Xosiyat Rustamova. Men qayerga joylashganman? (Kundalikdagi qaydlar)

xosiyat

19 март — таниқли шоира Хосият Рустамова таваллуд топган кун.

Хосият Рустамова сўзлари ҳақиқатда рост, дардли ва ажабтовур тарзда самимий, энг муҳими, у мукаммалликнинг чексизлигини англаган ва ижод илоҳий иш эканлигини тушунган ижодкор. Унинг деярли барча шеърлари, ҳозирнинг ўзида ўнлаб хорижий тилларга таржима қилиниб, ўқувчини уйғоқликка, ростгўйликка чорламоқда.

021Хосият Рустамова ушбу тўпламга кирган энг ёш адиблардан бири. Адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига XX асрнинг 90-йиллари сўнгида бир қатор истеъдодли ниҳоллар билан кириб келган.
Хосият Рустамова 1971 йилнинг 19 март санасида Наманган вилояти, Поп туманиниг Олмос қишлоғида таваллуд топган. 1988 йили ўрта мактабни тугатиб,
Тошкент Давлат университетига (ҳозирги Миллий университет) ўқишга кирган. 1993 йилда ушбу олий даргоҳни тугатгач, турли газета ва журналларда хизмат қилган. Унинг илк шеърияти талабалик йилларидаёқ, маҳаллий матбуотларда дунё юзини кўради. Шоира 2004 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Биринчи китоби эса 1997 йилда «Осмондаги уй» номи билан босмадан чиқди. Хосият Рустамова шеърларида аёл қалбининг изтиробли онлари ишқий туйғуларга ҳамоҳанг тарзда ифодаланади, ёш шоира шеърларида фикрий теранлик илк ижодидаёқ ўқувчини ўзига ром эта бошлаган эди. Шундан сўнг унинг «Нажот» (2003) ва «Ризо» (2004) китоблари чоп этилади.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим тўғри қайд этганидек, Хосиятнинг «сўзлари ҳақиқатда рост, дардли ва ажабтовур тарзда самимий, энг муҳими, у мукаммалликнинг чексизлигини англаган ва ижод илоҳий иш эканлигини тушунган ижодкор» сифатида камолот сари интилмоқда:

Не маъно бор сўнгги йиғида,
Не қайғулар бахш этар даврон.
Кел, кўзимнинг очиқлигида —
Сенга тўйиб олайин осмон.
Ҳушлар шошиб бошимдан учди,
Эргаштириб олганча тунни.
Ўтган умрим эсимга тушди —
Эслатмагин қолган умримни…

Бу сўзнинг тириклигидан, юракнинг уйғоқлигидан. Шу туфайли бўлса керак, унинг деярли барча шеърлари, ҳозирнинг ўзида ўнлаб хорижий тилларга таржима қилиниб, ўқувчини уйғоқликка, ростгўйликка чорламоқда.

009
Хосият Рустамова
МЕН ҚАЕРГА ЖОЙЛАШГАНМАН?
(Кундаликдаги қайдлар)

Мен ҳар куни тунга тўйга бораётган каби тайёрланаман. Кўзгу қаршисида ўзимга оро берарканман, негадир жилмайиб турганимни кўриб ҳайрон қоламан. Баъзида кўзгудан Марина Цветаева чиқиб келади. У кўпинча ўзига ярашиб тушган узун кўйлакда бўлади. Йўқ, бу асло уйқу олдидан кийиладиган тунги кўйлак эмас, бу унинг ижодхонасида шеър ёзиш олдидан киядиган маъсумгина кўйлаги.
Мен кейинчалик Маринанинг мана шу кўйлагини сотгани учун кечиролмадим. У очликдан силласи қуриган ўғлининг бошида анча вақт ҳолсиз турган ва уйида қўлига илинадиган борики нарсаларни сотиш учун кўчага олиб чиққан. Аммо, инжиқ харидорнинг нигоҳидан четда қолмаган Маринанинг устидаги мана шу кўйлаги бир бўлак нон учун қурбон бўлган. Энг қизиғи, Марина ўшанда ҳам шеър ёзган. Ўшанда ҳам шеър ёзиб бахтли бўлган.
Бир тун мен уни жуда кўп саволларга кўмиб ташладим. У жавоб бермади, кўзларини осмонга тикиб тураверди…
Эҳ, мен Цветаевани бош эгиб турганини ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳеч йўқ менга танбеҳ бераётганда озгина пастроққа тушса нима қиларкин? Ўз устимда ишламай қўйган кунларим у менинг ялтир-юлтур кўйлакларимга нафрат билан қарайди, холос…

* * *

Мен қаердаман ўзи? Дунёнинг қаерида жойлашганман? Бошидами, ўртасида ёки чекка-чеккасидами? Қаердаман? Менга қараб турган мана бу дарахтлар чиндан ҳам дарахтлармикан? Улар ҳам мен каби йиғлармикан? Йиғлай олармикан мен каби… Юраги ўртанганда нимадир ёзармикан? Ёзмаган тунлари тонгда нега кўз очганидан пушаймон ермикан?..

