман бул тўғрида сиздан хижолатман» деганда, бой дарҳол: «Тақсир, ҳеч хижолат бўлмасунлар, мана, олдингизда турган жойни такя учун олуб борган эдим, офтобачи кўрган эдилар. Алҳол ҳам мумкиндур. Тақсир, Фарғона аҳли учун бир такя солмоқ кўбда катта гап эмас, ҳоло ҳам буюрсалар қилурмиз» деб, тасаллийи хотир қилган экан.
Раҳматлик бой биз борганда олтмиш ёшларинда бўлган, кичкина, соҳиби ақл киши экан. Кўб мусоҳиб бўлган эдук. Тошканд такясини муқобилинда баланд ошёна ўрдаси бор эди. Мисрлик хотунидан Крсим исмлик ўғли мактаби эъдодияда ўқур эрди. Ёшликда вафот этди. Хонни тушурган қўноқларини кўрдук.
Валҳосил, хонни уч кун зиёрат қилдургандан сўнг, Маккага тилигром бериб, далилга хонни(нг) келиб турганини билдурган экан. Ажала туяларга миндуруб жўнатганда далиллар
Сафо ила Марва ўртасинда бир ўрдаи эски бор экан, анга қўндирган эканлар. Лекин ул ўрдани юқори ошёнасида марҳуми Хўжа Калон эшон Намангоний мужовир бўлиб эканлар. Ул киши илан ўғиллари Юсуфхон тўра ва Омон халифа бирга экан. Бир куни хон Ҳарамда ҳар кун кўриб Ҳазрати эшон марҳумийга изҳори хурсандлик қилиб: «Алҳамдулиллоҳ, мақсади аслийга восил бўлдим» деб беш вақт номозларини Ҳарамда адо қилиб юрганда, иттифоқо бир куни Ҳарамдан хон чиққанда бир киши бир пиёла чой тутган экан. Хон каравотда ўтириб, чойни ичиб турган пайтда бир киши бир катта тош илан отуб хонни оғзига тегиб, икки адад тишлари синган экан. Вакти зобидлар ургучини олиб бориб, ҳибс килиб, сўнгра хонни иложхонага олиб бориб, сўнгра чиқариб, истинтоқ қилганда, бу ургучи Намангонда фуқаросидан тўрақўрғонлик Солиҳ саркор деган Ортуқ саркорни(нг) ўғли экан. На учун ўз хонингни урдинг, деганда айтибдурки: «Ман бул кишиға саркор эдим, Намангонни танобини йиғиб берганимда хазинаға зарар қигансан деб, мани ҳовли ҳарамларимдан жудо қилган эдилар, ҳаётлиқда бир қасос олмоқ мақсадим эди. Бул киши ҳажга кетган деб эшитиб эдим, келиб бул ерда топдим, урдим» деганда, тўрт йил ҳибсға ҳукм бўлиб, хондан сўраганда: «Ман афв қилдим» деганда, икки йил ҳибсда қолган экан. Хон айтибдурки: «Ман Намангонда Муҳаммад Аминбек деган ҳоким қўйган эдим, бул кишини ҳар нима қилса ул қилгандур, ман андан хабарим йўқ» деб жавоб қилган экан.
Бир кун Катта Хўжа эшон хонни таклиф қилган эканлар. Болохонага чиқиб, зиёфат бўлганда хон айтибдурки: «Мани бу Нурмуҳаммад асло қўймайдур, мамлакатга кетайлук деб қистайдур. Бунга бир маслаҳат берсангиз» деганда, эшон айтибдурларки: «Эмди сиз жанобни ҳукуматларингиз қирқ йил бўлиб, ҳукмронлиғ мунча муддат салтанат сурган киши хавоқини Хўқандда йўқ, мунга шукр этилса бўлур. Ва ҳам насиба бўлиб Ҳарами мухтарамга дохил бўлиб, бу давлат яна марҳамати Оллоҳдур. Буни(нг) шукрини бажо қилиб, эмди қолғон умрни Ҳарамда ўткарсалар яхши», деб айтганда хон: «Ман ҳам шундоқ ўйлайман» дебдур. Ва лекин Нурмуҳаммад шарбатдор хонни ўз ҳолига қўймай, мамлакатга олиб кетмак бўлиб, жўнаб кетган экан. Марҳумий ҳазрат Хўжа Калон Юсуфхон тўрага: «Ўтин ёрсанг, тепада ёрмай, пастга тушиб ёргил, хонни тепасида тарақ-туруқ қилма» деб хонни риоя ва одобини бажо қилур эдилар, дейдилар. Бу тариқа Маккада туруб осойишда экан, Нурмуҳаммадни(нг) тарғибига унаб, охири яна Ҳиндустон ва Афғон илан юриб, дарёйи Амуга яқин Каррух деган ерда Эшони шаҳид деган Ислом шайхни катта муршидлари халифа Доруламон деган Эшон хонақохларига келиб, анда ҳужра олиб, истиқомат қилуб туруб, анда Нурмуҳаммад шарбатдор мамлакатга хабар олиб келмоққа кетганда хон яғрин елкасига ўсма яра чиқиб, Афғон ҳакимлари кесмак бўлганда, ҳакимлар доруйи беҳуш бермоқ бўлганларида, қабул қилмай: «Ман умрумда беҳуш бўлган эмасман, ҳушёр турганимда кесаверинглар» деган экан. Анда ўтқузуб, қўйиб, пиёлани(нг) оғзидек жойини кесиб олиб, дору қўйуб муолажа қилганда бир ойда тузалуб, ичинда андак жой қолганда хонни(нг) бетоблиги даража қилиб экан, анхўйлик Муҳаммаджон ҳожи яхши парво қилиб турганда ўшал бетоблигидан сиҳат бўлмай, ахийри 1299 ҳижрийда Каррухда вафот бўлдилар, раҳматуллоҳи алайҳи раҳматан восиъатан.
Ўшал ходим анхўйлик Жиддада бизлар илан етмиш кун бир қўшда бўлуб туриб: «Ўзум қўлимда қўйдим, — дер эди. —Хон қабридан бир дарахт кўкарди, қаю хил дарахтлигини билиб бўлмайдур. Бир йил қабрда ётдим, сўнгра ҳажга ирода қилиб келдим» деб ҳикоя қилур эди.
Бар ҳар ҳол хонни Хўқанддан чиқиб, Ўринбурғда туриб, андин ҳажга боруб, қайтуб келиб вафотлариғача ўртаси саккиз йил бўлуб, тўққизинчи йилида вафот бўлган экан.
Хонни(нг) авлодларидан Насриддинхон, Муҳаммад Аминбек, Саййид Умарбек, Ўрмонбек ибн Яминбек, Фансуруллоҳбекдурлар. Булардан Насриддинбек ила Ўрмонбек ва Фансуруллоҳбек марҳум, бўлаклари мавжуддурлар. Чунончи, Муҳаммад Аминбек Тошкандда, икки ўғуллари ҳукуматда хизматдадур. Саййид Умарбек, ул киши хам Тошкандадурлар. Ибн Яминбек, ул киши ҳам Тошкандда генерал губернатурни(нг) хос маҳкамаларида хизматдадурлар. Бу беклар ичинда ҳаммаларини(нг) катта қариялари алҳолда Назирбеқдурлар.
Бул киши хон акалари Сўфибегимни(нг) ўғилларидурлар. Кўб музаввиқ сўзлашадурган муфарриҳ кишидурлар. Тўрақўрғонга ҳоким ҳам бўлган эдилар. Аввали вактларда булар илан ҳар йилда бир маротаба мусоҳабатлар қилуб турамиз. Биз ёшликдан иттиҳодмандлигимиз Ибн Яминбегим иладур. Гоҳи хизматдан фориғ бўлган овонларида марҳамат қилуб келурлар, биз борурмиз, мувосалат бор. Булар ҳаммалари Тошкандда алоҳида-алоҳида ҳовли-жой, ҳар қайсилари деҳқончилик ва тижоратларға машғулдурлар, ва баъзилари ҳукумат ишида машғуддурлар.
Бу Хўқанд тарихини хатм этуб, бу Фарғонада бўлмиш шаҳарларни(нг) энг қадимий ва энг ободи бўлган Андижон тарихини ёзмоққа иштиғол этдук ва бу ерга етдук. Вассалом.