* * *

Шеърларим жудаям саёз. Мен буни ёзганим сайин англаяпман. Ўқиганим сайин ҳис қиляпман. Наҳотки, шу ҳолда тўртта китобим чиқди? Нимлар қиляпман? Наҳотки ҳамма нарса мумкин? Қаерга кетяпман? Худо кўрсатган йўлдан ўзимни қандай олиб ўтяпман? Нималар қоляпти? Нимадир қоляптими ўзи? Саволлар чақмоқ каби столимда “портлайди”. Ўшга тўлган кўзимни олиб қочаман. Ҳар тугул олиб қочишни биламан.
Ҳануз мудраётган юрагимни тирилтирмоқ учун чопаман. Қани бунинг уддасидан чиқиб бўлса! Бир кун “Ҳамма нарса ёзиб бўлинган”, деган жавоб. Бир кун “Ўзишга ҳеч нарса арзимайди” дегандай гап… Бу гапларга ишониб бўпман.
Ўзимни ўнг қўлимда айлантириб туриб отаман. Китобларга урилиб қайтаман. Баъзан пешонамда пайдо бўлган ям-яшил доғни кўриб қувонаман. Баъзан сочларимни силтаётган қўлни кўриб ҳайратланаман…

* * *

Марина,
Мен ўзимни устимда ишламай қўйдим. Ўзганларим ҳам ҳеч нарсага арзимайди. Ушлаб кўрсам — жуда енгил. Ҳа, айтгандай, тунов куни Пастернакни кўриб қолдим. Тасодифан.
Жуда ҳорғин эди у. Қўлида Волконскийнинг китоби. Шошиб боряпти. Биламан, у шу кетишда уйига эмас, шеърга кетаяпти. Бу дунёда борлигимни билдириб қўйиш учун салом бердим. Чопиб кетаётган Пастернак илкис тўхтади. Менга кўзи тушиб хиёл жилмайди. Биз сўзсиз гаплашдик. Дарахтлар жим турди. Бир муддат шамол эсишдан, дунё яшашдан тўхтади.
Пастернак кетди… У билан мен ҳам кетдим. Ҳеч ким билмади.
Ҳеч ким билмай қолди.

* * *

Ҳар тонг деразадан ташқарига қараб турсам, бизга қарама-қарши уйларда аста-секин чироқлар ёна бошлайди. Яшаш учун ҳаракат бошланади.
Бир оздан кейин ғўнғирлаган овозлару, қошиқ, санчқиларнинг читирлаган товушлари эшитилади.
Мен эса дераза ёнида туравераман. Уларнинг уйдан чиқиб келишларини кўрмоқ учун шундай қиламан.
Ва ниҳоят улар уйдан чиқиб кела бошлайдилар. Ҳамма нарсалари жойида. Ўзларига оро бермоқни ҳам қойиллатишган.
Уларнинг топиб олганлари шу уй, мана шу йўл… Марина, яшамоқ дегани шуми ё?
Ҳар қанча ҳаракат қилмай менинг ақлим етмаяпти. Менинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурларим камлик қиляпти.
Мен зерикяпман. Одамлар мени зериктиряпти…

* * *

Ярим кечаси эшикни тақиллатмасдан очиб даҳлизга чиқдим. Узун йўлак мени ошхона томон олиб борди. Газга қаҳва учун сув қўйдим. Деразадан тунни томоша қилиб, тўсатдан Сизнинг чироқлари ёниқ хонангизга кўзим тушди. Қувониб кетдим. Чарчаган бўлишингизга қарамай, демак ухламагансиз. Демак, бу тун ичида бир ўзим эмасман…
Икки чашкани қаҳва билан тўлдириб, Сизнинг эшигингиз томон юрдим. Қўлимдаги чашкаларнинг бирини стол устига қўйиб эшикни очдим. Сиз ёзардингиз.

Менинг кириб келишим ҳеч қандай аҳамият касб этмаганидан норизо бўлиб, Сизнинг қаҳвангизни столингиз устига қўйдим.
Сиз шундагина бошингизни кўтариб қарадингиз ва ёнингиздаги стулга ишора қилдингиз. Мен ўтирмадим. Сизни бир оз пойлаб турдим. Ўзаётганингизни кўриб менинг ҳам ёзгим келди. Хонангиздан отилиб чиқиб, ўзимнинг хонам томон чопиб кетдим. Мен ҳамма нарсани унутдим. Қоғозларим сари шўнғиб кетдим. Қанча вақт ўтди, билмадим, эшик очилганини пайқаб, елкам оша қайрилиб қарадим. Сиз. Қўлингизда мен унутиб қолдирган чашка. Столимга яқин келдингиз. Мен Сизни ўтиришга таклиф қилдим. Сиз ўтирдингиз. Қизариб кетган кўзларингиз ухламаганингиздан нишона. Негадир шу пайт сизга раҳмим келиб кетди. Аммо, мени ҳам Сизникидан кам эмас. Бир оз дам олмоқ илинжида икковлашиб кўчага чиқдик.
Ҳаммаёқ жим-жит. Боғ айландик. Дарахтларни томоша қилдик. Баланд-баланд уйларнинг олдидан ўтдик ва англадикки, фақатгина иккимизнинг хонамиз ёруғ. Назаримда, хонамиздаги чироқлар ҳеч қачон ўчмайдигандай туюлди..

* * *

Қаергадир кетсам…
Ҳаётимни бошқатдан яшасам…
Ҳеч ким кўрмас ва кўринмас жой бўлса-ю, яшириниб олиб ўз устимда ишласам. Ҳар лаҳза панд бераётган саводсизлигим жонимга тегиб кетди ахир.
Ҳаётда байрамлар шу даражада кўпки, улардан қочиб қутилишнинг ҳечам иложи йўқ. Мудом кулиб юришлару, турфа кийинишлар, сочларингни ҳар турга бўяшлар…
Оҳ, булардан тезроқ қутилсам эди…
Бу кетишда жинни бўлиб қоламан. Балки жинни бўлиб бўлгандирман.

* * *

Энди мактабга борган кунларим эди…
Ўзим билмай ботинкамни тескари кийиб мактабга борганман. Ва буни бир синфдошимнинг оёғимга қараб қолганидан тушиниб олганман. Чунки уйлагилардан жуда кўп дакки эшитардим бу борада…
Ўшанда…
Синфдошимнинг қарашларидан ботинкамни тескари кийганимни англашга англадим-у, синфдошимнинг олдида тўғрилаб кийишга ғурурим йўл қўймади. Синфдошимнинг нима биландир андармон бўлишини ёки мендан узоқроққа кетишини кутиб турдим…

Бугун ҳам шундай… Мен ҳаётимни ўзимники деб ишонаман. Уни ўзимга қулай томонидан кийишни яхши кўраман. У менга ярашадими, йўқми, ким нима, деб ўйлайди аҳамияти йўқ. Бунинг оқибатида баъзан бўлиб турадиган йиқилиб тушишлар ҳам менга ёқади…
Айтилишида, биргина ҳарф билан фарқ қилиб турган Ҳаёт ва Хаёл менинг ҳаётимда унчалик ҳам аҳамият касб этмайди. Хаёлда яшаш кўпроқ завқ беради. Мен шу сабабдан ҳар икковини адаштириб юраман.
Одамлар билан қандай гаплашиш, қандай муомала қилиш кераклигини билмайман, дарбадарларча шеърга кетиб қолавераман…

* * *

Ёшлигимдан Шаҳар ва шоирлар, ўрмон, денгиз ва юлдузлар ҳақида хаёл суришни яхши кўраман. Айниқса, Шаҳар ва шоирлар. О, нақалар жарангли бу сўз! Умримнинг қаерларидадир учрашиб қолишни орзу қилиб юрган Хаёл бу. Фақат хаёлларингни ўлим ҳақидаги ўйларгина чилпарчин қилиб ташлаши мумкин.

* * *

Ҳаёт ва ўлим.
Менинг йиғи ва табассумим уларнинг орасида сакраб юрган бахтиёр қизалоққа ўхшайди…

ТЎЛҒОҚ

Мен негадир одамларга қараб уларнинг мурдаларини кўз олдимга келтирадиган, чиройли ёки бадбашара бўлишлари ҳақида хаёл сурадиган бўлиб қолдим. Бунга қўшни хотиннинг ўлими сабабчи бўлди. Ҳамиша турмуш ўртоғи, фарзандлари ҳақида қайғуриб юрадиган бу аёл ўлмасидан уч кун олдин тирик эди. Биз бир томони боғ, иккинчи томони бизнинг уй билан туташ йўл ўртасида чамаси ярим соатлар суҳбатлашган эдик. Ўшанда кимдир бу фаришта аёлнинг уч кундан сўнг ўлади, деса зинҳор-базинҳор ишонмаган бўлардим.
Хуллас, унинг ўлими ҳақидаги хабар қулоғимни тешиб ўтгандай бўлди. Нимаси биландир яқин бўлиб қолган, онамдай меҳрибон бу аёл билан видолашиш учун шошилдим. Унинг уйига иккинчи маротаба киришим эди. Аввал бундан икки йилча бурун нима иш биландир кирганимда мени қўярда-қўймай ҳозир ўзи ётган уйнинг бериги хонасига олиб кирган ва елиб-югуриб меҳмон қилган эди. Бугун эса мен унинг оқариб кетган мурдаси ёнида турарканман (менда камдан-кам бўладиган) негадир кўз ёшларимни тиёлмасдим. Бу ҳолат ўзимга ҳам ғалати туюлмоқда эди. Чунки мен ҳаётимда жуда кўп мурдаларга дуч келдим. Бувим, бувам, амаким, кўп қават уйдаги тўртта-бештача қўшним ва ҳоказо…