ТАРИХИ АНДИЖОН

Андижон лафзи асли Андигон бўлса керак. Бу Форсистондан қўшулгондур. Чунончи, «бандигон» ёки «мардигон» дегандек, форсийда «гон» — «лар» ўрнида, «мардлар» ёки «озодагон» — «озодалар» деган сўздек, «Андигон» — «андилар» деган сўз. «Анд» турк уруғини(нг) ўзбекларини айтур. Бул ҳам форсийлар тарафидин айтилгон бўлиб, асли Андижон форсийлар, яъни эронийлар қўлига ўтмасдан аввал ҳам бор эди. Чунончи, тарихи «Қутадғу билик»да ёзибдурки, Ўғузхоннинг Ҳиндустонға юргонининг зикрида айтур. Ўғузхон тамоми лашкари мўғуллар илан Талас ва Сарём келди. Тошканд ва Самарқанд ва Бухоро подшоҳлари саф тортиб уруша билмайдилар. Улуғ шаҳар ва маҳкам қалъаларга беркиндилар. Ўғузхон Тошканд ва Сарёмни ўзи қамаб олди. Туркистон ва Андижонға ўғлонларини юборди. Онлар 6 ойда Туркистон бирлан Андижонни олуб, атоси хизматиға келдилар, дейдур. Яъни Ўғузхон замонида ҳам Андижон шаҳар экан. Бу исм ила машҳур экан. Ўғузхон Бўқухонни(нг) саккизинчи бобосидур. Яъни Бўқухон Афросиёбни(нг) мўғулча исмидир. Афросиёб лақаби фарран осиё деган сўздур. Фарғонани Афросиёб бино қилди. Фарғонадан аввал Қубо бино бўлди, Қубодни(нг) вақтида. Аммоки Андижонни(нг) қайси подшоҳни(нг) биноси эканлигига мўътамад тарих ва маълумотимиз бўлмагандан бул тарихларға иктифо қилинди.
Тарихи «Қутадғу»дан мустафод бўлурки, Андижон тўрт минг йилдан муқаддам, яъни Ўғузхон вақтида шаҳар бўлса, андан аввал ҳам ободон шаҳар экан. Ўғузхон ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломни(нг) тўққузунчи ўғилларидур. Валҳосилки, Андижон Фарғона шаҳарлари ичинда энг аввалги ва қадимийдур. Андин Афросиёб вақтига келганда, Афросиёб Турон подшоҳи бўлиб, Андижонни пойтахт қилиб, Кўникдар шаҳридин гоҳо Тошканд ва Андижон келур экан. Аммоки, афвоҳи носда қариялар сўзидурки, Андижон асли Одинажондур. Одинажон Афросиёбни(нг) қизидурки, анга ўрда ва боғ бино қилиб бериб, ани(нг) исмига тасмия қилиб эди. Одинажонни тилда бузуб, ағлоти авом ила Андижон қилган, дейдурлар. Бар ҳар боб бир эски шаҳар бўлуб, неча мартаба бузулуб, яна обод бўлуб, табодули замон ва инқилоби овон илан тузалуб, бузулуб, обод бўлган эски шаҳардур. Аммоки, «Тарихи фаришта»да ёзилибдурки, Умаршайх ўғли Бобурхон Андижонга саккиз юз тўқсон тўққузунчи ҳижрийда ўн икки ёшида подшоҳ бўлди. Тарихи валодатига шул тариқа назм қилибдур.

Назм:
Андар шаши муҳаррам, зод он шаҳи мукаррам,
Тарихи мавлидаш ҳам омад «шаши муҳаррам ‘.

Аммоки, Умаршайх Мирзо душанба куни 14-муҳаррам рамазонда 899 ҳижрийда кабутархона томидан йиқилиб марҳум ўлдилар. Бобур Мирзо баиттифоқи умаро подшоҳ бўлди. Ул вақтда Ахси подшоҳи Узун Ҳасан подшоҳ эди. Аммо Фарғонада Ҳасан Яъқуб подшоҳ эди, дейдур.
1030 ҳижрийдаги зилзилада Ахсикент бузулган. Зилзилада Андижон ҳам бузулган эди. Яна андин буён Русия тасарруфига ўтгандан сўнг тезроқ ободликка қадам қўйган эдики, 1316 ҳижрийда бўлган зилзила ҳаммани(нг) маълумидур. Анда яна зилзила бўлуб, бузулуб, ҳукуматдан им-додлар бўлиб, аввалгидан неча даража обод бўлган. Мундан аввалги ободликни билмак бўлган киши «Бобурнома» тарихини кўрса бўлур. Ерларини(нг) ҳосилдорлиги, саноатлари ҳаммаси Фарғона бобида ёзилиб ўтди, такрорга ҳожат кўрулмади. Бинобарин, сўзимиз татвил этмай, қаноат этдук.

ТАЪРИХИ НАМАНГОН

Намангон янгилик жиҳатиданму ёки биз аҳли ислом диний китобларга аҳамият беруб, тарихларга аҳамият йўқлиги сабаб, бу Намангонга ҳеч ким равшан тарих қилмаган экан. Бу сабабдан бир китоб кўрилмайдур. Қариялар оғиздан-оғиз эшитилуб, ҳадди тавотурга етуб, баёнида бўлак қилу қол бўлмай, ҳаммани масмуъи бўлган равшан сўзлар илан адо қилинадур. Чунончи, бу Намангон асли намангон эмасдур. Форсий лафзи бирла намакон — намак кондур. Муни(нг) маъниси шул эканки, бизни Чиғатой тилида асли гон йўқ, бу шеваи форсийдур. Чиғатойда «кон» ёки «ғон» ё «қон» бўладур. Бу лафзи «гон» «кон»ни осон қилиб, «гон» дейдур. Ёки форсийлар ихтилоти ва ҳам бу боний лафзи форсий учун «гон» деб машҳур ва бу лафзда мазкур бўдди. Чунончи, Намангон аввали ҳолда, яъни мундан тўққиз юз йил илгари ерларда ҳеч ким бўлмай ётган биёбон — кўлтуз бўлуб, ул вақтда Бухоро хонлариндан Абдуллоҳхон бу Фарғона тарафларига келиб, ҳар ерга гоҳ сардобалар кавлаб, саққойи мўъмининга чоҳларни(нг) тепасига гумбазлар қилиб, кўб халқға нафлик ишларни қилган хон экан. Ул киши бул Намангонни(нг) ерига келиб, алҳолда сардоба деган мадраса бордур, бир чуст ва бир аминлик маҳалладур, ул ерга тушуб, дарҳол сардоба кавлатиб, неча кунлар туруб, бир тарафи дарё ва бир тараф тоғ ҳавоси яхши учун бу ерга бир шаҳар бино қилмоқ бўлуб, ўз ичларидан бир оғолиқ мансабида турган кишини амр қилиб, шаҳар қилмоқ бўлганда, ўшал ерни(нг) дарё тарафи бутун шўр кўл бўлуб ётган туз экан. Бинобарин, намак кон деб, яъни туз кон деб атаган экан. Бу намак кон лафзини форсийда «гон» қилиб ёзуб, намак-конни намангон деб, бир «нун»и зоида илан Намангон бўлди, асли намаккондур.
Намангон таърихи Абдуллоҳхон тарихидур. Абдуллоҳхонни(нг) тарихи «замона хароб»дур, яъни тўққуз юз олтинчи ҳижрийда бўлубдур. Бу Намангон тўрт маҳалла бўлуб, биринчи маҳалла Сардоба маҳалласидурки, аввали Абдуллоҳ сардоба бино қилган еридур. Иккинчи маҳалласи Лаббайтағодурки, ани важҳи тасмияси мулла Бозор охунд деган киши бор эканлар, ул кишини бир жиянлари бор экан.
Ҳар икки азиз ўрталари овоз етадургон масофат экан. Гоҳо жиянларини чақирганларида жавобан тағоларига «лаббай, тағо» деб овоз берганларида, аксар кишилар ул маҳаллани «лаббай тағо» маҳалласи деб атаб «лаббайтағо» мусаммо бўлган бир маҳалладур. Бир маҳалласини «Чуқуркўча» дерларки, ул Намангонни(нг) ҳамма кўчасидин чуқурроқ учун Чуқуркўча тасмия бўлган. Ва бир маҳалласи Дегрезликдурки, ул ҳамма шаҳарларда бор бир жамоа қазон қуядургонлар келиб жойланган маҳалладур. Намангонни(нг) биносига тўрт юз йигирма етти йил, бул тарихдан ўтмаган бўлса ҳам, тезда обод бўлуб, авлиёйи киром ва машойихи изомлар бирлан мамлу бир шаҳар ўлуб, булардан сулуки алонияда муршид бўлган Анжир Фағнавий Намангондадурлар. Мулла Бозор Охунд ҳам Намангонда мадфундурлар. Машраб авлиёни(нг) ҳовлиси, туғулган ери маҳалли махсусдур. Машойихи киромлар зикрларин мунда қилмоқ бўлмади. Умр мусоада қилса, иншооллоҳ, алоҳида маноқиб қилинур.