Ҳар гал ҳаётнинг бу даҳшатли ўйини қаршисида ўзимни йўқотиб турсам-да, менинг бу ишга дахлим йўқдай ўзимнинг ўлимим ҳақида ўйлаб ўтиришдан нарига ўтмасдим. Ҳатто бир гал катта аммамнинг менга эшиттириб қизини уришгани, “йиғла, одамлар кулиб кетади”, дея берган танбеҳини ўз қулоғим билан эшитганман. Ҳолбуки, қизи белларини боғлаб, дунёни бошига кўтараётган эди…
Қайсидир куни яқин бир танишимнинг уйига меҳмонга бордим. Ўта оқкўнгил бу аёл билан олдинлари қандай суҳбат қурганимни ўйлаб даҳшатга тушдим. Чунки, у мен бу дунёда суҳбатлашсам бўладиган ягона аёл эди. Мен бу гал унинг уйида худди тўлғоқ тутаётгандай ўтирдим. Ҳатто хаёл сурсанг ҳам хаёлингни уқиб оладиган бу аёл негадир буни сезмаётган эди. Ниҳоят менинг хаёлларим унинг мурдасига урилиб портлаб кетди. Чунки у мен кўз олдимга келтирган мурдалар ичида энг ёқимтойи эди.

СУРАТ

Ёмғир ёғаётган эди… Мен Пушкиннинг суратини сотиб олдим: бор ашқол-дашқолларини сотиб ўтирган кекса кампирдан… Ёмғир ёғаётган эди. Суратни сумкамга яширдим. Ёмғирни ивитиб юбориши мумкин-да сурат. Икки қизимни эргаштириб олганча бахтиёр кетавердим йўлаклар ичидан. Ҳамма кўзимга Пушкин бўлиб кўринади. Ҳаммани яхши кўриб кетавердим. Аммо, менинг сумкамда нима борлигини ҳеч ким билмайди. Менинг эса тезроқ бориб хонамга кўрсатгим келади суратни. Хонамдаги бари даҳоларни ҳайрон қолдиргим келади. Ҳатто баъзиларини ўтакаси ёрилиб ўлишини ўйлаб, мийиғимда кулиб қўяман. Чунки уйимда Дантес ҳам борда… Юрагим тирнайди. Ёмғир эса тинмайди… Ҳамма ўзи билан. У-бу нарсаларини тезроқ сотишса-ю тезроқ уйга даф бўлишса.
— Ойижон. Пушкинни билмайдиганлар ҳам борми, — кичкина қизимнинг саволидан ўзимни йиғаман.
— Бор, қизим. Пушкинни назар-писанд қилмайдиганлар ҳам бор.
Шунинг учун сотишдими унинг суратини?
Пушкин бу суратни биз учун тушган. Шунинг учун бу суратни бизга сотишди.
Ўртадаги бир растада мен олмоқчи бўлган кўйлакни бир арман аёли илиб кетади. Индамайман. Эгише Чаренцнинг ҳурмати. Ва яна сумкамда Пушкин бор, уяламан.

ҚАРЗ

Менинг ёшлигимни қайтариб бер, Ҳаёт! Мен сендан кетаман. Қарзимни сўраб турибман эшигинг олдида. Сен эса эшитмаганга оласан. Мен ҳам Сендан ўрганган ақидамни қўллайвераман, эшигинг олдида сурбетларча туравераман — Сени чиқиб қолишингни кутиб. Барибир чиқасан-ку, тўғрими? Мени кетган дея гумонсираб, барибир чиқасан-ку…
Ўшанда оёқларингга йиқиламан. Йиғлаб ёлвораман: Ўшлигимни қайтариб бер, Ҳаёт! Фақат сен ҳеч нарса сўрама… “Сен ҳам олган қарзларингни қайтар”, дема. Менинг олганларим олдида сеники ҳеч нарса эмас… Уларни сўрай кўрма. Уларга тегма. Ахир менинг фарзандларим олдида ёшлигим нима деган гап.
…Ҳаёт, мени кечир. Ҳеч йўқ титраётган қўлларим ҳақи, кундан-кунга нурсизланиб бораётган кўзларим ҳақи, мени кечир. Мен сендан ҳеч нарса сўраганим йўқ. Сен ҳам сўрама…

ЎЗАСАН, ДЕБ АЙТ

Сенга суяниб ўзимни кўтармоқчи бўляпман, зинҳор ўзингни олиб қочма… Таскин бер! Бугун ёзмасанг, эртага албатта ёзасан, деб айт. Ўзишимга мени ишонтир.
Менинг ҳаётимга сен шаҳдам қадамлар билан кириб келганинг йўқ, Сен мен билан бирга туғилгансан. Тўғри, Сен урушда бўлдинг… Мен курашларда омон қолдим. Йўлларим дўстларим ўйлаганчалик равон эмас. Баъзан йиқилиб ўлишга, баъзан ўлиб йиқилишга тўғри келади. Мен ҳар куни умримнинг қайсидир йиллари билан хайрлашгим, қайсидир йиллари томон кетиб қолгим келади. Оғир сукунати билан ўлимни эслатиб турувчи тирилтириш хоналарида Сенинг ёш томчилаган киприкларингга осилиб тирилганман. Бирдан тирилиб қолганимни кўрган шифокорлар ёқа ушлашгача боришган. Мен бутун борлиқни ўша кундан кейин яхши кўриб қолганман. Дарахтларидан тортиб қушларигача юрагимга қамаб қўйганман.
Дунё билан келишолмай қолган кунларим мен сенинг юрагингга рухсатсиз кирай, изн бер. Изн бер, Мен Сени олдингидан ҳам кўпроқ муҳаббат билан севай.
Мени асра. Ёлғон шеър ёзишимга йўл қўйма.

ПУШКИН

Туғилган кунингиз билан табриклайман, Пушкин. Ўзимни туғилган куним каби қадрли бу кун. Ўзимнинг туғилган кунимдан ҳам азиз бу кун.
Ўша куни Қуёш куйиб кетган бўлиши керак. Осмон бир силтаниб олгандир. Оймомо жой топа олмагани учун қоронғулик ичига яширингандир…
Дантес нега туғила қолди, Пушкин? Илк бор рус тили муаллимимдан эшитдим Сиз ҳақингизда. Ва Сизни қидира бошладим. Йўқ, унча ҳам узоқ қидирганим йўқ. Чунки Сиз менинг хаёлларим ета оладиган ҳамма жойда бор эдингиз.
Муаллимим бир куни Сиз ҳақингизда гапираётиб, “Дуэл” деган сўзга қоқилиб кетди. Кўз косалари ичида бир зум айланиб, менинг нигоҳларимга тўқнашиб кетди. Мен эса қўлларим билан қулоқларимни бекитиб олдим…
Шу куни туни билан ухламай чиқдим. Тезроқ тонг отса-ю мактабга бориб, муаллимдан Сиз ҳақингизда сўрагим келаверди…
Муаллим бу куни дарсга картина билан кириб келди. Бу мен ҳатто кўришга қўрққан, остига “Дуэл” деб ёзилган картина эди.
Шу куни менинг болалик тасаввуримга илк маротаба қора қон сачради. Ўлим кўзимга ёмон кўринди. Мен муаллимдан бир кунга уйга олиб кетиш учун картинани сўраб олдим. Деворга осиб аввал роса томоша қилдим. Картина кўзимга чапланиб кетди. Ўқ узаётган ким — билиб бўлмай қолди. “Пушкин ўлди, аммо, йиқилмади”, деди мени кузатиб турган синглим. Унинг қаҳқаҳасидан ўзимга келиб қарасам — қаро терга ботиб ётибман бир аҳволда. Иссиғим чиқиб кетган. Гумбурлаган ўқнинг овози мен томонга учиб келаверди.
Бироздан сўнг ўзимга келиб, панжаларим орасидан деворга қарадим: Пушкин.
Дантес эса йўқ. Пушкин Дантесни аллақачон уйдан ҳайдаб чиқарган эди…
Мен шу куннинг ўзида ҳаётимни Пушкин билан боғладим. Ўзимдаги барча муаммоларни Пушкин билан еча бошладим. Ҳамма нарсага “Пушкиннинг олдида нима бўпти”, дейдиган “Пушкин бор жойда — унга нима бор?” қабилида иш кўрадиган бўлдим. Ҳаётимнинг Пушкиндан бошқа ҳамма ёзувларини чизиб ташладим.

ЁЗУВ СТОЛИМДА

Кеча врач ёзиб берган дорилар рўйхати ёзув столим устига қандай тушиб қолди — билмайман. Худди атайлаб қилингандай — кимдир келиб қўйиб кетгандай асабимни ўйнамоқда бу қоғоз.
Нима бўлганда ҳам тўғри эмас. Келиб-келиб ҳозир-а… Юрагим буюклик даво қилаётган бир пайтда-я? Жинимдан бадтар ёмон кўрадиган одамлар ҳақида хаёл суришга ўхшамайдими бу ахир? Яна қаерда турибди денг — Пушкиннинг сурати билан Цветаеванинг китоби ўртасида. Мен қоғозни майдалаб ташладим. Умримни узайтириш учун дори ичишдан воз кечдим.

БУ МЕНИНГ ҲАЁТИМ

География дарси тугагандан сўнг Бельгия ўрмонлари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолгандим. Кўзимга осмонўпар дарахтлар, уларга тиллақош каби осилиб турган олмахонлар, бўрилардан қочиб юрган — ўтакаси ёрилаётган қуёнлар келарди. Айниқса, менга ўрмонни бошига кўтариб, ўкириб чиқиб келаётган шерлар ёқарди…
Шундай пайтлар дарсга кириш учун чалинган қўнғироқларнинг овозидан учиб тушардим. Бир-бирларига ҳар хил ҳазиллар қилиб, сув сепиб юрган синфдошларимни кўриб эса, ўрмон аллақачон эсларидан чиқиб кетганига ҳайратланардим.
Йўлнинг икки четидаги пастак дарахтларни (менга шундай кўринарди география дарсидан кейин) Бельгия ўрмонзорларидаги баланд-баланд дарахтларга солиштириб уйга қайтардим. Елкамга ботиб кетган оғир сумкамни кўтарганча уйга кириб келсам, синглим чап қўлдаги телевизори бор уйга чопиб, алланарсани олиб чиқди-да, онамнинг орқасига яшириниб менга кўз-кўз қилиб ея бошлади.
Бобомнинг вафотидан кейин аза кўйлагини ҳали ечмаган ойим чўнтагидан нимадир олиб, менга ҳам узатади. Бу устига қуённи сурати туширилган ирис конфети эди. Менинг жуда хурсанд бўлиб кетишимни кутган ойим индамай қўяқолганимни кўриб, ирис берганига пушаймон бўлгандай ошхонага кириб кетади. Тўғри-да, ирис емаганимга ҳам анча бўлган.

Ичкарида жойлашган ўзимнинг кичкина хонамга киришим билан ортимдан қўлида қалам ва ўчирғич кўтарганча синглим кириб келади. У менинг ирисни еб қўйишимдан қаттиқ чўчиган бўлса керак, улгуриш учун терлаб ҳам кетганди.
— Алмаштир, — дейди ирисдан кўзини олмай.
Менга қалам билан ўчирғич ниҳоятда зарурлигин синглим қаердан била қолди экан? (Бугун ўрмонни расмини чизмоқчи эдим) Лекин ирисни ҳам егим келаётганди-да. Ҳа, майли, қалам билан ўчирғич кўпроқ керак! Синглимга қўлимни узатсам, у ҳам менга қўлини чўзди. Аввал ирисни қўлига олиб, кейин қўлидагиларни менга берди-да, ирисни қоғозидан бўшатиб, шундай ея бошладики, умрбод кўзимнинг олдида қолди! Ундан ҳам кўра менга таъсир қилгани бошқа нарса эди. Кийимларимни алмаштириб энди ҳовлига чиқаётсам, қўлида қалам, ўчирғич, чиройли гуллар ва қушларнинг суратлари туширилган расм дафтари билан ойим кириб келсалар бўладими? “Ялт” этиб синглимга қарасам, синглим аллақачон ирисни еб бўлган кўйи менга тиржайиб турибди.
Кейин маълум бўлишича, онам синглим билан шаҳарда яшайдиган опасиникига боришган ва йўл-йўлакай ўқув қуроллари сотиладиган дўконга кириб, у-бу нарсалар харид қилишган. Ҳеч нарсадан қуруқ қолмайдиган синглим ҳам хархаша қилиб қалам билан ўчирғич олдирган. Ирисга келсак, онамнинг опаси болаларингга берарсан, деб бир кафт ирисни онамнинг чўнтакларига солган, синглим эса онамнинг тишинг оғириб қолади, дейишларига қарамай йўл-йўлакай еб келган экан…
Куни бўйи синглим кўзимга ёмон кўринди. Куни бўйи қуённи тутмоқчи бўлган бўридай хезланиб юрдим. Наргиз ҳам ўз айбини билиб, мендан қочиб юрди.
Кечга томон телевизорда намойиш этилган табиат мавзусидаги кўрсатувгина кўнглимдаги ғуборни туман каби тарқатиб юборди. Унда ўрмонда бўлаётган воқеалар намойиш этилаётган эди.
Шерлар бир-бири билан уришаётган, илонлар жамики майда жонзотларни еб битираётган, мен номларини билмайдиган қайсидир ҳайвонлар қайсидир ҳайвонларни тишларида эзғилаганча оғзиларидан қон томиб чопиб кетишаётган эди…
Эрталабдан буён хотирамдан чиқаролмаётганим — ўрмон кўзимга жуда ваҳший бўлиб кўринди. — Кеча газетадан ўқидим, Россия ўрмонларида бўрилар кўпайиб кетган эмиш, — дедилар дадам телевизордан кўз узмай.
Қарасам, ҳозиргина бидирлаб турган синглим кўрпача устида ғужанак бўлиб ухлаб ётибди.
Ойим қарамай турган пайтларида билдирмайгина юзидан ўпиб қўйдим.

ЕСЕНИН

Пушкин билан уришиб кетмасмикан Есенин. Туни бўйи мижжа қоқмайман. Икки портретга қараб чиқаман.
Есенинни уришқоқ бўлган деб эшитганман-да ахир. Аммо, менинг уйимдаги Есенин ҳечам уришқоқ эмас. Мен уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолганман. Фақат Есениннинг чилим чекаётган қилиб тасвирлаган рассом озгина хато қилган. Чунки Есенин чилимсиз ҳам чиройли кўринади.
Мен уни сотиб олган куним — унинг учун Пушкиннинг ёнидан жой ажратдим.
Иккаласи ҳам бир томонга қараб турган портретлар ёнига ўзимнинг портретимни осиб қўйиб, (узоқдан худди бошқа биров қараётган каби) томоша қилдим. Қизиқ, менинг суратим ҳам улар қараётган томонга жилмайиб қараб турарди.
Пушкин ва Есениндан кўра анча ёш пайтимда тушган бу суратим уларнинг бефарқ қолдирмаслигини ўйлаб ғурурланиб қўяман.
Барибир Пушкин анча мағрур эди. Ҳабашлиги бор-да… Унга қарасам ҳам кўзим куйиб кетади. Есенин эса анча содда. У бечора бекорга ўйинчи қизни севиб қолмаган-да… Ичимда нимадир қўзғалаётганини сезаман. Ким биландир урушгим келади.

ОСМОН

Нега учаётган юлдуз ерга тушмайди? Сен мени фан билан алдамоқчи бўласан. Нима?.. Йиғлаяпманми? Йиғлаган бўлсам — шунчаки йиғлаяпман. Сени деб эмас. Кўзларимга тўлган ёшлар — ўша сен билмай учириб қўйган юлдузлар. Сен эҳтиётсизсан. Қўлингда турган нарсани хоҳлаган вақтингда ташлаб юбораверасан. Бу ўйин сенга ёқадигандек туюлади менга. Мен ҳам сендан ўргандим шекилли, қанча ҳаракат қилмай кўзимдаги ёшларни тўкиб қўявераман оёқларинг остига.

СИЗ ОҚИБАТЛИСИЗ, МАРИНА!

Марина, бугун осмон менинг кўнглимга қараб иш тутди: қор ёғаяпти. Менинг кўнглимга ҳамоҳанг ёғаяпти. Менинг кўнглим билан баробар ёғаяпти. Сингиб кетгим келяпти қорга… Сизнинг кўролмаётганингиздан афсусдаман. Балки кўраётгандирсиз, руҳлар ўлмайдилар-ку, ахир.
Капалакка ўхшаб ёғаётган қор ичида туришим ўзимга ёқиб тушди. Шу тобда қорнинг ҳеч қачон, ҳеч қачон тинмаслигини хоҳлаяпман. Сиз билан гаплашгим келиб қолди. Уйга чопдим. Сизни чорладим. Бир зумда етиб келдингиз.
Уйда иккимиз: Сизу Мен. Мену Сиз. Бошқа ҳеч ким йўқ. Стол устидаги қаҳвалардан буғ кўтарилади. Сиз қаҳвани яхши кўрардингиз-ку… Аллақаердан таралаётган чироқнинг хира нури стол устида бетартиб ётган китобларни-да ёритади. Пастернак… Марина, мен эса… тирноқларингизни томоша қиламан — чиройли ўстирибсиз. Мени қараб турганимни кўриб чашка ушлаб турган қўлларингиз хиёл титраб кетганини сездим. Кўзларимиз, юракларимиз бир-бирига талпинаётгандек эди, гўё. Улар тонглари бедор этадиган суҳбатларга муштоқ эди.
Ёпинчиғингизни елкангизга ташлаганингизни кўриб, шошаётганингизни англадим. Беихтиёр шкафни очдим… Мени кузатиб чиқмоқчи эканимни сездингиз, назаримда, пошналаригача нур таратиб турган оппоқ этикчаларингизни кийиб, менга нимадир демоқчи бўлдингиз. Мен эса, Сиздан кўзларимни узолмасдим. Тўғрироғи, Сизнинг кетишингизни истамаётган эдим. Сиз эса, югурганча зиналардан шошиб тушиб кетдингиз. Билдим, Марина Сизни кўчада Пастернак кутиб турарди…

Парда ортида яширинганча деразадан пастга бўйладим. Сиз чиндан ҳам Пастернак билан кетиб борардингиз. Мен шошиб деразани очдим. Икковингиз ҳам бир пайтда менинг деразамга қарадингиз. Сиз нега кетаётганингизни англатмасдан, уйимдан шошиб чиққанингиз учун хижолат чеккандай қизариндингиз. Кейин эса Пастернакка алланималарни шивирлаб менга ҳозиргина нигоҳимни узолмаётганим — бармоқлари узун-узун нозик қўлчаларингизни силкитдингиз. Англадим — Сиз қайтасиз.
Марина, сиз жуда бахтли эдингиз. Мен сизни ҳеч қачон бундай бахтиёр кўрмаган эдим. Йиғлагим келди. Ахир бахтли бўлишга ҳаққингиз бор экан-ку, Марина.

* * *

Марина, “Дераза ортида кимгадир илҳақ одам ўтиради”, деб ёзган эдингиз бир китобингизда. Шу гапингиз ростми?
Агар рост бўлса, кимни кутиб ўтирибман тонгдан то шомгача? Қор ҳам ёғаётгани йўқ. Ёмғир тинган. Дарахтлар ҳам томоша қиладиган аҳволда эмас. Шу топда мендан ҳам ғариб кўринади. Нега унда деразанинг ёнидан бир қадам ҳам силжигим келмайди? Дунёдан узилиб қолишдан қўрқишми бу? Мени ташқи дунё билан нима боғлаб турибди?
Боғлаб турган нарса борми ўзи? Бўлса унинг оти нима?

* * *

Китобим орасидан бир мактуб топиб олдим. Қўл билан ёзилган, ҳатто тузатишга ҳам улгурилмаган мактуб…
Эсладим, мен уни ўтган йили баҳорда ёздиму, эгасига ҳам топширолмаган эдим.
“Дунёда Мену Сиздан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳеч ким бўлмагандай гўё… Кўйлакларингизни ювиб, дорга илмоқдан қанчалар завқ олаётганимни билсангиз эди… Уйимизнинг тўғрисида солланиб турган дарахтлар атайлаб биз учун экилгандай… Ҳа, ҳа, Биз учун экилган улар… Қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, дунёни ҳеч қачон Сизсиз тасаввур этолмаганман. Ишонинг, кўзларим қаърига ботиб бораётган сурату сийратингиз бунга ҳеч қачон имкон бермаган. Аммо менинг яхши кўришимга шубҳа билан қарашингизни сезаман. Бу менга ҳақоратдай туюлади…”

* * *

Марина, ўйчан тикилиб турганингизни кўриб, савол беришга ботинаман: “Ёшингиз нечада, қачон, қаерда туғилгансиз? Сиз киприкларингизни оғир пирпиратганча юзингизни дераза томон буриб олдингиз. Мендан юз ўгирдингиз. Чой совуб қолди. Ширинликка қарамайсиз ҳам… Ўрнингиздан турганингизни кўриб маъюс термуламан. Сиз индамай кетиб борасиз.
Сизга етиб олмоқ илинжида Сиз томон чопиб бораман. Аммо етиб улгурмасимдан дуч келган автобусга чиқиб оласиз. Ойнадан мени кузатаётганингизни кўриб, кўнглим жойига тушади. Қувониб кетаман. Қўлларимни силкитаман. Сиз ҳаволарга нимадир ёзасиз. Ўқишга тутинаман. “1971 йил. ОЛМОС”. Нафасим ичимга тушиб кетади. Нега шундай, Марина? Ёшингиз эсимдан чиқиб кетган. Аниқ биламан, миллатингиз… ўзбек… Сизнинг… Хафа бўлманг, эҳтиётсизлик қилдим: миллатингиз йўқ сизнинг…
Ҳақиқий шоирнинг миллати бўлмайди, ёши ҳам. Сиз менинг қизимга ҳам тенгдошсиз, набирамнинг набирасига ҳам тенгдошсиз… Мени кечиринг, Марина.
Ўзимни бир жойга йиғиб ҳаёт томон талпинаётган ва бир пайтнинг ўзида нимасидандир айрилаётган, ўлаётган одам каби ортингиздан ўзимни отаман. Сиз йўқ… Автобус кўз илғамас олисликка сингиб борарди…

* * *

Марина, китоблар ёлғон айтган: Сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирмагансиз. Сизни ўлдиришган — Сиз ўлмагансиз. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланган ва бунга ўзларининг ҳам кўзлари етгач, индамайгина қўл силтаб қўйишган. Сиз ҳаётдан зериккан вақтларингиз Серёжа ва Алядан мадад оласиз. Дарахтларга суянасиз. Осмонларга чиқиб, ҳаволарга айланасиз. Бутхона ва ҳаттоки эчкиларингиз ҳам эсингиздан чиқмайди.
Сиз оқибатлисиз, Марина.

(Tashriflar: umumiy 314, bugungi 1)

Izoh qoldiring