Бу Намангон атрофида бўлган қасаботлари ижмолан ёзмоқ лозим бўлди. Булардан Намангонни(нг) ғарбида бир бозорлик қасаба бу муаллиф ватани аслийсидурки, муни Дашти қипчоқ хонларидан Аҳмадхон, яъни Шиғайхон бино қилган экан. Ул вақт муаррихлари Аҳмадхон исмига қалъа қилиб, Қалъайи хон деб исм қўюб, бу лафз биносига таърих бўлган экан, 851 ҳижрийда бино бўлган экан. Аввали вақтларда биносидин то Русия давлатига ўтгунча, бул Намангонни мақарри ҳукумат пойтахти Тўрақўрғон бўлиб, эскилиги ва ҳам ҳаво жиҳатидин ислом ҳукуматдорлари бу ерни ўрда, қўрғонлар қилиб, аскари исломни(нг) ватан ва мақарри эди. Аммоки Тўрақўрғон деб машҳур бўлмоғи боний Шиғайхонни(нг) Яъқуб тўра ва Юсуф тўра деган икки ўғли. Бу қалъа хонга қўрғон қилган жиҳатдин Тўрақўрғон деб нисбат бўлган. Асл исми Қалъаи хондур, туркийси — Тўрақўрғон.
Аммоки, бул ўрда ичинда табаъалардан Шоҳ Абдулваҳҳоб деган киши мадфундурлар. Бирлари Намангонга чиқадургон кўча оғзида ётибдурлар. Ул киши исмлари Шоҳ Абдулазиздур. Ҳар икки азизлар Косон урушида келиб, бул ерда шаҳид қилган экан. Алҳолда ҳар икки азизни лақаблари ила зикр қилинур. Бирларини Қаровул ато ва бирларини Фалосбон ато дерлар. Қаровул ато ўрда ичинда, Фаласбон ато кўча оғзидадур. Яна бирлари Миришкор ато дерлар. Тўрақўрғонни(нг) жанубида тўрт чақирим ерда биёбонда мадфундурлар. Бул азизлар 94 ҳижрийдаги Жарир ибн Абдуллоҳни(нг) мўғуллар илан қилган урушида шаҳид бўлғон араблардурлар. Бу Намангонни(нг) ҳокимига қарашли тўрт қасабот ўлиб, Тўрақўрғон, Чуст ва Чаҳортоқ, Косон деган ерлар бўлуб, ҳар бири бир беклик ер эди. Намангонда Хўқанддан қўйиладургон бек хавоқини Хўқанднинг энг катта бекларига бу ўрун берилур эди. На учунки, аввали мақарри хонон ва пойтахтлиги сабабдан муни мўътамад ва жасур кишига берилур эди. Русия давлатига ўтгандан сўнг шаҳар бутун Намангон бўлуб, ҳокимлар ҳам, аскария ҳам Намангонга нақл қилинуб, Тўрақўрғон бўлустлик қишлоқ бўлуб қолди. Алҳолда ул қўрғон хабар ва ўрдадан асар қолмай, табодули даврон ва инқилоби овон бўлуб қолди.
Тўрақўрғонда икки хиштин мадраса, бир ҳаммом, тўрт пахта зовуд, ўн бешдан зиёда пахта сарой бўлуб, ўртасидан Косон сойи ўтадур. Суви тоза ва ҳавоси покиза бир қасабадурки, йигирма минг нуфуси бордур. Вассалом!
Таҳрир ва тасвиди Ибратдан, 1333 ҳижрийда. Яъни муаллиф дастқалами иладурки, 1916 милодий.

Келди бошимга яхши бир овон,
Манго тавфиқ яротиб Субҳон.

Эрди Фарғона тарихи шуғлим,
Таълиф эттим келиб манго даврон.

Исми таснифига бўлуб таърих,
Бекаму кўст лафзи бу «Фарғон».

07

(Tashriflar: umumiy 13 721, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring